UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 12-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 12 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 августа 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 August 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Капитал, товар ва хизматлар (ишлар) экспорти ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 2 августдаги ПҚ-4412-сон қарорининг ижросини таъминлаш, экспорт ва экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта ҳимояси билан таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Капитал, товар ва хизматлар (ишлар) экспорти ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги 477-сон қарорига 1-ИЛОВА

Капитал, товар ва хизматлар (ишлар) экспорти ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом экспорт қилувчилар ва уларнинг экспортга йўналтирилган фаолиятини моддий ва молиявий қўллаб-қувватловчи шахсларнинг мулкий манфаатларига суғурта ҳимоясини тақдим этиш шартларини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

товарлар экспорти — товарларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан уларни қайта олиб кириш тўғрисида мажбурият олмасдан олиб чиқиб кетилиши;

хизматлар (ишлар) экспорти — Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахслари томонидан хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахслари учун хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш), уларнинг кўрсатилиши (бажарилиши) жойидан қатъи назар;

капитал экспорти — Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахслари томонидан даромад олиш мақсадида чет элдаги бизнесга инвестиция қилиниши;

экспорт шартномаси — экспорт қилиш тартиби, шартлари ва муддатлари келишилган битим;

контрагент — экспорт шартномаси доирасида ўз зиммасига у ёки бу мажбуриятларни олган хорижий жисмоний ёки юридик шахс;

молияловчи шахс — экспорт қилувчи томонидан товарлар ишлаб чиқарилиши (хизматлар кўрсатилиши, ишлар бажарилиши) ва хорижий давлатга жўнатилиши, капиталнинг экспорт қилиниши билан боғлиқ фаолиятни кредит, кафолат, кафиллик, лизинг ёки бошқача шаклда моддий ва (ёки) молиявий қўллаб-қувватловчи маҳаллий ёки хорижий инвестор, тижорат банки, лизинг компанияси, микромолия ташкилоти ёхуд бошқа жисмоний ёки юридик шахс;

молиялаш шартномаси — экспорт қилувчининг товарлар ишлаб чиқариши (хизматлар кўрсатиши, ишлар бажариши) ва хорижий давлатга жўнатиши, капитални экспорт қилиши билан боғлиқ фаолиятни кредит, лизинг, кафолат, кафиллик, инвестиция ёки бошқа шаклда молиялаш ёки моддий қўллаб-қувватлаш бўйича битим;

суғурталовчи — тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;

суғурта қилдирувчи — экспорт қилувчи ёки молияловчи шахс;

суғурта шартномаси — Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматларни (ишларни) экспорт қилиш, ушбу товарлар ва хизматларни (ишларни) ишлаб чиқариш ҳамда капиталлар экспорти билан боғлиқ фаолиятни сиёсий, тижорат ва логистика таваккалчиликлардан суғурта қилиш бўйича ёзма келишув;

сиёсий таваккалчиликлар — контрагент ёки экспортчининг экспорт шартномаси ёки молиялаш шартномаси бўйича мажбуриятларни бажаришга тўлиқ ёки қисман тўсқинлик қилувчи сиёсий ёки макроиқтисодий ўзгаришлар (шу жумладан контрагент мамлакатида импорт ёки экспортга эмбарго жорий этилиши, қуролли низолар, фуқаролар тартибсизликлари, инқилоб, террорчилик ҳаракатлари, расмий органларнинг камситувчи ёки тўсқинлик қилувчи ҳаракатлари, эркин айирбошланадиган валюта етишмаслиги туфайли пул ўтказмаларининг кечиктирилиши, миллийлаштириш, қарз бўйича мораторийлар);

тижорат таваккалчиликлари — контрагент ёки экспортчининг тўловга қобилиятсизлиги, тўлов мажбуриятини бажармаслиги, банкротлик ҳолати;

тўловга қобилиятсизлик — тўлов санаси келмасдан аввал тўлов мажбуриятини бажаришга иқтисодий қодир бўлмаслик;

тўлов мажбурияти бажарилмаслиги — тўлов санасида тўловга қобилиятсизлик сабабли тўловни амалга оширмаслик;

банкротлик — экспортчи ёки контрагентнинг Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига ёки хорижий давлат қонунчилик ҳужжатларига кўра банкрот деб тан олиниши;

тўлов санаси — экспорт ёки молиялаш шартномасига мувофиқ товарлар, хизматлар (ишлар) учун ёхуд молиявий маблағларни қайтариш (сўндириш) мажбурияти билан боғлиқ тўлов(лар) амалга оширилиши шарт бўлган сана(лар);

логистика таваккалчилиги — юзага келиши суғурта қилдирувчининг иродасига боғлиқ бўлмаган ва кутилмаганда юзага келган таъминот, ташиш, сақлаш, сотиш, ахборот таваккалчиликлари оқибатида экспорт қилувчига зарар етиши;

таъминот таваккалчилиги — экспорт қилишга мўлжалланган товар ва (ёки) хизматларни (ишларни) ишлаб чиқариш учун зарур моддий ресурслар, шу жумладан хомашё таъминотининг тўлиқ ёки вақтинча тўхташи, ушбу моддий ресурслар нархларининг беқарорлиги;

ташиш таваккалчилиги — юк сифатида экспорт қилинаётган товар ёки хизматларга (ишларга) табиий ва техноген ҳодисалар таъсири, экспорт қилинаётган товарнинг ўзлаштирилиши;

сақлаш таваккалчилиги — ташиш даврида вақтинча сақлашга топширилган товарга табиий ва (ёки) техноген ҳодисалар таъсири, ўзлаштирилиши, сақлаш харажатларининг беқарорлиги;

сотиш таваккалчилиги — хориждаги контрагент мамлакатининг иқтисодиёти рецессияси, янги товар чиқиши ва қонунлар, қоидалар ўзгариши оқибатида экспортга чиқарилаётган товар ва (ёки) хизматлар (ишлар) нархининг пасайиши;

ахборот таваккалчилиги — экспорт предмети бўлган электрон шаклдаги маълумотлар жинояткор шахслар томонидан мўлжалланган манзилга етказиш каналларидан ўғирланиши ёки ўзгартирилиши;

кутиш даври — суғурта ҳодисаси юзага келгандан сўнг бошланадиган, суғурта шартномасида кўрсатилган муддат бўлиб, ушбу муддат ичида юзага келган зарарлар учун суғурта ҳимояси тўланмайди;

факторинг — учинчи шахслардан пул шаклидаги мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини олиш;

шартсиз франшиза — зарарнинг суғурта шартномасида суғурта пулининг (суғурта мажбуриятининг) маълум қисми (фоизи) ёки пул маблағлари миқдори кўринишида белгиланадиган, суғурта билан қопланмайдиган қисми.

Суғурта шартномаларида мазкур бандда келтирилган таърифларга ушбу Низомда келтирилган таърифларга зид бўлмаган мазмунда аниқлик киритилиши мумкин.

3. Экспорт юкларини ва уларни ташишларни суғурта қилиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ҳамда «Инкотермс» халқаро қоидаларига мувофиқ тижорат ташкилотлари бўлган ва тегишли турдаги суғурталашни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

2-боб. Таваккалчиликлар ва суғурта шартномаларининг турлари

4. Суғурта шартномасига мувофиқ суғурта қилдирувчиларга қуйидаги таваккалчиликларнинг барчаси ёки бири, ёхуд уларнинг ушбу Низомнинг 4-бандида келтирилган таърифларида келтирилган алоҳида таваккалчиликлар ёки уларнинг комбинацияси суғурта ҳимояси сифатида тақдим этилиши мумкин:

сиёсий таваккалчиликлар;

тижорат таваккалчиликлари;

логистика таваккалчиликлари.

5. Суғурта шартномаларининг турлари қуйидагилар билан чекланмаган ҳолда, суғурта қилдирувчининг фаолиятидан келиб чиқиб, суғурта шартномаларининг қуйидаги турларидан фойдаланиш мумкин:

а) экспорт қилувчи суғурта қилдирувчи бўлганда:

экспорт шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаслигини суғурта қилиш шартномаси — контрагент экспорт шартномасига биноан тўлов ёки бартер (товар ёки хизматлар (ишлар) алмашинуви) бўйича мажбуриятларни сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида ўз вақтида бажармаслигидан суғурта ҳимояси;

товар ва (ёки) хизматлар (ишлар) етказиб берувчи кредитини суғурта қилиш шартномаси — контрагент муддатли тўлов шарти билан тузилган экспорт шартномасига биноан тўлов мажбуриятларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида ўз вақтида бажармаслигидан суғурта ҳимояси;

экспорт қилувчининг қисқа ёки узоқ муддатли дебитор қарздорлигини суғурта қилиш шартномаси — бир йил (қисқа муддатли) ёки ундан ортиқ (узоқ муддатли) давр ичида муддатли тўлов шарти билан экспорт қилинган товар ва (ёки) хизматлар (ишлар) учун тўлов сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида ўз вақтида тўланмаслигидан суғурта ҳимояси;

логистика таваккалчиликларини суғурта қилиш шартномаси — экспорт қилувчининг ишлаб чиқариш ва экспорт фаолиятида логистика таваккалчиликларидан суғурта ҳимояси;

инвестицияларни суғурта қилиш шартномаси — экспорт қилувчининг хориждаги бизнесга инвестиция сифатида мулкий ва (ёки) молиявий қўйилмалари, номоддий активлари банкротлик оқибатида тўлиқ ёки қисман қайтмаслигидан суғурта ҳимояси;

б) молияловчи шахс суғурта қилдирувчи бўлганда:

харидор кредитини суғурта қилиш шартномаси — молияловчи шахс томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарни ва (ёки) хизматларни (ишларни) сотиб олиш учун берилган кредитни хориждаги контрагент сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида сўндирмаслигидан суғурта ҳимояси;

экспорт факторингини суғурта қилиш шартномаси — фактор ҳисобланувчи молияловчи шахснинг факторинг маблағларини хориждаги контрагент сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида сўндирмаслигидан суғурта ҳимояси;

экспорт қилувчининг айланма маблағларини тўлдириш кредити ўз вақтида қайтарилмаслигидан суғурта қилиш шартномаси — экспорт қилувчига айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитни тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида ўз вақтида сўндирмаслигидан суғурта ҳимояси;

тасдиқланган аккредитивни суғурта қилиш шартномаси — экспорт қилинаётган товарлар ва (ёки) хизматлар (ишлар) учун очилган аккредитив молияловчи ташкилот томонидан тасдиқланиб, сиёсий ва (ёки) тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида тўлиқ ёки қисман қопланмай қолишидан суғурта ҳимояси;

кафолат ёки кафилликни суғурта қилиш шартномаси — экспорт қилувчи контрагент олдидаги ўз мажбуриятларини сиёсий ва (ёки) тижорат таваккалчилиги юзага келиши оқибатида бажармаслиги натижасида молияловчи шахснинг кафолат ёки кафиллик бўйича тўловни амалга ошириш мажбуриятидан суғурта ҳимояси;

лизинг фаолиятини суғурта қилиш шартномаси — молияловчи шахс сотиб олган маҳсулот сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида тақдим этмаслиги ва ушбу маҳсулот учун ўтказилган маблағлар қайтарилмаслиги ёхуд экспорт қилувчи молияловчи шахсга тижорат таваккалчилиги юзага келиши оқибатида лизинг тўловларини ўз вақтида амалга оширмаслигидан суғурта ҳимояси.

3-боб. Суғурта шартномаларининг шартларига қўйиладиган талаблар

6. Суғурта шартномаларини тузишда қуйидагилар тақиқланади:

сиёсий таваккалчиликлар бўйича шартсиз франшиза ўрнатилиши;

тижорат таваккалчиликлари бўйича шартсиз франшиза миқдори — суғурта пулининг 50 фоизидан ортиқ бўлиши;

логистика таваккалчиликлари бўйича шартсиз франшиза миқдори — суғурта пулининг 5 фоизидан ортиқ бўлиши;

сиёсий таваккалчиликлар бўйича кутиш даври — 180 календарь кундан ортиқ бўлиши;

тижорат таваккалчиликлари бўйича кутиш даври — 90 календарь кундан ортиқ бўлиши;

логистика таваккалчиликлари бўйича кутиш даври — 30 календарь кундан ортиқ бўлиши.

7. Муддатли тўловни назарда тутувчи экспорт шартномаси бўйича суғурта таваккалчиликларини суғурта қилиш учун суғурта қилдирувчи томонидан экспорт шартномаси қийматининг камида 15 фоизи миқдорида аванс тўлови олдиндан тўланган бўлиши лозим.

8. Суғурта шартномаларида томонлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ суғуртага оид қўшимча хизматлар ташкил этилишини келишиб олишлари мумкин.

9. Суғурта шартномасида суғурта ҳодисаси, зарарнинг ҳисоб-китоби, кутиш даври, франшиза миқдори ва қўшимча хизматлар учун ажратиладиган маблағнинг энг кўп миқдори, суғурта товонини олиш учун бериладиган ҳужжатлар, ҳужжатлар топширилган кундан бошланадиган суғурта товони тўланиши муддати аниқ кўрсатилган бўлиши шарт.

Суғурта шартномасига амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Низом билан рухсат этилмаган истиснолар ва шартларни киритиш мумкин эмас.

10. Агар халқаро норматив ҳужжатлар ва қоидаларда ушбу Низомдан фарқ қилувчи суғурта қилиш шартлари назарда тутилган бўлса, суғурта шартномасига ушбу халқаро нормалар ёки қоидалар киритилиши мумкин.

4-боб. Суғурта шартномаларини тузиш тартиби

11. Капитал, товар ва хизматлар (ишлар) экспорти ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

12. Сиёсий ва (ёки) тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш шартномаларини тузаётганда суғурта қилдирувчи суғурталовчига қуйидагиларни тақдим этади:

ариза;

экспорт шартномаси, агар экспорт билан боғлиқ таваккалчилик суғурталаниши керак бўлса;

молиялаш шартномаси, агар молиялаш билан боғлиқ таваккалчилик суғурталаниши керак бўлса;

агар экспорт шартномаси бўйича муддатли тўлов бир йилдан ортиқ даврга тақдим этилса, тижорат банкининг экспорт шартномаси қийматининг камида 15 фоизи миқдорида аванс тўлови олинганлиги тўғрисидаги маълумотномаси нусхаси.

Суғурталовчи суғурта қилдирувчидан ёки маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан суғурта таваккалчилигининг даражасига аниқлик киритувчи маълумотларни, шунингдек, экспорт шартномасини амалга ошириш билан боғлиқ таваккалчилик даражасидан келиб чиққан ҳолда контрагент томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилишини кафолатловчи ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли.

13. Суғурталовчи суғурта қилдирувчининг розилиги билан экспорт шартномасини тузишда иштирок этишга ҳамда экспорт шартномаси бўйича таваккалчиликларни камайтириш ва олдини олиш шартлари, чоралари юзасидан таклифлар беришга ҳақли.

14. Логистика таваккалчиликларидан суғурта қилиш шартномаларини тузаётганда суғурта қилдирувчи суғурталовчига қуйидагиларни тақдим этади:

ариза;

экспорт шартномаси, агар экспорт билан боғлиқ логистика таваккалчилиги суғурталанаётган бўлса;

логистика таваккалчилигининг қайси бири суғурталанишидан келиб чиқиб, таъминот, сақлаш, ташиш ёки маълумотларни электрон шаклда етказиб беришга оид шартнома.

15. Суғурталовчига тақдим этилган шартномаларнинг асл нусхалари, улардан нусха олингандан сўнг, суғурта қилдирувчига ариза қабул қилинаётганда қайтариб берилади.

16. Суғурта қилдирувчи ушбу Низом доирасида аризалар ва ҳужжатларни суғурталовчига бевосита, почта орқали ёки электрон шаклда тақдим этишлари мумкин.

17. Суғурталовчи суғурта қилдирувчи томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан бошлаб 24 соат ичида тегишли суғурта шартномасини тайёрлайди ва унинг имзоланишини таъминлайди.

18. Суғурталовчи таваккалчилик тури ва даражасидан келиб чиқиб, жўнатилаётган товарлар, бинолар, иншоотлар, ускуналар ва суғуртага алоқадор бошқа моддий ва номоддий бойликларнинг суғурта шартномасини тузишдан аввал ва суғурта шартномасида келишилган бўлса, суғурта муддати мобайнида суғурта қилдирувчининг ходимлари иштирокида мониторинг қилишга ҳақли.

Мониторинг натижалари суғурталовчи ва суғурта қилдирувчининг вакиллари томонидан имзоланган Мониторинг ўтказилганлиги тўғрисида далолатнома билан расмийлаштирилади.

19. Суғурта шартномаси тузилгандан кейин Мониторинг ўтказилганлиги тўғрисида далолатнома ва суғурта қилдирувчи суғурта шартномасини тузиш учун тақдим этган бошқа ҳужжатлар суғурта шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланади.

20. Суғурта мукофоти суғурта тарифларига мувофиқ аниқланади.

Суғурта тарифларида суғурталанадиган таваккалчиликлар, экспорт қилувчи ва контрагентнинг молиявий аҳволи, экспорт қилинаётган мамлакат, кутиш даври, шартсиз франшиза миқдори, суғурта шартномасидаги истиснолар, суғуртага оид қўшимча хизматлар ва бошқа омиллар ҳисобга олиниши шарт.

21. Суғурта тарифлари актуар ташкилот томонидан Ўзбекистон актуарийлар уюшмаси тайёрлаган ва тасдиқлаган услубий қўлланмаси асосида ишлаб чиқилади.

5-боб. Суғурта шартномасининг валютаси

22. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта шартномаси бўйича барча ўзаро ҳисоб-китоблар, шу жумладан суғурта мукофоти ва суғурта товони тўловлари фақат миллий валютада амалга оширилади. Бунда миллий валютани ҳар қандай чет эл валютаси ёки шартли бирликларга боғлаган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга оширилиши тақиқланади.

23. Хориждаги шахслар билан барча ўзаро ҳисоб-китоблар эркин айирбошланадиган валютада амалга оширилиши мумкин.

6-боб. Зарарни кўриб чиқиш, суғурта товонини аниқлаш ва тўлаш тартиби

24. Суғурта қилдирувчи суғурта шартномасида кўрсатилган таваккалчиликлар оқибатида зарар кўрганда суғурта товонини олиш учун суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги ва унинг миқдори аниқлаш учун етарли маълумотларни олишда суғурталовчига кўмаклашиши лозим.

25. Суғурта товони, суғурта шартномасининг шартларидан келиб чиқиб, суғурта ҳодисасини жойига чиқиб ўрганиш ёки суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлардан келиб чиқиб тузилган Суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатномага мувофиқ тўланади.

26. Суғурта товонининг миқдори суғурта шартномасида кўрсатилган тартибда аниқланадиган зарарлардан кутиш даврида юзага келган зарарлар ва шартсиз франшиза миқдорини чегириб ташлаш йўли билан ҳисобланади.

27. Суғурталовчи суғурта шартномасида кўрсатилган бўлиши шарти билан қуйидаги ҳолларда суғурта товонини тўлашни рад этиши мумкин:

суғурта қилдирувчи ва унинг ходимлари томонидан фирибгарлик, қонунбузарлик ҳолатлари ёки суғурта шартномаси, экспорт шартномаси ёки молиялаш шартномасини тузаётганда ёлғон маълумотларни тақдим этганлиги аниқланганда;

суғурта қилдирувчи томонидан суғурта шартномасида белгиланган мониторинг қилиш шартларининг бузилиши зарар юзага келишидан аввал суғурталанган таваккалчилик даражасини ошишига олиб келганлиги аниқланса ҳамда суғурталанган таваккалчилик учун қўшимча суғурта мукофоти тўланмаган бўлса;

суғурта қилдирувчи суғурталовчига суброгация ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортса.

28. Суғурта товони суғурта ҳодисаси ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 15 календарь кунидан кечиктирмасдан тўланиши шарт.

7-боб. Якунловчи қоидалар

29. Суғурталовчи суғурта хизматининг барча босқичларида, шу жумладан суғурта шартномасини тузиш, суғурта товонини тўлаш босқичларида мазкур Низомда кўрсатилган маълумотларга алоқадор бўлмаган ўрганишлар ўтказиши ва ҳужжатлар талаб қилиши тақиқланади.

30. Ушбу Низомда кўрсатилмаган ўзаро муносабатлар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва суғурта шартномаси билан тартибга солинади.

31. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Капитал, товар ва хизматлар (ишлар) экспорти ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Капитал, товар ва хизматлар (ишлар) экспорти ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш

Босқичлар Масъул ижрочилар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Суғурта қилдирувчи а) Сиёсий ва (ёки) тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш учун суғурталовчига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш : ариза; экспорт шартномаси, агар экспорт билан боғлиқ таваккалчилик суғурталаниши керак бўлса; молиялаш шартномаси, агар молиялаш билан боғлиқ таваккалчилик суғурталаниши керак бўлса; агар экспорт шартномаси бўйича муддатли тўлов бир йилдан ортиқ даврга тақдим этилса, тижорат банкининг экспорт шартномаси қийматининг камида 15 фоизи миқдорида аванс тўлови олинганлиги тўғрисида маълумотнома нусхаси. Суғурта қилдирувчининг ихтиёрига кўра б) Логистика таваккалчиликларидан суғурта қилиш учун суғурталовчига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш : ариза; экспорт шартномаси, агар экспорт билан боғлиқ логистика таваккалчилиги суғурталанаётган бўлса; логистика таваккалчилигининг қайси бири суғурталанишидан келиб чиқиб, таъминот, сақлаш, ташиш ёки маълумотларни электрон шаклда етказиб беришга оид шартнома. 2-босқич Суғурталовчи Тақдим этилган ҳужжатлар асосида тегишли суғурта шартномасини тайёрлаш ва имзолаш. Ҳужжатлар тақдим этилгандан бошлаб 24 соат ичида 3-босқич Суғурталовчи, суғурта қилдирувчи Таваккалчилик тури ва даражасидан келиб чиқиб, жўнатилаётган товарлар, бинолар, иншоотлар, ускуналар ва суғуртага алоқадор бошқа моддий ва номоддий бойликларни, суғурта шартномасида келишилган бўлса, суғурта муддати мобайнида суғурта қилдирувчининг ходимлари иштирокида мониторинг қилиш. Суғурта муддати давомида 4-босқич Суғурта қилдирувчи Суғурта шартномасига мувофиқ суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларни Суғурталовчига тақдим этиш. Суғурта ҳодисаси содир бўлган тақдирда 5-босқич Суғурталовчи 1. Суғурта ҳодисасини жойига чиқиб ўрганиш ёки суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлардан келиб чиқиб, Суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатнома тузиш; 2. Суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатномага мувофиқ суғурта қилдирувчига суғурта товони тўлаш. Суғурта ҳодисаси ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 15 календарь куни ичида

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги 477-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари рўйхати

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Миллий экспортчиларни суғурта қилишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1998 йил 21 апрелдаги 167-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 27 ноябрдаги 413-сон қарорига 3-илованинг XV банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 й., 22-сон, 180-модда).

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Миллий экспорт қилувчиларни суғурталашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1998 йил 21 апрелдаги 167-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2014 йил 2 июндаги 136-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 23-сон, 267-модда).

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 12 август,

477-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.08.2020 й., 09/20/477/1166-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 25.10.2022 й., 09/22/615/0953-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Kapital, tovar va xizmatlar (ishlar) eksporti hamda eksportni qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq faoliyatni sugʻurta qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining sugʻurta bozorini isloh qilish va uning jadal rivojlanishini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 2-avgustdagi PQ-4412-son qarorining ijrosini taʼminlash, eksport va eksportni qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq faoliyatni sugʻurta himoyasi bilan taʼminlash mexanizmlarini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Kapital, tovar va xizmatlar (ishlar) eksporti hamda eksportni qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq faoliyatni sugʻurta qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov va Oʻzbekiston Respublikasi moliya vaziri T.A. Ishmetov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 12-avgustdagi 477-son qaroriga 1-ILOVA

Kapital, tovar va xizmatlar (ishlar) eksporti hamda eksportni qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq faoliyatni sugʻurta qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom eksport qiluvchilar va ularning eksportga yoʻnaltirilgan faoliyatini moddiy va moliyaviy qoʻllab-quvvatlovchi shaxslarning mulkiy manfaatlariga sugʻurta himoyasini taqdim etish shartlarini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

tovarlar eksporti — tovarlarning Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududidan ularni qayta olib kirish toʻgʻrisida majburiyat olmasdan olib chiqib ketilishi;

xizmatlar (ishlar) eksporti — Oʻzbekiston Respublikasining yuridik yoki jismoniy shaxslari tomonidan xorijiy davlatning yuridik yoki jismoniy shaxslari uchun xizmatlar koʻrsatish (ishlarni bajarish), ularning koʻrsatilishi (bajarilishi) joyidan qatʼi nazar;

kapital eksporti — Oʻzbekiston Respublikasining yuridik yoki jismoniy shaxslari tomonidan daromad olish maqsadida chet eldagi biznesga investitsiya qilinishi;

eksport shartnomasi — eksport qilish tartibi, shartlari va muddatlari kelishilgan bitim;

kontragent — eksport shartnomasi doirasida oʻz zimmasiga u yoki bu majburiyatlarni olgan xorijiy jismoniy yoki yuridik shaxs;

moliyalovchi shaxs — eksport qiluvchi tomonidan tovarlar ishlab chiqarilishi (xizmatlar koʻrsatilishi, ishlar bajarilishi) va xorijiy davlatga joʻnatilishi, kapitalning eksport qilinishi bilan bogʻliq faoliyatni kredit, kafolat, kafillik, lizing yoki boshqacha shaklda moddiy va (yoki) moliyaviy qoʻllab-quvvatlovchi mahalliy yoki xorijiy investor, tijorat banki, lizing kompaniyasi, mikromoliya tashkiloti yoxud boshqa jismoniy yoki yuridik shaxs;

moliyalash shartnomasi — eksport qiluvchining tovarlar ishlab chiqarishi (xizmatlar koʻrsatishi, ishlar bajarishi) va xorijiy davlatga joʻnatishi, kapitalni eksport qilishi bilan bogʻliq faoliyatni kredit, lizing, kafolat, kafillik, investitsiya yoki boshqa shaklda moliyalash yoki moddiy qoʻllab-quvvatlash boʻyicha bitim;

sugʻurtalovchi — tegishli turdagi sugʻurtani amalga oshirish uchun litsenziyaga ega boʻlgan va sugʻurta shartnomasiga muvofiq sugʻurta tovoni (sugʻurta puli) toʻlovini amalga oshirish majburiyatini oluvchi tijorat tashkiloti boʻlgan yuridik shaxs;

sugʻurta qildiruvchi — eksport qiluvchi yoki moliyalovchi shaxs;

sugʻurta shartnomasi — Oʻzbekistonda ishlab chiqarilgan tovarlar va xizmatlarni (ishlarni) eksport qilish, ushbu tovarlar va xizmatlarni (ishlarni) ishlab chiqarish hamda kapitallar eksporti bilan bogʻliq faoliyatni siyosiy, tijorat va logistika tavakkalchiliklardan sugʻurta qilish boʻyicha yozma kelishuv;

siyosiy tavakkalchiliklar — kontragent yoki eksportchining eksport shartnomasi yoki moliyalash shartnomasi boʻyicha majburiyatlarni bajarishga toʻliq yoki qisman toʻsqinlik qiluvchi siyosiy yoki makroiqtisodiy oʻzgarishlar (shu jumladan kontragent mamlakatida import yoki eksportga embargo joriy etilishi, qurolli nizolar, fuqarolar tartibsizliklari, inqilob, terrorchilik harakatlari, rasmiy organlarning kamsituvchi yoki toʻsqinlik qiluvchi harakatlari, erkin ayirboshlanadigan valyuta yetishmasligi tufayli pul oʻtkazmalarining kechiktirilishi, milliylashtirish, qarz boʻyicha moratoriylar);

tijorat tavakkalchiliklari — kontragent yoki eksportchining toʻlovga qobiliyatsizligi, toʻlov majburiyatini bajarmasligi, bankrotlik holati;

toʻlovga qobiliyatsizlik — toʻlov sanasi kelmasdan avval toʻlov majburiyatini bajarishga iqtisodiy qodir boʻlmaslik;

toʻlov majburiyati bajarilmasligi — toʻlov sanasida toʻlovga qobiliyatsizlik sababli toʻlovni amalga oshirmaslik;

bankrotlik — eksportchi yoki kontragentning Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga yoki xorijiy davlat qonunchilik hujjatlariga koʻra bankrot deb tan olinishi;

toʻlov sanasi — eksport yoki moliyalash shartnomasiga muvofiq tovarlar, xizmatlar (ishlar) uchun yoxud moliyaviy mablagʻlarni qaytarish (soʻndirish) majburiyati bilan bogʻliq toʻlov(lar) amalga oshirilishi shart boʻlgan sana(lar);

logistika tavakkalchiligi — yuzaga kelishi sugʻurta qildiruvchining irodasiga bogʻliq boʻlmagan va kutilmaganda yuzaga kelgan taʼminot, tashish, saqlash, sotish, axborot tavakkalchiliklari oqibatida eksport qiluvchiga zarar yetishi;

taʼminot tavakkalchiligi — eksport qilishga moʻljallangan tovar va (yoki) xizmatlarni (ishlarni) ishlab chiqarish uchun zarur moddiy resurslar, shu jumladan xomashyo taʼminotining toʻliq yoki vaqtincha toʻxtashi, ushbu moddiy resurslar narxlarining beqarorligi;

tashish tavakkalchiligi — yuk sifatida eksport qilinayotgan tovar yoki xizmatlarga (ishlarga) tabiiy va texnogen hodisalar taʼsiri, eksport qilinayotgan tovarning oʻzlashtirilishi;

saqlash tavakkalchiligi — tashish davrida vaqtincha saqlashga topshirilgan tovarga tabiiy va (yoki) texnogen hodisalar taʼsiri, oʻzlashtirilishi, saqlash xarajatlarining beqarorligi;

sotish tavakkalchiligi — xorijdagi kontragent mamlakatining iqtisodiyoti retsessiyasi, yangi tovar chiqishi va qonunlar, qoidalar oʻzgarishi oqibatida eksportga chiqarilayotgan tovar va (yoki) xizmatlar (ishlar) narxining pasayishi;

axborot tavakkalchiligi — eksport predmeti boʻlgan elektron shakldagi maʼlumotlar jinoyatkor shaxslar tomonidan moʻljallangan manzilga yetkazish kanallaridan oʻgʻirlanishi yoki oʻzgartirilishi;

kutish davri — sugʻurta hodisasi yuzaga kelgandan soʻng boshlanadigan, sugʻurta shartnomasida koʻrsatilgan muddat boʻlib, ushbu muddat ichida yuzaga kelgan zararlar uchun sugʻurta himoyasi toʻlanmaydi;

faktoring — uchinchi shaxslardan pul shaklidagi majburiyatlarning bajarilishini talab qilish huquqini olish;

shartsiz franshiza — zararning sugʻurta shartnomasida sugʻurta pulining (sugʻurta majburiyatining) maʼlum qismi (foizi) yoki pul mablagʻlari miqdori koʻrinishida belgilanadigan, sugʻurta bilan qoplanmaydigan qismi.

Sugʻurta shartnomalarida mazkur bandda keltirilgan taʼriflarga ushbu Nizomda keltirilgan taʼriflarga zid boʻlmagan mazmunda aniqlik kiritilishi mumkin.

3. Eksport yuklarini va ularni tashishlarni sugʻurta qilish Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchilik hujjatlariga hamda “Inkoterms” xalqaro qoidalariga muvofiq tijorat tashkilotlari boʻlgan va tegishli turdagi sugʻurtalashni amalga oshirish uchun litsenziyaga ega boʻlgan yuridik shaxslar tomonidan amalga oshiriladi.

2-bob. Tavakkalchiliklar va sugʻurta shartnomalarining turlari

4. Sugʻurta shartnomasiga muvofiq sugʻurta qildiruvchilarga quyidagi tavakkalchiliklarning barchasi yoki biri, yoxud ularning ushbu Nizomning 4-bandida keltirilgan taʼriflarida keltirilgan alohida tavakkalchiliklar yoki ularning kombinatsiyasi sugʻurta himoyasi sifatida taqdim etilishi mumkin:

siyosiy tavakkalchiliklar;

tijorat tavakkalchiliklari;

logistika tavakkalchiliklari.

5. Sugʻurta shartnomalarining turlari quyidagilar bilan cheklanmagan holda, sugʻurta qildiruvchining faoliyatidan kelib chiqib, sugʻurta shartnomalarining quyidagi turlaridan foydalanish mumkin:

a) eksport qiluvchi sugʻurta qildiruvchi boʻlganda:

eksport shartnomasi boʻyicha majburiyatlar bajarilmasligini sugʻurta qilish shartnomasi — kontragent eksport shartnomasiga binoan toʻlov yoki barter (tovar yoki xizmatlar (ishlar) almashinuvi) boʻyicha majburiyatlarni siyosiy va tijorat tavakkalchiliklari yuzaga kelishi oqibatida oʻz vaqtida bajarmasligidan sugʻurta himoyasi;

tovar va (yoki) xizmatlar (ishlar) yetkazib beruvchi kreditini sugʻurta qilish shartnomasi — kontragent muddatli toʻlov sharti bilan tuzilgan eksport shartnomasiga binoan toʻlov majburiyatlarini siyosiy va tijorat tavakkalchiliklari yuzaga kelishi oqibatida oʻz vaqtida bajarmasligidan sugʻurta himoyasi;

eksport qiluvchining qisqa yoki uzoq muddatli debitor qarzdorligini sugʻurta qilish shartnomasi — bir yil (qisqa muddatli) yoki undan ortiq (uzoq muddatli) davr ichida muddatli toʻlov sharti bilan eksport qilingan tovar va (yoki) xizmatlar (ishlar) uchun toʻlov siyosiy va tijorat tavakkalchiliklari yuzaga kelishi oqibatida oʻz vaqtida toʻlanmasligidan sugʻurta himoyasi;

logistika tavakkalchiliklarini sugʻurta qilish shartnomasi — eksport qiluvchining ishlab chiqarish va eksport faoliyatida logistika tavakkalchiliklaridan sugʻurta himoyasi;

investitsiyalarni sugʻurta qilish shartnomasi — eksport qiluvchining xorijdagi biznesga investitsiya sifatida mulkiy va (yoki) moliyaviy qoʻyilmalari, nomoddiy aktivlari bankrotlik oqibatida toʻliq yoki qisman qaytmasligidan sugʻurta himoyasi;

b) moliyalovchi shaxs sugʻurta qildiruvchi boʻlganda:

xaridor kreditini sugʻurta qilish shartnomasi — moliyalovchi shaxs tomonidan Oʻzbekistonda ishlab chiqarilgan tovarni va (yoki) xizmatlarni (ishlarni) sotib olish uchun berilgan kreditni xorijdagi kontragent siyosiy va tijorat tavakkalchiliklari yuzaga kelishi oqibatida soʻndirmasligidan sugʻurta himoyasi;

eksport faktoringini sugʻurta qilish shartnomasi — faktor hisoblanuvchi moliyalovchi shaxsning faktoring mablagʻlarini xorijdagi kontragent siyosiy va tijorat tavakkalchiliklari yuzaga kelishi oqibatida soʻndirmasligidan sugʻurta himoyasi;

eksport qiluvchining aylanma mablagʻlarini toʻldirish krediti oʻz vaqtida qaytarilmasligidan sugʻurta qilish shartnomasi — eksport qiluvchiga aylanma mablagʻlarni toʻldirish uchun berilgan kreditni tijorat tavakkalchiliklari yuzaga kelishi oqibatida oʻz vaqtida soʻndirmasligidan sugʻurta himoyasi;

tasdiqlangan akkreditivni sugʻurta qilish shartnomasi — eksport qilinayotgan tovarlar va (yoki) xizmatlar (ishlar) uchun ochilgan akkreditiv moliyalovchi tashkilot tomonidan tasdiqlanib, siyosiy va (yoki) tijorat tavakkalchiliklari yuzaga kelishi oqibatida toʻliq yoki qisman qoplanmay qolishidan sugʻurta himoyasi;

kafolat yoki kafillikni sugʻurta qilish shartnomasi — eksport qiluvchi kontragent oldidagi oʻz majburiyatlarini siyosiy va (yoki) tijorat tavakkalchiligi yuzaga kelishi oqibatida bajarmasligi natijasida moliyalovchi shaxsning kafolat yoki kafillik boʻyicha toʻlovni amalga oshirish majburiyatidan sugʻurta himoyasi;

lizing faoliyatini sugʻurta qilish shartnomasi — moliyalovchi shaxs sotib olgan mahsulot siyosiy va tijorat tavakkalchiliklari yuzaga kelishi oqibatida taqdim etmasligi va ushbu mahsulot uchun oʻtkazilgan mablagʻlar qaytarilmasligi yoxud eksport qiluvchi moliyalovchi shaxsga tijorat tavakkalchiligi yuzaga kelishi oqibatida lizing toʻlovlarini oʻz vaqtida amalga oshirmasligidan sugʻurta himoyasi.

3-bob. Sugʻurta shartnomalarining shartlariga qoʻyiladigan talablar

6. Sugʻurta shartnomalarini tuzishda quyidagilar taqiqlanadi:

siyosiy tavakkalchiliklar boʻyicha shartsiz franshiza oʻrnatilishi;

tijorat tavakkalchiliklari boʻyicha shartsiz franshiza miqdori — sugʻurta pulining 50 foizidan ortiq boʻlishi;

logistika tavakkalchiliklari boʻyicha shartsiz franshiza miqdori — sugʻurta pulining 5 foizidan ortiq boʻlishi;

siyosiy tavakkalchiliklar boʻyicha kutish davri — 180 kalendar kundan ortiq boʻlishi;

tijorat tavakkalchiliklari boʻyicha kutish davri — 90 kalendar kundan ortiq boʻlishi;

logistika tavakkalchiliklari boʻyicha kutish davri — 30 kalendar kundan ortiq boʻlishi.

7. Muddatli toʻlovni nazarda tutuvchi eksport shartnomasi boʻyicha sugʻurta tavakkalchiliklarini sugʻurta qilish uchun sugʻurta qildiruvchi tomonidan eksport shartnomasi qiymatining kamida 15 foizi miqdorida avans toʻlovi oldindan toʻlangan boʻlishi lozim.

8. Sugʻurta shartnomalarida tomonlar amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq sugʻurtaga oid qoʻshimcha xizmatlar tashkil etilishini kelishib olishlari mumkin.

9. Sugʻurta shartnomasida sugʻurta hodisasi, zararning hisob-kitobi, kutish davri, franshiza miqdori va qoʻshimcha xizmatlar uchun ajratiladigan mablagʻning eng koʻp miqdori, sugʻurta tovonini olish uchun beriladigan hujjatlar, hujjatlar topshirilgan kundan boshlanadigan sugʻurta tovoni toʻlanishi muddati aniq koʻrsatilgan boʻlishi shart.

Sugʻurta shartnomasiga amaldagi qonunchilik hujjatlari va ushbu Nizom bilan ruxsat etilmagan istisnolar va shartlarni kiritish mumkin emas.

10. Agar xalqaro normativ hujjatlar va qoidalarda ushbu Nizomdan farq qiluvchi sugʻurta qilish shartlari nazarda tutilgan boʻlsa, sugʻurta shartnomasiga ushbu xalqaro normalar yoki qoidalar kiritilishi mumkin.

4-bob. Sugʻurta shartnomalarini tuzish tartibi

11. Kapital, tovar va xizmatlar (ishlar) eksporti hamda eksportni qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq faoliyatni sugʻurta qilish ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

12. Siyosiy va (yoki) tijorat tavakkalchiliklaridan sugʻurta qilish shartnomalarini tuzayotganda sugʻurta qildiruvchi sugʻurtalovchiga quyidagilarni taqdim etadi:

ariza;

eksport shartnomasi, agar eksport bilan bogʻliq tavakkalchilik sugʻurtalanishi kerak boʻlsa;

moliyalash shartnomasi, agar moliyalash bilan bogʻliq tavakkalchilik sugʻurtalanishi kerak boʻlsa;

agar eksport shartnomasi boʻyicha muddatli toʻlov bir yildan ortiq davrga taqdim etilsa, tijorat bankining eksport shartnomasi qiymatining kamida 15 foizi miqdorida avans toʻlovi olinganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnomasi nusxasi.

Sugʻurtalovchi sugʻurta qildiruvchidan yoki mahalliy va xorijiy tashkilotlardan sugʻurta tavakkalchiligining darajasiga aniqlik kirituvchi maʼlumotlarni, shuningdek, eksport shartnomasini amalga oshirish bilan bogʻliq tavakkalchilik darajasidan kelib chiqqan holda kontragent tomonidan shartnoma majburiyatlarining bajarilishini kafolatlovchi hujjatlarni talab qilishga haqli.

13. Sugʻurtalovchi sugʻurta qildiruvchining roziligi bilan eksport shartnomasini tuzishda ishtirok etishga hamda eksport shartnomasi boʻyicha tavakkalchiliklarni kamaytirish va oldini olish shartlari, choralari yuzasidan takliflar berishga haqli.

14. Logistika tavakkalchiliklaridan sugʻurta qilish shartnomalarini tuzayotganda sugʻurta qildiruvchi sugʻurtalovchiga quyidagilarni taqdim etadi:

ariza;

eksport shartnomasi, agar eksport bilan bogʻliq logistika tavakkalchiligi sugʻurtalanayotgan boʻlsa;

logistika tavakkalchiligining qaysi biri sugʻurtalanishidan kelib chiqib, taʼminot, saqlash, tashish yoki maʼlumotlarni elektron shaklda yetkazib berishga oid shartnoma.

15. Sugʻurtalovchiga taqdim etilgan shartnomalarning asl nusxalari, ulardan nusxa olingandan soʻng, sugʻurta qildiruvchiga ariza qabul qilinayotganda qaytarib beriladi.

16. Sugʻurta qildiruvchi ushbu Nizom doirasida arizalar va hujjatlarni sugʻurtalovchiga bevosita, pochta orqali yoki elektron shaklda taqdim etishlari mumkin.

17. Sugʻurtalovchi sugʻurta qildiruvchi tomonidan zarur hujjatlar taqdim etilgandan boshlab 24 soat ichida tegishli sugʻurta shartnomasini tayyorlaydi va uning imzolanishini taʼminlaydi.

18. Sugʻurtalovchi tavakkalchilik turi va darajasidan kelib chiqib, joʻnatilayotgan tovarlar, binolar, inshootlar, uskunalar va sugʻurtaga aloqador boshqa moddiy va nomoddiy boyliklarning sugʻurta shartnomasini tuzishdan avval va sugʻurta shartnomasida kelishilgan boʻlsa, sugʻurta muddati mobaynida sugʻurta qildiruvchining xodimlari ishtirokida monitoring qilishga haqli.

Monitoring natijalari sugʻurtalovchi va sugʻurta qildiruvchining vakillari tomonidan imzolangan Monitoring oʻtkazilganligi toʻgʻrisida dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi.

19. Sugʻurta shartnomasi tuzilgandan keyin Monitoring oʻtkazilganligi toʻgʻrisida dalolatnoma va sugʻurta qildiruvchi sugʻurta shartnomasini tuzish uchun taqdim etgan boshqa hujjatlar sugʻurta shartnomasining ajralmas qismi hisoblanadi.

20. Sugʻurta mukofoti sugʻurta tariflariga muvofiq aniqlanadi.

Sugʻurta tariflarida sugʻurtalanadigan tavakkalchiliklar, eksport qiluvchi va kontragentning moliyaviy ahvoli, eksport qilinayotgan mamlakat, kutish davri, shartsiz franshiza miqdori, sugʻurta shartnomasidagi istisnolar, sugʻurtaga oid qoʻshimcha xizmatlar va boshqa omillar hisobga olinishi shart.

21. Sugʻurta tariflari aktuar tashkilot tomonidan Oʻzbekiston aktuariylar uyushmasi tayyorlagan va tasdiqlagan uslubiy qoʻllanmasi asosida ishlab chiqiladi.

5-bob. Sugʻurta shartnomasining valyutasi

22. Oʻzbekiston Respublikasi hududida sugʻurta shartnomasi boʻyicha barcha oʻzaro hisob-kitoblar, shu jumladan sugʻurta mukofoti va sugʻurta tovoni toʻlovlari faqat milliy valyutada amalga oshiriladi. Bunda milliy valyutani har qanday chet el valyutasi yoki shartli birliklarga bogʻlagan holda hisob-kitoblarni amalga oshirilishi taqiqlanadi.

23. Xorijdagi shaxslar bilan barcha oʻzaro hisob-kitoblar erkin ayirboshlanadigan valyutada amalga oshirilishi mumkin.

6-bob. Zararni koʻrib chiqish, sugʻurta tovonini aniqlash va toʻlash tartibi

24. Sugʻurta qildiruvchi sugʻurta shartnomasida koʻrsatilgan tavakkalchiliklar oqibatida zarar koʻrganda sugʻurta tovonini olish uchun sugʻurta hodisasi sodir boʻlganligi va uning miqdori aniqlash uchun yetarli maʼlumotlarni olishda sugʻurtalovchiga koʻmaklashishi lozim.

25. Sugʻurta tovoni, sugʻurta shartnomasining shartlaridan kelib chiqib, sugʻurta hodisasini joyiga chiqib oʻrganish yoki sugʻurta hodisasi sodir boʻlganligi va zarar miqdorini tasdiqlovchi hujjatlardan kelib chiqib tuzilgan Sugʻurta hodisasi toʻgʻrisida dalolatnomaga muvofiq toʻlanadi.

26. Sugʻurta tovonining miqdori sugʻurta shartnomasida koʻrsatilgan tartibda aniqlanadigan zararlardan kutish davrida yuzaga kelgan zararlar va shartsiz franshiza miqdorini chegirib tashlash yoʻli bilan hisoblanadi.

27. Sugʻurtalovchi sugʻurta shartnomasida koʻrsatilgan boʻlishi sharti bilan quyidagi hollarda sugʻurta tovonini toʻlashni rad etishi mumkin:

sugʻurta qildiruvchi va uning xodimlari tomonidan firibgarlik, qonunbuzarlik holatlari yoki sugʻurta shartnomasi, eksport shartnomasi yoki moliyalash shartnomasini tuzayotganda yolgʻon maʼlumotlarni taqdim etganligi aniqlanganda;

sugʻurta qildiruvchi tomonidan sugʻurta shartnomasida belgilangan monitoring qilish shartlarining buzilishi zarar yuzaga kelishidan avval sugʻurtalangan tavakkalchilik darajasini oshishiga olib kelganligi aniqlansa hamda sugʻurtalangan tavakkalchilik uchun qoʻshimcha sugʻurta mukofoti toʻlanmagan boʻlsa;

sugʻurta qildiruvchi sugʻurtalovchiga subrogatsiya huquqini amalga oshirish uchun zarur hujjatlarni taqdim etishdan bosh tortsa.

28. Sugʻurta tovoni sugʻurta hodisasi va zarar miqdorini tasdiqlovchi hujjatlar olingan kundan boshlab 15 kalendar kunidan kechiktirmasdan toʻlanishi shart.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

29. Sugʻurtalovchi sugʻurta xizmatining barcha bosqichlarida, shu jumladan sugʻurta shartnomasini tuzish, sugʻurta tovonini toʻlash bosqichlarida mazkur Nizomda koʻrsatilgan maʼlumotlarga aloqador boʻlmagan oʻrganishlar oʻtkazishi va hujjatlar talab qilishi taqiqlanadi.

30. Ushbu Nizomda koʻrsatilmagan oʻzaro munosabatlar amaldagi qonunchilik hujjatlari va sugʻurta shartnomasi bilan tartibga solinadi.

31. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Kapital, tovar va xizmatlar (ishlar) eksporti hamda eksportni qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq faoliyatni sugʻurta qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Kapital, tovar va xizmatlar (ishlar) eksporti hamda eksportni qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq faoliyatni sugʻurta qilish

Bosqichlar Masʼul ijrochilar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Sugʻurta qildiruvchi a) Siyosiy va (yoki) tijorat tavakkalchiliklaridan sugʻurta qilish uchun sugʻurtalovchiga quyidagi hujjatlarni taqdim etish : ariza; eksport shartnomasi, agar eksport bilan bogʻliq tavakkalchilik sugʻurtalanishi kerak boʻlsa; moliyalash shartnomasi, agar moliyalash bilan bogʻliq tavakkalchilik sugʻurtalanishi kerak boʻlsa; agar eksport shartnomasi boʻyicha muddatli toʻlov bir yildan ortiq davrga taqdim etilsa, tijorat bankining eksport shartnomasi qiymatining kamida 15 foizi miqdorida avans toʻlovi olinganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma nusxasi. Sugʻurta qildiruvchining ixtiyoriga koʻra b) Logistika tavakkalchiliklaridan sugʻurta qilish uchun sugʻurtalovchiga quyidagi hujjatlarni taqdim etish : ariza; eksport shartnomasi, agar eksport bilan bogʻliq logistika tavakkalchiligi sugʻurtalanayotgan boʻlsa; logistika tavakkalchiligining qaysi biri sugʻurtalanishidan kelib chiqib, taʼminot, saqlash, tashish yoki maʼlumotlarni elektron shaklda yetkazib berishga oid shartnoma. 2-bosqich Sugʻurtalovchi Taqdim etilgan hujjatlar asosida tegishli sugʻurta shartnomasini tayyorlash va imzolash. Hujjatlar taqdim etilgandan boshlab 24 soat ichida 3-bosqich Sugʻurtalovchi, sugʻurta qildiruvchi Tavakkalchilik turi va darajasidan kelib chiqib, joʻnatilayotgan tovarlar, binolar, inshootlar, uskunalar va sugʻurtaga aloqador boshqa moddiy va nomoddiy boyliklarni, sugʻurta shartnomasida kelishilgan boʻlsa, sugʻurta muddati mobaynida sugʻurta qildiruvchining xodimlari ishtirokida monitoring qilish. Sugʻurta muddati davomida 4-bosqich Sugʻurta qildiruvchi Sugʻurta shartnomasiga muvofiq sugʻurta hodisasi sodir boʻlganligi va zarar miqdorini tasdiqlovchi hujjatlarni Sugʻurtalovchiga taqdim etish. Sugʻurta hodisasi sodir boʻlgan taqdirda 5-bosqich Sugʻurtalovchi 1. Sugʻurta hodisasini joyiga chiqib oʻrganish yoki sugʻurta hodisasi sodir boʻlganligi va zarar miqdorini tasdiqlovchi hujjatlardan kelib chiqib, Sugʻurta hodisasi toʻgʻrisida dalolatnoma tuzish; 2. Sugʻurta hodisasi toʻgʻrisida dalolatnomaga muvofiq sugʻurta qildiruvchiga sugʻurta tovoni toʻlash. Sugʻurta hodisasi va zarar miqdorini tasdiqlovchi hujjatlar olingan kundan boshlab 15 kalendar kuni ichida

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 12-avgustdagi 477-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari roʻyxati

1. Vazirlar Mahkamasining “Milliy eksportchilarni sugʻurta qilishni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 1998-yil 21-apreldagi 167-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Sugʻurta xizmatlari bozorini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2002-yil 27-noyabrdagi 413-son qaroriga 3-ilovaning XV bandi (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2002-y., 22-son, 180-modda).

3. Vazirlar Mahkamasining “Vazirlar Mahkamasining “Milliy eksport qiluvchilarni sugʻurtalashni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 1998-yil 21-apreldagi 167-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida” 2014-yil 2-iyundagi 136-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2014-y., 23-son, 267-modda).

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 12-avgust,

477-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 13.08.2020-y., 09/20/477/1166-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 25.10.2022-y., 09/22/615/0953-son)

lex.uz