UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 24-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 24 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 августа 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 August 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ДАСТУРИ

Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш ва уларнинг оригинал уруғчилигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, республикада қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш ва истиқболли навларнинг оригинал уруғчилигини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш, сақлаш ва уларнинг оригинал уруғчилигини ташкил этиш чора-тадбирлари дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш ҳамда истиқболли навларнинг оригинал уруғчилигини ташкил этиш соҳасида қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Фанлар академиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган замонавий усул ва технологиялардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навлари асосида иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги ва шўрга мослашган, касаллик ва зараркунанда ҳашаротларга бардошли ҳамда комплекс қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган янги навларини ва уларнинг генетик паспортларини яратиш ҳамда селекцияда бирламчи материалларни танлаб олиш самарадорлигини ошириш;

ички ва ташқи бозор талабидан келиб чиққан ҳолда ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинлари навларини хорижий мамлакатлардан интродукция қилиш;

қайта тикланган қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навларини Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг нав синаш станциялари ва участкаларида синовдан ўтказиш ҳамда уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этиладиган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш;

ҳудудларнинг муайян экин турига ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий селекция навларининг оригинал (бирламчи) уруғларини етиштириш ҳамда экинбоплик кўрсаткичлари юқори бўлган уруғлик материаллари захирасини яратиш;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг халқаро стандартлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш;

қайта тикланган ҳамда қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган навларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига таништириш ва мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш.

3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда бир ой муддатда:

қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини аниқлаш ва ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи таркибини шакллантирсин ва тасдиқласин.

4. Ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларига қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини аниқлаш ва ўрганиш бўйича илмий экспедициялар уюштириш;

қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини баҳолаш мезонларига мувофиқ ҳар йил якуни билан уларнинг реестрини шакллантириш;

илмий экспедициялар давомида тажрибали деҳқон ва боғбонлар томонидан халқ селекцияси йўли билан яратилган қишлоқ хўжалиги экинлари, мева ва узумнинг маҳаллий навларини йиғиш ва уларнинг қимматли хўжалик белги ва хусусиятларини ўрганиш учун республиканинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навлари уруғликлари Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтининг «Қишлоқ хўжалиги экинлари генетик ресурслари Миллий генбанки»да сақланишини ташкил этсин ҳамда уруғликларнинг экинбоплик сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиш асосида уруғлик материаллари доимий янгиланиб борилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда:

уч ой муддатда мева ва узумнинг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган юқори сифат кўрсаткичига эга, сувсизликка чидамли навлари кўчатларини «In vitro» лабораторияларида кўпайтириш ишларини ташкил этсин;

қишлоқ хўжалигининг лалми ва яйлов ерлари учун қишлоқ хўжалиги экинларининг иқлим ўзгаришлари ва сув танқислигига чидамли ва серҳосил навлари коллекциясини яратишга ҳамда улардан селекция жараёнида кенг фойдаланган ҳолда янги навларни амалиётга жорий этилишига алоҳида эътибор қаратсин;

тажрибали деҳқон ва боғбонлар томонидан халқ селекцияси йўли билан яратилган сабзавот, полиз, картошка экинлари, мева ва узумнинг маҳаллий навларининг қимматли хўжалик белги ва хусусиятлари юзасидан илмий тадқиқотлар ўтказиб, андоза навлардан устун бўлганларини патентга лаёқатлилиги бўйича экспертизадан ўтказилишига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этиладиган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритилишига кўмаклашсин;

қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навлари ва дурагайлари тавсифи ҳамда уларни етиштириш агротехникаси тўғрисидаги маълумотлар ўз расмий веб-сайтларида мунтазам равишда кенг ёритилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда:

2020 — 2022 йилларда қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги билан шуғулланувчи ташкилотларнинг моддий-техника базасини модернизация қилиш;

икки ой муддатда импорт ўрнини босадиган қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навлари уруғликларини тезкор кўпайтириш ва истеъмолчиларга етказиб бериш мақсадида селекция ва уруғчиликка ихтисослашган илмий-тадқиқот институтларида ва уларнинг республика ҳудудларидаги филиалларида махсус уруғчилик кўчатхоналарини ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш учун халқаро молия институтлари грантлари ҳамда техник кўмак маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.

Яқин истиқбол ва келажакда қишлоқ хўжалиги бўйича шаклланадиган инвестиция лойиҳаларида, қоида тариқасида, селекция, уруғчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш компонентлари назарда тутилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда ҳар йил якуни билан:

қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклашга ва уларнинг оригинал уруғликларини етиштиришни ташкил этишга доир давлат илмий дастурлари доирасида лойиҳалар танловларини ўтказсин ва танлов ғолиби бўлган илмий лойиҳаларни молиялаштирсин;

қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш, комплекс хўжалик белгиларига эга бўлган экспортбоп навларини яратиш ҳамда ҳудудларда истиқболли инновацион ишланмаларни жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

2021 йил 20 февралга қадар қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш бўйича 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган намунавий технологик картани ишлаб чиқсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И. Барноев ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 504-сон қарорига ИЛОВА

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш, сақлаш ва оригинал уруғчилигини ташкил этиш

Т/р Тадбирлар номи Амалга ошириш механизми Бажариш муддати Масъул ижрочилар 1 Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини аниқлаш. 1. Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини аниқлаш ва ўрганиш бўйича ишчи гуруҳини ташкил этиш. 2. Ҳудудларга уюштирилган экспедиция натижалари асосида қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш юзасидан илмий-тадқиқот муассасаларига таклифлар киритиш. 2020 йил сентябрь 2021 йил февраль Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) , Фанлар академияси (Б.Юлдашев) , Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги (Н.Нажимов) , Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги (Р.Бобоев) 2 Илмий-тадқиқот муассасаларида қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган маҳаллий навларини қайта тиклаш. 1. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш бўйича илмий -тадқиқот муассасаларида синов ишларини олиб бориш. 2. Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларидан истиқболлиларини танлаб олиш ва селекция жараёнида фойдаланиш. 3. Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳамда қимматли хўжалик белги ва хусусиятларига эга маҳаллий навларини синаш учун Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига топшириш. 2021-2022 йиллар давомида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) , Фанлар академияси (Б.Юлдашев) 3 Қишлоқ хўжалиги экинларининг қайта тикланган маҳаллий навлари уруғликларини босқичма-босқич кўпайтириш. 1. Тегишли илмий-тадқиқот муассасаларида қишлоқ хўжалиги экинларининг қайта тикланган ҳамда ноёб белги ва хусусиятларга эга бўлган маҳаллий навлари оригинал уруғларини босқичма-босқич кўпайтиришни ташкил қилиш. 2. Қишлоқ хўжалиги экинларининг қайта тикланган маҳаллий навлари оригинал уруғликлари асосида элита ва 1-репродукцияли уруғликларини тайёрлаш ҳамда ишлаб чиқаришга татбиқ этиш. Доимий Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) , Фанлар академияси (Б.Юлдашев) , Уруғчиликни ривожлантириш маркази (Ш.Намазов) , Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.Хаитов) 4 Қайта тикланган маҳаллий мева ва узу м навлари асосида коллекция боғларини яратиш. 1. Қайта тикланган маҳаллий мева ва узум навларининг кўчатларини илмий-тадқиқот муассасаларида босқичма-босқич кўпайтиришни йўлга қўйиш. 2. Қайта тикланган маҳаллий мева ва узум навларининг кўчатлари асосида оналик ва коллекция боғларини барпо қилиш. 3. Қайта тикланган маҳаллий мева ва узум навларининг кўчатларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш. Доимий Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) , Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги (Н.Нажимов) , Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги (Р.Бобоев) 5 Қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навлари оригинал уруғликларини етиштириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш. 1. Уруғчилик соҳаси ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва уларнинг тажрибасини ўрганиш. Доимий Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов) 6 Илмий-тадқиқот муассасаларидаги қишлоқ хўжалиги экинларининг мавжуд маҳаллий навларини марказлашган ҳолда сақлашни ташкил этиш. 1. Илмий-тадқиқот муассасаларида қишлоқ хўжалиги экинларининг мавжуд маҳаллий навларини марказлашган ҳолда «Қишлоқ хўжалиги экинлари генетик ресурслари Миллий генбанки»да сақлашга тақдим этиш учун ҳамкорлик шартномаларини тузиш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навлари генофондини бойитиб бориш. 2. «Қишлоқ хўжалиги экинлари генетик ресурслари Миллий генбанки»да қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навларини сақлаш, янгиланишини таъминлаш, ўрганиш ва мониторингини юритиш. Доимий Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) , Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ( А. Тураев )

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 24 август,

504-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.08.2020 й., 09/20/504/1208-сон; 05.05.2021 й., 09/21/274/0414-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

CHORA-TADBIRLARI DASTURI

Qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini qayta tiklash va ularning original urugʻchiligini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligida yer va suv resurslaridan samarali foydalanish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 17-iyundagi PF-5742-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, respublikada qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini qayta tiklash va istiqbolli navlarning original urugʻchiligini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini qayta tiklash, saqlash va ularning original urugʻchiligini tashkil etish chora-tadbirlari dasturi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini qayta tiklash hamda istiqbolli navlarning original urugʻchiligini tashkil etish sohasida quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Fanlar akademiyasining asosiy vazifalari etib belgilansin:

jahon amaliyotida keng qoʻllanilayotgan zamonaviy usul va texnologiyalardan foydalangan holda qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlari asosida iqlim oʻzgarishlari, suv tanqisligi va shoʻrga moslashgan, kasallik va zararkunanda hasharotlarga bardoshli hamda kompleks qimmatli xoʻjalik belgilariga ega boʻlgan yangi navlarini va ularning genetik pasportlarini yaratish hamda seleksiyada birlamchi materiallarni tanlab olish samaradorligini oshirish;

ichki va tashqi bozor talabidan kelib chiqqan holda noanʼanaviy qishloq xoʻjaligi ekinlari navlarini xorijiy mamlakatlardan introduksiya qilish;

qayta tiklangan qishloq xoʻjaligi ekinlarining mahalliy navlarini Qishloq xoʻjaligi ekinlari navlarini sinash markazining nav sinash stansiyalari va uchastkalarida sinovdan oʻtkazish hamda ularni belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi hududida ekish uchun tavsiya etiladigan qishloq xoʻjaligi ekinlarining davlat reyestriga kiritish;

hududlarning muayyan ekin turiga ixtisoslashuvidan kelib chiqqan holda mahalliy seleksiya navlarining original (birlamchi) urugʻlarini yetishtirish hamda ekinboplik koʻrsatkichlari yuqori boʻlgan urugʻlik materiallari zaxirasini yaratish;

qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻliklarining xalqaro standartlar talablariga muvofiqligini taʼminlash va tashqi bozorda raqobatbardoshligini oshirish;

qayta tiklangan hamda qimmatli xoʻjalik belgilariga ega boʻlgan navlarni qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilariga tanishtirish va muntazam targʻibot-tashviqot ishlarini olib borish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Fanlar akademiyasi bilan birgalikda bir oy muddatda:

qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini baholash mezonlarini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini aniqlash va oʻrganish boʻyicha ishchi guruhi tarkibini shakllantirsin va tasdiqlasin.

4. Ishchi guruhining asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi hududlariga qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini aniqlash va oʻrganish boʻyicha ilmiy ekspeditsiyalar uyushtirish;

qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini baholash mezonlariga muvofiq har yil yakuni bilan ularning reyestrini shakllantirish;

ilmiy ekspeditsiyalar davomida tajribali dehqon va bogʻbonlar tomonidan xalq seleksiyasi yoʻli bilan yaratilgan qishloq xoʻjaligi ekinlari, meva va uzumning mahalliy navlarini yigʻish va ularning qimmatli xoʻjalik belgi va xususiyatlarini oʻrganish uchun respublikaning yetakchi oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan yaqindan hamkorlik qilish.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlari urugʻliklari Oʻsimliklar genetik resurslari ilmiy-tadqiqot institutining “Qishloq xoʻjaligi ekinlari genetik resurslari Milliy genbanki”da saqlanishini tashkil etsin hamda urugʻliklarning ekinboplik sifat koʻrsatkichlarini tahlil qilish asosida urugʻlik materiallari doimiy yangilanib borilishini taʼminlasin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Fanlar akademiyasi bilan birgalikda:

uch oy muddatda meva va uzumning yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan yuqori sifat koʻrsatkichiga ega, suvsizlikka chidamli navlari koʻchatlarini “In vitro” laboratoriyalarida koʻpaytirish ishlarini tashkil etsin;

qishloq xoʻjaligining lalmi va yaylov yerlari uchun qishloq xoʻjaligi ekinlarining iqlim oʻzgarishlari va suv tanqisligiga chidamli va serhosil navlari kolleksiyasini yaratishga hamda ulardan seleksiya jarayonida keng foydalangan holda yangi navlarni amaliyotga joriy etilishiga alohida eʼtibor qaratsin;

tajribali dehqon va bogʻbonlar tomonidan xalq seleksiyasi yoʻli bilan yaratilgan sabzavot, poliz, kartoshka ekinlari, meva va uzumning mahalliy navlarining qimmatli xoʻjalik belgi va xususiyatlari yuzasidan ilmiy tadqiqotlar oʻtkazib, andoza navlardan ustun boʻlganlarini patentga layoqatliligi boʻyicha ekspertizadan oʻtkazilishiga va Oʻzbekiston Respublikasi hududida ekish uchun tavsiya etiladigan qishloq xoʻjaligi ekinlarining davlat reyestriga kiritilishiga koʻmaklashsin;

qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlari va duragaylari tavsifi hamda ularni yetishtirish agrotexnikasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar oʻz rasmiy veb-saytlarida muntazam ravishda keng yoritilishini taʼminlasin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Innovatsion rivojlanish vazirligi bilan birgalikda:

2020 — 2022-yillarda qishloq xoʻjaligi ekinlari seleksiyasi va urugʻchiligi bilan shugʻullanuvchi tashkilotlarning moddiy-texnika bazasini modernizatsiya qilish;

ikki oy muddatda import oʻrnini bosadigan qishloq xoʻjaligi ekinlarining mahalliy navlari urugʻliklarini tezkor koʻpaytirish va isteʼmolchilarga yetkazib berish maqsadida seleksiya va urugʻchilikka ixtisoslashgan ilmiy-tadqiqot institutlarida va ularning respublika hududlaridagi filiallarida maxsus urugʻchilik koʻchatxonalarini tashkil etish;

qishloq xoʻjaligi ekinlari seleksiyasi va urugʻchiligini rivojlantirish uchun xalqaro moliya institutlari grantlari hamda texnik koʻmak mablagʻlarini jalb qilish choralarini koʻrsin.

Yaqin istiqbol va kelajakda qishloq xoʻjaligi boʻyicha shakllanadigan investitsiya loyihalarida, qoida tariqasida, seleksiya, urugʻchilik va koʻchatchilikni rivojlantirish komponentlari nazarda tutilsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Fanlar akademiyasi bilan birgalikda har yil yakuni bilan:

qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini qayta tiklashga va ularning original urugʻliklarini yetishtirishni tashkil etishga doir davlat ilmiy dasturlari doirasida loyihalar tanlovlarini oʻtkazsin va tanlov gʻolibi boʻlgan ilmiy loyihalarni moliyalashtirsin;

qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini qayta tiklash, kompleks xoʻjalik belgilariga ega boʻlgan eksportbop navlarini yaratish hamda hududlarda istiqbolli innovatsion ishlanmalarni joriy etish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga axborot kiritilishini taʼminlasin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda:

2021-yil 20-fevralga qadar qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻliklarini yetishtirish boʻyicha 2021 — 2025-yillarga moʻljallangan namunaviy texnologik kartani ishlab chiqsin;

oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Oʻ.I. Barnoyev va Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 24-avgustdagi 504-son qaroriga ILOVA

Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini qayta tiklash, saqlash va original urugʻchiligini tashkil etish

T/r Tadbirlar nomi Amalga oshirish mexanizmi Bajarish muddati Masʼul ijrochilar 1 Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini aniqlash. 1. Qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini aniqlash va oʻrganish boʻyicha ishchi guruhini tashkil etish. 2. Hududlarga uyushtirilgan ekspeditsiya natijalari asosida qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini qayta tiklash yuzasidan ilmiy-tadqiqot muassasalariga takliflar kiritish. 2020-yil sentabr 2021-yil fevral Qishloq xoʻjaligi vazirligi (J.Xodjayev) , Fanlar akademiyasi (B.Yuldashev) , Bogʻdorchilik va issiqxona xoʻjaligini rivojlantirish agentligi (N.Najimov) , Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligi (R.Boboyev) 2 Ilmiy-tadqiqot muassasalarida qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan mahalliy navlarini qayta tiklash. 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlarini qayta tiklash boʻyicha ilmiy -tadqiqot muassasalarida sinov ishlarini olib borish. 2. Qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan noyob belgi va xususiyatlarga ega mahalliy navlaridan istiqbollilarini tanlab olish va seleksiya jarayonida foydalanish. 3. Qishloq xoʻjaligi ekinlarining yoʻqolib ketish xavfi ostida boʻlgan hamda qimmatli xoʻjalik belgi va xususiyatlariga ega mahalliy navlarini sinash uchun Qishloq xoʻjaligi ekinlari navlarini sinash markaziga topshirish. 2021-2022-yillar davomida Qishloq xoʻjaligi vazirligi (J.Xodjayev) , Fanlar akademiyasi (B.Yuldashev) 3 Qishloq xoʻjaligi ekinlarining qayta tiklangan mahalliy navlari urugʻliklarini bosqichma-bosqich koʻpaytirish. 1. Tegishli ilmiy-tadqiqot muassasalarida qishloq xoʻjaligi ekinlarining qayta tiklangan hamda noyob belgi va xususiyatlarga ega boʻlgan mahalliy navlari original urugʻlarini bosqichma-bosqich koʻpaytirishni tashkil qilish. 2. Qishloq xoʻjaligi ekinlarining qayta tiklangan mahalliy navlari original urugʻliklari asosida elita va 1-reproduksiyali urugʻliklarini tayyorlash hamda ishlab chiqarishga tatbiq etish. Doimiy Qishloq xoʻjaligi vazirligi (J.Xodjayev) , Fanlar akademiyasi (B.Yuldashev) , Urugʻchilikni rivojlantirish markazi (Sh.Namazov) , Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi (A.Xaitov) 4 Qayta tiklangan mahalliy meva va uzu m navlari asosida kolleksiya bogʻlarini yaratish. 1. Qayta tiklangan mahalliy meva va uzum navlarining koʻchatlarini ilmiy-tadqiqot muassasalarida bosqichma-bosqich koʻpaytirishni yoʻlga qoʻyish. 2. Qayta tiklangan mahalliy meva va uzum navlarining koʻchatlari asosida onalik va kolleksiya bogʻlarini barpo qilish. 3. Qayta tiklangan mahalliy meva va uzum navlarining koʻchatlarini ishlab chiqarishga tatbiq etish. Doimiy Qishloq xoʻjaligi vazirligi (J.Xodjayev) , Bogʻdorchilik va issiqxona xoʻjaligini rivojlantirish agentligi (N.Najimov) , Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligi (R.Boboyev) 5 Qishloq xoʻjaligi ekinlarining mahalliy navlari original urugʻliklarini yetishtirish sohasidagi ilgʻor xorijiy tajribani oʻrganish. 1. Urugʻchilik sohasi rivojlangan mamlakatlar bilan hamkorlik oʻrnatish va ularning tajribasini oʻrganish. Doimiy Qishloq xoʻjaligi vazirligi (J.Xodjayev), Innovatsion rivojlanish vazirligi (I.Abduraxmonov) 6 Ilmiy-tadqiqot muassasalaridagi qishloq xoʻjaligi ekinlarining mavjud mahalliy navlarini markazlashgan holda saqlashni tashkil etish. 1. Ilmiy-tadqiqot muassasalarida qishloq xoʻjaligi ekinlarining mavjud mahalliy navlarini markazlashgan holda “Qishloq xoʻjaligi ekinlari genetik resurslari Milliy genbanki”da saqlashga taqdim etish uchun hamkorlik shartnomalarini tuzish va qishloq xoʻjaligi ekinlarining mahalliy navlari genofondini boyitib borish. 2. “Qishloq xoʻjaligi ekinlari genetik resurslari Milliy genbanki”da qishloq xoʻjaligi ekinlarining mahalliy navlarini saqlash, yangilanishini taʼminlash, oʻrganish va monitoringini yuritish. Doimiy Qishloq xoʻjaligi vazirligi (J.Xodjayev) , Qishloq xoʻjaligida bilim va innovatsiyalar milliy markazi ( A. Turayev )

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 24-avgust,

504-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.08.2020-y., 09/20/504/1208-son; 05.05.2021-y., 09/21/274/0414-son)

lex.uz