UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 30-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 30 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 ноября 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 November 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 23 июлдаги ПФ-6033-сон Фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 23 июлдаги ПҚ-4787-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармасини бошқариш, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин;

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги Виночиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Энология лабораторияси» унитар корхонаси зарур замонавий лаборатория анжомлари билан жиҳозланишини ва халқаро даражада аккредитациядан ўтказилишини, шунингдек, узум, мевалар ва резаворлардан алкоголли маҳсулотлар тажриба ишлаб чиқариши ташкил этилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 753-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) Виночиликни ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) бошқариш, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма Агентлик тизимида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тузилади.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш

3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган субсидиялар;

2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Агентлик ҳузуридаги «Энология лабораторияси» ва «Узумчилик ўқув маркази» давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан белгиланган тартибда амалга ошириладиган ажратмалар;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқарганлик ёки этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси учун тўланадиган жарима суммасининг 50 фоизи;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланадиган корхоналар томонидан лицензия талаблари бузилганлиги учун тайинланадиган жарималар;

тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берганлик учун давлат божи тўловининг 80 фоизи миқдорида, шунингдек, истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосини амалга оширишга лицензиялар бериш учун тўланадиган йиғимлар ва йиллик лицензия тўловлари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ва халқаро молия ташкилотларининг кредитлари (қарз маблағлари) ва грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда ушбу банднинг учинчи хатбошиси 2022 йил 1 январга қадар амал қилади.

4. Жамғарма маблағлари Агентлик томонидан белгиланган тартибда очиладиган ғазна ҳисобварағида жамланади.

3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш

5. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун сарфланади:

Агентликнинг техник навли узумзорлар ва виночилик соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлашга қаратилган комплекс мақсадли дастурларини амалга ошириш, шу жумладан, узум кўчатларини харид қилиш, узумнинг селекция навларини яратиш ва уларни экишни ташкил этиш билан боғлиқ вазифаларнинг самарали бажарилиши;

сувни тежовчи, шу жумладан, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда субсидиялар бериш;

саноатбоп токзорларда ирригация тадбирларини ўтказиш, жумладан, сув етказиб бериш, артезиан қудуқлар, қувурлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос ва қувурлар, сув сақлаш учун сиғимлар сотиб олиш;

техник навли узум плантацияларини яратиш ҳамда узум, мевалар ва резаворлардан алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 50 фоизидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қарз бериш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан 4 фоиз пунктигача чегирган ҳолда тижорат банкларига кредит ресурсларини бериш;

маҳаллий шароитда етиштирилган интенсив кўчатлар ҳамда пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратиш;

маҳаллий шароитда ток ўсимлиги тўқималаридан (меристема ҳужайра) «In vitro» усулида етиштирилган ток кўчатларини сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратиш;

умумий қийматининг камида 15 фоизи лойиҳа ташаббускори томонидан молиялаштириладиган техник навли узумчилик йўналишидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича бўлғуси ҳосил, токзор ва (ёки) ер участкасига бўлган ҳуқуқни гаровга олган ҳолда кафиллик тақдим этиш;

техник навли узум кўчатларини шпалерага кўтариш учун субсидиялар ажратиш;

виночилик соҳасидаги хорижий мутахассислар ва консультантларни жалб этиш, узум етиштирувчиларни, Агентлик ва виночилик корхоналари ходимларини, шу жумладан, хорижда, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

маҳаллий алкоголь, шу жумладан, вино маҳсулотларини тарғиб қилиш бўйича фестиваллар, кўргазмалар ва ярмаркалар ташкил этиш, алкоголь соҳаси корхоналарининг, шу жумладан хорижда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишига кўмаклашиш ҳамда уларнинг бундай тадбирлардаги иштироки билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

саноатбоп узумчилик ва виночилик, янги турдаги алкоголь маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва маркетингда «ноу-хау» билан боғлиқ бўлган илмий лойиҳаларни молиялаштириш;

техник навли узумларнинг оналик майдонлари ва коллекция участкалари, кўчатхона (питомник)лар барпо этиш;

коллекцион вино ва коньяк дистилляти маҳсулотларини захирага қўйиш;

2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг уч фоизи миқдоридаги ажратмалар ҳисобидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасини молиялаштириш;

Агентлик ва унинг идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, унинг марказий аппаратини таъминлаш, шу жумладан, Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш, хусусан, устамалар тўлаш, шунингдек, Агентлик фаолияти билан боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тадбирлар.

6. Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги мақсадлар учун субсидиялар берилади:

қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда яратилаётган техник навли узум плантацияларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш. Агар шартномада кўрсатилган томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишга сарфланган маблағ суммаси субсидиянинг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдоридан кам бўлган тақдирда, субсидия шартномада назарда тутилган суммада ажратилади;

яратилаётган ҳар 10 гектар ер майдонидаги техник навли узум плантацияларига сув чиқариш учун бурғулаш қудуғи, суғориш учун дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш учун насос станциясини қуришга ҳар бир метри учун 600 минг сўмдан, аммо 120 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг тегишли далолатномасига асосан ажратилади;

маҳаллий шароитда «in-vitro» усулида етиштирилган ҳар бир дона техник навли ток кўчати ва пайвандтагли ток кўчати учун 5 минг сўм миқдорида ажратилади;

техник навли узум кўчатларини шпалерга (ёғоч ва бошқа синувчан устунлардан ташқари) кўтариш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида бир дона шпалерга 15 (ўн беш) минг сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидиялар ажратилади;

маҳаллий шароитда интенсив усулда етиштирилган техник навли ток кўчатлари ҳамда пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун бир дона кўчатга 4 (тўрт) минг сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидиялар ажратиш.

техник навли узум плантацияларида томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш, бурғиланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга насос станциясини қуриш ишларини лойиҳалаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ҳар бир лойиҳага 10 миллион сўмгача миқдорда ажратилади;

аҳоли яшаш пунктларидан узоқ ҳудудларда жойлашган 10 гектардан кам бўлмаган лалми ва фойдаланишдан чиққан ерларда техник навли узум плантацияларини ташкил этиш учун қайта тикланувчи, муқобил электр энергияси (қуёш, сув, шамол) билан таъминлаш мақсадида талаб этиладиган ускуналарни сотиб олиш харажатларнинг 50 фоизигача, бироқ 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ажратилади;

маҳаллий ишлаб чиқарувчи кластерлар томонидан экспорт қилинган ҳар бир литр узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ҳамда бренди учун 5 (беш) минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ажратилади;

виночилик асбоб-ускуналарини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи, лекин 300 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ажратилади;

Халқаро аккредитация форуми (IAF) томонидан кўп томонлама тан олиш битимига киритилган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирида халқаро сифатни бошқариш тизимини жорий қилиш ҳамда зарур бўлган ускуна ва лаборатория жиҳозларини харид қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, лекин 500 миллион сўмдан ошмаган миқдорда субсидиялар ажратилади;

йиллик тушумида тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган ҳамда ҳар йили қиймати 1 миллион доллардан ортиқ миқдордаги маҳсулотларни экспорт қилувчи маҳаллий корхоналар томонидан инженер-технолог, маркетолог, дизайнер ва халқаро стандартлар бўйича хорижий мутахассислар жалб қилинганда, уларга ҳисобланган иш ҳақининг 30 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баробаридан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади.

7. Субсидияларни ажратиш томчилаб суғориш тизимини жорий қилиш, яратилаётган узум плантацияларида сув чиқариш учун насос станциялари ва сув чиқариш учун бурғулаш қудуқларини қуриш, «In vitro» шароитида етиштирилган ток кўчатлари экиш ва шпалерга кўтариш ҳолати бўйича амалга оширилади.

8. Ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадлар учун ( 6-бандда кўрсатилган мақсадлар бундан мустасно) юридик шахсларга қисқа ва узоқ муддатли (1 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 50 фоизидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қарзлар бериш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан 4 фоиз пунктигача чегирган холда тижорат банкларига кредит ресурсларини ажратиш;

қарзлар ажратиш Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш ва олдин берилган қарзларни қайта кўриб чиқиш комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан қабул қилинган қарорлар асосида ажратилади.

Комиссия таркиби Агентлик директори томонидан тасдиқланади.

9. Берилган қарзларнинг ҳар йиллик суммаси Жамғарманинг ҳисобварақларига тушган ҳар йиллик маблағлар умумий суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим ва қарз таъминоти сифатида кўчадиган ва кўчмас мулк гарови, учинчи шахсларнинг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа таъминот турлари тақдим қилинади.

10. Маблағлардан янада самарали фойдаланиш ва қўшимча фойда манбаини шакллантириш мақсадида Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тижорат банкларининг депозитларига жойлаштирилиши мумкин.

4-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш

11. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси, маблағ йўналтирилишини ҳисобга олган ҳолда ушбу Низомнинг 3 ва 5-бандларида назарда тутилган мақсадларга белгиланган тартибда тузилади.

12. Жамғарма маблағларини бошқариш ва тақсимлаш Агентлик директори томонидан Жамғарманинг тасдиқланган даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ амалга оширилади.

13. Агентлик директори:

Жамғарма маблағларини ушбу Низом асосида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган Жамғарманинг даромадлар ва харажатлари сметасига мувофиқ тасарруф этади ҳамда маблағлардан қатъий белгиланган мақсадларда самарали фойдаланилиши учун жавоб беради;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган шартномаларни тузади;

Жамғарманинг олдин берилган маблағлари бўйича, шу жумладан, шартнома шартларини қайта кўриб тузиш, муддатини узайтириш ва ўзгартириш бўйича қарорлар қабул қилади;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳисоби юритилишини, Жамғарма маблағларидан ушбу маблағларни олувчилар томонидан белгиланган мақсадларда фойдаланиш мониторингини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини бажариш бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни тақдим қилади.

7-боб. Агентликнинг кредит бериш бўйича тижорат банклари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби

28. Лойиҳа ташаббускорларига тижорат банклари томонидан ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадларга ( 6-бандда кўрсатилган мақсадлар (субсидия) бундан мустасно) ва шартларда кредитлар бериш мақсадида Агентлик ва тижорат банкининг бош аппарати ўртасидаги бош келишувни тузиш йўли билан Агентлик томонидан тижорат банкларига молия ресурслари берилади. Ресурс ажратиладиган тижорат банклари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг электрон дастурий таъминоти орқали аниқланади.

Лойиҳа ташаббускорларига тижорат банклари томонидан ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадларга ( 6-бандда кўрсатилган мақсадлар (субсидия) бундан мустасно) ва шартларда кредитлар бериш мақсадида Агентлик ва тижорат банкининг бош аппарати ўртасидаги бош келишувни тузиш йўли билан Агентлик томонидан тижорат банкларига ресурслар берилади.

Агентлик тижорат банклари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар (Жамғарма маблағлари бундан мустасно) бўйича бўлғуси ҳосил, токзор ёки кўчар ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни гаровга олган ҳолда кафиллик тақдим этади.

Тижорат банкларига Жамғармадан ажратилган ресурслар ҳисобидан бериладиган кредитлар Агентлик билан келишган ҳолда берилади.

Бунда 2020 йил 1 августдан бошлаб кредитлар тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан 4 фоиз пунктигача чегирмани қўллаган холда берилади.

29. Тижорат банки жорий йил давомида ресурсларнинг фойдаланилмаган ёки тўланмаган қисмини Агентликнинг ҳисобварақларига 3 иш куни мобайнида қайтариб бериши шарт.

30. Ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадларга ( 6-бандда кўрсатилган мақсадлар (субсидия) бундан мустасно) қарзларни бериш Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш ва олдин берилган қарзларни қайта кўриб чиқиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.

8-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш, ҳисобот бериш ва назорат қилиш

31. Агентлик ҳар бир йўналиш бўйича Жамғарма маблағларининг тушиши ва ҳаракатига оид алоҳида ҳисобини юритади.

32. Жамғармага мажбурий ажратмаларни ўз вақтида ўтказиб бериш учун Жамғармага ажратмаларни амалга оширувчи ташкилотлар раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланади. Алкоголь маҳсулотларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчилар ажратмаларни ҳар ойда, кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай амалга ошириши лозим.

Ажратмалар ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда, алкоголь маҳсулотлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчилар ҳар бир кечиктирилган кун учун кечиктирилган ажратмалар суммасининг 0,01 фоизи миқдорида пеня тўлайди, пеня суммаси кечиктирилган мажбуриятлар умумий суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.

Мазкур банддаги мажбуриятлар белгиланган муддатда ва лозим даражада бажарилмаган тақдирда, Агентлик қарздорликни мажбурий тартибда ундириш юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.

33. Жамғарманинг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан олинган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги ҳисоботлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тақдим қилинади.

34. Жамғарманинг Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан олинган ва лойиҳа ташаббускорларига ўтказилмаган маблағлари Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексида белгиланган тартибда кейинги йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.

35. Ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мақсадларни молиялаштириш ҳақидаги битим қарз шартномаси шаклида расмийлаштирилади. Шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, низо амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари доирасида ҳал этилади.

36. Жамғарма маблағларидан белгиланган мақсадларда фойдаланишни назорат қилиш ваколатли органлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

9-боб. Якунловчи қоидалар

37. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

38. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 753-сон қарорига 4-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 9 июлдаги 571-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тўғрисидаги низомда (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2019 йил, 09/19/571/3401 -сон):

а) 9-бандда :

бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

олтинчи — ўн бешинчи хатбошилар тегишли равишда бешинчи — ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

б) 33-банддан — «Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги» сўзлари чиқариб ташлансин.

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 26 декабрдаги 1039-сон қарорида (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.12.2019 й., 09/19/1039/4232-сон):

а) 1-бандда «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик)» сўзлари билан алмаштирилсин»;

б) иловада :

11-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясига» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигига» сўзлари билан алмаштирилсин;

в) 1-иловада :

1-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги вакиллари (уч нафар)» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги вакиллари (беш нафар)» сўзлари билан алмаштирилсин;

2-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

г) 2-иловада :

«Чора-тадбирлар» устунидаги «Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 753-сон қарорига 5-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 30 мартдаги 271-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Алкоголь ва тамаки бозорини самарали тартибга солишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 8 июндаги 474-сон қарори .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 30 мартдаги 271-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2020 йил 6 апрелдаги 203-сон қарори .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон қарори)» 2020 йил 7 июлдаги 429-сон қарорига 1-илованинг 39-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 30 ноябрь,

753-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2020 й., 09/20/753/1572-сон, 31.12.2020 й., 07/20/4938/1680-сон; 24.02.2021 й., 09/21/95/0147-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.07.2021 й., 07/21/5200/0731-сон, 26.10.2021 й., 09/21/656/0996-сон; 22.02.2022 й., 09/22/80/0154-сон, 26.02.2022 й., 09/22/88/0165-сон, 11.06.2022 й., 09/22/327/0517-сон; 22.08.2022 й., 09/22/471/0767-сон; 23.12.2022 й., 09/22/717/1112-сон; 12.06.2023 й., 06/23/90/0352-сон; 26.07.2024 й., 09/24/453/0558-сон; 16.08.2024 й., 06/24/111/0623-сон; 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон; 08.05.2025 й., 09/25/294/0419-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон; 02.09.2025 й., 09/25/553/0796-сон; 18.10.2025 й., 09/25/650/0946-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi faoliyatiga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va ularning aylanmasini tartibga solish sohasida boshqaruv tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2020-yil 23-iyuldagi PF-6033-son Farmoniga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2020-yil 23-iyuldagi PQ-4787-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligida xizmatlar koʻrsatish agentligining Vinochilikni rivojlantirish jamgʻarmasini boshqarish, shuningdek, uning mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini nazarda tutuvchi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Qishloq xoʻjaligida xizmatlar koʻrsatish agentligining Vinochilikni rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin;

2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 4-ilovaga muvofiq ayrim hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 5-ilovaga muvofiq baʼzi qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi Vinochilikni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan “Enologiya laboratoriyasi” unitar korxonasi zarur zamonaviy laboratoriya anjomlari bilan jihozlanishini va xalqaro darajada akkreditatsiyadan oʻtkazilishini, shuningdek, uzum, mevalar va rezavorlardan alkogolli mahsulotlar tajriba ishlab chiqarishi tashkil etilishini taʼminlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 30-noyabrdagi 753-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligida xizmatlar koʻrsatish agentligining Vinochilikni rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligida xizmatlar koʻrsatish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Vinochilikni rivojlantirish jamgʻarmasini (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) boshqarish, shuningdek, uning mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarma Agentlik tizimida yuridik shaxs tashkil etmagan holda tuziladi.

2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish

3. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalardan shakllantiriladi:

Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan har yili ajratiladigan subsidiyalar;

2022-yil 1-yanvardan boshlab alkogol mahsulotlarining (pivo va tabiiy vino bundan mustasno) ulgurji savdosi bilan shugʻullanuvchi korxonalar sof tushumining uch foizi miqdoridagi ajratmalar;

Agentlik huzuridagi “Enologiya laboratoriyasi” va “Uzumchilik oʻquv markazi” davlat unitar korxonalarining sof foydasidan belgilangan tartibda amalga oshiriladigan ajratmalar;

alkogol va tamaki mahsulotlarini noqonuniy ishlab chiqarganlik yoki etil spirti hamda alkogol mahsulotlarining noqonuniy aylanmasi uchun toʻlanadigan jarima summasining 50 foizi;

isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqaruvchilar, shuningdek, alkogol mahsulotlarining ulgurji savdosi bilan shugʻullanadigan korxonalar tomonidan litsenziya talablari buzilganligi uchun tayinlanadigan jarimalar;

tamaki mahsulotlari ishlab chiqarish faoliyatini amalga oshirish huquqiga litsenziya berganlik uchun davlat boji toʻlovining 80 foizi miqdorida, shuningdek, isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishga, alkogol mahsulotlarining ulgurji savdosini amalga oshirishga litsenziyalar berish uchun toʻlanadigan yigʻimlar va yillik litsenziya toʻlovlari;

xalqaro moliya institutlari, xorijiy hukumat va xalqaro moliya tashkilotlarining kreditlari (qarz mablagʻlari) va grantlari;

qonun hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

Bunda ushbu bandning uchinchi xatboshisi 2022-yil 1-yanvarga qadar amal qiladi.

4. Jamgʻarma mablagʻlari Agentlik tomonidan belgilangan tartibda ochiladigan gʻazna hisobvaragʻida jamlanadi.

3-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish

5. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi maqsadlar uchun sarflanadi:

Agentlikning texnik navli uzumzorlar va vinochilik sohasini jadal rivojlantirishni taʼminlashga qaratilgan kompleks maqsadli dasturlarini amalga oshirish, shu jumladan, uzum koʻchatlarini xarid qilish, uzumning seleksiya navlarini yaratish va ularni ekishni tashkil etish bilan bogʻliq vazifalarning samarali bajarilishi;

suvni tejovchi, shu jumladan, tomchilatib sugʻorish texnologiyalarini joriy etishga qonun hujjatlarida belgilangan tartibda va miqdorda subsidiyalar berish;

sanoatbop tokzorlarda irrigatsiya tadbirlarini oʻtkazish, jumladan, suv yetkazib berish, artezian quduqlar, quvurlar va rezervuarlar barpo etish, suv yetkazib berish uchun nasos va quvurlar, suv saqlash uchun sigʻimlar sotib olish;

texnik navli uzum plantatsiyalarini yaratish hamda uzum, mevalar va rezavorlardan alkogol mahsulotlari ishlab chiqarish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki asosiy stavkasining 50 foizidan oshmaydigan foiz stavkasi boʻyicha qarz berish hamda Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining asosiy stavkasidan 4 foiz punktigacha chegirgan holda tijorat banklariga kredit resurslarini berish;

mahalliy sharoitda yetishtirilgan intensiv koʻchatlar hamda payvandtaglarni sotib olish xarajatlarining bir qismini qoplash uchun subsidiyalar ajratish;

mahalliy sharoitda tok oʻsimligi toʻqimalaridan (meristema hujayra) “In vitro” usulida yetishtirilgan tok koʻchatlarini sotib olish xarajatlarining bir qismini qoplash uchun subsidiyalar ajratish;

umumiy qiymatining kamida 15 foizi loyiha tashabbuskori tomonidan moliyalashtiriladigan texnik navli uzumchilik yoʻnalishidagi investitsiya loyihalarini moliyalashtirish uchun tijorat banklari tomonidan ajratiladigan kreditlar boʻyicha boʻlgʻusi hosil, tokzor va (yoki) yer uchastkasiga boʻlgan huquqni garovga olgan holda kafillik taqdim etish;

texnik navli uzum koʻchatlarini shpaleraga koʻtarish uchun subsidiyalar ajratish;

vinochilik sohasidagi xorijiy mutaxassislar va konsultantlarni jalb etish, uzum yetishtiruvchilarni, Agentlik va vinochilik korxonalari xodimlarini, shu jumladan, xorijda, tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;

mahalliy alkogol, shu jumladan, vino mahsulotlarini targʻib qilish boʻyicha festivallar, koʻrgazmalar va yarmarkalar tashkil etish, alkogol sohasi korxonalarining, shu jumladan xorijda oʻtkaziladigan tadbirlarda ishtirok etishiga koʻmaklashish hamda ularning bunday tadbirlardagi ishtiroki bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash;

sanoatbop uzumchilik va vinochilik, yangi turdagi alkogol mahsulotlar ishlab chiqarish va marketingda “nou-xau” bilan bogʻliq boʻlgan ilmiy loyihalarni moliyalashtirish;

texnik navli uzumlarning onalik maydonlari va kolleksiya uchastkalari, koʻchatxona (pitomnik)lar barpo etish;

kolleksion vino va konyak distillyati mahsulotlarini zaxiraga qoʻyish;

2022-yil 1-yanvardan boshlab alkogol mahsulotlarining (pivo va tabiiy vino bundan mustasno) ulgurji savdosi bilan shugʻullanuvchi korxonalar sof tushumining uch foizi miqdoridagi ajratmalar hisobidan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar hamda ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalarning farzandlarini qoʻllab-quvvatlash hamda ijtimoiy yordam koʻrsatish uchun Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasini moliyalashtirish;

Agentlik va uning idoraviy boʻysunuvidagi tashkilotlar moddiy-texnika bazasini mustahkamlash, uning markaziy apparatini taʼminlash, shu jumladan, Agentlik xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish, xususan, ustamalar toʻlash, shuningdek, Agentlik faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan, qonun hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa tadbirlar.

6. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan quyidagi maqsadlar uchun subsidiyalar beriladi:

qonun hujjatlarida belgilangan miqdorda yaratilayotgan texnik navli uzum plantatsiyalarida tomchilatib sugʻorish texnologiyasini joriy etish. Agar shartnomada koʻrsatilgan tomchilatib sugʻorish texnologiyasini joriy qilishga sarflangan mablagʻ summasi subsidiyaning qonun hujjatlarida belgilangan miqdoridan kam boʻlgan taqdirda, subsidiya shartnomada nazarda tutilgan summada ajratiladi;

yaratilayotgan har 10 gektar yer maydonidagi texnik navli uzum plantatsiyalariga suv chiqarish uchun burgʻulash qudugʻi, sugʻorish uchun daryolar, kanallar va boshqa suv havzalaridan suv chiqarish uchun nasos stansiyasini qurishga har bir metri uchun 600 ming soʻmdan, ammo 120 million soʻmdan ortiq boʻlmagan miqdorda Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasining tegishli dalolatnomasiga asosan ajratiladi;

mahalliy sharoitda “in-vitro” usulida yetishtirilgan har bir dona texnik navli tok koʻchati va payvandtagli tok koʻchati uchun 5 ming soʻm miqdorida ajratiladi;

texnik navli uzum koʻchatlarini shpalerga (yogʻoch va boshqa sinuvchan ustunlardan tashqari) koʻtarish xarajatlarining bir qismini qoplash maqsadida bir dona shpalerga 15 (oʻn besh) ming soʻmdan ortiq boʻlmagan miqdorda subsidiyalar ajratiladi;

mahalliy sharoitda intensiv usulda yetishtirilgan texnik navli tok koʻchatlari hamda payvandtaglarni sotib olish xarajatlarining bir qismini qoplash uchun bir dona koʻchatga 4 (toʻrt) ming soʻmdan ortiq boʻlmagan miqdorda subsidiyalar ajratish.

texnik navli uzum plantatsiyalarida tomchilatib sugʻorish texnologiyalarini joriy qilish, burgʻilangan quduq, shuningdek, daryolar, kanallar hamda boshqa suv havzalaridan suvni tortishga nasos stansiyasini qurish ishlarini loyihalashtirish xarajatlarining bir qismini qoplash maqsadida har bir loyihaga 10 million soʻmgacha miqdorda ajratiladi;

aholi yashash punktlaridan uzoq hududlarda joylashgan 10 gektardan kam boʻlmagan lalmi va foydalanishdan chiqqan yerlarda texnik navli uzum plantatsiyalarini tashkil etish uchun qayta tiklanuvchi, muqobil elektr energiyasi (quyosh, suv, shamol) bilan taʼminlash maqsadida talab etiladigan uskunalarni sotib olish xarajatlarning 50 foizigacha, biroq 100 million soʻmdan ortiq boʻlmagan miqdorda ajratiladi;

mahalliy ishlab chiqaruvchi klasterlar tomonidan eksport qilingan har bir litr uzum va meva-rezavorlardan tayyorlangan tabiiy ravishda achitilgan tabiiy vino (etil spirti qoʻshilmagan holda) hamda brendi uchun 5 (besh) ming soʻmdan koʻp boʻlmagan miqdorda ajratiladi;

vinochilik asbob-uskunalarini xarid qilish xarajatlarining 20 foizi, lekin 300 million soʻmdan ortiq boʻlmagan miqdorda ajratiladi;

Xalqaro akkreditatsiya forumi (IAF) tomonidan koʻp tomonlama tan olish bitimiga kiritilgan oziq-ovqat mahsulotlarini ishlab chiqarish va yetkazib berish zanjirida xalqaro sifatni boshqarish tizimini joriy qilish hamda zarur boʻlgan uskuna va laboratoriya jihozlarini xarid qilish bilan bogʻliq xarajatlarning 50 foizi, lekin 500 million soʻmdan oshmagan miqdorda subsidiyalar ajratiladi;

yillik tushumida tayyor oziq-ovqat mahsulotlari eksportidan tushum ulushi kamida 30 foizni tashkil qiladigan hamda har yili qiymati 1 million dollardan ortiq miqdordagi mahsulotlarni eksport qiluvchi mahalliy korxonalar tomonidan injener-texnolog, marketolog, dizayner va xalqaro standartlar boʻyicha xorijiy mutaxassislar jalb qilinganda, ularga hisoblangan ish haqining 30 foizi, biroq mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 10 barobaridan koʻp boʻlmagan qismi qoplab beriladi.

7. Subsidiyalarni ajratish tomchilab sugʻorish tizimini joriy qilish, yaratilayotgan uzum plantatsiyalarida suv chiqarish uchun nasos stansiyalari va suv chiqarish uchun burgʻulash quduqlarini qurish, “In vitro” sharoitida yetishtirilgan tok koʻchatlari ekish va shpalerga koʻtarish holati boʻyicha amalga oshiriladi.

8. Ushbu Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan maqsadlar uchun ( 6-bandda koʻrsatilgan maqsadlar bundan mustasno) yuridik shaxslarga qisqa va uzoq muddatli (1 yildan 7 yilgacha boʻlgan muddatga) Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki asosiy stavkasining 50 foizidan oshmaydigan foiz stavkasi boʻyicha qarzlar berish hamda Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining asosiy stavkasidan 4 foiz punktigacha chegirgan xolda tijorat banklariga kredit resurslarini ajratish;

qarzlar ajratish Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan qarz berish va oldin berilgan qarzlarni qayta koʻrib chiqish komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tomonidan qabul qilingan qarorlar asosida ajratiladi.

Komissiya tarkibi Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadi.

9. Berilgan qarzlarning har yillik summasi Jamgʻarmaning hisobvaraqlariga tushgan har yillik mablagʻlar umumiy summasining 50 foizidan oshmasligi lozim va qarz taʼminoti sifatida koʻchadigan va koʻchmas mulk garovi, uchinchi shaxslarning kafilligi va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa taʼminot turlari taqdim qilinadi.

10. Mablagʻlardan yanada samarali foydalanish va qoʻshimcha foyda manbaini shakllantirish maqsadida Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlari qonun hujjatlarida belgilangan tartibda tijorat banklarining depozitlariga joylashtirilishi mumkin.

4-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish

11. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasi, mablagʻ yoʻnaltirilishini hisobga olgan holda ushbu Nizomning 3 va 5-bandlarida nazarda tutilgan maqsadlarga belgilangan tartibda tuziladi.

12. Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish va taqsimlash Agentlik direktori tomonidan Jamgʻarmaning tasdiqlangan daromadlari va xarajatlari smetasiga muvofiq amalga oshiriladi.

13. Agentlik direktori:

Jamgʻarma mablagʻlarini ushbu Nizom asosida ishlab chiqilgan va tasdiqlangan Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlari smetasiga muvofiq tasarruf etadi hamda mablagʻlardan qatʼiy belgilangan maqsadlarda samarali foydalanilishi uchun javob beradi;

qonun hujjatlarida belgilangan tartibda Jamgʻarma mablagʻlaridan moliyalashtiriladigan shartnomalarni tuzadi;

Jamgʻarmaning oldin berilgan mablagʻlari boʻyicha, shu jumladan, shartnoma shartlarini qayta koʻrib tuzish, muddatini uzaytirish va oʻzgartirish boʻyicha qarorlar qabul qiladi;

Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari hisobi yuritilishini, Jamgʻarma mablagʻlaridan ushbu mablagʻlarni oluvchilar tomonidan belgilangan maqsadlarda foydalanish monitoringini taʼminlaydi;

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasini bajarish boʻyicha choraklik va yillik hisobotlarni taqdim qiladi.

7-bob. Agentlikning kredit berish boʻyicha tijorat banklari bilan oʻzaro hamkorligi tartibi

28. Loyiha tashabbuskorlariga tijorat banklari tomonidan ushbu Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan maqsadlarga ( 6-bandda koʻrsatilgan maqsadlar (subsidiya) bundan mustasno) va shartlarda kreditlar berish maqsadida Agentlik va tijorat bankining bosh apparati oʻrtasidagi bosh kelishuvni tuzish yoʻli bilan Agentlik tomonidan tijorat banklariga moliya resurslari beriladi. Resurs ajratiladigan tijorat banklari roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Gʻaznachiligining elektron dasturiy taʼminoti orqali aniqlanadi.

Loyiha tashabbuskorlariga tijorat banklari tomonidan ushbu Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan maqsadlarga ( 6-bandda koʻrsatilgan maqsadlar (subsidiya) bundan mustasno) va shartlarda kreditlar berish maqsadida Agentlik va tijorat bankining bosh apparati oʻrtasidagi bosh kelishuvni tuzish yoʻli bilan Agentlik tomonidan tijorat banklariga resurslar beriladi.

Agentlik tijorat banklari hisobidan ajratiladigan kreditlar (Jamgʻarma mablagʻlari bundan mustasno) boʻyicha boʻlgʻusi hosil, tokzor yoki koʻchar va koʻchmas mulkka boʻlgan huquqni garovga olgan holda kafillik taqdim etadi.

Tijorat banklariga Jamgʻarmadan ajratilgan resurslar hisobidan beriladigan kreditlar Agentlik bilan kelishgan holda beriladi.

Bunda 2020-yil 1-avgustdan boshlab kreditlar tijorat banklari orqali Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining asosiy stavkasidan 4 foiz punktigacha chegirmani qoʻllagan xolda beriladi.

29. Tijorat banki joriy yil davomida resurslarning foydalanilmagan yoki toʻlanmagan qismini Agentlikning hisobvaraqlariga 3 ish kuni mobaynida qaytarib berishi shart.

30. Ushbu Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan maqsadlarga ( 6-bandda koʻrsatilgan maqsadlar (subsidiya) bundan mustasno) qarzlarni berish Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan qarz berish va oldin berilgan qarzlarni qayta koʻrib chiqish tartibiga muvofiq amalga oshiriladi.

8-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishni hisobga olish, hisobot berish va nazorat qilish

31. Agentlik har bir yoʻnalish boʻyicha Jamgʻarma mablagʻlarining tushishi va harakatiga oid alohida hisobini yuritadi.

32. Jamgʻarmaga majburiy ajratmalarni oʻz vaqtida oʻtkazib berish uchun Jamgʻarmaga ajratmalarni amalga oshiruvchi tashkilotlar rahbarlari shaxsan masʼul hisoblanadi. Alkogol mahsulotlarning ulgurji savdosi bilan shugʻullanuvchilar ajratmalarni har oyda, keyingi oyning 15-kunidan kechiktirmay amalga oshirishi lozim.

Ajratmalar oʻz vaqtida amalga oshirilmagan taqdirda, alkogol mahsulotlar ulgurji savdosi bilan shugʻullanuvchilar har bir kechiktirilgan kun uchun kechiktirilgan ajratmalar summasining 0,01 foizi miqdorida penya toʻlaydi, penya summasi kechiktirilgan majburiyatlar umumiy summasining 50 foizidan oshmasligi lozim.

Mazkur banddagi majburiyatlar belgilangan muddatda va lozim darajada bajarilmagan taqdirda, Agentlik qarzdorlikni majburiy tartibda undirish yuzasidan sudga daʼvo arizasi bilan murojaat qilishga haqli.

33. Jamgʻarmaning Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan olingan mablagʻlar boʻyicha daromadlar va xarajatlar toʻgʻrisidagi hisobotlari Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga qonun hujjatlarida belgilangan muddatlarda taqdim qilinadi.

34. Jamgʻarmaning Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan olingan va loyiha tashabbuskorlariga oʻtkazilmagan mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Budjet kodeksida belgilangan tartibda keyingi yilga oʻtadi va olib qoʻyilmaydi.

35. Ushbu Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan maqsadlarni moliyalashtirish haqidagi bitim qarz shartnomasi shaklida rasmiylashtiriladi. Shartnomaviy majburiyatlar bajarilmagan yoki lozim darajada bajarilmagan taqdirda, nizo amaldagi qonun hujjatlari talablari doirasida hal etiladi.

36. Jamgʻarma mablagʻlaridan belgilangan maqsadlarda foydalanishni nazorat qilish vakolatli organlar tomonidan qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

9-bob. Yakunlovchi qoidalar

37. Ushbu Nizomni amalga oshirishda yuzaga keladigan nizolar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.

38. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 30-noyabrdagi 753-son qaroriga 4-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 9-iyuldagi 571-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi toʻgʻrisidagi nizomda (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2019-yil, 09/19/571/3401 -son):

a) 9-bandda :

beshinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

oltinchi — oʻn beshinchi xatboshilar tegishli ravishda beshinchi — oʻn toʻrtinchi xatboshilar deb hisoblansin;

b) 33-banddan — “Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligi” soʻzlari chiqarib tashlansin.

6. Vazirlar Mahkamasining “Isteʼmol etil spirti va alkogol mahsulotlari sifatini organoleptik baholash boʻyicha respublika degustatsiya komissiyasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 26-dekabrdagi 1039-son qarorida (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 27.12.2019-y., 09/19/1039/4232-son):

a) 1-bandda “Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik)” soʻzlari bilan almashtirilsin”;

b) ilovada :

11-banddagi “Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasiga” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligiga” soʻzlari bilan almashtirilsin;

v) 1-ilovada :

1-banddagi “Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligi vakillari (uch nafar)” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi vakillari (besh nafar)” soʻzlari bilan almashtirilsin;

2-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;

g) 2-ilovada :

“Chora-tadbirlar” ustunidagi “Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi” soʻzlari bilan almashtirilsin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 30-noyabrdagi 753-son qaroriga 5-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligining Uzum yetishtiruvchilar va vino tayyorlovchilarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash haqida” 2019-yil 30-martdagi 271-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Alkogol va tamaki bozorini samarali tartibga solishni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 8-iyundagi 474-son qarori .

3. Vazirlar Mahkamasining “Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Uzumchilik va vinochilikni rivojlantirish agentligining Uzum yetishtiruvchilar va vino tayyorlovchilarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash haqida” 2019-yil 30-martdagi 271-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2020-yil 6-apreldagi 203-son qarori .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Byurokratik toʻsiqlarni yanada qisqartirish hamda davlat organlari va tashkilotlari faoliyatiga zamonaviy boshqaruv tamoyillarini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 9-dekabrdagi PQ-4546-son qarori)” 2020-yil 7-iyuldagi 429-son qaroriga 1-ilovaning 39-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 30-noyabr,

753-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 01.12.2020-y., 09/20/753/1572-son, 31.12.2020-y., 07/20/4938/1680-son; 24.02.2021-y., 09/21/95/0147-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.07.2021-y., 07/21/5200/0731-son, 26.10.2021-y., 09/21/656/0996-son; 22.02.2022-y., 09/22/80/0154-son, 26.02.2022-y., 09/22/88/0165-son, 11.06.2022-y., 09/22/327/0517-son; 22.08.2022-y., 09/22/471/0767-son; 23.12.2022-y., 09/22/717/1112-son; 12.06.2023-y., 06/23/90/0352-son; 26.07.2024-y., 09/24/453/0558-son; 16.08.2024-y., 06/24/111/0623-son; 30.01.2025-y., 09/25/45/0084-son; 08.05.2025-y., 09/25/294/0419-son; 22.05.2025-y., 09/25/325/0460-son; 02.09.2025-y., 09/25/553/0796-son; 18.10.2025-y., 09/25/650/0946-son)

lex.uz