UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 8-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 8 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 8 января 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 8 January 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, ушбу соҳанинг жойларда олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш ва уларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги олий таълим муассасаларида «5520100 — Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича)» бакалавриат таълим йўналиши бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва маҳалла хотин-қизлар фаоли лавозими учун сиртқи таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 2021/2022 ўқув йили ва ундан кейинги ўқув йилларида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бакалавриатининг сиртқи таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини шакллантиришда педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги олий таълим муассасаларида мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган бакалавриат таълим йўналиши бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва маҳалла хотин-қизлар фаоли лавозими учун сиртқи таълим шаклига қўшимча қабул кўрсаткичларини назарда тутсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар тегишинча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ва маҳалла хотин-қизлар фаоли лавозимлари учун кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжни тўлиқ таҳлил қилган ҳолда 2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бакалавриатининг сиртқи таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларига киритиш учун, кейинчалик ҳар йили 1 мартга қадар асослантирилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этсин.

4. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарор асосида жорий этилаётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва маҳалла хотин-қизлар фаоли лавозими учун сиртқи таълим шакли доирасида:

ўқитиш тўлов-контракт асосида ташкил этилади;

кадрлар тайёрлаш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, фан дастурлари ҳамда ўқув ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади;

тегишинча Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан берилган тавсияномага эга бўлган ҳамда кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва маҳалла хотин-қизлар фаоллари белгиланган тартибда талабаликка тавсия этилади;

тавсиянома бериш ушбу қарор талабларини инобатга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги 402-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади;

тавсиянома асосида ўқиётган талабалар ўқишини бошқа бакалавриат таълим йўналишига кўчиришга рухсат берилмайди.

5. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига ва маҳалла хотин-қизлар фаолларига тавсияномалар бериш тегишинча Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

эгаллаб турган лавозимида сўнгги бир йил давомида фаолият юритаётганлиги;

маҳалла тизимида камида уч йиллик иш стажига эга бўлганлиги;

фаолият юритаётган фуқаролар йиғини ва хотин-қизлар фаолининг рейтинг кўрсаткичи бўйича «намунали» деб топилганлиги;

тегишинча вилоят, туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар бошқармалари, бўлимлари томонидан ижобий тавсифланганлиги;

халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан иш фаолияти ижобий деб баҳоланганлиги;

интизомий жазо чораси қўлланилмаганлиги.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги 2021 йил 1 июнга қадар:

педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқув режа ва фан дастурларини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида иш юритишни ташкил этишни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш, шунингдек, уларни тегишли фанлар бўйича зарур ўқув адабиётлари билан таъминлаш;

педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига тегишли соҳа йўналишларида юқори амалий иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи ходимларни, шу жумладан, хорижий олий таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорлик доирасида хорижий профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари учун олий маълумот зарур бўлган лавозимлар рўйхатини қайта кўриб чиқсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бир ой муддатда:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун сиртқи таълим шаклида ўқишга қабул қилиш учун тавсиянома шаклини тасдиқласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири в.б. Т. Худайберганов, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Б. Махкамова ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Ҳ. Тошқулов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 8 январь,

3-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.01.2021 й., 09/21/3/0001-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2022 й., 09/22/438/0726-сон; 11.12.2024 й., 09/24/833/1016-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari uchun kadrlar tayyorlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarini yuqori malakali mutaxassislar bilan toʻldirish, ushbu sohaning joylarda oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan ehtiyojini qondirish va ularni tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va oilani qoʻllab-quvvatlash vazirligi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab pedagogika va moliya-iqtisod sohalaridagi oliy taʼlim muassasalarida “5520100 — Ijtimoiy ish (faoliyatning turli sohalari boʻyicha)” bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va mahalla xotin-qizlar faoli lavozimi uchun sirtqi taʼlim shaklida kadrlar tayyorlash tizimini joriy etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi 2021/2022 oʻquv yili va undan keyingi oʻquv yillarida Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalari bakalavriatining sirtqi taʼlim shakli boʻyicha davlat buyurtmasi asosida oʻqishga qabul qilish parametrlarini shakllantirishda pedagogika va moliya-iqtisod sohalaridagi oliy taʼlim muassasalarida mazkur qarorning 1-bandida koʻrsatilgan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va mahalla xotin-qizlar faoli lavozimi uchun sirtqi taʼlim shakliga qoʻshimcha qabul koʻrsatkichlarini nazarda tutsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi, Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Moliya vazirligi bilan birgalikda 2021-yil 1-martga qadar tegishincha fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarida va mahalla xotin-qizlar faoli lavozimlari uchun kadrlarga boʻlgan joriy va istiqboldagi ehtiyojni toʻliq tahlil qilgan holda 2021/2022 oʻquv yilida Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalari bakalavriatining sirtqi taʼlim shakli boʻyicha davlat buyurtmasi asosida oʻqishga qabul qilish parametrlariga kiritish uchun, keyinchalik har yili 1-martga qadar asoslantirilgan takliflarni Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligiga taqdim etsin.

4. Belgilab qoʻyilsinki, mazkur qaror asosida joriy etilayotgan fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va mahalla xotin-qizlar faoli lavozimi uchun sirtqi taʼlim shakli doirasida:

oʻqitish toʻlov-kontrakt asosida tashkil etiladi;

kadrlar tayyorlash boʻyicha malaka talablari, oʻquv rejalari, fan dasturlari hamda oʻquv va oʻquv-metodik adabiyotlarni ishlab chiqish uchun Mirzo Ulugʻbek nomidagi Oʻzbekiston Milliy universiteti tayanch oliy taʼlim muassasasi hisoblanadi;

tegishincha Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi, Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi tomonidan berilgan tavsiyanomaga ega boʻlgan hamda kirish imtihonlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari xodimlari va mahalla xotin-qizlar faollari belgilangan tartibda talabalikka tavsiya etiladi;

tavsiyanoma berish ushbu qaror talablarini inobatga olgan holda Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-iyundagi 402-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim muassasalariga qoʻshimcha davlat granti asosidagi qabul koʻrsatkichlari doirasida xotin-qizlarga tanlovda ishtirok etish uchun tavsiyanoma berish va ularni oʻqishga qabul qilishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi;

tavsiyanoma asosida oʻqiyotgan talabalar oʻqishini boshqa bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga koʻchirishga ruxsat berilmaydi.

5. Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari xodimlariga va mahalla xotin-qizlar faollariga tavsiyanomalar berish tegishincha Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi hamda Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi tomonidan quyidagi mezonlar asosida amalga oshiriladi:

egallab turgan lavozimida soʻnggi bir yil davomida faoliyat yuritayotganligi;

mahalla tizimida kamida uch yillik ish stajiga ega boʻlganligi;

faoliyat yuritayotgan fuqarolar yigʻini va xotin-qizlar faolining reyting koʻrsatkichi boʻyicha “namunali” deb topilganligi;

tegishincha viloyat, tuman (shahar) mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash hamda oila va xotin-qizlar boshqarmalari, boʻlimlari tomonidan ijobiy tavsiflanganligi;

xalq deputatlari tuman (shahar) kengashlari tomonidan ish faoliyati ijobiy deb baholanganligi;

intizomiy jazo chorasi qoʻllanilmaganligi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Mahalla va oilani qoʻllab-quvvatlash vazirligi 2021-yil 1-iyunga qadar:

pedagogika va moliya-iqtisod sohalaridagi oliy taʼlim muassasalarida bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha oʻquv reja va fan dasturlarini fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarida ish yuritishni tashkil etishni hisobga olgan holda qayta koʻrib chiqish, shuningdek, ularni tegishli fanlar boʻyicha zarur oʻquv adabiyotlari bilan taʼminlash;

pedagogika va moliya-iqtisod sohalaridagi oliy taʼlim muassasalarining taʼlim jarayoniga tegishli soha yoʻnalishlarida yuqori amaliy ish tajribasiga ega boʻlgan amaliyotchi xodimlarni, shu jumladan, xorijiy oliy taʼlim va ilmiy muassasalari bilan hamkorlik doirasida xorijiy professor-oʻqituvchilar va mutaxassislarni shartnoma asosida jalb etish choralarini koʻrsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi Mahalla va oilani qoʻllab-quvvatlash vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda Xizmatchilarning asosiy lavozimlari va ishchilar kasblari klassifikatorini fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari xodimlari uchun oliy maʼlumot zarur boʻlgan lavozimlar roʻyxatini qayta koʻrib chiqsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va oilani qoʻllab-quvvatlash vazirligi bir oy muddatda:

fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari uchun sirtqi taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilish uchun tavsiyanoma shaklini tasdiqlasin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari, Oʻzbekiston Respublikasi mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vaziri v.b. T. Xudayberganov, Oila va xotin-qizlar davlat qoʻmitasi raisi Z.B. Maxkamova hamda oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.H. Toshqulov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 8-yanvar,

3-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 08.01.2021-y., 09/21/3/0001-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 10.08.2022-y., 09/22/438/0726-son; 11.12.2024-y., 09/24/833/1016-son)

lex.uz