UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 8-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 8 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 8 июля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 8 July 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

РЎЙХАТИ

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш, тармоқ ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғини бошқариш сифатини ошириш, автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш зарурлигини тақозо этмоқда.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, тармоқлараро ишлаб чиқариш кооперацияси даражасини чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва оммабоп қишлоқ хўжалиги техникасига бўлган эҳтиёжни қаноатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги машинасозлигини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини қайта кўриб чиқиш ва унификация қилиш, уларнинг сифатини яхшилаш, таннархини пасайтириш ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотларининг рентабеллигини ошириш;

2030 йилгача Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясига мувофиқ замонавий молиялаштириш тизими, маркетинг сиёсати, сотишдан кейинги ва сервис хизмати кўрсатиш сиёсати назарда тутилган қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантиришнинг янги стратегиясини зарур бўлганда, хорижий консалтинг компаниясини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

инвестиция дастурлари, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш дастурларини танқидий қайта кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга ички талабни қаноатлантириш, саноатнинг электротехника, автомобиль ва бошқа тармоқлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан тармоқлараро кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

коррупцияга қарши «комплаенс-назорат» тизимини жорий қилиш, соҳага инвесторларни жалб этиш чораларини кўриш;

ҳудудларда комплекс сервис хизматлари кўрсатиш бўйича дилерлик-сервис тизимини ташкил қилиш, давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги техникасига буюртмаларни шакллантириш;

соҳага оид бўлмаган ва норентабел активларни хатловдан ўтказиш, уларни кейинчалик хусусийлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига белгиланган тартибда бериш.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда ― Агентлик), «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖнинг иловадаги рўйхатга мувофиқ хўжалик жамиятлари устав капиталидаги «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖнинг улушларини (акцияларини), жамият устав капиталини бериладиган улушлар (акциялар) баланс қийматига камайтирган ҳолда, Агентликка бериш ва кейинчалик Агентлик томонидан:

«Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ, «Агрегат заводи» АЖ, «Технолог» АЖ, «Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ, «Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази» МЧЖ, «Агросаноатмашинвест» МЧЖ устав капиталидаги давлат улушларини (акцияларини) уч йил муддатга «Ўзавтосаноат» АЖнинг ишончли бошқарувига (кейинги ўринларда ― ишончли бошқарувчи) бериш;

«Урганчозуқамаш» АЖ ва «Агротех-лит» МЧЖ устав капиталидаги давлат улушларини (акцияларини) белгиланган тартибда савдога қўйиш;

«Агротехмаш-ДД» МЧЖ ва «Агромаш саноат инвест» МЧЖ фаолиятини белгиланган тартибда тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотларини бошқариш самарадорлигини ошириш, бизнес-жараёнлар ва ишлаб чиқарилаётган маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаси турларини оптималлаштириш, республикада ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникасининг миллий брендини яратиш, маркетинг тизимини ривожлантириш, шунингдек, ушбу қарорда назарда тутилган бошқа вазифалар ишончли бошқарувчининг асосий вазифалари сифатида белгилансин.

4. Агентлик:

бир ой муддатда ишончли бошқарувчи билан ушбу қарорга иловада келтирилган хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат улушларини (акцияларини) ишончли бошқариш тўғрисида шартномалар тузилишини;

қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотларини самарали бошқаришни ташкил қилиш учун «Ўзавтосаноат» АЖнинг янгиланган ташкилий тузилмаси бир ой муддатда тасдиқланишини;

«Ўзавтосаноат» АЖнинг ўз номларида «UzAuto» брендидан (товар белгисидан) фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладиган соҳага ихтисослаштирилган алоҳида гуруҳларга ажратилган ва 100 фоиз улушли иштироки билан масъулияти чекланган жамиятлар шаклидаги бошқарувчи компаниялар ташкил этилиши маъқулланишини;

ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни бажариш учун зарур бўлган бошқа корпоратив ҳаракатлар амалга оширилишини таъминласин.

5. Ишончли бошқарувчига хўжалик жамиятлари бошқарув органлари билан келишган ҳолда, қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

энг яхши таклифларни танлаб олиш натижалари бўйича хўжалик жамиятларини бошқаришга чет эллик мутахассисларни жалб қилиш;

зарур фойда ва рентабелликни ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқариладиган маҳсулот нархини мустақил белгилаш;

узоқ ва ўрта муддатли стратегияларни белгилаш ҳамда хўжалик жамиятларнинг мақсадли параметрларини тасдиқлаш;

хўжалик жамиятларнинг ижро этувчи органларини тайинлаш ва улар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

ишончли бошқарувга берилган хўжалик жамиятлар фойдасини ишончли бошқарув шартномасига мувофиқ тақсимлаш.

6. Ишончли бошқарувчи манфаатдор вазирликлар, идоралар ва илгари жалб қилинган консалтинг компаниялари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғини ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи дастур ишлаб чиқилишини бир ой муддатда якунласин:

ишлаб чиқарилаётган техника турларини оптималлаштириш, республикада «ягона платформа» асосида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси бюджет моделларининг миллий брендини яратиш;

боғдорчилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик учун техника турларини, қишлоқ хўжалиги учун кичик механизация воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда умумий ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш;

корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини, «ERP» автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини, маркетинг тадқиқотлари натижаларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш ҳамда сифатни бошқаришнинг замонавий тизимларини жорий этиш;

ўрта ва узоқ муддатли истиқболда экспорт улушини кўпайтиришни назарда тутадиган «йўл харитаси»ни тасдиқлаш;

машина-трактор паркларининг мавжуд техникаси ва бўш турган ер майдонларини оптималлаштириш, уларни асосан таъмирлаш ва сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослаштириш.

7. Белгилансинки, ишончли бошқарувчи хизматларига ҳақ тўлаш қўйилган вазифаларнинг, бизнес-режа параметрларининг бажарилишига боғлиқ ҳолда жамиятлар устав капиталидаги давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендларнинг 10 фоизи миқдорида қўшилган қиймат солиғини инобатга олган ҳолда ҳисоблаб чиқариладиган бонус шаклида белгиланади.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

2019 йил якунларига кўра «Ўзавтосаноат» АЖ акциялари бўйича дивидендларни соф фойданинг 30 фоизи миқдорида ҳисоблаш ва дивидендларни тўлаш муддатини пеня ҳамда фоизлар ҳисобланмасдан 2020 йил 31 декабргача белгилаш;

«Ўзавтосаноат» АЖ ташкил этадиган бошқарувчи компаниялар томонидан «Ўзавтосаноат» АЖ ташкилотлари устав фондларидаги акцияларнинг (улушларнинг) 50 фоиздан ортиғини ваколатли бошқарув органлари билан келишган ҳолда сотиб олиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси ― Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғига ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х. Бекенов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июлдаги 430-сон қарорига ИЛОВА

Устав капиталларидаги «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ улушлари (акциялари) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига «Ўзавтосаноат» АЖга ишончли бошқарувга, савдога қўйиш ва фаолиятини тугатиш учун бериладиган хўжалик жамиятлари

Т/р Акциядорлик жамиятлар ва масъулияти чекланган жамиятлар номи Улушлар (акциялар) миқдори I. Улушлари (акциялар) «Ўзавтосаноат» АЖга ишончли бошқарувга бериладиган АЖ ва МЧЖлар 1. « Т о шкент қишлоқ хўжалиги техникаси завод и» АЖ 100 % 2. « Агрегат завод и» АЖ 99,3 % 3. « Технолог » АЖ 98,8 % 4. « Чирчи қ қишлоқ хўжалиги техникаси завод и» АЖ 89,6 % 5. «Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги к онструктор лик -технологик маркази» МЧЖ 99,6 % 6. « Агросаноатмашинвест » МЧЖ 100 % II. Улушлари (акциялар) савдога қўйиладиган АЖ ва МЧЖлар 7. «Урганчозуқамаш» АЖ 26,0 % 8. «Агротех-лит» МЧЖ 2,7 % III. Фаолияти тугатиладиган МЧЖ 9. «Агротехмаш-ДД» МЧЖ 100 % 10. «Агромаш саноат инвест» МЧЖ 100 %

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 8 июль,

430-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.07.2020 й., 09/20/430/1038-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

ROʻYXATI

Qishloq xoʻjaligi mashinasozligi tashkilotlari faoliyatining samaradorligini oshirishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Mamlakatimizda qishloq xoʻjaligi texnikasini ishlab chiqarish sanoatini rivojlantirish, tarmoq tashkilotlarini qoʻllab-quvvatlash, ular ishlab chiqarayotgan mahsulotlarning ichki va tashqi bozorlarda raqobatbardoshligini oshirishga alohida eʼtibor qaratilmoqda.

Shu bilan birga, ushbu sohani rivojlantirish borasida amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar qishloq xoʻjaligi mashinasozligi tarmogʻini boshqarish sifatini oshirish, avtomobil va qishloq xoʻjaligi texnikasini ishlab chiqaruvchilar oʻrtasidagi kooperatsiya aloqalarini mustahkamlash zarurligini taqozo etmoqda.

Qishloq xoʻjaligi mashinasozligi tashkilotlarini boshqarish tizimini yanada takomillashtirish, tarmoqlararo ishlab chiqarish kooperatsiyasi darajasini chuqurlashtirish, ishlab chiqarish quvvatlaridan samarali foydalanish va ommabop qishloq xoʻjaligi texnikasiga boʻlgan ehtiyojni qanoatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar qishloq xoʻjaligi mashinasozligini yanada rivojlantirishning asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:

ishlab chiqarilayotgan mahsulot turlarini qayta koʻrib chiqish va unifikatsiya qilish, ularning sifatini yaxshilash, tannarxini pasaytirish va qishloq xoʻjaligi mashinasozligi tashkilotlarining rentabelligini oshirish;

2030-yilgacha Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligini rivojlantirish strategiyasiga muvofiq zamonaviy moliyalashtirish tizimi, marketing siyosati, sotishdan keyingi va servis xizmati koʻrsatish siyosati nazarda tutilgan qishloq xoʻjaligi mashinasozligini rivojlantirishning yangi strategiyasini zarur boʻlganda, xorijiy konsalting kompaniyasini jalb qilgan holda ishlab chiqish va amalga oshirish;

investitsiya dasturlari, mahalliylashtirish va import oʻrnini bosish dasturlarini tanqidiy qayta koʻrib chiqish va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritish;

ishlab chiqarilayotgan mahsulotga ichki talabni qanoatlantirish, sanoatning elektrotexnika, avtomobil va boshqa tarmoqlari, shuningdek, tadbirkorlik subyektlari bilan tarmoqlararo kooperatsiyasini rivojlantirish chora-tadbirlarini amalga oshirish;

korrupsiyaga qarshi “komplayens-nazorat” tizimini joriy qilish, sohaga investorlarni jalb etish choralarini koʻrish;

hududlarda kompleks servis xizmatlari koʻrsatish boʻyicha dilerlik-servis tizimini tashkil qilish, davlat-xususiy sheriklik asosida tadbirkorlik subyektlarini keng jalb qilgan holda, qishloq xoʻjaligi texnikasiga buyurtmalarni shakllantirish;

sohaga oid boʻlmagan va norentabel aktivlarni xatlovdan oʻtkazish, ularni keyinchalik xususiylashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga belgilangan tartibda berish.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi (keyingi oʻrinlarda ― Agentlik), “Oʻzavtosanoat” AJ va “Oʻzagrotexsanoatxolding” AJning ilovadagi roʻyxatga muvofiq xoʻjalik jamiyatlari ustav kapitalidagi “Oʻzagrotexsanoatxolding” AJning ulushlarini (aksiyalarini), jamiyat ustav kapitalini beriladigan ulushlar (aksiyalar) balans qiymatiga kamaytirgan holda, Agentlikka berish va keyinchalik Agentlik tomonidan:

“Toshkent qishloq xoʻjaligi texnikasi zavodi” AJ, “Agregat zavodi” AJ, “Texnolog” AJ, “Chirchiq qishloq xoʻjaligi texnikasi zavodi” AJ, “Qishloq xoʻjaligi mashinasozligi konstruktorlik-texnologik markazi” MCHJ, “Agrosanoatmashinvest” MCHJ ustav kapitalidagi davlat ulushlarini (aksiyalarini) uch yil muddatga “Oʻzavtosanoat” AJning ishonchli boshqaruviga (keyingi oʻrinlarda ― ishonchli boshqaruvchi) berish;

“Urganchozuqamash” AJ va “Agrotex-lit” MCHJ ustav kapitalidagi davlat ulushlarini (aksiyalarini) belgilangan tartibda savdoga qoʻyish;

“Agrotexmash-DD” MCHJ va “Agromash sanoat invest” MCHJ faoliyatini belgilangan tartibda tugatish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

3. Qishloq xoʻjaligi mashinasozligi tashkilotlarini boshqarish samaradorligini oshirish, biznes-jarayonlar va ishlab chiqarilayotgan mahalliy qishloq xoʻjaligi texnikasi turlarini optimallashtirish, respublikada ishlab chiqarilayotgan qishloq xoʻjaligi texnikasining milliy brendini yaratish, marketing tizimini rivojlantirish, shuningdek, ushbu qarorda nazarda tutilgan boshqa vazifalar ishonchli boshqaruvchining asosiy vazifalari sifatida belgilansin.

4. Agentlik:

bir oy muddatda ishonchli boshqaruvchi bilan ushbu qarorga ilovada keltirilgan xoʻjalik jamiyatlari ustav kapitalidagi davlat ulushlarini (aksiyalarini) ishonchli boshqarish toʻgʻrisida shartnomalar tuzilishini;

qishloq xoʻjaligi mashinasozligi tashkilotlarini samarali boshqarishni tashkil qilish uchun “Oʻzavtosanoat” AJning yangilangan tashkiliy tuzilmasi bir oy muddatda tasdiqlanishini;

“Oʻzavtosanoat” AJning oʻz nomlarida “UzAuto” brendidan (tovar belgisidan) foydalanish huquqiga ega boʻladigan sohaga ixtisoslashtirilgan alohida guruhlarga ajratilgan va 100 foiz ulushli ishtiroki bilan masʼuliyati cheklangan jamiyatlar shaklidagi boshqaruvchi kompaniyalar tashkil etilishi maʼqullanishini;

ushbu qarorda nazarda tutilgan chora-tadbirlarni bajarish uchun zarur boʻlgan boshqa korporativ harakatlar amalga oshirilishini taʼminlasin.

5. Ishonchli boshqaruvchiga xoʻjalik jamiyatlari boshqaruv organlari bilan kelishgan holda, quyidagi huquqlar berilsin:

eng yaxshi takliflarni tanlab olish natijalari boʻyicha xoʻjalik jamiyatlarini boshqarishga chet ellik mutaxassislarni jalb qilish;

zarur foyda va rentabellikni hisobga olgan holda, ishlab chiqariladigan mahsulot narxini mustaqil belgilash;

uzoq va oʻrta muddatli strategiyalarni belgilash hamda xoʻjalik jamiyatlarning maqsadli parametrlarini tasdiqlash;

xoʻjalik jamiyatlarning ijro etuvchi organlarini tayinlash va ular bilan mehnat shartnomalarini bekor qilish toʻgʻrisida qarorlar qabul qilish;

ishonchli boshqaruvga berilgan xoʻjalik jamiyatlar foydasini ishonchli boshqaruv shartnomasiga muvofiq taqsimlash.

6. Ishonchli boshqaruvchi manfaatdor vazirliklar, idoralar va ilgari jalb qilingan konsalting kompaniyalari bilan birgalikda qishloq xoʻjaligi mashinasozligi tarmogʻini rivojlantirish boʻyicha quyidagilarni nazarda tutuvchi dastur ishlab chiqilishini bir oy muddatda yakunlasin:

ishlab chiqarilayotgan texnika turlarini optimallashtirish, respublikada “yagona platforma” asosida ishlab chiqarilayotgan qishloq xoʻjaligi texnikasi budjet modellarining milliy brendini yaratish;

bogʻdorchilik, meva-sabzavotchilik, chorvachilik uchun texnika turlarini, qishloq xoʻjaligi uchun kichik mexanizatsiya vositalarini ishlab chiqarishni kengaytirish hamda umumiy ishlab chiqarish hajmini koʻpaytirish;

korporativ boshqaruvning zamonaviy usullarini, “ERP” avtomatlashtirilgan hisobga olish tizimini, marketing tadqiqotlari natijalaridan kelib chiqqan holda ishlab chiqarish hamda sifatni boshqarishning zamonaviy tizimlarini joriy etish;

oʻrta va uzoq muddatli istiqbolda eksport ulushini koʻpaytirishni nazarda tutadigan “yoʻl xaritasi”ni tasdiqlash;

mashina-traktor parklarining mavjud texnikasi va boʻsh turgan yer maydonlarini optimallashtirish, ularni asosan taʼmirlash va servis xizmatlari koʻrsatishga ixtisoslashtirish.

7. Belgilansinki, ishonchli boshqaruvchi xizmatlariga haq toʻlash qoʻyilgan vazifalarning, biznes-reja parametrlarining bajarilishiga bogʻliq holda jamiyatlar ustav kapitalidagi davlat ulushi boʻyicha hisoblangan dividendlarning 10 foizi miqdorida qoʻshilgan qiymat soligʻini inobatga olgan holda hisoblab chiqariladigan bonus shaklida belgilanadi.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Moliya vazirligi hamda Davlat aktivlarini boshqarish agentligining:

2019-yil yakunlariga koʻra “Oʻzavtosanoat” AJ aksiyalari boʻyicha dividendlarni sof foydaning 30 foizi miqdorida hisoblash va dividendlarni toʻlash muddatini penya hamda foizlar hisoblanmasdan 2020-yil 31-dekabrgacha belgilash;

“Oʻzavtosanoat” AJ tashkil etadigan boshqaruvchi kompaniyalar tomonidan “Oʻzavtosanoat” AJ tashkilotlari ustav fondlaridagi aksiyalarning (ulushlarning) 50 foizdan ortigʻini vakolatli boshqaruv organlari bilan kelishgan holda sotib olish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarini bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining maslahatchisi ― Sanoat va uning bazaviy tarmoqlarini hamda kooperatsiya aloqalarini rivojlantirish masalalari departamenti boshligʻiga va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori S.X. Bekenov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 8-iyuldagi 430-son qaroriga ILOVA

Ustav kapitallaridagi “Oʻzagrotexsanoatxolding” AJ ulushlari (aksiyalari) Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga “Oʻzavtosanoat” AJga ishonchli boshqaruvga, savdoga qoʻyish va faoliyatini tugatish uchun beriladigan xoʻjalik jamiyatlari

T/r Aksiyadorlik jamiyatlar va masʼuliyati cheklangan jamiyatlar nomi Ulushlar (aksiyalar) miqdori I. Ulushlari (aksiyalar) “Oʻzavtosanoat” AJga ishonchli boshqaruvga beriladigan AJ va MCHJlar 1. “ T o shkent qishloq xoʻjaligi texnikasi zavod i” AJ 100 % 2. “ Agregat zavod i” AJ 99,3 % 3. “ Texnolog ” AJ 98,8 % 4. “ Chirchi q qishloq xoʻjaligi texnikasi zavod i” AJ 89,6 % 5. “Qishloq xoʻjaligi mashinasozligi k onstruktor lik -texnologik markazi” MCHJ 99,6 % 6. “ Agrosanoatmashinvest ” MCHJ 100 % II. Ulushlari (aksiyalar) savdoga qoʻyiladigan AJ va MCHJlar 7. “Urganchozuqamash” AJ 26,0 % 8. “Agrotex-lit” MCHJ 2,7 % III. Faoliyati tugatiladigan MCHJ 9. “Agrotexmash-DD” MCHJ 100 % 10. “Agromash sanoat invest” MCHJ 100 %

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 8-iyul,

430-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 09.07.2020-y., 09/20/430/1038-son)

lex.uz