📅 2020-yil 11-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 11-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 11 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 декабря 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 December 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
СХЕМАСИ
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ, шунингдек, солиқ тўловчилар учун солиқ тўловларини амалга оширишда қулайлик яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича солиқ тўловчилар томонидан мурожаат қилиш тартиби;
солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарори лойиҳасини тайёрлаш тартиби;
солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарор қабул қилиш тартиби.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 25 ноябрдаги 951-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 декабрдаги 776-сон қарорига ИЛОВА
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва айланмадан олинадиган солиқни (кейинги ўринларда — солиқлар) тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартибини белгилайди.
Ушбу Низомнинг амал қилиши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
солиқ қарзи — Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (кейинги ўринларда — Солиқ кодекси) талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган (ҳисобланган) ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқларнинг, шу жумладан, улар бўйича бўнак ва жорий тўловларнинг суммалари, шунингдек, Солиқ кодексида белгиланган муддатда тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар;
солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш — солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш орқали солиқ тўлашнинг муддатини кейинроқ муддатга кўчириш;
солиқ тўлашни кечиктириш — солиқ қарзини бир йўла тўлашни назарда тутган ҳолда солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш;
солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш — солиқларни тенг улушларда босқичма-босқич тўлашни назарда тутган ҳолда солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш;
ваколатли орган — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари;
манфаатдор шахс — ушбу Низомда белгиланган солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича мурожаат қилган солиқ тўловчи.
3. Солиқни тўлаш бўйича муддатни ваколатли орган томонидан ўзгартириш имконияти манфаатдор шахсга, башарти унинг молиявий аҳволи ушбу солиқни белгиланган муддатда тўлаш имконини бермаса, бироқ кўрсатилган солиқ тўловчида бундай солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун берилган муддат мобайнида тўлаш имконияти юзага келади деб тахмин қилиш учун етарлича асослар (аниқ ҳисоб-китоблар, бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматларнинг ҳақини тасдиқловчи ҳужжатлар) мавжуд бўлган тақдирда берилади.
4. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш Солиқ кодексининг 100 ва 101-моддаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Солиқ кодексининг 100-моддасида назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлган манфаатдор шахс томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган мавсумий хусусиятга эга бўлган тармоқлар ва фаолият турлари рўйхатида мавжуд бўлганда, солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти ушбу шахснинг умумий даромадларида унинг мавсумий хусусиятга эга бўлган фаолиятдан (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда сақлаш фаолияти ва бошқалар) олинган даромадларининг улуши камида 50 фоизни ташкил этишини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳудудий бошқармаларининг маълумоти асосида тақдим этилади.
5. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш Солиқ кодексига мувофиқ мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан таъминланиши мумкин.
6. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш тартиби
7. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти ваколатли органнинг қарори асосида берилади.
8. Манфаатдор шахс томонидан солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига (кейинги ўринларда — ҳокимликлар) солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш тўғрисида ушбу Низомга 3.1-3.2-иловаларга мувофиқ шакл бўйича тақдим этилган қоғоз ёки электрон шаклдаги ариза ҳамда Солиқ кодексининг 101-моддасига мувофиқ илова қилинган зарур ҳужжатлар ваколатли органнинг қарори (кейинги ўринларда — қарор) лойиҳасини тайёрлаш учун асос ҳисобланади.
Бунда манфаатдор шахслар томонидан электрон шаклдаги аризалар уларнинг «шахсий кабинети» орқали тақдим этилади.
9. Ҳокимликлар манфаатдор шахснинг аризаси олинган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилигини ўрганиб чиқиб, солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини ваколатли органга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади.
10. Ваколатли орган солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси киритилган кундан эътиборан ўттиз кун мобайнида қарорни қабул қилади.
Қарор ваколатли органнинг раҳбари (раиси) томонидан имзоланади.
Бунда қарорда солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш назарда тутилган тақдирда:
кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ тури (турлари);
қарз суммаси;
кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ тури (турлари) бўйича муддат;
қарз суммасини ва ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби ҳамда муддатларини ўзида акс эттирган қарорнинг нусхаси ҳокимликлар томонидан манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига ва манфаатдор шахсга ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни мобайнида юборилади.
Қарорда солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш рад этилиши назарда тутилган тақдирда, ҳокимликлар ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида асосланган рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида манфаатдор шахсни ёзма равишда хабардор қилади.
11. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорга мувофиқ солиқ органи томонидан қарор олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида манфаатдор шахснинг шахсий карточкасига ёзув киритилади ва икки томонлама далолатнома тузилади.
12. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини беришдан фойдаланганлик учун фоизларни ҳисоблаб чиқариш пеняни ҳисоблаш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади ва манфаатдор шахснинг шахсий карточкасида кечиктирилган солиқлар учун ҳисобланган фоизлар сифатида акс эттирилади.
13. Қарор ушбу қарорда белгиланган кундан эътиборан кучга киради. Бунда солиқни тўлаш учун белгиланган кундан эътиборан ушбу қарор кучга кирадиган кунга қадар бўлган бутун вақт учун тегишли пенялар, агар тўловнинг кўрсатилган муддати ушбу қарор кучга кирадиган кундан олдин бўлса, қарз суммасига киритилади.
Агар солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти мол-мулк гарови эвазига бериладиган бўлса, уни бериш тўғрисидаги қарор фақат Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда мол-мулк гарови тўғрисидаги шартнома тузилгандан кейин кучга киради.
14. Манфаатдор шахсларга солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти:
жорий йил давомида солиқ аудити ўтказилмаган ҳолда таъминлаш чораларисиз;
солиқ органлари томонидан камерал назорат ўтказилганда қўшимча солиқ ҳисобланган холда таъминлаш чоралари (мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати) асосида берилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
15. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш бўйича солиқлар суммалари ўз вақтида тўланишини назорат қилиш манфаатдор шахс давлат рўйхатидан ўтган ёки солиқ тўловчи сифатида ҳисобда турган давлат солиқ инспекцияси томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
16. Давлат солиқ хизмати органлари ҳокимликлар томонидан тақдим этилган солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисидаги ахборотлар асосида алоҳида электрон шаклда ҳисобот юритади.
17. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Мавсумий хусусиятга эга бўлган тармоқлар ва фаолият турлари
1. Қишлоқ хўжалиги тармоғи:
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш фаолияти;
қишлоқ хўжалиги корхоналарига хизмат кўрсатиш фаолияти.
Дала четлари, каналлар, коллектор-дренаж ва суғориш тармоқлари атрофидаги майдонлар, аҳоли томорқаси, хонадонлар, кўп қаватли уйлар олди ва маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш фаолияти.
2. Балиқчилик саноати тармоғи:
балиқ ва бошқа денгиз жониворлари ва маҳсулотларини овловчи ҳамда уларнинг хомашёларини қайта ишловчи корхоналар — балиқпазлик ва балиқ консервалари комбинатлари ва корхоналари, балиқ саноати музхоналари, балиқ уни ва мойи заводлари, балиқ овловчи хўжаликлар ва балиқларни ҳаво кемаларида қидирувчи хизматлар фаолияти.
3. Қурилиш материаллари саноати тармоғи:
пиширилган ва силикатли ғиштлар, сопол блоклар ва панеллар, ғиштдан блок ва панеллар, сопол черепицалар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти;
уячали ва зич силикатли бетондан йирик блоклар ишлаб чиқарувчи, йирик ва майда деворбоп бетон блоклар, шлакобетон блоклар, табиий тош блоклар (чиғаноқтош, туф ва бошқалар) ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти;
оҳак ва доломит кукуни, майдаланган гипс хомашёси ва озуқабоп бўр ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти.
4. Ёғ-пишлоқ ва сут саноати (сут консерваларини ишлаб чиқаришсиз) тармоғи:
музқаймоқ ишлаб чиқариш фаолияти.
5. Пиво ишлаб чиқариш тармоғи:
пиво ва солод ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти.
6. Вино маҳсулотларини ишлаб чиқариш саноати тармоғи:
узумдан вино ишлаб чиқариш фаолияти.
7. Пахта тозалаш саноати тармоғи:
пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш фаолияти.
8. Азот саноати тармоғи:
ўғитлар ва азотли бирикмалар ишлаб чиқариш фаолияти.
9. Соғломлаштириш ва дам олиш муассасалари тармоғи:
болалар оромгоҳлари, дам олиш уйлари, даволаш фаолияти билан шуғулланмайдиган пансионатлар ва бошқа дам олиш муассасалари фаолияти.
10. Иссиқлик таъминоти тармоғи:
коммунал-маиший ва аҳолининг иссиқликка бўлган эҳтиёжи бўйича иссиқлик тақсимлаш тармоқлари ва иссиқлик таъминоти бўйича фаолият юритувчи ташкилотлар.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Манфаатдор шахс Мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш учун қоғоз ёки электрон шаклда солиқ солиш объекти жойлашган жой бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ариза беради. Заруратга кўра 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 1. Аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларни Низом талабларига мувофиқ кўриб чиқади ва ваколатли орган қарори лойиҳасини тайёрлайди. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгашлари ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига қарор лойиҳасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади. Манфаатдор шахснинг аризаси тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгашлари ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш бўйича қарор қабул қилади Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси киритилган кундан эътиборан ўттиз кун мобайнида 4-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 1. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органи ва манфаатдор шахсга юборилади. Қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида 2. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш рад этилиши назарда тутилган тақдирда, асосланган рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида манфаатдор шахсни ёзма равишда хабардор қилади. Қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга 3.1-ИЛОВА
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга 3.2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 11 декабрь,
776-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
SXEMASI
Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan soliq toʻlovchilarning soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga muvofiq, shuningdek, soliq toʻlovchilar uchun soliq toʻlovlarini amalga oshirishda qulaylik yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan soliq toʻlovchilarning soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
soliq toʻlash muddatini oʻzgartirish boʻyicha soliq toʻlovchilar tomonidan murojaat qilish tartibi;
soliq toʻlash muddatini oʻzgartirish boʻyicha mahalliy davlat hokimiyati organlari qarori loyihasini tayyorlash tartibi;
soliq toʻlash muddatini oʻzgartirish boʻyicha mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan qaror qabul qilish tartibi.
2. Vazirlar Mahkamasining “Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan yuridik shaxslarning mol-mulkiga solinadigan soliq, yer soligʻi va yagona yer soligʻi boʻyicha toʻlash muddatini uzaytirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 25-noyabrdagi 951-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi raisi Sh.D. Kudbiyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 11-dekabrdagi 776-son qaroriga ILOVA
Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan soliq toʻlovchilarning soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan mol-mulk soligʻi, yer soligʻi, suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq va aylanmadan olinadigan soliqni (keyingi oʻrinlarda — soliqlar) toʻlashni kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlash imkoniyatini berish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizomning amal qilishi qonunchilik hujjatlariga muvofiq yuridik va jismoniy shaxslarga tatbiq etiladi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
soliq qarzi — Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksi (keyingi oʻrinlarda — Soliq kodeksi) talablariga muvofiq hisoblab chiqarilgan (hisoblangan) va belgilangan muddatlarda toʻlanmagan soliqlarning, shu jumladan, ular boʻyicha boʻnak va joriy toʻlovlarning summalari, shuningdek, Soliq kodeksida belgilangan muddatda toʻlanmagan moliyaviy sanksiyalar va penyalar;
soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish — soliq toʻlashni kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlash imkoniyatini berish orqali soliq toʻlashning muddatini keyinroq muddatga koʻchirish;
soliq toʻlashni kechiktirish — soliq qarzini bir yoʻla toʻlashni nazarda tutgan holda soliq toʻlash muddatini oʻzgartirish;
soliqni boʻlib-boʻlib toʻlash — soliqlarni teng ulushlarda bosqichma-bosqich toʻlashni nazarda tutgan holda soliq toʻlash muddatini oʻzgartirish;
vakolatli organ — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashlari;
manfaatdor shaxs — ushbu Nizomda belgilangan soliqlarni toʻlash muddatlarini oʻzgartirish boʻyicha murojaat qilgan soliq toʻlovchi.
3. Soliqni toʻlash boʻyicha muddatni vakolatli organ tomonidan oʻzgartirish imkoniyati manfaatdor shaxsga, basharti uning moliyaviy ahvoli ushbu soliqni belgilangan muddatda toʻlash imkonini bermasa, biroq koʻrsatilgan soliq toʻlovchida bunday soliqni kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlash uchun berilgan muddat mobaynida toʻlash imkoniyati yuzaga keladi deb taxmin qilish uchun yetarlicha asoslar (aniq hisob-kitoblar, bajarilgan ishlar va (yoki) koʻrsatilgan xizmatlarning haqini tasdiqlovchi hujjatlar) mavjud boʻlgan taqdirda beriladi.
4. Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish Soliq kodeksining 100 va 101-moddalarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Soliq kodeksining 100-moddasida nazarda tutilgan asoslardan biri mavjud boʻlgan manfaatdor shaxs tomonidan tovarlar yoki xizmatlarni ishlab chiqarish va (yoki) realizatsiya qilish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan mavsumiy xususiyatga ega boʻlgan tarmoqlar va faoliyat turlari roʻyxatida mavjud boʻlganda, soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyati ushbu shaxsning umumiy daromadlarida uning mavsumiy xususiyatga ega boʻlgan faoliyatdan (qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini ishlab chiqarish, qayta ishlash hamda saqlash faoliyati va boshqalar) olingan daromadlarining ulushi kamida 50 foizni tashkil etishini tasdiqlovchi hujjat hamda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi hududiy boshqarmalarining maʼlumoti asosida taqdim etiladi.
5. Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish Soliq kodeksiga muvofiq mol-mulk garovi, kafillik yoki bank kafolati bilan taʼminlanishi mumkin.
6. Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish tartibi
7. Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyati vakolatli organning qarori asosida beriladi.
8. Manfaatdor shaxs tomonidan soliq solish obyekti joylashgan joy boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga (keyingi oʻrinlarda — hokimliklar) soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish toʻgʻrisida ushbu Nizomga 3.1-3.2-ilovalarga muvofiq shakl boʻyicha taqdim etilgan qogʻoz yoki elektron shakldagi ariza hamda Soliq kodeksining 101-moddasiga muvofiq ilova qilingan zarur hujjatlar vakolatli organning qarori (keyingi oʻrinlarda — qaror) loyihasini tayyorlash uchun asos hisoblanadi.
Bunda manfaatdor shaxslar tomonidan elektron shakldagi arizalar ularning “shaxsiy kabineti” orqali taqdim etiladi.
9. Hokimliklar manfaatdor shaxsning arizasi olingan kundan eʼtiboran besh ish kuni mobaynida taqdim etilgan hujjatlarning asosliligini oʻrganib chiqib, soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish yoxud uni berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror loyihasini vakolatli organga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun kiritadi.
10. Vakolatli organ soliqlarni toʻlashni kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlash imkoniyatini berish yoxud uni berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror loyihasi kiritilgan kundan eʼtiboran oʻttiz kun mobaynida qarorni qabul qiladi.
Qaror vakolatli organning rahbari (raisi) tomonidan imzolanadi.
Bunda qarorda soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish nazarda tutilgan taqdirda:
kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlash imkoniyati berilayotgan soliq turi (turlari);
qarz summasi;
kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlash imkoniyati berilayotgan soliq turi (turlari) boʻyicha muddat;
qarz summasini va hisoblangan foizlarni toʻlash tartibi hamda muddatlarini oʻzida aks ettirgan qarorning nusxasi hokimliklar tomonidan manfaatdor shaxs hisobda turgan joydagi soliq organiga va manfaatdor shaxsga ushbu qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni mobaynida yuboriladi.
Qarorda soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish rad etilishi nazarda tutilgan taqdirda, hokimliklar ushbu qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kuni mobaynida asoslangan rad etish sabablarini koʻrsatgan holda qabul qilingan qaror toʻgʻrisida manfaatdor shaxsni yozma ravishda xabardor qiladi.
11. Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish yoki rad etish toʻgʻrisidagi qarorga muvofiq soliq organi tomonidan qaror olingan kundan boshlab uch ish kuni mobaynida manfaatdor shaxsning shaxsiy kartochkasiga yozuv kiritiladi va ikki tomonlama dalolatnoma tuziladi.
12. Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berishdan foydalanganlik uchun foizlarni hisoblab chiqarish penyani hisoblash uchun nazarda tutilgan tartibda amalga oshiriladi va manfaatdor shaxsning shaxsiy kartochkasida kechiktirilgan soliqlar uchun hisoblangan foizlar sifatida aks ettiriladi.
13. Qaror ushbu qarorda belgilangan kundan eʼtiboran kuchga kiradi. Bunda soliqni toʻlash uchun belgilangan kundan eʼtiboran ushbu qaror kuchga kiradigan kunga qadar boʻlgan butun vaqt uchun tegishli penyalar, agar toʻlovning koʻrsatilgan muddati ushbu qaror kuchga kiradigan kundan oldin boʻlsa, qarz summasiga kiritiladi.
Agar soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyati mol-mulk garovi evaziga beriladigan boʻlsa, uni berish toʻgʻrisidagi qaror faqat Soliq kodeksida nazarda tutilgan tartibda mol-mulk garovi toʻgʻrisidagi shartnoma tuzilgandan keyin kuchga kiradi.
14. Manfaatdor shaxslarga soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyati:
joriy yil davomida soliq auditi oʻtkazilmagan holda taʼminlash choralarisiz;
soliq organlari tomonidan kameral nazorat oʻtkazilganda qoʻshimcha soliq hisoblangan xolda taʼminlash choralari (mulk garovi, kafillik yoki bank kafolati) asosida beriladi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
15. Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish boʻyicha soliqlar summalari oʻz vaqtida toʻlanishini nazorat qilish manfaatdor shaxs davlat roʻyxatidan oʻtgan yoki soliq toʻlovchi sifatida hisobda turgan davlat soliq inspeksiyasi tomonidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
16. Davlat soliq xizmati organlari hokimliklar tomonidan taqdim etilgan soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish toʻgʻrisidagi axborotlar asosida alohida elektron shaklda hisobot yuritadi.
17. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
18. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan soliq toʻlovchilarning soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Mavsumiy xususiyatga ega boʻlgan tarmoqlar va faoliyat turlari
1. Qishloq xoʻjaligi tarmogʻi:
qishloq xoʻjaligi mahsulotlari ishlab chiqarish, qayta ishlash va saqlash faoliyati;
qishloq xoʻjaligi korxonalariga xizmat koʻrsatish faoliyati.
Dala chetlari, kanallar, kollektor-drenaj va sugʻorish tarmoqlari atrofidagi maydonlar, aholi tomorqasi, xonadonlar, koʻp qavatli uylar oldi va mahallaning ichki koʻchalarida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish faoliyati.
2. Baliqchilik sanoati tarmogʻi:
baliq va boshqa dengiz jonivorlari va mahsulotlarini ovlovchi hamda ularning xomashyolarini qayta ishlovchi korxonalar — baliqpazlik va baliq konservalari kombinatlari va korxonalari, baliq sanoati muzxonalari, baliq uni va moyi zavodlari, baliq ovlovchi xoʻjaliklar va baliqlarni havo kemalarida qidiruvchi xizmatlar faoliyati.
3. Qurilish materiallari sanoati tarmogʻi:
pishirilgan va silikatli gʻishtlar, sopol bloklar va panellar, gʻishtdan blok va panellar, sopol cherepitsalar ishlab chiqaruvchi korxonalar faoliyati;
uyachali va zich silikatli betondan yirik bloklar ishlab chiqaruvchi, yirik va mayda devorbop beton bloklar, shlakobeton bloklar, tabiiy tosh bloklar (chigʻanoqtosh, tuf va boshqalar) ishlab chiqaruvchi korxonalar faoliyati;
ohak va dolomit kukuni, maydalangan gips xomashyosi va ozuqabop boʻr ishlab chiqaruvchi korxonalar faoliyati.
4. Yogʻ-pishloq va sut sanoati (sut konservalarini ishlab chiqarishsiz) tarmogʻi:
muzqaymoq ishlab chiqarish faoliyati.
5. Pivo ishlab chiqarish tarmogʻi:
pivo va solod ishlab chiqaruvchi korxonalar faoliyati.
6. Vino mahsulotlarini ishlab chiqarish sanoati tarmogʻi:
uzumdan vino ishlab chiqarish faoliyati.
7. Paxta tozalash sanoati tarmogʻi:
paxta tolalarini tayyorlash va yigirish faoliyati.
8. Azot sanoati tarmogʻi:
oʻgʻitlar va azotli birikmalar ishlab chiqarish faoliyati.
9. Sogʻlomlashtirish va dam olish muassasalari tarmogʻi:
bolalar oromgohlari, dam olish uylari, davolash faoliyati bilan shugʻullanmaydigan pansionatlar va boshqa dam olish muassasalari faoliyati.
10. Issiqlik taʼminoti tarmogʻi:
kommunal-maishiy va aholining issiqlikka boʻlgan ehtiyoji boʻyicha issiqlik taqsimlash tarmoqlari va issiqlik taʼminoti boʻyicha faoliyat yurituvchi tashkilotlar.
Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan soliq toʻlovchilarning soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Manfaatdor shaxs Mol-mulk soligʻi, yer soligʻi, suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq va aylanmadan olinadigan soliq boʻyicha soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish uchun qogʻoz yoki elektron shaklda soliq solish obyekti joylashgan joy boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga ariza beradi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 1. Arizani va unga ilova qilingan hujjatlarni Nizom talablariga muvofiq koʻrib chiqadi va vakolatli organ qarori loyihasini tayyorlaydi. 2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyat xalq deputatlari Kengashlari va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashiga qaror loyihasini koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun kiritadi. Manfaatdor shaxsning arizasi tushgan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida 3-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyat xalq deputatlari Kengashlari va Toshkent shahar xalq deputatlari Kengashi Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish yoxud uni berishni rad etish boʻyicha qaror qabul qiladi Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish yoxud uni berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror loyihasi kiritilgan kundan eʼtiboran oʻttiz kun mobaynida 4-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyat va Toshkent shahar hokimliklari 1. Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish toʻgʻrisidagi qarorning nusxasi ushbu shaxs hisobda turgan joydagi soliq organi va manfaatdor shaxsga yuboriladi. Qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni mobaynida 2. Soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish imkoniyatini berish rad etilishi nazarda tutilgan taqdirda, asoslangan rad etish sabablarini koʻrsatgan holda qabul qilingan qaror toʻgʻrisida manfaatdor shaxsni yozma ravishda xabardor qiladi. Qaror qabul qilingan kundan boshlab bir ish kuni mobaynida
Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan soliq toʻlovchilarning soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3.1-ILOVA
Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan soliq toʻlovchilarning soliq toʻlash muddatlarini oʻzgartirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3.2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 11-dekabr,
776-son