📅 2020-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 октября 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 October 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини ташкил қилиш;
вахта усулида ишлаётган ходимларнинг дам олиш вақтида ҳаёти ва иш фаолиятини таъминлаш учун вахта шаҳарчаларини ташкил қилиш;
ишларни вахта усулида ташкил қилишда меҳнат ва дам олиш режими, иш вақти ҳисобини юритиш;
вахта усулидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, имтиёзлар ва компенсациялар тартиби;
ишларни вахта усулида ташкил қилишда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган кафолатлар.
2. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 октябрдаги 636-сон қарорига ИЛОВА
Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектлардаги қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини меҳнатни ташкил қилишнинг вахта режимида амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Вахта усули корхонадан узоқ масофада жойлашган шароитда ишларни меҳнат ресурсларидан фойдаланиш асосида ташкил қилишнинг шакли ҳисобланади. Вахта усули чекка ва узоқ ҳудудлардаги ижтимоий соҳа ва муҳим объектларда қурилиш, таъмирлаш, ишлаб чиқариш объектларини реконструкция қилиш, бошқа саноат ишлари амалга ошириладиган, лекин маҳаллий меҳнат ресурслари билан таъминламаган ҳудудларда қурилиш муддатларини қисқартириш мақсадида қўлланади.
Ходимларни контракт билан ишга қабул қилишда ишлар вахта усулида бажариладиган меҳнат шароитлари назарда тутилади.
Ходимларнинг меҳнат фаолияти амалга ошириладиган ишлаб чиқариш объектлари вахта усулида ишлаш жойи ҳисобланади.
Иш жойи ўзгаргани сабабли ходимларнинг бошқа жойга кўчиб ўтиши уларнинг бошқа ишга ўтказилиши деб ҳисобланмайди.
Ходимнинг вахтага жўнатилиши хизмат сафари ҳисобланмайди.
Объект жойлашган ҳудудда ишларни бажариш ва сменалараро дам олиш даврлари вахта вақти ҳисобланади.
Вахтанинг давомийлиги бир календарь ойдан ошмаслиги лозим.
3. Вахта ходимлари объектда бўлган даврда махсус ташкил қилинадиган вахта шаҳарчаларида ёки яшаш учун мослаштирилган бошқа махсус хоналарда (кейинги ўринларда — вахта шаҳарчалари) истиқомат қилади.
4. Ишларни вахта усулида ташкил қилиш ҳақидаги қарор касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан қабул қилинади.
5. Қурилиш объектларида вахта усулини қўллашнинг мақсадга мувофиқлиги қурилишни ташкил этиш лойиҳалари ва бошқа лойиҳа-технологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида ишлар бажарилишини ташкил қилиш шароитлари ҳисобга олинган ҳолда техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни бажариш орқали асосланади.
6. Вахта усулини қўллаш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳисобга олиниши лозим.
Ишларни вахта усулида бажариш билан боғлиқ қўшимча харажатлар, шунингдек, вахта усулида ишлаётган меҳнат жамоаларига хизмат кўрсатиш учун жалб этилган ижтимоий-маиший соҳа ташкилотларининг қўшимча харажатларини қоплаш учун кўзда тутилган маблағлар ҳам объект қурилиши учун келишилган нархни белгилашда, томонларнинг келишувига кўра келишилган нарх таркибида ҳисобга олиниши лозим.
7. Вахта усулида бажариш учун мўлжалланган ишларнинг аниқ ҳажмлари ва турлари пудратчи ҳамда буюртмачи томонидан қурилишни бажариш учун пудрат шартномаси тузилаётганда, субпудратчи ташкилотлари учун эса — субпудрат шартномаси тузилаётганда белгиланади.
Ташкилот жойлашган жойдан иш жойигача етиб олиш ва у ердан қайтиш учун ходимлар уч соатдан кўпроқ вақт сарфлайдиган бўлса ёки фавқулодда вазиятларда, ташкилотларнинг раҳбарлари, агар бу иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ деб топилса, ишлар вахта усулида бажарилишини ташкил этишга ҳақли ҳисобланади.
Агар ишларни вахта усулида ташкил қилиш учун амалдаги харажатлар ҳисобланган кўрсаткичлардан ошиб кетадиган бўлса, уларнинг қийматлари орасидаги фарқ қурилиш бўйича бош пудратчи (субпудратчи) ташкилотнинг асосий фаолияти ҳисобига қопланади.
8. Ишларни вахта усулида ташкил этиш билан боғлиқ, бироқ ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.
2-боб. Ишларни ташкил этиш
9. Вахта усулининг ташкил этилиши объектлардаги ишлар бир маромда, узлуксиз ва комплекс равишда, асосан, уларнинг узлуксиз амалга оширилиши бўйича ўзгарувчан графикка биноан бажарилишини таъминлаши лозим.
Ишлар, қоида тариқасида, йириклаштирилган комлекс бригадалар томонидан, ишлар бажарилиши ва меҳнат учун тўловнинг пудрат принципларини қўллаган ҳолда, шунингдек вахта ходимлари кетма-кет алмашиниши ва моддий бойликлар сақланишини таъминлаш билан бажарилиши зарур.
10. Вахта усулида ишлайдиган ходимлар таркибини бутлаш ташкилот штатида рўйхатга олинган ва контракт бўйича вақтинча жалб этиладиган, ушбу усулда бажарилиши кўзда тутилган ишларни амалга оширишни рад этувчи тиббий кўрсатмаларга эга бўлмаган ходимлар билан таъминланади.
11. Вахта усулида бажариладиган ишларга 18 ёшга тўлмаган ишчи ва хизматчилар, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлган аёллар жалб қилинишига йўл қўйилмайди.
12. Вахталарни кадрлар ва мутахассислар билан тартибли равишда таъминлаш мақсадида ташкилот ходимлар билан келишган ҳолда уларни ишларнинг бир участкасидан бошқасига ўтказишга ҳақли. Бунда бир иш участкасидан бошқасига ўтказиш тўғрисидаги буйруқ (фармойиш)да ташкилот раҳбари «вахта» муддати якунланганидан сўнг ходимлар аввалги иш жойи (лавозим)да тикланиши, агар иш жойи тугатилган бўлса, ушбу иш жойи (лавозим)га тенглаштирилган ташкилотдаги бошқа иш жойи (лавозим)га ўтказилишини таъминлаши лозим. Шунингдек, буйруқ (фармойиш)да «Вахта усулида ишлаш учун» ўтказиш мақсади кўрсатилади.
13. Ходимларни ташкилот жойлашган жойдан ёки йиғилиш пунктидан вахтага етказиш ва қайта олиб келиш иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ ҳисобланган транспорт турлари билан, имкон қадар идоравий транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилади.
Вахта шаҳарчаларига етиб келган барча ходимларга меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши шарт.
3-боб. Вахта шаҳарчаларини ташкил этиш
14. Вахта шаҳарчалари вахта усулида ишлаётган ходимларнинг вахтадаги дам олиш вақтида ҳаёт ва иш фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган турар-жой, маданий-маиший, санитария хоналари, шунингдек, қурилиш техникаси ва махсус техникага, автотранспортга хизмат кўрсатиладиган, товар-моддий бойликлар захираси сақланадиган хўжалик бино ва иншоотлари комплексидан иборат. Вахта шаҳарчаларига техник ва маиший хизмат кўрсатиш, одатда, ушбу мақсадлар учун жалб этиладиган тегишли хизматлар томонидан амалга оширилади.
15. Вахта шаҳарчаларини сақлаш, шаҳарчада яшаётган ходимларга маиший хизмат кўрсатиш, улар билан маданий-оммавий ишларни ташкил этиш балансида вахта шаҳарчаси бўлган ташкилот маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитасига юкланади. Ушбу ташкилотлар маъмурияти томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда ушбу шаҳарчада барча яшовчиларга хизмат кўрсатишнинг ички тартиби тасдиқланади.
16. Вахта шаҳарчаси, ҳудуд шароитларига боғлиқ равишда, намунавий ёки якка-тартибдаги лойиҳа бўйича қурилиб, ушбу лойиҳада ижтимоий-маиший соҳа объектлари, электр, сув, иссиқлик таъминоти, алоқа воситалари, кириш йўллари ва учиш-қўниш полосаси (техник зарурат мавжуд бўлса), вахта ходимларини етказиб келиш усули, шунингдек, шаҳарчани қуриш ва фаолиятини таъминлаш харажатларининг сметаси кўзда тутилади. Шунингдек, лойиҳада шаҳарчада ишлаётган ва истиқомат қилаётган ходимлар овқатланиши, дам олиши ва ишдан бўш вақтини тегишли тарзда ташкил қилиш, уларга тиббий, савдо-маиший ва маданий хизмат кўрсатиш масалалари ҳам ҳал қилинади. Вахта шаҳарчаси жойлашувини танлашда ходимларни вахта шаҳарчасидаги яшаш жойларидан иш жойигача етказиш ва қайтиб олиб кетиш вақтини қисқартириш талаби мажбурий ҳисобланади.
Вахта шаҳарчасининг лойиҳаси тегишли касаба уюшмаси ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва ёнғин назорати органлари билан келишилади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.
17. Вахта шаҳарчаси фойдаланишга маҳаллий ҳокимликлар томонидан тайинланадиган ва таркиби ташкилот маъмурияти, маҳаллий ҳокимият органлари, касаба уюшмаси ташкилоти, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ёнғин хавфсизлиги хизматлари, шунингдек соғлиқни сақлаш органлари ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари вакилларидан ташкил топган комиссия томонидан қабул қилинади.
18. Вахта ходимларининг вахталараро дам олиш даврида шаҳарчада яшашига йўл қўйилмайди.
4-боб. Меҳнат ва дам олиш режими, иш вақти ҳисобини юритиш
19. Ишларни вахта усулида ташкил қилишда, одатда, бир ой, бир чорак ёки бошқа узоқ муддатли, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий қилинади.
Ҳисобга олинган давр умумий иш вақти, ташкилот жойлашган жойдан ёки йиғилиш пунктидан иш жойигача етиб олиш ва қайтиш вақти ҳамда вақтнинг ушбу календарь даврга тўғри келадиган дам олиш вақтини қамраб олади. Бунда ҳисобга олинган давр учун иш вақтининг давомийлиги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бир ҳафталик иш вақти соатларидан ошиб кетмаслиги керак.
Ташкилотларда ҳар бир ходим учун иш вақти ва дам олиш вақтининг ойлар ва ҳисобга олинган давр учун қўшилиб жамланган якуни бўйича махсус ҳисоб-китоб юритилади.
20. Ҳисобга олинадиган давр доирасидаги иш вақти ва дам олиш вақти тегишли касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилиб, ташкилот маъмурияти томонидан иш графигига мувофиқ, одатда, бир йил учун белгиланади ва амалга киритилишидан камида икки ой олдин ходимларга етказилади. Графикларда, шунингдек, ходимларни вахтага етказиш ва қайта олиб келиш учун зарур бўлган вақт ҳам назарда тутилади. Ҳар кунги иш вақти 12 соатдан ошмаслиги керак.
21. Ходимларнинг ҳар кунги дам олиш вақти, овқатланиш учун белгиланган вақтни ҳам ҳисобга олганда, 12 соатдан кам бўлмаслиги лозим. Ишлаб чиқариш зарурияти сабабли ҳар кунги дам олиш вақти қисқартирилганда, тўлиқ фойдаланилмаган ҳар кунлик дам олиш соатлари ва ҳар ҳафталик дам олиш кунлари жамланиб, ходимларга ҳисобга олинган давр давомида қўшимча дам олиш кунлари (вахталараро дам олиш кунлари) шаклида тақдим этилади. Жорий ой мобайнидаги ҳафталик дам олиш кунларининг сони ушбу ойдаги тўлиқ ҳафталар сонидан кам бўлмаслиги лозим. Ҳафталик дам олиш кунлари ҳафтанинг исталган кунига тўғри келиши мумкин.
Ҳисобга олинган давр якунланишидан олдин ишдан бўшаган ходимлар учун ишдан бўшаш санаси, уларнинг розилиги билан, вахталараро дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилиши мумкин.
22. Ташкилот раҳбарлари касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда усталар, прораблар, участка (смена) бошлиқлари ва объект (участка)да бевосита раҳбарлик функцияларини амалга ошираётган бошқа цех ходимлари учун асосий ходимлар учун белгиланган меҳнат ва дам олиш режимини ўрнатиш ҳуқуқи берилиши мумкин.
23. Ҳисобга олинадиган давр мобайнида ходим ишлаб берадиган соатларнинг нормал йиғиндиси беш кунлик иш ҳафтаси ва 8 соатлик иш сменаси ҳамда байрам арафасидаги 7 соатлик иш сменасидан (40 соатлик иш ҳафтаси учун) келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Ноқулай меҳнат шароитларида бажариладиган ишлар учун иш вақтининг нормаси қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган қисқартирилган иш кунидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Мисол. 2019 йилнинг июль ойида 23 иш ва 8 дам олиш кунлари бор. Ушбу ҳисобга олинадиган давр (1 ой) ичида ходим ишлаб бериши керак бўлган соатларнинг нормал миқдори 184 соатга тенг (23 х 8 = 184).
Вахтадаги иш вақтининг нормал узунлиги ҳисобга олинган давр учун юқорида белгиланган тартиб бўйича аниқланади.
Мисол. Нормал меҳнат шароитлари бўлган 15 кунлик (2019 йил 1 — 15 июль кунлари) вахтадаги иш вақтининг узунлиги 88 соатга тенг (11 х 8 = 88).
Вахтада 15 кун (2019 йил 1 — 15 июль кунлари) 12 соатдан ишлаш графигига мувофиқ ходимлар иккала мисолда ҳам 180 соатдан (15 х 12 = 180) ишлаб берганлар. Бу ходимларга 2019 йилнинг июль ойида сменалараро ва ҳар ҳафтадаги дам олиш кунларининг йиғиндисидан иборат 15 кун тақдим этилган (сменалараро фойдаланилмаган дам олишнинг 4 соати х 10 кун — ҳар ҳафтадаги дам олишнинг фойдаланилмаган 12 соати х 5 дам олиш куни + 4 дам олиш куни = 100 соат : 8 соат + 4 кун = 16 кун). Бунда 21-бандга мувофиқ ишлаб берилган 4 соатга кирмаган вақт ходимнинг вахталараро дам олишини ҳисоблашда эътиборга олинади.
Ҳисобга олинадиган даврда ёки вахтада иш вақти тўлиқ бўлмаганда (меҳнат таътили, касаллик туфайли ишга чиқмаслик ва бошқалар) норма бўйича белгиланган иш соатларидан ишда бўлмаган кунларга тўғри келадиган календарь бўйича ходим соатлари айириб ташланади.
5-боб. Меҳнатга ҳақ тўлаш, имтиёзлар ва компенсациялар
24. Ишларни вахта усулида ташкил этишда ходимларга меҳнат ҳақи қуйидаги тартибда тўланади:
ишбай ходимларга — бажарилган ишлар ҳажми бўйича йириклаштирилган (комплекс) ва амалдаги бошқа нархларда;
вақтбай ходимларга — амалда ишлаб берилган ҳамма соатлар учун разрядлар бўйича белгиланган тариф ставкаларига мувофиқ;
усталар, прораблар, участка (смена) бошлиқлари ва объектда бевосита раҳбарлик функцияларини бажараётган цех ходимларига график бўйича ишлаб берилган вақт (соатлар) учун разрядлар бўйича белгиланган тегишли тариф ставкасига мувофиқ тўланади. Бунда ходимларнинг соатлар бўйича ставкаси бир ойлик лавозим маошини ҳисобланаётган ойнинг календарь бўйича иш соатларига бўлиш орқали аниқланади.
вахтада ишлаётган бошқа раҳбарлар, мутахассилар ва хизматчиларга меҳнат ҳақи амалда ишлаб берилган вақт (кунлар) учун бир ойлик лавозим маошига мувофиқ тўланади.
25. Ходимларни мукофотлаш ташкилотда амал қилувчи жамоа шартномасига мувофиқ амалга оширилади.
Бунда мукофот вахтада ишлаган давр учун белгиланган иш ҳақи бўйича ҳисобланади.
Ташкилот, тегишли хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ, вахта усулида ишлаб (корхона таркибига кирмаган ҳолда), меҳнат жамоасига хизмат кўрсатаётган тиббиёт, болалар, маданий-маърифий ва спорт муассасалалари, умумий овқатланиш ва бошқа ташкилотлар ходимларини рағбатланириш учун маблағ ажратиши мумкин.
26. Вахта усулида ишларни бажараётган барча ходимларнинг (шу жумладан вахта усулида ишлаётган жамоаларга хизмат кўрсатаётган савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, транспорт, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар ходимлари) иш ҳақига нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган ўлчамлардаги коэффициентлар (ҳудудий, баланд тоғли, чўл, сувсиз зоналар ва бошқа омиллар бўйича коэффициентлар) қўлланади.
27. Тўлиқ иш кунларига нисбатан каррали бўлмаган ортиқча ишлаб берилган иш вақтлари календарь йил давомида вахталараро дам олишнинг тўлиқ иш кунларигача жамланиб борилиши мумкин. Ходим ишдан бўшаганида ёки календарь йил якунланганида кўрсатилган соатлар учун жамоа шартномасига мувофиқ ҳақ тўланади.
Ортиқча ишлаб берилган иш вақти ишдан ташқари бажарилган ҳисобланади ва бу вақт учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўланади.
28. Вахта ходимлари объектга ўз вақтида етиб келмаса, ишларни вахта усулида бажараётган ташкилотларнинг раҳбарлари касаба уюшмалари қўмиталари билан келишган ҳолда янги смена етиб келгунига қадар ходимларни иш графигида белгиланган иш вақтидан кўпроқ вақт ишлашга жалб этиши мумкин. Бундай ҳолатларда маъмурият вахта ходимлари энг қисқа муддатларда объектга етказиб келиши бўйича барча чораларни қўллаши шарт.
29. Вахта усулида ишларни бажараётган барча ходимларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан, вахта усулида ишлаётган жамоаларга хизмат кўрсатаётган савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, транспорт, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар ходимларига вахта даврида ишлар бажарилаётган жойлардаги ҳар бир кун учун, шунингдек, ташкилот жойлашган жойдан (йиғилиш пунктидан) иш жойигача ва қайтиш вақти учун вахта усулида ишлаш учун тўланадиган иш ҳақига устама тўланади.
Иш ҳақига устама миқдори жамоа шартномасида белгиланиб, республика ҳудудида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак.
Бунда ишларнинг ҳаракатли туси ва дала шароитларидаги харажатлар учун компенсациянинг бошқа турлари тўланмайди.
Вахта усулида бажарилган ишлар учун устама суммасини ҳисоблаш ходимларнинг вахтада бўлган амалдаги вақтидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда амалга оширилади:
меҳнатга кунбай ҳақ тўланишида — тегишли ходимнинг лавозим маоши жорий ойдаги календарь кунлар сонига бўлинади. Кунлик ставка вахтада ишланган кунлар ва йўлга сарфланган кунлар сонига кўпайтирилади ва чиққан суммадан белгиланган миқдордаги устама пули белгиланади;
меҳнат учун ишбай ҳақ тўланишида — ходимнинг амалда бажарилган ишлар ҳажми учун ҳисобланган ойлик иш ҳақи бир ойдаги календарь кунлар сонига бўлинади. Кейинги ҳисоб-китоблар разрядлар бўйича белгиланган тариф ставкасида ҳақ оладиган ишчиларга бўладиган тўловлар тартибида амалга оширилади.
30. Метеорологик шароитлар сабабли, транспорт ташкилотларининг айби билан ёки бошқа назарда тутилмаган вазиятлар туфайли йўлда ушланиб қолган кунлар учун ходимларга аввалги икки календар ойда ҳисобланган иш ҳақи бўйича аниқланадиган ўртача кунлик ставка миқдоридан келиб чиқадиган компенсация тўланади. Бу ҳолатларда ходимларга турар жой ижараси билан боғлиқ харажатларнинг қопланиши хизмат сафарлари тўғрисидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган нормаларга мувофиқ амалга оширилади.
31. Ходим узрли сабабларга кўра вахта ходимлари йиғиладиган пунктга ўз вақтида етиб келмаган бўлиб, иш объектигача мустақил етиб борган бўлса, ташкилот маъмурияти унга транспорт харажатларини хизмат сафарлари тўғрисидаги қонунчиликда кўзда тутилган нормаларга мувофиқ қоплаб беради.
32. Устама ва ҳудудий коэффициент тўлаш, шунингдек, вахталараро дам олиш кунлари учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар ташкилотларнинг иш ҳақи тўлаш норматив фонди доирасида амалга оширилади.
Ишнинг вахта усули учун устама тўлаш ҳамда йўлда бўлиш ва ушланиб қолинган вақт учун хақ тўлаш билан боғлиқ ҳаражатлар смета ва ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга харажатлар доирасида амалга оширилади.
6-боб. Ижтимоий-маиший таъминот
33. Вахта шаҳарчаларида яшовчилар транспорт, ижтимоий-маиший хизматлар, шунингдек, кунига уч марта иссиқ овқат билан таъминланади.
34. Ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси ва ташкилот маъмурияти меҳнат жамоасининг розилиги билан вахта усулида ишлаётган ходимлар учун санаторий-курортларда даволаниш, дам олиш ва туризм бўйича йўлланмаларни имтиёзли тарзда биринчи навбатда тақдим этилиши масалаларини ҳал қилиши мумкин.
7-боб. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган кафолатлар ва компенсацияларни тақдим этиш тартиби
35. Вахта усулида бажариладиган ишларда банд бўлган ходимларга навбатдаги меҳнат таътили, у дам олиш кунларидан фойдаланганидан кейин, белгиланган тартибда тақдим этилади.
Ҳар йилги асосий таътил ва зарарли меҳнат шароитларида ишлагани, ташкилотдаги узлуксиз стажи учун қўшимча таътилга чиқиш ҳуқуқини берувчи стажга дам олиш кунлари ҳам қўшилади.
Агар ҳар йилги меҳнат таътилининг якунланиши у ишлайдиган жамоанинг вахталараро дам олиш даврига тўғри келиб қолса, унинг розилиги билан вахта бошланганига қадар бошқа иш таклиф этилади. Томонларнинг келишувига кўра ушбу ходимга ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътили тақдим этилиши ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
36. Ҳар йилги таътил кунлари учун тўланадиган ўртача иш ҳақи, ҳисобга олинган давр ичида тақдим этиладиган дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилинади.
Агар ходимга ишланган вақт учун ҳақ тўланадиган дам олиш кунлари (отгуллар), шунингдек, ишдан бўшаётганида отгуллар учун компенсация тақдим этиладиган бўлса, отгул кунлари учун тўловлар ойлик иш ҳақини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинади.
37. Ходимнинг умумий иш вақтини ҳисобга олган ҳолда ўртача иш ҳақи бўйича тўловни бажаришда бир соат учун ўртача иш ҳақининг миқдори ҳисобланади. Бунинг учун сўнги уч ой давомида ишлаб берилган барча соатлар учун ҳисобланган иш ҳақи ушбу соатлар сонига бўлинади. Ушбу ходимнинг иш графиги бўйича тўлов бажарилиши лозим бўлган вақт оралиғидаги иш соатлари учун ҳақ тўланади.
38. Вахта усули қўлланадиган ташкилотлар ходимларининг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар билан таъминланиши амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
39. Ишни вахта усулида бажараётган ходимларда уларга берилган дам олиш даврида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бошланган тақдирда дам олиш кунларига тўғри келган меҳнатга лаёқатсизлик кунлари учун нафақа берилмайди. Агар вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик дам олиш муддати тамом бўлгандан кейин ҳам давом этса, нафақа ходим ишга тушиши керак бўлган кундан бошлаб берилади. Бунда нафақа меҳнатга лаёқатсизлик оқибатида ўтказиб юборилган иш соатлари учун қонунчиликда белгиланган иш вақти нормаси доирасида тузилган график бўйича берилади.
8-боб. Тиббий ёрдамнинг ташкил этилиши
40. Ишларни вахта усулида амалга ошираётган ташкилот маъмурияти ходимларга тиббий хизматлар кўрсатилиши ва уларнинг тиббий кўриклардан ўтказилишини таъминлаш мақсадида ташкилот жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш органлари билан ходимларни даволаш-профилактика муассасасига бириктириш масаласини ҳал қилади, ходимларнинг тиббий кўрик ва текширувлардан ўз вақтида ва тартибли равишда ўтишлари учун жавоб беради.
41. Балансида вахта шаҳарчалари бўлган ташкилотлар маъмурияти соғлиқни сақлаш муассасалари билан биргаликда вахта шаҳарчалари жамоаларига тиббий ёрдам кўрсатилишини, шаҳарчаларни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, дори-дармон ва тиббий ускуналар билан бутланишини ташкил қилади ва касаллар эвакуациясини таъминлайди.
42. Вахта усулида бажариладиган ишларга жўнатилаётган шахсларни ишга кираётгандаги дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасасида амалга оширилиши мумкин.
43. Вахта шаҳарчасига ёки объектга жўнатилишидан 2 — 4 кун олдин ходимлар ташкилот шифокори томонидан ёки яшаш жойидаги поликлиникада кўрикдан ўтказилиши керак, тиббий кўриклардан ўтиш устидан назорат қилиш ташкилот маъмурияти томонидан амалга оширилади.
44. Ҳудудида вахта шаҳарчалари ва объектлари жойлашган соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари қурилишнинг умумий қиймати ҳисобидан вахтада:
фельдшерлик пунктлари (ходимлар сони 50 ва ундан кўпроқ бўлганида);
тиббиёт пунктлари (ходимлар сони 500 ва ундан кўпроқ бўлганида);
врачлик пунктларини (ходимлар сони 1500 дан кўпроқ бўлганида);
ишловчилар сони 50 нафаргача бўлганда — вахтага келиб-кетишларнинг даврийлиги ташкилот маъмурияти билан келишиладиган тиббий бригадаларни ташкил қилган ҳолда вахтада ишловчиларни тиббий ёрдам билан таъминлайди.
Тиббий бригадаларни объектларга қатнови ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
45. Вахта шаҳарчаларининг қурилиши, уларда ижтимоий-маиший соҳа объектларининг ишга туширилиши устидан огоҳлантирувчи санитария назорати, шунингдек, санитария-гигиенага оид ва эпидемияга қарши норма ва қоидаларга риоя қилиниши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилади.
46. Ишга киришдаги дастлабки ва ходимларни вахтага жўнатишдан олдин ўтказиладиган даврий тиббий кўриклар натижалари бўйича тиббий хулосаларни қайд этиб бориш мақсадида ҳар бир ходим номига амалга оширилган эмлашлар тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган ихтиёрий шаклда тузилган санитария дафтарчалари очилади.
47. Вахта усулида ишлайдиган ташкилотларга камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали жўнатилган ва танланган мутахассислик бўйича ишлаш рад этадиган тиббий кўрсатмалар олган ходимлар бошқа ишга худди шу органлар томонидан жойлаштирилади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
48. Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектлардаги қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини меҳнатни ташкил қилишнинг вахта режимида амалга оширишда келиб чиқадиган келишмовчиликлар ва низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
49. Аризалар, мурожаатлар ва шикоятларни кўриб чиқишнинг батафсил механизми шартномаларда келтирилган бўлиши керак.
50. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 9 октябрь,
636-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Uzoq masofada joylashgan va muhim ahamiyatga ega boʻlgan obyektlarda qurilish-montaj ishlarini amalga oshirishning vaxta usuli toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat huquqiy siyosatini amalga oshirishda adliya organlari va muassasalari faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 19-maydagi PF-5997-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Uzoq masofada joylashgan va muhim ahamiyatga ega boʻlgan obyektlarda qurilish-montaj ishlarini amalga oshirishning vaxta usuli toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
uzoq masofada joylashgan va muhim ahamiyatga ega boʻlgan obyektlarda qurilish-montaj ishlarini tashkil qilish;
vaxta usulida ishlayotgan xodimlarning dam olish vaqtida hayoti va ish faoliyatini taʼminlash uchun vaxta shaharchalarini tashkil qilish;
ishlarni vaxta usulida tashkil qilishda mehnat va dam olish rejimi, ish vaqti hisobini yuritish;
vaxta usulidagi ishlarda band boʻlgan xodimlarning mehnatiga haq toʻlash, imtiyozlar va kompensatsiyalar tartibi;
ishlarni vaxta usulida tashkil qilishda qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan kafolatlar.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi qurilish vaziri B.I. Zakirov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 9-oktabrdagi 636-son qaroriga ILOVA
Uzoq masofada joylashgan va muhim ahamiyatga ega boʻlgan obyektlarda qurilish-montaj ishlarini amalga oshirishning vaxta usuli toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom uzoq masofada joylashgan va muhim ahamiyatga ega boʻlgan obyektlardagi qurilish-montaj va ishga tushirish-sozlash ishlarini mehnatni tashkil qilishning vaxta rejimida amalga oshirish tartibini belgilaydi.
2. Vaxta usuli korxonadan uzoq masofada joylashgan sharoitda ishlarni mehnat resurslaridan foydalanish asosida tashkil qilishning shakli hisoblanadi. Vaxta usuli chekka va uzoq hududlardagi ijtimoiy soha va muhim obyektlarda qurilish, taʼmirlash, ishlab chiqarish obyektlarini rekonstruksiya qilish, boshqa sanoat ishlari amalga oshiriladigan, lekin mahalliy mehnat resurslari bilan taʼminlamagan hududlarda qurilish muddatlarini qisqartirish maqsadida qoʻllanadi.
Xodimlarni kontrakt bilan ishga qabul qilishda ishlar vaxta usulida bajariladigan mehnat sharoitlari nazarda tutiladi.
Xodimlarning mehnat faoliyati amalga oshiriladigan ishlab chiqarish obyektlari vaxta usulida ishlash joyi hisoblanadi.
Ish joyi oʻzgargani sababli xodimlarning boshqa joyga koʻchib oʻtishi ularning boshqa ishga oʻtkazilishi deb hisoblanmaydi.
Xodimning vaxtaga joʻnatilishi xizmat safari hisoblanmaydi.
Obyekt joylashgan hududda ishlarni bajarish va smenalararo dam olish davrlari vaxta vaqti hisoblanadi.
Vaxtaning davomiyligi bir kalendar oydan oshmasligi lozim.
3. Vaxta xodimlari obyektda boʻlgan davrda maxsus tashkil qilinadigan vaxta shaharchalarida yoki yashash uchun moslashtirilgan boshqa maxsus xonalarda (keyingi oʻrinlarda — vaxta shaharchalari) istiqomat qiladi.
4. Ishlarni vaxta usulida tashkil qilish haqidagi qaror kasaba uyushmasi qoʻmitasi bilan kelishilgan holda tashkilot rahbari tomonidan qabul qilinadi.
5. Qurilish obyektlarida vaxta usulini qoʻllashning maqsadga muvofiqligi qurilishni tashkil etish loyihalari va boshqa loyiha-texnologik hujjatlarni ishlab chiqish jarayonida ishlar bajarilishini tashkil qilish sharoitlari hisobga olingan holda texnik-iqtisodiy hisob-kitoblarni bajarish orqali asoslanadi.
6. Vaxta usulini qoʻllash bilan bogʻliq xarajatlar Vazirlar Mahkamasining 1999-yil 5-fevraldagi 54-son qarori bilan tasdiqlangan Mahsulot (ishlar, xizmatlar)ni ishlab chiqarish va sotish xarajatlarining tarkibi hamda moliyaviy natijalarni shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq hisobga olinishi lozim.
Ishlarni vaxta usulida bajarish bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlar, shuningdek, vaxta usulida ishlayotgan mehnat jamoalariga xizmat koʻrsatish uchun jalb etilgan ijtimoiy-maishiy soha tashkilotlarining qoʻshimcha xarajatlarini qoplash uchun koʻzda tutilgan mablagʻlar ham obyekt qurilishi uchun kelishilgan narxni belgilashda, tomonlarning kelishuviga koʻra kelishilgan narx tarkibida hisobga olinishi lozim.
7. Vaxta usulida bajarish uchun moʻljallangan ishlarning aniq hajmlari va turlari pudratchi hamda buyurtmachi tomonidan qurilishni bajarish uchun pudrat shartnomasi tuzilayotganda, subpudratchi tashkilotlari uchun esa — subpudrat shartnomasi tuzilayotganda belgilanadi.
Tashkilot joylashgan joydan ish joyigacha yetib olish va u yerdan qaytish uchun xodimlar uch soatdan koʻproq vaqt sarflaydigan boʻlsa yoki favqulodda vaziyatlarda, tashkilotlarning rahbarlari, agar bu iqtisodiy nuqtai nazardan maqsadga muvofiq deb topilsa, ishlar vaxta usulida bajarilishini tashkil etishga haqli hisoblanadi.
Agar ishlarni vaxta usulida tashkil qilish uchun amaldagi xarajatlar hisoblangan koʻrsatkichlardan oshib ketadigan boʻlsa, ularning qiymatlari orasidagi farq qurilish boʻyicha bosh pudratchi (subpudratchi) tashkilotning asosiy faoliyati hisobiga qoplanadi.
8. Ishlarni vaxta usulida tashkil etish bilan bogʻliq, biroq ushbu Nizomda nazarda tutilmagan masalalar qonunchilik hujjatlariga muvofiq hal qilinadi.
2-bob. Ishlarni tashkil etish
9. Vaxta usulining tashkil etilishi obyektlardagi ishlar bir maromda, uzluksiz va kompleks ravishda, asosan, ularning uzluksiz amalga oshirilishi boʻyicha oʻzgaruvchan grafikka binoan bajarilishini taʼminlashi lozim.
Ishlar, qoida tariqasida, yiriklashtirilgan komleks brigadalar tomonidan, ishlar bajarilishi va mehnat uchun toʻlovning pudrat prinsiplarini qoʻllagan holda, shuningdek vaxta xodimlari ketma-ket almashinishi va moddiy boyliklar saqlanishini taʼminlash bilan bajarilishi zarur.
10. Vaxta usulida ishlaydigan xodimlar tarkibini butlash tashkilot shtatida roʻyxatga olingan va kontrakt boʻyicha vaqtincha jalb etiladigan, ushbu usulda bajarilishi koʻzda tutilgan ishlarni amalga oshirishni rad etuvchi tibbiy koʻrsatmalarga ega boʻlmagan xodimlar bilan taʼminlanadi.
11. Vaxta usulida bajariladigan ishlarga 18 yoshga toʻlmagan ishchi va xizmatchilar, homilador ayollar va 3 yoshga toʻlmagan farzandlari boʻlgan ayollar jalb qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
12. Vaxtalarni kadrlar va mutaxassislar bilan tartibli ravishda taʼminlash maqsadida tashkilot xodimlar bilan kelishgan holda ularni ishlarning bir uchastkasidan boshqasiga oʻtkazishga haqli. Bunda bir ish uchastkasidan boshqasiga oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruq (farmoyish)da tashkilot rahbari “vaxta” muddati yakunlanganidan soʻng xodimlar avvalgi ish joyi (lavozim)da tiklanishi, agar ish joyi tugatilgan boʻlsa, ushbu ish joyi (lavozim)ga tenglashtirilgan tashkilotdagi boshqa ish joyi (lavozim)ga oʻtkazilishini taʼminlashi lozim. Shuningdek, buyruq (farmoyish)da “Vaxta usulida ishlash uchun” oʻtkazish maqsadi koʻrsatiladi.
13. Xodimlarni tashkilot joylashgan joydan yoki yigʻilish punktidan vaxtaga yetkazish va qayta olib kelish iqtisodiy nuqtai nazardan maqsadga muvofiq hisoblangan transport turlari bilan, imkon qadar idoraviy transport vositalaridan foydalangan holda pudrat tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi.
Vaxta shaharchalariga yetib kelgan barcha xodimlarga mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻl-yoʻriqlar berilishi shart.
3-bob. Vaxta shaharchalarini tashkil etish
14. Vaxta shaharchalari vaxta usulida ishlayotgan xodimlarning vaxtadagi dam olish vaqtida hayot va ish faoliyatini taʼminlash uchun moʻljallangan turar-joy, madaniy-maishiy, sanitariya xonalari, shuningdek, qurilish texnikasi va maxsus texnikaga, avtotransportga xizmat koʻrsatiladigan, tovar-moddiy boyliklar zaxirasi saqlanadigan xoʻjalik bino va inshootlari kompleksidan iborat. Vaxta shaharchalariga texnik va maishiy xizmat koʻrsatish, odatda, ushbu maqsadlar uchun jalb etiladigan tegishli xizmatlar tomonidan amalga oshiriladi.
15. Vaxta shaharchalarini saqlash, shaharchada yashayotgan xodimlarga maishiy xizmat koʻrsatish, ular bilan madaniy-ommaviy ishlarni tashkil etish balansida vaxta shaharchasi boʻlgan tashkilot maʼmuriyati va kasaba uyushmasi qoʻmitasiga yuklanadi. Ushbu tashkilotlar maʼmuriyati tomonidan kasaba uyushmasi qoʻmitasi bilan kelishgan holda ushbu shaharchada barcha yashovchilarga xizmat koʻrsatishning ichki tartibi tasdiqlanadi.
16. Vaxta shaharchasi, hudud sharoitlariga bogʻliq ravishda, namunaviy yoki yakka-tartibdagi loyiha boʻyicha qurilib, ushbu loyihada ijtimoiy-maishiy soha obyektlari, elektr, suv, issiqlik taʼminoti, aloqa vositalari, kirish yoʻllari va uchish-qoʻnish polosasi (texnik zarurat mavjud boʻlsa), vaxta xodimlarini yetkazib kelish usuli, shuningdek, shaharchani qurish va faoliyatini taʼminlash xarajatlarining smetasi koʻzda tutiladi. Shuningdek, loyihada shaharchada ishlayotgan va istiqomat qilayotgan xodimlar ovqatlanishi, dam olishi va ishdan boʻsh vaqtini tegishli tarzda tashkil qilish, ularga tibbiy, savdo-maishiy va madaniy xizmat koʻrsatish masalalari ham hal qilinadi. Vaxta shaharchasi joylashuvini tanlashda xodimlarni vaxta shaharchasidagi yashash joylaridan ish joyigacha yetkazish va qaytib olib ketish vaqtini qisqartirish talabi majburiy hisoblanadi.
Vaxta shaharchasining loyihasi tegishli kasaba uyushmasi tashkilotlari, Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi va yongʻin nazorati organlari bilan kelishiladi va tashkilot rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
17. Vaxta shaharchasi foydalanishga mahalliy hokimliklar tomonidan tayinlanadigan va tarkibi tashkilot maʼmuriyati, mahalliy hokimiyat organlari, kasaba uyushmasi tashkiloti, savdo va umumiy ovqatlanish korxonalari, sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati hamda yongʻin xavfsizligi xizmatlari, shuningdek sogʻliqni saqlash organlari va qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat inspeksiyalari vakillaridan tashkil topgan komissiya tomonidan qabul qilinadi.
18. Vaxta xodimlarining vaxtalararo dam olish davrida shaharchada yashashiga yoʻl qoʻyilmaydi.
4-bob. Mehnat va dam olish rejimi, ish vaqti hisobini yuritish
19. Ishlarni vaxta usulida tashkil qilishda, odatda, bir oy, bir chorak yoki boshqa uzoq muddatli, lekin bir yildan ortiq boʻlmagan davr uchun ish vaqtini jamlab hisobga olish joriy qilinadi.
Hisobga olingan davr umumiy ish vaqti, tashkilot joylashgan joydan yoki yigʻilish punktidan ish joyigacha yetib olish va qaytish vaqti hamda vaqtning ushbu kalendar davrga toʻgʻri keladigan dam olish vaqtini qamrab oladi. Bunda hisobga olingan davr uchun ish vaqtining davomiyligi qonunchilik hujjatlarida belgilangan bir haftalik ish vaqti soatlaridan oshib ketmasligi kerak.
Tashkilotlarda har bir xodim uchun ish vaqti va dam olish vaqtining oylar va hisobga olingan davr uchun qoʻshilib jamlangan yakuni boʻyicha maxsus hisob-kitob yuritiladi.
20. Hisobga olinadigan davr doirasidagi ish vaqti va dam olish vaqti tegishli kasaba uyushmasi qoʻmitasi bilan kelishilib, tashkilot maʼmuriyati tomonidan ish grafigiga muvofiq, odatda, bir yil uchun belgilanadi va amalga kiritilishidan kamida ikki oy oldin xodimlarga yetkaziladi. Grafiklarda, shuningdek, xodimlarni vaxtaga yetkazish va qayta olib kelish uchun zarur boʻlgan vaqt ham nazarda tutiladi. Har kungi ish vaqti 12 soatdan oshmasligi kerak.
21. Xodimlarning har kungi dam olish vaqti, ovqatlanish uchun belgilangan vaqtni ham hisobga olganda, 12 soatdan kam boʻlmasligi lozim. Ishlab chiqarish zaruriyati sababli har kungi dam olish vaqti qisqartirilganda, toʻliq foydalanilmagan har kunlik dam olish soatlari va har haftalik dam olish kunlari jamlanib, xodimlarga hisobga olingan davr davomida qoʻshimcha dam olish kunlari (vaxtalararo dam olish kunlari) shaklida taqdim etiladi. Joriy oy mobaynidagi haftalik dam olish kunlarining soni ushbu oydagi toʻliq haftalar sonidan kam boʻlmasligi lozim. Haftalik dam olish kunlari haftaning istalgan kuniga toʻgʻri kelishi mumkin.
Hisobga olingan davr yakunlanishidan oldin ishdan boʻshagan xodimlar uchun ishdan boʻshash sanasi, ularning roziligi bilan, vaxtalararo dam olish kunlarini hisobga olgan holda koʻrsatilishi mumkin.
22. Tashkilot rahbarlari kasaba uyushmasi qoʻmitasi bilan kelishgan holda ustalar, prorablar, uchastka (smena) boshliqlari va obyekt (uchastka)da bevosita rahbarlik funksiyalarini amalga oshirayotgan boshqa sex xodimlari uchun asosiy xodimlar uchun belgilangan mehnat va dam olish rejimini oʻrnatish huquqi berilishi mumkin.
23. Hisobga olinadigan davr mobaynida xodim ishlab beradigan soatlarning normal yigʻindisi besh kunlik ish haftasi va 8 soatlik ish smenasi hamda bayram arafasidagi 7 soatlik ish smenasidan (40 soatlik ish haftasi uchun) kelib chiqqan holda belgilanadi.
Noqulay mehnat sharoitlarida bajariladigan ishlar uchun ish vaqtining normasi qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan qisqartirilgan ish kunidan kelib chiqqan holda belgilanadi.
Misol. 2019-yilning iyul oyida 23 ish va 8 dam olish kunlari bor. Ushbu hisobga olinadigan davr (1 oy) ichida xodim ishlab berishi kerak boʻlgan soatlarning normal miqdori 184 soatga teng (23 x 8 = 184).
Vaxtadagi ish vaqtining normal uzunligi hisobga olingan davr uchun yuqorida belgilangan tartib boʻyicha aniqlanadi.
Misol. Normal mehnat sharoitlari boʻlgan 15 kunlik (2019-yil 1 — 15-iyul kunlari) vaxtadagi ish vaqtining uzunligi 88 soatga teng (11 x 8 = 88).
Vaxtada 15 kun (2019-yil 1 — 15-iyul kunlari) 12 soatdan ishlash grafigiga muvofiq xodimlar ikkala misolda ham 180 soatdan (15 x 12 = 180) ishlab berganlar. Bu xodimlarga 2019-yilning iyul oyida smenalararo va har haftadagi dam olish kunlarining yigʻindisidan iborat 15 kun taqdim etilgan (smenalararo foydalanilmagan dam olishning 4 soati x 10 kun — har haftadagi dam olishning foydalanilmagan 12 soati x 5 dam olish kuni + 4 dam olish kuni = 100 soat : 8 soat + 4 kun = 16 kun). Bunda 21-bandga muvofiq ishlab berilgan 4 soatga kirmagan vaqt xodimning vaxtalararo dam olishini hisoblashda eʼtiborga olinadi.
Hisobga olinadigan davrda yoki vaxtada ish vaqti toʻliq boʻlmaganda (mehnat taʼtili, kasallik tufayli ishga chiqmaslik va boshqalar) norma boʻyicha belgilangan ish soatlaridan ishda boʻlmagan kunlarga toʻgʻri keladigan kalendar boʻyicha xodim soatlari ayirib tashlanadi.
5-bob. Mehnatga haq toʻlash, imtiyozlar va kompensatsiyalar
24. Ishlarni vaxta usulida tashkil etishda xodimlarga mehnat haqi quyidagi tartibda toʻlanadi:
ishbay xodimlarga — bajarilgan ishlar hajmi boʻyicha yiriklashtirilgan (kompleks) va amaldagi boshqa narxlarda;
vaqtbay xodimlarga — amalda ishlab berilgan hamma soatlar uchun razryadlar boʻyicha belgilangan tarif stavkalariga muvofiq;
ustalar, prorablar, uchastka (smena) boshliqlari va obyektda bevosita rahbarlik funksiyalarini bajarayotgan sex xodimlariga grafik boʻyicha ishlab berilgan vaqt (soatlar) uchun razryadlar boʻyicha belgilangan tegishli tarif stavkasiga muvofiq toʻlanadi. Bunda xodimlarning soatlar boʻyicha stavkasi bir oylik lavozim maoshini hisoblanayotgan oyning kalendar boʻyicha ish soatlariga boʻlish orqali aniqlanadi.
vaxtada ishlayotgan boshqa rahbarlar, mutaxassilar va xizmatchilarga mehnat haqi amalda ishlab berilgan vaqt (kunlar) uchun bir oylik lavozim maoshiga muvofiq toʻlanadi.
25. Xodimlarni mukofotlash tashkilotda amal qiluvchi jamoa shartnomasiga muvofiq amalga oshiriladi.
Bunda mukofot vaxtada ishlagan davr uchun belgilangan ish haqi boʻyicha hisoblanadi.
Tashkilot, tegishli xizmatlar koʻrsatish boʻyicha tuzilgan shartnomalarga muvofiq, vaxta usulida ishlab (korxona tarkibiga kirmagan holda), mehnat jamoasiga xizmat koʻrsatayotgan tibbiyot, bolalar, madaniy-maʼrifiy va sport muassasalalari, umumiy ovqatlanish va boshqa tashkilotlar xodimlarini ragʻbatlanirish uchun mablagʻ ajratishi mumkin.
26. Vaxta usulida ishlarni bajarayotgan barcha xodimlarning (shu jumladan vaxta usulida ishlayotgan jamoalarga xizmat koʻrsatayotgan savdo va umumiy ovqatlanish, aloqa, transport, tibbiyot muassasalari va boshqa tashkilotlar xodimlari) ish haqiga nisbatan amaldagi qonunchilikda belgilangan oʻlchamlardagi koeffitsiyentlar (hududiy, baland togʻli, choʻl, suvsiz zonalar va boshqa omillar boʻyicha koeffitsiyentlar) qoʻllanadi.
27. Toʻliq ish kunlariga nisbatan karrali boʻlmagan ortiqcha ishlab berilgan ish vaqtlari kalendar yil davomida vaxtalararo dam olishning toʻliq ish kunlarigacha jamlanib borilishi mumkin. Xodim ishdan boʻshaganida yoki kalendar yil yakunlanganida koʻrsatilgan soatlar uchun jamoa shartnomasiga muvofiq haq toʻlanadi.
Ortiqcha ishlab berilgan ish vaqti ishdan tashqari bajarilgan hisoblanadi va bu vaqt uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq haq toʻlanadi.
28. Vaxta xodimlari obyektga oʻz vaqtida yetib kelmasa, ishlarni vaxta usulida bajarayotgan tashkilotlarning rahbarlari kasaba uyushmalari qoʻmitalari bilan kelishgan holda yangi smena yetib kelguniga qadar xodimlarni ish grafigida belgilangan ish vaqtidan koʻproq vaqt ishlashga jalb etishi mumkin. Bunday holatlarda maʼmuriyat vaxta xodimlari eng qisqa muddatlarda obyektga yetkazib kelishi boʻyicha barcha choralarni qoʻllashi shart.
29. Vaxta usulida ishlarni bajarayotgan barcha xodimlarga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda, shu jumladan, vaxta usulida ishlayotgan jamoalarga xizmat koʻrsatayotgan savdo va umumiy ovqatlanish, aloqa, transport, tibbiyot muassasalari va boshqa tashkilotlar xodimlariga vaxta davrida ishlar bajarilayotgan joylardagi har bir kun uchun, shuningdek, tashkilot joylashgan joydan (yigʻilish punktidan) ish joyigacha va qaytish vaqti uchun vaxta usulida ishlash uchun toʻlanadigan ish haqiga ustama toʻlanadi.
Ish haqiga ustama miqdori jamoa shartnomasida belgilanib, respublika hududida belgilangan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan kam boʻlmasligi kerak.
Bunda ishlarning harakatli tusi va dala sharoitlaridagi xarajatlar uchun kompensatsiyaning boshqa turlari toʻlanmaydi.
Vaxta usulida bajarilgan ishlar uchun ustama summasini hisoblash xodimlarning vaxtada boʻlgan amaldagi vaqtidan kelib chiqqan holda quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
mehnatga kunbay haq toʻlanishida — tegishli xodimning lavozim maoshi joriy oydagi kalendar kunlar soniga boʻlinadi. Kunlik stavka vaxtada ishlangan kunlar va yoʻlga sarflangan kunlar soniga koʻpaytiriladi va chiqqan summadan belgilangan miqdordagi ustama puli belgilanadi;
mehnat uchun ishbay haq toʻlanishida — xodimning amalda bajarilgan ishlar hajmi uchun hisoblangan oylik ish haqi bir oydagi kalendar kunlar soniga boʻlinadi. Keyingi hisob-kitoblar razryadlar boʻyicha belgilangan tarif stavkasida haq oladigan ishchilarga boʻladigan toʻlovlar tartibida amalga oshiriladi.
30. Meteorologik sharoitlar sababli, transport tashkilotlarining aybi bilan yoki boshqa nazarda tutilmagan vaziyatlar tufayli yoʻlda ushlanib qolgan kunlar uchun xodimlarga avvalgi ikki kalendar oyda hisoblangan ish haqi boʻyicha aniqlanadigan oʻrtacha kunlik stavka miqdoridan kelib chiqadigan kompensatsiya toʻlanadi. Bu holatlarda xodimlarga turar joy ijarasi bilan bogʻliq xarajatlarning qoplanishi xizmat safarlari toʻgʻrisidagi normativ hujjatlarda nazarda tutilgan normalarga muvofiq amalga oshiriladi.
31. Xodim uzrli sabablarga koʻra vaxta xodimlari yigʻiladigan punktga oʻz vaqtida yetib kelmagan boʻlib, ish obyektigacha mustaqil yetib borgan boʻlsa, tashkilot maʼmuriyati unga transport xarajatlarini xizmat safarlari toʻgʻrisidagi qonunchilikda koʻzda tutilgan normalarga muvofiq qoplab beradi.
32. Ustama va hududiy koeffitsiyent toʻlash, shuningdek, vaxtalararo dam olish kunlari uchun haq toʻlash bilan bogʻliq xarajatlar tashkilotlarning ish haqi toʻlash normativ fondi doirasida amalga oshiriladi.
Ishning vaxta usuli uchun ustama toʻlash hamda yoʻlda boʻlish va ushlanib qolingan vaqt uchun xaq toʻlash bilan bogʻliq harajatlar smeta va ishlarni bajarish va xizmatlar koʻrsatishga xarajatlar doirasida amalga oshiriladi.
6-bob. Ijtimoiy-maishiy taʼminot
33. Vaxta shaharchalarida yashovchilar transport, ijtimoiy-maishiy xizmatlar, shuningdek, kuniga uch marta issiq ovqat bilan taʼminlanadi.
34. Tashkilot kasaba uyushmasi qoʻmitasi va tashkilot maʼmuriyati mehnat jamoasining roziligi bilan vaxta usulida ishlayotgan xodimlar uchun sanatoriy-kurortlarda davolanish, dam olish va turizm boʻyicha yoʻllanmalarni imtiyozli tarzda birinchi navbatda taqdim etilishi masalalarini hal qilishi mumkin.
7-bob. Amaldagi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan kafolatlar va kompensatsiyalarni taqdim etish tartibi
35. Vaxta usulida bajariladigan ishlarda band boʻlgan xodimlarga navbatdagi mehnat taʼtili, u dam olish kunlaridan foydalanganidan keyin, belgilangan tartibda taqdim etiladi.
Har yilgi asosiy taʼtil va zararli mehnat sharoitlarida ishlagani, tashkilotdagi uzluksiz staji uchun qoʻshimcha taʼtilga chiqish huquqini beruvchi stajga dam olish kunlari ham qoʻshiladi.
Agar har yilgi mehnat taʼtilining yakunlanishi u ishlaydigan jamoaning vaxtalararo dam olish davriga toʻgʻri kelib qolsa, uning roziligi bilan vaxta boshlanganiga qadar boshqa ish taklif etiladi. Tomonlarning kelishuviga koʻra ushbu xodimga haq toʻlanmaydigan mehnat taʼtili taqdim etilishi haqidagi masala ham koʻrib chiqilishi mumkin.
36. Har yilgi taʼtil kunlari uchun toʻlanadigan oʻrtacha ish haqi, hisobga olingan davr ichida taqdim etiladigan dam olish kunlarini hisobga olgan holda belgilangan tartibda hisob-kitob qilinadi.
Agar xodimga ishlangan vaqt uchun haq toʻlanadigan dam olish kunlari (otgullar), shuningdek, ishdan boʻshayotganida otgullar uchun kompensatsiya taqdim etiladigan boʻlsa, otgul kunlari uchun toʻlovlar oylik ish haqini hisob-kitob qilishda hisobga olinadi.
37. Xodimning umumiy ish vaqtini hisobga olgan holda oʻrtacha ish haqi boʻyicha toʻlovni bajarishda bir soat uchun oʻrtacha ish haqining miqdori hisoblanadi. Buning uchun soʻngi uch oy davomida ishlab berilgan barcha soatlar uchun hisoblangan ish haqi ushbu soatlar soniga boʻlinadi. Ushbu xodimning ish grafigi boʻyicha toʻlov bajarilishi lozim boʻlgan vaqt oraligʻidagi ish soatlari uchun haq toʻlanadi.
38. Vaxta usuli qoʻllanadigan tashkilotlar xodimlarining davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha nafaqalar bilan taʼminlanishi amaldagi qonunchilikka muvofiq amalga oshiriladi.
39. Ishni vaxta usulida bajarayotgan xodimlarda ularga berilgan dam olish davrida vaqtincha mehnatga layoqatsizlik boshlangan taqdirda dam olish kunlariga toʻgʻri kelgan mehnatga layoqatsizlik kunlari uchun nafaqa berilmaydi. Agar vaqtincha mehnatga layoqatsizlik dam olish muddati tamom boʻlgandan keyin ham davom etsa, nafaqa xodim ishga tushishi kerak boʻlgan kundan boshlab beriladi. Bunda nafaqa mehnatga layoqatsizlik oqibatida oʻtkazib yuborilgan ish soatlari uchun qonunchilikda belgilangan ish vaqti normasi doirasida tuzilgan grafik boʻyicha beriladi.
8-bob. Tibbiy yordamning tashkil etilishi
40. Ishlarni vaxta usulida amalga oshirayotgan tashkilot maʼmuriyati xodimlarga tibbiy xizmatlar koʻrsatilishi va ularning tibbiy koʻriklardan oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida tashkilot joylashgan hududdagi sogʻliqni saqlash organlari bilan xodimlarni davolash-profilaktika muassasasiga biriktirish masalasini hal qiladi, xodimlarning tibbiy koʻrik va tekshiruvlardan oʻz vaqtida va tartibli ravishda oʻtishlari uchun javob beradi.
41. Balansida vaxta shaharchalari boʻlgan tashkilotlar maʼmuriyati sogʻliqni saqlash muassasalari bilan birgalikda vaxta shaharchalari jamoalariga tibbiy yordam koʻrsatilishini, shaharchalarni tibbiyot va farmatsevtika xodimlari, dori-darmon va tibbiy uskunalar bilan butlanishini tashkil qiladi va kasallar evakuatsiyasini taʼminlaydi.
42. Vaxta usulida bajariladigan ishlarga joʻnatilayotgan shaxslarni ishga kirayotgandagi dastlabki tibbiy koʻrikdan oʻtkazish yashash joyidagi davolash-profilaktika muassasasida amalga oshirilishi mumkin.
43. Vaxta shaharchasiga yoki obyektga joʻnatilishidan 2 — 4 kun oldin xodimlar tashkilot shifokori tomonidan yoki yashash joyidagi poliklinikada koʻrikdan oʻtkazilishi kerak, tibbiy koʻriklardan oʻtish ustidan nazorat qilish tashkilot maʼmuriyati tomonidan amalga oshiriladi.
44. Hududida vaxta shaharchalari va obyektlari joylashgan sogʻliqni saqlash organlari va muassasalari qurilishning umumiy qiymati hisobidan vaxtada:
feldsherlik punktlari (xodimlar soni 50 va undan koʻproq boʻlganida);
tibbiyot punktlari (xodimlar soni 500 va undan koʻproq boʻlganida);
vrachlik punktlarini (xodimlar soni 1500 dan koʻproq boʻlganida);
ishlovchilar soni 50 nafargacha boʻlganda — vaxtaga kelib-ketishlarning davriyligi tashkilot maʼmuriyati bilan kelishiladigan tibbiy brigadalarni tashkil qilgan holda vaxtada ishlovchilarni tibbiy yordam bilan taʼminlaydi.
Tibbiy brigadalarni obyektlarga qatnovi tashkilotlar tomonidan amalga oshiriladi.
45. Vaxta shaharchalarining qurilishi, ularda ijtimoiy-maishiy soha obyektlarining ishga tushirilishi ustidan ogohlantiruvchi sanitariya nazorati, shuningdek, sanitariya-gigiyenaga oid va epidemiyaga qarshi norma va qoidalarga rioya qilinishi ustidan nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining hududiy boʻlimlari tomonidan oʻtkaziladi.
46. Ishga kirishdagi dastlabki va xodimlarni vaxtaga joʻnatishdan oldin oʻtkaziladigan davriy tibbiy koʻriklar natijalari boʻyicha tibbiy xulosalarni qayd etib borish maqsadida har bir xodim nomiga amalga oshirilgan emlashlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar qayd etilgan ixtiyoriy shaklda tuzilgan sanitariya daftarchalari ochiladi.
47. Vaxta usulida ishlaydigan tashkilotlarga kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimlari orqali joʻnatilgan va tanlangan mutaxassislik boʻyicha ishlash rad etadigan tibbiy koʻrsatmalar olgan xodimlar boshqa ishga xuddi shu organlar tomonidan joylashtiriladi.
9-bob. Yakunlovchi qoidalar
48. Uzoq masofada joylashgan va muhim ahamiyatga ega boʻlgan obyektlardagi qurilish-montaj va ishga tushirish-sozlash ishlarini mehnatni tashkil qilishning vaxta rejimida amalga oshirishda kelib chiqadigan kelishmovchiliklar va nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
49. Arizalar, murojaatlar va shikoyatlarni koʻrib chiqishning batafsil mexanizmi shartnomalarda keltirilgan boʻlishi kerak.
50. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar amaldagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 9-oktabr,
636-son