UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 21-sentabr · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 21 сентябрь · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 21 сентября 2020 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 21 September 2020 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг

Қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ва « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 21 сентябрдаги 21/12-сон қарорига 1-ИЛОВА

Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори тўғрисидаги

Мазкур Низом банкка , шу жумладан микромолия банкига , шунингдек исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банк ва микромолия банкига (бундан буён матнда банк деб юритилади) алоқадор шахслар ҳамда бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликка қўйилган талабларни, шунингдек банкка алоқадор бўлган шахслар билан битимлар тузиш ва битимлар ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

қарздор — мазкур Низомнинг 2-бандида келтирилган таваккалчиликлар бўйича банк олдида мажбурияти мавжуд бўлган жисмоний ёки юридик шахс;

ўзаро алоқадор қарз олувчилар — банкда назорат асосида ва (ёки) иқтисодий асосда, микромолия банкида эса назорат асосида алоқадор бўлган жисмоний ва/ёки юридик шахслар;

яқин қариндошлар — қариндошлик ёки қайин-бўйинчилик муносабатидаги шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-укалар, опа-сингиллар, эр-хотин, фарзандлар, шу жумладан фарзандликка олинганлар, боболар, бувилар, неваралар, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ёки ўгай ака-укалари, опа-сингиллари;

йирик таваккалчилик — банкда жами суммаси банк биринчи даражали капиталининг 10 фоизи ва ундан юқори бўлган, микромолия банкида эса жами суммаси икки ярим миллиард сўм ва ундан юқори бўлган бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликлар;

таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатлар — «Standard & Poor`s», «Fitch Ratings» ва «Moody`s Investors Service» рейтинг компанияларининг инвестицион рейтинг баҳоларига ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан тан олинадиган бошқа рейтинг компанияларининг ушбу баҳоларга тенг бўлган рейтинг баҳоларига эга мамлакатлар;

кредит таваккалчилиги — қарздор томонидан банк олдидаги мажбуриятларини шартнома ёки қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган муддат ва шартларда бажарилмаслиги (лозим даражада бажарилмаслиги) оқибатида юзага келиши мумкин бўлган йўқотиш (зарар) ва/ёки режалаштирилган даромадни олмаслик таваккалчилиги;

халқаро тараққиёт банклари — Жаҳон банки гуруҳи (Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Халқаро инвестицияларни кафолатлаш агентлиги, Халқаро тараққиёт ассоциацияси) ҳамда Осиё тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестиция банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Европа инвестиция жамғармаси, Ислом тараққиёт банки ва Европа Кенгашининг тараққиёт банки;

ҳал қилувчи эгалик — шахс томонидан ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар томонидан юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) бир ёхуд бир неча битим натижасида олинган камида 5 фоизига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш;

назорат қилинадиган алоқалар (бундан буён матнда назорат деб юритилади) — Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддаси учинчи қисмида белгиланган алоқалар.

2. Бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи ҳамда банкка алоқадор шахсларнинг банк олдида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

банкнинг кредит бўйича талаблари, шу жумладан қарз, кредит, микроқарз, микрокредит, микролизинг, овердрафт (мижозларнинг депозит ҳисобварақларидаги дебет қолдиғи), лизинг, факторинг;

банкнинг пул маблағлари эвазига бошқа банк ёки кредит ташкилотлари томонидан қарздорларга ҳар қандай билвосита турда ажратилган ва кредит таваккалчилиги мавжуд маблағлар;

бир қарз олувчи томонидан ўзи билан алоқадор бўлмаган бошқа бир қарз олувчига (бунда ушбу қарз олувчи учун йирик таваккалчилик бўлмаган ҳолда) унинг банк олдидаги кредит ёки бошқа мажбуриятлари бўйича банкка тақдим этилган ва жами мажбуриятидан ошмаган миқдордаги кафолат, кафиллик ва қарз олувчи томонидан берилган қимматли қоғозлар;

юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) ва қимматли қоғозларига қилинган инвестициялар, шу жумладан репо келишувлари доирасида сотилган қимматли қоғозлар (олди-сотдига мўлжалланган қимматли қоғозлар) ва векселлар;

банклараро депозитлар ва кредитлар, вакиллик ҳисобварақларидаги пул маблағлари, банклараро ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган маблағлар ва банкларга жойлаштирилган бошқа маблағлар, бундан кунлик (овернайт) банклараро операциялар ва клиринг операциялари мустасно;

репо операциялари ёки қимматли қоғозларга доир қайтарилиши асосида амалга ошириладиган бошқа битимлар бўйича талаблар;

ҳосилавий инструментлар бўйича банк балансидаги талаблар;

балансдан ташқари моддалардаги ҳосилавий инструментлар бўйича талаблар;

кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган балансдан ташқари мажбуриятлар, шу жумладан фойдаланилмаган кредит линиялари, чақириб олинмайдиган мажбуриятлар, кредитлаш бўйича бошқа мажбуриятлар, савдога оид молиялаштиришлар (аккредитив, кафолат ва кафилликлар);

қимматли қоғозлар ёки чет эл валютасини сотиб олиш бўйича қонуний мажбуриятлар;

бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган активлар бўйича талаблар;

кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган бошқа мажбуриятлар, шу жумладан олиниши лозим бўлган ҳисобланган фоизли ва фоизсиз даромадлар, бўнаклар ва банкнинг дебиторлик қарздорликлари.

Мазкур банднинг саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларидаги таваккалчиликлар учун капитал монандлилиги ҳисоб-китобларидаги 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳисоблаш омили қўлланилгандан сўнг чиққан натижалар олинади.

2 1 . Факторинг хизмати бўйича банкнинг бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи ҳамда банкка алоқадор шахсларга доир кредит таваккалчилиги:

банк томонидан мижозга нисбатан регресс талабини қўйиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаса ёки мавжуд бўлиб, ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш зарурати юзага келмаган бўлса, қарздорга;

мазкур регресс талабини қўйиш ҳуқуқи мавжуд бўлса ва ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш зарурати вужудга келган бўлса, мижозга нисбатан ҳисобланади.

2-боб. Бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори

1-§. Бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг юқори даражаси

3. Банкнинг бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори банк биринчи даражали капиталининг 25 фоизидан ошмаслиги керак, бундан микромолия банки мустасно.

Микромолия банки учун бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори беш миллиард сўмдан ошмаслиги лозим .

4. Банкнинг бир қарздор ёки ўзаро алоқадор қарздорлар гуруҳига тўғри келувчи таъминотсиз (ишончга асосланган) кредит ва (ёки) молиялаштирилган исломий молия операцияси учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори банк биринчи даражали капиталининг 5 фоизидан ошмаслиги зарур, бундан банклараро операцияларда юзага келадиган таваккалчиликлар мустасно бўлиб, ушбу операциялар мазкур Низомнинг 3-банди талабига мувофиқ амалга оширилади.

5. Банкнинг барча йирик таваккалчиликларининг умумий миқдори банк биринчи даражали капиталининг 5 баробаридан ошмаслиги лозим, бундан микромолия банки мустасно.

2-§. Бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи

6. Ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи назорат асосида ва (ёки) иқтисодий асосда вужудга келади, бундан микромолия банки мустасно.

Микромолия банки учун ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи назорат асосида вужудга келади.

7. Қарздорлар қуйидаги ҳолларда назорат асосида ўзаро алоқадор бўлади:

а) юридик шахслар ўртасида, агар:

бир юридик шахс бевосита ёки билвосита, якка тартибда ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар гуруҳи таркибида бошқа юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) 20 фоиз ва ундан ортиғига эгалик қилса ёки эгаликни назорат қилса;

бир юридик шахс бошқа юридик шахс устидан назоратни амалга оширса;

юридик шахслар учинчи шахснинг ёки у билан биргаликда ҳаракат қилувчи шахсларнинг назорати остида бўлса;

юридик шахслар асосан иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) ёки бошқарув органларининг бир хил таркибига эга бўлса;

б) жисмоний ва юридик шахслар ўртасида, агар:

жисмоний шахс бевосита ёки билвосита, якка тартибда ёки биргаликда фаолият кўрсатувчи шахслар гуруҳи таркибида, юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) 20 фоиз ва ундан ортиғига эгалик қилса ёки эгаликни назорат қилса;

жисмоний шахс юридик шахс устидан назоратни амалга оширса;

жисмоний шахс юридик шахс кузатув кенгаши, бошқаруви аъзоси бўлса ёки мансабдор шахси ҳисобланса;

жисмоний шахсда юридик шахс устав фондининг (устав капиталининг) 20 фоиз ва ундан ортиғига эгалик қиладиган ёки эгаликни назорат қиладиган бошқа юридик шахсга нисбатан раҳбарлик ваколати бўлса;

жисмоний шахснинг юридик шахс назоратни амалга оширадиган бошқа юридик шахсда бошқарувга оид ваколатлари мавжуд бўлса;

мазкур кичик бандда келтирилган жисмоний шахсларнинг яқин қариндошлари бўлса.

8. Ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳидан бир шахснинг молиявий қийинчиликларга учраши, шу жумладан тўловга лаёқатсизлиги ёки банкрот бўлиши каби ҳолатларда бошқа қарздорнинг (қарздорларнинг) молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда банк олдидаги мажбуриятларини тўлиқ қайтариш ва (ёки) тўловни ўз вақтида амалга ошириш имкониятларига салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли мавжуд бўлганда қарздорлар иқтисодий боғлиқлик асосида алоқадор ҳисобланади. Иқтисодий боғлиқлик бир томонлама ёки ўзаро бўлиши мумкин.

9. Қарз олувчиларнинг иқтисодий боғлиқлик асосда алоқадорлиги қуйидагича баҳоланади:

бир томон маҳсулот (товар, иш, хизмат) сотишдан олинган 50 фоиз ва ундан ортиқ йиллик тушуми бошқа бир томон билан амалга оширадиган фаолият асосида юзага келса;

бир томон ишлаб чиқарган маҳсулотнинг (товар, иш, хизмат) 50 фоиздан кам бўлмаган қисми бошқа бир томонга сотилса ва ушбу маҳсулотга бозорда бошқа харидор топиш қийин бўлса;

бир томон иккинчи томоннинг банк олдидаги мажбуриятини тўлиқ ёки қисман қоплаш учун гаров , кафолат , кафиллик ёки тўлаб бериш бўйича бошқа мажбурият билан таъминласа;

қарздорларда қарзни қоплаш манбаси ягона бўлиб, қарз бўйича тўловни тўлиқ амалга ошириш ва уни ўз вақтида қайтариш учун бошқа манбалар мавжуд бўлмаса;

икки ва ундан ортиқ томонларнинг ягона молиялаштириш манбаи бўлса ва унга муқобил манба топиш мураккаб бўлса, бундан давлат ва халқаро тараққиёт банклари томонидан молиялаштириш ҳолатлари мустасно. Томонларнинг битта банк ёки молиявий бозордан молиялаштирилиши уларнинг иқтисодий боғлиқлик асосида алоқадор эканлигини англатмайди;

қарздорнинг банк олдидаги мажбуриятларининг 30 фоиздан ортиқ қисми бошқа томоннинг (томонларнинг) маблағлари ҳисобига қайтарилса;

қарздор (қарздорлар) банк томонидан тақдим этилган кредит маблағларининг ва (ёки) исломий молия операциялари бўйича молиялаштиришнинг 30 фоиздан ортиқ қисмини бошқа томонни (томонларни) молиялаштириш учун ишлатса (икки ёки ундан ортиқ қарздорлар бир сотувчидан жиҳозлар сотиб олиши каби, одатдаги тижорат операциялари бундан мустасно);

жисмоний ёки юридик шахснинг қарздор олдида тўлов мажбурияти мавжуд бўлиб, мазкур мажбуриятнинг бажарилмаслиги қарздорнинг банк олдидаги мажбуриятларини тўлиқ ёки ўз вақтида қайтара олмаслигига сабаб бўлса;

бир шахс ёки қарздорлар билан назорат асосида алоқадорлиги мавжуд бўлган шахслар қарздорнинг (қарздорларнинг) банк олдидаги мажбуриятлари бўйича гаров (кафиллик) тақдим этса;

қарздорлар қўшма фаолият тўғрисидаги шартнома ёки қўшма фаолиятни назарда тутувчи бошқа ҳужжатга биноан ўзаро алоқадор бўлса;

жисмоний шахслар яқин қариндош ҳисобланса;

қарздорларнинг банк олдидаги мажбуриятлари бўйича биргаликдаги шартномавий жавобгарлиги мавжуд бўлган бошқа ҳолатларда.

10. Икки ёки ундан ортиқ қарздорлар битта шахсга иқтисодий жиҳатдан боғлиқ бўлса, ушбу шахс банк мижози ёки қарздори бўлмаган тақдирда ҳам банк уларни ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи сифатида (ушбу қарздорлар ўртасида алоқадорликнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар) тан олиши лозим.

11. Қарздор бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳларига кирса, банкнинг ушбу қарздорга бўлган талабларининг умумий миқдори ҳар бир гуруҳ учун алоҳида ҳисобланиши лозим.

12. Бир қарз олувчи учун таваккалчилик миқдори банк биринчи даражали капиталининг 5 фоизи ва ундан ортиқ бўлса, банк мазкур қарз олувчига нисбатан иқтисодий боғлиқлик асосида алоқадорлик юзасидан ўрганишлар ўтказиши лозим.

13. Банклар ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳини аниқлашда мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган ҳолатлардан фойдаланишлари мумкин.

14. Банк ҳисоботларида қарздорлар ўртасидаги алоқадорликни ва ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳини кўрсатиши ва ушбу гуруҳлардаги ўзгаришларни кейинчалик кузатиб бориши, улар бўйича маълумотларни янгилаб бориши ва ҳисоботларда тўғри акс эттириш мақсадида йилда камида бир маротаба қайта баҳолаши лозим. Ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи сифатида таснифлаш (ёки алоқадорликнинг мавжуд эмаслиги) мазкур Низомга мувофиқ асослантирилган бўлиши ва бу ҳужжатлаштирилиши керак.

15. Икки ёки ундан ортиқ қарздорлар фақатгина республика ижро этувчи ҳокимият органлари (маҳаллий ёки хорижий), шунингдек Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ёки халқаро тараққиёт банклари томонидан назорат асосида ўзаро алоқадор бўлса ва мазкур қарздорлар ўртасида иқтисодий боғлиқлик асосида алоқадорлик мавжуд бўлмаса, улар ўзаро алоқадор қарз олувчилар ҳисобланмайди.

16. Банклар қарздорларни назорат асосида ва (ёки) иқтисодий асосда алоқадорлигини аниқлашда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари мезонларидан фойдаланишга ҳақли. Бунда, мазкур мезонлар қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаслиги ёки улардаги талаблардан енгилроқ талаблар назарда тутилмаслиги лозим.

3-боб. Банкка алоқадор шахслар ва уларга тўғри келувчи таваккалчиликка қўйилган талаблар

1-§. Банкка алоқадор шахслар

17. Банкка алоқадор шахсларга қуйидагилар киради:

банкнинг кузатув кенгаши ва бошқарувининг, шунингдек банк исломий молия кенгашининг аъзолари ҳамда бош банкда ташкил этилган қўмиталарнинг банкнинг бошқарув органлари аъзолари бўлмаган аъзолари, шунингдек банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимлари;

бевосита ёки билвосита, якка тартибда ёки шахслар гуруҳи таркибида биргаликда фаолият кўрсатувчи, банкда ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган жисмоний ва (ёки) юридик шахслар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар. Агар мазкур жисмоний шахсларнинг яқин қариндошлари банкнинг устав капиталидаги улушларга эгалик қилса ёки эгаликни назорат қилса, унинг миқдоридан қатъи назар, ушбу улуш мазкур шахснинг эгалигида ва назорати остида турган деб ҳисобланади;

банк устав капиталида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган юридик шахсга нисбатан раҳбарлик ёки назорат қилиш ваколатига эга бўлган жисмоний шахслар;

банклар гуруҳига кирувчи молиявий институтлар;

банклар гуруҳига кирувчи молия институтининг капиталида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган жисмоний ва юридик шахслар;

банклар гуруҳига кирувчи молия институтининг кузатув кенгаши, бошқаруви аъзолари ва муҳим аҳамиятга эга ходимлари;

устав фондида (устав капиталида) банклар гуруҳининг асосий банки камида 20 фоизга бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи юридик шахс, шунингдек ушбу юридик шахснинг мансабдор шахслари;

юридик шахс ва унинг мансабдор шахслари, башарти ушбу юридик шахснинг устав капиталида (устав фондида) банк камида 20 фоизга бевосита ёки билвосита эгалик қилса;

банк устидан назоратни амалга ошираётган юридик шахслар устав капиталида (устав фондида) камида 20 фоизига бевосита ёки билвосита эгалик қилувчи юридик шахс;

банк устав капиталида ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган юридик шахс устидан назоратни амалга ошираётган шахслар;

ушбу банднинг иккинчи — ўн биринчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларга алоқадор шахслар, шу жумладан жисмоний шахснинг яқин қариндошлари, шунингдек жисмоний шахслар ва (ёки) уларнинг яқин қариндошлари ўзида назоратни амалга ошираётган ёки устав фондларига (устав капиталларига) эгалик қилаётган ёки бошқарув органининг аъзолари бўлган юридик шахслар;

ушбу банднинг иккинчи — ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб банк билан қайси шахслар орқали битим амалга ошириладиган бўлса, ўша шахслар ва мазкур шахслар ўртасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга оид, фуқаролик ёки бошқа муносабатлар мавжудлиги туфайли мазкур битимда ушбу банднинг иккинчи — ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг таъсири остида деб ҳисобланадиган шахслар.

18. Ушбу Низомнинг 17-банди иккинчи — ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб банк билан битим амалга оширадиган шахслар банкка алоқадор шахс номидан ҳаракат қилаётган ҳисобланади. Банкка алоқадор шахслар номидан ҳаракат қилаётган шахсларга қуйидагилар киради:

банкка алоқадор шахсларнинг ҳуқуқий вакиллари;

банкка алоқадор шахслар билан ўзаро тузилган битимга асосан банкка алоқадор шахснинг номидан ҳаракат қилиш ваколатига эга бўлган шахслар;

тузиладиган битимдан олинадиган фойдани бевосита ёки билвосита банкка алоқадор шахсларга берадиган шахслар;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга оид, фуқаролик ёки бошқа муносабатлар мавжудлиги нуқтаи назаридан, ушбу Низомнинг 17-банди иккинчи — ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар таъсири остида банк билан битим тузган шахслар.

19. Марказий банк банк назоратини амалга оширишда ушбу Низом талаблари ва мезонларига ҳамда ўзининг асослантирилган мулоҳазасига таяниб банкдан айрим қарздорларни банкка алоқадор қарздор сифатида тан олинишини талаб қилишга ҳақли.

2-§. Банкнинг алоқадор шахслари учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори

20. Банкка алоқадор битта шахсга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг кўп миқдори банк биринчи даражали капиталининг 15 фоизидан ошмаслиги лозим, бундан микромолия банки мустасно.

Микромолия банкига алоқадор битта шахсга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг кўп миқдори беш миллиард сўмдан ошмаслиги лозим.

21. Банкка алоқадор бўлган барча шахсларга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг кўп миқдори банк биринчи даражали капиталининг 25 фоизидан ошмаслиги лозим.

21 1 . Мазкур Низомнинг 20-банди биринчи хатбошиси ва 21-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаган банклар 2026 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган муддатларда босқичма-босқич ушбу талабларга мувофиқлаштириши лозим.

22. Банкка алоқадор битта қарздорга ёки барча шахсларга тўғри келувчи таваккалчилик миқдори ушбу Низомнинг 20 ва 21-бандларида белгиланган талаблардан ошган тақдирда, банкнинг капитал монандлиги ҳисоб-китобларида нормативнинг энг кўп миқдоридан ошган таваккалчилик миқдори мазкур ҳисобот санасидан бошлаб банкнинг биринчи даражали капиталидан чегирилади.

23. Қарз олувчи битим тузилган даврда банкка алоқадор ҳисобланмасдан, кейинчалик банкка алоқадор шахсга айланса, таваккалчилик миқдорининг мазкур Низомнинг 20 ва 21-бандларида белгиланган талаблардан ошиши пруденциал нормативга номувофиқ деб тан олинмайди, башарти банк бу ҳақда Марказий банкка 10 кун ичида маълумот берган ҳолда Марказий банк билан келишилган муддатларда пруденциал нормативга мувофиқлаштириш юзасидан мажбуриятни олган бўлса.

3-§. Банкка алоқадор шахслар билан амалга ошириладиган банк операциялари

24. Банкларнинг банкка алоқадор бўлган шахслар билан ёки улар номидан ҳаракат қиладиган шахслар билан тузадиган шартномалари банкка алоқадор бўлмаган шахслар учун назарда тутилган шартномаларга қараганда анча қулай шартларга асосланган ҳолларда уларнинг бундай шартномаларни тузиши тақиқланади. Бунда, анча қулай шартларни тақдим этишга қуйидагилар киради:

таваккалчилиги юқори бўлган ёки бошқа ноқулай ҳолатлар туфайли банк ўзига алоқадор бўлмаган шахслар билан тузмайдиган битимларни тузиш;

банкка алоқадор бўлмаган шахслардан олинадиган фоиз ёки воситачилик ҳақларига нисбатан кам миқдорда фоиз ёки воситачилик ҳақларини ундириш;

банкка алоқадор шахсларга кўрсатилган хизмат учун банкка алоқадор бўлмаган шахслар томонидан тўланадиган суммадан кам миқдорда ҳақ тўланганда ёки хизмат ҳақи умуман тўланмаганда;

банкка алоқадор шахсларнинг кредитлари ва (ёки) молиялаштирилган исломий молия операциялари бўйича тўлов муддатларини банкка алоқадор бўлмаган шахсларнинг кредитларига ва (ёки) исломий молия операцияларига нисбатан устун шартларда узайтириш;

банкка алоқадор шахсларнинг таваккалчиликларининг назоратини анча қулай шароитларда амалга ошириш ва ҳисобдан чиқариш;

банкка алоқадор шахслардан муайян активларни бозор нархларига қараганда юқори баҳода сотиб олиш;

банкка алоқадор бўлган шахсларга муайян активларни бозор нархларига қараганда паст нархларда сотиш;

бошқа шахсларнинг қимматли қоғозларига инвестиция қилиш имконияти бўлганда, фаолият кўрсаткичлари паст ёки таваккалчилик даражасининг юқори бўлган банкка алоқадор шахсларнинг қимматли қоғозларига инвестиция қилиш;

банкка алоқадор шахслардан ноликвид активларни сотиб олиш ёки ноликвид активларни банкка алоқадор шахслардан кредит таъминоти сифатида қабул қилиш.

25. Банкка алоқадор шахсга ёки унинг номидан фаолият кўрсатувчи шахсга ажратиладиган ҳар қандай кредит (қарз):

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати ёки бошқа мажбуриятлари билан таъминланганда кредитнинг камида 100 фоизи;

кредит берувчи банкка миллий валютада киритилган депозитлар қўйилганда кредитнинг камида 100 фоизи;

кредит берувчи банкка чет эл валютасида киритилган депозитлар қўйилганда кредитнинг камида 110 фоизи;

давлат қимматли қоғозлари қўйилганда кредитнинг камида 125 фоизи;

бошқа турдаги таъминот қўйилганда кредитнинг камида 130 фоизи миқдорида бозор баҳосидаги таъминот билан таъминланиши шарт.

Мазкур банднинг иккинчи — олтинчи хатбошиларида кўрсатилган талаблар банкка алоқадор шахс ёки унинг номидан фаолият кўрсатувчи шахс билан тузилган ҳар қандай исломий молия операциялари орқали молиялаштиришга ҳам татбиқ этилади.

Банк таъминот қийматини керакли миқдорда ушлаб туриш учун тегишли чораларни кўриши керак. Агар таъминотнинг бозор қиймати пасайиб кетса, банк 10 кун ичида таъминот суммасини ушбу Низом талабларига мувофиқлаштириш учун зарур чораларни кўриши керак.

26. Банк фақатгина кузатув кенгашининг тегишли қарори мавжуд бўлган ҳолатда ўзи билан алоқадор шахслар билан битим тузиши мумкин.

27. Кузатув кенгаши аъзоси банк ҳамда қуйидаги шахслар ўртасида тузилган ёки тузиладиган битимларнинг муҳокамасида иштирок этмаслиги ёки бошқа усуллар билан кузатув кенгашининг қарорига таъсир қилмаслиги лозим:

кузатув кенгаши аъзосининг ўзи;

кенгаш аъзоси бўлган шахснинг яқин қариндошлари;

кузатув кенгаши аъзоси ёки унинг яқин қариндошлари, ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган ёки кучли таъсир ўтказадиган ҳар қандай юридик шахс;

мазкур банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида келтирилган шахслар номидан ҳаракат қилувчи ҳар қандай шахс.

28. Банкка алоқадор бўлган шахс билан банк ўртасидаги ҳар қандай битимга оид кузатув кенгашининг қарорида битимнинг барча тегишли шартларига оид ахборотлар тўлиқ кўрсатилиши керак.

29. Мазкур Низомнинг 28-бандида назарда тутилган ахборотлар ўз ичига битим миқдори, фоиз ставкаси, қарз олувчининг молиявий аҳволи, унинг олган маблағни ўз вақтида қайтара олиш имконияти тўғрисида молиявий ахборот, таъминот миқдори тўғрисидаги маълумотларни қамраб олиши зарур.

Банк активларининг олди-сотди операцияларига доир маълумотда активларнинг қийматини тасдиқловчи ахборот бўлиши керак.

30. Ҳар бир банк ушбу Низомнинг 17-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслардан камида йилига бир марта уларнинг яқин қариндошлари ва яқин қариндошларидан бири томонидан кучли таъсир ўтказиши мумкин бўлган шахслар рўйхатини шакллантириб бориши керак.

4-боб. Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг ҳисоб-китоблари ва улардан чегирмалар

31. Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчилик ҳисоб-китобларида активлар учун эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган мажбурий захиралар миқдори чегирилган қийматда ҳисобга олинади.

32. Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчилик ҳисоб-китобларида балансдан ташқари мажбуриятлар капитал монандлилиги ҳисоб-китобларида қўлланилган балансдан ташқари моддаларнинг 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳисоблаш омили қўлланилгандан сўнг чиққан натижалар олинади.

33. Бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига талаблар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва давлат органларига банк капитали монандлилиги ҳисоб-китобларида таваккалчилик даражаси 0 фоизда бўлган талаблар.

34. Бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори ҳисоб-китобларида банк таваккалчилик миқдорини тегишли таъминот суммаси (кредит таваккалчилиги миқдоридан ортмаган ҳолда) ҳисобига камайтириши мумкин бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

давлат қимматли қоғозлари;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Марказий банки томонидан таъминланган ёки кафолатланган активлар;

халқаро тараққиёт банклари билан юзага келадиган таваккалчиликлар, шунингдек ушбу ташкилотлар томонидан кафолатланган банк активлари ва/ёки балансдан ташқари моддалардаги мажбуриятлари;

таваккалчилик даражаси паст бўлган мамлакатлар ҳукуматлари ва Марказий банклари кафолати, кафиллиги ёки улар томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар;

кредитор банкдаги депозитлар ёки депозит сертификатлари.

Банк талаблари ушбу бандда келтирилган таъминот турлари билан тўлиқ миқдорда таъминланмаган бўлса, нормативлар ҳисоб-китобида талабнинг таъминланмаган қисми олинади. Таъминот (гаров) фақатгина талабнинг асосий суммасини тўлаш учун етарли бўлса, фоизлар ва бошқа тўловлар таъминланмаган сумма сифатида олиниши лозим.

35. Банк томонидан қабул қилинувчи мазкур Низомнинг 34-бандида назарда тутилган таъминот турлари қуйидаги шартларни бажариши лозим:

қимматли қоғозлар, банкдаги депозитлар, кафолат ёки кафиллик банк талаби бўйича таъминот сифатида қабул қилинган бўлса, ушбу таъминот муддати тегишли талабни сўндириш муддатидан кам бўлмаслиги;

қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, шартнома ва (ёки) ўзаро келишувда таъминот предметини амалда реализация қилиш ёки кафолат/кафиллик шартларини бажариш муддатларига доир ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги;

банк-кредиторда жойлашган депозит гаров предмети бўлса, шартнома шартларига биноан қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолатда банкнинг ушбу маблағларни сўзсиз назорат қилиш ва уларни тасарруф эта олиш ҳуқуқи бўлиши. Талаб банкдаги депозитлар билан таъминланган бўлса, депозит кредитни таъминлаш учун махсус ҳисобвараққа киритилиши ҳамда кредит шартномаси ёки бошқа шартномада қарз олувчи томонидан кредит қайтарилмаган ёки мажбуриятларини бажармаган ҳолда банк акцептсиз тартибда депозитни ишлатиши мумкин эканлиги шарт қилиб қўйилиши лозим. Бунда, банк кредитини қайтариш муддати етиб келгунга қадар махсус ҳисобвараққа киритилган депозитдан маблағларни олишга йўл қўймаслик мақсадида зарур чораларни кўриши ва назорат ўрнатиши керак.

36. Кафолат ёки кафиллик мақбул таъминот ҳисобланиши учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларни бажариши лозим:

кафолатловчи (кафил) томонидан тақдим этилган кафолат (кафиллик) ҳужжатлаштирилган мажбурият ҳисобланиши;

банкнинг кафолатловчи ёки кафилдан тўғридан-тўғри талаб қилиш ҳуқуқи бўлиши;

қарз олувчининг банк олдидаги мажбурияти бўйича тақдим этилган кафолат миқдори аниқ белгиланган бўлиши;

кафолат чақириб олинмайдиган ва сўзсиз бўлиши, яъни қарз олувчи кредитга лаёқати ёмонлашиши оқибатида бир томонлама тартибда кафолатловчи (кафил) кафолатни (кафилликни) бекор қилиши, кафолат (кафиллик) қийматини ошириши, кафолат (кафиллик) муддатини қисқартириши, шунингдек кафолат бўйича маблағларни тўлиқ ёки қисман тўламаслигига имкон яратувчи шартларнинг мавжуд эмаслиги;

қарз олувчи кафолат билан таъминланган мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, банк кафолатловчи (кафил)дан кафолат (кафиллик) бўйича тўловни амалга оширишини талаб қилиш ҳуқуқи бўлиши.

37. Бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори ҳисоб-китобларида мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилган таваккалчиликлар ва улар бўйича қабул қилинган таъминот валютаси ўзаро мос тушмаса, таъминот миқдори 10 фоизга камайтирилади.

5-боб. Якуний қоидалар

38. Ҳар бир банк бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликлар ҳисобини юритиши ва бу тўғрисидаги ҳисоботни ҳар ойда Марказий банкка тақдим этиб бориши лозим.

39. Мазкур Низом кучга кирган санада банкда бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи ҳамда банкка алоқадор шахсларнинг банк олдида тўланмаган мажбурияти мавжуд бўлиб, уларнинг миқдори ушбу Низомда белгиланган меъёрлардан ошадиган бўлса (мазкур Низом кучга киргунга қадар амалда бўлган нормативлар бузилган ҳолатлар бундан мустасно), бундай мажбурият дастлабки шартларда ва муддатларда тўланиши мумкин.

40. Бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига ҳамда банкка алоқадор шахсларга тўғри келувчи таваккалчиликнинг умумий суммаси битим тузиш вақтида мазкур Низомда кўзда тутилган чекловлар доирасида бўлиб, кейинчалик белгиланган меъёрлардан ошиб борса (банк умумий капитали даражаси тушиши ёки валюта курсининг ўзгариши ва бошқалар сабабли), банк мазкур ҳолат ҳақида Марказий банкни беш иш кунида хабардор қилиши лозим.

41. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Қарз олувчилар гуруҳининг назорат асосида ва (ёки) иқтисодий асосда алоқадорлиги ҳолатлари

1-ҳолат

Банкнинг «А», «Б», «В» ва «Г» қарз олувчиларга нисбатан талаблари мавжуд. «Б», «В» ва «Г» қарз олувчилар иқтисодий асосда «А» қарз олувчига алоқадорлиги сабабли, банк «А», «Б», «В» ва «Г» қарз олувчиларни ўзаро алоқадор гуруҳ деб ҳисоблайди.

2-ҳолат

Банкнинг «Б», «В» ва «Г» қарз олувчиларга нисбатан талаблари мавжуд. Банкнинг «А» шахсга нисбатан тўғридан-тўғри талаби мавжуд эмас, аммо «Б», «В» ва «Г» қарз олувчилар «А» шахсга иқтисодий алоқадор. «А» шахснинг молиявий аҳволи ёмонлашиши «Б, «В» ва «Г» қарз олувчиларнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши сабабли, банк «Б», «В» ва «Г» қарз олувчиларни ўзаро алоқадор гуруҳ деб ҳисоблайди.

3-ҳолат

Агар «В» қарз олувчи икки ёки ундан ортиқ қарз олувчилар билан иқтисодий алоқадорлиги бўлса, яъни «А» ёки «Б» қарз олувчилардан бирининг молиявий аҳволи ёмонлашиши «В» қарз олувчининг банк олдидаги мажбуриятлари бўйича тўловларни амалга оширишида қийинчиликларга олиб келса, «В» ва «А» ҳамда «В» ва «Б» қарз олувчилар алоҳида-алоҳида ўзаро алоқадор гуруҳ деб ҳисобланади.

4-ҳолат

«А» қарз олувчи «А 1 » ва «А 2 » қарз олувчиларни ҳамда «Б» қарз олувчи «Б 1 » қарз олувчини назорат қилади. Бундан ташқари, «Б 1 » қарз олувчининг «А 2 » қарз олувчига иқтисодий асосда бир томонлама алоқадорлиги мавжуд.

Бу ҳолатда, банк «Б 1 » қарз олувчини «А» қарз олувчига алоқадор қарз олувчилар гуруҳида ҳисобга олади. Бунда ўзаро алоқадор қарз олувчиларнинг бир гуруҳи (А, А 1 , А 2 ва Б 1 ) ҳамда бошқа гуруҳи (Б ва Б 1 ) ҳисобга олинади.

5-ҳолат

«А 2 » ва «Б 1 » қарз олувчиларнинг назорат ва иқтисодий асосда ўзаро алоқадорлиги мавжуд.

4-ҳолатдан фарқли равишда, ушбу ҳолатда «Б» қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашуви «Б 1 » қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашувига сабаб бўлиб, бу ўз навбатида «А 2 » қарз олувчига ҳам таъсир этади. Бу ҳолатда, «А 2 » қарз олувчи «Б» ва «Б 1 » қарз олувчилар билан бир гуруҳни ташкил этади.

6-ҳолат

«Б 1 » қарз олувчи «Б 2 » ва «Б 3 » қарз олувчиларни назорат қилади. Ушбу ҳолатда «А» қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашуви «А 2 » ва «Б 1 » қарз олувчиларнинг молиявий аҳволига ҳамда «Б 1 » қарз олувчи орқали «Б 2 » ва «Б 3 » қарз олувчиларнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатади.

Бунда, банк ўзаро алоқадор қарз олувчиларни иккита алоҳида гуруҳга ажратади:

1) назорат ва иқтисодий асосида алоқадор «А» гуруҳ — А, А 1 , А 2 , Б 1 , Б 2 , Б 3 .

2) назорат асосида алоқадор «Б» гуруҳи — Б, Б 1 , Б 2 , Б 3 .

7-ҳолат

Агар 6-ҳолатдаги «Б» қарз олувчининг «Б 1 » қарз олувчига иқтисодий алоқадорлиги мавжуд бўлса, «Б» қарз олувчи А гуруҳида ҳисобга олинади. Бу ҳолатда «А» қарз олувчининг молиявий қийинчиликлари нафақат «пастлаб борувчи» хусусиятга, балки «Б» қарз олувчига таъсири сабабли «юқорилаб борувчи» хусусиятга ҳам эга.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 21 сентябрдаги 21/12-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўз кучини йўқотган деб топилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2015 йил 22 июлдаги 19/15-сон «Банкка алоқадор бўлган шахслар билан тузиладиган битимлар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2706, 2015 йил 5 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2015 й., 31-сон, 418-модда).

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2017 йил 24 июндаги 14/16-сон «Банкка алоқадор бўлган шахслар билан тузиладиган битимлар тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2706-1, 2017 йил 24 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 30-сон, 745-модда).

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 18 августдаги 27/13-сон «Банкка алоқадор бўлган шахслар билан тузиладиган битимлар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2706-2, 2018 йил 6 сентябрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.09.2018 й., 10/18/2706-2/1843-сон).

4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2019 йил 13 декабрдаги 30/10-сон «Банкка алоқадор бўлган шахслар билан тузиладиган битимлар тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2706-3, 2019 йил 25 декабрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2019 й., 10/19/2706-3/4196-сон).

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2015 йил 22 июлдаги 19/16-сон «Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдорлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2707, 2015 йил 5 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 31-сон, 420-модда).

6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2017 йил 24 июндаги 14/15-сон «Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдорлари тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2707-1, 2017 йил 24 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 30-сон, 744-модда).

7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 17 мартдаги 9/9-сон «Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдорлари тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2707-2, 2018 йил 3 апрель) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.04.2018 й., 10/18/2707-2/0989-сон).

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 18 августдаги 27/17-сон «Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдорлари тўғрисидаги низомнинг 8-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2707-3, 2018 йил 6 сентябрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.09.2018 й., 10/18/2707-3/1845-сон).

9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 16 январдаги 1/6-сон «Бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳи учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдорлари тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2707-4, 2020 йил 21 февраль) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.02.2020 й., 10/20/2707-4/0201-сон).

Марказий банк раиси М.Б. НУРМУРАТОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 21 сентябрь,

21/12-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.10.2020 й., 10/20/3283/1470-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 17.07.2023 й., 10/23/1737-3/0487-сон; 14.11.2024 й., 10/24/3283-1/0920-сон; 04.08.2025 й., 10/25/3283-2/0691-сон; 20.07.2026 й., 10/26/3283-3/0755-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining

Qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Bir qarz oluvchi, oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi, shu jumladan bankka aloqador shaxslar uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdori toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi va “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Bir qarz oluvchi, oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi, shu jumladan bankka aloqador shaxslar uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdori toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2020-yil 21-sentabrdagi 21/12-son qaroriga 1-ILOVA

Bir qarz oluvchi, oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi, shu jumladan bankka aloqador shaxslar uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdori toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom bankka , shu jumladan mikromoliya bankiga , shuningdek islomiy bank faoliyatini amalga oshiruvchi bank va mikromoliya bankiga (bundan buyon matnda bank deb yuritiladi) aloqador shaxslar hamda bir qarz oluvchi, oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchilikka qoʻyilgan talablarni, shuningdek bankka aloqador boʻlgan shaxslar bilan bitimlar tuzish va bitimlar hisobini yuritish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

qarzdor — mazkur Nizomning 2-bandida keltirilgan tavakkalchiliklar boʻyicha bank oldida majburiyati mavjud boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxs;

oʻzaro aloqador qarz oluvchilar — bankda nazorat asosida va (yoki) iqtisodiy asosda, mikromoliya bankida esa nazorat asosida aloqador boʻlgan jismoniy va/yoki yuridik shaxslar;

yaqin qarindoshlar — qarindoshlik yoki qayin-boʻyinchilik munosabatidagi shaxslar, yaʼni ota-ona, tugʻishgan va oʻgay aka-ukalar, opa-singillar, er-xotin, farzandlar, shu jumladan farzandlikka olinganlar, bobolar, buvilar, nevaralar, er-xotinning ota-onasi, tugʻishgan yoki oʻgay aka-ukalari, opa-singillari;

yirik tavakkalchilik — bankda jami summasi bank birinchi darajali kapitalining 10 foizi va undan yuqori boʻlgan, mikromoliya bankida esa jami summasi ikki yarim milliard soʻm va undan yuqori boʻlgan bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchiliklar;

tavakkalchilik darajasi past boʻlgan mamlakatlar — “Standard & Poor`s”, “Fitch Ratings” va “Moody`s Investors Service” reyting kompaniyalarining investitsion reyting baholariga yoki Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) tomonidan tan olinadigan boshqa reyting kompaniyalarining ushbu baholarga teng boʻlgan reyting baholariga ega mamlakatlar;

kredit tavakkalchiligi — qarzdor tomonidan bank oldidagi majburiyatlarini shartnoma yoki qonunchilik hujjatlarida koʻrsatilgan muddat va shartlarda bajarilmasligi (lozim darajada bajarilmasligi) oqibatida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan yoʻqotish (zarar) va/yoki rejalashtirilgan daromadni olmaslik tavakkalchiligi;

xalqaro taraqqiyot banklari — Jahon banki guruhi (Xalqaro tiklanish va taraqqiyot banki, Xalqaro moliya korporatsiyasi, Xalqaro investitsiyalarni kafolatlash agentligi, Xalqaro taraqqiyot assotsiatsiyasi) hamda Osiyo taraqqiyot banki, Osiyo infrastruktura investitsiya banki, Yevropa tiklanish va taraqqiyot banki, Yevropa investitsiya banki, Yevropa investitsiya jamgʻarmasi, Islom taraqqiyot banki va Yevropa Kengashining taraqqiyot banki;

hal qiluvchi egalik — shaxs tomonidan yoki birgalikda harakat qiluvchi shaxslar tomonidan yuridik shaxs ustav fondining (ustav kapitalining) bir yoxud bir necha bitim natijasida olingan kamida 5 foiziga bevosita yoki bilvosita egalik qilish;

nazorat qilinadigan aloqalar (bundan buyon matnda nazorat deb yuritiladi) — Oʻzbekiston Respublikasining “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Qonunining 19-moddasi uchinchi qismida belgilangan aloqalar.

2. Bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi hamda bankka aloqador shaxslarning bank oldida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan tavakkalchiliklari quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

bankning kredit boʻyicha talablari, shu jumladan qarz, kredit, mikroqarz, mikrokredit, mikrolizing, overdraft (mijozlarning depozit hisobvaraqlaridagi debet qoldigʻi), lizing, faktoring;

bankning pul mablagʻlari evaziga boshqa bank yoki kredit tashkilotlari tomonidan qarzdorlarga har qanday bilvosita turda ajratilgan va kredit tavakkalchiligi mavjud mablagʻlar;

bir qarz oluvchi tomonidan oʻzi bilan aloqador boʻlmagan boshqa bir qarz oluvchiga (bunda ushbu qarz oluvchi uchun yirik tavakkalchilik boʻlmagan holda) uning bank oldidagi kredit yoki boshqa majburiyatlari boʻyicha bankka taqdim etilgan va jami majburiyatidan oshmagan miqdordagi kafolat, kafillik va qarz oluvchi tomonidan berilgan qimmatli qogʻozlar;

yuridik shaxsning ustav fondiga (ustav kapitaliga) va qimmatli qogʻozlariga qilingan investitsiyalar, shu jumladan repo kelishuvlari doirasida sotilgan qimmatli qogʻozlar (oldi-sotdiga moʻljallangan qimmatli qogʻozlar) va veksellar;

banklararo depozitlar va kreditlar, vakillik hisobvaraqlaridagi pul mablagʻlari, banklararo hisob-kitoblarda foydalaniladigan mablagʻlar va banklarga joylashtirilgan boshqa mablagʻlar, bundan kunlik (overnayt) banklararo operatsiyalar va kliring operatsiyalari mustasno;

repo operatsiyalari yoki qimmatli qogʻozlarga doir qaytarilishi asosida amalga oshiriladigan boshqa bitimlar boʻyicha talablar;

hosilaviy instrumentlar boʻyicha bank balansidagi talablar;

balansdan tashqari moddalardagi hosilaviy instrumentlar boʻyicha talablar;

kredit tavakkalchiligi mavjud boʻlgan balansdan tashqari majburiyatlar, shu jumladan foydalanilmagan kredit liniyalari, chaqirib olinmaydigan majburiyatlar, kreditlash boʻyicha boshqa majburiyatlar, savdoga oid moliyalashtirishlar (akkreditiv, kafolat va kafilliklar);

qimmatli qogʻozlar yoki chet el valyutasini sotib olish boʻyicha qonuniy majburiyatlar;

boʻlib-boʻlib toʻlash sharti bilan sotilgan aktivlar boʻyicha talablar;

kredit tavakkalchiligi mavjud boʻlgan boshqa majburiyatlar, shu jumladan olinishi lozim boʻlgan hisoblangan foizli va foizsiz daromadlar, boʻnaklar va bankning debitorlik qarzdorliklari.

Mazkur bandning sakkizinchi va toʻqqizinchi xatboshilaridagi tavakkalchiliklar uchun kapital monandliligi hisob-kitoblaridagi 10 foiz va undan yuqori boʻlgan hisoblash omili qoʻllanilgandan soʻng chiqqan natijalar olinadi.

2 1 . Faktoring xizmati boʻyicha bankning bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi hamda bankka aloqador shaxslarga doir kredit tavakkalchiligi:

bank tomonidan mijozga nisbatan regress talabini qoʻyish huquqi mavjud boʻlmasa yoki mavjud boʻlib, ushbu huquqdan foydalanish zarurati yuzaga kelmagan boʻlsa, qarzdorga;

mazkur regress talabini qoʻyish huquqi mavjud boʻlsa va ushbu huquqdan foydalanish zarurati vujudga kelgan boʻlsa, mijozga nisbatan hisoblanadi.

2-bob. Bir qarz oluvchiga yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhiga doir tavakkalchilikning eng koʻp miqdori

1-§. Bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchilikning eng yuqori darajasi

3. Bankning bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdori bank birinchi darajali kapitalining 25 foizidan oshmasligi kerak, bundan mikromoliya banki mustasno.

Mikromoliya banki uchun bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhiga doir tavakkalchilikning eng koʻp miqdori besh milliard soʻmdan oshmasligi lozim .

4. Bankning bir qarzdor yoki oʻzaro aloqador qarzdorlar guruhiga toʻgʻri keluvchi taʼminotsiz (ishonchga asoslangan) kredit va (yoki) moliyalashtirilgan islomiy moliya operatsiyasi uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdori bank birinchi darajali kapitalining 5 foizidan oshmasligi zarur, bundan banklararo operatsiyalarda yuzaga keladigan tavakkalchiliklar mustasno boʻlib, ushbu operatsiyalar mazkur Nizomning 3-bandi talabiga muvofiq amalga oshiriladi.

5. Bankning barcha yirik tavakkalchiliklarining umumiy miqdori bank birinchi darajali kapitalining 5 barobaridan oshmasligi lozim, bundan mikromoliya banki mustasno.

2-§. Bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi

6. Oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi nazorat asosida va (yoki) iqtisodiy asosda vujudga keladi, bundan mikromoliya banki mustasno.

Mikromoliya banki uchun oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi nazorat asosida vujudga keladi.

7. Qarzdorlar quyidagi hollarda nazorat asosida oʻzaro aloqador boʻladi:

a) yuridik shaxslar oʻrtasida, agar:

bir yuridik shaxs bevosita yoki bilvosita, yakka tartibda yoki birgalikda harakat qiluvchi shaxslar guruhi tarkibida boshqa yuridik shaxs ustav fondining (ustav kapitalining) 20 foiz va undan ortigʻiga egalik qilsa yoki egalikni nazorat qilsa;

bir yuridik shaxs boshqa yuridik shaxs ustidan nazoratni amalga oshirsa;

yuridik shaxslar uchinchi shaxsning yoki u bilan birgalikda harakat qiluvchi shaxslarning nazorati ostida boʻlsa;

yuridik shaxslar asosan ishtirokchilarning (aksiyadorlarning) yoki boshqaruv organlarining bir xil tarkibiga ega boʻlsa;

b) jismoniy va yuridik shaxslar oʻrtasida, agar:

jismoniy shaxs bevosita yoki bilvosita, yakka tartibda yoki birgalikda faoliyat koʻrsatuvchi shaxslar guruhi tarkibida, yuridik shaxs ustav fondining (ustav kapitalining) 20 foiz va undan ortigʻiga egalik qilsa yoki egalikni nazorat qilsa;

jismoniy shaxs yuridik shaxs ustidan nazoratni amalga oshirsa;

jismoniy shaxs yuridik shaxs kuzatuv kengashi, boshqaruvi aʼzosi boʻlsa yoki mansabdor shaxsi hisoblansa;

jismoniy shaxsda yuridik shaxs ustav fondining (ustav kapitalining) 20 foiz va undan ortigʻiga egalik qiladigan yoki egalikni nazorat qiladigan boshqa yuridik shaxsga nisbatan rahbarlik vakolati boʻlsa;

jismoniy shaxsning yuridik shaxs nazoratni amalga oshiradigan boshqa yuridik shaxsda boshqaruvga oid vakolatlari mavjud boʻlsa;

mazkur kichik bandda keltirilgan jismoniy shaxslarning yaqin qarindoshlari boʻlsa.

8. Oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhidan bir shaxsning moliyaviy qiyinchiliklarga uchrashi, shu jumladan toʻlovga layoqatsizligi yoki bankrot boʻlishi kabi holatlarda boshqa qarzdorning (qarzdorlarning) moliyaviy holatiga salbiy taʼsir koʻrsatishi hamda bank oldidagi majburiyatlarini toʻliq qaytarish va (yoki) toʻlovni oʻz vaqtida amalga oshirish imkoniyatlariga salbiy taʼsir koʻrsatish ehtimoli mavjud boʻlganda qarzdorlar iqtisodiy bogʻliqlik asosida aloqador hisoblanadi. Iqtisodiy bogʻliqlik bir tomonlama yoki oʻzaro boʻlishi mumkin.

9. Qarz oluvchilarning iqtisodiy bogʻliqlik asosda aloqadorligi quyidagicha baholanadi:

bir tomon mahsulot (tovar, ish, xizmat) sotishdan olingan 50 foiz va undan ortiq yillik tushumi boshqa bir tomon bilan amalga oshiradigan faoliyat asosida yuzaga kelsa;

bir tomon ishlab chiqargan mahsulotning (tovar, ish, xizmat) 50 foizdan kam boʻlmagan qismi boshqa bir tomonga sotilsa va ushbu mahsulotga bozorda boshqa xaridor topish qiyin boʻlsa;

bir tomon ikkinchi tomonning bank oldidagi majburiyatini toʻliq yoki qisman qoplash uchun garov , kafolat , kafillik yoki toʻlab berish boʻyicha boshqa majburiyat bilan taʼminlasa;

qarzdorlarda qarzni qoplash manbasi yagona boʻlib, qarz boʻyicha toʻlovni toʻliq amalga oshirish va uni oʻz vaqtida qaytarish uchun boshqa manbalar mavjud boʻlmasa;

ikki va undan ortiq tomonlarning yagona moliyalashtirish manbai boʻlsa va unga muqobil manba topish murakkab boʻlsa, bundan davlat va xalqaro taraqqiyot banklari tomonidan moliyalashtirish holatlari mustasno. Tomonlarning bitta bank yoki moliyaviy bozordan moliyalashtirilishi ularning iqtisodiy bogʻliqlik asosida aloqador ekanligini anglatmaydi;

qarzdorning bank oldidagi majburiyatlarining 30 foizdan ortiq qismi boshqa tomonning (tomonlarning) mablagʻlari hisobiga qaytarilsa;

qarzdor (qarzdorlar) bank tomonidan taqdim etilgan kredit mablagʻlarining va (yoki) islomiy moliya operatsiyalari boʻyicha moliyalashtirishning 30 foizdan ortiq qismini boshqa tomonni (tomonlarni) moliyalashtirish uchun ishlatsa (ikki yoki undan ortiq qarzdorlar bir sotuvchidan jihozlar sotib olishi kabi, odatdagi tijorat operatsiyalari bundan mustasno);

jismoniy yoki yuridik shaxsning qarzdor oldida toʻlov majburiyati mavjud boʻlib, mazkur majburiyatning bajarilmasligi qarzdorning bank oldidagi majburiyatlarini toʻliq yoki oʻz vaqtida qaytara olmasligiga sabab boʻlsa;

bir shaxs yoki qarzdorlar bilan nazorat asosida aloqadorligi mavjud boʻlgan shaxslar qarzdorning (qarzdorlarning) bank oldidagi majburiyatlari boʻyicha garov (kafillik) taqdim etsa;

qarzdorlar qoʻshma faoliyat toʻgʻrisidagi shartnoma yoki qoʻshma faoliyatni nazarda tutuvchi boshqa hujjatga binoan oʻzaro aloqador boʻlsa;

jismoniy shaxslar yaqin qarindosh hisoblansa;

qarzdorlarning bank oldidagi majburiyatlari boʻyicha birgalikdagi shartnomaviy javobgarligi mavjud boʻlgan boshqa holatlarda.

10. Ikki yoki undan ortiq qarzdorlar bitta shaxsga iqtisodiy jihatdan bogʻliq boʻlsa, ushbu shaxs bank mijozi yoki qarzdori boʻlmagan taqdirda ham bank ularni oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi sifatida (ushbu qarzdorlar oʻrtasida aloqadorlikning mavjud yoki mavjud emasligidan qatʼi nazar) tan olishi lozim.

11. Qarzdor bir vaqtning oʻzida ikki yoki undan ortiq oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhlariga kirsa, bankning ushbu qarzdorga boʻlgan talablarining umumiy miqdori har bir guruh uchun alohida hisoblanishi lozim.

12. Bir qarz oluvchi uchun tavakkalchilik miqdori bank birinchi darajali kapitalining 5 foizi va undan ortiq boʻlsa, bank mazkur qarz oluvchiga nisbatan iqtisodiy bogʻliqlik asosida aloqadorlik yuzasidan oʻrganishlar oʻtkazishi lozim.

13. Banklar oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhini aniqlashda mazkur Nizomning ilovasida koʻrsatilgan holatlardan foydalanishlari mumkin.

14. Bank hisobotlarida qarzdorlar oʻrtasidagi aloqadorlikni va oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhini koʻrsatishi va ushbu guruhlardagi oʻzgarishlarni keyinchalik kuzatib borishi, ular boʻyicha maʼlumotlarni yangilab borishi va hisobotlarda toʻgʻri aks ettirish maqsadida yilda kamida bir marotaba qayta baholashi lozim. Oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi sifatida tasniflash (yoki aloqadorlikning mavjud emasligi) mazkur Nizomga muvofiq asoslantirilgan boʻlishi va bu hujjatlashtirilishi kerak.

15. Ikki yoki undan ortiq qarzdorlar faqatgina respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari (mahalliy yoki xorijiy), shuningdek Oʻzbekiston Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi yoki xalqaro taraqqiyot banklari tomonidan nazorat asosida oʻzaro aloqador boʻlsa va mazkur qarzdorlar oʻrtasida iqtisodiy bogʻliqlik asosida aloqadorlik mavjud boʻlmasa, ular oʻzaro aloqador qarz oluvchilar hisoblanmaydi.

16. Banklar qarzdorlarni nazorat asosida va (yoki) iqtisodiy asosda aloqadorligini aniqlashda moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari mezonlaridan foydalanishga haqli. Bunda, mazkur mezonlar qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmasligi yoki ulardagi talablardan yengilroq talablar nazarda tutilmasligi lozim.

3-bob. Bankka aloqador shaxslar va ularga toʻgʻri keluvchi tavakkalchilikka qoʻyilgan talablar

1-§. Bankka aloqador shaxslar

17. Bankka aloqador shaxslarga quyidagilar kiradi:

bankning kuzatuv kengashi va boshqaruvining, shuningdek bank islomiy moliya kengashining aʼzolari hamda bosh bankda tashkil etilgan qoʻmitalarning bankning boshqaruv organlari aʼzolari boʻlmagan aʼzolari, shuningdek bankning muhim ahamiyatga ega xodimlari;

bevosita yoki bilvosita, yakka tartibda yoki shaxslar guruhi tarkibida birgalikda faoliyat koʻrsatuvchi, bankda hal qiluvchi egalikka ega boʻlgan jismoniy va (yoki) yuridik shaxslar, shu jumladan oxirgi benefitsiar mulkdorlar. Agar mazkur jismoniy shaxslarning yaqin qarindoshlari bankning ustav kapitalidagi ulushlarga egalik qilsa yoki egalikni nazorat qilsa, uning miqdoridan qatʼi nazar, ushbu ulush mazkur shaxsning egaligida va nazorati ostida turgan deb hisoblanadi;

bank ustav kapitalida hal qiluvchi egalikka ega boʻlgan yuridik shaxsga nisbatan rahbarlik yoki nazorat qilish vakolatiga ega boʻlgan jismoniy shaxslar;

banklar guruhiga kiruvchi moliyaviy institutlar;

banklar guruhiga kiruvchi moliya institutining kapitalida hal qiluvchi egalikka ega boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslar;

banklar guruhiga kiruvchi moliya institutining kuzatuv kengashi, boshqaruvi aʼzolari va muhim ahamiyatga ega xodimlari;

ustav fondida (ustav kapitalida) banklar guruhining asosiy banki kamida 20 foizga bevosita yoki bilvosita egalik qiluvchi yuridik shaxs, shuningdek ushbu yuridik shaxsning mansabdor shaxslari;

yuridik shaxs va uning mansabdor shaxslari, basharti ushbu yuridik shaxsning ustav kapitalida (ustav fondida) bank kamida 20 foizga bevosita yoki bilvosita egalik qilsa;

bank ustidan nazoratni amalga oshirayotgan yuridik shaxslar ustav kapitalida (ustav fondida) kamida 20 foiziga bevosita yoki bilvosita egalik qiluvchi yuridik shaxs;

bank ustav kapitalida hal qiluvchi egalikka ega boʻlgan yuridik shaxs ustidan nazoratni amalga oshirayotgan shaxslar;

ushbu bandning ikkinchi — oʻn birinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shaxslarga aloqador shaxslar, shu jumladan jismoniy shaxsning yaqin qarindoshlari, shuningdek jismoniy shaxslar va (yoki) ularning yaqin qarindoshlari oʻzida nazoratni amalga oshirayotgan yoki ustav fondlariga (ustav kapitallariga) egalik qilayotgan yoki boshqaruv organining aʼzolari boʻlgan yuridik shaxslar;

ushbu bandning ikkinchi — oʻn ikkinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shaxslarning manfaatlarini koʻzlab bank bilan qaysi shaxslar orqali bitim amalga oshiriladigan boʻlsa, oʻsha shaxslar va mazkur shaxslar oʻrtasida qonunchilik hujjatlarida belgilangan mehnatga oid, fuqarolik yoki boshqa munosabatlar mavjudligi tufayli mazkur bitimda ushbu bandning ikkinchi — oʻn ikkinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shaxslarning taʼsiri ostida deb hisoblanadigan shaxslar.

18. Ushbu Nizomning 17-bandi ikkinchi — oʻn ikkinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shaxslarning manfaatlarini koʻzlab bank bilan bitim amalga oshiradigan shaxslar bankka aloqador shaxs nomidan harakat qilayotgan hisoblanadi. Bankka aloqador shaxslar nomidan harakat qilayotgan shaxslarga quyidagilar kiradi:

bankka aloqador shaxslarning huquqiy vakillari;

bankka aloqador shaxslar bilan oʻzaro tuzilgan bitimga asosan bankka aloqador shaxsning nomidan harakat qilish vakolatiga ega boʻlgan shaxslar;

tuziladigan bitimdan olinadigan foydani bevosita yoki bilvosita bankka aloqador shaxslarga beradigan shaxslar;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan mehnatga oid, fuqarolik yoki boshqa munosabatlar mavjudligi nuqtai nazaridan, ushbu Nizomning 17-bandi ikkinchi — oʻn ikkinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shaxslar taʼsiri ostida bank bilan bitim tuzgan shaxslar.

19. Markaziy bank bank nazoratini amalga oshirishda ushbu Nizom talablari va mezonlariga hamda oʻzining asoslantirilgan mulohazasiga tayanib bankdan ayrim qarzdorlarni bankka aloqador qarzdor sifatida tan olinishini talab qilishga haqli.

2-§. Bankning aloqador shaxslari uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdori

20. Bankka aloqador bitta shaxsga toʻgʻri keluvchi tavakkalchilikning eng koʻp miqdori bank birinchi darajali kapitalining 15 foizidan oshmasligi lozim, bundan mikromoliya banki mustasno.

Mikromoliya bankiga aloqador bitta shaxsga toʻgʻri keluvchi tavakkalchilikning eng koʻp miqdori besh milliard soʻmdan oshmasligi lozim.

21. Bankka aloqador boʻlgan barcha shaxslarga toʻgʻri keluvchi tavakkalchilikning eng koʻp miqdori bank birinchi darajali kapitalining 25 foizidan oshmasligi lozim.

21 1 . Mazkur Nizomning 20-bandi birinchi xatboshisi va 21-bandida koʻrsatilgan talablarga muvofiq boʻlmagan banklar 2026-yilning 1-yanvariga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki bilan kelishilgan muddatlarda bosqichma-bosqich ushbu talablarga muvofiqlashtirishi lozim.

22. Bankka aloqador bitta qarzdorga yoki barcha shaxslarga toʻgʻri keluvchi tavakkalchilik miqdori ushbu Nizomning 20 va 21-bandlarida belgilangan talablardan oshgan taqdirda, bankning kapital monandligi hisob-kitoblarida normativning eng koʻp miqdoridan oshgan tavakkalchilik miqdori mazkur hisobot sanasidan boshlab bankning birinchi darajali kapitalidan chegiriladi.

23. Qarz oluvchi bitim tuzilgan davrda bankka aloqador hisoblanmasdan, keyinchalik bankka aloqador shaxsga aylansa, tavakkalchilik miqdorining mazkur Nizomning 20 va 21-bandlarida belgilangan talablardan oshishi prudensial normativga nomuvofiq deb tan olinmaydi, basharti bank bu haqda Markaziy bankka 10 kun ichida maʼlumot bergan holda Markaziy bank bilan kelishilgan muddatlarda prudensial normativga muvofiqlashtirish yuzasidan majburiyatni olgan boʻlsa.

3-§. Bankka aloqador shaxslar bilan amalga oshiriladigan bank operatsiyalari

24. Banklarning bankka aloqador boʻlgan shaxslar bilan yoki ular nomidan harakat qiladigan shaxslar bilan tuzadigan shartnomalari bankka aloqador boʻlmagan shaxslar uchun nazarda tutilgan shartnomalarga qaraganda ancha qulay shartlarga asoslangan hollarda ularning bunday shartnomalarni tuzishi taqiqlanadi. Bunda, ancha qulay shartlarni taqdim etishga quyidagilar kiradi:

tavakkalchiligi yuqori boʻlgan yoki boshqa noqulay holatlar tufayli bank oʻziga aloqador boʻlmagan shaxslar bilan tuzmaydigan bitimlarni tuzish;

bankka aloqador boʻlmagan shaxslardan olinadigan foiz yoki vositachilik haqlariga nisbatan kam miqdorda foiz yoki vositachilik haqlarini undirish;

bankka aloqador shaxslarga koʻrsatilgan xizmat uchun bankka aloqador boʻlmagan shaxslar tomonidan toʻlanadigan summadan kam miqdorda haq toʻlanganda yoki xizmat haqi umuman toʻlanmaganda;

bankka aloqador shaxslarning kreditlari va (yoki) moliyalashtirilgan islomiy moliya operatsiyalari boʻyicha toʻlov muddatlarini bankka aloqador boʻlmagan shaxslarning kreditlariga va (yoki) islomiy moliya operatsiyalariga nisbatan ustun shartlarda uzaytirish;

bankka aloqador shaxslarning tavakkalchiliklarining nazoratini ancha qulay sharoitlarda amalga oshirish va hisobdan chiqarish;

bankka aloqador shaxslardan muayyan aktivlarni bozor narxlariga qaraganda yuqori bahoda sotib olish;

bankka aloqador boʻlgan shaxslarga muayyan aktivlarni bozor narxlariga qaraganda past narxlarda sotish;

boshqa shaxslarning qimmatli qogʻozlariga investitsiya qilish imkoniyati boʻlganda, faoliyat koʻrsatkichlari past yoki tavakkalchilik darajasining yuqori boʻlgan bankka aloqador shaxslarning qimmatli qogʻozlariga investitsiya qilish;

bankka aloqador shaxslardan nolikvid aktivlarni sotib olish yoki nolikvid aktivlarni bankka aloqador shaxslardan kredit taʼminoti sifatida qabul qilish.

25. Bankka aloqador shaxsga yoki uning nomidan faoliyat koʻrsatuvchi shaxsga ajratiladigan har qanday kredit (qarz):

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining kafolati yoki boshqa majburiyatlari bilan taʼminlanganda kreditning kamida 100 foizi;

kredit beruvchi bankka milliy valyutada kiritilgan depozitlar qoʻyilganda kreditning kamida 100 foizi;

kredit beruvchi bankka chet el valyutasida kiritilgan depozitlar qoʻyilganda kreditning kamida 110 foizi;

davlat qimmatli qogʻozlari qoʻyilganda kreditning kamida 125 foizi;

boshqa turdagi taʼminot qoʻyilganda kreditning kamida 130 foizi miqdorida bozor bahosidagi taʼminot bilan taʼminlanishi shart.

Mazkur bandning ikkinchi — oltinchi xatboshilarida koʻrsatilgan talablar bankka aloqador shaxs yoki uning nomidan faoliyat koʻrsatuvchi shaxs bilan tuzilgan har qanday islomiy moliya operatsiyalari orqali moliyalashtirishga ham tatbiq etiladi.

Bank taʼminot qiymatini kerakli miqdorda ushlab turish uchun tegishli choralarni koʻrishi kerak. Agar taʼminotning bozor qiymati pasayib ketsa, bank 10 kun ichida taʼminot summasini ushbu Nizom talablariga muvofiqlashtirish uchun zarur choralarni koʻrishi kerak.

26. Bank faqatgina kuzatuv kengashining tegishli qarori mavjud boʻlgan holatda oʻzi bilan aloqador shaxslar bilan bitim tuzishi mumkin.

27. Kuzatuv kengashi aʼzosi bank hamda quyidagi shaxslar oʻrtasida tuzilgan yoki tuziladigan bitimlarning muhokamasida ishtirok etmasligi yoki boshqa usullar bilan kuzatuv kengashining qaroriga taʼsir qilmasligi lozim:

kuzatuv kengashi aʼzosining oʻzi;

kengash aʼzosi boʻlgan shaxsning yaqin qarindoshlari;

kuzatuv kengashi aʼzosi yoki uning yaqin qarindoshlari, hal qiluvchi egalikka ega boʻlgan yoki kuchli taʼsir oʻtkazadigan har qanday yuridik shaxs;

mazkur bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida keltirilgan shaxslar nomidan harakat qiluvchi har qanday shaxs.

28. Bankka aloqador boʻlgan shaxs bilan bank oʻrtasidagi har qanday bitimga oid kuzatuv kengashining qarorida bitimning barcha tegishli shartlariga oid axborotlar toʻliq koʻrsatilishi kerak.

29. Mazkur Nizomning 28-bandida nazarda tutilgan axborotlar oʻz ichiga bitim miqdori, foiz stavkasi, qarz oluvchining moliyaviy ahvoli, uning olgan mablagʻni oʻz vaqtida qaytara olish imkoniyati toʻgʻrisida moliyaviy axborot, taʼminot miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni qamrab olishi zarur.

Bank aktivlarining oldi-sotdi operatsiyalariga doir maʼlumotda aktivlarning qiymatini tasdiqlovchi axborot boʻlishi kerak.

30. Har bir bank ushbu Nizomning 17-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shaxslardan kamida yiliga bir marta ularning yaqin qarindoshlari va yaqin qarindoshlaridan biri tomonidan kuchli taʼsir oʻtkazishi mumkin boʻlgan shaxslar roʻyxatini shakllantirib borishi kerak.

4-bob. Bir qarz oluvchi, oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi, shu jumladan bankka aloqador shaxslar uchun tavakkalchilikning hisob-kitoblari va ulardan chegirmalar

31. Bir qarz oluvchi, oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi, shu jumladan bankka aloqador shaxslar uchun tavakkalchilik hisob-kitoblarida aktivlar uchun ehtimoliy yoʻqotishlarni qoplashga moʻljallangan majburiy zaxiralar miqdori chegirilgan qiymatda hisobga olinadi.

32. Bir qarz oluvchi, oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi, shu jumladan bankka aloqador shaxslar uchun tavakkalchilik hisob-kitoblarida balansdan tashqari majburiyatlar kapital monandliligi hisob-kitoblarida qoʻllanilgan balansdan tashqari moddalarning 10 foiz va undan yuqori boʻlgan hisoblash omili qoʻllanilgandan soʻng chiqqan natijalar olinadi.

33. Bir qarz oluvchiga yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhiga doir tavakkalchilikning eng koʻp miqdori quyidagilarga nisbatan tatbiq etilmaydi:

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga talablar;

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati va davlat organlariga bank kapitali monandliligi hisob-kitoblarida tavakkalchilik darajasi 0 foizda boʻlgan talablar.

34. Bir qarz oluvchiga yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi, shu jumladan bankka aloqador shaxslar uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdori hisob-kitoblarida bank tavakkalchilik miqdorini tegishli taʼminot summasi (kredit tavakkalchiligi miqdoridan ortmagan holda) hisobiga kamaytirishi mumkin boʻlib, ular quyidagilardan iborat:

davlat qimmatli qogʻozlari;

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati va Markaziy banki tomonidan taʼminlangan yoki kafolatlangan aktivlar;

xalqaro taraqqiyot banklari bilan yuzaga keladigan tavakkalchiliklar, shuningdek ushbu tashkilotlar tomonidan kafolatlangan bank aktivlari va/yoki balansdan tashqari moddalardagi majburiyatlari;

tavakkalchilik darajasi past boʻlgan mamlakatlar hukumatlari va Markaziy banklari kafolati, kafilligi yoki ular tomonidan chiqarilgan qimmatli qogʻozlar;

kreditor bankdagi depozitlar yoki depozit sertifikatlari.

Bank talablari ushbu bandda keltirilgan taʼminot turlari bilan toʻliq miqdorda taʼminlanmagan boʻlsa, normativlar hisob-kitobida talabning taʼminlanmagan qismi olinadi. Taʼminot (garov) faqatgina talabning asosiy summasini toʻlash uchun yetarli boʻlsa, foizlar va boshqa toʻlovlar taʼminlanmagan summa sifatida olinishi lozim.

35. Bank tomonidan qabul qilinuvchi mazkur Nizomning 34-bandida nazarda tutilgan taʼminot turlari quyidagi shartlarni bajarishi lozim:

qimmatli qogʻozlar, bankdagi depozitlar, kafolat yoki kafillik bank talabi boʻyicha taʼminot sifatida qabul qilingan boʻlsa, ushbu taʼminot muddati tegishli talabni soʻndirish muddatidan kam boʻlmasligi;

qarz oluvchi oʻz majburiyatlarini bajarmagan hollarda, shartnoma va (yoki) oʻzaro kelishuvda taʼminot predmetini amalda realizatsiya qilish yoki kafolat/kafillik shartlarini bajarish muddatlariga doir hech qanday cheklovlar boʻlmasligi;

bank-kreditorda joylashgan depozit garov predmeti boʻlsa, shartnoma shartlariga binoan qarz oluvchi oʻz majburiyatlarini bajarmagan holatda bankning ushbu mablagʻlarni soʻzsiz nazorat qilish va ularni tasarruf eta olish huquqi boʻlishi. Talab bankdagi depozitlar bilan taʼminlangan boʻlsa, depozit kreditni taʼminlash uchun maxsus hisobvaraqqa kiritilishi hamda kredit shartnomasi yoki boshqa shartnomada qarz oluvchi tomonidan kredit qaytarilmagan yoki majburiyatlarini bajarmagan holda bank akseptsiz tartibda depozitni ishlatishi mumkin ekanligi shart qilib qoʻyilishi lozim. Bunda, bank kreditini qaytarish muddati yetib kelgunga qadar maxsus hisobvaraqqa kiritilgan depozitdan mablagʻlarni olishga yoʻl qoʻymaslik maqsadida zarur choralarni koʻrishi va nazorat oʻrnatishi kerak.

36. Kafolat yoki kafillik maqbul taʼminot hisoblanishi uchun bir vaqtning oʻzida quyidagi shartlarni bajarishi lozim:

kafolatlovchi (kafil) tomonidan taqdim etilgan kafolat (kafillik) hujjatlashtirilgan majburiyat hisoblanishi;

bankning kafolatlovchi yoki kafildan toʻgʻridan-toʻgʻri talab qilish huquqi boʻlishi;

qarz oluvchining bank oldidagi majburiyati boʻyicha taqdim etilgan kafolat miqdori aniq belgilangan boʻlishi;

kafolat chaqirib olinmaydigan va soʻzsiz boʻlishi, yaʼni qarz oluvchi kreditga layoqati yomonlashishi oqibatida bir tomonlama tartibda kafolatlovchi (kafil) kafolatni (kafillikni) bekor qilishi, kafolat (kafillik) qiymatini oshirishi, kafolat (kafillik) muddatini qisqartirishi, shuningdek kafolat boʻyicha mablagʻlarni toʻliq yoki qisman toʻlamasligiga imkon yaratuvchi shartlarning mavjud emasligi;

qarz oluvchi kafolat bilan taʼminlangan majburiyatlarini bajarmagan hollarda, bank kafolatlovchi (kafil)dan kafolat (kafillik) boʻyicha toʻlovni amalga oshirishini talab qilish huquqi boʻlishi.

37. Bir qarz oluvchiga yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdori hisob-kitoblarida mazkur Nizomning 2-bandida nazarda tutilgan tavakkalchiliklar va ular boʻyicha qabul qilingan taʼminot valyutasi oʻzaro mos tushmasa, taʼminot miqdori 10 foizga kamaytiriladi.

5-bob. Yakuniy qoidalar

38. Har bir bank bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi, shu jumladan bankka aloqador shaxslar uchun tavakkalchiliklar hisobini yuritishi va bu toʻgʻrisidagi hisobotni har oyda Markaziy bankka taqdim etib borishi lozim.

39. Mazkur Nizom kuchga kirgan sanada bankda bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi hamda bankka aloqador shaxslarning bank oldida toʻlanmagan majburiyati mavjud boʻlib, ularning miqdori ushbu Nizomda belgilangan meʼyorlardan oshadigan boʻlsa (mazkur Nizom kuchga kirgunga qadar amalda boʻlgan normativlar buzilgan holatlar bundan mustasno), bunday majburiyat dastlabki shartlarda va muddatlarda toʻlanishi mumkin.

40. Bir qarz oluvchi yoki oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhiga hamda bankka aloqador shaxslarga toʻgʻri keluvchi tavakkalchilikning umumiy summasi bitim tuzish vaqtida mazkur Nizomda koʻzda tutilgan cheklovlar doirasida boʻlib, keyinchalik belgilangan meʼyorlardan oshib borsa (bank umumiy kapitali darajasi tushishi yoki valyuta kursining oʻzgarishi va boshqalar sababli), bank mazkur holat haqida Markaziy bankni besh ish kunida xabardor qilishi lozim.

41. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Bir qarz oluvchi, oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi, shu jumladan bankka aloqador shaxslar uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdori toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Qarz oluvchilar guruhining nazorat asosida va (yoki) iqtisodiy asosda aloqadorligi holatlari

1-holat

Bankning “A”, “B”, “V” va “G” qarz oluvchilarga nisbatan talablari mavjud. “B”, “V” va “G” qarz oluvchilar iqtisodiy asosda “A” qarz oluvchiga aloqadorligi sababli, bank “A”, “B”, “V” va “G” qarz oluvchilarni oʻzaro aloqador guruh deb hisoblaydi.

2-holat

Bankning “B”, “V” va “G” qarz oluvchilarga nisbatan talablari mavjud. Bankning “A” shaxsga nisbatan toʻgʻridan-toʻgʻri talabi mavjud emas, ammo “B”, “V” va “G” qarz oluvchilar “A” shaxsga iqtisodiy aloqador. “A” shaxsning moliyaviy ahvoli yomonlashishi “B, “V” va “G” qarz oluvchilarning moliyaviy ahvoliga salbiy taʼsir koʻrsatishi sababli, bank “B”, “V” va “G” qarz oluvchilarni oʻzaro aloqador guruh deb hisoblaydi.

3-holat

Agar “V” qarz oluvchi ikki yoki undan ortiq qarz oluvchilar bilan iqtisodiy aloqadorligi boʻlsa, yaʼni “A” yoki “B” qarz oluvchilardan birining moliyaviy ahvoli yomonlashishi “V” qarz oluvchining bank oldidagi majburiyatlari boʻyicha toʻlovlarni amalga oshirishida qiyinchiliklarga olib kelsa, “V” va “A” hamda “V” va “B” qarz oluvchilar alohida-alohida oʻzaro aloqador guruh deb hisoblanadi.

4-holat

“A” qarz oluvchi “A 1 ” va “A 2 ” qarz oluvchilarni hamda “B” qarz oluvchi “B 1 ” qarz oluvchini nazorat qiladi. Bundan tashqari, “B 1 ” qarz oluvchining “A 2 ” qarz oluvchiga iqtisodiy asosda bir tomonlama aloqadorligi mavjud.

Bu holatda, bank “B 1 ” qarz oluvchini “A” qarz oluvchiga aloqador qarz oluvchilar guruhida hisobga oladi. Bunda oʻzaro aloqador qarz oluvchilarning bir guruhi (A, A 1 , A 2 va B 1 ) hamda boshqa guruhi (B va B 1 ) hisobga olinadi.

5-holat

“A 2 ” va “B 1 ” qarz oluvchilarning nazorat va iqtisodiy asosda oʻzaro aloqadorligi mavjud.

4-holatdan farqli ravishda, ushbu holatda “B” qarz oluvchining moliyaviy ahvoli yomonlashuvi “B 1 ” qarz oluvchining moliyaviy ahvoli yomonlashuviga sabab boʻlib, bu oʻz navbatida “A 2 ” qarz oluvchiga ham taʼsir etadi. Bu holatda, “A 2 ” qarz oluvchi “B” va “B 1 ” qarz oluvchilar bilan bir guruhni tashkil etadi.

6-holat

“B 1 ” qarz oluvchi “B 2 ” va “B 3 ” qarz oluvchilarni nazorat qiladi. Ushbu holatda “A” qarz oluvchining moliyaviy ahvoli yomonlashuvi “A 2 ” va “B 1 ” qarz oluvchilarning moliyaviy ahvoliga hamda “B 1 ” qarz oluvchi orqali “B 2 ” va “B 3 ” qarz oluvchilarning moliyaviy ahvoliga salbiy taʼsir koʻrsatadi.

Bunda, bank oʻzaro aloqador qarz oluvchilarni ikkita alohida guruhga ajratadi:

1) nazorat va iqtisodiy asosida aloqador “A” guruh — A, A 1 , A 2 , B 1 , B 2 , B 3 .

2) nazorat asosida aloqador “B” guruhi — B, B 1 , B 2 , B 3 .

7-holat

Agar 6-holatdagi “B” qarz oluvchining “B 1 ” qarz oluvchiga iqtisodiy aloqadorligi mavjud boʻlsa, “B” qarz oluvchi A guruhida hisobga olinadi. Bu holatda “A” qarz oluvchining moliyaviy qiyinchiliklari nafaqat “pastlab boruvchi” xususiyatga, balki “B” qarz oluvchiga taʼsiri sababli “yuqorilab boruvchi” xususiyatga ham ega.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2020-yil 21-sentabrdagi 21/12-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan normativ-huquqiy hujjatlar

1. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2015-yil 22-iyuldagi 19/15-son “Bankka aloqador boʻlgan shaxslar bilan tuziladigan bitimlar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2706, 2015-yil 5-avgust) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami 2015-y., 31-son, 418-modda).

2. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2017-yil 24-iyundagi 14/16-son “Bankka aloqador boʻlgan shaxslar bilan tuziladigan bitimlar toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2706-1, 2017-yil 24-iyul) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-y., 30-son, 745-modda).

3. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2018-yil 18-avgustdagi 27/13-son “Bankka aloqador boʻlgan shaxslar bilan tuziladigan bitimlar toʻgʻrisidagi nizomga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2706-2, 2018-yil 6-sentabr) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 06.09.2018-y., 10/18/2706-2/1843-son).

4. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2019-yil 13-dekabrdagi 30/10-son “Bankka aloqador boʻlgan shaxslar bilan tuziladigan bitimlar toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2706-3, 2019-yil 25-dekabr) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 25.12.2019-y., 10/19/2706-3/4196-son).

5. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2015-yil 22-iyuldagi 19/16-son “Bir qarz oluvchi yoki bir-biriga daxldor qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdorlari toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2707, 2015-yil 5-avgust) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2015-y., 31-son, 420-modda).

6. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2017-yil 24-iyundagi 14/15-son “Bir qarz oluvchi yoki bir-biriga daxldor qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdorlari toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2707-1, 2017-yil 24-iyul) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-y., 30-son, 744-modda).

7. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2018-yil 17-martdagi 9/9-son “Bir qarz oluvchi yoki bir-biriga daxldor qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdorlari toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2707-2, 2018-yil 3-aprel) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 03.04.2018-y., 10/18/2707-2/0989-son).

8. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2018-yil 18-avgustdagi 27/17-son “Bir qarz oluvchi yoki bir-biriga daxldor qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdorlari toʻgʻrisidagi nizomning 8-bandiga oʻzgartirish kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2707-3, 2018-yil 6-sentabr) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 06.09.2018-y., 10/18/2707-3/1845-son).

9. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2020-yil 16-yanvardagi 1/6-son “Bir qarz oluvchi yoki bir-biriga daxldor qarz oluvchilar guruhi uchun tavakkalchilikning eng koʻp miqdorlari toʻgʻrisidagi nizomga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2707-4, 2020-yil 21-fevral) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 21.02.2020-y., 10/20/2707-4/0201-son).

Markaziy bank raisi M.B. NURMURATOV

Toshkent sh.,

2020-yil 21-sentabr,

21/12-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 29.10.2020-y., 10/20/3283/1470-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 17.07.2023-y., 10/23/1737-3/0487-son; 14.11.2024-y., 10/24/3283-1/0920-son; 04.08.2025-y., 10/25/3283-2/0691-son; 20.07.2026-y., 10/26/3283-3/0755-son)

lex.uz