📅 2021-yil 11-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 11-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 11 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 февраля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 February 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ЖУРНАЛИ *
Газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Сўнгги йилларда республика ҳудудларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп квартирали уйларни қуриш дастурларини амалга ошириш натижасида аҳолининг турар жойга бўлган эҳтиёжи қондирилмоқда ва шу асосда фуқароларнинг фаровонлик даражаси янада ошириб борилмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудлардаги кўп квартирали уйлар, якка тартибдаги уй-жойларни куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш ҳамда хонадонларни иситишда табиий ва суюлтирилган газ, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари учраб турибди. Оқибатда аҳоли хонадонларида ёнғин келиб чиқиши ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй бериб, инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар етказилмоқда.
Газдан турмушда фойдаланишда содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш масалаларини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёж учун табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида:
а) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий давлат ёнғин назорати органлари ҳар йилги иситиш мавсуми бошланишидан аввал жисмоний шахсларнинг турар жойларидаги дудбурон ва шамоллатиш каналларининг техник ҳолатини тафтишдан ўтказиш, аниқланган носозликларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳада профилактика хизматлари кўрсатишнинг тизимли йўлга қўйилишини;
б) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйлардаги жисмоний шахслар томонидан газдан фойдаланишда белгиланган хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши ҳолатларини ўз ваколатлари доирасида тизимли ўрганиш ҳамда аниқланган муаммо ва носозликларни бартараф этиш чораларини кўришни;
в) «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёж учун табиий ва суюлтирилган углеводород газидан фойдаланишда аҳоли хонадонларининг ички газ тармоқлари ҳамда газдан фойдаланиш ускунаси ва жиҳозларини белгиланган муддатларда техник тафтишдан ўтказилишини ҳамда уларга профилактика хизмати кўрсатилишини;
г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари орқали маиший эҳтиёжлар учун газ ускуналаридан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш бўйича махсус телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар ва давра суҳбатларини доимий асосда уюштирилишини таъминласинлар.
2. Белгилансинки:
а) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари бахтсиз ҳодиса содир бўлганда унинг сабабларини текшириш бўйича дастлабки зарур чораларни кўради, шу жумладан бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссиясини тузиш юзасидан таклифларни тегишлича туман (шаҳар) ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёки Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Бунда, бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссияси:
уч нафаргача шахслар (шу жумладан, учинчи шахсни ҳисобга олганда)нинг ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган ёхуд ҳалок бўлган тақдирда — туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида унинг ушбу соҳага мутасаддилик қиладиган ўринбосари раҳбарлигида;
етти нафаргача шахслар (шу жумладан, еттинчи шахсни ҳисобга олганда)нинг ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган ёхуд ҳалок бўлган тақдирда — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими қарори асосида унинг ушбу соҳага мутасаддилик қиладиган ўринбосари раҳбарлигида;
саккиз нафар ёки ундан ортиқ шахсларнинг ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган ёхуд ҳалок бўлган тақдирда — Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида тегишли Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари ёки Бош вазир маслаҳатчиси раҳбарлигида тузилади;
б) Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда бахтсиз ҳодиса сабабларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда келгусида уларнинг такрорланмаслиги учун бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссиясининг таклифлари асосида аниқ чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
в) ушбу банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган тегишли комиссияларни тузишни назарда тутувчи қарорлар уларни қабул қилувчи тегишли органларга бахтсиз ҳодиса содир бўлганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қабул қилинади ва тегишли чоралар кўрилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш, текшириш комиссиясини тузиш ва текшириш натижаларини расмийлаштириш тартиби;
бахтсиз ҳодисани текшириш материалларини тузиш ва сақлаш тартиби;
бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш тартиби.
4. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.С. Хидоятов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 февралдаги 64-сон қарорига ИЛОВА
Газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган бахтсиз ҳодисалар ни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёж (иссиқ сувдан фойдаланиш, хоналарни иситиш ва б.) учун табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисалар сабабларини текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
бахтсиз ҳодиса — газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши (портлаши) оқибатида бинонинг қисман ёки тўлиқ бузилиши, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилиши ҳамда табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида нотўғри фойдаланиш натижасида газнинг сизиб чиқиши, ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг алангаланишидан куйиш оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғига зиён етиши;
жисмоний шахслар — турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёж (иссиқ сувдан фойдаланиш, хоналарни иситиш ва б.) учун табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланаётган жисмоний шахслар;
газдан фойдаланиш ускунаси ва жиҳозлари — турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёж (иссиқ сувдан фойдаланиш, хоналарни иситиш ва б.) учун табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланиладиган ускуна ва жиҳозлар.
3. Бахтсиз ҳодиса юз берганда жисмоний шахслар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ва прокуратура органлари)га, шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий газ таъминоти ташкилотларига (кейинги ўринларда — газ таъминоти ташкилотлари) ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига (кейинги ўринларда — ҳокимлик) зудлик билан хабар беришлари лозим.
4. Жисмоний шахслар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ташкилотлар ходимлари етиб келгунига қадар хавф ўчоғини бартараф қилиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни (агар бу ҳолат инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса ҳамда бахтсиз ҳодиса такрорланишини юзага келтирмаса) кўришлари лозим.
5. Мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган ташкилотлар бахтсиз ҳодиса сабабларини текширишдан олдин:
жароҳатланган шахсларга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни тиббиёт муассасасига олиб боришни ташкил этиши;
бахтсиз ҳодиса содир бўлган объект ва газ (ёки бошқа) ускуна ва жиҳозларнинг бирламчи ҳолатини, яъни бахтсиз ҳодиса содир бўлган вақтда у қандай ҳолатда бўлган бўлса (агар бу ҳолат инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса ҳамда бахтсиз ҳодиса такрорланишини юзага келтирмаса) ўзгартирилмаган ҳолатда сақлаш чораларини кўришлари лозим.
6. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бахтсиз ҳодиса содир бўлган жой тўғрисида хабар олинган вақтдан бошлаб, шунингдек, ушбу жойга етиб келганидан сўнг хавфни бартараф этиш бўйича комплекс ишларни бошқариш вазифаси ушбу органларга ўтади.
7. Бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойдаги бино, қурилма ва газ ёки бошқа ускуналарнинг бирламчи ҳолатини сақлаш ва у ердаги хавф ўчоқларини бартараф этиш, мазкур Низомнинг 8 — 10-бандлари талабларига мувофиқ бахтсиз ҳодисани текшириш комиссиясининг келишувига асосан амалга оширилиши лозим.
2-боб. Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш
8. Бахтсиз ҳодиса содир бўлиши натижасида уч нафаргача шахслар (шу жумладан, учинчи шахсни ҳисобга олганда) ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган ёхуд ҳалок бўлган тақдирда, бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида унинг ушбу соҳага мутасаддилик қиладиган ўринбосари раҳбарлигида тузиладиган комиссия томонидан амалга оширилади.
9. Бахтсиз ҳодиса содир бўлиши натижасида етти нафаргача шахслар (шу жумладан, еттинчи шахсни ҳисобга олганда) ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган ёхуд ҳалок бўлган тақдирда, бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори асосида унинг ушбу соҳага мутасаддилик қиладиган ўринбосари раҳбарлигида тузиладиган комиссия томонидан амалга оширилади.
10. Бахтсиз ҳодиса содир бўлиши натижасида саккиз нафар ёки ундан ортиқ шахслар ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган ёхуд ҳалок бўлган тақдирда, бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида тегишли Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари ёки Бош вазир маслаҳатчиси раҳбарлигида тузиладиган комиссия томонидан амалга оширилади.
11. Турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёж (иссиқ сувдан фойдаланиш, хоналарни иситиш ва б.) учун табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисалар сабабларини текшириш ҳамда ҳисобга олиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схема бўйича амалга оширилади.
12. Ушбу Низомнинг 8 — 10-бандларида кўрсатилган тегишли комиссияларни тузишни назарда тутувчи қарорлар ушбу бандларда кўрсатилган органларга (мансабдор шахсларга) бахтсиз ҳодиса содир бўлганлиги тўғрисида хабар берилган кундан уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ушбу органлар (мансабдор шахслар) томонидан қабул қилиниши лозим.
Мазкур бандларда назарда тутилган тегишли қарорлар билан тузиладиган комиссия бўйича ҳужжатлар лойиҳалари тегишли органга (мансабдор шахсларга) тегишлича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмалари (мазкур Низомнинг 8 ва 9-бандларида назарда тутилган комиссияларни тузишда) томонидан киритилади.
13. Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш бўйича тузиладиган тегишли комиссиянинг (кейинги ўринларда — комиссия) таркибига қуйидаги вазирликлар ва идораларнинг вакиллари киритилиши шарт:
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ҳудудий бўлинмалари);
Энергетика вазирлиги;
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ (ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари), (бахтсиз ҳодиса ёқилғи сифатида табиий газ ёки суюлтирилган газдан фойдаланишда содир бўлганда);
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси (ҳудудий бўлинмалари), (бахтсиз ҳодиса ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланадиган газ ускунасининг йиллик табиий газ сарфи 100 000 куб метрдан юқори ёхуд ҳажми 150 литрдан ортиқ бўлган суюлтирилган углеводород газидан фойдаланишда содир бўлганда);
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (ҳудудий бўлинмалари), (бахтсиз ҳодиса кўп квартирали уйларда содир бўлганда);
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (ҳудудий бўлинмалари), (бахтсиз ҳодиса табиий ва суюлтирилган углеводород гази ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда содир бўлганда);
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси (ҳудудий бўлинмалари), (бахтсиз ҳодиса қаттиқ ёқилғи турлари (кўмир ва кўмир маҳсулотлари)дан фойдаланишда содир бўлганда).
14. Комиссия талабига биноан тегишли ҳокимлик ёки «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий ташкилотлари (бахтсиз ҳодиса табиий ёки суюлтирилган углеводород газидан фойдаланиш оқибатида содир бўлганда) ўз ички имкониятлари доирасида қуйидагиларни амалга оширишга мажбур ҳисобланади:
а) бахтсиз ҳодиса келиб чиқиши сабабларини аниқлаш учун экспертлар ёки мутахассисларни жалб этиш;
б) бахтсиз ҳодиса оқибатида талафот кўрган объект фотосуратини олиш, бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг принципиал чизмаси ёки эскизини тайёрлаш;
в) бахтсиз ҳодиса бўйича текшириш ўтказиш учун зарур бўлган транспорт ва алоқа воситалари, махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситаларини етказиб бериш;
г) комиссия аъзоларининг иш фаолияти учун зарур бўлган компьютер техникаси билан жиҳозланган алоҳида хона ажратиб бериш;
д) бахтсиз ҳодисани текшириш материаллари зарур миқдорларда нусхалари кўпайтириб берилишини таъминлаш.
15. Бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиши сабабларини аниқлаш учун жалб этиладиган экспертлар ва мутахассислардан иборат гуруҳнинг хулосаси ёзма равишда расмийлаштирилади.
16. Бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиши сабабларини текшириш доирасида комиссия томонидан техник ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун харажатлар, лаборатория тадқиқотлари, синов ва бошқа ишлар ҳамда транспорт ва алоқа харажатлари учун тўловлар тегишли ҳокимлик ёки «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг (бахтсиз ҳодиса табиий ва суюлтирилган углеводород газидан фойдаланиш оқибатида содир бўлганда) ҳудудий ташкилотлари билан келишган ҳолда амалга оширилади.
17. Бахтсиз ҳодисанинг ҳолат ва сабабларини аниқлаш мақсадида комиссия аъзолари жабрланганлар, ҳодиса гувоҳларидан ҳамда тегишли объектларнинг мансабдор ва бошқа шахсларидан ҳолат юзасидан оғзаки ёки ёзма равишда тушунтиришлар олиш ҳуқуқига эга. Бунда тушунтириш хати шахсан ёхуд улар ваколат берган шахслар томонидан ёзилиши (имзоланиши) лозим.
18. Комиссия раиси талаби тақдим этилишидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий давлат ёнғин назорати органлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (суд-тиббий экспертизаси) ва мазкур бахтсиз ҳодисага алоқадор бўлган бошқа органлар (ташкилотлар) уч кундан кўп бўлмаган муддатда бахтсиз ҳодисага тааллуқли бўлган ҳужжат ва материалларни комиссияга тақдим этиши лозим.
19. Комиссия томонидан ўтказиладиган текширишнинг вазифаси бахтсиз ҳодиса ва унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бахтсиз ҳодиса такрорланмаслиги учун мутахассислар билан биргаликда тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан бажарилиши лозим бўлган асосланган таклифлар ва чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат.
Бунинг учун комиссия томонидан бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳолати унинг барча аъзолари иштирокида жойига чиққан ҳолда кўздан кечириш йўли билан ўрганилган ва далолатнома билан расмийлаштирилган бўлиши лозим.
20. Комиссия томонидан бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш жараёнида:
а) бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳолати бўйича барча ўзгаришларни қайд этиш;
б) газдан фойдаланиш ускуна ва жиҳозларнинг тури, русуми, маркаси, уларнинг жойлашув ўрни ва техник ҳолатини аниқлаш;
в) дудбурон ва шамоллатиш каналларининг лойиҳа ҳужжатларига, белгиланган норма ва қоидаларга мувофиқлигини аниқлаш;
г) тегишли объектларда бажариладиган ишлар ва тадбирларни амалга ошириш жараёнида бахтсиз ҳодиса келиб чиқишига сабаб бўлиши эҳтимоли бўлган ишлар ва тадбирлар турини аниқлаш;
д) жисмоний шахслар, шу жумладан, мансабдор шахсларнинг иш жараёнида бахтсиз ҳодиса келиб чиқишига сабаб бўлган ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни аниқлаш;
е) бахтсиз ҳодиса гувоҳларидан тушунтириш хатларини олиш;
ж) бахтсиз ҳодиса содир бўлишига олиб келган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилмаганлик ҳолатларини аниқлаш.
21. Комиссия томонидан ўтказиладиган текшириш натижасида:
а) бахтсиз ҳодисанинг техник ва ташкилий сабаблари аниқланиши;
б) газдан фойдаланиш ускуна ва жиҳозларининг лойиҳаси ким томонидан ва қачон ишлаб чиқилганлиги аниқланиши;
в) газдан фойдаланиш ускунаси ва жиҳозлари монтажининг сифатли бажарилганлиги, ижро-техник ҳужжатларининг тўлиқ ва белгиланган тартибга мувофиқ тўғри расмийлаштирилганлиги текширилиши;
г) газдан фойдаланиш ускунаси ва жиҳозлари, дудбурон ва шамоллатиш каналларининг техник ҳолати ўрганилиши;
д) жабрланувчиларнинг ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги, улар томонидан қурилмалардан хавфсиз фойдаланиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига амал қилиниши ўрганилиши;
е) бахтсиз ҳодиса сабабларини тавсифловчи ашёвий далиллар ўрганилиши;
ж) объектдаги газдан фойдаланиш ускуна ва жиҳозларининг носозлиги бўйича «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий ташкилотларига берилган буюртмаларнинг мавжудлиги ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар (бахтсиз ҳодиса табиий ва суюлтирилган углеводород газидан фойдаланиш оқибатида содир бўлганда) ўрганилиши;
з) бахтсиз ҳодисанинг юзага келиши сабабларини аниқлаш доирасида ишлаб чиқилган таклифларни, мавжуд имкониятдан келиб чиққан ҳолда, реал шароитларда бахтсиз ҳодисага нисбатан уларнинг асосли эканлиги текшириш. Назорат-синов ишлари, техник ҳисоб-китоблар, лаборатория тадқиқотлари ва экспериментлар ўтказиш асосида ишлаб чиқилган таклифларга аниқлик киритиш;
и) бахтсиз ҳодисанинг юзага келишига йўл қўйган жисмоний шахслар, шу жумладан, мансабдор шахсларни аниқлаш бўйича зарур чоралар амалга оширилиши зарур.
3-боб. Бахтсиз ҳодисани текшириш натижаларини расмийлаштириш
22. Комиссия томонидан амалга оширилган текшириш натижалари, мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ўн беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда комиссия томонидан текшириш далолатномаси расмийлаштирилиши зарур.
Агар содир бўлган бахтсиз ҳодиса сабабларини аниқлаш учун лаборатория тадқиқотлари, экспертиза, синовлар ёки бошқа ишлар амалга оширилиши лозим бўлса, у ҳолда текшириш ишларини ва тегишли далолатномани расмийлаштиришнинг умумий муддати ўттиз иш кунидан ошмаган ҳолда узайтирилиши мумкин.
23. Бахтсиз ҳодисани текшириш бўйича далолатномада бахтсиз ҳодиса натижасида юзага келган оқибатларни бартараф этиш, келгусида шу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тавсиялар берилиши мумкин.
24. Бахтсиз ҳодисани текшириш бўйича далолатнома комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади.
25. Агар комиссия аъзоларидан бири бахтсиз ҳодисани текшириш бўйича далолатномага эътироз билдирса, у ҳолда ушбу комиссия аъзоси далолатномани имзоламаслик ва комиссия раисига ўзининг асосланган хулосасини ёзма шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Комиссия раиси бахтсиз ҳодисани текшириш юзасидан тўпланган ва тайёрланган материалларга ушбу хулосани киритиши шарт.
26. Текшириш материалларига қуйидагилар илова қилинади:
а) комиссия тузиш ҳақидаги тегишли қарор;
б) бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш натижаси бўйича комиссия аъзолари томонидан имзоланган далолатнома;
в) бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг комиссия раиси ва тегишли чизмани тузган масъул шахс томонидан имзоланган чизмаси (эскизи);
г) жисмоний шахслар, шу жумладан, мансабдор шахсларнинг ёзма тушунтириш хатлари;
д) тегишли ҳудудда жойлашган турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйлардаги аҳоли билан турмушда газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари бўйича даврий йўл-йўриқ берилганлиги ҳақида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳудудий ташкилотлари томонидан юритиладиган қайд этиш дафтаридан кўчирма;
е) тегишли объектларнинг дудбурон ва шамоллатиш каналларининг яроқлилиги ва куз-қиш мавсумига тайёрлиги тўғрисида белгиланган тартибда тузилган далолатнома;
ж) газдан фойдаланиш ускуна ва жиҳозларига режали техник хизмат кўрсатиш тўғрисида маълумотнома, уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича олиб бориладиган ишлар жадвалларидан кўчирма;
з) табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан турмушда ёқилғи сифатида фойдаланишда меҳнат хавфсизлиги нормалари ва мутасадди шахсларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи йўриқнома, қоида, буйруқлар ва бошқа ҳужжатлардан нусхалар (кўчирмалар);
и) бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг фотосуратлари;
к) тиббиёт ташкилоти ва эксперт комиссиясининг хулосаси, лаборатория ҳамда бошқа тадқиқотлар, экспериментлар натижалари;
л) комиссия аъзосининг хулосаси (комиссия аъзоларидан бири бахтсиз ҳодисани текшириш хулосаси бўйича эътироз билдирган тақдирда);
м) бахтсиз ҳодисани ўрганиш бўйича тузилган эксперт гуруҳининг хулосаси;
н) бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва олдини олиш бўйича тавсиялар;
о) бахтсиз ҳодисани текшириш бўйича далолатнома.
4-боб. Бахтсиз ҳодисани текшириш материалларини тузиш ва сақлаш
27. Комиссия томонидан бахтсиз ҳодисани текшириш материаллари қуйидаги тартибда тузилади:
а) текшириш материалларининг асл нусхалари бир нусхада расмийлаштирилади ва комиссия томонидан ушбу комиссияни ташкил этиш тўғрисида тегишли қарор чиқарган органга (мансабдор шахсга) юборилади;
бахтсиз ҳодиса юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жиноят иши қўзғатилган тақдирда, бахтсиз ҳодисани текшириш жараёнида йиғилган материалларнинг асли ҳамда ашёвий далиллар жиноят ишини қўзғатган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади;
текшириш материалларининг биттадан нусхалари бахтсиз ҳодисани чуқур таҳлил қилиш ҳамда келгусида табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан турмушда ёқилғи сифатида фойдаланишда ушбу ҳодиса такрорланмаслигини таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖга юборилади;
б) текшириш материалларининг қўшимча нусхаларининг сони мазкур Низомнинг 8 — 10-бандлари талабларига мувофиқ тузилган комиссия аъзоларининг сонига тенг бўлиши лозим ва комиссия аъзоларининг ҳар бирига тақдим этилади.
28. Бахтсиз ҳодисани текшириш материалларининг асл нусхалари қирқ беш йил давомида, қўшимча нусхалари уларга зарурат бўлган муддатга қадар Фавқулодда вазиятлар вазирлигида сақланади.
5-боб. Бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш тартиби
29. Мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган бахтсиз ҳодисалар Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан ҳисобга олинади.
30. Бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш журнали мазкур Низомга 3-иловада кўрсатилган шакл асосида юритилади.
31. Фуқароларнинг руҳий ҳолати бузилиши, алкоголь ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиши (тиббий ташкилотнинг тегишли маълумотномаси (хулосаси) асосида) натижасида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳисобга олинмайди.
32. Табиий ўлим ҳолатлари, шунингдек, жабрланувчи жиноят содир этиш пайтида юз берган бахтсиз ҳодисалар (суд-тиббий экспертиза хулосаси ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотномаси асосида) текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.
33. Турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда ёнғин содир бўлганда текшириш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
6-боб. Якунловчи қоида
34. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Турар жойлар, шу жумладан кўп квартирали уйларда маиший эҳтиёж (иссиқ сувдан фойдаланиш, хоналарни иситиш ва б.) учун табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисалар сабабларини текшириш ҳамда ҳисобга олиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ҳудудий бўлинмалари) 1. Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш бўйича комиссия таркибини тасдиқлашни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш. 1. Бахтсиз ҳодиса содир бўлганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб бир иш кунида . 2. Ишлаб чиқилган қарор лойиҳасини: 3 нафаргача шахслар (шу жумладан 3-шахсни ҳисобга олганда) ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган, ҳалок бўлган тақдирда туман (шаҳар) ҳокимлигига ; 7 нафаргача шахслар (шу жумладан 7-шахсни ҳисобга олганда) ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган, ҳалок бўлган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига ; 8 нафар ёки ундан ортиқ шахслар ҳаётига ёки соғлиғига зиён етган, ҳалок бўлган тақдирда Вазирлар Маҳкамасига киритиш. 2. Бахтсиз ҳодиса содир бўлганлиги тўғрисида хабар берилган кундан уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда . 2-босқич Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссияси 1. Тегишли ҳокимлик ёки ҳудудий газ таъминоти ташкилотларига (бахтсиз ҳодиса табиий ёки суюлтирилган углеводород газидан фойдаланиш оқибатида содир бўлганда) уларнинг ўз ички имкониятлари доирасида амалга оширилиши мажбур ҳисобланган чора-тадбирларни тақдим этиш . 1. Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун мобайнида . 2. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий давлат ёнғин назорати органлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (суд-тиббий экспертизаси) ва мазкур бахтсиз ҳодисага алоқадор бўлган бошқа органларга комиссияга тақдим этилиши талаб этиладиган бахтсиз ҳодисага тааллуқли бўлган ҳужжат ва материалларни комиссияга тақдим этилиши юзасидан мурожаатни киритиш. 2. Комиссия раиси талаби тақдим этилган кундан бошлаб уч кундан кўп бўлмаган муддатда . 3-босқич Тегишли ҳокимлик ёки ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари (бахтсиз ҳодиса табиий ёки суюлтирилган углеводород газидан фойдаланиш оқибатида содир бўлганда) Комиссиянинг талаби асосида бахтсиз ҳодиса ва уни келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун, ўз ички имкониятлари доирасида, зарур бўлган чора-тадбирларни (экспертларни жалб қилиш, бахтсиз ҳодиса жойининг принципиал чизмасини тайёрлаш, комиссия аъзоларини учун транспорт ва алоқа воситалари, компьютер техникаси ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш) амалга оширилишини таъминлаш . Талабнома тақдим этилган кундан бошлаб бир кун мобайнида . 4-босқич Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар , Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий давлат ёнғин назорати органлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бахтсиз ҳодисага алоқадор бўлган бошқа органлар Бахтсиз ҳодисага тааллуқли бўлган ҳужжат ва материалларни комиссияга тақдим этиш . Талабнома тақдим этилган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда . 5-босқич Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссияси 1. Бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳолатини унинг барча аъзолари иштирокида жойга чиққан ҳолда кўздан кечириш йўли билан ўрганиш ва тегишли ўрганиш далолатномасини расмийлаштириш. 1. Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш кун мобайнида . 2. Бахтсиз ҳодисани келиб чиқиш сабабларини текшириш бўйича низомда белгиланган чора-тадбирлар (зарур ҳолларда назорат-синов ишлари, техник ҳисоб-китоблар, лаборатория тадқиқотлари ва экспериментлар ўтказиш)ни амалга ошириш . 2. Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида 3. Бахтсиз ҳодисани келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун жалб этиладиган экспертлар ва мутахассислардан иборат гуруҳнинг ёзма равишда расмийлаштирилган хулосасини олиш . 3. Бахтсиз ҳодисани келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун экспертлар ва мутахассисларни жалб этилган кундан бошлаб етти кун мобайнида . 6-босқич Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссияси 1. Амалга оширилган текшириш натижалари, низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ текшириш далолатномасини расмийлаштириш . 1. Бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн беш иш куни мобайнида . Агар бахтсиз ҳодиса сабабларини аниқлаш учун лаборатория тадқиқотлари, экспертиза, синовлар ёки бошқа ишларни амалга оширилиши лозим бўлса, текшириш ишларининг ва тегишли далолатноманинг расмийлаштириш умумий муддати ўттиз иш кунидан ошмаган ҳолда узайтирилади . 2. Текшириш материалларининг асл нусхаларини бир нусхада, расмийлаштириш ва ушбу комиссияни ташкил этиш тўғрисида тегишли қарор чиқарган органга (мансабдор шахсга) юбориш . 2. Бахтсиз ҳодисани текшириш далолатномаси расмийлаштирилган кундан бошлаб бир кун мобайнида . 3. Бахтсиз ҳодисани таҳлил қилиш ҳамда келгусида газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган ушбу ҳодисаларни такрорланмаслигини таъминлаш чораларини кўриш учун текшириш материалларининг биттадан нусхаларини Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖга юбориш . 3. Бахтсиз ҳодисани текшириш далолатномаси расмийлаштирилган кундан бошлаб уч кун мобайнида . 7-босқич Энергетика вазирлиги Бахтсиз ҳодисани белгиланган шакл асосида юритиладиган журналда ҳисобга олиш . Келгусида бахтсиз ҳодисаларни такрорланмаслигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, амалга оширилишини ташкиллаштириш. Текшириш материалларининг нусхалари тақдим этилган кунда . Чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича белгиланган муддатларда.
Газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Бахтсиз ҳ одисаларни текшириш бўйича ДАЛОЛАТНОМА «___» _____________ 20___ й. 1. Бахтсиз ҳодиса содир бўлган манзил ___________________________________________________________________________________________________________ 2. Комиссия таркиби Комиссия раиси: ____________________________________________________________________________________________ (фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими) Комиссия аъзолари: _________________________________________________________________________________________ (фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими) 3. Жабрланганлар (вафот этганлар) тўғрисида маълумотлар: Т/р Фамилияси, исми, отасининг исми Туғилган йили Ишлаш жойи Жароҳат олиш даражаси 4. Ҳодиса жойининг тафсилоти: а) уй, хонанинг ҳодисадан аввалги ва кейинги ҳолатининг тафсилоти; б) бахтсиз ҳодиса содир бўлган объект ҳужжатлари ҳолати ва қурилиш ишларининг лойиҳага мослиги; в) ўрнатилган ускуна ва жиҳозларининг тафсилоти ва фойдаланишга қабул қилинган вақти. Газ жиҳозларига, шу жумладан газ қувурларига техник хизмат кўрсатиш ва дудбурон, шамоллатиш каналларини кўрикдан ўтказиш вақтида амалга оширилган иш ҳажми ҳамда охирги маротаба сервис хизмати кўрсатилган сана. 5. Бахтсиз ҳодиса содир бўлиш ҳолати (ҳодисаларнинг содир бўлиш кетма-кетлиги, шикастланган ва бошқаларнинг бахтсиз ҳодисага олиб келишдаги хатти-ҳаракати кўрсатилади). 6. Бахтсиз ҳодисага олиб келган техник ва ташкилий сабаблар (бахтсиз ҳодисанинг содир бўлишида ускуна ва жиҳозларининг носозлиги ва уларнинг сабаблари кўрсатилади). 7. Турмушда табиий ва суюлтирилган углеводород гази, қаттиқ ёқилғи ёки нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланишда хавфсизлик қоидалари талабларини бузган ва айбдор шахслар бўйича комиссия хулосаси (айбдор шахсларнинг мансаби ва фамилиясини кўрсатиш ҳамда уларнинг қандай ҳаракати (ҳаракатсизлиги) бахтсиз ҳодисага олиб келганлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг аниқ қайси бандлари улар томонидан бузилганлигини кўрсатиш). 8. Бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф қилиш ва олдини олиш бўйича комиссия тавсиялари. «___» _____________ 20____ й. Комиссия раиси ___________________ Комиссия аъзолари ___________________ ___________________
Газдан турмушда фойдаланишда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Газдан турмушда фойдаланишда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш
Т/р Далолатнома рақами Бахтсиз ҳодисанинг содир бўлган санаси ва вақти Бахтсиз ҳодиса содир бўлган манзил Жабрланганларнинг Ф.И.О туғилган йили ва иш жойи Жароҳат тури ва даражаси Комиссиянинг бахтсиз ҳодиса сабаблари бўйича хулосаси Бахтсиз ҳодисанинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 11 февраль,
64-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
JURNALI *
Gazdan turmushda foydalanishda sodir boʻladigan baxtsiz hodisalarni tekshirish hamda hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Soʻnggi yillarda respublika hududlarida yangilangan namunaviy loyihalar boʻyicha arzon uy-joylar va shaharlarda koʻp kvartirali uylarni qurish dasturlarini amalga oshirish natijasida aholining turar joyga boʻlgan ehtiyoji qondirilmoqda va shu asosda fuqarolarning farovonlik darajasi yanada oshirib borilmoqda.
Shu bilan birga, hududlardagi koʻp kvartirali uylar, yakka tartibdagi uy-joylarni kuz-qish mavsumiga sifatli tayyorlash hamda xonadonlarni isitishda tabiiy va suyultirilgan gaz, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan foydalanishda xavfsizlik qoidalariga rioya etmaslik holatlari uchrab turibdi. Oqibatda aholi xonadonlarida yongʻin kelib chiqishi yoki is gazidan zaharlanish holatlari roʻy berib, insonlarning hayoti va salomatligiga jiddiy zarar yetkazilmoqda.
Gazdan turmushda foydalanishda sodir boʻlishi mumkin boʻlgan baxtsiz hodisalarni tekshirish hamda hisobga olish masalalarini tartibga solish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylarda maishiy ehtiyoj uchun tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan foydalanishda aholi bilan bogʻliq boʻlgan baxtsiz hodisalarni oldini olish maqsadida:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi va uning hududiy davlat yongʻin nazorati organlari har yilgi isitish mavsumi boshlanishidan avval jismoniy shaxslarning turar joylaridagi dudburon va shamollatish kanallarining texnik holatini taftishdan oʻtkazish, aniqlangan nosozliklarni bartaraf etish hamda ushbu sohada profilaktika xizmatlari koʻrsatishning tizimli yoʻlga qoʻyilishini;
b) Oʻzbekiston Respublikasi Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi, Energetika vazirligi va “Hududgaztaʼminot” AJ turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylardagi jismoniy shaxslar tomonidan gazdan foydalanishda belgilangan xavfsizlik qoidalariga rioya etilishi holatlarini oʻz vakolatlari doirasida tizimli oʻrganish hamda aniqlangan muammo va nosozliklarni bartaraf etish choralarini koʻrishni;
v) “Hududgaztaʼminot” AJ Oʻzbekiston Respublikasi Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi va Energetika vazirligi huzuridagi Neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi bilan birgalikda turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylarda maishiy ehtiyoj uchun tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanishda aholi xonadonlarining ichki gaz tarmoqlari hamda gazdan foydalanish uskunasi va jihozlarini belgilangan muddatlarda texnik taftishdan oʻtkazilishini hamda ularga profilaktika xizmati koʻrsatilishini;
g) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan hamkorlikda ommaviy axborot vositalari orqali maishiy ehtiyojlar uchun gaz uskunalaridan toʻgʻri va xavfsiz foydalanish boʻyicha maxsus telekoʻrsatuvlar, radioeshittirishlar va davra suhbatlarini doimiy asosda uyushtirilishini taʼminlasinlar.
2. Belgilansinki:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi va uning hududiy boʻlinmalari baxtsiz hodisa sodir boʻlganda uning sabablarini tekshirish boʻyicha dastlabki zarur choralarni koʻradi, shu jumladan baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasini tuzish yuzasidan takliflarni tegishlicha tuman (shahar) hokimliklari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari yoki Vazirlar Mahkamasiga kiritadi.
Bunda, baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasi:
uch nafargacha shaxslar (shu jumladan, uchinchi shaxsni hisobga olganda)ning hayotiga yoki sogʻligʻiga ziyon yetgan yoxud halok boʻlgan taqdirda — tuman (shahar) hokimi qarori asosida uning ushbu sohaga mutasaddilik qiladigan oʻrinbosari rahbarligida;
yetti nafargacha shaxslar (shu jumladan, yettinchi shaxsni hisobga olganda)ning hayotiga yoki sogʻligʻiga ziyon yetgan yoxud halok boʻlgan taqdirda — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimi qarori asosida uning ushbu sohaga mutasaddilik qiladigan oʻrinbosari rahbarligida;
sakkiz nafar yoki undan ortiq shaxslarning hayotiga yoki sogʻligʻiga ziyon yetgan yoxud halok boʻlgan taqdirda — Vazirlar Mahkamasining farmoyishi asosida tegishli Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri oʻrinbosari yoki Bosh vazir maslahatchisi rahbarligida tuziladi;
b) Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi “Hududgaztaʼminot” AJ va boshqa mutasaddi tashkilotlar bilan birgalikda baxtsiz hodisa sabablarini chuqur tahlil qilish hamda kelgusida ularning takrorlanmasligi uchun baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasining takliflari asosida aniq chora-tadbirlarning amalga oshirilishini taʼminlaydi;
v) ushbu bandning “a” kichik bandida koʻrsatilgan tegishli komissiyalarni tuzishni nazarda tutuvchi qarorlar ularni qabul qiluvchi tegishli organlarga baxtsiz hodisa sodir boʻlganligi toʻgʻrisida xabar berilgan kundan boshlab uch ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda qabul qilinadi va tegishli choralar koʻriladi.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Gazdan turmushda foydalanishda sodir boʻladigan baxtsiz hodisalarni tekshirish hamda hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish, tekshirish komissiyasini tuzish va tekshirish natijalarini rasmiylashtirish tartibi;
baxtsiz hodisani tekshirish materiallarini tuzish va saqlash tartibi;
baxtsiz hodisalarni hisobga olish tartibi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi va Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi energetika vaziri A.S. Sultanov va uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vaziri Sh.S. Xidoyatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 11-fevraldagi 64-son qaroriga ILOVA
Gazdan turmushda foydalanishda sodir boʻladigan baxtsiz hodisalar ni tekshirish hamda hisobga olish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylarda maishiy ehtiyoj (issiq suvdan foydalanish, xonalarni isitish va b.) uchun tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan foydalanishda aholi bilan bogʻliq boʻlgan baxtsiz hodisalar sabablarini tekshirish hamda hisobga olish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
baxtsiz hodisa — gaz-havo aralashmasining chaqnashi (portlashi) oqibatida binoning qisman yoki toʻliq buzilishi, jismoniy shaxslarning mol-mulkiga zarar yetkazilishi hamda tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan yoqilgʻi sifatida notoʻgʻri foydalanish natijasida gazning sizib chiqishi, is gazidan zaharlanish, gaz-havo aralashmasining alangalanishidan kuyish oqibatida fuqarolarning hayoti yoki sogʻligʻiga ziyon yetishi;
jismoniy shaxslar — turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylarda maishiy ehtiyoj (issiq suvdan foydalanish, xonalarni isitish va b.) uchun tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan foydalanayotgan jismoniy shaxslar;
gazdan foydalanish uskunasi va jihozlari — turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylarda maishiy ehtiyoj (issiq suvdan foydalanish, xonalarni isitish va b.) uchun tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan yoqilgʻi sifatida foydalaniladigan uskuna va jihozlar.
3. Baxtsiz hodisa yuz berganda jismoniy shaxslar yoki fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy boʻlinmalariga yoki huquqni muhofaza qiluvchi organlar (Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar va prokuratura organlari)ga, shuningdek, “Hududgaztaʼminot” AJning hududiy gaz taʼminoti tashkilotlariga (keyingi oʻrinlarda — gaz taʼminoti tashkilotlari) va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga (keyingi oʻrinlarda — hokimlik) zudlik bilan xabar berishlari lozim.
4. Jismoniy shaxslar va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari mazkur Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan tashkilotlar xodimlari yetib kelguniga qadar xavf oʻchogʻini bartaraf qilish boʻyicha kechiktirib boʻlmaydigan choralarni (agar bu holat insonlar hayoti va sogʻligʻiga xavf tugʻdirmasa hamda baxtsiz hodisa takrorlanishini yuzaga keltirmasa) koʻrishlari lozim.
5. Mazkur Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan tashkilotlar baxtsiz hodisa sabablarini tekshirishdan oldin:
jarohatlangan shaxslarga zudlik bilan birinchi tibbiy yordam koʻrsatish va ularni tibbiyot muassasasiga olib borishni tashkil etishi;
baxtsiz hodisa sodir boʻlgan obyekt va gaz (yoki boshqa) uskuna va jihozlarning birlamchi holatini, yaʼni baxtsiz hodisa sodir boʻlgan vaqtda u qanday holatda boʻlgan boʻlsa (agar bu holat insonlar hayoti va sogʻligʻiga xavf tugʻdirmasa hamda baxtsiz hodisa takrorlanishini yuzaga keltirmasa) oʻzgartirilmagan holatda saqlash choralarini koʻrishlari lozim.
6. Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy boʻlinmalari yoki huquqni muhofaza qiluvchi organlar baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joy toʻgʻrisida xabar olingan vaqtdan boshlab, shuningdek, ushbu joyga yetib kelganidan soʻng xavfni bartaraf etish boʻyicha kompleks ishlarni boshqarish vazifasi ushbu organlarga oʻtadi.
7. Baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joydagi bino, qurilma va gaz yoki boshqa uskunalarning birlamchi holatini saqlash va u yerdagi xavf oʻchoqlarini bartaraf etish, mazkur Nizomning 8 — 10-bandlari talablariga muvofiq baxtsiz hodisani tekshirish komissiyasining kelishuviga asosan amalga oshirilishi lozim.
2-bob. Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish
8. Baxtsiz hodisa sodir boʻlishi natijasida uch nafargacha shaxslar (shu jumladan, uchinchi shaxsni hisobga olganda) hayotiga yoki sogʻligʻiga ziyon yetgan yoxud halok boʻlgan taqdirda, baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish tuman (shahar) hokimining qarori asosida uning ushbu sohaga mutasaddilik qiladigan oʻrinbosari rahbarligida tuziladigan komissiya tomonidan amalga oshiriladi.
9. Baxtsiz hodisa sodir boʻlishi natijasida yetti nafargacha shaxslar (shu jumladan, yettinchi shaxsni hisobga olganda) hayotiga yoki sogʻligʻiga ziyon yetgan yoxud halok boʻlgan taqdirda, baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimining qarori asosida uning ushbu sohaga mutasaddilik qiladigan oʻrinbosari rahbarligida tuziladigan komissiya tomonidan amalga oshiriladi.
10. Baxtsiz hodisa sodir boʻlishi natijasida sakkiz nafar yoki undan ortiq shaxslar hayotiga yoki sogʻligʻiga ziyon yetgan yoxud halok boʻlgan taqdirda, baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish Vazirlar Mahkamasining farmoyishi asosida tegishli Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri oʻrinbosari yoki Bosh vazir maslahatchisi rahbarligida tuziladigan komissiya tomonidan amalga oshiriladi.
11. Turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylarda maishiy ehtiyoj (issiq suvdan foydalanish, xonalarni isitish va b.) uchun tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan foydalanishda aholi bilan bogʻliq boʻlgan baxtsiz hodisalar sabablarini tekshirish hamda hisobga olish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
12. Ushbu Nizomning 8 — 10-bandlarida koʻrsatilgan tegishli komissiyalarni tuzishni nazarda tutuvchi qarorlar ushbu bandlarda koʻrsatilgan organlarga (mansabdor shaxslarga) baxtsiz hodisa sodir boʻlganligi toʻgʻrisida xabar berilgan kundan uch ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda ushbu organlar (mansabdor shaxslar) tomonidan qabul qilinishi lozim.
Mazkur bandlarda nazarda tutilgan tegishli qarorlar bilan tuziladigan komissiya boʻyicha hujjatlar loyihalari tegishli organga (mansabdor shaxslarga) tegishlicha Favqulodda vaziyatlar vazirligi yoki uning hududiy boʻlinmalari (mazkur Nizomning 8 va 9-bandlarida nazarda tutilgan komissiyalarni tuzishda) tomonidan kiritiladi.
13. Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish boʻyicha tuziladigan tegishli komissiyaning (keyingi oʻrinlarda — komissiya) tarkibiga quyidagi vazirliklar va idoralarning vakillari kiritilishi shart:
Favqulodda vaziyatlar vazirligi (hududiy boʻlinmalari);
Energetika vazirligi;
“Hududgaztaʼminot” AJ (hududiy gaz taʼminoti tashkilotlari), (baxtsiz hodisa yoqilgʻi sifatida tabiiy gaz yoki suyultirilgan gazdan foydalanishda sodir boʻlganda);
Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi (hududiy boʻlinmalari), (baxtsiz hodisa yoqilgʻi sifatida tabiiy gazdan foydalanadigan gaz uskunasining yillik tabiiy gaz sarfi 100 000 kub metrdan yuqori yoxud hajmi 150 litrdan ortiq boʻlgan suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanishda sodir boʻlganda);
Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi (hududiy boʻlinmalari), (baxtsiz hodisa koʻp kvartirali uylarda sodir boʻlganda);
Energetika vazirligi huzuridagi Neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi (hududiy boʻlinmalari), (baxtsiz hodisa tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi yoki neft mahsulotlaridan foydalanishda sodir boʻlganda);
Energetika vazirligi huzuridagi Elektr energetikada nazorat inspeksiyasi (hududiy boʻlinmalari), (baxtsiz hodisa qattiq yoqilgʻi turlari (koʻmir va koʻmir mahsulotlari)dan foydalanishda sodir boʻlganda).
14. Komissiya talabiga binoan tegishli hokimlik yoki “Hududgaztaʼminot” AJning hududiy tashkilotlari (baxtsiz hodisa tabiiy yoki suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanish oqibatida sodir boʻlganda) oʻz ichki imkoniyatlari doirasida quyidagilarni amalga oshirishga majbur hisoblanadi:
a) baxtsiz hodisa kelib chiqishi sabablarini aniqlash uchun ekspertlar yoki mutaxassislarni jalb etish;
b) baxtsiz hodisa oqibatida talafot koʻrgan obyekt fotosuratini olish, baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joyning prinsipial chizmasi yoki eskizini tayyorlash;
v) baxtsiz hodisa boʻyicha tekshirish oʻtkazish uchun zarur boʻlgan transport va aloqa vositalari, maxsus kiyim, maxsus poyabzal va boshqa shaxsiy himoya vositalarini yetkazib berish;
g) komissiya aʼzolarining ish faoliyati uchun zarur boʻlgan kompyuter texnikasi bilan jihozlangan alohida xona ajratib berish;
d) baxtsiz hodisani tekshirish materiallari zarur miqdorlarda nusxalari koʻpaytirib berilishini taʼminlash.
15. Baxtsiz hodisaning kelib chiqishi sabablarini aniqlash uchun jalb etiladigan ekspertlar va mutaxassislardan iborat guruhning xulosasi yozma ravishda rasmiylashtiriladi.
16. Baxtsiz hodisaning kelib chiqishi sabablarini tekshirish doirasida komissiya tomonidan texnik hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun xarajatlar, laboratoriya tadqiqotlari, sinov va boshqa ishlar hamda transport va aloqa xarajatlari uchun toʻlovlar tegishli hokimlik yoki “Hududgaztaʼminot” AJning (baxtsiz hodisa tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanish oqibatida sodir boʻlganda) hududiy tashkilotlari bilan kelishgan holda amalga oshiriladi.
17. Baxtsiz hodisaning holat va sabablarini aniqlash maqsadida komissiya aʼzolari jabrlanganlar, hodisa guvohlaridan hamda tegishli obyektlarning mansabdor va boshqa shaxslaridan holat yuzasidan ogʻzaki yoki yozma ravishda tushuntirishlar olish huquqiga ega. Bunda tushuntirish xati shaxsan yoxud ular vakolat bergan shaxslar tomonidan yozilishi (imzolanishi) lozim.
18. Komissiya raisi talabi taqdim etilishidan soʻng huquqni muhofaza qiluvchi organlar, Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy davlat yongʻin nazorati organlari, Sogʻliqni saqlash vazirligi (sud-tibbiy ekspertizasi) va mazkur baxtsiz hodisaga aloqador boʻlgan boshqa organlar (tashkilotlar) uch kundan koʻp boʻlmagan muddatda baxtsiz hodisaga taalluqli boʻlgan hujjat va materiallarni komissiyaga taqdim etishi lozim.
19. Komissiya tomonidan oʻtkaziladigan tekshirishning vazifasi baxtsiz hodisa va uning kelib chiqish sabablarini aniqlash hamda kelgusida baxtsiz hodisa takrorlanmasligi uchun mutaxassislar bilan birgalikda tegishli mutasaddi tashkilotlar tomonidan bajarilishi lozim boʻlgan asoslangan takliflar va chora-tadbirlarni ishlab chiqishdan iborat.
Buning uchun komissiya tomonidan baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joyning holati uning barcha aʼzolari ishtirokida joyiga chiqqan holda koʻzdan kechirish yoʻli bilan oʻrganilgan va dalolatnoma bilan rasmiylashtirilgan boʻlishi lozim.
20. Komissiya tomonidan baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joyni koʻzdan kechirish jarayonida:
a) baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joyning holati boʻyicha barcha oʻzgarishlarni qayd etish;
b) gazdan foydalanish uskuna va jihozlarning turi, rusumi, markasi, ularning joylashuv oʻrni va texnik holatini aniqlash;
v) dudburon va shamollatish kanallarining loyiha hujjatlariga, belgilangan norma va qoidalarga muvofiqligini aniqlash;
g) tegishli obyektlarda bajariladigan ishlar va tadbirlarni amalga oshirish jarayonida baxtsiz hodisa kelib chiqishiga sabab boʻlishi ehtimoli boʻlgan ishlar va tadbirlar turini aniqlash;
d) jismoniy shaxslar, shu jumladan, mansabdor shaxslarning ish jarayonida baxtsiz hodisa kelib chiqishiga sabab boʻlgan harakati (harakatsizligi)ni aniqlash;
e) baxtsiz hodisa guvohlaridan tushuntirish xatlarini olish;
j) baxtsiz hodisa sodir boʻlishiga olib kelgan aniq normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya etilmaganlik holatlarini aniqlash.
21. Komissiya tomonidan oʻtkaziladigan tekshirish natijasida:
a) baxtsiz hodisaning texnik va tashkiliy sabablari aniqlanishi;
b) gazdan foydalanish uskuna va jihozlarining loyihasi kim tomonidan va qachon ishlab chiqilganligi aniqlanishi;
v) gazdan foydalanish uskunasi va jihozlari montajining sifatli bajarilganligi, ijro-texnik hujjatlarining toʻliq va belgilangan tartibga muvofiq toʻgʻri rasmiylashtirilganligi tekshirilishi;
g) gazdan foydalanish uskunasi va jihozlari, dudburon va shamollatish kanallarining texnik holati oʻrganilishi;
d) jabrlanuvchilarning harakat yoki harakatsizligi, ular tomonidan qurilmalardan xavfsiz foydalanish boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga amal qilinishi oʻrganilishi;
e) baxtsiz hodisa sabablarini tavsiflovchi ashyoviy dalillar oʻrganilishi;
j) obyektdagi gazdan foydalanish uskuna va jihozlarining nosozligi boʻyicha “Hududgaztaʼminot” AJning hududiy tashkilotlariga berilgan buyurtmalarning mavjudligi va ularni bartaraf etish boʻyicha koʻrilgan choralar (baxtsiz hodisa tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanish oqibatida sodir boʻlganda) oʻrganilishi;
z) baxtsiz hodisaning yuzaga kelishi sabablarini aniqlash doirasida ishlab chiqilgan takliflarni, mavjud imkoniyatdan kelib chiqqan holda, real sharoitlarda baxtsiz hodisaga nisbatan ularning asosli ekanligi tekshirish. Nazorat-sinov ishlari, texnik hisob-kitoblar, laboratoriya tadqiqotlari va eksperimentlar oʻtkazish asosida ishlab chiqilgan takliflarga aniqlik kiritish;
i) baxtsiz hodisaning yuzaga kelishiga yoʻl qoʻygan jismoniy shaxslar, shu jumladan, mansabdor shaxslarni aniqlash boʻyicha zarur choralar amalga oshirilishi zarur.
3-bob. Baxtsiz hodisani tekshirish natijalarini rasmiylashtirish
22. Komissiya tomonidan amalga oshirilgan tekshirish natijalari, mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq oʻn besh ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda komissiya tomonidan tekshirish dalolatnomasi rasmiylashtirilishi zarur.
Agar sodir boʻlgan baxtsiz hodisa sabablarini aniqlash uchun laboratoriya tadqiqotlari, ekspertiza, sinovlar yoki boshqa ishlar amalga oshirilishi lozim boʻlsa, u holda tekshirish ishlarini va tegishli dalolatnomani rasmiylashtirishning umumiy muddati oʻttiz ish kunidan oshmagan holda uzaytirilishi mumkin.
23. Baxtsiz hodisani tekshirish boʻyicha dalolatnomada baxtsiz hodisa natijasida yuzaga kelgan oqibatlarni bartaraf etish, kelgusida shu kabi holatlarga yoʻl qoʻymaslik boʻyicha tavsiyalar berilishi mumkin.
24. Baxtsiz hodisani tekshirish boʻyicha dalolatnoma komissiyaning barcha aʼzolari tomonidan imzolanadi.
25. Agar komissiya aʼzolaridan biri baxtsiz hodisani tekshirish boʻyicha dalolatnomaga eʼtiroz bildirsa, u holda ushbu komissiya aʼzosi dalolatnomani imzolamaslik va komissiya raisiga oʻzining asoslangan xulosasini yozma shaklda taqdim etish huquqiga ega. Komissiya raisi baxtsiz hodisani tekshirish yuzasidan toʻplangan va tayyorlangan materiallarga ushbu xulosani kiritishi shart.
26. Tekshirish materiallariga quyidagilar ilova qilinadi:
a) komissiya tuzish haqidagi tegishli qaror;
b) baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joyni koʻzdan kechirish natijasi boʻyicha komissiya aʼzolari tomonidan imzolangan dalolatnoma;
v) baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joyning komissiya raisi va tegishli chizmani tuzgan masʼul shaxs tomonidan imzolangan chizmasi (eskizi);
g) jismoniy shaxslar, shu jumladan, mansabdor shaxslarning yozma tushuntirish xatlari;
d) tegishli hududda joylashgan turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylardagi aholi bilan turmushda gazdan foydalanishda xavfsizlik qoidalari boʻyicha davriy yoʻl-yoʻriq berilganligi haqida “Hududgaztaʼminot” AJ hududiy tashkilotlari tomonidan yuritiladigan qayd etish daftaridan koʻchirma;
e) tegishli obyektlarning dudburon va shamollatish kanallarining yaroqliligi va kuz-qish mavsumiga tayyorligi toʻgʻrisida belgilangan tartibda tuzilgan dalolatnoma;
j) gazdan foydalanish uskuna va jihozlariga rejali texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida maʼlumotnoma, ularga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha olib boriladigan ishlar jadvallaridan koʻchirma;
z) tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan turmushda yoqilgʻi sifatida foydalanishda mehnat xavfsizligi normalari va mutasaddi shaxslarning javobgarligini nazarda tutuvchi yoʻriqnoma, qoida, buyruqlar va boshqa hujjatlardan nusxalar (koʻchirmalar);
i) baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joyning fotosuratlari;
k) tibbiyot tashkiloti va ekspert komissiyasining xulosasi, laboratoriya hamda boshqa tadqiqotlar, eksperimentlar natijalari;
l) komissiya aʼzosining xulosasi (komissiya aʼzolaridan biri baxtsiz hodisani tekshirish xulosasi boʻyicha eʼtiroz bildirgan taqdirda);
m) baxtsiz hodisani oʻrganish boʻyicha tuzilgan ekspert guruhining xulosasi;
n) baxtsiz hodisa oqibatlarini bartaraf etish va oldini olish boʻyicha tavsiyalar;
o) baxtsiz hodisani tekshirish boʻyicha dalolatnoma.
4-bob. Baxtsiz hodisani tekshirish materiallarini tuzish va saqlash
27. Komissiya tomonidan baxtsiz hodisani tekshirish materiallari quyidagi tartibda tuziladi:
a) tekshirish materiallarining asl nusxalari bir nusxada rasmiylashtiriladi va komissiya tomonidan ushbu komissiyani tashkil etish toʻgʻrisida tegishli qaror chiqargan organga (mansabdor shaxsga) yuboriladi;
baxtsiz hodisa yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda jinoyat ishi qoʻzgʻatilgan taqdirda, baxtsiz hodisani tekshirish jarayonida yigʻilgan materiallarning asli hamda ashyoviy dalillar jinoyat ishini qoʻzgʻatgan huquqni muhofaza qiluvchi organga yuboriladi;
tekshirish materiallarining bittadan nusxalari baxtsiz hodisani chuqur tahlil qilish hamda kelgusida tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan turmushda yoqilgʻi sifatida foydalanishda ushbu hodisa takrorlanmasligini taʼminlash yuzasidan tegishli choralar koʻrish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi va “Hududgaztaʼminot” AJga yuboriladi;
b) tekshirish materiallarining qoʻshimcha nusxalarining soni mazkur Nizomning 8 — 10-bandlari talablariga muvofiq tuzilgan komissiya aʼzolarining soniga teng boʻlishi lozim va komissiya aʼzolarining har biriga taqdim etiladi.
28. Baxtsiz hodisani tekshirish materiallarining asl nusxalari qirq besh yil davomida, qoʻshimcha nusxalari ularga zarurat boʻlgan muddatga qadar Favqulodda vaziyatlar vazirligida saqlanadi.
5-bob. Baxtsiz hodisalarni hisobga olish tartibi
29. Mazkur Nizomning 2-bandida koʻrsatilgan baxtsiz hodisalar Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi tomonidan hisobga olinadi.
30. Baxtsiz hodisalarni hisobga olish jurnali mazkur Nizomga 3-ilovada koʻrsatilgan shakl asosida yuritiladi.
31. Fuqarolarning ruhiy holati buzilishi, alkogol yoki giyohvand moddalarni isteʼmol qilishi (tibbiy tashkilotning tegishli maʼlumotnomasi (xulosasi) asosida) natijasida sodir boʻlgan baxtsiz hodisalar hisobga olinmaydi.
32. Tabiiy oʻlim holatlari, shuningdek, jabrlanuvchi jinoyat sodir etish paytida yuz bergan baxtsiz hodisalar (sud-tibbiy ekspertiza xulosasi yoki huquqni muhofaza qiluvchi organlarning maʼlumotnomasi asosida) tekshirilmaydi va hisobga olinmaydi.
33. Turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylarda yongʻin sodir boʻlganda tekshirish Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
34. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Gazdan turmushda foydalanishda sodir boʻladigan baxtsiz hodisalarni tekshirish hamda hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Turar joylar, shu jumladan koʻp kvartirali uylarda maishiy ehtiyoj (issiq suvdan foydalanish, xonalarni isitish va b.) uchun tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan foydalanishda aholi bilan bogʻliq boʻlgan baxtsiz hodisalar sabablarini tekshirish hamda hisobga olish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligi (hududiy boʻlinmalari) 1. Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish boʻyicha komissiya tarkibini tasdiqlashni nazarda tutuvchi qaror loyihasini ishlab chiqish. 1. Baxtsiz hodisa sodir boʻlganligi toʻgʻrisida xabar berilgan kundan boshlab bir ish kunida . 2. Ishlab chiqilgan qaror loyihasini: 3 nafargacha shaxslar (shu jumladan 3-shaxsni hisobga olganda) hayotiga yoki sogʻligʻiga ziyon yetgan, halok boʻlgan taqdirda tuman (shahar) hokimligiga ; 7 nafargacha shaxslar (shu jumladan 7-shaxsni hisobga olganda) hayotiga yoki sogʻligʻiga ziyon yetgan, halok boʻlgan taqdirda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimligiga ; 8 nafar yoki undan ortiq shaxslar hayotiga yoki sogʻligʻiga ziyon yetgan, halok boʻlgan taqdirda Vazirlar Mahkamasiga kiritish. 2. Baxtsiz hodisa sodir boʻlganligi toʻgʻrisida xabar berilgan kundan uch ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda . 2-bosqich Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasi 1. Tegishli hokimlik yoki hududiy gaz taʼminoti tashkilotlariga (baxtsiz hodisa tabiiy yoki suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanish oqibatida sodir boʻlganda) ularning oʻz ichki imkoniyatlari doirasida amalga oshirilishi majbur hisoblangan chora-tadbirlarni taqdim etish . 1. Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasini tuzish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan boshlab bir kun mobaynida . 2. Huquqni muhofaza qiluvchi organlar, Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy davlat yongʻin nazorati organlari, Sogʻliqni saqlash vazirligi (sud-tibbiy ekspertizasi) va mazkur baxtsiz hodisaga aloqador boʻlgan boshqa organlarga komissiyaga taqdim etilishi talab etiladigan baxtsiz hodisaga taalluqli boʻlgan hujjat va materiallarni komissiyaga taqdim etilishi yuzasidan murojaatni kiritish. 2. Komissiya raisi talabi taqdim etilgan kundan boshlab uch kundan koʻp boʻlmagan muddatda . 3-bosqich Tegishli hokimlik yoki hududiy gaz taʼminoti tashkilotlari (baxtsiz hodisa tabiiy yoki suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanish oqibatida sodir boʻlganda) Komissiyaning talabi asosida baxtsiz hodisa va uni kelib chiqish sabablarini aniqlash uchun, oʻz ichki imkoniyatlari doirasida, zarur boʻlgan chora-tadbirlarni (ekspertlarni jalb qilish, baxtsiz hodisa joyining prinsipial chizmasini tayyorlash, komissiya aʼzolarini uchun transport va aloqa vositalari, kompyuter texnikasi va shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlash) amalga oshirilishini taʼminlash . Talabnoma taqdim etilgan kundan boshlab bir kun mobaynida . 4-bosqich Huquqni muhofaza qiluvchi organlar , Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy davlat yongʻin nazorati organlari, Sogʻliqni saqlash vazirligi va baxtsiz hodisaga aloqador boʻlgan boshqa organlar Baxtsiz hodisaga taalluqli boʻlgan hujjat va materiallarni komissiyaga taqdim etish . Talabnoma taqdim etilgan kundan boshlab uch ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda . 5-bosqich Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasi 1. Baxtsiz hodisa sodir boʻlgan joyning holatini uning barcha aʼzolari ishtirokida joyga chiqqan holda koʻzdan kechirish yoʻli bilan oʻrganish va tegishli oʻrganish dalolatnomasini rasmiylashtirish. 1. Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasini tuzish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan boshlab besh kun mobaynida . 2. Baxtsiz hodisani kelib chiqish sabablarini tekshirish boʻyicha nizomda belgilangan chora-tadbirlar (zarur hollarda nazorat-sinov ishlari, texnik hisob-kitoblar, laboratoriya tadqiqotlari va eksperimentlar oʻtkazish)ni amalga oshirish . 2. Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasini tuzish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan boshlab oʻn kun mobaynida 3. Baxtsiz hodisani kelib chiqish sabablarini aniqlash uchun jalb etiladigan ekspertlar va mutaxassislardan iborat guruhning yozma ravishda rasmiylashtirilgan xulosasini olish . 3. Baxtsiz hodisani kelib chiqish sabablarini aniqlash uchun ekspertlar va mutaxassislarni jalb etilgan kundan boshlab yetti kun mobaynida . 6-bosqich Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasi 1. Amalga oshirilgan tekshirish natijalari, nizomning 2-ilovasida keltirilgan shaklga muvofiq tekshirish dalolatnomasini rasmiylashtirish . 1. Baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish komissiyasini tuzish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan boshlab oʻn besh ish kuni mobaynida . Agar baxtsiz hodisa sabablarini aniqlash uchun laboratoriya tadqiqotlari, ekspertiza, sinovlar yoki boshqa ishlarni amalga oshirilishi lozim boʻlsa, tekshirish ishlarining va tegishli dalolatnomaning rasmiylashtirish umumiy muddati oʻttiz ish kunidan oshmagan holda uzaytiriladi . 2. Tekshirish materiallarining asl nusxalarini bir nusxada, rasmiylashtirish va ushbu komissiyani tashkil etish toʻgʻrisida tegishli qaror chiqargan organga (mansabdor shaxsga) yuborish . 2. Baxtsiz hodisani tekshirish dalolatnomasi rasmiylashtirilgan kundan boshlab bir kun mobaynida . 3. Baxtsiz hodisani tahlil qilish hamda kelgusida gazdan turmushda foydalanishda sodir boʻladigan ushbu hodisalarni takrorlanmasligini taʼminlash choralarini koʻrish uchun tekshirish materiallarining bittadan nusxalarini Energetika vazirligi va “Hududgaztaʼminot” AJga yuborish . 3. Baxtsiz hodisani tekshirish dalolatnomasi rasmiylashtirilgan kundan boshlab uch kun mobaynida . 7-bosqich Energetika vazirligi Baxtsiz hodisani belgilangan shakl asosida yuritiladigan jurnalda hisobga olish . Kelgusida baxtsiz hodisalarni takrorlanmasligini taʼminlash chora-tadbirlarini ishlab chiqib, amalga oshirilishini tashkillashtirish. Tekshirish materiallarining nusxalari taqdim etilgan kunda . Chora-tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha belgilangan muddatlarda.
Gazdan turmushda foydalanishda sodir boʻladigan baxtsiz hodisalarni tekshirish hamda hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Baxtsiz h odisalarni tekshirish boʻyicha DALOLATNOMA “___” _____________ 20___ y. 1. Baxtsiz hodisa sodir boʻlgan manzil ___________________________________________________________________________________________________________ 2. Komissiya tarkibi Komissiya raisi: ____________________________________________________________________________________________ (familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi) Komissiya aʼzolari: _________________________________________________________________________________________ (familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi) 3. Jabrlanganlar (vafot etganlar) toʻgʻrisida maʼlumotlar: T/r Familiyasi, ismi, otasining ismi Tugʻilgan yili Ishlash joyi Jarohat olish darajasi 4. Hodisa joyining tafsiloti: a) uy, xonaning hodisadan avvalgi va keyingi holatining tafsiloti; b) baxtsiz hodisa sodir boʻlgan obyekt hujjatlari holati va qurilish ishlarining loyihaga mosligi; v) oʻrnatilgan uskuna va jihozlarining tafsiloti va foydalanishga qabul qilingan vaqti. Gaz jihozlariga, shu jumladan gaz quvurlariga texnik xizmat koʻrsatish va dudburon, shamollatish kanallarini koʻrikdan oʻtkazish vaqtida amalga oshirilgan ish hajmi hamda oxirgi marotaba servis xizmati koʻrsatilgan sana. 5. Baxtsiz hodisa sodir boʻlish holati (hodisalarning sodir boʻlish ketma-ketligi, shikastlangan va boshqalarning baxtsiz hodisaga olib kelishdagi xatti-harakati koʻrsatiladi). 6. Baxtsiz hodisaga olib kelgan texnik va tashkiliy sabablar (baxtsiz hodisaning sodir boʻlishida uskuna va jihozlarining nosozligi va ularning sabablari koʻrsatiladi). 7. Turmushda tabiiy va suyultirilgan uglevodorod gazi, qattiq yoqilgʻi yoki neft mahsulotlaridan yoqilgʻi sifatida foydalanishda xavfsizlik qoidalari talablarini buzgan va aybdor shaxslar boʻyicha komissiya xulosasi (aybdor shaxslarning mansabi va familiyasini koʻrsatish hamda ularning qanday harakati (harakatsizligi) baxtsiz hodisaga olib kelganligi, normativ-huquqiy hujjatlarning va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarning aniq qaysi bandlari ular tomonidan buzilganligini koʻrsatish). 8. Baxtsiz hodisa oqibatlarini bartaraf qilish va oldini olish boʻyicha komissiya tavsiyalari. “___” _____________ 20____ y. Komissiya raisi ___________________ Komissiya aʼzolari ___________________ ___________________
Gazdan turmushda foydalanishda sodir boʻladigan baxtsiz hodisalarni tekshirish hamda hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Gazdan turmushda foydalanishda sodir boʻlgan baxtsiz hodisalarni hisobga olish
T/r Dalolatnoma raqami Baxtsiz hodisaning sodir boʻlgan sanasi va vaqti Baxtsiz hodisa sodir boʻlgan manzil Jabrlanganlarning F.I.O tugʻilgan yili va ish joyi Jarohat turi va darajasi Komissiyaning baxtsiz hodisa sabablari boʻyicha xulosasi Baxtsiz hodisaning oldini olish boʻyicha koʻrilgan choralar
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 11-fevral,
64-son