UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 26-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 26 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 января 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 January 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

функционал талаблар

ҚОИДАЛАРИ

РЎЙХАТИ

Давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш жараёнларини ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида

«Давлат харидлари тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш жараёнларини ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2021 йил 1 апрелга қадар давлат харидлари соҳасидаги махсус ахборот портали операторлари билан биргаликда махсус ахборот порталида қурилиш соҳасида давлат харидларини электрон шаклда ўтказишни назарда тутувчи алоҳида саҳифа яратсин;

2021 йил 1 майга қадар Марказий ахборот порталини яратиш бўйича техник-лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида экспертизадан ўтказсин;

2021 йил 1 сентябрга қадар давлат харидлари бўйича барча маълумотларни жамловчи ва ташқи ахборот тизимлар билан ўзаро электрон ҳамкорликни таъминловчи Давлат харидлари марказий ахборот портали дастурий мажмуасини (кейинги ўринларда — Марказий ахборот портали) яратиш ва уни кузатишни таъминлаш чораларини кўрсин.

2. Белгилансинки:

Марказий ахборот порталини ишлаб чиқиш ва уни кузатишни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан амалга оширилади;

Марказий ахборот порталини ишлаб чиқиш ва уни кузатишни таъминлаш халқаро молия институтларидан жалб қилинадиган маблағлар ҳамда Молия вазирлиги Ахборот-ҳисоблаш марказининг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

2021 йил 1 апрелдан бошлаб давлат харидлари ижрочисининг муассислари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизимлари ўртасидаги ахборот алмашинувидан фойдаланган ҳолда давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестрига киритилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда давлат харидлари соҳасидаги маълумотлар алмашинувини таъминлаш мақсадида Марказий ахборот портали билан электрон ҳамкорликни амалга ошириш чораларини кўрсин.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги икки ой муддатда Молия вазирлигига қурилиш соҳасида (лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция (модернизация) қилиш ва мукаммал таъмирлаш) танловни (тендерни) ташкил этиш ва ўтказишда иштирокчилар учун талаб этиладиган намунавий ҳужжатларни тасдиқлаш учун киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлигининг сўровига мувофиқ Марказий ахборот порталини электрон ҳукумат тизимлари билан интеграциялашни таъминласин.

5. Қуйидагилар:

Давлат харидлари марказий ахборот порталини юритиш бўйича функционал талаблар 1-иловага мувофиқ;

Давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) миллий классификаторини юритиш қоидалари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) миллий классификаторининг «Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри» билан маьлумотлар алмашишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 январдаги 37-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат харидлари марказий ахборот порталини юритиш бўйича

1-боб. Умумий қоидалар

1. Давлат харидлари марказий ахборот порталини юритиш бўйича функционал талаблар (кейинги ўринларда — Функционал талаблар) «Давлат харидлари тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни , шунингдек, соҳага оид қабул қилинган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ишлаб чиқилган.

2. Ушбу Функционал талабларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат харидлари марказий ахборот портали (кейинги ўринларда — ДХМАП) — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат харидлари тўғрисидаги ахборот электрон шаклда юритилишини, шу жумладан, махсус ахборот портали операторининг (кейинги ўринларда — оператор) ахборот тизимлари билан ўзаро маълумот алмашинуви орқали давлат харидларининг режа-жадваллари, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, давлат харидларининг якунлари тўғрисидаги ахборот, давлат харидлари бўйича статистик ахборот ва бошқа маълумотларни ўзининг маълумотлар базасида жамланишини ва улардан барча жисмоний ва юридик шахсларнинг эркин фойдаланишини таъминловчи махсус электрон платформаси;

давлат харидлари тўғрисидаги ахборот ( кейинги ўринларда — ахборот) — давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, давлат харидларининг режа-жадваллари, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, ҳужжатларнинг намунавий шакллари, харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этиш учун зарур бўлган намунавий шартномалар, давлат харидларининг якунлари тўғрисидаги ахборот, Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри, Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарорлари, давлат харидлари бўйича статистик ахборот ва давлат харидлари соҳасига оид бошқа маълумотлар;

махсус ахборот портали — операторнинг давлат харидлари ўтказилишини, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, давлат харидлари якунлари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифлари ҳақидаги ахборотнинг ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборотнинг электрон шаклда жойлаштирилишини ва кўрилишини, шунингдек, электрон давлат харидлари ўтказилишини таъминловчи веб-сайти ва махсус электрон платформаси;

махсус ахборот портали оператори — давлат харидларининг субъектларига харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш, махсус ахборот порталига эълонларни, буюртманомаларни ҳамда давлат харидлари ва уларнинг якунлари тўғрисидаги бошқа ахборотни жойлаштириш билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи махсус ваколатли юридик шахс;

харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари — Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси.

3. Функционал талаблар қуйидагиларни назарда тутади:

ДХМАПда ахборотни шакллантириш ва жойлаштириш, шунингдек, унинг жамоатчиликка очиқлигини таъминлаш учун «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига ҳамда ушбу Функционал талабларнинг 2 ва 3-боблари талабларига мувофиқ функционал имкониятларни яратиш;

ДХМАПнинг операторлар ахборот тизимлари ва бошқа ахборот тизимлари билан интеграциясини амалга ошириш имкониятларини яратиш;

«Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетлари маблағлари доирасида юридик мажбуриятларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тартибига мувофиқ ахборотни шакллантириш, қайта ишлаш, сақлаш ва тақдим этиш;

харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида ДХМАПда ахборот мажбурий тартибда жамоатчиликка ҳавола этилишини таъминлаш, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно;

харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат назоратини амалга оширувчи давлат органларига ўз функцияларини бажариши учун ДХМАПдан фойдаланиш имкониятини яратиш.

4. ДХМАП Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аппарат-техника воситаларида жойлаштирилади.

5. Харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат назоратини амалга оширувчи давлат органларининг масъул ходимлари ўз функцияларини амалга ошириш учун ўзларининг солиқ органлари томонидан берилган электрон рақамли имзоларидан (кейинги ўринларда — ЭРИ) фойдаланган ҳолда ДХМАПда кузатувчи сифатида рўйхатдан ўтадилар.

6. ДХМАПда жойлаштирилган ахборот ДХМАПда ахборотни жойлаштириш ваколатига эга бўлган шахсларнинг ЭРИси билан имзоланади.

7. ДХМАПда ЭРИни қўллаш тартиби «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган талабларга мувофиқ, шунингдек, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида амалга оширилади.

8. ДХМАПга бошқа ахборот тизимларидан интеграция асосида узатиладиган ахборот ДХМАПга автоматик тарзда жойлашади.

9. ДХМАП билан бошқа ахборот тизимлари ўртасидаги маълумотлар алмашинуви белгиланган стандарт талабларга мувофиқ ягона форматлар орқали ҳамда Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар, классификаторлар ва ягона идентификаторларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

10. ДХМАПда ахборотни жойлаштириш қуйидаги талаблардан келиб чиқиб амалга оширилади:

ахборот электрон ҳужжатларнинг ягона шаклига мувофиқ бўлган тақдирда;

фойдаланилаётган ЭРИнинг ҳақиқийлиги тасдиқланганда;

жойлаштирилиши лозим бўлган ахборот қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлган тақдирда.

11. Ахборотни ДХМАПда жойлаштиришда уларга автоматик равишда ДХМАП томонидан идентификация рақами берилади.

12. Махсус ахборот порталида эълон қилиниши лозим бўлган ахборот ДХМАПда жойлаштирилиши шарт.

2-боб. ДХМАПга қўйиладиган асосий талаблар

13. ДХМАПда ахборотни шакллантириш, қайта ишлаш, сақлаш ва тақдим қилиш функциялари «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари, шунингдек, ушбу Функционал талабларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.

14. ДХМАП қуйидаги саҳифалардан ташкил топади:

ахборотни жойлаштириш, жамлаш, қайта ишлаш ва таҳлилий ҳисоботларни шакллантириш саҳифаси;

ташқи ахборот тизимлар билан маълумот алмашинувини таъминлаш саҳифаси;

харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари ва ички аудит бўлинмалари томонидан давлат харидлари субъектларининг ўз функцияларини қонунчилик ҳужжатлари талаблари доирасида амалга ошираётганлиги бўйича мониторинг ва назорат қилиш саҳифаси;

давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) миллий классификаторини юритиш саҳифаси;

қайта ишланадиган маълумотларнинг хавфсизлиги, яхлитлиги, тўғрилиги ва улардан фойдалана олиш имкониятини таъминлаш саҳифаси;

давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган маълумотларни (маълумотномалар, таснифлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шарҳлар ва тушунтиришлар) олиш, сақлаш ва тарқатиш саҳифаси;

давлат буюртмачиларининг касбий маҳоратга эга бўлиши, ходимларнинг соҳа бўйича малакасини мунтазам равишда ошириб бориш учун мўлжалланган таълим саҳифаси.

3-боб. ДХМАПда шакллантириладиган, жойлаштириладиган ва тақдим этиладиган ахборот

15. ДХМАПда қуйидаги ахборотлар шакллантирилади, жойлаштирилади ва тақдим этилади:

давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари;

давлат харидларининг режа-жадваллари;

амалга оширилган ва амалга оширилаётган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар (давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, энг яхши таклифларни танлаш, танлов ва тендер ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгартиришлар, якунланган ёки бекор қилинган давлат харидлари тўғрисидаги ахборот, шунингдек, давлат харидларида фойдаланиладиган ҳужжатларнинг намунавий шакллари);

давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестри;

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри;

Ягона етказиб берувчилар реестри;

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарорлари;

давлат харидлари бўйича статистик ахборот;

тўғридан-тўғри тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар;

давлат харидлари мониторинги натижалари бўйича жамланган таҳлилий ҳисоботлар;

давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) миллий классификатори;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фаолият юритаётган электрон савдо майдончаларида рўйхатдан ўтган давлат буюртмачилари ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари рўйхати;

давлат харидлари ижрочисининг муассислари тўғрисидаги маълумотлар;

ДХМАП билан ўзаро алоқада бўлган ахборот тизимлари рўйхати;

давлат буюртмачиларининг келгуси йилда жорий хўжалик фаолиятини таъминлаш учун моддий-техник ресурслар рўйхати;

давлат харидлари соҳасидаги янгиликлар, ҳужжатлар, ўкув материаллари, маълумотномалар, саволномалар, алоқа маълумотлари ҳақидаги ахборот;

давлат харидлари соҳасига оид бошқа ахборот.

16. ДХМАПда жойлаштирилган ахборот жамоатчилик учун эълон қилинади.

17. ДХМАПда шакллантирилган ва жойлаштирилган барча ахборот қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда сақланиши лозим.

4-боб. Якунловчи қоидалар

18. ДХМАПда барча операторлар учун тенг маълумот алмашинуви имкониятлари яратилиши шарт.

19. Ушбу Функционал талаблар бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

20. Операторлар ахборот ДХМАПга ўз вақтида тақдим этилиши учун жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 январдаги 37-сон қарорига 2-ИЛОВА

Давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификаторини юритиш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар «Давлат харидлари тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) миллий классификаторини (кейинги ўринларда — Классификатор) юритиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Қоидаларнинг мақсади техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ва халқаро классификаторларга мувофиқ товарлар, ишлар ва хизматларни тавсифлаш ва давлат харидлари самарадорлигини оширишдан иборат.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги — давлат харидлари соҳасидаги ваколатли давлат органи (кейинги ўринларда — ваколатли давлат органи) Классификаторга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга.

4. Классификатордан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

давлат харидлари мақсадлари учун товар (иш, хизмат)ни таснифлаш ва кодлаш;

товар (иш, хизмат)нинг батафсил тавсифини давлат харидининг режа-жадвалида, давлат хариди тўғрисидаги эълонда, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг офертасида, танлов ва тендер ҳужжатларида, давлат харидлари тўғрисидаги шартномада ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат харидлари тўғрисидаги бошқа ахборотларда акс эттириш;

давлат харидлари тўғрисидаги барча маълумотларни йиғиш, ҳисобга олиш, ишлов бериш ва таҳлил қилишни ҳамда барча манфаатдор шахсларга ундан фойдаланишни таъминлаш;

товарлар (ишлар, хизматлар)нинг спецификацияларини шакллантиришда;

давлат харидларининг бошланғич нархини ва лойиҳа харажатларининг меъёрий кўрсаткичларини аниқлашда холислигига эришиш;

халқаро статистика методологиясига мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) гуруҳлари бўйича маълумотларни таққослаш орқали статистик маълумотларни тайёрлаш;

давлат харидлари шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш;

халқаро электрон ахборот тизимлари билан давлат харидлари бўйича ҳамкорлик имкониятларини ошириш.

2-боб. Классификаторнинг тузилиши

5. Классификатор Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари бўйича маҳсулотларнинг (товарлар, ишлар, хизматларнинг) статистик таснифлагичи (кейинги ўринларда — МСТ) асосида ишлаб чиқилган.

6. Тузилишига кўра Классификатор товарлар (ишлар, хизматлар)нинг номланиши, махсус коди ва тавсифномаларидан иборат.

7. Классификатор махсус кодларига қуйидагилар киради:

МСТнинг ҳарфли коди ва олти хонали рақамли кодлардан иборат биринчи даража;

товар (иш, хизмат)нинг гуруҳи (типи)дан келиб чиқиб шакллантирилган уч хонали рақамли кодлардан иборат иккинчи даража;

товар (иш, хизмат)нинг стандарт параметрлари асосида шакллантирилган беш хонали рақамли кодлардан иборат учинчи даража.

8. Классификатор ўн тўрт рақамдан иборат ва ХХ.ХХ.ХХ.XXX — ХXXXX кўринишдаги формулага эга.

9. Классификатор кодларининг тузилиши формуласи:

10. Классификаторни юритиш жараёнида товар (иш, хизмат)ни гуруҳларга (типларга) бўлиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда еттинчидан тўққизинчигача бўлган рақамлар «0» этиб белгиланади.

11. Товар (иш, хизмат)нинг алоҳида тавсифномалари ваколатли давлат органи томонидан мавжуд техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлардан келиб чиқиб юритилади.

3-боб. Товар (иш, хизмат) таснифлашининг асосий тамойиллари

12. Классификатор тузилишининг асосини фаолият ва товар (иш, хизмат) турининг ягоналиги тамойили ташкил этади, яъни товар (иш, хизмат)нинг ҳар бир тури маълум бир иқтисодий фаолият турига тегишли бўлиши ва ҳар бир фаолият ушбу фаолият натижасида яратилган товар (иш, хизмат) категориясига мос келиши керак.

13. Товар (иш, хизмат)ларни аниқлаштириш жараёнлари кетма-кет кодларга бўлиш йўли орқали амалга оширилади.

14. Категориянинг кичик категорияларга детализацияси таснифлаш хусусиятлари асосида амалга оширилади.

Бунда маҳсулотнинг асосий таснифлаш хусусиятлари маҳсулотнинг кўлами, мақсади, таркиби, ишлаб чиқариш усули, бажарадиган вазифаларидан иборат.

15. Таснифлашнинг бир хил даражасида жойлашган гуруҳлаш бир-бири билан туташмаслиги керак, яъни улар ўхшаш тушунчаларни ўз ичига олмаслиги керак. Таснифлашнинг ҳар бир босқичида юқори даражали гуруҳлашни ажратиш учун фақат битта хусусият ишлатилиши керак.

4-боб. Таснифлаш жараёнида товар (иш, хизмат)ларнинг номларини акс эттириш бўйича асосий қоидалар

16. Таснифлаш жараёнида товар (иш, хизмат)нинг номи унинг асосий параметрларини ва унга оид батафсил маълумотни ўз ичига олиши керак.

17. Таснифлаш жараёнида товар (иш, хизмат)нинг номидаги биринчи сўз от сўз туркумида, бош келишик ва бирликда бўлиши керак, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўпликда белгиланган номлар бундан мустасно. Ном кичик ҳарфлар билан ёзилиши ва биринчи сўз катта ҳарф билан бошланиши керак.

18. Таснифлаш жараёнида товар (иш, хизмат)нинг номини акс эттиришда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

жуфт очиқ жойлар (пробеллар) қўйишга, номнинг охири ва бошида очиқ жойлар (пробеллар) қўйишга;

номининг охирида ва бошида тиниш белгилари қўйишга;

номида «ё» ҳарфи ишлатишга («е» билан алмаштирилади);

апострофлар ва қавс белгилари ишлатилишига, кирил ҳарфлари, лотин ҳарфлари ва тиниш белгиларидан бошқа ҳар қандай белгилар қўйишга.

19. Ном аниқ талқин қилиниши ва товар (иш, хизмат) ҳақида максимал маълумотни ўз ичига олиши керак.

20. Товар (иш, хизмат) номининг ахборот мазмуни ушбу турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мос келиши керак (устуворлик камайиш тартибида): Давлат стандарти (ГОСТ), Саноат стандарти (ОСТ), Техник шартлар (ТУ), Паспортлар ёки техник тавсифлар, ишлаб чиқарувчи каталоглари.

5-боб. Якунловчи қоидалар

21. Классификатор ваколатли давлат органининг ахборот тизимида шакллантирилади ва юритилади. Классификатордан давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали операторлари (келгуси ўринларда — Оператор) ахборот тизимлари ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинуви орқали фойдаланишлари мумкин. Бунда ваколатли давлат органи операторлардан Классификатордан фойдаланганлик учун ҳақ олишга ҳақли. Классификатордан фойдаланганлик учун ҳақ ваколатли давлат органи ва Оператор ўртасида тузиладиган Келишувга асосан белгиланади.

22. Классификатор Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида юритилади. Классификатор бошқа тилларда ҳам юритилиши мумкин.

23. Классификаторга давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар киритилишига йўл қўйилмайди.

24. Классификатор позициялари қуйидаги кўринишда бўлади: товар (иш, хизмат) коди, номи, ўлчов бирлиги, бажарилган иш ҳажми ва кўрсатилган хизмат.

25. Товар (иш, хизмат)нинг тавсифи қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади: истеъмол хусусиятлари ва товар (иш, хизмат)нинг бошқа хусусиятлари, шу жумладан, функционал, техник ва сифат хусусиятлари.

26. Миқдорий баҳолашга эга бўлган хусусиятлар киритилаётганда, унинг ўзига хос қиймати ёки муайян қийматларнинг тўлиқ рўйхати ёки мақбул қийматлар оралиғи ёки ўзгармас қийматлар, шу жумладан, товар (иш, хизмат)га бўлган талаблар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

27. Миқдорий баҳолашга эга бўлмаган хусусиятлар киритилаётганда, харид қилинаётган объектларга қўйиладиган талаблар ҳисобга олинган ҳолда товар (иш, хизмат)нинг тегишли хусусиятларининг тўлиқ рўйхати кўрсатилади.

28. Классификатор позицияларини шакллантириш ва киритиш ваколатли давлат органи томонидан аппарат-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда автоматик режимда амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 январдаги 37-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Тендер савдоларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 21 ноябрдаги 456-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 11-сон, 72-модда).

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Экспорт-импорт операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2003 й., 9-сон, 92-модда) 2-илованинг 2 ва 5-бандлари .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2004 йил 17 январдаги 28-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2004 й., 3-сон, 31-модда) илованинг 10 , 14 — 16 , 18 ва 19-бандлари .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ва баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2005 й., 34-36-сон, 264-модда) 1-илованинг 25 ва 26-бандлари .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2009 йил 20 февралдаги 50-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2009 й., 9-сон, 89-модда) илованинг 1-банди .

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2011 йил 18 февралдаги 42-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 63-модда) 1-илованинг 2-банди .

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат харидларини ташкил этишга доир норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 1 апрелдаги 100-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2011 й., 14-сон, 137-модда) 3-илованинг 2-банди .

9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2012 йил 3 февралдаги 30-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 2-сон, 6-модда) илованинг 2-банди .

10. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2012 йил 23 майдаги 143-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 5-сон, 34-модда) илованинг 9-банди .

12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2013 йил 9 сентябрдаги 244-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2013 й. 16 сентябрь, 37-сон, 485-модда) 1-илованинг 17-банди .

13. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида» 2013 йил 13 ноябрдаги 307-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 11-сон, 81-модда).

14. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар киритиш ва баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2015 йил 4 ноябрдаги 317-сон қарорига илованинг 1-банди .

15. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига сиёсий партияларни давлат томонидан молиялаштириш тартибини такомиллаштиришга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2016 йил 13 январдаги 9-сон қарорига илованинг 1-банди .

16. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2016 йил 26 апрелдаги 122-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 4-сон, 28-модда) 1-илованинг 34-банди .

17. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2017 йил 16 августдаги 638-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 33-сон, 863-модда) 1-илованинг 11-банди .

18. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2017 йил 18 декабрдаги 992-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 12-сон, 290-модда) 1-илованинг 1-банди .

19. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 26 мартдаги 254-сон қарорига 1-илованинг 1 ва 6-бандлари .

20. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 19 декабрдаги 1014-сон қарорига илованинг 8-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 26 январь,

37-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.01.2021 й., 09/21/37/0067-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 22.07.2022 й., 09/22/396/0656-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

funksional talablar

QOIDALARI

ROʻYXATI

Davlat xaridlarini amalga oshirishda xarid qilish tartib-taomillarini tashkil etish jarayonlarini axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda yanada takomillashtirish choralari toʻgʻrisida

“Davlat xaridlari toʻgʻrisida” gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq, shuningdek, davlat xaridlarini amalga oshirishda xarid qilish tartib-taomillarini tashkil etish jarayonlarini axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi:

2021-yil 1-aprelga qadar davlat xaridlari sohasidagi maxsus axborot portali operatorlari bilan birgalikda maxsus axborot portalida qurilish sohasida davlat xaridlarini elektron shaklda oʻtkazishni nazarda tutuvchi alohida sahifa yaratsin;

2021-yil 1-mayga qadar Markaziy axborot portalini yaratish boʻyicha texnik-loyiha hujjatlarini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligida ekspertizadan oʻtkazsin;

2021-yil 1-sentabrga qadar davlat xaridlari boʻyicha barcha maʼlumotlarni jamlovchi va tashqi axborot tizimlar bilan oʻzaro elektron hamkorlikni taʼminlovchi Davlat xaridlari markaziy axborot portali dasturiy majmuasini (keyingi oʻrinlarda — Markaziy axborot portali) yaratish va uni kuzatishni taʼminlash choralarini koʻrsin.

2. Belgilansinki:

Markaziy axborot portalini ishlab chiqish va uni kuzatishni taʼminlash Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Axborot-hisoblash markazi tomonidan amalga oshiriladi;

Markaziy axborot portalini ishlab chiqish va uni kuzatishni taʼminlash xalqaro moliya institutlaridan jalb qilinadigan mablagʻlar hamda Moliya vazirligi Axborot-hisoblash markazining oʻz mablagʻlari hisobiga amalga oshiriladi;

2021-yil 1-apreldan boshlab davlat xaridlari ijrochisining muassislari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi va Davlat soliq qoʻmitasi axborot tizimlari oʻrtasidagi axborot almashinuvidan foydalangan holda davlat buyurtmachilari bilan tuzilgan shartnomalar reyestriga kiritiladi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Qurilish vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda davlat xaridlari sohasidagi maʼlumotlar almashinuvini taʼminlash maqsadida Markaziy axborot portali bilan elektron hamkorlikni amalga oshirish choralarini koʻrsin.

Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi ikki oy muddatda Moliya vazirligiga qurilish sohasida (loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya (modernizatsiya) qilish va mukammal taʼmirlash) tanlovni (tenderni) tashkil etish va oʻtkazishda ishtirokchilar uchun talab etiladigan namunaviy hujjatlarni tasdiqlash uchun kiritsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Moliya vazirligining soʻroviga muvofiq Markaziy axborot portalini elektron hukumat tizimlari bilan integratsiyalashni taʼminlasin.

5. Quyidagilar:

Davlat xaridlari markaziy axborot portalini yuritish boʻyicha funksional talablar 1-ilovaga muvofiq;

Davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) milliy klassifikatorini yuritish qoidalari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan tovarlar (ishlar, xizmatlar) milliy klassifikatorining “Elektron hukumatning maʼlumotnomalar va klassifikatorlar registri” bilan malumotlar almashishini taʼminlasin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi ushbu qarorning mohiyati va ahamiyati ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini tashkil etsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi moliya vaziri T.A. Ishmetov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 26-yanvardagi 37-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat xaridlari markaziy axborot portalini yuritish boʻyicha

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Davlat xaridlari markaziy axborot portalini yuritish boʻyicha funksional talablar (keyingi oʻrinlarda — Funksional talablar) “Davlat xaridlari toʻgʻrisida” gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni , shuningdek, sohaga oid qabul qilingan boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablari asosida ishlab chiqilgan.

2. Ushbu Funksional talablarda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

davlat xaridlari markaziy axborot portali (keyingi oʻrinlarda — DXMAP) — Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborot elektron shaklda yuritilishini, shu jumladan, maxsus axborot portali operatorining (keyingi oʻrinlarda — operator) axborot tizimlari bilan oʻzaro maʼlumot almashinuvi orqali davlat xaridlarining reja-jadvallari, davlat xaridlari toʻgʻrisidagi eʼlonlar, davlat xaridlarining yakunlari toʻgʻrisidagi axborot, davlat xaridlari boʻyicha statistik axborot va boshqa maʼlumotlarni oʻzining maʼlumotlar bazasida jamlanishini va ulardan barcha jismoniy va yuridik shaxslarning erkin foydalanishini taʼminlovchi maxsus elektron platformasi;

davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborot ( keyingi oʻrinlarda — axborot) — davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari, davlat xaridlarining reja-jadvallari, davlat xaridlari toʻgʻrisidagi eʼlonlar, hujjatlarning namunaviy shakllari, xarid qilish tartib-taomillarida ishtirok etish uchun zarur boʻlgan namunaviy shartnomalar, davlat xaridlarining yakunlari toʻgʻrisidagi axborot, Insofsiz ijrochilarning yagona reyestri, Davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiyaning qarorlari, davlat xaridlari boʻyicha statistik axborot va davlat xaridlari sohasiga oid boshqa maʼlumotlar;

maxsus axborot portali — operatorning davlat xaridlari oʻtkazilishini, davlat xaridlari toʻgʻrisidagi eʼlonlar, davlat xaridlari yakunlari, xarid qilish tartib-taomillari ishtirokchilarining takliflari haqidagi axborotning va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa axborotning elektron shaklda joylashtirilishini va koʻrilishini, shuningdek, elektron davlat xaridlari oʻtkazilishini taʼminlovchi veb-sayti va maxsus elektron platformasi;

maxsus axborot portali operatori — davlat xaridlarining subyektlariga xarid qilish tartib-taomillarini tashkil etish va oʻtkazish, maxsus axborot portaliga eʼlonlarni, buyurtmanomalarni hamda davlat xaridlari va ularning yakunlari toʻgʻrisidagi boshqa axborotni joylashtirish bilan bogʻliq xizmatlar koʻrsatuvchi maxsus vakolatli yuridik shaxs;

xarid qilish tartib-taomillarining davlat nazoratini amalga oshiruvchi davlat organlari — Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasi, Bosh prokuratura, Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi, Moliya vazirligi, Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi.

3. Funksional talablar quyidagilarni nazarda tutadi:

DXMAPda axborotni shakllantirish va joylashtirish, shuningdek, uning jamoatchilikka ochiqligini taʼminlash uchun “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni va davlat xaridlari sohasidagi boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga hamda ushbu Funksional talablarning 2 va 3-boblari talablariga muvofiq funksional imkoniyatlarni yaratish;

DXMAPning operatorlar axborot tizimlari va boshqa axborot tizimlari bilan integratsiyasini amalga oshirish imkoniyatlarini yaratish;

“Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga hamda Oʻzbekiston Respublikasining budjet tizimi budjetlari mablagʻlari doirasida yuridik majburiyatlarni roʻyxatdan oʻtkazish va hisobga olish tartibiga muvofiq axborotni shakllantirish, qayta ishlash, saqlash va taqdim etish;

xarid qilish tartib-taomillari ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish maqsadida DXMAPda axborot majburiy tartibda jamoatchilikka havola etilishini taʼminlash, qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar bundan mustasno;

xarid qilish tartib-taomillarining davlat nazoratini amalga oshiruvchi davlat organlariga oʻz funksiyalarini bajarishi uchun DXMAPdan foydalanish imkoniyatini yaratish.

4. DXMAP Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi apparat-texnika vositalarida joylashtiriladi.

5. Xarid qilish tartib-taomillarining davlat nazoratini amalga oshiruvchi davlat organlarining masʼul xodimlari oʻz funksiyalarini amalga oshirish uchun oʻzlarining soliq organlari tomonidan berilgan elektron raqamli imzolaridan (keyingi oʻrinlarda — ERI) foydalangan holda DXMAPda kuzatuvchi sifatida roʻyxatdan oʻtadilar.

6. DXMAPda joylashtirilgan axborot DXMAPda axborotni joylashtirish vakolatiga ega boʻlgan shaxslarning ERIsi bilan imzolanadi.

7. DXMAPda ERIni qoʻllash tartibi “Elektron raqamli imzo toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilangan talablarga muvofiq, shuningdek, “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni va davlat xaridlari sohasidagi boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablari asosida amalga oshiriladi.

8. DXMAPga boshqa axborot tizimlaridan integratsiya asosida uzatiladigan axborot DXMAPga avtomatik tarzda joylashadi.

9. DXMAP bilan boshqa axborot tizimlari oʻrtasidagi maʼlumotlar almashinuvi belgilangan standart talablarga muvofiq yagona formatlar orqali hamda Elektron hukumatning maʼlumotnomalar, klassifikatorlar va yagona identifikatorlaridan foydalangan holda amalga oshiriladi.

10. DXMAPda axborotni joylashtirish quyidagi talablardan kelib chiqib amalga oshiriladi:

axborot elektron hujjatlarning yagona shakliga muvofiq boʻlgan taqdirda;

foydalanilayotgan ERIning haqiqiyligi tasdiqlanganda;

joylashtirilishi lozim boʻlgan axborot qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq boʻlgan taqdirda.

11. Axborotni DXMAPda joylashtirishda ularga avtomatik ravishda DXMAP tomonidan identifikatsiya raqami beriladi.

12. Maxsus axborot portalida eʼlon qilinishi lozim boʻlgan axborot DXMAPda joylashtirilishi shart.

2-bob. DXMAPga qoʻyiladigan asosiy talablar

13. DXMAPda axborotni shakllantirish, qayta ishlash, saqlash va taqdim qilish funksiyalari “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni va davlat xaridlari sohasidagi boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablari, shuningdek, ushbu Funksional talablarga muvofiq amalga oshirilishi lozim.

14. DXMAP quyidagi sahifalardan tashkil topadi:

axborotni joylashtirish, jamlash, qayta ishlash va tahliliy hisobotlarni shakllantirish sahifasi;

tashqi axborot tizimlar bilan maʼlumot almashinuvini taʼminlash sahifasi;

xarid qilish tartib-taomillarining davlat nazoratini amalga oshiruvchi davlat organlari va ichki audit boʻlinmalari tomonidan davlat xaridlari subyektlarining oʻz funksiyalarini qonunchilik hujjatlari talablari doirasida amalga oshirayotganligi boʻyicha monitoring va nazorat qilish sahifasi;

davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) milliy klassifikatorini yuritish sahifasi;

qayta ishlanadigan maʼlumotlarning xavfsizligi, yaxlitligi, toʻgʻriligi va ulardan foydalana olish imkoniyatini taʼminlash sahifasi;

davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan maʼlumotlarni (maʼlumotnomalar, tasniflar, normativ-huquqiy hujjatlar, sharhlar va tushuntirishlar) olish, saqlash va tarqatish sahifasi;

davlat buyurtmachilarining kasbiy mahoratga ega boʻlishi, xodimlarning soha boʻyicha malakasini muntazam ravishda oshirib borish uchun moʻljallangan taʼlim sahifasi.

3-bob. DXMAPda shakllantiriladigan, joylashtiriladigan va taqdim etiladigan axborot

15. DXMAPda quyidagi axborotlar shakllantiriladi, joylashtiriladi va taqdim etiladi:

davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari;

davlat xaridlarining reja-jadvallari;

amalga oshirilgan va amalga oshirilayotgan davlat xaridlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (davlat xaridlari toʻgʻrisidagi eʼlonlar, eng yaxshi takliflarni tanlash, tanlov va tender hujjatlari va ularga kiritilgan oʻzgartirishlar, yakunlangan yoki bekor qilingan davlat xaridlari toʻgʻrisidagi axborot, shuningdek, davlat xaridlarida foydalaniladigan hujjatlarning namunaviy shakllari);

davlat buyurtmachilari bilan tuzilgan shartnomalar reyestri;

Insofsiz ijrochilarning yagona reyestri;

Yagona yetkazib beruvchilar reyestri;

Davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiyaning qarorlari;

davlat xaridlari boʻyicha statistik axborot;

toʻgʻridan-toʻgʻri tuzilgan shartnomalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

davlat xaridlari monitoringi natijalari boʻyicha jamlangan tahliliy hisobotlar;

davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) milliy klassifikatori;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq faoliyat yuritayotgan elektron savdo maydonchalarida roʻyxatdan oʻtgan davlat buyurtmachilari va xarid qilish tartib-taomillari ishtirokchilari roʻyxati;

davlat xaridlari ijrochisining muassislari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

DXMAP bilan oʻzaro aloqada boʻlgan axborot tizimlari roʻyxati;

davlat buyurtmachilarining kelgusi yilda joriy xoʻjalik faoliyatini taʼminlash uchun moddiy-texnik resurslar roʻyxati;

davlat xaridlari sohasidagi yangiliklar, hujjatlar, oʻkuv materiallari, maʼlumotnomalar, savolnomalar, aloqa maʼlumotlari haqidagi axborot;

davlat xaridlari sohasiga oid boshqa axborot.

16. DXMAPda joylashtirilgan axborot jamoatchilik uchun eʼlon qilinadi.

17. DXMAPda shakllantirilgan va joylashtirilgan barcha axborot qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda saqlanishi lozim.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

18. DXMAPda barcha operatorlar uchun teng maʼlumot almashinuvi imkoniyatlari yaratilishi shart.

19. Ushbu Funksional talablar buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

20. Operatorlar axborot DXMAPga oʻz vaqtida taqdim etilishi uchun javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 26-yanvardagi 37-son qaroriga 2-ILOVA

Davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan Tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) yagona milliy klassifikatorini yuritish

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalar “Davlat xaridlari toʻgʻrisida” gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq ishlab chiqilgan va davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan Tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) milliy klassifikatorini (keyingi oʻrinlarda — Klassifikator) yuritish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Qoidalarning maqsadi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga va xalqaro klassifikatorlarga muvofiq tovarlar, ishlar va xizmatlarni tavsiflash va davlat xaridlari samaradorligini oshirishdan iborat.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi — davlat xaridlari sohasidagi vakolatli davlat organi (keyingi oʻrinlarda — vakolatli davlat organi) Klassifikatorga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish huquqiga ega.

4. Klassifikatordan quyidagi maqsadlarda foydalaniladi:

davlat xaridlari maqsadlari uchun tovar (ish, xizmat)ni tasniflash va kodlash;

tovar (ish, xizmat)ning batafsil tavsifini davlat xaridining reja-jadvalida, davlat xaridi toʻgʻrisidagi eʼlonda, xarid qilish tartib-taomillari ishtirokchisining ofertasida, tanlov va tender hujjatlarida, davlat xaridlari toʻgʻrisidagi shartnomada va qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat xaridlari toʻgʻrisidagi boshqa axborotlarda aks ettirish;

davlat xaridlari toʻgʻrisidagi barcha maʼlumotlarni yigʻish, hisobga olish, ishlov berish va tahlil qilishni hamda barcha manfaatdor shaxslarga undan foydalanishni taʼminlash;

tovarlar (ishlar, xizmatlar)ning spetsifikatsiyalarini shakllantirishda;

davlat xaridlarining boshlangʻich narxini va loyiha xarajatlarining meʼyoriy koʻrsatkichlarini aniqlashda xolisligiga erishish;

xalqaro statistika metodologiyasiga muvofiq tovarlar (ishlar, xizmatlar) guruhlari boʻyicha maʼlumotlarni taqqoslash orqali statistik maʼlumotlarni tayyorlash;

davlat xaridlari shaffofligi va samaradorligini taʼminlash;

xalqaro elektron axborot tizimlari bilan davlat xaridlari boʻyicha hamkorlik imkoniyatlarini oshirish.

2-bob. Klassifikatorning tuzilishi

5. Klassifikator Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy faoliyat turlari boʻyicha mahsulotlarning (tovarlar, ishlar, xizmatlarning) statistik tasniflagichi (keyingi oʻrinlarda — MST) asosida ishlab chiqilgan.

6. Tuzilishiga koʻra Klassifikator tovarlar (ishlar, xizmatlar)ning nomlanishi, maxsus kodi va tavsifnomalaridan iborat.

7. Klassifikator maxsus kodlariga quyidagilar kiradi:

MSTning harfli kodi va olti xonali raqamli kodlardan iborat birinchi daraja;

tovar (ish, xizmat)ning guruhi (tipi)dan kelib chiqib shakllantirilgan uch xonali raqamli kodlardan iborat ikkinchi daraja;

tovar (ish, xizmat)ning standart parametrlari asosida shakllantirilgan besh xonali raqamli kodlardan iborat uchinchi daraja.

8. Klassifikator oʻn toʻrt raqamdan iborat va XX.XX.XX.XXX — XXXXX koʻrinishdagi formulaga ega.

9. Klassifikator kodlarining tuzilishi formulasi:

10. Klassifikatorni yuritish jarayonida tovar (ish, xizmat)ni guruhlarga (tiplarga) boʻlish imkoniyati mavjud boʻlmagan taqdirda yettinchidan toʻqqizinchigacha boʻlgan raqamlar “0” etib belgilanadi.

11. Tovar (ish, xizmat)ning alohida tavsifnomalari vakolatli davlat organi tomonidan mavjud texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlardan kelib chiqib yuritiladi.

3-bob. Tovar (ish, xizmat) tasniflashining asosiy tamoyillari

12. Klassifikator tuzilishining asosini faoliyat va tovar (ish, xizmat) turining yagonaligi tamoyili tashkil etadi, yaʼni tovar (ish, xizmat)ning har bir turi maʼlum bir iqtisodiy faoliyat turiga tegishli boʻlishi va har bir faoliyat ushbu faoliyat natijasida yaratilgan tovar (ish, xizmat) kategoriyasiga mos kelishi kerak.

13. Tovar (ish, xizmat)larni aniqlashtirish jarayonlari ketma-ket kodlarga boʻlish yoʻli orqali amalga oshiriladi.

14. Kategoriyaning kichik kategoriyalarga detalizatsiyasi tasniflash xususiyatlari asosida amalga oshiriladi.

Bunda mahsulotning asosiy tasniflash xususiyatlari mahsulotning koʻlami, maqsadi, tarkibi, ishlab chiqarish usuli, bajaradigan vazifalaridan iborat.

15. Tasniflashning bir xil darajasida joylashgan guruhlash bir-biri bilan tutashmasligi kerak, yaʼni ular oʻxshash tushunchalarni oʻz ichiga olmasligi kerak. Tasniflashning har bir bosqichida yuqori darajali guruhlashni ajratish uchun faqat bitta xususiyat ishlatilishi kerak.

4-bob. Tasniflash jarayonida tovar (ish, xizmat)larning nomlarini aks ettirish boʻyicha asosiy qoidalar

16. Tasniflash jarayonida tovar (ish, xizmat)ning nomi uning asosiy parametrlarini va unga oid batafsil maʼlumotni oʻz ichiga olishi kerak.

17. Tasniflash jarayonida tovar (ish, xizmat)ning nomidagi birinchi soʻz ot soʻz turkumida, bosh kelishik va birlikda boʻlishi kerak, qonunchilik hujjatlariga muvofiq koʻplikda belgilangan nomlar bundan mustasno. Nom kichik harflar bilan yozilishi va birinchi soʻz katta harf bilan boshlanishi kerak.

18. Tasniflash jarayonida tovar (ish, xizmat)ning nomini aks ettirishda quyidagilarga yoʻl qoʻyilmaydi:

juft ochiq joylar (probellar) qoʻyishga, nomning oxiri va boshida ochiq joylar (probellar) qoʻyishga;

nomining oxirida va boshida tinish belgilari qoʻyishga;

nomida “yo” harfi ishlatishga (“e” bilan almashtiriladi);

apostroflar va qavs belgilari ishlatilishiga, kiril harflari, lotin harflari va tinish belgilaridan boshqa har qanday belgilar qoʻyishga.

19. Nom aniq talqin qilinishi va tovar (ish, xizmat) haqida maksimal maʼlumotni oʻz ichiga olishi kerak.

20. Tovar (ish, xizmat) nomining axborot mazmuni ushbu turdagi normativ-huquqiy hujjatlarga mos kelishi kerak (ustuvorlik kamayish tartibida): Davlat standarti (GOST), Sanoat standarti (OST), Texnik shartlar (TU), Pasportlar yoki texnik tavsiflar, ishlab chiqaruvchi kataloglari.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

21. Klassifikator vakolatli davlat organining axborot tizimida shakllantiriladi va yuritiladi. Klassifikatordan davlat xaridlari boʻyicha maxsus axborot portali operatorlari (kelgusi oʻrinlarda — Operator) axborot tizimlari oʻrtasidagi oʻzaro axborot almashinuvi orqali foydalanishlari mumkin. Bunda vakolatli davlat organi operatorlardan Klassifikatordan foydalanganlik uchun haq olishga haqli. Klassifikatordan foydalanganlik uchun haq vakolatli davlat organi va Operator oʻrtasida tuziladigan Kelishuvga asosan belgilanadi.

22. Klassifikator Oʻzbekiston Respublikasining davlat tilida yuritiladi. Klassifikator boshqa tillarda ham yuritilishi mumkin.

23. Klassifikatorga davlat sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

24. Klassifikator pozitsiyalari quyidagi koʻrinishda boʻladi: tovar (ish, xizmat) kodi, nomi, oʻlchov birligi, bajarilgan ish hajmi va koʻrsatilgan xizmat.

25. Tovar (ish, xizmat)ning tavsifi quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi: isteʼmol xususiyatlari va tovar (ish, xizmat)ning boshqa xususiyatlari, shu jumladan, funksional, texnik va sifat xususiyatlari.

26. Miqdoriy baholashga ega boʻlgan xususiyatlar kiritilayotganda, uning oʻziga xos qiymati yoki muayyan qiymatlarning toʻliq roʻyxati yoki maqbul qiymatlar oraligʻi yoki oʻzgarmas qiymatlar, shu jumladan, tovar (ish, xizmat)ga boʻlgan talablar hisobga olingan holda belgilanadi.

27. Miqdoriy baholashga ega boʻlmagan xususiyatlar kiritilayotganda, xarid qilinayotgan obyektlarga qoʻyiladigan talablar hisobga olingan holda tovar (ish, xizmat)ning tegishli xususiyatlarining toʻliq roʻyxati koʻrsatiladi.

28. Klassifikator pozitsiyalarini shakllantirish va kiritish vakolatli davlat organi tomonidan apparat-texnika vositalaridan foydalangan holda avtomatik rejimda amalga oshiriladi.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 26-yanvardagi 37-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Tender savdolarini tashkil etishni takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2000-yil 21-noyabrdagi 456-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2000-y., 11-son, 72-modda).

3. Vazirlar Mahkamasining “Eksport-import operatsiyalari monitoringini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2003-yil 30-sentabrdagi 416-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2003-y., 9-son, 92-modda) 2-ilovaning 2 va 5-bandlari .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2004-yil 17-yanvardagi 28-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2004-y., 3-son, 31-modda) ilovaning 10 , 14 — 16 , 18 va 19-bandlari .

5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish va baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2005-yil 8-sentabrdagi 206-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2005-y., 34-36-son, 264-modda) 1-ilovaning 25 va 26-bandlari .

6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2009-yil 20-fevraldagi 50-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2009-y., 9-son, 89-modda) ilovaning 1-bandi .

7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2011-yil 18-fevraldagi 42-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2011-y., 7-8-son, 63-modda) 1-ilovaning 2-bandi .

8. Vazirlar Mahkamasining “Davlat xaridlarini tashkil etishga doir normativ-huquqiy bazani takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2011-yil 1-apreldagi 100-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2011-y., 14-son, 137-modda) 3-ilovaning 2-bandi .

9. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2012-yil 3-fevraldagi 30-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2012-y., 2-son, 6-modda) ilovaning 2-bandi .

10. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2012-yil 23-maydagi 143-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2012-y., 5-son, 34-modda) ilovaning 9-bandi .

12. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2013-yil 9-sentabrdagi 244-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2013-y. 16-sentabr, 37-son, 485-modda) 1-ilovaning 17-bandi .

13. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritish toʻgʻrisida” 2013-yil 13-noyabrdagi 307-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2013-y., 11-son, 81-modda).

14. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga qoʻshimchalar kiritish va baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2015-yil 4-noyabrdagi 317-son qaroriga ilovaning 1-bandi .

15. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga siyosiy partiyalarni davlat tomonidan moliyalashtirish tartibini takomillashtirishga yoʻnaltirilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2016-yil 13-yanvardagi 9-son qaroriga ilovaning 1-bandi .

16. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2016-yil 26-apreldagi 122-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2016-y., 4-son, 28-modda) 1-ilovaning 34-bandi .

17. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2017-yil 16-avgustdagi 638-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2017-y., 33-son, 863-modda) 1-ilovaning 11-bandi .

18. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2017-yil 18-dekabrdagi 992-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2017-y., 12-son, 290-modda) 1-ilovaning 1-bandi .

19. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2019-yil 26-martdagi 254-son qaroriga 1-ilovaning 1 va 6-bandlari .

20. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2019-yil 19-dekabrdagi 1014-son qaroriga ilovaning 8-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 26-yanvar,

37-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 27.01.2021-y., 09/21/37/0067-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 22.07.2022-y., 09/22/396/0656-son; 16.12.2025-y., 09/25/791/1167-son)

lex.uz