UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 19-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 19 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 февраля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 February 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларида (кейинги ўринларда — давлат иштирокидаги корхоналар) корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш бўйича талаблар;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтини юритиш бўйича талаблар;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти мазмунига қўйиладиган талаблар.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 февралдаги 81-сон қарорига ИЛОВА

Давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом устав фонди (устав капитали)да давлат улуши миқдори 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ёхуд устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушига нисбатан кўп бўлган хўжалик жамиятларининг (кейинги ўринларда — давлат иштирокидаги корхоналар) расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотга қўйиладиган талабларни белгилайди.

2. Акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтлари Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 июлдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга ҳам мувофиқ бўлиши керак.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат иштирокидаги корхоналар — устав фонди (устав капитали)да давлат улуши миқдори 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ёхуд устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушига нисбатан кўп бўлган хўжалик жамиятлари;

муҳим факт — ушбу Низомда белгиланган давлат иштирокидаги корхоналар молия-хўжалик фаолиятида ёки корпоратив ҳаракатларида юз берган ўзгаришлар;

бошқарув органи — давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар;

йирик битимлар — «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 83-моддасида (акциядорлик жамиятлари учун) ёхуд «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддасида (масъулияти чекланган жамиятлар учун) назарда тутилган битим ёки ўзаро боғланган бир нечта битимлар;

аффилланган шахслар — «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 85-моддасида (акциядорлик жамиятлари учун) ёхуд «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасида (масъулияти чекланган жамиятлар учун) назарда тутилган давлат иштирокидаги корхоналар томонидан тузиладиган битимларда манфаатдорлиги мавжуд юридик ёки жисмоний шахслар.

4. Давлат иштирокидаги корхоналар фаолият тури ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, расмий веб-сайтга эга бўлишлари лозим, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

2-боб. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш бўйича талаблар

5. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида мажбурий жойлаштирилиши керак бўлган ахборотлар ва ҳисоботлар қуйидагилар ҳисобланади:

а) доимий:

корхона фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадлари;

устав фонди (устав капитали) ва унинг тақсимланиши;

корхонанинг устави;

корхонанинг ташкилий тузилмаси, таркибий бўлинмалари, филиаллари, ваколатхоналари, давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар, шунингдек, улуши бўлган корхоналарнинг номи, уларнинг жойлашган манзили ва боғланиш учун телефон рақами, электрон почта манзили ҳамда уларнинг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

корхонанинг раҳбарлари (директор ёки бошқарув раиси ва ўринбосарлари) тўғрисидаги маълумотнома ахборот;

маъмурий, ишлаб чиқариш ва техник ходимлар билан биргаликда корхонадаги бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва иш ўрнига қўйилган талаблар, шу жумладан, меҳнат шароитлари ва лавозим вазифалари тўғрисидаги маълумотлар;

корхонанинг аффиланган шахслари ва якуний манфаатдор шахслари (бенефициарлари) рўйхати;

корхонанинг бошқарув масалалари тўғрисидаги низомлари ва бошқа ички ҳужжатлари;

корхонанинг давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирликлар ва идоралар томонидан ўтказилган йиғилишда қабул қилинган қарорлар ёхуд йиғилиш ўтказилиши санаси, вақти, ўтказиладиган жойи, муҳокама қилинадиган масалалар тўғрисидаги маълумотлар;

корхона томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар (бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар) тўғрисидаги маълумотлар;

товарларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) бўйича корхона ва улуши бўлган корхоналар томонидан ўтказиладиган танловлар (тендерлар) ёхуд кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;

корхонанинг ва улуши бўлган корхоналарнинг бўш турган, фойдаланилмаётган, носоҳавий активлари ва улар тўғрисидаги асосий ахборотлар;

расмий веб-сайтдаги ахборот материалларидан бошқа шахслар фойдаланганда корхонанинг расмий веб-сайтига мажбурий ҳаволалар кўрсатилиши тўғрисидаги талаблар;

корхона томонидан ишлаб чиқилган стратегия, уни амалга ошириш чора-тадбирлари ва ижроси тўғрисидаги маълумотлар, махфий ёки тижорат сирларини ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно;

корхонада одоб-ахлоқ стандартларини қамраб олган Одоб-ахлоқ қоидалари жорий этилганлиги ва бу борадаги маълумотларни;

корхонанинг расмий веб-сайтида жойлаштиришни корхона бошқарув органлари зарур деб ҳисоблайдиган бошқа маълумотлар;

б) ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи давомида:

бизнес-режа ижроси ҳолати тўғрисида (шу жумладан, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари бажарилиши ва мақсадларга эришиш инобатга олинган ҳолда) ва ривожланиш стратегияларида назарда тутилган дастурларнинг натижалари тўғрисидаги ахборотлар;

бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар;

корхонанинг бошқарув соҳаси бошқарув қоидаларига мувофиқлиги тўғрисидаги ахборотлар;

харидлар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан импорт эвазига харидларнинг тўлиқ рўйхати (маҳсулот (иш, хизмат) номи, ҳажми, бир бирлик нархи ва умумий қиймати, етказиб берувчи ҳақида тўлиқ маълумот) ва уни амалга оширишнинг зарурати ҳамда уни қисқартириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги асосланган ахборотлар;

корхонанинг бошқарув органлари томонидан ўтказилган умумий йиғилишда қабул қилинган қарорлар;

корхонанинг тижорат мақсадлари ва нотижорат мақсадларни амалга ошириш билан боғлиқ фаолияти тўғрисидаги маълумот. Бунда корхоналарнинг нотижорат мақсадлари, уларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, корхонанинг молиявий натижаларига таъсирининг миқдорий баҳоси кўрсатилиши лозим;

в) йил якунлари бўйича молия йили тугаганидан кейин олти ой ичида:

корхонанинг фаолиятини баҳолаш натижалари тўғрисидаги ахборотлар;

аффилланган шахслар билан тузилган ва йирик битимлар тўғрисидаги маълумотлар;

бошқарув ва назорат органларига тўланган рағбатлантириш миқдорлари тўғрисидаги маълумотлар;

йил якунлари бўйича бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар, йиллик молия-хўжалик фаолиятни текшириш натижалари бўйича аудиторлик ташкилотининг хулосаси ва йиллик ҳисобот, шу жумладан, молиявий, операцион, ҳуқуқий ва бошқа таваккалчиликлар, махфий ёки тижорат сирларини ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно;

ҳисобланган ва тўланган дивидендлар (ажратмалар), шу жумладан, қарздорлик миқдори тўғрисидаги маълумотлар, акциядорлар (иштирокчилар) томонидан дивидендларни олиш учун боғланиш маълумотлари ва бошқа маълумотлар.

г) муҳим фактларда ўзгариш юз бергандан сўнг икки иш кунида:

ушбу Низомнинг 5-банди «а» кичик бандида назарда тутилган ахборотлар ўзгарганда;

корхонанинг мол-мулки, банк ҳисобварақлари хатланганда, корхонага нисбатан унинг активлари қийматининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда даъво қўзғатилганда;

корхона томонидан йирик битимлар ва манфаатдор шахслар ва (ёки) аффиланган шахслар билан битимлар тузилганда;

корхона фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун лицензия олганда ёки лицензия бекор қилинганда, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда;

дивиденд (ажратма)ни ҳисоблаш, уларни тўлаш бошланганда ва тугалланганда;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланадиган бошқа маълумотлар.

6. Агар ахборотни веб-сайтга жойлаштириш муддатининг тугаши иш куни бўлмаган кунга тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш куни ахборотни ошкор қилиш муддатининг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади.

7. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида бошқа манбалардан маълумотларни жойлаштиришга фақат ахборот манбаи кўрсатилган тақдирда йўл қўйилади.

3-боб. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтини юритиш бўйича талаблар

8. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида қуйидагилар бўлиши керак:

гуруҳлар бўйича жойлаштирилган ахборот таснифланган ҳолда қулай ва оддий интерфейс;

корхона расмий веб-сайтининг фойдаланиладиган интерфейси унда жойлаштирилган ахборотнинг тузилиши тўғрисидаги кўргазмали тасаввурни, бўлимлар ва саҳифаларга дарҳол ва мантиқли ўтишни таъминлаши керак;

корхона билан қайта алоқа боғлаш имконияти;

жойлаштирилган ахборотни архивлаштириш, тиклаш ва такрорлаш имконияти;

электрон почта воситасида ҳамда янгилашлар ва янгиликларни етказиб беришнинг оммабоп автоматлаштирилган форматлари воситасида расмий веб-сайтнинг янгиланишларига ёзилиш имконияти.

9. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган ахборотдан унинг томонидан базавий ахборот хизматлари кўрсатилиши доирасида фойдаланиш эркин ва бепул бўлиши керак.

10. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг базавий ахборот хизматларидан ташқари, корхонанинг расмий веб-сайти орқали, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пулли асосда қўшимча хизматлар кўрсатилиши мумкин.

11. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари қарори билан корхонанинг расмий веб-сайтидаги ахборотни шакллантириш, жойлаштириш, шунингдек, янгилаш учун масъул бўлган шахс белгиланади.

12. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтидаги ахборотлар давлат тилида тақдим этилиши керак ҳамда рус ва инглиз тилларида ёки имкон бўлса, бошқа тиллардаги версиялари бўлиши мумкин.

13. Давлат иштирокидаги корхоналар ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ахборот йўқ қилиниши, блокировка қилиниши, бузилиши ва қалбакилаштирилишининг, шунингдек, рухсат берилмаган аралашувлар бошқа шаклларининг олдини олишдан ҳимоя қилишнинг тегишли чора-тадбирларни кўришлари керак.

14. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида қуйидаги асосий функциялар жорий этилиши мажбурий ҳисобланади:

расмий веб-сайти бўйича излаш;

мобил қурилмалар учун соддалаштирилган дизайнли корхона расмий веб-сайти версияси;

имкониятлари чекланган шахслар учун қўшимча қулайликлар яратиш (контрастни қўшимча қилиш, шрифтни катталаштириш, овоз жўрлиги ва бошқа функциялар);

жамоатчилик фикрини ўрганиш ва корхона фаолиятига тегишли масалаларни муҳокама қилиш воситалари (онлайн сўровлар, блоглар, форумлар);

ташрифларни ва статистикани назорат қилиш воситалари.

4-боб. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайти мазмунига қўйиладиган талаблар

15. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши ва корхона фаолиятини холисона ёритиши керак.

16. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг расмий веб-сайтида давлат сирига ва хизматда фойдаланиш учун тегишли бўлган ахборот, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ эълон қилиш ва тарқатиш тақиқланган бошқа ахборот бўлмаслиги керак.

5-боб. Якунловчи қоида

17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 19 февраль,

81-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.02.2021 й., 09/21/81/0128-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 27.10.2022 й., 09/22/619/0968-сон; 12.01.2024 й., 09/24/23/0023-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Davlat ishtirokidagi xoʻjalik jamiyatlarining rasmiy veb-saytlariga qoʻyiladigan talablar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Davlat ishtirokidagi xoʻjalik jamiyatlarida (keyingi oʻrinlarda — davlat ishtirokidagi korxonalar) korporativ boshqaruvni yanada takomillashtirish, ular faoliyatining ochiqligi va shaffofligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat ishtirokidagi xoʻjalik jamiyatlarining rasmiy veb-saytlariga qoʻyiladigan talablar toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytlarida axborotlarni joylashtirish boʻyicha talablar;

davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytini yuritish boʻyicha talablar;

davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-sayti mazmuniga qoʻyiladigan talablar.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 19-fevraldagi 81-son qaroriga ILOVA

Davlat ishtirokidagi xoʻjalik jamiyatlarining rasmiy veb-saytlariga qoʻyiladigan talablar toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom ustav fondi (ustav kapitali)da davlat ulushi miqdori 50 foizdan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari yoxud ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) davlat ulushi miqdori xoʻjalik jamiyatining boshqa har bir aksiyadori (ishtirokchisi) ulushiga nisbatan koʻp boʻlgan xoʻjalik jamiyatlarining (keyingi oʻrinlarda — davlat ishtirokidagi korxonalar) rasmiy veb-saytlarida joylashtirilishi majburiy boʻlgan axborotga qoʻyiladigan talablarni belgilaydi.

2. Aksiyadorlik jamiyati shaklida tashkil etilgan davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytlari Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 2-iyuldagi 176-son qarori bilan tasdiqlangan Aksiyadorlik jamiyatlarining korporativ veb-saytlariga qoʻyiladigan talablar toʻgʻrisidagi nizomga ham muvofiq boʻlishi kerak.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

davlat ishtirokidagi korxonalar — ustav fondi (ustav kapitali)da davlat ulushi miqdori 50 foizdan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari yoxud ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) davlat ulushi miqdori xoʻjalik jamiyatining boshqa har bir aksiyadori (ishtirokchisi) ulushiga nisbatan koʻp boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari;

muhim fakt — ushbu Nizomda belgilangan davlat ishtirokidagi korxonalar moliya-xoʻjalik faoliyatida yoki korporativ harakatlarida yuz bergan oʻzgarishlar;

boshqaruv organi — davlat nomidan mulkdor (muassis, aksiyador, ishtirokchi) funksiyalarini bajaruvchi vazirliklar va idoralar;

yirik bitimlar — “Aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 83-moddasida (aksiyadorlik jamiyatlari uchun) yoxud “Masʼuliyati cheklangan jamiyatlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 44-moddasida (masʼuliyati cheklangan jamiyatlar uchun) nazarda tutilgan bitim yoki oʻzaro bogʻlangan bir nechta bitimlar;

affillangan shaxslar — “Aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 85-moddasida (aksiyadorlik jamiyatlari uchun) yoxud “Masʼuliyati cheklangan jamiyatlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 43-moddasida (masʼuliyati cheklangan jamiyatlar uchun) nazarda tutilgan davlat ishtirokidagi korxonalar tomonidan tuziladigan bitimlarda manfaatdorligi mavjud yuridik yoki jismoniy shaxslar.

4. Davlat ishtirokidagi korxonalar faoliyat turi va moliyalashtirish manbalaridan qatʼi nazar, rasmiy veb-saytga ega boʻlishlari lozim, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

2-bob. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytlarida axborotlarni joylashtirish boʻyicha talablar

5. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytida majburiy joylashtirilishi kerak boʻlgan axborotlar va hisobotlar quyidagilar hisoblanadi:

a) doimiy:

korxona faoliyatining asosiy yoʻnalishlari va maqsadlari;

ustav fondi (ustav kapitali) va uning taqsimlanishi;

korxonaning ustavi;

korxonaning tashkiliy tuzilmasi, tarkibiy boʻlinmalari, filiallari, vakolatxonalari, davlat nomidan mulkdor (muassis, aksiyador, ishtirokchi) funksiyalarini bajaruvchi vazirliklar va idoralar, shuningdek, ulushi boʻlgan korxonalarning nomi, ularning joylashgan manzili va bogʻlanish uchun telefon raqami, elektron pochta manzili hamda ularning ish tartibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

korxonaning rahbarlari (direktor yoki boshqaruv raisi va oʻrinbosarlari) toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma axborot;

maʼmuriy, ishlab chiqarish va texnik xodimlar bilan birgalikda korxonadagi boʻsh ish oʻrinlari, ishga qabul qilish shartlari va ish oʻrniga qoʻyilgan talablar, shu jumladan, mehnat sharoitlari va lavozim vazifalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

korxonaning affilangan shaxslari va yakuniy manfaatdor shaxslari (benefitsiarlari) roʻyxati;

korxonaning boshqaruv masalalari toʻgʻrisidagi nizomlari va boshqa ichki hujjatlari;

korxonaning davlat nomidan mulkdor (muassis, aksiyador, ishtirokchi) funksiyalarini bajaruvchi vazirliklar va idoralar tomonidan oʻtkazilgan yigʻilishda qabul qilingan qarorlar yoxud yigʻilish oʻtkazilishi sanasi, vaqti, oʻtkaziladigan joyi, muhokama qilinadigan masalalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

korxona tomonidan ishlab chiqariladigan mahsulotlar (bajariladigan ishlar va koʻrsatiladigan xizmatlar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

tovarlarni yetkazib berish (ishlarni bajarish, xizmatlar koʻrsatish) boʻyicha korxona va ulushi boʻlgan korxonalar tomonidan oʻtkaziladigan tanlovlar (tenderlar) yoxud kimoshdi savdolari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

korxonaning va ulushi boʻlgan korxonalarning boʻsh turgan, foydalanilmayotgan, nosohaviy aktivlari va ular toʻgʻrisidagi asosiy axborotlar;

rasmiy veb-saytdagi axborot materiallaridan boshqa shaxslar foydalanganda korxonaning rasmiy veb-saytiga majburiy havolalar koʻrsatilishi toʻgʻrisidagi talablar;

korxona tomonidan ishlab chiqilgan strategiya, uni amalga oshirish chora-tadbirlari va ijrosi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, maxfiy yoki tijorat sirlarini oʻz ichiga olgan maʼlumotlar bundan mustasno;

korxonada odob-axloq standartlarini qamrab olgan Odob-axloq qoidalari joriy etilganligi va bu boradagi maʼlumotlarni;

korxonaning rasmiy veb-saytida joylashtirishni korxona boshqaruv organlari zarur deb hisoblaydigan boshqa maʼlumotlar;

b) har chorak yakunlari boʻyicha hisobot davrining keyingi oyi davomida:

biznes-reja ijrosi holati toʻgʻrisida (shu jumladan, loyihalarning texnik-iqtisodiy asoslari bajarilishi va maqsadlarga erishish inobatga olingan holda) va rivojlanish strategiyalarida nazarda tutilgan dasturlarning natijalari toʻgʻrisidagi axborotlar;

buxgalteriya balansi va moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotlar;

korxonaning boshqaruv sohasi boshqaruv qoidalariga muvofiqligi toʻgʻrisidagi axborotlar;

xaridlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, shu jumladan import evaziga xaridlarning toʻliq roʻyxati (mahsulot (ish, xizmat) nomi, hajmi, bir birlik narxi va umumiy qiymati, yetkazib beruvchi haqida toʻliq maʼlumot) va uni amalga oshirishning zarurati hamda uni qisqartirish boʻyicha koʻrilayotgan choralar toʻgʻrisidagi asoslangan axborotlar;

korxonaning boshqaruv organlari tomonidan oʻtkazilgan umumiy yigʻilishda qabul qilingan qarorlar;

korxonaning tijorat maqsadlari va notijorat maqsadlarni amalga oshirish bilan bogʻliq faoliyati toʻgʻrisidagi maʼlumot. Bunda korxonalarning notijorat maqsadlari, ularni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlar, shuningdek, korxonaning moliyaviy natijalariga taʼsirining miqdoriy bahosi koʻrsatilishi lozim;

v) yil yakunlari boʻyicha moliya yili tugaganidan keyin olti oy ichida:

korxonaning faoliyatini baholash natijalari toʻgʻrisidagi axborotlar;

affillangan shaxslar bilan tuzilgan va yirik bitimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

boshqaruv va nazorat organlariga toʻlangan ragʻbatlantirish miqdorlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

yil yakunlari boʻyicha buxgalteriya balansi va moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotlar, yillik moliya-xoʻjalik faoliyatni tekshirish natijalari boʻyicha auditorlik tashkilotining xulosasi va yillik hisobot, shu jumladan, moliyaviy, operatsion, huquqiy va boshqa tavakkalchiliklar, maxfiy yoki tijorat sirlarini oʻz ichiga olgan maʼlumotlar bundan mustasno;

hisoblangan va toʻlangan dividendlar (ajratmalar), shu jumladan, qarzdorlik miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, aksiyadorlar (ishtirokchilar) tomonidan dividendlarni olish uchun bogʻlanish maʼlumotlari va boshqa maʼlumotlar.

g) muhim faktlarda oʻzgarish yuz bergandan soʻng ikki ish kunida:

ushbu Nizomning 5-bandi “a” kichik bandida nazarda tutilgan axborotlar oʻzgarganda;

korxonaning mol-mulki, bank hisobvaraqlari xatlanganda, korxonaga nisbatan uning aktivlari qiymatining 10 foizidan ortiq miqdorda daʼvo qoʻzgʻatilganda;

korxona tomonidan yirik bitimlar va manfaatdor shaxslar va (yoki) affilangan shaxslar bilan bitimlar tuzilganda;

korxona faoliyatning ayrim turlarini amalga oshirish uchun litsenziya olganda yoki litsenziya bekor qilinganda, litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turilganda yoki tugatilganda;

dividend (ajratma)ni hisoblash, ularni toʻlash boshlanganda va tugallanganda;

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi tomonidan belgilanadigan boshqa maʼlumotlar.

6. Agar axborotni veb-saytga joylashtirish muddatining tugashi ish kuni boʻlmagan kunga toʻgʻri kelsa, undan keyingi birinchi ish kuni axborotni oshkor qilish muddatining tamom boʻlish kuni deb hisoblanadi.

7. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytida boshqa manbalardan maʼlumotlarni joylashtirishga faqat axborot manbai koʻrsatilgan taqdirda yoʻl qoʻyiladi.

3-bob. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytini yuritish boʻyicha talablar

8. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytida quyidagilar boʻlishi kerak:

guruhlar boʻyicha joylashtirilgan axborot tasniflangan holda qulay va oddiy interfeys;

korxona rasmiy veb-saytining foydalaniladigan interfeysi unda joylashtirilgan axborotning tuzilishi toʻgʻrisidagi koʻrgazmali tasavvurni, boʻlimlar va sahifalarga darhol va mantiqli oʻtishni taʼminlashi kerak;

korxona bilan qayta aloqa bogʻlash imkoniyati;

joylashtirilgan axborotni arxivlashtirish, tiklash va takrorlash imkoniyati;

elektron pochta vositasida hamda yangilashlar va yangiliklarni yetkazib berishning ommabop avtomatlashtirilgan formatlari vositasida rasmiy veb-saytning yangilanishlariga yozilish imkoniyati.

9. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytida joylashtirilgan axborotdan uning tomonidan bazaviy axborot xizmatlari koʻrsatilishi doirasida foydalanish erkin va bepul boʻlishi kerak.

10. Davlat ishtirokidagi korxonalarning bazaviy axborot xizmatlaridan tashqari, korxonaning rasmiy veb-sayti orqali, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda pulli asosda qoʻshimcha xizmatlar koʻrsatilishi mumkin.

11. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rahbari qarori bilan korxonaning rasmiy veb-saytidagi axborotni shakllantirish, joylashtirish, shuningdek, yangilash uchun masʼul boʻlgan shaxs belgilanadi.

12. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytidagi axborotlar davlat tilida taqdim etilishi kerak hamda rus va ingliz tillarida yoki imkon boʻlsa, boshqa tillardagi versiyalari boʻlishi mumkin.

13. Davlat ishtirokidagi korxonalar oʻz rasmiy veb-saytlarida joylashtirilgan axborot yoʻq qilinishi, blokirovka qilinishi, buzilishi va qalbakilashtirilishining, shuningdek, ruxsat berilmagan aralashuvlar boshqa shakllarining oldini olishdan himoya qilishning tegishli chora-tadbirlarni koʻrishlari kerak.

14. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytida quyidagi asosiy funksiyalar joriy etilishi majburiy hisoblanadi:

rasmiy veb-sayti boʻyicha izlash;

mobil qurilmalar uchun soddalashtirilgan dizaynli korxona rasmiy veb-sayti versiyasi;

imkoniyatlari cheklangan shaxslar uchun qoʻshimcha qulayliklar yaratish (kontrastni qoʻshimcha qilish, shriftni kattalashtirish, ovoz joʻrligi va boshqa funksiyalar);

jamoatchilik fikrini oʻrganish va korxona faoliyatiga tegishli masalalarni muhokama qilish vositalari (onlayn soʻrovlar, bloglar, forumlar);

tashriflarni va statistikani nazorat qilish vositalari.

4-bob. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-sayti mazmuniga qoʻyiladigan talablar

15. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytida joylashtirilgan axborot ishonchli boʻlishi va korxona faoliyatini xolisona yoritishi kerak.

16. Davlat ishtirokidagi korxonalarning rasmiy veb-saytida davlat siriga va xizmatda foydalanish uchun tegishli boʻlgan axborot, shuningdek, qonunchilik hujjatlariga muvofiq eʼlon qilish va tarqatish taqiqlangan boshqa axborot boʻlmasligi kerak.

5-bob. Yakunlovchi qoida

17. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 19-fevral,

81-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 20.02.2021-y., 09/21/81/0128-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son, 27.10.2022-y., 09/22/619/0968-son; 12.01.2024-y., 09/24/23/0023-son; 15.05.2024-y., 09/24/282/0347-son; 10.11.2025-y., 09/25/709/1027-son)

lex.uz