📅 2020-yil 12-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 12-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 12 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 октября 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 October 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СЎРОВНОМА
СЎРОВНОМА
СЎРОВНОМА
Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда абитуриентларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тест синовини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
2020 йил 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан (кейинги ўринларда — умумтаълим фанлари) билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими;
2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиби жорий этилсин.
2. Белгилансинки, умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш қуйидаги муддатларда жорий этилади:
2020 йил 1 декабрда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича;
2021 йил 1 февралда кимё ва биология фанлари бўйича;
2022 — 2024 йилларда физика, география ва тарих фанлари бўйича.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳуқуқшунослик фани бўйича;
Умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест синовларини ташкил этиш ва умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ёки қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилган таълим сифатини баҳолаш бўйича ташкилот томонидан амалга оширилсин.
3. Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги сертификатни бериш учун тузиладиган тест саволлари давлат таълим стандарларига мос равишда ҳамда таълим ўқув дастурига мувофиқ Агентлик томонидан ишлаб чиқилади.
4. Қуйидагилар:
умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолаш бўйича тест синовини ташкил этиш ҳамда унинг натижалари бўйича давлат намунасидаги сертификатни бериш тартиб-таомилларини белгиловчи Умумтаълим фанларидан билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатнинг давлат намунаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда таълим сифатини баҳолаш бўйича фаолият юритадиган халқаро таълим ташкилотларини жалб қилган ҳолда умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқитиш сифатини баҳолашга муқобил шаклларни татбиқ этиш мақсадида «Билим ва кўникмаларни баҳолаш маркази» нодавлат таълим ташкилотини ташкил қилиш юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
Бунда «Билим ва кўникмаларни баҳолаш маркази» нодавлат таълим ташкилотининг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
халқаро эътироф этилган таълим сифатини баҳолаш методикасидан келиб чиққан ҳолда умумтаълим мактабларида таълим сифатини баҳолашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш;
умумий ўрта таълимда берилаётган билим ва кўникмалар сифатини тизимли баҳолаш учун назорат ишлари материалларини ишлаб чиқиш;
таълим сифатини баҳолаш бўйича дастурий маҳсулот ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари ва муассасалари буюртмасига кўра саралаш, қабул қилиш ва якуний имтиҳонларни ўтказиш;
таълим муассасаларида педагогик фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи таълим лицензиялари ва сертификатларини жорий этиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарорига 1-ИЛОВА
Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги сертификатни бериш тартибини белгилайди.
2. Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги сертификатни (кейинги ўринларда — сертификат) бериш Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан тўлов асосида амалга оширилади, сертификат электрон шаклда берилади.
Сертификат бериш учун талабгордан ариза берилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш бўйича А+, А, B+, B, C+, C, даражали сертификатлар берилади.
Тест натижалари халқаро методика — Раш модели асосида ҳисобланади. Унга кўра:
70 баллдан юқори балл олган талабгорга А+ даража;
65 — 69,9 балл олган талабгорга А даража;
60 — 64,9 балл олган талабгорга B+ даража;
55 — 59,9 балл олган талабгорга B даража;
50 — 54,9 балл олган талабгорга C+ даража;
46 — 49,9 балл олган талабгорга C даражали сертификат берилади.
Сертификат 3 йил муддатга берилади. Бунда:
А+, А даражали сертификат олган абитуриентларга олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал балл берилади;
B+, B, C+, C, даражали сертификат олган абитуриентларга мос равишда сертификатдаги умумий баллга нисбатан фоиз асосида олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.
Миллий сертификатга эга бўлган абитуриентга тегишли мажбурий фанлар бўйича белгиланган энг юқори балл берилади.
3. Чет тилини билиш даражасини баҳолаш ва малака сертификатини бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 февралдаги 73-сон қарори билан тасдиқланган Чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.
4. Умумтаълим фанларини билиш даражаси Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартларига мувофиқ шакллантириладиган педагогик ўлчов воситалари асосида тест синовлари ёрдамида баҳоланади.
Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги сертификатни бериш учун тузиладиган тест саволлари давлат таълим стандарларига мос равишда ҳамда таълим ўқув дастурига мувофиқ Агентлик томонидан ишлаб чиқилади.
Тест синовлари абитуриентларнинг тайёргарлик даражасини тизимли ва асосли баҳолаш учун яратилган, турли шакл ва қийинлик даражасидаги параллел топшириқлар тизимини назарда тутади.
2-боб. Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовини ташкил этиш тартиби
5. Умумтаълим фанлари бўйича тест топшириқлари формати (фан мазмуни таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри), баҳолаш мезонлари, тест синовининг ўтказилиши муддатлари, шунингдек, талабгор томонидан тўлдириладиган ариза шакли Агентлик томонидан тасдиқланади ва унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
6. Талабгор сертификат олиш мақсадида тест синовида қатнашиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали электрон шаклда ариза бериб рўйхатдан ўтади.
7. Талабгор мустақил равишда ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани ЯИДХП орқали электрон равишда тўлдиради. Талабгордан сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Талабгорга сўровнома расмийлаштирилганидан сўнг ваколатли орган томонидан ЯИДХП орқали тест синовидан ўтиш қоидалари тўғрисидаги эслатма берилади.
Талабгорнинг сўровномасида унинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Сўровномада талабгор электрон манзилининг кўрсатилгани унинг сўровнома бўйича қабул қилинган қарор, тест синови натижалари юзасидан апелляция хулосаси ҳақида ахборот тизими орқали хабарнома олишга розилигини англатади.
Талабгордан сўровномадаги ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди.
Талабгор ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигига талабгорнинг ўзи шахсан жавобгар ҳисобланади.
Тест синовини ўтказиш санаси у ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин ЯИДХП орқали эълон қилинади.
Талабгор тест синови ўтказиладиган сана ва жой тўғрисидаги маълумотга ЯИДХП орқали эга бўлади.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари Адлия вазирлиги томонидан вақтинча рўйхатга олинади ҳамда улар ЖШШИР рақами шакллантирилади.
Бунда 16 ёшга тўлмаган шахслар ID-карта ёки хорижга чиқиш паспорти орқали рўйхатга олинади.
8. Агентлик томонидан талабгор тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар махфийлиги таъминланади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда, ариза берувчилар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.
9. Тест синовини ўтказиш жойи, муайян ҳудуд бўйича ўтириш ўринлари сони ва санаси Агентлик томонидан белгиланади ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайти ва ЯИДХП орқали эълон қилинади.
Бунда талабгорлар муайян ҳудуд бўйича ўтириш ўринлари сонига мувофиқ ЯИДХП орқали рўйхатга олинади.
10. Талабгорнинг тест синовида белгиланган ўтириш ўрни Агентлик томонидан қуръа ташлаш йўли билан аниқланади ва далолатнома расмийлаштирилади.
11. Тест синови бланкаларда ёки компьютер (онлайн платформа)да ўтказилиши мумкин. Тест синови Агентлик томонидан тасдиқланган имтиҳон комиссияси аъзолари ва кузатувчилар иштирокида ўтказилади.
Имтиҳон комиссияси ёзма ёки оғзаки тест синовлари белгиланганда шакллантирилади.
Имтиҳон комиссияси таркиби Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланади, унга Агентлик ходимлари ва тажрибали педагоглар, малакали мутахассислар киритилади.
Тест синови тегишли дастурий таъминот асосида компьютерда ўтказилганда билимни баҳолашнинг барча бўлимлари қамраб олинган ҳолда бир босқичда амалга оширилади.
12. Тест синови Агентлик масъул ходимининг раҳбарлигида ва кузатувида ўтказилади.
Тест синовлари махсус жиҳозланган, видеокузатув билан таъминланган ҳолда Агентлик вакилининг назорати остида онлайн ўтказилиши мумкин.
Тест синови вақтида ҳар бир иш жойида бир нафар талабгор ўтиради. Тест синовини ўтказиш жараёни доимий видеотасвирга олинади.
13. Тест синовини ўтказиш учун кузатувчилар жалб этилиши мумкин.
14. Тест синовига жалб этилган имтиҳон комиссияси аъзолари ва кузатувчилар билан шартнома тузилади.
15. Талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида видео қайд этиш қурилмалари орқали текширишдан ўтгач тест синовига қўйилади.
16. Талабгор қуйидаги ҳолатларда далолатнома асосида тест синови жараёнидан четлаштирилади ва унинг натижалари ҳисобланмайди:
тест синови ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога калькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар, қоғоз, буюм, кийимларга ёзилган маълумотларни олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса;
тест материалларига шикаст етказса, тест материалларини бошқа талабгорга узатса, тарқатса, бинодан ташқарига олиб чиқса ёки олиб чиқишга уринса;
бошқа талабгор билан мулоқот қилса, ёрдам берса ёки ёрдам беришга ҳаракат қилса;
тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса;
тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмагани аниқланса.
17. Тест синовлари натижалари улар якунланган кундан бошлаб йигирма бир иш кунидан кечикмай, Агентликнинг расмий веб-сайтида ҳамда ЯИДХП орқали эълон қилинади.
17 1 . Тест синовлари натижалари бўйича тестология меъёрларининг бузилиш ҳолати аниқланса, Агентлик томонидан тест синови натижалари бекор қилинади.
Қуйидаги ҳолатларда тестология меъёрлари бузилган деб ҳисобланади:
тест материаллари хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш қоидалари бузилса;
талабгорлар томонидан тест материалларини олдиндан қўлга киритиш ҳолати аниқланса;
тест синови натижалари таҳлилига кўра тақсимот нормал тақсимотдан кескин фарқ қилса.
Бунда мазкур банднинг бешинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолат фақат айрим ҳудудларда аниқланган тақдирда, ушбу ҳудудлардаги тест синовлари натижалари бекор қилинади.
Тест синови натижалари мазкур бандга мувофиқ бекор қилинган ҳолатларда, талабгорларнинг хоҳишига кўра амалга оширилган тўлов миқдори қайтарилади ёки қайта тест синовлари ташкил этилади.
3-боб. Тўлов шартлари
18. Давлат хизмати кўрсатилиши учун рўйхатдан ЯИДХП орқали ўтилганлиги сабабли талабгордан белгиланган тўлов миқдорининг 90 фоизи ундирилади.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болаларга мазкур давлат хизматини кўрсатишда белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган йиғимнинг 75 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:
«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.
Давлат хизматларини кўрсатиш учун тўлов амалга оширилганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.
Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
11,75 фоизи — «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси махсус ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи тўлов амалга оширилганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланганлиги учун);
қолган маблағлар — Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобварағига ўтказилади.
Талабгор тўловни ЯИДХП орқали шакллантирилган инвойс рақами орқали амалга оширади.
18 1 . Таълим ташкилотида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи педагог шахслардан белгиланган тўлов суммасининг 50 фоизи ундирилади.
19. Агар ариза берувчи турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок эта олмайдиган бўлса, Агентликка тест синовлари ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат этиши лозим.
Узрли сабабга кўра (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) тест синовларида қатнаша олмаган талабгор тест синови ўтказилган санадан беш иш кунидан кечикмай, ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни ЯИДХП орқали Агентликка электрон шаклда тақдим этиши ва уни навбатдаги имтиҳонга киритиш ёки тўловни қайтариш бўйича мурожаат этиши лозим.
Узрли сабабга кўра тест синовларида иштирок эта олмагани бўйича аризалар етти иш кунида кўриб чиқилади. Тест синови учун ариза бериш жараёнида тўлов тўлиқ амалга оширилмаган тақдирда, тўловни қайтариш бўйича аризалар тўлов тўлиқ амалга оширилгандан сўнг, белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Тўловни қайтариш сўралган тақдирда, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобварағига ҳамда Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига келиб тушган тўлов миқдори ваколатли орган хулосаси асосида Адлия вазирлиги томонидан тўлиқ қайтарилади. Бунда Агентлик ва Адлия вазирлиги ўртасида хулоса алмашинуви электрон тарзда амалга оширилади.
Навбатдаги тест синовида қатнашиш сўралган тақдирда, ваколатли орган томонидан узрли сабабга кўра тест синовида иштирок эта олмаган талабгорга тўловни амалга оширмасдан навбатдаги тест синовида қатнашиш имконияти яратилади.
Талабгор тўловни қайтариш ёки навбатдаги тест синовида қатнашиш бўйича ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани ЯИДХП орқали электрон тарзда тўлдиради.
20. Талабгор тест синовига кечиккан ёки сабабсиз келмаган ҳолларда, талабгор томонидан амалга оширилган тўлов қайтарилмайди.
21. Тест синови ўтказилиши жараёнида талабгор бир вақтда фақат битта умумтаълим фанидан тест топширишига рухсат этилади.
4-боб. Апелляцияларни кўриб чиқиш тартиби
22. Тест синовидан ўта олмаган талабгор тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ЯИДХП орқали Агентликка апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.
Талабгор апелляция шикояти бериш учун ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани ЯИДХП орқали электрон тарзда тўлдиради.
23. Апелляцияни кўриб чиқиш учун Агентлик директорининг буйруғи билан 5 ёки 7 нафар Агентлик ходимлари ва таълим тизими педагогларидан иборат бўлган Апелляция комиссияси тузилади.
Апелляция комиссияси таркибига Имтихон комиссияси аъзолари киритилмайди.
Апелляция икки ҳафта мобайнида кўриб чиқилади. Талабгор Апелляция комиссияси қарори тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади.
24. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
тест синови натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляциянинг қаноатлантирилишини рад этиш;
тест синовлари натижаларини ўзгартириш ва апелляцияни қаноатлантириш.
Агар талабгор томонидан кўрсатилган далиллар тасдиқланмаса, апелляциянинг қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Агар талабгор томонидан кўрсатилган далиллар асосли деб топилса, апелляция комиссияси қарори билан тест натижалари ўзгартирилади.
Апелляция комиссиясининг қарорлари ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.
25. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.
Талабгор Апелляция комиссиясининг қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
5-боб. Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг давлат намунасидаги сертификатини бериш тартиби
26. Сертификат тест синовидан ижобий натижага эришган талабгорга тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта мобайнида Агентлик директорининг буйруғи асосида электрон шаклда берилади. Талабгор сертификатни шахсий кабинети орқали юклаб олиши мумкин.
27. Сертификатлар реестри Агентлик томонидан юритилади.
Сертификатлар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
паспорт маълумотлари (серияси ва тартиб рақами, паспортнинг ким томонидан ва қачон берилганлиги) ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома маълумотлари (тартиб рақами, гувоҳноманинг ким томонидан ва қачон берилганлиги);
Агентликнинг сертификат бериш тўғрисидаги буйруғининг санаси ва тартиб рақами;
сертификатнинг ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақами;
сертификатнинг берилган санаси;
сертификатнинг амал қилиш муддати.
Амал қилиш муддати тугашига 10 кун қолган сертификат эгаларига ЯИДХПдаги шахсий кабинети орқали хабарнома ҳамда Агентликнинг тегишли ахборот тизими орқали талабгор рўйхатдан ўтишда киритган телефон рақамига бепул «SMS-хабарнома» юборилади.
28. Сертификатнинг ҳақиқийлиги тўғрисидаги маълумотларни Агентликнинг расмий веб-сайти орқали текшириш имконияти яратилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
29. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
30. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун
__________________ (санаси) ________________ (рақами) 1. Ф.И.О.: 2. Паспорт (туғилганлик тўғрисида гувоҳнома, идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, агар мавжуд бўлса): 3. Доимий яшаш манзили (вилоят, шаҳар/туман, кўча, уй): 4. Телефон рақами: 5. Электрон почта манзили (e-mail): 6. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чегирма қўлланилиш ҳуқуқига эгалиги (Ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзолари, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар): Ҳа/Йўқ 7. Имтиҳонни топшириш ҳудуди: 8. Имтиҳонни топшириш фани: 9. Имтиҳонни топшириш тили:
Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Тўловни қайтариш бўйича
__________________ (санаси) ____________ (рақами) 1. Ф.И.О.: 2. Паспорт (туғилганлик тўғрисида гувоҳнома, идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, агар мавжуд бўлса): 3. Доимий яшаш манзили (вилоят, шаҳар/туман, кўча, уй): 4. Телефон рақами: 5. Электрон почта манзили (e-mail): 6. Имтиҳон санаси: 7. Имтиҳонни топшириш фани: 8. Узрли сабабга кўра (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) тест синовларида қатнаша олмаган талабгорнинг ушбу ҳолатни асословчи ҳужжатлари:
Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Имтиҳон натижалари юзасидан апелляция шикоятини бериш учун
__________________ (санаси) _____________ (рақами) 1. Ф.И.О.: 2. Паспорт (туғилганлик тўғрисида гувоҳнома, идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, агар мавжуд бўлса): 3. Доимий яшаш манзили (вилоят, шаҳар/туман, кўча, уй): 4. Телефон рақами: 5. Электрон почта манзили (e-mail): 6. Имтиҳон санаси: 7. Имтиҳонни топшириш фани: 8. Шикоятнинг қисқача мазмуни:
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 24-банди еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«махсус дастур орқали базага махсус код, қайд рақами, таълим тури, таълим муассасасининг номи, абитуриентнинг фуқаролиги, фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, жинси, паспорт серияси ва рақами, яшаш жойи, туғилган йили ва жойи, ижтимоий келиб чиқиши, таълим олган таълим муассасаси тури, рақами ва номи, манзили ҳамда уни тугатган йили, диплом (шаҳодатнома ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат) рақами, белгиланган тартибда берилган имтиёзлари ҳақида маълумот (агар ушбу имтиёзлар бўйича ҳужжатлар мавжуд бўлса) ҳамда тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва кўзи ожизлар тоифасига кирувчи шахс тўғрисидаги маълумот, ўқитиш тили, ихтисослиги, чет тили ва уни топшириш усулини киритиш».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 12 октябрь,
646-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SOʻROVNOMA
SOʻROVNOMA
SOʻROVNOMA
Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini baholashning milliy test tizimini joriy etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Ilm, maʼrifat va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2020-yil 2-martdagi PF-5953-son Farmonida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash hamda abituriyentlarni oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish test sinovini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
2020-yil 1-dekabrdan boshlab bosqichma-bosqich bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga mos fanlar majmuasidagi umumtaʼlim fanlaridan (keyingi oʻrinlarda — umumtaʼlim fanlari) bilish darajasini baholashning milliy test tizimi;
2021/2022 oʻquv yili qabulidan boshlab tegishli umumtaʼlim fanini (chet tili bundan mustasno) bilish darajasi toʻgʻrisida davlat namunasidagi sertifikatga ega boʻlgan abituriyentga sertifikatdagi oʻzlashtirish foiziga mos ravishda oliy taʼlim muassasasi bakalavriatiga oʻqishga qabul qilish boʻyicha test sinovlarida ushbu fandan belgilangan maksimal ballga nisbatan tabaqalashtirilgan (proporsional) ball berish tartibi joriy etilsin.
2. Belgilansinki, umumtaʼlim fanlari boʻyicha sertifikatlash quyidagi muddatlarda joriy etiladi:
2020-yil 1-dekabrda ona tili va adabiyot (oʻzbek tili va adabiyoti, rus tili va adabiyoti, qoraqalpoq tili va adabiyoti) hamda matematika fanlari boʻyicha;
2021-yil 1-fevralda kimyo va biologiya fanlari boʻyicha;
2022 — 2024-yillarda fizika, geografiya va tarix fanlari boʻyicha.
2026/2027 oʻquv yilidan boshlab huquqshunoslik fani boʻyicha;
Umumtaʼlim fanlaridan bilish darajasini baholashning milliy test sinovlarini tashkil etish va umumtaʼlim fanlari boʻyicha sertifikatlash Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) yoki qonunchilikda belgilangan tartibda tashkil etilgan taʼlim sifatini baholash boʻyicha tashkilot tomonidan amalga oshirilsin.
3. Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash va davlat namunasidagi sertifikatni berish uchun tuziladigan test savollari davlat taʼlim standarlariga mos ravishda hamda taʼlim oʻquv dasturiga muvofiq Agentlik tomonidan ishlab chiqiladi.
4. Quyidagilar:
umumtaʼlim fanlaridan bilish darajasini baholash boʻyicha test sinovini tashkil etish hamda uning natijalari boʻyicha davlat namunasidagi sertifikatni berish tartib-taomillarini belgilovchi Umumtaʼlim fanlaridan bilish darajasini aniqlash va sertifikat berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Umumtaʼlim fanini bilish darajasi toʻgʻrisidagi sertifikatning davlat namunasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Adliya vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish inspeksiyasi bilan birgalikda taʼlim sifatini baholash boʻyicha faoliyat yuritadigan xalqaro taʼlim tashkilotlarini jalb qilgan holda umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida oʻqitish sifatini baholashga muqobil shakllarni tatbiq etish maqsadida “Bilim va koʻnikmalarni baholash markazi” nodavlat taʼlim tashkilotini tashkil qilish yuzasidan bir oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
Bunda “Bilim va koʻnikmalarni baholash markazi” nodavlat taʼlim tashkilotining asosiy faoliyat yoʻnalishlari etib quyidagilar belgilansin:
xalqaro eʼtirof etilgan taʼlim sifatini baholash metodikasidan kelib chiqqan holda umumtaʼlim maktablarida taʼlim sifatini baholashning zamonaviy usullarini ishlab chiqish;
umumiy oʻrta taʼlimda berilayotgan bilim va koʻnikmalar sifatini tizimli baholash uchun nazorat ishlari materiallarini ishlab chiqish;
taʼlim sifatini baholash boʻyicha dasturiy mahsulot ishlab chiqish;
Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim sohasidagi vakolatli davlat boshqaruvi organlari hamda nodavlat taʼlim tashkilotlari va muassasalari buyurtmasiga koʻra saralash, qabul qilish va yakuniy imtihonlarni oʻtkazish;
taʼlim muassasalarida pedagogik faoliyat olib borish huquqini beruvchi taʼlim litsenziyalari va sertifikatlarini joriy etish.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga 3-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 12-oktabrdagi 646-son qaroriga 1-ILOVA
Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash va sertifikat berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash va davlat namunasidagi sertifikatni berish tartibini belgilaydi.
2. Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash va davlat namunasidagi sertifikatni (keyingi oʻrinlarda — sertifikat) berish Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan toʻlov asosida amalga oshiriladi, sertifikat elektron shaklda beriladi.
Sertifikat berish uchun talabgordan ariza berilgan kundagi bazaviy hisoblash miqdorining 1,5 baravari miqdorida toʻlov undiriladi.
Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash boʻyicha A+, A, B+, B, C+, C, darajali sertifikatlar beriladi.
Test natijalari xalqaro metodika — Rash modeli asosida hisoblanadi. Unga koʻra:
70 balldan yuqori ball olgan talabgorga A+ daraja;
65 — 69,9 ball olgan talabgorga A daraja;
60 — 64,9 ball olgan talabgorga B+ daraja;
55 — 59,9 ball olgan talabgorga B daraja;
50 — 54,9 ball olgan talabgorga C+ daraja;
46 — 49,9 ball olgan talabgorga C darajali sertifikat beriladi.
Sertifikat 3 yil muddatga beriladi. Bunda:
A+, A darajali sertifikat olgan abituriyentlarga oliy taʼlim muassasasi bakalavriatiga oʻqishga qabul qilish boʻyicha test sinovlarida ushbu fandan belgilangan maksimal ball beriladi;
B+, B, C+, C, darajali sertifikat olgan abituriyentlarga mos ravishda sertifikatdagi umumiy ballga nisbatan foiz asosida oliy taʼlim muassasasi bakalavriatiga oʻqishga qabul qilish boʻyicha test sinovlarida ushbu fandan belgilangan maksimal ballga nisbatan tabaqalashtirilgan (proporsional) ball beriladi.
Milliy sertifikatga ega boʻlgan abituriyentga tegishli majburiy fanlar boʻyicha belgilangan eng yuqori ball beriladi.
3. Chet tilini bilish darajasini baholash va malaka sertifikatini berish Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 16-fevraldagi 73-son qarori bilan tasdiqlangan Chet tilini bilish darajasini aniqlash boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasi Oʻzbekiston Respublikasi uzluksiz taʼlim tizimining davlat taʼlim standartlariga muvofiq shakllantiriladigan pedagogik oʻlchov vositalari asosida test sinovlari yordamida baholanadi.
Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash va davlat namunasidagi sertifikatni berish uchun tuziladigan test savollari davlat taʼlim standarlariga mos ravishda hamda taʼlim oʻquv dasturiga muvofiq Agentlik tomonidan ishlab chiqiladi.
Test sinovlari abituriyentlarning tayyorgarlik darajasini tizimli va asosli baholash uchun yaratilgan, turli shakl va qiyinlik darajasidagi parallel topshiriqlar tizimini nazarda tutadi.
2-bob. Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash boʻyicha test sinovini tashkil etish tartibi
5. Umumtaʼlim fanlari boʻyicha test topshiriqlari formati (fan mazmuni tarkibi, savollar soni, topshiriqlar turi, vaqt meʼyori), baholash mezonlari, test sinovining oʻtkazilishi muddatlari, shuningdek, talabgor tomonidan toʻldiriladigan ariza shakli Agentlik tomonidan tasdiqlanadi va uning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.
6. Talabgor sertifikat olish maqsadida test sinovida qatnashish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali elektron shaklda ariza berib roʻyxatdan oʻtadi.
7. Talabgor mustaqil ravishda ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani YIDXP orqali elektron ravishda toʻldiradi. Talabgordan soʻrovnomani elektron raqamli imzo bilan tasdiqlash talab etilmaydi.
Talabgorga soʻrovnoma rasmiylashtirilganidan soʻng vakolatli organ tomonidan YIDXP orqali test sinovidan oʻtish qoidalari toʻgʻrisidagi eslatma beriladi.
Talabgorning soʻrovnomasida uning elektron manzili koʻrsatilishi mumkin. Soʻrovnomada talabgor elektron manzilining koʻrsatilgani uning soʻrovnoma boʻyicha qabul qilingan qaror, test sinovi natijalari yuzasidan apellyatsiya xulosasi haqida axborot tizimi orqali xabarnoma olishga roziligini anglatadi.
Talabgordan soʻrovnomadagi hujjatlardan boshqa qoʻshimcha hujjatlar talab etilmaydi.
Talabgor haqidagi maʼlumotlarning toʻgʻriligiga talabgorning oʻzi shaxsan javobgar hisoblanadi.
Test sinovini oʻtkazish sanasi u oʻtkaziladigan kundan kamida uch kun oldin YIDXP orqali eʼlon qilinadi.
Talabgor test sinovi oʻtkaziladigan sana va joy toʻgʻrisidagi maʼlumotga YIDXP orqali ega boʻladi.
Fuqaroligi boʻlmagan shaxslar va chet el fuqarolari Adliya vazirligi tomonidan vaqtincha roʻyxatga olinadi hamda ular JSHSHIR raqami shakllantiriladi.
Bunda 16 yoshga toʻlmagan shaxslar ID-karta yoki xorijga chiqish pasporti orqali roʻyxatga olinadi.
8. Agentlik tomonidan talabgor toʻgʻrisidagi shaxsga doir maʼlumotlar maxfiyligi taʼminlanadi. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda huquqni muhofaza qiluvchi organlar va sud tomonidan rasmiy murojaat boʻlgan taqdirda, ariza beruvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar taqdim etiladi.
9. Test sinovini oʻtkazish joyi, muayyan hudud boʻyicha oʻtirish oʻrinlari soni va sanasi Agentlik tomonidan belgilanadi hamda Agentlikning rasmiy veb-sayti va YIDXP orqali eʼlon qilinadi.
Bunda talabgorlar muayyan hudud boʻyicha oʻtirish oʻrinlari soniga muvofiq YIDXP orqali roʻyxatga olinadi.
10. Talabgorning test sinovida belgilangan oʻtirish oʻrni Agentlik tomonidan qurʼa tashlash yoʻli bilan aniqlanadi va dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
11. Test sinovi blankalarda yoki kompyuter (onlayn platforma)da oʻtkazilishi mumkin. Test sinovi Agentlik tomonidan tasdiqlangan imtihon komissiyasi aʼzolari va kuzatuvchilar ishtirokida oʻtkaziladi.
Imtihon komissiyasi yozma yoki ogʻzaki test sinovlari belgilanganda shakllantiriladi.
Imtihon komissiyasi tarkibi Agentlik direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi, unga Agentlik xodimlari va tajribali pedagoglar, malakali mutaxassislar kiritiladi.
Test sinovi tegishli dasturiy taʼminot asosida kompyuterda oʻtkazilganda bilimni baholashning barcha boʻlimlari qamrab olingan holda bir bosqichda amalga oshiriladi.
12. Test sinovi Agentlik masʼul xodimining rahbarligida va kuzatuvida oʻtkaziladi.
Test sinovlari maxsus jihozlangan, videokuzatuv bilan taʼminlangan holda Agentlik vakilining nazorati ostida onlayn oʻtkazilishi mumkin.
Test sinovi vaqtida har bir ish joyida bir nafar talabgor oʻtiradi. Test sinovini oʻtkazish jarayoni doimiy videotasvirga olinadi.
13. Test sinovini oʻtkazish uchun kuzatuvchilar jalb etilishi mumkin.
14. Test sinoviga jalb etilgan imtihon komissiyasi aʼzolari va kuzatuvchilar bilan shartnoma tuziladi.
15. Talabgor shaxsini tasdiqlovchi hujjat asosida video qayd etish qurilmalari orqali tekshirishdan oʻtgach test sinoviga qoʻyiladi.
16. Talabgor quyidagi holatlarda dalolatnoma asosida test sinovi jarayonidan chetlashtiriladi va uning natijalari hisoblanmaydi:
test sinovi oʻtkaziladigan hududga yoki binoga kalkulyator, lugʻat, jadval, kitob, uyali telefon, kompyuter, telekommunikatsiya qurilmalari va boshqa vositalar, shpargalkalar, qogʻoz, buyum, kiyimlarga yozilgan maʼlumotlarni olib kirishga harakat qilsa, olib kirgan boʻlsa yoki ulardan test sinovlari davomida foydalansa;
test materiallariga shikast yetkazsa, test materiallarini boshqa talabgorga uzatsa, tarqatsa, binodan tashqariga olib chiqsa yoki olib chiqishga urinsa;
boshqa talabgor bilan muloqot qilsa, yordam bersa yoki yordam berishga harakat qilsa;
test sinovlari uchun ajratilgan vaqt tugagandan soʻng test materiallarini topshirishdan bosh tortsa;
test sinovlari jarayonida videokuzatuvlar orqali talabgorning tartib va qoidalarga amal qilmagani aniqlansa.
17. Test sinovlari natijalari ular yakunlangan kundan boshlab yigirma bir ish kunidan kechikmay, Agentlikning rasmiy veb-saytida hamda YIDXP orqali eʼlon qilinadi.
17 1 . Test sinovlari natijalari boʻyicha testologiya meʼyorlarining buzilish holati aniqlansa, Agentlik tomonidan test sinovi natijalari bekor qilinadi.
Quyidagi holatlarda testologiya meʼyorlari buzilgan deb hisoblanadi:
test materiallari xavfsizligi va maxfiyligini taʼminlash qoidalari buzilsa;
talabgorlar tomonidan test materiallarini oldindan qoʻlga kiritish holati aniqlansa;
test sinovi natijalari tahliliga koʻra taqsimot normal taqsimotdan keskin farq qilsa.
Bunda mazkur bandning beshinchi xatboshisida koʻrsatilgan holat faqat ayrim hududlarda aniqlangan taqdirda, ushbu hududlardagi test sinovlari natijalari bekor qilinadi.
Test sinovi natijalari mazkur bandga muvofiq bekor qilingan holatlarda, talabgorlarning xohishiga koʻra amalga oshirilgan toʻlov miqdori qaytariladi yoki qayta test sinovlari tashkil etiladi.
3-bob. Toʻlov shartlari
18. Davlat xizmati koʻrsatilishi uchun roʻyxatdan YIDXP orqali oʻtilganligi sababli talabgordan belgilangan toʻlov miqdorining 90 foizi undiriladi.
Ijtimoiy reyestrning “kambagʻal oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolariga, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar hamda nogironligi boʻlgan bolalarga mazkur davlat xizmatini koʻrsatishda belgilangan toʻlovning 50 foizi miqdorida, Ijtimoiy reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolariga belgilangan yigʻimning 75 foizi miqdorida chegirma qoʻllaniladi. Bunda chegirma Ijtimoiy reyestrning:
“davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidan “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga oʻtkazilgan oilalarga, ularning ilgari belgilangan toifasiga muvofiq miqdorda;
ogʻir hayotiy vaziyatga tushgan oila sifatida “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarga “kambagʻal oila” toifasidagi oila uchun belgilangan miqdorda qoʻllaniladi.
Davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun toʻlov amalga oshirilganligi Yagona billing tizimi orqali tasdiqlanadi.
Toʻlov summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
11,75 foizi — “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi maxsus hisobvaragʻiga (shu jumladan, 0,5 foizi toʻlov amalga oshirilganligi Yagona billing tizimi orqali tasdiqlanganligi uchun);
qolgan mablagʻlar — Bilim va malakalarni baholash agentligini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
Talabgor toʻlovni YIDXP orqali shakllantirilgan invoys raqami orqali amalga oshiradi.
18 1 . Taʼlim tashkilotida qonunchilik hujjatlariga muvofiq tuzilgan mehnat shartnomasi asosida taʼlim va tarbiya sohasida kasbiy faoliyatni amalga oshiruvchi pedagog shaxslardan belgilangan toʻlov summasining 50 foizi undiriladi.
19. Agar ariza beruvchi turli sabablarga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmaydigan boʻlsa, Agentlikka test sinovlari oʻtkaziladigan kundan kamida uch kun oldin YIDXP orqali elektron shaklda murojaat etishi lozim.
Uzrli sababga koʻra (kasalligi yoki oila aʼzolarining vafot etganligini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etganda) test sinovlarida qatnasha olmagan talabgor test sinovi oʻtkazilgan sanadan besh ish kunidan kechikmay, ushbu holatni tasdiqlovchi hujjatlarni YIDXP orqali Agentlikka elektron shaklda taqdim etishi va uni navbatdagi imtihonga kiritish yoki toʻlovni qaytarish boʻyicha murojaat etishi lozim.
Uzrli sababga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmagani boʻyicha arizalar yetti ish kunida koʻrib chiqiladi. Test sinovi uchun ariza berish jarayonida toʻlov toʻliq amalga oshirilmagan taqdirda, toʻlovni qaytarish boʻyicha arizalar toʻlov toʻliq amalga oshirilgandan soʻng, belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
Toʻlovni qaytarish soʻralgan taqdirda, Bilim va malakalarni baholash agentligini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobvaragʻiga hamda Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasining Elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga kelib tushgan toʻlov miqdori vakolatli organ xulosasi asosida Adliya vazirligi tomonidan toʻliq qaytariladi. Bunda Agentlik va Adliya vazirligi oʻrtasida xulosa almashinuvi elektron tarzda amalga oshiriladi.
Navbatdagi test sinovida qatnashish soʻralgan taqdirda, vakolatli organ tomonidan uzrli sababga koʻra test sinovida ishtirok eta olmagan talabgorga toʻlovni amalga oshirmasdan navbatdagi test sinovida qatnashish imkoniyati yaratiladi.
Talabgor toʻlovni qaytarish yoki navbatdagi test sinovida qatnashish boʻyicha ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani YIDXP orqali elektron tarzda toʻldiradi.
20. Talabgor test sinoviga kechikkan yoki sababsiz kelmagan hollarda, talabgor tomonidan amalga oshirilgan toʻlov qaytarilmaydi.
21. Test sinovi oʻtkazilishi jarayonida talabgor bir vaqtda faqat bitta umumtaʼlim fanidan test topshirishiga ruxsat etiladi.
4-bob. Apellyatsiyalarni koʻrib chiqish tartibi
22. Test sinovidan oʻta olmagan talabgor test sinovi natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida YIDXP orqali Agentlikka apellyatsiya shikoyati berish huquqiga ega.
Talabgor apellyatsiya shikoyati berish uchun ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani YIDXP orqali elektron tarzda toʻldiradi.
23. Apellyatsiyani koʻrib chiqish uchun Agentlik direktorining buyrugʻi bilan 5 yoki 7 nafar Agentlik xodimlari va taʼlim tizimi pedagoglaridan iborat boʻlgan Apellyatsiya komissiyasi tuziladi.
Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga Imtixon komissiyasi aʼzolari kiritilmaydi.
Apellyatsiya ikki hafta mobaynida koʻrib chiqiladi. Talabgor Apellyatsiya komissiyasi qarori toʻgʻrisida yozma yoki elektron shaklda xabardor qilinadi.
24. Apellyatsiyani koʻrib chiqish natijalari boʻyicha quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:
test sinovi natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiyaning qanoatlantirilishini rad etish;
test sinovlari natijalarini oʻzgartirish va apellyatsiyani qanoatlantirish.
Agar talabgor tomonidan koʻrsatilgan dalillar tasdiqlanmasa, apellyatsiyaning qanoatlantirilishini rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.
Agar talabgor tomonidan koʻrsatilgan dalillar asosli deb topilsa, apellyatsiya komissiyasi qarori bilan test natijalari oʻzgartiriladi.
Apellyatsiya komissiyasining qarorlari ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda rasmiylashtiriladi.
25. Takroriy apellyatsiyaga yoʻl qoʻyilmaydi.
Talabgor Apellyatsiya komissiyasining qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
5-bob. Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini baholashning davlat namunasidagi sertifikatini berish tartibi
26. Sertifikat test sinovidan ijobiy natijaga erishgan talabgorga test sinovi natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab bir hafta mobaynida Agentlik direktorining buyrugʻi asosida elektron shaklda beriladi. Talabgor sertifikatni shaxsiy kabineti orqali yuklab olishi mumkin.
27. Sertifikatlar reyestri Agentlik tomonidan yuritiladi.
Sertifikatlar reyestrida quyidagilar koʻrsatilishi lozim:
talabgorning familiyasi, ismi, otasining ismi;
pasport maʼlumotlari (seriyasi va tartib raqami, pasportning kim tomonidan va qachon berilganligi) yoki tugʻilganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma maʼlumotlari (tartib raqami, guvohnomaning kim tomonidan va qachon berilganligi);
Agentlikning sertifikat berish toʻgʻrisidagi buyrugʻining sanasi va tartib raqami;
sertifikatning hisobga olish seriyasi va tartib raqami;
sertifikatning berilgan sanasi;
sertifikatning amal qilish muddati.
Amal qilish muddati tugashiga 10 kun qolgan sertifikat egalariga YIDXPdagi shaxsiy kabineti orqali xabarnoma hamda Agentlikning tegishli axborot tizimi orqali talabgor roʻyxatdan oʻtishda kiritgan telefon raqamiga bepul “SMS-xabarnoma” yuboriladi.
28. Sertifikatning haqiqiyligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Agentlikning rasmiy veb-sayti orqali tekshirish imkoniyati yaratiladi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
29. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
30. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash va sertifikat berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash va sertifikat berish boʻyicha davlat xizmatlaridan foydalanish uchun
__________________ (sanasi) ________________ (raqami) 1. F.I.O.: 2. Pasport (tugʻilganlik toʻgʻrisida guvohnoma, identifikatsiyalovchi ID-kartasi) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami, agar mavjud boʻlsa): 3. Doimiy yashash manzili (viloyat, shahar/tuman, koʻcha, uy): 4. Telefon raqami: 5. Elektron pochta manzili (e-mail): 6. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan chegirma qoʻllanilish huquqiga egaligi (Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar aʼzolari, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar): Ha/Yoʻq 7. Imtihonni topshirish hududi: 8. Imtihonni topshirish fani: 9. Imtihonni topshirish tili:
Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash va sertifikat berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Toʻlovni qaytarish boʻyicha
__________________ (sanasi) ____________ (raqami) 1. F.I.O.: 2. Pasport (tugʻilganlik toʻgʻrisida guvohnoma, identifikatsiyalovchi ID-kartasi) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami, agar mavjud boʻlsa): 3. Doimiy yashash manzili (viloyat, shahar/tuman, koʻcha, uy): 4. Telefon raqami: 5. Elektron pochta manzili (e-mail): 6. Imtihon sanasi: 7. Imtihonni topshirish fani: 8. Uzrli sababga koʻra (kasalligi yoki oila aʼzolarining vafot etganligini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etganda) test sinovlarida qatnasha olmagan talabgorning ushbu holatni asoslovchi hujjatlari:
Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini aniqlash va sertifikat berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Imtihon natijalari yuzasidan apellyatsiya shikoyatini berish uchun
__________________ (sanasi) _____________ (raqami) 1. F.I.O.: 2. Pasport (tugʻilganlik toʻgʻrisida guvohnoma, identifikatsiyalovchi ID-kartasi) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami, agar mavjud boʻlsa): 3. Doimiy yashash manzili (viloyat, shahar/tuman, koʻcha, uy): 4. Telefon raqami: 5. Elektron pochta manzili (e-mail): 6. Imtihon sanasi: 7. Imtihonni topshirish fani: 8. Shikoyatning qisqacha mazmuni:
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 12-oktabrdagi 646-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 12-oktabrdagi 646-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha
3. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 3-apreldagi 261-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalarining bakalavriatiga oʻqishga qabul qilish uchun kirish test sinovlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 24-bandi yettinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“maxsus dastur orqali bazaga maxsus kod, qayd raqami, taʼlim turi, taʼlim muassasasining nomi, abituriyentning fuqaroligi, familiyasi, ismi, otasining ismi, millati, jinsi, pasport seriyasi va raqami, yashash joyi, tugʻilgan yili va joyi, ijtimoiy kelib chiqishi, taʼlim olgan taʼlim muassasasi turi, raqami va nomi, manzili hamda uni tugatgan yili, diplom (shahodatnoma yoki uning oʻrnini bosuvchi hujjat) raqami, belgilangan tartibda berilgan imtiyozlari haqida maʼlumot (agar ushbu imtiyozlar boʻyicha hujjatlar mavjud boʻlsa) hamda toʻliq davlat taʼminotidagi yetim bolalar va koʻzi ojizlar toifasiga kiruvchi shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumot, oʻqitish tili, ixtisosligi, chet tili va uni topshirish usulini kiritish”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 12-oktabr,
646-son