📅 2021-yil 26-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 26-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 26 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 26 января 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 26 January 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
СХЕМАСИ
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4611-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 24 февралдаги ПҚ-4611-сон қарорига мувофиқ:
акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари, давлат улуши бўлган тегишли хўжалик жамиятлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (кейинги ўринларда — МҲХС) асосида тайёрлаши ва 2021 йил якунига қадар бухгалтерия ҳисоби хизматини халқаро сертификатлаш доирасида тегишли сертификатга эга бўлган камида уч нафар мутахассис билан таъминлаши;
олий таълим муассасалари «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича МҲХСни чуқур ўрганишни назарда тутувчи янгиланган ўқув дастурларини таълим жараёнига жорий этиши, ушбу фанлар бўйича педагог кадрларнинг аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитилишини таъминлаши ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синов олий таълим муассасаларида бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича фанлар фақат халқаро сертификатлаш доирасида тегишли сертификатга эга бўлган ўқитувчилар томонидан ўқитилиши;
2020 — 2025 йиллар давомида олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари («Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича), талабалари, битирувчилари (ўқишни тугатгандан сўнг олти ой ичида) ва давлат органлари ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш, шунингдек, уларни бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтказиш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом * иловага мувофиқ тасдиқлансин:
МҲХС бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатлари таркиби ва ушбу харажатлар қоплаб берилувчи шахслар тоифаси;
МҲХС бўйича ўқитиш харажатларини қоплаш тартиби;
бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби;
МҲХС бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини молиялаштириш манбалари.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 январдаги 38-сон қарорига ИЛОВА
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Вақтинчалик низом (кейинги ўринларда — Низом) молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (кейинги ўринларда — МҲХС) бўйича ўқитиш (кейинги ўринларда — ўқитиш) ҳамда бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида («МҲХС бўйича молиявий ҳисобот», «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR ACCA)» курслари ва бошқалар) имтиҳонларни топшириш (кейинги ўринларда — имтиҳон топшириш) харажатларини қоплаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом 2025 йил 31 декабргача амал қилади.
3. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. МҲХС бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатлари таркиби ва ушбу харажатлар қоплаб берилувчи шахслар тоифаси
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Молия вазирлиги) ўқитиш ва имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб бериладиган бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва халқаро бухгалтер сертификатлари рўйхатини белгилайди.
5. Ўқитиш харажатларини қоплаш бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотнинг (марказ фаолияти ёки тегишли фан (курс)лар бўйича) аккредитациясидан ўтган ўқув марказларида (кейинги ўринларда — аккредитациядан ўтган ўқув марказлари) ўқитиш якунларига кўра Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган халқаро бухгалтер сертификатлари доирасидаги фанлар ва (ёки) курслар бўйича амалга оширилади.
6. Имтиҳон топшириш жараёнидаги қуйидаги харажатлар қоплаб берилади:
Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ўтиш харажатлари (бухгалтерларнинг халқаро сертификатини берувчи халқаро ташкилотга жисмоний шахснинг аъзо (талаба) бўлиши учун дастлабки бир марталик тўлов);
Ўзбекистон Республикасида имтиҳон топшириш учун биринчи ва иккинчи марта рўйхатдан ўтиш харажатлари.
7. Ўқитиш ва имтиҳон топшириш харажатлари қуйидаги тоифадаги шахслар (кейинги ўринларда — талабгорлар) учун қоплаб берилади:
олий таълим муассасаларининг «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог кадрлари;
олий таълим муассасаларининг талабалари;
олий таълим муассасаларининг битирувчилари (олий таълим муассасасини тугатгандан сўнг олти ой давомида);
давлат органлари ходимлари.
3-боб. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш харажатларини қоплаш тартиби
8. Ўқитиш фақат бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотнинг аккредитациясидан ўтган ўқув марказлари томонидан амалга оширилади.
9. Олий таълим муассасалари ҳар йили 10 январга қадар педагог кадрларни йиллик ўқитиш жадвалини (муддатларини кўрсатган ҳолда фанлар (курслар) бўйича) тасдиқлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ушбу маълумотларни олий таълим муассасалари бўйича умумлаштиради ва 31 январга қадар Молия вазирлигига тақдим этади.
10. Давлат органлари ҳар йили 10 январга қадар ўзининг ходимларини йиллик ўқитиш жадвалини (муддатларини кўрсатган ҳолда фанлар (курслар) бўйича) тасдиқлайди ҳамда 31 январга қадар Молия вазирлигига тақдим этади.
11. Олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари, шунингдек, давлат органлари ходимлари таркибида ўзгаришлар рўй берганда ўқитиш жадвалига ўзгартиришлар киритилади ҳамда ушбу ўзгартиришлар тасдиқлангандан сўнг бу ҳақида беш иш куни мобайнида Молия вазирлигига ахборот тақдим этилади.
12. Талабгорлар аккредитациядан ўтган ўқув марказларини мустақил равишда танлайди.
13. Талабгорларни ўқитиш харажатлари, улар ўқув курсини муваффақиятли якунлаган тақдирда, Молия вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтган ўқув марказларига қоплаб берилади.
14. Аккредитациядан ўтган ўқув маркази ҳар бир ўқув курси бошланган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида унда қатнашаётган талабгорлар рўйхатини Молия вазирлигига тақдим этади.
15. Ўқитиш, шу жумладан, интерфаол усулларни қўллаган ҳолда ўқитиш харажатлари аккредитациядан ўтган ўқув марказларига ўқув курсини муваффақиятли якунлаган ҳар бир иштирокчи учун ўқув маркази томонидан тақдим этилган ўқитиш қиймати бўйича, бироқ қуйидаги миқдорлардан ошмайдиган суммада қоплаб берилади:
«МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» курси ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасидаги бошқа курслар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн икки баравари миқдорида;
«Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)» курси учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида.
16. Аккредитациядан ўтган ўқув маркази ўқув курси якунлангандан сўнг Молия вазирлигига ўқув курсини муваффақиятли якунлаган талабгорлар учун ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ушбу Низомга 2-иловада келтирилган МҲХС бўйича ўқитиш харажатларини қоплаб бериш тўғрисида ариза тақдим этади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ушбу Низомга 3-иловада келтирилган ўқув курсини муваффақиятли якунлаган талабгорлар тўғрисида маълумотнома;
маълумотномада кўрсатилган талабгорлар билан ўқув курсида таълим олиш тўғрисида тузилган шартнома нусхалари;
ўқув курси юзасидан талабгорларга тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактуралар нусхалари;
ўқув курсини муваффақиятли тугатганлиги тўғрисида талабгорларга берилган ҳужжат нусхалари;
ўқув марказининг ёки ўқув курсининг аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси;
давлат органи ходими, олий таълим ташкилоти педагог кадри ёки талабаси эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ёхуд маълумотнома;
олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси (ушбу ҳужжат фақат олий таълим ташкилотларининг битирувчилари учун тақдим этилади).
17. Ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган ҳужжатлар аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан Молия вазирлигига почта ёки электрон алоқа воситалари орқали тақдим этилади.
Аккредитациядан ўтган ўқув марказлари тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун жавоб беради.
18. Молия вазирлиги ариза тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ўқитиш харажатларининг қоплаб берилиши ёки қоплаб берилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
19. Ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этилганда ёки тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки сохта маълумотлар мавжуд бўлганда ўқитиш харажатларини қоплаб бериш рад этилади.
20. Ўқитиш харажатларининг қоплаб берилиши рад этилган тақдирда, Молия вазирлиги аккредитациядан ўтган ўқув марказини, рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда, уч иш куни ичида электрон шаклда хабардор қилади.
21. Ўқитиш харажатларининг қоплаб берилиши рад этилган аккредитациядан ўтган ўқув маркази рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан сўнггина қайта ариза бериши мумкин.
4-боб. Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби
22. Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида фақат Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтказиш харажатлари қоплаб берилади.
23. Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ўтиш харажатлари талабгорларга тўлиқ ҳажмда қоплаб берилади.
24. Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида ҳар бир фан (курс) бўйича имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатлари талабгорга қуйидаги тартибда қоплаб берилади:
биринчи марта имтиҳон топширганда (биринчи уриниш) — рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи имтиҳон топширгунга қадар, қолган қисми — имтиҳонни муваффақиятли топширгандан сўнг қоплаб берилади;
иккинчи марта имтиҳон топширганда (иккинчи уриниш) — рўйхатдан ўтиш суммасининг 50 фоизи имтиҳонни муваффақиятли топширган тақдирда қоплаб берилади.
25. Имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш халқаро сертификатни олиш учун имтиҳон ўтказувчи (халқаро сертификатни берувчи) ташкилот томонидан белгиланган тўлов суммаси миқдорида амалга оширилади.
26. Имтиҳон топшириш учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида чет эл валютасида белгиланган ҳамда тўловлар чет эл валютасида амалга оширилган бўлса, ушбу харажатларни қоплаш чет эл валютасида амалга оширилган операция санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича миллий валюта — сўмда қайта ҳисобланади ва қопланади.
27. Имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш миллий валюта — сўмда амалга оширилади ва талабгорнинг шахсий банк картасига ўтказиб берилади.
28. Талабгор имтиҳон топшириш харажатларининг қоплаб берилиши бўйича қуйидаги ҳужжатларни Молия вазирлигига тақдим этади:
ушбу Низомга 4-иловада келтирилган дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги ариза;
паспорт ёки идентификация ID-карта маълумотлари;
имтиҳон топшириш харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (тўлов ҳужжатлари, инвойс ва бошқалар);
олий таълим муассасасининг талабаси эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ёки маълумотнома (ушбу ҳужжатни фақат олий таълим муассасасининг талабалари тақдим этади);
давлат органи ходими, олий таълим ташкилоти педагог кадри эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ёки маълумотнома;
имтиҳонни муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (рўйхатдан ўтиш суммасининг қолган 50 фоизи бўйича);
хизмат кўрсатувчи банк муассасаси ва банк картасининг реквизитлари.
29. Ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан Молия вазирлигига почта, бевосита талабгорларнинг ўзи томонидан ёки электрон алоқа воситалари орқали тақдим этилади.
30. Молия вазирлиги ариза тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида имтиҳон топшириш харажатларининг қоплаб берилиши ёки қоплаб берилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
31. Ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этилганда ёки тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёхуд сохта маълумотлар мавжуд бўлганда, имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш рад этилади.
32. Имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш рад этилган тақдирда, Молия вазирлиги талабгорни рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда, уч иш куни ичида электрон шаклда хабардор қилади.
33. Имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш рад этилган талабгор рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан кейингина қайта ариза бериши мумкин.
5-боб. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини молиялаштириш манбалари
34. Ўқитиш ва имтиҳон топшириш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
35. Ўқитиш ва имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш учун Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида зарур бўлган маблағлар ажратилишини таъминлайди.
6-боб. Якунловчи қоидалар
36. Ариза берувчилар улар томонидан тақдим қилинган аризалар ҳамда уларга илова қилинган ҳужжатлар ва маълумотларда кўрсатиб ўтилган ахборотнинг ишончлилиги учун жавоб беради.
37. Молия вазирлиги ушбу Низомда назарда тутилган харажатларни қоплаш мақсадида олинган ариза берувчи тўғрисидаги махфий маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши лозим.
38. Олий таълим муассасалари ва давлат органлари ўзларининг расмий веб-сайтларида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида ўқишни тугатган ҳамда имтиҳонларни топширган ходимлари тўғрисидаги маълумотларнинг мунтазам равишда эълон қилинишини таъминлайди.
39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 1-ИЛОВА
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати I босқич Олий таълим муассасалари, давлат органлари, аккредитациядан ўтган ўқув марказлари Олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари, талабалари, битирувчилари ва давлат органлари ходимларининг (кейинги ўринларда — талабгорлар) ўқиш жадвали тасдиқланади ва ўқув машғулотлари ўтказилади. Ўқитиш жадвали ва ўқув машғулотлари жадвалига мувофиқ II босқич Аккредитациядан ўтган ўқув марказлари, Молия вазирлиги Аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан ўқув курси якунлангандан сўнг уни муваффақиятли тугатган талабгорлар учун ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ҳужжатлар Молия вазирлигига тақдим этилади. Ўқув курси якунлангандан сўнг ўқув марказининг хоҳишига кўра III босқич Молия вазирлиги, аккредитациядан ўтган ўқув марказлари Аккредитациядан ўтган ўқув марказларига талабгорларни ўқитиш харажатлари Молия вазирлиги томонидан қоплаб берилади. Ҳужжатлар кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг 3 иш кунида IV босқич Талабгорлар, аккредитациядан ўтган ўқув марказлари Талабгорлар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтади. Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида ўтказиладиган имтиҳонлар бўйича белгиланган рўйхатдан ўтиш муддатларида V босқич Талабгорлар, Молия вазирлиги Талабгорлар томонидан бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ҳужжатлар Молия вазирлигига тақдим этилади. Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтгандан сўнг талабгорнинг хоҳишига кўра VI босқич Молия вазирлиги, талабгорлар Талабгорларга Ўзбекистон Республикасида дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатлари Молия вазирлиги томонидан қоплаб берилади. Ҳужжатлар кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг 3 иш кунида
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш харажатларини қоплаб бериш тўғрисида АРИЗА ____________________________________ ўқув маркази 20__ йил «__» ___________дан «__» _________гача муддатда «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» ёки «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)» ўқув курсини * ўтказди. Ушбу ўқув курсини «__» нафар ўқувчи (иштирокчи) муваффақиятли якунлади. Шу сабабли ўқув марказининг ушбу курс бўйича ўқитиш харажатларини қоплаб беришингизни сўраймиз. Ўқитиш харажатларини қоплаш учун жами _________ сўм миқдорида маблағ ажратилиши талаб этилади. Аризага қуйидагилар илова қилинади: 1. _________________________________________________________________________________________ 2. _________________________________________________________________________________________ 3. _________________________________________________________________________________________ 4. _________________________________________________________________________________________ Ўқув марказининг почта манзили: _______________________________________________________________ СТИР рақами:_______________________________________________________________________________ Электрон почта манзили: ______________________________________________________________________ Ҳисобварақ / банк реквизитлари: ___________________________________________________________ _____________________________________________ (ариза берувчи раҳбарининг лавозими, Ф.И.О.) _______________ (имзо) 20___ йил _______________
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 3-ИЛОВА
Ўқув курсини муваффақиятли якунлаган талабгорлар тўғрисида маълумотномалар шакллари *
I. ____________________________________ ўқув марказида 20__ йил «__» _________дан «__» _________гача ўтказилган « МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» ёки «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)» ўқув курсини муваффақиятли якунлаган олий таълим муассасаларининг « Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог кадрлари тўғрисида МАЪЛУМОТ Т/р Фамилияси, исми ва отасининг исми ЖШШИР (ПИНФЛ) маълумотлари Олий таълим муассасасининг номи Лавозими Тел.рақами II. ____________________________________ ўқув марказида 20__ йил «__» _________дан «__» _________гача ўтказилган «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» ёки «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)» ўқув курсини муваффақиятли якунлаган давлат органи ходимлари тўғрисида МАЪЛУМОТ Т/р Фамилияси, исми ва отасининг исми ЖШШИР (ПИНФЛ) маълумотлари Давлат органининг номи Лавозими Тел.рақами III. ____________________________________ ўқув марказида 20__ йил «__» _________дан «__» _________гача ўтказилган «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» ёки «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)» ўқув курсини муваффақиятли якунлаган олий таълим муассасалари талабалари тўғрисида МАЪЛУМОТ Т/р Фамилияси, исми ва отасининг исми ЖШШИР (ПИНФЛ) маълумотлари Олий таълим муассасасининг номи Таълим йўналиши ва босқичи Тел.рақами IV. ____________________________________ ўқув марказида 20__ йил «__» _________дан «__» _________гача ўтказилган «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» ёки «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)» ўқув курсини муваффақиятли якунлаган олий таълим муассасалари битирувчилари тўғрисида МАЪЛУМОТ Т/р Фамилияси, исми ва отасининг исми ЖШШИР (ПИНФЛ) маълумотлари Олий таълим муассасасининг номи Олий таълим муассасасини битирган санаси (йил, ой, кун ) Тел.рақами
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ___________________________да яшовчи (яшаш манзили) _________________________________ дан (ариза берувчининг Ф.И.О) _____________________________________ (телефон рақами) _____________________________________ (электрон почта манзили) Дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб бериш тўғрисида АРИЗА Менга бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида («МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» ёки «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)») * дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтиш харажатларини қоплаб беришингизни сўрайман. Иш (ўқиш) жойи ва лавозими:__________________________________________________________________ (ташкилот ва лавозим номи) _______________________________________________________________________________ Аризага қуйидагилар илова қилинади: 1. _________________________________________________________________________________________ 2. _________________________________________________________________________________________ 3. _________________________________________________________________________________________ 4. _________________________________________________________________________________________ 5. _________________________________________________________________________________________ 20___ йил «____» ___________ Шахсий имзо __________________
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 26 январь,
38-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
VAQTINCHALIK NIZOM
SXEMASI
Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlariga oʻtish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 24-fevraldagi PQ-4611-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlariga oʻtish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 24-fevraldagi PQ-4611-son qaroriga muvofiq:
aksiyadorlik jamiyatlari, tijorat banklari, sugʻurta tashkilotlari, davlat ulushi boʻlgan tegishli xoʻjalik jamiyatlari va yirik soliq toʻlovchilar toifasiga kiritilgan yuridik shaxslar 2021-yil yakunlaridan boshlab moliyaviy hisobotni moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari (keyingi oʻrinlarda — MHXS) asosida tayyorlashi va 2021-yil yakuniga qadar buxgalteriya hisobi xizmatini xalqaro sertifikatlash doirasida tegishli sertifikatga ega boʻlgan kamida uch nafar mutaxassis bilan taʼminlashi;
oliy taʼlim muassasalari “Buxgalteriya hisobi” va “Audit” fanlari boʻyicha MHXSni chuqur oʻrganishni nazarda tutuvchi yangilangan oʻquv dasturlarini taʼlim jarayoniga joriy etishi, ushbu fanlar boʻyicha pedagog kadrlarning akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlarida MHXS boʻyicha oʻqitilishini taʼminlashi hamda 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab tajriba-sinov oliy taʼlim muassasalarida buxgalteriya hisobi va audit boʻyicha fanlar faqat xalqaro sertifikatlash doirasida tegishli sertifikatga ega boʻlgan oʻqituvchilar tomonidan oʻqitilishi;
2020 — 2025-yillar davomida oliy taʼlim muassasalarining pedagog kadrlari (“Buxgalteriya hisobi” va “Audit” fanlari boʻyicha), talabalari, bitiruvchilari (oʻqishni tugatgandan soʻng olti oy ichida) va davlat organlari xodimlarini akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlarida MHXS boʻyicha oʻqitish, shuningdek, ularni buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida Oʻzbekiston Respublikasida dastlabki roʻyxatdan oʻtkazish va imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtkazish xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom * ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
MHXS boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlari tarkibi va ushbu xarajatlar qoplab beriluvchi shaxslar toifasi;
MHXS boʻyicha oʻqitish xarajatlarini qoplash tartibi;
buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplash tartibi;
MHXS boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini moliyalashtirish manbalari.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi moliya vaziri T.A. Ishmetov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 26-yanvardagi 38-son qaroriga ILOVA
Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Vaqtinchalik nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari (keyingi oʻrinlarda — MHXS) boʻyicha oʻqitish (keyingi oʻrinlarda — oʻqitish) hamda buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida (“MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot”, “Xalqaro moliyaviy hisobot boʻyicha diplom (DipIFR ACCA)” kurslari va boshqalar) imtihonlarni topshirish (keyingi oʻrinlarda — imtihon topshirish) xarajatlarini qoplash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom 2025-yil 31-dekabrgacha amal qiladi.
3. Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplab berish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. MHXS boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlari tarkibi va ushbu xarajatlar qoplab beriluvchi shaxslar toifasi
4. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Moliya vazirligi) oʻqitish va imtihon topshirish xarajatlari qoplab beriladigan buxgalteriya hisobi sohasidagi xalqaro tashkilotlar va xalqaro buxgalter sertifikatlari roʻyxatini belgilaydi.
5. Oʻqitish xarajatlarini qoplash buxgalteriya hisobi sohasidagi xalqaro tashkilotning (markaz faoliyati yoki tegishli fan (kurs)lar boʻyicha) akkreditatsiyasidan oʻtgan oʻquv markazlarida (keyingi oʻrinlarda — akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlari) oʻqitish yakunlariga koʻra Moliya vazirligi tomonidan belgilanadigan xalqaro buxgalter sertifikatlari doirasidagi fanlar va (yoki) kurslar boʻyicha amalga oshiriladi.
6. Imtihon topshirish jarayonidagi quyidagi xarajatlar qoplab beriladi:
Oʻzbekiston Respublikasida dastlabki roʻyxatdan oʻtish xarajatlari (buxgalterlarning xalqaro sertifikatini beruvchi xalqaro tashkilotga jismoniy shaxsning aʼzo (talaba) boʻlishi uchun dastlabki bir martalik toʻlov);
Oʻzbekiston Respublikasida imtihon topshirish uchun birinchi va ikkinchi marta roʻyxatdan oʻtish xarajatlari.
7. Oʻqitish va imtihon topshirish xarajatlari quyidagi toifadagi shaxslar (keyingi oʻrinlarda — talabgorlar) uchun qoplab beriladi:
oliy taʼlim muassasalarining “Buxgalteriya hisobi” va “Audit” fanlari boʻyicha pedagog kadrlari;
oliy taʼlim muassasalarining talabalari;
oliy taʼlim muassasalarining bitiruvchilari (oliy taʼlim muassasasini tugatgandan soʻng olti oy davomida);
davlat organlari xodimlari.
3-bob. Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish xarajatlarini qoplash tartibi
8. Oʻqitish faqat buxgalteriya hisobi sohasidagi xalqaro tashkilotning akkreditatsiyasidan oʻtgan oʻquv markazlari tomonidan amalga oshiriladi.
9. Oliy taʼlim muassasalari har yili 10-yanvarga qadar pedagog kadrlarni yillik oʻqitish jadvalini (muddatlarini koʻrsatgan holda fanlar (kurslar) boʻyicha) tasdiqlaydi va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga taqdim etadi. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi ushbu maʼlumotlarni oliy taʼlim muassasalari boʻyicha umumlashtiradi va 31-yanvarga qadar Moliya vazirligiga taqdim etadi.
10. Davlat organlari har yili 10-yanvarga qadar oʻzining xodimlarini yillik oʻqitish jadvalini (muddatlarini koʻrsatgan holda fanlar (kurslar) boʻyicha) tasdiqlaydi hamda 31-yanvarga qadar Moliya vazirligiga taqdim etadi.
11. Oliy taʼlim muassasalarining pedagog kadrlari, shuningdek, davlat organlari xodimlari tarkibida oʻzgarishlar roʻy berganda oʻqitish jadvaliga oʻzgartirishlar kiritiladi hamda ushbu oʻzgartirishlar tasdiqlangandan soʻng bu haqida besh ish kuni mobaynida Moliya vazirligiga axborot taqdim etiladi.
12. Talabgorlar akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlarini mustaqil ravishda tanlaydi.
13. Talabgorlarni oʻqitish xarajatlari, ular oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan taqdirda, Moliya vazirligi tomonidan akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlariga qoplab beriladi.
14. Akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazi har bir oʻquv kursi boshlangan sanadan boshlab oʻn ish kuni mobaynida unda qatnashayotgan talabgorlar roʻyxatini Moliya vazirligiga taqdim etadi.
15. Oʻqitish, shu jumladan, interfaol usullarni qoʻllagan holda oʻqitish xarajatlari akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlariga oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan har bir ishtirokchi uchun oʻquv markazi tomonidan taqdim etilgan oʻqitish qiymati boʻyicha, biroq quyidagi miqdorlardan oshmaydigan summada qoplab beriladi:
“MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot” kursi va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasidagi boshqa kurslar uchun — bazaviy hisoblash miqdorining oʻn ikki baravari miqdorida;
“Xalqaro moliyaviy hisobot boʻyicha diplom (DipIFR ASSA)” kursi uchun — bazaviy hisoblash miqdorining oʻn besh baravari miqdorida.
16. Akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazi oʻquv kursi yakunlangandan soʻng Moliya vazirligiga oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan talabgorlar uchun oʻqitish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan MHXS boʻyicha oʻqitish xarajatlarini qoplab berish toʻgʻrisida ariza taqdim etadi. Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan talabgorlar toʻgʻrisida maʼlumotnoma;
maʼlumotnomada koʻrsatilgan talabgorlar bilan oʻquv kursida taʼlim olish toʻgʻrisida tuzilgan shartnoma nusxalari;
oʻquv kursi yuzasidan talabgorlarga taqdim etiladigan hisobvaraq-fakturalar nusxalari;
oʻquv kursini muvaffaqiyatli tugatganligi toʻgʻrisida talabgorlarga berilgan hujjat nusxalari;
oʻquv markazining yoki oʻquv kursining akkreditatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisidagi hujjat nusxasi;
davlat organi xodimi, oliy taʼlim tashkiloti pedagog kadri yoki talabasi ekanligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi yoxud maʼlumotnoma;
oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplom nusxasi (ushbu hujjat faqat oliy taʼlim tashkilotlarining bitiruvchilari uchun taqdim etiladi).
17. Ushbu Nizomning 16-bandida koʻrsatilgan hujjatlar akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlari tomonidan Moliya vazirligiga pochta yoki elektron aloqa vositalari orqali taqdim etiladi.
Akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlari taqdim etilgan hujjatlar hamda ularda koʻrsatilgan maʼlumotlarning ishonchliligi va haqqoniyligi uchun javob beradi.
18. Moliya vazirligi ariza tushgan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida oʻqitish xarajatlarining qoplab berilishi yoki qoplab berilishini rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
19. Ushbu Nizomning 16-bandida koʻrsatilgan hujjatlar toʻliq boʻlmagan holda taqdim etilganda yoki taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki soxta maʼlumotlar mavjud boʻlganda oʻqitish xarajatlarini qoplab berish rad etiladi.
20. Oʻqitish xarajatlarining qoplab berilishi rad etilgan taqdirda, Moliya vazirligi akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazini, rad etish sabablarini koʻrsatgan holda, uch ish kuni ichida elektron shaklda xabardor qiladi.
21. Oʻqitish xarajatlarining qoplab berilishi rad etilgan akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazi rad etishga sabab boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etgandan soʻnggina qayta ariza berishi mumkin.
4-bob. Buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplash tartibi
22. Buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida faqat Oʻzbekiston Respublikasida dastlabki roʻyxatdan oʻtkazish va imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtkazish xarajatlari qoplab beriladi.
23. Buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida Oʻzbekiston Respublikasida dastlabki roʻyxatdan oʻtish xarajatlari talabgorlarga toʻliq hajmda qoplab beriladi.
24. Buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida har bir fan (kurs) boʻyicha imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtish xarajatlari talabgorga quyidagi tartibda qoplab beriladi:
birinchi marta imtihon topshirganda (birinchi urinish) — roʻyxatdan oʻtish summasining 50 foizi imtihon topshirgunga qadar, qolgan qismi — imtihonni muvaffaqiyatli topshirgandan soʻng qoplab beriladi;
ikkinchi marta imtihon topshirganda (ikkinchi urinish) — roʻyxatdan oʻtish summasining 50 foizi imtihonni muvaffaqiyatli topshirgan taqdirda qoplab beriladi.
25. Imtihon topshirish xarajatlarini qoplash xalqaro sertifikatni olish uchun imtihon oʻtkazuvchi (xalqaro sertifikatni beruvchi) tashkilot tomonidan belgilangan toʻlov summasi miqdorida amalga oshiriladi.
26. Imtihon topshirish uchun toʻlovlar Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida chet el valyutasida belgilangan hamda toʻlovlar chet el valyutasida amalga oshirilgan boʻlsa, ushbu xarajatlarni qoplash chet el valyutasida amalga oshirilgan operatsiya sanasidagi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki kursi boʻyicha milliy valyuta — soʻmda qayta hisoblanadi va qoplanadi.
27. Imtihon topshirish xarajatlarini qoplash milliy valyuta — soʻmda amalga oshiriladi va talabgorning shaxsiy bank kartasiga oʻtkazib beriladi.
28. Talabgor imtihon topshirish xarajatlarining qoplab berilishi boʻyicha quyidagi hujjatlarni Moliya vazirligiga taqdim etadi:
ushbu Nizomga 4-ilovada keltirilgan dastlabki roʻyxatdan oʻtish va imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtish xarajatlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi ariza;
pasport yoki identifikatsiya ID-karta maʼlumotlari;
imtihon topshirish xarajatlarini tasdiqlovchi hujjatlar nusxasi (toʻlov hujjatlari, invoys va boshqalar);
oliy taʼlim muassasasining talabasi ekanligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi yoki maʼlumotnoma (ushbu hujjatni faqat oliy taʼlim muassasasining talabalari taqdim etadi);
davlat organi xodimi, oliy taʼlim tashkiloti pedagog kadri ekanligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi yoki maʼlumotnoma;
imtihonni muvaffaqiyatli topshirganligi toʻgʻrisidagi hujjat nusxasi (roʻyxatdan oʻtish summasining qolgan 50 foizi boʻyicha);
xizmat koʻrsatuvchi bank muassasasi va bank kartasining rekvizitlari.
29. Ushbu Nizomning 28-bandida koʻrsatilgan hujjatlar talabgor tomonidan Moliya vazirligiga pochta, bevosita talabgorlarning oʻzi tomonidan yoki elektron aloqa vositalari orqali taqdim etiladi.
30. Moliya vazirligi ariza tushgan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida imtihon topshirish xarajatlarining qoplab berilishi yoki qoplab berilishini rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
31. Ushbu Nizomning 28-bandida koʻrsatilgan hujjatlar toʻliq boʻlmagan holda taqdim etilganda yoki taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoxud soxta maʼlumotlar mavjud boʻlganda, imtihon topshirish xarajatlarini qoplab berish rad etiladi.
32. Imtihon topshirish xarajatlarini qoplab berish rad etilgan taqdirda, Moliya vazirligi talabgorni rad etish sabablarini koʻrsatgan holda, uch ish kuni ichida elektron shaklda xabardor qiladi.
33. Imtihon topshirish xarajatlarini qoplab berish rad etilgan talabgor rad etishga sabab boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etgandan keyingina qayta ariza berishi mumkin.
5-bob. Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini moliyalashtirish manbalari
34. Oʻqitish va imtihon topshirish xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.
35. Oʻqitish va imtihon topshirish xarajatlarini qoplash uchun Moliya vazirligi har yili Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan ushbu maqsadlar uchun nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida zarur boʻlgan mablagʻlar ajratilishini taʼminlaydi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
36. Ariza beruvchilar ular tomonidan taqdim qilingan arizalar hamda ularga ilova qilingan hujjatlar va maʼlumotlarda koʻrsatib oʻtilgan axborotning ishonchliligi uchun javob beradi.
37. Moliya vazirligi ushbu Nizomda nazarda tutilgan xarajatlarni qoplash maqsadida olingan ariza beruvchi toʻgʻrisidagi maxfiy maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlashi lozim.
38. Oliy taʼlim muassasalari va davlat organlari oʻzlarining rasmiy veb-saytlarida akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlarida oʻqishni tugatgan hamda imtihonlarni topshirgan xodimlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning muntazam ravishda eʼlon qilinishini taʼminlaydi.
39. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 1-ILOVA
Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplab berish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati I bosqich Oliy taʼlim muassasalari, davlat organlari, akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlari Oliy taʼlim muassasalarining pedagog kadrlari, talabalari, bitiruvchilari va davlat organlari xodimlarining (keyingi oʻrinlarda — talabgorlar) oʻqish jadvali tasdiqlanadi va oʻquv mashgʻulotlari oʻtkaziladi. Oʻqitish jadvali va oʻquv mashgʻulotlari jadvaliga muvofiq II bosqich Akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlari, Moliya vazirligi Akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlari tomonidan oʻquv kursi yakunlangandan soʻng uni muvaffaqiyatli tugatgan talabgorlar uchun oʻqitish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha hujjatlar Moliya vazirligiga taqdim etiladi. Oʻquv kursi yakunlangandan soʻng oʻquv markazining xohishiga koʻra III bosqich Moliya vazirligi, akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlari Akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlariga talabgorlarni oʻqitish xarajatlari Moliya vazirligi tomonidan qoplab beriladi. Hujjatlar koʻrib chiqilib, qaror qabul qilingandan soʻng 3 ish kunida IV bosqich Talabgorlar, akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlari Talabgorlar buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida Oʻzbekiston Respublikasida dastlabki roʻyxatdan va imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtadi. Buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida oʻtkaziladigan imtihonlar boʻyicha belgilangan roʻyxatdan oʻtish muddatlarida V bosqich Talabgorlar, Moliya vazirligi Talabgorlar tomonidan buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida Oʻzbekiston Respublikasida dastlabki roʻyxatdan oʻtish va imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha hujjatlar Moliya vazirligiga taqdim etiladi. Oʻzbekiston Respublikasida dastlabki roʻyxatdan va imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtgandan soʻng talabgorning xohishiga koʻra VI bosqich Moliya vazirligi, talabgorlar Talabgorlarga Oʻzbekiston Respublikasida dastlabki roʻyxatdan oʻtish va imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtish xarajatlari Moliya vazirligi tomonidan qoplab beriladi. Hujjatlar koʻrib chiqilib, qaror qabul qilingandan soʻng 3 ish kunida
Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish xarajatlarini qoplab berish toʻgʻrisida ARIZA ____________________________________ oʻquv markazi 20__ yil “__” ___________dan “__” _________gacha muddatda “MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot” yoki “Xalqaro moliyaviy hisobot boʻyicha diplom (DipIFR ASSA)” oʻquv kursini * oʻtkazdi. Ushbu oʻquv kursini “__” nafar oʻquvchi (ishtirokchi) muvaffaqiyatli yakunladi. Shu sababli oʻquv markazining ushbu kurs boʻyicha oʻqitish xarajatlarini qoplab berishingizni soʻraymiz. Oʻqitish xarajatlarini qoplash uchun jami _________ soʻm miqdorida mablagʻ ajratilishi talab etiladi. Arizaga quyidagilar ilova qilinadi: 1. _________________________________________________________________________________________ 2. _________________________________________________________________________________________ 3. _________________________________________________________________________________________ 4. _________________________________________________________________________________________ Oʻquv markazining pochta manzili: _______________________________________________________________ STIR raqami:_______________________________________________________________________________ Elektron pochta manzili: ______________________________________________________________________ Hisobvaraq / bank rekvizitlari: ___________________________________________________________ _____________________________________________ (ariza beruvchi rahbarining lavozimi, F.I.O.) _______________ (imzo) 20___ yil _______________
Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 3-ILOVA
Oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan talabgorlar toʻgʻrisida maʼlumotnomalar shakllari *
I. ____________________________________ oʻquv markazida 20__ yil “__” _________dan “__” _________gacha oʻtkazilgan “ MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot” yoki “Xalqaro moliyaviy hisobot boʻyicha diplom (DipIFR ASSA)” oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan oliy taʼlim muassasalarining “ Buxgalteriya hisobi” va “Audit” fanlari boʻyicha pedagog kadrlari toʻgʻrisida MAʼLUMOT T/r Familiyasi, ismi va otasining ismi JSHSHIR (PINFL) maʼlumotlari Oliy taʼlim muassasasining nomi Lavozimi Tel.raqami II. ____________________________________ oʻquv markazida 20__ yil “__” _________dan “__” _________gacha oʻtkazilgan “MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot” yoki “Xalqaro moliyaviy hisobot boʻyicha diplom (DipIFR ASSA)” oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan davlat organi xodimlari toʻgʻrisida MAʼLUMOT T/r Familiyasi, ismi va otasining ismi JSHSHIR (PINFL) maʼlumotlari Davlat organining nomi Lavozimi Tel.raqami III. ____________________________________ oʻquv markazida 20__ yil “__” _________dan “__” _________gacha oʻtkazilgan “MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot” yoki “Xalqaro moliyaviy hisobot boʻyicha diplom (DipIFR ASSA)” oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan oliy taʼlim muassasalari talabalari toʻgʻrisida MAʼLUMOT T/r Familiyasi, ismi va otasining ismi JSHSHIR (PINFL) maʼlumotlari Oliy taʼlim muassasasining nomi Taʼlim yoʻnalishi va bosqichi Tel.raqami IV. ____________________________________ oʻquv markazida 20__ yil “__” _________dan “__” _________gacha oʻtkazilgan “MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot” yoki “Xalqaro moliyaviy hisobot boʻyicha diplom (DipIFR ASSA)” oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan oliy taʼlim muassasalari bitiruvchilari toʻgʻrisida MAʼLUMOT T/r Familiyasi, ismi va otasining ismi JSHSHIR (PINFL) maʼlumotlari Oliy taʼlim muassasasining nomi Oliy taʼlim muassasasini bitirgan sanasi (yil, oy, kun ) Tel.raqami
Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari boʻyicha oʻqitish va buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida imtihonlarni topshirish xarajatlarini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga ___________________________da yashovchi (yashash manzili) _________________________________ dan (ariza beruvchining F.I.O) _____________________________________ (telefon raqami) _____________________________________ (elektron pochta manzili) Dastlabki roʻyxatdan oʻtish va imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtish xarajatlarini qoplab berish toʻgʻrisida ARIZA Menga buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida (“MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot” yoki “Xalqaro moliyaviy hisobot boʻyicha diplom (DipIFR ASSA)”) * dastlabki roʻyxatdan oʻtish va imtihon topshirish uchun roʻyxatdan oʻtish xarajatlarini qoplab berishingizni soʻrayman. Ish (oʻqish) joyi va lavozimi:__________________________________________________________________ (tashkilot va lavozim nomi) _______________________________________________________________________________ Arizaga quyidagilar ilova qilinadi: 1. _________________________________________________________________________________________ 2. _________________________________________________________________________________________ 3. _________________________________________________________________________________________ 4. _________________________________________________________________________________________ 5. _________________________________________________________________________________________ 20___ yil “____” ___________ Shaxsiy imzo __________________
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 26-yanvar,
38-son