UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 9-iyul · Boshqa hujjatlar · Konstitutsiyaviy sudi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 9 июль · Бошқа ҳужжатлар · Конституциявий суди

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 июля 2020 г. · Другие документы · Конституционного суда

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 July 2020 · Other documents · Konstitutsiyaviy sudi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг

қарори

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раис Б. Мирбобоев, судьялар А. Гафуров, Ф. Каюмов, С. Кошаева, Б. Миралимов, Г. Пиржанов ва К. Улжаевдан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 14-моддасига амал қилган ҳолда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақидаги ишни очиқ мажлисда кўриб чиқди.

Конституциявий суд мазкур масала юзасидан маърузачи судья С. Кошаеванинг ахборотини тинглаб ва иш бўйича мавжуд ҳужжатларни ўрганиб,

аниқлади:

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорида назарда тутилган тадбирлар ва вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5505-сонли Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 9-бандида фуқаролар, хўжалик юритувчи субъектлар, давлат органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан шикоят қилиш ва ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилиш ҳақидаги талабнинг кўриб чиқилиши тартиб-таомилларини такомиллаштириш, бунда Конституциявий суднинг ролини аниқлаш назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4551-сонли Қарори билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастурининг 7-бандида Конституциявий суд ва Адлия вазирлигига «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юкланган:

Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларни киритиш орқали кенгайтириш;

Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал хусусиятларини (судга масала киритиш тартиби, суд муҳокамаси, муддатлари, суд қарорларининг ижроси ва бошқаларни) тартибга солувчи нормаларни киритиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5953-сонли Фармони билан тасдиқланган Давлат дастури 14-бандида қонун нормаларининг Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини кенгайтириш мақсадида Конституциявий суд, Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтига қонун лойиҳасини тайёрлаш ва унда Конституциявий судда қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасига фуқаролар ва юридик шахсларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини киритиш назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6012-сонли Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича « Йўл харитаси »нинг 22-бандида ҳам ушбу масала назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси юзасидан Олий Мажлис палаталари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Адлия вазирлиги, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар, фикр-мулоҳазалар инобатга олинган.

Шунингдек, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (www.regulation.gov.uz) да умумхалқ муҳокамасига қўйилган. Муҳокама давомида 60 дан зиёд таклиф ва фикр-мулоҳазалар келиб тушди. Келиб тушган таклиф ва фикр-мулоҳазаларнинг барчаси таҳлил қилиниб, уларнинг аксарият қисми қонун лойиҳасини такомиллаштиришда ҳисобга олинди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Конституциявий суд фаолиятини яхшилаш, мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда Конституция ва қонун устунлиги принципини таъминлашга хизмат қилади.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб ва «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 14 , 31 , 32 , 33-моддаларига , «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонуннинг 5 , 26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд

ҚАРОР ҚИЛДИ:

1. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилсин (илова қилинади).

2. Ушбу қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун Конституциявий суднинг вакили этиб судья С. Кошаева, уни биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида маъруза билан сўзга чиқадиган вакил этиб Конституциявий суд раисининг ўринбосари А. Гафуров белгилансин.

3. Ушбу қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ахборотномаси» ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинсин.

Раис Б. МИРБОБОЕВ

Судьялар А. ГАФУРОВ

Ф. КАЮМОВ

С. КОШАЕВА

Б. МИРАЛИМОВ

Г. ПИРЖАНОВ

К. УЛЖАЕВ

Тошкент ш.,

2020 йил 9 июль

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining

qarori

“Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonuniga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonuni loyihasini Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasiga kiritish haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi rais B. Mirboboyev, sudyalar A. Gafurov, F. Kayumov, S. Koshayeva, B. Miralimov, G. Pirjanov va K. Uljayevdan iborat tarkibda, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 83-moddasi va “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonunining 14-moddasiga amal qilgan holda “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonuniga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonuni loyihasini Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasiga kiritish haqidagi ishni ochiq majlisda koʻrib chiqdi.

Konstitutsiyaviy sud mazkur masala yuzasidan maʼruzachi sudya S. Koshayevaning axborotini tinglab va ish boʻyicha mavjud hujjatlarni oʻrganib,

aniqladi:

Mazkur qonun loyihasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari va qarorida nazarda tutilgan tadbirlar va vazifalarning ijrosini taʼminlash maqsadida ishlab chiqilgan.

Xususan, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 8-avgustdagi “Norma ijodkorligi faoliyatini takomillashtirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi PF-5505-sonli Farmoni bilan tasdiqlangan Norma ijodkorligi faoliyatini takomillashtirish konsepsiyasini amalga oshirish boʻyicha amaliy chora-tadbirlar rejasi 9-bandida fuqarolar, xoʻjalik yurituvchi subyektlar, davlat organlari tomonidan normativ-huquqiy hujjat yuzasidan shikoyat qilish va ushbu normativ-huquqiy hujjatni bekor qilish haqidagi talabning koʻrib chiqilishi tartib-taomillarini takomillashtirish, bunda Konstitutsiyaviy sudning rolini aniqlash nazarda tutilgan.

Shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 13-dekabrdagi “Konstitutsiya va qonun ustuvorligini taʼminlash, bu borada jamoatchilik nazoratini kuchaytirish hamda jamiyatda huquqiy madaniyatni yuksaltirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-4551-sonli Qarori bilan tasdiqlangan Chora-tadbirlar dasturining 7-bandida Konstitutsiyaviy sud va Adliya vazirligiga “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish yuklangan:

Konstitutsiyaviy sudga masalalar kiritish huquqiga ega boʻlgan subyektlar doirasini Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil, shuningdek, fuqarolar va yuridik shaxslarni kiritish orqali kengaytirish;

Konstitutsiyaviy sudda ish yuritishning protsessual xususiyatlarini (sudga masala kiritish tartibi, sud muhokamasi, muddatlari, sud qarorlarining ijrosi va boshqalarni) tartibga soluvchi normalarni kiritish.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 2-martdagi “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Ilm, maʼrifat va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida”gi PF-5953-sonli Farmoni bilan tasdiqlangan Davlat dasturi 14-bandida qonun normalarining Konstitutsiyaga muvofiqligini oʻrganish yuzasidan Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish tartibini soddalashtirish, Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan subyektlar doirasini kengaytirish maqsadida Konstitutsiyaviy sud, Oliy Majlis palatalari (kelishuv asosida), Qonunchilik muammolari va parlament tadqiqotlari institutiga qonun loyihasini tayyorlash va unda Konstitutsiyaviy sudda qonunlarning Konstitutsiyaga muvofiqligini koʻrib chiqishni soʻrab murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan subyektlar doirasiga fuqarolar va yuridik shaxslarni, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil, Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazini kiritish nazarda tutilgan.

Shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 22-iyundagi “Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining Milliy strategiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi PF-6012-sonli Farmoni bilan tasdiqlangan Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining Milliy strategiyasini amalga oshirish boʻyicha “ Yoʻl xaritasi ”ning 22-bandida ham ushbu masala nazarda tutilgan.

Qonun loyihasi yuzasidan Oliy Majlis palatalari, Qonunchilik muammolari va parlament tadqiqotlari instituti, Adliya vazirligi, Oliy sud, Sudyalar oliy kengashi, Bosh prokuratura, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil, Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Inson huquqlari boʻyicha vakili (ombudsman), Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi va Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi tomonidan bildirilgan taklif va tavsiyalar, fikr-mulohazalar inobatga olingan.

Shuningdek, qonun loyihasi Oʻzbekiston Respublikasi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari muhokamasi portali (www.regulation.gov.uz) da umumxalq muhokamasiga qoʻyilgan. Muhokama davomida 60 dan ziyod taklif va fikr-mulohazalar kelib tushdi. Kelib tushgan taklif va fikr-mulohazalarning barchasi tahlil qilinib, ularning aksariyat qismi qonun loyihasini takomillashtirishda hisobga olindi.

Qonun loyihasining qabul qilinishi Konstitutsiyaviy sud faoliyatini yaxshilash, mamlakatimizda fuqarolar va yuridik shaxslarning konstitutsiyaviy huquqlarini himoya qilish, konstitutsiyaviy qonuniylikni mustahkamlash hamda Konstitutsiya va qonun ustunligi prinsipini taʼminlashga xizmat qiladi.

Yuqorida bayon qilinganlardan kelib chiqib va “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunning 14 , 31 , 32 , 33-moddalariga , “Qonunlar loyihalarini tayyorlash va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasiga kiritish tartibi toʻgʻrisida”gi Qonunning 5 , 26-moddalariga amal qilgan holda, Konstitutsiyaviy sud

QAROR QILDI:

1. “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonuniga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonuni loyihasi qonunchilik tashabbusi tartibida Oliy Majlis Qonunchilik palatasiga kiritilsin (ilova qilinadi).

2. Ushbu qonun loyihasini Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasida koʻrib chiqish chogʻida ishtirok etish uchun Konstitutsiyaviy sudning vakili etib sudya S. Koshayeva, uni birinchi oʻqishda koʻrib chiqish chogʻida maʼruza bilan soʻzga chiqadigan vakil etib Konstitutsiyaviy sud raisining oʻrinbosari A. Gafurov belgilansin.

3. Ushbu qaror “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami”, “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi Axborotnomasi” va Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasida rasman eʼlon qilinsin.

Rais B. MIRBOBOYEV

Sudyalar A. GAFUROV

F. KAYuMOV

S. KOShAYEVA

B. MIRALIMOV

G. PIRJANOV

K. ULJAYEV

Toshkent sh.,

2020-yil 9-iyul

lex.uz