UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 25-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 25 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 ноября 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 November 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фанлар академияси ва Энергетика вазирлигининг «Денгизкўл», «Ҳисор», «Қандим» ва «Оққул» конларида халқаро тажрибадан келиб чиқиб 2006 йилдан бошлаб қўлланилаётган углеводородларни қазиб олишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимини (кейинги ўринларда — мониторинг тизими) 2021 йил 1 мартдан эътиборан республика ҳудудида ўзлаштирилаётган бошқа нефть ва газ конларида босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизими тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш мақсадида мунтазам сейсмометрик,геофизик ва космик геодезиякомплекс кузатувларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

углеводород хом ашёсини қазиб чиқараётган маҳаллий ва хорижий компанияларни нефть ва газ конларида сейсмикликнинг ўзгариши тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи кучли техноген зилзилаларнинг эҳтимоли ва кўламини прогнозлаштириш, шунингдек,сейсмик режимнинг ўзгариши натижасида алоҳида хавфли вазиятлар тўғрисида манфаатдор ташкилотларга тезкор хабар бериш.

3. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги:

а) 2021 йил 1 январга қадарЎзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда республика ҳудудида ўзлаштирилаётган нефть ва газ конларида мониторинг тизими ташкил этиладиган конлар рўйхатини шакллантирсин;

б) республика ҳудудида мониторинг тизими жорий этиладиган нефть ва газ конларини ўзлаштираётган маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан нефть ва газ конларида мониторинг тизимини жорий этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини, шунингдек, тадқиқотлар учун зарур бўладиган барча маълумотлар белгиланган тартибда тақдим этилишини назоратга олсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ғ.О. Мавлонов номидаги Сейсмология институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази билан келишган ҳолда шартнома асосида мониторинг тизими ташкил этилиши, фаолият юритиши ва такомиллаштирилишига амалий ёрдам кўрсатсин;

г) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда «Электрон ҳукумат» тизими доирасида шакллантирилган идоравий ахборот тизимининг функцияларини мониторинг тизими жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Энергетика вазирлиги икки ой муддатда республика ҳудудида жойлашган нефть ва газ конларида мониторинг тизимини босқичма-босқич ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича комплекс дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда:

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда мониторинг тизими ташкил этилган углеводород хом ашёсини қазиб чиқараётган маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида алоҳида ҳимояланган ахборот алмашинуви тармоғининг белгиланган тартибда ташкил этилишини ва узлуксиз ишлашини;

мониторинг тизими «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси билан интеграция қилинишини таъминласин.

Белгилансинки, «Электрон ҳукумат» ва рақамли иқтисодиёт тизимларини ривожлантириш доирасида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва дастурий маҳсулотларни яратиш ҳамда келгусида уларни қўллаб-қувватлаш бўйича харажатлар маҳаллий ва хорижий компаниялар билан углеводород хом ашёсини қазиб чиқариш бўйича тузиладиган тегишли шартномалар ва битимларда назарда тутилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IT технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров, Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи Т.А. Худайбергенов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С. Юлдашев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 ноябрдаги 746-сон қарорига ИЛОВА

Нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизими тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимини (кейинги ўринларда — мониторинг тизими) жорий этиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирининг мониторинги (кейинги ўринларда — мониторинг) мунтазам кузатишлар, ахборотни йиғиш, тўплаш ва уни қайта ишлашни, геологик муҳит сейсмотектоник ҳолатини таҳлил қилиш, нефть ва газ конларини ўзлаштириш ва фаолиятнинг бошқа турлари таъсири остида ер қаърида содир бўлаётган геологик, сейсмогеодинамик ўзгаришлар мониторингини ўз ичига олади.

3. Мониторинг атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимининг таркибий қисми ҳисобланади.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ер қаъри — ер қобиғининг тупроқ қатламидан қуйида жойлашган, тупроқ қатлами бўлмаганда эса ер юзасидан ёки сув объектлари тубидан қуйида жойлашган, геологик жиҳатдан ўрганиш ва ўзлаштириш мумкин бўлган чуқурликкача бўлган қисми;

мониторинг объекти — доимий равишда кузатув ишлари олиб бориладиган, унда кечаётган жараёнларни, улардаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш ва прогнозлаш учун олиб бориладиган табиий, техноген объект ёки унинг бир қисми;

мониторинг маълумоти — жараёнлар ва ҳодисаларни мунтазам ёки тезкор назорат қилиш ва кузатиш натижасида олинган маълумот тури;

сейсмиклик — турли кучдаги зилзилаларнинг вақт ва макон бўйича кузатилиши ва такрорланиши бўлиб, зилзилаларнинг ҳудудий тарқалиши, интенсивлиги ва бошқа хусусиятлари билан тавсифланади;

сейсмогеодинамик жараёнлар — зилзилалар содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган вақт ва маконда литосфера массаларининг чуқурликдаги ва ер юзасига яқин қисмида ҳаракатларини келтириб чиқарадиган жараёнлар;

сейсмик станция — зилзила, кучли портлашлар ёки бошқа кучли тебратувчи манбалар натижасида ҳосил бўлган сейсмик тўлқинларнинг ер юзасидаги тебранишларини ёзиб олиш (қайд этиш) учун мўлжалланган асбоб-ускуналар тўплами;

сейсмик мониторинг — сейсмик жараёнларни вақт ва маконда узлуксиз кузатиш;

сейсмик режим — муайян ҳудудда (минтақа) зилзилаларнинг 5 ўлчамли (кенглиги, узоқлиги, чуқурлиги, энергияси, вақти) муҳит бўйича ўзгариши;

техноген сейсмиклик — инсон фаолияти таъсири натижасида зилзиланинг юзага келиши ёки ортиб бориши;

фавқулодда вазият — одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат.

5. Нефть ва газ конларида табиий ва техноген зилзилаларни мониторинг қилиш, углеводородлар қазиб олинишининг сейсмик режимга таъсирини ўрганиш, ер ёриқлари бўйлаб регионал майдонларда кучланишларни баҳолаш ҳамда техноген омилларнинг тектоник кучланишларга таъсирини ўрганиш мониторинг тизимининг асосий мақсади ҳисобланади.

6. Қуйидагилар мониторинг тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш мақсадида мунтазам сейсмометрик, геофизик ва космик геодезия комплекс кузатувларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

углеводород хом ашёсини қазиб чиқараётган маҳаллий ва хорижий компанияларни нефть ва газ конларида сейсмикликнинг ўзгариши тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи кучли техноген зилзилаларнинг эҳтимоли ва кўламини прогнозлаштириш;

сейсмик режимнинг ўзгариши натижасида фавқулодда вазият юзага келиши ва геологик муҳитнинг сейсмогеодинамик ҳолати ўзгаришларининг алоҳида хавфли вазиятлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотларга хабар бериш.

2-боб. Мониторинг тизимини ташкил этиш ва мониторингни амалга ошириш тартиби

7. Мониторинг тизими ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.

8. Мониторинг тизими маълум бир объектни вақт оралиғида кузатиш, маълумотлар сифатини таҳлил қилиш ва кузатув натижалари базасини яратиш учун қурилмалар, дастурлар ва усуллар мажмуасидан иборат.

9. Республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари мониторинг объектлари ҳисобланади.

10. Мониторинг нефть ва газ конларида ўзаро ҳамкорлик асосида аниқ ажратилган объектлар бўйича мониторинг маълумотлари алмашинувини таъминлаш орқали амалга оширилади.

11. Мониторинг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 майдаги 119-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ер қаъри мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом , мазкур низом, шунингдек, нефть ва газ конларини ўзлаштириш шарт-шароитларига, конларни ишга тушириш режалари ва ер қаърининг тегишли участкасидаги фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

Мониторингни амалга ошириш методикаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қўшма қарорлари билан тасдиқланади.

12. Мониторинг тизимида маҳаллий (ишлаб чиқариш) даражада сейсмологик, геофизик ва космик геодезия кузатувлари амалга оширилади.

Сейсмологик кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази томонидан ҳудудий сейсмикликни минтақавий ҳамда камида 4 та маҳаллий сейсмик станциялар ёрдамида мунтазам сейсмометрик ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади. Кузатувлар натижалари бўйича ҳудудий сейсмиклик тўғрисида ахборотлар жамланади, қайта ишланади, маҳаллий зилзилалар базаси яратилади, техноген жараёнларнинг сейсмикликка таъсири баҳоланади.

Геофизик кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ғ.О. Мавлонов номидаги Сейсмология институти (кейинги ўринларда — Сейсмология институти) томонидан геофизик майдонларнинг ўзгариши динамикасини майдон бўйича жойлаштирилган доимий ва қайта кузатув нуқталарида ўтказиладиган ўлчовлар асосида ўрганиш орқалиамалга оширилади. Бунда қайта кузатув нуқталарида майдонларни ўлчаш цикллари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Кузатувлар натижалари бўйича конларни ўзлаштириш билан боғлиқ бўлган ўрганилаётган параметрлардаги ўзгаришлар аниқланади ҳамда ҳудуддаги сейсмогеодинамик ҳолат баҳоланади.

Космик геодезия кузатувлари ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ер қобиғининг замонавий вертикал ҳаракатлари ўзгаришининг динамикасини майдон бўйича жойлаштирилган қайта кузатув нуқталарида ўтказиладиган ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади. Бунда қайта кузатув нуқталарида майдонларни ўлчаш цикллари йилига камида икки марта ўтказилади. Кузатувлар натижалари бўйича ҳудуддаги замонавий вертикал ҳаракатлар баҳоланади ҳамда сейсмогеодинамик жараёнлардаги конларни ўзлаштириш билан боғлиқ ўзгаришлар аниқланади.

13. Кузатувлар нефть ва газ конларида фойдаланиш учун белгиланган тартибда берилган контурлар доирасида амалга оширилади.

14. Мониторинг натижасида:

тектоник кучланишларга техноген омилларнинг таъсири аниқланади;

нефть ва газ конларини ўзлаштираётган маҳаллий ва хорижий компаниялар конлардаги сейсмогеодинамик ҳолатнинг ўзгариши тўғрисида ахборот билан таъминланади;

углеводородларни қазиб олишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсири баҳоланади;

фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи кучли зилзилаларнинг эҳтимоли ва кўлами прогноз қилинади;

сейсмологик, геофизик ва космик геодезия кузатувларининг маълумотлар базаси яратилади.

15. Мониторинг давомида олинган маълумотлар Сейсмология институтига, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика сейсмопрогностик мониторинг марказига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан бирламчи таҳлил қилинади ҳамда тегишли маълумотлар базаларига умумлаштирилади.

Уларга маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан мониторинг натижалари таҳлили билан солиштириш учун зарур нефть ва газ конларига ҳамда уларнинг эксплуатациясига тааллуқли маълумотлар тақдим этиб борилади.

16. Мониторинг маълумотларини комплекс таҳлил қилиш, тегишли хулоса бериш ва ҳисоботлар тайёрлаш Сейсмология институти томонидан амалга оширилади.

17. Мониторинг тизимини бошқариш ва давлат назоратини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

3-боб. Мониторинг маълумотларини тақдим этиш

18. Мониторинг давомида олинган ахборот, илмий таҳлил натижалари, хулосава амалий таклифлар белгиланган тартибда:

углеводород конлари ҳудудларида сейсмогеодинамик жараёнларнинг ўзгаришлари бўйича — нефть ва газ қазиб чиқарувчи маҳаллий ва хорижий компанияларга;

ер қаърида фавқулодда вазиятга олиб келувчи ҳолатлар аниқланганда — тезкорлик билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига, нефть ва газ қазиб чиқарувчи маҳаллий ва хорижий компаниялар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этилади.

19. Мониторинг натижалари ҳақида берилган ахборотда сейсмик режим ва сейсмогеодинамик вазиятнинг ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда тегишли участкаларда ер қаърининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, ҳисобга олиш, умумлаштириш, сақлаш ва белгиланган тартибда тегишли чора-тадбирлар кўриш учун хулосалар ва тавсиялар назарда тутилади.

20. Давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари, шунингдек, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олган жисмоний шахслар мониторинг натижаларининг таҳлили ва улар билан солиштириш учун зарур бўладиган нефть ва газ конларининг ўзлаштирилиши бўйича маълумотнинг тўғрилиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ масъулдирлар.

21. Мониторинг маълумотларини тақдим этиш тақиқланмайди, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган маълумотлар бундан мустасно.

Давлат сирларига оид маълумотларни умумлаштириш ва бериш тартиби ҳамда шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади.

4-боб. Мониторинг тизими фаолиятини молиялаштириш

22. Мониторинг тизимининг фаолиятини молиялаштириш тегишли нефть ва газ конлари бўйича ишлаб чиқилган алоҳида техник топшириқ шартлари ҳамда бажариладиган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб (ўрнатиладиган сейсмик станциялар сони, геофизик ва космик геодезия кузатувларининг ўлчаш циклларини ҳисобга олган ҳолда) ташкил этилади.

23. Мониторинг тизимини ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ ишларни молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 майдаги 119-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг ер қаъри мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

5-боб. Якунловчи қоида

24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Нефть ва газ конларини ўзлаштиришнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизими тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Нефть ва газ конларидан фойдаланишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсирини мониторинг қилиш тизимининг ташкилий-функционал

Мониторинг объектлари Республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари Мониторингни олиб борувчи давлат органлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази Фанлар академияси Сейсмология институти Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Мониторинг турлари Сейсмометрик кузатувлар Геофизик кузатувлар Космик геодезия кузатувлари Мониторингни амалга ошириш Кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида ҳудудий сейсмикликни минтақавий ҳамда камида 4 та маҳаллий сейсмик станциялар ёрдамида мунтазам сейсмометрик ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади Кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида геофизик майдонларнинг ўзгариши динамикасини майдон бўйича жойлаштирилган доимий ва қайта кузатув нуқталарида ўтказиладиган ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади Кузатувлар ўзлаштирилаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида ер қобиғининг замонавий вертикал ҳаракатлари ўзгаришининг динамикасини майдон бўйича жойлаштирилган қайта кузатув нуқталарида ўтказиладиган ўлчовлар асосида ўрганиш орқали амалга оширилади Мониторинг натижалари 1. Тектоник кучланишларга техноген омилларнинг таъсири аниқланади. 2. Нефть ва газ конларини ўзлаштираётган маҳаллий ва хорижий компаниялар конлардаги сейсмогеодинамик ҳолатнинг ўзгариши тўғрисида ахборот билан таъминланади. 3. Углеводородларни қазиб олишнинг сейсмогеодинамик жараёнларга таъсири баҳоланади. 4. Фавқулодда вазиятларни келтириб чиқарувчи кучли зилзилаларнинг эҳтимоли ва кўлами прогноз қилинади. 5. Сейсмологик, геофизик ва космик геодезия кузатувларининг маълумотлар базаси яратилади. Мониторинг маълумотларини комплекс таҳлил қилиш Фанлар академияси Сейсмология институти Мониторинг маълумотларини тақдим этиш Углеводород хом ашёсини қазиб чиқараётган маҳаллий ва хорижий компаниялар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 25 ноябрь,

746-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.11.2020 й., 09/20/746/1560-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 08.08.2025 й., 09/25/504/0707-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Neft va gaz konlarini oʻzlashtirishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Ilm, maʼrifat va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2020-yil 2-martdagi PF-5953-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, neft va gaz konlarini oʻzlashtirishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Fanlar akademiyasi va Energetika vazirligining “Dengizkoʻl”, “Hisor”, “Qandim” va “Oqqul” konlarida xalqaro tajribadan kelib chiqib 2006-yildan boshlab qoʻllanilayotgan uglevodorodlarni qazib olishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish tizimini (keyingi oʻrinlarda — monitoring tizimi) 2021-yil 1-martdan eʼtiboran respublika hududida oʻzlashtirilayotgan boshqa neft va gaz konlarida bosqichma-bosqich joriy etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Neft va gaz konlarini oʻzlashtirishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish tizimi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

neft va gaz konlarini oʻzlashtirishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish maqsadida muntazam seysmometrik,geofizik va kosmik geodeziyakompleks kuzatuvlarini tashkil etish va amalga oshirish;

uglevodorod xom ashyosini qazib chiqarayotgan mahalliy va xorijiy kompaniyalarni neft va gaz konlarida seysmiklikning oʻzgarishi toʻgʻrisidagi axborot bilan taʼminlash;

favqulodda vaziyatlarni keltirib chiqaruvchi kuchli texnogen zilzilalarning ehtimoli va koʻlamini prognozlashtirish, shuningdek,seysmik rejimning oʻzgarishi natijasida alohida xavfli vaziyatlar toʻgʻrisida manfaatdor tashkilotlarga tezkor xabar berish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi:

a) 2021-yil 1-yanvarga qadarOʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi va Favqulodda vaziyatlar vazirligi bilan birgalikda respublika hududida oʻzlashtirilayotgan neft va gaz konlarida monitoring tizimi tashkil etiladigan konlar roʻyxatini shakllantirsin;

b) respublika hududida monitoring tizimi joriy etiladigan neft va gaz konlarini oʻzlashtirayotgan mahalliy va xorijiy kompaniyalar tomonidan neft va gaz konlarida monitoring tizimini joriy etish uchun zarur shart-sharoitlar yaratilishini, shuningdek, tadqiqotlar uchun zarur boʻladigan barcha maʼlumotlar belgilangan tartibda taqdim etilishini nazoratga olsin;

v) Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Gʻ.O. Mavlonov nomidagi Seysmologiya instituti hamda Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi Respublika seysmoprognostik monitoring markazi bilan kelishgan holda shartnoma asosida monitoring tizimi tashkil etilishi, faoliyat yuritishi va takomillashtirilishiga amaliy yordam koʻrsatsin;

g) Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda “Elektron hukumat” tizimi doirasida shakllantirilgan idoraviy axborot tizimining funksiyalarini monitoring tizimi joriy etilishini hisobga olgan holda takomillashtirsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi va Energetika vazirligi ikki oy muddatda respublika hududida joylashgan neft va gaz konlarida monitoring tizimini bosqichma-bosqich tashkil etish va takomillashtirish boʻyicha kompleks dasturini ishlab chiqsin va tasdiqlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Favqulodda vaziyatlar vazirligi bilan birgalikda:

Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda monitoring tizimi tashkil etilgan uglevodorod xom ashyosini qazib chiqarayotgan mahalliy va xorijiy kompaniyalar oʻrtasida alohida himoyalangan axborot almashinuvi tarmogʻining belgilangan tartibda tashkil etilishini va uzluksiz ishlashini;

monitoring tizimi “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiya platformasi bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin.

Belgilansinki, “Elektron hukumat” va raqamli iqtisodiyot tizimlarini rivojlantirish doirasida idoralararo va idoraviy axborot tizimlari, maʼlumotlar bazalari va dasturiy mahsulotlarni yaratish hamda kelgusida ularni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha xarajatlar mahalliy va xorijiy kompaniyalar bilan uglevodorod xom ashyosini qazib chiqarish boʻyicha tuziladigan tegishli shartnomalar va bitimlarda nazarda tutiladi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Fanlar akademiyasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining maslahatchisi — IT texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va innovatsion faoliyatni rivojlantirish masalalari departamenti boshligʻi O.M. Umarov, Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri vazifasini bajaruvchi T.A. Xudaybergenov va Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi prezidenti B.S. Yuldashev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 25-noyabrdagi 746-son qaroriga ILOVA

Neft va gaz konlarini oʻzlashtirishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish tizimi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi hududida neft va gaz konlarini oʻzlashtirishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish tizimini (keyingi oʻrinlarda — monitoring tizimi) joriy etish va uning faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Neft va gaz konlarini oʻzlashtirishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirining monitoringi (keyingi oʻrinlarda — monitoring) muntazam kuzatishlar, axborotni yigʻish, toʻplash va uni qayta ishlashni, geologik muhit seysmotektonik holatini tahlil qilish, neft va gaz konlarini oʻzlashtirish va faoliyatning boshqa turlari taʼsiri ostida yer qaʼrida sodir boʻlayotgan geologik, seysmogeodinamik oʻzgarishlar monitoringini oʻz ichiga oladi.

3. Monitoring atrof tabiiy muhitning davlat monitoringi tizimining tarkibiy qismi hisoblanadi.

4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

yer qaʼri — yer qobigʻining tuproq qatlamidan quyida joylashgan, tuproq qatlami boʻlmaganda esa yer yuzasidan yoki suv obyektlari tubidan quyida joylashgan, geologik jihatdan oʻrganish va oʻzlashtirish mumkin boʻlgan chuqurlikkacha boʻlgan qismi;

monitoring obyekti — doimiy ravishda kuzatuv ishlari olib boriladigan, unda kechayotgan jarayonlarni, ulardagi oʻzgarishlarni oʻz vaqtida aniqlash va prognozlash uchun olib boriladigan tabiiy, texnogen obyekt yoki uning bir qismi;

monitoring maʼlumoti — jarayonlar va hodisalarni muntazam yoki tezkor nazorat qilish va kuzatish natijasida olingan maʼlumot turi;

seysmiklik — turli kuchdagi zilzilalarning vaqt va makon boʻyicha kuzatilishi va takrorlanishi boʻlib, zilzilalarning hududiy tarqalishi, intensivligi va boshqa xususiyatlari bilan tavsiflanadi;

seysmogeodinamik jarayonlar — zilzilalar sodir boʻlishiga olib kelishi mumkin boʻlgan vaqt va makonda litosfera massalarining chuqurlikdagi va yer yuzasiga yaqin qismida harakatlarini keltirib chiqaradigan jarayonlar;

seysmik stansiya — zilzila, kuchli portlashlar yoki boshqa kuchli tebratuvchi manbalar natijasida hosil boʻlgan seysmik toʻlqinlarning yer yuzasidagi tebranishlarini yozib olish (qayd etish) uchun moʻljallangan asbob-uskunalar toʻplami;

seysmik monitoring — seysmik jarayonlarni vaqt va makonda uzluksiz kuzatish;

seysmik rejim — muayyan hududda (mintaqa) zilzilalarning 5 oʻlchamli (kengligi, uzoqligi, chuqurligi, energiyasi, vaqti) muhit boʻyicha oʻzgarishi;

texnogen seysmiklik — inson faoliyati taʼsiri natijasida zilzilaning yuzaga kelishi yoki ortib borishi;

favqulodda vaziyat — odamlar qurbon boʻlishiga, ularning sogʻligʻi yoki atrof tabiiy muhitga zarar yetishiga, jiddiy moddiy talafotlar keltirib chiqarishga hamda odamlarning hayot faoliyati sharoiti izdan chiqishiga olib kelishi mumkin boʻlgan yoki olib kelgan avariya, halokat, xavfli tabiiy hodisa, tabiiy yoki boshqa ofat natijasida muayyan hududda yuzaga kelgan holat.

5. Neft va gaz konlarida tabiiy va texnogen zilzilalarni monitoring qilish, uglevodorodlar qazib olinishining seysmik rejimga taʼsirini oʻrganish, yer yoriqlari boʻylab regional maydonlarda kuchlanishlarni baholash hamda texnogen omillarning tektonik kuchlanishlarga taʼsirini oʻrganish monitoring tizimining asosiy maqsadi hisoblanadi.

6. Quyidagilar monitoring tizimining asosiy vazifalari hisoblanadi:

neft va gaz konlarini oʻzlashtirishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish maqsadida muntazam seysmometrik, geofizik va kosmik geodeziya kompleks kuzatuvlarini tashkil etish va amalga oshirish;

uglevodorod xom ashyosini qazib chiqarayotgan mahalliy va xorijiy kompaniyalarni neft va gaz konlarida seysmiklikning oʻzgarishi toʻgʻrisidagi axborot bilan taʼminlash;

favqulodda vaziyatlarni keltirib chiqaruvchi kuchli texnogen zilzilalarning ehtimoli va koʻlamini prognozlashtirish;

seysmik rejimning oʻzgarishi natijasida favqulodda vaziyat yuzaga kelishi va geologik muhitning seysmogeodinamik holati oʻzgarishlarining alohida xavfli vaziyatlari toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi, tegishli mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa manfaatdor tashkilotlarga xabar berish.

2-bob. Monitoring tizimini tashkil etish va monitoringni amalga oshirish tartibi

7. Monitoring tizimi ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq tashkil etiladi.

8. Monitoring tizimi maʼlum bir obyektni vaqt oraligʻida kuzatish, maʼlumotlar sifatini tahlil qilish va kuzatuv natijalari bazasini yaratish uchun qurilmalar, dasturlar va usullar majmuasidan iborat.

9. Respublika hududida mahalliy va xorijiy kompaniyalar tomonidan oʻzlashtirilayotgan neft va gaz konlari monitoring obyektlari hisoblanadi.

10. Monitoring neft va gaz konlarida oʻzaro hamkorlik asosida aniq ajratilgan obyektlar boʻyicha monitoring maʼlumotlari almashinuvini taʼminlash orqali amalga oshiriladi.

11. Monitoring Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 12-maydagi 119-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining yer qaʼri monitoringini olib borish tartibi toʻgʻrisidagi nizom , mazkur nizom, shuningdek, neft va gaz konlarini oʻzlashtirish shart-sharoitlariga, konlarni ishga tushirish rejalari va yer qaʼrining tegishli uchastkasidagi faoliyatni tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq amalga oshiriladi.

Monitoringni amalga oshirish metodikasi Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi va Favqulodda vaziyatlar vazirligining qoʻshma qarorlari bilan tasdiqlanadi.

12. Monitoring tizimida mahalliy (ishlab chiqarish) darajada seysmologik, geofizik va kosmik geodeziya kuzatuvlari amalga oshiriladi.

Seysmologik kuzatuvlar oʻzlashtirilayotgan neft va gaz konlari hududlarida Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi Respublika seysmoprognostik monitoring markazi tomonidan hududiy seysmiklikni mintaqaviy hamda kamida 4 ta mahalliy seysmik stansiyalar yordamida muntazam seysmometrik oʻlchovlar asosida oʻrganish orqali amalga oshiriladi. Kuzatuvlar natijalari boʻyicha hududiy seysmiklik toʻgʻrisida axborotlar jamlanadi, qayta ishlanadi, mahalliy zilzilalar bazasi yaratiladi, texnogen jarayonlarning seysmiklikka taʼsiri baholanadi.

Geofizik kuzatuvlar oʻzlashtirilayotgan neft va gaz konlari hududlarida Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Gʻ.O. Mavlonov nomidagi Seysmologiya instituti (keyingi oʻrinlarda — Seysmologiya instituti) tomonidan geofizik maydonlarning oʻzgarishi dinamikasini maydon boʻyicha joylashtirilgan doimiy va qayta kuzatuv nuqtalarida oʻtkaziladigan oʻlchovlar asosida oʻrganish orqaliamalga oshiriladi. Bunda qayta kuzatuv nuqtalarida maydonlarni oʻlchash sikllari har chorakda kamida bir marta oʻtkaziladi. Kuzatuvlar natijalari boʻyicha konlarni oʻzlashtirish bilan bogʻliq boʻlgan oʻrganilayotgan parametrlardagi oʻzgarishlar aniqlanadi hamda hududdagi seysmogeodinamik holat baholanadi.

Kosmik geodeziya kuzatuvlari oʻzlashtirilayotgan neft va gaz konlari hududlarida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi tomonidan yer qobigʻining zamonaviy vertikal harakatlari oʻzgarishining dinamikasini maydon boʻyicha joylashtirilgan qayta kuzatuv nuqtalarida oʻtkaziladigan oʻlchovlar asosida oʻrganish orqali amalga oshiriladi. Bunda qayta kuzatuv nuqtalarida maydonlarni oʻlchash sikllari yiliga kamida ikki marta oʻtkaziladi. Kuzatuvlar natijalari boʻyicha hududdagi zamonaviy vertikal harakatlar baholanadi hamda seysmogeodinamik jarayonlardagi konlarni oʻzlashtirish bilan bogʻliq oʻzgarishlar aniqlanadi.

13. Kuzatuvlar neft va gaz konlarida foydalanish uchun belgilangan tartibda berilgan konturlar doirasida amalga oshiriladi.

14. Monitoring natijasida:

tektonik kuchlanishlarga texnogen omillarning taʼsiri aniqlanadi;

neft va gaz konlarini oʻzlashtirayotgan mahalliy va xorijiy kompaniyalar konlardagi seysmogeodinamik holatning oʻzgarishi toʻgʻrisida axborot bilan taʼminlanadi;

uglevodorodlarni qazib olishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsiri baholanadi;

favqulodda vaziyatlarni keltirib chiqaruvchi kuchli zilzilalarning ehtimoli va koʻlami prognoz qilinadi;

seysmologik, geofizik va kosmik geodeziya kuzatuvlarining maʼlumotlar bazasi yaratiladi.

15. Monitoring davomida olingan maʼlumotlar Seysmologiya institutiga, Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi Respublika seysmoprognostik monitoring markaziga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi tomonidan birlamchi tahlil qilinadi hamda tegishli maʼlumotlar bazalariga umumlashtiriladi.

Ularga mahalliy va xorijiy kompaniyalar tomonidan monitoring natijalari tahlili bilan solishtirish uchun zarur neft va gaz konlariga hamda ularning ekspluatatsiyasiga taalluqli maʼlumotlar taqdim etib boriladi.

16. Monitoring maʼlumotlarini kompleks tahlil qilish, tegishli xulosa berish va hisobotlar tayyorlash Seysmologiya instituti tomonidan amalga oshiriladi.

17. Monitoring tizimini boshqarish va davlat nazoratini amalga oshirish Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan amalga oshiriladi.

3-bob. Monitoring maʼlumotlarini taqdim etish

18. Monitoring davomida olingan axborot, ilmiy tahlil natijalari, xulosava amaliy takliflar belgilangan tartibda:

uglevodorod konlari hududlarida seysmogeodinamik jarayonlarning oʻzgarishlari boʻyicha — neft va gaz qazib chiqaruvchi mahalliy va xorijiy kompaniyalarga;

yer qaʼrida favqulodda vaziyatga olib keluvchi holatlar aniqlanganda — tezkorlik bilan Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligiga, neft va gaz qazib chiqaruvchi mahalliy va xorijiy kompaniyalar hamda mahalliy davlat hokimiyati organlariga taqdim etiladi.

19. Monitoring natijalari haqida berilgan axborotda seysmik rejim va seysmogeodinamik vaziyatning oʻzgarishlarini hisobga olgan holda tegishli uchastkalarda yer qaʼrining holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, hisobga olish, umumlashtirish, saqlash va belgilangan tartibda tegishli chora-tadbirlar koʻrish uchun xulosalar va tavsiyalar nazarda tutiladi.

20. Davlat organlari va tashkilotlarning rahbarlari, shuningdek, yer qaʼri uchastkalaridan foydalanish huquqini olgan jismoniy shaxslar monitoring natijalarining tahlili va ular bilan solishtirish uchun zarur boʻladigan neft va gaz konlarining oʻzlashtirilishi boʻyicha maʼlumotning toʻgʻriligi uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq masʼuldirlar.

21. Monitoring maʼlumotlarini taqdim etish taqiqlanmaydi, davlat sirlari bilan bogʻliq boʻlgan maʼlumotlar bundan mustasno.

Davlat sirlariga oid maʼlumotlarni umumlashtirish va berish tartibi hamda shartlari Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat sirlari toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

4-bob. Monitoring tizimi faoliyatini moliyalashtirish

22. Monitoring tizimining faoliyatini moliyalashtirish tegishli neft va gaz konlari boʻyicha ishlab chiqilgan alohida texnik topshiriq shartlari hamda bajariladigan ishlar hajmidan kelib chiqib (oʻrnatiladigan seysmik stansiyalar soni, geofizik va kosmik geodeziya kuzatuvlarining oʻlchash sikllarini hisobga olgan holda) tashkil etiladi.

23. Monitoring tizimini tashkil etish va uning faoliyati bilan bogʻliq ishlarni moliyalashtirish Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 12-maydagi 119-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining yer qaʼri monitoringini olib borish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

24. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Neft va gaz konlarini oʻzlashtirishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish tizimi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Neft va gaz konlaridan foydalanishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsirini monitoring qilish tizimining tashkiliy-funksional

Monitoring obyektlari Respublika hududida mahalliy va xorijiy kompaniyalar tomonidan oʻzlashtirilayotgan neft va gaz konlari Monitoringni olib boruvchi davlat organlari Favqulodda vaziyatlar vazirligi Respublika seysmoprognostik monitoring markazi Fanlar akademiyasi Seysmologiya instituti Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi Monitoring turlari Seysmometrik kuzatuvlar Geofizik kuzatuvlar Kosmik geodeziya kuzatuvlari Monitoringni amalga oshirish Kuzatuvlar oʻzlashtirilayotgan neft va gaz konlari hududlarida hududiy seysmiklikni mintaqaviy hamda kamida 4 ta mahalliy seysmik stansiyalar yordamida muntazam seysmometrik oʻlchovlar asosida oʻrganish orqali amalga oshiriladi Kuzatuvlar oʻzlashtirilayotgan neft va gaz konlari hududlarida geofizik maydonlarning oʻzgarishi dinamikasini maydon boʻyicha joylashtirilgan doimiy va qayta kuzatuv nuqtalarida oʻtkaziladigan oʻlchovlar asosida oʻrganish orqali amalga oshiriladi Kuzatuvlar oʻzlashtirilayotgan neft va gaz konlari hududlarida yer qobigʻining zamonaviy vertikal harakatlari oʻzgarishining dinamikasini maydon boʻyicha joylashtirilgan qayta kuzatuv nuqtalarida oʻtkaziladigan oʻlchovlar asosida oʻrganish orqali amalga oshiriladi Monitoring natijalari 1. Tektonik kuchlanishlarga texnogen omillarning taʼsiri aniqlanadi. 2. Neft va gaz konlarini oʻzlashtirayotgan mahalliy va xorijiy kompaniyalar konlardagi seysmogeodinamik holatning oʻzgarishi toʻgʻrisida axborot bilan taʼminlanadi. 3. Uglevodorodlarni qazib olishning seysmogeodinamik jarayonlarga taʼsiri baholanadi. 4. Favqulodda vaziyatlarni keltirib chiqaruvchi kuchli zilzilalarning ehtimoli va koʻlami prognoz qilinadi. 5. Seysmologik, geofizik va kosmik geodeziya kuzatuvlarining maʼlumotlar bazasi yaratiladi. Monitoring maʼlumotlarini kompleks tahlil qilish Fanlar akademiyasi Seysmologiya instituti Monitoring maʼlumotlarini taqdim etish Uglevodorod xom ashyosini qazib chiqarayotgan mahalliy va xorijiy kompaniyalar Favqulodda vaziyatlar vazirligi, mahalliy davlat hokimiyati organlari

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 25-noyabr,

746-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.11.2020-y., 09/20/746/1560-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 08.08.2025-y., 09/25/504/0707-son)

lex.uz