📅 2020-yil 28-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 28-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 28 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 июля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 July 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
«Қурол тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек, фуқаровий қурол ва хизмат қуролини, уларнинг ўқ-дориларини, ҳамда тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаш, фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари давлат кадастрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари давлат кадастрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Ўзстандарт» агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаментига ҳамда «Ўзстандарт» агентлиги бош директори Д.Н. Саттаров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 июндаги 455-сон қарорига 1-ИЛОВА
Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаш (кейинги ўринларда — сертификатлаш) тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
талабгор — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни (кейинги ўринларда — қурол ва ўқ-дорилар) сертификатлашни сўраб мурожаат қилувчи, махсус органлар ва ҳарбий қисмлар, юридик шахслар (махсус хизмат вазифалари билан шуғулланувчи, қурол ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи, сотиш фаолияти билан шуғулланувчи, ов ва ўқ отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи, қуролни коллекциялаш ёки кўргазмаси билан шуғулланувчи) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар;
ўқ-дори тури — отиш учун мўлжалланган қурол тури билан тавсифланадиган (силлиқ стволли ўқотар, сойли ўқотар, газли, сигналли ва бошқалар), товар белгиси туширилган, калибр, гилза узунлиги, тури, улоқтириладиган таркибий қисмлари материали, ўқ тури билан тавсифланувчи ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқариладиган ўқ-дори тузилиши;
ўқ-дори турининг модификацияси — ўқ-дори тамғасида фарқли белгисига эга бўлган, тузилишини қатъий ўзгартирмайдиган, бироқ техник талабларга мувофиқлиги ва ишлаш хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўзгаришлар билан тавсифланувчи ўқ-дори тури;
ўқ-дорилар тамғаси — ўқ-дориларнинг идентификациясини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарувчи томонидан ўқ-дорилар ва уларнинг қадоғига туширилган шартли белгилар (ҳарфлар, сўзлар, рақамлар, геометрик шакллар ва ихтиёрий тасвирлар) мажмуи;
ўқ-дорилар тўпи (партияси) — бир хил турдаги порохдан, бир хил массали ўқлар ва сочма ўқлардан ва бир хил моделдаги пистондан фойдаланган ҳолда, битта ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган ва тайёрланган бир хил турдаги ўқ-дорилар;
қурол русуми — аниқ маҳсулотга хос бўлган, аниқ ишлаб чиқарувчи томондан ишлаб чиқариладиган ва тамғага эга бўлган аниқ таркибий қисмлар ва компонентлар (механизмлар) мажмуи билан тавсифланадиган қурол тузилиши;
қурол русумининг модификацияси — қурол тамғасида кўрсатиладиган ажралиб турувчи индексга (ҳарф ва/ёки рақам) ёки калибр белгисига эга бўлган, тузилишини қатъий ўзгартирмайдиган, лекин мустаҳкамлигига, ишлаш хавфсизлигига ва қурол русумининг техник талабларга мувофиқлигига таъсир кўрсатадиган қурол русумининг таркибий қисмлари ва компонентларига ҳар қандай киритилган ўзгартириш, шу жумладан калибр ўзгаришини қўшиш билан тавсифланадиган русум тури;
қурол русумининг бажарилиши (қурол русумининг модификациясини бажарилиши) — мустаҳкамлик, ишлаш хавфсизлиги ва қурол русумини техник талабларга мувофиқлигига таъсир кўрсатмайдиган таркибий қисмларнинг дастлабки тўпламига киритиладиган ўзгартиришлар билан фарқ қилувчи қурол русуми тури. Қурол русуми бажарилишини фарқ қилувчи индекси қурол тамғасига ва (ёки) унга илова қилинадиган ҳужжатга туширилади;
қуроллар тўпи (партияси) — сертификатлаш учун мўлжалланган аниқ вақт интервали давомида бир хил шароитда битта ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган бир номдаги ва бир хил тамғали қурол бирлиги мажмуи.
2-боб. Қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш тартиби
3. Қурол ва ўқ-дориларини сертификатлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, шунингдек, мазкур Низом талаблари асосида амалга оширилади.
Қурол ва ўқ-дорларни сертификатлаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларнинг муомалада хавфсиз бўлишини таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган сертификатлаш органлари (кейинги ўринларда — сертификатлаш органлари) томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш ва ёзма тарзда хабардор қилиш, шунингдек, қурол ва ўқ-дориларнинг тавсифларини техник талабларга мувофиқлигини таҳлил қилиш йўли билан амалга оширилади.
Қурол ва ўқ-дориларини сертификатлаш талабгорнинг сертификатлаштириш органига ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича тақдим этилган аризасига асосан амалга оширилади.
Сертификатланадиган қурол ва ўқ-дориларнинг ҳар бири муайян турдаги қурол ва ўқ-дориларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ тамғага эга бўлиши керак.
4. Сертификатлашда қурол ва ўқ-дориларнинг хусусиятлари текширилади ҳамда қурол ва ўқ-дориларни идентификация қилиш имконини берувчи синов усуллари қўлланилади. Бунда:
қурол русумлари (қурол русумининг модификацияси), ўқ-дори тури (ўқ-дори турининг модификацияси);
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурол ва ўқ-дориларни кўплаб ишлаб чиқариш;
қурол ва ўқ-дориларнинг тўпи (партияси);
қуролнинг ягона намунаси сертификатланади.
5. Қурол русумига расмийлаштирилган мувофиқлик сертификати қурол русумининг бажарилишига қўшимча сертификатлаштириш синовларисиз тааллуқли ҳисобланади. Бунда ишлаб чиқарувчи қурол русумига ўзгартиришлар киритилган вақтдан бошлаб бир ой муддатда қурол русумини сертификатлаган органга тегишли ўзгартиришлар тўғрисида хабар қилиши шарт.
6. Қурол модели ва ўқ-дори турларининг янги намуналари ишлаб чиқилганда, серияли ишлаб чиқарилганда, шунингдек, хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига илк бор олиб кирилганда ишлаш чидамлилиги ва хавфсизлиги ҳамда техник талабларга мувофиқлиги бўйича синов турларини ўз ичига олган ҳолда сертификатлаш ишлари амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва экспортга мўлжалланган қурол ва ўқ-дорилар экспорт қилинаётган давлатнинг талабларига мос келадиган техник шартларга асосан сертификатланганда, уларнинг ишлаши ва хавфсизлиги бўйича синовлар ўтказилади.
Қурол русумини ва ўқ-дори турини сертификатлашда ҳар бир қурол русуми (қурол русумининг модификацияси), ўқ-дори тури (ўқ-дори турининг модификацияси) учун алоҳида мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади.
Қурол русуми (ўқ-дори тури) ва (ёки) унинг модификацияси бир вақтнинг ўзида сертификатлаш учун тақдим этилган тақдирда, битта сертификатни расмийлаштиришга рухсат этилмайди.
Турли ишлаб чиқарувчилар томонидан айнан бир турдаги қурол русуми (қурол руcумининг модификацияси), ўқ-дори тури (ўқ-дори турининг модификацияси) ишлаб чиқарилганда, сертификатлаш ишлари ҳар бир ишлаб чиқарувчи учун алоҳида амалга оширилади.
7. Қурол ва ўқ-дориларнинг серияли ишлаб чиқарилишини сертификатлашда қурол русуми (қурол русумининг модификацияси)ни, ўқ-дори тури (ўқ-дори турининг модификацияси)ни синаш билан бир қаторда, қурол ва ўқ-дориларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларнинг мавжудлик ҳолати ўрганилади.
8. Қуролнинг битта намунасини, қурол ва ўқ-дорилар тўпламини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда, қурол модели ва ўқ-дори турига қараб сертификатлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
мустаҳкамлиги ва фойдаланиш хавфсизлиги бўйича синовларни;
тиббий-биологик ва кимёвий талабларга мувофиқлигини текширишни;
сертификатлаш органларида идентификация қилишни.
Кейинчалик олиб кириш мақсадида совуқ ва улоқтириш қуролларининг тўпини сертификатлашда ушбу қуролларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган техник талабларга мувофиқлиги текширилади.
9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган қурол ҳужжатлари (фойдаланиш йўриқномаси ва паспорти) асл тилдаги нусхаси ва асл тилдаги нусхаси билан бир хил бўлган давлат тилидаги (лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси қўлланган) таржимаси илова қилинган ҳолда тақдим этилади ҳамда ишлаб чиқарувчилари, асосий техник тавсифлари, фойдаланиш қоидалари ва сақлаш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттириш шарт.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган ўқ-дориларни хавфсиз айланмасига тааллуқли бўлган ҳамда ўқ-дориларнинг дастлабки қадоқлаш ёрлиқларига тушириладиган тамғаси ва маълумотлари асл тилдаги нусхаси ва асл тилдаги нусхаси билан бир хил бўлган давлат тилидаги (лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси қўлланган) таржимаси илова қилинган ҳолда тақдим этилади.
10. Сертификатлаш ишлари шартномага асосан тўлов амалга оширилгандан сўнг бажарилади. Сертификатлаш ишлари билан боғлиқ бўлган барча харажатлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг натижаларидан қатъи назар, талабгор томонидан қопланади.
11. Қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш органларини ва синов лабораторияларини аккредитация қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДМ томонидан амалга оширилади.
Синов лабораториялари қурол ва ўқ-дорилар синовларини ўтказади ҳамда сертификатлаш мақсадлари учун синов баённомаларини расмийлаштиради.
12. Қурол ва ўқ-дорилар сертификатлаш органлари томонидан сертификатланади.
Сертификатлаш мақсадида синовлар белгиланган тартибда аккредитация қилинган синов лабораторияларида (марказларида) (кейинги ўринларда — синов лабораториялар) ўтказилади.
13. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги:
қурол ва ўқ-дориларини сертификатлаш ишларини ташкил этади;
қурол ва ўқ-дориларни сертификатлашда тасдиқланадиган кўрсаткичлар номенклатурасини белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан биргаликда Давлат қурол кадастрига киритиладиган қурол ва ўқ-дориларнинг асосий техник хусусиятлари номенклатурасини белгилайди.
14. Сертификатлаш жараёнида келиб чиқадиган низолар икки ҳафта муддат ичида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Шикоятларни қараб чиқиш кенгаши томонидан кўриб чиқилади.
Зарур ҳолларда, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги низоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги вакилларини Шикоятларни қараб чиқиш кенгашига жалб қилиши мумкин.
15. Қурол ва ўқ-дориларни сертификатлашда қўлланиладиган чизмалар текширишлар ҳажмига қараб, сертификатлаш чизмасининг мураккаблиги, маҳсулотнинг хавфсизлик даражасига боғлиқ ҳолда сертификатлаш органлари томонидан белгиланади.
Ҳар бир муайян ҳолатда сертификатлаш органи талабгорнинг таклифини, етказиб бериладиган қурол ва ўқ-дориларнинг ҳажми ва муддатини, синаш усулларини, ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятларини ва унинг барқарорлигининг бузилиш хавфи мавжудлигини, шунингдек, мазкур қурол ва ўқ-дориларнинг потенциал хавфини ҳисобга олган ҳолда сертификатлаш чизмасини танлайди.
16. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш, бир хил қоидалар бўйича ўтказилади.
Қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади:
талабгорнинг сертификатлашга ариза бериши;
сертификатлаш ишларининг бажарилиши юзасидан шартнома расмийлаштириш;
сертификатлаш учун келиб тушган ариза бўйича ишларни бошлаш юзасидан қарор қабул қилиш, шу жумладан сертификатлаш чизмасини белгилаш;
синаш учун намуна танлаш, идентификация қилиш, шунингдек, уларнинг синовларини ўтказиш;
ишлаб чиқариш ҳолатини ўрганиш ёки сифатни бошқариш тизимлари сертификатланганини текшириш (агар сертификатлаш чизмасида назарда тутилган бўлса);
олинган натижаларни таҳлил қилиш ва мувофиқлик сертификатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
мувофиқлик сертификатини бериш;
сертификатланган қурол ва ўқ-дорилар бўйича инспекция назоратини ўтказиш (агар сертификатлаш чизмасида назарда тутилган бўлса);
қурол ва ўқ-дориларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги бузилганда ва мувофиқлик белгиси нотўғри қўлланилганида, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаш;
мувофиқликни баҳолаш натижалари тўғрисида маълумотларни юритиш ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига киритиб бориш.
17. Талабгор томонидан қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш учун берилган аризага қуйидаги қўшимча маълумотлар илова қилинади:
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар учун:
қуролнинг паспорти;
қуролни йиғиш чизмаси (йиғилиш схемаси);
фойдаланиш йўриқномаси;
б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар учун:
қуролнинг паспортининг (фойдаланиш йўриқномасининг) асл тилидаги нусхаси ва асл тилдаги нусхаси билан бир хил бўлган давлат тилидаги (лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси қўлланган) таржимаси;
қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчининг қурол ва ўқ-дорилар сифатини тасдиқловчи ҳужжатларнинг ва сертификатлаш ўтказилган давлатнинг мувофиқлик сертификатларининг асл тилидаги нусхаси ва уни асл тилдаги нусхаси билан бир хил бўлган давлат тилидаги (лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси қўлланган) таржимаси;
қурол ва ўқ-дориларини сотиб олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
битим (шартнома), юкларни кузатиб бориш ҳужжатлари.
18. Қурол ва ўқ-дориларни синаш учун синов лабораториялари мавжуд бўлмаганда, уларни сертификатлаш ишлари ишлаб чиқарувчининг назорат тамғаларини ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида амалга оширилган мувофиқликни баҳолаш натижаларини эътироф этиш йўли билан амалга оширилади.
19. Қурол ва ўқ-дориларни идентификация қилишда ва уларнинг синовлари салбий натижалар берганда, сертификатлаш органи талабгорга мувофиқлик сертификатини беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни қонуний асосларни аниқ кўрсатган ҳолда тақдим этади ва бу ҳақда уч иш кунидан ошмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясини, Ички ишлар вазирлигини, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлигини ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасини хабардор қилади.
20. Мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш муддати сертификатлаш органидан мазкур Низомда назарда тутилган барча зарур ҳужжатлар олинган вақтдан бошлаб уч иш кунидан ошмаслиги керак.
Мувофиқлик сертификати:
чет элдан олиб келинаётган қурол ва ўқ-дорилар тўпламига уларнинг яроқлилик муддатига, яроқлилик муддати бўлмаган қурол ва ўқ-дориларга эса — муддати кўрсатилмасдан;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар тўпламига уларнинг яроқлилик муддатига, яроқлилик муддати бўлмаган қурол ва ўқ-дориларга эса — муддати кўрсатилмасдан берилади.
Ўзбекистон Республикасида қурол ва ўқ-дориларни серияли ишлаб чиқариш учун — уч йил муддатга берилади.
21. Сертификатлашнинг умумий муддати қурол ва ўқ-дорини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларида белгиланган синов усулларига мувофиқ ўтказиладиган синовлар давомийлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
22. Мувофиқлик сертификатига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритишга йўл қўйилмайди.
23. Қурол ва ўқ-дориларга берилган мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатини берган сертификатлаш органлари томонидан амалга оширилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
24. Берилган, тўхтатиб қўйилган, бекор қилинган ва мувофиқлик сертификатини беришда рад этилган мувофиқликни баҳолаш натижалари ҳисоби сертификатлаш органи томонидан юритилади ҳамда ҳар ойда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига тақдим этиб борилади.
25. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, заруратга кўра, сертификатлаш органидан қурол ва ўқ-дориларга расмийлаштирилган мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ҳужжатлар тўпламини талаб қилиши мумкин.
26. Мувофиқлик сертификатида келтирилган маълумотларнинг аниқлиги, белгиланган муддатларни ва сертификатлаш қоидаларининг бузилиши бўйича жавобгарлик сертификатлаш органига юкланади.
27. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Талабгор Фуқаровий қурол ва хизмат қуролини ҳамда уларнинг ўқ-дориларини, шунингдек, тузилиши жиҳатдан қуролга ўхшаш бўлган буюмларни (кейинги ўринларда — қурол ва ўқ-дорилар) сертификатлашга ариза тақдим этади. зарурат бўлганда 2-босқич Сертификатлаш органи Аризани кўриб чиқиб, сертификатлаш ишларини ўтказиш бўйича қарор қабул қилади ёки талабгорга асослантирилган рад жавобини беради. 2 иш куни давомида 3-босқич Сертификатлаш органи Синов ва сертификатлаш ишларини ўтказиш бўйича шартнома расмийлаштиради. қарор қабул қилинган кунда 4-босқич Талабгор Синов ва сертификатлаш ишларини ўтказиш учун расмийлаштирилган шартнома бўйича тўловларни амалга оширади. шартномада белгиланган муддатларда 5-босқич Сертификатлаш органи Қурол ва ўқ-дориларидан намуна танлайди, идентификация қилади ва синов лабораториясига топширади. тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 2 иш куни давомида 6-босқич Сертификатлаш органи Ишлаб чиқариш шароитларини ўрганади. зарурат бўлганда 7-босқич Синов лабораторияси Қурол ва ўқ-дориларининг синовларини ўтказади. техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган муддатларда 8-босқич Сертификатлаш органи Ҳужжатлар тўпламини таҳлил қилади, сертификатлаштириш бўйича тегишли қарор қабул қилади ва мувофиқлик сертификатини расмийлаштиради ёки асосланган рад жавобини беради. 3 иш куни давомида
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 июндаги 455-сон қарорига 2-ИЛОВА
Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари давлат кадастрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилаш тўғрисида
1-боб. Асосий қоидалар
1. Мазкур Низом фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари давлат кадастрини (кейинги ўринларда — Қурол кадастри) шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.
2. Қурол кадастрининг объекти — сертификатлашнинг ижобий натижаларига эга бўлган фуқаровий қурол ва хизмат қуроли (кейинги ўринларда — қурол) ҳамда уларнинг ўқ-дорилари ҳисобланади.
Қурол кадастрига тиғли совуқ қурол ва улоқтириш қуроли тўғрисидаги, ягона нусхалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиладиган қурол ҳақидаги маълумотлар киритилмайди.
Қурол ва унинг ўқ-дорилари тўғрисидаги маълумотлар Қурол кадастрига киритилганлиги учун талабгордан тўлов ундирилмайди.
2-боб. Қурол кадастрини юритиш ва нашр этиш тартиби
3. Қурол кадастри Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан электрон тарзда ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда ҳамда 2-иловага мувофиқ схема бўйича юритилади.
4. Қурол кадастри қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
хизмат қуроли ва унинг ўқ-дорилари;
фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дорилари;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган қурол ва ўқ-дорилар;
экспорт учун ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар;
технологик мақсадларда (синовлар, текширувлар ёки қурол ишлаб чиқариш жараёнида) ишлатиш учун ўқ-дорилар.
5. Қурол кадастрига қурол ва ўқ-дорилар тўғрисида қуйидаги маълумотлар киритилади:
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар учун:
қурол (ўқ-дорилар) русумининг номи ва белгиланиши ҳамда уларга ишлатиладиган ўқ-дорилар (қурол) калибри;
қурол ва ўқ-дориларнинг асосий техник тавсифлари;
ишлаб чиқувчи (лойиҳалаштирувчи) ва ишлаб чиқарувчининг номи;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат белгиси;
намунанинг рангли сурати;
расмийлаштирилган мувофиқлик сертификати тўғрисидаги маълумот.
б) Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар учун:
қурол (ўқ-дорилар) русумининг номи ва белгиланиши ҳамда уларга ишлатиладиган ўқ-дорилар (қурол) калибри;
қурол ва ўқ-дориларнинг асосий техник тавсифлари;
қурол ва ўқ-дориларни ишлаб чиқарувчи ташкилот ва мамлакат номи;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат белгиси;
намунанинг рангли сурати;
расмийлаштирилган мувофиқлик сертификати тўғрисида маълумот.
Қурол кадастрига киритиладиган қурол ва ўқ-дориларнинг асосий техник тавсифлари номенклатураси техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.
6. Қурол ва ўқ-дорилар тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунлари бўйича кейинги ойнинг биринчи ўн кунлигида Қурол кадастрига киритилади.
Қурол ва ўқ-дориларнинг мувофиқлигини баҳолаш учун техник талаблар, тамғалаш, қадоқлаш қоидалари ва синов усуллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.
7. Аккредитация қилинган сертификатлаш органи томонидан сертификатланган қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш натижалари бўйича қурол русумига (ўқ-дори тури) тааллуқли ҳужжатлар юритилади ва доимий равишда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5 санасига қадар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига маълумот киритиб борилади.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги чоракда бир марта Қурол кадастрига Ўзбекистон Республикасида янги қурол русумларини ишлаб чиқариш ёки олиб кириш бўйича тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб боради. Киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
Маълумотлар мазкур Низомнинг 4-бандига асосан Қурол кадастрига киритилади ва қурол русумига (ўқ-дори турига) рўйхатга олиш рақами берилади.
8. Қурол русуми (ўқ-дори тури)нинг Ўзбекистон Республикасида ҳудудида муомалага чиқарилиши тақиқланган тақдирда, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Қурол кадастрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Қурол қадастридан чиқарилган қурол русумларининг (ўқ-дори турлари) рўйхатга олиш рақамлари иккиламчи қўлланилмайди.
9. Қурол кадастри Давлат кадастрлари ягона тизими таркибига киради ва ҳар чоракда бир марта Давлат кадастрлари ягона тизимига кадастр маълумотлари тақдим этилади.
3-боб. Якуновчи қоидалар
10. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Қурол кадастрида келтирилган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгар ҳисобланади.
11. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари давлат кадастрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилаш тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Фуқаровий қурол ва хизмат қуроллари ва ўқ-дорилар давлат кадастри
Рўйхатга олиш рақами Русум номи Русум белгиси Калибр Асосий техник тавсифлари Ишлаб чиқувчи (лойиҳалаштирувчи), ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарилган мамлакат номлари Ишлаб чиқарилган давлат Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжат белгиси Намунанинг рангли сурати Бошқа маълумотлар Хизмат қуроли ва унинг ўқ-дорилари 1. 2. 3. ... Фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дорилари 1. 2. 3. ... Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган фуқаровий қурол ва ўқ-дорилар 1. 2. 3. ... Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган қурол ва ўқ-дорилар 1. 2. 3. ... Экспорт учун ишлаб чиқарилган қуроллар ва ўқ-дорилар 1. 2. 3. ... Технологик мақсадларда (синовлар, текширувлар ёки қурол ишлаб чиқариш жараёнида) ишлатиш учун ўқ-дорилар 1. 2. 3. ...
Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари давлат кадастрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилаш тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари давлат кадастрини шакллантириш ва юритиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Сертификатлаш органи Сертификатланган қурол ва ўқ-дориларни сертификатлаш натижалари бўйича қурол русумига (ўқ-дори тури) тааллуқли ҳужжатларни электрон шаклда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига тақдим этади . ҳар ойда, кейинги ойнинг 5 санасига қадар 2-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Сертификатлашнинг ижобий натижаларига эга бўлган фуқаровий қурол ва хизмат қуроли ҳамда уларнинг ўқ-дорилари тўғрисида маълумотларни Қурол кадастрига киритади. ҳар чоракда бир марта 3-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Давлат кадастрлари ягона тизимига кадастр маълумотларини тақдим этади. ҳар чоракда бир марта
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 28 июль,
455-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NIZOM
SXEMASI
Fuqaroviy qurol va xizmat quroli sohasidagi ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida
“Qurol toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq, shuningdek, fuqaroviy qurol va xizmat qurolini, ularning oʻq-dorilarini, hamda tuzilishi jihatdan qurolga oʻxshash boʻlgan buyumlarni sertifikatlash, fuqaroviy qurol va xizmat quroli hamda ularning oʻq-dorilari davlat kadastrini shakllantirish va yuritish tartibini belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Fuqaroviy qurol va xizmat qurolini hamda ularning oʻq-dorilarini, shuningdek, tuzilishi jihatdan qurolga oʻxshash boʻlgan buyumlarni sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Fuqaroviy qurol va xizmat quroli hamda ularning oʻq-dorilari davlat kadastrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. “Oʻzstandart” agentligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Sanoat va uning bazaviy tarmoqlarini hamda kooperatsiya aloqalarini rivojlantirish masalalari departamentiga hamda “Oʻzstandart” agentligi bosh direktori D.N. Sattarov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 28-iyundagi 455-son qaroriga 1-ILOVA
Fuqaroviy qurol va xizmat qurolini hamda ularning oʻq-dorilarini, shuningdek, tuzilishi jihatdan qurolga oʻxshash boʻlgan buyumlarni sertifikatlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom fuqaroviy qurol va xizmat qurolini hamda ularning oʻq-dorilarini, shuningdek, tuzilishi jihatdan qurolga oʻxshash boʻlgan buyumlarni sertifikatlash (keyingi oʻrinlarda — sertifikatlash) tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
talabgor — Oʻzbekiston Respublikasi hududida ishlab chiqariladigan, Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kiriladigan fuqaroviy qurol va xizmat qurolini hamda ularning oʻq-dorilarini, shuningdek, tuzilishi jihatdan qurolga oʻxshash boʻlgan buyumlarni (keyingi oʻrinlarda — qurol va oʻq-dorilar) sertifikatlashni soʻrab murojaat qiluvchi, maxsus organlar va harbiy qismlar, yuridik shaxslar (maxsus xizmat vazifalari bilan shugʻullanuvchi, qurol ishlab chiqarish faoliyati bilan shugʻullanuvchi, sotish faoliyati bilan shugʻullanuvchi, ov va oʻq otish sporti sohasidagi faoliyat bilan shugʻullanuvchi, qurolni kolleksiyalash yoki koʻrgazmasi bilan shugʻullanuvchi) Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, xorijiy davlatlar fuqarolari, Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslar;
oʻq-dori turi — otish uchun moʻljallangan qurol turi bilan tavsiflanadigan (silliq stvolli oʻqotar, soyli oʻqotar, gazli, signalli va boshqalar), tovar belgisi tushirilgan, kalibr, gilza uzunligi, turi, uloqtiriladigan tarkibiy qismlari materiali, oʻq turi bilan tavsiflanuvchi ishlab chiqaruvchi tomonidan ishlab chiqariladigan oʻq-dori tuzilishi;
oʻq-dori turining modifikatsiyasi — oʻq-dori tamgʻasida farqli belgisiga ega boʻlgan, tuzilishini qatʼiy oʻzgartirmaydigan, biroq texnik talablarga muvofiqligi va ishlash xavfsizligiga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan oʻzgarishlar bilan tavsiflanuvchi oʻq-dori turi;
oʻq-dorilar tamgʻasi — oʻq-dorilarning identifikatsiyasini taʼminlash maqsadida ishlab chiqaruvchi tomonidan oʻq-dorilar va ularning qadogʻiga tushirilgan shartli belgilar (harflar, soʻzlar, raqamlar, geometrik shakllar va ixtiyoriy tasvirlar) majmui;
oʻq-dorilar toʻpi (partiyasi) — bir xil turdagi poroxdan, bir xil massali oʻqlar va sochma oʻqlardan va bir xil modeldagi pistondan foydalangan holda, bitta ishlab chiqaruvchi tomonidan ishlab chiqarilgan va tayyorlangan bir xil turdagi oʻq-dorilar;
qurol rusumi — aniq mahsulotga xos boʻlgan, aniq ishlab chiqaruvchi tomondan ishlab chiqariladigan va tamgʻaga ega boʻlgan aniq tarkibiy qismlar va komponentlar (mexanizmlar) majmui bilan tavsiflanadigan qurol tuzilishi;
qurol rusumining modifikatsiyasi — qurol tamgʻasida koʻrsatiladigan ajralib turuvchi indeksga (harf va/yoki raqam) yoki kalibr belgisiga ega boʻlgan, tuzilishini qatʼiy oʻzgartirmaydigan, lekin mustahkamligiga, ishlash xavfsizligiga va qurol rusumining texnik talablarga muvofiqligiga taʼsir koʻrsatadigan qurol rusumining tarkibiy qismlari va komponentlariga har qanday kiritilgan oʻzgartirish, shu jumladan kalibr oʻzgarishini qoʻshish bilan tavsiflanadigan rusum turi;
qurol rusumining bajarilishi (qurol rusumining modifikatsiyasini bajarilishi) — mustahkamlik, ishlash xavfsizligi va qurol rusumini texnik talablarga muvofiqligiga taʼsir koʻrsatmaydigan tarkibiy qismlarning dastlabki toʻplamiga kiritiladigan oʻzgartirishlar bilan farq qiluvchi qurol rusumi turi. Qurol rusumi bajarilishini farq qiluvchi indeksi qurol tamgʻasiga va (yoki) unga ilova qilinadigan hujjatga tushiriladi;
qurollar toʻpi (partiyasi) — sertifikatlash uchun moʻljallangan aniq vaqt intervali davomida bir xil sharoitda bitta ishlab chiqaruvchi tomonidan ishlab chiqarilgan bir nomdagi va bir xil tamgʻali qurol birligi majmui.
2-bob. Qurol va oʻq-dorilarni sertifikatlash tartibi
3. Qurol va oʻq-dorilarini sertifikatlash Vazirlar Mahkamasining 2004-yil 6-iyuldagi 318-son qarori bilan tasdiqlangan Mahsulotlarni sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq, shuningdek, mazkur Nizom talablari asosida amalga oshiriladi.
Qurol va oʻq-dorlarni sertifikatlash Oʻzbekiston Respublikasi hududida ularning muomalada xavfsiz boʻlishini taʼminlash maqsadida belgilangan tartibda akkreditatsiyadan oʻtgan sertifikatlash organlari (keyingi oʻrinlarda — sertifikatlash organlari) tomonidan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini tasdiqlash va yozma tarzda xabardor qilish, shuningdek, qurol va oʻq-dorilarning tavsiflarini texnik talablarga muvofiqligini tahlil qilish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
Qurol va oʻq-dorilarini sertifikatlash talabgorning sertifikatlashtirish organiga ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha taqdim etilgan arizasiga asosan amalga oshiriladi.
Sertifikatlanadigan qurol va oʻq-dorilarning har biri muayyan turdagi qurol va oʻq-dorilarga taalluqli texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq tamgʻaga ega boʻlishi kerak.
4. Sertifikatlashda qurol va oʻq-dorilarning xususiyatlari tekshiriladi hamda qurol va oʻq-dorilarni identifikatsiya qilish imkonini beruvchi sinov usullari qoʻllaniladi. Bunda:
qurol rusumlari (qurol rusumining modifikatsiyasi), oʻq-dori turi (oʻq-dori turining modifikatsiyasi);
Oʻzbekiston Respublikasi hududida qurol va oʻq-dorilarni koʻplab ishlab chiqarish;
qurol va oʻq-dorilarning toʻpi (partiyasi);
qurolning yagona namunasi sertifikatlanadi.
5. Qurol rusumiga rasmiylashtirilgan muvofiqlik sertifikati qurol rusumining bajarilishiga qoʻshimcha sertifikatlashtirish sinovlarisiz taalluqli hisoblanadi. Bunda ishlab chiqaruvchi qurol rusumiga oʻzgartirishlar kiritilgan vaqtdan boshlab bir oy muddatda qurol rusumini sertifikatlagan organga tegishli oʻzgartirishlar toʻgʻrisida xabar qilishi shart.
6. Qurol modeli va oʻq-dori turlarining yangi namunalari ishlab chiqilganda, seriyali ishlab chiqarilganda, shuningdek, xorijiy davlatlarda ishlab chiqarilgan qurol va oʻq-dorilar Oʻzbekiston Respublikasi hududiga ilk bor olib kirilganda ishlash chidamliligi va xavfsizligi hamda texnik talablarga muvofiqligi boʻyicha sinov turlarini oʻz ichiga olgan holda sertifikatlash ishlari amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilgan va eksportga moʻljallangan qurol va oʻq-dorilar eksport qilinayotgan davlatning talablariga mos keladigan texnik shartlarga asosan sertifikatlanganda, ularning ishlashi va xavfsizligi boʻyicha sinovlar oʻtkaziladi.
Qurol rusumini va oʻq-dori turini sertifikatlashda har bir qurol rusumi (qurol rusumining modifikatsiyasi), oʻq-dori turi (oʻq-dori turining modifikatsiyasi) uchun alohida muvofiqlik sertifikati rasmiylashtiriladi.
Qurol rusumi (oʻq-dori turi) va (yoki) uning modifikatsiyasi bir vaqtning oʻzida sertifikatlash uchun taqdim etilgan taqdirda, bitta sertifikatni rasmiylashtirishga ruxsat etilmaydi.
Turli ishlab chiqaruvchilar tomonidan aynan bir turdagi qurol rusumi (qurol rucumining modifikatsiyasi), oʻq-dori turi (oʻq-dori turining modifikatsiyasi) ishlab chiqarilganda, sertifikatlash ishlari har bir ishlab chiqaruvchi uchun alohida amalga oshiriladi.
7. Qurol va oʻq-dorilarning seriyali ishlab chiqarilishini sertifikatlashda qurol rusumi (qurol rusumining modifikatsiyasi)ni, oʻq-dori turi (oʻq-dori turining modifikatsiyasi)ni sinash bilan bir qatorda, qurol va oʻq-dorilarni ishlab chiqarish uchun shart-sharoitlarning mavjudlik holati oʻrganiladi.
8. Qurolning bitta namunasini, qurol va oʻq-dorilar toʻplamini Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirishda, qurol modeli va oʻq-dori turiga qarab sertifikatlash quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
mustahkamligi va foydalanish xavfsizligi boʻyicha sinovlarni;
tibbiy-biologik va kimyoviy talablarga muvofiqligini tekshirishni;
sertifikatlash organlarida identifikatsiya qilishni.
Keyinchalik olib kirish maqsadida sovuq va uloqtirish qurollarining toʻpini sertifikatlashda ushbu qurollarning texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan texnik talablarga muvofiqligi tekshiriladi.
9. Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida ishlab chiqarilgan va Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilgan qurol hujjatlari (foydalanish yoʻriqnomasi va pasporti) asl tildagi nusxasi va asl tildagi nusxasi bilan bir xil boʻlgan davlat tilidagi (lotin grafikasiga asoslangan oʻzbek alifbosi qoʻllangan) tarjimasi ilova qilingan holda taqdim etiladi hamda ishlab chiqaruvchilari, asosiy texnik tavsiflari, foydalanish qoidalari va saqlash muddatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻzida aks ettirish shart.
Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida ishlab chiqarilgan va Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilgan oʻq-dorilarni xavfsiz aylanmasiga taalluqli boʻlgan hamda oʻq-dorilarning dastlabki qadoqlash yorliqlariga tushiriladigan tamgʻasi va maʼlumotlari asl tildagi nusxasi va asl tildagi nusxasi bilan bir xil boʻlgan davlat tilidagi (lotin grafikasiga asoslangan oʻzbek alifbosi qoʻllangan) tarjimasi ilova qilingan holda taqdim etiladi.
10. Sertifikatlash ishlari shartnomaga asosan toʻlov amalga oshirilgandan soʻng bajariladi. Sertifikatlash ishlari bilan bogʻliq boʻlgan barcha xarajatlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ularning natijalaridan qatʼi nazar, talabgor tomonidan qoplanadi.
11. Qurol va oʻq-dorilarni sertifikatlash organlarini va sinov laboratoriyalarini akkreditatsiya qilish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda “Oʻzbekiston akkreditatsiya markazi” DM tomonidan amalga oshiriladi.
Sinov laboratoriyalari qurol va oʻq-dorilar sinovlarini oʻtkazadi hamda sertifikatlash maqsadlari uchun sinov bayonnomalarini rasmiylashtiradi.
12. Qurol va oʻq-dorilar sertifikatlash organlari tomonidan sertifikatlanadi.
Sertifikatlash maqsadida sinovlar belgilangan tartibda akkreditatsiya qilingan sinov laboratoriyalarida (markazlarida) (keyingi oʻrinlarda — sinov laboratoriyalar) oʻtkaziladi.
13. Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi:
qurol va oʻq-dorilarini sertifikatlash ishlarini tashkil etadi;
qurol va oʻq-dorilarni sertifikatlashda tasdiqlanadigan koʻrsatkichlar nomenklaturasini belgilaydi;
Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi bilan birgalikda Davlat qurol kadastriga kiritiladigan qurol va oʻq-dorilarning asosiy texnik xususiyatlari nomenklaturasini belgilaydi.
14. Sertifikatlash jarayonida kelib chiqadigan nizolar ikki hafta muddat ichida Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining Shikoyatlarni qarab chiqish kengashi tomonidan koʻrib chiqiladi.
Zarur hollarda, Oʻzbekiston standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish agentligi nizolarni hal etish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi va Ichki ishlar vazirligi vakillarini Shikoyatlarni qarab chiqish kengashiga jalb qilishi mumkin.
15. Qurol va oʻq-dorilarni sertifikatlashda qoʻllaniladigan chizmalar tekshirishlar hajmiga qarab, sertifikatlash chizmasining murakkabligi, mahsulotning xavfsizlik darajasiga bogʻliq holda sertifikatlash organlari tomonidan belgilanadi.
Har bir muayyan holatda sertifikatlash organi talabgorning taklifini, yetkazib beriladigan qurol va oʻq-dorilarning hajmi va muddatini, sinash usullarini, ishlab chiqarishning oʻziga xos xususiyatlarini va uning barqarorligining buzilish xavfi mavjudligini, shuningdek, mazkur qurol va oʻq-dorilarning potensial xavfini hisobga olgan holda sertifikatlash chizmasini tanlaydi.
16. Oʻzbekiston Respublikasi hududida ishlab chiqariladigan hamda Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kiriladigan qurol va oʻq-dorilarni sertifikatlash, bir xil qoidalar boʻyicha oʻtkaziladi.
Qurol va oʻq-dorilarni sertifikatlash quyidagi jarayonlarni oʻz ichiga oladi:
talabgorning sertifikatlashga ariza berishi;
sertifikatlash ishlarining bajarilishi yuzasidan shartnoma rasmiylashtirish;
sertifikatlash uchun kelib tushgan ariza boʻyicha ishlarni boshlash yuzasidan qaror qabul qilish, shu jumladan sertifikatlash chizmasini belgilash;
sinash uchun namuna tanlash, identifikatsiya qilish, shuningdek, ularning sinovlarini oʻtkazish;
ishlab chiqarish holatini oʻrganish yoki sifatni boshqarish tizimlari sertifikatlanganini tekshirish (agar sertifikatlash chizmasida nazarda tutilgan boʻlsa);
olingan natijalarni tahlil qilish va muvofiqlik sertifikatini berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;
muvofiqlik sertifikatini berish;
sertifikatlangan qurol va oʻq-dorilar boʻyicha inspeksiya nazoratini oʻtkazish (agar sertifikatlash chizmasida nazarda tutilgan boʻlsa);
qurol va oʻq-dorilarning belgilangan talablarga muvofiqligi buzilganda va muvofiqlik belgisi notoʻgʻri qoʻllanilganida, ularni bartaraf etish chora-tadbirlarini belgilash;
muvofiqlikni baholash natijalari toʻgʻrisida maʼlumotlarni yuritish va Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligiga kiritib borish.
17. Talabgor tomonidan qurol va oʻq-dorilarni sertifikatlash uchun berilgan arizaga quyidagi qoʻshimcha maʼlumotlar ilova qilinadi:
a) Oʻzbekiston Respublikasi hududida ishlab chiqarilgan qurol va oʻq-dorilar uchun:
qurolning pasporti;
qurolni yigʻish chizmasi (yigʻilish sxemasi);
foydalanish yoʻriqnomasi;
b) Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida ishlab chiqarilgan qurol va oʻq-dorilar uchun:
qurolning pasportining (foydalanish yoʻriqnomasining) asl tilidagi nusxasi va asl tildagi nusxasi bilan bir xil boʻlgan davlat tilidagi (lotin grafikasiga asoslangan oʻzbek alifbosi qoʻllangan) tarjimasi;
qurol va oʻq-dorilar ishlab chiqaruvchining qurol va oʻq-dorilar sifatini tasdiqlovchi hujjatlarning va sertifikatlash oʻtkazilgan davlatning muvofiqlik sertifikatlarining asl tilidagi nusxasi va uni asl tildagi nusxasi bilan bir xil boʻlgan davlat tilidagi (lotin grafikasiga asoslangan oʻzbek alifbosi qoʻllangan) tarjimasi;
qurol va oʻq-dorilarini sotib olish huquqini tasdiqlovchi hujjatlar;
bitim (shartnoma), yuklarni kuzatib borish hujjatlari.
18. Qurol va oʻq-dorilarni sinash uchun sinov laboratoriyalari mavjud boʻlmaganda, ularni sertifikatlash ishlari ishlab chiqaruvchining nazorat tamgʻalarini va Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida amalga oshirilgan muvofiqlikni baholash natijalarini eʼtirof etish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
19. Qurol va oʻq-dorilarni identifikatsiya qilishda va ularning sinovlari salbiy natijalar berganda, sertifikatlash organi talabgorga muvofiqlik sertifikatini berishni rad etish toʻgʻrisidagi qarorni qonuniy asoslarni aniq koʻrsatgan holda taqdim etadi va bu haqda uch ish kunidan oshmagan muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasini, Ichki ishlar vazirligini, Mudofaa vazirligi huzuridagi Mudofaa sanoati agentligini va Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasini xabardor qiladi.
20. Muvofiqlik sertifikatini rasmiylashtirish va berish muddati sertifikatlash organidan mazkur Nizomda nazarda tutilgan barcha zarur hujjatlar olingan vaqtdan boshlab uch ish kunidan oshmasligi kerak.
Muvofiqlik sertifikati:
chet eldan olib kelinayotgan qurol va oʻq-dorilar toʻplamiga ularning yaroqlilik muddatiga, yaroqlilik muddati boʻlmagan qurol va oʻq-dorilarga esa — muddati koʻrsatilmasdan;
Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilgan qurol va oʻq-dorilar toʻplamiga ularning yaroqlilik muddatiga, yaroqlilik muddati boʻlmagan qurol va oʻq-dorilarga esa — muddati koʻrsatilmasdan beriladi.
Oʻzbekiston Respublikasida qurol va oʻq-dorilarni seriyali ishlab chiqarish uchun — uch yil muddatga beriladi.
21. Sertifikatlashning umumiy muddati qurol va oʻq-dorini texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarida belgilangan sinov usullariga muvofiq oʻtkaziladigan sinovlar davomiyligidan kelib chiqqan holda belgilanadi.
22. Muvofiqlik sertifikatiga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimcha kiritishga yoʻl qoʻyilmaydi.
23. Qurol va oʻq-dorilarga berilgan muvofiqlik sertifikatining amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish, bekor qilish Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda muvofiqlik sertifikatini bergan sertifikatlash organlari tomonidan amalga oshiriladi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
24. Berilgan, toʻxtatib qoʻyilgan, bekor qilingan va muvofiqlik sertifikatini berishda rad etilgan muvofiqlikni baholash natijalari hisobi sertifikatlash organi tomonidan yuritiladi hamda har oyda Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligiga taqdim etib boriladi.
25. Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, zaruratga koʻra, sertifikatlash organidan qurol va oʻq-dorilarga rasmiylashtirilgan muvofiqlikni baholash natijalari boʻyicha hujjatlar toʻplamini talab qilishi mumkin.
26. Muvofiqlik sertifikatida keltirilgan maʼlumotlarning aniqligi, belgilangan muddatlarni va sertifikatlash qoidalarining buzilishi boʻyicha javobgarlik sertifikatlash organiga yuklanadi.
27. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Fuqaroviy qurol va xizmat qurolini hamda ularning oʻq-dorilarini, shuningdek, tuzilishi jihatdan qurolga oʻxshash boʻlgan buyumlarni sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Fuqaroviy qurol va xizmat qurolini hamda ularning oʻq-dorilarini, shuningdek, tuzilishi jihatdan qurolga oʻxshash boʻlgan buyumlarni sertifikatlash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Talabgor Fuqaroviy qurol va xizmat qurolini hamda ularning oʻq-dorilarini, shuningdek, tuzilishi jihatdan qurolga oʻxshash boʻlgan buyumlarni (keyingi oʻrinlarda — qurol va oʻq-dorilar) sertifikatlashga ariza taqdim etadi. zarurat boʻlganda 2-bosqich Sertifikatlash organi Arizani koʻrib chiqib, sertifikatlash ishlarini oʻtkazish boʻyicha qaror qabul qiladi yoki talabgorga asoslantirilgan rad javobini beradi. 2 ish kuni davomida 3-bosqich Sertifikatlash organi Sinov va sertifikatlash ishlarini oʻtkazish boʻyicha shartnoma rasmiylashtiradi. qaror qabul qilingan kunda 4-bosqich Talabgor Sinov va sertifikatlash ishlarini oʻtkazish uchun rasmiylashtirilgan shartnoma boʻyicha toʻlovlarni amalga oshiradi. shartnomada belgilangan muddatlarda 5-bosqich Sertifikatlash organi Qurol va oʻq-dorilaridan namuna tanlaydi, identifikatsiya qiladi va sinov laboratoriyasiga topshiradi. toʻlov amalga oshirilgan kundan boshlab 2 ish kuni davomida 6-bosqich Sertifikatlash organi Ishlab chiqarish sharoitlarini oʻrganadi. zarurat boʻlganda 7-bosqich Sinov laboratoriyasi Qurol va oʻq-dorilarining sinovlarini oʻtkazadi. texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan muddatlarda 8-bosqich Sertifikatlash organi Hujjatlar toʻplamini tahlil qiladi, sertifikatlashtirish boʻyicha tegishli qaror qabul qiladi va muvofiqlik sertifikatini rasmiylashtiradi yoki asoslangan rad javobini beradi. 3 ish kuni davomida
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 28-iyundagi 455-son qaroriga 2-ILOVA
Fuqaroviy qurol va xizmat quroli hamda ularning oʻq-dorilari davlat kadastrini shakllantirish va yuritish tartibini belgilash toʻgʻrisida
1-bob. Asosiy qoidalar
1. Mazkur Nizom fuqaroviy qurol va xizmat quroli hamda ularning oʻq-dorilari davlat kadastrini (keyingi oʻrinlarda — Qurol kadastri) shakllantirish va yuritish tartibini belgilaydi.
2. Qurol kadastrining obyekti — sertifikatlashning ijobiy natijalariga ega boʻlgan fuqaroviy qurol va xizmat quroli (keyingi oʻrinlarda — qurol) hamda ularning oʻq-dorilari hisoblanadi.
Qurol kadastriga tigʻli sovuq qurol va uloqtirish quroli toʻgʻrisidagi, yagona nusxalari Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kiriladigan yoki Oʻzbekiston Respublikasi hududidan olib chiqiladigan qurol haqidagi maʼlumotlar kiritilmaydi.
Qurol va uning oʻq-dorilari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Qurol kadastriga kiritilganligi uchun talabgordan toʻlov undirilmaydi.
2-bob. Qurol kadastrini yuritish va nashr etish tartibi
3. Qurol kadastri Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi tomonidan elektron tarzda ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq shaklda hamda 2-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha yuritiladi.
4. Qurol kadastri quyidagi boʻlimlarni oʻz ichiga oladi:
xizmat quroli va uning oʻq-dorilari;
fuqaroviy qurol va uning oʻq-dorilari;
Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilgan qurol va oʻq-dorilar;
Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilgan qurol va oʻq-dorilar;
eksport uchun ishlab chiqarilgan qurol va oʻq-dorilar;
texnologik maqsadlarda (sinovlar, tekshiruvlar yoki qurol ishlab chiqarish jarayonida) ishlatish uchun oʻq-dorilar.
5. Qurol kadastriga qurol va oʻq-dorilar toʻgʻrisida quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:
a) Oʻzbekiston Respublikasi hududida ishlab chiqarilgan qurol va oʻq-dorilar uchun:
qurol (oʻq-dorilar) rusumining nomi va belgilanishi hamda ularga ishlatiladigan oʻq-dorilar (qurol) kalibri;
qurol va oʻq-dorilarning asosiy texnik tavsiflari;
ishlab chiquvchi (loyihalashtiruvchi) va ishlab chiqaruvchining nomi;
texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjat belgisi;
namunaning rangli surati;
rasmiylashtirilgan muvofiqlik sertifikati toʻgʻrisidagi maʼlumot.
b) Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida ishlab chiqarilgan qurol va oʻq-dorilar uchun:
qurol (oʻq-dorilar) rusumining nomi va belgilanishi hamda ularga ishlatiladigan oʻq-dorilar (qurol) kalibri;
qurol va oʻq-dorilarning asosiy texnik tavsiflari;
qurol va oʻq-dorilarni ishlab chiqaruvchi tashkilot va mamlakat nomi;
texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjat belgisi;
namunaning rangli surati;
rasmiylashtirilgan muvofiqlik sertifikati toʻgʻrisida maʼlumot.
Qurol kadastriga kiritiladigan qurol va oʻq-dorilarning asosiy texnik tavsiflari nomenklaturasi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilanadi.
6. Qurol va oʻq-dorilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar har chorak yakunlari boʻyicha keyingi oyning birinchi oʻn kunligida Qurol kadastriga kiritiladi.
Qurol va oʻq-dorilarning muvofiqligini baholash uchun texnik talablar, tamgʻalash, qadoqlash qoidalari va sinov usullari texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilanadi.
7. Akkreditatsiya qilingan sertifikatlash organi tomonidan sertifikatlangan qurol va oʻq-dorilarni sertifikatlash natijalari boʻyicha qurol rusumiga (oʻq-dori turi) taalluqli hujjatlar yuritiladi va doimiy ravishda hisobot oyidan keyingi oyning 5 sanasiga qadar Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligiga maʼlumot kiritib boriladi.
Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi chorakda bir marta Qurol kadastriga Oʻzbekiston Respublikasida yangi qurol rusumlarini ishlab chiqarish yoki olib kirish boʻyicha tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritib boradi. Kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining rasmiy veb-saytida joylashtiriladi.
Maʼlumotlar mazkur Nizomning 4-bandiga asosan Qurol kadastriga kiritiladi va qurol rusumiga (oʻq-dori turiga) roʻyxatga olish raqami beriladi.
8. Qurol rusumi (oʻq-dori turi)ning Oʻzbekiston Respublikasida hududida muomalaga chiqarilishi taqiqlangan taqdirda, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Qurol kadastriga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi. Qurol qadastridan chiqarilgan qurol rusumlarining (oʻq-dori turlari) roʻyxatga olish raqamlari ikkilamchi qoʻllanilmaydi.
9. Qurol kadastri Davlat kadastrlari yagona tizimi tarkibiga kiradi va har chorakda bir marta Davlat kadastrlari yagona tizimiga kadastr maʼlumotlari taqdim etiladi.
3-bob. Yakunovchi qoidalar
10. Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Qurol kadastrida keltirilgan maʼlumotlarning ishonchliligi uchun javobgar hisoblanadi.
11. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Fuqaroviy qurol va xizmat quroli hamda ularning oʻq-dorilari davlat kadastrini shakllantirish va yuritish tartibini belgilash toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Fuqaroviy qurol va xizmat qurollari va oʻq-dorilar davlat kadastri
Roʻyxatga olish raqami Rusum nomi Rusum belgisi Kalibr Asosiy texnik tavsiflari Ishlab chiquvchi (loyihalashtiruvchi), ishlab chiqaruvchi, ishlab chiqarilgan mamlakat nomlari Ishlab chiqarilgan davlat Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi meʼyoriy hujjat belgisi Namunaning rangli surati Boshqa maʼlumotlar Xizmat quroli va uning oʻq-dorilari 1. 2. 3. ... Fuqaroviy qurol va uning oʻq-dorilari 1. 2. 3. ... Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilgan fuqaroviy qurol va oʻq-dorilar 1. 2. 3. ... Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilgan qurol va oʻq-dorilar 1. 2. 3. ... Eksport uchun ishlab chiqarilgan qurollar va oʻq-dorilar 1. 2. 3. ... Texnologik maqsadlarda (sinovlar, tekshiruvlar yoki qurol ishlab chiqarish jarayonida) ishlatish uchun oʻq-dorilar 1. 2. 3. ...
Fuqaroviy qurol va xizmat quroli hamda ularning oʻq-dorilari davlat kadastrini shakllantirish va yuritish tartibini belgilash toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Fuqaroviy qurol va xizmat quroli hamda ularning oʻq-dorilari davlat kadastrini shakllantirish va yuritish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Sertifikatlash organi Sertifikatlangan qurol va oʻq-dorilarni sertifikatlash natijalari boʻyicha qurol rusumiga (oʻq-dori turi) taalluqli hujjatlarni elektron shaklda Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligiga taqdim etadi . har oyda, keyingi oyning 5 sanasiga qadar 2-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Sertifikatlashning ijobiy natijalariga ega boʻlgan fuqaroviy qurol va xizmat quroli hamda ularning oʻq-dorilari toʻgʻrisida maʼlumotlarni Qurol kadastriga kiritadi. har chorakda bir marta 3-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Davlat kadastrlari yagona tizimiga kadastr maʼlumotlarini taqdim etadi. har chorakda bir marta
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 28-iyul,
455-son