UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 22-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 22 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 января 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 January 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Органик ер майдонларига белги ва кўрсаткичлар ўрнатиш шакли ва тартиби тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 18 майдаги ПФ-5995-сон Фармони ижроси юзасидан, шунингдек, органик ер майдонларига белги ва кўрсаткичлар ўрнатиш шакли ҳамда тартибини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Органик маҳсулотлар етиштиришда ва уларни йиғиб олишда ер майдонларига қўйилган талабларни, шунингдек, органик ер майдонларига белги ва кўрсаткичлар ўрнатиш шакли ҳамда тартибини назарда тутувчи Органик ер майдонларига белги ва кўрсаткичлар ўрнатиш шакли ҳамда тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси 2021 йилдан бошлаб:

а) ҳар йили 1 октябрга қадар:

органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик маҳсулотларини йиғиб олувчи хўжаликлар ер майдонларининг манзилли рўйхатини шакллантирсин;

органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик маҳсулотларини йиғиб олувчи хўжаликлар ер майдонларининг охирги уч йил учун статистик таҳлил натижалари ва топографик жойлашувини ўрганиш, тупроқ, сизот ва оқова сувлар сифати ҳамда хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича лаборатория таҳлилларини ўтказиш чораларини кўрсин;

б) мунтазам равишда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи хўжаликлар ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик маҳсулотларини йиғиб олувчи хўжаликлар ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари анъанавий усулда етиштириладиган ер майдонларидан ажратиб турувчи белги ва кўрсаткичларни ўрнатиш, шунингдек, экспортбоп ва сердаромад органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш чораларини кўрсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 январдаги 33-сон қарорига ИЛОВА

Органик ер майдонларига белги ва кўрсаткичлар ўрнатиш шакли ва тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом органик ер майдонларига белги ва кўрсаткичлар ўрнатиш шакли ҳамда тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомнинг қоидалари органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни етиштирувчи ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик маҳсулотларини йиғиб олувчи хўжаликларга нисбатан татбиқ этилади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

белги — органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олиш учун танланган ер майдони ҳамда мазкур ер майдонида фаолият юритувчи хўжалик тўғрисидаги кўрсаткичларни ўз ичига олган маълумотлар пешлавҳаси;

кўрсаткич — органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олиш учун танланган ер майдони ҳамда мазкур ер майдонида фаолият юритувчи хўжалик тўғрисидаги умумлаштирилган тавсифи;

органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олишга танланган ер майдони — органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни етиштириш ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олишга мўлжалланган ер майдонининг белгиланган талабларга мувофиқлиги;

органик ер майдонлари — мувофиқлик сертификатига эга бўлган, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган ёки ёввойи ҳолда ўсган ўсимликлар йиғиб олинадиган ер майдонлари;

органик маҳсулот — ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва савдо қилишнинг барча босқичларида миллий органик стандарт талабларига мувофиқ бўлган ишлаб чиқариш технологияларини қўллаш орқали олинган маҳсулот;

тупроқ ва сув таркибини таҳлил қилиш — органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олувчи хўжалик ер майдонларининг сўнгги уч йиллик статистик таҳлил натижаларини ҳамда топографик жойлашувини ўрганиш, тупроқ таркибини, сизот ва оқова сувларнинг сифатини лабораторияда таҳлил қилиш.

2-боб. Органик маҳсулотлар етиштиришда ва йиғиб олишда ер майдонларига қўйиладиган талаблар ҳамда белги ўрнатиш тартиби

4. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олиш билан шуғулланувчи хўжаликнинг танланган ер майдонида фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни мувофиқликни баҳолаш органига тақдим этади.

5. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олувчи хўжаликнинг ер майдонидаги тупроқ таркибидаги сизот ва оқова сувларнинг сифати (минераллашув) таҳлил қилинади.

6. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ер майдонини танлашда охирги уч йилда шу майдонда экилган қишлоқ хўжалиги экин турлари, қўлланилган агротехник тадбирлар, берилган минерал ўғитлар турлари ва миқдори (қолдиқ) ўрганиб чиқилади.

7. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга танланган ер майдонининг атрофида анъанавий усулда етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларнинг тури, суғориш тизими, ер майдони чегараларида иҳотазорлар барпо этиш магистрал канал ва автомобиль йўллари билан оралиқ масофани ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилинади.

8. Тупроқнинг физик-механик, кимёвий, микробиологик ва агрокимёвий таркиби лабораторияда таҳлил қилинади.

9. Республикада камайиб бораётган ва муҳофазага олинган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларини йиғиб олишга рухсат берилмайди.

10. Танланган ер майдонида тупроқ таркиби, иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинлари бир йиллик ёки кўп йиллик турларга қараб жойлаштирилади.

11. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга танланган ер майдони бўйича барча таҳлил натижалари ижобий бўлган тақдирда хўжалик томонидан мазкур ер майдонининг кириш йўлагига органик қишлоқ хўжалигига ўтиш даврини билдирувчи қуйидаги кўрсаткичлар ўзида акс эттирган белги ўрнатади:

ер майдонига эгалик қилувчи хўжалик номи;

хўжалик жойлашган жой (почта манзили);

хўжалик раҳбарининг Ф.И.О.;

умумий ер майдони харитаси, гектар, органик ер майдони гектари, контури;

етиштириладиган органик қишлоқ хўжалиги маҳсулот номи;

қишлоқ хўжалиги экин турларидан келиб чиқиб, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга (боғ, узумзор, техник ва озиқ-овқат экинлари ҳамда озиқабоп ем-хашак экинлари) ўтиш даврининг муддати;

радиуси 3 км дан кам бўлмаган асаларичилик хўжалиги ҳудудининг харитаси ҳамда асалари уяларини ҳудуддан ҳудудга кўчириш талаб этилса, кўчиш ҳудудларининг хариталари (асаларичилик хўжаликлари учун);

чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари иншоотларининг ер майдонида (гектар) жойлашув схемаси ҳамда яйловлар харитаси кўрсатилган белги.

12. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олувчи хўжалик мурожаатига кўра, мувофиқликни баҳолаш органи томонидан берилган органик мувофиқлик сертификатига асосан танланган ер майдонига ўрнатилган белгида органик ўтиш даври белгиланмайди.

13. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олиш жараёнига органик мувофиқлик сертификати олган хўжалик органик ер майдонининг кириш чегарасига қуйидаги кўрсаткичларни ўзида акс эттирган белгини ўрнатади:

органик маҳсулотлари йиғиб олинадиган хўжалик номи;

хўжалик раҳбарининг Ф.И.О.;

ер майдонининг харитаси, майдони (гектар);

йиғиб олинадиган маҳсулот номи;

мувофиқликни баҳолаш идораси номи (телефон рақами ва электрон почта манзили);

органик мувофиқлик сертификатининг рақами ва амал қилиш муддати.

14. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи хўжалик томонидан органик қишлоқ хўжалигига ўтиш муддатини билдирувчи белгида кўрсатилган маълумотга ўтиш муддати тугагунга қадар ўзгартириш киритилмайди.

15. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёнига мувофиқликни баҳолаш органи томонидан берилган органик мувофиқлик сертификатига асосан хўжалик томонидан органик ер майдонининг кириш йўлагига қуйидаги кўрсаткичларни ўзида акс эттирган белги ўрнатилади:

ер майдонларига эгалик қилувчи хўжалик номи;

хўжалик раҳбарининг Ф.И.О.;

ер майдонининг харитаси, майдони (гектар);

етиштириладиган маҳсулот номи;

хўжалик жойлашган жой (почта манзили);

мувофиқликни баҳолаш органи номи (телефон рақами ва электрон почта манзили);

органик мувофиқлик сертификатнинг рақами ва амал қилиш муддати.

3-боб. Якунловчи қоидалар

16. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олиш ишлари билан боғлиқ харажатлар ушбу фаолият билан шуғулланувчи хўжалик маблағи ҳисобидан амалга оширилади.

17. Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб олиш жараёнларида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

18. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 22 январь,

33-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2021 й., 09/21/33/0059-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Organik yer maydonlariga belgi va koʻrsatkichlar oʻrnatish shakli va tartibi toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligi mahsulotlarining sifat va xavfsizlik koʻrsatkichlari xalqaro standartlarga muvofiqligini taʼminlashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 18-maydagi PF-5995-son Farmoni ijrosi yuzasidan, shuningdek, organik yer maydonlariga belgi va koʻrsatkichlar oʻrnatish shakli hamda tartibini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Organik mahsulotlar yetishtirishda va ularni yigʻib olishda yer maydonlariga qoʻyilgan talablarni, shuningdek, organik yer maydonlariga belgi va koʻrsatkichlar oʻrnatish shakli hamda tartibini nazarda tutuvchi Organik yer maydonlariga belgi va koʻrsatkichlar oʻrnatish shakli hamda tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda tumanlar (Quvasoy shahar) hokimliklari, Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi hamda Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi 2021-yildan boshlab:

a) har yili 1-oktabrga qadar:

organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi hamda yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimlik mahsulotlarini yigʻib oluvchi xoʻjaliklar yer maydonlarining manzilli roʻyxatini shakllantirsin;

organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi va yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimlik mahsulotlarini yigʻib oluvchi xoʻjaliklar yer maydonlarining oxirgi uch yil uchun statistik tahlil natijalari va topografik joylashuvini oʻrganish, tuproq, sizot va oqova suvlar sifati hamda xavfsizlik koʻrsatkichlari boʻyicha laboratoriya tahlillarini oʻtkazish choralarini koʻrsin;

b) muntazam ravishda organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi xoʻjaliklar va yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimlik mahsulotlarini yigʻib oluvchi xoʻjaliklar yer maydonlarini qishloq xoʻjaligi mahsulotlari anʼanaviy usulda yetishtiriladigan yer maydonlaridan ajratib turuvchi belgi va koʻrsatkichlarni oʻrnatish, shuningdek, eksportbop va serdaromad organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtirish choralarini koʻrsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev va Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 22-yanvardagi 33-son qaroriga ILOVA

Organik yer maydonlariga belgi va koʻrsatkichlar oʻrnatish shakli va tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom organik yer maydonlariga belgi va koʻrsatkichlar oʻrnatish shakli hamda tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomning qoidalari organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarni yetishtiruvchi va yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimlik mahsulotlarini yigʻib oluvchi xoʻjaliklarga nisbatan tatbiq etiladi.

3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

belgi — organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish va yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib olish uchun tanlangan yer maydoni hamda mazkur yer maydonida faoliyat yurituvchi xoʻjalik toʻgʻrisidagi koʻrsatkichlarni oʻz ichiga olgan maʼlumotlar peshlavhasi;

koʻrsatkich — organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish yoki yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib olish uchun tanlangan yer maydoni hamda mazkur yer maydonida faoliyat yurituvchi xoʻjalik toʻgʻrisidagi umumlashtirilgan tavsifi;

organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish yoki yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib olishga tanlangan yer maydoni — organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarni yetishtirish yoki yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib olishga moʻljallangan yer maydonining belgilangan talablarga muvofiqligi;

organik yer maydonlari — muvofiqlik sertifikatiga ega boʻlgan, organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiradigan yoki yovvoyi holda oʻsgan oʻsimliklar yigʻib olinadigan yer maydonlari;

organik mahsulot — ishlab chiqarish, qayta ishlash va savdo qilishning barcha bosqichlarida milliy organik standart talablariga muvofiq boʻlgan ishlab chiqarish texnologiyalarini qoʻllash orqali olingan mahsulot;

tuproq va suv tarkibini tahlil qilish — organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi hamda yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib oluvchi xoʻjalik yer maydonlarining soʻnggi uch yillik statistik tahlil natijalarini hamda topografik joylashuvini oʻrganish, tuproq tarkibini, sizot va oqova suvlarning sifatini laboratoriyada tahlil qilish.

2-bob. Organik mahsulotlar yetishtirishda va yigʻib olishda yer maydonlariga qoʻyiladigan talablar hamda belgi oʻrnatish tartibi

4. Organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi yoki yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib olish bilan shugʻullanuvchi xoʻjalikning tanlangan yer maydonida faoliyat olib borish huquqiga ega ekanligini tasdiqlovchi hujjatlarni muvofiqlikni baholash organiga taqdim etadi.

5. Organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi yoki yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib oluvchi xoʻjalikning yer maydonidagi tuproq tarkibidagi sizot va oqova suvlarning sifati (minerallashuv) tahlil qilinadi.

6. Organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun yer maydonini tanlashda oxirgi uch yilda shu maydonda ekilgan qishloq xoʻjaligi ekin turlari, qoʻllanilgan agrotexnik tadbirlar, berilgan mineral oʻgʻitlar turlari va miqdori (qoldiq) oʻrganib chiqiladi.

7. Organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirishga tanlangan yer maydonining atrofida anʼanaviy usulda yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi ekinlarning turi, sugʻorish tizimi, yer maydoni chegaralarida ihotazorlar barpo etish magistral kanal va avtomobil yoʻllari bilan oraliq masofani hisobga olgan holda tahlil qilinadi.

8. Tuproqning fizik-mexanik, kimyoviy, mikrobiologik va agrokimyoviy tarkibi laboratoriyada tahlil qilinadi.

9. Respublikada kamayib borayotgan va muhofazaga olingan hamda Oʻzbekiston Respublikasining Qizil kitobiga kiritilgan yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimlik turlarini yigʻib olishga ruxsat berilmaydi.

10. Tanlangan yer maydonida tuproq tarkibi, iqlim sharoitini hisobga olgan holda, qishloq xoʻjaligi ekinlari bir yillik yoki koʻp yillik turlarga qarab joylashtiriladi.

11. Organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirishga tanlangan yer maydoni boʻyicha barcha tahlil natijalari ijobiy boʻlgan taqdirda xoʻjalik tomonidan mazkur yer maydonining kirish yoʻlagiga organik qishloq xoʻjaligiga oʻtish davrini bildiruvchi quyidagi koʻrsatkichlar oʻzida aks ettirgan belgi oʻrnatadi:

yer maydoniga egalik qiluvchi xoʻjalik nomi;

xoʻjalik joylashgan joy (pochta manzili);

xoʻjalik rahbarining F.I.O.;

umumiy yer maydoni xaritasi, gektar, organik yer maydoni gektari, konturi;

yetishtiriladigan organik qishloq xoʻjaligi mahsulot nomi;

qishloq xoʻjaligi ekin turlaridan kelib chiqib, organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirishga (bogʻ, uzumzor, texnik va oziq-ovqat ekinlari hamda oziqabop yem-xashak ekinlari) oʻtish davrining muddati;

radiusi 3 km dan kam boʻlmagan asalarichilik xoʻjaligi hududining xaritasi hamda asalari uyalarini hududdan hududga koʻchirish talab etilsa, koʻchish hududlarining xaritalari (asalarichilik xoʻjaliklari uchun);

chorvachilik va parrandachilik xoʻjaliklari inshootlarining yer maydonida (gektar) joylashuv sxemasi hamda yaylovlar xaritasi koʻrsatilgan belgi.

12. Yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib oluvchi xoʻjalik murojaatiga koʻra, muvofiqlikni baholash organi tomonidan berilgan organik muvofiqlik sertifikatiga asosan tanlangan yer maydoniga oʻrnatilgan belgida organik oʻtish davri belgilanmaydi.

13. Yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib olish jarayoniga organik muvofiqlik sertifikati olgan xoʻjalik organik yer maydonining kirish chegarasiga quyidagi koʻrsatkichlarni oʻzida aks ettirgan belgini oʻrnatadi:

organik mahsulotlari yigʻib olinadigan xoʻjalik nomi;

xoʻjalik rahbarining F.I.O.;

yer maydonining xaritasi, maydoni (gektar);

yigʻib olinadigan mahsulot nomi;

muvofiqlikni baholash idorasi nomi (telefon raqami va elektron pochta manzili);

organik muvofiqlik sertifikatining raqami va amal qilish muddati.

14. Qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi xoʻjalik tomonidan organik qishloq xoʻjaligiga oʻtish muddatini bildiruvchi belgida koʻrsatilgan maʼlumotga oʻtish muddati tugagunga qadar oʻzgartirish kiritilmaydi.

15. Organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish jarayoniga muvofiqlikni baholash organi tomonidan berilgan organik muvofiqlik sertifikatiga asosan xoʻjalik tomonidan organik yer maydonining kirish yoʻlagiga quyidagi koʻrsatkichlarni oʻzida aks ettirgan belgi oʻrnatiladi:

yer maydonlariga egalik qiluvchi xoʻjalik nomi;

xoʻjalik rahbarining F.I.O.;

yer maydonining xaritasi, maydoni (gektar);

yetishtiriladigan mahsulot nomi;

xoʻjalik joylashgan joy (pochta manzili);

muvofiqlikni baholash organi nomi (telefon raqami va elektron pochta manzili);

organik muvofiqlik sertifikatning raqami va amal qilish muddati.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

16. Organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish yoki yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib olish ishlari bilan bogʻliq xarajatlar ushbu faoliyat bilan shugʻullanuvchi xoʻjalik mablagʻi hisobidan amalga oshiriladi.

17. Organik qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish va yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarni yigʻib olish jarayonlarida yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

18. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 22-yanvar,

33-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 23.01.2021-y., 09/21/33/0059-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son)

lex.uz