UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 30-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 30 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 ноября 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 November 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Республикада айрим давлат театрлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек республика ҳудудларида театр санъатининг бой анъаналарини янада юксалтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Навоий, Тошкент, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликларининг:

Навоий ва Тошкент вилоятларида — қўғирчоқ театрлари ва мусиқали драма театрлари;

Наманган ва Сирдарё вилоятларида — қўғирчоқ театрлари (кейинги ўринларда — давлат театрлари) фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

давлат театрлари давлат муассасаси ҳисобланади;

давлат театрларини бошқариш ва молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 18 апрелдаги 329-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси давлат театрлари биноларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича буюртмачи ташкилот ҳисобланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Навоий, Тошкент, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда театр соҳасидаги малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, илғор хорижий тажриба ва техник ечимлар ҳамда замонавий шаҳарсозлик тамойилларидан келиб чиқиб, давлат театрлари биноларининг концепциясини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда давлат театрлари биноларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун талаб этиладиган маблағларни 2021 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурининг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги учун ажратилган лимитлар доирасида марказлаштирилган капитал қўйилма маблағларини қайта тақсимлаш ҳисобидан йўналтирсин;

икки ой муддатда Навоий, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари давлат театрлари биноларини қуриш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлашни 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тақдим этсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги давлат театрларининг фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни ушбу театрлар биноларини қуриш ишлари якунланиб, белгиланган тартибда фойдаланишга топширилгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда назарда тутсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги давлат театрларининг бинолари белгиланган тартибда фойдаланишга топширилгандан сўнг бир ой муддатда:

а) уларнинг устави ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

малакали кадрлар билан таъминланишини ҳамда самарали фаолият юритишини;

б) давлат театрларининг бюджетдан ташқари маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан:

республика ва хорижий театрларнинг малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда давлат театрлари ижодкорларига режиссура ва актёрлик маҳорати ҳамда саҳна ҳаракати ва саҳна нутқи бўйича махсус маҳорат дарслари ташкил этилишини;

давлат театрларида тажрибали актёрларни жалб қилган ҳолда иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларда артистик қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган тўгаракларни ташкил этишни таъминласин.

6. Давлат театрларининг ҳар бирига 1 тадан шахсий хизмат енгил автотранспорт воситаларини ва 1 тадан махсус транспорт (автобус)ни сақлаш учун лимит ажратилсин.

7. Навоий, Тошкент, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари:

давлат театрларига янги бинолар қуриш учун белгиланган тартибда шаҳар марказидан томошабинлар ташриф буюришига ҳар томонлама қулай, транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси мавжуд бўш турган ер майдонлари ажратилишини;

давлат театрлари фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг уларга 1 тадан шахсий хизмат енгил автотранспорт воситаси, 1 тадан автобус харид қилиш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағ ажратилишини;

давлат театрлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг ижодий фаолиятини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида «дўстлар клублари»ни ташкил этиш ва ҳомий ташкилотлар билан театрлар ҳамкорлиги йўлга қўйилишини;

ҳар чорак якуни бўйича «дўстлар клублари»ни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ахборот киритиб борилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

а) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда янги ташкил этиладиган давлат театрларида қуйидагиларни назарда тутувчи замонавий ахборот-коммуникация тизимларини театрларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан жорий этсин:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги «Билет операцияларининг ягона электрон тизимини яратиш ва жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 18-сон қарори билан белгиланган тартиб асосида Билет операцияларининг ягона электрон тизимига уланиш;

давлат театрларини Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ягона электрон ахборот тизимига уланган видеокузатув камералари ва автоматик тизимлар (турникетлар) билан жиҳозлаш ҳамда келгусида «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплексига интеграциялаш;

ташриф буюрувчилар учун белгиланган тартибда Wi-Fi хизматини жорий этиш;

б) Ўзбекистон Бадиий академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «Қўғирчоқ ясаш технологияси» ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш;

қўғирчоқ театри режиссёрлиги, актёрлиги ва драматургия йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил қилиш;

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Қўғирчоқ театри рассоми» ихтисослиги бўйича таълим йўналишини очиш чораларини кўрсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 30 ноябрь,

754-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2020 й., 09/20/754/1573-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Respublikada ayrim davlat teatrlari faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Madaniyat va sanʼat sohasining jamiyat hayotidagi oʻrni va taʼsirini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 26-maydagi PF-6000-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek respublika hududlarida teatr sanʼatining boy anʼanalarini yanada yuksaltirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Navoiy, Toshkent, Namangan va Sirdaryo viloyatlari hokimliklarining:

Navoiy va Toshkent viloyatlarida — qoʻgʻirchoq teatrlari va musiqali drama teatrlari;

Namangan va Sirdaryo viloyatlarida — qoʻgʻirchoq teatrlari (keyingi oʻrinlarda — davlat teatrlari) faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Belgilab qoʻyilsinki:

davlat teatrlari davlat muassasasi hisoblanadi;

davlat teatrlarini boshqarish va moliyalashtirish Vazirlar Mahkamasining “Davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalari faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 18-apreldagi 329-son qaroriga muvofiq amalga oshiriladi;

Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasi davlat teatrlari binolarini qurish va jihozlash boʻyicha buyurtmachi tashkilot hisoblanadi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi:

Navoiy, Toshkent, Namangan va Sirdaryo viloyatlari hokimliklari bilan birgalikda ikki oy muddatda teatr sohasidagi malakali mutaxassislarni jalb qilgan holda, ilgʻor xorijiy tajriba va texnik yechimlar hamda zamonaviy shaharsozlik tamoyillaridan kelib chiqib, davlat teatrlari binolarining konsepsiyasini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi bilan birgalikda davlat teatrlari binolarining loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish uchun talab etiladigan mablagʻlarni 2021-yilga moʻljallangan Investitsiya dasturining Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi uchun ajratilgan limitlar doirasida markazlashtirilgan kapital qoʻyilma mablagʻlarini qayta taqsimlash hisobidan yoʻnaltirsin;

ikki oy muddatda Navoiy, Namangan, Sirdaryo, Qashqadaryo, Xorazm va Toshkent viloyatlari davlat teatrlari binolarini qurish va zamonaviy uskunalar bilan jihozlashni 2021 — 2023-yillarga moʻljallangan Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturiga kiritish yuzasidan tegishli takliflarni ishlab chiqib, belgilangan tartibda taqdim etsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi davlat teatrlarining faoliyatini moliyalashtirish uchun zarur mablagʻlarni ushbu teatrlar binolarini qurish ishlari yakunlanib, belgilangan tartibda foydalanishga topshirilgandan soʻng Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarini shakllantirishda nazarda tutsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi davlat teatrlarining binolari belgilangan tartibda foydalanishga topshirilgandan soʻng bir oy muddatda:

a) ularning ustavi ishlab chiqilishini va belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini;

malakali kadrlar bilan taʼminlanishini hamda samarali faoliyat yuritishini;

b) davlat teatrlarining budjetdan tashqari mablagʻlari, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonun hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan:

respublika va xorijiy teatrlarning malakali mutaxassislarini jalb qilgan holda davlat teatrlari ijodkorlariga rejissura va aktyorlik mahorati hamda sahna harakati va sahna nutqi boʻyicha maxsus mahorat darslari tashkil etilishini;

davlat teatrlarida tajribali aktyorlarni jalb qilgan holda iqtidorli yoshlarni aniqlash va ularda artistik qobiliyatlarini rivojlantirishga qaratilgan toʻgaraklarni tashkil etishni taʼminlasin.

6. Davlat teatrlarining har biriga 1 tadan shaxsiy xizmat yengil avtotransport vositalarini va 1 tadan maxsus transport (avtobus)ni saqlash uchun limit ajratilsin.

7. Navoiy, Toshkent, Namangan va Sirdaryo viloyatlari hokimliklari:

davlat teatrlariga yangi binolar qurish uchun belgilangan tartibda shahar markazidan tomoshabinlar tashrif buyurishiga har tomonlama qulay, transport, muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasi mavjud boʻsh turgan yer maydonlari ajratilishini;

davlat teatrlari faoliyati yoʻlga qoʻyilgandan soʻng ularga 1 tadan shaxsiy xizmat yengil avtotransport vositasi, 1 tadan avtobus xarid qilish uchun mahalliy budjetning qoʻshimcha manbalari hisobidan mablagʻ ajratilishini;

davlat teatrlari faoliyati samaradorligini oshirish, ularning ijodiy faoliyatini rivojlantirish va moddiy-texnika bazasini mustahkamlash maqsadida “doʻstlar klublari”ni tashkil etish va homiy tashkilotlar bilan teatrlar hamkorligi yoʻlga qoʻyilishini;

har chorak yakuni boʻyicha “doʻstlar klublari”ni tashkil etish va ularning faoliyati doirasida amalga oshirilgan ishlar yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga axborot kiritib borilishini taʼminlasin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi:

a) Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda yangi tashkil etiladigan davlat teatrlarida quyidagilarni nazarda tutuvchi zamonaviy axborot-kommunikatsiya tizimlarini teatrlarning budjetdan tashqari mablagʻlari, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonun hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan joriy etsin:

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 10-yanvardagi “Bilet operatsiyalarining yagona elektron tizimini yaratish va joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi 18-son qarori bilan belgilangan tartib asosida Bilet operatsiyalarining yagona elektron tizimiga ulanish;

davlat teatrlarini Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining yagona elektron axborot tizimiga ulangan videokuzatuv kameralari va avtomatik tizimlar (turniketlar) bilan jihozlash hamda kelgusida “Xavfsiz shahar” apparat-dasturiy kompleksiga integratsiyalash;

tashrif buyuruvchilar uchun belgilangan tartibda Wi-Fi xizmatini joriy etish;

b) Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi bilan birgalikda 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab:

Oʻzbekiston davlat sanʼat va madaniyat institutida “Qoʻgʻirchoq yasash texnologiyasi” ixtisosligi boʻyicha taʼlim yoʻnalishini ochish;

qoʻgʻirchoq teatri rejissorligi, aktyorligi va dramaturgiya yoʻnalishi boʻyicha maxsus sirtqi boʻlimlarni tashkil qilish;

Kamoliddin Behzod nomidagi Milliy rassomlik va dizayn institutida “Qoʻgʻirchoq teatri rassomi” ixtisosligi boʻyicha taʼlim yoʻnalishini ochish choralarini koʻrsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri O.A. Nazarbekov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 30-noyabr,

754-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 01.12.2020-y., 09/20/754/1573-son)

lex.uz