UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 26-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 26 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 августа 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 August 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

НИЗОМ

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига кундузги, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича ўқишга қабул қилиш тартибини назарда тутувчи Тошкент давлат юридик университети магистратурасига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага ;

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни қабул қилиш, ҳужжатларни топшириш, суҳбат ўтказиш, шу жумладан, суҳбатни масофавий (онлайн) тарзда ўтказиш ҳамда суҳбат натижаларини аниқлаш тартибини назарда тутувчи Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага ;

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни ўқишга қабул қилиш, магистратура битирувчиларини ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича ишлаб бериш тартибини назарда тутувчи Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни танловсиз қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармонига мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилиши инобатга олинсин:

масофавий ва кечки таълим шакллари бўйича ўқишга базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда қабул қилинади;

базавий олий юридик маълумотга ҳамда давлат ҳокимияти ва марказий бошқарув органларида юридик йўналиш бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимларни Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) магистратурасига ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий ва кечки ўқитиш дастурлари бўйича ўқиши учун қабул қилиш тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра, тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари амалга оширилади.

«Юриспруденция» таълим йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчилар ТДЮУ магистратурасига танловсиз, тўлов-контракт асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилинади;

базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига танловсиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда ўқишга қабул қилинади.

2 1 . Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-279-сон қарорига мувофиқ, ТДЮУ магистратурасига қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади ҳамда қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.

3. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга кириш учун абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг веб-сайти орқали (хорижий фуқаролар ва айрим тоифадаги абитуриентлар бундан мустасно) рўйхатдан ўтиш тартиби жорий этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ўн кун муддатда ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларининг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУда коррупция муаммоларини ўрганиш бўйича магистратура мутахассислигини очиш чораларини кўрсин;

икки ой муддатда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, юридик олий ўқув юртларида «адвокатлик фаолияти» бўйича магистратура мутахассислигини очиш;

ёш адвокатларни танлов орқали етакчи хорижий юридик компанияларда стажировка ўташини ташкил этиш учун давлат грантларини ажратиш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.

6. Тошкент давлат юридик университетига ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни кириш тест синовларисиз 2020/2021 ўқув йили учун ўқишга қабул қилиш муддатини истисно тариқасида 2020 йил 15 сентябрга қадар узайтиришга рухсат берилсин.

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 4 июлдаги 502-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А.Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги 513-сон қарорига 1-ИЛОВА

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) магистратурасига кундузги, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари)ни мутахассисликлар бўйича ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланган қабул параметрларига мувофиқ давлат гранти ва ТДЮУ томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган тўлов-контракт, шу жумладан ТДЮУ томонидан мустақил равишда белгиланадиган қўшимча қабул ва табақалаштирилган тўлов-контракт доирасида амалга оширилади.

3. Ушбу низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

абитуриент — ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва танловда иштирок этувчи жисмоний шахс;

қабул комиссияси — ТДЮУ ректорининг буйруғи билан ҳар йили ташкил этиладиган ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилишни ташкил этадиган, шунингдек, абитуриентларга маслаҳат хизматлари кўрсатадиган комиссия.

4. ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тегишли ўқув йили учун тасдиқланадиган қабул комиссияси зиммасига юкланади.

5. ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш абитуриентлар учун тенг ҳуқуқлилик, қабулнинг ягона қоидалари ва танлов принциплари асосида амалга оширилади.

Танлов натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат грантлари бўйича биринчи навбатда, қолганлар тўпланган балларнинг рейтинг тизими асосида тўлов-контракт бўйича ўқишга қабул қилиш параметрлари, шу жумладан белгиланган тартибда қўшимча қабул ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилинади.

6. Танлов магистратура мутахассисликлари, таълим шакли ва ўқитиш тилларига кўра алоҳида ўтказилади.

7. ТДЮУ магистратурасига қабул «Юриспруденция» таълим йўналиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — вазирлик) томонидан белгиланган турдош (магистратурага қабул бўйича) олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига эга бўлган шахслар ўртасида танлов асосида амалга оширилади.

8. ТДЮУ магистратурасига қуйидаги параметрлар асосида ўқишга қабул қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари билан тасдиқланган давлат грантлари асосидаги қабул параметрлари;

Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) томонидан тасдиқланган олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимидаги магистратура мутахассисликлари бўйича қабул параметрлари.

9. ТДЮУ магистратурасида ўқитиш тили белгиланган қабул параметрлари доирасида ҳужжатлар қабул қилингунга қадар вазирлик ва идоралар таклифларига мувофиқ Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

10. Магистратурага ўқишга қабул қилиш жараёнлари ТДЮУ қабул комиссияси (кейинги ўринларда — қабул комиссияси) томонидан мувофиқлаштирилади. Бунда магистратурага ўқишга қабул қилиш бўйича қабул комиссияси масъул котибининг ўринбосари тайинланади.

11. Абитуриент тамомлаган бакалавриат таълим йўналишига мос ёки турдош магистратура мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилинади.

«Юриспруденция» бакалавриат таълим йўналиши негизидаги магистратура мутахассислиги мос мутахассислик ҳисобланади. «Юриспруденция» бакалавриат таълим йўналишини тамомлаган абитуриентлар учун ТДЮУ магистратурасида ўқиш муддати бир йилни ташкил қилади.

Вазирлик ҳар йили 1 июлга қадар олий таълим ташкилотлари магистратурасига қабул қилиш бўйича турдош олий таълим йўналишларининг рўйхатини тасдиқлайди ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилади.

Турдош таълим йўналишларини тамомлаган абитуриентлар учун ТДЮУ магистратурасида ўқиш муддати икки йилни ташкил қилади.

2-боб. Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш

12. Қабул комиссияси, қоида тариқасида, магистратурага танловлар бошланишидан бир ой олдин магистратурага қабул қилиш муддатлари, мутахассисликлар номлари ва ўқишга қабул қилиш параметрлари ҳақидаги ахборотни ТДЮУнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилади.

13. Абитуриентлар ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун вазирликнинг расмий веб-сайти ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан бири (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали рўйхатдан ўтади.

Абитуриентлар ҳар йили 1 июлдан 30 июлгача (30 июль куни ҳам) рўйхатдан ўтказилади.

Абитуриентлар рўйхатдан ўтиш учун қуйидаги ҳужжатларни ЯИДХПга юклайди:

олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (ёки дипломдан кўчирма нусха — олий таълим ташкилотларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова нусхаси.

Бунда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилоти томонидан берилган диплом маълумотлари (ўртача балли билан) вазирликнинг «Олий таълим жараёнларини бошқариш — HEMIS» ахборот тизимида автоматик равишда шакллантирилиши сабабли ушбу тоифадаги диплом ва унинг иловасини ЯИДХП га юклаш талаб этилмайди;

хорижий тилни билиш бўйича камида В2 даражасидаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат нусхаси, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ танловдан ташқари магистратурага кириш бўйича имтиёзга эга абитуриентлар бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

Рўйхатдан ўтиш ЯИДХП ёки вазирликнинг веб-сайти орқали амалга оширилганда маълумотлар абитуриент томонидан мустақил равишда электрон шаклда юкланади ва ҳужжатлар ҳамда маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилиги учун абитуриент шахсан жавобгар ҳисобланади.

Рўйхатдан ўтишнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади.

14. Магистратурага қабул бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг ҳужжатлари ҳар йили 10 августгача қабул комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва уларнинг аризалари қабул қилингани ЯИДХПдаги шахсий кабинетлари орқали маълум қилинади.

Аризаси қабул қилинмаган абитуриентларга аризани қабул қилишни рад этиш сабаби кўрсатилган ҳолда ЯИДХПдаги шахсий кабинетлари орқали маълум қилинади.

ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтган абитуриентлар аризаси ҳолатини ўзларининг шахсий кабинети орқали кузатиб боради.

Абитуриент томонидан белгиланган муддатда рўйхатдан ўтишда ЯИДХПга талаб этилган маълумотлар ва ҳужжатлар аслига мос ҳамда тўлиқ белгиланган талабларга мувофиқ киритилганда, қабул комиссияси томонидан ҳужжатларни қабул қилиш рад этилишига йўл қўйилмайди.

3-боб. Танловни ўтказиш

15. Магистратурага давлат гранти ва тўлов-контракт асосида, абитуриентларнинг бакалавриат дипломи бўйича тўплаган баллари ўртача кўрсаткичининг кетма-кетлигига кўра Давлат комиссияси томонидан ўқишга қабул қилинади.

Магистратурага қабул тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва вазирлик томонидан белгиланган турдош (магистратурага қабул бўйича) олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига ҳамда хорижий тилни билиш бўйича белгиланган даражадаги сертификатга эга бўлган шахслар ўртасида танлов асосида амалга оширилади.

Танлов «Юриспруденция» бакалавриат таълим йўналишини тамомлаган абитуриентлар учун алоҳида, шунингдек турдош бакалавриат таълим йўналишларини тамомлаган абитуриентлар учун алоҳида ҳар бир магистратура мутахассислиги, ўқитиш тили ва таълим шакли кесимида ўтказилади.

16. Магистратурага қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, бакалавриат дипломи бўйича тўплаган баллари ўртача кўрсаткичи энг юқори бўлган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниши таъминланади. Қолган абитуриентлар бакалавриат дипломи бўйича тўплаган баллари ўртача кўрсаткичи кетма-кетлигига кўра белгиланган тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари доирасида қабул қилинади.

Ажратилган қабул параметрлари доирасида энг охирги абитуриентнинг танлов баллига тенг кўрсаткичга эга абитуриент (абитуриентлар) ҳам мос равишда қўшимча ўрин асосида талабаликка тавсия этилади.

17. Кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўйича I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни магистратурага қабул қилишда уларнинг хорижий тилни билиш тўғрисида миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиши талаб этилмайди.

18. Магистратурага ўқишга қабул қилишда кўзи ожиз абитуриентлар тоифасига қуйидагилар киради:

а) кўзи бўйича 1-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотномага эга бўлган шахслар;

б) кўзи бўйича 2-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотномага эга бўлган қуйидаги шахслар:

махсус мактаб-интернатлар томонидан кўзи ожизлар учун берилган ўрта таълим (11-синф негизида) етуклик аттестатига эга бўлган;

имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган бошланғич касбий таълим ташкилотлари (касб-ҳунар коллежлари) томонидан кўзи ожизлар учун берилган дипломга эга бўлган;

9 йиллик кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатида ўқиган ва ўрта махсус ёки касб-ҳунар ёхуд бошланғич касбий таълим ташкилотлари дипломига эга бўлган.

19. Кўзи ожиз абитуриентларнинг бакалавриат дипломи бўйича тўплаган баллари ўртача кўрсаткичи 100 баллик рейтинг тизими бўйича 71 балл ва ундан юқори ёки «5» балли баҳолаш тизими бўйича «4» ва ундан юқори бўлганда, улар қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

20. Танлов натижасидан норози бўлган абитуриентларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун ТДЮУда қабул комиссияси аъзолари, факультетлар деканлари ва тажрибали профессор-ўқитувчилардан иборат таркибда апелляция комиссияси тузилади.

Абитуриент танлов натижасидан норози бўлган тақдирда, натижалар эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида ариза билан апелляция комиссиясига мурожаат этиши мумкин. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш муддати икки кундан ошмаслиги лозим.

Абитуриент апелляция шикоятини кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Апелляция шикояти кўриб чиқиладиган кун ва жойи ҳақида қабул комиссияси томонидан абитуриентга камида бир кун олдин хабар берилади.

4-боб. Ўқишга қабул қилиш тартиби

21. Давлат комиссиясининг ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги қарори ҳар йили 25 августгача қабул қилинади.

22. Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (ёки дипломдан кўчирманинг асл нусхаси — олий таълим ташкилотларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова;

хорижий тилни билиш бўйича белгиланган даражадаги сертификат нусхаси;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг электрон нусхаси.

Зарурат бўлганда ҳужжатларнинг асл нусхалари талаб қилиб олиниши мумкин.

Абитуриент томонидан тақдим этилган (топширилган) ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, абитуриент талабаликка қабул қилинмайди (талабаликка қабул қилинган бўлса, ТДЮУ талабалари сафидан четлаштирилади) ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хабардор қилинади.

23. Давлат комиссиясининг қарори асосида етти иш кунида абитуриентларни давлат грантлари бўйича талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги ТДЮУ ректорининг буйруқлари расмийлаштирилади.

24. Абитуриентларни тўлов-контракт асосида магистратура мутахассисликларига тавсия этиш тўғрисида Давлат комиссиясининг қарори қабул қилингандан сўнг ТДЮУ билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда шартнома расмийлаштирилади.

Давлат комиссияси томонидан тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун тўлов ҳар йили шартномада ёки Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда амалга оширилади.

Шартнома шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари, уларни амалга ошириш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Абитуриентларни магистратурага тўлов-контракт (шу жумладан, қўшимча қабул ва табақалаштирилган тўлов-контракт) асосида ўқишга қабул қилиш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ўқиш учун белгиланган тўлов миқдори тўлангандан сўнг, ТДЮУ ректорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

25. Абитуриент томонидан ушбу Низомнинг 16-бандида қайд этилган ҳужжатлар қабул комиссиясига тақдим этилмаслиги ТДЮУнинг уни ўқишга қабул қилмаслигига асос бўлади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

27. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги 513-сон қарорига 2-ИЛОВА

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) магистратурасига хорижий фуқароларни қабул қилиш тартибини белгилайди.

Мазкур низом Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилмайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

ТДЮУ магистратурасига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш қабул параметрларидан ташқари ТДЮУ томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган ўринлар сонига мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

2. Хорижий фуқаролар тўпланган балларнинг рейтинг тизими асосида белгиланган ўринлар сонига мувофиқ ТДЮУ магистратурасига суҳбат (кейинги ўринларда — суҳбат) асосида ўқишга қабул қилинади.

Суҳбат Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда ТДЮУ томонидан белгиланган муддатларда ўтказилади.

Суҳбат ўтказиш муддатлари тўғрисидаги маълумот ТДЮУ томонидан унинг расмий веб-сайтида суҳбат ўтказилишидан камида 1 ой олдин эълон қилинади.

3. Суҳбат:

юриспруденция соҳасида профессионал билим ва кўникмаларини (назарий билимлар ва амалий кўникмаларни тизимлаштиришга, мустаҳкамлашга ва кенгайтиришга, ҳуқуқий манбалар билан ишлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш ва қўллаш кўникмалари, аниқ ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш учун мавжуд далиллар ва ҳолатларни юридик жиҳатдан тўғри баҳолашга бўлган қобилиятнинг мавжудлиги);

илмий тадқиқот олиб боришга бўлган қобилиятни (таҳлил қилиш, фикрлаш, шунингдек, юриспруденцияга оид муаммоларни аниқлай олиш, илмий-тадқиқот фаолияти олиб бориш, асосий илмий тушунчалар ва илмий-тадқиқот ишлари усулларини тушуниш қобилияти);

салоҳият даражасини (билим ва уқувни такомиллаштириш, муаммоларни ҳал қилишга ноанъанавий ёндашуви, ўз устида ишлаш ва малакани оширишга бўлган интилиш, касбий камолотга эришиш мақсадида шахсий имкониятларини максимал даражада кенгайтириш қобилиятининг мавжудлиги, шунингдек жамоада ишлай олиши ва етакчилик сифатларининг мавжудлиги);

одоб-ахлоқ қоидалари ва принципларини (ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларга қизиқиш, ўз позицияси ва фикрини кўрсата олиш ва шу асосда ҳаракат қилиш қобилияти, ёлғон ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик, бағрикенглик, юксак одоб-ахлоқ меъёрларини, қадриятларни намоён қилишнинг мавжудлиги) аниқлаш учун ўтказилади.

Хорижий фуқароларни магистратурага ўқишга қабул қилиш учун суҳбат заруратга кўра, масофавий (онлайн) тартибда ўтказилиши мумкин.

2-боб. Ҳужжатларни қабул қилиш

4. Хорижий фуқаролар ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжатларни Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда ТДЮУ томонидан белгиланган муддатларда Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали қабул комиссиясига мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган намунадаги ТДЮУ ректори номига ариза ҳамда қуйидаги ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этади:

паспорт (ID-карта) ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;

олий маълумот тўғрисидаги диплом (ёки дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова.

5. Ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш қатъиян тақиқланади.

6. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича ТДЮУ ректорининг абитуриентларни ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш бўйича буйруғи қабул қилинганидан сўнг уч кун ичида ҳужжатларнинг асл нусхалари абитуриент томонидан ТДЮУга тақдим этилади.

3-боб. Хорижий фуқароларни ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш учун суҳбат ўтказиш тартиби

1-§. Суҳбат ўтказишнинг умумий шартлари

7. ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш учун хорижий фуқаролар билан суҳбат ўтказиш ТДЮУ ректорининг буйруғи билан ташкил этиладиган суҳбат комиссияси томонидан амалга оширилади.

Суҳбат комиссияси ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик принциплари асосида амалга оширади.

Суҳбат комиссияси таркибига ТДЮУ ходимлари билан бир қаторда бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам уларнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари киритилиши мумкин.

Суҳбат комиссиясига комиссия аъзолари фаолиятини умумий мувофиқлаштирувчи раис бошчилик қилади. Суҳбат комиссияси фаолиятини ташкилий таъминлаш унинг котиби зиммасига юкланади.

8. Суҳбат ТДЮУда таълим бериладиган тилларда ўтказилади.

Суҳбатнинг ушбу Низомга қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилиши ва ўтказилиши учун масъулият раис, масъул котиб, унинг ўринбосари ва суҳбат комиссияси аъзолари зиммасига юкланади.

2-§. Суҳбатни ўтказишга тайёргарлик кўриш

9. Суҳбатни ташкил этиш ва ўтказиш қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланадиган режа асосида амалга оширилади.

Хорижий фуқаролар билан суҳбат бевосита ёки заруратга кўра масофавий (онлайн) тарзда амалга оширилади.

10. Қабул комиссиясининг суҳбатни ташкил этишдаги асосий вазифалар қуйидагилар ҳисобланади:

суҳбат жараёни адолатли ўтказилишини таъминлаш;

суҳбат ўтказиш учун зарур шароитлар яратиш;

ТДЮУга ўқишга кириш ва унда таълим олиш, шунингдек ТДЮУда яратилган шароитлар ҳақида хорижий фуқароларга ахборот ва маълумотномалар тақдим этиш;

абитуриентларга суҳбат натижаларини эълон қилиш.

11. Суҳбат ўтказиладиган аудиторияни белгиланган талаблар доирасида тайёрлаш масъул котиб ўринбосари зиммасига юкланади.

Суҳбат ўтказиладиган бинода санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган зарур техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилиши лозим.

12. Суҳбат саволларини тузиш мақсадида ТДЮУ ректорининг буйруғи билан тегишли соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат эксперт гуруҳи ташкил этилади.

Суҳбат саволлари эксперт гуруҳи томонидан ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган мезонлар асосида тузилади.

Саволлар қуйидаги талабларга мос келиши керак:

лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши ҳамда профессионал билим ва таҳлилий фикрлаш қобилиятини аниқлашга қаратилган бўлиши;

олий таълим даражасига мос бўлиши;

уларда фойдаланилган тушунчалар ва атамалар саволларни турлича изоҳлаш имкониятини истисно этиши;

умумқабул қилинган грамматик, орфографик ва пунктуация қоидаларига мувофиқ тузилган бўлиши лозим.

Тузиладиган саволларнинг сифати ва мазмуни бўйича масъулият эксперт гуруҳи аъзоларига юкланади. Эксперт гуруҳи фаолиятига қабул комиссияси раиси раҳбарлик қилади.

13. Суҳбат ўтказиш учун эксперт гуруҳи томонидан тузилган саволлар қабул комиссияси раисига топширилади ва билетлар шакллантирилгунга қадар унда сақланади.

Саволлар суҳбат ўтказилишидан бир кун олдин суҳбат билетларини шакллантириш учун масъул котибга топширилади.

Ҳар бир билет ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ҳар бир мезон бўйича биттадан — жами тўртта саволдан иборат бўлиши лозим.

Шакллантирилган билетлар конвертларга жойлаштирилади ва қабул комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади ҳамда масъул котибда сақланади.

3-§. Суҳбат жараёнини ташкил этиш ва унинг натижаларини аниқлаш

14. Абитуриентларнинг суҳбатдан ўтиши мажбурий ҳисобланади.

Суҳбат ўтказилишига қадар қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ маслаҳатлар ташкил этилади.

Суҳбат ўтказиш жадвали ТДЮУ ректорининг буйруғи билан тасдиқланади. Буйруққа суҳбатдан ўтувчи абитуриентлар рўйхати илова қилинади.

Суҳбат ўтказиш жадвали, қоида тариқасида, суҳбат бошланишидан 10 кун олдин ТДЮУ веб-сайтида жойлаштирилади. Суҳбат, қоида тариқасида, ТДЮУ биноларида ўтказилади.

15. Абитуриент аудиторияга суҳбат бўйича комиссия котиби томонидан таклиф этилади. Суҳбатдан олдин абитуриент паспорт (ID-карта) ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.

Суҳбат ўтказиладиган бинога абитуриент луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, планшет, компьютер, ноутбук, нетбук, лэптоп ёки бошқа телекоммуникация воситалари ёхуд шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки фойдаланса, суҳбат давомида саволлар билетини бошқа абитуриентга узатса ёки ёрдам берса суҳбат ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва далолатнома тузилиб суҳбатдан четлаштирилади.

16. Суҳбат ўтказишда абитуриент саволлар берилган билетни танлайди ва суҳбатга тайёрланиш учун 20 дақиқа вақт ажратилади. Бунда абитуриент суҳбатга тайёрланиш учун қоғоз варақлардан фойдаланиши мумкин.

Суҳбатдан ўтиш жараёнида абитуриентга билет мазмуни бўйича қўшимча саволлар берилиши мумкин. Битта абитуриент билан суҳбат 20 дақиқагача давом этади.

17. Суҳбат натижалари баллар қўйиш йўли билан 100 баллик тизимда баҳоланади. Ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган 1-мезон бўйича баллнинг энг юқори миқдори 40 балл, қолган ҳар бир мезон бўйича балларнинг энг юқори миқдори 20 баллни ташкил этади.

Жадвал бўйича суҳбатга келмаган абитуриентга 0 балл қўйилади.

Суҳбат натижаларини белгилаш учун суҳбат бўйича комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил равишда ушбу Низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклдаги баҳолаш варағини тўлдириб, уни имзолайди ҳамда суҳбат бўйича комиссиянинг котибига топширади. Котиб хорижий фуқарога суҳбат бўйича комиссия аъзолари томонидан қўйилган ўртача баллни ҳисоблаб чиқади.

Абитуриентлар суҳбат натижалари бўйича 55 балл ёки ундан кам балл тўплаган ҳолларда суҳбатдан ўтмаган деб ҳисобланади.

18. Суҳбатдан ўтган абитуриентлар рўйхати улар томонидан тўпланган баллар асосида рейтинг тизимига мувофиқ аниқланади.

Суҳбат жараёни ва натижалари суҳбат бўйича комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган ва ТДЮУ ректори томонидан тасдиқланадиган йиғилиш баённомасида қайд этилади.

Суҳбат натижалари ТДЮУ веб-сайтида суҳбат жараёни ўтказилгандан сўнг кейинги иш кунида жойлаштирилади.

19. Суҳбат жараёни ва натижаларини қайд этиш учун қоида тариқасида видео ёки аудиоёзув қўлланилади. Бунда суҳбат жараёни ва натижалари қайд этилган видео ёки аудиоёзув камида бир ой муддат сақланади.

20. ТДЮУ магистратурасига абитуриентларни қабул қилиш учун суҳбатни қайта ўтказиш тақиқланади. Суҳбат натижалари шикоят қилиниши ва апелляция тартибида кўрилиши мумкин эмас.

21. Суҳбат натижаларига кўра ТДЮУ ректорининг ТДЮУ магистратурасига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруғи қабул қилинади.

4-§. Суҳбат жараёнини масофавий (онлайн) тарзда ўтказиш тартиби

22. Масофавий (онлайн) суҳбат мазкур параграфда назарда тутилган қоидаларни инобатга олиб умумий тартибда амалга оширилади.

Масофавий (онлайн) суҳбат ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида амалга оширилади.

Масофавий (онлайн) суҳбатда қўлланиладиган ахборот-коммуникация технологиялари абитуриентнинг шахсини тасдиқлаш имконини берадиган техник талабларга жавоб бериши лозим.

23. Масофавий (онлайн) суҳбатни ўтказиш вақти ва тартиби ТДЮУ томонидан белгиланади ва абитуриентга бу ҳақда 10 кун олдин хабар берилади.

24. Масофавий (онлайн) суҳбатда абитуриент томонидан саволлар берилган билетни танлаш масофавий тарзда (тегишли билет рақамини реал вақт режимида танлаш орқали) амалга оширилади.

Масофавий (онлайн) суҳбат натижаларини баҳолаш умумий тартибда амалга оширилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

25. ТДЮУ ректорининг ТДЮУ магистратурасига хорижий фуқароларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи 2 сентябрдан кечиктирмай қабул қилинади.

26. Белгиланган намунадаги шартнома бланкалари ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш тўғрисида ТДЮУ ректорининг буйруғи қабул қилингандан сўнг берилади ҳамда ТДЮУ ректори ва бош бухгалтери имзоси билан юридик шахслар учун уч нусхада ва жисмоний шахслар учун икки нусхада расмийлаштирилади.

27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

28. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Тошкент давлат юридик университети ректори ____________________________га (Ф.И.Ш.) _____________________________________ ___________________________________дан ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (хорижий фуқаронинг Ф.И.Ш. (тўлиқ ёзилади))‎‎ ‎ АРИЗА ‎хорижий фуқарони Тошкент давлат юридик университети ‎магистратурасига қабул қилиш тўғрисида ‎ ‎‎Менга _______________________________________________________________________________ магистратура (магистратура мутахассислиги номи)‎‎ ‎‎мутахассислиги, таълимнинг _______________________________________ тилига ўқишга кириш учун ўтказиладиган ‎‎ (ўзбек, рус ёки инглиз) ‎‎суҳбатда қатнашишга рухсат беришингизни сўрайман. ‎‎Маълумотим _________________________________, ___________________________________________________ ‎ ‎ (олий таълим йўналиши) ‎‎ (тугатган таълим муассасаси номи)‎‎ _______________________________________________________ни _______________________ йилда тугатганман. ‎Маълумотим ҳақидаги ҳужжат (диплом): серияси ______________, рақами __________________________________. ‎Мен ____________________________________________________________________тил(лар)ини ўзлаштирганман. ‎ ‎‎ (хорижий тил(лар)нинг номи) Суҳбатни _________________________________________________________________________ тилида ўтказаман. ‎‎ (ўзбек, рус ёки инглиз) ‎Туғилган вақтим ва жойим: __________ йил _________ _________________, ________________________________. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(йил) ‎‎ (кун) ‎ (ой)‎ ‎ (туғилган жой) ‎‎Фуқаролигим _____________________________________________________________________________________ (фуқаролик паспорт (ID-карта) бўйича ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат бўйича кўрсатилади) ‎‎Доимий яшаш жойим: _____________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________ (мамлакат, вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, кўча, уй ва квартира рақами тўлиқ кўрсатилади) Паспортга (ID-картага) оид маълумотлар: _______________ __________________,_____________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (серия) ‎‎ (рақам) (ким томонидан ва қачон берилган) ________________________________________________________________________________________________. ‎Халқаро ва миллий олимпиадалар, танловлар ва спорт мусобақаларида иштирок этганлик ҳақида маълумот (иштирок этган бўлса): ‎________________________________________________________________________________________________ ‎________________________________________________________________________________________________. ‎‎(олимпиада фани, танлов ихтисослиги, спорт мусобақаси тури, ўтказилган сана, эгалланган ўрин) ‎‎Суҳбат ўтказиш тартиби ва қоидалари билан танишдим. ____________________________ ‎‎__________________ _____________ _________________________________ ‎‎ (хорижий фуқаронинг Ф.И.Ш.) ‎‎ (имзо) ‎‎ (ариза берилган сана)

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

‎‎Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул ‎қилиш учун ўтказилган суҳбатда хорижий фуқаронинг жавобларини ‎БАҲОЛАШ ВАРАҒИ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Сана _________________________________ Хорижий фуқаронинг Ф.И.Ш.________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________ Т/р Баҳолаш мезонлари‎‎ Баллар 1. Юриспруденция соҳасидаги профессионал билим ва кўникмалари‎‎‎‎ ‎‎ ‎‎2. Илмий тадқиқот олиб боришга бўлган қобилияти ‎‎ ‎‎3. Салоҳият даражаси‎‎ 4. ‎‎Одоб-ахлоқ қоидалари ва принциплари ‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Изоҳ:____________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Суҳбат бўйича комиссия аъзоси: ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎__________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎____________________________ ‎ ‎‎(Ф.И.Ш.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(имзо)

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги 513-сон қарорига 3-ИЛОВА

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни танловсиз қабул қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни танловсиз қабул қилиш, уларни тақсимотга мувофиқ узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш ҳамда ишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

а) айрим тоифадаги абитуриентлар деганда қуйидагилар тушунилади:

тегишли давлат органи биринчи раҳбарининг тавсияси асосида базавий олий юридик маълумот ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг марказий органлари, шунингдек, республика даражасидаги бошқа давлат органларининг марказий аппаратида юридик мутахассислик бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимлар;

«юриспруденция» таълим йўналиши бўйича бакалавриатни «имтиёзли» диплом билан тугатган битирувчилар;

базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумлар ва ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар;

мазкур Низомнинг 5 1 -бандига мувофиқ тегишли олий таълим муассасасининг буюртмаси асосида базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар.

б) давлат ҳокимияти ва бошқарувининг марказий органлари ҳамда республика даражасидаги бошқа давлат органларининг раҳбар ходимлари деганда қуйидагилар тушунилади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда бошқарув кадрлари;

республика давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа марказий давлат органларининг (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Марказий сайлов комиссияси, Марказий банки, Ҳисоб палатаси, Фанлар академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази) раҳбари, унинг ўринбосарлари, марказий аппаратдаги мустақил таркибий бўлинма (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлинмалардан ташқари) бошлиқлари.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий судининг мустақил таркибий бўлинмалари раҳбарлари (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлинмалардан ташқари) ҳамда бошқарув кадрлари.

3. Тегишли давлат органи биринчи раҳбарининг (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимлари учун — Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли маслаҳатчилари ва департамент раҳбарлари, Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари учун — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ҳам) тавсияси асосида базавий олий юридик маълумот ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг марказий органлари ҳамда бошқа марказий давлат органларининг марказий аппаратида юридик мутахассислик бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига масофавий ва кечки таълим шакллари асосида танловсиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқишга қабул қилинади/

4. «Юриспруденция» таълим йўналиши бўйича бакалавриатни «имтиёзли» диплом билан тугатган битирувчиларни ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш танловсиз, тўлов-контракт асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда амалга оширилади.

Мазкур бандда назарда тутилган тартиб 2020/2021 ўқув йили ва ундан кейинги йилларда «Юриспруденция» таълим йўналиши бўйича бакалавриатни «имтиёзли» диплом билан тугатган битирувчиларга нисбатан татбиқ этилади.

5. Базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумлар ва ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига масофавий ва кечки таълим шакллари асосида, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда танловсиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумлар ва ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда ўқишга қабул қилинади.

5 1 . Республикадаги олий таълим муассасасининг буюртмасига кўра базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар ТДЮУ магистратурасига кундузги, шунингдек, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий ва кечки таълим шаклларида, танловсиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг буюртма берган олий таълим муассасасида камида уч йил тўлиқ ставкада узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда ўқишга қабул қилинади.

6. Мазкур Низомнинг 4 ва 5-бандларига мувофиқ ўқишга қабул қилинган шахслар контракт (шартнома) тузишдан олдин ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича ишлаш мажбурияти шартлари ҳамда унинг бажарилмаслиги оқибатида юзага келиши мумкин бўлган жавобгарлик бўйича огоҳлантириш хати орқали таништирилади.

2-боб. Ҳужжатларни тақдим этиш ва магистратурага ўқишга қабул қилиш

7. Айрим тоифадаги абитуриентлар томонидан ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш мазкур Низом талабларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

8. Айрим тоифадаги абитуриентлар томонидан ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган муддатларда (ҳар йили 1 июлдан 30 июлгача) Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ТДЮУ қабул комиссиясига мазкур Низомнинг иловасида келтирилган намунадаги ариза ҳамда қуйидаги ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилади:

тегишли давлат органи биринчи раҳбарининг тавсияси асосида базавий олий юридик маълумот ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг марказий органларида юридик мутахассислик бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимлар учун ўрнатилган тартибда имзоланган ва давлат органининг бланкида расмийлаштирилган, рақами ва берилган вақти акс эттирилган ҳамда электрон меҳнат дафтарчасида кўрсатилган маълумотлар илова қилинган тегишли давлат органи биринчи раҳбарининг тавсияси (мазкур Низомнинг 3-бандида назарда тутилган асосга кўра ҳужжат топширилганда);

базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда (ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейларда) камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар учун ўрнатилган тартибда имзоланган ва юридик техникум (академик лицейлар) бланкида расмийлаштирилган, рақами ва берилган вақти акс эттирилган ҳамда электрон меҳнат дафтарчасида кўрсатилган маълумотлар илова қилинган юридик техникум (академик лицейлар) директорининг тавсияси (ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган асосга кўра ҳужжат топширилганда);

тегишли олий таълим муассасасининг буюртмасига кўра базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар учун белгиланган тартибда имзоланган ва олий таълим муассасаси бланкасида расмийлаштирилган, рақами ва берилган вақти акс эттирилган олий таълим муассасаси раҳбарининг тавсияси (ушбу Низомнинг 5 1 -бандида назарда тутилган асосга кўра ҳужжат топширилганда);

хорижий тилни В2 даражасида билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат.

9. Айрим тоифадаги абитуриентларни ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш, уларнинг ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш тегишли ўқув йили учун тасдиқланадиган ТДЮУ қабул комиссияси зиммасига юкланади.

ТДЮУ қабул комиссияси айрим тоифадаги абитуриентлар томонидан ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун топширилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини беш иш куни давомида ўрганади ҳамда унинг натижаси бўйича абитуриентга хабар беради.

Абитуриентлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш вақтидакамчиликлар аниқланса, ТДЮУ қабул комиссияси томонидан давлат ҳокимияти ва бошқарувининг марказий органлари, юридик олий таълим муассасалари, юридик техникумлар, ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейлар ҳамда абитуриентдан қўшимча маълумотлар сўраб олиниши мумкин.

10. Айрим тоифадаги абитуриентларнинг ҳужжатларини ўрганиш давомида абитуриентда тегишли имтиёз мавжуд эмаслиги аниқланса, унинг ҳужжатлари кўрмай қолдирилади ва бу ҳақда абитуриентга хабар берилади.

Айрим тоифадаги абитуриентлар томонидан ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжат топширишнинг белгиланган муддатларидан кеч қолиб топширилган ҳужжатлар кўриб чиқилмайди.

Ҳужжатларда, шу жумладан, электрон шаклдаги маълумотларда қалбакилаштириш ёки сохталаштириш ҳолатлари аниқланганда, абитуриентнинг ҳужжатлари кўриб чиқилмайди (магистратурага қабул қилинган бўлса ТДЮУ магистратураси талабалари сафидан четлаштирилади), ҳужжатлар эса, белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

11. Айрим тоифадаги абитуриентларни ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш бўйича ТДЮУ қабул қомиссияси томонидан Давлат комиссиясига қабул йилининг 20 августга қадар маълумот киритилади.

12. Давлат комиссиясининг абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги қарори 30 августга қадар қабул қилинади ва бу ҳақида ТДЮУга хабар берилади.

Ўқишга қабул килишга тавсия этилган абитуриентлар рўйхати ТДЮУ веб-сайтига жойлаштирилади.

13. Давлат комиссияси томонидан қабул қилинган қарор асосида абитуриентларни ТДЮУ магистратурасига тўлов-контракт асосида қабул қилиш мақсадида ТДЮУ ва юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида контракт (шартнома) тузилади ва унда контракт тўлови суммасини белгиланган муддатда тўлаш шарти кўрсатиб ўтилади.

Мазкур Низомнинг 5 1 -бандига мувофиқ абитуриентларни ТДЮУ магистратурасига тўлов-контракт асосида қабул қилиш мақсадида ТДЮУ, олий таълим муассасаси ва абитуриент ўртасида уч томонлама контракт (шартнома) тузилади ҳамда унда контракт тўлови суммасини белгиланган муддатда тўлаш шарти, ўқишни тамомлаганидан сўнг буюртма берган олий таълим муассасасида уч йил давомида тўлиқ ставкада узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти кўрсатилади.

14. Белгиланган намунадаги шартнома бланкалари ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш тўғрисида Давлат комиссияси қарори қабул қилингандан сўнг берилади ҳамда ТДЮУ ректори ва бош бухгалтери имзоси билан юридик шахслар учун уч нусхада ва жисмоний шахслар учун икки нусхада расмийлаштирилади.

15. Давлат комиссиясининг абитуриентларни ТДЮУ магистратурасига ўқишга қабул қилиш бўйича тавсия этилганлиги тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан сўнг уч иш куни мобайнида мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг асл нусхалари абитуриент томонидан ТДЮУга тақдим этилади.

3-боб. Магистратура битирувчиларини тақсимотга мувофиқ узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш

16. Мазкур Низомнинг 4 ва 5-бандларига мувофиқ ўқишга қабул қилинган магистратура битирувчиларини адлия органлари ва муассасалари, ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейларда ишлашга тақсимлаш учун адлия вазирининг буйруғи билан тақсимот комиссияси (кейинги ўринларда — тақсимот комиссияси) тузилади.

Тақсимот комиссиясига ТДЮУ ректори раислик қилади ҳамда унинг таркибига адлия органлари ва муассасалари, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицей вакиллари киритилиши мумкин.

17. ТДЮУ магистратура битирувчиларини узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш ҳар йили тақсимот комиссияси томонидан адлия органлари ва муассасалари, ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицей томонидан тақдим этилган буюртмаларга асосан амалга оширилади.

Тақсимлаш жараёнида тақсимот комиссияси магистратура битирувчисининг рейтинг натижалари, оилавий ҳолати ва таклиф этилган иш ўрнида ишлаш хоҳишини ҳисобга олади. Энг юқори ўзлаштириш кўрсаткичи (86 фоиз ва ундан юқори)га эга бўлган магистратура битирувчилари ўз танлови бўйича мавжуд иш ўринларига ишга жойлашишда биринчи навбатда талабгор бўлади.

18. Магистратура битирувчиларини узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш ҳар йили, қоида тариқасида, магистратура битирувчиси ўқишни тамомлагандан сўнг, бир ойдан кечиктирмай амалга оширилади.

Тақсимот комиссияси томонидан магистратура битирувчисига адлия органлари ва муассасалари, ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейларда ишлаш учун тегишли тартибда йўлланма берилади. Бир вақтнинг ўзида битирувчига йўлланма билан бирга ишга келгани ва жойлашгани ҳақида тўлдириладиган ҳужжат намунаси ҳам берилади.

Ишга йўлланма берилганидан тегишли ташкилот — иш берувчи, ТДЮУ ва магистратура битирувчиси ўртасида узлуксиз ишлаб беришнинг аниқ шартларини ҳамда битирувчининг мажбуриятларини аниқ белгилаб берувчи уч томонлама шартнома уч нусхада тузилади (магистратура битирувчиси ТДЮУга ишга тақсимланган ҳоллар бундан мустасно).

19. Тақсимот комиссиясининг магистратура битирувчисини ишга тақсимлаш учун йўлланма бериш ҳақидаги қарори қабул қилинганидан сўнг ТДЮУ томонидан ҳар бир магистратура битирувчисига беш иш кунидан кечиктирмаган ҳолда магистр даражаси тўғрисидаги дипломдан кўчирма берилади.

4-боб. Магистратура битирувчиларини ишга қабул қилиш ва уларнинг меҳнат фаолияти

20. Мазкур Низомнинг 4 ва 5-бандларига мувофиқ ўқишга қабул қилинган магистратура битирувчилари ишга тақсимланганидан кейин бир ойдан ошмаган муддатда уч томонлама шартномада кўрсатилган иш жойида ҳозир бўлишлари ва меҳнат фаолиятини бошлашлари шарт.

Иш берувчи уч томонлама шартномага ва ишга йўлланмага мувофиқ битирувчи билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси тузади.

Иш берувчи битирувчи томонидан тақдим этилган битирувчининг ишга келгани ва жойлашгани ҳақидаги ҳужжатни тўлдиради ва кейинчалик уни беш кун муддат ичида ТДЮУга юборади.

ТДЮУ магистратура битирувчисининг ишга келгани ва жойлашгани ҳақидаги ҳужжат асосида ҳар бир магистратура битирувчисининг ҳисобини юритади.

21. Магистратура битирувчисининг уч йиллик узлуксиз ишлаб бериш муддати қуйидагиларни ўз ичига олади:

йўлланма берилган ташкилотларда ва лавозимларда ишлаш муддати;

давлат ҳокимиятининг марказий органларидаги хизмат фаолияти даври (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлинмалардаги хизмат фаолият даври бундан мустасно);

муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ муддатлари.

Ижтимоий меҳнат таътили муддати уч йиллик узлуксиз ишлаб бериш муддатига кирмайди.

Тақсимот бўйича узлуксиз ишлаб беришга юборилган магистратура битирувчиси ишга жойлашгандан сўнг, иш берувчи унга тегишли меҳнат шароитлари яратади, зарур ҳолларда турар жой билан таъминлаш чораларини кўради.

22. Магистратура битирувчисининг уч йиллик узлуксиз ишлаб бериш муддати тугагандан сўнг ишни давом эттириш ҳақидаги масала меҳнат қонунчилигига мувофиқ иш берувчи ва ходим ўртасида ўзаро келишувга асосан ҳал этилади.

23. Магистратура битирувчиси узлуксиз ишлаб бериш муддати давомида у тақсимот бўйича юборилган ташкилот тугатилса, меҳнат шартномаси (контракт) иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинса, магистратура битирувчиси ТДЮУни бу ҳақда 5 кун ичида хабардор қилиши шарт.

Магистратура битирувчисининг мурожаати бўйича тақсимот комиссияси мазкур Низомнинг 8-бандига мувофиқ бошқа ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринларига улар тақдим этган талабномалар асосида битирувчини тақсимлашни амалга оширади.

24. Ушбу Низомга мувофиқ узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимланган магистратура битирувчисида узлуксиз ишлаб бериш жойини ўзгартириш учун асосли сабаблар вужудга келган тақдирда (никоҳ тузиш, доимий яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб кетиш ва бошқалар) магистратура битирувчиси тақсимот комиссиясига узлуксиз ишлаб бериш жойини ўзгартириш учун тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда мурожаат қилишга ҳақли.

Тақсимот комиссияси ўн кун ичида магистратура битирувчисининг мурожаатини ва тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича магистратура битирувчисига мажбурий ишлаб бериш учун бошқа жойни ушбу Низом талабларига мувофиқ белгилаб беради.

25. ТДЮУ магистратура битирувчисига магистр даражаси тўғрисидаги дипломининг асл нусхасини у узлуксиз ишлаб бериш муддатини тамомлаганидан сўнг бир ҳафта муддатда меҳнат дафтарчасидаги ёзув ва битирувчи узлуксиз ишлаб берган ташкилотнинг ёзма тасдиғи асосида беради.

5-боб. Якунловчи қоидалар

26. Магистратура битирувчиси тақсимот бўйича сабабсиз уч йил узлуксиз ишлаб беришдан бош тортган ҳолларда, ўқишни битирган вақтида ТДЮУда амалда бўлган шартнома суммасининг беш баробари миқдорида ТДЮУга компенсация тўлайди.

27. Мазкур Низомга мувофиқ узлуксиз ишлаб беришдан бош тортган магистратура битирувчиларига магистр даражаси тўғрисидаги дипломнинг асл нусхаси улар белгиланган компенсацияни тўлиқ миқдорда тўлагандан сўнг берилади.

28. Узлуксиз ишлаб бериш муддати давомида меҳнат шартномаси (контракт) магистратура битирувчисининг ташаббуси билан бекор қилинса, иш берувчи томонидан бу ҳақда уч иш куни мобайнида ТДЮУга хабар берилади.

ТДЮУ магистратура битирувчиси томонидан компенсация тўлашни таъминлаш, шунингдек, заруратга кўра, компенсацияни суд тартибида ундириш чорасини кўради.

Бунда, компенсация миқдори магистратура битирувчиси томонидан ишлаб берилган вақтга пропорционал тарзда ҳисоблаб чиқилади.

29. Магистратура битирувчиси узлуксиз ишлаб беришдан бош тортиши билан боғлиқ ТДЮУга тўлайдиган компенсация тўлиқ ҳажмда ТДЮУни ривожлантириш жамғармаси ҳисобига ўтказилади.

30. Мазкур Низомга мувофиқ магистратура битирувчиси меҳнатга лаёқатсизлиги туфайли узлуксиз ишлаб беролмаган ҳолатларда унинг кейинги меҳнат фаолияти тўғрисидаги қарор тақсимот комиссияси томонидан белгиланган тартибда қабул қилинади.

Меҳнат лаёқатини йўқотгани сабабли (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) узлуксиз ишлаб бериш имкониятига эга бўлмаган битирувчилар, шунингдек, давлат ҳокимиятининг марказий органларида хизмат фаолиятини (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлинмалардаги хизмат фаолияти бундан мустасно) амалга ошираётган битирувчилар тақсимот комиссияси қарори асосида компенсация тўлашдан озод этилади.

31. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

32. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни кириш тест синовларисиз қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Тошкент давлат юридик университети ректори ____________________________га (Ф.И.Ш.) _____________________________________ ___________________________________дан ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (абитуриентнинг Ф.И.О. (тўлиқ ёзилади))‎‎ ‎ АРИЗА ‎Тошкент давлат юридик университети ‎магистратурасига қабул қилиш тўғрисида ‎ ‎‎Менга _______________________________________________________________________________ магистратура (магистратура мутахассислиги номи)‎‎ ‎‎мутахассислиги, таълимнинг _______________________________________ тилига,_____________________шаклида ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎ (ўзбек, рус ёки инглиз) ‎ (масофавий, кечки, кундузги) ‎ўқишга қабул қилишингизни сўрайман. ‎‎Маълумотим _________________________________, ___________________________________________________ ‎ ‎ (олий таълим йўналиши) ‎‎ (тугатган таълим муассасаси номи)‎‎ _______________________________________________________ни _______________________ йилда тугатганман. ‎Маълумотим ҳақидаги ҳужжат (диплом): серияси ______________, рақами __________________________________. ‎Мен ____________________________________________________________________________туфайли кириш тест ‎ (тегишли асос кўрсатилади) синовларисиз ўқишга кириш ҳуқуқига эгаман. Магистратурада _____________________________________________________________________ тилида ўқийман. (ўзбек, рус ёки инглиз) ‎Туғилган вақтим ва жойим: __________ йил _________ _________________, ________________________________. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎ (йил) ‎‎ (кун) ‎ (ой)‎ ‎ (туғилган жой) ‎‎Фуқаролигим _____________________________________________________________________________________ (фуқаролик паспорт (ID-карта) бўйича ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат бўйича кўрсатилади) ‎‎Доимий яшаш жойим: _____________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________ (вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, кўча, уй ва квартира рақами тўлиқ кўрсатилади) Паспортга (ID-картага) оид маълумотлар: _______________ __________________,_____________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (серия) ‎‎ (рақам) (ким томонидан ва қачон берилган) ________________________________________________________________________________________________. Меҳнат фаолиятим бўйича қуйидагиларни маълум қиламан * : ‎________________________________________________________________________________________________ ‎________________________________________________________________________________________________. (иш жойи, эгаллаган лавозими, юридик мутахассислик бўйича иш стажи) Магистратурада ўқишни тугатгандан сўнг камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбурияти билан танишдим ** . ____________________________ ‎‎__________________ _____________ _________________________________ ‎‎ (хорижий фуқаронинг Ф.И.Ш.) ‎‎ (имзо) ‎‎ (ариза берилган сана)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 26 август,

513-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.08.2020 й., 09/20/513/1224-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон ; 01.07.2026 й., 09/26/350/0667-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

NIZOM

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida yuridik taʼlim va fanni tubdan takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 29-apreldagi PF-5987-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga kunduzgi, kechki va masofaviy taʼlim shakllari boʻyicha oʻqishga qabul qilish tartibini nazarda tutuvchi Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga ;

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga xorijiy fuqarolarni qabul qilish, hujjatlarni topshirish, suhbat oʻtkazish, shu jumladan, suhbatni masofaviy (onlayn) tarzda oʻtkazish hamda suhbat natijalarini aniqlash tartibini nazarda tutuvchi Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga xorijiy fuqarolarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga ;

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga ayrim toifadagi abituriyentlarni oʻqishga qabul qilish, magistratura bitiruvchilarini oʻqishni tugatgandan soʻng taqsimot boʻyicha ishlab berish tartibini nazarda tutuvchi Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga ayrim toifadagi abituriyentlarni tanlovsiz qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida yuridik taʼlim va fanni tubdan takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 29-apreldagi PF-5987-son Farmoniga muvofiq 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab quyidagi tartib joriy etilishi inobatga olinsin:

masofaviy va kechki taʼlim shakllari boʻyicha oʻqishga bazaviy oliy yuridik maʼlumotga ega boʻlgan shaxslar ishlab chiqarishdan ajralmagan holda qabul qilinadi;

bazaviy oliy yuridik maʼlumotga hamda davlat hokimiyati va markaziy boshqaruv organlarida yuridik yoʻnalish boʻyicha kamida besh yil ish stajiga ega boʻlgan rahbar xodimlarni Toshkent davlat yuridik universiteti (keyingi oʻrinlarda — TDYU) magistraturasiga ishlab chiqarishdan ajralmagan holda masofaviy va kechki oʻqitish dasturlari boʻyicha oʻqishi uchun qabul qilish tegishli davlat organining birinchi rahbari tavsiyasiga koʻra, toʻlov-kontrakt asosida qabul parametrlaridan tashqari amalga oshiriladi.

“Yurisprudensiya” taʼlim yoʻnalishi boʻyicha bakalavriatni imtiyozli tugatgan bitiruvchilar TDYU magistraturasiga tanlovsiz, toʻlov-kontrakt asosida, oʻqish qiymatining 50 foizini toʻlab, qabul parametrlaridan tashqari, oʻqishni tugatgandan soʻng TDYU, yuridik fakultetlar, yuridik texnikumlar va TDYU huzuridagi akademik litseylarda kamida uch yil uzluksiz ishlash majburiyatini yuklagan holda qabul qilinadi;

bazaviy oliy yuridik maʼlumotga ega, yuridik texnikumlarda kamida uch yil ishlagan pedagog va rahbar xodimlar TDYU magistraturasiga tanlovsiz, toʻlov-kontrakt asosida, qabul parametrlaridan tashqari, oʻqishni tugatgandan soʻng taqsimot boʻyicha adliya organlari va muassasalarida, birinchi navbatda, yuridik texnikumlarda kamida uch yil uzluksiz ishlash majburiyatini olgan holda oʻqishga qabul qilinadi.

2 1 . Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 15-iyundagi “Davlat oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish jarayonlarini tashkil etish toʻgʻrisida”gi PQ-279-son qaroriga muvofiq, TDYU magistraturasiga qabul abituriyentning bakalavriat diplom bali oʻrtacha koʻrsatkichi hamda xorijiy tilni bilish darajasi boʻyicha tegishli milliy yoki xalqaro sertifikat bali asosida, ballar ketma-ketligiga qatʼiy rioya qilgan holda amalga oshiriladi hamda qoʻshimcha imtihon oʻtkazilmaydi.

3. 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga oʻqishga kirish uchun abituriyentlar Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligining veb-sayti orqali (xorijiy fuqarolar va ayrim toifadagi abituriyentlar bundan mustasno) roʻyxatdan oʻtish tartibi joriy etilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Davlat xizmatlari agentligi bilan birgalikda oʻn kun muddatda TDYU magistraturasiga oʻqishga kirish uchun hujjatlarni qabul qilish boʻyicha davlat xizmatlarining Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali joriy etilishini taʼminlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:

Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab TDYUda korrupsiya muammolarini oʻrganish boʻyicha magistratura mutaxassisligini ochish choralarini koʻrsin;

ikki oy muddatda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab, yuridik oliy oʻquv yurtlarida “advokatlik faoliyati” boʻyicha magistratura mutaxassisligini ochish;

yosh advokatlarni tanlov orqali yetakchi xorijiy yuridik kompaniyalarda stajirovka oʻtashini tashkil etish uchun davlat grantlarini ajratish boʻyicha asoslantirilgan takliflar kiritsin.

6. Toshkent davlat yuridik universitetiga ushbu qaror talablaridan kelib chiqqan holda Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga ayrim toifadagi abituriyentlarni kirish test sinovlarisiz 2020/2021 oʻquv yili uchun oʻqishga qabul qilish muddatini istisno tariqasida 2020-yil 15-sentabrga qadar uzaytirishga ruxsat berilsin.

7. Vazirlar Mahkamasining “Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 4-iyuldagi 502-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

8. Vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A.Musayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.Q. Davletov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 26-avgustdagi 513-son qaroriga 1-ILOVA

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Toshkent davlat yuridik universiteti (keyingi oʻrinlarda — TDYU) magistraturasiga kunduzgi, kechki va masofaviy taʼlim shakllari boʻyicha oʻqishga qabul qilish tartibini belgilaydi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va Oʻzbekiston Respublikasida doimiy istiqomat qiluvchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslar (keyingi oʻrinlarda — Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari)ni mutaxassisliklar boʻyicha TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasi qarori bilan belgilangan qabul parametrlariga muvofiq davlat granti va TDYU tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi bilan kelishilgan holda belgilanadigan toʻlov-kontrakt, shu jumladan TDYU tomonidan mustaqil ravishda belgilanadigan qoʻshimcha qabul va tabaqalashtirilgan toʻlov-kontrakt doirasida amalga oshiriladi.

3. Ushbu nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

abituriyent — TDYU magistraturasiga oʻqishga kirish uchun belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan va tanlovda ishtirok etuvchi jismoniy shaxs;

qabul komissiyasi — TDYU rektorining buyrugʻi bilan har yili tashkil etiladigan TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilishni tashkil etadigan, shuningdek, abituriyentlarga maslahat xizmatlari koʻrsatadigan komissiya.

4. TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilishni tashkil etish tegishli oʻquv yili uchun tasdiqlanadigan qabul komissiyasi zimmasiga yuklanadi.

5. TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish abituriyentlar uchun teng huquqlilik, qabulning yagona qoidalari va tanlov prinsiplari asosida amalga oshiriladi.

Tanlov natijalariga koʻra eng yuqori ball toʻplagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari davlat grantlari boʻyicha birinchi navbatda, qolganlar toʻplangan ballarning reyting tizimi asosida toʻlov-kontrakt boʻyicha oʻqishga qabul qilish parametrlari, shu jumladan belgilangan tartibda qoʻshimcha qabul va tabaqalashtirilgan toʻlov-kontrakt asosida TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilinadi.

6. Tanlov magistratura mutaxassisliklari, taʼlim shakli va oʻqitish tillariga koʻra alohida oʻtkaziladi.

7. TDYU magistraturasiga qabul “Yurisprudensiya” taʼlim yoʻnalishi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vazirlik) tomonidan belgilangan turdosh (magistraturaga qabul boʻyicha) oliy taʼlim yoʻnalishlari roʻyxati boʻyicha bakalavr darajasiga ega boʻlgan shaxslar oʻrtasida tanlov asosida amalga oshiriladi.

8. TDYU magistraturasiga quyidagi parametrlar asosida oʻqishga qabul qilinadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli hujjatlari bilan tasdiqlangan davlat grantlari asosidagi qabul parametrlari;

Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat komissiyasi) tomonidan tasdiqlangan oliy taʼlim tashkilotlari va tillar kesimidagi magistratura mutaxassisliklari boʻyicha qabul parametrlari.

9. TDYU magistraturasida oʻqitish tili belgilangan qabul parametrlari doirasida hujjatlar qabul qilingunga qadar vazirlik va idoralar takliflariga muvofiq Davlat komissiyasi tomonidan tasdiqlanadi.

10. Magistraturaga oʻqishga qabul qilish jarayonlari TDYU qabul komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — qabul komissiyasi) tomonidan muvofiqlashtiriladi. Bunda magistraturaga oʻqishga qabul qilish boʻyicha qabul komissiyasi masʼul kotibining oʻrinbosari tayinlanadi.

11. Abituriyent tamomlagan bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga mos yoki turdosh magistratura mutaxassisligi boʻyicha oʻqishga qabul qilinadi.

“Yurisprudensiya” bakalavriat taʼlim yoʻnalishi negizidagi magistratura mutaxassisligi mos mutaxassislik hisoblanadi. “Yurisprudensiya” bakalavriat taʼlim yoʻnalishini tamomlagan abituriyentlar uchun TDYU magistraturasida oʻqish muddati bir yilni tashkil qiladi.

Vazirlik har yili 1-iyulga qadar oliy taʼlim tashkilotlari magistraturasiga qabul qilish boʻyicha turdosh oliy taʼlim yoʻnalishlarining roʻyxatini tasdiqlaydi hamda vazirlikning rasmiy veb-sayti orqali eʼlon qiladi.

Turdosh taʼlim yoʻnalishlarini tamomlagan abituriyentlar uchun TDYU magistraturasida oʻqish muddati ikki yilni tashkil qiladi.

2-bob. Abituriyentlarni roʻyxatdan oʻtkazish

12. Qabul komissiyasi, qoida tariqasida, magistraturaga tanlovlar boshlanishidan bir oy oldin magistraturaga qabul qilish muddatlari, mutaxassisliklar nomlari va oʻqishga qabul qilish parametrlari haqidagi axborotni TDYUning rasmiy veb-sayti orqali eʼlon qiladi.

13. Abituriyentlar TDYU magistraturasiga oʻqishga kirish uchun vazirlikning rasmiy veb-sayti yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalidan biri (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali roʻyxatdan oʻtadi.

Abituriyentlar har yili 1-iyuldan 30-iyulgacha (30-iyul kuni ham) roʻyxatdan oʻtkaziladi.

Abituriyentlar roʻyxatdan oʻtish uchun quyidagi hujjatlarni YIDXPga yuklaydi:

oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat nusxasi (yoki diplomdan koʻchirma nusxa — oliy taʼlim tashkilotlarini davlat granti boʻyicha oʻqib tugatganlar uchun) hamda unga ilova nusxasi.

Bunda 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab oliy taʼlim tashkiloti tomonidan berilgan diplom maʼlumotlari (oʻrtacha balli bilan) vazirlikning “Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish — HEMIS” axborot tizimida avtomatik ravishda shakllantirilishi sababli ushbu toifadagi diplom va uning ilovasini YIDXP ga yuklash talab etilmaydi;

xorijiy tilni bilish boʻyicha kamida V2 darajasidagi milliy yoki unga mos darajadagi xalqaro sertifikat nusxasi, qonunchilik hujjatlariga muvofiq tanlovdan tashqari magistraturaga kirish boʻyicha imtiyozga ega abituriyentlar bundan mustasno;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari va Vazirlar Mahkamasining qarorlariga muvofiq imtiyozga ega boʻlgan abituriyentlarning imtiyoz huquqini tasdiqlovchi hujjat nusxasi.

Roʻyxatdan oʻtish YIDXP yoki vazirlikning veb-sayti orqali amalga oshirilganda maʼlumotlar abituriyent tomonidan mustaqil ravishda elektron shaklda yuklanadi va hujjatlar hamda maʼlumotlarning haqqoniyligi va toʻgʻriligi uchun abituriyent shaxsan javobgar hisoblanadi.

Roʻyxatdan oʻtishning belgilangan muddati tugagandan soʻng maʼlumotlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish taqiqlanadi.

14. Magistraturaga qabul boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan abituriyentlarning hujjatlari har yili 10-avgustgacha qabul komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi va ularning arizalari qabul qilingani YIDXPdagi shaxsiy kabinetlari orqali maʼlum qilinadi.

Arizasi qabul qilinmagan abituriyentlarga arizani qabul qilishni rad etish sababi koʻrsatilgan holda YIDXPdagi shaxsiy kabinetlari orqali maʼlum qilinadi.

YIDXP orqali roʻyxatdan oʻtgan abituriyentlar arizasi holatini oʻzlarining shaxsiy kabineti orqali kuzatib boradi.

Abituriyent tomonidan belgilangan muddatda roʻyxatdan oʻtishda YIDXPga talab etilgan maʼlumotlar va hujjatlar asliga mos hamda toʻliq belgilangan talablarga muvofiq kiritilganda, qabul komissiyasi tomonidan hujjatlarni qabul qilish rad etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

3-bob. Tanlovni oʻtkazish

15. Magistraturaga davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida, abituriyentlarning bakalavriat diplomi boʻyicha toʻplagan ballari oʻrtacha koʻrsatkichining ketma-ketligiga koʻra Davlat komissiyasi tomonidan oʻqishga qabul qilinadi.

Magistraturaga qabul tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va vazirlik tomonidan belgilangan turdosh (magistraturaga qabul boʻyicha) oliy taʼlim yoʻnalishlari roʻyxati boʻyicha bakalavr darajasiga hamda xorijiy tilni bilish boʻyicha belgilangan darajadagi sertifikatga ega boʻlgan shaxslar oʻrtasida tanlov asosida amalga oshiriladi.

Tanlov “Yurisprudensiya” bakalavriat taʼlim yoʻnalishini tamomlagan abituriyentlar uchun alohida, shuningdek turdosh bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarini tamomlagan abituriyentlar uchun alohida har bir magistratura mutaxassisligi, oʻqitish tili va taʼlim shakli kesimida oʻtkaziladi.

16. Magistraturaga qabul barcha uchun teng huquqlilik, yagona qabul qoidalari va yagona tanlov asosida amalga oshirilib, bakalavriat diplomi boʻyicha toʻplagan ballari oʻrtacha koʻrsatkichi eng yuqori boʻlgan abituriyentlarning davlat grantlari boʻyicha birinchi navbatda qabul qilinishi taʼminlanadi. Qolgan abituriyentlar bakalavriat diplomi boʻyicha toʻplagan ballari oʻrtacha koʻrsatkichi ketma-ketligiga koʻra belgilangan toʻlov-kontrakt asosidagi qabul parametrlari doirasida qabul qilinadi.

Ajratilgan qabul parametrlari doirasida eng oxirgi abituriyentning tanlov balliga teng koʻrsatkichga ega abituriyent (abituriyentlar) ham mos ravishda qoʻshimcha oʻrin asosida talabalikka tavsiya etiladi.

17. Koʻrish, eshitish va nutqida nuqsoni boʻyicha I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni magistraturaga qabul qilishda ularning xorijiy tilni bilish toʻgʻrisida milliy yoki xalqaro sertifikatga ega boʻlishi talab etilmaydi.

18. Magistraturaga oʻqishga qabul qilishda koʻzi ojiz abituriyentlar toifasiga quyidagilar kiradi:

a) koʻzi boʻyicha 1-guruh nogironligi toʻgʻrisida belgilangan shakldagi maʼlumotnomaga ega boʻlgan shaxslar;

b) koʻzi boʻyicha 2-guruh nogironligi toʻgʻrisida belgilangan shakldagi maʼlumotnomaga ega boʻlgan quyidagi shaxslar:

maxsus maktab-internatlar tomonidan koʻzi ojizlar uchun berilgan oʻrta taʼlim (11-sinf negizida) yetuklik attestatiga ega boʻlgan;

imkoniyati cheklangan shaxslar uchun ixtisoslashgan boshlangʻich kasbiy taʼlim tashkilotlari (kasb-hunar kollejlari) tomonidan koʻzi ojizlar uchun berilgan diplomga ega boʻlgan;

9 yillik koʻzi ojizlar maxsus maktab-internatida oʻqigan va oʻrta maxsus yoki kasb-hunar yoxud boshlangʻich kasbiy taʼlim tashkilotlari diplomiga ega boʻlgan.

19. Koʻzi ojiz abituriyentlarning bakalavriat diplomi boʻyicha toʻplagan ballari oʻrtacha koʻrsatkichi 100 ballik reyting tizimi boʻyicha 71 ball va undan yuqori yoki “5” balli baholash tizimi boʻyicha “4” va undan yuqori boʻlganda, ular qoʻshimcha davlat granti asosida oʻqishga qabul qilinadi.

20. Tanlov natijasidan norozi boʻlgan abituriyentlarning shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun TDYUda qabul komissiyasi aʼzolari, fakultetlar dekanlari va tajribali professor-oʻqituvchilardan iborat tarkibda apellyatsiya komissiyasi tuziladi.

Abituriyent tanlov natijasidan norozi boʻlgan taqdirda, natijalar eʼlon qilingan vaqtdan boshlab 24 soat davomida ariza bilan apellyatsiya komissiyasiga murojaat etishi mumkin. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish muddati ikki kundan oshmasligi lozim.

Abituriyent apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.

Apellyatsiya shikoyati koʻrib chiqiladigan kun va joyi haqida qabul komissiyasi tomonidan abituriyentga kamida bir kun oldin xabar beriladi.

4-bob. Oʻqishga qabul qilish tartibi

21. Davlat komissiyasining TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisidagi qarori har yili 25-avgustgacha qabul qilinadi.

22. Talabalikka tavsiya etilgan abituriyentlar qabul komissiyasiga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjatning asl nusxasi (yoki diplomdan koʻchirmaning asl nusxasi — oliy taʼlim tashkilotlarini davlat granti boʻyicha oʻqib tugatganlar uchun) hamda unga ilova;

xorijiy tilni bilish boʻyicha belgilangan darajadagi sertifikat nusxasi;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda imtiyozga ega boʻlgan abituriyentlar imtiyoz huquqini tasdiqlovchi hujjatning elektron nusxasi.

Zarurat boʻlganda hujjatlarning asl nusxalari talab qilib olinishi mumkin.

Abituriyent tomonidan taqdim etilgan (topshirilgan) hujjatlarning qalbakiligi aniqlansa, abituriyent talabalikka qabul qilinmaydi (talabalikka qabul qilingan boʻlsa, TDYU talabalari safidan chetlashtiriladi) hamda bu haqda belgilangan tartibda huquqni muhofaza qilish organlari xabardor qilinadi.

23. Davlat komissiyasining qarori asosida yetti ish kunida abituriyentlarni davlat grantlari boʻyicha talabalar safiga qabul qilish haqidagi TDYU rektorining buyruqlari rasmiylashtiriladi.

24. Abituriyentlarni toʻlov-kontrakt asosida magistratura mutaxassisliklariga tavsiya etish toʻgʻrisida Davlat komissiyasining qarori qabul qilingandan soʻng TDYU bilan yuridik yoki jismoniy shaxslar oʻrtasida belgilangan tartibda shartnoma rasmiylashtiriladi.

Davlat komissiyasi tomonidan toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga tavsiya etilgan abituriyentlar uchun toʻlov har yili shartnomada yoki Davlat komissiyasi tomonidan belgilangan muddatlarda amalga oshiriladi.

Shartnoma shartlari va tomonlarning majburiyatlari, ularni amalga oshirish tartibi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

Abituriyentlarni magistraturaga toʻlov-kontrakt (shu jumladan, qoʻshimcha qabul va tabaqalashtirilgan toʻlov-kontrakt) asosida oʻqishga qabul qilish yuridik yoki jismoniy shaxslar tomonidan oʻqish uchun belgilangan toʻlov miqdori toʻlangandan soʻng, TDYU rektorining buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi.

25. Abituriyent tomonidan ushbu Nizomning 16-bandida qayd etilgan hujjatlar qabul komissiyasiga taqdim etilmasligi TDYUning uni oʻqishga qabul qilmasligiga asos boʻladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

26. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

27. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 26-avgustdagi 513-son qaroriga 2-ILOVA

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga xorijiy fuqarolarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Toshkent davlat yuridik universiteti (keyingi oʻrinlarda — TDYU) magistraturasiga xorijiy fuqarolarni qabul qilish tartibini belgilaydi.

Mazkur nizom Oʻzbekiston Respublikasida doimiy istiqomat qilmaydigan fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga nisbatan ham tatbiq etiladi.

TDYU magistraturasiga xorijiy fuqarolarni oʻqishga qabul qilish qabul parametrlaridan tashqari TDYU tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi bilan kelishilgan holda belgilanadigan oʻrinlar soniga muvofiq toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi.

2. Xorijiy fuqarolar toʻplangan ballarning reyting tizimi asosida belgilangan oʻrinlar soniga muvofiq TDYU magistraturasiga suhbat (keyingi oʻrinlarda — suhbat) asosida oʻqishga qabul qilinadi.

Suhbat Adliya vazirligi bilan kelishilgan holda TDYU tomonidan belgilangan muddatlarda oʻtkaziladi.

Suhbat oʻtkazish muddatlari toʻgʻrisidagi maʼlumot TDYU tomonidan uning rasmiy veb-saytida suhbat oʻtkazilishidan kamida 1 oy oldin eʼlon qilinadi.

3. Suhbat:

yurisprudensiya sohasida professional bilim va koʻnikmalarini (nazariy bilimlar va amaliy koʻnikmalarni tizimlashtirishga, mustahkamlashga va kengaytirishga, huquqiy manbalar bilan ishlash, normativ-huquqiy hujjatlarni sharhlash va qoʻllash koʻnikmalari, aniq huquqiy qarorlarni qabul qilish uchun mavjud dalillar va holatlarni yuridik jihatdan toʻgʻri baholashga boʻlgan qobiliyatning mavjudligi);

ilmiy tadqiqot olib borishga boʻlgan qobiliyatni (tahlil qilish, fikrlash, shuningdek, yurisprudensiyaga oid muammolarni aniqlay olish, ilmiy-tadqiqot faoliyati olib borish, asosiy ilmiy tushunchalar va ilmiy-tadqiqot ishlari usullarini tushunish qobiliyati);

salohiyat darajasini (bilim va uquvni takomillashtirish, muammolarni hal qilishga noanʼanaviy yondashuvi, oʻz ustida ishlash va malakani oshirishga boʻlgan intilish, kasbiy kamolotga erishish maqsadida shaxsiy imkoniyatlarini maksimal darajada kengaytirish qobiliyatining mavjudligi, shuningdek jamoada ishlay olishi va yetakchilik sifatlarining mavjudligi);

odob-axloq qoidalari va prinsiplarini (ijtimoiy-iqtisodiy muammolar va masalalarga qiziqish, oʻz pozitsiyasi va fikrini koʻrsata olish va shu asosda harakat qilish qobiliyati, yolgʻon va huquqbuzarliklarga nisbatan murosasizlik, bagʻrikenglik, yuksak odob-axloq meʼyorlarini, qadriyatlarni namoyon qilishning mavjudligi) aniqlash uchun oʻtkaziladi.

Xorijiy fuqarolarni magistraturaga oʻqishga qabul qilish uchun suhbat zaruratga koʻra, masofaviy (onlayn) tartibda oʻtkazilishi mumkin.

2-bob. Hujjatlarni qabul qilish

4. Xorijiy fuqarolar TDYU magistraturasiga oʻqishga kirish uchun hujjatlarni Adliya vazirligi bilan kelishgan holda TDYU tomonidan belgilangan muddatlarda Internet jahon axborot tarmogʻi orqali qabul komissiyasiga mazkur Nizomning 1-ilovasida keltirilgan namunadagi TDYU rektori nomiga ariza hamda quyidagi hujjatlarni elektron shaklda taqdim etadi:

pasport (ID-karta) yoki uning oʻrnini bosuvchi hujjat;

oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplom (yoki diplomdan koʻchirma — Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalarini davlat granti boʻyicha oʻqib tugatganlar uchun) hamda unga ilova.

5. Hujjatlarni qabul qilishning belgilangan muddati tugagandan soʻng ularga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish qatʼiyan taqiqlanadi.

6. Kirish imtihonlari natijalari boʻyicha TDYU rektorining abituriyentlarni TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish boʻyicha buyrugʻi qabul qilinganidan soʻng uch kun ichida hujjatlarning asl nusxalari abituriyent tomonidan TDYUga taqdim etiladi.

3-bob. Xorijiy fuqarolarni TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish uchun suhbat oʻtkazish tartibi

1-§. Suhbat oʻtkazishning umumiy shartlari

7. TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish uchun xorijiy fuqarolar bilan suhbat oʻtkazish TDYU rektorining buyrugʻi bilan tashkil etiladigan suhbat komissiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

Suhbat komissiyasi oʻz faoliyatini kollegiallik, oshkoralik, xolislik va betaraflik prinsiplari asosida amalga oshiradi.

Suhbat komissiyasi tarkibiga TDYU xodimlari bilan bir qatorda boshqa tashkilotlarning vakillari ham ularning rahbarlari bilan kelishilgan holda, shuningdek, fuqarolik jamiyati institutlari va jamoatchilik vakillari kiritilishi mumkin.

Suhbat komissiyasiga komissiya aʼzolari faoliyatini umumiy muvofiqlashtiruvchi rais boshchilik qiladi. Suhbat komissiyasi faoliyatini tashkiliy taʼminlash uning kotibi zimmasiga yuklanadi.

8. Suhbat TDYUda taʼlim beriladigan tillarda oʻtkaziladi.

Suhbatning ushbu Nizomga qatʼiy rioya etgan holda tashkil etilishi va oʻtkazilishi uchun masʼuliyat rais, masʼul kotib, uning oʻrinbosari va suhbat komissiyasi aʼzolari zimmasiga yuklanadi.

2-§. Suhbatni oʻtkazishga tayyorgarlik koʻrish

9. Suhbatni tashkil etish va oʻtkazish qabul komissiyasi raisi tomonidan tasdiqlanadigan reja asosida amalga oshiriladi.

Xorijiy fuqarolar bilan suhbat bevosita yoki zaruratga koʻra masofaviy (onlayn) tarzda amalga oshiriladi.

10. Qabul komissiyasining suhbatni tashkil etishdagi asosiy vazifalar quyidagilar hisoblanadi:

suhbat jarayoni adolatli oʻtkazilishini taʼminlash;

suhbat oʻtkazish uchun zarur sharoitlar yaratish;

TDYUga oʻqishga kirish va unda taʼlim olish, shuningdek TDYUda yaratilgan sharoitlar haqida xorijiy fuqarolarga axborot va maʼlumotnomalar taqdim etish;

abituriyentlarga suhbat natijalarini eʼlon qilish.

11. Suhbat oʻtkaziladigan auditoriyani belgilangan talablar doirasida tayyorlash masʼul kotib oʻrinbosari zimmasiga yuklanadi.

Suhbat oʻtkaziladigan binoda sanitariya va yongʻin xavfsizligi qoidalariga toʻliq javob beradigan zarur texnik, tibbiy va maishiy sharoitlar yaratilishi lozim.

12. Suhbat savollarini tuzish maqsadida TDYU rektorining buyrugʻi bilan tegishli sohaning malakali mutaxassislaridan iborat ekspert guruhi tashkil etiladi.

Suhbat savollari ekspert guruhi tomonidan ushbu Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan mezonlar asosida tuziladi.

Savollar quyidagi talablarga mos kelishi kerak:

loʻnda, oddiy va ravon tilda bayon etilishi hamda professional bilim va tahliliy fikrlash qobiliyatini aniqlashga qaratilgan boʻlishi;

oliy taʼlim darajasiga mos boʻlishi;

ularda foydalanilgan tushunchalar va atamalar savollarni turlicha izohlash imkoniyatini istisno etishi;

umumqabul qilingan grammatik, orfografik va punktuatsiya qoidalariga muvofiq tuzilgan boʻlishi lozim.

Tuziladigan savollarning sifati va mazmuni boʻyicha masʼuliyat ekspert guruhi aʼzolariga yuklanadi. Ekspert guruhi faoliyatiga qabul komissiyasi raisi rahbarlik qiladi.

13. Suhbat oʻtkazish uchun ekspert guruhi tomonidan tuzilgan savollar qabul komissiyasi raisiga topshiriladi va biletlar shakllantirilgunga qadar unda saqlanadi.

Savollar suhbat oʻtkazilishidan bir kun oldin suhbat biletlarini shakllantirish uchun masʼul kotibga topshiriladi.

Har bir bilet ushbu Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan har bir mezon boʻyicha bittadan — jami toʻrtta savoldan iborat boʻlishi lozim.

Shakllantirilgan biletlar konvertlarga joylashtiriladi va qabul komissiyasining muhri bilan tasdiqlanadi hamda masʼul kotibda saqlanadi.

3-§. Suhbat jarayonini tashkil etish va uning natijalarini aniqlash

14. Abituriyentlarning suhbatdan oʻtishi majburiy hisoblanadi.

Suhbat oʻtkazilishiga qadar qabul komissiyasi raisi tomonidan tasdiqlangan jadvalga muvofiq maslahatlar tashkil etiladi.

Suhbat oʻtkazish jadvali TDYU rektorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi. Buyruqqa suhbatdan oʻtuvchi abituriyentlar roʻyxati ilova qilinadi.

Suhbat oʻtkazish jadvali, qoida tariqasida, suhbat boshlanishidan 10 kun oldin TDYU veb-saytida joylashtiriladi. Suhbat, qoida tariqasida, TDYU binolarida oʻtkaziladi.

15. Abituriyent auditoriyaga suhbat boʻyicha komissiya kotibi tomonidan taklif etiladi. Suhbatdan oldin abituriyent pasport (ID-karta) yoki uning oʻrnini bosuvchi hujjatni koʻrsatishi shart.

Suhbat oʻtkaziladigan binoga abituriyent lugʻat, jadval, kitob, uyali telefon, planshet, kompyuter, noutbuk, netbuk, leptop yoki boshqa telekommunikatsiya vositalari yoxud shpargalkalar olib kirishga harakat qilsa, olib kirgan boʻlsa yoki foydalansa, suhbat davomida savollar biletini boshqa abituriyentga uzatsa yoki yordam bersa suhbat oʻtkazish tartibini buzgan hisoblanadi va dalolatnoma tuzilib suhbatdan chetlashtiriladi.

16. Suhbat oʻtkazishda abituriyent savollar berilgan biletni tanlaydi va suhbatga tayyorlanish uchun 20 daqiqa vaqt ajratiladi. Bunda abituriyent suhbatga tayyorlanish uchun qogʻoz varaqlardan foydalanishi mumkin.

Suhbatdan oʻtish jarayonida abituriyentga bilet mazmuni boʻyicha qoʻshimcha savollar berilishi mumkin. Bitta abituriyent bilan suhbat 20 daqiqagacha davom etadi.

17. Suhbat natijalari ballar qoʻyish yoʻli bilan 100 ballik tizimda baholanadi. Ushbu Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan 1-mezon boʻyicha ballning eng yuqori miqdori 40 ball, qolgan har bir mezon boʻyicha ballarning eng yuqori miqdori 20 ballni tashkil etadi.

Jadval boʻyicha suhbatga kelmagan abituriyentga 0 ball qoʻyiladi.

Suhbat natijalarini belgilash uchun suhbat boʻyicha komissiyaning har bir aʼzosi boshqa aʼzolardan mustaqil ravishda ushbu Nizomning 2-ilovasida keltirilgan shakldagi baholash varagʻini toʻldirib, uni imzolaydi hamda suhbat boʻyicha komissiyaning kotibiga topshiradi. Kotib xorijiy fuqaroga suhbat boʻyicha komissiya aʼzolari tomonidan qoʻyilgan oʻrtacha ballni hisoblab chiqadi.

Abituriyentlar suhbat natijalari boʻyicha 55 ball yoki undan kam ball toʻplagan hollarda suhbatdan oʻtmagan deb hisoblanadi.

18. Suhbatdan oʻtgan abituriyentlar roʻyxati ular tomonidan toʻplangan ballar asosida reyting tizimiga muvofiq aniqlanadi.

Suhbat jarayoni va natijalari suhbat boʻyicha komissiyaning barcha aʼzolari tomonidan imzolanadigan va TDYU rektori tomonidan tasdiqlanadigan yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi.

Suhbat natijalari TDYU veb-saytida suhbat jarayoni oʻtkazilgandan soʻng keyingi ish kunida joylashtiriladi.

19. Suhbat jarayoni va natijalarini qayd etish uchun qoida tariqasida video yoki audioyozuv qoʻllaniladi. Bunda suhbat jarayoni va natijalari qayd etilgan video yoki audioyozuv kamida bir oy muddat saqlanadi.

20. TDYU magistraturasiga abituriyentlarni qabul qilish uchun suhbatni qayta oʻtkazish taqiqlanadi. Suhbat natijalari shikoyat qilinishi va apellyatsiya tartibida koʻrilishi mumkin emas.

21. Suhbat natijalariga koʻra TDYU rektorining TDYU magistraturasiga abituriyentlarni oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida buyrugʻi qabul qilinadi.

4-§. Suhbat jarayonini masofaviy (onlayn) tarzda oʻtkazish tartibi

22. Masofaviy (onlayn) suhbat mazkur paragrafda nazarda tutilgan qoidalarni inobatga olib umumiy tartibda amalga oshiriladi.

Masofaviy (onlayn) suhbat axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda real vaqt rejimida amalga oshiriladi.

Masofaviy (onlayn) suhbatda qoʻllaniladigan axborot-kommunikatsiya texnologiyalari abituriyentning shaxsini tasdiqlash imkonini beradigan texnik talablarga javob berishi lozim.

23. Masofaviy (onlayn) suhbatni oʻtkazish vaqti va tartibi TDYU tomonidan belgilanadi va abituriyentga bu haqda 10 kun oldin xabar beriladi.

24. Masofaviy (onlayn) suhbatda abituriyent tomonidan savollar berilgan biletni tanlash masofaviy tarzda (tegishli bilet raqamini real vaqt rejimida tanlash orqali) amalga oshiriladi.

Masofaviy (onlayn) suhbat natijalarini baholash umumiy tartibda amalga oshiriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

25. TDYU rektorining TDYU magistraturasiga xorijiy fuqarolarni qabul qilish toʻgʻrisidagi buyrugʻi 2-sentabrdan kechiktirmay qabul qilinadi.

26. Belgilangan namunadagi shartnoma blankalari TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida TDYU rektorining buyrugʻi qabul qilingandan soʻng beriladi hamda TDYU rektori va bosh buxgalteri imzosi bilan yuridik shaxslar uchun uch nusxada va jismoniy shaxslar uchun ikki nusxada rasmiylashtiriladi.

27. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

28. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga xorijiy fuqarolarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Toshkent davlat yuridik universiteti rektori ____________________________ga (F.I.Sh.) _____________________________________ ___________________________________dan ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (xorijiy fuqaroning F.I.Sh. (toʻliq yoziladi))‎‎ ‎ ARIZA ‎xorijiy fuqaroni Toshkent davlat yuridik universiteti ‎magistraturasiga qabul qilish toʻgʻrisida ‎ ‎‎Menga _______________________________________________________________________________ magistratura (magistratura mutaxassisligi nomi)‎‎ ‎‎mutaxassisligi, taʼlimning _______________________________________ tiliga oʻqishga kirish uchun oʻtkaziladigan ‎‎ (oʻzbek, rus yoki ingliz) ‎‎suhbatda qatnashishga ruxsat berishingizni soʻrayman. ‎‎Maʼlumotim _________________________________, ___________________________________________________ ‎ ‎ (oliy taʼlim yoʻnalishi) ‎‎ (tugatgan taʼlim muassasasi nomi)‎‎ _______________________________________________________ni _______________________ yilda tugatganman. ‎Maʼlumotim haqidagi hujjat (diplom): seriyasi ______________, raqami __________________________________. ‎Men ____________________________________________________________________til(lar)ini oʻzlashtirganman. ‎ ‎‎ (xorijiy til(lar)ning nomi) Suhbatni _________________________________________________________________________ tilida oʻtkazaman. ‎‎ (oʻzbek, rus yoki ingliz) ‎Tugʻilgan vaqtim va joyim: __________ yil _________ _________________, ________________________________. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(yil) ‎‎ (kun) ‎ (oy)‎ ‎ (tugʻilgan joy) ‎‎Fuqaroligim _____________________________________________________________________________________ (fuqarolik pasport (ID-karta) boʻyicha yoki uning oʻrnini bosuvchi hujjat boʻyicha koʻrsatiladi) ‎‎Doimiy yashash joyim: _____________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________ (mamlakat, viloyat, shahar, tuman, qishloq, koʻcha, uy va kvartira raqami toʻliq koʻrsatiladi) Pasportga (ID-kartaga) oid maʼlumotlar: _______________ __________________,_____________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (seriya) ‎‎ (raqam) (kim tomonidan va qachon berilgan) ________________________________________________________________________________________________. ‎Xalqaro va milliy olimpiadalar, tanlovlar va sport musobaqalarida ishtirok etganlik haqida maʼlumot (ishtirok etgan boʻlsa): ‎________________________________________________________________________________________________ ‎________________________________________________________________________________________________. ‎‎(olimpiada fani, tanlov ixtisosligi, sport musobaqasi turi, oʻtkazilgan sana, egallangan oʻrin) ‎‎Suhbat oʻtkazish tartibi va qoidalari bilan tanishdim. ____________________________ ‎‎__________________ _____________ _________________________________ ‎‎ (xorijiy fuqaroning F.I.Sh.) ‎‎ (imzo) ‎‎ (ariza berilgan sana)

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga xorijiy fuqarolarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

‎‎Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga oʻqishga qabul ‎qilish uchun oʻtkazilgan suhbatda xorijiy fuqaroning javoblarini ‎BAHOLASH VARAGʻI ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Sana _________________________________ Xorijiy fuqaroning F.I.Sh.________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________ T/r Baholash mezonlari‎‎ Ballar 1. Yurisprudensiya sohasidagi professional bilim va koʻnikmalari‎‎‎‎ ‎‎ ‎‎2. Ilmiy tadqiqot olib borishga boʻlgan qobiliyati ‎‎ ‎‎3. Salohiyat darajasi‎‎ 4. ‎‎Odob-axloq qoidalari va prinsiplari ‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Izoh:____________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Suhbat boʻyicha komissiya aʼzosi: ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎__________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎____________________________ ‎ ‎‎(F.I.Sh.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(imzo)

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 26-avgustdagi 513-son qaroriga 3-ILOVA

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga ayrim toifadagi abituriyentlarni tanlovsiz qabul qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Toshkent davlat yuridik universiteti (keyingi oʻrinlarda — TDYU) magistraturasiga ayrim toifadagi abituriyentlarni tanlovsiz qabul qilish, ularni taqsimotga muvofiq uzluksiz ishlab berish uchun taqsimlash hamda ishga qabul qilish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

a) ayrim toifadagi abituriyentlar deganda quyidagilar tushuniladi:

tegishli davlat organi birinchi rahbarining tavsiyasi asosida bazaviy oliy yuridik maʼlumot hamda davlat hokimiyati va boshqaruvining markaziy organlari, shuningdek, respublika darajasidagi boshqa davlat organlarining markaziy apparatida yuridik mutaxassislik boʻyicha kamida besh yil ish stajiga ega boʻlgan rahbar xodimlar;

“yurisprudensiya” taʼlim yoʻnalishi boʻyicha bakalavriatni “imtiyozli” diplom bilan tugatgan bitiruvchilar;

bazaviy oliy yuridik maʼlumotga ega, yuridik texnikumlar va TDYU huzuridagi akademik litseylarda kamida uch yil ishlagan pedagog va rahbar xodimlar;

mazkur Nizomning 5 1 -bandiga muvofiq tegishli oliy taʼlim muassasasining buyurtmasi asosida bazaviy oliy yuridik maʼlumotga ega boʻlgan shaxslar.

b) davlat hokimiyati va boshqaruvining markaziy organlari hamda respublika darajasidagi boshqa davlat organlarining rahbar xodimlari deganda quyidagilar tushuniladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Oliy Majlisi va Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari hamda boshqaruv kadrlari;

respublika davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, shuningdek, boshqa markaziy davlat organlarining (Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, Davlat xavfsizlik xizmati, Milliy gvardiyasi, Markaziy saylov komissiyasi, Markaziy banki, Hisob palatasi, Fanlar akademiyasi, Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi) rahbari, uning oʻrinbosarlari, markaziy apparatdagi mustaqil tarkibiy boʻlinma (texnik, xizmat koʻrsatuvchi va ishlab chiqarish bilan bogʻliq boʻlinmalardan tashqari) boshliqlari.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi va Oliy sudining mustaqil tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari (texnik, xizmat koʻrsatuvchi va ishlab chiqarish bilan bogʻliq boʻlinmalardan tashqari) hamda boshqaruv kadrlari.

3. Tegishli davlat organi birinchi rahbarining (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi xodimlari uchun — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli maslahatchilari va departament rahbarlari, Vazirlar Mahkamasi apparati xodimlari uchun — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari va Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisi ham) tavsiyasi asosida bazaviy oliy yuridik maʼlumot hamda davlat hokimiyati va boshqaruvining markaziy organlari hamda boshqa markaziy davlat organlarining markaziy apparatida yuridik mutaxassislik boʻyicha kamida besh yil ish stajiga ega boʻlgan rahbar xodimlar TDYU magistraturasiga masofaviy va kechki taʼlim shakllari asosida tanlovsiz, toʻlov-kontrakt asosida, qabul parametrlaridan tashqari, ishlab chiqarishdan ajralmagan holda oʻqishga qabul qilinadi/

4. “Yurisprudensiya” taʼlim yoʻnalishi boʻyicha bakalavriatni “imtiyozli” diplom bilan tugatgan bitiruvchilarni TDYU magistraturasiga qabul qilish tanlovsiz, toʻlov-kontrakt asosida, oʻqish qiymatining 50 foizini toʻlab, qabul parametrlaridan tashqari, oʻqishni tugatgandan soʻng TDYU, yuridik fakultetlar, yuridik texnikumlar va TDYU huzuridagi akademik litseylarda kamida uch yil uzluksiz ishlash majburiyatini olgan holda amalga oshiriladi.

Mazkur bandda nazarda tutilgan tartib 2020/2021 oʻquv yili va undan keyingi yillarda “Yurisprudensiya” taʼlim yoʻnalishi boʻyicha bakalavriatni “imtiyozli” diplom bilan tugatgan bitiruvchilarga nisbatan tatbiq etiladi.

5. Bazaviy oliy yuridik maʼlumotga ega, yuridik texnikumlar va TDYU huzuridagi akademik litseylarda kamida uch yil ishlagan pedagog va rahbar xodimlar TDYU magistraturasiga masofaviy va kechki taʼlim shakllari asosida, ishlab chiqarishdan ajralmagan holda tanlovsiz, toʻlov-kontrakt asosida, qabul parametrlaridan tashqari, oʻqishni tugatgandan soʻng taqsimot boʻyicha adliya organlari va muassasalarida, birinchi navbatda, yuridik texnikumlar va TDYU huzuridagi akademik litseylarda kamida uch yil uzluksiz ishlash majburiyatini olgan holda oʻqishga qabul qilinadi.

5 1 . Respublikadagi oliy taʼlim muassasasining buyurtmasiga koʻra bazaviy oliy yuridik maʼlumotga ega boʻlgan shaxslar TDYU magistraturasiga kunduzgi, shuningdek, ishlab chiqarishdan ajralmagan holda masofaviy va kechki taʼlim shakllarida, tanlovsiz, toʻlov-kontrakt asosida, qabul parametrlaridan tashqari, oʻqishni tugatgandan soʻng buyurtma bergan oliy taʼlim muassasasida kamida uch yil toʻliq stavkada uzluksiz ishlash majburiyatini olgan holda oʻqishga qabul qilinadi.

6. Mazkur Nizomning 4 va 5-bandlariga muvofiq oʻqishga qabul qilingan shaxslar kontrakt (shartnoma) tuzishdan oldin oʻqishni tugatgandan soʻng taqsimot boʻyicha ishlash majburiyati shartlari hamda uning bajarilmasligi oqibatida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan javobgarlik boʻyicha ogohlantirish xati orqali tanishtiriladi.

2-bob. Hujjatlarni taqdim etish va magistraturaga oʻqishga qabul qilish

7. Ayrim toifadagi abituriyentlar tomonidan TDYU magistraturasiga oʻqishga kirish uchun hujjat topshirish mazkur Nizom talablarini inobatga olgan holda Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

8. Ayrim toifadagi abituriyentlar tomonidan TDYU magistraturasiga oʻqishga kirish uchun hujjat topshirish Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun belgilangan muddatlarda (har yili 1-iyuldan 30-iyulgacha) Internet jahon axborot tarmogʻi orqali TDYU qabul komissiyasiga mazkur Nizomning ilovasida keltirilgan namunadagi ariza hamda quyidagi hujjatlar elektron shaklda taqdim etiladi:

tegishli davlat organi birinchi rahbarining tavsiyasi asosida bazaviy oliy yuridik maʼlumot hamda davlat hokimiyati va boshqaruvining markaziy organlarida yuridik mutaxassislik boʻyicha kamida besh yil ish stajiga ega boʻlgan rahbar xodimlar uchun oʻrnatilgan tartibda imzolangan va davlat organining blankida rasmiylashtirilgan, raqami va berilgan vaqti aks ettirilgan hamda elektron mehnat daftarchasida koʻrsatilgan maʼlumotlar ilova qilingan tegishli davlat organi birinchi rahbarining tavsiyasi (mazkur Nizomning 3-bandida nazarda tutilgan asosga koʻra hujjat topshirilganda);

bazaviy oliy yuridik maʼlumotga ega, yuridik texnikumlarda (TDYU huzuridagi akademik litseylarda) kamida uch yil ishlagan pedagog va rahbar xodimlar uchun oʻrnatilgan tartibda imzolangan va yuridik texnikum (akademik litseylar) blankida rasmiylashtirilgan, raqami va berilgan vaqti aks ettirilgan hamda elektron mehnat daftarchasida koʻrsatilgan maʼlumotlar ilova qilingan yuridik texnikum (akademik litseylar) direktorining tavsiyasi (ushbu Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan asosga koʻra hujjat topshirilganda);

tegishli oliy taʼlim muassasasining buyurtmasiga koʻra bazaviy oliy yuridik maʼlumotga ega boʻlgan shaxslar uchun belgilangan tartibda imzolangan va oliy taʼlim muassasasi blankasida rasmiylashtirilgan, raqami va berilgan vaqti aks ettirilgan oliy taʼlim muassasasi rahbarining tavsiyasi (ushbu Nizomning 5 1 -bandida nazarda tutilgan asosga koʻra hujjat topshirilganda);

xorijiy tilni V2 darajasida bilish darajasi toʻgʻrisidagi milliy yoki unga mos darajadagi xalqaro sertifikat.

9. Ayrim toifadagi abituriyentlarni TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilishni tashkil etish, ularning hujjatlarini roʻyxatdan oʻtkazish tegishli oʻquv yili uchun tasdiqlanadigan TDYU qabul komissiyasi zimmasiga yuklanadi.

TDYU qabul komissiyasi ayrim toifadagi abituriyentlar tomonidan TDYU magistraturasiga oʻqishga kirish uchun topshirilgan hujjatlarning toʻliqligi va toʻgʻriligini besh ish kuni davomida oʻrganadi hamda uning natijasi boʻyicha abituriyentga xabar beradi.

Abituriyentlar tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni oʻrganish vaqtidakamchiliklar aniqlansa, TDYU qabul komissiyasi tomonidan davlat hokimiyati va boshqaruvining markaziy organlari, yuridik oliy taʼlim muassasalari, yuridik texnikumlar, TDYU huzuridagi akademik litseylar hamda abituriyentdan qoʻshimcha maʼlumotlar soʻrab olinishi mumkin.

10. Ayrim toifadagi abituriyentlarning hujjatlarini oʻrganish davomida abituriyentda tegishli imtiyoz mavjud emasligi aniqlansa, uning hujjatlari koʻrmay qoldiriladi va bu haqda abituriyentga xabar beriladi.

Ayrim toifadagi abituriyentlar tomonidan TDYU magistraturasiga oʻqishga kirish uchun hujjat topshirishning belgilangan muddatlaridan kech qolib topshirilgan hujjatlar koʻrib chiqilmaydi.

Hujjatlarda, shu jumladan, elektron shakldagi maʼlumotlarda qalbakilashtirish yoki soxtalashtirish holatlari aniqlanganda, abituriyentning hujjatlari koʻrib chiqilmaydi (magistraturaga qabul qilingan boʻlsa TDYU magistraturasi talabalari safidan chetlashtiriladi), hujjatlar esa, belgilangan tartibda huquqni muhofaza qilish organlariga yuboriladi.

11. Ayrim toifadagi abituriyentlarni TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish masalasini koʻrib chiqish va tegishli qaror qabul qilish boʻyicha TDYU qabul qomissiyasi tomonidan Davlat komissiyasiga qabul yilining 20-avgustga qadar maʼlumot kiritiladi.

12. Davlat komissiyasining abituriyentlarni oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisidagi qarori 30-avgustga qadar qabul qilinadi va bu haqida TDYUga xabar beriladi.

Oʻqishga qabul kilishga tavsiya etilgan abituriyentlar roʻyxati TDYU veb-saytiga joylashtiriladi.

13. Davlat komissiyasi tomonidan qabul qilingan qaror asosida abituriyentlarni TDYU magistraturasiga toʻlov-kontrakt asosida qabul qilish maqsadida TDYU va yuridik yoki jismoniy shaxslar oʻrtasida kontrakt (shartnoma) tuziladi va unda kontrakt toʻlovi summasini belgilangan muddatda toʻlash sharti koʻrsatib oʻtiladi.

Mazkur Nizomning 5 1 -bandiga muvofiq abituriyentlarni TDYU magistraturasiga toʻlov-kontrakt asosida qabul qilish maqsadida TDYU, oliy taʼlim muassasasi va abituriyent oʻrtasida uch tomonlama kontrakt (shartnoma) tuziladi hamda unda kontrakt toʻlovi summasini belgilangan muddatda toʻlash sharti, oʻqishni tamomlaganidan soʻng buyurtma bergan oliy taʼlim muassasasida uch yil davomida toʻliq stavkada uzluksiz ishlab berish majburiyati koʻrsatiladi.

14. Belgilangan namunadagi shartnoma blankalari TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida Davlat komissiyasi qarori qabul qilingandan soʻng beriladi hamda TDYU rektori va bosh buxgalteri imzosi bilan yuridik shaxslar uchun uch nusxada va jismoniy shaxslar uchun ikki nusxada rasmiylashtiriladi.

15. Davlat komissiyasining abituriyentlarni TDYU magistraturasiga oʻqishga qabul qilish boʻyicha tavsiya etilganligi toʻgʻrisidagi qarori qabul qilinganidan soʻng uch ish kuni mobaynida mazkur Nizomning 8-bandida nazarda tutilgan hujjatlarning asl nusxalari abituriyent tomonidan TDYUga taqdim etiladi.

3-bob. Magistratura bitiruvchilarini taqsimotga muvofiq uzluksiz ishlab berish uchun taqsimlash

16. Mazkur Nizomning 4 va 5-bandlariga muvofiq oʻqishga qabul qilingan magistratura bitiruvchilarini adliya organlari va muassasalari, TDYU, yuridik fakultetlar, yuridik texnikumlar va TDYU qoshidagi akademik litseylarda ishlashga taqsimlash uchun adliya vazirining buyrugʻi bilan taqsimot komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — taqsimot komissiyasi) tuziladi.

Taqsimot komissiyasiga TDYU rektori raislik qiladi hamda uning tarkibiga adliya organlari va muassasalari, yuridik fakultetlar, yuridik texnikumlar va TDYU qoshidagi akademik litsey vakillari kiritilishi mumkin.

17. TDYU magistratura bitiruvchilarini uzluksiz ishlab berish uchun taqsimlash har yili taqsimot komissiyasi tomonidan adliya organlari va muassasalari, TDYU, yuridik fakultetlar, yuridik texnikumlar va TDYU qoshidagi akademik litsey tomonidan taqdim etilgan buyurtmalarga asosan amalga oshiriladi.

Taqsimlash jarayonida taqsimot komissiyasi magistratura bitiruvchisining reyting natijalari, oilaviy holati va taklif etilgan ish oʻrnida ishlash xohishini hisobga oladi. Eng yuqori oʻzlashtirish koʻrsatkichi (86 foiz va undan yuqori)ga ega boʻlgan magistratura bitiruvchilari oʻz tanlovi boʻyicha mavjud ish oʻrinlariga ishga joylashishda birinchi navbatda talabgor boʻladi.

18. Magistratura bitiruvchilarini uzluksiz ishlab berish uchun taqsimlash har yili, qoida tariqasida, magistratura bitiruvchisi oʻqishni tamomlagandan soʻng, bir oydan kechiktirmay amalga oshiriladi.

Taqsimot komissiyasi tomonidan magistratura bitiruvchisiga adliya organlari va muassasalari, TDYU, yuridik fakultetlar, yuridik texnikumlar va TDYU qoshidagi akademik litseylarda ishlash uchun tegishli tartibda yoʻllanma beriladi. Bir vaqtning oʻzida bitiruvchiga yoʻllanma bilan birga ishga kelgani va joylashgani haqida toʻldiriladigan hujjat namunasi ham beriladi.

Ishga yoʻllanma berilganidan tegishli tashkilot — ish beruvchi, TDYU va magistratura bitiruvchisi oʻrtasida uzluksiz ishlab berishning aniq shartlarini hamda bitiruvchining majburiyatlarini aniq belgilab beruvchi uch tomonlama shartnoma uch nusxada tuziladi (magistratura bitiruvchisi TDYUga ishga taqsimlangan hollar bundan mustasno).

19. Taqsimot komissiyasining magistratura bitiruvchisini ishga taqsimlash uchun yoʻllanma berish haqidagi qarori qabul qilinganidan soʻng TDYU tomonidan har bir magistratura bitiruvchisiga besh ish kunidan kechiktirmagan holda magistr darajasi toʻgʻrisidagi diplomdan koʻchirma beriladi.

4-bob. Magistratura bitiruvchilarini ishga qabul qilish va ularning mehnat faoliyati

20. Mazkur Nizomning 4 va 5-bandlariga muvofiq oʻqishga qabul qilingan magistratura bitiruvchilari ishga taqsimlanganidan keyin bir oydan oshmagan muddatda uch tomonlama shartnomada koʻrsatilgan ish joyida hozir boʻlishlari va mehnat faoliyatini boshlashlari shart.

Ish beruvchi uch tomonlama shartnomaga va ishga yoʻllanmaga muvofiq bitiruvchi bilan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda mehnat shartnomasi tuzadi.

Ish beruvchi bitiruvchi tomonidan taqdim etilgan bitiruvchining ishga kelgani va joylashgani haqidagi hujjatni toʻldiradi va keyinchalik uni besh kun muddat ichida TDYUga yuboradi.

TDYU magistratura bitiruvchisining ishga kelgani va joylashgani haqidagi hujjat asosida har bir magistratura bitiruvchisining hisobini yuritadi.

21. Magistratura bitiruvchisining uch yillik uzluksiz ishlab berish muddati quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

yoʻllanma berilgan tashkilotlarda va lavozimlarda ishlash muddati;

davlat hokimiyatining markaziy organlaridagi xizmat faoliyati davri (texnik, xizmat koʻrsatuvchi va ishlab chiqarish bilan bogʻliq boʻlinmalardagi xizmat faoliyat davri bundan mustasno);

muddatli harbiy xizmat va safarbarlik chaqiruvi rezervidagi harbiy xizmatni oʻtash muddatlari.

Ijtimoiy mehnat taʼtili muddati uch yillik uzluksiz ishlab berish muddatiga kirmaydi.

Taqsimot boʻyicha uzluksiz ishlab berishga yuborilgan magistratura bitiruvchisi ishga joylashgandan soʻng, ish beruvchi unga tegishli mehnat sharoitlari yaratadi, zarur hollarda turar joy bilan taʼminlash choralarini koʻradi.

22. Magistratura bitiruvchisining uch yillik uzluksiz ishlab berish muddati tugagandan soʻng ishni davom ettirish haqidagi masala mehnat qonunchiligiga muvofiq ish beruvchi va xodim oʻrtasida oʻzaro kelishuvga asosan hal etiladi.

23. Magistratura bitiruvchisi uzluksiz ishlab berish muddati davomida u taqsimot boʻyicha yuborilgan tashkilot tugatilsa, mehnat shartnomasi (kontrakt) ish beruvchining tashabbusi bilan bekor qilinsa, magistratura bitiruvchisi TDYUni bu haqda 5 kun ichida xabardor qilishi shart.

Magistratura bitiruvchisining murojaati boʻyicha taqsimot komissiyasi mazkur Nizomning 8-bandiga muvofiq boshqa tashkilotlarda mavjud boʻsh ish oʻrinlariga ular taqdim etgan talabnomalar asosida bitiruvchini taqsimlashni amalga oshiradi.

24. Ushbu Nizomga muvofiq uzluksiz ishlab berish uchun taqsimlangan magistratura bitiruvchisida uzluksiz ishlab berish joyini oʻzgartirish uchun asosli sabablar vujudga kelgan taqdirda (nikoh tuzish, doimiy yashash uchun respublikaning boshqa hududiga koʻchib ketish va boshqalar) magistratura bitiruvchisi taqsimot komissiyasiga uzluksiz ishlab berish joyini oʻzgartirish uchun tegishli tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim etgan holda murojaat qilishga haqli.

Taqsimot komissiyasi oʻn kun ichida magistratura bitiruvchisining murojaatini va taqdim etilgan tasdiqlovchi hujjatlarni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha magistratura bitiruvchisiga majburiy ishlab berish uchun boshqa joyni ushbu Nizom talablariga muvofiq belgilab beradi.

25. TDYU magistratura bitiruvchisiga magistr darajasi toʻgʻrisidagi diplomining asl nusxasini u uzluksiz ishlab berish muddatini tamomlaganidan soʻng bir hafta muddatda mehnat daftarchasidagi yozuv va bitiruvchi uzluksiz ishlab bergan tashkilotning yozma tasdigʻi asosida beradi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

26. Magistratura bitiruvchisi taqsimot boʻyicha sababsiz uch yil uzluksiz ishlab berishdan bosh tortgan hollarda, oʻqishni bitirgan vaqtida TDYUda amalda boʻlgan shartnoma summasining besh barobari miqdorida TDYUga kompensatsiya toʻlaydi.

27. Mazkur Nizomga muvofiq uzluksiz ishlab berishdan bosh tortgan magistratura bitiruvchilariga magistr darajasi toʻgʻrisidagi diplomning asl nusxasi ular belgilangan kompensatsiyani toʻliq miqdorda toʻlagandan soʻng beriladi.

28. Uzluksiz ishlab berish muddati davomida mehnat shartnomasi (kontrakt) magistratura bitiruvchisining tashabbusi bilan bekor qilinsa, ish beruvchi tomonidan bu haqda uch ish kuni mobaynida TDYUga xabar beriladi.

TDYU magistratura bitiruvchisi tomonidan kompensatsiya toʻlashni taʼminlash, shuningdek, zaruratga koʻra, kompensatsiyani sud tartibida undirish chorasini koʻradi.

Bunda, kompensatsiya miqdori magistratura bitiruvchisi tomonidan ishlab berilgan vaqtga proporsional tarzda hisoblab chiqiladi.

29. Magistratura bitiruvchisi uzluksiz ishlab berishdan bosh tortishi bilan bogʻliq TDYUga toʻlaydigan kompensatsiya toʻliq hajmda TDYUni rivojlantirish jamgʻarmasi hisobiga oʻtkaziladi.

30. Mazkur Nizomga muvofiq magistratura bitiruvchisi mehnatga layoqatsizligi tufayli uzluksiz ishlab berolmagan holatlarda uning keyingi mehnat faoliyati toʻgʻrisidagi qaror taqsimot komissiyasi tomonidan belgilangan tartibda qabul qilinadi.

Mehnat layoqatini yoʻqotgani sababli (tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlganda) uzluksiz ishlab berish imkoniyatiga ega boʻlmagan bitiruvchilar, shuningdek, davlat hokimiyatining markaziy organlarida xizmat faoliyatini (texnik, xizmat koʻrsatuvchi va ishlab chiqarish bilan bogʻliq boʻlinmalardagi xizmat faoliyati bundan mustasno) amalga oshirayotgan bitiruvchilar taqsimot komissiyasi qarori asosida kompensatsiya toʻlashdan ozod etiladi.

31. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

32. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

Toshkent davlat yuridik universiteti magistraturasiga ayrim toifadagi abituriyentlarni kirish test sinovlarisiz qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Toshkent davlat yuridik universiteti rektori ____________________________ga (F.I.Sh.) _____________________________________ ___________________________________dan ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (abituriyentning F.I.O. (toʻliq yoziladi))‎‎ ‎ ARIZA ‎Toshkent davlat yuridik universiteti ‎magistraturasiga qabul qilish toʻgʻrisida ‎ ‎‎Menga _______________________________________________________________________________ magistratura (magistratura mutaxassisligi nomi)‎‎ ‎‎mutaxassisligi, taʼlimning _______________________________________ tiliga,_____________________shaklida ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎ (oʻzbek, rus yoki ingliz) ‎ (masofaviy, kechki, kunduzgi) ‎oʻqishga qabul qilishingizni soʻrayman. ‎‎Maʼlumotim _________________________________, ___________________________________________________ ‎ ‎ (oliy taʼlim yoʻnalishi) ‎‎ (tugatgan taʼlim muassasasi nomi)‎‎ _______________________________________________________ni _______________________ yilda tugatganman. ‎Maʼlumotim haqidagi hujjat (diplom): seriyasi ______________, raqami __________________________________. ‎Men ____________________________________________________________________________tufayli kirish test ‎ (tegishli asos koʻrsatiladi) sinovlarisiz oʻqishga kirish huquqiga egaman. Magistraturada _____________________________________________________________________ tilida oʻqiyman. (oʻzbek, rus yoki ingliz) ‎Tugʻilgan vaqtim va joyim: __________ yil _________ _________________, ________________________________. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎ (yil) ‎‎ (kun) ‎ (oy)‎ ‎ (tugʻilgan joy) ‎‎Fuqaroligim _____________________________________________________________________________________ (fuqarolik pasport (ID-karta) boʻyicha yoki uning oʻrnini bosuvchi hujjat boʻyicha koʻrsatiladi) ‎‎Doimiy yashash joyim: _____________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________________ (viloyat, shahar, tuman, qishloq, koʻcha, uy va kvartira raqami toʻliq koʻrsatiladi) Pasportga (ID-kartaga) oid maʼlumotlar: _______________ __________________,_____________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (seriya) ‎‎ (raqam) (kim tomonidan va qachon berilgan) ________________________________________________________________________________________________. Mehnat faoliyatim boʻyicha quyidagilarni maʼlum qilaman * : ‎________________________________________________________________________________________________ ‎________________________________________________________________________________________________. (ish joyi, egallagan lavozimi, yuridik mutaxassislik boʻyicha ish staji) Magistraturada oʻqishni tugatgandan soʻng kamida uch yil uzluksiz ishlash majburiyati bilan tanishdim ** . ____________________________ ‎‎__________________ _____________ _________________________________ ‎‎ (xorijiy fuqaroning F.I.Sh.) ‎‎ (imzo) ‎‎ (ariza berilgan sana)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 26-avgust,

513-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 27.08.2020-y., 09/20/513/1224-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 23.11.2021-y., 09/21/705/1082-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son ; 01.07.2026-y., 09/26/350/0667-son)

lex.uz