📅 2020-yil 31-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 31-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 31 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 декабря 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 December 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
қўшимчалар
Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида » 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон ҳамда « 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида » 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон фармонларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш тартиби жорий этилсин.
2. Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўқув жараёнига кредит-модуль тизими жорий этилган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг малака талаблари, ўқув режаси ва фан дастурлари такомиллаштирилишини таъминласин;
Республика олий таълим кенгаши билан биргаликда икки ҳафта муддатда олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этишнинг ташкилий масалаларига тааллуқли ҳужжатлар намуналарини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, уларни юқори малакага эга бўлган профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида бирламчи харажатларни амалга оширгандан сўнг бўшаб қолаётган тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Республика олий таълим кенгашининг қуйидаги тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
а) олий таълим муассасаси кенгаши қарори асосида:
олий таълим муассасасида 3 йил ишлаб беришни назарда тутувчи шартномани расмийлаштирган ҳолда профессор-ўқитувчиларнинг нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий муассасаларда стажировка ўташи ва малака ошириши;
олий таълим муассасасида 5 йил ишлаб беришни назарда тутувчи шартномани расмийлаштирган ҳолда ўқитувчиларни нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий муассасаларнинг докторантура дастурлари асосида ўқитиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш;
б) олий таълим муассасаси ҳузурида фаолият юритаётган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қурилиш, жорий ва капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари учун зарур маблағлар ажратиш.
5. Белгилаб қўйилсинки, олий таълим муассасаларининг академик мустақиллигини янада кенгайтириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб:
олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумларда ўқув машғулотларини олиб бораётган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш олий таълим муассасалари талабаларига дарс ўтганлиги учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларида амалга оширилади;
таълим жараёнини ташкил этишда ҳафталик ўқув кунлари олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгиланади;
олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган якуний давлат аттестация комиссияси раислари тегишли олий таълим муассасаси ректори (филиал директори)нинг буйруғи билан тасдиқланади.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида» 2019 йил 3 декабрдаги 967-сон қарорига 2-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарорига 1-ИЛОВА
Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа тизими (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) асосида таълимнинг кредит-модуль тизимини жорий этиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасалари, олий ҳарбий таълим муассасаларига, Ал-Хоразмий университети, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
3. Ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этишнинг ташкилий масалаларига оид маълумотлар, жумладан, таълим дастури, фанлар каталоги, академик мобилликни таъминлаш, кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказишга тааллуқли ҳужжатлар ҳамда дипломга илованинг шакллари, шунингдек, академик мобиллик даврида талабанинг билим даражасини аниқлаш бўйича кўрсаткичлар ва бошқа зарур ҳужжатлар намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Республика олий таълим кенгаши билан биргаликда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
2-боб. Асосий тушунчалар
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
GPA (Grade Point Average) — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган баллари ўртача қиймати бўлиб, у қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади:
GPA = K 1 *U 1 +K 2 *U 2 +K 3 *U 3 …+K n *U n , бунда: K 1 +K 2 +K 3 …+K n
K — ҳар бир фан/модулга ажратилган кредитлар миқдори;
U — ҳар бир фан/модуль бўйича талаба тўплаган баҳо;
академик мобиллик — олий таълим муассасаси талабаларининг муайян вақт мобайнида республика ҳудудидаги ёки чет элдаги бошқа бир олий таълим муассасасига ўқиш мақсадида бориши;
мобиллик дастури — икки ёки ундан ортиқ олий таълим муассасаси ўртасида ўзаро таълим тўғрисидаги келишув асосида ташкил этилган академик мобиллик дастури;
кредит — таълим олиш натижаларига кўра талаба томонидан муайян фан бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламасининг ўлчов бирлиги. Кредитлар қоидага мувофиқ бутун, каср сонларда ифодаланиши мумкин;
олий таълим муассасаси — белгиланган миқдордаги кредитларни тан олишни ҳисобга олган ҳолда таълим ва малака тўғрисидаги ҳужжат берувчи муассаса;
кредитларни бериш — малака ёки унинг алоҳида қисмларига қўйилган талабларга мувофиқ эришилган таълим олиш натижаларига кўра талаба ёки бошқа таълим олувчиларга кредитларни расмий тақдим этиш жараёни;
кредитларни кўчириш — талабаларнинг академик мобиллигини таъминлаш мақсадида бир олий таълим муассасаси таълим дастури бўйича олинган кредитларни бошқа олий таълим муассасасига кўчириш ва тан олиш;
кредит тўплаш — таълим элементларини ўзлаштириш ва бошқа ютуқларга эришиш натижасида тақдим этиладиган кредит бирликларини тўплаш;
талабанинг шахсий таълим траекторияси — талаба томонидан танланган ҳамда унга кетма-кетликда билимлар тўплаш ва хоҳлаган компетенциялар йиғиндисига эга бўлиш имкониятини берадиган йўналиш (маршрут). Таълим траекторияси институционал ҳужжатлар ва йўриқномалар ёрдамида тузилиши ҳамда турли таълим траекториялари натижада бир хил малака олишга олиб келиши мумкин;
таълим дастури — бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги бўйича ўқув жараёнини амалга оширишга мўлжалланган таълимнинг асосий хусусиятлари (ҳажми, мазмуни, режалаштирилган натижалар), ташкилий-педагогик шарт-шароитлар, фан дастурларига қуйилган умумий талаблар, шунингдек, таълимни ташкил этиш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот-ресурс ва ўқув-методик кўрсатмалар мажмуи;
таълим дастури каталоги — олий таълим муассасаси тавсифи, кредит-модуль тизимига кириш, мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, хизматлар ва ресурслар, ўқув фанлари дастурлари, аниқ таълим дастурлари элементлари тавсифи тўғрисидаги ахборот;
таълим натижалари — талаба томонидан ўзлаштирилган ва баҳо билан тасдиқланган малака даражасини акс эттирадиган, таълим жараёнини муваффақиятли тугаллагач талаба ўзлаштирган кўникмалар ва уларни амалда бажариш қобилиятининг тавсифи;
ўқиш юкламаси — талаба томонидан ўқув фаолиятининг барча турлари — маъруза, амалий машғулот, семинар, лаборатория иши, курс лойиҳаси (иши), амалиёт ва мустақил ишни амалга ошириш асосида кутилган ўқув натижаларига эришиш учун зарур бўлган соатлар ҳажми;
рўйхатга олиш хизмати — таълим жараёнини бошқариш ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлардан фойдаланиб профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар бўйича таълим жараёнига оид маълумотлар базасини шакллантиришни, шунингдек, талабаларнинг барча ўқув натижаларини рўйхатга олиш, билимини назорат қилиш ҳамда уларнинг академик рейтингини ҳисоблашнинг барча турларини ташкил этишни назарда тутувчи хизматлар;
таълим элементлари — таълим дастурининг бир қисми бўлиб, таълим олиш натижаларига эришиш ва таълим дастурида кўрсатилган билимларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи ўқитиш тури;
транскрипт — таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган кредитлар ва баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат.
3-боб. Таълим дастури тузилмаси
5. Ўқув йили учун таълим дастури тузилмаси бир ёки бир нечта модуллардан иборат таълим элементларидан ташкил топган бўлиб, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланади. Таълим дастури аудитория машғулотлари, илмий лойиҳалар, мустақил таълим, ишлаб чиқариш амалиёти ва бошқа таълим элементларидан иборат бўлиши мумкин.
6. Таълим дастури тузилмаси унинг ҳар бир таълим элементига мос келадиган таълим олиш натижалари (камида 6 та кўрсаткич)ни кўрсатган ҳолда бир академик ўқув йилига 60 кредит мос келишини ҳисобга олиб ишлаб чиқилади. Таълим дастурида кредитларнинг миқдори ўқув юкламаси асосида кўрсатилади.
7. Талабаларнинг таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштириши ҳамда талаб қилинган малакага эга бўлиши учун талаблар аниқ белгиланади. Ўзлаштириш қоидалари танланган таълим дастури бўйича ўқитишнинг турли босқичлари учун белгиланган кредитлар миқдорида ёки кредитлар оралиғида ифодаланиши мумкин.
8. Таълим дастурининг талабалар томонидан муваффақиятли бажарилишига ёрдам бериш учун олий таълим муассасасининг тегишли бўлинмалари ва ходимлари, шу жумладан, таълимнинг кредит тизимини бошқаришга масъул бошқарма ёки бўлими, гуруҳ мураббийи томонидан маслаҳат ва тушунтиришлар бериб борилади. Маслаҳат доирасида талабаларга таълим олиш натижасида эришган ютуқлар ва тажрибани тан олиш имкониятлари тушунтирилади.
9. Олий таълим муассасаси таълим дастури каталоги ва ўқитиш шароитлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар ҳамда долзарб ахборотни олий таълим муассасаси веб-саҳифасига қулай юкланадиган форматда ўқув йили бошланишидан камида бир ой олдин жойлаштириши ва эълон қилиб бориши шарт.
10. Таълим дастури ва унинг элементларини амалга оширишга масъул ўқитувчилар таълим дастурида кўрсатилган ўқитиш натижалари билан дарс бериш ва баҳолаш жараёни ўртасидаги мувофиқликни таъминлашлари лозим. Ўқитиш натижалари, дарс бериш ва баҳолаш жараёни ўртасидаги ушбу конструктив боғлиқлик таълим дастурларига қўйиладиган муҳим талаб ҳисобланади.
Таълим элементларининг амалга оширилишига масъул профессор-ўқитувчилар таълим дастурида кўрсатилган натижалар билан таълим бериш ҳамда баҳолаш жараёнлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлаши лозим.
4-боб. Ўқув жараёнини режалаштириш, мониторинг олиб бориш ва таълим сифатини таъминлаш
11. Ўқув жараёни ўқув ва назорат тадбирлари мажмуини ўз ичига олади. Ўқув тадбирларида барча турдаги аудитория машғулотлари, амалиёт ва мустақил ишларнинг ташкил этилиши назарда тутилади. Назорат тадбирлари таълим олувчиларнинг ўқув режасидаги тегишли фанлар бўйича билимларни ўзлаштиришини ва уларнинг натижаларини баҳолашни назарда тутади.
12. Ўқув жараёни талабалар, иш берувчилар, ўқитувчилар ва маъмурият ўртасида очиқ мулоқот шаклида талабага йўналтирилган ёндашув асосида таълим стандартларини инобатга олган ҳолда режалаштирилади. Ушбу жараёнда иш берувчилар ва талабаларнинг талаб ва истаклари муҳокама қилинади. Барча манфаатдор томонлар таълим дастурининг яратилиши ва ўзлаштирилиши бўйича ўтказиладиган муҳокамага жалб этилиши мумкин. Бундай баҳсларда талабалар вакиллари овоз бериш ҳуқуқи орқали иштирок этишлари мумкин.
13. Ўқув жараёнини режалаштириш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
намунавий ўқув режаси ва фанлар каталогини илғор хорижий таълим тажрибаси асосида республика иқтисодиёти тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кадрлар истеъмолчилари талаблари ва миллий қадриятларни эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқиш ҳамда қўшимча равишда танлов фанлар каталогини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий янги авлод адабиётларига таянган ҳолда фанлар каталоги бўйича намунавий фан дастурларини ишлаб чиқиш;
фанларнинг ишчи дастурини (силлабусни) ишлаб чиқиш;
ўқув режаси ва танлов фанлари рўйхатига мос равишда гуруҳ мураббийи ёрдамида ўқув-методик бўлим (бошқарма) ва факультет декани назорати остида ҳар бир талабанинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш;
ишчи ўқув режаларини тузиш;
ўқув жараёни жадвалини тузиш;
академик гуруҳлар бўйича ўқув машғулотлари жадвалини тузиш.
14. Семестр давомида талаба томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдори ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларини ўз ичига олади. Мажбурий фанлар таркиби ва уларни ўрганишга ажратиладиган кредитлар миқдори таянч олий таълим муассасаси томонидан белгиланади. Танлов фанлари таркиби ва уларни ўрганишга ажратиладиган кредитлар миқдори олий таълим муассасаси томонидан мустақил белгиланади. Талабалар шахсий таълим траекториясида белгиланган танлов фанлари доирасида фанларни мустақил танлаши мумкин.
15. Ўқув йили давомийлиги 36 ҳафтагача бўлиб, шундан 30 ҳафтаси академик даврга, 2 ҳафтаси фанларни танлаш учун рўйхатдан ўтишга, 4 ҳафтаси аттестацияларга ажратилади. Ўқув йили давомийлиги ўқув жараёни жадвалига мувофиқ олий таълим муассасаси кенгашининг қарори билан ўзгача тартибда белгиланиши мумкин.
Кредит-модуль тизимида 1 кредит ўртача 25 — 30 академик соатлик ўқув юкламасига тенг. Яъни талаба муайян фандан тегишли кредитларни тўплаши учун маълум миқдордаги ўқув юкламасини ўзлаштириши зарур. Ўқув юкламаси бакалавриатда — 40 — 50% аудитория соати, 50 — 60% мустақил иш соатига, магистратурада — 30% — 40% аудитория соати, 60-70% мустақил иш соатига (малакавий амалиёт ва битирув малакавий ишлари бундан мустасно) бўлинади. Кредитнинг соатлардаги миқдори ва ўқув юкламаси миқдори олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланади ва олий таълим муассасаси веб-саҳифасида шаффоф тарзда жойлаштирилади.
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида талаба одатда бир семестрда 30 кредит, бир ўқув йилида 60 кредит тўплаши белгиланади. Семестр давомида талаба томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган кредитлар ҳажми ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларини ўз ичига олади. Талаба ўзининг шахсий таълим траекториясини шакллантиришда ҳар бир семестр учун 30 кредит ҳажмидаги фанларни ўзлаштиришни назарда тутиши, улар таркибида намунавий ўқув режасидаги мажбурий фанлар бўлиши шарт.
Талаба бакалавриатда ўқиш муддати камида 3 йил бўлганда 180 кредит, ўқиш муддати камида 4 йил бўлганда 240 кредит тўплаши зарур. Магистратурада ўқиш муддати камида 1 йил бўлганда 60 кредит, ўқиш муддати камида 2 йил бўлганда 120 кредит тўплаши талаб этилади.
16. Ўқув жараёнининг мониторинги таълим олишнинг белгиланган натижаларига эришиш, номинал меҳнат ҳажми ҳамда уларнинг ҳаққонийлиги ва мослигини баҳолаш мақсадида ўтказилади.
17. Таълим сифати самарадорлигини таъминлаш олий таълим муассасаси томонидан амалга ошириладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари таълим дастурининг ваколатли ташкилотлар тавсифномалари ва талабларига мосликни таъминлаш жараёнларини ўз ичига олади.
Таълим сифатини ошириш ва профессор-ўқитувчилар ўртасида рақобатни шакллантириш мақсадида олий таълим муассасаси кенгаши қарорига асосан талабаларга фан доирасида профессор-ўқитувчиларни танлаш имконияти берилади. Бунда талабалар таълимни бошқариш ахборот тизими портали орқали ўқув семестри бошида 1 ҳафта муддат давомида ўзи танлаган профессор-ўқитувчининг машғулотида қатнашиш учун онлайн тарзда рўйхатдан ўтади.
18. Академик қарздор талабаларнинг ташаббуси билан мавжуд академик қарзларни топшириш мақсадида ёзги семестр олий таълим муассасаси томонидан одатда таътил вақтида пулли асосда ташкил этилади.
Ёзги семестрнинг давомийлиги академик тақвим асосида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари ва курслар бўйича белгиланади.
Ёзги семестр қуйидаги регламент асосида ташкил қилинади:
талаба ёзги семестр бошлангунига қадар олий таълим муассасаси ўқув-методик бўлими (бошқармаси)га ўзининг ёзги семестрда ўқиши истагини билдиради;
олий таълим муассасаси ушбу талабаларга ёзги семестр учун дарс жадвалини тузади ва талаба тўлов пулини тўлаганидан сўнг дарсларга киритилади;
ёзги семестр амалдаги баҳолаш тизими асосида талабалар билимини шаффоф баҳолаш тамойилига кўра ташкил қилинади.
Ёзги семестрга жалб қилинган профессор-ўқитувчиларга соатбай асосида иш ҳақи тўланади.
5-боб. Академик мобиллик ва кредитларни тан олиш
19. Академик мобилликни таъминлаш ва талабанинг кредитлари олий таълим муассасаси томонидан тан олинишида қуйидаги ҳужжатлардан фойдаланилади:
фанлар каталоги;
белгиланган шаклдаги таълим тўғрисидаги келишув, маълумотнома ва сертификат.
Мазкур ҳужжатлар таълим олиш натижаларини акс эттиради ва олий таълим муассасасига кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказиш учун асос ҳисобланади.
20. Талаба томонидан олий таълим муассасаси таълим дастури бўйича тўпланган кредитлар миқдори бошқа олий таълим муассасасида белгиланган таълим олиш натижаларига мувофиқ ўзлаштириладиган кредитлар миқдорига тенг ҳисобланади.
21. Талаба жўнатувчи олий таълим муассасаси тавсиясига асосан қабул қилувчи олий таълим муассасасига академик мобилликни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни топширади. Жўнатувчи олий таълим муассасаси томонидан талабага белгиланган шаклдаги транскрипт тақдим этилади.
22. Талабанинг академик мобиллик даврида ўзлаштирилиши белгиланган таълим элементларини жўнатувчи олий таълим муассасасининг розилигисиз ва у билан келишмасдан ўзгартириш мумкин эмас. Хориждаги ҳамкор олий таълим муассасалари, марказлар ва ташкилотларнинг таълим дастурларида белгиланган таълим олиш натижалари жўнатувчи олий таълим муассасасининг таълим дастури бўйича таълим олиш натижаларига мос келиши ёки уларни тўлдириши лозим. Мобиллик вақтида академик йил кўрсаткичлари таҳлил қилинади ва ушбу Низомга асосан кредитлар тан олиниши белгиланади.
23. Қабул қилувчи олий таълим муассасасида талаба томонидан ўзлаштириладиган ўқув элементларининг тўплами ва улар олий таълим муассасасининг таълим дастурига интеграция қилинганлиги таълим тўғрисидаги келишувда аниқ кўрсатилган бўлиши лозим. Қабул қилувчи олий таълим муассасасида ўзлаштириладиган кредитлар миқдори хорижда ўқиш даврига (3 — 6 ой ёки 1 — 3 йил) мутаносиб бўлиши керак. Жўнатувчи олий таълим муассасаси томонидан мобиллик даврида талабанинг ўзлаштирган (тўлиқ ёки қисман) кредитлари тан олинади. Талаба жўнатувчи олий таълим муассасасига қайтиб келгач, мобиллик даврида тўпланган кредитлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалдаги тартиб-қоидалар асосида уни кейинги курсга ўтказиш ёки курсда қолдириш белгиланади.
24. Олий таълим муассасаси академик мобиллик дастури бўйича режалаштирилган таълим элементларини ўзлаштириш учун талабани белгиланган шакл асосида рўйхатдан ўтказади ва мобиллик даврида ушбу элементларни ўзлаштириш имкониятлари таъминланиши мажбуриятини олади.
25. Ҳамкор университетлар, марказлар ва ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган таълим дастурлари доирасида академик мобиллик учун таълим тўғрисидаги келишувларни тузиш зарур ҳисобланмайди.
26. Таълим тўғрисидаги келишувга мувофиқ академик мобиллик даврида талабанинг билим даражасини аниқловчи кўрсаткичлар олий таълим муассасаларининг баҳолаш тизимини бошқа баҳолаш тизимларига конвертация қилиш жадвали асосида қабул қилинади.
27. Стажировкани ўташ бўйича келишув талаба, олий таълим муассасаси ва қабул қилувчи ташкилот томонидан уч томонлама имзоланади.
28. Стажировка давомида талаба томонидан ўзлаштирилган билимларнинг ошкоралигини таъминлаш ва уларни тасдиқлаш мақсадида қабул қилувчи муассаса томонидан стажировкани ўтаганлик тўғрисида сертификат берилади.
6-боб. Баҳолаш, баҳоларни конвертация қилиш
29. Талабалар таълим дастури доирасида ўқитиш шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.
30. Фан дастурида (силлабусда) белгиланган баҳолаш тартиби ҳамда ижобий баҳолар доирасида баҳоланган талабаларга кредитлар берилади. Талаба белгиланган таълим олиш натижаларига эриша олмаган тақдирда, кредитлар берилмайди.
31. Баҳолаш усуллари фан ёки модуль доирасидаги талабанинг ютуқларини акс эттирувчи ва тасдиқловчи ёзма, оғзаки, амалий иш, лойиҳа, портфолио ва назоратлар каби турларни ўз ичига қамраб олади. Баҳолаш мезони таълим олиш натижасига эришилганлигини акс эттириши шарт.
32. Кредитларни кўчириш олий таълим муассасасида баҳолаш тизимини бошқа баҳолаш тизимларига конвертация қилиш жадвалини бошқа олий таълим муассасасида тузилган шунга ўхшаш жадвал билан солиштириш асосида амалга оширилади.
7-боб. Кредит-модуль тизимида рўйхатга олиш хизматини ташкил этиш
33. Рўйхатга олиш хизматлари таълим ва талабалар билимини баҳолаш жараёнларини алоҳида юритиш, талабалар ҳақидаги академик маълумотларни электрон тарзда автоматик бошқариш ҳамда якуний назоратларни ўтказиш мақсадида ташкил этилади.
34. Рўйхатга олиш хизмати талабага танлаган мутахассислиги бўйича юқори даражадаги билим, кўникма ва малакаларга эришишда ёрдам беришга қаратилган бўлиб, қуйидаги функцияларни қамраб олади:
ўқув жараёни жадвалини тузиш ва у ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш;
талабаларнинг фанларга рўйхатдан ўтишини назорат қилиш;
академик гуруҳларни шакллантириш;
оралиқ, якуний баҳолашлар ва якуний давлат аттестациясини ўтказилишини назорат қилиш;
маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш;
таълим олаётган талабаларнинг маълумотларини архивга қадар сақлаш;
транскрипт формаларини шакллантириш ва талабаларнинг маълумотларини киритиш;
талабалар контингенти бўйича статистикани юритиш.
35. Рўйхатга олиш хизматлари ўқув-методик бўлим (бошқарма) таркибида олиб борилади. Олий таълим муассасаларида бюджет маблағлари доирасида ёки уларнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан таълимнинг кредит тизимини бошқариш бўлими ташкил этилиши мумкин.
36. Рўйхатга олиш хизмати белгиланган жадвалга мувофиқ талабаларни фанларга рўйхатдан ўтказади ва талабанинг шахсий таълим траекториясини шакллантиради. Талабанинг шахсий таълим траекторияси улар томонидан мустақил равишда гуруҳ мураббийи ёрдамида намунавий ўқув режаси ва танлов фанлари каталоги асосида умумий ўқиш даври учун тузилади. Шахсий таълим траекториясига ҳар ўқув йилидан олдин ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.
37. Талабаларнинг шахсий таълим траекторияси асосида рўйхатга олиш хизмати академик гуруҳларни шакллантиради ва бирон-бир фанга ёзилиш етарли бўлмаган тақдирда, шахсий таълим траекториясини ўзгартириш зарурлиги тўғрисида талабаларга хабар беради. Талабанинг шахсий таълим траекторияси шакллантириб бўлингандан сўнг рўйхатга олиш хизмати дарс жадвалини тузиш учун олий таълим муассасаси ўқув-методик бўлими (бошқармаси)га академик гуруҳлар тўғрисида маълумот беради.
38. Рўйхатга олиш хизмати ҳар бир талабани рўйхатдан ўтказиш санаси ва вақтини белгилайди (одатда, талаба томонидан етарли GPA кўрсаткичларини тўплаганлиги ва контракт тўловлари амалга оширилганлигига қараб). Биринчи курс талабаларини рўйхатдан ўтказиш улар билан академик ва касбга йўналтириш тадбирлари амалга оширилганидан кейин бошланади.
39. Талабалар танлаган фанларини ҳар семестрнинг дастлабки биринчи ҳафтаси ичида ўзгартириши мумкин.
40. Биринчи курс талабаларини рўйхатга олиш жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилади:
гуруҳ мураббийи рўйхатга олиш хизматидан бириктирилган гуруҳ талабаларининг логин ва паролларини олади, талабага таълим жараёнини тушунтиради, таълим дастури билан таништиради, логин ва пароль беради ҳамда талаба порталидан фойдаланишни ўргатади;
талаба профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказиладиган фанлар бўйича таништирув тақдимотларига қатнашади, мажбурий ва танлов фанлари билан танишади ва фанларга таълимни бошқариш тизимидаги талаба портали орқали рўйхатдан ўтади;
талаба таълимни бошқариш тизимидаги портали орқали дарс жадвалини аниқлайди ва дарсларга қатнашади.
8-боб. Талабаларни ўқишдан четлаштириш, қайта тиклаш, курсдан курсга ўтказиш механизмлари
41. Бир фанга ажратилган аудитория соатининг 25 фоизини ва ундан ортиқ соатни сабабсиз қолдирган талаба ушбу фандан четлаштирилиб, якуний назоратга киритилмайди ҳамда мазкур фан бўйича тегишли кредитларни ўзлаштирмаган ҳисобланади. Якуний назорат турига киритилмаган ёки кирмаган, шунингдек, ушбу назорат тури бўйича қониқарсиз баҳо олган талаба академик қарздор ҳисобланади.
Академик қарздор талабалар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади.
42. Таълим олувчини курсдан курсга ўтказиш унинг GPA қийматини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. ОТМ талабаларни курсдан курсга ўтказишда GPA кўрсаткичини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга. Бунда GPA кўрсаткичи 2,4 — 3,0 оралиғида бўлиши талаб этилади. GPA ўтиш баллини тўплай олмаган талаба қайта ўқиш учун тегишли курсда қолдирилади. Семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича академик қарздорлиги бор таълим олувчилар ўқишдан четлаштирилмайди. Курсдан курсга қолган талабалар фақат қарздор бўлган фанларни ўзлаштириб уларга мос равишда шартнома маблағларини тўлайди. Шартнома асосида бир курсда қайта ўқиш сони чегараланмайди. Жами таълим олиш муддати бакалавриат учун 1 курсга ўқишга қабул қилинганидан сўнг 8 йилгача, магистратура учун 1 курсга ўқишга қабул қилинганидан сўнг 4 йилгача деб белгиланади.
43. Таълим олувчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари асосида ўқишни қайта тиклаш ва кўчириш ҳуқуқига эга. Таълим олувчи томонидан четлаштирилгунга қадар ўзлаштирган кредитлар миқдори олий таълим муассасаси томонидан тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
44. Олий таълим муассасасида таълим олишнинг тўлов қиймати Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
45. Фанлар бўйича қайта таълим олиш учун тўлов қиймати олий таълим муассасаси томонидан бутун ўқув йилининг контракт суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Қайта таълим олиш учун тўлов механизми олий таълим муассасаси томонидан бир кредит қийматини ҳисоблаш асосида белгиланади. Бир кредит қиймати ўқув йили давомидаги таълим олиш учун тўланадиган базавий тўлов-контракт миқдорини режалаштирилган кредитлар миқдорига бўлиш йўли билан аниқланади.
46. Талаба олий таълим муассасаси таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган тақдирда, унга академик даражасини тасдиқлайдиган диплом берилади.
Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш
Босқичлар Тадбирлар Ижро учун масъуллар Бажариш муддатлари 1-босқич Таълим дастури доирасида ўқув жараёнини ташкил этиш учун қуйидагиларни амалга ошириш: 1. Ўқув режаси ва фан дастурларини жаҳон стандартларига мослаштириш ва тасдиқлаш; 2. Хар бир фанга кредитларни тақсимлаш; 3. Фанлар каталогини шакллантириш ва эълон қилиш. Олий таълим муассасаси Ўқув йили бошлангунга қадар 2-босқич Таълимнинг кредит тизими бўйича талабаларни (бакалавр ва магистратурага) белгиланган тартибда 1 курсга қабул қилиш. Олий таълим муассасаси Ўқув йили бошлангунга қадар 3-босқич Талаба томонидан танланган ҳамда унга кетма-кетликда билимлар тўплаш ва хоҳлаган компетенциялар йиғиндисига эга бўлиш имкониятини бериш учун Талабанинг шахсий таълим траекториясини белгилаш Олий таълим муассасаси 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб хар бир ўқув йили бошлангунга қадар 4-босқич Мобилликни ташкил этиш учун қуйидагиларни амалга ошириш: 1. Профессор-ўқитувчилар таркибининг мобиллиги бўйича ҳамкор ташкилотлар билан келишувлар тузиш; 2. Магистратура талабаларининг таълим траекториясида мобиллик ойнасини ташкил этиш; 3. Бакалавриат талабаларининг мобиллик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Олий таълим муассасаси, тегишли вазирликлар ва идоралар 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб доимо 5-босқич Таълим сифатини таъминлаш учун қуйидагиларни амалга ошириш: 1. Таълимнинг кредит-модуль тизимини аккредитациядан ўтказиш бўйича ваколатли ташкилотлар билан битим тузиш; 2. Таълимнинг кредит тизимларини аккредитациядан ўтказиш. Олий таълим муассасаси, тегишли вазирликлар ва идоралар 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб доимо 6-босқич Таълим бериш натижасини тасдиқлаш мақсадида халқаро тан олинадиган олий маълумот тўғрисидаги диплом бериш. Олий таълим муассасаси 2022 йилдан бошлаб таълим дастури якунида
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида» 2019 йил 3 декабрдаги 967-сон қарорига киритилаётган
1. 4-бандга қуйидаги таҳрирдаги хатбоши қўшилсин:
«кенгаш қарори билан олий таълим муассасасининг ташкилий тузилмасига қўшимча янги лавозим, таркибий бўлинмалар ва штат бирликларини жорий этиш».
2. 8-бандга қуйидаги таҳрирдаги хатбошилар қўшилсин:
«ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари асосий воситалар ва товар-моддий бойликларни (бино ва иншоотлар ҳамда ўқув-илмий лаборатория жиҳозлари бундан мустасно) сотишдан тушган маблағларни тўлиғича ўзларининг ривожлантириш жамғармаси бўйича шахсий ғазна ҳисобварағида жамлайди ва сарфлайди;
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари ривожлантириш жамғармасига тушган барча маблағлардан моддий-техника базани мустаҳкамлашга, ўз ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантиришга, фаолиятни самарали ташкил этиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга сарфлаш улушини мустақил белгилайди;
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари ўқув жараёнига жалб этилган хорижий юқори малакали ўқитувчи ва мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилайди (қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан кам бўлмаган миқдорда);
2021 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари кўчмас мулкини ижарага беришдан тушган маблағнинг 1 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги давлат мулки ижара марказларига, қолган қисми эса — электрон савдо майдончаси операторига тўланган тўлов чегирилгандан кейин мазкур олий таълим муассасасининг ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет маблағларини олувчи давлат ташкилоти ҳисобланади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 31 декабрь,
824-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
qoʻshimchalar
Oliy taʼlim muassasalarida taʼlim jarayonini tashkil etish bilan bogʻliq tizimni takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tizimini 2030-yilgacha rivojlantirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida ” 2019-yil 8-oktabrdagi PF-5847-son hamda “ 2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Ilm, maʼrifat va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida ” 2020-yil 2-martdagi PF-5953-son farmonlarida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab respublika oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayonini bosqichma-bosqich kredit-modul tizimiga oʻtkazish tartibi joriy etilsin.
2. Oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi:
tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimi joriy etilgan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarining malaka talablari, oʻquv rejasi va fan dasturlari takomillashtirilishini taʼminlasin;
Respublika oliy taʼlim kengashi bilan birgalikda ikki hafta muddatda oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini joriy etishning tashkiliy masalalariga taalluqli hujjatlar namunalarini ishlab chiqsin va tasdiqlasin.
4. Oliy taʼlim muassasalarining ilmiy salohiyatini oshirish, ularni yuqori malakaga ega boʻlgan professor-oʻqituvchilar bilan taʼminlash maqsadida birlamchi xarajatlarni amalga oshirgandan soʻng boʻshab qolayotgan toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushgan budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Respublika oliy taʼlim kengashining quyidagi tadbirlarni amalga oshirish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin:
a) oliy taʼlim muassasasi kengashi qarori asosida:
oliy taʼlim muassasasida 3 yil ishlab berishni nazarda tutuvchi shartnomani rasmiylashtirgan holda professor-oʻqituvchilarning nufuzli xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari va ilmiy muassasalarda stajirovka oʻtashi va malaka oshirishi;
oliy taʼlim muassasasida 5 yil ishlab berishni nazarda tutuvchi shartnomani rasmiylashtirgan holda oʻqituvchilarni nufuzli xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari va ilmiy muassasalarning doktorantura dasturlari asosida oʻqitish bilan bogʻliq xarajatlarni amalga oshirish;
b) oliy taʼlim muassasasi huzurida faoliyat yuritayotgan davlat taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalarining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, qurilish, joriy va kapital taʼmirlash, rekonstruksiya qilish va jihozlash ishlari uchun zarur mablagʻlar ajratish.
5. Belgilab qoʻyilsinki, oliy taʼlim muassasalarining akademik mustaqilligini yanada kengaytirish maqsadida 2021-yil 1-yanvardan boshlab:
oliy taʼlim muassasalari huzuridagi texnikumlarda oʻquv mashgʻulotlarini olib borayotgan oliy taʼlim muassasalari professor-oʻqituvchilarining mehnatiga soatbay haq toʻlash oliy taʼlim muassasalari talabalariga dars oʻtganligi uchun mehnatga soatbay haq toʻlash miqdorlarida amalga oshiriladi;
taʼlim jarayonini tashkil etishda haftalik oʻquv kunlari oliy taʼlim muassasalari tomonidan mustaqil belgilanadi;
oliy taʼlim muassasalarida tashkil etiladigan yakuniy davlat attestatsiya komissiyasi raislari tegishli oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori)ning buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
6. Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalarini bosqichma-bosqich oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazish toʻgʻrisida” 2019-yil 3-dekabrdagi 967-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq qoʻshimchalar kiritilsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 31-dekabrdagi 824-son qaroriga 1-ILOVA
Oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini joriy etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayoniga Kredit toʻplash va koʻchirishning Yevropa tizimi (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) asosida taʼlimning kredit-modul tizimini joriy etish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi oliy taʼlim muassasalari, oliy harbiy taʼlim muassasalariga, Al-Xorazmiy universiteti, Oʻzbekiston Respublikasi hududida oʻz faoliyatini yuritayotgan, nodavlat va xorijiy oliy taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
2. Oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini bosqichma-bosqich joriy etish ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
3. Oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini joriy etishning tashkiliy masalalariga oid maʼlumotlar, jumladan, taʼlim dasturi, fanlar katalogi, akademik mobillikni taʼminlash, kreditlarni tan olish va koʻchirib oʻtkazishga taalluqli hujjatlar hamda diplomga ilovaning shakllari, shuningdek, akademik mobillik davrida talabaning bilim darajasini aniqlash boʻyicha koʻrsatkichlar va boshqa zarur hujjatlar namunalari Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan Respublika oliy taʼlim kengashi bilan birgalikda ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
2-bob. Asosiy tushunchalar
4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
GPA (Grade Point Average) — taʼlim oluvchining dastur boʻyicha oʻzlashtirgan ballari oʻrtacha qiymati boʻlib, u quyidagi formula yordamida hisoblanadi:
GPA = K 1 *U 1 +K 2 *U 2 +K 3 *U 3 …+K n *U n , bunda: K 1 +K 2 +K 3 …+K n
K — har bir fan/modulga ajratilgan kreditlar miqdori;
U — har bir fan/modul boʻyicha talaba toʻplagan baho;
akademik mobillik — oliy taʼlim muassasasi talabalarining muayyan vaqt mobaynida respublika hududidagi yoki chet eldagi boshqa bir oliy taʼlim muassasasiga oʻqish maqsadida borishi;
mobillik dasturi — ikki yoki undan ortiq oliy taʼlim muassasasi oʻrtasida oʻzaro taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuv asosida tashkil etilgan akademik mobillik dasturi;
kredit — taʼlim olish natijalariga koʻra talaba tomonidan muayyan fan boʻyicha oʻzlashtirilgan oʻquv yuklamasining oʻlchov birligi. Kreditlar qoidaga muvofiq butun, kasr sonlarda ifodalanishi mumkin;
oliy taʼlim muassasasi — belgilangan miqdordagi kreditlarni tan olishni hisobga olgan holda taʼlim va malaka toʻgʻrisidagi hujjat beruvchi muassasa;
kreditlarni berish — malaka yoki uning alohida qismlariga qoʻyilgan talablarga muvofiq erishilgan taʼlim olish natijalariga koʻra talaba yoki boshqa taʼlim oluvchilarga kreditlarni rasmiy taqdim etish jarayoni;
kreditlarni koʻchirish — talabalarning akademik mobilligini taʼminlash maqsadida bir oliy taʼlim muassasasi taʼlim dasturi boʻyicha olingan kreditlarni boshqa oliy taʼlim muassasasiga koʻchirish va tan olish;
kredit toʻplash — taʼlim elementlarini oʻzlashtirish va boshqa yutuqlarga erishish natijasida taqdim etiladigan kredit birliklarini toʻplash;
talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi — talaba tomonidan tanlangan hamda unga ketma-ketlikda bilimlar toʻplash va xohlagan kompetensiyalar yigʻindisiga ega boʻlish imkoniyatini beradigan yoʻnalish (marshrut). Taʼlim trayektoriyasi institutsional hujjatlar va yoʻriqnomalar yordamida tuzilishi hamda turli taʼlim trayektoriyalari natijada bir xil malaka olishga olib kelishi mumkin;
taʼlim dasturi — bakalavriat taʼlim yoʻnalishi yoki magistratura mutaxassisligi boʻyicha oʻquv jarayonini amalga oshirishga moʻljallangan taʼlimning asosiy xususiyatlari (hajmi, mazmuni, rejalashtirilgan natijalar), tashkiliy-pedagogik shart-sharoitlar, fan dasturlariga quyilgan umumiy talablar, shuningdek, taʼlimni tashkil etish va amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborot-resurs va oʻquv-metodik koʻrsatmalar majmui;
taʼlim dasturi katalogi — oliy taʼlim muassasasi tavsifi, kredit-modul tizimiga kirish, mavjud bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari, xizmatlar va resurslar, oʻquv fanlari dasturlari, aniq taʼlim dasturlari elementlari tavsifi toʻgʻrisidagi axborot;
taʼlim natijalari — talaba tomonidan oʻzlashtirilgan va baho bilan tasdiqlangan malaka darajasini aks ettiradigan, taʼlim jarayonini muvaffaqiyatli tugallagach talaba oʻzlashtirgan koʻnikmalar va ularni amalda bajarish qobiliyatining tavsifi;
oʻqish yuklamasi — talaba tomonidan oʻquv faoliyatining barcha turlari — maʼruza, amaliy mashgʻulot, seminar, laboratoriya ishi, kurs loyihasi (ishi), amaliyot va mustaqil ishni amalga oshirish asosida kutilgan oʻquv natijalariga erishish uchun zarur boʻlgan soatlar hajmi;
roʻyxatga olish xizmati — taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimlari va dasturiy mahsulotlardan foydalanib professor-oʻqituvchilar, xodimlar va talabalar boʻyicha taʼlim jarayoniga oid maʼlumotlar bazasini shakllantirishni, shuningdek, talabalarning barcha oʻquv natijalarini roʻyxatga olish, bilimini nazorat qilish hamda ularning akademik reytingini hisoblashning barcha turlarini tashkil etishni nazarda tutuvchi xizmatlar;
taʼlim elementlari — taʼlim dasturining bir qismi boʻlib, taʼlim olish natijalariga erishish va taʼlim dasturida koʻrsatilgan bilimlarni oʻzlashtirishga koʻmaklashuvchi oʻqitish turi;
transkript — taʼlim olishning tegishli davrida oʻzlashtirilgan kreditlar va baholarning harf va raqamlardagi ifodasi koʻrsatib oʻtilgan fanlar roʻyxatini oʻz ichiga olgan belgilangan shakldagi hujjat.
3-bob. Taʼlim dasturi tuzilmasi
5. Oʻquv yili uchun taʼlim dasturi tuzilmasi bir yoki bir nechta modullardan iborat taʼlim elementlaridan tashkil topgan boʻlib, oliy taʼlim muassasasi kengashi tomonidan tasdiqlanadi. Taʼlim dasturi auditoriya mashgʻulotlari, ilmiy loyihalar, mustaqil taʼlim, ishlab chiqarish amaliyoti va boshqa taʼlim elementlaridan iborat boʻlishi mumkin.
6. Taʼlim dasturi tuzilmasi uning har bir taʼlim elementiga mos keladigan taʼlim olish natijalari (kamida 6 ta koʻrsatkich)ni koʻrsatgan holda bir akademik oʻquv yiliga 60 kredit mos kelishini hisobga olib ishlab chiqiladi. Taʼlim dasturida kreditlarning miqdori oʻquv yuklamasi asosida koʻrsatiladi.
7. Talabalarning taʼlim dasturini muvaffaqiyatli oʻzlashtirishi hamda talab qilingan malakaga ega boʻlishi uchun talablar aniq belgilanadi. Oʻzlashtirish qoidalari tanlangan taʼlim dasturi boʻyicha oʻqitishning turli bosqichlari uchun belgilangan kreditlar miqdorida yoki kreditlar oraligʻida ifodalanishi mumkin.
8. Taʼlim dasturining talabalar tomonidan muvaffaqiyatli bajarilishiga yordam berish uchun oliy taʼlim muassasasining tegishli boʻlinmalari va xodimlari, shu jumladan, taʼlimning kredit tizimini boshqarishga masʼul boshqarma yoki boʻlimi, guruh murabbiyi tomonidan maslahat va tushuntirishlar berib boriladi. Maslahat doirasida talabalarga taʼlim olish natijasida erishgan yutuqlar va tajribani tan olish imkoniyatlari tushuntiriladi.
9. Oliy taʼlim muassasasi taʼlim dasturi katalogi va oʻqitish sharoitlari toʻgʻrisidagi batafsil maʼlumotlar hamda dolzarb axborotni oliy taʼlim muassasasi veb-sahifasiga qulay yuklanadigan formatda oʻquv yili boshlanishidan kamida bir oy oldin joylashtirishi va eʼlon qilib borishi shart.
10. Taʼlim dasturi va uning elementlarini amalga oshirishga masʼul oʻqituvchilar taʼlim dasturida koʻrsatilgan oʻqitish natijalari bilan dars berish va baholash jarayoni oʻrtasidagi muvofiqlikni taʼminlashlari lozim. Oʻqitish natijalari, dars berish va baholash jarayoni oʻrtasidagi ushbu konstruktiv bogʻliqlik taʼlim dasturlariga qoʻyiladigan muhim talab hisoblanadi.
Taʼlim elementlarining amalga oshirilishiga masʼul professor-oʻqituvchilar taʼlim dasturida koʻrsatilgan natijalar bilan taʼlim berish hamda baholash jarayonlari oʻrtasidagi mutanosiblikni taʼminlashi lozim.
4-bob. Oʻquv jarayonini rejalashtirish, monitoring olib borish va taʼlim sifatini taʼminlash
11. Oʻquv jarayoni oʻquv va nazorat tadbirlari majmuini oʻz ichiga oladi. Oʻquv tadbirlarida barcha turdagi auditoriya mashgʻulotlari, amaliyot va mustaqil ishlarning tashkil etilishi nazarda tutiladi. Nazorat tadbirlari taʼlim oluvchilarning oʻquv rejasidagi tegishli fanlar boʻyicha bilimlarni oʻzlashtirishini va ularning natijalarini baholashni nazarda tutadi.
12. Oʻquv jarayoni talabalar, ish beruvchilar, oʻqituvchilar va maʼmuriyat oʻrtasida ochiq muloqot shaklida talabaga yoʻnaltirilgan yondashuv asosida taʼlim standartlarini inobatga olgan holda rejalashtiriladi. Ushbu jarayonda ish beruvchilar va talabalarning talab va istaklari muhokama qilinadi. Barcha manfaatdor tomonlar taʼlim dasturining yaratilishi va oʻzlashtirilishi boʻyicha oʻtkaziladigan muhokamaga jalb etilishi mumkin. Bunday bahslarda talabalar vakillari ovoz berish huquqi orqali ishtirok etishlari mumkin.
13. Oʻquv jarayonini rejalashtirish quyidagi bosqichlardan iborat boʻladi:
namunaviy oʻquv rejasi va fanlar katalogini ilgʻor xorijiy taʼlim tajribasi asosida respublika iqtisodiyoti tarmoqlarida amalga oshirilayotgan islohotlar, kadrlar isteʼmolchilari talablari va milliy qadriyatlarni eʼtiborga olgan holda ishlab chiqish hamda qoʻshimcha ravishda tanlov fanlar katalogini shakllantirish, mahalliy va xorijiy yangi avlod adabiyotlariga tayangan holda fanlar katalogi boʻyicha namunaviy fan dasturlarini ishlab chiqish;
fanlarning ishchi dasturini (sillabusni) ishlab chiqish;
oʻquv rejasi va tanlov fanlari roʻyxatiga mos ravishda guruh murabbiyi yordamida oʻquv-metodik boʻlim (boshqarma) va fakultet dekani nazorati ostida har bir talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish;
ishchi oʻquv rejalarini tuzish;
oʻquv jarayoni jadvalini tuzish;
akademik guruhlar boʻyicha oʻquv mashgʻulotlari jadvalini tuzish.
14. Semestr davomida talaba tomonidan toʻplanishi lozim boʻlgan kreditlar miqdori oʻquv rejasida koʻrsatilgan majburiy va tanlov fanlarini oʻz ichiga oladi. Majburiy fanlar tarkibi va ularni oʻrganishga ajratiladigan kreditlar miqdori tayanch oliy taʼlim muassasasi tomonidan belgilanadi. Tanlov fanlari tarkibi va ularni oʻrganishga ajratiladigan kreditlar miqdori oliy taʼlim muassasasi tomonidan mustaqil belgilanadi. Talabalar shaxsiy taʼlim trayektoriyasida belgilangan tanlov fanlari doirasida fanlarni mustaqil tanlashi mumkin.
15. Oʻquv yili davomiyligi 36 haftagacha boʻlib, shundan 30 haftasi akademik davrga, 2 haftasi fanlarni tanlash uchun roʻyxatdan oʻtishga, 4 haftasi attestatsiyalarga ajratiladi. Oʻquv yili davomiyligi oʻquv jarayoni jadvaliga muvofiq oliy taʼlim muassasasi kengashining qarori bilan oʻzgacha tartibda belgilanishi mumkin.
Kredit-modul tizimida 1 kredit oʻrtacha 25 — 30 akademik soatlik oʻquv yuklamasiga teng. Yaʼni talaba muayyan fandan tegishli kreditlarni toʻplashi uchun maʼlum miqdordagi oʻquv yuklamasini oʻzlashtirishi zarur. Oʻquv yuklamasi bakalavriatda — 40 — 50% auditoriya soati, 50 — 60% mustaqil ish soatiga, magistraturada — 30% — 40% auditoriya soati, 60-70% mustaqil ish soatiga (malakaviy amaliyot va bitiruv malakaviy ishlari bundan mustasno) boʻlinadi. Kreditning soatlardagi miqdori va oʻquv yuklamasi miqdori oliy taʼlim muassasasi kengashi tomonidan belgilanadi va oliy taʼlim muassasasi veb-sahifasida shaffof tarzda joylashtiriladi.
Bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarida talaba odatda bir semestrda 30 kredit, bir oʻquv yilida 60 kredit toʻplashi belgilanadi. Semestr davomida talaba tomonidan oʻzlashtirilishi lozim boʻlgan kreditlar hajmi oʻquv rejasida koʻrsatilgan majburiy va tanlov fanlarini oʻz ichiga oladi. Talaba oʻzining shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirishda har bir semestr uchun 30 kredit hajmidagi fanlarni oʻzlashtirishni nazarda tutishi, ular tarkibida namunaviy oʻquv rejasidagi majburiy fanlar boʻlishi shart.
Talaba bakalavriatda oʻqish muddati kamida 3 yil boʻlganda 180 kredit, oʻqish muddati kamida 4 yil boʻlganda 240 kredit toʻplashi zarur. Magistraturada oʻqish muddati kamida 1 yil boʻlganda 60 kredit, oʻqish muddati kamida 2 yil boʻlganda 120 kredit toʻplashi talab etiladi.
16. Oʻquv jarayonining monitoringi taʼlim olishning belgilangan natijalariga erishish, nominal mehnat hajmi hamda ularning haqqoniyligi va mosligini baholash maqsadida oʻtkaziladi.
17. Taʼlim sifati samaradorligini taʼminlash oliy taʼlim muassasasi tomonidan amalga oshiriladigan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari taʼlim dasturining vakolatli tashkilotlar tavsifnomalari va talablariga moslikni taʼminlash jarayonlarini oʻz ichiga oladi.
Taʼlim sifatini oshirish va professor-oʻqituvchilar oʻrtasida raqobatni shakllantirish maqsadida oliy taʼlim muassasasi kengashi qaroriga asosan talabalarga fan doirasida professor-oʻqituvchilarni tanlash imkoniyati beriladi. Bunda talabalar taʼlimni boshqarish axborot tizimi portali orqali oʻquv semestri boshida 1 hafta muddat davomida oʻzi tanlagan professor-oʻqituvchining mashgʻulotida qatnashish uchun onlayn tarzda roʻyxatdan oʻtadi.
18. Akademik qarzdor talabalarning tashabbusi bilan mavjud akademik qarzlarni topshirish maqsadida yozgi semestr oliy taʼlim muassasasi tomonidan odatda taʼtil vaqtida pulli asosda tashkil etiladi.
Yozgi semestrning davomiyligi akademik taqvim asosida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari, magistratura mutaxassisliklari va kurslar boʻyicha belgilanadi.
Yozgi semestr quyidagi reglament asosida tashkil qilinadi:
talaba yozgi semestr boshlanguniga qadar oliy taʼlim muassasasi oʻquv-metodik boʻlimi (boshqarmasi)ga oʻzining yozgi semestrda oʻqishi istagini bildiradi;
oliy taʼlim muassasasi ushbu talabalarga yozgi semestr uchun dars jadvalini tuzadi va talaba toʻlov pulini toʻlaganidan soʻng darslarga kiritiladi;
yozgi semestr amaldagi baholash tizimi asosida talabalar bilimini shaffof baholash tamoyiliga koʻra tashkil qilinadi.
Yozgi semestrga jalb qilingan professor-oʻqituvchilarga soatbay asosida ish haqi toʻlanadi.
5-bob. Akademik mobillik va kreditlarni tan olish
19. Akademik mobillikni taʼminlash va talabaning kreditlari oliy taʼlim muassasasi tomonidan tan olinishida quyidagi hujjatlardan foydalaniladi:
fanlar katalogi;
belgilangan shakldagi taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuv, maʼlumotnoma va sertifikat.
Mazkur hujjatlar taʼlim olish natijalarini aks ettiradi va oliy taʼlim muassasasiga kreditlarni tan olish va koʻchirib oʻtkazish uchun asos hisoblanadi.
20. Talaba tomonidan oliy taʼlim muassasasi taʼlim dasturi boʻyicha toʻplangan kreditlar miqdori boshqa oliy taʼlim muassasasida belgilangan taʼlim olish natijalariga muvofiq oʻzlashtiriladigan kreditlar miqdoriga teng hisoblanadi.
21. Talaba joʻnatuvchi oliy taʼlim muassasasi tavsiyasiga asosan qabul qiluvchi oliy taʼlim muassasasiga akademik mobillikni amalga oshirish uchun zarur hujjatlarni topshiradi. Joʻnatuvchi oliy taʼlim muassasasi tomonidan talabaga belgilangan shakldagi transkript taqdim etiladi.
22. Talabaning akademik mobillik davrida oʻzlashtirilishi belgilangan taʼlim elementlarini joʻnatuvchi oliy taʼlim muassasasining roziligisiz va u bilan kelishmasdan oʻzgartirish mumkin emas. Xorijdagi hamkor oliy taʼlim muassasalari, markazlar va tashkilotlarning taʼlim dasturlarida belgilangan taʼlim olish natijalari joʻnatuvchi oliy taʼlim muassasasining taʼlim dasturi boʻyicha taʼlim olish natijalariga mos kelishi yoki ularni toʻldirishi lozim. Mobillik vaqtida akademik yil koʻrsatkichlari tahlil qilinadi va ushbu Nizomga asosan kreditlar tan olinishi belgilanadi.
23. Qabul qiluvchi oliy taʼlim muassasasida talaba tomonidan oʻzlashtiriladigan oʻquv elementlarining toʻplami va ular oliy taʼlim muassasasining taʼlim dasturiga integratsiya qilinganligi taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuvda aniq koʻrsatilgan boʻlishi lozim. Qabul qiluvchi oliy taʼlim muassasasida oʻzlashtiriladigan kreditlar miqdori xorijda oʻqish davriga (3 — 6 oy yoki 1 — 3 yil) mutanosib boʻlishi kerak. Joʻnatuvchi oliy taʼlim muassasasi tomonidan mobillik davrida talabaning oʻzlashtirgan (toʻliq yoki qisman) kreditlari tan olinadi. Talaba joʻnatuvchi oliy taʼlim muassasasiga qaytib kelgach, mobillik davrida toʻplangan kreditlar miqdoridan kelib chiqqan holda amaldagi tartib-qoidalar asosida uni keyingi kursga oʻtkazish yoki kursda qoldirish belgilanadi.
24. Oliy taʼlim muassasasi akademik mobillik dasturi boʻyicha rejalashtirilgan taʼlim elementlarini oʻzlashtirish uchun talabani belgilangan shakl asosida roʻyxatdan oʻtkazadi va mobillik davrida ushbu elementlarni oʻzlashtirish imkoniyatlari taʼminlanishi majburiyatini oladi.
25. Hamkor universitetlar, markazlar va tashkilotlar bilan birgalikda ishlab chiqilgan taʼlim dasturlari doirasida akademik mobillik uchun taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuvlarni tuzish zarur hisoblanmaydi.
26. Taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuvga muvofiq akademik mobillik davrida talabaning bilim darajasini aniqlovchi koʻrsatkichlar oliy taʼlim muassasalarining baholash tizimini boshqa baholash tizimlariga konvertatsiya qilish jadvali asosida qabul qilinadi.
27. Stajirovkani oʻtash boʻyicha kelishuv talaba, oliy taʼlim muassasasi va qabul qiluvchi tashkilot tomonidan uch tomonlama imzolanadi.
28. Stajirovka davomida talaba tomonidan oʻzlashtirilgan bilimlarning oshkoraligini taʼminlash va ularni tasdiqlash maqsadida qabul qiluvchi muassasa tomonidan stajirovkani oʻtaganlik toʻgʻrisida sertifikat beriladi.
6-bob. Baholash, baholarni konvertatsiya qilish
29. Talabalar taʼlim dasturi doirasida oʻqitish shaklidan qatʼi nazar, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan belgilangan baholash mezonlari asosida baholanadi.
30. Fan dasturida (sillabusda) belgilangan baholash tartibi hamda ijobiy baholar doirasida baholangan talabalarga kreditlar beriladi. Talaba belgilangan taʼlim olish natijalariga erisha olmagan taqdirda, kreditlar berilmaydi.
31. Baholash usullari fan yoki modul doirasidagi talabaning yutuqlarini aks ettiruvchi va tasdiqlovchi yozma, ogʻzaki, amaliy ish, loyiha, portfolio va nazoratlar kabi turlarni oʻz ichiga qamrab oladi. Baholash mezoni taʼlim olish natijasiga erishilganligini aks ettirishi shart.
32. Kreditlarni koʻchirish oliy taʼlim muassasasida baholash tizimini boshqa baholash tizimlariga konvertatsiya qilish jadvalini boshqa oliy taʼlim muassasasida tuzilgan shunga oʻxshash jadval bilan solishtirish asosida amalga oshiriladi.
7-bob. Kredit-modul tizimida roʻyxatga olish xizmatini tashkil etish
33. Roʻyxatga olish xizmatlari taʼlim va talabalar bilimini baholash jarayonlarini alohida yuritish, talabalar haqidagi akademik maʼlumotlarni elektron tarzda avtomatik boshqarish hamda yakuniy nazoratlarni oʻtkazish maqsadida tashkil etiladi.
34. Roʻyxatga olish xizmati talabaga tanlagan mutaxassisligi boʻyicha yuqori darajadagi bilim, koʻnikma va malakalarga erishishda yordam berishga qaratilgan boʻlib, quyidagi funksiyalarni qamrab oladi:
oʻquv jarayoni jadvalini tuzish va u oʻz vaqtida bajarilishini nazorat qilish;
talabalarning fanlarga roʻyxatdan oʻtishini nazorat qilish;
akademik guruhlarni shakllantirish;
oraliq, yakuniy baholashlar va yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazilishini nazorat qilish;
maʼlumotlar bazasini shakllantirish va muntazam yangilab borish;
taʼlim olayotgan talabalarning maʼlumotlarini arxivga qadar saqlash;
transkript formalarini shakllantirish va talabalarning maʼlumotlarini kiritish;
talabalar kontingenti boʻyicha statistikani yuritish.
35. Roʻyxatga olish xizmatlari oʻquv-metodik boʻlim (boshqarma) tarkibida olib boriladi. Oliy taʼlim muassasalarida budjet mablagʻlari doirasida yoki ularning moliyaviy imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan taʼlimning kredit tizimini boshqarish boʻlimi tashkil etilishi mumkin.
36. Roʻyxatga olish xizmati belgilangan jadvalga muvofiq talabalarni fanlarga roʻyxatdan oʻtkazadi va talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantiradi. Talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi ular tomonidan mustaqil ravishda guruh murabbiyi yordamida namunaviy oʻquv rejasi va tanlov fanlari katalogi asosida umumiy oʻqish davri uchun tuziladi. Shaxsiy taʼlim trayektoriyasiga har oʻquv yilidan oldin oʻzgartirish yoki qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.
37. Talabalarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi asosida roʻyxatga olish xizmati akademik guruhlarni shakllantiradi va biron-bir fanga yozilish yetarli boʻlmagan taqdirda, shaxsiy taʼlim trayektoriyasini oʻzgartirish zarurligi toʻgʻrisida talabalarga xabar beradi. Talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi shakllantirib boʻlingandan soʻng roʻyxatga olish xizmati dars jadvalini tuzish uchun oliy taʼlim muassasasi oʻquv-metodik boʻlimi (boshqarmasi)ga akademik guruhlar toʻgʻrisida maʼlumot beradi.
38. Roʻyxatga olish xizmati har bir talabani roʻyxatdan oʻtkazish sanasi va vaqtini belgilaydi (odatda, talaba tomonidan yetarli GPA koʻrsatkichlarini toʻplaganligi va kontrakt toʻlovlari amalga oshirilganligiga qarab). Birinchi kurs talabalarini roʻyxatdan oʻtkazish ular bilan akademik va kasbga yoʻnaltirish tadbirlari amalga oshirilganidan keyin boshlanadi.
39. Talabalar tanlagan fanlarini har semestrning dastlabki birinchi haftasi ichida oʻzgartirishi mumkin.
40. Birinchi kurs talabalarini roʻyxatga olish jarayoni quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
guruh murabbiyi roʻyxatga olish xizmatidan biriktirilgan guruh talabalarining login va parollarini oladi, talabaga taʼlim jarayonini tushuntiradi, taʼlim dasturi bilan tanishtiradi, login va parol beradi hamda talaba portalidan foydalanishni oʻrgatadi;
talaba professor-oʻqituvchilar tomonidan oʻtkaziladigan fanlar boʻyicha tanishtiruv taqdimotlariga qatnashadi, majburiy va tanlov fanlari bilan tanishadi va fanlarga taʼlimni boshqarish tizimidagi talaba portali orqali roʻyxatdan oʻtadi;
talaba taʼlimni boshqarish tizimidagi portali orqali dars jadvalini aniqlaydi va darslarga qatnashadi.
8-bob. Talabalarni oʻqishdan chetlashtirish, qayta tiklash, kursdan kursga oʻtkazish mexanizmlari
41. Bir fanga ajratilgan auditoriya soatining 25 foizini va undan ortiq soatni sababsiz qoldirgan talaba ushbu fandan chetlashtirilib, yakuniy nazoratga kiritilmaydi hamda mazkur fan boʻyicha tegishli kreditlarni oʻzlashtirmagan hisoblanadi. Yakuniy nazorat turiga kiritilmagan yoki kirmagan, shuningdek, ushbu nazorat turi boʻyicha qoniqarsiz baho olgan talaba akademik qarzdor hisoblanadi.
Akademik qarzdor talabalar taʼtil vaqtida yoki keyingi semestrlar mobaynida tegishli fanlardan oʻzlashtirilmagan kreditlar miqdoriga mos ravishda bazaviy toʻlov-kontrakt miqdoridan kelib chiqqan holda toʻlovni amalga oshirgandan soʻng oʻzlashtirilmagan fanlarni oʻz hisobidan qayta oʻqish huquqiga ega boʻladi.
42. Taʼlim oluvchini kursdan kursga oʻtkazish uning GPA qiymatini hisobga olgan holda amalga oshiriladi. OTM talabalarni kursdan kursga oʻtkazishda GPA koʻrsatkichini mustaqil belgilash huquqiga ega. Bunda GPA koʻrsatkichi 2,4 — 3,0 oraligʻida boʻlishi talab etiladi. GPA oʻtish ballini toʻplay olmagan talaba qayta oʻqish uchun tegishli kursda qoldiriladi. Semestr va oʻquv yili yakuni natijalari boʻyicha akademik qarzdorligi bor taʼlim oluvchilar oʻqishdan chetlashtirilmaydi. Kursdan kursga qolgan talabalar faqat qarzdor boʻlgan fanlarni oʻzlashtirib ularga mos ravishda shartnoma mablagʻlarini toʻlaydi. Shartnoma asosida bir kursda qayta oʻqish soni chegaralanmaydi. Jami taʼlim olish muddati bakalavriat uchun 1 kursga oʻqishga qabul qilinganidan soʻng 8 yilgacha, magistratura uchun 1 kursga oʻqishga qabul qilinganidan soʻng 4 yilgacha deb belgilanadi.
43. Taʼlim oluvchi Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlari asosida oʻqishni qayta tiklash va koʻchirish huquqiga ega. Taʼlim oluvchi tomonidan chetlashtirilgunga qadar oʻzlashtirgan kreditlar miqdori oliy taʼlim muassasasi tomonidan toʻliq hajmda hisobga olinadi.
9-bob. Yakunlovchi qoidalar
44. Oliy taʼlim muassasasida taʼlim olishning toʻlov qiymati Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.
45. Fanlar boʻyicha qayta taʼlim olish uchun toʻlov qiymati oliy taʼlim muassasasi tomonidan butun oʻquv yilining kontrakt summasidan kelib chiqqan holda belgilanadi. Qayta taʼlim olish uchun toʻlov mexanizmi oliy taʼlim muassasasi tomonidan bir kredit qiymatini hisoblash asosida belgilanadi. Bir kredit qiymati oʻquv yili davomidagi taʼlim olish uchun toʻlanadigan bazaviy toʻlov-kontrakt miqdorini rejalashtirilgan kreditlar miqdoriga boʻlish yoʻli bilan aniqlanadi.
46. Talaba oliy taʼlim muassasasi taʼlim dasturini muvaffaqiyatli oʻzlashtirgan taqdirda, unga akademik darajasini tasdiqlaydigan diplom beriladi.
Oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini joriy etish toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Oliy taʼlim muassasalarida oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini bosqichma-bosqich joriy etish
Bosqichlar Tadbirlar Ijro uchun masʼullar Bajarish muddatlari 1-bosqich Taʼlim dasturi doirasida oʻquv jarayonini tashkil etish uchun quyidagilarni amalga oshirish: 1. Oʻquv rejasi va fan dasturlarini jahon standartlariga moslashtirish va tasdiqlash; 2. Xar bir fanga kreditlarni taqsimlash; 3. Fanlar katalogini shakllantirish va eʼlon qilish. Oliy taʼlim muassasasi Oʻquv yili boshlangunga qadar 2-bosqich Taʼlimning kredit tizimi boʻyicha talabalarni (bakalavr va magistraturaga) belgilangan tartibda 1 kursga qabul qilish. Oliy taʼlim muassasasi Oʻquv yili boshlangunga qadar 3-bosqich Talaba tomonidan tanlangan hamda unga ketma-ketlikda bilimlar toʻplash va xohlagan kompetensiyalar yigʻindisiga ega boʻlish imkoniyatini berish uchun Talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini belgilash Oliy taʼlim muassasasi 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab xar bir oʻquv yili boshlangunga qadar 4-bosqich Mobillikni tashkil etish uchun quyidagilarni amalga oshirish: 1. Professor-oʻqituvchilar tarkibining mobilligi boʻyicha hamkor tashkilotlar bilan kelishuvlar tuzish; 2. Magistratura talabalarining taʼlim trayektoriyasida mobillik oynasini tashkil etish; 3. Bakalavriat talabalarining mobillik dasturlarini ishlab chiqish va amalga oshirish. Oliy taʼlim muassasasi, tegishli vazirliklar va idoralar 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab doimo 5-bosqich Taʼlim sifatini taʼminlash uchun quyidagilarni amalga oshirish: 1. Taʼlimning kredit-modul tizimini akkreditatsiyadan oʻtkazish boʻyicha vakolatli tashkilotlar bilan bitim tuzish; 2. Taʼlimning kredit tizimlarini akkreditatsiyadan oʻtkazish. Oliy taʼlim muassasasi, tegishli vazirliklar va idoralar 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab doimo 6-bosqich Taʼlim berish natijasini tasdiqlash maqsadida xalqaro tan olinadigan oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplom berish. Oliy taʼlim muassasasi 2022-yildan boshlab taʼlim dasturi yakunida
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 31-dekabrdagi 824-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalarini bosqichma-bosqich oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazish toʻgʻrisida” 2019-yil 3-dekabrdagi 967-son qaroriga kiritilayotgan
1. 4-bandga quyidagi tahrirdagi xatboshi qoʻshilsin:
“kengash qarori bilan oliy taʼlim muassasasining tashkiliy tuzilmasiga qoʻshimcha yangi lavozim, tarkibiy boʻlinmalar va shtat birliklarini joriy etish”.
2. 8-bandga quyidagi tahrirdagi xatboshilar qoʻshilsin:
“oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari asosiy vositalar va tovar-moddiy boyliklarni (bino va inshootlar hamda oʻquv-ilmiy laboratoriya jihozlari bundan mustasno) sotishdan tushgan mablagʻlarni toʻligʻicha oʻzlarining rivojlantirish jamgʻarmasi boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida jamlaydi va sarflaydi;
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari rivojlantirish jamgʻarmasiga tushgan barcha mablagʻlardan moddiy-texnika bazani mustahkamlashga, oʻz xodimlarini ijtimoiy himoya qilish va moddiy ragʻbatlantirishga, faoliyatni samarali tashkil etish bilan bogʻliq boshqa tadbirlarga sarflash ulushini mustaqil belgilaydi;
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari oʻquv jarayoniga jalb etilgan xorijiy yuqori malakali oʻqituvchi va mutaxassislar mehnatiga haq toʻlash miqdorlarini bozor konyunkturasidan kelib chiqib belgilaydi (qonun hujjatlarida belgilangan miqdorlardan kam boʻlmagan miqdorda);
2021-yil 1-yanvardan boshlab oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari koʻchmas mulkini ijaraga berishdan tushgan mablagʻning 1 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligining hududiy boʻlinmalari huzuridagi davlat mulki ijara markazlariga, qolgan qismi esa — elektron savdo maydonchasi operatoriga toʻlangan toʻlov chegirilgandan keyin mazkur oliy taʼlim muassasasining rivojlantirish jamgʻarmasiga yoʻnaltiriladi;
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan budjet mablagʻlarini oluvchi davlat tashkiloti hisoblanadi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 31-dekabr,
824-son