📅 2021-yil 23-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 23-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 23 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 23 января 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 23 January 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини бажариш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда фуқароларнинг ихтиёрий асосда иштирокини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядлари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядларининг (кейинги ўринларда — «Чегара посбонлари» отрядлари) вазифалари ва фаолиятини ташкил этиш асослари;
«Чегара посбонлари» отрядлари аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларни рағбатлантириш тартиби.
2. «Чегара посбонлари» отрядлари аъзоларига тўланадиган ойлик тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан амалга оширилиши ва ушбу харажатлар Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилансин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядлари ўз фаолиятини амалга ошириши учун чегара олди ҳудудларда жойлашган давлат муассасаларида зарур хоналар ажратиб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан уларнинг мебель ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозланишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси А.А. Азизов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 январдаги 35-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядлари тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядларини (кейинги ўринларда — кўмаклашувчи отряд), ташкил этиш асослари, уларнинг вазифалари, таркиби, фаолиятини ташкил этиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, кўмаклашувчи отряд аъзоларини рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тартибини белгилайди.
2. Кўмаклашувчи отряд ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, кўмаклашувчи отрядлар фаолиятини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг (кейинги ўринларда — Давлат хавфсизлик хизмати) идоравий ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
кўмаклашувчи отряд — Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари (кейинги ўринларда — Чегара қўшинлари) томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини (кейинги ўринларда — Давлат чегараси) қўриқлаш ва ҳимоя қилиш учун ихтиёрий равишда жалб қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ташкил этилган жамоатчилик тузилмаси;
кўмаклашувчи отряд сардори — доимий равишда Ўзбекистон Республикаси чегара олди ҳудудида истиқомат қилувчи отряд аъзоларидан тайинланиб, Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинма командирининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича кўрсатмаларини бажарадиган шахс;
кўмаклашувчи отряд аъзоси — доимий равишда Ўзбекистон Республикаси чегара олди ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролардан танланиб, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича кўмаклашувчи отряд сардори кўрсатмаларини бажарадиган шахс.
4. Фуқароларнинг кўмаклашувчи отряддаги иштироки уларни ўз фаолиятини бажаришдан ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида умумий ҳарбий мажбуриятни ўташдан озод қилмайди.
Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда фаол иштирок этиб, ўзини ижобий томондан кўрсатган кўмаклашувчи отряд аъзолари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида умумий ҳарбий мажбуриятни ўташи учун чақиртирилганида, Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирлари томонидан кўмаклашувчи отряд аъзосига Чегара қўшинларида ҳарбий хизматни ўташга қобилиятлилиги ҳақида тавсиянома берилиши мумкин.
Кўмаклашувчи отряд аъзоларига Чегара қўшинларида ҳарбий хизматни ўташга қобилиятлилиги ҳақида тавсиянома бериш тартиби Давлат хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.
2-боб. Кўмаклашувчи отрядларни ташкил этиш асослари ва уларнинг вазифалари
5. Кўмаклашувчи отрядлар чегара зонасида, Давлат чегарасига туташ туманларда истиқомат қилувчи фуқаролар, шунингдек, Давлат чегараси яқинида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ишчи ва хизматчилардан ташкил этилади.
Кўмаклашувчи отрядлар аъзолигига отрядга юкланган вазифаларни бажаришга ихтиёрий равишда иштирок этиш истагини билдирган, соғлом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қиладиган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
Кўмаклашувчи отрядга номзодлар ташкилотчилик, кучли ирода, топқирлик, ташаббускорлик қобилиятларига ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан танланади.
6. Кўмаклашувчи отрядларга ўз турмуш тарзи билан аҳоли ўртасида салбий тавсифланганлар, руҳий касаллиги, гиёҳвандликка, сурункали ичкиликбозликка ружу қўйганлиги учун тегишли тиббиёт муассасалари ҳисобида турганлар ва Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тергов бўлинмалари томонидан дастлабки тергов ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши белгиланган жиноятларни содир этган шахслар қабул қилинмайди.
7. Қуйидагилар кўмаклашувчи отрядларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Давлат чегараси режимига, чегара режимига ва Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимга риоя этилишини таъминлаш юзасидан чегара аҳоли пунктларида амалга ошириладиган тадбирларда Чегара қўшинлари назорати остида қатнашиш, белгиланган ҳудудларда кузатув олиб бориш ва фаолиятининг тунги вақтларида жамоат жойлари, маҳалла кўчалари ва чегара ҳудудлардаги қаровсиз жойларда тунги патруллик фаолиятида иштирок этиш;
Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, ундан қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар контрабандаси ва чегарадан олиб ўтилиши тақиқланган бошқа турдаги буюмлар, воситалар ва маҳсулотларни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган ҳолатлар тўғрисида Чегара қўшинларига хабар бериш;
Давлат чегараси режими, чегара режими ва Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бузувчиларни қидириш ва уларни қўлга олишда Чегара қўшинларига кўмаклашиш;
чегараолди ҳудудларда аҳоли пунктларига олиб борувчи йўналишларини беркитишда қатнашиш;
фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида чегараолди ҳудудларда истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли орасида Давлат чегараси режими, чегараолди режими ва Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режим талабларига риоя этилишини ва чегара зонасида хавфсизликни таъминлаш, жамоатчилик тартибини сақлаш;
табиий офатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда фуқароларни қутқариш, уларнинг мол-мулкларини сақлаб қолиш, фавқулодда вазият хавфи туғилганда аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш ва ушбу ҳолатларни чегараолди ҳудудларда бартараф этишда кўмаклашиш;
чегараолди ҳудудларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳоли пунктларида хавфсизликни ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида Чегара қўшинлари, ички ишлар органлари ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари томонидан ўтказиладиган ҳамкорликдаги профилактик-тарғибот тадбирлари ва тушунтириш ишларида иштирок этиш, Чегара қўшинлари таркибида муддатли ҳарбий хизматни ўташга ёшларни тайёрлашда тушунтириш-тарғибот тадбирларини амалга ошириш.
8. Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири ва унинг ўринбосарлари томонидан кўмаклашувчи отряд аъзоларини ушбу Низомда назарда тутилмаган бошқа вазифаларни бажаришга жалб этиш тақиқланади.
3-боб. Кўмаклашувчи отряд аъзоларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
9. Кўмаклашувчи отряд аъзолари зиммасига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
чегараолди ҳудудларда ҳаракатланиб келаётган шахсларнинг ҳужжатларини текширишда Чегара қўшинларига кўмаклашиш;
Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинма командирлари томонидан юкланган вазифаларни бажаришда ҳамда олинган маълумотларни ўз вақтида етказишда, муассаса, корхона ва ташкилотларнинг хизмат алоқа (телефон) воситаларидан фойдаланиш;
чегараолди ҳудудда ҳаракатланаётган шахслардан режим қоидаларига ва жамоат тартибига амал қилишларини Чегара қўшинлари назорати остида талаб қилиш;
Давлат чегараси билан боғлик ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган ҳуқуқбузарлар, жиноят содир этишда гумон қилинганлар ҳамда шубҳали шахслар хусусида Чегара қўшинларини хабардор қилиш.
Кўмаклашувчи отряд, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Кўмаклашувчи отряд аъзолари қуйидагиларга мажбур:
Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда кўмаклашиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, ушбу Низом талабларига қатъий амал қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан ўтказиладиган тадбирларда, Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинма командирлари ва кўмаклашувчи отряд сардорларининг талабларини аниқ, сидқидилдан ва виждонан бажариш;
Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича вазифани бажариш вақтида кўмаклашувчи отряд аъзолиги гувоҳномасини ўзининг ёнида олиб юриш.
Кўмаклашувчи отряд, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
4-боб. Кўмаклашувчи отряд аъзоларининг фаолиятини ташкил этиш
11. Кўмаклашувчи отряд, чегараолди ҳудуднинг географик жойлашуви, ҳудуддаги вазият ва заруратдан келиб чиққан ҳолда, Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинмалари ҳузурида 1 нафар сардор ва 9 нафаргача бўлган отряд аъзоларидан иборат таркибда ташкил этилади.
Кўмаклашувчи отряд аъзолигига қабул қилишда меҳнат шартномаси тузилмайди ва иш стажи ҳисобланмайди.
12. Кўмаклашувчи отрядга қабул қилиш ва рўйхатдан чиқариш Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирининг буйруғи асосида амалга оширилади.
13. Кўмаклашувчи отрядга қабул қилиш фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхасини илова қилган ҳолда Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири номига тақдим қилган ёзма мурожаати асосида қабул қилинади.
Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилиб, номзодни кўмаклашувчи отряд аъзолигига қабул қилиш ёки қилмаслик масаласи ҳал қилинади.
Агарда номзод бўйича ижобий қарор қабул қилинмаса, унга жавоб хатида рад этиш сабаблари кўрсатилмайди.
14. Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирининг фуқарони кўмаклашувчи отрядга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруғи имзолангандан сўнг, унинг кўчирмаси кўмаклашувчи отряд аъзосининг асосий иш жойининг иш берувчисига юборилади.
15. Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири томонидан кўмаклашувчи отряд аъзоларига гувоҳнома берилади. Кўмаклашувчи отряд аъзоларига бериладиган гувоҳнома шакли ва уни бериш тартиби Давлат хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.
16. Кўмаклашувчи отряд аъзолари фаолиятини Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинма командирлари томонидан ишлаб чиқилган режалар асосида амалга оширади.
Режада қуйидаги тадбирлар назарда тутилиши мумкин:
ўзларига белгиланган ҳудудда вазиятни мунтазам кузатиб бориш;
Давлат чегараси режими, чегара режими ва Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режим қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш ва чегара-қидирув тадбирларида Чегара қўшинлари назорати остида иштирок этиш.
Кўмаклашувчи отрядлар Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш фаолияти доирасида қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тадбирларга ҳам жалб қилиниши мумкин.
17. Кўмаклашувчи отряд сардори кўмаклашувчи отряд аъзоларининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолияти якунлангандан сўнг унинг натижалари бўйича ҳамда бириктирилган ҳудуддаги вазият хусусида уч соат ичида Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинма командирига ҳисобот беради.
18. Кўмаклашувчи отряд аъзоларини ўқитиш, фаолиятини амалга ошириш давомида уларга йўриқнома ўтказиш улар фаолият олиб бораётган ҳудудда жойлашган Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинмасида амалга оширилади.
Бир неча кўмаклашувчи отряд фаолиятининг умумий натижалари бўйича йиғилишлар ўтказиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш улар фаолият олиб бораётган ҳарбий қисмда ташкил қилинади.
19. Кўмаклашувчи отряд аъзолари асосий иш фаолиятларидан бўш вақтларида Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда иштирок этадилар.
20. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда, зарурат туғилганда, кўмаклашувчи отряд аъзолари ўзларининг асосий иш жойи иш берувчиси розилиги асосида фаолиятидан йил давомида жами ўттиз иш кунидан ошмаган ҳолда вақтинча озод қилинади ва бунда уларнинг иш стажи ҳамда ўртача ойлик маоши ўз ҳолича сақланиб қолинади.
Бунда Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири томонидан кўмаклашувчи отряд аъзосининг асосий иш жойига хизмат хати тақдим қилинади.
21. Ўз вазифасини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган, фаолияти салбий баҳоланган, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этган ва ўз хоҳиши билан кўмаклашувчи отряд аъзолигидан бўшатилишини сўраб мурожаат қилган кўмаклашувчи отряд аъзоси тегишли буйруқ асосида отряд таркибидан чиқарилади, унинг гувоҳномаси олиб қўйилади ҳамда бу ҳақда унинг асосий иш жойига хабар берилади.
22. Кўмаклашувчи отряд аъзоси иш, яшаш ёки ўқиш жойини ўзгартирганлиги муносабати билан отряд таркибидан чиқарилганда, унинг мурожаати ва Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири томонидан аввал берилган тавсифнома асосида янги иш, яшаш ёки ўқиш жойидан қайтадан отряд аъзолигига қабул қилиниши мумкин.
23. Кўмаклашувчи отряд таркибига қабул қилинаётган ва чиқарилаётган аъзолар ҳисоби Чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинма командирлари томонидан юритилади.
5-боб. Кўмаклашувчи отряд аъзоларини рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоялаш
24. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни таъминлашда амалий ёрдам ва кўмак кўрсатганлиги учун кўмаклашувчи отряд аъзоларига қуйидагича ойлик тўловлари белгиланади:
кўмаклашувчи отряд сардорларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваригача бўлган миқдорда;
кўмаклашувчи отряд аъзоларига — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,06 бараваригача бўлган миқдорда.
Кўмаклашувчи отряд аъзоларига ойлик тўловлар Давлат хавфсизлик хизматининг идоравий ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
25. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда фаол иштирок этиб, ўзининг фаолиятида яхши натижаларга эришган кўмаклашувчи отряд аъзолари қуйидагича тақдирланади:
Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, жиноят ва бошқа турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни аниқлаш ҳамда ўзига юкланган вазифаларни бажаришда юксак натижаларга эришганлиги ва ўрнак кўрсатганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига белгиланган тартибда давлат мукофотларига тавсия этилади;
кўмаклашувчи отряд аъзосининг иш жойига хабар берган ҳолда унга миннатдорчилик эълон қилинади;
Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирларининг ваколати доирасида фахрий ва мақтов ёрлиқлари, қимматбаҳо совға ҳамда пул мукофотлари берилади.
26. Кўмаклашувчи отряд аъзоларини рағбатлантириш тадбирлари тантанали равишда, чегараолди ҳудудда жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида бошқа кўмаклашувчи отряд аъзолари иштирокида ёки улар фаолият юритадиган муассаса, корхона ва ташкилотлар йиғилишларида ўтказилади.
27. Кўмаклашувчи отряд аъзолари, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан уларга юкланган вазифаларни бажариш вақтида ҳалок бўлган ёхуд оғир тан жароҳати олган тақдирда, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати идоравий ҳужжатлари асосида унга ва оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
28. Кўмаклашувчи отряд аъзоларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан ўтказиладиган тадбирларда Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирининг рухсати билан бўлинма командири томонидан радио-алоқа ва кузатув воситалари тақдим қилиниши мумкин.
29. Давлат чегарасида юзага келган заруратдан келиб чиқиб, кўмаклашувчи отряд аъзоларига Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирлари қарорлари билан уларга бошқа турдаги техник воситалар вақтинча фойдаланиш мақсадида берилиши мумкин.
30. Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари ушбу Низом талабларига риоя этилишини таъминлайдилар.
31. Чегара қўшинлари ҳарбий қисм ва бўлинма командирлари кўмаклашувчи отряд аъзоларига қонунга хилоф топшириқлар берилмаслигини ҳамда уларни давлат сирларини ташкил этувчи ҳужжатлар билан таништирилмаслигини таъминлайди.
32. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 январдаги 35-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядлари тўғрисида» 2014 йил 30 сентябрдаги 273-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2014 й., 40-сон, 497-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2018 йил 29 майдаги 396-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 5-сон, 126-модда) илованинг 75-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2018 йил 20 сентябрдаги 748-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 9-сон, 230-модда) илованинг 36-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 136-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 23 январь,
35-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga koʻmaklashuvchi “Chegara posbonlari” otryadlari faoliyatini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
“Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablarini bajarish hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilishda fuqarolarning ixtiyoriy asosda ishtirokini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga koʻmaklashuvchi “Chegara posbonlari” otryadlari toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga koʻmaklashuvchi “Chegara posbonlari” otryadlarining (keyingi oʻrinlarda — “Chegara posbonlari” otryadlari) vazifalari va faoliyatini tashkil etish asoslari;
“Chegara posbonlari” otryadlari aʼzolarining huquq va majburiyatlari hamda ularni ragʻbatlantirish tartibi.
2. “Chegara posbonlari” otryadlari aʼzolariga toʻlanadigan oylik toʻlovlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan amalga oshirilishi va ushbu xarajatlar Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga ajratiladigan budjet mablagʻlari hisobidan qoplanishi belgilansin.
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga koʻmaklashuvchi “Chegara posbonlari” otryadlari oʻz faoliyatini amalga oshirishi uchun chegara oldi hududlarda joylashgan davlat muassasalarida zarur xonalar ajratib, mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan ularning mebel va boshqa moddiy-texnik vositalar bilan jihozlanishini taʼminlasin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
5. Vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov, Oʻzbekiston Respublikasi moliya vaziri T.A. Ishmetov va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati raisi A.A. Azizov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 23-yanvardagi 35-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga koʻmaklashuvchi “Chegara posbonlari” otryadlari toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga koʻmaklashuvchi “Chegara posbonlari” otryadlarini (keyingi oʻrinlarda — koʻmaklashuvchi otryad), tashkil etish asoslari, ularning vazifalari, tarkibi, faoliyatini tashkil etish tartibi, ularning huquq va majburiyatlari, koʻmaklashuvchi otryad aʼzolarini ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoya qilish tartibini belgilaydi.
2. Koʻmaklashuvchi otryad oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, mahalliy davlat hokimiyati organlarining qarorlari, koʻmaklashuvchi otryadlar faoliyatini tartibga soluvchi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatining (keyingi oʻrinlarda — Davlat xavfsizlik xizmati) idoraviy hujjatlariga hamda ushbu Nizomga muvofiq amalga oshiradi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
koʻmaklashuvchi otryad — Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari (keyingi oʻrinlarda — Chegara qoʻshinlari) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasini (keyingi oʻrinlarda — Davlat chegarasi) qoʻriqlash va himoya qilish uchun ixtiyoriy ravishda jalb qilingan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolaridan tashkil etilgan jamoatchilik tuzilmasi;
koʻmaklashuvchi otryad sardori — doimiy ravishda Oʻzbekiston Respublikasi chegara oldi hududida istiqomat qiluvchi otryad aʼzolaridan tayinlanib, Chegara qoʻshinlari harbiy qism boʻlinma komandirining Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish boʻyicha koʻrsatmalarini bajaradigan shaxs;
koʻmaklashuvchi otryad aʼzosi — doimiy ravishda Oʻzbekiston Respublikasi chegara oldi hududida istiqomat qiluvchi fuqarolardan tanlanib, Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish boʻyicha koʻmaklashuvchi otryad sardori koʻrsatmalarini bajaradigan shaxs.
4. Fuqarolarning koʻmaklashuvchi otryaddagi ishtiroki ularni oʻz faoliyatini bajarishdan va Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida umumiy harbiy majburiyatni oʻtashdan ozod qilmaydi.
Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilishda faol ishtirok etib, oʻzini ijobiy tomondan koʻrsatgan koʻmaklashuvchi otryad aʼzolari Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida umumiy harbiy majburiyatni oʻtashi uchun chaqirtirilganida, Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandirlari tomonidan koʻmaklashuvchi otryad aʼzosiga Chegara qoʻshinlarida harbiy xizmatni oʻtashga qobiliyatliligi haqida tavsiyanoma berilishi mumkin.
Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolariga Chegara qoʻshinlarida harbiy xizmatni oʻtashga qobiliyatliligi haqida tavsiyanoma berish tartibi Davlat xavfsizlik xizmati tomonidan belgilanadi.
2-bob. Koʻmaklashuvchi otryadlarni tashkil etish asoslari va ularning vazifalari
5. Koʻmaklashuvchi otryadlar chegara zonasida, Davlat chegarasiga tutash tumanlarda istiqomat qiluvchi fuqarolar, shuningdek, Davlat chegarasi yaqinida joylashgan muassasa, korxona va tashkilotlarda faoliyat olib borayotgan ishchi va xizmatchilardan tashkil etiladi.
Koʻmaklashuvchi otryadlar aʼzoligiga otryadga yuklangan vazifalarni bajarishga ixtiyoriy ravishda ishtirok etish istagini bildirgan, sogʻlom, fuqarolarning huquq va erkinliklarini hurmat qiladigan 18 yoshdan 60 yoshgacha boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari qabul qilinadi.
Koʻmaklashuvchi otryadga nomzodlar tashkilotchilik, kuchli iroda, topqirlik, tashabbuskorlik qobiliyatlariga va aholi oʻrtasida obroʻ-eʼtiborga ega boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari orasidan tanlanadi.
6. Koʻmaklashuvchi otryadlarga oʻz turmush tarzi bilan aholi oʻrtasida salbiy tavsiflanganlar, ruhiy kasalligi, giyohvandlikka, surunkali ichkilikbozlikka ruju qoʻyganligi uchun tegishli tibbiyot muassasalari hisobida turganlar va Oʻzbekiston Respublikasi huquqni muhofaza qiluvchi organlarning tergov boʻlinmalari tomonidan dastlabki tergov va surishtiruv harakatlari olib borilishi belgilangan jinoyatlarni sodir etgan shaxslar qabul qilinmaydi.
7. Quyidagilar koʻmaklashuvchi otryadlarning asosiy vazifalari hisoblanadi:
Davlat chegarasi rejimiga, chegara rejimiga va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasi orqali oʻtkazish punktlaridagi rejimga rioya etilishini taʼminlash yuzasidan chegara aholi punktlarida amalga oshiriladigan tadbirlarda Chegara qoʻshinlari nazorati ostida qatnashish, belgilangan hududlarda kuzatuv olib borish va faoliyatining tungi vaqtlarida jamoat joylari, mahalla koʻchalari va chegara hududlardagi qarovsiz joylarda tungi patrullik faoliyatida ishtirok etish;
Davlat chegarasini noqonuniy kesib oʻtish, undan qurol-aslaha, oʻq-dorilar, giyohvandlik vositalari yoki psixotrop moddalar kontrabandasi va chegaradan olib oʻtilishi taqiqlangan boshqa turdagi buyumlar, vositalar va mahsulotlarni oʻtkazishga tayyorgarlik koʻrilayotgan holatlar toʻgʻrisida Chegara qoʻshinlariga xabar berish;
Davlat chegarasi rejimi, chegara rejimi va Davlat chegarasi orqali oʻtkazish punktlaridagi rejimni buzuvchilarni qidirish va ularni qoʻlga olishda Chegara qoʻshinlariga koʻmaklashish;
chegaraoldi hududlarda aholi punktlariga olib boruvchi yoʻnalishlarini berkitishda qatnashish;
fuqarolarning oʻzini-oʻzi boshqarish organlari hamda ichki ishlar organlari hamkorligida chegaraoldi hududlarda istiqomat qiluvchi mahalliy aholi orasida Davlat chegarasi rejimi, chegaraoldi rejimi va Davlat chegarasi orqali oʻtkazish punktlaridagi rejim talablariga rioya etilishini va chegara zonasida xavfsizlikni taʼminlash, jamoatchilik tartibini saqlash;
tabiiy ofatlar, yongʻinlar va boshqa favqulodda vaziyatlarda fuqarolarni qutqarish, ularning mol-mulklarini saqlab qolish, favqulodda vaziyat xavfi tugʻilganda aholini oʻz vaqtida xabardor qilish va ushbu holatlarni chegaraoldi hududlarda bartaraf etishda koʻmaklashish;
chegaraoldi hududlarida ijtimoiy-maʼnaviy muhitni sogʻlomlashtirish, huquqbuzarlik va jinoyatchilikning oldini olish hamda aholi punktlarida xavfsizlikni va jamoat tartibini saqlash maqsadida Chegara qoʻshinlari, ichki ishlar organlari va favqulodda vaziyatlar boʻlinmalari tomonidan oʻtkaziladigan hamkorlikdagi profilaktik-targʻibot tadbirlari va tushuntirish ishlarida ishtirok etish, Chegara qoʻshinlari tarkibida muddatli harbiy xizmatni oʻtashga yoshlarni tayyorlashda tushuntirish-targʻibot tadbirlarini amalga oshirish.
8. Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandiri va uning oʻrinbosarlari tomonidan koʻmaklashuvchi otryad aʼzolarini ushbu Nizomda nazarda tutilmagan boshqa vazifalarni bajarishga jalb etish taqiqlanadi.
3-bob. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolarining huquqlari va majburiyatlari
9. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolari zimmasiga yuklangan vazifalarni bajarishda quyidagi huquqlarga ega:
chegaraoldi hududlarda harakatlanib kelayotgan shaxslarning hujjatlarini tekshirishda Chegara qoʻshinlariga koʻmaklashish;
Chegara qoʻshinlari harbiy qism boʻlinma komandirlari tomonidan yuklangan vazifalarni bajarishda hamda olingan maʼlumotlarni oʻz vaqtida yetkazishda, muassasa, korxona va tashkilotlarning xizmat aloqa (telefon) vositalaridan foydalanish;
chegaraoldi hududda harakatlanayotgan shaxslardan rejim qoidalariga va jamoat tartibiga amal qilishlarini Chegara qoʻshinlari nazorati ostida talab qilish;
Davlat chegarasi bilan bogʻlik noqonuniy harakatlarni amalga oshirgan huquqbuzarlar, jinoyat sodir etishda gumon qilinganlar hamda shubhali shaxslar xususida Chegara qoʻshinlarini xabardor qilish.
Koʻmaklashuvchi otryad, qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
10. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolari quyidagilarga majbur:
Chegara qoʻshinlariga Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilishda koʻmaklashish hamda amaliy yordam koʻrsatish;
Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlariga hamda boshqa normativ-huquqiy hujjatlar, shuningdek, ushbu Nizom talablariga qatʼiy amal qilish;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilishni taʼminlash yuzasidan oʻtkaziladigan tadbirlarda, Chegara qoʻshinlari harbiy qism boʻlinma komandirlari va koʻmaklashuvchi otryad sardorlarining talablarini aniq, sidqidildan va vijdonan bajarish;
Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish boʻyicha vazifani bajarish vaqtida koʻmaklashuvchi otryad aʼzoligi guvohnomasini oʻzining yonida olib yurish.
Koʻmaklashuvchi otryad, qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquq va majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
4-bob. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolarining faoliyatini tashkil etish
11. Koʻmaklashuvchi otryad, chegaraoldi hududning geografik joylashuvi, hududdagi vaziyat va zaruratdan kelib chiqqan holda, Chegara qoʻshinlari harbiy qism boʻlinmalari huzurida 1 nafar sardor va 9 nafargacha boʻlgan otryad aʼzolaridan iborat tarkibda tashkil etiladi.
Koʻmaklashuvchi otryad aʼzoligiga qabul qilishda mehnat shartnomasi tuzilmaydi va ish staji hisoblanmaydi.
12. Koʻmaklashuvchi otryadga qabul qilish va roʻyxatdan chiqarish Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandirining buyrugʻi asosida amalga oshiriladi.
13. Koʻmaklashuvchi otryadga qabul qilish fuqaroning shaxsini tasdiqlovchi hujjati nusxasini ilova qilgan holda Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandiri nomiga taqdim qilgan yozma murojaati asosida qabul qilinadi.
Murojaat kelib tushgan kundan boshlab bir oygacha boʻlgan muddat ichida koʻrib chiqilib, nomzodni koʻmaklashuvchi otryad aʼzoligiga qabul qilish yoki qilmaslik masalasi hal qilinadi.
Agarda nomzod boʻyicha ijobiy qaror qabul qilinmasa, unga javob xatida rad etish sabablari koʻrsatilmaydi.
14. Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandirining fuqaroni koʻmaklashuvchi otryadga qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi buyrugʻi imzolangandan soʻng, uning koʻchirmasi koʻmaklashuvchi otryad aʼzosining asosiy ish joyining ish beruvchisiga yuboriladi.
15. Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandiri tomonidan koʻmaklashuvchi otryad aʼzolariga guvohnoma beriladi. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolariga beriladigan guvohnoma shakli va uni berish tartibi Davlat xavfsizlik xizmati tomonidan belgilanadi.
16. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolari faoliyatini Chegara qoʻshinlari harbiy qism boʻlinma komandirlari tomonidan ishlab chiqilgan rejalar asosida amalga oshiradi.
Rejada quyidagi tadbirlar nazarda tutilishi mumkin:
oʻzlariga belgilangan hududda vaziyatni muntazam kuzatib borish;
Davlat chegarasi rejimi, chegara rejimi va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasi orqali oʻtkazish punktlaridagi rejim qoidalariga rioya qilinishini taʼminlash va chegara-qidiruv tadbirlarida Chegara qoʻshinlari nazorati ostida ishtirok etish.
Koʻmaklashuvchi otryadlar Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish faoliyati doirasida qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa tadbirlarga ham jalb qilinishi mumkin.
17. Koʻmaklashuvchi otryad sardori koʻmaklashuvchi otryad aʼzolarining Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish bilan bogʻliq faoliyati yakunlangandan soʻng uning natijalari boʻyicha hamda biriktirilgan hududdagi vaziyat xususida uch soat ichida Chegara qoʻshinlari harbiy qism boʻlinma komandiriga hisobot beradi.
18. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolarini oʻqitish, faoliyatini amalga oshirish davomida ularga yoʻriqnoma oʻtkazish ular faoliyat olib borayotgan hududda joylashgan Chegara qoʻshinlari harbiy qism boʻlinmasida amalga oshiriladi.
Bir necha koʻmaklashuvchi otryad faoliyatining umumiy natijalari boʻyicha yigʻilishlar oʻtkazish va ularning faoliyatini muvofiqlashtirish ular faoliyat olib borayotgan harbiy qismda tashkil qilinadi.
19. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolari asosiy ish faoliyatlaridan boʻsh vaqtlarida Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilishda ishtirok etadilar.
20. Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilishda, zarurat tugʻilganda, koʻmaklashuvchi otryad aʼzolari oʻzlarining asosiy ish joyi ish beruvchisi roziligi asosida faoliyatidan yil davomida jami oʻttiz ish kunidan oshmagan holda vaqtincha ozod qilinadi va bunda ularning ish staji hamda oʻrtacha oylik maoshi oʻz holicha saqlanib qolinadi.
Bunda Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandiri tomonidan koʻmaklashuvchi otryad aʼzosining asosiy ish joyiga xizmat xati taqdim qilinadi.
21. Oʻz vazifasini bajarmagan yoki lozim darajada bajarmagan, faoliyati salbiy baholangan, qonunga zid xatti-harakatlar sodir etgan va oʻz xohishi bilan koʻmaklashuvchi otryad aʼzoligidan boʻshatilishini soʻrab murojaat qilgan koʻmaklashuvchi otryad aʼzosi tegishli buyruq asosida otryad tarkibidan chiqariladi, uning guvohnomasi olib qoʻyiladi hamda bu haqda uning asosiy ish joyiga xabar beriladi.
22. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzosi ish, yashash yoki oʻqish joyini oʻzgartirganligi munosabati bilan otryad tarkibidan chiqarilganda, uning murojaati va Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandiri tomonidan avval berilgan tavsifnoma asosida yangi ish, yashash yoki oʻqish joyidan qaytadan otryad aʼzoligiga qabul qilinishi mumkin.
23. Koʻmaklashuvchi otryad tarkibiga qabul qilinayotgan va chiqarilayotgan aʼzolar hisobi Chegara qoʻshinlari harbiy qism boʻlinma komandirlari tomonidan yuritiladi.
5-bob. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolarini ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoyalash
24. Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilishni taʼminlashda amaliy yordam va koʻmak koʻrsatganligi uchun koʻmaklashuvchi otryad aʼzolariga quyidagicha oylik toʻlovlari belgilanadi:
koʻmaklashuvchi otryad sardorlariga — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 1,41 baravarigacha boʻlgan miqdorda;
koʻmaklashuvchi otryad aʼzolariga — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 1,06 baravarigacha boʻlgan miqdorda.
Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolariga oylik toʻlovlar Davlat xavfsizlik xizmatining idoraviy hujjatlari asosida amalga oshiriladi.
25. Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilishda faol ishtirok etib, oʻzining faoliyatida yaxshi natijalarga erishgan koʻmaklashuvchi otryad aʼzolari quyidagicha taqdirlanadi:
Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish, fuqarolar osoyishtaligini taʼminlash, jamoat tartibini saqlash, shuningdek, jinoyat va boshqa turdagi huquqbuzarliklarni sodir etgan shaxslarni aniqlash hamda oʻziga yuklangan vazifalarni bajarishda yuksak natijalarga erishganligi va oʻrnak koʻrsatganligi uchun qonunchilik hujjatlariga belgilangan tartibda davlat mukofotlariga tavsiya etiladi;
koʻmaklashuvchi otryad aʼzosining ish joyiga xabar bergan holda unga minnatdorchilik eʼlon qilinadi;
Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandirlarining vakolati doirasida faxriy va maqtov yorliqlari, qimmatbaho sovgʻa hamda pul mukofotlari beriladi.
26. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolarini ragʻbatlantirish tadbirlari tantanali ravishda, chegaraoldi hududda joylashgan mahalla fuqarolar yigʻinlarida boshqa koʻmaklashuvchi otryad aʼzolari ishtirokida yoki ular faoliyat yuritadigan muassasa, korxona va tashkilotlar yigʻilishlarida oʻtkaziladi.
27. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolari, Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish yuzasidan ularga yuklangan vazifalarni bajarish vaqtida halok boʻlgan yoxud ogʻir tan jarohati olgan taqdirda, amaldagi qonunchilik hujjatlariga hamda Davlat xavfsizlik xizmati idoraviy hujjatlari asosida unga va oila aʼzolariga moddiy yordam koʻrsatiladi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
28. Koʻmaklashuvchi otryad aʼzolariga Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish yuzasidan oʻtkaziladigan tadbirlarda Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandirining ruxsati bilan boʻlinma komandiri tomonidan radio-aloqa va kuzatuv vositalari taqdim qilinishi mumkin.
29. Davlat chegarasida yuzaga kelgan zaruratdan kelib chiqib, koʻmaklashuvchi otryad aʼzolariga Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandirlari qarorlari bilan ularga boshqa turdagi texnik vositalar vaqtincha foydalanish maqsadida berilishi mumkin.
30. Chegara qoʻshinlari harbiy qism komandirlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa mutasaddi tashkilot vakillari ushbu Nizom talablariga rioya etilishini taʼminlaydilar.
31. Chegara qoʻshinlari harbiy qism va boʻlinma komandirlari koʻmaklashuvchi otryad aʼzolariga qonunga xilof topshiriqlar berilmasligini hamda ularni davlat sirlarini tashkil etuvchi hujjatlar bilan tanishtirilmasligini taʼminlaydi.
32. Ushbu Nizom talablarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 23-yanvardagi 35-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatining Chegara qoʻshinlariga koʻmaklashuvchi “Chegara posbonlari” otryadlari toʻgʻrisida” 2014-yil 30-sentabrdagi 273-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2014-y., 40-son, 497-modda).
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2018-yil 29-maydagi 396-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2018-y., 5-son, 126-modda) ilovaning 75-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2018-yil 20-sentabrdagi 748-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2018-y., 9-son, 230-modda) ilovaning 36-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qaroriga ilovaning 136-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 23-yanvar,
35-son