UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 25-may · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 25 май · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 мая 2020 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 May 2020 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг

Қарори

НИЗОМ

Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ва « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/8-сон қарорига ИЛОВА

Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисида

Мазкур Низом тижорат банкларида, шу жумладан микромолия банкларида, шунингдек исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ва микромолия банкларида (бундан буён матнда банк деб юритилади) корпоратив бошқарувни ташкил этиш асосларини белгилайди .

1-боб. Умумий қоидалар

1. Корпоратив бошқарув деганда банк стратегик мақсадларини аниқлаш ва уларга эришиш устидан назорат қилиш учун зарур ташкилий тузилмани, шунингдек, бошқарувга оид қарорлар қабул қилиш имконини таъминловчи, банк бошқарув органлари ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги муносабатлар мажмуи, шу жумладан, бошқарув органларининг ваколатларини ва жавобгарлигини тақсимлаш ҳамда бошқарувга оид қарорлар қабул қилиш имконини яратиш тушунилади.

2. Қуйидагилар самарали корпоратив бошқарувнинг асоси ҳисобланади:

банкнинг ички ҳужжатларида белгиланадиган ваколат ва вазифаларнинг аниқ тарзда тақсимланиши;

етарли даражадаги ҳисобдорлик;

ўзаро назорат қилиш ҳамда банк учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган қарорлар қабул қилинишининг олдини олишни таъминловчи, банк бошқаруви органлари ва (ёки) таркибий тузилмалар ўртасидаги ваколатларнинг тақсимланиши;

ўзининг ваколатлари ва вазифаларини яхши билувчи, функционал вазифаларини бажаришда юқори даражадаги ишбилармонлик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этувчи, банк кузатув кенгашининг (бундан буён матнда кенгаш деб юритилади) ва ижроия органининг (бундан буён матнда бошқарув деб юритилади) юқори малакали аъзолари мавжудлиги.

3. Кенгаш ва бошқарув аъзолари ўз фаолиятини амалга ошираётганда масъулиятни ҳис қилган ҳолда жавобгарликни ва жонкуярликни намоён қилиши ҳамда содиқлик билан хизмат қилиши лозим.

Кенгаш ва бошқарув аъзоларининг масъулият билан жавобгарликни ва жонкуярликни намоён қилишига қуйидагилар киради:

қарорларни онгли равишда қабул қилиши ва ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни ҳис қилиш, шу жумладан, қарорларни ўз ваколатлари доирасида ва мавжуд маълумотларни ҳар томонлама баҳолаган ҳолда қабул қилиш;

хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашиш;

қонунчилик ҳужжатлари, банк устави ва банкнинг ички ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

Кенгаш ва бошқарув аъзоларининг содиқлик билан хизмат қилишига қуйидагилар киради:

ўзлари билан боғлиқ барча мавжуд ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш;

ўз хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмаслик;

манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлганда ва банк манфаатлари йўлида ўз вазифаларини тўлақонли бажаришига тўсқинлик қилган тақдирда, қарор қабул қилишда қатнашмаслик.

2-боб. Кенгаш фаолияти

4. Кенгашнинг ваколатига Ўзбекистон Республикасининг « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги ва « Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида »ги қонунларида белгиланган масалалар киради .

5. Кенгаш аъзоларидан ўз вазифаларини амалга оширишлари доирасида қуйидагилар талаб этилади:

фаолият юритаётган банк корпоратив бошқарувининг ташкилий тузилмасини, кенгашнинг функцияларини билиши, корпоратив бошқарувдаги ўзининг ўрнини англаши, банк фаолиятига хос бўлган таваккалчиликлар ҳақида тасаввурга эга бўлиши, шунингдек, банк-молия соҳасидаги, таваккалчиликларни бошқариш ва корпоратив бошқарувни ташкил этиш борасидаги билим ва малакасини доимий равишда ошириб бориши;

банк фаолиятида фаол қатнашиши, унинг фаолиятидаги ва ташқи шароитлардаги муҳим ўзгаришларни кузатиб бориши, шунингдек, узоқ муддатли истиқболда банк манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни ўз вақтида кўриши;

банкнинг корпоратив маданияти ва қадриятлари шаклланишида етакчи ўринни тутиши;

кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан кенгашнинг бошқа аъзолари, бошқарув аъзолари ва банк ходимларининг қарашларидан қатъи назар ўзининг асосланган фикрини билдириши;

масъулиятни ҳис қилган ҳолда жавобгарликни ва жонкуярликни намоён қилиши ва содиқлик билан хизмат қилиши, банк ва унинг барча акциядорлари манфаатларини кўзлаб, юклатилган вазифа ва мажбуриятларни виждонан ва оқилона амалга ошириши, ўзининг ёки айрим шахслар манфаатлари йўлида ўз ваколатларини суиистеъмол қилмаслиги;

манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳаракатлардан қочиши, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви юзага келганлиги ҳақида дарҳол кенгашга хабар бериши ва уни бартараф этиш юзасидан чора кўриши;

кенгаш ва унинг қўмиталари мажлисларида ўз ваколатларини учинчи шахсга ўтказмаган ҳолда иштирок этиши;

кенгашга аъзолиги чоғида ўзига маълум бўлиб қолган тижорат, банк сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигига риоя этиши.

6. Кенгаш раислигига, агар банк уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўпчилик овоз билан кенгаш аъзоларининг бири сайланади.

7. Кенгаш раиси унинг фаолиятини бошқариш ва самарадорлигини таъминлашга жавобгар, шунингдек, кенгаш аъзолари ўртасида ишончли муносабатларни шакллантиришга хизмат қилади. Кенгаш йиғилишларида раис тўлиқ ва кенг қамровли маълумотларни таҳлил қилган ҳолда мустақил фикр алмашинувлари, танқидий қарашлар ва ижодий ёндашувлар асосида қарорлар қабул қилинишини таъминлаши лозим.

8. Кенгаш аъзолари сони ва унинг таркиби банк фаолиятининг миқёси ва хусусияти, унинг ривожланиш мақсадлари ва стратегияларидан келиб чиқиб, шунингдек, қуйидагиларни таъминлашни назарда тутган ҳолда шакллантирилиши лозим :

кенгаш йиғишларини кворум борлигида қарорларни қабул қилиш имконини берувчи даврийликда (чоракда камида бир марта) ўтказиш имконияти мавжудлиги;

самарали бошқаришни амалга ошириш ва қарорлар қабул қилиш учун керакли бўлган тажриба ва билимларга коллектив даражада эгалиги;

кенгаш томонидан қўмиталар ташкил қилиниши ва уларнинг иш фаолияти йўлга қўйилиши.

9. Кенгаш ўз фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш учун даврий равишда (йилда камида бир марта) қуйидагиларни амалга ошириши зарур:

кенгашнинг ҳар бир аъзосини касбий масъулияти улар амалга оширган ишларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ва натижалари асосида баҳолаши;

ўзининг бошқарув усуллари ва сиёсатининг самарадорлигини кўриб чиқиши, улардаги муаммоли жиҳатларни аниқлаш ва тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиши.

10. Ўзининг вазифа ва мажбуриятларини бажаришда кенгаш ички назорат ҳамда таваккалчиликларни бошқариш тизимларига таяниши ва уларнинг фаолияти устидан самарали назоратни амалга ошириши лозим .

11. Ўз ишининг самарадорлигини таъминлаш учун кенгаш махсус қўмиталар (бундан буён матнда қўмиталар деб юритилади), жумладан, аудит қўмитаси, таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси, мукофотлаш қўмитаси, шунингдек, бошқа қўмиталар ташкил этиши мумкин.

12. Кенгаш томонидан ташкил этилган қўмиталарнинг асосий вазифаси ваколат доирасида масалаларни чуқур ўрганиш ҳамда улар бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, шунингдек, кенгашнинг назоратга доир вазифаларини бажаришида унга кўмаклашиш ҳисобланади.

Қўмиталар кенгаш қарорларининг ижроси, банк стратегияси ва мақсадларининг бажарилиш жараёнини таҳлил қилади, банк фаолиятига оид мунтазам ҳисоботлар ва ўзларининг тавсияларини кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этади.

13. Ҳар бир қўмитанинг ишлаш тамойиллари, ваколатлари, мажбуриятлари, вазифалари, иш тартиби, йиғилишлар даврийлиги ҳамда кенгашга ҳисоботлар тақдим қилиш тартиби ва муддатлари, шунингдек, бошқа масалаларни қамраб олган қўмита тўғрисида низом кенгаш томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

14. Қўмиталар таркиби кенгашнинг учтадан кам бўлмаган аъзоларидан ташкил топиши зарур. Қўмита бошқа қўмита аъзолигида бўлган айнан бир шахслар таркибидан иборат бўлишига, шунингдек, кенгашнинг бир аъзоси бир вақтнинг ўзида турли қўмиталар раиси бўлишига йўл қўйилмайди.

15. Кенгаш қўмиталарга юклатилган вазифалар ва мажбуриятларнинг ижросини доимий равишда назорат қилиб бориши ва бунинг учун етарли вақт ажратиши ҳамда қўмиталарни тажрибали аъзолар билан бутланишини таъминлаши лозим.

3-боб. Махсус қўмиталар

1-§. Аудит қўмитаси

16. Ички назорат тизимини самарали ташкил этиш мақсадида кенгаш аудит қўмитасини ташкил этиши зарур. Қўмитанинг кўпчилик аъзолари банкка алоқадор шахслар бўлмаслиги керак, бундан уларнинг кенгашдаги аъзолиги мустасно. Аудит қўмитасининг раиси кенгаш раиси бўлмаслиги лозим.

17. Аудит қўмитасининг аъзолари олий маълумотга, аудит хизмати мақсадлари ва вазифаларига мос келувчи малака ва тажрибага эга бўлиши лозим. Аудит қўмитасининг камида битта аъзоси аудит, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот бўйича камида 5 йиллик тажрибага эга бўлиши керак.

18. Аудит қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

молиявий ҳисобот ва ички аудит сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш жараёнида иштирок этиш;

назоратга оид, молиявий ва бошқа ҳисоботларнинг тақдим этилишини, тўлиқлигини, ишончлилигини назорат қилиш;

ўз ваколати доирасидаги масалалар юзасидан кенгаш йиғилишларига маълумотлар тайёрлаш ва кенгашга ҳисоботлар тақдим этиш;

банкнинг ички ва ташқи аудиторлар билан ўзаро алоқасини назорат қилиб бориш;

ички аудит хизмати раҳбарини тайинлаш (лавозимидан озод қилиш) масаласини кўриб чиқиб, кенгашга таклиф киритиш;

ички аудит хизматининг чораклик ҳисоботларини ўрганиб чиқиш ва кенгашга тақдим этиш;

банкнинг ички назорат тизими ва ички аудити фаолияти самарадорлиги ва монандлигини таъминлаш учун уларни баҳолаш, ички аудит текширувлари режаси ва уларнинг даврийлигини кўриб чиқиш, ички аудит хизмати раҳбари ўз вазифа ва мажбуриятларини қай даражада амалга ошираётганлигини баҳолашда иштирок этиш ва ўз фикрларини билдириш;

ҳар чоракда камида бир марта ички аудит хизмати раҳбари билан учрашув ўтказиб, ички аудит хизмати фаолиятига оид масалаларни муҳокама қилиш;

ташқи аудитор таклифларини баҳолашда кенгашга амалий ёрдам бериш, ташқи аудиторни танлашда кенгашга тавсиялар тайёрлаш;

ташқи аудиторларнинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдори ва у билан шартнома тузилиши (бекор қилиниши) тўғрисида кенгашга таклифлар киритиш;

ташқи аудиторлар учун техник вазифаларни ишлаб чиқишда кенгашга амалий ёрдам бериш;

ички ва ташқи аудит ҳисоботларини қабул қилиб олиш ҳамда уларда ва бошқа назоратни амалга оширувчи бўлинмалар томонидан аниқланган қонунчилик ҳужжатлари, банкнинг сиёсатлари ва ички ҳужжатларига номувофиқликлар ва камчиликларни банк бошқаруви томонидан ўз вақтида бартараф этилишини назорат қилиш;

ташқи аудиторлик ҳисобот ва хулосаларни кўриб чиқиш ва уларни кенгашга тақдим этиш;

ташқи аудиторлар фаолияти қониқарсиз деб баҳоланган тақдирда, уларни ўзгартириш юзасидан кенгашга тавсиялар бериш;

банк фаолиятининг шаффофлиги ва маълумотларнинг ошкор қилиниши етарли даражада ва аниқ эканлигини кўриб чиқиш;

ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тайёрлаш;

кенгаш томонидан юклатилган бошқа вазифаларни бажариш.

2-§. Таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси

19. Банкда таваккалчиликни самарали бошқариш мақсадида кенгаш таваккалчиликларни бошқариш қўмитасини ташкил этиши мумкин. Қўмитанинг (агар ташкил этилган бўлса) кўпчилик аъзолари банкка алоқадор шахслар бўлмаслиги керак, бундан уларнинг кенгашдаги аъзолиги мустасно. Таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг раиси кенгаш раиси бўлмаслиги лозим.

20. Таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг камида битта аъзоси банк-молия ташкилотларида таваккалчиликларни бошқариш соҳаси бўйича камида 5 йиллик тажрибага эга бўлиши керак.

21. Таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

таваккалчиликларни бошқариш масалалари ва ички назоратга доир ҳужжатлар, шу жумладан, таваккалчиликларни бошқаришнинг ташкилий тузилмаси, таваккалчиликларни бошқариш стратегияси ва сиёсати, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш сиёсати ва одоб-ахлоқ қоидаларини кўриб чиқиш, кенгашга таваккалчиликларни бошқариш тизимига оид тавсияларни киритиш;

бошқарув ва таваккалчиликларни бошқариш бўйича таркибий тузилма томонидан таваккалчиликларни бошқариш тизими, шу жумладан, риск-аппетит ва таваккалчиликларни бошқариш сиёсатининг ишлаб чиқилиши, уларга риоя этилиши ва уларнинг ўз вақтида янгилаб борилиши устидан назорат қилиш;

банк томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган таваккалчиликларни баҳолаш, шу жумладан, стресс-тест қилиш услубларини даврий равишда кўриб чиқиш;

кенгашга тақдим этиладиган таваккалчиликларга оид маълумотларнинг (ҳисоботларнинг) тузилиши ва шакли ҳамда уларни тақдим этиш муддатларини белгилаш;

банкнинг таваккалчиликлар соҳаси (риск-проифили) тасдиқланган риск-аппетитга мос эмаслиги ёки меъёрдан чиқиб кетиши кутилаётган ҳолатларда, таваккалчиликларнинг камайтирилиши ва улар юзасидан ўз вақтида чоралар кўрилиши бўйича қарорлар қабул қилиш тўғрисида кенгашга таклифлар бериш;

банкнинг мукофотлаш тизими банкнинг риск-аппетитига мувофиқлигини ўрганиб бориш;

таваккалчиликларни бошқариш бўйича таркибий бўлинма томонидан тақдим этиладиган банкда юзага келган ва юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликлар бўйича ҳисоботларни камида ҳар чоракда бир марта қабул қилиб бориш ва таваккалчиликларни камайтириш бўйича ишларни амалга ошириш;

таваккалчиликларни бошқариш бўйича масъул бўлган ходимларнинг бошқарув ва таваккалчиликларни қабул қилувчи бошқа таркибий бўлинмалардан мустақиллигини баҳолаб бориш;

таваккалчиликларни бошқариш бўйича таркибий бўлинма раҳбарлари фаолиятини баҳолаш жараёнида қатнашиш ёки фикр билдириш;

ўз фаолияти тўғрисида чораклик ҳисоботларни тайёрлаш;

кенгаш томонидан юклатилган бошқа вазифаларни бажариш.

22. Банкда юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликлар бўйича маълумотларни ўзаро алмашиш, шунингдек, таваккалчиликларни бошқариш тизимига ўз вақтида ўзгартиришлар киритиш бўйича чораларни кўриш мақсадида таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ва аудит қўмитаси ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши зарур.

3-§. Мукофотлаш қўмитаси

23. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ички тизими банкнинг таваккалчиликларни қабул қилиш даражасига, узоқ муддатли стратегияни амалга оширишга, риск-аппетитига, молиявий натижаларга, ички назоратнинг тизимига, қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва банк ички меъёрий ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича кенгашга ёрдам кўрсатиш ва тавсиялар киритиб бориш мақсадида мукофотлаш қўмитаси ташкил этилиши мумкин.

24. Мукофотлаш қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

кенгаш ва бошқарув, шунингдек банк исломий молия кенгашининг аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларни мукофотлаш бўйича сиёсатни ишлаб чиқишда иштирок этиш ва уни камида бир йилда бир маротаба қайта кўриб чиқиш;

мукофотлаш сиёсати ҳамда турли хил рағбатлантириш дастурларининг жорий қилиниши ва амалга оширилиши устидан назорат қилиш;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва компенсация қилишга оид қабул қилинган қарорларнинг ижросини назорат қилиш;

кенгаш ва бошқарув, шунингдек банк исломий молия кенгашининг аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларга мукофот тўловларини белгилашда уларнинг мажбуриятлари ва мос равишда таваккалчиликларни қабул қилиш даражасини ҳисобга олган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш;

агарда кенгаш томонидан ушбу вазифа юклатилган бўлса, мукофотлаш сиёсатида акс эттирилган мезонлар асосида кенгаш, бошқарув ва банк исломий молия кенгашининг аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларнинг йил якунлари бўйича фаолиятини дастлабки баҳолашдан ўтказиш, шунингдек, ушбу шахсларнинг узоқ муддатли белгиланган мақсад ва вазифаларга эришганини таҳлил қилиш;

меҳнатга ҳақ тўлаш ва компенсация тизими ички ҳужжатларга мувофиқлигини баҳолаб бориш;

кенгаш томонидан юклатилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

4-боб. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими

25. Банкнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тизими корпоратив бошқарув тизимининг самарадорлигини ошириш ва таваккалчиликларни бошқариш маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади .

26. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими банкнинг бизнес-режаси, банкни ривожлантириш стратегияси, мақсади ва банк таваккалчиликларини бошқариш сиёсати ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган чораларга мувофиқ бўлиши, шунингдек, юқори даражадаги таваккалчиликларни қабул қилишини чеклаши лозим.

27. Кенгаш ёки мукофотлаш қўмитаси (агар мавжуд бўлса) бошқарув томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига риоя қилиш даражасини назорат қилиб боради ва йилига камида бир марта меҳнатга ҳақ тўлаш тизимининг самарадорлигини қайта кўриб чиқади.

28. Бошқарув аъзолари, муҳим аҳамиятга эга ходимлар ва бошқа ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими кенгаш томонидан банк стратегияси, бизнес-режаси, молиявий кўрсаткичлар, пруденциал талаблар ҳамда таваккалчиликларни бошқариш ҳолатидан келиб чиқиб тасдиқланади, бундан тўланадиган ҳақ ва компенсациялар миқдорлари банк акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатида бўлган ҳоллар мустасно.

Кенгаш аъзоларига тўланадиган ҳақ акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан тасдиқланади.

Таваккалчиликларнинг тегишли ҳисобини юритиш мақсадида таваккалчиликларни бошқариш бўйича таркибий тузилма ва комплаенс-назорат хизмати меҳнатга ҳақ тўлаш тизимининг ишлаб чиқилишида иштирок этади.

29. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими қуйидагиларни қамраб олиши зарур:

банк ходимларига мукофот ва компенсация тўловлари миқдори ва тартибини белгилашда ходимларнинг иш фаолиятидаги натижаси, таваккалчиликларни қабул қилиш даражаси, банкнинг таваккалчиликлар соҳаси (риск-профили) ва фаолияти миқёсидан келиб чиқиб белгиланиши;

таваккалчиликларни бошқариш тизими ва ўрнатилган таваккалчилик меъёрлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганда, банкнинг ходимлари ва (ёки) коллегиал органлари томонидан қабул қилинган таваккалчиликлар оқибатида йўқотишлар юзага келганда, шунингдек, банк самарасиз ва (ёки) зарар билан фаолият юритаётган ҳолларда компенсация ва рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларни бекор қилиш ёки уларнинг миқдорини пасайтириш;

банк акциядорлари умумий йиғилиши томонидан ўрнатилган вазифалар ва кўрсаткичларга эришилмаганда кенгаш томонидан бошқарув ва муҳим аҳамиятга эга ходимларга белгиланган компенсация ва рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларни бекор қилиш ёхуд умумий миқдорини камайтириш.

30. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими банкнинг ички сиёсатларида тегишли тарзда ҳужжатлаштирилган бўлиши ва камида қуйидагиларни қамраб олиши лозим:

доимий ва ўзгариб турувчи компенсация ва рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларни;

компенсация ва рағбатлантириш хусусиятига эга тўловларнинг энг юқори миқдори;

кенгаш ва бошқарув, шунингдек банк исломий молия кенгашининг аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар фаолиятини баҳолаш мезонлари;

ўзгарувчан мукофотларни (байрам муносабати билан, ходимни тақдирлаш ва бошқалар) тўлаш тартиби ва муддати.

31. Кенгаш ва бошқарув, шунингдек банк исломий молия кенгашининг аъзолари, муҳим аҳамиятга эга ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими акциядорлар учун аниқ, очиқ ва ошкора бўлиши керак.

5-боб. Манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга доир чоралар

32. Банк ва қуйидаги шахслар ўртасида ўзаро муносабатлар ва алоқалар натижасида манфаатлар тўқнашуви вужудга келиши мумкин:

банк мижозлари;

банк акциядорлари;

кенгаш ёки бошқарув аъзолари;

банк ходимлари;

банкка алоқадор шахслар;

банк исломий молия кенгашининг аъзолари;

бошқа манфаатдор томонлар (омонатчилар, кредиторлар ва банкдан манфаатдор бўлган бошқа шахслар), шу жумладан, охирги бенефициар мулкдорлар.

33. Кенгаш қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш сиёсатини ишлаб чиқиши, уни амалга ошириш тартибини ўрнатиши ҳамда унинг амалга оширилишини назорат қилиши лозим .

34. Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш сиёсати ўз ичига қуйидагиларни олиши лозим:

манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳолатлардан четланиш ёки у юзага келган ҳолларда бартараф этиш юзасидан кенгаш аъзоларининг мажбуриятлари;

кенгаш ва бошқарув, шунингдек банк исломий молия кенгашининг аъзолари ҳамда бошқа ходимларнинг ўз хизмат вазифасини бажаришида юзага келадиган манфаатлар тўқнашувини аниқлашда унинг тушунчаси ва шакллари (банкда юзага келадиган ҳолатлардан мисоллар билан);

манфаатлар тўқнашувига олиб келган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган масалаларни кўришда кенгаш ёки бошқарувнинг тегишли аъзолари ўз овозлари билан иштирок этишини чеклаш;

раҳбарлар ва бошқа ходимлар билан вужудга келган ёки келиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашувларини назорат қилиш ва олдини олиш механизмлари;

ноқонуний, адолатсиз ёки салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин бўлган махфий маълумотлардан тегишли бўлмаган шахсларнинг фойдаланишини чеклаш тартиби;

манфаатлар тўқнашуви юзага келган ҳолларда қўлланиладиган чоралар ва уни бартараф этиш тартиби;

раҳбарлар ва бошқа ходимлар билан манфаатлар тўқнашуви вужудга келганда ёки эҳтимолий пайдо бўлганда, улар томонидан белгиланган тартибда маълумот тақдим этилмаса, уларга нисбатан қўлланиладиган чоралар.

35. Кенгаш ва бошқарув, шунингдек банк исломий молия кенгашининг аъзолигига ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходим лавозимига тайинланган (сайланган) шахснинг яқин қариндошларининг рўйхати банкнинг электрон базасида шакллантирилиши ва электрон база мунтазам янгиланиб борилиши керак.

36. Банкда юзага келган ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳамда юзага келган салбий ҳолатлар ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилиши ҳамда кенгаш ва бошқарувга ушбу маълумотлар базаси асосида даврий равишда ҳисоботлар топшириб борилиши керак.

6-боб. Банк ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари

37. Кенгаш банкда ягона корпоратив маданиятни яратиш мақсадида:

банк фаолияти қонуний ва одоб-ахлоқ қоидалари асосида юритилиши учун корпоратив қадриятлар ва стандартларини ўз ичига олган банкнинг одоб-ахлоқ кодексини қабул қилиши ва уларда белгиланган қоидаларга барча ходимлар, шу жумладан, банкнинг бошқарув органлари томонидан риоя этилишини таъминлаши ;

корпоратив қадриятлар ва стандартлари, одоб-ахлоқ кодекси ҳамда банк томонидан ишлаб чиқилган тегишли сиёсатлар барча ходимларга тушунтирилиши ва ижро учун етказилиши устидан назорат қилиши;

номақбул хатти-ҳаракат ва (ёки) қоидабузарликни амалга оширган ходимлар, шу жумладан, банк бошқарувига нисбатан интизомий чоралар қўлланилиши устидан назоратни амалга ошириши лозим.

38. Одоб-ахлоқ кодекси корпоратив бошқарувнинг қуйидаги жиҳатларини ўз ичига олиши лозим:

кенгаш, бошқарув ва бошқа ходимлар учун мажбурий ҳисобланган одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда уларни бузганлик учун тегишли чоралар;

ноқонуний ва номақбул фаолият ёки хатти-ҳаракатлар, шу жумладан, нотўғри молиявий ва статистик ҳисоботларни тақдим этиш, манипуляция қилиш ёки бунга уриниш, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қўлланилган чораларга риоя қилмаслик, шунингдек, инсофсиз рақобат ва коррупция ҳолатларининг тақиқланиши ва улар юзасидан кўриладиган чоралар ;

истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш, шу жумладан, банк хизматларини кўрсатишда мижозларни чалғитишга йўл қўймаслик бўйича талаблар;

кенгаш, бошқарув ва бошқа ходимлар томонидан банкнинг мулкига зарар етказилишининг олдини олиш тартиби;

кенгаш, бошқарув ва бошқа ходимларнинг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда шахсий устунликни қўлга киритиш ёки бундай устунликни учинчи шахсларга тақдим этиш учун фойдаланишларига тақиқлар;

коррупция ҳақида хабар бериш механизми;

конфиденциал ахборотни қайта ишлаш, сақлаш ва тарқатиш тамойиллари;

ходимларнинг раҳбар ходимлар томонидан ноқонуний, номақбул ёки шубҳали хатти-ҳаракати юзасидан фикрларини етказиш имкониятини яратувчи ва бунда раҳбарларнинг мазкур ходимга нисбатан салбий таъсиридан ҳимоялаш механизми.

39. Одоб-ахлоқ кодексига банк ташкилий тузилмасининг барча поғоналаридаги ходимлари, шу жумладан, кенгаш ва бошқарув аъзолари риоя этишлари зарур.

40. Одоб-ахлоқ кодексида кенгаш ва бошқарув аъзолари ҳамда бошқа барча ходимлар ўз фаолиятини одоб-ахлоқ нормалари асосида олиб бориши ҳамда масъулиятни ҳис қилган ҳолда жавобгарликни, жонкуярликни ва содиқликни намоён қилган ҳолда фаолиятини амалга ошириши белгилаб берилиши лозим.

7-боб. Ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш тизими

41. Банкда қонунчилик ҳужжатлари ва одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракат содир бўлганда, тегишли чораларни ўз вақтида кўриш мақсадида ноўрин хатти-ҳаракатларни аниқлаш ва улар ҳақида хабар беришнинг самарали тизими ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий этилиши лозим .

Мазкур тизим ходимларга банкда содир бўлган ноўрин ва қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар тўғрисида махфийлик ва хавфсизлик таъминланган ҳолда кенгашни хабардор қилиш имконини яратиши керак.

Ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабардор қилиш тизимининг мақсадлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

эҳтимолий ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилишни рағбатлантириш;

ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида махфий тартибда ва хавфсиз хабар қилиш учун восита (канал) билан таъминлаш;

ноўрин хатти-ҳаракатларга доир хабар юзасидан изчил ва ўз вақтида чора кўрилишини таъминлаш ҳамда хабардор қилувчи шахсларни ўз ҳуқуқлари тўғрисида бохабар қилиш;

кенгаш томонидан ходимлар ноўрин хатти-ҳаракатлар юзасидан махфий тарзда хабар қилишларини белгиловчи қоидаларга риоя этилиши устидан тегишли назорат таъминланиши;

банк ва унинг акциядорлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

42. Ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш тизими самарадорлигини таъминлаш мақсадида кенгаш қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

ўз аъзоларидан бирига ёки тегишли қўмитага ноўрин хатти-ҳаракатларга оид хабарларни қабул қилиш вазифасини юклайди;

ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар қилиш механизмлари ва улар юзасидан кейинги амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилайди;

ноўрин хатти-ҳаракатларнинг аниқланиши ва ўрганиб чиқилишига оид чоралар кўрилиши устидан назоратни амалга оширади.

43. Хабар қилинаётган (маълум қилинаётган) ахборот эҳтимолий ноўрин хатти-ҳаракатлар содир бўлганлиги ёки содир бўлиши тўғрисида далолат берувчи, текшириш имкони мавжуд бўлган фактларга ёки шарт-шароитларга асосланган бўлиши лозим.

44. Ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳақида хабардор қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

мансабни суиистеъмол қилиш ёки номақбул хатти-ҳаракат, шу жумладан, фирибгарлик ёки коррупция;

қонунчилик ҳужжатлари ва (ёки) банк ички ҳужжатларига риоя этмаслик;

номақбул ёки одоб-аҳлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган хатти-ҳаракат;

ҳуқуқий мажбуриятларга амал қилмаслик;

банк уставига асосан бошқа ҳолатлар.

45. Башарти маълумот ҳаққоний ва ишончли бўлса, банкнинг ҳар қандай ходими ёки манфаатдор шахс ноўрин хатти-ҳаракатлар юзасидан хабар қилиши лозим.

46. Хабар қилувчи ноўрин хатти-ҳаракатларга доир ўз кузатувлари юзасидан қуйидаги усуллардан бири орқали арз қилиши мумкин:

эҳтимолий ёки амалда содир бўлган қоидабузарлик юзасидан бевосита раҳбарни хабардор қилиш. Бунда, агар хабар қилувчи ўзининг бевосита раҳбарини хабардор қилишни истамаса, у банкда юқорироқ даражадаги раҳбар лавозимини эгаллаб турувчи шахсни, шу жумладан, кенгашнинг тегишли аъзосини ёки тегишли қўмитани бохабар қилиши мумкин;

кенгашни ёки тегишли қўмитани бевосита ёки билвосита (ички аудит ёки комплаенс-назорат хизмати орқали) ёзма тарзда бохабар қилиш;

ўрнатилган алоқа канали, шу жумладан, электрон почта орқали хабар бериш. Бунда хабар қилиш учун электрон почта манзили банкнинг веб-сайтида аниқ белгиланган бўлиши лозим.

8-боб. Бошқарув фаолияти

47. Бошқарув банкни бошқаришнинг ижро этувчи органи бўлиб, у банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган фаолият стратегияси ва уни бошқариш тизимига мувофиқ банкнинг фаолиятига оператив бошқарувни амалга оширади ҳамда банкнинг фаолияти учун жавобгарликни тўлиқ зиммасига олади.

48. Бошқарув раиси банк фаолиятини бошқариш ва банк ходимлари устидан назоратни амалга ошириш учун зарур билим, малака ва яхши хулқ-атворга эга бўлиши керак.

49. Бошқарув ўз вазифаларини амалга ошириш доирасида қуйидагилар талаб этилади:

банкнинг стратегик мақсадлари, бизнес-режаси ва корпоратив бошқарувга оид сиёсатда белгиланган вазифаларни амалга ошириши;

ташкилий тузилманинг барча даражаларида кенгаш томонидан тасдиқланган сиёсатларга, тартиб ва лавозим йўриқномасига риоя этиши юзасидан самарали мониторинг тизимини ўрнатиш ва даврий равишда ушбу тизим самарадорлигини текшириши;

бошқарув қарорларини қабул қилиш учун муҳим ахборотнинг тегишли тарзда тайёрланиши ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминловчи ишончли ахборот тизимларини ўрнатиши;

бизнес-режа кўрсаткичлари ва банк стратегияси бажарилишини баҳолаш имконини берувчи, ўз ичида молиявий ва бошқа фаолиятнинг амалдаги натижаларини акс эттирган ҳисоботларнинг ўз вақтида кенгашга тақдим этилишини таъминлаш;

банкнинг молиявий аҳволи ёмонлашуви ёки бундай ҳолат юз бериши хавфи ҳамда бизнес-режа, стратегик мақсадлар, таваккалчиликларни бошқариш стратегияси ва риск-аппетитдаги ўзгаришлар, таваккалчилик чегаралари (лимити) ва пруденциал талаблар бузилиши, ички назоратдаги хатоликлар, ҳуқуқий ёки тартибга солиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан кечиктирилмаган тарзда кенгашга хабар бериш;

банкни бошқаришнинг тегишли ва очиқ ташкилий тузилмасини, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида банк ходимлари ўртасида ваколатлар ва мажбуриятлар тақсимланишини таъминлаш;

банк ходимлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

ходимларни, жумладан, бошқарув аъзолари, агар банк уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, муҳим аҳамиятга эга ходимларни ишга қабул қилиш ва бўшатиш, уларнинг ўзгартирилиши (ротацияси) ва лавозим бўйича кўтарилиш, малакасини ошириш, малакали ходимларни сақлаб қолиш тартибини ишлаб чиқиш, шунингдек, ходимлар ўз мажбуриятлари, одоб-аҳлоқ қоидаларини бузган ҳолларда уларга нисбатан чоралар кўриш;

банк устави ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларни бажариши лозим.

50. Бошқарув аъзолари банк манфаатлари йўлида виждонан ва оқилона ҳаракат қилишга мажбур бўлиб, улар қуйидаги фидуциар мажбуриятларга риоя этишлари лозим:

қонунчилик ҳужжатлари, банк устави ҳамда банк акциядорлари умумий йиғилиши ҳамда кенгаш томонидан қабул қилинган стратегия ва сиёсатларни амалга оширишга доир қарорларга риоя этган ҳолда мажбуриятларини ўз ваколатлари доирасида бажариш;

ўзларининг вазифа ва функцияларини амалга ошириши учун ўз ваколатлари доирасида фаолият юритиш;

зарур ва ошкора маълумотни белгиланган муддатларда олиш, улар билан боғлиқ тегишли чора-тадбирларни кўриш ҳамда шахсий малака ва тажрибага таянган ҳолда қарорлар қабул қилиш;

манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармасликка оид талабларга риоя этиш;

банк бошқаруви органлари, шу жумладан, банк акциядорлари умумий йиғилиши ва кенгашга нисбатан тенглик тамойилига риоя этиш;

бенуқсон ишчанлик обрўсига эга бўлиш.

9-боб. Маълумотлар ошкоралиги ва очиқлик

51. Банкни корпоратив бошқариш жараёни унинг манфаатдор томонлари ва бозор иштирокчилари учун шаффоф, очиқ ва ошкора бўлиши керак.

Корпоратив бошқарувнинг очиқлиги ва ошкоралиги деганда манфаатдор томонларга кенгаш ва бошқарувнинг самарадорлигини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш ва етказиш тушунилади.

Корпоратив бошқарувнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида банк ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган маълумотларни ўзининг расмий веб-сайти ва бошқа ахборот воситаларида жойлаштириб боради.

52. Банклар ва (ёки) банк гуруҳларининг асосий банк томонидан манфаатдор томонларга ошкор этиладиган маълумотлар ва уларни жойлаштириш қуйидаги тамойилларга асосланиши лозим:

ишончлилик ва аниқлик — банк ёки банк гуруҳи ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумот долзарб, ҳақиқий, таққосланувчи ва ўзгартирилмаган ҳолда ўқиш учун қулай шаклда бўлиши, банк фаолияти ва унинг молиявий ҳолати билан боғлиқ жараёнлар ва фактларнинг амалдаги иқтисодий мазмунини баҳолаш имконини яратиши;

тўлиқлилик — манфаатдор томонлар томонидан қарорларни қабул қилиш учун етарли ҳажмда ва аҳамиятга эга бўлиши;

маълумотни олиш эркинлиги — маълумот банк ва (ёки) банк гуруҳи бош ташкилотига тегишли биносида, расмий веб-сайтида жойлаштирилиши, оммавий ахборот воситаларида чоп этилиши ҳамда манфаатдор томонларнинг мурожаатига кўра тақдим қилиниши орқали ошкор этилаётган маълумотларни эркин, содда ва қулай тарзда етказиш имконининг яратилиши;

ўз вақтида ва даврий равишда тақдим этиш — маълумотлар ўз вақтида ва даврий равишда чоп этилиши;

тезкорлик — банк фаолияти билан боғлиқ ҳолатлар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги муҳим ахборот қисқа муддатларда ошкора этилиши;

банк сири ва маълумот махфийлигини таъминлаш — банк сири, тижорат сири ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа сир сақланиши зарур бўлган маълумотлар ошкора этилмаслиги.

53. Банк маълумотларини очиқ ва ошкор бўлишини таъминлаш мақсадида қуйидаги маълумотларни ўзининг веб-сайтида жойлаштириб бориши зарур:

банкнинг стратегик мақсадлари ва корпоратив қадриятлари;

банк фаолияти тарихи, жумладан, банкни ташкил этиш, қайта ташкил этиш, қайта номлаш, фаолияти, ўзига хос хусусиятлари ёки йўналиши ўзгарганлигини акс эттирувчи маълумотлар;

банкнинг давлат рўйхатига олинганлиги, банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия ва (ёки) исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тўғрисида маълумот (тартиб рақами, берилган санаси, банк операциялари рўйхати), шунингдек, фаолиятини тўхтатиб туриши, уни тиклаш ҳамда банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг ва (ёки) исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан чақириб олиниши ҳақида (агар бундай ҳолатлар юзага келган бўлса);

банк уставининг тўлиқ матни;

банк бош офиси иш тартиби, жойлашган жойи ва контакт маълумотлари, шунингдек, банкнинг ҳудудлар (вилоят ва шаҳар) кесимида ташкилий тузилмаси — банк инфратузилмаси (филиал, офис) номи, жойлашган ери, иш тартиби ва маълумот учун телефонлари. Филиал (ёки бошқа инфратузилма) фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши ёки тугатилиши ҳолатларида, банк веб-сайтининг бош варағида бу ҳақда хабар, яъни ушбу филиал (ёки бошқа инфратузилма) номи ва жойлашган ери, фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши ёки тугатилиши тўғрисидаги тегишли қарор санаси, ушбу ҳодиса юзасидан тўлиқ маълумот олиш учун алоқа воситалари ҳамда мижоз бошқа филиалга ёки инфратузилмага мурожаат қилиши ҳақида маълумот;

банк фаолияти, ташкилий ва мулкий тузилмаси ҳамда ҳолатига доир ўзгаришларга оид пресс-релизлар ва хабарлар;

банкнинг мулкий тузилмаси;

банкка тегишли бўлган банк гуруҳи таркиби ва унинг тузилиши: юридик шахслар номи, банк гуруҳи тузилмаси, устав капиталидаги иштироки, номи, жойлашган ери ва бош ташкилотнинг расмий веб-сайти;

банкнинг ички ташкилий тузилмаси;

кенгаш қошида ташкил қилинган барча қўмиталар таркиби, шу жумладан, қисқа шаклда маълумот, қўмита аъзоларининг бошқа ташкилотларда эгаллаб турган лавозими, малакаси ва иш тажрибаси ҳамда ушбу қўмиталарнинг асосий вазифалари;

кенгаш ва бошқарув, шунингдек банк исломий молия кенгашининг аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларнинг таркиби, қисқа шаклдаги шахсий маълумот, эгаллаб турган лавозими, малакаси ва иш тажрибаси;

корпоратив бошқарувга оид ички меъёрий ҳужжатлари: одоб-ахлоқ қоидалари (стандартлари, кодекси ва бошқалар), маълумотларни ошкор қилиш бўйича банк сиёсати, банкнинг дивидендлар тўлаш сиёсати ва бошқалар;

банкка рейтинг агентликлари томонидан рейтинг тақдим қилинган бўлса, ушбу рейтинг агентликларининг рўйхати, охирги 3 йил ичида олинган рейтинглари ва улар бўйича рейтинг агентликларининг ҳисоботлари (тушунтиришлар);

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ расмий веб-сайтида жойлаштирилиши керак бўлган бошқа маълумотлар.

Банкнинг мулкий тузилмаси тўғрисидаги ошкор қилинадиган маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

банк устав капиталининг камида беш фоизига бевосита эгалик қилувчи акциядорлар ҳақида маълумот, уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши миқдори, акцияси тури (оддий, имтиёзли), жойлашган жойи (яшаш жойи), фаолият тури (юридик шахслар учун);

банк устав капиталининг камида беш фоизига билвосита эгалик қилувчи акциядорлар ҳақида маълумот, жойлашган жойи (яшаш жойи), фаолият тури (юридик шахслар учун) ва банк акцияларига эгалик қилишига сабаб бўлган бошқа маълумотлар;

охирги бенефициар мулкдор (агар мавжуд бўлса) фамилияси, исми ва шарифи.

10-боб. Якуний қоида

54. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 25 май,

12/8-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3254/1045-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 09.08.2025 й., 10/25/3658/0713-сон; 20.07.2026 й., 10/26/3254-1/0754-сон; 12.10.2026 й., 10/26/3254-2/1020-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining

Qarori

NIZOM

Tijorat banklarida korporativ boshqaruv toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi va “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Tijorat banklarida korporativ boshqaruv toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2020-yil 25-maydagi 12/8-son qaroriga ILOVA

Tijorat banklarida korporativ boshqaruv toʻgʻrisida

Mazkur Nizom tijorat banklarida, shu jumladan mikromoliya banklarida, shuningdek islomiy bank faoliyatini amalga oshiruvchi banklar va mikromoliya banklarida (bundan buyon matnda bank deb yuritiladi) korporativ boshqaruvni tashkil etish asoslarini belgilaydi .

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Korporativ boshqaruv deganda bank strategik maqsadlarini aniqlash va ularga erishish ustidan nazorat qilish uchun zarur tashkiliy tuzilmani, shuningdek, boshqaruvga oid qarorlar qabul qilish imkonini taʼminlovchi, bank boshqaruv organlari va boshqa manfaatdor tomonlar oʻrtasidagi munosabatlar majmui, shu jumladan, boshqaruv organlarining vakolatlarini va javobgarligini taqsimlash hamda boshqaruvga oid qarorlar qabul qilish imkonini yaratish tushuniladi.

2. Quyidagilar samarali korporativ boshqaruvning asosi hisoblanadi:

bankning ichki hujjatlarida belgilanadigan vakolat va vazifalarning aniq tarzda taqsimlanishi;

yetarli darajadagi hisobdorlik;

oʻzaro nazorat qilish hamda bank uchun salbiy oqibatlarga olib kelishi mumkin boʻlgan qarorlar qabul qilinishining oldini olishni taʼminlovchi, bank boshqaruvi organlari va (yoki) tarkibiy tuzilmalar oʻrtasidagi vakolatlarning taqsimlanishi;

oʻzining vakolatlari va vazifalarini yaxshi biluvchi, funksional vazifalarini bajarishda yuqori darajadagi ishbilarmonlik va odob-axloq qoidalariga rioya etuvchi, bank kuzatuv kengashining (bundan buyon matnda kengash deb yuritiladi) va ijroiya organining (bundan buyon matnda boshqaruv deb yuritiladi) yuqori malakali aʼzolari mavjudligi.

3. Kengash va boshqaruv aʼzolari oʻz faoliyatini amalga oshirayotganda masʼuliyatni his qilgan holda javobgarlikni va jonkuyarlikni namoyon qilishi hamda sodiqlik bilan xizmat qilishi lozim.

Kengash va boshqaruv aʼzolarining masʼuliyat bilan javobgarlikni va jonkuyarlikni namoyon qilishiga quyidagilar kiradi:

qarorlarni ongli ravishda qabul qilishi va oʻz xatti-harakatlari uchun javobgarlikni his qilish, shu jumladan, qarorlarni oʻz vakolatlari doirasida va mavjud maʼlumotlarni har tomonlama baholagan holda qabul qilish;

xizmat vazifalarini bajarishga masʼuliyat bilan yondashish;

qonunchilik hujjatlari, bank ustavi va bankning ichki hujjatlari talablariga rioya qilish.

Kengash va boshqaruv aʼzolarining sodiqlik bilan xizmat qilishiga quyidagilar kiradi:

oʻzlari bilan bogʻliq barcha mavjud va ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvini oshkor qilish;

oʻz xizmat mavqeyidan shaxsiy manfaatlari yoʻlida foydalanmaslik;

manfaatlar toʻqnashuvi mavjud boʻlganda va bank manfaatlari yoʻlida oʻz vazifalarini toʻlaqonli bajarishiga toʻsqinlik qilgan taqdirda, qaror qabul qilishda qatnashmaslik.

2-bob. Kengash faoliyati

4. Kengashning vakolatiga Oʻzbekiston Respublikasining “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi va “ Aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida ”gi qonunlarida belgilangan masalalar kiradi .

5. Kengash aʼzolaridan oʻz vazifalarini amalga oshirishlari doirasida quyidagilar talab etiladi:

faoliyat yuritayotgan bank korporativ boshqaruvining tashkiliy tuzilmasini, kengashning funksiyalarini bilishi, korporativ boshqaruvdagi oʻzining oʻrnini anglashi, bank faoliyatiga xos boʻlgan tavakkalchiliklar haqida tasavvurga ega boʻlishi, shuningdek, bank-moliya sohasidagi, tavakkalchiliklarni boshqarish va korporativ boshqaruvni tashkil etish borasidagi bilim va malakasini doimiy ravishda oshirib borishi;

bank faoliyatida faol qatnashishi, uning faoliyatidagi va tashqi sharoitlardagi muhim oʻzgarishlarni kuzatib borishi, shuningdek, uzoq muddatli istiqbolda bank manfaatlarini himoya qilishga qaratilgan choralarni oʻz vaqtida koʻrishi;

bankning korporativ madaniyati va qadriyatlari shakllanishida yetakchi oʻrinni tutishi;

koʻrib chiqilayotgan masalalar yuzasidan kengashning boshqa aʼzolari, boshqaruv aʼzolari va bank xodimlarining qarashlaridan qatʼi nazar oʻzining asoslangan fikrini bildirishi;

masʼuliyatni his qilgan holda javobgarlikni va jonkuyarlikni namoyon qilishi va sodiqlik bilan xizmat qilishi, bank va uning barcha aksiyadorlari manfaatlarini koʻzlab, yuklatilgan vazifa va majburiyatlarni vijdonan va oqilona amalga oshirishi, oʻzining yoki ayrim shaxslar manfaatlari yoʻlida oʻz vakolatlarini suiisteʼmol qilmasligi;

manfaatlar toʻqnashuviga olib keluvchi harakatlardan qochishi, shuningdek, manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelganligi haqida darhol kengashga xabar berishi va uni bartaraf etish yuzasidan chora koʻrishi;

kengash va uning qoʻmitalari majlislarida oʻz vakolatlarini uchinchi shaxsga oʻtkazmagan holda ishtirok etishi;

kengashga aʼzoligi chogʻida oʻziga maʼlum boʻlib qolgan tijorat, bank siri va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlarning maxfiyligiga rioya etishi.

6. Kengash raisligiga, agar bank ustavida oʻzgacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, koʻpchilik ovoz bilan kengash aʼzolarining biri saylanadi.

7. Kengash raisi uning faoliyatini boshqarish va samaradorligini taʼminlashga javobgar, shuningdek, kengash aʼzolari oʻrtasida ishonchli munosabatlarni shakllantirishga xizmat qiladi. Kengash yigʻilishlarida rais toʻliq va keng qamrovli maʼlumotlarni tahlil qilgan holda mustaqil fikr almashinuvlari, tanqidiy qarashlar va ijodiy yondashuvlar asosida qarorlar qabul qilinishini taʼminlashi lozim.

8. Kengash aʼzolari soni va uning tarkibi bank faoliyatining miqyosi va xususiyati, uning rivojlanish maqsadlari va strategiyalaridan kelib chiqib, shuningdek, quyidagilarni taʼminlashni nazarda tutgan holda shakllantirilishi lozim :

kengash yigʻishlarini kvorum borligida qarorlarni qabul qilish imkonini beruvchi davriylikda (chorakda kamida bir marta) oʻtkazish imkoniyati mavjudligi;

samarali boshqarishni amalga oshirish va qarorlar qabul qilish uchun kerakli boʻlgan tajriba va bilimlarga kollektiv darajada egaligi;

kengash tomonidan qoʻmitalar tashkil qilinishi va ularning ish faoliyati yoʻlga qoʻyilishi.

9. Kengash oʻz faoliyatining samaradorligini taʼminlash uchun davriy ravishda (yilda kamida bir marta) quyidagilarni amalga oshirishi zarur:

kengashning har bir aʼzosini kasbiy masʼuliyati ular amalga oshirgan ishlarning samaradorlik koʻrsatkichlari va natijalari asosida baholashi;

oʻzining boshqaruv usullari va siyosatining samaradorligini koʻrib chiqishi, ulardagi muammoli jihatlarni aniqlash va tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalarni kiritishi.

10. Oʻzining vazifa va majburiyatlarini bajarishda kengash ichki nazorat hamda tavakkalchiliklarni boshqarish tizimlariga tayanishi va ularning faoliyati ustidan samarali nazoratni amalga oshirishi lozim .

11. Oʻz ishining samaradorligini taʼminlash uchun kengash maxsus qoʻmitalar (bundan buyon matnda qoʻmitalar deb yuritiladi), jumladan, audit qoʻmitasi, tavakkalchiliklarni boshqarish qoʻmitasi, mukofotlash qoʻmitasi, shuningdek, boshqa qoʻmitalar tashkil etishi mumkin.

12. Kengash tomonidan tashkil etilgan qoʻmitalarning asosiy vazifasi vakolat doirasida masalalarni chuqur oʻrganish hamda ular boʻyicha taklif va tavsiyalarni ishlab chiqish, shuningdek, kengashning nazoratga doir vazifalarini bajarishida unga koʻmaklashish hisoblanadi.

Qoʻmitalar kengash qarorlarining ijrosi, bank strategiyasi va maqsadlarining bajarilish jarayonini tahlil qiladi, bank faoliyatiga oid muntazam hisobotlar va oʻzlarining tavsiyalarini kengashga koʻrib chiqish uchun taqdim etadi.

13. Har bir qoʻmitaning ishlash tamoyillari, vakolatlari, majburiyatlari, vazifalari, ish tartibi, yigʻilishlar davriyligi hamda kengashga hisobotlar taqdim qilish tartibi va muddatlari, shuningdek, boshqa masalalarni qamrab olgan qoʻmita toʻgʻrisida nizom kengash tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.

14. Qoʻmitalar tarkibi kengashning uchtadan kam boʻlmagan aʼzolaridan tashkil topishi zarur. Qoʻmita boshqa qoʻmita aʼzoligida boʻlgan aynan bir shaxslar tarkibidan iborat boʻlishiga, shuningdek, kengashning bir aʼzosi bir vaqtning oʻzida turli qoʻmitalar raisi boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

15. Kengash qoʻmitalarga yuklatilgan vazifalar va majburiyatlarning ijrosini doimiy ravishda nazorat qilib borishi va buning uchun yetarli vaqt ajratishi hamda qoʻmitalarni tajribali aʼzolar bilan butlanishini taʼminlashi lozim.

3-bob. Maxsus qoʻmitalar

1-§. Audit qoʻmitasi

16. Ichki nazorat tizimini samarali tashkil etish maqsadida kengash audit qoʻmitasini tashkil etishi zarur. Qoʻmitaning koʻpchilik aʼzolari bankka aloqador shaxslar boʻlmasligi kerak, bundan ularning kengashdagi aʼzoligi mustasno. Audit qoʻmitasining raisi kengash raisi boʻlmasligi lozim.

17. Audit qoʻmitasining aʼzolari oliy maʼlumotga, audit xizmati maqsadlari va vazifalariga mos keluvchi malaka va tajribaga ega boʻlishi lozim. Audit qoʻmitasining kamida bitta aʼzosi audit, buxgalteriya hisobi va moliyaviy hisobot boʻyicha kamida 5 yillik tajribaga ega boʻlishi kerak.

18. Audit qoʻmitasining asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

moliyaviy hisobot va ichki audit siyosatini ishlab chiqish hamda tasdiqlash jarayonida ishtirok etish;

nazoratga oid, moliyaviy va boshqa hisobotlarning taqdim etilishini, toʻliqligini, ishonchliligini nazorat qilish;

oʻz vakolati doirasidagi masalalar yuzasidan kengash yigʻilishlariga maʼlumotlar tayyorlash va kengashga hisobotlar taqdim etish;

bankning ichki va tashqi auditorlar bilan oʻzaro aloqasini nazorat qilib borish;

ichki audit xizmati rahbarini tayinlash (lavozimidan ozod qilish) masalasini koʻrib chiqib, kengashga taklif kiritish;

ichki audit xizmatining choraklik hisobotlarini oʻrganib chiqish va kengashga taqdim etish;

bankning ichki nazorat tizimi va ichki auditi faoliyati samaradorligi va monandligini taʼminlash uchun ularni baholash, ichki audit tekshiruvlari rejasi va ularning davriyligini koʻrib chiqish, ichki audit xizmati rahbari oʻz vazifa va majburiyatlarini qay darajada amalga oshirayotganligini baholashda ishtirok etish va oʻz fikrlarini bildirish;

har chorakda kamida bir marta ichki audit xizmati rahbari bilan uchrashuv oʻtkazib, ichki audit xizmati faoliyatiga oid masalalarni muhokama qilish;

tashqi auditor takliflarini baholashda kengashga amaliy yordam berish, tashqi auditorni tanlashda kengashga tavsiyalar tayyorlash;

tashqi auditorlarning xizmatlariga toʻlanadigan eng koʻp haq miqdori va u bilan shartnoma tuzilishi (bekor qilinishi) toʻgʻrisida kengashga takliflar kiritish;

tashqi auditorlar uchun texnik vazifalarni ishlab chiqishda kengashga amaliy yordam berish;

ichki va tashqi audit hisobotlarini qabul qilib olish hamda ularda va boshqa nazoratni amalga oshiruvchi boʻlinmalar tomonidan aniqlangan qonunchilik hujjatlari, bankning siyosatlari va ichki hujjatlariga nomuvofiqliklar va kamchiliklarni bank boshqaruvi tomonidan oʻz vaqtida bartaraf etilishini nazorat qilish;

tashqi auditorlik hisobot va xulosalarni koʻrib chiqish va ularni kengashga taqdim etish;

tashqi auditorlar faoliyati qoniqarsiz deb baholangan taqdirda, ularni oʻzgartirish yuzasidan kengashga tavsiyalar berish;

bank faoliyatining shaffofligi va maʼlumotlarning oshkor qilinishi yetarli darajada va aniq ekanligini koʻrib chiqish;

oʻz faoliyati toʻgʻrisida hisobot tayyorlash;

kengash tomonidan yuklatilgan boshqa vazifalarni bajarish.

2-§. Tavakkalchiliklarni boshqarish qoʻmitasi

19. Bankda tavakkalchilikni samarali boshqarish maqsadida kengash tavakkalchiliklarni boshqarish qoʻmitasini tashkil etishi mumkin. Qoʻmitaning (agar tashkil etilgan boʻlsa) koʻpchilik aʼzolari bankka aloqador shaxslar boʻlmasligi kerak, bundan ularning kengashdagi aʼzoligi mustasno. Tavakkalchiliklarni boshqarish qoʻmitasining raisi kengash raisi boʻlmasligi lozim.

20. Tavakkalchiliklarni boshqarish qoʻmitasining kamida bitta aʼzosi bank-moliya tashkilotlarida tavakkalchiliklarni boshqarish sohasi boʻyicha kamida 5 yillik tajribaga ega boʻlishi kerak.

21. Tavakkalchiliklarni boshqarish qoʻmitasining asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

tavakkalchiliklarni boshqarish masalalari va ichki nazoratga doir hujjatlar, shu jumladan, tavakkalchiliklarni boshqarishning tashkiliy tuzilmasi, tavakkalchiliklarni boshqarish strategiyasi va siyosati, manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish siyosati va odob-axloq qoidalarini koʻrib chiqish, kengashga tavakkalchiliklarni boshqarish tizimiga oid tavsiyalarni kiritish;

boshqaruv va tavakkalchiliklarni boshqarish boʻyicha tarkibiy tuzilma tomonidan tavakkalchiliklarni boshqarish tizimi, shu jumladan, risk-appetit va tavakkalchiliklarni boshqarish siyosatining ishlab chiqilishi, ularga rioya etilishi va ularning oʻz vaqtida yangilab borilishi ustidan nazorat qilish;

bank tomonidan ishlab chiqilgan va amalga oshirilayotgan tavakkalchiliklarni baholash, shu jumladan, stress-test qilish uslublarini davriy ravishda koʻrib chiqish;

kengashga taqdim etiladigan tavakkalchiliklarga oid maʼlumotlarning (hisobotlarning) tuzilishi va shakli hamda ularni taqdim etish muddatlarini belgilash;

bankning tavakkalchiliklar sohasi (risk-proifili) tasdiqlangan risk-appetitga mos emasligi yoki meʼyordan chiqib ketishi kutilayotgan holatlarda, tavakkalchiliklarning kamaytirilishi va ular yuzasidan oʻz vaqtida choralar koʻrilishi boʻyicha qarorlar qabul qilish toʻgʻrisida kengashga takliflar berish;

bankning mukofotlash tizimi bankning risk-appetitiga muvofiqligini oʻrganib borish;

tavakkalchiliklarni boshqarish boʻyicha tarkibiy boʻlinma tomonidan taqdim etiladigan bankda yuzaga kelgan va yuzaga kelishi mumkin boʻlgan tavakkalchiliklar boʻyicha hisobotlarni kamida har chorakda bir marta qabul qilib borish va tavakkalchiliklarni kamaytirish boʻyicha ishlarni amalga oshirish;

tavakkalchiliklarni boshqarish boʻyicha masʼul boʻlgan xodimlarning boshqaruv va tavakkalchiliklarni qabul qiluvchi boshqa tarkibiy boʻlinmalardan mustaqilligini baholab borish;

tavakkalchiliklarni boshqarish boʻyicha tarkibiy boʻlinma rahbarlari faoliyatini baholash jarayonida qatnashish yoki fikr bildirish;

oʻz faoliyati toʻgʻrisida choraklik hisobotlarni tayyorlash;

kengash tomonidan yuklatilgan boshqa vazifalarni bajarish.

22. Bankda yuzaga kelishi mumkin boʻlgan tavakkalchiliklar boʻyicha maʼlumotlarni oʻzaro almashish, shuningdek, tavakkalchiliklarni boshqarish tizimiga oʻz vaqtida oʻzgartirishlar kiritish boʻyicha choralarni koʻrish maqsadida tavakkalchiliklarni boshqarish qoʻmitasi (agar tashkil etilgan boʻlsa) va audit qoʻmitasi oʻrtasida samarali hamkorlik yoʻlga qoʻyilishi zarur.

3-§. Mukofotlash qoʻmitasi

23. Mehnatga haq toʻlashning ichki tizimi bankning tavakkalchiliklarni qabul qilish darajasiga, uzoq muddatli strategiyani amalga oshirishga, risk-appetitiga, moliyaviy natijalarga, ichki nazoratning tizimiga, qonunchilik hujjatlari talablariga va bank ichki meʼyoriy hujjatlariga muvofiqligi boʻyicha kengashga yordam koʻrsatish va tavsiyalar kiritib borish maqsadida mukofotlash qoʻmitasi tashkil etilishi mumkin.

24. Mukofotlash qoʻmitasining asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

kengash va boshqaruv, shuningdek bank islomiy moliya kengashining aʼzolari hamda muhim ahamiyatga ega xodimlarni mukofotlash boʻyicha siyosatni ishlab chiqishda ishtirok etish va uni kamida bir yilda bir marotaba qayta koʻrib chiqish;

mukofotlash siyosati hamda turli xil ragʻbatlantirish dasturlarining joriy qilinishi va amalga oshirilishi ustidan nazorat qilish;

mehnatga haq toʻlash va kompensatsiya qilishga oid qabul qilingan qarorlarning ijrosini nazorat qilish;

kengash va boshqaruv, shuningdek bank islomiy moliya kengashining aʼzolari hamda muhim ahamiyatga ega xodimlarga mukofot toʻlovlarini belgilashda ularning majburiyatlari va mos ravishda tavakkalchiliklarni qabul qilish darajasini hisobga olgan holda ularning samaradorligini baholash mezonlarini ishlab chiqish;

agarda kengash tomonidan ushbu vazifa yuklatilgan boʻlsa, mukofotlash siyosatida aks ettirilgan mezonlar asosida kengash, boshqaruv va bank islomiy moliya kengashining aʼzolari, shuningdek, muhim ahamiyatga ega xodimlarning yil yakunlari boʻyicha faoliyatini dastlabki baholashdan oʻtkazish, shuningdek, ushbu shaxslarning uzoq muddatli belgilangan maqsad va vazifalarga erishganini tahlil qilish;

mehnatga haq toʻlash va kompensatsiya tizimi ichki hujjatlarga muvofiqligini baholab borish;

kengash tomonidan yuklatilgan boshqa vazifalarni amalga oshirish.

4-bob. Mehnatga haq toʻlash tizimi

25. Bankning mehnatga haq toʻlash tizimi korporativ boshqaruv tizimining samaradorligini oshirish va tavakkalchiliklarni boshqarish madaniyatini mustahkamlashga xizmat qiladi .

26. Mehnatga haq toʻlash tizimi bankning biznes-rejasi, bankni rivojlantirish strategiyasi, maqsadi va bank tavakkalchiliklarini boshqarish siyosati hamda manfaatlar toʻqnashuvining oldini olishga qaratilgan choralarga muvofiq boʻlishi, shuningdek, yuqori darajadagi tavakkalchiliklarni qabul qilishini cheklashi lozim.

27. Kengash yoki mukofotlash qoʻmitasi (agar mavjud boʻlsa) boshqaruv tomonidan mehnatga haq toʻlash tizimiga rioya qilish darajasini nazorat qilib boradi va yiliga kamida bir marta mehnatga haq toʻlash tizimining samaradorligini qayta koʻrib chiqadi.

28. Boshqaruv aʼzolari, muhim ahamiyatga ega xodimlar va boshqa xodimlarning mehnatiga haq toʻlash tizimi kengash tomonidan bank strategiyasi, biznes-rejasi, moliyaviy koʻrsatkichlar, prudensial talablar hamda tavakkalchiliklarni boshqarish holatidan kelib chiqib tasdiqlanadi, bundan toʻlanadigan haq va kompensatsiyalar miqdorlari bank aksiyadorlar umumiy yigʻilishining vakolatida boʻlgan hollar mustasno.

Kengash aʼzolariga toʻlanadigan haq aksiyadorlar umumiy yigʻilishining qarori bilan tasdiqlanadi.

Tavakkalchiliklarning tegishli hisobini yuritish maqsadida tavakkalchiliklarni boshqarish boʻyicha tarkibiy tuzilma va komplayens-nazorat xizmati mehnatga haq toʻlash tizimining ishlab chiqilishida ishtirok etadi.

29. Mehnatga haq toʻlash tizimi quyidagilarni qamrab olishi zarur:

bank xodimlariga mukofot va kompensatsiya toʻlovlari miqdori va tartibini belgilashda xodimlarning ish faoliyatidagi natijasi, tavakkalchiliklarni qabul qilish darajasi, bankning tavakkalchiliklar sohasi (risk-profili) va faoliyati miqyosidan kelib chiqib belgilanishi;

tavakkalchiliklarni boshqarish tizimi va oʻrnatilgan tavakkalchilik meʼyorlari hamda qonunchilik hujjatlari talablari buzilganda, bankning xodimlari va (yoki) kollegial organlari tomonidan qabul qilingan tavakkalchiliklar oqibatida yoʻqotishlar yuzaga kelganda, shuningdek, bank samarasiz va (yoki) zarar bilan faoliyat yuritayotgan hollarda kompensatsiya va ragʻbatlantirish xususiyatiga ega toʻlovlarni bekor qilish yoki ularning miqdorini pasaytirish;

bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishi tomonidan oʻrnatilgan vazifalar va koʻrsatkichlarga erishilmaganda kengash tomonidan boshqaruv va muhim ahamiyatga ega xodimlarga belgilangan kompensatsiya va ragʻbatlantirish xususiyatiga ega toʻlovlarni bekor qilish yoxud umumiy miqdorini kamaytirish.

30. Mehnatga haq toʻlash tizimi bankning ichki siyosatlarida tegishli tarzda hujjatlashtirilgan boʻlishi va kamida quyidagilarni qamrab olishi lozim:

doimiy va oʻzgarib turuvchi kompensatsiya va ragʻbatlantirish xususiyatiga ega toʻlovlarni;

kompensatsiya va ragʻbatlantirish xususiyatiga ega toʻlovlarning eng yuqori miqdori;

kengash va boshqaruv, shuningdek bank islomiy moliya kengashining aʼzolari hamda muhim ahamiyatga ega xodimlar faoliyatini baholash mezonlari;

oʻzgaruvchan mukofotlarni (bayram munosabati bilan, xodimni taqdirlash va boshqalar) toʻlash tartibi va muddati.

31. Kengash va boshqaruv, shuningdek bank islomiy moliya kengashining aʼzolari, muhim ahamiyatga ega xodimlarning mehnatiga haq toʻlash tizimi aksiyadorlar uchun aniq, ochiq va oshkora boʻlishi kerak.

5-bob. Manfaatlar toʻqnashuvining oldini olishga doir choralar

32. Bank va quyidagi shaxslar oʻrtasida oʻzaro munosabatlar va aloqalar natijasida manfaatlar toʻqnashuvi vujudga kelishi mumkin:

bank mijozlari;

bank aksiyadorlari;

kengash yoki boshqaruv aʼzolari;

bank xodimlari;

bankka aloqador shaxslar;

bank islomiy moliya kengashining aʼzolari;

boshqa manfaatdor tomonlar (omonatchilar, kreditorlar va bankdan manfaatdor boʻlgan boshqa shaxslar), shu jumladan, oxirgi benefitsiar mulkdorlar.

33. Kengash qonunchilik hujjatlariga rioya qilinishini taʼminlash maqsadida manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish va uni bartaraf etish siyosatini ishlab chiqishi, uni amalga oshirish tartibini oʻrnatishi hamda uning amalga oshirilishini nazorat qilishi lozim .

34. Manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish va uni bartaraf etish siyosati oʻz ichiga quyidagilarni olishi lozim:

manfaatlar toʻqnashuviga olib keluvchi holatlardan chetlanish yoki u yuzaga kelgan hollarda bartaraf etish yuzasidan kengash aʼzolarining majburiyatlari;

kengash va boshqaruv, shuningdek bank islomiy moliya kengashining aʼzolari hamda boshqa xodimlarning oʻz xizmat vazifasini bajarishida yuzaga keladigan manfaatlar toʻqnashuvini aniqlashda uning tushunchasi va shakllari (bankda yuzaga keladigan holatlardan misollar bilan);

manfaatlar toʻqnashuviga olib kelgan yoki keltirib chiqarishi mumkin boʻlgan masalalarni koʻrishda kengash yoki boshqaruvning tegishli aʼzolari oʻz ovozlari bilan ishtirok etishini cheklash;

rahbarlar va boshqa xodimlar bilan vujudga kelgan yoki kelishi mumkin boʻlgan manfaatlar toʻqnashuvlarini nazorat qilish va oldini olish mexanizmlari;

noqonuniy, adolatsiz yoki salbiy holatlarga olib kelishi mumkin boʻlgan maxfiy maʼlumotlardan tegishli boʻlmagan shaxslarning foydalanishini cheklash tartibi;

manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelgan hollarda qoʻllaniladigan choralar va uni bartaraf etish tartibi;

rahbarlar va boshqa xodimlar bilan manfaatlar toʻqnashuvi vujudga kelganda yoki ehtimoliy paydo boʻlganda, ular tomonidan belgilangan tartibda maʼlumot taqdim etilmasa, ularga nisbatan qoʻllaniladigan choralar.

35. Kengash va boshqaruv, shuningdek bank islomiy moliya kengashining aʼzoligiga hamda muhim ahamiyatga ega xodim lavozimiga tayinlangan (saylangan) shaxsning yaqin qarindoshlarining roʻyxati bankning elektron bazasida shakllantirilishi va elektron baza muntazam yangilanib borilishi kerak.

36. Bankda yuzaga kelgan va ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvi holatlari hamda yuzaga kelgan salbiy holatlar haqida maʼlumotlar bazasi shakllantirilishi hamda kengash va boshqaruvga ushbu maʼlumotlar bazasi asosida davriy ravishda hisobotlar topshirib borilishi kerak.

6-bob. Bank xodimlarining odob-axloq qoidalari

37. Kengash bankda yagona korporativ madaniyatni yaratish maqsadida:

bank faoliyati qonuniy va odob-axloq qoidalari asosida yuritilishi uchun korporativ qadriyatlar va standartlarini oʻz ichiga olgan bankning odob-axloq kodeksini qabul qilishi va ularda belgilangan qoidalarga barcha xodimlar, shu jumladan, bankning boshqaruv organlari tomonidan rioya etilishini taʼminlashi ;

korporativ qadriyatlar va standartlari, odob-axloq kodeksi hamda bank tomonidan ishlab chiqilgan tegishli siyosatlar barcha xodimlarga tushuntirilishi va ijro uchun yetkazilishi ustidan nazorat qilishi;

nomaqbul xatti-harakat va (yoki) qoidabuzarlikni amalga oshirgan xodimlar, shu jumladan, bank boshqaruviga nisbatan intizomiy choralar qoʻllanilishi ustidan nazoratni amalga oshirishi lozim.

38. Odob-axloq kodeksi korporativ boshqaruvning quyidagi jihatlarini oʻz ichiga olishi lozim:

kengash, boshqaruv va boshqa xodimlar uchun majburiy hisoblangan odob-axloq qoidalari hamda ularni buzganlik uchun tegishli choralar;

noqonuniy va nomaqbul faoliyat yoki xatti-harakatlar, shu jumladan, notoʻgʻri moliyaviy va statistik hisobotlarni taqdim etish, manipulyatsiya qilish yoki bunga urinish, Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan qoʻllanilgan choralarga rioya qilmaslik, shuningdek, insofsiz raqobat va korrupsiya holatlarining taqiqlanishi va ular yuzasidan koʻriladigan choralar ;

isteʼmolchilar huquqlarini buzish, shu jumladan, bank xizmatlarini koʻrsatishda mijozlarni chalgʻitishga yoʻl qoʻymaslik boʻyicha talablar;

kengash, boshqaruv va boshqa xodimlar tomonidan bankning mulkiga zarar yetkazilishining oldini olish tartibi;

kengash, boshqaruv va boshqa xodimlarning xizmat mavqeyidan foydalangan holda shaxsiy ustunlikni qoʻlga kiritish yoki bunday ustunlikni uchinchi shaxslarga taqdim etish uchun foydalanishlariga taqiqlar;

korrupsiya haqida xabar berish mexanizmi;

konfidensial axborotni qayta ishlash, saqlash va tarqatish tamoyillari;

xodimlarning rahbar xodimlar tomonidan noqonuniy, nomaqbul yoki shubhali xatti-harakati yuzasidan fikrlarini yetkazish imkoniyatini yaratuvchi va bunda rahbarlarning mazkur xodimga nisbatan salbiy taʼsiridan himoyalash mexanizmi.

39. Odob-axloq kodeksiga bank tashkiliy tuzilmasining barcha pogʻonalaridagi xodimlari, shu jumladan, kengash va boshqaruv aʼzolari rioya etishlari zarur.

40. Odob-axloq kodeksida kengash va boshqaruv aʼzolari hamda boshqa barcha xodimlar oʻz faoliyatini odob-axloq normalari asosida olib borishi hamda masʼuliyatni his qilgan holda javobgarlikni, jonkuyarlikni va sodiqlikni namoyon qilgan holda faoliyatini amalga oshirishi belgilab berilishi lozim.

7-bob. Nooʻrin xatti-harakatlar haqida xabar qilish tizimi

41. Bankda qonunchilik hujjatlari va odob-axloq qoidalariga zid boʻlgan xatti-harakat sodir boʻlganda, tegishli choralarni oʻz vaqtida koʻrish maqsadida nooʻrin xatti-harakatlarni aniqlash va ular haqida xabar berishning samarali tizimi ishlab chiqilishi va amaliyotga joriy etilishi lozim .

Mazkur tizim xodimlarga bankda sodir boʻlgan nooʻrin va qonunga xilof xatti-harakatlar toʻgʻrisida maxfiylik va xavfsizlik taʼminlangan holda kengashni xabardor qilish imkonini yaratishi kerak.

Nooʻrin xatti-harakatlar haqida xabardor qilish tizimining maqsadlari quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

ehtimoliy nooʻrin xatti-harakatlar haqida oʻz vaqtida xabardor qilishni ragʻbatlantirish;

nooʻrin xatti-harakatlar haqida maxfiy tartibda va xavfsiz xabar qilish uchun vosita (kanal) bilan taʼminlash;

nooʻrin xatti-harakatlarga doir xabar yuzasidan izchil va oʻz vaqtida chora koʻrilishini taʼminlash hamda xabardor qiluvchi shaxslarni oʻz huquqlari toʻgʻrisida boxabar qilish;

kengash tomonidan xodimlar nooʻrin xatti-harakatlar yuzasidan maxfiy tarzda xabar qilishlarini belgilovchi qoidalarga rioya etilishi ustidan tegishli nazorat taʼminlanishi;

bank va uning aksiyadorlari huquqlarini himoya qilish.

42. Nooʻrin xatti-harakatlar haqida xabar qilish tizimi samaradorligini taʼminlash maqsadida kengash quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:

oʻz aʼzolaridan biriga yoki tegishli qoʻmitaga nooʻrin xatti-harakatlarga oid xabarlarni qabul qilish vazifasini yuklaydi;

nooʻrin xatti-harakatlar haqida xabar qilish mexanizmlari va ular yuzasidan keyingi amalga oshirilishi lozim boʻlgan chora-tadbirlarni belgilaydi;

nooʻrin xatti-harakatlarning aniqlanishi va oʻrganib chiqilishiga oid choralar koʻrilishi ustidan nazoratni amalga oshiradi.

43. Xabar qilinayotgan (maʼlum qilinayotgan) axborot ehtimoliy nooʻrin xatti-harakatlar sodir boʻlganligi yoki sodir boʻlishi toʻgʻrisida dalolat beruvchi, tekshirish imkoni mavjud boʻlgan faktlarga yoki shart-sharoitlarga asoslangan boʻlishi lozim.

44. Nooʻrin xatti-harakatlar haqida xabardor qilish quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

mansabni suiisteʼmol qilish yoki nomaqbul xatti-harakat, shu jumladan, firibgarlik yoki korrupsiya;

qonunchilik hujjatlari va (yoki) bank ichki hujjatlariga rioya etmaslik;

nomaqbul yoki odob-ahloq qoidalariga toʻgʻri kelmaydigan xatti-harakat;

huquqiy majburiyatlarga amal qilmaslik;

bank ustaviga asosan boshqa holatlar.

45. Basharti maʼlumot haqqoniy va ishonchli boʻlsa, bankning har qanday xodimi yoki manfaatdor shaxs nooʻrin xatti-harakatlar yuzasidan xabar qilishi lozim.

46. Xabar qiluvchi nooʻrin xatti-harakatlarga doir oʻz kuzatuvlari yuzasidan quyidagi usullardan biri orqali arz qilishi mumkin:

ehtimoliy yoki amalda sodir boʻlgan qoidabuzarlik yuzasidan bevosita rahbarni xabardor qilish. Bunda, agar xabar qiluvchi oʻzining bevosita rahbarini xabardor qilishni istamasa, u bankda yuqoriroq darajadagi rahbar lavozimini egallab turuvchi shaxsni, shu jumladan, kengashning tegishli aʼzosini yoki tegishli qoʻmitani boxabar qilishi mumkin;

kengashni yoki tegishli qoʻmitani bevosita yoki bilvosita (ichki audit yoki komplayens-nazorat xizmati orqali) yozma tarzda boxabar qilish;

oʻrnatilgan aloqa kanali, shu jumladan, elektron pochta orqali xabar berish. Bunda xabar qilish uchun elektron pochta manzili bankning veb-saytida aniq belgilangan boʻlishi lozim.

8-bob. Boshqaruv faoliyati

47. Boshqaruv bankni boshqarishning ijro etuvchi organi boʻlib, u bankning kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlangan faoliyat strategiyasi va uni boshqarish tizimiga muvofiq bankning faoliyatiga operativ boshqaruvni amalga oshiradi hamda bankning faoliyati uchun javobgarlikni toʻliq zimmasiga oladi.

48. Boshqaruv raisi bank faoliyatini boshqarish va bank xodimlari ustidan nazoratni amalga oshirish uchun zarur bilim, malaka va yaxshi xulq-atvorga ega boʻlishi kerak.

49. Boshqaruv oʻz vazifalarini amalga oshirish doirasida quyidagilar talab etiladi:

bankning strategik maqsadlari, biznes-rejasi va korporativ boshqaruvga oid siyosatda belgilangan vazifalarni amalga oshirishi;

tashkiliy tuzilmaning barcha darajalarida kengash tomonidan tasdiqlangan siyosatlarga, tartib va lavozim yoʻriqnomasiga rioya etishi yuzasidan samarali monitoring tizimini oʻrnatish va davriy ravishda ushbu tizim samaradorligini tekshirishi;

boshqaruv qarorlarini qabul qilish uchun muhim axborotning tegishli tarzda tayyorlanishi va oʻz vaqtida taqdim etilishini taʼminlovchi ishonchli axborot tizimlarini oʻrnatishi;

biznes-reja koʻrsatkichlari va bank strategiyasi bajarilishini baholash imkonini beruvchi, oʻz ichida moliyaviy va boshqa faoliyatning amaldagi natijalarini aks ettirgan hisobotlarning oʻz vaqtida kengashga taqdim etilishini taʼminlash;

bankning moliyaviy ahvoli yomonlashuvi yoki bunday holat yuz berishi xavfi hamda biznes-reja, strategik maqsadlar, tavakkalchiliklarni boshqarish strategiyasi va risk-appetitdagi oʻzgarishlar, tavakkalchilik chegaralari (limiti) va prudensial talablar buzilishi, ichki nazoratdagi xatoliklar, huquqiy yoki tartibga solish bilan bogʻliq muammolar yuzasidan kechiktirilmagan tarzda kengashga xabar berish;

bankni boshqarishning tegishli va ochiq tashkiliy tuzilmasini, shuningdek, oʻz vakolatlari doirasida bank xodimlari oʻrtasida vakolatlar va majburiyatlar taqsimlanishini taʼminlash;

bank xodimlari faoliyati ustidan nazoratni amalga oshirish;

xodimlarni, jumladan, boshqaruv aʼzolari, agar bank ustavida oʻzgacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, muhim ahamiyatga ega xodimlarni ishga qabul qilish va boʻshatish, ularning oʻzgartirilishi (rotatsiyasi) va lavozim boʻyicha koʻtarilish, malakasini oshirish, malakali xodimlarni saqlab qolish tartibini ishlab chiqish, shuningdek, xodimlar oʻz majburiyatlari, odob-ahloq qoidalarini buzgan hollarda ularga nisbatan choralar koʻrish;

bank ustavi va qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa majburiyatlarni bajarishi lozim.

50. Boshqaruv aʼzolari bank manfaatlari yoʻlida vijdonan va oqilona harakat qilishga majbur boʻlib, ular quyidagi fidutsiar majburiyatlarga rioya etishlari lozim:

qonunchilik hujjatlari, bank ustavi hamda bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishi hamda kengash tomonidan qabul qilingan strategiya va siyosatlarni amalga oshirishga doir qarorlarga rioya etgan holda majburiyatlarini oʻz vakolatlari doirasida bajarish;

oʻzlarining vazifa va funksiyalarini amalga oshirishi uchun oʻz vakolatlari doirasida faoliyat yuritish;

zarur va oshkora maʼlumotni belgilangan muddatlarda olish, ular bilan bogʻliq tegishli chora-tadbirlarni koʻrish hamda shaxsiy malaka va tajribaga tayangan holda qarorlar qabul qilish;

manfaatlar toʻqnashuvini keltirib chiqarmaslikka oid talablarga rioya etish;

bank boshqaruvi organlari, shu jumladan, bank aksiyadorlari umumiy yigʻilishi va kengashga nisbatan tenglik tamoyiliga rioya etish;

benuqson ishchanlik obroʻsiga ega boʻlish.

9-bob. Maʼlumotlar oshkoraligi va ochiqlik

51. Bankni korporativ boshqarish jarayoni uning manfaatdor tomonlari va bozor ishtirokchilari uchun shaffof, ochiq va oshkora boʻlishi kerak.

Korporativ boshqaruvning ochiqligi va oshkoraligi deganda manfaatdor tomonlarga kengash va boshqaruvning samaradorligini baholash uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni taqdim etish va yetkazish tushuniladi.

Korporativ boshqaruvning ochiqligini taʼminlash maqsadida bank ushbu Nizom va qonunchilik hujjatlarida belgilangan maʼlumotlarni oʻzining rasmiy veb-sayti va boshqa axborot vositalarida joylashtirib boradi.

52. Banklar va (yoki) bank guruhlarining asosiy bank tomonidan manfaatdor tomonlarga oshkor etiladigan maʼlumotlar va ularni joylashtirish quyidagi tamoyillarga asoslanishi lozim:

ishonchlilik va aniqlik — bank yoki bank guruhi va uning faoliyati toʻgʻrisidagi maʼlumot dolzarb, haqiqiy, taqqoslanuvchi va oʻzgartirilmagan holda oʻqish uchun qulay shaklda boʻlishi, bank faoliyati va uning moliyaviy holati bilan bogʻliq jarayonlar va faktlarning amaldagi iqtisodiy mazmunini baholash imkonini yaratishi;

toʻliqlilik — manfaatdor tomonlar tomonidan qarorlarni qabul qilish uchun yetarli hajmda va ahamiyatga ega boʻlishi;

maʼlumotni olish erkinligi — maʼlumot bank va (yoki) bank guruhi bosh tashkilotiga tegishli binosida, rasmiy veb-saytida joylashtirilishi, ommaviy axborot vositalarida chop etilishi hamda manfaatdor tomonlarning murojaatiga koʻra taqdim qilinishi orqali oshkor etilayotgan maʼlumotlarni erkin, sodda va qulay tarzda yetkazish imkonining yaratilishi;

oʻz vaqtida va davriy ravishda taqdim etish — maʼlumotlar oʻz vaqtida va davriy ravishda chop etilishi;

tezkorlik — bank faoliyati bilan bogʻliq holatlar, hodisalar va jarayonlar toʻgʻrisidagi muhim axborot qisqa muddatlarda oshkora etilishi;

bank siri va maʼlumot maxfiyligini taʼminlash — bank siri, tijorat siri va qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa sir saqlanishi zarur boʻlgan maʼlumotlar oshkora etilmasligi.

53. Bank maʼlumotlarini ochiq va oshkor boʻlishini taʼminlash maqsadida quyidagi maʼlumotlarni oʻzining veb-saytida joylashtirib borishi zarur:

bankning strategik maqsadlari va korporativ qadriyatlari;

bank faoliyati tarixi, jumladan, bankni tashkil etish, qayta tashkil etish, qayta nomlash, faoliyati, oʻziga xos xususiyatlari yoki yoʻnalishi oʻzgarganligini aks ettiruvchi maʼlumotlar;

bankning davlat roʻyxatiga olinganligi, bank faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziya va (yoki) islomiy bank faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziya toʻgʻrisida maʼlumot (tartib raqami, berilgan sanasi, bank operatsiyalari roʻyxati), shuningdek, faoliyatini toʻxtatib turishi, uni tiklash hamda bank faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziyaning va (yoki) islomiy bank faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziyaning Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan chaqirib olinishi haqida (agar bunday holatlar yuzaga kelgan boʻlsa);

bank ustavining toʻliq matni;

bank bosh ofisi ish tartibi, joylashgan joyi va kontakt maʼlumotlari, shuningdek, bankning hududlar (viloyat va shahar) kesimida tashkiliy tuzilmasi — bank infratuzilmasi (filial, ofis) nomi, joylashgan yeri, ish tartibi va maʼlumot uchun telefonlari. Filial (yoki boshqa infratuzilma) faoliyati vaqtinchalik toʻxtatilishi yoki tugatilishi holatlarida, bank veb-saytining bosh varagʻida bu haqda xabar, yaʼni ushbu filial (yoki boshqa infratuzilma) nomi va joylashgan yeri, faoliyati vaqtinchalik toʻxtatilishi yoki tugatilishi toʻgʻrisidagi tegishli qaror sanasi, ushbu hodisa yuzasidan toʻliq maʼlumot olish uchun aloqa vositalari hamda mijoz boshqa filialga yoki infratuzilmaga murojaat qilishi haqida maʼlumot;

bank faoliyati, tashkiliy va mulkiy tuzilmasi hamda holatiga doir oʻzgarishlarga oid press-relizlar va xabarlar;

bankning mulkiy tuzilmasi;

bankka tegishli boʻlgan bank guruhi tarkibi va uning tuzilishi: yuridik shaxslar nomi, bank guruhi tuzilmasi, ustav kapitalidagi ishtiroki, nomi, joylashgan yeri va bosh tashkilotning rasmiy veb-sayti;

bankning ichki tashkiliy tuzilmasi;

kengash qoshida tashkil qilingan barcha qoʻmitalar tarkibi, shu jumladan, qisqa shaklda maʼlumot, qoʻmita aʼzolarining boshqa tashkilotlarda egallab turgan lavozimi, malakasi va ish tajribasi hamda ushbu qoʻmitalarning asosiy vazifalari;

kengash va boshqaruv, shuningdek bank islomiy moliya kengashining aʼzolari hamda muhim ahamiyatga ega xodimlarning tarkibi, qisqa shakldagi shaxsiy maʼlumot, egallab turgan lavozimi, malakasi va ish tajribasi;

korporativ boshqaruvga oid ichki meʼyoriy hujjatlari: odob-axloq qoidalari (standartlari, kodeksi va boshqalar), maʼlumotlarni oshkor qilish boʻyicha bank siyosati, bankning dividendlar toʻlash siyosati va boshqalar;

bankka reyting agentliklari tomonidan reyting taqdim qilingan boʻlsa, ushbu reyting agentliklarining roʻyxati, oxirgi 3 yil ichida olingan reytinglari va ular boʻyicha reyting agentliklarining hisobotlari (tushuntirishlar);

qonunchilik hujjatlariga muvofiq rasmiy veb-saytida joylashtirilishi kerak boʻlgan boshqa maʼlumotlar.

Bankning mulkiy tuzilmasi toʻgʻrisidagi oshkor qilinadigan maʼlumotlar quyidagilarni oʻz ichiga olishi lozim:

bank ustav kapitalining kamida besh foiziga bevosita egalik qiluvchi aksiyadorlar haqida maʼlumot, ularning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushi miqdori, aksiyasi turi (oddiy, imtiyozli), joylashgan joyi (yashash joyi), faoliyat turi (yuridik shaxslar uchun);

bank ustav kapitalining kamida besh foiziga bilvosita egalik qiluvchi aksiyadorlar haqida maʼlumot, joylashgan joyi (yashash joyi), faoliyat turi (yuridik shaxslar uchun) va bank aksiyalariga egalik qilishiga sabab boʻlgan boshqa maʼlumotlar;

oxirgi benefitsiar mulkdor (agar mavjud boʻlsa) familiyasi, ismi va sharifi.

10-bob. Yakuniy qoida

54. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Markaziy bank raisi M. NURMURATOV

Toshkent sh.,

2020-yil 25-may,

12/8-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.06.2020-y., 10/20/3254/1045-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 09.08.2025-y., 10/25/3658/0713-son; 20.07.2026-y., 10/26/3254-1/0754-son; 12.10.2026-y., 10/26/3254-2/1020-son)

lex.uz