UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 27-iyun · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 27 июнь · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 июня 2020 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 June 2020 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг

Қарори

НИЗОМ

Микромолия ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари, кафолатлар бериш ташкилотлари ҳамда факторинг ташкилотларининг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Микромолия ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари, кафолатлар бериш ташкилотлари ҳамда факторинг ташкилотларининг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин .

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 27 июндаги 15/6-сон қарорига ИЛОВА

Микромолия ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари, кафолатлар бериш ташкилотлари ҳамда факторинг ташкилотларининг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги

Мазкур Низом микромолия ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари, кафолатлар бериш ташкилотлари ҳамда факторинг ташкилотларининг (бундан буён матнда нобанк кредит ташкилотлари деб юритилади) ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигига доир минимал талабларни белгилайди .

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

антивирус ҳимояси — антивирус дастурлари ёрдамида компьютер вируслари таъсирининг олдини олиш, вирусларни топиш ва зарарсизлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;

аутентификация қилиш — фойдаланувчи, дастур, қурилма ёки маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш тартиб-таомили;

авторизация қилиш — фойдаланиш ҳудудлари асосида фойдаланиш имкониятини тақдим этиш;

ахборот тизими — ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари;

ахборот хавфсизлиги — ахборот муносабатларининг субъектларига номақбул зиёнларни келтириши мумкин бўлган табиий ёки сунъий хусусиятли, тасодифий ёки қасддан қилинган таъсирлардан ахборот ва таъминлаб турадиган инфратузилманинг муҳофаза қилинганлиги;

ахборот хавфсизлиги нохуш ҳодисаси — ахборот хавфсизлигининг ягона воқеаси ёки бир қатор нохуш ёхуд кутилмаган воқеалари бўлиб, ушбу воқеалар туфайли ахборотнинг ошкор бўлиши ва ахборот хавфсизлигига таҳдидлар эҳтимоли юзага келиши;

идентификация — фойдаланувчининг шахсини, унга тизим билан ишлашда ҳуқуқ ва имтиёзларнинг маълум тўпламини бериш мақсадида, аниқлаш;

тармоқлараро экран — ахборот тизимларига келиб тушадиган ва (ёки) тизимдан чиқиб кетадиган ахборотнинг назорат қилинишини амалга оширадиган дастур ва (ёки) дастурий восита;

шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот.

2. Нобанк кредит ташкилотлари мазкур Низом талаблари асосида ўз фаолиятларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларидаги ахборотнинг хавфсизлигини таъминлашлари ҳамда ахборот хавфсизлиги бўйича ички тартиб ва қоидаларни ишлаб чиқишлари лозим.

2-боб. Нобанк кредит ташкилотларининг ахборот хавфсизлигига доир минимал талаблар

3. Нобанк кредит ташкилотлари ўз фаолиятининг барқарорлигини таъминлашлари ва ахборот хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олишлари учун ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларидаги ахборотнинг хавфсизлигини таъминлашлари, юзага келиши мумкин бўлган ахборот хавфсизлиги нохуш ҳодисаларини аниқлашлари, уларнинг олдини олишлари ва нохуш ҳодисаларнинг юзага келиш эҳтимолини бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.

4. Нобанк кредит ташкилотлари ахборот хавфсизлигига доир қуйидаги минимал талабларни бажаришлари лозим:

антивирус дастури билан ахборот муҳофазасини таъминлаш;

амалга оширилган тўловларга оид маълумотларни электрон тарзда 5 йил давомида сақлаш;

конфиденциал ва шахсга доир маълумотлардан қонунга зид равишда фойдаланиш ва маълумотларнинг ноқонуний ошкор этилишининг олдини олиш;

техник носозликлар вақтида ахборот тизимларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш, шу жумладан, ушбу тизимларда қўлланилган дастур ва маълумотлар нусхаларини сақлаш;

телекомунникация тармоғи орқали ахборот алмашинувидаги тўлов маълумотларини муҳофазалаш;

маълумотларга ишлов берувчи компьютер ва серверларнинг ахборот муҳофазасини таъминлаш, узлуксиз электр таъминоти манбаи қурилмалари (UPS) билан жиҳозлаш;

қўриқлаш, ёнғиндан огоҳ этиш ва ташвишдан хабар бериш, видеокузатув ҳамда ўт ўчириш тизимларини жорий қилиш;

ахборот тизимлари маълумотлари йиғиладиган ва уларга ишлов бериладиган ҳудудларга (хоналарга) бегона шахсларнинг рухсатсиз (назоратсиз) киришининг олдини олиш, ушбу ҳудудлар видеокузатув тизими орқали назоратга олинган бўлиши ва видеокузатув маълумотларининг сақланишини таъминлаш;

тўлов ва конфиденциал маълумотларнинг электрон нусхалари сақланишида ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

масофадан хизмат кўрсатишда мижозни идентификация, аутентификация ва авторизация қилиш;

телекоммуникация тармоғи орқали ахборот алмашинувида ёки масофадан хизмат кўрсатишда тизимга киришда идентификация ва кўп факторли аутентификация қилиш ҳамда тармоққа киришдаги маълумотларни (сана, вақт, IP манзил ва бошқа идентификация маълумотлари) электрон баённомаларда қайд этиб бориш;

масофадан хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ахборот тизимларидаги ўзгаришлар юзасидан мижозларни ўз вақтида хабардор қилиш;

телекоммуникация тармоқларида тўловларни криптографик усуллар (электрон рақамли имзо ва шифрлаш) билан муҳофазалаш;

нобанк кредит ташкилоти ҳудудида Wi-Fi зоналари ташкил этилса, Wi-Fi тармоғи орқали юзага келиши мумкин бўлган ахборот хатарларининг олдини олиш;

нобанк кредит ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан ахборот алмашинувида ахборот муҳофазасини таъминлаш, ахборот алмашинувини икки томонлама имзоланган тегишли технологик йўриқнома талаблари асосида амалга ошириш;

ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлиги таваккалчиликларини камайтириш чораларини кўриш;

ахборот тизимлари қурилмалари ва дастурларининг иш ҳолатини назорат қилиб бориш;

ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ нохуш ҳодисаларни бартараф этиш режаларини ишлаб чиқиш.

4 1 . Нобанк кредит ташкилотлари томонидан мижозларни идентификация қилиш ва аутентификациядан ўтказиш жараёнида фойдаланиладиган жисмоний шахсларнинг биометрик маълумотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақланиши шарт.

Мижозга тегишли биометрик бўлмаган бошқа турдаги шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон Республикаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунининг 27 1 -моддаси учинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида сақланиши ва уларга ишлов берилиши мумкин.

3-боб. Ахборот хавфсизлигини ташкиллаштириш

5. Нобанк кредит ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ахборот хавфсизлигига масъул ходим тайинлаши лозим.

6. Ахборот хавфсизлигига масъул ходим вазифаларига қуйидагилар киради:

ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг ахборот муҳофазасини ташкил этиш ва таъминлаш;

иш жараёнида ходимларга маълум бўлган конфиденциал ва шахсга доир маълумотларни сир сақлаш мажбурияти ҳамда жавобгарликлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш;

антивирус муҳофазасини ташкил этиш ва унинг назоратини юритиш;

электрон тўлов маълумотларининг нусхалари сақланишини ташкил этиш;

ахборот тизимларига ўзгартиришлар киритилишини назорат қилиш;

фойдаланувчиларнинг ахборот ресурсларида ишлаш ҳуқуқларини ва чегараларини белгилаш;

ахборот тизимларига киришни назорат қилиш;

ахборот тизимларида электрон тўловлар билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш чораларини кўриш;

ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларидан рухсатсиз фойдаланишни чеклаш;

веб-ресурслар (маълумотлар базаси) ва бошқа ахборот ресурсларини ахборот хавфсизлиги хатарларидан сақлаш;

электрон маълумотларнинг рухсатсиз киритилиши, ўзгартирилиши, ўчириб ташланиши, кўчириб олиниши ва фойдаланилиши имкониятини тўлиқ бартараф қилиш;

компьютер ва бошқа ҳисоблаш воситалари носоз ҳолатга келганида, иш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида, тизимнинг захира тикланиш режасини ишлаб чиқиш;

юзага келиши мумкин бўлган ахборот хавфсизлиги нохуш ҳодисаларининг бартараф этилишини таъминлаш;

ахборот хавфсизлиги хатарларини камайтириш ва олдини олиш чораларини кўриш;

конфиденциал ва шахсга доир маълумотлардан қонунга зид равишда фойдаланиш хавфларини бартараф этиш;

ҳисоблаш техникаларига рухсатсиз жисмонан таъсир ўтказишнинг олдини олиш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ички меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

ахборот хавфсизлиги талаблари бажарилишини назорат қилиш.

4-боб. Ахборот муҳофазаси дастурлари ва ускуналари

7. Нобанк кредит ташкилотларининг ахборот муҳофазасини таъминловчи барча ахборот дастурлари лицензияланган бўлиши керак.

8. Нобанк кредит ташкилотларининг ахборот муҳофазаси дастурлари ва ускуналари қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

тармоқ муҳофазасини таъминлаши, шу жумладан, локал ҳисоблаш тармоғига рухсатсиз киришларнинг олдини олиши;

тўловларнинг амалга оширилиши электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши;

тўлов маълумотларини узоқ муддат сақлаши, захиралаш ва қайта тиклашни таъминлаши;

ахборотни шакллантириш, узатиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларга ишлов бериш жараёнларида маълумотларни муҳофазалаши;

ахборот алмашинуви жараёнида ахборотни муҳофаза қилиши;

ахборот тизимларидаги маълумотларнинг конфиденциаллигини таъминлаши;

фойдаланувчиларнинг тизимга кириш ва чиқиш бўйича ҳаракатларини қайд этиши;

фавқулодда ҳолатларда тизимнинг хавфсизлигини ва узилишларсиз фаолиятини таъминлаши.

9. Нобанк кредит ташкилотлари ўзларидаги тўловлар тўғрисидаги маълумотларнинг ҳимоя қилинишида Ўзбекистон Республикасининг «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган талаб ва тартибларга риоя этишлари зарур.

10. Нобанк кредит ташкилотлари содир бўлган нохуш ҳодиса тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига зудлик билан ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши лозим.

5-боб. Якуний қоида

11. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 27 июнь,

15/6-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3260/1079-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон; 29.12.2025 й., 10/25/3260-1/1232-сон; 06.08.2026 й., 10/26/3260-2/0825-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining

Qarori

NIZOM

Mikromoliya tashkilotlari, lombardlar, ipotekani qayta moliyalashtirish tashkilotlari, kafolatlar berish tashkilotlari hamda faktoring tashkilotlarining axborot tizimlarida axborot xavfsizligiga doir minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Mikromoliya tashkilotlari, lombardlar, ipotekani qayta moliyalashtirish tashkilotlari, kafolatlar berish tashkilotlari hamda faktoring tashkilotlarining axborot tizimlarida axborot xavfsizligiga doir minimal talablar toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin .

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2020-yil 27-iyundagi 15/6-son qaroriga ILOVA

Mikromoliya tashkilotlari, lombardlar, ipotekani qayta moliyalashtirish tashkilotlari, kafolatlar berish tashkilotlari hamda faktoring tashkilotlarining axborot tizimlarida axborot xavfsizligiga doir minimal talablar toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom mikromoliya tashkilotlari, lombardlar, ipotekani qayta moliyalashtirish tashkilotlari, kafolatlar berish tashkilotlari hamda faktoring tashkilotlarining (bundan buyon matnda nobank kredit tashkilotlari deb yuritiladi) axborot tizimlarida axborot xavfsizligiga doir minimal talablarni belgilaydi .

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

antivirus himoyasi — antivirus dasturlari yordamida kompyuter viruslari taʼsirining oldini olish, viruslarni topish va zararsizlantirishga qaratilgan chora-tadbirlar majmui;

autentifikatsiya qilish — foydalanuvchi, dastur, qurilma yoki maʼlumotlarning haqiqiyligini tasdiqlash tartib-taomili;

avtorizatsiya qilish — foydalanish hududlari asosida foydalanish imkoniyatini taqdim etish;

axborot tizimi — axborotni toʻplash, saqlash, izlash, unga ishlov berish hamda undan foydalanish imkonini beradigan, tashkiliy jihatdan tartibga solingan jami axborot resurslari, axborot texnologiyalari va aloqa vositalari;

axborot xavfsizligi — axborot munosabatlarining subyektlariga nomaqbul ziyonlarni keltirishi mumkin boʻlgan tabiiy yoki sunʼiy xususiyatli, tasodifiy yoki qasddan qilingan taʼsirlardan axborot va taʼminlab turadigan infratuzilmaning muhofaza qilinganligi;

axborot xavfsizligi noxush hodisasi — axborot xavfsizligining yagona voqeasi yoki bir qator noxush yoxud kutilmagan voqealari boʻlib, ushbu voqealar tufayli axborotning oshkor boʻlishi va axborot xavfsizligiga tahdidlar ehtimoli yuzaga kelishi;

identifikatsiya — foydalanuvchining shaxsini, unga tizim bilan ishlashda huquq va imtiyozlarning maʼlum toʻplamini berish maqsadida, aniqlash;

tarmoqlararo ekran — axborot tizimlariga kelib tushadigan va (yoki) tizimdan chiqib ketadigan axborotning nazorat qilinishini amalga oshiradigan dastur va (yoki) dasturiy vosita;

shaxsga doir maʼlumotlar — muayyan jismoniy shaxsga taalluqli boʻlgan yoki uni identifikatsiya qilish imkonini beradigan, elektron tarzda, qogʻozda va (yoki) boshqa moddiy jismda qayd etilgan axborot.

2. Nobank kredit tashkilotlari mazkur Nizom talablari asosida oʻz faoliyatlarining xususiyatlaridan kelib chiqib, axborot tizimlari va axborot resurslaridagi axborotning xavfsizligini taʼminlashlari hamda axborot xavfsizligi boʻyicha ichki tartib va qoidalarni ishlab chiqishlari lozim.

2-bob. Nobank kredit tashkilotlarining axborot xavfsizligiga doir minimal talablar

3. Nobank kredit tashkilotlari oʻz faoliyatining barqarorligini taʼminlashlari va axborot xavfsizligiga tahdidlarning oldini olishlari uchun axborot tizimlari va axborot resurslaridagi axborotning xavfsizligini taʼminlashlari, yuzaga kelishi mumkin boʻlgan axborot xavfsizligi noxush hodisalarini aniqlashlari, ularning oldini olishlari va noxush hodisalarning yuzaga kelish ehtimolini bartaraf etish choralarini koʻrishlari lozim.

4. Nobank kredit tashkilotlari axborot xavfsizligiga doir quyidagi minimal talablarni bajarishlari lozim:

antivirus dasturi bilan axborot muhofazasini taʼminlash;

amalga oshirilgan toʻlovlarga oid maʼlumotlarni elektron tarzda 5 yil davomida saqlash;

konfidensial va shaxsga doir maʼlumotlardan qonunga zid ravishda foydalanish va maʼlumotlarning noqonuniy oshkor etilishining oldini olish;

texnik nosozliklar vaqtida axborot tizimlarining uzluksiz faoliyatini taʼminlash, shu jumladan, ushbu tizimlarda qoʻllanilgan dastur va maʼlumotlar nusxalarini saqlash;

telekomunnikatsiya tarmogʻi orqali axborot almashinuvidagi toʻlov maʼlumotlarini muhofazalash;

maʼlumotlarga ishlov beruvchi kompyuter va serverlarning axborot muhofazasini taʼminlash, uzluksiz elektr taʼminoti manbai qurilmalari (UPS) bilan jihozlash;

qoʻriqlash, yongʻindan ogoh etish va tashvishdan xabar berish, videokuzatuv hamda oʻt oʻchirish tizimlarini joriy qilish;

axborot tizimlari maʼlumotlari yigʻiladigan va ularga ishlov beriladigan hududlarga (xonalarga) begona shaxslarning ruxsatsiz (nazoratsiz) kirishining oldini olish, ushbu hududlar videokuzatuv tizimi orqali nazoratga olingan boʻlishi va videokuzatuv maʼlumotlarining saqlanishini taʼminlash;

toʻlov va konfidensial maʼlumotlarning elektron nusxalari saqlanishida axborot xavfsizligini taʼminlash;

masofadan xizmat koʻrsatishda mijozni identifikatsiya, autentifikatsiya va avtorizatsiya qilish;

telekommunikatsiya tarmogʻi orqali axborot almashinuvida yoki masofadan xizmat koʻrsatishda tizimga kirishda identifikatsiya va koʻp faktorli autentifikatsiya qilish hamda tarmoqqa kirishdagi maʼlumotlarni (sana, vaqt, IP manzil va boshqa identifikatsiya maʼlumotlari) elektron bayonnomalarda qayd etib borish;

masofadan xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq boʻlgan axborot tizimlaridagi oʻzgarishlar yuzasidan mijozlarni oʻz vaqtida xabardor qilish;

telekommunikatsiya tarmoqlarida toʻlovlarni kriptografik usullar (elektron raqamli imzo va shifrlash) bilan muhofazalash;

nobank kredit tashkiloti hududida Wi-Fi zonalari tashkil etilsa, Wi-Fi tarmogʻi orqali yuzaga kelishi mumkin boʻlgan axborot xatarlarining oldini olish;

nobank kredit tashkilotlarining Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki bilan axborot almashinuvida axborot muhofazasini taʼminlash, axborot almashinuvini ikki tomonlama imzolangan tegishli texnologik yoʻriqnoma talablari asosida amalga oshirish;

axborot tizimlarining axborot xavfsizligi tavakkalchiliklarini kamaytirish choralarini koʻrish;

axborot tizimlari qurilmalari va dasturlarining ish holatini nazorat qilib borish;

axborot xavfsizligi bilan bogʻliq noxush hodisalarni bartaraf etish rejalarini ishlab chiqish.

4 1 . Nobank kredit tashkilotlari tomonidan mijozlarni identifikatsiya qilish va autentifikatsiyadan oʻtkazish jarayonida foydalaniladigan jismoniy shaxslarning biometrik maʼlumotlari Oʻzbekiston Respublikasi hududida saqlanishi shart.

Mijozga tegishli biometrik boʻlmagan boshqa turdagi shaxsga doir maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Qonunining 27 1 -moddasi uchinchi qismiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida saqlanishi va ularga ishlov berilishi mumkin.

3-bob. Axborot xavfsizligini tashkillashtirish

5. Nobank kredit tashkilotlari oʻzlarining axborot tizimlarining axborot xavfsizligini taʼminlash maqsadida axborot xavfsizligiga masʼul xodim tayinlashi lozim.

6. Axborot xavfsizligiga masʼul xodim vazifalariga quyidagilar kiradi:

axborot tizimlari va axborot resurslarining axborot muhofazasini tashkil etish va taʼminlash;

ish jarayonida xodimlarga maʼlum boʻlgan konfidensial va shaxsga doir maʼlumotlarni sir saqlash majburiyati hamda javobgarliklari toʻgʻrisida tushuntirish ishlarini olib borish;

antivirus muhofazasini tashkil etish va uning nazoratini yuritish;

elektron toʻlov maʼlumotlarining nusxalari saqlanishini tashkil etish;

axborot tizimlariga oʻzgartirishlar kiritilishini nazorat qilish;

foydalanuvchilarning axborot resurslarida ishlash huquqlarini va chegaralarini belgilash;

axborot tizimlariga kirishni nazorat qilish;

axborot tizimlarida elektron toʻlovlar bilan bogʻliq noqonuniy xatti-harakatlarning oldini olish choralarini koʻrish;

axborot tizimlari va axborot resurslaridan ruxsatsiz foydalanishni cheklash;

veb-resurslar (maʼlumotlar bazasi) va boshqa axborot resurslarini axborot xavfsizligi xatarlaridan saqlash;

elektron maʼlumotlarning ruxsatsiz kiritilishi, oʻzgartirilishi, oʻchirib tashlanishi, koʻchirib olinishi va foydalanilishi imkoniyatini toʻliq bartaraf qilish;

kompyuter va boshqa hisoblash vositalari nosoz holatga kelganida, ish uzluksizligini taʼminlash maqsadida, tizimning zaxira tiklanish rejasini ishlab chiqish;

yuzaga kelishi mumkin boʻlgan axborot xavfsizligi noxush hodisalarining bartaraf etilishini taʼminlash;

axborot xavfsizligi xatarlarini kamaytirish va oldini olish choralarini koʻrish;

konfidensial va shaxsga doir maʼlumotlardan qonunga zid ravishda foydalanish xavflarini bartaraf etish;

hisoblash texnikalariga ruxsatsiz jismonan taʼsir oʻtkazishning oldini olish;

axborot xavfsizligini taʼminlash yuzasidan ichki meʼyoriy hujjatlarni ishlab chiqish;

axborot xavfsizligi talablari bajarilishini nazorat qilish.

4-bob. Axborot muhofazasi dasturlari va uskunalari

7. Nobank kredit tashkilotlarining axborot muhofazasini taʼminlovchi barcha axborot dasturlari litsenziyalangan boʻlishi kerak.

8. Nobank kredit tashkilotlarining axborot muhofazasi dasturlari va uskunalari quyidagilarni amalga oshirishi lozim:

tarmoq muhofazasini taʼminlashi, shu jumladan, lokal hisoblash tarmogʻiga ruxsatsiz kirishlarning oldini olishi;

toʻlovlarning amalga oshirilishi elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanishi;

toʻlov maʼlumotlarini uzoq muddat saqlashi, zaxiralash va qayta tiklashni taʼminlashi;

axborotni shakllantirish, uzatish, saqlash, ulardan foydalanish va ularga ishlov berish jarayonlarida maʼlumotlarni muhofazalashi;

axborot almashinuvi jarayonida axborotni muhofaza qilishi;

axborot tizimlaridagi maʼlumotlarning konfidensialligini taʼminlashi;

foydalanuvchilarning tizimga kirish va chiqish boʻyicha harakatlarini qayd etishi;

favqulodda holatlarda tizimning xavfsizligini va uzilishlarsiz faoliyatini taʼminlashi.

9. Nobank kredit tashkilotlari oʻzlaridagi toʻlovlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning himoya qilinishida Oʻzbekiston Respublikasining “Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan talab va tartiblarga rioya etishlari zarur.

10. Nobank kredit tashkilotlari sodir boʻlgan noxush hodisa toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga zudlik bilan yozma yoki elektron shaklda xabar berishi lozim.

5-bob. Yakuniy qoida

11. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Markaziy bank raisi M. NURMURATOV

Toshkent sh.,

2020-yil 27-iyun,

15/6-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.06.2020-y., 10/20/3260/1079-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 01.08.2022-y., 10/22/3377/0696-son; 29.12.2025-y., 10/25/3260-1/1232-son; 06.08.2026-y., 10/26/3260-2/0825-son)

lex.uz