📅 2020-yil 26-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 26-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 26 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 26 августа 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 26 August 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида » 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон, « Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида » 2018 йил августдаги ПФ-5505-сон фармонларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва ходимлар меҳнатини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан муносиб рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида» 2008 йил 1 августдаги 164-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2008 й., 8-сон, 40-модда) 4-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг кундузги таълим шакли бўйича бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларини:
2009/2010 ўқув йилидан бошлаб — 1:10,5;
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб — 1:12,0;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб — 1:14,0;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб — 1:16,0 нисбатида белгилаш;
олий таълим муассасаси кенгашларига, зарур ҳолларда, мазкур нисбатларни 50 фоизгача ўзгартириш ваколатини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки, таълим соҳалари блоклари ва шакллари бўйича бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг нормативлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади».
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 августдаги 517-сон қарорига ИЛОВА
Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
профессор-ўқитувчилар — олий таълим муассасасида кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ассистент, ўқитувчи, тажриба орттирувчи ўқитувчи лавозимида фаолият юритадиган шахслар;
бошқа тоифадаги ходимлар — олий таълим муассасасида бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлар лавозимларида фаолият юритадиган шахслар.
3. Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантириш пул мукофотлари кўринишида, шунингдек, меҳнат фаолиятида юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги эришган ютуқлари учун олий таълим муассасаси раҳбарияти томонидан асосий иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақлар белгилаш орқали бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
4. Пул мукофотлари, устамалар ва қўшимча ҳақлар миқдори ҳар бир ходимнинг олий таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссасига қараб белгиланади.
5. Олий таълим муассасаси раҳбарларига (ректор, проректор, филиал директори ва ўринбосарлари) меҳнат фаолиятида эришган юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги ютуқлари учун устама ва қўшимча ҳақлар ҳамда пул мукофотлари юқори турувчи ташкилотларнинг тегишли қарорлари билан белгиланади.
6. Мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, олий таълим муассасаларининг илмий-интеллектуал салоҳияти ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида олий таълим муассасаси ҳар йили профессор-ўқитувчи ва ходимлар томонидан бажарилган ишларнинг самарадорлиги ва сифатига қараб моддий рағбатлантириш тартиби ва ҳажмларини белгилаши шарт.
7. Моддий рағбатлантириш нафақат бир ходим учун, балки олий таълим муассасаси раҳбарияти ёки бошқа бошқарув органлари томонидан жамоатчилик ишларини бажарган бутун бир жамоа, кафедра, факультет, илмий лаборатория ва бошқа бўлинмалар ходимларига ҳам берилиши мумкин. Бунда, моддий рағбатлантириладиган ходимларнинг рўйхати бажарилган ишларнинг аниқ кўрсаткичлари, эришилган натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.
8. Олий таълим муассасаси раҳбариятига бажарилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида нотўғри маълумот тақдим этган ходимлар моддий рағбатлантирилмайди.
9. Олий таълим муассасасининг ўқув-тарбиявий, илмий-тадқиқот ва иқтисодий фаолияти самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида ходимларни рағбатлантириш ўқув йили давомида амалга оширилиши мумкин.
10. Рағбатлантириш кўрсаткичлари бажарилган ишларнинг хусусияти, ўзига хослиги ва олий таълим муассасаси (унинг таркибий бўлинмалари)нинг йўналишидан келиб чиқиб аниқлаштирилган бўлиши лозим. Жамоа (аниқ бир ходим) моддий рағбатлантирилишида ҳақиқатан ҳам эришиши мумкин бўлган кўрсаткичлардан икки ёки учтадан кўп бўлмаган мукофотлаш мезонлари белгиланади.
11. Ходимларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ ҳар бир ходим учун олий таълим муассасаси раҳбари томонидан имзоланиб, касаба уюшма ташкилоти билан келишилади, олий таълим муассасалари раҳбарлари учун эса юқори турувчи ташкилотнинг қарори тегишли бошқарма ва бўлимларининг тавсиясига биноан тайёрланади.
12. Меҳнат интизомининг бузилиши белгиланган (ёки белгиланадиган) рағбатлантиришни бекор қилишга асос бўлиши мумкин.
13. Олий таълим муассасаси раҳбари иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизоми бузилганда устамаларни бекор қилиш ёки камайтиришга ҳақли.
14. Қуйидаги ҳолларда олий таълим муассасалари ходимларига уларнинг мурожаатига асосан касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси билан олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам тўланади:
яқин қариндошлари (ота-она, ака-ука, опа-сингил, эр-хотин) вафот этганда;
ходимнинг тўйи ёки юбилей тантанаси муносабати билан;
ходимнинг ўз соғлиғини тиклаши муносабати билан;
табиий офатлар оқибатлари ва бошқа шунга ўхшаш ҳолларда уларга зарар етказилганда.
15. Иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизоми бузилганда устамаларни бекор қилиш ёки камайтириш интизомий жазо чораси ҳисобланмайди.
2-боб. Моддий рағбатлантириш миқдори ва манбалари
16. Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларига иш ҳақи учун устама ҳақ ва қўшимча ҳақлар бир ойлик маошгача бўлган миқдорда табақалашган ҳолда, бошқа тоифадаги ходимларига эса – олий таълим муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг тавсиясига кўра олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланадиган миқдорларда тўланади.
Бунда бошқа тоифадаги ходимларнинг иш ҳақига нисбатан белгиланадиган устамаларнинг энг юқори миқдори 400 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Зарур ҳолларда олий таълим муассасаларига малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида бошқа тоифадаги ходимларнинг иш ҳақига нисбатан белгиланадиган устамаларнинг энг юқори миқдори олий таълим муассасасининг Кенгаши томонидан мустақил белгиланиши мумкин.
Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасаларида юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида профессор-ўқитувчи ва ходимларга устамалар ҳамда моддий рағбатлантириш турлари ва миқдорлари молиявий имкониятдан келиб чиқиб, мустақил белгиланади.
17. Тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 30 фоиздан кўп бўлмаган қисми таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланиши мумкин.
Бунда, моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар олий таълим муассасасининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, бирламчи харажатлари қопланганидан сўнг амалга оширилади.
17 1. Олий таълим муассасаларидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчиси бўлган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларига олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мазкур низомда белгиланган тартибда «Катта ўқитувчи (илмий даражага ва илмий унвонга эга бўлган)» базавий лавозим маошининг эллик фоизи миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.
17 2 . «Меҳрибонлик» уйлари ва Болалар шаҳарчаларининг тарбияланувчиларига ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ, табиий ва бошқа фанларга ўқитиш бўйича факультатив ва тўгарак машғулотларини, «давра сухбатларини» ва фан мусобақаларини ташкил этган олий таълим муассасалари етакчи профессор-ўқитувчиларига олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан мазкур низомда белгиланган тартибда уларнинг базавий лавозим маошига қўшимча ҳақ тўланади.
3-боб. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантиришнинг асосий мезонлари
18. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчи ва бошқа тоифадаги ходимларини рағбатлантиришнинг асосий мезонлари сифатида қуйидагилар ҳисобга олинади:
ўқув жараёнини ташкил этишдаги салмоқли ютуқлари, уларни жаҳон стандартлари даражасида доимий равишда янгилаб бориш, фан, техника, янги технологиялар ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари ҳамда истиқболлари, илмий-техник ва ижтимоий тараққиётни белгилайдиган соҳаларда махсус курслар ташкил этиш;
ўқув ва ўқув-услубий ишларнинг самарадорлиги ва сифатини таъминловчи юқори педагогик маҳоратга, талабанинг ижодий ҳамда идрок қилиш қобилиятини оширишни таъминловчи ўқитишнинг илмий-методик даражасига эга бўлиш;
ўқитишнинг фаол усулларидан фойдаланиш ва билимларни назорат қилиш, таълим ва тарбиянинг уйғунлигини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг юксак ахлоқий жиҳатларини шакллантириш, беш ташаббус йўналишлари бўйича ютуқларга эришиш;
янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини яратиш ва ишлаб чиқиш;
барча турдаги ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш ва ўтказишни такомиллаштириш, талабалар конструкторлик тўгаракларини, ёшлар ижодий марказларини ҳамда талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини бошқариш, шунингдек талабалар орасидан иқтидорлиларини саралаб олиш, танловларда, конференциялар ва симпозиумларда фаол қатнашиш;
ўқув жараёнида замонавий компьютер техникаларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг янги шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, талабаларнинг мустақил таълим олишини шакллантириш;
тайёрланаётган мутахассислар сифатини ошириш мақсадида олий таълимнинг долзарб масалалари бўйича илмий-тадқиқот ишларида қатнашиш ва уларни ўқув-тарбиявий жараёнига татбиқ этиш;
илмий-услубий кенгашлар ва ўқув-услубий бирлашмаларда самарали иш олиб бориш, ўқув режа ва дастурларини ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш;
фан ва техника ҳамда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган мақолалар, монографиялар ва китобларни нашр этиш;
Ўзбекистон Республикаси манфаатларини кўзлаб турли хилдаги ижтимоий-сиёсий ва оммавий тадбирларда фаол иштирок этиш;
илмий ва педагог кадрлар тайёрлашда, докторантлар, жумладан хориж давлатларидаги докторантларга илмий раҳбарлик қилишда ижобий натижаларга эришиш;
фан доктори дипломини олгандан сўнг талабгор (агар олий таълим муассасасида фаолият юритаётган бўлса) ва унинг илмий раҳбари;
ҳисобот йили давомида амалиётга татбиқ қилинадиган диплом лойиҳаларига раҳбарлик қилиш;
чет тилларидан (инглиз, француз, немис ва бошқа) бири ёрдамида ўқув жараёнини ташкил этиш;
бюджетдан ташқари маблағларни кўпайтиришда, шунингдек олий таълим муассасаси моддий-техника базасини ҳомийлик асосида мустаҳкамлаш борасида шахсий ташаббус кўрсатиш;
ҳар бир ходимнинг таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссаси, берилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши ҳамда жамоат ишларида фаол қатнашиши.
19. Олий таълим муассасаси раҳбарларини рағбатлантиришда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади:
олий таълим муассасасида тайёрланган мутахассисларнинг сифат кўрсаткичлари;
профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти бўйича таркиби ва уларнинг малакасини оширганлик даражаси, олий таълим муассасасида фаолият юритаётган хориждан жалб қилинган малакали профессор-ўқитувчиларнинг (мутахассис) салмоғи;
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга қўшган илмий салоҳияти;
олий таълим муассасасидаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш даражаси ва бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш усуллари;
таълим муассасасининг даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси натижалари (охири йиллар ўсиш динамикаси таҳлили асосида);
ҳукумат ва бошқа бошқарув органларига олий таълимни ислоҳ қилиш ҳамда миллий иқтисодиёт ва маданиятни ривожлантириш муаммолари бўйича таклифлар киритиш;
олий таълим муассасасида жамоанинг маънавий, ахлоқий ва психологик муҳитининг ҳолатига кўрсатаётган ижобий таъсири.
20. Рағбатлантириш чора-тадбирларининг самарадорлигини ошириш мақсадида олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифа ходимларининг илғор тажрибасини ва фаолияти самарадорлигини оммавий ахборот воситаларида ёритиш ҳамда олий таълим муассасаси веб-сайтига жойлаштирилади.
4-боб. Якуний қоидалар
21. Олий таълим муассасасининг штатдаги ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг амалдаги тизимида назарда тутилган рағбатлантириш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлар ҳам қўлланилиши мумкин.
22. Устама ҳақларини қатъий мезонларга мувофиқ белгилаш ва тўлаш учун жавобгарлик олий таълим муассасаси раҳбари зиммасига юкланади.
23. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
24. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 26 август,
517-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Respublika oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari va boshqa toifadagi xodimlarini budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tizimini 2030-yilgacha rivojlantirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida ” 2019-yil 8-oktabrdagi PF-5847-son, “ Norma ijodkorligi faoliyatini takomillashtirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida ” 2018-yil avgustdagi PF-5505-son farmonlarida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash hamda professor-oʻqituvchilar va xodimlar mehnatini budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan munosib ragʻbatlantirish tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Respublika oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari va boshqa toifadagi xodimlarini budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Respublika oliy taʼlim muassasalari xodimlari mehnatiga haq toʻlashning takomillashtirilgan tizimini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2008-yil 1-avgustdagi 164-son qarorining (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2008-y., 8-son, 40-modda) 4-bandi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“4. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Moliya vazirligi, tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirliklar va idoralarning kunduzgi taʼlim shakli boʻyicha bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qarab bir oʻqituvchiga toʻgʻri keladigan talabalar soni nisbatining cheklangan normativlarini:
2009/2010 oʻquv yilidan boshlab — 1:10,5;
2019/2020 oʻquv yilidan boshlab — 1:12,0;
2020/2021 oʻquv yilidan boshlab — 1:14,0;
2021/2022 oʻquv yilidan boshlab — 1:16,0 nisbatida belgilash;
oliy taʼlim muassasasi kengashlariga, zarur hollarda, mazkur nisbatlarni 50 foizgacha oʻzgartirish vakolatini berish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
Belgilansinki, taʼlim sohalari bloklari va shakllari boʻyicha bir nafar oʻqituvchi hisobiga toʻgʻri keladigan talabalar soni nisbatining normativlari Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishilgan holda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan tasdiqlanadi”.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 26-avgustdagi 517-son qaroriga ILOVA
Respublika oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari va boshqa toifadagi xodimlarini budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom respublika oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari va boshqa toifadagi xodimlarini budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan moddiy ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
professor-oʻqituvchilar — oliy taʼlim muassasasida kafedra mudiri, professor, dotsent, katta oʻqituvchi, assistent, oʻqituvchi, tajriba orttiruvchi oʻqituvchi lavozimida faoliyat yuritadigan shaxslar;
boshqa toifadagi xodimlar — oliy taʼlim muassasasida boshqaruv, texnik, xizmat koʻrsatuvchi va oʻquv-yordamchi xodimlar lavozimlarida faoliyat yuritadigan shaxslar.
3. Oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilarini va boshqa toifadagi xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish pul mukofotlari koʻrinishida, shuningdek, mehnat faoliyatida yuqori ijodiy va ishlab chiqarishdagi erishgan yutuqlari uchun oliy taʼlim muassasasi rahbariyati tomonidan asosiy ish haqiga ustama va qoʻshimcha haqlar belgilash orqali budjetdan tashqari mablagʻlar hisobiga amalga oshiriladi.
4. Pul mukofotlari, ustamalar va qoʻshimcha haqlar miqdori har bir xodimning oliy taʼlim muassasasi faoliyati samaradorligi va natijadorligini oshirishga qoʻshgan shaxsiy hissasiga qarab belgilanadi.
5. Oliy taʼlim muassasasi rahbarlariga (rektor, prorektor, filial direktori va oʻrinbosarlari) mehnat faoliyatida erishgan yuqori ijodiy va ishlab chiqarishdagi yutuqlari uchun ustama va qoʻshimcha haqlar hamda pul mukofotlari yuqori turuvchi tashkilotlarning tegishli qarorlari bilan belgilanadi.
6. Mutaxassislar tayyorlash sifatini oshirish, oliy taʼlim muassasalarining ilmiy-intellektual salohiyati va moddiy-texnik bazasini mustahkamlash maqsadida oliy taʼlim muassasasi har yili professor-oʻqituvchi va xodimlar tomonidan bajarilgan ishlarning samaradorligi va sifatiga qarab moddiy ragʻbatlantirish tartibi va hajmlarini belgilashi shart.
7. Moddiy ragʻbatlantirish nafaqat bir xodim uchun, balki oliy taʼlim muassasasi rahbariyati yoki boshqa boshqaruv organlari tomonidan jamoatchilik ishlarini bajargan butun bir jamoa, kafedra, fakultet, ilmiy laboratoriya va boshqa boʻlinmalar xodimlariga ham berilishi mumkin. Bunda, moddiy ragʻbatlantiriladigan xodimlarning roʻyxati bajarilgan ishlarning aniq koʻrsatkichlari, erishilgan natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va boshqa hujjatlar bilan tasdiqlanishi lozim.
8. Oliy taʼlim muassasasi rahbariyatiga bajarilgan ishlar va erishilgan natijalar toʻgʻrisida notoʻgʻri maʼlumot taqdim etgan xodimlar moddiy ragʻbatlantirilmaydi.
9. Oliy taʼlim muassasasining oʻquv-tarbiyaviy, ilmiy-tadqiqot va iqtisodiy faoliyati samaradorligi va sifatini oshirish maqsadida xodimlarni ragʻbatlantirish oʻquv yili davomida amalga oshirilishi mumkin.
10. Ragʻbatlantirish koʻrsatkichlari bajarilgan ishlarning xususiyati, oʻziga xosligi va oliy taʼlim muassasasi (uning tarkibiy boʻlinmalari)ning yoʻnalishidan kelib chiqib aniqlashtirilgan boʻlishi lozim. Jamoa (aniq bir xodim) moddiy ragʻbatlantirilishida haqiqatan ham erishishi mumkin boʻlgan koʻrsatkichlardan ikki yoki uchtadan koʻp boʻlmagan mukofotlash mezonlari belgilanadi.
11. Xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisidagi buyruq har bir xodim uchun oliy taʼlim muassasasi rahbari tomonidan imzolanib, kasaba uyushma tashkiloti bilan kelishiladi, oliy taʼlim muassasalari rahbarlari uchun esa yuqori turuvchi tashkilotning qarori tegishli boshqarma va boʻlimlarining tavsiyasiga binoan tayyorlanadi.
12. Mehnat intizomining buzilishi belgilangan (yoki belgilanadigan) ragʻbatlantirishni bekor qilishga asos boʻlishi mumkin.
13. Oliy taʼlim muassasasi rahbari ish sifati yomonlashganda, topshiriqlar oʻz vaqtida bajarilmaganda, mehnat va ishlab chiqarish intizomi buzilganda ustamalarni bekor qilish yoki kamaytirishga haqli.
14. Quyidagi hollarda oliy taʼlim muassasalari xodimlariga ularning murojaatiga asosan kasaba uyushmasi tashkilotining tashabbusi bilan oliy taʼlim muassasasining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan moddiy yordam toʻlanadi:
yaqin qarindoshlari (ota-ona, aka-uka, opa-singil, er-xotin) vafot etganda;
xodimning toʻyi yoki yubiley tantanasi munosabati bilan;
xodimning oʻz sogʻligʻini tiklashi munosabati bilan;
tabiiy ofatlar oqibatlari va boshqa shunga oʻxshash hollarda ularga zarar yetkazilganda.
15. Ish sifati yomonlashganda, topshiriqlar oʻz vaqtida bajarilmaganda, mehnat va ishlab chiqarish intizomi buzilganda ustamalarni bekor qilish yoki kamaytirish intizomiy jazo chorasi hisoblanmaydi.
2-bob. Moddiy ragʻbatlantirish miqdori va manbalari
16. Oliy taʼlim muassasasi professor-oʻqituvchilariga ish haqi uchun ustama haq va qoʻshimcha haqlar bir oylik maoshgacha boʻlgan miqdorda tabaqalashgan holda, boshqa toifadagi xodimlariga esa – oliy taʼlim muassasasi kasaba uyushmasi tashkilotining tavsiyasiga koʻra oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) tomonidan belgilanadigan miqdorlarda toʻlanadi.
Bunda boshqa toifadagi xodimlarning ish haqiga nisbatan belgilanadigan ustamalarning eng yuqori miqdori 400 foizdan ortiq boʻlishi mumkin emas. Zarur hollarda oliy taʼlim muassasalariga malakali mutaxassislarni jalb etish maqsadida boshqa toifadagi xodimlarning ish haqiga nisbatan belgilanadigan ustamalarning eng yuqori miqdori oliy taʼlim muassasasining Kengashi tomonidan mustaqil belgilanishi mumkin.
Oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtgan oliy taʼlim muassasalarida yuqori malakali mutaxassislarni jalb etish, koʻrsatiladigan taʼlim xizmatlari sifatini oshirish maqsadida professor-oʻqituvchi va xodimlarga ustamalar hamda moddiy ragʻbatlantirish turlari va miqdorlari moliyaviy imkoniyatdan kelib chiqib, mustaqil belgilanadi.
17. Toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlarning 30 foizdan koʻp boʻlmagan qismi taʼlim muassasasining professor-oʻqituvchilar tarkibi va boshqa toifadagi xodimlarini moddiy ragʻbatlantirishga sarflanishi mumkin.
Bunda, moddiy ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar oliy taʼlim muassasasining moliyaviy imkoniyatlaridan kelib chiqib, birlamchi xarajatlari qoplanganidan soʻng amalga oshiriladi.
17 1. Oliy taʼlim muassasalaridagi Oʻzbekiston yoshlar ittifoqining boshlangʻich tashkilot yetakchisi boʻlgan oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari va boshqa toifadagi xodimlariga oliy taʼlim muassasasining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan mazkur nizomda belgilangan tartibda “Katta oʻqituvchi (ilmiy darajaga va ilmiy unvonga ega boʻlgan)” bazaviy lavozim maoshining ellik foizi miqdorida har oylik qoʻshimcha haq toʻlanadi.
17 2 . “Mehribonlik” uylari va Bolalar shaharchalarining tarbiyalanuvchilariga axborot texnologiyalari, xorijiy tillar, aniq, tabiiy va boshqa fanlarga oʻqitish boʻyicha fakultativ va toʻgarak mashgʻulotlarini, “davra suxbatlarini” va fan musobaqalarini tashkil etgan oliy taʼlim muassasalari yetakchi professor-oʻqituvchilariga oliy taʼlim muassasasining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan mazkur nizomda belgilangan tartibda ularning bazaviy lavozim maoshiga qoʻshimcha haq toʻlanadi.
3-bob. Oliy taʼlim muassasalari professor-oʻqituvchilari va boshqa toifadagi xodimlarini moddiy ragʻbatlantirishning asosiy mezonlari
18. Oliy taʼlim muassasalari professor-oʻqituvchi va boshqa toifadagi xodimlarini ragʻbatlantirishning asosiy mezonlari sifatida quyidagilar hisobga olinadi:
oʻquv jarayonini tashkil etishdagi salmoqli yutuqlari, ularni jahon standartlari darajasida doimiy ravishda yangilab borish, fan, texnika, yangi texnologiyalar va madaniyatni rivojlantirishdagi yutuqlari hamda istiqbollari, ilmiy-texnik va ijtimoiy taraqqiyotni belgilaydigan sohalarda maxsus kurslar tashkil etish;
oʻquv va oʻquv-uslubiy ishlarning samaradorligi va sifatini taʼminlovchi yuqori pedagogik mahoratga, talabaning ijodiy hamda idrok qilish qobiliyatini oshirishni taʼminlovchi oʻqitishning ilmiy-metodik darajasiga ega boʻlish;
oʻqitishning faol usullaridan foydalanish va bilimlarni nazorat qilish, taʼlim va tarbiyaning uygʻunligini taʼminlash, oʻsib kelayotgan yosh avlodning yuksak axloqiy jihatlarini shakllantirish, besh tashabbus yoʻnalishlari boʻyicha yutuqlarga erishish;
yangi avlod darsliklari va oʻquv qoʻllanmalarini yaratish va ishlab chiqish;
barcha turdagi ishlab chiqarish amaliyotlarini tashkil etish va oʻtkazishni takomillashtirish, talabalar konstruktorlik toʻgaraklarini, yoshlar ijodiy markazlarini hamda talabalarning ilmiy-tadqiqot ishlarini boshqarish, shuningdek talabalar orasidan iqtidorlilarini saralab olish, tanlovlarda, konferensiyalar va simpoziumlarda faol qatnashish;
oʻquv jarayonida zamonaviy kompyuter texnikalaridan foydalangan holda oʻqitishning yangi shakllari va usullarini ishlab chiqish va joriy etish, talabalarning mustaqil taʼlim olishini shakllantirish;
tayyorlanayotgan mutaxassislar sifatini oshirish maqsadida oliy taʼlimning dolzarb masalalari boʻyicha ilmiy-tadqiqot ishlarida qatnashish va ularni oʻquv-tarbiyaviy jarayoniga tatbiq etish;
ilmiy-uslubiy kengashlar va oʻquv-uslubiy birlashmalarda samarali ish olib borish, oʻquv reja va dasturlarini hamda iqtisodiyot tarmoqlarining real ehtiyojlarini hisobga olgan holda mutaxassislar tayyorlash boʻyicha aniq takliflarni ishlab chiqish;
fan va texnika hamda iqtisodiyot tarmoqlarini rivojlantirishga munosib hissa qoʻshadigan maqolalar, monografiyalar va kitoblarni nashr etish;
Oʻzbekiston Respublikasi manfaatlarini koʻzlab turli xildagi ijtimoiy-siyosiy va ommaviy tadbirlarda faol ishtirok etish;
ilmiy va pedagog kadrlar tayyorlashda, doktorantlar, jumladan xorij davlatlaridagi doktorantlarga ilmiy rahbarlik qilishda ijobiy natijalarga erishish;
fan doktori diplomini olgandan soʻng talabgor (agar oliy taʼlim muassasasida faoliyat yuritayotgan boʻlsa) va uning ilmiy rahbari;
hisobot yili davomida amaliyotga tatbiq qilinadigan diplom loyihalariga rahbarlik qilish;
chet tillaridan (ingliz, fransuz, nemis va boshqa) biri yordamida oʻquv jarayonini tashkil etish;
budjetdan tashqari mablagʻlarni koʻpaytirishda, shuningdek oliy taʼlim muassasasi moddiy-texnika bazasini homiylik asosida mustahkamlash borasida shaxsiy tashabbus koʻrsatish;
har bir xodimning taʼlim muassasasi faoliyati samaradorligi va natijadorligini oshirishga qoʻshgan shaxsiy hissasi, berilgan vazifalarni oʻz vaqtida va sifatli bajarishi hamda jamoat ishlarida faol qatnashishi.
19. Oliy taʼlim muassasasi rahbarlarini ragʻbatlantirishda quyidagi mezonlar hisobga olinadi:
oliy taʼlim muassasasida tayyorlangan mutaxassislarning sifat koʻrsatkichlari;
professor-oʻqituvchilarning ilmiy salohiyati boʻyicha tarkibi va ularning malakasini oshirganlik darajasi, oliy taʼlim muassasasida faoliyat yuritayotgan xorijdan jalb qilingan malakali professor-oʻqituvchilarning (mutaxassis) salmogʻi;
Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot tarmoqlarini rivojlantirishga qoʻshgan ilmiy salohiyati;
oliy taʼlim muassasasidagi tadbirkorlik faoliyatini rivojlantirish darajasi va budjetdan tashqari mablagʻlarni jalb qilish usullari;
taʼlim muassasasining daromadlari va xarajatlari smetasining ijrosi natijalari (oxiri yillar oʻsish dinamikasi tahlili asosida);
hukumat va boshqa boshqaruv organlariga oliy taʼlimni isloh qilish hamda milliy iqtisodiyot va madaniyatni rivojlantirish muammolari boʻyicha takliflar kiritish;
oliy taʼlim muassasasida jamoaning maʼnaviy, axloqiy va psixologik muhitining holatiga koʻrsatayotgan ijobiy taʼsiri.
20. Ragʻbatlantirish chora-tadbirlarining samaradorligini oshirish maqsadida oliy taʼlim muassasasi professor-oʻqituvchilari va boshqa toifa xodimlarining ilgʻor tajribasini va faoliyati samaradorligini ommaviy axborot vositalarida yoritish hamda oliy taʼlim muassasasi veb-saytiga joylashtiriladi.
4-bob. Yakuniy qoidalar
21. Oliy taʼlim muassasasining shtatdagi xodimlariga mehnatga haq toʻlashning amaldagi tizimida nazarda tutilgan ragʻbatlantirish boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa toʻlovlar ham qoʻllanilishi mumkin.
22. Ustama haqlarini qatʼiy mezonlarga muvofiq belgilash va toʻlash uchun javobgarlik oliy taʼlim muassasasi rahbari zimmasiga yuklanadi.
23. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
24. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 26-avgust,
517-son