UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 23-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 23 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 декабря 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 December 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби;

ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари;

ўзини ўзи банд қилган шахслар ва уларнинг хизматларидан (ишларидан) фойдаланувчилар ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига «Номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно)» ҳамда «Уй шароитида хонаки товуқларни етиштириш ва кўпайтириш» фаолият турлари киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ўзини ўзи банд қилган шахсларни хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ишлар (хизматлар) буюртмачилари — ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома шартларига ёки иш муомаласи одатларига асосланган хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қиладиган жисмоний ва юридик шахслар;

махсус мобил илова — мобил телефонлар (планшетлар) учун мўлжалланган «мобил идентификация қилиш» билан шахсни идентификациялаш имконини берувчи дастур;

солиқ тўловчининг шахсий кабинети — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган, солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органларининг солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалга оширилиши билан боғлиқ бўлган ўзаро муносабатларни электрон тарзда амалга оширишни таъминлайдиган ахборот ресурси;

ўзини ўзи банд қилган шахслар — меҳнат даромади олишга йўналтирилган, жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар;

ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг маълумотлар базаси (регистр) — «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган ўзини ўзи банд қилганлар тўғрисидаги ўзаро боғлиқ ахборотни сақлаш, ўзгартириш ва қайта ишлаш учун мўлжалланган тизимлаштирилган маълумотлар базаси;

ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома — ўзини ўзи банд қилган шахсга махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юбориладиган ва фуқаронинг ўзини ўзи банд қилган шахс сифатидаги меҳнат мақомини белгилаб берадиган электрон шаклдаги маълумот.

3. Ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотлар базаси (регистр) давлат солиқ хизмати органлари томонидан яратилади ва параллел равишда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида шакллантириладиган жисмоний шахснинг шахсий ишга жойлашиши тарихига интеграция қилинади.

4. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахснинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши талаб этилмайди.

5. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳамда тадбиркорлик субъектларига ёлланган ходим сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.

6. Ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди.

7. Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолиятидан ташқари олинган даромадларига Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ солинади.

2-боб. Ўзини ўзи банд қилган шахсни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби

8. Ўзини ўзи банд қилган шахс махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд солиқ хизмати органига ёки Давлат хизматлари марказига келган ҳолда, шунингдек, белгиланган тартибда давлат реестрига киритилган ва солиқ хизмати органига интеграция бўлган электрон платформалар (маркетплейслар) орқали рўйхатга олувчи органлардан рўйхатдан ўтиши мумкин.

Бунда сўровнома ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан махсус мобил илова ёки шахсий кабинет ёхуд белгиланган тартибда давлат реестрига киритилган ва солиқ хизмати органига интеграция бўлган электрон платформалар (маркетплейслар) орқали электрон шаклда электрон рақамли имзо ёки имзо сифатида тан олинадиган биометрик идентификация ва аутентификация қилиш имконини берадиган «Face-ID» ва бошқа шу каби усуллар ёрдамида мустақил равишда, шунингдек, солиқ хизмати органига ёки Давлат хизматлари марказига келганда эса тегишли ходим томонидан тўлдирилади.

Электрон тижорат платформалар (маркетплейслар) юзи орқали биометрик идентификация қилишда Ўзбекистонда «Киберхавфсизлик» ДУК ижобий хулосаси берилган тизимлардан фойдаланиши шарт.

9. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

10. Сўровномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, рўйхатдан ўтказиш электрон рақамли имзо орқали амалга оширилган ҳолатлар бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарорига илова билан тасдиқланган Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари ;

ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини юритишнинг мўлжалланаётган манзили;

ўзини ўзи банд қилган шахснинг мобил телефон рақами ва у билан боғланиш мумкин бўлган бошқа маълумотлар.

Сўровномада ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаларида мавжуд маълумотлар асосида автоматик тарзда шакллантирилади.

11. Ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд бўйича давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйилади.

12. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсга ушбу Низомга 2-иловада келтирилган намунавий шаклда махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали шунингдек, Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилганда) ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома (кейинги ўринларда — маълумотнома) юборилади.

Бунда маълумотнома давлат тилида расмийлаштирилади. Шахснинг хоҳишига кўра маълумотнома рус ва инглиз тилларида ёки имкон бўлса, бошқа тилда расмийлаштирилиши мумкин.

13. Ўзини ўзи банд қилган шахслар маълумотномани махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юклаб олишлари ёхуд давлат солиқ хизмати органига шунингдек, Давлат хизматлари марказига келган ҳолда қоғоз шаклида ҳам олишлари мумкин.

14. Ўзини ўзи банд қилган шахсларга маълумотнома чекланмаган муддатга берилади.

15. Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказишда ҳақ ундирилмайди.

3-боб. Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари

16. Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўланади.

Ушбу сумма тўлиғича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

17. Агар ўзини ўзи банд қилган шахс ўз меҳнат фаолиятини тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар давлат солиқ хизмати органига фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги билдиришномани махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юборади.

18. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган ўзини ўзи банд қилган шахснинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришнома ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат фаолиятини амалга оширмайдиган даврда ижтимоий солиқни тўлашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.

19. Ўзини ўзи банд қилган шахслар махсус мобил илова орқали қуйидаги имкониятлардан фойдаланиши мумкин:

буюртмаларни ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни қабул қилиш;

юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш;

мобил илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан, кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш;

ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш;

кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиши.

20. Ўзини ўзи банд қилган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат-касса техникаси ва банк пластик карточкалари орқали ҳисоб-китоблар бўйича тўлов терминалларидан фойдаланади ҳамда тижорат банкларида ҳисобварақлари очиши мумкин.

21. Махсус мобил илова орқали даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга тижорат банклари томонидан кредитлар якка тартибдаги тадбиркорлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида берилади.

22. Ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган маълумотнома ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун норезидентлардан чет эл валютасидаги тўловларни тижорат банкларидаги ҳисобварақларига кирим қилиш учун асос ҳисобланади.

4-боб. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ва уларнинг хизматларидан (ишларидан) фойдаланувчилар ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш

23. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ва ишлар (хизматлар) буюртмачилари ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар шартнома шартларига ёки иш муомаласи одатларига асосланади.

24. Ўзини ўзи банд қилган шахс билан ишлар (хизматлар) буюртмачиси ўртасидаги иш муомаласи одатларига асосланган ўзаро муносабатларда оғзаки шаклда битим (шартнома) тузишга йўл қўйилади.

Шартнома шартларига асосланган ўзаро муносабатларда ёзма шаклда шартнома тузиш талаб этилади.

25. Битим (шартнома) тузишда томонлар унинг шартларини, шу жумладан, ундан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш ва уни бекор қилиш шартларини мустақил белгилаб оладилар.

26. Битим (шартнома) иштирокчилари унинг томонлари ҳисобланадилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ мажбуриятларни бажарадилар.

27. Битимни (шартномани) бажариш билан боғлиқ низолар томонларнинг ўзаро розилиги билан ёки суд тартибида ҳал этилади.

5-боб. Якунловчи қоида

28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Ўзини ўзи банд қилган шахс Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш учун махсус мобил илова ёки шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига шунингдек, Давлат хизматлари марказига келган ҳолда сўровномани тўлдириш. Ўзини ўзи банд қилган шахснинг хоҳишига кўра 2-босқич Давлат солиқ хизмати органлари Мавжуд маълумотлар (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар) асосида давлат солиқ хизмати органларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотномани юбориш. 1. Реал вақт режимида 2. Автоматик тарзда 3-босқич Ўзини ўзи банд қилган шахс Махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали давлат солиқ хизмати органларида шунингдек, Давлат хизматлари марказида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотномани юклаб олиш. Ўзини ўзи банд қилган шахснинг хоҳишига кўра

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида ‎МАЪЛУМОТНОМА №______ Фуқаро __________________________________________________________________ га (жисмоний шахснинг тўлиқ фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлганда) 20__ йил «____» ________да ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида берилди. ‎Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР): ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _____________________ ‎ Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР): ‎ _____________________ ‎ Фаолиятни амалга ошириш манзили: ___________________________________________ ‎‎___________________________________________________________________________ Т/р Амалга ошириладиган ‎фаолият тур(лар)и Фаолият ‎бошланган сана Фаолият тўхтатилган сана 1. 2. ‎‎ ‎‎... ‎‎ ‎‎ Маълумотнома ___________________________________________ томонидан берилган. (рўйхатга қўйилган давлат солиқ хизмати органининг тўлиқ номи) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ QR-код Ушбу маълумотнома Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестридаги маълумотлар асосида шакллантирилган электрон ҳужжатнинг нусхасидир. QR-кодни мобил қурилма орқали сканер қилиб маълумотларнинг тўғрилигини текшириб кўришингиз мумкин. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 19 февралдаги 30-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низомда :

а) 8-бандда :

«б» кичик банднинг саккизинчи хатбошисига «якка тартибдаги тадбиркорлар» сўзларидан кейин «, ўзини ўзи банд қилган шахслар» сўзлари қўшилсин;

«в» кичик банднинг тўртинчи хатбошисига «тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи» сўзларидан кейин «ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга» сўзлари қўшилсин;

б) 12-банднинг олтинчи хатбошисига «тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган» сўзларидан кейин «ўзини ўзи банд қилган» сўзлари қўшилсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда :

а) 17-бандга қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши қўшилсин:

«Якка тартибдаги тадбиркор, оилавий тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада жисмоний шахснинг фотосурати акс эттирилган бўлиши керак»;

б) 21-бандда :

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:

«Бунда жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахслар — тадбиркорлик субъектларининг рўйхатдан ўтказиш маълумотларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади»;

иккинчи — ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича учинчи — ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

в) 5-иловадаги «I. Умумий маълумотлар» бўлимининг 1 — 20-позициялари қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

« 1-20. Солиқ режими Айланмадан олинадиган солиқ Қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи »;

г) 6-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 6-ИЛОВА

д) 6а-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 6а-ИЛОВА

е) 7-илованинг 5-позицияси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

« 5. Жойлашган жойининг (почта манзилининг) ўзгариши (базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлмаган тақдирда). ўзгарган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида »;

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар йиғилишини амалга ошириш учун участка солиқ инспекторларини тўлов терминаллари билан таъминлаш тўғрисида» 2017 йил 16 октябрдаги 832-сон қарорида :

а) қарорнинг номидан ва 1-бандидан «участка» сўзи чиқариб ташлансин;

б) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«2. Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўловлари ҳисобига маблағлар электрон платформада ишлашга мослаштирилган кўп функцияли махсус тўлов дастурлари ёхуд тўлов терминаллари орқали бевосита банк пластик карточкалари ва нақд пул шаклида ундирилиши тартиби белгилансин.»;

в) 3-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«электрон платформада ишлашга мослаштирилган кўп функцияли махсус тўлов дастурлари ёхуд тўлов терминаллари орқали тўланган пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг даромадлар бўйича тегишли ғазна ҳисобварақларига кейинги банк иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ўтказилишини таъминласинлар».

7. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги 971-сон қарори билан тасдиқланган «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-банди олтинчи хатбошисидаги «ўзини ўзи банд қилганнинг вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси олинганлиги» сўзлари «ўзини ўзи банд қилганлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарорида :

а) 1-бандга «хўжалик юритувчи субъектлар» сўзларидан кейин «(белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олинганлар бундан мустасно)» сўзлари қўшилсин;

б) 1-илованинг 8-бандига «хўжалик юритувчи субъектларга» сўзларидан кейин «(белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олинганлар бундан мустасно)» сўзлари қўшилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида» 2019 йил 9 июлдаги 566-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 19 июндаги 391-сон қарорига 1-илованинг 23-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 23 декабрь,

806-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.12.2020 й., 09/20/806/1662-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.09.2021 й., 09/21/595/0900-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 14.10.2022 й., 09/22/592/0919-сон; 24.12.2024 й., 09/24/847/1056-сон; 08.11.2025 й., 09/25/706/1024-сон; 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон; 30.09.2026 й., 09/26/522/0988-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida faoliyatni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik faoliyati va oʻzini oʻzi band qilishni davlat tomonidan tartibga solishni soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 8-iyundagi PQ-4742-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida faoliyatni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarni davlat soliq xizmati organlarida roʻyxatdan oʻtkazish tartibi;

oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar tomonidan mehnat faoliyatini amalga oshirishning oʻziga xos xususiyatlari;

oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar va ularning xizmatlaridan (ishlaridan) foydalanuvchilar oʻrtasidagi fuqarolik-huquqiy munosabatlarni tartibga solish.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik faoliyati va oʻzini oʻzi band qilishni davlat tomonidan tartibga solishni soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 8-iyundagi PQ-4742-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga Oʻzini oʻzi band qiladigan shaxslar uchun faoliyat (ishlar, xizmatlar) turlari roʻyxatiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish huquqi berilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

Oʻzini oʻzi band qiladigan shaxslar uchun faoliyat (ishlar, xizmatlar) turlari roʻyxatiga “Nomoddiy madaniy meros obyektlarini (dorboz, askiya va lapar) asrash va ulardan foydalanish (madaniyat markazlari tarkibida faoliyat yuritayotgan shaxslar bundan mustasno)” hamda “Uy sharoitida xonaki tovuqlarni yetishtirish va koʻpaytirish” faoliyat turlari kiritilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi raisi Sh.D. Kudbiyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-dekabrdagi 806-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida faoliyatni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarni xabar berish tartibida roʻyxatdan oʻtkazish va faoliyatni amalga oshirish tartibini belgilaydi.

2. Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ishlar (xizmatlar) buyurtmachilari — oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarni shartnoma shartlariga yoki ish muomalasi odatlariga asoslangan xizmatlar koʻrsatish va ishlarni bajarish boʻyicha faoliyatga jalb qiladigan jismoniy va yuridik shaxslar;

maxsus mobil ilova — mobil telefonlar (planshetlar) uchun moʻljallangan “mobil identifikatsiya qilish” bilan shaxsni identifikatsiyalash imkonini beruvchi dastur;

soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining rasmiy veb-saytiga joylashtirilgan, soliq toʻlovchilar va davlat soliq xizmati organlarining soliq toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan huquq va majburiyatlari amalga oshirilishi bilan bogʻliq boʻlgan oʻzaro munosabatlarni elektron tarzda amalga oshirishni taʼminlaydigan axborot resursi;

oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar — mehnat daromadi olishga yoʻnaltirilgan, jismoniy va yuridik shaxslarga xizmatlar koʻrsatish, ishlarni bajarish boʻyicha shaxsiy mehnati bilan ishtirok etishga asoslangan faoliyatni mustaqil amalga oshiradigan, yakka tartibdagi tadbirkorlar sifatida roʻyxatga olinmagan, mehnat staji hisobga olinishi va ragʻbatlantiruvchi imtiyozlardan foydalanish huquqi bilan davlat soliq xizmati organlarida roʻyxatdan oʻtkazilgan jismoniy shaxslar;

oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning maʼlumotlar bazasi (registr) — “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksida oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtkazilgan oʻzini oʻzi band qilganlar toʻgʻrisidagi oʻzaro bogʻliq axborotni saqlash, oʻzgartirish va qayta ishlash uchun moʻljallangan tizimlashtirilgan maʼlumotlar bazasi;

oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma — oʻzini oʻzi band qilgan shaxsga maxsus mobil ilova yoki shaxsiy kabinet orqali yuboriladigan va fuqaroning oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatidagi mehnat maqomini belgilab beradigan elektron shakldagi maʼlumot.

3. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar toʻgʻrisida maʼlumotlar bazasi (registr) davlat soliq xizmati organlari tomonidan yaratiladi va parallel ravishda “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksida shakllantiriladigan jismoniy shaxsning shaxsiy ishga joylashishi tarixiga integratsiya qilinadi.

4. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtkazilgan jismoniy shaxsning yakka tartibdagi tadbirkor sifatida davlat roʻyxatidan oʻtishi talab etilmaydi.

5. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar oʻz faoliyatida yollanma xodimlar mehnatidan foydalanishga hamda tadbirkorlik subyektlariga yollangan xodim sifatida mehnat faoliyatini amalga oshirishga haqli emas.

6. Tashkilotlar tomonidan oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarni shartnoma asosida bir martalik xizmatlar koʻrsatish va ishlarni bajarish boʻyicha faoliyatga jalb qilishga yoʻl qoʻyiladi. Bunda oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar mehnatiga haq toʻlash ijtimoiy soliqni hisoblab chiqish obyekti hisoblanmaydi.

7. Oʻzini oʻzi band qilish tartibida mehnat faoliyatini amalga oshirish natijasida olingan daromadlarga jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi tatbiq etilmaydi. Bunda oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning mehnat faoliyatidan tashqari olingan daromadlariga Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksida belgilangan tartibda soliq solinadi.

2-bob. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxsni davlat soliq xizmati organlarida roʻyxatdan oʻtkazish tartibi

8. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs maxsus mobil ilova yoki soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali, Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoxud soliq xizmati organiga yoki Davlat xizmatlari markaziga kelgan holda, shuningdek, belgilangan tartibda davlat reyestriga kiritilgan va soliq xizmati organiga integratsiya boʻlgan elektron platformalar (marketpleyslar) orqali roʻyxatga oluvchi organlardan roʻyxatdan oʻtishi mumkin.

Bunda soʻrovnoma oʻzini oʻzi band qilgan shaxs tomonidan maxsus mobil ilova yoki shaxsiy kabinet yoxud belgilangan tartibda davlat reyestriga kiritilgan va soliq xizmati organiga integratsiya boʻlgan elektron platformalar (marketpleyslar) orqali elektron shaklda elektron raqamli imzo yoki imzo sifatida tan olinadigan biometrik identifikatsiya va autentifikatsiya qilish imkonini beradigan “Face-ID” va boshqa shu kabi usullar yordamida mustaqil ravishda, shuningdek, soliq xizmati organiga yoki Davlat xizmatlari markaziga kelganda esa tegishli xodim tomonidan toʻldiriladi.

Elektron tijorat platformalar (marketpleyslar) yuzi orqali biometrik identifikatsiya qilishda Oʻzbekistonda “Kiberxavfsizlik” DUK ijobiy xulosasi berilgan tizimlardan foydalanishi shart.

9. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida davlat soliq xizmati organlaridan roʻyxatdan oʻtish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

10. Soʻrovnomada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

oʻzini oʻzi band qilgan jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami, roʻyxatdan oʻtkazish elektron raqamli imzo orqali amalga oshirilgan holatlar bundan mustasno;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik faoliyati va oʻzini oʻzi band qilishni davlat tomonidan tartibga solishni soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 8-iyundagi PQ-4742-son qaroriga ilova bilan tasdiqlangan Oʻzini oʻzi band qiladigan shaxslar uchun faoliyat (ishlar, xizmatlar) turlari ;

oʻzini oʻzi band qilish tartibida mehnat faoliyatini yuritishning moʻljallanayotgan manzili;

oʻzini oʻzi band qilgan shaxsning mobil telefon raqami va u bilan bogʻlanish mumkin boʻlgan boshqa maʼlumotlar.

Soʻrovnomada oʻzini oʻzi band qilgan jismoniy shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, pasport (ID-karta) seriyasi va raqami, yashash manzili toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi hamda Ichki ishlar vazirligining maʼlumotlar bazalarida mavjud maʼlumotlar asosida avtomatik tarzda shakllantiriladi.

11. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar mehnat faoliyatini amalga oshiradigan hudud boʻyicha davlat soliq xizmati organlarida roʻyxatga qoʻyiladi.

12. Davlat soliq xizmati organlari tomonidan oʻzini oʻzi band qilgan shaxsga ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan namunaviy shaklda maxsus mobil ilova yoki shaxsiy kabinet orqali shuningdek, Davlat xizmatlari markaziga (oʻzi kelib murojaat qilganda) oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtganligi toʻgʻrisida matritsali shtrix kodga (QR-kod) ega boʻlgan maʼlumotnoma (keyingi oʻrinlarda — maʼlumotnoma) yuboriladi.

Bunda maʼlumotnoma davlat tilida rasmiylashtiriladi. Shaxsning xohishiga koʻra maʼlumotnoma rus va ingliz tillarida yoki imkon boʻlsa, boshqa tilda rasmiylashtirilishi mumkin.

13. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar maʼlumotnomani maxsus mobil ilova yoki shaxsiy kabinet orqali yuklab olishlari yoxud davlat soliq xizmati organiga shuningdek, Davlat xizmatlari markaziga kelgan holda qogʻoz shaklida ham olishlari mumkin.

14. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarga maʼlumotnoma cheklanmagan muddatga beriladi.

15. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarni davlat soliq xizmati organlarida roʻyxatdan oʻtkazishda haq undirilmaydi.

3-bob. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar tomonidan mehnat faoliyatini amalga oshirishning oʻziga xos xususiyatlari

16. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar tomonidan mehnat staji hisoblanishi uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorda ijtimoiy soliq toʻlanadi.

Ushbu summa toʻligʻicha Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasiga yoʻnaltiriladi va undan kelib chiqqan holda yakka tartibdagi tadbirkorlar uchun belgilangan tartibda pensiya hisoblash uchun daromad hajmi aniqlanadi.

17. Agar oʻzini oʻzi band qilgan shaxs oʻz mehnat faoliyatini toʻxtatsa, u oʻz faoliyatini toʻxtatguniga qadar davlat soliq xizmati organiga faoliyatni toʻxtatish toʻgʻrisidagi bildirishnomani maxsus mobil ilova yoki shaxsiy kabinet orqali yuboradi.

18. Davlat soliq xizmati organlari tomonidan olingan oʻzini oʻzi band qilgan shaxsning faoliyati vaqtinchalik toʻxtatilganligi toʻgʻrisidagi bildirishnoma oʻzini oʻzi band qilgan shaxs mehnat faoliyatini amalga oshirmaydigan davrda ijtimoiy soliqni toʻlashni toʻxtatib turish uchun asos boʻladi.

19. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar maxsus mobil ilova orqali quyidagi imkoniyatlardan foydalanishi mumkin:

buyurtmalarni va koʻrsatilgan xizmatlar (tovarlar) uchun toʻlovlarni qabul qilish;

yuridik shaxslarga xizmatlar koʻrsatishda (tovarlarni sotishda) elektron hisob-kitob fakturalarni taqdim qilish;

mobil ilova yordamida ixtiyoriy asosda daromadlar va xarajatlar hisobini yuritish hamda ushbu maʼlumotlardan keyinchalik, shu jumladan, kredit olish va (yoki) soliqlarni hisobdan chiqarish maqsadida foydalanish;

oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning tovarlarini (ishlarini, xizmatlarini) reklama qilish;

koʻrsatilayotgan xizmatlar (tovarlar) sifatini baholash va isteʼmolchilar tomonidan fikr-mulohazalar bildirilishi.

20. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat-kassa texnikasi va bank plastik kartochkalari orqali hisob-kitoblar boʻyicha toʻlov terminallaridan foydalanadi hamda tijorat banklarida hisobvaraqlari ochishi mumkin.

21. Maxsus mobil ilova orqali daromadlar va xarajatlar hisobini yuritayotgan oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarga tijorat banklari tomonidan kreditlar yakka tartibdagi tadbirkorlar uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartib asosida beriladi.

22. Ushbu Nizomning 12-bandida nazarda tutilgan maʼlumotnoma oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar (bajarilgan ishlar) uchun norezidentlardan chet el valyutasidagi toʻlovlarni tijorat banklaridagi hisobvaraqlariga kirim qilish uchun asos hisoblanadi.

4-bob. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar va ularning xizmatlaridan (ishlaridan) foydalanuvchilar oʻrtasidagi fuqarolik-huquqiy munosabatlarni tartibga solish

23. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar va ishlar (xizmatlar) buyurtmachilari oʻrtasidagi fuqarolik-huquqiy munosabatlar shartnoma shartlariga yoki ish muomalasi odatlariga asoslanadi.

24. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs bilan ishlar (xizmatlar) buyurtmachisi oʻrtasidagi ish muomalasi odatlariga asoslangan oʻzaro munosabatlarda ogʻzaki shaklda bitim (shartnoma) tuzishga yoʻl qoʻyiladi.

Shartnoma shartlariga asoslangan oʻzaro munosabatlarda yozma shaklda shartnoma tuzish talab etiladi.

25. Bitim (shartnoma) tuzishda tomonlar uning shartlarini, shu jumladan, undan kelib chiqadigan majburiyatlarni bajarish va uni bekor qilish shartlarini mustaqil belgilab oladilar.

26. Bitim (shartnoma) ishtirokchilari uning tomonlari hisoblanadilar hamda Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksiga muvofiq majburiyatlarni bajaradilar.

27. Bitimni (shartnomani) bajarish bilan bogʻliq nizolar tomonlarning oʻzaro roziligi bilan yoki sud tartibida hal etiladi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

28. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida faoliyatni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida davlat soliq xizmati organlaridan roʻyxatdan oʻtish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun maxsus mobil ilova yoki shaxsiy kabineti orqali yoxud davlat soliq xizmati organiga shuningdek, Davlat xizmatlari markaziga kelgan holda soʻrovnomani toʻldirish. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxsning xohishiga koʻra 2-bosqich Davlat soliq xizmati organlari Mavjud maʼlumotlar (jismoniy shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, pasport (ID-karta) seriyasi va raqami, yashash manzili toʻgʻrisidagi maʼlumotlar) asosida davlat soliq xizmati organlarida oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtganligi toʻgʻrisida matritsali shtrix kodga (QR-kod) ega boʻlgan maʼlumotnomani yuborish. 1. Real vaqt rejimida 2. Avtomatik tarzda 3-bosqich Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs Maxsus mobil ilova yoki shaxsiy kabinet orqali davlat soliq xizmati organlarida shuningdek, Davlat xizmatlari markazida oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnomani yuklab olish. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxsning xohishiga koʻra

Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida faoliyatni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida davlat soliq xizmati organlarida roʻyxatdan oʻtganligi toʻgʻrisida ‎MAʼLUMOTNOMA №______ Fuqaro __________________________________________________________________ ga (jismoniy shaxsning toʻliq familiyasi, ismi, otasining ismi (mavjud boʻlganda) 20__ yil “____” ________da oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida davlat soliq xizmati organlarida roʻyxatdan oʻtganligi toʻgʻrisida berildi. ‎Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR): ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _____________________ ‎ Soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR): ‎ _____________________ ‎ Faoliyatni amalga oshirish manzili: ___________________________________________ ‎‎___________________________________________________________________________ T/r Amalga oshiriladigan ‎faoliyat tur(lar)i Faoliyat ‎boshlangan sana Faoliyat toʻxtatilgan sana 1. 2. ‎‎ ‎‎... ‎‎ ‎‎ Maʼlumotnoma ___________________________________________ tomonidan berilgan. (roʻyxatga qoʻyilgan davlat soliq xizmati organining toʻliq nomi) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ QR-kod Ushbu maʼlumotnoma Oʻzbekiston Respublikasi soliq toʻlovchilarining yagona reyestridagi maʼlumotlar asosida shakllantirilgan elektron hujjatning nusxasidir. QR-kodni mobil qurilma orqali skaner qilib maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshirib koʻrishingiz mumkin. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-dekabrdagi 806-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining 2010-yil 19-fevraldagi 30-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomda :

a) 8-bandda :

“b” kichik bandning sakkizinchi xatboshisiga “yakka tartibdagi tadbirkorlar” soʻzlaridan keyin “, oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar” soʻzlari qoʻshilsin;

“v” kichik bandning toʻrtinchi xatboshisiga “tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi” soʻzlaridan keyin “va oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarga” soʻzlari qoʻshilsin;

b) 12-bandning oltinchi xatboshisiga “tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanadigan” soʻzlaridan keyin “oʻzini oʻzi band qilgan” soʻzlari qoʻshilsin.

3. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 9-fevraldagi 66-son qarori bilan tasdiqlangan Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :

a) 17-bandga quyidagi mazmundagi uchinchi xatboshi qoʻshilsin:

“Yakka tartibdagi tadbirkor, oilaviy tadbirkorlik subyekti roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnomada jismoniy shaxsning fotosurati aks ettirilgan boʻlishi kerak”;

b) 21-bandda :

quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi qoʻshilsin:

“Bunda joylashgan joyi (pochta manzili) oʻzgarganda yuridik shaxslar — tadbirkorlik subyektlarining roʻyxatdan oʻtkazish maʼlumotlariga kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar, bazaviy hisoblash miqdorining uch yuz baravaridan ortiq soliq qarzi mavjud boʻlmagan taqdirda, roʻyxatdan oʻtkazuvchi organni xabardor qilish tartibida amalga oshiriladi”;

ikkinchi — oʻn toʻrtinchi xatboshilar tegishlicha uchinchi — oʻn beshinchi xatboshilar deb hisoblansin;

v) 5-ilovadagi “I. Umumiy maʼlumotlar” boʻlimining 1 — 20-pozitsiyalari quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“ 1-20. Soliq rejimi Aylanmadan olinadigan soliq Qoʻshilgan qiymat soligʻi va foyda soligʻi ”;

g) 6-ilova quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 6-ILOVA

d) 6a-ilova quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 6a-ILOVA

e) 7-ilovaning 5-pozitsiyasi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“ 5. Joylashgan joyining (pochta manzilining) oʻzgarishi (bazaviy hisoblash miqdorining uch yuz baravaridan ortiq soliq qarzi mavjud boʻlmagan taqdirda). oʻzgargan paytdan boshlab 10 kun mobaynida ”;

4. Vazirlar Mahkamasining “Jismoniy shaxslardan olinadigan soliqlar yigʻilishini amalga oshirish uchun uchastka soliq inspektorlarini toʻlov terminallari bilan taʼminlash toʻgʻrisida” 2017-yil 16-oktabrdagi 832-son qarorida :

a) qarorning nomidan va 1-bandidan “uchastka” soʻzi chiqarib tashlansin;

b) 2-band quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“2. Oʻzbekiston Respublikasi davlat soliq xizmati organlari tomonidan jismoniy shaxslardan olinadigan soliq toʻlovlari hisobiga mablagʻlar elektron platformada ishlashga moslashtirilgan koʻp funksiyali maxsus toʻlov dasturlari yoxud toʻlov terminallari orqali bevosita bank plastik kartochkalari va naqd pul shaklida undirilishi tartibi belgilansin.”;

v) 3-bandning toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“elektron platformada ishlashga moslashtirilgan koʻp funksiyali maxsus toʻlov dasturlari yoxud toʻlov terminallari orqali toʻlangan pul mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining daromadlar boʻyicha tegishli gʻazna hisobvaraqlariga keyingi bank ish kunidan kechiktirmagan holda oʻtkazilishini taʼminlasinlar”.

7. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 5-dekabrdagi 971-son qarori bilan tasdiqlangan “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksida mehnat shartnomalarini roʻyxatdan oʻtkazish, elektron mehnat daftarchalarini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 2-bandi oltinchi xatboshisidagi “oʻzini oʻzi band qilganning vaqtinchalik mehnat guvohnomasi olinganligi” soʻzlari “oʻzini oʻzi band qilganligi” soʻzlari bilan almashtirilsin.

8. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida tashqi savdo operatsiyalari monitoringini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 14-maydagi 283-son qarorida :

a) 1-bandga “xoʻjalik yurituvchi subyektlar” soʻzlaridan keyin “(belgilangan tartibda oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar sifatida roʻyxatga olinganlar bundan mustasno)” soʻzlari qoʻshilsin;

b) 1-ilovaning 8-bandiga “xoʻjalik yurituvchi subyektlarga” soʻzlaridan keyin “(belgilangan tartibda oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar sifatida roʻyxatga olinganlar bundan mustasno)” soʻzlari qoʻshilsin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-dekabrdagi 806-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzini oʻzi band qilgan fuqarolar uchun vaqtinchalik mehnat guvohnomasini joriy etish toʻgʻrisida” 2019-yil 9-iyuldagi 566-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2020-yil 19-iyundagi 391-son qaroriga 1-ilovaning 23-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 23-dekabr,

806-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 24.12.2020-y., 09/20/806/1662-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.09.2021-y., 09/21/595/0900-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son, 14.10.2022-y., 09/22/592/0919-son; 24.12.2024-y., 09/24/847/1056-son; 08.11.2025-y., 09/25/706/1024-son; 25.12.2025-y., 09/25/821/1211-son; 30.09.2026-y., 09/26/522/0988-son)

lex.uz