UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 10-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 10 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 ноября 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 November 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Архив иши ва иш юритиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 15 майдаги ПФ-5997-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, архив иши ва иш юритиш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартибини, фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларини тақдим этиш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари ўқув залларида фойдаланувчиларнинг архив ҳужжатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини таъминлашнинг умумий қоидаларини, архив ҳужжатлари бўйича сўровларни қабул қилиш тартибини ҳамда архив ҳужжатлари бўйича сўровларни ижро этиш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2012 й., 15-сон, 168-модда) билан тасдиқланган Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда :

а) 136-банднинг бешинчи хатбошисидаги «Ўзархив» агентлиги белгилаган ва белгиланган тартибда тасдиқланган тартибда» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 137-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Архивнинг ўқув залида фойдаланувчиларнинг архив ҳужжатлари билан ишлаш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари ўқув залларида фойдаланувчиларнинг архив ҳужжатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади. Архив фойдаланувчиларни ушбу Низом билан таништириши шарт. Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, архив уларга хизмат кўрсатиш вақти ва навбатини белгилаши мумкин».

3. Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 706-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари ўқув залларида фойдаланувчиларнинг архив ҳужжатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари (кейинги ўринларда — архив) ўқув залларида (кинозал, фоно ҳужжат эшитиш хоналари ва бошқаларда) фойдаланувчиларнинг архив ҳужжатлари билан ишлаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

архив ҳужжатларидан фойдаланиш — архив ҳужжатларини хизмат, ишлаб чиқариш, илмий, маданий, маърифий, таълим мақсадида ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мақсадларда архивлар томонидан фойдаланувчиларга тақдим этиш;

илмий-маълумотнома аппарати — архив ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни тўғрисида ягона илмий-услубий асосда тузилган, бир-бири билан боғлиқ, ўзаро тўлдирувчи архив маълумотномалари мажмуи (архивнинг илмий-маълумотнома тизими);

фойдаланувчи — архив ҳужжатларидан зарур маълумотларни олиш ва улардан фойдаланиш учун архивга мурожаат этувчи юридик ёки жисмоний шахс.

3. Архив ходимларининг фойдаланувчига хизмат кўрсатиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги томонидан тасдиқланган бошқа ҳужжатлар билан белгиланади.

4. Барча фойдаланувчилар архив ҳужжатларини кириб кўришда тенг ҳуқуққа эга.

5. Ўқув залларига кириш ва архив ҳужжатларидан фойдаланиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланишга рухсатнома Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 612-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентига мувофиқ берилади.

6. Ўқув залларининг иш тартиби архив раҳбарияти томонидан белгиланади.

2-боб. Давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартиби

11. Суд томонидан муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга архив ҳужжатларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

Суд томонидан муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар давлат архивлари томонидан идоралараро электрон тизимлар орқали аниқланади.

Вояга етмаганлар ўқув залларига ота-оналари ёки тартибга риоя этишга масъул бошқа қонуний вакиллари билан киритилади.

12. Барча фойдаланувчилар ушбу Низом талаблари билан таништирилади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги архив сўровномасини тўлдирадилар.

13. Чет эл фуқароси бўлган фойдаланувчилар давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ёзма розилиги билан фойдаланади.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ёзма розилиги Ўзбекистондаги хорижий давлат элчихонаси, бошқа ваколатли органлар ёки фойдаланувчини расмий қабул қилувчи ташкилот орқали расмийлаштирилади. Унда фойдаланувчи доимий яшайдиган давлат номи, фойдаланувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, илмий даражаси, хизмат, ишлаб чиқариш, илмий, маданий, маърифий, таълим ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа ишларни олиб бораётганлиги ва қайси архивларда ишлаши кўрсатилиши шарт.

15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг хорижий фойдаланувчига давлат архиви ҳужжатлари билан аниқ мақсадлар бўйича ишлаш учун ёзма розилиги олингандан сўнг хорижий давлатларнинг элчихонаси ёки бошқа ваколатли орган ёхуд фойдаланувчини расмий қабул қилувчи ташкилот тегишли давлат архивига расмий хат тақдим этади.

16. Расмий хатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг хорижий фойдаланувчига Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлат архивларида ишлаш учун розилиги кўрсатилиши керак, унда ҳужжат рақами ва санаси, шунингдек, фойдаланувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими, маълумоти, илмий даражаси, унвони, иш жойи ёки ўқиш жойи, хизмат, ишлаб чиқариш, илмий, маданий, маърифий, таълим ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа ишларни олиб бораётганлиги, изланиш олиб бориш назарда тутилган архивлар номи ва ҳужжатлар кўрсатилади.

17. Фойдаланувчига архивдаги мавжуд илмий-маълумот аппарати (йўл кўрсаткич, рўйхатлар, каталоглар), шу жумладан кино, фото ва фоно ҳужжатлар нусхалари, микронусхалар, электрон ҳужжатлар билан ишлаш учун техник жиҳозлар тақдим этилади.

3-боб. Фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

18. Давлат архивларнинг ўқув залларида ишлаётган фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўқув залларининг иш тартиби, архив томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва уларни кўрсатиш шартлари тўғрисида маълумотлар олиш;

изланиш мақсади бўйича мавжуд ҳужжатларнинг таркиби ва мазмуни, архив маълумотлари тўғрисида архив мутахассисларидан маслаҳатлар олиш;

изланиш мақсади бўйича ҳужжатларни бериш ва нусха кўчиришга чекловлар, шунингдек, уларнинг амал қилиш муддатлари тўғрисида оғзаки ёки ёзма ахборот олиш;

босма нашрлар сақловхоналарининг босма нашрларидан (илмий-маълумотнома кутубхоналари, маълумотнома ва ахборот фондлари) фойдаланиш;

изланиш мақсади бўйича архив ҳужжатларидан нусха олишга буюртма бериш, йиғмажилдлар, архив ҳужжатлари, архив маълумотномаларидан кўчирмалар олиш;

архив раҳбариятининг ёзма рухсати билан бошқа фойдаланувчиларнинг ишлашига халақит бермаган ҳолда шахсий техник воситаларидан (ноутбук, нетбук, диктофон ва бошқалардан) фойдаланиш ёки архив техник воситаларини ижарага олиш;

изланиш мақсадига тегишли ишланмалар ва матнли ҳужжатларни архив рухсатномасига асосан олиб кириш ва олиб чиқиш.

19. Фойдаланувчи қуйидагиларга мажбур:

давлат архивлари ўқув залларининг иш тартибига риоя этиш, тозалик ва тинчликни сақлаш;

ўқув залига ҳар бир ташрифида қайд этиш журналида рўйхатдан ўтиш;

кўриб чиқилган йиғмажилдлардан фойдаланиш варақаларини тўлдириш, унда фойдаланиш санаси, исми, фамилияси, отасининг исми, фойдаланиш шаклини (нусха олиш, кўчирма олиш, кўриб чиқиш ва бошқалар) акс эттириш;

ўқув залига ҳар бир ташриф якунида унга тақдим этилган рўйхатлар, йиғмажилдлар (сақлов бирликлари), архив ҳужжатлари, босма нашрларни ўқув зали ходимига топшириш;

микронусхалар, махсус ахборот ташувчилардаги ҳужжатлар билан ишлашда техник талабларга риоя қилиш;

қўриқлаш хизмати талабларига риоя этиш, фавқулодда вазиятларда (ёнғин, авария ва бошқа хавфлар юзага келганда) ва бошқа зарур ҳолларда шахсий буюмларни архив ходимларига кўрсатиш;

архив ҳужжатларига етказилган шикастлар ёки архив ҳужжатларидаги етишмовчиликлар аниқланганлиги тўғрисида тезкор равишда архив ва идоравий архив ходимларига хабар бериш;

архив ҳужжатларидан олинган маълумотларни бузиб кўрсатиш ёки сохталаштиришга йўл қўймаслик.

20. Фойдаланувчининг қўлёзма маълумотлари рухсатномасиз олиб чиқилади.

21. Архив раҳбарияти рухсати билан фойдаланувчига таржимонлар ёки ёрдамчилар ҳамроҳ бўлишига йўл қўйилади. Ҳамроҳ бўлувчи шахслар ўқув залларида ишлаш учун умумий шартларга кўра расмийлаштирилади.

22. Давлат архивларининг ўқув заллари қоидаларини бузган фойдаланувчи архивнинг ўқув залида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳақида қарор архив раҳбарияти томонидан қабул қилинади.

23. Архив ҳужжатларига зиён етказиш ва ўғирлаш, шунингдек, архивга моддий зарар етказган фойдаланувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

4-боб. Архив ҳужжатларини тақдим этиш тартиби

24. Архив ҳужжатлари, микронусхалар, босма нашрлар фойдаланувчиларга буюртмалар асосида тақдим этилади.

25. Архив ҳужжатлари, босма нашрлар ва архив маълумотномалари фойдаланувчига тақдим этилган материалларнинг ҳар бирига буюртма шаклида келиб тушган ҳолда берилади. Буюртма қилинган материалларни қабул қилишда фойдаланувчи буюртма шаклига имзо қўяди.

26. Бир вақтнинг ўзида фойдаланувчига 5 тагача рўйхат, 15 тагача йиғмажилд/архив ҳужжати (15 тагача микронусха бюкси), хизмат сафаридаги фойдаланувчилар учун 8 тагача рўйхат ва 20 тагача йиғмажилд ёки 15 — 20 сақлов бирлигида узоғи билан 3 соат вақт мобайнида эшитиладиган кино-фото-фоноҳужжатлар берилади.

27. Буюртма қилинган йиғмажилдлар ва архив ҳужжатлари икки иш кунигача муддатда тақдим этилади.

28. Ўқув залида сақланаётган илмий-маълумот аппарати (йўл кўрсаткич, рўйхатлар, каталоглар) ва бошқа босма нашрлар фойдаланувчига буюртма куни тақдим этилади.

29. Фойдаланувчига рўйхатлар беш кун муддатга берилади. Ягона нусхада бўлган, марказлашган ҳолда сақланаётган йиғмажилдлар (ҳужжатлар) рўйхатлар қоидага кўра, бир кундан кўп бўлмаган муддатга, архив раҳбари ёки унинг ўринбосарининг рухсати билан берилади ва архив ҳужжатларининг аслини беришдаги каби тартибда расмийлаштирилади.

30. Ўқув залида фойдаланувчига йиғмажилдлар ва микронусхалар икки ой муддатга берилади.

Алоҳида қимматли ҳужжатлар (агар уларнинг фойдаланиш нусхалари бўлмаса) фойдаланувчига икки ҳафтадан кўп бўлмаган муддатга, ноёб ҳужжатлар эса 5 кунга берилади.

31. Фойдаланувчининг сўровига кўра ўқув залларида архив ҳужжатларини сақлаш ва улардан фойдаланиш муддати ўқув зали ходими томонидан, алоҳида қимматли ҳамда ноёб ҳужжатлар учун эса — архив раҳбарияти томонидан узайтирилиши мумкин.

32. Фойдаланиш фонди мавжуд бўлган қоғоз кўринишидаги асл ҳужжатлар ўқув залларига тақдим этилмайди.

Асл ҳужжатлар архив раҳбарияти рухсати билан махсус шароитларда (ташқи хусусиятни ўрганиш мақсадида, техник ускуналар етишмовчилиги, нусхалар сифатсизлиги ва бошқалар) берилишига йўл қўйилади, кино-фото-фоно ҳужжатлар фойдаланувчига нусха кўринишида тақдим этилади.

33. Архив ҳужжатларининг сақланишини ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қуйидагилар тақиқланади:

ўқув хоналарига портфеллар, спорт ва хўжалик сумкалари, соябон, қўл телефонлари ва маълумот ташиш воситалари билан кириши;

озиқ-овқат, тамаки маҳсулотлари ва ичимликлар истеъмол қилиш;

ўқув хоналаридан архив ҳужжатларини олиб чиқиб кетиш, уларни бошқа шахсларга бериш, йиғмажилддаги варақларни бошқаларига қўшиб юбориш;

архив ҳужжатларининг устки варақларига ёзиш, варақлар четини буклаш, бегона буюмларни ҳужжат орасига қўйиш;

ҳужжатлардан рухсатсиз нусха кўчириш;

узоқ вақт ҳужжатларни очиқ ҳолда қуёш ва электр нурларидан ҳимоясиз қолдириш;

архив ҳужжатларига ва уларни ташувчи ахборот воситаларининг бутлигига салбий таъсир кўрсатиш;

ҳужжатлар билан ишлашда елим, скотч, нусха олиш қоғози, маркер, сиёҳли ручка, қайчи ва бошқа кесувчи воситалардан фойдаланиш;

архив ҳужжатлари маълумотларига ўзгартиришлар киритиш, белгилар қўйиш, тўғрилаш, чизиш.

34. Фойдаланувчи томонидан рўйхатлар ва йиғмажилдлар (сақлов бирликлари), архив ҳужжатларининг ҳолати ва сақланиши ўқув зали ходими иштирокида текшириб қабул қилиб олинади.

Фойдаланувчи архив ҳужжатларидаги бирор-бир камчиликни, варақлар етишмовчилигини, тартиб рақами нотўғри эканлигини аниқласа, ўқув зали ходимига мурожаат қилади.

35. Йиғмажилдларни (архив ҳужжатларини) тақдим этишни асосли кечиктириш ёки рад этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

йиғмажилдлар (архив ҳужжатлари) реставрацияга муҳтож бўлганида;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёки фонд ташкил этувчи томонидан ҳужжатлар доимий сақлов учун топширилаётганда, ҳужжатлардан фойдаланиш бўйича чеклов ўрнатилганда;

тезкор хизмат топшириқларини бажариш зарурати (маълумотнома ишлари, фондларни мавзули ишлаб чиқиш, қайта тиклаш (реставрация) ахборот материалларини тайёрлаш, илмий-техник ишлов бериш ва бошқалар) юзага келганда;

архив ҳужжатлари бошқа ташкилотларга вақтинча фойдаланиш учун тақдим этилганда;

архив ҳужжатлари бошқа фойдаланувчига тақдим этилганда;

буюртма қилинган йиғмажилд ёки архив ҳужжатлари кўргазмада намойиш этилганда.

5-боб. Якунловчи қоидалар

36. Илмий-техник ишлов берилмаган йиғмажилдлар (архив ҳужжатлари) ўқув залига берилмайди.

37. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

38. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари ўқув залларида фойдаланувчиларнинг архив ҳужжатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари ўқув залларида фойдаланувчиларнинг архив ҳужжатлари билан ишлаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Фойдаланувчи: 1. Шахсий ташаббус билан мустақил тадқиқот олиб бораётган шахс. 2. Тегишли ташкилотларнинг режага мувофиқ хизмат, ишлаб чиқариш, илмий, маданий, маърифий, таълим ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа ишларни ёки хизмат вазифаларини бажараётган шахс. 3. Чет эл фуқароси бўлган фойдаланувчи. 1. Ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланиш бўйича белгиланган тартибда ариза тақдим этади. 3. Чет эл фуқароси бўлган фойдаланувчилар бўйича Хорижий давлатларнинг элчихонаси ёки бошқа ваколатли орган ёхуд хорижий фойдаланувчини расмий қабул қилувчи ташкилот Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ёзма розилигини илова қилган ҳолда расмий хат тақдим этади. Хоҳишига кўра 3-босқич Фойдаланувчи 1. Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари ўқув залларида фойдаланувчиларнинг архив ҳужжатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида низом талаблари билан таништирилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги архив сўровномасини тўлдиради. 2. Архив ҳужжатлари, микронусхалар, босма нашрларга буюртма беради. 1. Давлат архивлари ўқув залларига биринчи маротаба ташриф буюрган кунда 2. Заруриятга кўра 4-босқич Давлат архивлари Архив ҳужжатлари, микронусхалар, босма нашрлар фойдаланувчиларга буюртмалар асосида тақдим этилади. икки иш кунигача муддатда 5-босқич Фойдаланувчи Тадқиқот мавзуси ўзгарганда ёки рухсатнома муддати тугаганида янги ариза тақдим этади. Заруриятга кўра

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 706-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини таъминлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини таъминлаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

архив — архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширадиган муассаса;

архив ҳужжатлари — фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамиятли бўлганлиги туфайли сақланиши лозим бўлган матнли, қўлёзма ва машинада ўқиладиган ҳужжатлар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари, чизмалар, схемалар, хариталар, шунингдек, бошқа турли моддий жисмлардаги ёзувлар;

идоравий архив — юридик шахснинг архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи таркибий бўлинмаси;

архив маълумотномаси — юридик кучга ва сўров асосидаги ҳужжатли маълумотга эга бўлган, берилаётган ҳужжатларнинг шифри, сақлов бирлиги варақларининг рақамлари кўрсатилган, архив бланкасида тузилган архив ҳужжати.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий ва вақтинча яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича таъминлайди.

4. Архив ҳужжатлари бўйича сўровлар юзасидан архив маълумотномалари ва жавоб хатлари шакллари Агентлик томонидан тасдиқланади.

2-боб. Сўровларни қабул қилиш тартиби

5. Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга хорижий давлатлардан, шу жумладан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (кейинги ўринларда — МДҲ) мамлакатларидан сўровлар қуйидаги тартибда келиб тушади:

а) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали:

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларининг белгиланган намунадаги сўровлари;

хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вербаль ноталари кўринишида;

б) МДҲ мамлакатлари пенсия фондлари, Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Бош котибларининг (қароргоҳлари, Ижро аппаратларининг) сўровлари;

в) тўғридан-тўғри чет элда истиқомат қилувчи фуқаролар, Америка Қўшма Штатлари, Исроил, Германия ва бошқа Иккинчи жаҳон уруши даврида жабрланганларга компенсация тўлаш масаласи билан шуғулланадиган давлатлар нотариал идоралари ҳамда хорижий нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлари сўровлари.

Сўровлар Агентлик ва унинг тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирлик ва идораларга интерактив хизматлар ёки уларнинг расмий электрон почта манзиллари орқали ҳам юборилиши мумкин.

6. Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўй берган воқеа-ҳодисалар, ҳолатлар тўғрисидаги сўровларни бажарадилар.

Сўровда хорижий мамлакатларда содир бўлган ҳолат мавжуд бўлса, сўров ҳужжатлар сақланаётган жойга тегишлилиги бўйича юбориш учун мурожаатчига ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига қайтарилади.

7. Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги меҳнат фаолияти, иш ҳақи, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, даволанишда бўлганлиги (госпиталдан ташқари), пенсия олганлиги, маълумоти, илмий даражалар ва унвонлар берилганлиги, давлат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирланганлиги, жамоат ташкилотлари ишларида қатнашганлиги, эвакуация қилинганлиги, мулкий ва фуқаровий ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга тегишли бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги сўровларини бажарадилар.

8. Агентлик тизимидаги архивлар ваколатига кирмайдиган қуйидаги сўровлар:

фуқаролик ҳолати далолатномалари бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномалар — Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари (кейинги ўринларда — ФҲДЁ) органлари томонидан уларнинг бажарилишини ташкил этувчи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига;

фуқаролар қидируви (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ваколатига кирадиган қидирув ҳолатлари бундан мустасно), собиқ ССР Иттифоқи ҳудудида эвакуация қилинганлик, Иккинчи жаҳон уруши даврида асирликда ҳамда гетто ва концлагерларда бўлганлик, шунингдек, собиқ ССР Иттифоқи ҳудудида ва хорижий давлатларда қабрларни сақланганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишда амалий ёрдам бериш бўйича — Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг Қидирув хизматига;

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида таҳсил олган чет эл фуқаролари учун белгиланган намунадаги маълумот тўғрисидаги асл ҳужжатларни талаб қилиб олиш бўйича — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, шунингдек, тизимига таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларга;

1941 — 1945 йиллардаги ва Афғонистондаги уруш даврида Ўзбекистон ҳудудидаги госпиталларда даволанишда бўлганлик тўғрисида — Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-тиббиёт музейига;

1992 йилга қадар хорижий мамлакатларда (Германия, Афғонистон ва бошқалар) армиядаги хизмат қилганлиги тўғрисида — Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг Марказий архивига юборилади.

Мазкур масалалар бўйича давлат архивларига келиб тушган сўровлар беш кундан кечиктирмай тааллуқлилиги бўйича тегишли органларга, бошқа ташкилотларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади. Бунда, келиб тушган электрон мурожаат бўйича жавоб хати мурожаат этувчига электрон шаклда юборилади.

Сўровларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ва ташкилотларга юбориш тақиқланади.

3-боб. Сўровларни ижро этиш тартиби

9. Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар эса ўз идоравий архивларида сақланаётган ҳужжатлар асосида сўровларнинг ижросини ташкил қилади.

Фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги меҳнат фаолияти, иш ҳақи, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, даволанишда бўлганлик (госпиталдан ташқари), пенсия олганлик, маълумоти, илмий даражалар ва унвонлар берилганлик, давлат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирланганлик, жамоат ташкилотлари ишларида қатнашганлик, эвакуация қилинганлиги, мулкий ва фуқаровий ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга тегишли бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги сўровлар Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 30 кундан ошмаган муддатда бажарилади.

Ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар бепул амалга оширилади.

Мавзули сўров бўйича тақдим этилган архив маълумотномаси учун архивлар ва идоравий архивлар томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматларнинг нархномасига асосан йиғим ундирилади.

Сўровлар ижро учун:

махсус манзилгоҳлар ва бошқа жойларга мажбурий кўчирилиш, сургун қилиниш, судланганларнинг тақдири ҳамда озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлганлик тўғрисида — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тезкор-маълумотлар бошқармасига;

Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Ички ишлар Халқ комиссарлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида хизмат қилганлик, шунингдек, қатағон қурбонларининг реабилитацияси бўйича — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг идоравий архивига ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тезкор маълумотлар бошқармасига;

Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий хизматни ўтаганлик, ҳарбийлашган муассасалар ва ташкилотларда ишлаганлик, ҳарбий таълим муассасаларида ўқиганлик тўғрисида — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий архивига юборилади.

10. Агентлик тизимидаги архивлар ёки нодавлат архивларга бевосита мурожаат этган, МДҲ мамлакатларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг сўровлари белгиланган тартибда ижро этилади ва архив маълумотномалари, жавоб хатлари архивлар томонидан собиқ ССР Иттифоқи давлат архивларига нисбатан ворислик тўғрисидаги битим асосида муаллифга мустақил равишда юборилади.

МДҲ мамлакатларидан бошқа хорижий давлатларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг давлат архивларига тўғридан-тўғри келиб тушган ҳар қандай сўровлари юзасидан тайёрланган архив маълумотномалари ва жавоб хатлари Агентлик орқали мурожаатчиларга юборилади.

МДҲ мамлакатларидан бошқа хорижий давлатларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг нодавлат архивларга тўғридан-тўғри келиб тушган ҳар қандай сўровлари юзасидан тайёрланган архив маълумотномалари ва жавоб хатлари ушбу архивлар томонидан мурожаатчига мустақил равишда ёки Агентлик орқали юборилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари томонидан Агентликка юборилган фуқароларнинг сўровлари давлат архивлари томонидан ижро этилади ва жавоблар, жумладан архив маълумотномалари Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.

Сўровлар, архив маълумотлари ва бошқа ҳужжатлар билан алмашиш жараёни Агентлик ва бошқа ташкилотлар ўртасида идоралараро электрон ҳужжат алмашиш тизимлари орқали амалга оширилиши мумкин. Мазкур тизимлар орқали юборилаётган архив маълумотномалари, жавоб хатлари масъул шахслар томонидан электрон рақамли имзо орқали QR-код кўринишида имзоланади ва ушбу ҳужжат ҳақиқий ҳисобланади.

Сўровларга жавоб хатлари ва архив маълумотномаларини тайёрлашда давлат архивлари ва нодавлат архивлардаги барча архив ҳужжатлари синчковлик билан ўрганилади, зарур ҳолларда эса идоравий архивлар ҳам жалб этилади.

11. Фуқароларнинг бошқа давлатлар архивларида сақланаётган ҳужжатларга оид сўровлари юзасидан тайёрланган жавоб хатлари мурожаатчиларга ушбу Низомнинг 10-бандига мувофиқ юборилади.

Хорижий давлатларда истиқомат қиладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг сўровлари ижроси юзасидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган гербли гувоҳномалар ва белгиланган халқаро намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатлардан ташқари асл ҳужжатлар юборилмайди.

Асл ҳужжатлар ўрнига ушбу ҳужжатлар асосида тайёрланган архив маълумотномалари ва зарур ҳолларда эса сўралаётган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалари юборилади.

12. Агентликнинг келиб тушган сўров ижроси юзасидан тайёрлаган жавобига асос бўлган Агентлик тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан олинган архив маълумотномалари ва бошқа ҳужжатлар МДҲ мамлакатларидан бошқа хорижий мамлакатларга бериб юборилмайди, маълумотлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги жавоб хатлари бундан мустасно.

Улар Ўзбекистон Миллий архиви томонидан хорижий мамлакатлар учун тегишли намунадаги архив маълумотномаси шаклида қайта расмийлаштирилади ва Агентликнинг расмий хати билан илова шаклида юборилади.

13. Агентлик томонидан қайта расмийлаштиришда архив маълумотномасига фақат давлат архивлари, нодавлат ва идоравий архивлар ҳужжатлари асосида тасдиқланган маълумотлар киритилади.

Архив маълумотномалари аниқ ва лўнда тузилади. Сўралаётган маълумотни тасдиқлаш учун зарур бўлган архив ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги, ҳужжатларнинг сақланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар архив маълумотномасига киритилмайди, бундай маълумотлар зарур ҳолларда кузатув хатида акс эттирилади.

Архив маълумотномасида шахснинг маълумотлари, уни ишга тайинлаш ва ишдан бўшатиш бўйича буйруқнинг рақамлари кўрсатилмайди.

14. Сўровда, вербаль нотада, хатда берилган фамилия, исм, отасининг исми архив ҳужжатларидаги маълумотларга мос келмаса ёки уларда исми, отасининг исми кўрсатилмаган, улардан бири кўрсатилган бўлса, исми, отасининг исмининг ёйилмасини бериш имкони бўлмаса, маълумотнома белгиланган шаклда расмийлаштирилади ва матнда «ҳужжатда шундай», «ҳужжатда кўрсатилмаган» изоҳи кўрсатилади.

15. Архив маълумотномаларини расмийлаштиришда фойдаланилган ҳужжатларнинг архив шифрлари, яъни фонд рўйхати, йиғмажилд рақами кўрсатилмайди, улар фақат иш юритувда қоладиган маълумотнома нусхасида акс эттирилади.

16. Архив маълумотномаси юқори сифатли А4 форматдаги қоғоз варағида расмийлаштирилади.

Зарур ҳолларда, варақнинг орқа бети ёки ёйилган варақдан фойдаланиш мумкин. Маълумотнома бир неча варақларда тузилган бўлса, улар тикилади ва тикилган жойи муҳрланади.

Архив маълумотномаларига ўчиришлар ва тузатишлар киритишга йўл қўйилмайди.

Архив маълумотномаси Ўзбекистон Миллий архиви директори томонидан имзоланади ва архив муҳри қўйилиб, маълумотномани қайд рақами ва санаси кўрсатилади.

17. Архив маълумотномасини расмийлаштириш ёки сўралган маълумотларни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар давлат архивлари, нодавлат ва идоравий архивларда бўлмаса, архив махсус бланкасида белгиланган шаклда маълумотлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги жавоб хати расмийлаштирилади.

Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юбориладиган хатларда маълумотлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги жавобнинг сабаблари кўрсатилади. Мазкур хатда ҳужжатлар, маълумотлар мавжуд эмаслиги ва тўлиқ бўлмаганлиги маълум қилинади.

18. Архивларга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматига шахсан мурожаат қилган МДҲ мамлакатларидан бошқа хорижий мамлакатлар фуқароларининг сўровларига жавоблар Агентликнинг тушунтириш хати ва мурожаатчининг манзили билан ўн иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тегишли мамлакатларнинг элчихонаси ёки ваколатхонасига ва/ёки мурожаат муаллифига электрон ёки оддий почта орқали йўллаш учун юборилади.

19. Сўровлар ижроси юзасидан тайёрланадиган архив маълумотномалари, агар халқаро шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, давлат тили ёки рус тилида ёки имконият бўлган тақдирда — бошқа мақбул тилда расмийлаштирилади.

20. Хорижий давлатлардан келиб тушган ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровларнинг ҳисоби, шунингдек, уларнинг ижроси бўйича ёзишмаларни шакллантириш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сўровлари бўйича иш юритувидан алоҳида амалга оширилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

21. Агентлик ва унинг тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга келиб тушган сўровлар ҳамда улар томонидан тайёрланган архив маълумотномалари нусхалари 3 йил сақланади ва йўқ қилиниши мумкин.

22. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

23. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг хориждан келиб тушган сўровлари ижросини таъминлаш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан хориждан келиб тушган архив ҳужжатлари бўйича сўровлар ижросини таъминлаш

Босқичлар Субъектлар Та д бирлар Бажариш муддатлари 1-босқ и ч Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий ва вақтинча яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар; Хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлат органлари ҳамда нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлари Қуйидаги тартибда сўровлар юборилади: 1. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари сўровлари, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари вербаль ноталари — Ташқи ишлар вазирлиги орқали; 2. Чет элда истиқомат қилувчи фуқаролар, МДҲ мамлакатлари пенсия фондлари, Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари, хорижий давлатлар нотариал идоралари ҳамда хорижий нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлари — архивларга тўғридан-тўғри. Заруриятга кўра 2-босқич «Ўзархив» агентилиги тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, идоравий архивлар 1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўй берган воқеа-ҳодисалар, ҳолатлар тўғрисидаги сўровлар: ушбу архивда сақланаётган ҳужжатлар асосида ижро қилиш имконияти бўлса ижрога қабул қилинади; архивлар ваколатига кирмайдиган сўровлар тегишлилиги бўйича юборилади. 2. Хорижий мамлакатларда содир бўлган ҳолатлар тўғрисидаги сўровлар тегишлилиги бўйича юбориш учун мурожаатчига ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига қайтарилади. 5 иш кунидан кечиктирмай 3-босқич «Ўзархив» агентилиги тизимидаги архивлар, нодавлат архивлар, идоравий архивлар — ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар, бошқа мавзули сўровлар бўйича. Ички ишлар вазирлигининг Тезкор-маълумотлар бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизматининг идоравий архиви, Мудофаа вазирлигининг Марказий архиви * . Сўровлар бўйича архив маълумотномаси расмийлаштиради ҳамда: а) Ташқи ишлар вазирлиги орқали келиб тушган сўровлар бўйича — мурожаатчига тақдим этиш учун Ташқи ишлар вазирлигига юборади; б) архивларга тўғридан-тўғри келиб тушган сўровлар бўйича: МДҲ мамлакатларида истиқомат қилувчи/жойлашган мурожаатчиларга — мустақил равишда юборади; бошқа хорижий давлатларда истиқомат қилувчи/жойлашган мурожаатчиларга — тайёрланган архив маълумотномаларини «Ўзархив» агентлигига юборади. 30 кундан ошмаган муддатда 4-босқич «Ўзархив» агентилиги, Ўзбекистон Миллий архиви Архив маълумотномаси Миллий архиви томонидан хорижий мамлакатлар учун тегишли намунадаги архив маълумотномаси шаклида қайта расмийлаштирилади; «Ўзархив» агентлигининг тушунтириш хати шакллантирилади ҳамда мурожаатчига юборилади. 10 иш кунидан кечиктирмай

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 10 ноябрь,

706-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.11.2020 й., 09/20/706/1497-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/788/1215-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 14.07.2022 й., 09/22/385/0643-сон; 24.07.2024 й., 09/24/439/0543-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

NIZOM

SXEMASI

Arxiv ishi va ish yuritish sohasiga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat huquqiy siyosatini amalga oshirishda adliya organlari va muassasalari faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 15-maydagi PF-5997-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, arxiv ishi va ish yuritish sohasidagi faoliyatni yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

davlat arxivlari oʻquv zallarida arxiv hujjatlaridan foydalanish tartibini, foydalanuvchining huquq va majburiyatlarini, shuningdek, davlat arxivlari oʻquv zallarida arxiv hujjatlarini taqdim etish tartibini nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi davlat arxivlari oʻquv zallarida foydalanuvchilarning arxiv hujjatlari bilan ishlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

xorijdan kelib tushgan arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlar ijrosini taʼminlashning umumiy qoidalarini, arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlarni qabul qilish tartibini hamda arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlarni ijro etish tartibini nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash yuzasidan xorijdan kelib tushgan arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlar ijrosini taʼminlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 5-apreldagi 101-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2012-y., 15-son, 168-modda) bilan tasdiqlangan Arxiv hujjatlarini jamlash, davlat hisobiga olish, saqlash va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :

a) 136-bandning beshinchi xatboshisidagi “Oʻzarxiv” agentligi belgilagan va belgilangan tartibda tasdiqlangan tartibda” soʻzlari “Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) 137-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Arxivning oʻquv zalida foydalanuvchilarning arxiv hujjatlari bilan ishlash tartibi, ularning huquq va majburiyatlari Oʻzbekiston Respublikasi davlat arxivlari oʻquv zallarida foydalanuvchilarning arxiv hujjatlari bilan ishlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom bilan belgilanadi. Arxiv foydalanuvchilarni ushbu Nizom bilan tanishtirishi shart. Foydalanuvchilarga xizmat koʻrsatish imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda, arxiv ularga xizmat koʻrsatish vaqti va navbatini belgilashi mumkin”.

3. Oʻzbekiston Respublikasi “Oʻzarxiv” agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining maslahatchisi — IT-texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va innovatsion faoliyatni rivojlantirish masalalari departamenti boshligʻi O.M. Umarov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 10-noyabrdagi 706-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi davlat arxivlari oʻquv zallarida foydalanuvchilarning arxiv hujjatlari bilan ishlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi davlat arxivlari (keyingi oʻrinlarda — arxiv) oʻquv zallarida (kinozal, fono hujjat eshitish xonalari va boshqalarda) foydalanuvchilarning arxiv hujjatlari bilan ishlash tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

arxiv hujjatlaridan foydalanish — arxiv hujjatlarini xizmat, ishlab chiqarish, ilmiy, madaniy, maʼrifiy, taʼlim maqsadida va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa maqsadlarda arxivlar tomonidan foydalanuvchilarga taqdim etish;

ilmiy-maʼlumotnoma apparati — arxiv hujjatlarining tarkibi va mazmuni toʻgʻrisida yagona ilmiy-uslubiy asosda tuzilgan, bir-biri bilan bogʻliq, oʻzaro toʻldiruvchi arxiv maʼlumotnomalari majmui (arxivning ilmiy-maʼlumotnoma tizimi);

foydalanuvchi — arxiv hujjatlaridan zarur maʼlumotlarni olish va ulardan foydalanish uchun arxivga murojaat etuvchi yuridik yoki jismoniy shaxs.

3. Arxiv xodimlarining foydalanuvchiga xizmat koʻrsatish tartibi Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 5-apreldagi 101-son qarori bilan tasdiqlangan Arxiv hujjatlarini jamlash, davlat hisobiga olish, saqlash va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom va Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Oʻzarxiv” agentligi tomonidan tasdiqlangan boshqa hujjatlar bilan belgilanadi.

4. Barcha foydalanuvchilar arxiv hujjatlarini kirib koʻrishda teng huquqqa ega.

5. Oʻquv zallariga kirish va arxiv hujjatlaridan foydalanish ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga davlat arxivlari oʻquv zallarida arxiv hujjatlaridan foydalanishga ruxsatnoma Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-noyabrdagi 612-son qarori bilan tasdiqlangan Jismoniy va yuridik shaxslarga maʼlumotnomalar berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning yagona maʼmuriy reglamentiga muvofiq beriladi.

6. Oʻquv zallarining ish tartibi arxiv rahbariyati tomonidan belgilanadi.

2-bob. Davlat arxivlari oʻquv zallarida arxiv hujjatlaridan foydalanish tartibi

11. Sud tomonidan muomala layoqati cheklangan yoki muomalaga layoqatsiz deb topilgan shaxslarga arxiv hujjatlaridan foydalanishga ruxsat berilmaydi.

Sud tomonidan muomala layoqati cheklangan yoki muomalaga layoqatsiz deb topilgan shaxslar davlat arxivlari tomonidan idoralararo elektron tizimlar orqali aniqlanadi.

Voyaga yetmaganlar oʻquv zallariga ota-onalari yoki tartibga rioya etishga masʼul boshqa qonuniy vakillari bilan kiritiladi.

12. Barcha foydalanuvchilar ushbu Nizom talablari bilan tanishtiriladi va Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Oʻzarxiv” agentligi tomonidan tasdiqlangan shakldagi arxiv soʻrovnomasini toʻldiradilar.

13. Chet el fuqarosi boʻlgan foydalanuvchilar davlat arxivlari oʻquv zallarida arxiv hujjatlaridan, agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligining yozma roziligi bilan foydalanadi.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligining yozma roziligi Oʻzbekistondagi xorijiy davlat elchixonasi, boshqa vakolatli organlar yoki foydalanuvchini rasmiy qabul qiluvchi tashkilot orqali rasmiylashtiriladi. Unda foydalanuvchi doimiy yashaydigan davlat nomi, foydalanuvchining familiyasi, ismi, otasining ismi, maʼlumoti, ilmiy darajasi, xizmat, ishlab chiqarish, ilmiy, madaniy, maʼrifiy, taʼlim va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa ishlarni olib borayotganligi va qaysi arxivlarda ishlashi koʻrsatilishi shart.

15. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligining xorijiy foydalanuvchiga davlat arxivi hujjatlari bilan aniq maqsadlar boʻyicha ishlash uchun yozma roziligi olingandan soʻng xorijiy davlatlarning elchixonasi yoki boshqa vakolatli organ yoxud foydalanuvchini rasmiy qabul qiluvchi tashkilot tegishli davlat arxiviga rasmiy xat taqdim etadi.

16. Rasmiy xatda Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligining xorijiy foydalanuvchiga Oʻzbekiston Respublikasining tegishli davlat arxivlarida ishlash uchun roziligi koʻrsatilishi kerak, unda hujjat raqami va sanasi, shuningdek, foydalanuvchining familiyasi, ismi, otasining ismi, lavozimi, maʼlumoti, ilmiy darajasi, unvoni, ish joyi yoki oʻqish joyi, xizmat, ishlab chiqarish, ilmiy, madaniy, maʼrifiy, taʼlim va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa ishlarni olib borayotganligi, izlanish olib borish nazarda tutilgan arxivlar nomi va hujjatlar koʻrsatiladi.

17. Foydalanuvchiga arxivdagi mavjud ilmiy-maʼlumot apparati (yoʻl koʻrsatkich, roʻyxatlar, kataloglar), shu jumladan kino, foto va fono hujjatlar nusxalari, mikronusxalar, elektron hujjatlar bilan ishlash uchun texnik jihozlar taqdim etiladi.

3-bob. Foydalanuvchining huquq va majburiyatlari

18. Davlat arxivlarning oʻquv zallarida ishlayotgan foydalanuvchi quyidagi huquqlarga ega:

oʻquv zallarining ish tartibi, arxiv tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar va ularni koʻrsatish shartlari toʻgʻrisida maʼlumotlar olish;

izlanish maqsadi boʻyicha mavjud hujjatlarning tarkibi va mazmuni, arxiv maʼlumotlari toʻgʻrisida arxiv mutaxassislaridan maslahatlar olish;

izlanish maqsadi boʻyicha hujjatlarni berish va nusxa koʻchirishga cheklovlar, shuningdek, ularning amal qilish muddatlari toʻgʻrisida ogʻzaki yoki yozma axborot olish;

bosma nashrlar saqlovxonalarining bosma nashrlaridan (ilmiy-maʼlumotnoma kutubxonalari, maʼlumotnoma va axborot fondlari) foydalanish;

izlanish maqsadi boʻyicha arxiv hujjatlaridan nusxa olishga buyurtma berish, yigʻmajildlar, arxiv hujjatlari, arxiv maʼlumotnomalaridan koʻchirmalar olish;

arxiv rahbariyatining yozma ruxsati bilan boshqa foydalanuvchilarning ishlashiga xalaqit bermagan holda shaxsiy texnik vositalaridan (noutbuk, netbuk, diktofon va boshqalardan) foydalanish yoki arxiv texnik vositalarini ijaraga olish;

izlanish maqsadiga tegishli ishlanmalar va matnli hujjatlarni arxiv ruxsatnomasiga asosan olib kirish va olib chiqish.

19. Foydalanuvchi quyidagilarga majbur:

davlat arxivlari oʻquv zallarining ish tartibiga rioya etish, tozalik va tinchlikni saqlash;

oʻquv zaliga har bir tashrifida qayd etish jurnalida roʻyxatdan oʻtish;

koʻrib chiqilgan yigʻmajildlardan foydalanish varaqalarini toʻldirish, unda foydalanish sanasi, ismi, familiyasi, otasining ismi, foydalanish shaklini (nusxa olish, koʻchirma olish, koʻrib chiqish va boshqalar) aks ettirish;

oʻquv zaliga har bir tashrif yakunida unga taqdim etilgan roʻyxatlar, yigʻmajildlar (saqlov birliklari), arxiv hujjatlari, bosma nashrlarni oʻquv zali xodimiga topshirish;

mikronusxalar, maxsus axborot tashuvchilardagi hujjatlar bilan ishlashda texnik talablarga rioya qilish;

qoʻriqlash xizmati talablariga rioya etish, favqulodda vaziyatlarda (yongʻin, avariya va boshqa xavflar yuzaga kelganda) va boshqa zarur hollarda shaxsiy buyumlarni arxiv xodimlariga koʻrsatish;

arxiv hujjatlariga yetkazilgan shikastlar yoki arxiv hujjatlaridagi yetishmovchiliklar aniqlanganligi toʻgʻrisida tezkor ravishda arxiv va idoraviy arxiv xodimlariga xabar berish;

arxiv hujjatlaridan olingan maʼlumotlarni buzib koʻrsatish yoki soxtalashtirishga yoʻl qoʻymaslik.

20. Foydalanuvchining qoʻlyozma maʼlumotlari ruxsatnomasiz olib chiqiladi.

21. Arxiv rahbariyati ruxsati bilan foydalanuvchiga tarjimonlar yoki yordamchilar hamroh boʻlishiga yoʻl qoʻyiladi. Hamroh boʻluvchi shaxslar oʻquv zallarida ishlash uchun umumiy shartlarga koʻra rasmiylashtiriladi.

22. Davlat arxivlarining oʻquv zallari qoidalarini buzgan foydalanuvchi arxivning oʻquv zalida ishlash huquqidan mahrum boʻlishi mumkin. Bu haqida qaror arxiv rahbariyati tomonidan qabul qilinadi.

23. Arxiv hujjatlariga ziyon yetkazish va oʻgʻirlash, shuningdek, arxivga moddiy zarar yetkazgan foydalanuvchi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

4-bob. Arxiv hujjatlarini taqdim etish tartibi

24. Arxiv hujjatlari, mikronusxalar, bosma nashrlar foydalanuvchilarga buyurtmalar asosida taqdim etiladi.

25. Arxiv hujjatlari, bosma nashrlar va arxiv maʼlumotnomalari foydalanuvchiga taqdim etilgan materiallarning har biriga buyurtma shaklida kelib tushgan holda beriladi. Buyurtma qilingan materiallarni qabul qilishda foydalanuvchi buyurtma shakliga imzo qoʻyadi.

26. Bir vaqtning oʻzida foydalanuvchiga 5 tagacha roʻyxat, 15 tagacha yigʻmajild/arxiv hujjati (15 tagacha mikronusxa byuksi), xizmat safaridagi foydalanuvchilar uchun 8 tagacha roʻyxat va 20 tagacha yigʻmajild yoki 15 — 20 saqlov birligida uzogʻi bilan 3 soat vaqt mobaynida eshitiladigan kino-foto-fonohujjatlar beriladi.

27. Buyurtma qilingan yigʻmajildlar va arxiv hujjatlari ikki ish kunigacha muddatda taqdim etiladi.

28. Oʻquv zalida saqlanayotgan ilmiy-maʼlumot apparati (yoʻl koʻrsatkich, roʻyxatlar, kataloglar) va boshqa bosma nashrlar foydalanuvchiga buyurtma kuni taqdim etiladi.

29. Foydalanuvchiga roʻyxatlar besh kun muddatga beriladi. Yagona nusxada boʻlgan, markazlashgan holda saqlanayotgan yigʻmajildlar (hujjatlar) roʻyxatlar qoidaga koʻra, bir kundan koʻp boʻlmagan muddatga, arxiv rahbari yoki uning oʻrinbosarining ruxsati bilan beriladi va arxiv hujjatlarining aslini berishdagi kabi tartibda rasmiylashtiriladi.

30. Oʻquv zalida foydalanuvchiga yigʻmajildlar va mikronusxalar ikki oy muddatga beriladi.

Alohida qimmatli hujjatlar (agar ularning foydalanish nusxalari boʻlmasa) foydalanuvchiga ikki haftadan koʻp boʻlmagan muddatga, noyob hujjatlar esa 5 kunga beriladi.

31. Foydalanuvchining soʻroviga koʻra oʻquv zallarida arxiv hujjatlarini saqlash va ulardan foydalanish muddati oʻquv zali xodimi tomonidan, alohida qimmatli hamda noyob hujjatlar uchun esa — arxiv rahbariyati tomonidan uzaytirilishi mumkin.

32. Foydalanish fondi mavjud boʻlgan qogʻoz koʻrinishidagi asl hujjatlar oʻquv zallariga taqdim etilmaydi.

Asl hujjatlar arxiv rahbariyati ruxsati bilan maxsus sharoitlarda (tashqi xususiyatni oʻrganish maqsadida, texnik uskunalar yetishmovchiligi, nusxalar sifatsizligi va boshqalar) berilishiga yoʻl qoʻyiladi, kino-foto-fono hujjatlar foydalanuvchiga nusxa koʻrinishida taqdim etiladi.

33. Arxiv hujjatlarining saqlanishini va xavfsizligini taʼminlash maqsadida quyidagilar taqiqlanadi:

oʻquv xonalariga portfellar, sport va xoʻjalik sumkalari, soyabon, qoʻl telefonlari va maʼlumot tashish vositalari bilan kirishi;

oziq-ovqat, tamaki mahsulotlari va ichimliklar isteʼmol qilish;

oʻquv xonalaridan arxiv hujjatlarini olib chiqib ketish, ularni boshqa shaxslarga berish, yigʻmajilddagi varaqlarni boshqalariga qoʻshib yuborish;

arxiv hujjatlarining ustki varaqlariga yozish, varaqlar chetini buklash, begona buyumlarni hujjat orasiga qoʻyish;

hujjatlardan ruxsatsiz nusxa koʻchirish;

uzoq vaqt hujjatlarni ochiq holda quyosh va elektr nurlaridan himoyasiz qoldirish;

arxiv hujjatlariga va ularni tashuvchi axborot vositalarining butligiga salbiy taʼsir koʻrsatish;

hujjatlar bilan ishlashda yelim, skotch, nusxa olish qogʻozi, marker, siyohli ruchka, qaychi va boshqa kesuvchi vositalardan foydalanish;

arxiv hujjatlari maʼlumotlariga oʻzgartirishlar kiritish, belgilar qoʻyish, toʻgʻrilash, chizish.

34. Foydalanuvchi tomonidan roʻyxatlar va yigʻmajildlar (saqlov birliklari), arxiv hujjatlarining holati va saqlanishi oʻquv zali xodimi ishtirokida tekshirib qabul qilib olinadi.

Foydalanuvchi arxiv hujjatlaridagi biror-bir kamchilikni, varaqlar yetishmovchiligini, tartib raqami notoʻgʻri ekanligini aniqlasa, oʻquv zali xodimiga murojaat qiladi.

35. Yigʻmajildlarni (arxiv hujjatlarini) taqdim etishni asosli kechiktirish yoki rad etishga quyidagi hollarda yoʻl qoʻyiladi:

yigʻmajildlar (arxiv hujjatlari) restavratsiyaga muhtoj boʻlganida;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq yoki fond tashkil etuvchi tomonidan hujjatlar doimiy saqlov uchun topshirilayotganda, hujjatlardan foydalanish boʻyicha cheklov oʻrnatilganda;

tezkor xizmat topshiriqlarini bajarish zarurati (maʼlumotnoma ishlari, fondlarni mavzuli ishlab chiqish, qayta tiklash (restavratsiya) axborot materiallarini tayyorlash, ilmiy-texnik ishlov berish va boshqalar) yuzaga kelganda;

arxiv hujjatlari boshqa tashkilotlarga vaqtincha foydalanish uchun taqdim etilganda;

arxiv hujjatlari boshqa foydalanuvchiga taqdim etilganda;

buyurtma qilingan yigʻmajild yoki arxiv hujjatlari koʻrgazmada namoyish etilganda.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

36. Ilmiy-texnik ishlov berilmagan yigʻmajildlar (arxiv hujjatlari) oʻquv zaliga berilmaydi.

37. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

38. Ushbu Nizomni amalga oshirishda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.

Oʻzbekiston Respublikasi davlat arxivlari oʻquv zallarida foydalanuvchilarning arxiv hujjatlari bilan ishlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi davlat arxivlari oʻquv zallarida foydalanuvchilarning arxiv hujjatlari bilan ishlash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Foydalanuvchi: 1. Shaxsiy tashabbus bilan mustaqil tadqiqot olib borayotgan shaxs. 2. Tegishli tashkilotlarning rejaga muvofiq xizmat, ishlab chiqarish, ilmiy, madaniy, maʼrifiy, taʼlim va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa ishlarni yoki xizmat vazifalarini bajarayotgan shaxs. 3. Chet el fuqarosi boʻlgan foydalanuvchi. 1. Oʻquv zallarida arxiv hujjatlaridan foydalanish boʻyicha belgilangan tartibda ariza taqdim etadi. 3. Chet el fuqarosi boʻlgan foydalanuvchilar boʻyicha Xorijiy davlatlarning elchixonasi yoki boshqa vakolatli organ yoxud xorijiy foydalanuvchini rasmiy qabul qiluvchi tashkilot Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligining yozma roziligini ilova qilgan holda rasmiy xat taqdim etadi. Xohishiga koʻra 3-bosqich Foydalanuvchi 1. Oʻzbekiston Respublikasi davlat arxivlari oʻquv zallarida foydalanuvchilarning arxiv hujjatlari bilan ishlash tartibi toʻgʻrisida nizom talablari bilan tanishtiriladi. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Oʻzarxiv” agentligi tomonidan tasdiqlangan shakldagi arxiv soʻrovnomasini toʻldiradi. 2. Arxiv hujjatlari, mikronusxalar, bosma nashrlarga buyurtma beradi. 1. Davlat arxivlari oʻquv zallariga birinchi marotaba tashrif buyurgan kunda 2. Zaruriyatga koʻra 4-bosqich Davlat arxivlari Arxiv hujjatlari, mikronusxalar, bosma nashrlar foydalanuvchilarga buyurtmalar asosida taqdim etiladi. ikki ish kunigacha muddatda 5-bosqich Foydalanuvchi Tadqiqot mavzusi oʻzgarganda yoki ruxsatnoma muddati tugaganida yangi ariza taqdim etadi. Zaruriyatga koʻra

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 10-noyabrdagi 706-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash yuzasidan xorijdan kelib tushgan arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlar ijrosini taʼminlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash yuzasidan xorijdan kelib tushgan arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlar ijrosini taʼminlash tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

arxiv — arxiv hujjatlarini jamlash, hisobga olish, saqlash va ulardan foydalanishni amalga oshiradigan muassasa;

arxiv hujjatlari — fuqarolar, jamiyat va davlat uchun ahamiyatli boʻlganligi tufayli saqlanishi lozim boʻlgan matnli, qoʻlyozma va mashinada oʻqiladigan hujjatlar, ovozli yozuvlar, videoyozuvlar, kinolentalar, fotosuratlar, fotografiya plyonkalari, chizmalar, sxemalar, xaritalar, shuningdek, boshqa turli moddiy jismlardagi yozuvlar;

idoraviy arxiv — yuridik shaxsning arxiv hujjatlarini jamlash, hisobga olish, saqlash va ulardan foydalanishni amalga oshiruvchi tarkibiy boʻlinmasi;

arxiv maʼlumotnomasi — yuridik kuchga va soʻrov asosidagi hujjatli maʼlumotga ega boʻlgan, berilayotgan hujjatlarning shifri, saqlov birligi varaqlarining raqamlari koʻrsatilgan, arxiv blankasida tuzilgan arxiv hujjati.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Oʻzarxiv” agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, shuningdek, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida doimiy va vaqtincha yashaydigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining, chet el fuqarolari hamda fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash yuzasidan arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlar ijrosini ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha taʼminlaydi.

4. Arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlar yuzasidan arxiv maʼlumotnomalari va javob xatlari shakllari Agentlik tomonidan tasdiqlanadi.

2-bob. Soʻrovlarni qabul qilish tartibi

5. Agentlik tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, shuningdek, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlarga xorijiy davlatlardan, shu jumladan Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi (keyingi oʻrinlarda — MDH) mamlakatlaridan soʻrovlar quyidagi tartibda kelib tushadi:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi orqali:

Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi konsullik muassasalarining belgilangan namunadagi soʻrovlari;

xorijiy davlatlarning diplomatik vakolatxonalari va konsullik muassasalari verbal notalari koʻrinishida;

b) MDH mamlakatlari pensiya fondlari, Qizil Xoch va Qizil Yarim oy jamiyatlari Bosh kotiblarining (qarorgohlari, Ijro apparatlarining) soʻrovlari;

v) toʻgʻridan-toʻgʻri chet elda istiqomat qiluvchi fuqarolar, Amerika Qoʻshma Shtatlari, Isroil, Germaniya va boshqa Ikkinchi jahon urushi davrida jabrlanganlarga kompensatsiya toʻlash masalasi bilan shugʻullanadigan davlatlar notarial idoralari hamda xorijiy nodavlat va nohukumat tashkilotlari soʻrovlari.

Soʻrovlar Agentlik va uning tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, shuningdek, vazirlik va idoralarga interaktiv xizmatlar yoki ularning rasmiy elektron pochta manzillari orqali ham yuborilishi mumkin.

6. Agentlik tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, shuningdek, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar faqat Oʻzbekiston Respublikasi hududida roʻy bergan voqea-hodisalar, holatlar toʻgʻrisidagi soʻrovlarni bajaradilar.

Soʻrovda xorijiy mamlakatlarda sodir boʻlgan holat mavjud boʻlsa, soʻrov hujjatlar saqlanayotgan joyga tegishliligi boʻyicha yuborish uchun murojaatchiga yoki Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligiga qaytariladi.

7. Agentlik tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, shuningdek, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar fuqarolarning Oʻzbekiston hududidagi mehnat faoliyati, ish haqi, ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisalar, davolanishda boʻlganligi (gospitaldan tashqari), pensiya olganligi, maʼlumoti, ilmiy darajalar va unvonlar berilganligi, davlat mukofotlari, orden va medallar bilan taqdirlanganligi, jamoat tashkilotlari ishlarida qatnashganligi, evakuatsiya qilinganligi, mulkiy va fuqaroviy huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini taʼminlashga tegishli boshqa hujjatlar toʻgʻrisidagi soʻrovlarini bajaradilar.

8. Agentlik tizimidagi arxivlar vakolatiga kirmaydigan quyidagi soʻrovlar:

fuqarolik holati dalolatnomalari boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi guvohnomalar — Fuqarolik holati dalolatnomalari yozuvlari (keyingi oʻrinlarda — FHDY) organlari tomonidan ularning bajarilishini tashkil etuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga;

fuqarolar qidiruvi (Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi vakolatiga kiradigan qidiruv holatlari bundan mustasno), sobiq SSR Ittifoqi hududida evakuatsiya qilinganlik, Ikkinchi jahon urushi davrida asirlikda hamda getto va konslagerlarda boʻlganlik, shuningdek, sobiq SSR Ittifoqi hududida va xorijiy davlatlarda qabrlarni saqlanganligi toʻgʻrisidagi hujjatlarni taqdim etishda amaliy yordam berish boʻyicha — Oʻzbekiston Qizil yarim oy jamiyatining Qidiruv xizmatiga;

Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalarida tahsil olgan chet el fuqarolari uchun belgilangan namunadagi maʼlumot toʻgʻrisidagi asl hujjatlarni talab qilib olish boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi, shuningdek, tizimiga taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idoralar hamda boshqa tashkilotlarga;

1941 — 1945-yillardagi va Afgʻonistondagi urush davrida Oʻzbekiston hududidagi gospitallarda davolanishda boʻlganlik toʻgʻrisida — Rossiya Federatsiyasi Mudofaa vazirligining Harbiy-tibbiyot muzeyiga;

1992-yilga qadar xorijiy mamlakatlarda (Germaniya, Afgʻoniston va boshqalar) armiyadagi xizmat qilganligi toʻgʻrisida — Rossiya Federatsiyasi Mudofaa vazirligining Markaziy arxiviga yuboriladi.

Mazkur masalalar boʻyicha davlat arxivlariga kelib tushgan soʻrovlar besh kundan kechiktirmay taalluqliligi boʻyicha tegishli organlarga, boshqa tashkilotlarga yuborilib, bu haqda murojaat etuvchiga yozma yoki elektron shaklda xabar qilinadi. Bunda, kelib tushgan elektron murojaat boʻyicha javob xati murojaat etuvchiga elektron shaklda yuboriladi.

Soʻrovlarni koʻrib chiqish uchun asossiz ravishda boshqa davlat organlariga va tashkilotlarga yuborish taqiqlanadi.

3-bob. Soʻrovlarni ijro etish tartibi

9. Agentlik tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar esa oʻz idoraviy arxivlarida saqlanayotgan hujjatlar asosida soʻrovlarning ijrosini tashkil qiladi.

Fuqarolarning Oʻzbekiston hududidagi mehnat faoliyati, ish haqi, ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisalar, davolanishda boʻlganlik (gospitaldan tashqari), pensiya olganlik, maʼlumoti, ilmiy darajalar va unvonlar berilganlik, davlat mukofotlari, orden va medallar bilan taqdirlanganlik, jamoat tashkilotlari ishlarida qatnashganlik, evakuatsiya qilinganligi, mulkiy va fuqaroviy huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini taʼminlashga tegishli boshqa hujjatlar toʻgʻrisidagi soʻrovlar Agentlik tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar tomonidan roʻyxatga olingan vaqtdan boshlab 30 kundan oshmagan muddatda bajariladi.

Ijtimoiy-huquqiy mazmundagi soʻrovlar bepul amalga oshiriladi.

Mavzuli soʻrov boʻyicha taqdim etilgan arxiv maʼlumotnomasi uchun arxivlar va idoraviy arxivlar tomonidan koʻrsatiladigan pullik xizmatlarning narxnomasiga asosan yigʻim undiriladi.

Soʻrovlar ijro uchun:

maxsus manzilgohlar va boshqa joylarga majburiy koʻchirilish, surgun qilinish, sudlanganlarning taqdiri hamda ozodlikdan mahrum etish joylarida boʻlganlik toʻgʻrisida — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Tezkor-maʼlumotlar boshqarmasiga;

Oʻzbekiston Sovet Sotsialistik Respublikasi Davlat xavfsizlik qoʻmitasi, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy xavfsizlik xizmati, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati, Oʻzbekiston Sovet Sotsialistik Respublikasi Ichki ishlar Xalq komissarligi, Ichki ishlar vazirligi va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi organlarida xizmat qilganlik, shuningdek, qatagʻon qurbonlarining reabilitatsiyasi boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatining idoraviy arxiviga va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Tezkor maʼlumotlar boshqarmasiga;

Oʻzbekiston hududida harbiy xizmatni oʻtaganlik, harbiylashgan muassasalar va tashkilotlarda ishlaganlik, harbiy taʼlim muassasalarida oʻqiganlik toʻgʻrisida — Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining Markaziy arxiviga yuboriladi.

10. Agentlik tizimidagi arxivlar yoki nodavlat arxivlarga bevosita murojaat etgan, MDH mamlakatlarida istiqomat qiluvchi fuqarolarning soʻrovlari belgilangan tartibda ijro etiladi va arxiv maʼlumotnomalari, javob xatlari arxivlar tomonidan sobiq SSR Ittifoqi davlat arxivlariga nisbatan vorislik toʻgʻrisidagi bitim asosida muallifga mustaqil ravishda yuboriladi.

MDH mamlakatlaridan boshqa xorijiy davlatlarda istiqomat qiluvchi fuqarolarning davlat arxivlariga toʻgʻridan-toʻgʻri kelib tushgan har qanday soʻrovlari yuzasidan tayyorlangan arxiv maʼlumotnomalari va javob xatlari Agentlik orqali murojaatchilarga yuboriladi.

MDH mamlakatlaridan boshqa xorijiy davlatlarda istiqomat qiluvchi fuqarolarning nodavlat arxivlarga toʻgʻridan-toʻgʻri kelib tushgan har qanday soʻrovlari yuzasidan tayyorlangan arxiv maʼlumotnomalari va javob xatlari ushbu arxivlar tomonidan murojaatchiga mustaqil ravishda yoki Agentlik orqali yuborilishi mumkin.

Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi va Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi konsullik muassasalari tomonidan Agentlikka yuborilgan fuqarolarning soʻrovlari davlat arxivlari tomonidan ijro etiladi va javoblar, jumladan arxiv maʼlumotnomalari Agentlik tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligiga yuboriladi.

Soʻrovlar, arxiv maʼlumotlari va boshqa hujjatlar bilan almashish jarayoni Agentlik va boshqa tashkilotlar oʻrtasida idoralararo elektron hujjat almashish tizimlari orqali amalga oshirilishi mumkin. Mazkur tizimlar orqali yuborilayotgan arxiv maʼlumotnomalari, javob xatlari masʼul shaxslar tomonidan elektron raqamli imzo orqali QR-kod koʻrinishida imzolanadi va ushbu hujjat haqiqiy hisoblanadi.

Soʻrovlarga javob xatlari va arxiv maʼlumotnomalarini tayyorlashda davlat arxivlari va nodavlat arxivlardagi barcha arxiv hujjatlari sinchkovlik bilan oʻrganiladi, zarur hollarda esa idoraviy arxivlar ham jalb etiladi.

11. Fuqarolarning boshqa davlatlar arxivlarida saqlanayotgan hujjatlarga oid soʻrovlari yuzasidan tayyorlangan javob xatlari murojaatchilarga ushbu Nizomning 10-bandiga muvofiq yuboriladi.

Xorijiy davlatlarda istiqomat qiladigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga ularning soʻrovlari ijrosi yuzasidan fuqarolik holati dalolatnomalarini roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisida FHDY organlari tomonidan beriladigan gerbli guvohnomalar va belgilangan xalqaro namunadagi taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatlardan tashqari asl hujjatlar yuborilmaydi.

Asl hujjatlar oʻrniga ushbu hujjatlar asosida tayyorlangan arxiv maʼlumotnomalari va zarur hollarda esa soʻralayotgan hujjatlarning belgilangan tartibda tasdiqlangan nusxalari yuboriladi.

12. Agentlikning kelib tushgan soʻrov ijrosi yuzasidan tayyorlagan javobiga asos boʻlgan Agentlik tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, shuningdek, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlardan olingan arxiv maʼlumotnomalari va boshqa hujjatlar MDH mamlakatlaridan boshqa xorijiy mamlakatlarga berib yuborilmaydi, maʼlumotlar mavjud emasligi toʻgʻrisidagi javob xatlari bundan mustasno.

Ular Oʻzbekiston Milliy arxivi tomonidan xorijiy mamlakatlar uchun tegishli namunadagi arxiv maʼlumotnomasi shaklida qayta rasmiylashtiriladi va Agentlikning rasmiy xati bilan ilova shaklida yuboriladi.

13. Agentlik tomonidan qayta rasmiylashtirishda arxiv maʼlumotnomasiga faqat davlat arxivlari, nodavlat va idoraviy arxivlar hujjatlari asosida tasdiqlangan maʼlumotlar kiritiladi.

Arxiv maʼlumotnomalari aniq va loʻnda tuziladi. Soʻralayotgan maʼlumotni tasdiqlash uchun zarur boʻlgan arxiv hujjatlarining mavjud emasligi, hujjatlarning saqlanish darajasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar arxiv maʼlumotnomasiga kiritilmaydi, bunday maʼlumotlar zarur hollarda kuzatuv xatida aks ettiriladi.

Arxiv maʼlumotnomasida shaxsning maʼlumotlari, uni ishga tayinlash va ishdan boʻshatish boʻyicha buyruqning raqamlari koʻrsatilmaydi.

14. Soʻrovda, verbal notada, xatda berilgan familiya, ism, otasining ismi arxiv hujjatlaridagi maʼlumotlarga mos kelmasa yoki ularda ismi, otasining ismi koʻrsatilmagan, ulardan biri koʻrsatilgan boʻlsa, ismi, otasining ismining yoyilmasini berish imkoni boʻlmasa, maʼlumotnoma belgilangan shaklda rasmiylashtiriladi va matnda “hujjatda shunday”, “hujjatda koʻrsatilmagan” izohi koʻrsatiladi.

15. Arxiv maʼlumotnomalarini rasmiylashtirishda foydalanilgan hujjatlarning arxiv shifrlari, yaʼni fond roʻyxati, yigʻmajild raqami koʻrsatilmaydi, ular faqat ish yurituvda qoladigan maʼlumotnoma nusxasida aks ettiriladi.

16. Arxiv maʼlumotnomasi yuqori sifatli A4 formatdagi qogʻoz varagʻida rasmiylashtiriladi.

Zarur hollarda, varaqning orqa beti yoki yoyilgan varaqdan foydalanish mumkin. Maʼlumotnoma bir necha varaqlarda tuzilgan boʻlsa, ular tikiladi va tikilgan joyi muhrlanadi.

Arxiv maʼlumotnomalariga oʻchirishlar va tuzatishlar kiritishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Arxiv maʼlumotnomasi Oʻzbekiston Milliy arxivi direktori tomonidan imzolanadi va arxiv muhri qoʻyilib, maʼlumotnomani qayd raqami va sanasi koʻrsatiladi.

17. Arxiv maʼlumotnomasini rasmiylashtirish yoki soʻralgan maʼlumotlarni olish uchun zarur boʻlgan hujjatlar davlat arxivlari, nodavlat va idoraviy arxivlarda boʻlmasa, arxiv maxsus blankasida belgilangan shaklda maʼlumotlar mavjud emasligi toʻgʻrisidagi javob xati rasmiylashtiriladi.

Agentlik va Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligiga yuboriladigan xatlarda maʼlumotlar mavjud emasligi toʻgʻrisidagi javobning sabablari koʻrsatiladi. Mazkur xatda hujjatlar, maʼlumotlar mavjud emasligi va toʻliq boʻlmaganligi maʼlum qilinadi.

18. Arxivlarga, Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Mudofaa vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmatiga shaxsan murojaat qilgan MDH mamlakatlaridan boshqa xorijiy mamlakatlar fuqarolarining soʻrovlariga javoblar Agentlikning tushuntirish xati va murojaatchining manzili bilan oʻn ish kuni ichida Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligiga tegishli mamlakatlarning elchixonasi yoki vakolatxonasiga va/yoki murojaat muallifiga elektron yoki oddiy pochta orqali yoʻllash uchun yuboriladi.

19. Soʻrovlar ijrosi yuzasidan tayyorlanadigan arxiv maʼlumotnomalari, agar xalqaro shartnomalarda boshqacha tartib nazarda tutilgan boʻlmasa, davlat tili yoki rus tilida yoki imkoniyat boʻlgan taqdirda — boshqa maqbul tilda rasmiylashtiriladi.

20. Xorijiy davlatlardan kelib tushgan ijtimoiy-huquqiy mazmundagi soʻrovlarning hisobi, shuningdek, ularning ijrosi boʻyicha yozishmalarni shakllantirish Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari soʻrovlari boʻyicha ish yurituvidan alohida amalga oshiriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

21. Agentlik va uning tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, shuningdek, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlarga kelib tushgan soʻrovlar hamda ular tomonidan tayyorlangan arxiv maʼlumotnomalari nusxalari 3 yil saqlanadi va yoʻq qilinishi mumkin.

22. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

23. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning xorijdan kelib tushgan soʻrovlari ijrosini taʼminlash sohasida yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash yuzasidan xorijdan kelib tushgan arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlar ijrosini taʼminlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash yuzasidan xorijdan kelib tushgan arxiv hujjatlari boʻyicha soʻrovlar ijrosini taʼminlash

Bosqichlar Subyektlar Ta d birlar Bajarish muddatlari 1-bosq i ch Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida doimiy va vaqtincha yashaydigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining, chet el fuqarolari hamda fuqaroligi boʻlmagan shaxslar; Xorijiy va xalqaro tashkilotlar, xorijiy davlat organlari hamda nodavlat va nohukumat tashkilotlari Quyidagi tartibda soʻrovlar yuboriladi: 1. Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi konsullik muassasalari soʻrovlari, xorijiy davlatlarning diplomatik vakolatxonalari va konsullik muassasalari verbal notalari — Tashqi ishlar vazirligi orqali; 2. Chet elda istiqomat qiluvchi fuqarolar, MDH mamlakatlari pensiya fondlari, Qizil Xoch va Qizil Yarim oy jamiyatlari, xorijiy davlatlar notarial idoralari hamda xorijiy nodavlat va nohukumat tashkilotlari — arxivlarga toʻgʻridan-toʻgʻri. Zaruriyatga koʻra 2-bosqich “Oʻzarxiv” agentiligi tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, idoraviy arxivlar 1. Oʻzbekiston Respublikasi hududida roʻy bergan voqea-hodisalar, holatlar toʻgʻrisidagi soʻrovlar: ushbu arxivda saqlanayotgan hujjatlar asosida ijro qilish imkoniyati boʻlsa ijroga qabul qilinadi; arxivlar vakolatiga kirmaydigan soʻrovlar tegishliligi boʻyicha yuboriladi. 2. Xorijiy mamlakatlarda sodir boʻlgan holatlar toʻgʻrisidagi soʻrovlar tegishliligi boʻyicha yuborish uchun murojaatchiga yoki Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligiga qaytariladi. 5 ish kunidan kechiktirmay 3-bosqich “Oʻzarxiv” agentiligi tizimidagi arxivlar, nodavlat arxivlar, idoraviy arxivlar — ijtimoiy-huquqiy mazmundagi soʻrovlar, boshqa mavzuli soʻrovlar boʻyicha. Ichki ishlar vazirligining Tezkor-maʼlumotlar boshqarmasi, Davlat xavfsizlik xizmatining idoraviy arxivi, Mudofaa vazirligining Markaziy arxivi * . Soʻrovlar boʻyicha arxiv maʼlumotnomasi rasmiylashtiradi hamda: a) Tashqi ishlar vazirligi orqali kelib tushgan soʻrovlar boʻyicha — murojaatchiga taqdim etish uchun Tashqi ishlar vazirligiga yuboradi; b) arxivlarga toʻgʻridan-toʻgʻri kelib tushgan soʻrovlar boʻyicha: MDH mamlakatlarida istiqomat qiluvchi/joylashgan murojaatchilarga — mustaqil ravishda yuboradi; boshqa xorijiy davlatlarda istiqomat qiluvchi/joylashgan murojaatchilarga — tayyorlangan arxiv maʼlumotnomalarini “Oʻzarxiv” agentligiga yuboradi. 30 kundan oshmagan muddatda 4-bosqich “Oʻzarxiv” agentiligi, Oʻzbekiston Milliy arxivi Arxiv maʼlumotnomasi Milliy arxivi tomonidan xorijiy mamlakatlar uchun tegishli namunadagi arxiv maʼlumotnomasi shaklida qayta rasmiylashtiriladi; “Oʻzarxiv” agentligining tushuntirish xati shakllantiriladi hamda murojaatchiga yuboriladi. 10 ish kunidan kechiktirmay

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 10-noyabr,

706-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 11.11.2020-y., 09/20/706/1497-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.12.2021-y., 09/21/788/1215-son, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 14.07.2022-y., 09/22/385/0643-son; 24.07.2024-y., 09/24/439/0543-son; 03.03.2025-y., 09/25/135/0208-son; 21.07.2026-y., 09/26/393/0764-son)

lex.uz