UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 6-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 6 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 октября 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 October 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

низом

Инвестицияларни жалб қилиш‚ саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 18 августдаги ПФ-6042-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Инвестицияларни жалб қилиш‚ саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари ва функциялари;

Ҳукумат комиссиясининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги;

Ҳукумат комиссияси фаолиятини ташкил этиш тартиби;

Ҳукумат комиссиясининг ишчи органлари ва котиби;

Ҳукумат комиссияси қарорларини қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш тартиби.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 октябрдаги 601-сон қарорига ИЛОВА

Инвестицияларни жалб қилиш‚ саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва масъулияти, фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.

2. Ҳукумат комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига , Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

3. Ҳукумат комиссияси ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

2-боб. Ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари ва функциялари

4. Қуйидагилар Ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

экспорт салоҳиятини ривожлантириш;

инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;

ҳудудларда саноат кластерларини ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш;

олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган «йўл хариталари»нинг ижросини назорат қилиш.

5. Ҳукумат комиссияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари соҳасида:

экспорт прогноз параметрларининг бажарилишини доимий равишда мониторинг қилиш, шунингдек келгуси йиллар учун экспорт прогнозини шакллантириш ишларини ташкил этиш;

ҳудудлар ва тармоқ экспорт салоҳиятининг ўсиши ва сафарбар этилишига тўсқинлик қиладиган жорий ва тизимли муаммоларни аниқлаш;

нобарқарор ташқи конъюнктура, шунингдек янги турдаги халқаро таҳдид ва хатарлар (коронавирус пандемияси каби) шароитида мамлакатнинг экспорт қилиш салоҳиятини ривожлантириш;

экспорт фаолиятини амалга оширишда аниқланган муаммоларни ўрганиб, зарур ҳолларда жойида бартараф этиш чораларини кўриш;

экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш бўйича амалий, шу жумладан қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

б) инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш масалалари соҳасида:

давлат инвестицияларини бошқариш тизимини такомиллаштирган ҳолда инвестиция дастурлари ва марказлашган инвестициялар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириш ҳамда уларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини ташкил этиш;

инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш ҳамда инвестиция оқимининг ўсиши ва уларнинг жалб этилишига тўсқинлик қиладиган жорий ва тизимли муаммоларни аниқлаш;

инвестиция дастурлари ва тармоқлар йўналиши доирасида инвестицияларнинг ўзлаштирилиши ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш, ишга тушган ишлаб чиқариш лойиҳаларининг самарадорлигини баҳолаш ҳамда вужудга келаётган муаммоларни, шу жумладан жойида бартараф этиш чораларини кўриш;

инвестиция лойиҳалари, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан келишиладиган кўп йиллик ҳамкорлик дастурлари ва стратегияларини тақдим этиш, улар иштирокидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул вазирликлар, идоралар ва лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларининг ҳисоботларини эшитиш, шунингдек, ушбу лойиҳаларнинг ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

в) ҳудудларда саноат кластерларини ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари соҳасида:

республика ҳудудларида саноатни жадал ривожлантириш ҳамда илм-фан, инновация, лойиҳа, молия, инжиниринг ва инвестиция ташкилотларини қамраб олган «саноат кластерлари»ни ташкил этиш;

маҳаллий хомашё ҳамда материаллардан самарали фойдаланиш асосида қўшимча қиймат занжирини яратишни таъминлайдиган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

мамлакатнинг салоҳиятини инобатга олган ҳолда импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган, халқаро стандартлар талабига жавоб берувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестициявий лойиҳа таклифларини тайёрлаш ҳамда инвесторларни жалб қилиб, уларни амалга ошириш;

республика ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига киритилган, бироқ ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўп бўлган айрим технологик ускуналар рўйхатини фақат божхона божидан озод қилиш шарти билан тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 7 сентябрдаги ПФ-6306-сон Фармони 3-бандининг учинчи хатбошисида назарда тутилган норма келиб чиқиш сертификати асосида ҳам қўлланиладиган юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатларни белгилаш;

мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда, уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида белгиланган тартибда олиш шарти билан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган маҳсулотларнинг божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйиладиган ҳолатлар рўйхатини (импорт қилувчининг кафолат хати асосида) тасдиқлаш;

г) олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган «йўл хариталари»нинг ижросини назорат қилиш соҳасида:

«йўл хариталари»да назарда тутилган тадбирлар, шу жумладан экспорт келишувларининг тўлақонли бажарилиши ҳамда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;

«йўл хариталари»да назарда тутилган тадбирларнинг вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўз вақтида ҳамда самарали ижро этилишини таъминлаш, тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан «йўл хариталари»да назарда тутилган тадбирларнинг ижро этилишида сунъий равишда чўзиш ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш.

3-боб. Ҳукумат комиссиясининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

6. Ҳукумат комиссияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жаҳон ва ички бозорда нарх ва талаб конъюнктураси, ишлаб чиқариш ва тақсимот балансларидан келиб чиқиб, экспорт прогнозининг йиллик умумий кўрсаткичларини сақлаган ҳолда экспорт прогноз кўрсаткичларига ўзгартириш киритиш, инвестиция дастурларига уларнинг умумий параметрлари ҳамда кўрсаткичларини сақлаган ҳолда тузатиш, қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳамда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган «йўл хариталари» ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича «йўл хариталари»га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Бунда, олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган «йўл хариталари», шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича «йўл хариталари»нинг умумий кўрсаткичларини ўзгартириш Ҳукумат комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан Ҳукумат комиссиясининг ваколатлари доирасига кирувчи масалалар бўйича ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Ҳукумат комиссияси фаолияти соҳасига оид масалаларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш учун мутахассислар ва илмий ходимларни жалб этиш;

экспорт қилишда транспорт харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар тақдим этиладиган маҳсулотлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, субсидиялар тақдим этиш шартлари ва миқдорларини белгилаш ҳамда тартибини тасдиқлаш, шунингдек, маҳсулот тури, ҳажми ва экспорт йўналишига қараб субсидиянинг қатъий миқдорларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиявий ресурслар тақдим этиш тартибини тасдиқлаш, зарур ҳолларда, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш, шунингдек, умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш чораларини кўриш;

электротехника тармоғи ташкилотларига молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, танловлар (тендерлар) доирасида аванс тўловларини амалга ошириш (қайтариш), хорижий валютадаги шартнома шартларини бажариш ва етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддатларини таъминлаш юзасидан маҳаллий тижорат банкларидан кафолатлар олишда гаров таъминоти сифатида Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан кафилликлар бериш тартибини тасдиқлаш, зарур ҳолларда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарнинг мурожаатларига асосан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайтариш муддатини олти ойгача узайтириш;

Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ўз маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри молиялаштириш тартибини белгилаш.

Ҳукумат комиссияси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Ҳукумат комиссияси раиси комиссия фаолияти ташкил этилиши, унга юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ижро этилиши, шунингдек, Ҳукумат комиссияси самарасиз фаолият юритган тақдирда, уни тугатиш бўйича таклифлар ўз вақтида киритилиши учун шахсан жавоб беради.

8. Ҳукумат комиссияси аъзолари ушбу Низомга мувофиқ уларга юкланган вазифалар ва функцияларни сифатли ва самарали бажариш, шунингдек, Ҳукумат комиссияси йиғилишларида шахсан иштирок этиш учун жавоб берадилар.

Ҳукумат комиссияси аъзосининг узрли сабабга кўра комиссия йиғилишида шахсан иштирок этиши имкони бўлмаганда комиссия йиғилишида иштирок этиш учун тегишли вазирлик ёки идорадан унинг ўрнини босувчи ходим (раҳбар) юборилади.

9. Ҳукумат комиссияси:

ўз фаолиятида белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини ўрганиш учун доимий равишда республика ҳудудларига ташрифларни амалга ошириб боради;

ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ўзига юкланган вазифаларнинг ижроси тўғрисида ахборот киритиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ҳудудларига ташрифлари якунлари бўйича қабул қилинган баённома топшириқларининг экспорт, инвестициялар, ҳудудий саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда бошқа ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги қисмининг ижросини таъминлайди.

4-боб. Ҳукумат комиссияси фаолиятини ташкил этиш тартиби

10. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ҳукумат комиссиясининг раиси ҳисобланади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Ҳукумат комиссияси фаолиятига раҳбарлик қилиш;

Ҳукумат комиссияси йиғилишини (сайёр йиғилишини) чақириш тўғрисида қарор қабул қилиш ва ушбу йиғилиш кун тартибини белгилаш;

Ҳукумат комиссияси фаолиятини назорат қилиш;

Ҳукумат комиссиясига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши юзасидан Ҳукумат комиссияси аъзоларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ҳукумат комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларни, мажлислар баёнларини, иш режаларини ва комиссиянинг бошқа ҳужжатларини тасдиқлаш;

Ҳукумат комиссияси самарали фаолиятини таъминлашга оид бошқа функцияларни бажариш.

Қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Ҳукумат комиссияси раиси Ҳукумат комиссияси аъзолари билан сўров йўли билан келишилган алоҳида масалалар бўйича Ҳукумат комиссияси қарорларини тасдиқлаши мумкин.

11. Ҳукумат комиссияси раисининг ўринбосарлари ваколатига қуйидагилар киради:

Ҳукумат комиссияси йиғилиши (сайёр йиғилиши)ни чақиришни ташкил этиш;

Ҳукумат комиссияси фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан таклифлар тайёрланишини ташкил этиш;

тасдиқланган режага мувофиқ чора-тадбирлар режаси бажарилиши ва Ҳукумат комиссияси аъзолари иши устидан назорат қилиш;

тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда Ҳукумат комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлаш, тегишли ахборот ва таклифларни Ҳукумат комиссияси раисига киритиш;

Ҳукумат комиссияси раиси бўлмаганда ёки унинг топшириғи бўйича Ҳукумат комиссияси йиғилишларига раислик қилиш;

Ҳукумат комиссияси самарали иш олиб боришини таъминлаш мақсадида бошқа функцияларни бажариш.

12. Ҳукумат комиссияси аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ҳукумат комиссияси йиғилишларида (сайёр йиғилишларида) кўриб чиқиладиган кун тартибидаги масалалар бўйича муҳокамада иштирок этиш ва қарорлар қабул қилинишини таъминлаш;

Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан хулосалар тайёрлаш;

Ҳукумат комиссияси қарорлари ва юкланган вазифаларнинг ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни Ҳукумат комиссияси раисига тақдим этиш;

Ҳукумат комиссияси самарали иш олиб боришини таъминлашга оид бошқа функцияларни бажариш.

13. Мажлислар заруратга кўра Ҳукумат комиссияси раиси томонидан, у бўлмаган тақдирда эса унинг ўринбосарлари томонидан чақирилади.

Ҳукумат комиссияси мажлислари, агар уларнинг ишида Ҳукумат комиссияси аъзоларининг умумий сонининг учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

14. Зарурат бўлганда, Ҳукумат комиссияси мажлисига кўриб чиқилаётган масалаларнинг хусусиятига қараб вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф қилинади.

5-боб. Ҳукумат комиссиясининг ишчи органлари ва котиби

15. Қуйидагилар:

экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича — Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари котибияти;

ҳудудий саноатни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари бўйича — Вазирлар Маҳкамасининг Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти Ҳукумат комиссиясининг Ишчи органлари ҳисобланади.

Ҳукумат комиссияси котиби Ҳукумат комиссиясининг ишини юритади.

16. Ҳукумат комиссиясининг Ишчи органлари ва котиби:

Ҳукумат комиссияси фаолиятининг ташкилий-техник таъминотини амалга оширади;

иш режасининг лойиҳасини тайёрлайди, уни Ҳукумат комиссияси муҳокамасига киритади;

Ҳукумат комиссияси йиғилишида (сайёр йиғилишида) кўриб чиқиш учун материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, унинг иши ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун зарур бўлган ахборот ва материалларни тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан сўрайди ва олади;

Ҳукумат комиссияси йиғилишининг (сайёр йиғилишининг) кун тартибидаги масалалар бўйича таҳлилий материалларни тайёрлайди;

Ҳукумат комиссияси аъзоларининг таклифлари, шунингдек, мулоҳазаларини қабул қилади ва тизимлаштиради;

Ҳукумат комиссияси йиғилиши (сайёр йиғилиши) учун зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Ҳукумат комиссияси раиси билан йиғилиш (сайёр йиғилиш) ўтказиш муддати ва жойини, шунингдек, таклиф этилганлар рўйхатини келишади, Ҳукумат комиссияси аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни йиғилиш (сайёр йиғилиш) санаси, вақти ва ўтказиладиган жойи ҳақида хабардор қилади;

Ҳукумат комиссияси йиғилиши баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомалар нусхалари Ҳукумат комиссияси аъзолари, тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилишини таъминлайди;

Ҳукумат комиссияси қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг якунларини Ҳукумат комиссияси йиғилишида (сайёр йиғилишида) кўриб чиқиш учун киритади.

6-боб. Ҳукумат комиссияси қарорларини қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш тартиби

17. Ҳукумат комиссияси қарорлари Ҳукумат комиссиясининг йиғилишда (сайёр йиғилишда) иштирок этаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда Ҳукумат комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Ҳукумат комиссиясининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарор юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.

18. Ҳукумат комиссияси йиғилишида (сайёр йиғилишида) қабул қилинган қарорлар баённома билан расмийлаштирилади ва ушбу баённома Ҳукумат комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ҳамда бир ҳафта муддатда Ҳукумат комиссияси аъзолари, тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

19. Ҳукумат комиссияси қарорлари бажарилишини назорат қилиш Ҳукумат комиссиясининг ишчи органлари томонидан тегишли қисми бўйича амалга оширилади.

7-боб. Якунловчи қоида

20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 6 октябрь,

601-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.10.2020 й., 09/20/601/1354-сон, 09.01.2021 й., 09/21/6/0004-сон; 30.03.2021 й., 09/21/167/0255-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.10.2021 й., 09/21/631/0950-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 15.10.2022 й., 09/22/605/0932-сон; 26.11.2022 й., 09/22/674/1041-сон; 20.09.2023 й., 09/23/482/0717-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

nizom

Investitsiyalarni jalb qilish‚ sanoatni rivojlantirish va savdoni tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada eksport va investitsiya salohiyatini yanada rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 18-avgustdagi PF-6042-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Investitsiyalarni jalb qilish‚ sanoatni rivojlantirish va savdoni tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Hukumat komissiyasining asosiy vazifalari va funksiyalari;

Hukumat komissiyasining huquqlari va javobgarligi;

Hukumat komissiyasi faoliyatini tashkil etish tartibi;

Hukumat komissiyasining ishchi organlari va kotibi;

Hukumat komissiyasi qarorlarini qabul qilish va ularning bajarilishini taʼminlash tartibi.

2. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 6-oktabrdagi 601-son qaroriga ILOVA

Investitsiyalarni jalb qilish‚ sanoatni rivojlantirish va savdoni tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Eksport va investitsiyalarni rivojlantirish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasining (keyingi oʻrinlarda — Hukumat komissiyasi) asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari va masʼuliyati, faoliyatining tashkiliy asoslarini belgilaydi.

2. Hukumat komissiyasi oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga , Oʻzbekiston Respublikasining qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari, va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, shuningdek, ushbu Nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiradi.

3. Hukumat komissiyasi oʻziga yuklatilgan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirishda Oʻzbekiston Respublikasi davlat boshqaruvi organlari va tashkilotlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.

2-bob. Hukumat komissiyasining asosiy vazifalari va funksiyalari

4. Quyidagilar Hukumat komissiyasining asosiy vazifalari hisoblanadi:

eksport salohiyatini rivojlantirish;

investitsiya loyihalarining samarali amalga oshirilishini taʼminlash;

hududlarda sanoat klasterlarini tashkil etish va ishlab chiqarishni mahalliylashtirish;

oliy darajadagi tashriflar davomida imzolangan hujjatlarni amalga oshirish yuzasidan tasdiqlangan “yoʻl xaritalari”ning ijrosini nazorat qilish.

5. Hukumat komissiyasi oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

a) eksport salohiyatini rivojlantirish masalalari sohasida:

eksport prognoz parametrlarining bajarilishini doimiy ravishda monitoring qilish, shuningdek kelgusi yillar uchun eksport prognozini shakllantirish ishlarini tashkil etish;

hududlar va tarmoq eksport salohiyatining oʻsishi va safarbar etilishiga toʻsqinlik qiladigan joriy va tizimli muammolarni aniqlash;

nobarqaror tashqi konyunktura, shuningdek yangi turdagi xalqaro tahdid va xatarlar (koronavirus pandemiyasi kabi) sharoitida mamlakatning eksport qilish salohiyatini rivojlantirish;

eksport faoliyatini amalga oshirishda aniqlangan muammolarni oʻrganib, zarur hollarda joyida bartaraf etish choralarini koʻrish;

eksport salohiyatini yanada kengaytirish boʻyicha amaliy, shu jumladan qonunchilikka tegishli oʻzgartirishlar kiritish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

b) investitsiya loyihalarining samarali amalga oshirilishini taʼminlash masalalari sohasida:

davlat investitsiyalarini boshqarish tizimini takomillashtirgan holda investitsiya dasturlari va markazlashgan investitsiyalar hisobidan amalga oshiriladigan loyihalarni shakllantirish hamda ularning oʻz vaqtida va samarali amalga oshirilishini tashkil etish;

investitsiyalar, shu jumladan xorijiy investitsiyalar ishtirokidagi investitsiya loyihalarining amalga oshirilishini monitoring qilish hamda investitsiya oqimining oʻsishi va ularning jalb etilishiga toʻsqinlik qiladigan joriy va tizimli muammolarni aniqlash;

investitsiya dasturlari va tarmoqlar yoʻnalishi doirasida investitsiyalarning oʻzlashtirilishi va loyihalarning amalga oshirilishi holatini oʻrganish, ishga tushgan ishlab chiqarish loyihalarining samaradorligini baholash hamda vujudga kelayotgan muammolarni, shu jumladan joyida bartaraf etish choralarini koʻrish;

investitsiya loyihalari, shu jumladan xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari bilan kelishiladigan koʻp yillik hamkorlik dasturlari va strategiyalarini taqdim etish, ular ishtirokidagi loyihalarni ishlab chiqish va amalga oshirish uchun masʼul vazirliklar, idoralar va loyihalarni amalga oshirish guruhlarining hisobotlarini eshitish, shuningdek, ushbu loyihalarning oʻz vaqtida ishlab chiqilishi va samarali amalga oshirilishini taʼminlash chora-tadbirlarini ishlab chiqish;

v) hududlarda sanoat klasterlarini tashkil etish va ishlab chiqarishni mahalliylashtirish masalalari sohasida:

respublika hududlarida sanoatni jadal rivojlantirish hamda ilm-fan, innovatsiya, loyiha, moliya, injiniring va investitsiya tashkilotlarini qamrab olgan “sanoat klasterlari”ni tashkil etish;

mahalliy xomashyo hamda materiallardan samarali foydalanish asosida qoʻshimcha qiymat zanjirini yaratishni taʼminlaydigan investitsiya loyihalarini amalga oshirishga koʻmaklashish;

mamlakatning salohiyatini inobatga olgan holda import oʻrnini bosuvchi, eksportga yoʻnaltirilgan, xalqaro standartlar talabiga javob beruvchi mahsulotlar ishlab chiqarish boʻyicha investitsiyaviy loyiha takliflarini tayyorlash hamda investorlarni jalb qilib, ularni amalga oshirish;

respublika hududiga import qilishda bojxona boji va qoʻshilgan qiymat soligʻidan ozod etiladigan texnologik asbob-uskunalar roʻyxatiga kiritilgan, biroq ishlab chiqarilganiga 3 yildan koʻp boʻlgan ayrim texnologik uskunalar roʻyxatini faqat bojxona bojidan ozod qilish sharti bilan tasdiqlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Eksportchi korxonalarni ragʻbatlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 7-sentabrdagi PF-6306-son Farmoni 3-bandining uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan norma kelib chiqish sertifikati asosida ham qoʻllaniladigan yuqori sifat va nazorat tizimiga ega mamlakatlarni belgilash;

muvofiqlik sertifikatini taqdim etmagan holda, uni bojxona hujjatlari rasmiylashtirilgan kundan boshlab ikki oy davomida belgilangan tartibda olish sharti bilan oʻz ishlab chiqarish ehtiyojlari uchun olib kiriladigan mahsulotlarning bojxona hujjatlarini rasmiylashtirishga yoʻl qoʻyiladigan holatlar roʻyxatini (import qiluvchining kafolat xati asosida) tasdiqlash;

g) oliy darajadagi tashriflar davomida imzolangan hujjatlarni amalga oshirish yuzasidan tasdiqlangan “yoʻl xaritalari”ning ijrosini nazorat qilish sohasida:

“yoʻl xaritalari”da nazarda tutilgan tadbirlar, shu jumladan eksport kelishuvlarining toʻlaqonli bajarilishi hamda investitsiya loyihalarining oʻz vaqtida amalga oshirilishi ustidan qatʼiy nazorat oʻrnatish;

“yoʻl xaritalari”da nazarda tutilgan tadbirlarning vazirliklar, idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan oʻz vaqtida hamda samarali ijro etilishini taʼminlash, toʻsqinlik qiluvchi omillarni aniqlab, ularni bartaraf etish;

vazirliklar, idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan “yoʻl xaritalari”da nazarda tutilgan tadbirlarning ijro etilishida sunʼiy ravishda choʻzish va sansalorlik holatlariga yoʻl qoʻymaslik choralarini koʻrish.

3-bob. Hukumat komissiyasining huquqlari va javobgarligi

6. Hukumat komissiyasi oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirish uchun quyidagi huquqlarga ega:

jahon va ichki bozorda narx va talab konyunkturasi, ishlab chiqarish va taqsimot balanslaridan kelib chiqib, eksport prognozining yillik umumiy koʻrsatkichlarini saqlagan holda eksport prognoz koʻrsatkichlariga oʻzgartirish kiritish, investitsiya dasturlariga ularning umumiy parametrlari hamda koʻrsatkichlarini saqlagan holda tuzatish, qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish hamda oliy darajadagi tashriflar davomida imzolangan hujjatlarni amalga oshirish yuzasidan tasdiqlangan “yoʻl xaritalari” hamda xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari bilan hamkorlik boʻyicha “yoʻl xaritalari”ga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish.

Bunda, oliy darajadagi tashriflar davomida imzolangan hujjatlarni amalga oshirish yuzasidan tasdiqlangan “yoʻl xaritalari”, shuningdek, xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari bilan hamkorlik boʻyicha “yoʻl xaritalari”ning umumiy koʻrsatkichlarini oʻzgartirish Hukumat komissiyasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi;

tegishli davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, huquqni muhofaza qiluvchi organlardan Hukumat komissiyasining vakolatlari doirasiga kiruvchi masalalar boʻyicha axborotni belgilangan tartibda soʻrash va olish;

Hukumat komissiyasi faoliyati sohasiga oid masalalarni oʻrganish va takliflar tayyorlash uchun mutaxassislar va ilmiy xodimlarni jalb etish;

eksport qilishda transport xarajatlarining bir qismini kompensatsiya qilish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan subsidiyalar taqdim etiladigan mahsulotlar roʻyxatiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, subsidiyalar taqdim etish shartlari va miqdorlarini belgilash hamda tartibini tasdiqlash, shuningdek, mahsulot turi, hajmi va eksport yoʻnalishiga qarab subsidiyaning qatʼiy miqdorlarini belgilash;

Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Eksportni ragʻbatlantirish agentligi tomonidan tijorat banklariga eksport bilan bogʻliq savdo operatsiyalari va eksportoldi moliyalashtirish kreditlari uchun Eksportni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyaviy resurslar taqdim etish tartibini tasdiqlash, zarur hollarda, unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;

tashqi savdo shartnomalari yuzasidan debitor va kreditor qarzdorliklarni qisqartirish, shuningdek, umidsiz qarzdorliklarni hisobdan chiqarish choralarini koʻrish;

elektrotexnika tarmogʻi tashkilotlariga moliyalashtirish manbalaridan qatʼi nazar, tanlovlar (tenderlar) doirasida avans toʻlovlarini amalga oshirish (qaytarish), xorijiy valyutadagi shartnoma shartlarini bajarish va yetkazib berilgan tovarlar (ishlar, xizmatlar) boʻyicha kafolat muddatlarini taʼminlash yuzasidan mahalliy tijorat banklaridan kafolatlar olishda garov taʼminoti sifatida Eksportni ragʻbatlantirish agentligi tomonidan kafilliklar berish tartibini tasdiqlash, zarur hollarda unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;

mahalliy eksport qiluvchi korxonalarning murojaatlariga asosan eksportoldi va eksport bilan bogʻliq savdo operatsiyalarini moliyalashtirish uchun Eksportni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan ajratilgan kreditlarni qaytarish muddatini olti oygacha uzaytirish;

Yosh tadbirkorlarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi tomonidan oʻz mablagʻlari hisobidan toʻgʻridan-toʻgʻri moliyalashtirish tartibini belgilash.

Hukumat komissiyasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

7. Hukumat komissiyasi raisi komissiya faoliyati tashkil etilishi, unga yuklangan vazifalar va funksiyalar sifatli ijro etilishi, shuningdek, Hukumat komissiyasi samarasiz faoliyat yuritgan taqdirda, uni tugatish boʻyicha takliflar oʻz vaqtida kiritilishi uchun shaxsan javob beradi.

8. Hukumat komissiyasi aʼzolari ushbu Nizomga muvofiq ularga yuklangan vazifalar va funksiyalarni sifatli va samarali bajarish, shuningdek, Hukumat komissiyasi yigʻilishlarida shaxsan ishtirok etish uchun javob beradilar.

Hukumat komissiyasi aʼzosining uzrli sababga koʻra komissiya yigʻilishida shaxsan ishtirok etishi imkoni boʻlmaganda komissiya yigʻilishida ishtirok etish uchun tegishli vazirlik yoki idoradan uning oʻrnini bosuvchi xodim (rahbar) yuboriladi.

9. Hukumat komissiyasi:

oʻz faoliyatida belgilangan vazifalarning sifatli va oʻz vaqtida bajarilishini oʻrganish uchun doimiy ravishda respublika hududlariga tashriflarni amalga oshirib boradi;

har chorakda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga oʻziga yuklangan vazifalarning ijrosi toʻgʻrisida axborot kiritib boradi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining respublika hududlariga tashriflari yakunlari boʻyicha qabul qilingan bayonnoma topshiriqlarining eksport, investitsiyalar, hududiy sanoatni rivojlantirish va ishlab chiqarishni mahalliylashtirish hamda boshqa tashqi iqtisodiy aloqalar sohasidagi qismining ijrosini taʼminlaydi.

4-bob. Hukumat komissiyasi faoliyatini tashkil etish tartibi

10. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri Hukumat komissiyasining raisi hisoblanadi, uning vakolatiga quyidagilar kiradi:

Hukumat komissiyasi faoliyatiga rahbarlik qilish;

Hukumat komissiyasi yigʻilishini (sayyor yigʻilishini) chaqirish toʻgʻrisida qaror qabul qilish va ushbu yigʻilish kun tartibini belgilash;

Hukumat komissiyasi faoliyatini nazorat qilish;

Hukumat komissiyasiga yuklangan vazifalar va funksiyalar bajarilishi yuzasidan Hukumat komissiyasi aʼzolarining faoliyatini muvofiqlashtirish;

Hukumat komissiyasi tomonidan qabul qilingan qarorlarni, majlislar bayonlarini, ish rejalarini va komissiyaning boshqa hujjatlarini tasdiqlash;

Hukumat komissiyasi samarali faoliyatini taʼminlashga oid boshqa funksiyalarni bajarish.

Qarorlarni tezkor qabul qilish maqsadida Hukumat komissiyasi raisi Hukumat komissiyasi aʼzolari bilan soʻrov yoʻli bilan kelishilgan alohida masalalar boʻyicha Hukumat komissiyasi qarorlarini tasdiqlashi mumkin.

11. Hukumat komissiyasi raisining oʻrinbosarlari vakolatiga quyidagilar kiradi:

Hukumat komissiyasi yigʻilishi (sayyor yigʻilishi)ni chaqirishni tashkil etish;

Hukumat komissiyasi faoliyatining asosiy yoʻnalishlari yuzasidan takliflar tayyorlanishini tashkil etish;

tasdiqlangan rejaga muvofiq chora-tadbirlar rejasi bajarilishi va Hukumat komissiyasi aʼzolari ishi ustidan nazorat qilish;

tegishli davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, huquqni muhofaza qiluvchi organlar bilan birgalikda Hukumat komissiyasi tomonidan qabul qilingan qarorlarning bajarilishini taʼminlash, tegishli axborot va takliflarni Hukumat komissiyasi raisiga kiritish;

Hukumat komissiyasi raisi boʻlmaganda yoki uning topshirigʻi boʻyicha Hukumat komissiyasi yigʻilishlariga raislik qilish;

Hukumat komissiyasi samarali ish olib borishini taʼminlash maqsadida boshqa funksiyalarni bajarish.

12. Hukumat komissiyasi aʼzolari quyidagi huquqlarga ega:

Hukumat komissiyasi yigʻilishlarida (sayyor yigʻilishlarida) koʻrib chiqiladigan kun tartibidagi masalalar boʻyicha muhokamada ishtirok etish va qarorlar qabul qilinishini taʼminlash;

Hukumat komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladigan masalalar yuzasidan xulosalar tayyorlash;

Hukumat komissiyasi qarorlari va yuklangan vazifalarning ijrosi yakunlari toʻgʻrisidagi hisobotni Hukumat komissiyasi raisiga taqdim etish;

Hukumat komissiyasi samarali ish olib borishini taʼminlashga oid boshqa funksiyalarni bajarish.

13. Majlislar zaruratga koʻra Hukumat komissiyasi raisi tomonidan, u boʻlmagan taqdirda esa uning oʻrinbosarlari tomonidan chaqiriladi.

Hukumat komissiyasi majlislari, agar ularning ishida Hukumat komissiyasi aʼzolarining umumiy sonining uchdan ikki qismi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.

14. Zarurat boʻlganda, Hukumat komissiyasi majlisiga koʻrib chiqilayotgan masalalarning xususiyatiga qarab vazirliklar va idoralar, jamoat tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlarning rahbarlari taklif qilinadi.

5-bob. Hukumat komissiyasining ishchi organlari va kotibi

15. Quyidagilar:

eksport salohiyatini yanada kengaytirish, investitsiya loyihalarining samarali amalga oshirilishini taʼminlash masalalari boʻyicha — Vazirlar Mahkamasining Investitsiyalar, eksportni qoʻllab-quvvatlash va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari kotibiyati;

hududiy sanoatni rivojlantirish va ishlab chiqarishni mahalliylashtirish masalalari boʻyicha — Vazirlar Mahkamasining Sanoat va uning bazaviy tarmoqlarini hamda kooperatsiya aloqalarini rivojlantirish masalalari departamenti Hukumat komissiyasining Ishchi organlari hisoblanadi.

Hukumat komissiyasi kotibi Hukumat komissiyasining ishini yuritadi.

16. Hukumat komissiyasining Ishchi organlari va kotibi:

Hukumat komissiyasi faoliyatining tashkiliy-texnik taʼminotini amalga oshiradi;

ish rejasining loyihasini tayyorlaydi, uni Hukumat komissiyasi muhokamasiga kiritadi;

Hukumat komissiyasi yigʻilishida (sayyor yigʻilishida) koʻrib chiqish uchun materiallarning oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi, uning ishi oʻz vaqtida va sifatli bajarilishi uchun zarur boʻlgan axborot va materiallarni tegishli davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, huquqni muhofaza qiluvchi organlardan soʻraydi va oladi;

Hukumat komissiyasi yigʻilishining (sayyor yigʻilishining) kun tartibidagi masalalar boʻyicha tahliliy materiallarni tayyorlaydi;

Hukumat komissiyasi aʼzolarining takliflari, shuningdek, mulohazalarini qabul qiladi va tizimlashtiradi;

Hukumat komissiyasi yigʻilishi (sayyor yigʻilishi) uchun zarur hujjatlarning oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi;

Hukumat komissiyasi raisi bilan yigʻilish (sayyor yigʻilish) oʻtkazish muddati va joyini, shuningdek, taklif etilganlar roʻyxatini kelishadi, Hukumat komissiyasi aʼzolarini va taklif etilgan shaxslarni yigʻilish (sayyor yigʻilish) sanasi, vaqti va oʻtkaziladigan joyi haqida xabardor qiladi;

Hukumat komissiyasi yigʻilishi bayonnomalarini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomalar nusxalari Hukumat komissiyasi aʼzolari, tegishli davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yuborilishini taʼminlaydi;

Hukumat komissiyasi qarorlari ijrosi monitoringini olib boradi va uning yakunlarini Hukumat komissiyasi yigʻilishida (sayyor yigʻilishida) koʻrib chiqish uchun kiritadi.

6-bob. Hukumat komissiyasi qarorlarini qabul qilish va ularning bajarilishini taʼminlash tartibi

17. Hukumat komissiyasi qarorlari Hukumat komissiyasining yigʻilishda (sayyor yigʻilishda) ishtirok etayotgan aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlganda Hukumat komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.

Hukumat komissiyasining har bir aʼzosi qabul qilinayotgan qaror yuzasidan oʻz fikrini yozma ravishda bildirishga haqlidir.

18. Hukumat komissiyasi yigʻilishida (sayyor yigʻilishida) qabul qilingan qarorlar bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi va ushbu bayonnoma Hukumat komissiyasi raisi tomonidan tasdiqlanadi hamda bir hafta muddatda Hukumat komissiyasi aʼzolari, tegishli davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yuboriladi.

19. Hukumat komissiyasi qarorlari bajarilishini nazorat qilish Hukumat komissiyasining ishchi organlari tomonidan tegishli qismi boʻyicha amalga oshiriladi.

7-bob. Yakunlovchi qoida

20. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 6-oktabr,

601-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 07.10.2020-y., 09/20/601/1354-son, 09.01.2021-y., 09/21/6/0004-son; 30.03.2021-y., 09/21/167/0255-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 09.10.2021-y., 09/21/631/0950-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 15.10.2022-y., 09/22/605/0932-son; 26.11.2022-y., 09/22/674/1041-son; 20.09.2023-y., 09/23/482/0717-son)

lex.uz