📅 2021-yil 5-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 5-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 5 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 февраля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 February 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМА
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармонига ва «Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4701-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади :
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига маблағларни жойлаштириш;
тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш;
тижорат банклари ва қарз олувчиларга нисбатан белгиланадиган мувофиқлик мезонлари;
ипотека кредитларини расмийлаштириш ва ажратиш тартиби;
ипотека кредити мониторингини олиб бориш ва кредитларни қайтариш тартиби.
1 1 . Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан молиявий ресурслар «resurs.imv.uz» электрон платформаси орқали жойлаштирилади ва қайтарилади. Бунда тижорат банклари фуқароларга ипотека кредитлари ажратиш мақсадида:
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан бугунги кунга қадар жойлаштирилган ресурс маблағлари қолдиғи бўйича тегишли маълумотларни платформага киритади;
жойлаштирилган ресурс маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитлари бўйича тегишли маълумотлар фуқаролар кесимида «resurs.imv.uz» платформага киритиб борилади ва шартномаларга бириктирилади;
келгусида ажратиладиган ёки қайта молиялаштириладиган ресурслар «resurs.imv.uz» платформа орқали амалга оширилади;
тижорат банклари ва қайта молиялаштириш ташкилотлари ўз ахборот тизимларини тўғридан-тўғри «resurs.imv.uz» электрон платформаси билан интеграция қилади.
2. Манфаатдор тижорат банкларига ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш бўйича алоҳида ички тартибларни ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 56-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби (кейинги ўринларда — янги тартиб) доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) томонидан маблағлар жойлаштириш ва тижорат банклари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига (кейинги ўринларда — фуқаролар) ажратилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом қоидалари:
бирламчи уй-жой бозорида кўп квартирали уйлардаги квартираларни (кейинги ўринларда — квартиралар) сотиб олишда;
якка тартибдаги уй-жойларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун уй-жойлардан фойдаланишга рухсатнома берилиб, мулк ҳуқуқи асосида кадастр ҳужжатлари давлат рўйхатидан ўтқазилгандан сўнг тўлиқ ажратилган ипотека кредитларини қайта молиялаштиришда;
тижорат банклари томонидан ўз маблағлари ҳисобидан улушдор-жисмоний шахсларга берилган ипотека кредитларини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисобидан қайта молиялаштиришда қўлланилади.
3. Мазкур Низом қоидалари қуйидагиларга нисбатан:
тижорат банкларининг (кейинги ўринларда — банк) ички кредит сиёсатига мувофиқ ўз маблағлари (янги тартиб доирасида улушдор-жисмоний шахсларга ажратилган ипотека кредитлари бундан мустасно), халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳамда бошқа жалб қилинган маблағлар ҳисобидан жисмоний шахсларга уй-жой (квартира) сотиб олиш, қуриш (реконструкция қилиш), таъмирлаш учун ипотека кредитлари ажратишга;
ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти томонидан белгиланган тартиб ва шартлар, банкларнинг ички сиёсати, шунингдек, мазкур ташкилот ва банклар ўртасида тузилган шартномалар асосида унинг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратишга;
якка тартибдаги уй-жой қурилишига рухсат олиб, лекин кейинчалик бирламчи бозорда сотиш мақсадида қурилган кўп квартирали уйлардаги квартираларни ипотека кредитлари орқали сотишга татбиқ этилмайди.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза берувчи — бирламчи уй-жой бозорида квартирани сотиб олиш ёки якка тартибдаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ипотека кредити олиш учун банкка ариза тақдим этган фуқаро;
бирламчи уй-жой бозори (янги қурилган уй-жой) — қурилиши тугалланган уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш тўғрисида комиссия далолатномаси асосида мулк ҳуқуқи юзага келган ҳамда қабул қилиб олинганига уч йилдан кўп бўлмаган, шунингдек, қарздорлик эвазига банк балансига қабул қилинган янги қурилган 4 қаватдан паст бўлмаган кўп квартирали уй-жойлардаги квартиралар;
биргаликда қарз олувчи — қарз олувчининг ипотека кредити асосий суммаси ва кредит бўйича ҳисобланган фоизларнинг ҳар ойдаги тўловларида қатнашадиган, шунингдек, ипотека кредити бўйича солидар жавоб берадиган жисмоний шахслар;
бошланғич бадал — сотиб олинадиган квартиранинг ёки якка тартибдаги лойиҳалар қийматининг ипотека кредити олиш учун қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан белгиланган меъёрларда шакллантириладиган қисми;
ипотека кредити — аҳолига бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ёки якка тартибдаги лойиҳалар учун банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ва кейинчалик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган кредитлар;
иштирок этувчи тижорат банклари — фуқаролар томонидан бирламчи бозорда танланган уй-жойларни сотиб олишга ёки якка тартибдаги лойиҳаларга ипотека кредитини тақдим этувчи банклар;
пудрат ташкилоти — кўп квартирали уйларни ўз маблағлари, банк кредити ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан қуриш ёки якка тартибдаги лойиҳаларни амалга оширувчи ҳамда бирламчи уй-жой бозорида қурилган квартираларни сотиш учун таклиф этувчи тадбиркорлик субъекти;
субсидия — уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказилган маблағ;
уй-жой — пудрат ташкилотлари томонидан ўз маблағлари, банк кредити ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қурилган бирламчи уй-жой бозоридаги квартиралар ҳамда фуқаронинг ўз кучи билан, хусусий пудрат ташкилотларини ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни жалб этган ҳолда қурилган, реконструкция қилинган ва таъмирланган якка тартибдаги уй-жойлар;
ипотека кредитининг энг кўп миқдори — амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ипотека кредитларини қайта молиялаштиришнинг энг кўп миқдори;
қарз олувчи — бирламчи уй-жой бозоридаги квартирани сотиб олиш ёки якка тартибдаги якка тартибдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун ипотека кредити олган ва кредит шартномасида белгиланган шартларда қайтариш мажбуриятини эга фуқаро;
Давлат дастурлари — ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари асосида ҳар йили тасдиқланадиган дастур;
якка тартибдаги лойиҳалар — фуқаронинг белгиланган тартибда умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкасида (кейинги ўринларда — ер участкаси) белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган лойиҳа асосида (кейинги ўринларда — лойиҳа асосида) фуқаронинг ўз кучи билан, хусусий пудрат ташкилотини ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни ёллаган ҳолда якка тартибдаги уй-жой қуриш, қайта қуриш, реконстуркция қилиш ёки таъмирлаш.
5. Фуқароларга ипотека кредитларини ажратиш банклар ва уларнинг филиаллари томонидан мазкур Низомга ва банкларнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ амалга оширилади.
Банклар томонидан ажратиладиган ипотека кредитларининг фоиз ставкалари ва муддати ҳамда ушбу ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан маблағлар жалб қилишнинг фоиз ставкалари ва муддати Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида тузиладиган Ҳамкорлик меморандуми ва/ёки шартномаларда белгиланади.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қарз олувчиларга бериладиган ипотека кредитлари:
20 йилдан кўп бўлмаган муддатга, амалда бўлган давлат дастурларини тасдиқловчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фоиз ставкаларида ажратилади;
улар бўйича аннуитет ёки дифференциал тўловлар тартиби татбиқ этилади;
фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг (кейинги ўринларда — Марказий банк) асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.
Бунда:
фоиз тўловларидаги ўзгаришлар Марказий банк асосий ставкасининг пасайтирилиши амалга киритилган кундан бошлаб ҳисоб-китоб қилинади ва фоиз ставкаларини мутаносиб равишда камайтириш механизми Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоиздан пасайганда қўлланилади;
қарз олувчиларга уларнинг хоҳишига кўра кредит тўловлари бўйича дифференциал тўловлар тартиби татбиқ этилиши, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қайта молиялаштириладиган маблағлар бўйича ҳам ушбу шартлар белгиланиши мумкин;
улушдор-жисмоний шахсларга ипотека кредитлари улуш киритиш асосида қурилган кўп квартирали уй-жойлардаги квартиралар давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг янги тартиб доирасида белгиланган ипотека кредитларининг энг кўп миқдоридан ошмаган миқдорда қайта молиялаштирилади.
Агар банклар томонидан ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкаси пасайтирилмаган тақдирда, банкнинг ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкасини пасайтирилмаслик натижасида олган фоиз даромадининг икки баравари миқдорида жарима ҳисоблаган ҳолда унинг барча ҳисобварақларидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган ёки қайта молиялаштирилган маблағлар (ундириш кунига ҳисобланган фоизлар билан бирга) сўзсиз ундирилади.
Ушбу шартлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва банклар ўртасидаги Ҳамкорлик меморандуми ва депозит шартномаларида ҳамда банклар ва қарз олувчилар ўртасидаги ипотека кредити шартномаларида белгилаб қўйилган бўлиши керак.
7. Янги тартиб доирасида кўп квартирали уй-жойлардаги квартираларни сотиб олиш ва якка тартибда уй-жой қуриш (реконструкция қилиш) учун ипотека кредитларини ажратиш ушбу Низомга 1 ва 2-иловалардаги схемаларга мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Банкларга қўйиладиган мувофиқлик мезонлари ва уларга маблағлар ажратиш тартиби
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан маблағлар ажратишда ёки ипотека кредитларини қайта молиялаштиришда банкларга қуйидаги мувофиқлик мезонлари белгиланади:
банкда янги тартиб доирасида ипотека кредитларини ажратиш юзасидан аниқ белгиланган ички тартиб мавжуд бўлиши;
банк «Fitch Ratings» ёки «Standard & Poorʼs» рейтинг агентликларининг «В» даражасидан ёки «Moodyʼs Investors Service» рейтинг агентлигининг «В2» рейтингидан паст бўлмаган даражада узоқ муддатли кредит рейтингига эга бўлиши;
охирги уч йиллик молиявий ҳисоботлар бўйича аудиторлик ташкилоти ижобий хулосасининг мавжудлиги;
банкнинг регулятив капитали 500 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги;
банк Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан янги тартибга мувофиқ жойлаштирилган ёки қайта молиялаштирилган маблағлар бўйича муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги;
Марказий банк томонидан белгиланган пруденциал нормативлар бузилганлиги сабабли унга нисбатан ипотека кредити берилишига тўсқинлик қилувчи амалдаги чора ва санкциялар мавжуд бўлмаслиги лозим.
Мазкур банднинг иккинчи — олтинчи хатбошларида назарда тутилган ҳужжатлар банклар томонидан, еттинчи хатбошида келтирилган маълумотлар Марказий банк томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади.
9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги банкларнинг мувофиқлик мезонларига мос келишини баҳолашда Марказий банкдан банкларнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.
10. Ушбу Низомнинг 8-бандида белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мувофиқлик мезонларига мос келувчи банк томонидан ажратилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун ҳамкорлик меморандуми тузади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ушбу Низом доирасида ажратиладиган ёки кейинчалик қайта молиялаштирилиши мумкин бўлган маблағлар банкнинг биринчи даражали регулятив капиталидан ошиб кетмаслиги лозим.
11. Ҳамкорлик меморандумига мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги банклар томонидан ажратилган ипотека кредитларини қайта молиялаштиради.
Бунда маблағларнинг фоиз ставкаси ва бошқа шартлари ҳар йили тасдиқланадиган Давлат дастурларига мувофиқ белгиланади.
12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан банкларга маблағларни жойлаштиришдан ёки қайта молиялаштиришдан олинган даромадлар (фоизлар) Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига ўтказилади.
13. Банклар ҳамкорлик меморандумига мувофиқ ўз маблағлари ҳисобидан давлат дастури доирасида ажратилган ёки ажратилиши кутилаётган ипотека кредитлари портфелини қайта молиялаштириш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигига шартнома тузиш юзасидан «resurs.imv.uz» электрон платформаси орқали мурожаат қилади.
14. Банклардан ипотека кредитларни қайта молиялаштириш ёки маблағ ажратиш учун шартномасини тузиш бўйича буюртманомалар қабул қилингандан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги банклар билан қайта молиялаштирилиши мумкин бўлган маблағ миқдори, фоиз ставкаси ва молиялаштиришнинг бошқа шартларини назарда тутувчи шартномаларни «resurs.imv.uz» электрон платформасида электрон тарзда имзолайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ушбу маблағлар олинган санадан бошлаб уч ой мобайнида белгиланган мақсадлар учун фойдаланилмаган тақдирда, банк фойдаланилмаган маблағларни ушбу давр тугашидан олдинги санагача шартномада кўрсатилган фоизлар билан бирга Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтариши шарт.
Фойдаланилмаган маблағлар банк томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига белгиланган уч ой муддатда қайтарилмаган тақдирда, қайтарилмаган маблағлар улар олинган санадан бошлаб ҳақиқатда қайтариш санасига бўлган давр учун шартномада кўрсатилган фоиз ставкаси икки баравар миқдорда ҳисобланган ҳолда тўлаб берилади.
Бунда тегишли банк томонидан молия йили мобайнида икки марта маблағларнинг 50 фоиздан ортиқ қисми учун белгиланган мақсадлар учун уч ой муддат мобайнида фойдаланилмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу банкка кейинги уч ой муддатга маблағ ажратилишини вақтинча тўхтатиши мумкин.
Тижорат банклари томонидан молия йил якунининг охирги иш куни ҳолатига ўзлаштирилмаган маблағлар келгуси йилнинг 30 январь санасига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтарилади.
15. Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан олинган маблағлар, қайта молиялаштирилган ипотека кредитлари қарз олувчилар томонидан тўловларни амалга ошириш муддатидан қатъи назар, банклар томонидан ҳамкорлик меморандуми, шартномалар ва уларга илова қилинган қайтариш графикларига асосан қайтарилади.
3-боб. Қарз олувчиларнинг мувофиқлик мезонлари
16. Қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:
а) ипотека кредити олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;
б) доимий иш жойига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга эга, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар, шунингдек, ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа даромад манбаига эга бўлиши;
г) ипотека кредитини олиш учун бирламчи уй-жой бозорида сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши. Бунда ипотека кредити бўйича субсидия ажратилганда бошланғич бадал миқдори — бошланғич бадал учун субсидиянинг қатъий белгиланган миқдори ва қарз олувчи томонидан уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган миқдорда шакллантирилади;
д) якка тартибдаги уй-жой қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши;
е) сотиб олинадиган квартира ёки қуриладиган (реконструкция қилинадиган) якка тартибдаги уй-жойнинг қиймати ушбу банд билан белгиланган бошланғич бадал ва ушбу Низомнинг 28-бандида белгиланган ипотека кредитининг энг кўп миқдори суммасидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисмини шакллантириш (тўлаш) имкониятига эга бўлиши;
ж) ипотека кредитини ажратишни кўриб чиқиш вақтида кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;
з) якка тартибдаги уй-жой қуриш (реконструкция қилиш) учун ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларига эга бўлиши.
17. Қарз юки кўрсаткичи ҳисоб-китобларида қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг ўртача ойлик даромадлари миқдори улар томонидан охирги 12 ой мобайнидаги (12 ойдан кам ишланган тақдирда — ишланган давр учун) олган даромадлари миқдорининг ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади.
18. Банк қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг ўртача ойлик даромадини аниқлашда қуйида келтирилган тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга:
иш берувчи томонидан тасдиқланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумот;
пенсия тўловлари миқдори тўғрисидаги маълумот;
жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумот;
фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган доимий тарздаги даромадларини тасдиқловчи маълумотлар;
давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган жисмоний шахсларнинг даромадлари бўйича декларация;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадларни тасдиқловчи маълумотлар.
Банк қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг ўртача ойлик даромадини аниқлашда кредит бюродан ёки бошқа расмий манбалардан мустақил равишда олинган, қарз олувчининг даромадларини аниқлаш имконини берувчи маълумотлардан фойдаланиши мумкин.
19. Қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг қарз юки кўрсаткичи белгиланган меъёрдан юқори бўлганда, унинг банк олдидаги қарз мажбуриятини таъминлаш юзасидан юридик шахслар кафиллиги қабул қилиниши ва юридик шахснинг йиллик соф фойдасининг 50 фоизи қарз олувчининг қарз юки кўрсаткичини ҳисоблашда қўшилиши мумкин.
Бунда қарз олувчи ва унинг турмуш ўртоғининг бир ойлик ўртача даромади (барча кредитлар бўйича бир ойлик тўловлар чегириб қолинганда) ажратиладиган ипотека кредити бўйича бир ойлик ўртача тўловларнинг 20 фоизидан кам бўлмаслиги шарт.
20. Қарз олувчи ўз танловлари асосида бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни танлайди ва пудрат ташкилоти билан, банк балансидаги уй-жойни сотиб олишда эса банк билан шартнома имзолайди.
4-боб. Ипотека кредитини ажратиш тартиби
21. Ипотека кредити банклар томонидан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадлилик шартларида берилади.
22. Қарз олувчининг ипотека кредитини қайтариш бўйича мажбурияти таъминоти сифатида:
бирламчи уй-жой бозоридан сотиб олинаётган квартира;
якка тартибда қуриладиган (реконструкция қилинадиган) уй-жой гарови ёки бошқа таъминот турлари тақдим этилади.
Улушдор-жисмоний шахслар ипотека кредити бўйича таъминот сифатида банкнинг ички кредит сиёсатига асосан пудрат ташкилотининг ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мол-мулкдан фойдаланиши мумкин.
Агар кредит олиш вақтида пудрат ташкилотининг мол-мулки ёки бошқа таъминот тури тақдим этилган бўлса, уй-жой қурилиши (реконструкция қилиниши) якунланиб кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганидан сўнг кредит бўйича таъминот ушбу уй-жойнинг ипотекасига алмаштирилади.
24. Пудрат ташкилотлари томонидан янги тартиб доирасида қурилган, шунингдек, қарздорлик эвазига банк балансига қабул қилинган янги қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш ҳамда якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари учун берилиши мумкин бўлган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ушбу Низомнинг 28-бандида белгиланган миқдорлардан ошиб кетмаслиги лозим.
25. Сотиб олинадиган квартира ва қуриладиган (реконструкция қилинадиган) якка тартибдаги уй-жойнинг қиймати ушбу Низомнинг 16-бандида белгиланган бошланғич бадалнинг минимал миқдори ва 28-бандига мувофиқ берилиши мумкин бўлган ипотека кредитининг энг кўп миқдори йиғиндиси сифатида аниқланади.
26. Субсидия хабарномасини олган фуқаро банкка ипотека кредити олиш учун ариза тақдим этаётган даврда ушбу Низомнинг 16-бандида белгиланган қарз олувчиларнинг мувофиқлик мезонларига тўлиқ жавоб бермай қолган ҳолларда банк ажратиладиган ипотека кредити миқдорини фуқаронинг розилигига кўра камайтиради, розилик берилмаган тақдирда ипотека кредити ажратишни рад этади.
27. Фуқаро банкка ипотека кредити олиш учун мурожаат қилган тақдирда, банкнинг масъул ходими унга ипотека кредитининг асосий йўналишлари бўйича изоҳ беради, талаб этиладиган барча ҳужжатлар рўйхати ва тахминий харажатлар турлари билан таништиради.
Бунда қарз олувчи банкка ипотека кредити олиш учун ариза ва ушбу Низомга ҳамда банкнинг ички кредит сиёсатига асосан тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Субсидия хабарномасига эга бўлган қарз олувчи банкка қўшимча равишда мазкур хабарномани ҳам тақдим этади.
Якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш)учун ипотека кредити олиш бўйича буюртманомага қарз олувчининг ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) бўйича смета ҳужжати, пудрат ташкилоти, шунингдек, қарздорлик эвазига банк балансига қабул қилинган янги қурилган уй-жойни сотиб олишда эса банк билан тузилган шартнома ҳамда ипотека кредитини қайтариш бўйича мажбурият таъминотини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар ҳам илова қилинади.
28. Тайёр ҳолда топшириш шарти билан ёки тайёр ҳолда топшириш шартисиз (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр ҳолда) қуриб битказилган кўп квартирали уй-жойлардаги квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш ҳамда якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ишлари учун банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан фуқароларга қуйидаги шартларда ажратилган ипотека кредитлари кейинчалик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштирилади:
а) амалда бўлган Давлат дастурларида белгиланган фоиз ставкасида;
б) 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
в) бошланғич бадали сотиб олинадиган квартира ёки якка тартибда якка тартибдаги лойиҳалар қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорида;
г) бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдорида.
29. Қарз олувчи томонидан банкка 20 йилдан кам муддатга ва (ёки) ушбу Низомнинг 28-бандида белгилангандан кўпроқ миқдордаги бошланғич бадални тўлаган ҳолда ипотека кредити олиш учун ариза тақдим этилганда, аризани кўриб чиқиш ҳамда кредит ажратиш ушбу Низомга ва банкнинг ички кредит сиёсатида белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилади.
30. Сотиб олинадиган квартира ёки якка тартибдаги лойиҳалар қийматининг 85 фоизи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.
Бунда ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган қийматда ажратилган ипотека кредитлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириб берилмайди.
31. Ипотека кредитининг йиллик фоиз ставкаси амалдаги Давлат дастурларида белгиланган ставкаларда қарз олувчи ва банк ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ ипотека кредити шартномасида белгиланади.
Бунда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидия ажратилган ипотека кредитининг фоиз ставкаси янги тартиб доирасида бошқа шахсларга берилган ипотека кредитларининг фоиз ставкаларидан юқори бўлишига йўл қўйилмайди.
32. Кредит ҳужжатлари тўлиқ шакллантирилгандан сўнг қарз олувчи ўз маблағлари ҳисобидан бошланғич бадални, шунингдек, ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия хабарномасига эга бўлган қарз олувчилар бошланғич бадалнинг ўзи томонидан шакллантирилиши лозим бўлган қисмини банкдаги тегишли ҳисобварақда шакллантириши лозим.
Якка тартибда уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун бериладиган ипотека кредити бўйича бошланғич бадал учун қарз олувчи томонидан сотиб олинган қурилиш материаллари ва (ёки) бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қиймати ҳисобга олиниши мумкин.
33. Сотиб олинадиган квартира ёки қурилаётган (реконструкция қилинаётган) якка тартибдаги уй-жойнинг қиймати қарз олувчи тўлаган бошланғич бадал билан унга бериладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори йиғиндисидан ортган ҳолларда қийматнинг ортган қисми учун маблағлар қарз олувчи томонидан банкдаги тегишли ҳисобвараққа ўтказилади ёки банкка ушбу сумма тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши мумкин.
34. Тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилингандан ва маблағлар шакллантирилгандан сўнг банк уч иш кунида қарз олувчига кредит бериш масаласини кўриб чиқади ҳамда аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
35. Банк томонидан ипотека кредити беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, уч иш кунида қарз олувчига ипотека кредити беришни рад этишнинг сабаблари аниқ ва тушунарли кўрсатилган ҳолда ёзма хулоса юборилади.
36. Қарз олувчи банк хулосасида кўрсатилган камчиликларни бартараф этгандан кейин ипотека кредити бериш тўғрисидаги ариза билан банкка қайта мурожаат қилишга ҳақлидир.
37. Қарз олувчига ипотека кредити бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, банк бир иш кунида бу ҳақида қарз олувчини ёзма равишда хабардор қилади. Бунда банк томонидан қарз олувчига танишиб чиқиш ва ўзи билан олиб кетиши мумкин бўлган ипотека кредити шартномаси ва кредитнинг қайтариш жадвали лойиҳаси тақдим этилади.
38. Субсидия хабарномаси мавжуд бўлганда, банк қарз олувчи номига расмийлаштирилган квартиранинг кадастр ҳужжатлари асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «subsidyplatform.mf.uz» электрон платформасига тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда бошланғич бадалнинг қатъий белгиланган миқдорини қоплаш учун буюртманома юборади.
«Subsidyplatform.mf.uz» электрон платформасида икки иш кунида ушбу буюртманома рўйхатдан ўтказилади ҳамда унга асосан тегишли юридик мажбуриятлар ва тўлов топшириқномаси Давлат молиясини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимида (кейинги ўринларда — ДМБАТ) автоматик тарзда шакллантирилади.
Ғазначилик хизмати қўмитаси ДМБАТда шаклланган тўлов топшириқномасини молиявий имкониятлардан келиб чиқиб бир иш кунидан ўн иш кунигача бўлган даврда субсидия маблағларини қарз олувчининг банк томонидан кўрсатилган омонат ҳисобрақамига ўтказиб беради.
40. Ижобий қарор қабул қилинган ипотека кредити бўйича бир иш кунида:
а) белгиланган тартибда пудрат ташкилоти, шунингдек, қарздорлик эвазига банк балансига қабул қилинган янги қурилган уй-жойни сотиб олишда эса банк билан квартиранинг олди-сотди ёки якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) шартномаси расмийлаштирилади.
Бунда квартира олди-сотди шартномаси уч томонлама тартибда пудрат ташкилоти, тижорат банки ва талабгор иштирокида тузилади ва уни нотариал тартибда рўйхатдан ўтказишда гаровга қўйиш амалиётини ҳам инобатга олади.
б) банк ва қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар) ўртасида ипотека кредити шартномаси расмийлаштирилади ва битта асл нусхаси кредитни қайтариш жадвали билан бирга қарз олувчига тақдим этилади;
в) қарз олувчи ўз ҳисобига ва ипотека кредити шартномасида белгиланган муддатларда сотиб олинаётган квартира ёки қурилаётган (реконструкция қилинаётган) якка тартибдаги уй-жой ва у жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқ бўйича гаров шартномаси ҳамда суғурта ташкилоти билан ипотека предметини таваккалчиликлардан суғурта қилиш шартномасини тузади. Бунда суғурта шартномасида суғурта мукофоти ҳар йили тўланиши назарда тутилиши мумкин;
г) «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ипотека шартномаси тузилади. Ипотека шартномаси, шунингдек, қонун асосида юзага келган ипотека белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
41. Банкнинг ипотека кредити бериш бўйича мажбурияти қарз олувчи томонидан банкка ипотека предметини йўқолиш ва шикастланиш таваккалчиликларидан суғурта қилиш шартномаси ҳамда суғурта полиси тақдим этилгандан, шунингдек, ипотека юзага келгандан кейин пайдо бўлади. Ушбу шарт ипотека кредити шартномасида белгилаб қўйилган бўлиши керак.
42. Қарз олувчининг банк ҳисобварағида шакллантирилган маблағ ва унга ажратилган ипотека кредити банк томонидан нақд пулсиз шаклда пудрат ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиб берилади.
43. Ипотека кредити шартномаси қайтариш графигига асосан қарз олувчи ипотека кредити ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини (субсидиядан ташқари қисми) тўлаб боради.
5-боб. Якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун ипотека кредитини ажратишнинг ўзига хос хусусиятлари
44. Якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун қарз олувчига ипотека кредити бериш банк томонидан қарз олувчи ва пудрат ташкилоти ўртасида тузилган якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) бўйича ишларни бажариш ёки хизмат кўрсатиш шартномаси ва қурилиш-монтаж ишлари режа-жадвали асосида қарз олувчининг банкда очилган алоҳида ссуда ҳисобварағидан бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда босқичма-босқич пудрат ташкилотининг депозит ҳисобварағига нақд пулсиз шаклда ўтказиш орқали амалга оширилади.
Бунда қарз олувчининг ўз кучи билан ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни жалб этган ҳолда якка тартибдаги уй-жойлар қуриш (реконструкция қилиш) учун ажратилган кредитлар бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда босқичма-босқич қарз олувчининг банк картасига ўтказиб берилади.
45. Ипотека кредити бўйича маблағ ажратиш банк томонидан қарз олувчининг ёзма топшириқномаси олинган вақтдан бошлаб бир банк куни мобайнида амалга оширилади. Бунда кредит ажратишнинг ҳар бир босқичида банк ходими томонидан жойига чиқиб, ажратилган ипотека кредитининг мақсадли ишлатилиши ўрганилади.
Бажарилган ишлар ҳажмининг 95 фоизгача қисми қарз олувчининг бошланғич бадали (жами бажариладиган ишлар қийматининг 15 фоизи) ҳисобидан ўтказиб берилган аванс маблағларга мутаносиб равишда ушлаб қолинган ҳолда бажарилган қурилиш-монтаж ишлари тўғрисидаги далолатномага мувофиқ молиялаштириб борилади ҳамда якка тартибдаги уй-жой қийматининг 5 фоизи миқдоридаги қолган қисми банк ходими томонидан жойига чиқиб ипотека кредитини тўлиқ ажратиш тўғрисида хулоса берилгандан сўнг тўланади.
Қарз олувчи ҳар ойда банкка амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари ҳолати тўғрисида ҳисобот топшириши керак. Ҳисоботга сотиб олинган товарларга берилган счётлар, квитанциялар, юк хатлари ва бошқа ҳужжатлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа маълумотлар илова қилинади.
46. Якка тартибдаги уй-жойнинг қурилиши (реконструкция қилиниши) тугалланиб, белгиланган тартибда фойдаланишга топширилган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда:
а) қурилиши тугалланган уй-жойни таваккалчиликлардан суғурта қилиш шартномаси тузилади. Бунда суғурта шартномасида суғурта мукофоти ҳар йили тўланиши назарда тутилиши мумкин;
б) ипотека тўғрисидаги шартнома ёки қонун асосида ипотекани расмийлаштирилади ва у давлат рўйхатидан ўтказилади.
6-боб. Ипотека кредити мониторингини олиб бориш ва кредитни қайтариш тартиби
47. Ипотека кредитини қайтариш ва у бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган ипотека кредити шартномаси, қонунчилик ҳужжатлари ва банк кредит сиёсати билан тартибга солинади.
48. Ипотека кредити бўйича фоиз кредит қолдиғига нисбатан ҳар куни ҳисоблаб ёзилади ва ҳар ойда бир марта ундирилади.
49. Ипотека кредити бўйича асосий қарзни ва фоизни тўлаш тартиби кредит шартномасида белгиланади. Бунда ҳисобланган фоиз ва ипотека кредити бўйича асосий қарз банк ва қарз олувчи томонидан имзоланган, кредит шартномасига илова қилинган тўловлар жадвалида белгиланган муддатларда ундирилади.
50. Банк фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш ҳуқуқига эга бўлган қарз олувчига ипотека кредити берилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан субсидияни тўлаш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «subsidyplatform.mf.uz» электрон платформасига буюртманомани киритади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўн иш кунида «subsidyplatform.mf.uz» электрон платформасида ушбу буюртманома рўйхатдан ўтказилади ҳамда унга асосан тегишли юридик мажбуриятлар ва тўлов топшириқномаси ДМБАТда автомат тарзда шакллантирилади.
Республика ғазначилик хизмати ДМБАТда шаклланган тўлов топшириқномасини молиявий имкониятлардан келиб чиқиб бир иш кунидан ўн иш кунигача бўлган даврда субсидия маблағларини қарз олувчининг банк томонидан кўрсатилган ҳисобрақамига ўтказиб беради.
51. Қарз олувчи томонидан кредит шартномаси шартлари бажарилмаслиги оқибатида юзага келган муддати ўтган асосий қарздорлик учун ҳисобланган фоиз тўловлари субсидия олиш ҳуқуқига эга бўлган қарз олувчи учун давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағи ҳисобидан қоплаб берилмайди ва ушбу тўловлар қарз олувчи томонидан тўланиши лозим.
Давлат бюджети ҳисобидан фоиз тўловининг бир қисмини қоплаш учун ажратилган субсидия қарз олувчининг ипотека кредити бўйича асосий қарздорлик тўлови учун йўналтирилишига йўл қўйилмайди.
53. Банк ипотека кредитидан фойдаланишнинг бутун даври давомида доимий мониторингни амалга оширади. Мониторинг давомида банкнинг масъул ходими кредитдан мақсадли фойдаланилиши, асосий қарз ва фоизнинг тўланиши, гаров мулкидан фойдаланиш ва унинг сақланиши, ипотека предметининг ноқонуний бегоналаштирилишига йўл қўймасликни назорат қилиб боради.
54. Ипотека кредитидан белгиланган мақсадда фойдаланмаганлик учун қарз олувчига нисбатан банк томонидан қўлланиладиган чоралар ипотека кредити шартномасида белгиланган бўлиши керак.
55. Қарз олувчи томонидан ипотека кредити бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоиз тўлови белгиланган муддатларда тўланмаганда, банк ходими қарз олувчи билан шахсан учрашиб мажбуриятини бажарилмаётгани сабабини аниқлайди ва муддатида қайтарилмаган кредитнинг қайтарилишини таъминлаш чорасини кўришни талаб қилади.
56. Ипотека кредити мониторинги давомида тақдим этилган ҳисобот ва унга илова қилинган ҳужжатларни таҳлил қилиш жараёнида банк томонидан ипотека кредитидан мақсадсиз фойдаланилганлиги аниқланган тақдирда банк мақсадсиз фойдаланилган маблағ ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни ипотека кредити шартномасида белгиланган тартибда муддатидан олдин ундириб олади.
57. Агар ипотека кредитини ўз вақтида ундириш бўйича кўрилган чоралар натижа бермаса ва кредитнинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилмаслик хавфи юзага келса, банк кредит шартномаси ҳамда қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тўлов (қайтариш) муддати келган кредит ва фоиз тўловларини ундириш чораларини кўради. Берилган кредитни муддатидан олдин ундириш мақсадида банк қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг ҳар қандай ҳисобварақларидан (омонат, банк карталаридаги) маблағларни акцептсиз тартибда ундириб олиш ва қарздорликни қайтаришга йўналтириши мумкин. Ушбу шартлар кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.
58. Қарз олувчи ипотека кредити шартномаси ва унга илова қилинган тўловлар жадвали бўйича мажбуриятларни мунтазам равишда кетма-кет уч ой давомида бузганда ва тўловларни тўламаган тақдирда, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда банк «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратади. Шунингдек, банк уч иш куни мобайнида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ипотека кредити фоиз харажатларини қоплашга субсидия ажратишни тўхтатиш тўғрисида хабарнома юборади.
59. Ипотека кредитини муддатидан олдин ундириш юзасидан суддан олдинги тадбирлар ва судда даъво қўзғатиш «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳамда банкнинг ички норматив ҳужжатларига мувофиқ ташкил қилинади.
60. Иштирок этувчи тижорат банкининг ички сиёсатида белгиланган муддатларда ипотека кредитлари бўйича тўловларни сурункали равишда тўламаслик оқибатида бекор қилинган ипотека кредити шартномалари бўйича ундириладиган маблағлар (шу жумладан, гаровдаги уй-жойнинг сотилишидан) ҳисобидан талабгорга бошланғич бадал учун ажратилган субсидия маблағи белгиланган тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтарилади.
61. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан банкларга жойлаштирилган ёки қайта молиялаштирилган маблағларни қайтариш ва улар бўйича фоизларни тўлаш банклар ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида тузиладиган шартномаларда белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.
62. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги зарур ҳолларда Марказий банк билан биргаликда банкларга жойлаштирилган маблағларнинг ўзлаштирилиши, мақсадлилиги ва қайтарилиши, шунингдек, қайта молиялаштирилган ипотека кредити тўғри ажратилганлигини ўрганиб боради.
7-боб. Қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш
63. Қарз олувчи ипотека кредити олиш учун банкка мурожаат қилганда, банк ипотека кредитининг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақасини бепул тарзда тақдим этади.
64. Банк қарз олувчига ипотека кредити бўйича тўланиши лозим бўлган ойлик тўловлар миқдори ҳамда қарз олувчининг даромадларини таҳлил қилган ҳолда ушбу тўловларни тўлаш учун унинг имконияти етиши (ёки етмаслиги) ҳақида ёзма равишда тушунтириш беради.
65. Ипотека кредити шартномаси имзоланмасдан олдин банк қарз олувчига ушбу шартнома лойиҳасини танишиб чиқиш учун ўзи билан олиб кетиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.
66. Банк қарз олувчига ипотека кредити шартномаси имзоланган кунда шартноманинг битта асл нусхасини кредитни қайтариш жадвалини илова қилган ҳолда тақдим этиши керак.
67. Агар кредитни қайтариш жадвали расмийлаштирилгандан сўнг ипотека кредити шартномасида кўзда тутилган фоиз ставкаси ўзгарганда, банк кредитни қайтариш жадвалини янгидан расмийлаштириб, қарз олувчига тақдим қилиши лозим.
68. Банк ипотека кредитини ажратишда банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда банклар фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаши шарт.
8-боб. Якунловчи қоида
70. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Пудрат ташкилотлари томонидан қурилган бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратиш тўғрисида
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддат 1-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Мувофиқлик мезонларига мос келадиган банклар билан Ҳамкорлик меморандуми тузади. Йил давомида 2-босқич Қарз олувчи Ўз танловлари асосида бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни танлайди ва пудрат ташкилоти билан бирламчи шартномани имзолайди. Қарз олувчи Банкка тегишли ҳужжатлар (бошланғич бадал учун субсидия ажратилган ҳолларда — субсидия хабарномаси) билан бошланғич бадал тўловини амалга оширган ҳолда ипотека кредити олиш учун ариза топширади. Ўз хоҳишига кўра белгиланган муддатларда 3-босқич Банк Қарз олувчининг ипотека кредитини олиш тўғрисидаги аризасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 2 иш кунида Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда фуқаро билан ипотека кредити шартномасини имзолайди ва ипотека кредити ажратиш тўғрисида кафолат хати тақдим этади. 1 иш кунида 4-босқич Қарз олувчи Банк томонидан тақдим этилган кафолат хати асосида квартира сотиб олиш бўйича қурилиш-пудрат ташкилоти билан нотариал ипотека олди-сотди шартномасини расмийлаштиради. Кафолат хати муддати доирасида Расмийлаштирилган олди-сотди шартномасига асосан квартиранинг кадастр ҳужжатини расмийлаштиради ва давлат рўйхатидан ўтказади. Ўз хоҳишига кўра Расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси ҳамда квартиранинг кадастр ҳужжатини ва Банк томонидан талаб қилинадиган бошқа хужжатларни тақдим этади. Ўз хоҳишига кўра 5-босқич Банк Қарз олувчининг банкда шакллантирган маблағларини унга ажратилган ипотека кредити маблағлари билан бирга квартира учун пудрат ташкилотига ўтказиб беради. Субсидия хабарномаси мавжуд бўлганда, банк томонидан қарз олувчи номига расмийлаштирилган квартиранинг кадастр ҳужжатлари асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «subsidyplatform.mf.uz» платформасида бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаб бериш учун қатъий белгиланган миқдордаги субсидия маблағини тўлаш учун буюртманома юборади. 2 иш кунида 6-босқич Банк Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан тузилган Ҳамкорлик меморандумига асосан ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун шартномани тузиш юзасидан «resurs.imv.uz» электрон платформаси орқали мурожаат қилади. Йил давомида 7-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Банк томонидан «resurs.imv.uz» электрон платформаси орқали шартнома тузиш бўйича юборилган мурожаатини кўриб чиқилади имзоланади ёки қайтарилади. 2 иш кунида «resurs.imv.uz» электрон платформасида шартномани автомат тарзда шакллантиради ва имзолаган ҳолда Банкга юборади. 1 иш кунида 8-босқич Банк Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан «resurs.imv.uz» электрон платформаси орқали юборилган шартномани имзолайди. 5 иш кунида* Мазкур шартномага асосан ўз маблағлари ҳисобидан қарз олувчиларга ажратган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун «resurs.imv.uz» электрон платформасида буюртманома шакллантиради. Ҳисобот ойининг якунига қадар 9-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ипотека кредитларини қайта молиялаштириш бўйича келиб тушган буюртманомаларни тасдиқлайди ва тегишли маблағларни Банкнинг шартномада кўрсатилган ҳисоб варағига тўлаб беради. Ҳар ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунигача
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Якка тартибдаги лойиҳалар учун ипотека кредитлари ажратиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддат 1-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Мувофиқлик мезонларига мос келадиган банклар билан Ҳамкорлик меморандуми тузади. Йил давомида 1-босқич Қарз олувчи Ер участкаларида белгиланган тартибда келишилган лойиҳа асосида ҳамда туман (шаҳар) аҳоли пунктлари бош режаси ва шаҳарсозлик нормаларига мос ҳолда пудрат ташкилоти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар билан якка тартибда уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича шартномани имзолайди, ўз кучи билан амалга ошириш ҳолати бундан мустасно. Ўз хоҳишига кўра белгиланган муддатларда 2-босқич Қарз олувчи Банкка тегишли ҳужжатлар билан бошланғич бадал тўловини амалга оширган ҳолда ипотека кредити олиш учун ариза топширади. Бунда якка тартибдаги лойиҳаларни амалга оширилишида, ажратиладиган ипотека кредити бўйича бошланғич бадал учун қарз олувчи томонидан сотиб олинган қурилиш материаллари ва/ёки бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қиймати ҳисобга олиниши мумкин. Ўз хоҳишига кўра белгиланган муддатларда 3-босқич Банк Кредит олиш бўйича тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ариза қаноатлантирилган тақдирда, кредит шартномаси имзоланади. Субсидия тўланадиган қарз олувчилар бўйича банк томонидан қарз олувчи билан тузилган асосида шартномани илова қилган ҳолда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “subsidyplatform.mf.uz” платформасида бошланғич бадал бўйича субсидия маблағини тўлаш учун буюртманома юборади. 3 иш кунида 4-босқич Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун шартномада кўрсатилган шартлар ва миқдорларда маблағларни ўтказиб беради. Бунда: Шартнома ва лойиҳа асосида якка тартибдаги лойиҳалар бўйича бажарилган ишларга тўловлар учун ипотека кредити ва қарз олувчи томонидан банкда шаклланган маблағларни пудрат ташкилотларининг депозит ҳисобварағига нақд пулсиз шаклда ўтказиб беради. Бунда қарз олувчининг ўз кучи билан ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни жалб этган ҳолда якка тартибдаги лойиҳаларни амалга оширган тақдирда ажратилган кредитларни қарз олувчининг банк картасига ўтказиб беради. Шартномада белгиланган муддатларда 5-босқич Қарз олувчи Якка тартибдаги лойиҳаларни амалга оширади. Лойиҳада кўрсатилган қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунлангандан сўнг Банкка бу ҳақида асослантирувчи маълумотларни тақдим этади. Шартномада белгиланган муддатларда 6-босқич Банк Якка тартибдаги лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланганлиги ва кредит маблағларидан манзилли фойдаланилганлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг қарз олувчиларга ўз маблағлари ҳисобидан ажратган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун «resurs.imv.uz» электрон платформасида буюртманома шакллантиради. 5 иш кунида Субсидияли қарз олувчилар бўйича ипотека кредити қайта молиялаштирилганидан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «subsidyplatform.mf.uz» платформасида фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш бўйича субсидия маблағини тўлаш учун буюртманома юборади. Йил давомида 7-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ипотека кредитларини қайта молиялаштириш бўйича келиб тушган буюртманомаларни тасдиқлайди ва тегишли маблағларни Банкнинг шартномада кўрсатилган ҳисобварағига тўлаб беради. Ҳар ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунигача 8-босқич Қарз олувчи Кредит шартномасининг қайтариш графигига асосан ипотека кредити ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини тўлаб боради. Ҳар ойнинг 25-кунигача
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 56-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жой қурилишига, уни реконструкция қилишга ва сотиб олишга ипотека кредити бериш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2007 йил 3 январдаги 2-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси иштирокида уй-жойлар қуришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарорига 2-илованинг 2-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2010 йил 9 ноябрдаги 248-сон қарорига илованинг 13-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини молиялаштиришнинг ресурс базасини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 25 майдаги 151-сон қарорига 2-илова .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2014 йил 6 ноябрдаги 309-сон қарорига илованинг 3-банди .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2017 йил 12 сентябрдаги 712-сон қарорига илованинг 6-банди .
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2017 йил 20 декабрдаги 1001-сон қарорига илованинг 17-банди .
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2020 йил 1 апрелдаги 195-сон қарорига илованинг 2-банди .
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматинииг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 7 июлдаги 429-сон қарорига 1-илованинг 6-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 5 февраль,
56-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMA
SXEMASI
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan ipoteka kreditlari ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ipoteka krediti mexanizmlarini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 28-noyabrdagi PF-5886-son Farmoniga va “Aholining uy-joy sharoitini yaxshilash hamda ipoteka krediti bozorini yanada kengaytirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 1-maydagi PQ-4701-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi :
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan ipoteka kreditlari ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan tijorat banklariga mablagʻlarni joylashtirish;
tijorat banklari tomonidan ajratilgan ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirish;
tijorat banklari va qarz oluvchilarga nisbatan belgilanadigan muvofiqlik mezonlari;
ipoteka kreditlarini rasmiylashtirish va ajratish tartibi;
ipoteka krediti monitoringini olib borish va kreditlarni qaytarish tartibi.
1 1 . Belgilansinki, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan moliyaviy resurslar “resurs.imv.uz” elektron platformasi orqali joylashtiriladi va qaytariladi. Bunda tijorat banklari fuqarolarga ipoteka kreditlari ajratish maqsadida:
Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan bugungi kunga qadar joylashtirilgan resurs mablagʻlari qoldigʻi boʻyicha tegishli maʼlumotlarni platformaga kiritadi;
joylashtirilgan resurs mablagʻlari hisobidan ajratilgan ipoteka kreditlari boʻyicha tegishli maʼlumotlar fuqarolar kesimida “resurs.imv.uz” platformaga kiritib boriladi va shartnomalarga biriktiriladi;
kelgusida ajratiladigan yoki qayta moliyalashtiriladigan resurslar “resurs.imv.uz” platforma orqali amalga oshiriladi;
tijorat banklari va qayta moliyalashtirish tashkilotlari oʻz axborot tizimlarini toʻgʻridan-toʻgʻri “resurs.imv.uz” elektron platformasi bilan integratsiya qiladi.
2. Manfaatdor tijorat banklariga ushbu qaror talablaridan kelib chiqib, Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan joylashtiriladigan mablagʻlar hisobidan ipoteka kreditlari ajratish boʻyicha alohida ichki tartiblarni ishlab chiqish tavsiya etilsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda mazkur qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A.Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 5-fevraldagi 56-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan ipoteka kreditlari ajratish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom bozor tamoyillariga asoslangan ipoteka kreditlari orqali aholini uy-joy bilan taʼminlashning yangi tartibi (keyingi oʻrinlarda — yangi tartib) doirasida Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Iqtisodiyot va moliya vazirligi) tomonidan mablagʻlar joylashtirish va tijorat banklari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga (keyingi oʻrinlarda — fuqarolar) ajratilgan ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizom qoidalari:
birlamchi uy-joy bozorida koʻp kvartirali uylardagi kvartiralarni (keyingi oʻrinlarda — kvartiralar) sotib olishda;
yakka tartibdagi uy-joylarni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash uchun uy-joylardan foydalanishga ruxsatnoma berilib, mulk huquqi asosida kadastr hujjatlari davlat roʻyxatidan oʻtqazilgandan soʻng toʻliq ajratilgan ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirishda;
tijorat banklari tomonidan oʻz mablagʻlari hisobidan ulushdor-jismoniy shaxslarga berilgan ipoteka kreditlarini Iqtisodiyot va moliya vazirligi hisobidan qayta moliyalashtirishda qoʻllaniladi.
3. Mazkur Nizom qoidalari quyidagilarga nisbatan:
tijorat banklarining (keyingi oʻrinlarda — bank) ichki kredit siyosatiga muvofiq oʻz mablagʻlari (yangi tartib doirasida ulushdor-jismoniy shaxslarga ajratilgan ipoteka kreditlari bundan mustasno), xalqaro moliya tashkilotlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari mablagʻlari hamda boshqa jalb qilingan mablagʻlar hisobidan jismoniy shaxslarga uy-joy (kvartira) sotib olish, qurish (rekonstruksiya qilish), taʼmirlash uchun ipoteka kreditlari ajratishga;
ipotekani qayta moliyalashtirish tashkiloti tomonidan belgilangan tartib va shartlar, banklarning ichki siyosati, shuningdek, mazkur tashkilot va banklar oʻrtasida tuzilgan shartnomalar asosida uning mablagʻlari hisobidan ipoteka kreditlari ajratishga;
yakka tartibdagi uy-joy qurilishiga ruxsat olib, lekin keyinchalik birlamchi bozorda sotish maqsadida qurilgan koʻp kvartirali uylardagi kvartiralarni ipoteka kreditlari orqali sotishga tatbiq etilmaydi.
4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
ariza beruvchi — birlamchi uy-joy bozorida kvartirani sotib olish yoki yakka tartibdagi loyihalarni amalga oshirish maqsadida ipoteka krediti olish uchun bankka ariza taqdim etgan fuqaro;
birlamchi uy-joy bozori (yangi qurilgan uy-joy) — qurilishi tugallangan uy-joyni foydalanishga qabul qilib olish toʻgʻrisida komissiya dalolatnomasi asosida mulk huquqi yuzaga kelgan hamda qabul qilib olinganiga uch yildan koʻp boʻlmagan, shuningdek, qarzdorlik evaziga bank balansiga qabul qilingan yangi qurilgan 4 qavatdan past boʻlmagan koʻp kvartirali uy-joylardagi kvartiralar;
birgalikda qarz oluvchi — qarz oluvchining ipoteka krediti asosiy summasi va kredit boʻyicha hisoblangan foizlarning har oydagi toʻlovlarida qatnashadigan, shuningdek, ipoteka krediti boʻyicha solidar javob beradigan jismoniy shaxslar;
boshlangʻich badal — sotib olinadigan kvartiraning yoki yakka tartibdagi loyihalar qiymatining ipoteka krediti olish uchun qarz oluvchi tomonidan oʻz mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan belgilangan meʼyorlarda shakllantiriladigan qismi;
ipoteka krediti — aholiga birlamchi uy-joy bozoridagi kvartiralarni sotib olish uchun yoki yakka tartibdagi loyihalar uchun banklarning oʻz mablagʻlari hisobidan ajratilgan va keyinchalik Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan qayta moliyalashtiriladigan kreditlar;
ishtirok etuvchi tijorat banklari — fuqarolar tomonidan birlamchi bozorda tanlangan uy-joylarni sotib olishga yoki yakka tartibdagi loyihalarga ipoteka kreditini taqdim etuvchi banklar;
pudrat tashkiloti — koʻp kvartirali uylarni oʻz mablagʻlari, bank krediti va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan qurish yoki yakka tartibdagi loyihalarni amalga oshiruvchi hamda birlamchi uy-joy bozorida qurilgan kvartiralarni sotish uchun taklif etuvchi tadbirkorlik subyekti;
subsidiya — uy-joy sotib olish yoki yakka tartibdagi loyihalarni amalga oshirish uchun ajratilgan ipoteka kreditlari boʻyicha boshlangʻich badal va kredit foizining bir qismini qoplash maqsadida Davlat budjetidan fuqaro uchun bankda uning nomiga ochilgan tegishli hisobvaraqqa oʻtkazilgan mablagʻ;
uy-joy — pudrat tashkilotlari tomonidan oʻz mablagʻlari, bank krediti va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qurilgan birlamchi uy-joy bozoridagi kvartiralar hamda fuqaroning oʻz kuchi bilan, xususiy pudrat tashkilotlarini yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilarni jalb etgan holda qurilgan, rekonstruksiya qilingan va taʼmirlangan yakka tartibdagi uy-joylar;
ipoteka kreditining eng koʻp miqdori — amaldagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirishning eng koʻp miqdori;
qarz oluvchi — birlamchi uy-joy bozoridagi kvartirani sotib olish yoki yakka tartibdagi yakka tartibdagi loyihalarni amalga oshirish uchun ipoteka krediti olgan va kredit shartnomasida belgilangan shartlarda qaytarish majburiyatini ega fuqaro;
Davlat dasturlari — ipoteka kreditlari orqali aholini uy-joy bilan taʼminlashning yangi tartibi doirasida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli hujjatlari asosida har yili tasdiqlanadigan dastur;
yakka tartibdagi loyihalar — fuqaroning belgilangan tartibda umrbod egalik qilish huquqi asosida ajratilgan yer uchastkasida (keyingi oʻrinlarda — yer uchastkasi) belgilangan tartibda kelishilgan va tasdiqlangan loyiha asosida (keyingi oʻrinlarda — loyiha asosida) fuqaroning oʻz kuchi bilan, xususiy pudrat tashkilotini yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilarni yollagan holda yakka tartibdagi uy-joy qurish, qayta qurish, rekonsturksiya qilish yoki taʼmirlash.
5. Fuqarolarga ipoteka kreditlarini ajratish banklar va ularning filiallari tomonidan mazkur Nizomga va banklarning ichki kredit siyosatiga muvofiq amalga oshiriladi.
Banklar tomonidan ajratiladigan ipoteka kreditlarining foiz stavkalari va muddati hamda ushbu ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirish uchun Iqtisodiyot va moliya vazirligidan mablagʻlar jalb qilishning foiz stavkalari va muddati Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻrtasida tuziladigan Hamkorlik memorandumi va/yoki shartnomalarda belgilanadi.
6. Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan qayta moliyalashtiriladigan banklarning oʻz mablagʻlari hisobidan qarz oluvchilarga beriladigan ipoteka kreditlari:
20 yildan koʻp boʻlmagan muddatga, amalda boʻlgan davlat dasturlarini tasdiqlovchi qonunchilik hujjatlarida belgilangan foiz stavkalarida ajratiladi;
ular boʻyicha annuitet yoki differensial toʻlovlar tartibi tatbiq etiladi;
foiz stavkasi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining (keyingi oʻrinlarda — Markaziy bank) asosiy stavkasi pasaytirilgan taqdirda, mutanosib ravishda kamayadi, oshirilgan taqdirda esa oʻzgarishsiz qoladi.
Bunda:
foiz toʻlovlaridagi oʻzgarishlar Markaziy bank asosiy stavkasining pasaytirilishi amalga kiritilgan kundan boshlab hisob-kitob qilinadi va foiz stavkalarini mutanosib ravishda kamaytirish mexanizmi Markaziy bankning asosiy stavkasi 14 foizdan pasayganda qoʻllaniladi;
qarz oluvchilarga ularning xohishiga koʻra kredit toʻlovlari boʻyicha differensial toʻlovlar tartibi tatbiq etilishi, shuningdek, Iqtisodiyot va moliya vazirligi qayta moliyalashtiriladigan mablagʻlar boʻyicha ham ushbu shartlar belgilanishi mumkin;
ulushdor-jismoniy shaxslarga ipoteka kreditlari ulush kiritish asosida qurilgan koʻp kvartirali uy-joylardagi kvartiralar davlat roʻyxatidan oʻtkazilgandan soʻng yangi tartib doirasida belgilangan ipoteka kreditlarining eng koʻp miqdoridan oshmagan miqdorda qayta moliyalashtiriladi.
Agar banklar tomonidan ipoteka kreditlari boʻyicha foiz stavkasi pasaytirilmagan taqdirda, bankning ipoteka kreditlari boʻyicha foiz stavkasini pasaytirilmaslik natijasida olgan foiz daromadining ikki baravari miqdorida jarima hisoblagan holda uning barcha hisobvaraqlaridan Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan joylashtirilgan yoki qayta moliyalashtirilgan mablagʻlar (undirish kuniga hisoblangan foizlar bilan birga) soʻzsiz undiriladi.
Ushbu shartlar Iqtisodiyot va moliya vazirligi va banklar oʻrtasidagi Hamkorlik memorandumi va depozit shartnomalarida hamda banklar va qarz oluvchilar oʻrtasidagi ipoteka krediti shartnomalarida belgilab qoʻyilgan boʻlishi kerak.
7. Yangi tartib doirasida koʻp kvartirali uy-joylardagi kvartiralarni sotib olish va yakka tartibda uy-joy qurish (rekonstruksiya qilish) uchun ipoteka kreditlarini ajratish ushbu Nizomga 1 va 2-ilovalardagi sxemalarga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Banklarga qoʻyiladigan muvofiqlik mezonlari va ularga mablagʻlar ajratish tartibi
8. Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan mablagʻlar ajratishda yoki ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirishda banklarga quyidagi muvofiqlik mezonlari belgilanadi:
bankda yangi tartib doirasida ipoteka kreditlarini ajratish yuzasidan aniq belgilangan ichki tartib mavjud boʻlishi;
bank “Fitch Ratings” yoki “Standard & Poorʼs” reyting agentliklarining “V” darajasidan yoki “Moodyʼs Investors Service” reyting agentligining “V2” reytingidan past boʻlmagan darajada uzoq muddatli kredit reytingiga ega boʻlishi;
oxirgi uch yillik moliyaviy hisobotlar boʻyicha auditorlik tashkiloti ijobiy xulosasining mavjudligi;
bankning regulyativ kapitali 500 milliard soʻmdan kam boʻlmasligi;
bank Davlat budjeti mablagʻlari, shu jumladan, Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan yangi tartibga muvofiq joylashtirilgan yoki qayta moliyalashtirilgan mablagʻlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorlikka ega boʻlmasligi;
Markaziy bank tomonidan belgilangan prudensial normativlar buzilganligi sababli unga nisbatan ipoteka krediti berilishiga toʻsqinlik qiluvchi amaldagi chora va sanksiyalar mavjud boʻlmasligi lozim.
Mazkur bandning ikkinchi — oltinchi xatboshlarida nazarda tutilgan hujjatlar banklar tomonidan, yettinchi xatboshida keltirilgan maʼlumotlar Markaziy bank tomonidan Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etiladi.
9. Iqtisodiyot va moliya vazirligi banklarning muvofiqlik mezonlariga mos kelishini baholashda Markaziy bankdan banklarning moliyaviy holati toʻgʻrisidagi qoʻshimcha axborotni soʻrab olishi mumkin.
10. Ushbu Nizomning 8-bandida belgilangan hujjatlar toʻliq taqdim etilgandan soʻng Iqtisodiyot va moliya vazirligi muvofiqlik mezonlariga mos keluvchi bank tomonidan ajratilgan ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirish uchun hamkorlik memorandumi tuzadi.
Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan ushbu Nizom doirasida ajratiladigan yoki keyinchalik qayta moliyalashtirilishi mumkin boʻlgan mablagʻlar bankning birinchi darajali regulyativ kapitalidan oshib ketmasligi lozim.
11. Hamkorlik memorandumiga muvofiq Iqtisodiyot va moliya vazirligi banklar tomonidan ajratilgan ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtiradi.
Bunda mablagʻlarning foiz stavkasi va boshqa shartlari har yili tasdiqlanadigan Davlat dasturlariga muvofiq belgilanadi.
12. Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan banklarga mablagʻlarni joylashtirishdan yoki qayta moliyalashtirishdan olingan daromadlar (foizlar) Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetiga oʻtkaziladi.
13. Banklar hamkorlik memorandumiga muvofiq oʻz mablagʻlari hisobidan davlat dasturi doirasida ajratilgan yoki ajratilishi kutilayotgan ipoteka kreditlari portfelini qayta moliyalashtirish boʻyicha Iqtisodiyot va moliya vazirligiga shartnoma tuzish yuzasidan “resurs.imv.uz” elektron platformasi orqali murojaat qiladi.
14. Banklardan ipoteka kreditlarni qayta moliyalashtirish yoki mablagʻ ajratish uchun shartnomasini tuzish boʻyicha buyurtmanomalar qabul qilingandan soʻng Iqtisodiyot va moliya vazirligi banklar bilan qayta moliyalashtirilishi mumkin boʻlgan mablagʻ miqdori, foiz stavkasi va moliyalashtirishning boshqa shartlarini nazarda tutuvchi shartnomalarni “resurs.imv.uz” elektron platformasida elektron tarzda imzolaydi.
Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan joylashtirilgan mablagʻlar ushbu mablagʻlar olingan sanadan boshlab uch oy mobaynida belgilangan maqsadlar uchun foydalanilmagan taqdirda, bank foydalanilmagan mablagʻlarni ushbu davr tugashidan oldingi sanagacha shartnomada koʻrsatilgan foizlar bilan birga Iqtisodiyot va moliya vazirligiga qaytarishi shart.
Foydalanilmagan mablagʻlar bank tomonidan Iqtisodiyot va moliya vazirligiga belgilangan uch oy muddatda qaytarilmagan taqdirda, qaytarilmagan mablagʻlar ular olingan sanadan boshlab haqiqatda qaytarish sanasiga boʻlgan davr uchun shartnomada koʻrsatilgan foiz stavkasi ikki baravar miqdorda hisoblangan holda toʻlab beriladi.
Bunda tegishli bank tomonidan moliya yili mobaynida ikki marta mablagʻlarning 50 foizdan ortiq qismi uchun belgilangan maqsadlar uchun uch oy muddat mobaynida foydalanilmaslik holatlari aniqlangan taqdirda, Iqtisodiyot va moliya vazirligi ushbu bankka keyingi uch oy muddatga mablagʻ ajratilishini vaqtincha toʻxtatishi mumkin.
Tijorat banklari tomonidan moliya yil yakunining oxirgi ish kuni holatiga oʻzlashtirilmagan mablagʻlar kelgusi yilning 30-yanvar sanasiga qadar Iqtisodiyot va moliya vazirligiga qaytariladi.
15. Iqtisodiyot va moliya vazirligidan olingan mablagʻlar, qayta moliyalashtirilgan ipoteka kreditlari qarz oluvchilar tomonidan toʻlovlarni amalga oshirish muddatidan qatʼi nazar, banklar tomonidan hamkorlik memorandumi, shartnomalar va ularga ilova qilingan qaytarish grafiklariga asosan qaytariladi.
3-bob. Qarz oluvchilarning muvofiqlik mezonlari
16. Qarz oluvchilar quyidagi muvofiqlik mezonlariga mos boʻlishi lozim:
a) ipoteka krediti olish uchun murojaat qilgan kunida 18 yoshga toʻlgan va 60 yoshdan oshmagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlishi;
b) doimiy ish joyiga, shaxsiy yordamchi yoki dehqon xoʻjaligidan yoxud yakka tartibdagi tadbirkorlik faoliyatidan doimiy daromadga ega, oʻzini oʻzi band qilgan fuqarolar, shuningdek, ipoteka krediti boʻyicha hisoblangan foizlarni va asosiy qarzni toʻlov jadvaliga muvofiq har oyda toʻlash uchun yetarli boʻlgan qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan va hujjatlar bilan tasdiqlangan boshqa daromad manbaiga ega boʻlishi;
g) ipoteka kreditini olish uchun birlamchi uy-joy bozorida sotib olinadigan kvartira qiymatining 15 foizidan kam boʻlmagan miqdorda boshlangʻich badalni shakllantirish imkoniyatiga ega boʻlishi. Bunda ipoteka krediti boʻyicha subsidiya ajratilganda boshlangʻich badal miqdori — boshlangʻich badal uchun subsidiyaning qatʼiy belgilangan miqdori va qarz oluvchi tomonidan uy-joy qiymatining kamida 5 foiziga teng boʻlgan miqdorda shakllantiriladi;
d) yakka tartibdagi uy-joy qurish (rekonstruksiya qilish) ishlari qiymatining 15 foizidan kam boʻlmagan miqdorda boshlangʻich badalni shakllantirish imkoniyatiga ega boʻlishi;
e) sotib olinadigan kvartira yoki quriladigan (rekonstruksiya qilinadigan) yakka tartibdagi uy-joyning qiymati ushbu band bilan belgilangan boshlangʻich badal va ushbu Nizomning 28-bandida belgilangan ipoteka kreditining eng koʻp miqdori summasidan oshib ketgan taqdirda, qiymatning qolgan qismini shakllantirish (toʻlash) imkoniyatiga ega boʻlishi;
j) ipoteka kreditini ajratishni koʻrib chiqish vaqtida kredit tashkilotlaridan avval olingan kreditlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlmasligi;
z) yakka tartibdagi uy-joy qurish (rekonstruksiya qilish) uchun yer uchastkasiga umrbod egalik qilish huquqiga va belgilangan tartibda kelishilgan loyiha-smeta hujjatlariga ega boʻlishi.
17. Qarz yuki koʻrsatkichi hisob-kitoblarida qarz oluvchi va birgalikda qarz oluvchilarning oʻrtacha oylik daromadlari miqdori ular tomonidan oxirgi 12 oy mobaynidagi (12 oydan kam ishlangan taqdirda — ishlangan davr uchun) olgan daromadlari miqdorining oʻrtacha arifmetik qiymati sifatida hisoblanadi.
18. Bank qarz oluvchi (birgalikda qarz oluvchi)ning oʻrtacha oylik daromadini aniqlashda quyida keltirilgan tasdiqlovchi hujjatlardan foydalanish huquqiga ega:
ish beruvchi tomonidan tasdiqlangan ish haqi toʻgʻrisidagi maʼlumot;
pensiya toʻlovlari miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumot;
jamgʻarib boriladigan pensiya badallari toʻgʻrisidagi maʼlumot;
foizlar, dividendlar, mol-mulkni ijaraga berishdan olingan doimiy tarzdagi daromadlarini tasdiqlovchi maʼlumotlar;
davlat soliq xizmati organi tomonidan tasdiqlangan jismoniy shaxslarning daromadlari boʻyicha deklaratsiya;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa daromadlarni tasdiqlovchi maʼlumotlar.
Bank qarz oluvchi va birgalikda qarz oluvchilarning oʻrtacha oylik daromadini aniqlashda kredit byurodan yoki boshqa rasmiy manbalardan mustaqil ravishda olingan, qarz oluvchining daromadlarini aniqlash imkonini beruvchi maʼlumotlardan foydalanishi mumkin.
19. Qarz oluvchi (birgalikda qarz oluvchi)ning qarz yuki koʻrsatkichi belgilangan meʼyordan yuqori boʻlganda, uning bank oldidagi qarz majburiyatini taʼminlash yuzasidan yuridik shaxslar kafilligi qabul qilinishi va yuridik shaxsning yillik sof foydasining 50 foizi qarz oluvchining qarz yuki koʻrsatkichini hisoblashda qoʻshilishi mumkin.
Bunda qarz oluvchi va uning turmush oʻrtogʻining bir oylik oʻrtacha daromadi (barcha kreditlar boʻyicha bir oylik toʻlovlar chegirib qolinganda) ajratiladigan ipoteka krediti boʻyicha bir oylik oʻrtacha toʻlovlarning 20 foizidan kam boʻlmasligi shart.
20. Qarz oluvchi oʻz tanlovlari asosida birlamchi uy-joy bozorida sotiladigan kvartiralarni tanlaydi va pudrat tashkiloti bilan, bank balansidagi uy-joyni sotib olishda esa bank bilan shartnoma imzolaydi.
4-bob. Ipoteka kreditini ajratish tartibi
21. Ipoteka krediti banklar tomonidan qaytarishlik, toʻlovlilik, taʼminlanganlik, muddatlilik va maqsadlilik shartlarida beriladi.
22. Qarz oluvchining ipoteka kreditini qaytarish boʻyicha majburiyati taʼminoti sifatida:
birlamchi uy-joy bozoridan sotib olinayotgan kvartira;
yakka tartibda quriladigan (rekonstruksiya qilinadigan) uy-joy garovi yoki boshqa taʼminot turlari taqdim etiladi.
Ulushdor-jismoniy shaxslar ipoteka krediti boʻyicha taʼminot sifatida bankning ichki kredit siyosatiga asosan pudrat tashkilotining yoki qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mol-mulkdan foydalanishi mumkin.
Agar kredit olish vaqtida pudrat tashkilotining mol-mulki yoki boshqa taʼminot turi taqdim etilgan boʻlsa, uy-joy qurilishi (rekonstruksiya qilinishi) yakunlanib kadastr hujjatlari rasmiylashtirilganidan soʻng kredit boʻyicha taʼminot ushbu uy-joyning ipotekasiga almashtiriladi.
24. Pudrat tashkilotlari tomonidan yangi tartib doirasida qurilgan, shuningdek, qarzdorlik evaziga bank balansiga qabul qilingan yangi qurilgan kvartiralarni birlamchi uy-joy bozorida sotib olish hamda yakka tartibdagi uy-joyni qurish (rekonstruksiya qilish) ishlari uchun berilishi mumkin boʻlgan ipoteka kreditining eng koʻp miqdori ushbu Nizomning 28-bandida belgilangan miqdorlardan oshib ketmasligi lozim.
25. Sotib olinadigan kvartira va quriladigan (rekonstruksiya qilinadigan) yakka tartibdagi uy-joyning qiymati ushbu Nizomning 16-bandida belgilangan boshlangʻich badalning minimal miqdori va 28-bandiga muvofiq berilishi mumkin boʻlgan ipoteka kreditining eng koʻp miqdori yigʻindisi sifatida aniqlanadi.
26. Subsidiya xabarnomasini olgan fuqaro bankka ipoteka krediti olish uchun ariza taqdim etayotgan davrda ushbu Nizomning 16-bandida belgilangan qarz oluvchilarning muvofiqlik mezonlariga toʻliq javob bermay qolgan hollarda bank ajratiladigan ipoteka krediti miqdorini fuqaroning roziligiga koʻra kamaytiradi, rozilik berilmagan taqdirda ipoteka krediti ajratishni rad etadi.
27. Fuqaro bankka ipoteka krediti olish uchun murojaat qilgan taqdirda, bankning masʼul xodimi unga ipoteka kreditining asosiy yoʻnalishlari boʻyicha izoh beradi, talab etiladigan barcha hujjatlar roʻyxati va taxminiy xarajatlar turlari bilan tanishtiradi.
Bunda qarz oluvchi bankka ipoteka krediti olish uchun ariza va ushbu Nizomga hamda bankning ichki kredit siyosatiga asosan tegishli hujjatlarni taqdim etadi.
Subsidiya xabarnomasiga ega boʻlgan qarz oluvchi bankka qoʻshimcha ravishda mazkur xabarnomani ham taqdim etadi.
Yakka tartibdagi uy-joyni qurish (rekonstruksiya qilish)uchun ipoteka krediti olish boʻyicha buyurtmanomaga qarz oluvchining yer uchastkasiga umrbod egalik qilish huquqini tasdiqlovchi hujjat, yakka tartibdagi uy-joyni qurish (rekonstruksiya qilish) boʻyicha smeta hujjati, pudrat tashkiloti, shuningdek, qarzdorlik evaziga bank balansiga qabul qilingan yangi qurilgan uy-joyni sotib olishda esa bank bilan tuzilgan shartnoma hamda ipoteka kreditini qaytarish boʻyicha majburiyat taʼminotini tasdiqlovchi tegishli hujjatlar ham ilova qilinadi.
28. Tayyor holda topshirish sharti bilan yoki tayyor holda topshirish shartisiz (xonalarga boʻlingan va pardoz ishlariga tayyor holda) qurib bitkazilgan koʻp kvartirali uy-joylardagi kvartiralarni birlamchi uy-joy bozorida sotib olish hamda yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash ishlari uchun banklarning oʻz mablagʻlari hisobidan fuqarolarga quyidagi shartlarda ajratilgan ipoteka kreditlari keyinchalik Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan qayta moliyalashtiriladi:
a) amalda boʻlgan Davlat dasturlarida belgilangan foiz stavkasida;
b) 20 yildan koʻp boʻlmagan muddatga;
v) boshlangʻich badali sotib olinadigan kvartira yoki yakka tartibda yakka tartibdagi loyihalar qiymatining 15 foizidan kam boʻlmagan miqdorida;
g) bir qarz oluvchiga ajratiladigan ipoteka kreditining eng koʻp miqdorida.
29. Qarz oluvchi tomonidan bankka 20 yildan kam muddatga va (yoki) ushbu Nizomning 28-bandida belgilangandan koʻproq miqdordagi boshlangʻich badalni toʻlagan holda ipoteka krediti olish uchun ariza taqdim etilganda, arizani koʻrib chiqish hamda kredit ajratish ushbu Nizomga va bankning ichki kredit siyosatida belgilangan talablarga muvofiq amalga oshiriladi.
30. Sotib olinadigan kvartira yoki yakka tartibdagi loyihalar qiymatining 85 foizi ipoteka kreditining eng koʻp miqdoridan oshib ketgan taqdirda, qiymatning qolgan qismi qarz oluvchi tomonidan oʻz mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan toʻlanadi.
Bunda ipoteka kreditining eng koʻp miqdoridan oshgan qiymatda ajratilgan ipoteka kreditlari Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan qayta moliyalashtirib berilmaydi.
31. Ipoteka kreditining yillik foiz stavkasi amaldagi Davlat dasturlarida belgilangan stavkalarda qarz oluvchi va bank oʻrtasidagi oʻzaro kelishuvga muvofiq ipoteka krediti shartnomasida belgilanadi.
Bunda foiz toʻlovlarining bir qismini qoplashga subsidiya ajratilgan ipoteka kreditining foiz stavkasi yangi tartib doirasida boshqa shaxslarga berilgan ipoteka kreditlarining foiz stavkalaridan yuqori boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
32. Kredit hujjatlari toʻliq shakllantirilgandan soʻng qarz oluvchi oʻz mablagʻlari hisobidan boshlangʻich badalni, shuningdek, ipoteka kreditlari boʻyicha boshlangʻich badalning bir qismini qoplash uchun subsidiya xabarnomasiga ega boʻlgan qarz oluvchilar boshlangʻich badalning oʻzi tomonidan shakllantirilishi lozim boʻlgan qismini bankdagi tegishli hisobvaraqda shakllantirishi lozim.
Yakka tartibda uy-joyni qurish (rekonstruksiya qilish) uchun beriladigan ipoteka krediti boʻyicha boshlangʻich badal uchun qarz oluvchi tomonidan sotib olingan qurilish materiallari va (yoki) bajarilgan qurilish-montaj ishlari qiymati hisobga olinishi mumkin.
33. Sotib olinadigan kvartira yoki qurilayotgan (rekonstruksiya qilinayotgan) yakka tartibdagi uy-joyning qiymati qarz oluvchi toʻlagan boshlangʻich badal bilan unga beriladigan ipoteka kreditining eng koʻp miqdori yigʻindisidan ortgan hollarda qiymatning ortgan qismi uchun mablagʻlar qarz oluvchi tomonidan bankdagi tegishli hisobvaraqqa oʻtkaziladi yoki bankka ushbu summa toʻlanganligini tasdiqlovchi hujjat taqdim etilishi mumkin.
34. Tegishli hujjatlar toʻliq taqdim qilingandan va mablagʻlar shakllantirilgandan soʻng bank uch ish kunida qarz oluvchiga kredit berish masalasini koʻrib chiqadi hamda arizani qanoatlantirish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
35. Bank tomonidan ipoteka krediti berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, uch ish kunida qarz oluvchiga ipoteka krediti berishni rad etishning sabablari aniq va tushunarli koʻrsatilgan holda yozma xulosa yuboriladi.
36. Qarz oluvchi bank xulosasida koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etgandan keyin ipoteka krediti berish toʻgʻrisidagi ariza bilan bankka qayta murojaat qilishga haqlidir.
37. Qarz oluvchiga ipoteka krediti berish toʻgʻrisida ijobiy qaror qabul qilingan taqdirda, bank bir ish kunida bu haqida qarz oluvchini yozma ravishda xabardor qiladi. Bunda bank tomonidan qarz oluvchiga tanishib chiqish va oʻzi bilan olib ketishi mumkin boʻlgan ipoteka krediti shartnomasi va kreditning qaytarish jadvali loyihasi taqdim etiladi.
38. Subsidiya xabarnomasi mavjud boʻlganda, bank qarz oluvchi nomiga rasmiylashtirilgan kvartiraning kadastr hujjatlari asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligining “subsidyplatform.mf.uz” elektron platformasiga tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda boshlangʻich badalning qatʼiy belgilangan miqdorini qoplash uchun buyurtmanoma yuboradi.
“Subsidyplatform.mf.uz” elektron platformasida ikki ish kunida ushbu buyurtmanoma roʻyxatdan oʻtkaziladi hamda unga asosan tegishli yuridik majburiyatlar va toʻlov topshiriqnomasi Davlat moliyasini boshqarishning avtomatlashtirilgan tizimida (keyingi oʻrinlarda — DMBAT) avtomatik tarzda shakllantiriladi.
Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi DMBATda shakllangan toʻlov topshiriqnomasini moliyaviy imkoniyatlardan kelib chiqib bir ish kunidan oʻn ish kunigacha boʻlgan davrda subsidiya mablagʻlarini qarz oluvchining bank tomonidan koʻrsatilgan omonat hisobraqamiga oʻtkazib beradi.
40. Ijobiy qaror qabul qilingan ipoteka krediti boʻyicha bir ish kunida:
a) belgilangan tartibda pudrat tashkiloti, shuningdek, qarzdorlik evaziga bank balansiga qabul qilingan yangi qurilgan uy-joyni sotib olishda esa bank bilan kvartiraning oldi-sotdi yoki yakka tartibdagi uy-joyni qurish (rekonstruksiya qilish) shartnomasi rasmiylashtiriladi.
Bunda kvartira oldi-sotdi shartnomasi uch tomonlama tartibda pudrat tashkiloti, tijorat banki va talabgor ishtirokida tuziladi va uni notarial tartibda roʻyxatdan oʻtkazishda garovga qoʻyish amaliyotini ham inobatga oladi.
b) bank va qarz oluvchi (birgalikda qarz oluvchilar) oʻrtasida ipoteka krediti shartnomasi rasmiylashtiriladi va bitta asl nusxasi kreditni qaytarish jadvali bilan birga qarz oluvchiga taqdim etiladi;
v) qarz oluvchi oʻz hisobiga va ipoteka krediti shartnomasida belgilangan muddatlarda sotib olinayotgan kvartira yoki qurilayotgan (rekonstruksiya qilinayotgan) yakka tartibdagi uy-joy va u joylashgan yer uchastkasiga boʻlgan huquq boʻyicha garov shartnomasi hamda sugʻurta tashkiloti bilan ipoteka predmetini tavakkalchiliklardan sugʻurta qilish shartnomasini tuzadi. Bunda sugʻurta shartnomasida sugʻurta mukofoti har yili toʻlanishi nazarda tutilishi mumkin;
g) “Ipoteka toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq ipoteka shartnomasi tuziladi. Ipoteka shartnomasi, shuningdek, qonun asosida yuzaga kelgan ipoteka belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi.
41. Bankning ipoteka krediti berish boʻyicha majburiyati qarz oluvchi tomonidan bankka ipoteka predmetini yoʻqolish va shikastlanish tavakkalchiliklaridan sugʻurta qilish shartnomasi hamda sugʻurta polisi taqdim etilgandan, shuningdek, ipoteka yuzaga kelgandan keyin paydo boʻladi. Ushbu shart ipoteka krediti shartnomasida belgilab qoʻyilgan boʻlishi kerak.
42. Qarz oluvchining bank hisobvaragʻida shakllantirilgan mablagʻ va unga ajratilgan ipoteka krediti bank tomonidan naqd pulsiz shaklda pudrat tashkilotining hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi.
43. Ipoteka krediti shartnomasi qaytarish grafigiga asosan qarz oluvchi ipoteka krediti va unga hisoblangan foiz toʻlovlarini (subsidiyadan tashqari qismi) toʻlab boradi.
5-bob. Yakka tartibdagi uy-joyni qurish (rekonstruksiya qilish) uchun ipoteka kreditini ajratishning oʻziga xos xususiyatlari
44. Yakka tartibdagi uy-joyni qurish (rekonstruksiya qilish) uchun qarz oluvchiga ipoteka krediti berish bank tomonidan qarz oluvchi va pudrat tashkiloti oʻrtasida tuzilgan yakka tartibdagi uy-joyni qurish (rekonstruksiya qilish) boʻyicha ishlarni bajarish yoki xizmat koʻrsatish shartnomasi va qurilish-montaj ishlari reja-jadvali asosida qarz oluvchining bankda ochilgan alohida ssuda hisobvaragʻidan bajarilgan ishlar hajmiga mutanosib ravishda bosqichma-bosqich pudrat tashkilotining depozit hisobvaragʻiga naqd pulsiz shaklda oʻtkazish orqali amalga oshiriladi.
Bunda qarz oluvchining oʻz kuchi bilan yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilarni jalb etgan holda yakka tartibdagi uy-joylar qurish (rekonstruksiya qilish) uchun ajratilgan kreditlar bajarilgan ishlar hajmiga mutanosib ravishda bosqichma-bosqich qarz oluvchining bank kartasiga oʻtkazib beriladi.
45. Ipoteka krediti boʻyicha mablagʻ ajratish bank tomonidan qarz oluvchining yozma topshiriqnomasi olingan vaqtdan boshlab bir bank kuni mobaynida amalga oshiriladi. Bunda kredit ajratishning har bir bosqichida bank xodimi tomonidan joyiga chiqib, ajratilgan ipoteka kreditining maqsadli ishlatilishi oʻrganiladi.
Bajarilgan ishlar hajmining 95 foizgacha qismi qarz oluvchining boshlangʻich badali (jami bajariladigan ishlar qiymatining 15 foizi) hisobidan oʻtkazib berilgan avans mablagʻlarga mutanosib ravishda ushlab qolingan holda bajarilgan qurilish-montaj ishlari toʻgʻrisidagi dalolatnomaga muvofiq moliyalashtirib boriladi hamda yakka tartibdagi uy-joy qiymatining 5 foizi miqdoridagi qolgan qismi bank xodimi tomonidan joyiga chiqib ipoteka kreditini toʻliq ajratish toʻgʻrisida xulosa berilgandan soʻng toʻlanadi.
Qarz oluvchi har oyda bankka amalga oshirilgan qurilish-montaj ishlari holati toʻgʻrisida hisobot topshirishi kerak. Hisobotga sotib olingan tovarlarga berilgan schyotlar, kvitansiyalar, yuk xatlari va boshqa hujjatlar hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa maʼlumotlar ilova qilinadi.
46. Yakka tartibdagi uy-joyning qurilishi (rekonstruksiya qilinishi) tugallanib, belgilangan tartibda foydalanishga topshirilgan hamda davlat roʻyxatidan oʻtkazilgandan keyin bir oy muddatda:
a) qurilishi tugallangan uy-joyni tavakkalchiliklardan sugʻurta qilish shartnomasi tuziladi. Bunda sugʻurta shartnomasida sugʻurta mukofoti har yili toʻlanishi nazarda tutilishi mumkin;
b) ipoteka toʻgʻrisidagi shartnoma yoki qonun asosida ipotekani rasmiylashtiriladi va u davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi.
6-bob. Ipoteka krediti monitoringini olib borish va kreditni qaytarish tartibi
47. Ipoteka kreditini qaytarish va u boʻyicha hisoblangan foizlarni toʻlash tartibi bank va qarz oluvchi oʻrtasida tuzilgan ipoteka krediti shartnomasi, qonunchilik hujjatlari va bank kredit siyosati bilan tartibga solinadi.
48. Ipoteka krediti boʻyicha foiz kredit qoldigʻiga nisbatan har kuni hisoblab yoziladi va har oyda bir marta undiriladi.
49. Ipoteka krediti boʻyicha asosiy qarzni va foizni toʻlash tartibi kredit shartnomasida belgilanadi. Bunda hisoblangan foiz va ipoteka krediti boʻyicha asosiy qarz bank va qarz oluvchi tomonidan imzolangan, kredit shartnomasiga ilova qilingan toʻlovlar jadvalida belgilangan muddatlarda undiriladi.
50. Bank foiz xarajatlarining bir qismini qoplash uchun subsidiya olish huquqiga ega boʻlgan qarz oluvchiga ipoteka krediti berilgan kundan boshlab 30 kundan kechiktirmasdan subsidiyani toʻlash uchun Iqtisodiyot va moliya vazirligining “subsidyplatform.mf.uz” elektron platformasiga buyurtmanomani kiritadi.
Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻn ish kunida “subsidyplatform.mf.uz” elektron platformasida ushbu buyurtmanoma roʻyxatdan oʻtkaziladi hamda unga asosan tegishli yuridik majburiyatlar va toʻlov topshiriqnomasi DMBATda avtomat tarzda shakllantiriladi.
Respublika gʻaznachilik xizmati DMBATda shakllangan toʻlov topshiriqnomasini moliyaviy imkoniyatlardan kelib chiqib bir ish kunidan oʻn ish kunigacha boʻlgan davrda subsidiya mablagʻlarini qarz oluvchining bank tomonidan koʻrsatilgan hisobraqamiga oʻtkazib beradi.
51. Qarz oluvchi tomonidan kredit shartnomasi shartlari bajarilmasligi oqibatida yuzaga kelgan muddati oʻtgan asosiy qarzdorlik uchun hisoblangan foiz toʻlovlari subsidiya olish huquqiga ega boʻlgan qarz oluvchi uchun davlat budjetidan ajratiladigan subsidiya mablagʻi hisobidan qoplab berilmaydi va ushbu toʻlovlar qarz oluvchi tomonidan toʻlanishi lozim.
Davlat budjeti hisobidan foiz toʻlovining bir qismini qoplash uchun ajratilgan subsidiya qarz oluvchining ipoteka krediti boʻyicha asosiy qarzdorlik toʻlovi uchun yoʻnaltirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
53. Bank ipoteka kreditidan foydalanishning butun davri davomida doimiy monitoringni amalga oshiradi. Monitoring davomida bankning masʼul xodimi kreditdan maqsadli foydalanilishi, asosiy qarz va foizning toʻlanishi, garov mulkidan foydalanish va uning saqlanishi, ipoteka predmetining noqonuniy begonalashtirilishiga yoʻl qoʻymaslikni nazorat qilib boradi.
54. Ipoteka kreditidan belgilangan maqsadda foydalanmaganlik uchun qarz oluvchiga nisbatan bank tomonidan qoʻllaniladigan choralar ipoteka krediti shartnomasida belgilangan boʻlishi kerak.
55. Qarz oluvchi tomonidan ipoteka krediti boʻyicha asosiy qarz va unga hisoblangan foiz toʻlovi belgilangan muddatlarda toʻlanmaganda, bank xodimi qarz oluvchi bilan shaxsan uchrashib majburiyatini bajarilmayotgani sababini aniqlaydi va muddatida qaytarilmagan kreditning qaytarilishini taʼminlash chorasini koʻrishni talab qiladi.
56. Ipoteka krediti monitoringi davomida taqdim etilgan hisobot va unga ilova qilingan hujjatlarni tahlil qilish jarayonida bank tomonidan ipoteka kreditidan maqsadsiz foydalanilganligi aniqlangan taqdirda bank maqsadsiz foydalanilgan mablagʻ va ular boʻyicha hisoblangan foizlarni ipoteka krediti shartnomasida belgilangan tartibda muddatidan oldin undirib oladi.
57. Agar ipoteka kreditini oʻz vaqtida undirish boʻyicha koʻrilgan choralar natija bermasa va kreditning oʻz vaqtida va toʻliq qaytarilmaslik xavfi yuzaga kelsa, bank kredit shartnomasi hamda qonunchilik hujjatlari talablari asosida toʻlov (qaytarish) muddati kelgan kredit va foiz toʻlovlarini undirish choralarini koʻradi. Berilgan kreditni muddatidan oldin undirish maqsadida bank qarz oluvchi (birgalikda qarz oluvchi)ning har qanday hisobvaraqlaridan (omonat, bank kartalaridagi) mablagʻlarni akseptsiz tartibda undirib olish va qarzdorlikni qaytarishga yoʻnaltirishi mumkin. Ushbu shartlar kredit shartnomasida belgilangan boʻlishi kerak.
58. Qarz oluvchi ipoteka krediti shartnomasi va unga ilova qilingan toʻlovlar jadvali boʻyicha majburiyatlarni muntazam ravishda ketma-ket uch oy davomida buzganda va toʻlovlarni toʻlamagan taqdirda, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollarda bank “Ipoteka toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilangan tartibda undiruvni garovga qoʻyilgan mulkka qaratadi. Shuningdek, bank uch ish kuni mobaynida Iqtisodiyot va moliya vazirligiga ipoteka krediti foiz xarajatlarini qoplashga subsidiya ajratishni toʻxtatish toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi.
59. Ipoteka kreditini muddatidan oldin undirish yuzasidan suddan oldingi tadbirlar va sudda daʼvo qoʻzgʻatish “Ipoteka toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni va boshqa qonunchilik hujjatlariga hamda bankning ichki normativ hujjatlariga muvofiq tashkil qilinadi.
60. Ishtirok etuvchi tijorat bankining ichki siyosatida belgilangan muddatlarda ipoteka kreditlari boʻyicha toʻlovlarni surunkali ravishda toʻlamaslik oqibatida bekor qilingan ipoteka krediti shartnomalari boʻyicha undiriladigan mablagʻlar (shu jumladan, garovdagi uy-joyning sotilishidan) hisobidan talabgorga boshlangʻich badal uchun ajratilgan subsidiya mablagʻi belgilangan tartibda Iqtisodiyot va moliya vazirligiga qaytariladi.
61. Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan banklarga joylashtirilgan yoki qayta moliyalashtirilgan mablagʻlarni qaytarish va ular boʻyicha foizlarni toʻlash banklar va Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻrtasida tuziladigan shartnomalarda belgilangan tartibda va muddatlarda amalga oshiriladi.
62. Iqtisodiyot va moliya vazirligi zarur hollarda Markaziy bank bilan birgalikda banklarga joylashtirilgan mablagʻlarning oʻzlashtirilishi, maqsadliligi va qaytarilishi, shuningdek, qayta moliyalashtirilgan ipoteka krediti toʻgʻri ajratilganligini oʻrganib boradi.
7-bob. Qarz oluvchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash
63. Qarz oluvchi ipoteka krediti olish uchun bankka murojaat qilganda, bank ipoteka kreditining asosiy shartlari toʻgʻrisidagi axborot varaqasini bepul tarzda taqdim etadi.
64. Bank qarz oluvchiga ipoteka krediti boʻyicha toʻlanishi lozim boʻlgan oylik toʻlovlar miqdori hamda qarz oluvchining daromadlarini tahlil qilgan holda ushbu toʻlovlarni toʻlash uchun uning imkoniyati yetishi (yoki yetmasligi) haqida yozma ravishda tushuntirish beradi.
65. Ipoteka krediti shartnomasi imzolanmasdan oldin bank qarz oluvchiga ushbu shartnoma loyihasini tanishib chiqish uchun oʻzi bilan olib ketish huquqiga ega ekanligi toʻgʻrisida xabardor qilishi lozim.
66. Bank qarz oluvchiga ipoteka krediti shartnomasi imzolangan kunda shartnomaning bitta asl nusxasini kreditni qaytarish jadvalini ilova qilgan holda taqdim etishi kerak.
67. Agar kreditni qaytarish jadvali rasmiylashtirilgandan soʻng ipoteka krediti shartnomasida koʻzda tutilgan foiz stavkasi oʻzgarganda, bank kreditni qaytarish jadvalini yangidan rasmiylashtirib, qarz oluvchiga taqdim qilishi lozim.
68. Bank ipoteka kreditini ajratishda bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda banklar faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari va boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga muvofiq qarz oluvchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlashi shart.
8-bob. Yakunlovchi qoida
70. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan ipoteka kreditlari ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Pudrat tashkilotlari tomonidan qurilgan birlamchi uy-joy bozoridagi kvartiralarni sotib olish uchun ipoteka kreditlari ajratish toʻgʻrisida
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddat 1-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Muvofiqlik mezonlariga mos keladigan banklar bilan Hamkorlik memorandumi tuzadi. Yil davomida 2-bosqich Qarz oluvchi Oʻz tanlovlari asosida birlamchi uy-joy bozorida sotiladigan kvartiralarni tanlaydi va pudrat tashkiloti bilan birlamchi shartnomani imzolaydi. Qarz oluvchi Bankka tegishli hujjatlar (boshlangʻich badal uchun subsidiya ajratilgan hollarda — subsidiya xabarnomasi) bilan boshlangʻich badal toʻlovini amalga oshirgan holda ipoteka krediti olish uchun ariza topshiradi. Oʻz xohishiga koʻra belgilangan muddatlarda 3-bosqich Bank Qarz oluvchining ipoteka kreditini olish toʻgʻrisidagi arizasini va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqadi va arizani qanoatlantirish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 2 ish kunida Ijobiy qaror qabul qilingan taqdirda fuqaro bilan ipoteka krediti shartnomasini imzolaydi va ipoteka krediti ajratish toʻgʻrisida kafolat xati taqdim etadi. 1 ish kunida 4-bosqich Qarz oluvchi Bank tomonidan taqdim etilgan kafolat xati asosida kvartira sotib olish boʻyicha qurilish-pudrat tashkiloti bilan notarial ipoteka oldi-sotdi shartnomasini rasmiylashtiradi. Kafolat xati muddati doirasida Rasmiylashtirilgan oldi-sotdi shartnomasiga asosan kvartiraning kadastr hujjatini rasmiylashtiradi va davlat roʻyxatidan oʻtkazadi. Oʻz xohishiga koʻra Rasmiylashtirilgan oldi-sotdi shartnomasi hamda kvartiraning kadastr hujjatini va Bank tomonidan talab qilinadigan boshqa xujjatlarni taqdim etadi. Oʻz xohishiga koʻra 5-bosqich Bank Qarz oluvchining bankda shakllantirgan mablagʻlarini unga ajratilgan ipoteka krediti mablagʻlari bilan birga kvartira uchun pudrat tashkilotiga oʻtkazib beradi. Subsidiya xabarnomasi mavjud boʻlganda, bank tomonidan qarz oluvchi nomiga rasmiylashtirilgan kvartiraning kadastr hujjatlari asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligining “subsidyplatform.mf.uz” platformasida boshlangʻich badalning bir qismini qoplab berish uchun qatʼiy belgilangan miqdordagi subsidiya mablagʻini toʻlash uchun buyurtmanoma yuboradi. 2 ish kunida 6-bosqich Bank Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan tuzilgan Hamkorlik memorandumiga asosan ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirish uchun shartnomani tuzish yuzasidan “resurs.imv.uz” elektron platformasi orqali murojaat qiladi. Yil davomida 7-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Bank tomonidan “resurs.imv.uz” elektron platformasi orqali shartnoma tuzish boʻyicha yuborilgan murojaatini koʻrib chiqiladi imzolanadi yoki qaytariladi. 2 ish kunida “resurs.imv.uz” elektron platformasida shartnomani avtomat tarzda shakllantiradi va imzolagan holda Bankga yuboradi. 1 ish kunida 8-bosqich Bank Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan “resurs.imv.uz” elektron platformasi orqali yuborilgan shartnomani imzolaydi. 5 ish kunida* Mazkur shartnomaga asosan oʻz mablagʻlari hisobidan qarz oluvchilarga ajratgan ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirish uchun “resurs.imv.uz” elektron platformasida buyurtmanoma shakllantiradi. Hisobot oyining yakuniga qadar 9-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirish boʻyicha kelib tushgan buyurtmanomalarni tasdiqlaydi va tegishli mablagʻlarni Bankning shartnomada koʻrsatilgan hisob varagʻiga toʻlab beradi. Har hisobot oyidan keyingi oyning 25-kunigacha
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan ipoteka kreditlari ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Yakka tartibdagi loyihalar uchun ipoteka kreditlari ajratish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddat 1-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Muvofiqlik mezonlariga mos keladigan banklar bilan Hamkorlik memorandumi tuzadi. Yil davomida 1-bosqich Qarz oluvchi Yer uchastkalarida belgilangan tartibda kelishilgan loyiha asosida hamda tuman (shahar) aholi punktlari bosh rejasi va shaharsozlik normalariga mos holda pudrat tashkiloti yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilar bilan yakka tartibda uy-joy qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash boʻyicha shartnomani imzolaydi, oʻz kuchi bilan amalga oshirish holati bundan mustasno. Oʻz xohishiga koʻra belgilangan muddatlarda 2-bosqich Qarz oluvchi Bankka tegishli hujjatlar bilan boshlangʻich badal toʻlovini amalga oshirgan holda ipoteka krediti olish uchun ariza topshiradi. Bunda yakka tartibdagi loyihalarni amalga oshirilishida, ajratiladigan ipoteka krediti boʻyicha boshlangʻich badal uchun qarz oluvchi tomonidan sotib olingan qurilish materiallari va/yoki bajarilgan qurilish-montaj ishlari qiymati hisobga olinishi mumkin. Oʻz xohishiga koʻra belgilangan muddatlarda 3-bosqich Bank Kredit olish boʻyicha taqdim etilgan ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqib, arizani qanoatlantirish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Ariza qanoatlantirilgan taqdirda, kredit shartnomasi imzolanadi. Subsidiya toʻlanadigan qarz oluvchilar boʻyicha bank tomonidan qarz oluvchi bilan tuzilgan asosida shartnomani ilova qilgan holda Iqtisodiyot va moliya vazirligining “subsidyplatform.mf.uz” platformasida boshlangʻich badal boʻyicha subsidiya mablagʻini toʻlash uchun buyurtmanoma yuboradi. 3 ish kunida 4-bosqich Qurilish-montaj ishlarini boshlash uchun shartnomada koʻrsatilgan shartlar va miqdorlarda mablagʻlarni oʻtkazib beradi. Bunda: Shartnoma va loyiha asosida yakka tartibdagi loyihalar boʻyicha bajarilgan ishlarga toʻlovlar uchun ipoteka krediti va qarz oluvchi tomonidan bankda shakllangan mablagʻlarni pudrat tashkilotlarining depozit hisobvaragʻiga naqd pulsiz shaklda oʻtkazib beradi. Bunda qarz oluvchining oʻz kuchi bilan yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilarni jalb etgan holda yakka tartibdagi loyihalarni amalga oshirgan taqdirda ajratilgan kreditlarni qarz oluvchining bank kartasiga oʻtkazib beradi. Shartnomada belgilangan muddatlarda 5-bosqich Qarz oluvchi Yakka tartibdagi loyihalarni amalga oshiradi. Loyihada koʻrsatilgan qurilish-montaj ishlari toʻliq yakunlangandan soʻng Bankka bu haqida asoslantiruvchi maʼlumotlarni taqdim etadi. Shartnomada belgilangan muddatlarda 6-bosqich Bank Yakka tartibdagi loyiha boʻyicha qurilish-montaj ishlari toʻliq yakunlanganligi va kredit mablagʻlaridan manzilli foydalanilganligiga ishonch hosil qilgandan soʻng qarz oluvchilarga oʻz mablagʻlari hisobidan ajratgan ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirish uchun “resurs.imv.uz” elektron platformasida buyurtmanoma shakllantiradi. 5 ish kunida Subsidiyali qarz oluvchilar boʻyicha ipoteka krediti qayta moliyalashtirilganidan soʻng Iqtisodiyot va moliya vazirligining “subsidyplatform.mf.uz” platformasida foiz toʻlovlarining bir qismini qoplash boʻyicha subsidiya mablagʻini toʻlash uchun buyurtmanoma yuboradi. Yil davomida 7-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Ipoteka kreditlarini qayta moliyalashtirish boʻyicha kelib tushgan buyurtmanomalarni tasdiqlaydi va tegishli mablagʻlarni Bankning shartnomada koʻrsatilgan hisobvaragʻiga toʻlab beradi. Har hisobot oyidan keyingi oyning 25-kunigacha 8-bosqich Qarz oluvchi Kredit shartnomasining qaytarish grafigiga asosan ipoteka krediti va unga hisoblangan foiz toʻlovlarini toʻlab boradi. Har oyning 25-kunigacha
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 5-fevraldagi 56-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Uy-joy qurilishiga, uni rekonstruksiya qilishga va sotib olishga ipoteka krediti berish toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2007-yil 3-yanvardagi 2-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Qishloq joylarda namunaviy loyihalar asosida “Qishloq qurilish invest” injiniring kompaniyasi ishtirokida uy-joylar qurishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2009-yil 26-oktabrdagi 280-son qaroriga 2-ilovaning 2-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2010-yil 9-noyabrdagi 248-son qaroriga ilovaning 13-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Qishloq joylarda uy-joy qurilishini moliyalashtirishning resurs bazasini yanada kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2011-yil 25-maydagi 151-son qaroriga 2-ilova .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2014-yil 6-noyabrdagi 309-son qaroriga ilovaning 3-bandi .
7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2017-yil 12-sentabrdagi 712-son qaroriga ilovaning 6-bandi .
8. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2017-yil 20-dekabrdagi 1001-son qaroriga ilovaning 17-bandi .
9. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2020-yil 1-apreldagi 195-son qaroriga ilovaning 2-bandi .
10. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatiniig ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2020-yil 7-iyuldagi 429-son qaroriga 1-ilovaning 6-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 5-fevral,
56-son