UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 29-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 29 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 декабря 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 December 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Автотранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, электромобиллар ва мототранспортлардан фойдаланиш, шунингдек, велосипедда мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Автомототранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш, электромобиллардан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш, велосипедда ҳаракатланишни оммалаштириш ва тарғиб қилиш, велоинфратузилмани ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Халқаро амалиётга мувофиқ, жисмоний шахсларга, шу жумладан чет эл фуқароларига автомототранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш бўйича хизматларни кўрсатиш фаолияти каршеринг деб эътироф этилиши маълумот учун қабул қилинсин. Бунда автомототранспорт воситалари уларни ижарага ва прокатга бериш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши, шунингдек, кейинчалик учинчи шахсларга автомототранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш хизматларини кўрсатиш учун жисмоний шахслар томонидан уларга берилиши мумкин.

2. 2021 йил 10 январдан бошлаб каршеринг ташкилотларига нотариал расмийлаштирмасдан ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказмасдан йўловчилар автотранспорти ва мототранспорт воситаларини жисмоний ва юридик шахсларга 30 кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқи берилсин.

3. Белгилансинки:

каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситалари Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган талабларга мувофиқ махсус таниқлик белгига эга бўлиши шарт;

автомототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш бўйича фаолият Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига киритилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

а) каршеринг ташкилотларидан автомототранспорт воситаларини ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида каршеринг ташкилотларига Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг «Маъмурий амалиёт» автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имкониятини тақдим этилишини таъминласин;

б) каршеринг ташкилотларидан автомототранспорт воситаларини ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни «Маъмурий амалиёт» автоматлаштирилган ахборот тизимига тезкорлик билан киритиш бўйича ишларни кучайтирсин;

в) Транспорт вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

қоидабузар мижозларнинг хатти-ҳаракатидан, шу жумладан улар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун каршеринг ташкилотларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш;

каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситаларини тўхташ жойларига етказиш, жойлаштириш ва сақлаш шароитларини яратиш.

5. «Ўзавтосаноат» АЖ халқаро консалтинг ташкилотлари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда 2021 йил 1 февралга қадар лойиҳаларни амалга ошириш аниқ муддатлари, ишлаб чиқариш қуввати, молиялаштириш миқдори, давлат томонидан бериладган кўмаклар ва бошқа маълумотларни назарда тутган «Ўзавтосаноат» АЖ корхоналарида фақат электр двигатель орқали ҳаракатланадиган енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ишлаб чиқариш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Давлат бюджетини шакллантиришда фақат электр двигатель орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситалари республика ҳудудида харид қилинганда ва (ёки) вақтинчалик олиб кирилганда уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказишда автомототранспорт воситалари эгалари (улардан фойдаланувчилар) томонидан тўланадиган йиғимларни бекор қилишни назарда тутсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда халқаро амалиётни ўрганиш асосида замонавий технологик тизимлардан фойдаланган ҳолда фақат электр двигатель орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларига хизмат кўрсатиш бўйича зарядлаш терминалларини ўрнатишни ташкил қилиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган мототранспорт воситаси ва велосипедда ҳаракатланиши тақиқловчи йўл белгиларини танқидий таҳлил қилсин ҳамда тегишли ҳаракат йўналишлари бўйлаб мазкур белгиларни олиб ташлаш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан биргаликда бир ой муддатда аҳоли орасида мототранспорт воситаларининг афзалликлари ва арзонлиги тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишларини ташкиллаштириш бўйича медиа-режа ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги мамлакатда велосипед транспорти, велоинфратузилма, велошеринг (байкшеринг) фаолиятини (ижарага бериш) ривожлантиришни режалаштириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишида ҳар томонлама кўмак кўрсатсин.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 февралга қадар, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида велосипед транспортини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини (кейинги ўринларда — Дастур) тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

велосипедда ва бошқа шахсий воситаларда ҳаракатланиш имконини берувчи тўсиқсиз ва хавфсиз муҳитни (тартибга солинадиган ва солинмайдиган йўл кесишмалари, Йўл ҳаракати қоидаларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, велойўлкалар, велойўллар, велошоссе, светофорлар, йўл белгилари, велосипедларни тўхтатиб қўйиш жойлари, велосипедларни сақлаш учун ишончли шароитлар ва бошқалар), шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали яратиш;

туристик шаҳарлар, дам олиш зоналари, қўриқхоналар ва мамлакатимизнинг бошқа маданий мерос объектларини боғловчи велосипедлар магистраллари миллий тармоғини босқичма-босқич барпо этиш;

шаҳарлар ва ҳудудларни велосипедлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш ва уларни ҳар йили мониторинг қилиш учун мезонлар (индикаторлар) жорий этиш (бир йилда велосипедлар иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисалари сони, аҳолининг муайян сонига нисбатан велосипедчилар сони, тоифалар бўйича велосипед йўлкалари, велочорраҳалар, велосипед қўйиш жойлари ва улардаги тўхтаб туриш жойлари);

велосипедда ҳаракатланиш, велосипед транспорти ва шахсий ҳаракатланиш воситаларининг инсон саломатлигини мустаҳкамловчи транспорт тури, шунингдек, экологик тоза ҳаракатланиш воситаси сифатида оммалаштириш ва тарғиб қилиш;

велосипедда ҳаракатланишни, шу жумладан велосипедлар ва уларнинг бутловчи буюмларини харид қилишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

аҳолида велосипедчилик маданиятини шакллантириш;

Бутунжаҳон велосипед куни ва Европа ҳаракат ҳафталигига бағишланган йирик веломарафонлар, велосипедда йўл босиб ўтиш ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикасида велосипед транспорти ва велоинфратузилмани ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга ҳамда велосипед транспортини оммалаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш ва доимий мониторинг қилишга масъул бўлган органлар ва ташкилотлар вакиллари орасидан ишчи гуруҳи ташкил этилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси С.М. Рустамбоев Дастур лойиҳасини тайёрлаш доирасида:

ишлаб чиқувчиларга велосипед транспорти ва велоинфратузилмани, айниқса коронавирус пандемияси даврида ривожлантириш бўйича француз тажрибаси билан танишишда кўмаклашсин;

француз ҳукумати билан Ўзбекистонда велосипед транспорти ва велоинфратузилмасини, шу жумладан велосипед ишлаб чиқарувчиларни ва ушбу соҳада хизматлар кўрсатувчи бошқа компанияларни жалб қилиш орқали ривожлантириш борасида икки томонлама яқин бизнес ва ишчи алоқаларини ўрнатиш масаласини кўриб чиқсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги оилавий поликлиникалар ҳамда профилактика инспекторларини велосипедлар билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни киритсин:

енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги янгиланган низом лойиҳаси;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А. Абдухакимов ва транспорт вазирининг вазифасини бажарувчи И.Р. Маҳкамов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 29 декабрь,

812-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2020 й., 09/20/812/1678-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2022 й., 09/22/278/0439-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Avtotransport vositalarini yollash va ijaraga berish faoliyatini qoʻllab-quvvatlash, elektromobillar va mototransportlardan foydalanish, shuningdek, velosipedda mamlakat boʻylab harakatlanishni rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Avtomototransport vositalarini yollash va ijaraga berish boʻyicha xizmat koʻrsatish sohasini yanada rivojlantirish, elektromobillardan foydalanishni qoʻllab-quvvatlash, velosipedda harakatlanishni ommalashtirish va targʻib qilish, veloinfratuzilmani va ichki turizmni rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Xalqaro amaliyotga muvofiq, jismoniy shaxslarga, shu jumladan chet el fuqarolariga avtomototransport vositalarini ijaraga va prokatga berish boʻyicha xizmatlarni koʻrsatish faoliyati karshering deb eʼtirof etilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin. Bunda avtomototransport vositalari ularni ijaraga va prokatga berish xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslarga mulk huquqi asosida tegishli boʻlishi, shuningdek, keyinchalik uchinchi shaxslarga avtomototransport vositalarini ijaraga va prokatga berish xizmatlarini koʻrsatish uchun jismoniy shaxslar tomonidan ularga berilishi mumkin.

2. 2021-yil 10-yanvardan boshlab karshering tashkilotlariga notarial rasmiylashtirmasdan va ichki ishlar organlarida roʻyxatdan oʻtkazmasdan yoʻlovchilar avtotransporti va mototransport vositalarini jismoniy va yuridik shaxslarga 30 kungacha muddatga qisqa muddatli ijaraga berish huquqi berilsin.

3. Belgilansinki:

karshering tashkilotlarining avtomototransport vositalari Transport vazirligi va Ichki ishlar vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan talablarga muvofiq maxsus taniqlik belgiga ega boʻlishi shart;

avtomototransport vositalarini qisqa muddatli ijaraga berish boʻyicha faoliyat Iqtisodiy faoliyat turlarining umumdavlat tasniflagichiga kiritiladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:

a) karshering tashkilotlaridan avtomototransport vositalarini ijaraga olgan shaxslar tomonidan yoʻl harakati qoidalari buzilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning mavjudligini aniqlash maqsadida karshering tashkilotlariga Ichki ishlar vazirligi Yoʻl harakati xavfsizligi bosh boshqarmasining “Maʼmuriy amaliyot” avtomatlashtirilgan axborot tizimiga kirish imkoniyatini taqdim etilishini taʼminlasin;

b) karshering tashkilotlaridan avtomototransport vositalarini ijaraga olgan shaxslar tomonidan yoʻl harakati qoidalari buzilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Maʼmuriy amaliyot” avtomatlashtirilgan axborot tizimiga tezkorlik bilan kiritish boʻyicha ishlarni kuchaytirsin;

v) Transport vazirligi va Adliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda quyidagilarni nazarda tutuvchi takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:

qoidabuzar mijozlarning xatti-harakatidan, shu jumladan ular tomonidan yoʻl harakati qoidalari buzilganligi uchun karshering tashkilotlarining huquqlarini himoya qilishning huquqiy kafolatlarini kuchaytirish;

karshering tashkilotlarining avtomototransport vositalarini toʻxtash joylariga yetkazish, joylashtirish va saqlash sharoitlarini yaratish.

5. “Oʻzavtosanoat” AJ xalqaro konsalting tashkilotlari va xorijiy ekspertlarni jalb qilgan holda 2021-yil 1-fevralga qadar loyihalarni amalga oshirish aniq muddatlari, ishlab chiqarish quvvati, moliyalashtirish miqdori, davlat tomonidan beriladgan koʻmaklar va boshqa maʼlumotlarni nazarda tutgan “Oʻzavtosanoat” AJ korxonalarida faqat elektr dvigatel orqali harakatlanadigan yengil avtomobillar va mototransport vositalarini ishlab chiqarish konsepsiyasi loyihasini ishlab chiqsin hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga taqdim etsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi 2021-yil va keyingi yillarga moʻljallangan Davlat budjetini shakllantirishda faqat elektr dvigatel orqali harakatlanadigan avtomototransport vositalari respublika hududida xarid qilinganda va (yoki) vaqtinchalik olib kirilganda ularni ichki ishlar organlarida roʻyxatdan oʻtkazishda avtomototransport vositalari egalari (ulardan foydalanuvchilar) tomonidan toʻlanadigan yigʻimlarni bekor qilishni nazarda tutsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Transport vazirligi, “Oʻzeltexsanoat” uyushmasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda ikki oy muddatda xalqaro amaliyotni oʻrganish asosida zamonaviy texnologik tizimlardan foydalangan holda faqat elektr dvigatel orqali harakatlanadigan avtomototransport vositalariga xizmat koʻrsatish boʻyicha zaryadlash terminallarini oʻrnatishni tashkil qilish boʻyicha “yoʻl xaritasi”ni ishlab chiqsin va tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi va Ichki ishlar vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimligi bilan birgalikda ikki oy muddatda butun mamlakat boʻylab oʻrnatilgan mototransport vositasi va velosipedda harakatlanishi taqiqlovchi yoʻl belgilarini tanqidiy tahlil qilsin hamda tegishli harakat yoʻnalishlari boʻylab mazkur belgilarni olib tashlash choralarini koʻrsin.

9. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi, Ichki ishlar vazirligi, Transport vazirligi, Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi va Oʻzbekiston elektron ommaviy axborot vositalari milliy assotsiatsiyasi bilan birgalikda bir oy muddatda aholi orasida mototransport vositalarining afzalliklari va arzonligi toʻgʻrisida keng axborot-tushuntirish ishlarini tashkillashtirish boʻyicha media-reja ishlab chiqsin va tasdiqlasin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi mamlakatda velosiped transporti, veloinfratuzilma, veloshering (baykshering) faoliyatini (ijaraga berish) rivojlantirishni rejalashtirish boʻyicha vakolatli davlat organi etib belgilansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va madaniy meros vazirligi va Sportni rivojlantirish vazirligi ushbu bandning birinchi xatboshisida belgilangan vazifalarning amalga oshirilishida har tomonlama koʻmak koʻrsatsin.

Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Moliya vazirligi, Qurilish vazirligi, Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimligi, boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda 2021-yil 1-fevralga qadar, shu jumladan quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasida velosiped transportini rivojlantirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar dasturini (keyingi oʻrinlarda — Dastur) tasdiqlash toʻgʻrisidagi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarori loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:

velosipedda va boshqa shaxsiy vositalarda harakatlanish imkonini beruvchi toʻsiqsiz va xavfsiz muhitni (tartibga solinadigan va solinmaydigan yoʻl kesishmalari, Yoʻl harakati qoidalariga zarur oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, veloyoʻlkalar, veloyoʻllar, veloshosse, svetoforlar, yoʻl belgilari, velosipedlarni toʻxtatib qoʻyish joylari, velosipedlarni saqlash uchun ishonchli sharoitlar va boshqalar), shu jumladan davlat-xususiy sheriklik mexanizmlari orqali yaratish;

turistik shaharlar, dam olish zonalari, qoʻriqxonalar va mamlakatimizning boshqa madaniy meros obyektlarini bogʻlovchi velosipedlar magistrallari milliy tarmogʻini bosqichma-bosqich barpo etish;

shaharlar va hududlarni velosipedlashtirish boʻyicha koʻrilayotgan chora-tadbirlar samaradorligini baholash va ularni har yili monitoring qilish uchun mezonlar (indikatorlar) joriy etish (bir yilda velosipedlar ishtirokida yuz bergan yoʻl-transport hodisalari soni, aholining muayyan soniga nisbatan velosipedchilar soni, toifalar boʻyicha velosiped yoʻlkalari, velochorrahalar, velosiped qoʻyish joylari va ulardagi toʻxtab turish joylari);

velosipedda harakatlanish, velosiped transporti va shaxsiy harakatlanish vositalarining inson salomatligini mustahkamlovchi transport turi, shuningdek, ekologik toza harakatlanish vositasi sifatida ommalashtirish va targʻib qilish;

velosipedda harakatlanishni, shu jumladan velosipedlar va ularning butlovchi buyumlarini xarid qilishda davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash;

aholida velosipedchilik madaniyatini shakllantirish;

Butunjahon velosiped kuni va Yevropa harakat haftaligiga bagʻishlangan yirik velomarafonlar, velosipedda yoʻl bosib oʻtish va boshqa tadbirlarni oʻtkazish.

Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi oʻn kun muddatda Oʻzbekiston Respublikasida velosiped transporti va veloinfratuzilmani rivojlantirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar dasturini ishlab chiqishga hamda velosiped transportini ommalashtirish boʻyicha tadbirlarni amalga oshirish va doimiy monitoring qilishga masʼul boʻlgan organlar va tashkilotlar vakillari orasidan ishchi guruhi tashkil etilishini taʼminlasin.

11. Oʻzbekiston Respublikasining Fransiyadagi Favqulodda va Muxtor Elchisi S.M. Rustamboyev Dastur loyihasini tayyorlash doirasida:

ishlab chiquvchilarga velosiped transporti va veloinfratuzilmani, ayniqsa koronavirus pandemiyasi davrida rivojlantirish boʻyicha fransuz tajribasi bilan tanishishda koʻmaklashsin;

fransuz hukumati bilan Oʻzbekistonda velosiped transporti va veloinfratuzilmasini, shu jumladan velosiped ishlab chiqaruvchilarni va ushbu sohada xizmatlar koʻrsatuvchi boshqa kompaniyalarni jalb qilish orqali rivojlantirish borasida ikki tomonlama yaqin biznes va ishchi aloqalarini oʻrnatish masalasini koʻrib chiqsin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Sogʻliqni saqlash vazirligi oilaviy poliklinikalar hamda profilaktika inspektorlarini velosipedlar bilan jihozlash choralarini koʻrsin.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga quyidagilarni kiritsin:

yengil avtomobillar va mototransport vositalarini qisqa muddatli ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi yangilangan nizom loyihasi;

normativ-huquqiy hujjatlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida takliflar.

14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi A.A. Abduxakimov va transport vazirining vazifasini bajaruvchi I.R. Mahkamov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 29-dekabr,

812-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 29.12.2020-y., 09/20/812/1678-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.05.2022-y., 09/22/278/0439-son)

lex.uz