📅 2020-yil 12-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 12-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 12 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Соғлиқни сақлаш вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 июня 2020 г. · Документы министерств и ведомств · Министр здравоохранения
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 June 2020 · Ministry and agency documents · Sogʻliqni saqlash vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
РЎЙХАТИ
Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 12 июндаги 124-сон буйруғига ИЛОВА
Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонунга асосан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби ва шартларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тиббиёт муассасалари томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладор аёлнинг хоҳишига кўра ;
ҳомиладорнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганда ҳомиладорлик муддатидан қатъи назар.
2. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш акушерлик-гинекологик муассаса томонидан эр ва хотиннинг ёзма розилиги билан, эр бўлмаган тақдирда аёлнинг ўз розилиги ёки ота-онасининг розилиги ёхуд у вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларининг мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни қўллаш бўйича ихтиёрий розилик аризасига асосан амалга оширилади.
3. Аёл ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишга мажбур қилиниши мумкин эмас .
4. Тиббиёт муассасаси ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тўғрисида ёки ҳомиладорликни тўхтатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган аёлни унинг соғлиғи учун ҳар қандай эҳтимол тутилган салбий оқибатлар ҳақида хабардор этиши шарт .
5. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга оширишда ҳомиладор аёлнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган репродуктив ҳуқуқлари таъминланиши шарт.
6. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш ва ундан кейинги контрацепция билан боғлиқ маълумотлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шифокорлик сирини ташкил этади.
2-боб. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш
7. Ҳомиланинг ҳолати бўйича бирламчи маслаҳат олиш, тиббий текширувдан ўтиш ва ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун ҳомиладор аёл яшаш манзили ёки яшаш жойи ёҳуд турган жойи бўйича рўйхатга олинган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига (марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари) (бундан буён матнда бирламчи тиббий-санитария муассасаси деб юритилади) мурожаат қилади.
8. Бирламчи тиббий-санитария муассасасининг умумий амалиёт шифокори ёки акушер-гинеколог шифокор томонидан ҳомиладор аёлга ҳомиладорлик муддатини аниқлаш ва ҳомиладор аёлнинг соғлиғи ҳолатини баҳолаш учун керакли текширувни ўтказиш ҳамда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг оқибатлари тўғрисида маълумот берилади.
9. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун ҳомиладор аёл умумий амалиёт шифокори ёки акушер-гинеколог шифокор томонидан ҳомиладорлик муддати ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган стандартларга мувофиқ зарур бўлган тиббий текширувлардан, шунингдек тор мутахассислар маслаҳатидан ўтказилади.
10. Текшириш натижасида ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ рўйхат бўйича аниқланади.
11. Текширувлардан ўтган аёл ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун яшаш манзили ёки яшаш жойи ёҳуд турган жойи бўйича рўйхатга олинган акушерлик-гинекологик муассасага юборилади.
12. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш дори воситалари ёки жарроҳлик усули орқали амалга оширилади.
13. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш усуллари тўғрисида акушер-гинеколог шифокор, умумий амалиёт шифокори, акушерка ва патронаж ҳамширалари ҳомиладор аёлга маслаҳат беришлари лозим.
14. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш усули ҳомиланинг муддати, ҳомиладор аёлнинг умумий аҳволи ҳамда тиббий кўрсатмалар асосида ҳомиладор аёлнинг хоҳишига кўра танланади.
15. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш ҳомиладорликнинг муддати ва ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш усулига кўра амбулатор ёки стационар шароитда ўтказилади.
16. Ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладорликни сунъий равишда дори воситалари билан тўхтатиш бирламчи амбулатор-поликлиникада, жарроҳлик усули билан тўхтатиш акушерлик-гинекологик муассаса қошидаги амбулатор-поликлиникада амбулатор шароитда амалга оширилади.
Ҳомиладор аёлда юқори хавфли ёндош касалликлар ёки ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар бўлганда ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш қандай усулда бўлишидан қатъи назар тиббиёт муассасасининг гинекология бўлимида стационар шароитда амалга оширилади.
17. Ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтадан йигирма икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш қандай усулда бўлишидан қатъи назар тиббиёт муассасасининг гинекология бўлимида, ҳомиладорликнинг йигирма икки ҳафтадан кейинги муддатларида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш қандай усулда бўлишидан қатъи назар тиббиёт муассасасининг акушерлик бўлимида стационар шароитда амалга оширилади.
18. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилаётган ҳомиладорга оғриқсизлантириш усуллари таклиф этилади. Бунда, оғриқсизлантириш усулини танлаш ва қўллаш бўйича анестезиолог-реаниматолог томонидан кўрсатмалар берилади ва ҳомиладор аёлнинг танловига асосан оғриқсизлантириш усуллари амалга оширилади.
19. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш ўтказилаётган акушерлик-гинекологик муассасада ҳомиладор аёл тўғрисидаги мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун лозим бўлган ҳужжатлар шакллантирилади.
20. Мазкур Низомнинг 2-иловасидаги ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш учун марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникаси раҳбари буйруғига асосан консилиум ташкил этилади.
Консилиум таркибига марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникада ишловчи бўлим мудири, акушер-гинеколог шифокор, умумий амалиёт шифокори, неонатолог, ультратовуш текшируви шифокори, заруратга кўра тор мутахассислар ва ҳуқуқшунослар киритилади.
Консилиум ҳомиладор аёлнинг ва ҳомиланинг ҳолатидан келиб чиқиб ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса қилади.
21. Умумий амалиёт шифокори ёки акушер-гинеколог шифокор ҳомиладор аёл, унинг эри, эри бўлмаган тақдирда ота-онаси, шунингдек ҳомиладор аёл вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларига текширув натижалари, ҳомиладор аёлнинг ёндош касалликлари, ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар, ҳомиладор аёл ёки ҳомила соғлиғи ва ҳаёти учун келажакда кутилаётган хавфлар, даволаш усуллари, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг кутилаётган оқибатлари, асоратлари ҳақида маълумот беради, унинг асосида консилиум томонидан ҳомиладор аёл ҳомиладорликни давом эттириш ёки уни тўхтатиш тўғрисида хулоса қилинади.
22. Ҳомиладор аёл ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш таклифини рад этса, консилиум хулосасига биноан умумий амалиёт шифокори ёки акушер-гинеколог шифокор томонидан ҳомиладор аёлнинг эри, эри бўлмаган тақдирда ота-онаси, шунингдек ҳомиладор аёл вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларига ушбу ҳомиладорликда юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида маълумот берилиши лозим.
23. Ҳомиладор аёлнинг эри, эри бўлмаган тақдирда ота-онаси, шунингдек ҳомиладор аёл вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларига аёлнинг ҳомиладорлигида юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида маълумот берилгандан сўнг, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш рад этилган тақдирда, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни рад этиш белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва аёлнинг ҳомиладорликни давом эттириши назорат қилиб борилади.
24. Мазкур Низомнинг 2-иловасидаги ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилгандан сўнг эр-хотин ёки аёл ўз ҳудудидаги скрининг марказларга кейинги ҳомиладорликкача текшириш ўтказиш учун юборилади.
25. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш натижасида олинган барча материаллар (ҳомила, плацента, ҳомила тухуми) акушер-гинеколог шифокор томонидан тегишли лабораторияларда патологоанатомик, генетик текширишдан ўтказиш учун юборилиши лозим.
26. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилган аёлда қон резуси манфий бўлганда, унга 72 соат ичида одам rho (Д)-антирезуси иммуноглобулин препарати билан муолажа ўтказилади.
3-боб. Якуний қоидалар
27. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
28. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан келишилган.
Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
_________________________ нинг раҳбари (тиббиёт муассасаси номи) ____________________________________ (раҳбарнинг Ф.И.О.) _____________________ манзилда яшовчи, ________________________ йилда туғилган фуқаро ___________________________дан (Ф.И.О.) Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишга ихтиёрий розилик АРИЗАСИ ___________________________________________________________________ да яшовчи фуқаро (яшаш манзили) __________________________________________________________________________________ (туғилган йили, ёши) ______________________________________________________________________________нинг (ҳомиладор аёлнинг Ф.И.О.) __________________ ҳафталик муддатдаги ҳомиладорлигини сунъий равишда тўхтатишга ва бунинг учун муолажа ўтказишларига ўз ихтиёрим билан розилик бераман. Мен шифокордан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг усуллари (дори воситалари ва жарроҳлик йўли билан) ҳамда бу усулларнинг афзалликлари, камчиликлари, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг кутилаётган оқибатлари, асоратлари, оғриқсизлантириш усуллари, уларнинг самараси, кузатилиши мумкин бўлган асоратлари тўғрисида ҳамда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тартибига қатъий риоя қилинган ҳолда ҳам муолажа вақтида ва ундан кейин кузатилиши мумкин бўлган асоратларнинг олдини олишга тўлиқ кафолат йўқлиги, даволовчи шифокор ёзиб берган дори воситаларини қабул қилишим лозимлиги, жинсий ҳаёт тартиби ҳақида ва бу тартиб бузилганда кузатилиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида маълумот олдим. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишга ишончим комил бўлмаса, мазкур усулдан бош тортишим мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилдим. Хомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш усуллари билан танишган ҳолда, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишнинг қуйидаги усулини танладим (кераклисини тагига чизилсин) : дори воситалари орқали; жарроҳлик йўли билан. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни дори воситалари орқали амалга ошириш баённомаси, унга қарши кўрсатмалар ва муолажани қўллашда юз берадиган ножўя таъсирлар ҳамда дори воситаларини қўллаш йўриқномаси билан танишиб чиқдим ва қуйидагилардан бирини танладим (кераклисини тагига чизилсин) : Дори воситаси(лари)ни уйда қабул қилишга ва ўз вақтида шифохонага мурожаат қилишга ва ҳомила тўла тушгунча шифокор назорати остида бўлишга розиман Дори воситаси(лари)ни шифохонада қабул қилишга ва ҳомила тўла тушгунча шифокор назорати остида бўлишга розиман Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни жарроҳлик усули билан амалга ошириш баённомаси, жарроҳлик йўли билан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш босқичлари, жарроҳликдан сўнг кузатилиши мумкин бўлган асоратлар ва оқибатлар билан танишдим ва ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни жарроҳлик усули билан амалга оширишни танладим. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш учун оғриқсизлантириш усуллари билан танишдим ва қуйидагилардан бирини танладим (кераклисини тагига чизилсин) : вербал усул; маҳаллий усул; оғриқсизлантирувчи дори воситалари орқали; седация усули; умумий оғриксизлантириш орқали; бошқа усуллар. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишда эҳтимолий асоратлар ҳақида тўлиқ маълумотларни олганлигимни, ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаганлигини ҳамда онгли ва ихтиёрий равишда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишга қарор қабул қилганимни тасдиқлайман. _______________________ (Ф.И.О.) _______________________ (имзо) _______________________ (ариза тўлдирилган сана)
Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ҳомиладорнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар
Т/р Тиббий кўрсатмалар номи Қарши кўрсатмалар шакли, босқичи, даражаси, фазаси Изоҳлар Айрим инфекцион ва паразитар касалликлар 1. Сил касаллиги: Барча фаол шакллари а) бактериологик ва гистологик тасдиқланган нафас аъзолари сил касаллиги б) бактериологик ва гистологик тасдиқланмаган нафас аъзолари сили в) асаб тизими сили Сил менингити (туберкулёзли менингит) — мия пўстлоғи сили (бош мия , орқа мия) ҳомиладорликни тўхтатиш учун нисбий қарши кўрсатма бўлиб ҳисобланади, консилиумда индивидуал равишда ҳал этилади . г) бошқа аъзолар ва тизимлар сили д) суяклар ва бўғимлар сили е) сийдик йўллари сили (аёлларда) ж) ичак ва чарви лимфатик тугунлари сили з) милиар сил Ҳомиладорликни тўхтатиш учун нисбий қарши кўрсатма бўлиб ҳисобланади, консилиумда индивидуал равишда ҳал этилади. 2. Қизилча Ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтасигача бўлган муддатида тўхтатиш, жумладан ҳомиладор аёл қизилча билан касалланган бемор билан алоқада бўлганида, ҳомиладор аёлда иммунитет мавжуд бўлмаганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. Ўсма касалликлар 3. Кичик тос соҳасидаги кимётерапия ёки нур терапиясини талаб этадиган хавфли ўсмалар Қон ва қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари 4. Илк бор аниқланган ўткир лейкозлар 5. Миелодиспластик синдромлар 6. Юқори хавф гуруҳидаги лимфомалар 7. Лимфогранулематоз III-IV босқичлар 8. Сурункали миелолейкоз: а)тирозинкиназа ингибиторлари билан даволашни талаб этадиган б) касалликнинг сўнгги босқичи Ҳомиладорликни ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида тўхтатиш; тирозинкиназа ингибиторлари билан даволаш даврида ҳомиладорлик юзага келганда, даволаш тўхтатилиши ва терапиянинг бошқа турлари тавсия этилиши зарур. 9. Сурункали миелопролифератив касалликлар 10. Апластик камқонлик Оғир шакли Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтагадан кейинги муддатларида ҳомиладорликни сақлаб қолиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 11. Гемолитик камқонлик Ўткир гемолитик кризларнинг оғир қайталанувчи кечиши 12. Идиопатик тромбоцитопеник пурпура Сурункали узлуксиз қайталанувчан кечиши, терапиянинг ҳар қандай шаклига рефрактерлик Ҳомиладорикнинг муддатидан қатьи назар ҳомиладорликни сақлаб қолиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 13. Порфириянинг ўткир даври, сўнгги ҳуружидан 2 йилдан кам бўлган даврда «ёруғ» даврнинг давом этиши Изоҳ : 1. Илк ташхисланган ўткир лейкоз, миелодиспластик синдромлар, юқори хавф лимфомалари, лимфогранулематоз III-IV босқичи, сурункали миелопролифератив касалликлар, гемолитик камқонлик ва порфириянинг ўткир ҳуружида ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тавсия этилади. 2. Ҳомиладорликни ўн икки ҳафтадан кейинги муддатларидаҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солувчи қон ва қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари мавжуд бўлганда, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал қилинади, бунда шифокор-гематолог иштироки таъминланиши лозим. 3. Ҳомиладорликни суньий равишда тўхтатиш қон компонентлари (янги музлатилган, тромбоконцентратлар, эритроцитар масса) билан таъминлаш шароитига эга бўлган тиббиёт муассасаларида стационар шароитда амалга оширилади. Эндокрин тизим касалликлари. Овқатланиш тартиби ва модда алмашинувининг бузилиши 14. Қандли диабет касаллиги оғир нефропатия асорати билан 15. Буйрак трансплантациясидан кейинги қандли диабет 16. Қандли диабет пролифератив ретинопатия ривожланиши билан 17. Гиперпаратиреоз Фаол даври (жарроҳликкача) Висцерал ва суякларда ўзгариш билан бўлган оғир кечиши мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 18. Акромегалия 19. Пролактинома Допамин агонистларига резистентлик ва хиазмал бузилишлар мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 20. Иценко-Кушинг синдроми Фаол даври Руҳий бузилишлар 21. Сурункали ва давомли руҳий бузилишлар, оғир ва барқарор оғриқ билан (психозлар ва ақлий заифлик) ёки ҳомиладорлик ва туғруқ таъсирида зўрайишининг катта эҳтимоли билан 22. Ирсий ва дегенератив руҳий бузилишлар Психиатрия муассасаси томонидан боланинг онаси ёки отасида тасдиқланган бўлиши керак. 23. Яққол ифодаланган психоген бузилишлар 24. Психоактив моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ руҳий бузилишлар 25. Кайфият бузилишлари (аффектив бузилишлар) Ҳомиладор аёлда ўз жонига суиқасд қилиш ҳаракатлари мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. Асаб тизими касалликлари 26. Марказий асаб тизимининг яллиғланиш касалликлари 27. Асосан марказий асаб тизимини шикастловчи тизимли атрофиялар(Гвитингтон хореяси) Оғир кечиши Кучли ифодалангандеменция, психотик бузилишлар мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 28. Ҳаракат неврони касаллиги (ёнбош амиотрофик склероз) Оғир кечиши Ўсиб бораётган бульвар фалаж, орқа мияга хос, мушак атрофиялари мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 29. Паркинсонизм Оғир шакли (ўзига ўзи хизмат қилишнинг имкони йўқлиги) Паркинсонга қарши даволаш асоратлари (дискинезиялар, ортостатик гипотония) мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 30. Дистониялар Умумлашган шакллари 31. Марказий нерв системасининг демиелинизирловчи касалликлари (тарқалган склероз) Ривожланувчи кечиши Ўсиб бораётган фалажлар, кўрув асабларининг атрофияси, ютиниш, нафас олиш, юрак қон-томир фаолияти бузилиши, тос ўзгаришлари (сийдик тутиб тура олмаслик, сийдикнинг ўткир тутилиб қолиши) мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 32. Эпилепсия Оғир кечиши Эпилепсияга қарши терапия ва эпилептик психозларга резистентлик, ҳуружларнинг тез-тез кузатилиши мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 33. Мия қон айланишининг ўткир бузилишлари (церебрал, орқа мия) Оғир кечиши Кучли ифодаланган онг (сопор, кома) ва витал функцияларнинг (нафас олиш, юрак қон-томир фаолияти) бузилишлари мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 34. Уйқу бузилиши: каталепсия ва нарколепсия 35. Нерв чигаллари ва тутамларининг шикастланиши 36. Яллиғланишли полиневропатия, Гийена-Барре синдроми Оғир кечиши Ўсиб бораётган бўшаштирувчи тетрапарез, витал функциялар бузилиши мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 37. Асаб-мушак синапси ва мушак касалликлари 38. Гепатолентикуляр дегенерация (Вильсон-Коновалов касаллиги) Оғир шакли Жигар етишмовчилиги ва портал гипертензия мавжудлиги, қизилўнгач веналари варикоз кенгайишларидан қон кетиш, психотик бузилишлар мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. Кўз ва унинг ёндош аппарати касалликлари 39. Кўриш аъзоларининг хавфли ўсмалари (ёрдамчи аппарати, кўз, кўз косаси) Аралаш кимёвий нурли даво муолажалари олиш даврида ва шу муолажа ўтказилганидан кейин 3 — 5 йил давомида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. Қон айланиш тизими касалликлари 40. Юрак ревматоид нуқсонлари: а) ревматоид жараён фаоллиги билан кечадиган юрак нуқсонлари б) қон айланиши етишмовчилиги билан кечадиган юрак нуқсонлари 2Б, 3-даражаси в) бактериал эндокардит асорати бўлган юрак нуқсонлари г) юрак ритми бузилиши билан кечадиган юрак нуқсонлари: тебранувчи аритмия, пароксизмал тахикардиянинг тез-тез ҳуружлари, Морганьи-Адамс-Стокс ҳуружлари билан кечувчи тўлиқ атриовентрикуляр блокада Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтасидан кейинги муддатларида электрокардиостимулятор ўрнатилиши мумкин, бунда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилмайди. д) ҳомиладорлик давомида ёки анамнезда тромбоэмболик асоратлар билан кечадиган юрак нуқсонлари, ҳамда юрак соҳасида тромблар мавжудлиги е) атриомегалияли ёки кардиомегалияли юрак нуқсонлари 41. Юракнинг туғма нуқсонлари: а) қон отилиши нуқсони бўлган юрак касалликлари (юрак бўлмаси орасидаги тўсиқ нуқсони, юрак қоринчалар орасидаги тўсиқ нуқсони, очиқ артериал найча): қон айланиши етишмовчилиги 2Б-даражаси билан ёндош кечадиган юрак нуқсонлари; ўпка гипертензияси билан кечувчи юрак нуқсонининг 3-даражаси; бактериал эндокардит асорати бўлган юрак нуқсонлари. Ўпка гипертензияси II-IV даражаси (Хит-Эдвардс бўйича таснифлаш) б) юрак чап қоринчаси (аорта стенози, аорта коарктацияси) ёки ўнг қоринчадан (ўпка артерияси стенози) қон отилиши қийинлашган юрак нуқсонлари: қон айланиши етишмовчилиги 2А-даражаси ва ундан юқори даражалар билан кечадиган юрак нуқсонлари; постстенотик кенгайиши мавжуд нуқсонлар (аорта ёки ўпка артерияси аневризмаси). в) 3-4 даражали регургитация ва ритмнинг жиддий бузилишлари билан кечадиган атриовентрикуляр клапанларнинг туғма нуқсонлари г) кардиомиопатиялар: дилатацион кардиомиопатия; рестриктив кардиомиопатия; чап, ўнг ёки иккала қоринчалар чиқиш трактининг кучли обструкцияси билан кечувчи гипертрофик кардиомиопатия; юрак ритми жиддий бузилишлари билан кечадиган чап қоринча обструкциясисиз гипертрофик кардиомиопатия. д) Фалло тетрадаси Паллиатив жарроҳликдан кейин коррекция қилинмаган ҳолларда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. е) Фалло пентадаси Паллиатив жарроҳликдан кейин коррекция қилинмаган ҳолларда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. ж) Эбштейн аномалияси Коррекция қилинмаган ҳолларда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. з) юракнинг мураккаб туғма нуқсонлари (магистрал томирлар транспозицияси, атриовентрикуляр коммуникациянинг тўлиқ шакли, умумий артериал устун, юрак ягона қоринчаси, атриовентрикуляр ёки ярим ой қопқоқлари атрезияси) и) Эйзенменгер синдроми к) Лютамбаше синдроми л) Айерс (Аэрза) (синдроми) касаллиги (ўпка гипертензияси билан кечувчи ўпка артериясининг чегараланган склерози) 42. Миокард, эндокард ва перикард касаллиги: а) ҳар қандай этиологияли миокарднинг ўткир ва ўткир ости шакллари б) сурункали миокардит, қон айланиш етишмовчилиги 2Б ва 3-даражаси, ритмнингмураккаб ва турғун бузилишлари — тебранувчи аритмия, пароксимал тахикардия қайталанувчи ҳуружлари, тўлиқ атриовентрикуляр блокада, Морганьи-Адамс-Стокс ҳуружлари билан кечадиган миокардиосклероз ва миокардиодистрофия в) ҳомиладорлик вақтида ёки анамнезда қон айланиши етишмовчилиги ва ритм бузилишлари мавжуд вазиятдаги миокард инфаркти г) бактериал эндокардит: ўткир ва ўткир ости бактериал эндокардит д) перикардит: ўткир, ўткир ости, жарроҳлик ва констриктив перикардит 43. Юрак ритми бузилишлари: а) тебранувчи аритмия Антикоагулянт дори воситаларини қабул қилмасдан ҳомиладорликни суньий равишда тўхтатиш амалга оширилади. б) ҳуружлар тез-тез кузатиладиган пароксизмал тахикардия Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтасидан кейинги муддатларда радиочастотали аблация қўлланилиши мумкин. в)аритмиянинг тез-тез ҳуружлари билан кечадиган Вольф-Паркинсон-Уайт синдроми Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтасидан кейинги муддатларда радиочастотали аблация қўлланилиши мумкин. г) Морганьи-Адамс-Стокс ҳуружлари билан кечадиган тўлиқ атриовентрикуляр блокада ва юрак қисқаришлар сонининг бир дақиқада 40 тадан кам бўлиши Ҳомиладорликнинг йигирма ҳафтасидан кейинги муддатларда радиочастотали аблация қўлланилиши мумкин. 44. Бошдан кечирилган кардиожарроҳлик амалиётларидан кейинги ҳолатлар: а) митрал комиссуротомиядан кейин: митрал клапаннинг травматик етишмовчилиги; рестеноз; ўпка гипертензияси; фаол ревматизм б) сунъий ёки биологик транплантатлар билан протезлашдан кейин (ревматик ёки юрак туғма нуқсонларида) кўп клапанли протезлашдаги бир клапан протези функциясининг бузилиши в) юрак туғма нуқсонининг паллиатив (тўлиқмас) коррекцияси г) ўпка гипертензияси қолдиқ аломатлари қолган юрак туғма нуқсонининг жарроҳлик коррекциясидан кейин д) қониқарсиз натижа билан бажарилган ҳар қайси юрак нуқсонининг жарроҳлик коррекцияси 45. Томир касалликлари: а) аорта ва унинг шохлари касалликлари: аортанинг ҳар қайси соҳасида жойлашгананевризмалар (кўкрак, қорин), жумладан реконструктив жарроҳлик амалиётидан кейин, яъни магистрал артерия қон томирларини (мия, буйрак, талоқ, ёнбош) шунтлаш ва протезлаш шунингдек жарроҳлик амалиётидан кейинги даврда б) тромбоэмболия касаллиги ва тромбоэмболик асоратлар (бош мия, қўл, оёқ, буйраклар артериялари, мезентериал қон-томирлар ва ўпка артерия шохларининг тизимли эмболияси) 46. Гипертония касаллиги, гипертония касаллиги ўтказилган терапиядан самара бўлмаган вазиятда II-III босқичлари Гипотензив терапиянинг муносиблиги консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал қилинади. Нафас аъзолари касалликлари 47. Ўпка касалликлари натижасида келиб чиққан, терапевтик даво муолажалари самара бермаган оғир нафас етишмовчилиги 48. Терапевтик даво муолажалари самара бермаган юқори ўпка гипертензияси билан кечувчи касалликлар Овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари 49. Ўн икки бармоқли ичак пилорик қисми стенози ва қон кетиши билан асоратланган ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яра касаллиги 50. Жигар етишмовчилиги билан кечувчи юқори фаол сурункали гепатит Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал қилинади. 51. Портал гипертензия мавжуд ҳолатдаги жигар циррози, қизилўнгач варикоз веналаридан қон кетиш хавфи, жигар етишмовчилиги 52. Жигар ўткир ёғли дистрофияси 53. Стеноз ва оқмалар билан асоратланган, сўрилиш ва қон кетишлар билан кечадиган Крон касаллиги 54. Йўғон ичак токсик дилатацияси, профуз ич кетишлар, ичакдан массив қон кетиш билан асоратланган неспецифик ярали колит 55. Целиакия, ингичка ичакда сўрилиш бузилиши Ташх ис ингичка (ўн икки бармоқли ичак) ичакнинг гистологик текшируви ва тўқима трансглутамазаси ва глиадинга антителарни иммунологик тестлар орқалитекшириш йўли билан тасдиқланиши лозим. 56. Қорин девори чурраси Қорин девори ажралиши билан кузатиладиган катта ҳажмдаги чурралар мавжуд бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал этилади. 57. Ичак тутилиши билан кечадиган ичак чандиқ касаллиги 58. Ичак яралари Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум томонидан индивидуал равишда ҳал қилинади. Сийдик-айирув тизими касаллиги 59. Ўткир гломерулонефрит 60. Сурункали гломерулонефритнинг ҳар қандай шакли ҳуруж даврида: нефротик синдром; антигипертензив терапияга резистент артериал гипертензия; буйраклар функциясининг бузилиши (қондаги креатинин 200 мкмоль/л) Антигипертензив терапиянинг ҳомиладор аёл ҳолатига мослиги консилиум томонидан баҳоланади. 61. Ҳар қандай этиологияли сурункали буйрак етишмовчилиги Ҳомиладорлик юзага келгунга қадар ҳар қандай ташх исда қон зардобидаги креатинин даражаси 200 мкмоль/л (1,8 мг/дл) дан ошмаслиги зарур; Ҳомиладорликнинг муддатидан қатъи назар қон зардобида креатинин миқдорининг прогрессив ошиб борганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 62. Ягона буйрак (туғма ёки нефрэктомиядан кейин), азотемия, артериал гипертензия, сил, пиелонефрит, гидронефроз Суяк-мушак тизими ва бириктирувчи тўқима касалликлари 63. Туғма кўп сонли артрогриппоз 64. Ахондроплазия 65. Дистрофик дисплазия 66. Ахондрогенезия 67. Тугалланмаган остеогенез 68. Қўл-оёқнинг туғма йўқлиги 69. Ревматоид васкулит Ҳуруж даврида 70. Бошқа аъзолар ва тизимлар иштирокидаги ревматоид артрит Ҳуруж даврида Ҳаёт учун муҳим аъзоларни зарарловчи юқори фаоллик бўлганда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 71. Катта ёшдаги шахсларда ривожланадиган Фелти синдроми, Стилл касаллиги Ҳуруж даврида 72. Тугунли полиартериит Ҳуруж даврида ва (ёки) оғир кечиши Хавфли гипертензия, кўп аъзолар зарарланиши натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 73. Ўпкани зарарловчи полиартериит (Чердж-Стросс) Ҳуруж даврида Ўпка зарарланиши ва қон туфлаш натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 74. Вегенер гранулематози Ҳуруж даврида ва (ёки) оғир кечиши Ўпка ва буйраклар зарарланиши натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 75. Аорта ёйи синдроми (Такаясу) (носпецифик аортоартериит) Оғир кечиши Қон айланиши етишмовчилиги симптомлари билан кечувчи юрак аортал клапанлари зарарланиши натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 76. Тизимли қизил бўрича Ўткир кечиши, жараён юқори фаолликда сурункали кечиши, ҳаётий муҳим аъзоларнинг зарарланиши Буйраклар (нефротик синдромли нефрит), марказий асаб тизими (психоз, эписиндром), юрак (эндокардит, перикардит), ўпка (пневмонит, плеврит) зарарланиши ёки функцияларининг бузилиши ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 77. Дермато(поли)миозит Ҳуруж даври ва (ёки) узоқ вақт глюкокортикоидлар катта дозаларини талаб этадиган терапия 78. Кучайиб борадиган тизимли склероз (тизимли склеродермия) Жараённинг юқори фаоллигида ўткир ва сурункали кечиши Буйрак, ўпка, юрак зарарланиши, функцияларининг бузилиши натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 79. Қуруқ синдром (Шегрен) Ҳуруж даврида Буйрак, ўпка зарарланиши, гипергамма ва (ёки) криоглобулинемик пурпура натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 80. Бириктирувчи тўқиманинг аралаш касаллиги Ҳуруж даврида Ўпка, буйрак, юракни зарарловчи юқори фаоллик натижасида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 81. Анкилозловчи спондилит (Бехтерев касаллиги) Қон айланиши бузилиши аломатлари билан кечадиган аортал қопқоқлар зарарланишида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. Ҳомиладорлик, туғруқлар ва туғруқдан кейинги давр 82. Елбўғоз Елбўғоз 2 йилдан кам бўлмаган муддатда аввал ўтказилган бўлса, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади. 83. Хорионэпителиома 84. Стационар шароитда даво чоралари ўтказилганлигига қарамасдан ҳомиладорлик даврида давомий кучли қайд қилиш Даво муолажаларининг ҳомиладор аёл ҳолатига мослиги консилиум томонидан баҳоланади. 85. Ҳомиладорлик даврида тератоген таъсирга эга дори воситаларини қабул қилиш тавсия этилган касалликлар ва ҳолатлар Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи консилиум ва шифокор-генетик томонидан индивидуал равишда қилинади. Физиологик ҳолатлар 86. Физиологик ҳолатлар 14 ёшга тўлгунга қадар ҳомиладор аёлнинг физиологик етилмаган ҳолати Ҳомиладорликнинг йигирма икки ҳафтасигача бўлган муддатда ҳомиладорлик сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади, ҳомиладорликнинг йигирма икки ҳафтасидан кейинги муддатларда ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш масаласи индивидуал равишда консилиум томонидан ҳал қилинади. Изоҳ: Ҳомиладор аёлда мазкур Рўйхатда мавжуд бўлмаган касаллик(лар) аниқланса ҳамда мазкур касаллик (лар) ҳомиладорлик ва туғруқ учун хавф туғдирса ёки ҳомиладор аёл саломатлиги учун жиддий шикаст етказиши мумкин бўлса, ҳомиладорликни суньий равишда тўхтатиш масаласи индивидуал тартибда консилиум томонидан ҳал қилинади.
Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун лозим бўлган ҳужжатлар
1. Амбулатор тиббий варақа (Ф.025/Х)
2. Ҳомиладор ва (ёки) туққан аёлнинг индивидуал варақаси (Ф.111-х)
3. Амбулатория-поликлиника шароитида дори воситаси орқали ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш баённомаси
4. Шифохона шароитида дори воситаси орқали ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш баённомаси
5. Жарроҳлик йўли билан ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш баённомаси
6. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш варақаси (Ф.003-1)
7. Ҳомиладор аёлнинг касаллик тарихи (Ф.003/Х)
8. Ҳомиладор аёлнинг туғруқ тарихи (Ф.096/У)
9. Ҳомиланинг ривожланиш тарихи (Ф. 097/Х)
10. Консилиум журнали
11. Ҳомиладорликни дори воситалари орқали сунъий равишда тўхтатишга ихтиёрий розилик аризаси
12. Дори воситаси орқали ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш уйда ўтказилган аёлларга ўз-ўзини кузатиш бўйича эслатма
13. Ҳомиладорлиги сунъий равишда тўхтатилган аёлларга ўз-ўзини кузатиш бўйича эслатма
14. Аёлларга маслаҳат бериш мақсадида ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни жарроҳлик йўли билан амалга ошириш таърифланган кўргазма ва ёзма материаллар.
Вазир А. ШАДМАНОВ
Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Р. ИЗАМОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 12 июнь,
2020 йил 12 июнь
124-сон
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining
buyrugʻi
NIZOM
ROʻYXATI
ROʻYXATI
Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolarning reproduktiv salomatligini saqlash toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:
1. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining 2020-yil 12-iyundagi 124-son buyrugʻiga ILOVA
Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom “Fuqarolarning reproduktiv salomatligini saqlash toʻgʻrisida”gi Qonunga asosan homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish tartibi va shartlarini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish tibbiyot muassasalari tomonidan quyidagi hollarda amalga oshiriladi:
homiladorlikning oʻn ikki haftagacha boʻlgan muddatida homilador ayolning xohishiga koʻra ;
homiladorning hayotiga xavf soluvchi tibbiy koʻrsatmalar mavjud boʻlganda homiladorlik muddatidan qatʼi nazar.
2. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish akusherlik-ginekologik muassasa tomonidan er va xotinning yozma roziligi bilan, er boʻlmagan taqdirda ayolning oʻz roziligi yoki ota-onasining roziligi yoxud u voyaga yetmagan yoki muomalaga layoqatsiz boʻlgan taqdirda boshqa qonuniy vakillarining mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakldagi homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni qoʻllash boʻyicha ixtiyoriy rozilik arizasiga asosan amalga oshiriladi.
3. Ayol homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishga majbur qilinishi mumkin emas .
4. Tibbiyot muassasasi homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish toʻgʻrisida yoki homiladorlikni toʻxtatishni rad etish haqida qaror qabul qilgan ayolni uning sogʻligʻi uchun har qanday ehtimol tutilgan salbiy oqibatlar haqida xabardor etishi shart .
5. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirishda homilador ayolning qonunchilik hujjatlarida belgilangan reproduktiv huquqlari taʼminlanishi shart.
6. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish boʻyicha faoliyatni amalga oshiruvchi tibbiyot tashkilotlari tomonidan homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish va undan keyingi kontratsepsiya bilan bogʻliq maʼlumotlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq shifokorlik sirini tashkil etadi.
2-bob. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish
7. Homilaning holati boʻyicha birlamchi maslahat olish, tibbiy tekshiruvdan oʻtish va homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish uchun homilador ayol yashash manzili yoki yashash joyi yohud turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olingan birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalariga (markaziy tuman (shahar) koʻp tarmoqli poliklinikalari, shahar va qishloq oilaviy poliklinikalari, qishloq vrachlik punktlari) (bundan buyon matnda birlamchi tibbiy-sanitariya muassasasi deb yuritiladi) murojaat qiladi.
8. Birlamchi tibbiy-sanitariya muassasasining umumiy amaliyot shifokori yoki akusher-ginekolog shifokor tomonidan homilador ayolga homiladorlik muddatini aniqlash va homilador ayolning sogʻligʻi holatini baholash uchun kerakli tekshiruvni oʻtkazish hamda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishning oqibatlari toʻgʻrisida maʼlumot beriladi.
9. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish uchun homilador ayol umumiy amaliyot shifokori yoki akusher-ginekolog shifokor tomonidan homiladorlik muddati va salomatlik holatidan kelib chiqib, belgilangan standartlarga muvofiq zarur boʻlgan tibbiy tekshiruvlardan, shuningdek tor mutaxassislar maslahatidan oʻtkaziladi.
10. Tekshirish natijasida homilador ayolning hayotiga xavf soluvchi tibbiy koʻrsatmalar mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq roʻyxat boʻyicha aniqlanadi.
11. Tekshiruvlardan oʻtgan ayol homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish uchun yashash manzili yoki yashash joyi yohud turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olingan akusherlik-ginekologik muassasaga yuboriladi.
12. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish dori vositalari yoki jarrohlik usuli orqali amalga oshiriladi.
13. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish usullari toʻgʻrisida akusher-ginekolog shifokor, umumiy amaliyot shifokori, akusherka va patronaj hamshiralari homilador ayolga maslahat berishlari lozim.
14. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish usuli homilaning muddati, homilador ayolning umumiy ahvoli hamda tibbiy koʻrsatmalar asosida homilador ayolning xohishiga koʻra tanlanadi.
15. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish homiladorlikning muddati va homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish usuliga koʻra ambulator yoki statsionar sharoitda oʻtkaziladi.
16. Homiladorlikning oʻn ikki haftagacha boʻlgan muddatida homiladorlikni sunʼiy ravishda dori vositalari bilan toʻxtatish birlamchi ambulator-poliklinikada, jarrohlik usuli bilan toʻxtatish akusherlik-ginekologik muassasa qoshidagi ambulator-poliklinikada ambulator sharoitda amalga oshiriladi.
Homilador ayolda yuqori xavfli yondosh kasalliklar yoki homilador ayolning hayotiga xavf soluvchi tibbiy koʻrsatmalar boʻlganda homiladorlikning oʻn ikki haftagacha boʻlgan muddatida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish qanday usulda boʻlishidan qatʼi nazar tibbiyot muassasasining ginekologiya boʻlimida statsionar sharoitda amalga oshiriladi.
17. Homiladorlikning oʻn ikki haftadan yigirma ikki haftagacha boʻlgan muddatida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish qanday usulda boʻlishidan qatʼi nazar tibbiyot muassasasining ginekologiya boʻlimida, homiladorlikning yigirma ikki haftadan keyingi muddatlarida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish qanday usulda boʻlishidan qatʼi nazar tibbiyot muassasasining akusherlik boʻlimida statsionar sharoitda amalga oshiriladi.
18. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshirilayotgan homiladorga ogʻriqsizlantirish usullari taklif etiladi. Bunda, ogʻriqsizlantirish usulini tanlash va qoʻllash boʻyicha anesteziolog-reanimatolog tomonidan koʻrsatmalar beriladi va homilador ayolning tanloviga asosan ogʻriqsizlantirish usullari amalga oshiriladi.
19. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish oʻtkazilayotgan akusherlik-ginekologik muassasada homilador ayol toʻgʻrisidagi mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish uchun lozim boʻlgan hujjatlar shakllantiriladi.
20. Mazkur Nizomning 2-ilovasidagi homilador ayolning hayotiga xavf soluvchi tibbiy koʻrsatmalar natijasida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish uchun markaziy tuman (shahar) koʻp tarmoqli poliklinikasi rahbari buyrugʻiga asosan konsilium tashkil etiladi.
Konsilium tarkibiga markaziy tuman (shahar) koʻp tarmoqli poliklinikada ishlovchi boʻlim mudiri, akusher-ginekolog shifokor, umumiy amaliyot shifokori, neonatolog, ultratovush tekshiruvi shifokori, zaruratga koʻra tor mutaxassislar va huquqshunoslar kiritiladi.
Konsilium homilador ayolning va homilaning holatidan kelib chiqib homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish maqsadga muvofiqligi yoki muvofiq emasligi toʻgʻrisida xulosa qiladi.
21. Umumiy amaliyot shifokori yoki akusher-ginekolog shifokor homilador ayol, uning eri, eri boʻlmagan taqdirda ota-onasi, shuningdek homilador ayol voyaga yetmagan yoki muomalaga layoqatsiz boʻlgan taqdirda boshqa qonuniy vakillariga tekshiruv natijalari, homilador ayolning yondosh kasalliklari, homilador ayolning hayotiga xavf soluvchi tibbiy koʻrsatmalar, homilador ayol yoki homila sogʻligʻi va hayoti uchun kelajakda kutilayotgan xavflar, davolash usullari, homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishning kutilayotgan oqibatlari, asoratlari haqida maʼlumot beradi, uning asosida konsilium tomonidan homilador ayol homiladorlikni davom ettirish yoki uni toʻxtatish toʻgʻrisida xulosa qilinadi.
22. Homilador ayol homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish taklifini rad etsa, konsilium xulosasiga binoan umumiy amaliyot shifokori yoki akusher-ginekolog shifokor tomonidan homilador ayolning eri, eri boʻlmagan taqdirda ota-onasi, shuningdek homilador ayol voyaga yetmagan yoki muomalaga layoqatsiz boʻlgan taqdirda boshqa qonuniy vakillariga ushbu homiladorlikda yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida maʼlumot berilishi lozim.
23. Homilador ayolning eri, eri boʻlmagan taqdirda ota-onasi, shuningdek homilador ayol voyaga yetmagan yoki muomalaga layoqatsiz boʻlgan taqdirda boshqa qonuniy vakillariga ayolning homiladorligida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida maʼlumot berilgandan soʻng, homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish rad etilgan taqdirda, homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni rad etish belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi va ayolning homiladorlikni davom ettirishi nazorat qilib boriladi.
24. Mazkur Nizomning 2-ilovasidagi homilador ayolning hayotiga xavf soluvchi tibbiy koʻrsatmalar natijasida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshirilgandan soʻng er-xotin yoki ayol oʻz hududidagi skrining markazlarga keyingi homiladorlikkacha tekshirish oʻtkazish uchun yuboriladi.
25. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish natijasida olingan barcha materiallar (homila, platsenta, homila tuxumi) akusher-ginekolog shifokor tomonidan tegishli laboratoriyalarda patologoanatomik, genetik tekshirishdan oʻtkazish uchun yuborilishi lozim.
26. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshirilgan ayolda qon rezusi manfiy boʻlganda, unga 72 soat ichida odam rho (D)-antirezusi immunoglobulin preparati bilan muolaja oʻtkaziladi.
3-bob. Yakuniy qoidalar
27. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgar boʻladi.
28. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion sogʻliqni saqlash milliy palatasi bilan kelishilgan.
Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
_________________________ ning rahbari (tibbiyot muassasasi nomi) ____________________________________ (rahbarning F.I.O.) _____________________ manzilda yashovchi, ________________________ yilda tugʻilgan fuqaro ___________________________dan (F.I.O.) Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishga ixtiyoriy rozilik ARIZASI ___________________________________________________________________ da yashovchi fuqaro (yashash manzili) __________________________________________________________________________________ (tugʻilgan yili, yoshi) ______________________________________________________________________________ning (homilador ayolning F.I.O.) __________________ haftalik muddatdagi homiladorligini sunʼiy ravishda toʻxtatishga va buning uchun muolaja oʻtkazishlariga oʻz ixtiyorim bilan rozilik beraman. Men shifokordan homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishning usullari (dori vositalari va jarrohlik yoʻli bilan) hamda bu usullarning afzalliklari, kamchiliklari, homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishning kutilayotgan oqibatlari, asoratlari, ogʻriqsizlantirish usullari, ularning samarasi, kuzatilishi mumkin boʻlgan asoratlari toʻgʻrisida hamda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish tartibiga qatʼiy rioya qilingan holda ham muolaja vaqtida va undan keyin kuzatilishi mumkin boʻlgan asoratlarning oldini olishga toʻliq kafolat yoʻqligi, davolovchi shifokor yozib bergan dori vositalarini qabul qilishim lozimligi, jinsiy hayot tartibi haqida va bu tartib buzilganda kuzatilishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida maʼlumot oldim. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishga ishonchim komil boʻlmasa, mazkur usuldan bosh tortishim mumkinligi toʻgʻrisida ogohlantirildim. Xomiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish usullari bilan tanishgan holda, homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishning quyidagi usulini tanladim (keraklisini tagiga chizilsin) : dori vositalari orqali; jarrohlik yoʻli bilan. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni dori vositalari orqali amalga oshirish bayonnomasi, unga qarshi koʻrsatmalar va muolajani qoʻllashda yuz beradigan nojoʻya taʼsirlar hamda dori vositalarini qoʻllash yoʻriqnomasi bilan tanishib chiqdim va quyidagilardan birini tanladim (keraklisini tagiga chizilsin) : Dori vositasi(lari)ni uyda qabul qilishga va oʻz vaqtida shifoxonaga murojaat qilishga va homila toʻla tushguncha shifokor nazorati ostida boʻlishga roziman Dori vositasi(lari)ni shifoxonada qabul qilishga va homila toʻla tushguncha shifokor nazorati ostida boʻlishga roziman Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni jarrohlik usuli bilan amalga oshirish bayonnomasi, jarrohlik yoʻli bilan homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish bosqichlari, jarrohlikdan soʻng kuzatilishi mumkin boʻlgan asoratlar va oqibatlar bilan tanishdim va homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni jarrohlik usuli bilan amalga oshirishni tanladim. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish uchun ogʻriqsizlantirish usullari bilan tanishdim va quyidagilardan birini tanladim (keraklisini tagiga chizilsin) : verbal usul; mahalliy usul; ogʻriqsizlantiruvchi dori vositalari orqali; sedatsiya usuli; umumiy ogʻriksizlantirish orqali; boshqa usullar. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishda ehtimoliy asoratlar haqida toʻliq maʼlumotlarni olganligimni, hech qanday tazyiq oʻtkazilmaganligini hamda ongli va ixtiyoriy ravishda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishga qaror qabul qilganimni tasdiqlayman. _______________________ (F.I.O.) _______________________ (imzo) _______________________ (ariza toʻldirilgan sana)
Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Homiladorning hayotiga xavf soluvchi tibbiy koʻrsatmalar
T/r Tibbiy koʻrsatmalar nomi Qarshi koʻrsatmalar shakli, bosqichi, darajasi, fazasi Izohlar Ayrim infeksion va parazitar kasalliklar 1. Sil kasalligi: Barcha faol shakllari a) bakteriologik va gistologik tasdiqlangan nafas aʼzolari sil kasalligi b) bakteriologik va gistologik tasdiqlanmagan nafas aʼzolari sili v) asab tizimi sili Sil meningiti (tuberkulyozli meningit) — miya poʻstlogʻi sili (bosh miya , orqa miya) homiladorlikni toʻxtatish uchun nisbiy qarshi koʻrsatma boʻlib hisoblanadi, konsiliumda individual ravishda hal etiladi . g) boshqa aʼzolar va tizimlar sili d) suyaklar va boʻgʻimlar sili e) siydik yoʻllari sili (ayollarda) j) ichak va charvi limfatik tugunlari sili z) miliar sil Homiladorlikni toʻxtatish uchun nisbiy qarshi koʻrsatma boʻlib hisoblanadi, konsiliumda individual ravishda hal etiladi. 2. Qizilcha Homiladorlikning oʻn ikki haftasigacha boʻlgan muddatida toʻxtatish, jumladan homilador ayol qizilcha bilan kasallangan bemor bilan aloqada boʻlganida, homilador ayolda immunitet mavjud boʻlmaganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. Oʻsma kasalliklar 3. Kichik tos sohasidagi kimyoterapiya yoki nur terapiyasini talab etadigan xavfli oʻsmalar Qon va qon hosil qiluvchi organlar kasalliklari 4. Ilk bor aniqlangan oʻtkir leykozlar 5. Miyelodisplastik sindromlar 6. Yuqori xavf guruhidagi limfomalar 7. Limfogranulematoz III-IV bosqichlar 8. Surunkali miyeloleykoz: a)tirozinkinaza ingibitorlari bilan davolashni talab etadigan b) kasallikning soʻnggi bosqichi Homiladorlikni oʻn ikki haftagacha boʻlgan muddatida toʻxtatish; tirozinkinaza ingibitorlari bilan davolash davrida homiladorlik yuzaga kelganda, davolash toʻxtatilishi va terapiyaning boshqa turlari tavsiya etilishi zarur. 9. Surunkali miyeloproliferativ kasalliklar 10. Aplastik kamqonlik Ogʻir shakli Homiladorlikning yigirma haftagadan keyingi muddatlarida homiladorlikni saqlab qolish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 11. Gemolitik kamqonlik Oʻtkir gemolitik krizlarning ogʻir qaytalanuvchi kechishi 12. Idiopatik trombotsitopenik purpura Surunkali uzluksiz qaytalanuvchan kechishi, terapiyaning har qanday shakliga refrakterlik Homiladorikning muddatidan qati nazar homiladorlikni saqlab qolish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 13. Porfiriyaning oʻtkir davri, soʻnggi hurujidan 2 yildan kam boʻlgan davrda “yorugʻ” davrning davom etishi Izoh : 1. Ilk tashxislangan oʻtkir leykoz, miyelodisplastik sindromlar, yuqori xavf limfomalari, limfogranulematoz III-IV bosqichi, surunkali miyeloproliferativ kasalliklar, gemolitik kamqonlik va porfiriyaning oʻtkir hurujida homiladorlikning oʻn ikki haftagacha boʻlgan muddatida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish tavsiya etiladi. 2. Homiladorlikni oʻn ikki haftadan keyingi muddatlaridahomilador ayolning hayotiga xavf soluvchi qon va qon hosil qiluvchi organlar kasalliklari mavjud boʻlganda, homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish konsilium tomonidan individual ravishda hal qilinadi, bunda shifokor-gematolog ishtiroki taʼminlanishi lozim. 3. Homiladorlikni suniy ravishda toʻxtatish qon komponentlari (yangi muzlatilgan, trombokonsentratlar, eritrotsitar massa) bilan taʼminlash sharoitiga ega boʻlgan tibbiyot muassasalarida statsionar sharoitda amalga oshiriladi. Endokrin tizim kasalliklari. Ovqatlanish tartibi va modda almashinuvining buzilishi 14. Qandli diabet kasalligi ogʻir nefropatiya asorati bilan 15. Buyrak transplantatsiyasidan keyingi qandli diabet 16. Qandli diabet proliferativ retinopatiya rivojlanishi bilan 17. Giperparatireoz Faol davri (jarrohlikkacha) Visseral va suyaklarda oʻzgarish bilan boʻlgan ogʻir kechishi mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 18. Akromegaliya 19. Prolaktinoma Dopamin agonistlariga rezistentlik va xiazmal buzilishlar mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 20. Itsenko-Kushing sindromi Faol davri Ruhiy buzilishlar 21. Surunkali va davomli ruhiy buzilishlar, ogʻir va barqaror ogʻriq bilan (psixozlar va aqliy zaiflik) yoki homiladorlik va tugʻruq taʼsirida zoʻrayishining katta ehtimoli bilan 22. Irsiy va degenerativ ruhiy buzilishlar Psixiatriya muassasasi tomonidan bolaning onasi yoki otasida tasdiqlangan boʻlishi kerak. 23. Yaqqol ifodalangan psixogen buzilishlar 24. Psixoaktiv moddalarni isteʼmol qilish bilan bogʻliq ruhiy buzilishlar 25. Kayfiyat buzilishlari (affektiv buzilishlar) Homilador ayolda oʻz joniga suiqasd qilish harakatlari mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. Asab tizimi kasalliklari 26. Markaziy asab tizimining yalligʻlanish kasalliklari 27. Asosan markaziy asab tizimini shikastlovchi tizimli atrofiyalar(Gvitington xoreyasi) Ogʻir kechishi Kuchli ifodalangandemensiya, psixotik buzilishlar mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 28. Harakat nevroni kasalligi (yonbosh amiotrofik skleroz) Ogʻir kechishi Oʻsib borayotgan bulvar falaj, orqa miyaga xos, mushak atrofiyalari mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 29. Parkinsonizm Ogʻir shakli (oʻziga oʻzi xizmat qilishning imkoni yoʻqligi) Parkinsonga qarshi davolash asoratlari (diskineziyalar, ortostatik gipotoniya) mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 30. Distoniyalar Umumlashgan shakllari 31. Markaziy nerv sistemasining demiyelinizirlovchi kasalliklari (tarqalgan skleroz) Rivojlanuvchi kechishi Oʻsib borayotgan falajlar, koʻruv asablarining atrofiyasi, yutinish, nafas olish, yurak qon-tomir faoliyati buzilishi, tos oʻzgarishlari (siydik tutib tura olmaslik, siydikning oʻtkir tutilib qolishi) mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 32. Epilepsiya Ogʻir kechishi Epilepsiyaga qarshi terapiya va epileptik psixozlarga rezistentlik, hurujlarning tez-tez kuzatilishi mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 33. Miya qon aylanishining oʻtkir buzilishlari (serebral, orqa miya) Ogʻir kechishi Kuchli ifodalangan ong (sopor, koma) va vital funksiyalarning (nafas olish, yurak qon-tomir faoliyati) buzilishlari mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 34. Uyqu buzilishi: katalepsiya va narkolepsiya 35. Nerv chigallari va tutamlarining shikastlanishi 36. Yalligʻlanishli polinevropatiya, Giyena-Barre sindromi Ogʻir kechishi Oʻsib borayotgan boʻshashtiruvchi tetraparez, vital funksiyalar buzilishi mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 37. Asab-mushak sinapsi va mushak kasalliklari 38. Gepatolentikulyar degeneratsiya (Vilson-Konovalov kasalligi) Ogʻir shakli Jigar yetishmovchiligi va portal gipertenziya mavjudligi, qiziloʻngach venalari varikoz kengayishlaridan qon ketish, psixotik buzilishlar mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. Koʻz va uning yondosh apparati kasalliklari 39. Koʻrish aʼzolarining xavfli oʻsmalari (yordamchi apparati, koʻz, koʻz kosasi) Aralash kimyoviy nurli davo muolajalari olish davrida va shu muolaja oʻtkazilganidan keyin 3 — 5 yil davomida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. Qon aylanish tizimi kasalliklari 40. Yurak revmatoid nuqsonlari: a) revmatoid jarayon faolligi bilan kechadigan yurak nuqsonlari b) qon aylanishi yetishmovchiligi bilan kechadigan yurak nuqsonlari 2B, 3-darajasi v) bakterial endokardit asorati boʻlgan yurak nuqsonlari g) yurak ritmi buzilishi bilan kechadigan yurak nuqsonlari: tebranuvchi aritmiya, paroksizmal taxikardiyaning tez-tez hurujlari, Morgani-Adams-Stoks hurujlari bilan kechuvchi toʻliq atrioventrikulyar blokada Homiladorlikning yigirma haftasidan keyingi muddatlarida elektrokardiostimulyator oʻrnatilishi mumkin, bunda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshirilmaydi. d) homiladorlik davomida yoki anamnezda tromboembolik asoratlar bilan kechadigan yurak nuqsonlari, hamda yurak sohasida tromblar mavjudligi e) atriomegaliyali yoki kardiomegaliyali yurak nuqsonlari 41. Yurakning tugʻma nuqsonlari: a) qon otilishi nuqsoni boʻlgan yurak kasalliklari (yurak boʻlmasi orasidagi toʻsiq nuqsoni, yurak qorinchalar orasidagi toʻsiq nuqsoni, ochiq arterial naycha): qon aylanishi yetishmovchiligi 2B-darajasi bilan yondosh kechadigan yurak nuqsonlari; oʻpka gipertenziyasi bilan kechuvchi yurak nuqsonining 3-darajasi; bakterial endokardit asorati boʻlgan yurak nuqsonlari. Oʻpka gipertenziyasi II-IV darajasi (Xit-Edvards boʻyicha tasniflash) b) yurak chap qorinchasi (aorta stenozi, aorta koarktatsiyasi) yoki oʻng qorinchadan (oʻpka arteriyasi stenozi) qon otilishi qiyinlashgan yurak nuqsonlari: qon aylanishi yetishmovchiligi 2A-darajasi va undan yuqori darajalar bilan kechadigan yurak nuqsonlari; poststenotik kengayishi mavjud nuqsonlar (aorta yoki oʻpka arteriyasi anevrizmasi). v) 3-4 darajali regurgitatsiya va ritmning jiddiy buzilishlari bilan kechadigan atrioventrikulyar klapanlarning tugʻma nuqsonlari g) kardiomiopatiyalar: dilatatsion kardiomiopatiya; restriktiv kardiomiopatiya; chap, oʻng yoki ikkala qorinchalar chiqish traktining kuchli obstruksiyasi bilan kechuvchi gipertrofik kardiomiopatiya; yurak ritmi jiddiy buzilishlari bilan kechadigan chap qorincha obstruksiyasisiz gipertrofik kardiomiopatiya. d) Fallo tetradasi Palliativ jarrohlikdan keyin korreksiya qilinmagan hollarda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. e) Fallo pentadasi Palliativ jarrohlikdan keyin korreksiya qilinmagan hollarda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. j) Ebshteyn anomaliyasi Korreksiya qilinmagan hollarda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. z) yurakning murakkab tugʻma nuqsonlari (magistral tomirlar transpozitsiyasi, atrioventrikulyar kommunikatsiyaning toʻliq shakli, umumiy arterial ustun, yurak yagona qorinchasi, atrioventrikulyar yoki yarim oy qopqoqlari atreziyasi) i) Eyzenmenger sindromi k) Lyutambashe sindromi l) Ayers (Aerza) (sindromi) kasalligi (oʻpka gipertenziyasi bilan kechuvchi oʻpka arteriyasining chegaralangan sklerozi) 42. Miokard, endokard va perikard kasalligi: a) har qanday etiologiyali miokardning oʻtkir va oʻtkir osti shakllari b) surunkali miokardit, qon aylanish yetishmovchiligi 2B va 3-darajasi, ritmningmurakkab va turgʻun buzilishlari — tebranuvchi aritmiya, paroksimal taxikardiya qaytalanuvchi hurujlari, toʻliq atrioventrikulyar blokada, Morgani-Adams-Stoks hurujlari bilan kechadigan miokardioskleroz va miokardiodistrofiya v) homiladorlik vaqtida yoki anamnezda qon aylanishi yetishmovchiligi va ritm buzilishlari mavjud vaziyatdagi miokard infarkti g) bakterial endokardit: oʻtkir va oʻtkir osti bakterial endokardit d) perikardit: oʻtkir, oʻtkir osti, jarrohlik va konstriktiv perikardit 43. Yurak ritmi buzilishlari: a) tebranuvchi aritmiya Antikoagulyant dori vositalarini qabul qilmasdan homiladorlikni suniy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. b) hurujlar tez-tez kuzatiladigan paroksizmal taxikardiya Homiladorlikning yigirma haftasidan keyingi muddatlarda radiochastotali ablatsiya qoʻllanilishi mumkin. v)aritmiyaning tez-tez hurujlari bilan kechadigan Volf-Parkinson-Uayt sindromi Homiladorlikning yigirma haftasidan keyingi muddatlarda radiochastotali ablatsiya qoʻllanilishi mumkin. g) Morgani-Adams-Stoks hurujlari bilan kechadigan toʻliq atrioventrikulyar blokada va yurak qisqarishlar sonining bir daqiqada 40 tadan kam boʻlishi Homiladorlikning yigirma haftasidan keyingi muddatlarda radiochastotali ablatsiya qoʻllanilishi mumkin. 44. Boshdan kechirilgan kardiojarrohlik amaliyotlaridan keyingi holatlar: a) mitral komissurotomiyadan keyin: mitral klapanning travmatik yetishmovchiligi; restenoz; oʻpka gipertenziyasi; faol revmatizm b) sunʼiy yoki biologik tranplantatlar bilan protezlashdan keyin (revmatik yoki yurak tugʻma nuqsonlarida) koʻp klapanli protezlashdagi bir klapan protezi funksiyasining buzilishi v) yurak tugʻma nuqsonining palliativ (toʻliqmas) korreksiyasi g) oʻpka gipertenziyasi qoldiq alomatlari qolgan yurak tugʻma nuqsonining jarrohlik korreksiyasidan keyin d) qoniqarsiz natija bilan bajarilgan har qaysi yurak nuqsonining jarrohlik korreksiyasi 45. Tomir kasalliklari: a) aorta va uning shoxlari kasalliklari: aortaning har qaysi sohasida joylashgananevrizmalar (koʻkrak, qorin), jumladan rekonstruktiv jarrohlik amaliyotidan keyin, yaʼni magistral arteriya qon tomirlarini (miya, buyrak, taloq, yonbosh) shuntlash va protezlash shuningdek jarrohlik amaliyotidan keyingi davrda b) tromboemboliya kasalligi va tromboembolik asoratlar (bosh miya, qoʻl, oyoq, buyraklar arteriyalari, mezenterial qon-tomirlar va oʻpka arteriya shoxlarining tizimli emboliyasi) 46. Gipertoniya kasalligi, gipertoniya kasalligi oʻtkazilgan terapiyadan samara boʻlmagan vaziyatda II-III bosqichlari Gipotenziv terapiyaning munosibligi konsilium tomonidan individual ravishda hal qilinadi. Nafas aʼzolari kasalliklari 47. Oʻpka kasalliklari natijasida kelib chiqqan, terapevtik davo muolajalari samara bermagan ogʻir nafas yetishmovchiligi 48. Terapevtik davo muolajalari samara bermagan yuqori oʻpka gipertenziyasi bilan kechuvchi kasalliklar Ovqat hazm qilish aʼzolari kasalliklari 49. Oʻn ikki barmoqli ichak pilorik qismi stenozi va qon ketishi bilan asoratlangan oshqozon va oʻn ikki barmoqli ichak yara kasalligi 50. Jigar yetishmovchiligi bilan kechuvchi yuqori faol surunkali gepatit Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal qilinadi. 51. Portal gipertenziya mavjud holatdagi jigar sirrozi, qiziloʻngach varikoz venalaridan qon ketish xavfi, jigar yetishmovchiligi 52. Jigar oʻtkir yogʻli distrofiyasi 53. Stenoz va oqmalar bilan asoratlangan, soʻrilish va qon ketishlar bilan kechadigan Kron kasalligi 54. Yoʻgʻon ichak toksik dilatatsiyasi, profuz ich ketishlar, ichakdan massiv qon ketish bilan asoratlangan nespetsifik yarali kolit 55. Seliakiya, ingichka ichakda soʻrilish buzilishi Tashx is ingichka (oʻn ikki barmoqli ichak) ichakning gistologik tekshiruvi va toʻqima transglutamazasi va gliadinga antitelarni immunologik testlar orqalitekshirish yoʻli bilan tasdiqlanishi lozim. 56. Qorin devori churrasi Qorin devori ajralishi bilan kuzatiladigan katta hajmdagi churralar mavjud boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal etiladi. 57. Ichak tutilishi bilan kechadigan ichak chandiq kasalligi 58. Ichak yaralari Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium tomonidan individual ravishda hal qilinadi. Siydik-ayiruv tizimi kasalligi 59. Oʻtkir glomerulonefrit 60. Surunkali glomerulonefritning har qanday shakli huruj davrida: nefrotik sindrom; antigipertenziv terapiyaga rezistent arterial gipertenziya; buyraklar funksiyasining buzilishi (qondagi kreatinin 200 mkmol/l) Antigipertenziv terapiyaning homilador ayol holatiga mosligi konsilium tomonidan baholanadi. 61. Har qanday etiologiyali surunkali buyrak yetishmovchiligi Homiladorlik yuzaga kelgunga qadar har qanday tashx isda qon zardobidagi kreatinin darajasi 200 mkmol/l (1,8 mg/dl) dan oshmasligi zarur; Homiladorlikning muddatidan qatʼi nazar qon zardobida kreatinin miqdorining progressiv oshib borganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 62. Yagona buyrak (tugʻma yoki nefrektomiyadan keyin), azotemiya, arterial gipertenziya, sil, piyelonefrit, gidronefroz Suyak-mushak tizimi va biriktiruvchi toʻqima kasalliklari 63. Tugʻma koʻp sonli artrogrippoz 64. Axondroplaziya 65. Distrofik displaziya 66. Axondrogeneziya 67. Tugallanmagan osteogenez 68. Qoʻl-oyoqning tugʻma yoʻqligi 69. Revmatoid vaskulit Huruj davrida 70. Boshqa aʼzolar va tizimlar ishtirokidagi revmatoid artrit Huruj davrida Hayot uchun muhim aʼzolarni zararlovchi yuqori faollik boʻlganda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 71. Katta yoshdagi shaxslarda rivojlanadigan Felti sindromi, Still kasalligi Huruj davrida 72. Tugunli poliarteriit Huruj davrida va (yoki) ogʻir kechishi Xavfli gipertenziya, koʻp aʼzolar zararlanishi natijasida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 73. Oʻpkani zararlovchi poliarteriit (Cherdj-Stross) Huruj davrida Oʻpka zararlanishi va qon tuflash natijasida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 74. Vegener granulematozi Huruj davrida va (yoki) ogʻir kechishi Oʻpka va buyraklar zararlanishi natijasida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 75. Aorta yoyi sindromi (Takayasu) (nospetsifik aortoarteriit) Ogʻir kechishi Qon aylanishi yetishmovchiligi simptomlari bilan kechuvchi yurak aortal klapanlari zararlanishi natijasida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 76. Tizimli qizil boʻricha Oʻtkir kechishi, jarayon yuqori faollikda surunkali kechishi, hayotiy muhim aʼzolarning zararlanishi Buyraklar (nefrotik sindromli nefrit), markaziy asab tizimi (psixoz, episindrom), yurak (endokardit, perikardit), oʻpka (pnevmonit, plevrit) zararlanishi yoki funksiyalarining buzilishi homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 77. Dermato(poli)miozit Huruj davri va (yoki) uzoq vaqt glyukokortikoidlar katta dozalarini talab etadigan terapiya 78. Kuchayib boradigan tizimli skleroz (tizimli sklerodermiya) Jarayonning yuqori faolligida oʻtkir va surunkali kechishi Buyrak, oʻpka, yurak zararlanishi, funksiyalarining buzilishi natijasida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 79. Quruq sindrom (Shegren) Huruj davrida Buyrak, oʻpka zararlanishi, gipergamma va (yoki) krioglobulinemik purpura natijasida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 80. Biriktiruvchi toʻqimaning aralash kasalligi Huruj davrida Oʻpka, buyrak, yurakni zararlovchi yuqori faollik natijasida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 81. Ankilozlovchi spondilit (Bexterev kasalligi) Qon aylanishi buzilishi alomatlari bilan kechadigan aortal qopqoqlar zararlanishida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. Homiladorlik, tugʻruqlar va tugʻruqdan keyingi davr 82. Yelboʻgʻoz Yelboʻgʻoz 2 yildan kam boʻlmagan muddatda avval oʻtkazilgan boʻlsa, homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi. 83. Xorionepitelioma 84. Statsionar sharoitda davo choralari oʻtkazilganligiga qaramasdan homiladorlik davrida davomiy kuchli qayd qilish Davo muolajalarining homilador ayol holatiga mosligi konsilium tomonidan baholanadi. 85. Homiladorlik davrida teratogen taʼsirga ega dori vositalarini qabul qilish tavsiya etilgan kasalliklar va holatlar Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi konsilium va shifokor-genetik tomonidan individual ravishda qilinadi. Fiziologik holatlar 86. Fiziologik holatlar 14 yoshga toʻlgunga qadar homilador ayolning fiziologik yetilmagan holati Homiladorlikning yigirma ikki haftasigacha boʻlgan muddatda homiladorlik sunʼiy ravishda toʻxtatish amalga oshiriladi, homiladorlikning yigirma ikki haftasidan keyingi muddatlarda homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish masalasi individual ravishda konsilium tomonidan hal qilinadi. Izoh: Homilador ayolda mazkur Roʻyxatda mavjud boʻlmagan kasallik(lar) aniqlansa hamda mazkur kasallik (lar) homiladorlik va tugʻruq uchun xavf tugʻdirsa yoki homilador ayol salomatligi uchun jiddiy shikast yetkazishi mumkin boʻlsa, homiladorlikni suniy ravishda toʻxtatish masalasi individual tartibda konsilium tomonidan hal qilinadi.
Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish uchun lozim boʻlgan hujjatlar
1. Ambulator tibbiy varaqa (F.025/X)
2. Homilador va (yoki) tuqqan ayolning individual varaqasi (F.111-x)
3. Ambulatoriya-poliklinika sharoitida dori vositasi orqali homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish bayonnomasi
4. Shifoxona sharoitida dori vositasi orqali homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish bayonnomasi
5. Jarrohlik yoʻli bilan homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish bayonnomasi
6. Homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish varaqasi (F.003-1)
7. Homilador ayolning kasallik tarixi (F.003/X)
8. Homilador ayolning tugʻruq tarixi (F.096/U)
9. Homilaning rivojlanish tarixi (F. 097/X)
10. Konsilium jurnali
11. Homiladorlikni dori vositalari orqali sunʼiy ravishda toʻxtatishga ixtiyoriy rozilik arizasi
12. Dori vositasi orqali homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatish uyda oʻtkazilgan ayollarga oʻz-oʻzini kuzatish boʻyicha eslatma
13. Homiladorligi sunʼiy ravishda toʻxtatilgan ayollarga oʻz-oʻzini kuzatish boʻyicha eslatma
14. Ayollarga maslahat berish maqsadida homiladorlikni sunʼiy ravishda toʻxtatishni jarrohlik yoʻli bilan amalga oshirish taʼriflangan koʻrgazma va yozma materiallar.
Vazir A. SHADMANOV
Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion sogʻliqni saqlash milliy palatasi raisi R. IZAMOV
Toshkent sh.,
2020-yil 12-iyun,
2020-yil 12-iyun
124-son