📅 2020-yil 31-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 31-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 31 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 декабря 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 December 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш асослари ва турларини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш масаласини кўриб чиқиш тартибини назарда тутувчи Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сон қарорига ИЛОВА
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарори талаблари ушбу Низом билан тартибга солинадиган муносабатларга татбиқ этилмайди.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар — фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ёхуд давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчиси;
коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этиш — тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ёхуд коррупцияга оид жиноятларни содир этганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахсларни топишда ёрдам кўрсатиш;
коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашиш — коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашиш;
коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар — Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 61 1 , 193 1 ва 193 2 ва 193 4 -моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар;
коррупцияга оид жиноятлар — Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси учинчи қисмининг «д» бандида, 168-моддаси тўртинчи қисмининг «г» бандида, 192 9 , 192 10 -моддаларида, 192 11 -моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 205-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 206-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 208-моддасининг иккинчи қисмида, 209-моддаси иккинчи қисмининг «в» бандида, 210, 211, 212, 213, 214, 214 1 , 214 2 -моддаларида ва 301-моддаси иккинчи қисмининг «б» бандида назарда тутилган жиноятлар, шунингдек, ушбу Кодекснинг 243-моддасида назарда тутилган жиноят, агар мазкур жиноят коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса;
коррупцияга оид жиноятларни аниқлаш ва фош этиш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбирларини ҳамда процессуал ҳаракатларни амалга оширувчи органлар (кейинги ўринларда — коррупцияга қарши курашувчи органлар) — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
4. Қуйидагилар коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантиришнинг (кейинги ўринларда — рағбатлантириш) асосий вазифалари ҳисобланади:
жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;
коррупцияга оид жиноятларнинг барвақт профилактикасини таъминлаш, бунга имкон бераётган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш;
аҳолининг коррупцияга қарши курашишдаги фаоллигини янада ошириш ҳамда уларни ушбу соҳага қўшаётган ҳиссаси учун муносиб тақдирлаш.
5. Рағбатлантириш қонунийлик, адолатлилик, холислик, ошкоралик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва хоҳиш-истакларини ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширилади.
6. Ушбу Низом талаблари қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:
мансабдор шахслар, шу жумладан, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга махфийлик асосида кўмаклашувчи шахслар;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ коррупцияга оид жиноятлар ҳақида ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилган ёки коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни бевосита содир этган шахслар.
7. Рағбатлантириш бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида белгиланади.
2-боб. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш асослари ва турлари
8. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:
фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ўзларига нисбатан пора талаб қилган шахс ҳақида ёки ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилиши;
нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ёхуд давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчиси ўзига нисбатан пора беришни таклиф этган ёки пора талаб қилган шахс ҳақида ёхуд ўзига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга (коррупцияга қарши курашувчи органларнинг ходимлари эса бевосита ўз раҳбарига) берган хабари асосида ҳуқуқбузарлик фош этилиши;
коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.
9. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар қуйидаги миқдордаги бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:
а) коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақида берилган хабар учун:
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 61 1 , 193 1 ва 193 2 -моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида;
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193 4 -моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун — ундирилган жариманинг эллик фоизи миқдорида;
б) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса:
ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида;
унча оғир бўлмаган жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида;
оғир жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида;
ўта оғир жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида;
в) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса:
ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун-базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида;
унча оғир бўлмаган жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида;
оғир жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида;
ўта оғир жиноят учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида;
г) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:
анча миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг ўн беш фоизи миқдорида;
кўп ёки жуда кўп миқдор учун — пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг ўн фоизи миқдорида.
Бунда пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматини фоизларда ҳисоблашда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорнинг энг кам миқдоридан келиб чиқилади;
д) қидирувда бўлган шахснинг яширинган жойи ҳақида хабар берганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, икки ёки ундан ортиқ қидирувда бўлган шахсларнинг яширинган жойи ҳақида бир вақтда хабар берганлиги учун эса — базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида.
10. Коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга хабар берганлик ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашганлик учун шахс ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида рағбатлантириш тарзида тақдирланади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.
Эсдалик совға қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан ошмаслиги лозим.
11. Қуйидаги ҳолатларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахс:
икки ва ундан ортиқ коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари;
ҳар хил таснифдаги икки ва ундан ортиқ коррупцияга оид жиноятлар ҳақида хабар берганлик учун ушбу жиноятларнинг ижтимоий хавфлилигидан келиб чиқиб оғирроқ таснифи бўйича бир марта;
бир хил таснифдаги икки ва ундан ортиқ коррупцияга оид жиноятлар ҳақида хабар берганлик учун бир марта;
коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ҳақида ёхуд қидирувдаги шахс тўғрисида икки ёки ундан ортиқ шахснинг берган хабари учун мазкур Низомнинг 9 ва 11-бандларида кўрсатилган пул мукофоти миқдорининг тенг улушларида рағбатлантирилади.
12. Шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин.
13. Қуйидаги қарорлардан бири қабул қилингандан сўнг рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилади:
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жиноят ишлари юзасидан суднинг айблов ҳукми ёки қарори қонуний кучга кирганда;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси биринчи қисмининг 1 — 3-бандлари , учинчи қисми ҳамда бешинчи қисмининг 1-банди асосида айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарор прокурор томонидан тасдиқланганда ёки суднинг ажрими қонуний кучга кирганда;
қидирувдаги шахсга нисбатан қидирувнинг бекор қилинганлиги тўғрисида прокурорнинг, суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суднинг ажрими қабул қилинганда.
14. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3-боб. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш масаласини кўриб чиқиш тартиби
15. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш масаласи коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.
Бунда республика даражасидаги коррупцияга қарши курашувчи органлар рағбатлантириш тўғрисидаги тақдимнома билан республика махсус комиссиясига, уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан эса ҳудудий махсус комиссияларга чиқадилар.
16. Махсус комиссияларнинг таркиби, фаолият юритиш тартиби, раиси ва аъзоларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари коррупцияга қарши курашувчи органлар томонидан белгиланади.
17. Тақдимномага рағбатлантириш учун асос бўлувчи қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
рўйхатдан ўтган ариза нусхаси ёки оғзаки берилган хабарни тасдиқловчи маълумотлар;
суднинг қонуний кучга кирган қарори ёки айблов ҳукми нусхаси;
қидирувни бекор қилиш ҳақида, шунингдек, айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим ёки қарор нусхаси;
шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларнинг шахсий ҳисобварағи бўлган банк реквизитлари.
18. Коррупцияга қарши курашувчи органларнинг рағбатлантириш бўйича тақдимномаси ва унга илова қилинган асословчи ҳужжатлар рағбатлантириш учун асос юзага келган кундан бошлаб уч иш куни ичида махсус комиссияларга тақдим этилади.
19. Махсус комиссиялар томонидан рағбатлантиришга оид ҳужжатлар олинган кундан бошлаб беш иш куни ичида тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлилиги, асослилиги ҳамда ушбу Низом талабларига риоя қилинганлиги кўриб чиқилади.
20. Рағбатлантириш учун тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги ҳамда ушбу Низом талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланган тақдирда, икки иш куни ичида қайтарилади.
Қайтарилиш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилган тақдирда, тегишли ҳужжатлар ушбу Низом талаблари асосида рағбатлантириш учун қайта тақдим этилиши мумкин.
21. Рағбатлантириш бўйича махсус комиссиялар томонидан чиқарилган қарорлар уч иш куни ичида тақдимномани киритган коррупцияга қарши курашувчи органга ижро учун юборилади.
22. Махсус комиссияларнинг раислари комиссия қарори қонунийлиги, холислиги ҳамда шахсларнинг шахсига оид маълумотлар ошкор этилмаслиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
23. Коррупцияга қарши курашувчи орган махсус комиссиянинг қарори асосида бир иш куни ичида бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаси билан тақдирлаш ҳақида қарор чиқаради.
Бир марталик пул мукофоти харажатлар сметасига ўзгартириш киритилгандан сўнг ўн иш куни ичида шахсларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилади, эсдалик совғаси эса қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ совға қилинадиган буюм харид қилингандан сўнг беш иш куни ичида топширилади.
24. Ташаккурнома шаклида рағбатлантириш масаласи бевосита коррупцияга қарши курашувчи орган раҳбари томонидан кўриб чиқилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
25. Рағбатлантирилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларнинг ҳисоби коррупцияга қарши курашувчи органлар тақдим этган маълумот асосида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритилади.
26. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар ҳақидаги маълумотлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида ошкор этилиши мумкин.
27. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларини ҳимоя қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
28. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
29. Ушбу Низом талаблари бузилганлигида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 31 декабрь,
829-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
“Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq, shuningdek, jamiyatda korrupsiyaga nisbatan murosasiz munosabatni shakllantirish va korrupsiyaga qarshi kurashish samaradorligini yanada oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish asoslari va turlarini, shuningdek, korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish masalasini koʻrib chiqish tartibini nazarda tutuvchi Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 31-dekabrdagi 829-son qaroriga ILOVA
Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolar va jamoat tashkilotlarini huquqbuzarliklar profilaktikasi va jinoyatchilikka qarshi kurashishdagi faol ishtiroki uchun ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 8-yanvardagi 15-son qarori talablari ushbu Nizom bilan tartibga solinadigan munosabatlarga tatbiq etilmaydi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslar — fuqarolar, fuqaroligi boʻlmagan shaxslar, nodavlat tijorat tashkilotining yoki boshqa nodavlat tashkilotining yoxud davlat organining, davlat ishtirokidagi tashkilotning yoki fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi xizmatchisi;
korrupsiyaga qarshi kurashishda faol ishtirok etish — tayyorgarlik koʻrilayotgan, sodir etilayotgan yoki sodir etilgan korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar berish yoxud korrupsiyaga oid jinoyatlarni sodir etganligi uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq qidiruv eʼlon qilingan shaxslarni topishda yordam koʻrsatish;
korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashish — korrupsiyaga oid jinoyatlarni tergov qilish va uni fosh etishda ahamiyatga ega boʻlgan dalillar haqida huquqni muhofaza qiluvchi organlarga xabar berish yoki bunday toifadagi jinoyatlarni tergov qilish yoxud tezkor-qidiruv tadbirlarini oʻtkazishda bevosita koʻmaklashish;
korrupsiyaga oid maʼmuriy huquqbuzarliklar — Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksi 61 1 , 193 1 va 193 2 va 193 4 -moddalarida nazarda tutilgan huquqbuzarliklar;
korrupsiyaga oid jinoyatlar — Oʻzbekiston Respublikasi Jinoyat kodeksining 167-moddasi uchinchi qismining “d” bandida, 168-moddasi toʻrtinchi qismining “g” bandida, 192 9 , 192 10 -moddalarida, 192 11 -moddasi ikkinchi qismining “v” bandida, 205-moddasi ikkinchi qismining “v” bandida, 206-moddasi ikkinchi qismining “v” bandida, 208-moddasining ikkinchi qismida, 209-moddasi ikkinchi qismining “v” bandida, 210, 211, 212, 213, 214, 214 1 , 214 2 -moddalarida va 301-moddasi ikkinchi qismining “b” bandida nazarda tutilgan jinoyatlar, shuningdek, ushbu Kodeksning 243-moddasida nazarda tutilgan jinoyat, agar mazkur jinoyat korrupsiyaga oid jinoyatlarni sodir etish natijasida olingan daromadlarni legallashtirish bilan bogʻliq holda sodir etilgan boʻlsa;
korrupsiyaga oid jinoyatlarni aniqlash va fosh etish bilan bogʻliq tezkor-qidiruv tadbirlarini hamda protsessual harakatlarni amalga oshiruvchi organlar (keyingi oʻrinlarda — korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlar) — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, Davlat xavfsizlik xizmati, Ichki ishlar vazirligi, Bosh prokuratura huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti.
4. Quyidagilar korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirishning (keyingi oʻrinlarda — ragʻbatlantirish) asosiy vazifalari hisoblanadi:
jamiyatda korrupsiyaning barcha koʻrinishlariga murosasiz munosabatni shakllantirish hamda ushbu sohada davlat siyosatining samarali amalga oshirilishini taʼminlash;
korrupsiyaga oid jinoyatlarning barvaqt profilaktikasini taʼminlash, bunga imkon berayotgan shart-sharoitlarni oʻz vaqtida aniqlash va bartaraf etish;
aholining korrupsiyaga qarshi kurashishdagi faolligini yanada oshirish hamda ularni ushbu sohaga qoʻshayotgan hissasi uchun munosib taqdirlash.
5. Ragʻbatlantirish qonuniylik, adolatlilik, xolislik, oshkoralik, fuqarolarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlariga rioya etish hamda ularning shaxsiy xavfsizligini taʼminlash va xohish-istaklarini hisobga olish prinsiplari asosida amalga oshiriladi.
6. Ushbu Nizom talablari quyidagi shaxslarga nisbatan tatbiq etilmaydi:
mansabdor shaxslar, shu jumladan, “Tezkor-qidiruv faoliyati toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq tezkor-qidiruv faoliyatini amalga oshiruvchi organlarga maxfiylik asosida koʻmaklashuvchi shaxslar;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq korrupsiyaga oid jinoyatlar haqida oʻttiz sutka mobaynida oʻz ixtiyori bilan arz qilgan yoki korrupsiyaga oid huquqbuzarliklarni bevosita sodir etgan shaxslar.
7. Ragʻbatlantirish bir martalik pul mukofoti, tashakkurnoma yoki esdalik sovgʻa shaklida belgilanadi.
2-bob. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish asoslari va turlari
8. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslar quyidagi asoslardan biri mavjud boʻlganda bir martalik pul mukofoti bilan ragʻbatlantiriladi:
fuqarolar yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxslar tomonidan oʻzlariga nisbatan pora talab qilgan shaxs haqida yoki oʻzlariga maʼlum boʻlgan korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlarga bergan xabari asosida bunday huquqbuzarlik fosh etilishi;
nodavlat tijorat tashkilotining yoki boshqa nodavlat tashkilotining yoxud davlat organining, davlat ishtirokidagi tashkilotning yoki fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organining xizmatchisi oʻziga nisbatan pora berishni taklif etgan yoki pora talab qilgan shaxs haqida yoxud oʻziga maʼlum boʻlgan korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlarga (korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlarning xodimlari esa bevosita oʻz rahbariga) bergan xabari asosida huquqbuzarlik fosh etilishi;
korrupsiyaga oid jinoyatni sodir etganligi uchun qidiruvda boʻlgan shaxs toʻgʻrisida huquqni muhofaza qiluvchi organlarga berilgan xabar asosida qidiruvdagi shaxs ushlanishi, huquqni muhofaza qiluvchi organlarning xodimlari bundan mustasno.
9. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslar quyidagi miqdordagi bir martalik pul mukofoti bilan ragʻbatlantiriladi:
a) korrupsiyaga oid maʼmuriy huquqbuzarliklar haqida berilgan xabar uchun:
Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksining 61 1 , 193 1 va 193 2 -moddalarida nazarda tutilgan huquqbuzarliklar uchun — bazaviy hisoblash miqdorining uch baravari miqdorida;
Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksining 193 4 -moddasida nazarda tutilgan huquqbuzarliklar uchun — undirilgan jarimaning ellik foizi miqdorida;
b) pora summasi yoki yetkazilgan zarar yoxud oʻzlashtirilayotgan (oʻzlashtirilgan) mulkning qiymati bazaviy hisoblash miqdorining oʻttiz baravarigacha boʻlsa:
ijtimoiy xavfi katta boʻlmagan jinoyat uchun — bazaviy hisoblash miqdorining besh baravari miqdorida;
uncha ogʻir boʻlmagan jinoyat uchun — bazaviy hisoblash miqdorining yetti baravari miqdorida;
ogʻir jinoyat uchun — bazaviy hisoblash miqdorining oʻn baravari miqdorida;
oʻta ogʻir jinoyat uchun — bazaviy hisoblash miqdorining oʻn besh baravari miqdorida;
v) pora summasi yoki yetkazilgan zarar yoxud oʻzlashtirilayotgan (oʻzlashtirilgan) mulkning qiymati bazaviy hisoblash miqdorining oʻttiz baravaridan yuz baravarigacha boʻlsa:
ijtimoiy xavfi katta boʻlmagan jinoyat uchun-bazaviy hisoblash miqdorining oʻn baravari miqdorida;
uncha ogʻir boʻlmagan jinoyat uchun — bazaviy hisoblash miqdorining oʻn besh baravari miqdorida;
ogʻir jinoyat uchun — bazaviy hisoblash miqdorining yigirma baravari miqdorida;
oʻta ogʻir jinoyat uchun — bazaviy hisoblash miqdorining yigirma besh baravari miqdorida;
g) pora summasi yoki yetkazilgan zarar yoxud oʻzlashtirilayotgan (oʻzlashtirilgan) mulkning qiymati bazaviy hisoblash miqdorining yuz baravaridan koʻp boʻlsa, quyidagi foiz hisobida hisoblanadi:
ancha miqdor uchun — pora summasi yoki yetkazilgan zarar yoxud oʻzlashtirilayotgan (oʻzlashtirilgan) mulk qiymatining oʻn besh foizi miqdorida;
koʻp yoki juda koʻp miqdor uchun — pora summasi yoki yetkazilgan zarar yoxud oʻzlashtirilayotgan (oʻzlashtirilgan) mulk qiymatining oʻn foizi miqdorida.
Bunda pora summasi yoki yetkazilgan zarar yoxud oʻzlashtirilayotgan (oʻzlashtirilgan) mulk qiymatini foizlarda hisoblashda qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorning eng kam miqdoridan kelib chiqiladi;
d) qidiruvda boʻlgan shaxsning yashiringan joyi haqida xabar berganligi uchun bazaviy hisoblash miqdorining besh baravari, ikki yoki undan ortiq qidiruvda boʻlgan shaxslarning yashiringan joyi haqida bir vaqtda xabar berganligi uchun esa — bazaviy hisoblash miqdorining yetti baravari miqdorida.
10. Korrupsiyaga oid jinoyatlarni tergov qilish va uni fosh etishda ahamiyatga ega boʻlgan dalillar haqida korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlarga xabar berganlik yoki bunday toifadagi jinoyatlarni tergov qilish yoxud tezkor-qidiruv tadbirlarini oʻtkazishda bevosita koʻmaklashganlik uchun shaxs tashakkurnoma yoki esdalik sovgʻa shaklida ragʻbatlantirish tarzida taqdirlanadi, huquqni muhofaza qiluvchi organlarning xodimlari bundan mustasno.
Esdalik sovgʻa qiymati bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravaridan oshmasligi lozim.
11. Quyidagi holatlarda korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxs:
ikki va undan ortiq korrupsiyaga oid maʼmuriy huquqbuzarlik haqida xabar berganlik uchun bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt baravari;
har xil tasnifdagi ikki va undan ortiq korrupsiyaga oid jinoyatlar haqida xabar berganlik uchun ushbu jinoyatlarning ijtimoiy xavfliligidan kelib chiqib ogʻirroq tasnifi boʻyicha bir marta;
bir xil tasnifdagi ikki va undan ortiq korrupsiyaga oid jinoyatlar haqida xabar berganlik uchun bir marta;
korrupsiyaga oid maʼmuriy huquqbuzarlik yoki jinoyat haqida yoxud qidiruvdagi shaxs toʻgʻrisida ikki yoki undan ortiq shaxsning bergan xabari uchun mazkur Nizomning 9 va 11-bandlarida koʻrsatilgan pul mukofoti miqdorining teng ulushlarida ragʻbatlantiriladi.
12. Shaxs korrupsiyaga qarshi kurashishga munosib hissa qoʻshganligi uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat mukofotiga ham tavsiya etilishi mumkin.
13. Quyidagi qarorlardan biri qabul qilingandan soʻng ragʻbatlantirish masalasi koʻrib chiqiladi:
korrupsiyaga oid huquqbuzarliklar boʻyicha jinoyat ishlari yuzasidan sudning ayblov hukmi yoki qarori qonuniy kuchga kirganda;
Oʻzbekiston Respublikasi Jinoyat-protsessual kodeksining 84-moddasi birinchi qismining 1 — 3-bandlari , uchinchi qismi hamda beshinchi qismining 1-bandi asosida ayblilik toʻgʻrisidagi masalani hal qilmay turib jinoyat ishini tugatish haqidagi qaror prokuror tomonidan tasdiqlanganda yoki sudning ajrimi qonuniy kuchga kirganda;
qidiruvdagi shaxsga nisbatan qidiruvning bekor qilinganligi toʻgʻrisida prokurorning, surishtiruvchining, tergovchining qarori yoki sudning ajrimi qabul qilinganda.
14. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
3-bob. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish masalasini koʻrib chiqish tartibi
15. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish masalasi korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlar huzurida tuziladigan maxsus komissiyalar tomonidan koʻrib chiqiladi.
Bunda respublika darajasidagi korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlar ragʻbatlantirish toʻgʻrisidagi taqdimnoma bilan respublika maxsus komissiyasiga, ularning hududiy boʻlinmalari tomonidan esa hududiy maxsus komissiyalarga chiqadilar.
16. Maxsus komissiyalarning tarkibi, faoliyat yuritish tartibi, raisi va aʼzolarining huquq hamda majburiyatlari korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlar tomonidan belgilanadi.
17. Taqdimnomaga ragʻbatlantirish uchun asos boʻluvchi quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
roʻyxatdan oʻtgan ariza nusxasi yoki ogʻzaki berilgan xabarni tasdiqlovchi maʼlumotlar;
sudning qonuniy kuchga kirgan qarori yoki ayblov hukmi nusxasi;
qidiruvni bekor qilish haqida, shuningdek, ayblilik toʻgʻrisidagi masalani hal qilmay turib jinoyat ishini tugatish toʻgʻrisida chiqarilgan ajrim yoki qaror nusxasi;
shaxsni tasdiqlovchi hujjat nusxasi;
korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarning shaxsiy hisobvaragʻi boʻlgan bank rekvizitlari.
18. Korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlarning ragʻbatlantirish boʻyicha taqdimnomasi va unga ilova qilingan asoslovchi hujjatlar ragʻbatlantirish uchun asos yuzaga kelgan kundan boshlab uch ish kuni ichida maxsus komissiyalarga taqdim etiladi.
19. Maxsus komissiyalar tomonidan ragʻbatlantirishga oid hujjatlar olingan kundan boshlab besh ish kuni ichida taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqliligi, asosliligi hamda ushbu Nizom talablariga rioya qilinganligi koʻrib chiqiladi.
20. Ragʻbatlantirish uchun taqdim etilgan hujjatlar toʻliq emasligi hamda ushbu Nizom talablariga rioya qilinmaganligi aniqlangan taqdirda, ikki ish kuni ichida qaytariladi.
Qaytarilish uchun asos boʻlgan holatlar bartaraf etilgan taqdirda, tegishli hujjatlar ushbu Nizom talablari asosida ragʻbatlantirish uchun qayta taqdim etilishi mumkin.
21. Ragʻbatlantirish boʻyicha maxsus komissiyalar tomonidan chiqarilgan qarorlar uch ish kuni ichida taqdimnomani kiritgan korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organga ijro uchun yuboriladi.
22. Maxsus komissiyalarning raislari komissiya qarori qonuniyligi, xolisligi hamda shaxslarning shaxsiga oid maʼlumotlar oshkor etilmasligi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.
23. Korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organ maxsus komissiyaning qarori asosida bir ish kuni ichida bir martalik pul mukofoti yoki esdalik sovgʻasi bilan taqdirlash haqida qaror chiqaradi.
Bir martalik pul mukofoti xarajatlar smetasiga oʻzgartirish kiritilgandan soʻng oʻn ish kuni ichida shaxslarning shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi, esdalik sovgʻasi esa qonunchilik hujjatlariga muvofiq sovgʻa qilinadigan buyum xarid qilingandan soʻng besh ish kuni ichida topshiriladi.
24. Tashakkurnoma shaklida ragʻbatlantirish masalasi bevosita korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organ rahbari tomonidan koʻrib chiqiladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
25. Ragʻbatlantirilgan korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarning hisobi korrupsiyaga qarshi kurashuvchi organlar taqdim etgan maʼlumot asosida Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi tomonidan yuritiladi.
26. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslar, ularning oila aʼzolari va yaqin qarindoshlarining xavfsizligini taʼminlash maqsadida ular haqidagi maʼlumotlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablar asosida oshkor etilishi mumkin.
27. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslar, ularning oila aʼzolari va yaqin qarindoshlarini himoya qilish qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
28. Korrupsiyaga oid huquqbuzarlik haqida xabar bergan yoki korrupsiyaga qarshi kurashishga boshqa tarzda koʻmaklashgan shaxslarni ragʻbatlantirish bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
29. Ushbu Nizom talablari buzilganligida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 31-dekabr,
829-son