📅 2021-yil 25-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 25-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 25 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 февраля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 February 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Мамлакатимизда жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш, божхона жараёнларини соддалаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, божхона чегарасидан ўтаётган жисмоний шахслар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур соҳада самарали ҳуқуқий тартибга солишни талаб қиладиган бир қатор масалалар сақланиб қолмоқда. Хусусан, жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда товарлар олиб киришда уларнинг белгиланган меъёрлардан ортиқча қисмига божхона тўловларини тўлаш имконияти бўлмаган ҳолатларда амалга ошириладиган божхона тартиботлари белгилаб берилмаганлиги фуқаролар учун ноқулайликларга сабаб бўлмоқда.
Йўловчилар ва сайёҳларга янада қулайликлар яратиш, чегара ўтказиш пунктларида тирбандликнинг олдини олиш, жисмоний шахслар томонидан чегара божхона постлари орқали олиб ўтилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқча ёки тегишли рухсатномалар талаб этиладиган товарларни вақтинча сақлаш ва қайтариб юборишнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йил 31 январдаги фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йилга мўлжалланган фаолият дастурига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512-сон қарори билан божхона тўловларига тортилмайдиган республикага жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган товарларни айрим турлари нормалари тасдиқланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 7 ноябрдаги ПҚ-4508-сон қарорига асосан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати тасдиқланганлиги;
Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 22 июндаги 463-сон қарорига асосан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор меъёрлари тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарлари (кейинги ўринларда — товарлар) ҳисобини электрон юритишга мўлжалланган ахборот тизими фаолият юритишини ташкил этиш;
товарларни ва уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш ва қайтариш тартиби;
вақтинча сақлаш ва қайтариш учун қабул қилинган товарлар ҳамда уларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш;
товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғимини ундириш;
товарларни вақтинча сақлаш жойига қўйиладиган талаблар;
вақтинча сақлаш учун қабул қилинган ҳамда белгиланган муддатларда ва тартибда талаб қилиб олинмаган товарлар билан иш юритиш тартиби.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси товарлар ҳисобини мавжуд автоматлаштирилган ахборот тизимларида электрон юритишни жорий этиш ва ишга тушириш бўйича буюртмачи ҳисобланади;
мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси уч ой муддатда:
товарлар ҳисобини электрон юритишни жорий этиш ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) бўйича техник ҳужжатни ишлаб чиқсин, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказсин ҳамда ахборот тизимини ишга туширсин;
Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан жиҳозланадиган жисмоний шахсларнинг вақтинча сақлашга қабул қилинган товарларини сақлашга мўлжалланган жойлар ташкил этиладиган чегара божхона постлари рўйхатини тасдиқласин ва белгиланган тартибда ташкил этилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги халқаро темир йўл ўтказиш пунктлари ва аэропортларда товарларни вақтинча сақлаш жойларини ташкил этишда Давлат божхона қўмитасига яқиндан кўмаклашсин.
6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги 102-сон қарорига ИЛОВА
Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом жисмоний шахслар томонидан чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларга нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомилларни белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
автоматлаштирилган ахборот тизими — жисмоний шахслар томонидан чегара божхона постлари орқали олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган вақтинча сақланадиган товарлар ҳисобини юритишга мўлжалланган давлат божхона хизмати органларининг ахборот тизими;
белгиланган меъёр — жисмоний шахслар томонидан товарларни чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда қиймати ва (ёки) миқдори қонунчилик ҳужжатларида белгиланган божхона тўловларисиз олиб кириш нормаси;
ваколатли шахс — товарларнинг эгаси ёки товарларни божхона чегараси орқали олиб кираётган ёхуд шундай шахслар томонидан товарларни олиб кетиш учун давлат божхона хизмати органларига маълум қилинган, шунингдек, товарнинг эгаси номидан тегишли шартнома ёки ишончнома асосида иш кўрувчи шахс;
вақтинча сақлаш жойи — жисмоний шахслар томонидан чегара божхона постлари орқали олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган вақтинча сақланадиган товарларни сақлашга мўлжалланган, махсус ажратилган ҳамда жиҳозланган, ҳимоя ва видеокузатув тизимлари ўрнатилган алоҳида талабларга эга хона(лар);
вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар — жисмоний шахсларда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган қисми учун божхона тўловларини тўлаш учун етарли пул маблағлари бўлмаган, ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган муддатларда ўз хоҳиши билан қайтариб олиб чиқиб кетиш ёки божхона тўловларини тўлаб расмийлаштирувни амалга оширган ҳолда олиб кетиш истаги билдирилган товарлар;
товар ҳужжатлари — вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар номи, қиймати, миқдори, вазни, ҳажми ва бошқа хусусиятларини тавсифловчи (чек, юк хати, товарнинг тафсилотли рўйхати (спецификация), ҳисоб-фактура, инвойс, товар ишлаб чиқарувчи ёрлиқлари ва бошқалар) қоғозда ёки электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатлар;
товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғими — жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган ва белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларини вақтинча сақлаш жойида сақлаганлик учун давлат божхона хизмати органлари томонидан ундириладиган йиғим;
чегара божхона постларида товарларни ҳамда уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш ва топшириш далолатномаси — давлат божхона хизмати органлари томонидан товарларни қабул қилиб олиш ва чегара божхона постларида мавжуд вақтинча сақлаш жойига жойлаштириш жараёнида тузиладиган, ушбу Низомга 1-иловада назарда тутилган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон шаклдаги далолатнома (кейинги ўринларда — далолатнома).
3. Мазкур Низом қоидалари:
ҳуқуқбузарлик ашёларига, жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни текшириш ҳамда маъмурий ишларни юритиш жараёнида ваколатли органларнинг тегишли қарорларига асосан олиб қўйилган ёки хатланган товарлар ва уларга тегишли ҳужжатларга;
тақдим этилган товар ҳужжатларида ва (ёки) товар ёрлиқларида яроқлилик, сақлаш, ишлатиш ва (ёки) реализация қилиш муддати тегишлилигига кўра ушбу Низомда белгиланган вақтинча сақлаш муддатларини инобатга олганда ўн календарь кунидан кам муддат қолган товарларга;
тирик ҳайвонлар, биологик чиқиндилар, карантин остида деб эътироф этилган маҳсулотларга;
Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланган товарларга, учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари бундан мустасно;
Ўзбекистон Республикаси орқали транзит тарзда ҳаракатланаётган шахсларнинг товарларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Жисмоний шахсларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган қисми учун божхона тўловларини тўлаш учун етарли пул маблағлари бўлмаган, мазкур Низомнинг 19-бандида белгиланган муддатлар ичида қайтариб олиб чиқиб кетиш ёки божхона тўловларини тўлаб божхона расмийлаштирувини амалга оширган ҳолда олиб кетиш истаги билдирилган нотижорат мақсадлардаги товарлари уларнинг танловига кўра давлат божхона хизмати органлари томонидан вақтинча сақлашга қўйилиши мумкин.
5. Жисмоний шахслар томонидан баён қилинган (декларацияланган) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексида белгиланган тартиб-таомиллар амалга оширилади.
6. Жисмоний шахслар томонидан божхона декларациясида баён этилган товарларнинг миқдори ёки қиймати божхона тўловлари тўламасдан олиб кириш меъёрларидан ортадиган ҳолларда баён қилинган товарларнинг белгиланган меъёр доирасида қайси қисмини ўзи билан олиб кетиш ва белгиланган меъёрдан ортиқ қайси қисмини мазкур Низом талаблари асосида вақтинча сақлаш учун қолдириш ваколатли шахс томонидан ҳал қилинади.
7. Давлат божхона хизмати органлари томонидан вақтинча сақлаш учун қабул қилинган барча товарларнинг вазни ва миқдори ўлчовдан ўтказилиши шарт.
8. Жисмоний шахс томонидан маълум қилинган товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи товар ҳужжатлари тақдим этилмаган тақдирда, давлат божхона хизмати органи товарларнинг божхона қийматини қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ мустақил равишда белгилайди.
9. Нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларнинг шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланганлиги уларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган сертификат ва (ёки) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олинишини истисно этмайди.
Сертификат ва (ёки) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиниши лозим бўлганда, божхона тўловларини тўлаб божхона расмийлаштирувини амалга оширган ҳолда олиб кетиладиган товарнинг вақтинча сақлаш муддати уларни вақтинча сақлашга олинган куннинг эртасидан бошлаб бундай ҳужжатларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган расмийлаштириш муддатигача тўхтатиб турилади ва ушбу муддат тугаган куннинг эртасидан уч иш куни ўтгандан кейин қайта тикланади.
10. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни сақлаш, ҳисобини юритиш, бериш, белгиланган муддатларда талаб қилиб олинмаган товарлар билан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар чегара божхона пости бошлиғи ёки унинг вазифасини бажарувчи томонидан тайинланадиган ходимлар томонидан таъминланади.
11. Чегара божхона постларида товарларни ҳамда уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш ва топшириш ушбу Низомга 3-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Товарларни ва уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш
12. Товарлар жисмоний шахснинг манзилига олиб келинаётганда мазкур Низом қоидалари товарларни олиб келган шахсга нисбатан қўлланилади.
13. Товарларни ва уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш автоматлаштирилган ахборот тизимида электрон шакллантирилган далолатномани расмийлаштириш, шунингдек, мазкур далолатнома ва товарларни бундай товарларнинг ҳисобини юритиш тўғрисидаги ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шакл бўйича электрон китобга далолатнома маълумотлари асосида автоматик қайд этиш йўли билан амалга оширилади.
14. Далолатнома қоғоз шаклида икки нусхада чоп этилади ҳамда биринчи нусхасига қонунчилик ҳужжатлари талаблари тушунтирилганлиги ва далолатнома нусхасини олганлиги тўғрисида ёзув ёзилиб имзо қўйилгандан сўнг унинг иккинчи нусхаси давлат божхона хизмати органлари мансабдор шахсининг шахсий муҳри ва имзоси билан тасдиқланган ҳолда ваколатли шахсга тақдим этилади.
Далолатномага ваколатли шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва йўловчи божхона декларацияси нусхалари, мавжуд бўлган ҳолларда товар ҳужжатлари, шунингдек, товарларни идентификация қилиш имконини берувчи турли кўринишдаги сифатли фотосуратлар (камида иккита) илова қилинади.
Далолатномада товарларни вақтинча сақлашнинг якуний муддати кўрсатилади.
15. Ваколатли шахс вақтинча сақлаш учун топширилган товарларни ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган муддатларда ва тартибда талаб қилиб олмаган тақдирда, товарлар мулк ҳуқуқини сақлаб қолиш ниятисиз қолдирилган деб ҳисобланади. Бунда ваколатли шахс давлат божхона хизмати органлари томонидан товарларни (мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича судга алоҳида тартибда иш юритиш бўйича даъво аризаси киритилиши ҳақида далолатнома орқали огоҳлантирилади.
3-боб. Вақтинча сақлаш жойига қўйиладиган талаблар
16. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар чегара божхона постларида ҳамда халқаро темир йўл ўтказиш пунктларида ва аэропортда мавжуд бўлган объект(лар)дан ажратилган, ушбу Низомда кўрсатилган шундай товарларни сақлаш учун жиҳозланган вақтинча сақлаш жойига жойлаштирилади.
17. Вақтинча сақлаш жойи:
видеокузатув тизимига эга бўлиши;
қулфлаш тизимига эга бўлиши, темир эшикли, деразалари (мавжуд бўлса) темир панжарали бўлиши;
ёнғинга қарши фойдаланиладиган махсус жиҳозларга эга бўлиши;
унда махсус жавонлар (токча) ўрнатилган бўлиши;
совитиш-иситиш тизими ва музлаткичли шкаф билан жиҳозланган бўлиши керак.
4-боб. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ҳамда уларга тегишли ҳужжатларни сақлаш ва қайтариш
18. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва уларга тегишли ҳужжатлар вақтинча сақлаш жойларида ушбу Низомда белгиланган муддат давомида давлат божхона хизмати органлари томонидан вақтинча сақлаб турилади.
19. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва уларнинг ҳужжатлари давлат божхона хизмати органлари томонидан кўпи билан ўттиз календарь кун мобайнида, тез бузиладиган товарлар эса кўпи билан икки календарь кун мобайнида сақланади.
20. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва улар бўйича ҳужжатларни сақлаш муддати улар вақтинча сақлаш учун қабул қилинган куннинг кейинги кунидан ҳисобланади.
21. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларнинг тўлиқ сақланиши ва ушбу Низомда белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда ваколатли шахсга топширилишига товарларни вақтинча сақлаш учун қабул қилган давлат божхона хизмати органи жавобгар ҳисобланади. Бундан жисмоний шахсларнинг вақтинча сақлашга қабул қилинган товарларининг табиий эскириши ёки уларни ташиш ва (ёки) сақлашнинг нормал шароитларида камайиши оқибатида рўй берган ўзгаришлар (шунингдек, яроқлилик муддати жиҳатидан) ҳамда енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида сақлаш мажбуриятларини бажара олмаслик ҳолатлари мустасно.
22. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни қайтариш, ваколатли шахс томонидан далолатноманинг божхона органи томонидан тасдиқланган нусхаси ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этилиши билан амалга оширилади.
Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ҳисобланган божхона тўловлари ва (ёки) товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғими тўлангандан ҳамда ҳужжатлар расмийлаштируви тугагандан кейин дарҳол қайтарилади.
23. Вақтинча сақлаш учун қабул қилган чегара божхона пости бошлиғи ёки унинг вазифасини бажарувчи номига товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтган шахснинг ёзган аризасига асосан товарлар ва улар бўйича ҳужжатлар бошқа жисмоний шахс томонидан қайтариб олиб чиқиб кетилиши ёки божхона расмийлаштирувини амалга оширган ҳолда олиб кетилиши мумкин.
Аризада товарларни олиб кетиши маълум қилинган жисмоний шахс тўғрисида батафсил маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган кун, ой, йили, аниқ яшаш манзили (вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, маҳалла, кўча ва бошқалар), телефон рақами, мавжуд бўлганда шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси) кўрсатилиши талаб этилади.
24. Товарларни вақтинча сақлаган давлат божхона хизмати органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари (кейинги ўринларда — Чегара қўшинлари) билан ҳамкорликда белгиланган тартибда товарларни қайтариб олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ операцияларни бажариш бўйича мурожаат асосида товарлар ваколатли шахс билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қайтариб чиқариб юборилишини назорат қилади.
25. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни ташиш, юклаш (қайта юклаш), тушириш ва бошқа шу каби юк операциялари билан боғлиқ барча харажатлар ваколатли шахс ҳисобидан амалга оширилади.
26. Жисмоний шахслар томонидан автомобиль йўлларида жойлашган чегара божхона постлари орқали олиб келинган, мазкур Низом таъсири доирасига тушадиган товарлар шу вақтнинг ўзида ваколатли шахс томонидан қайтариб олиб чиқиб кетилиши баён қилинган тақдирда, бундай товарлар уларни олиб келган шахслар ёки уларнинг ўз хоҳишига кўра бошқа шахс билан биргаликда Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қайтариб чиқариб юборилади.
Товарлар бошқа шахс томонидан олиб чиқиладиган ҳолларда товарларни топширувчи ва қабул қилувчи шахслар ўз розиликларини шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини илова қилган ҳолда ёзма баён қилишлари лозим.
27. Ушбу Низомда белгиланган муддат ва тартибда тегишли тартиб-таомилларни амалга оширмаган ҳолда товарларни олиб кетиш учун ваколатли шахснинг ҳозир бўлиши талаб этилади.
Ваколатли шахс ҳозир бўлган кун далолатноманинг биринчи нусхасида қайд этилади.
Ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган сақлаш муддатлари ўтганидан кейин товарларни олиб кетиш бўйича мурожаатлар кўриб чиқилмайди ва рад этилади.
28. Давлат божхона хизмати органлари вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар мазкур Низомда белгиланмаган бошқа асослар билан қайтарилишини рад этиш ҳуқуқига эга эмас.
5-боб. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни сақлаганлик учун божхона йиғими
29. Чегара божхона постлари томонидан вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни сақлаганлик учун товарлар вақтинча сақловга олинган кундан эътиборан ҳар 100 кг.гача оғирликка (брутто) тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган ҳар бир календарь кун учун:
дастлабки беш кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи миқдорида, кейинги ўн кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизи миқдорида, қолган кунларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида;
тез бузиладиган товарларни вақтинча сақлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида миллий валюта — сўмда божхона йиғими ундирилади.
30. Нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган ва белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган сертификат ва (ёки) рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар олиниши бундай ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган расмийлаштириш муддати давомида товарларни сақлаганлик учун божхона йиғими ундирилиши истисно этилмайди.
31. Товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғими:
товарларга божхона тўловларини тўлаш билан боғлиқ операцияларни бажариш бўйича мурожаат бўлганда — ушбу товарларга нисбатан расмийлаштириладиган божхона кирим ордери асосида;
товарларни қайтариб олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ операцияларни бажариш бўйича мурожаат бўлганда — алоҳида божхона кирим ордери расмийлаштирилган ҳолда ундирилади.
6-боб. Ваколатли шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
32. Ваколатли шахс:
товарларни божхона постида вақтинча сақловга топшириш, бунда товарларнинг белгиланган меъёр доирасида қайси қисмини олиб кетиш ва белгиланган меъёрдан ортиқ қайси қисмини вақтинча сақлаш учун қолдиришни ҳал этиш;
белгиланган муддат ичида ўз хоҳишлари билан товарларни қайтариб олиб чиқиб кетиш;
божхона расмийлаштирувини амалга оширган ҳолда товарларни олиб кетиш;
товарларнинг вазни ва миқдорини ўлчовдан ўтказишда қатнашиш;
ушбу Низомда белгиланган тартибда товарлар бошқа жисмоний шахс томонидан олиб кетилиши ёки қайтариб олиб чиқиб кетилишини маълум қилиш ҳуқуқига эга.
33. Ваколатли шахс:
товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи товар ҳужжатларини тақдим этиши;
товарларни ташиш, юклаш (қайта юклаш), тушириш ва бошқа шу каби юк операцияларини амалга ошириши;
товарларни қайтариб олиш учун далолатноманинг давлат божхона хизмати органлари томонидан тасдиқланган нусхасини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиши;
белгиланган муддат ва тартибда тегишли амалларни бажарган ҳолда товарларни олиб кетиш учун ҳозир бўлиши;
вақтинча сақланадиган, олиб кетиш истаги билдирилган товарларга ҳисобланган божхона тўловлари тўланишини таъминлаши;
божхона органларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида берган кўрсатмаларини бажариши;
божхона ва чегара назорати зонаси режими қоидаларига амал қилиши шарт.
7-боб. Давлат божхона хизмати органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
34. Давлат божхона хизмати органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
вақтинча сақлаш учун топширган товарларни ушлаб туриш, қайтариб юбориш ҳамда вақтинча сақлаш даврида талаб қилиб олинмаган товарлар тақдирини ҳал этиш учун тегишли тартибда судга ариза билан мурожаат қилиш;
ваколатли шахсдан товарлар тўғрисидаги маълумотлар ва уларнинг ҳужжатларини сўраб олиш;
бошқа жисмоний шахс томонидан олиб кетилиши ёки қайтариб чиқариб юборилиши бўйича аризада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлигини талаб қилиб олиш;
божхона қийматини тасдиқловчи товар ҳужжатлари тақдим этилмаганда товарларнинг божхона қийматини қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ мустақил равишда белгилаш.
35. Давлат божхона хизмати органлари:
товарларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиши;
товарларнинг мақсадини аниқлаши;
товарлар бўйича электрон далолатномани расмийлаштириши;
товарларнинг вазни ва миқдорини ўлчовдан ўтказиши;
товарлар ва уларнинг ҳужжатлари белгиланган талаблар асосида сақланишини таъминлаши;
белгиланган амаллар бажарилгандан сўнг товарларни ваколатли шахсга топшириши шарт.
8-боб. Якунловчи қоидалар
36. Ваколатли шахс томонидан ушбу Низомда белгиланган муддатларда ва тартибда талаб қилиб олинмаган, мулк ҳуқуқини сақлаб қолиш ниятисиз қолдирилган товарлар юзасидан давлат божхона хизмати органлари томонидан мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб эътироф этиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича судга алоҳида тартибда иш юритиш бўйича ариза билан мурожаат қилинади.
37. Мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб эътироф этиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинган ва вақтинча сақловга олинган товарларга нисбатан божхона йиғимини ундириш ёки ундирмаслик масаласи суд қарори асосида ҳал этилади.
38. Мазкур Низомни қўллаш натижасида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва уларга расмийлаштирилган далолатномаларни рўйхатга олиш бўйича электрон китоб шакли
Т/р Далолатнома рақами Сана Товар тўғрисида маълумот (товар номи, маркаси, модели, тури, ўлчамлари, ўрамлар сони, шикастларнинг бор/йўқлиги, шикастларнинг таърифи ва ҳ.к.) Товарнинг қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори Товар брутто вазни (кг) Товарни сақлаш учун қабул қилган божхона ходими Ваколатли шахс томонидан товар қайтариб олинганлиги тўғрисида белги Ф.И.О сана Ф.И.О сана 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 1. 2. 3. . . .
Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Жисмоний шахс — давлат божхона хизмати органлари Белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган товарлар қуйидаги ҳолатларда вақтинча сақлаш учун қабул қилинади: божхона тўловларини тўлаш учун етарли пул маблағлари бўлмаган; кўрсатилган муддат ичида қайтариб олиб чиқиб кетиш истаги билдирилган; кўрсатилган муддат ичида божхона расмийлаштирувини амалга оширган ҳолда олиб кетиладиган товарлар. Чегара божхона постидан ўтиш вақтида 2-босқич Давлат божхона хизмати органлари Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган барча товарларнинг вазни ва миқдори ўлчовдан ўтказилади. Товарларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш вақтида 3-босқич Давлат божхона хизмати органлари — жисмоний шахс Товарларни қабул қилиш вақтида QR-код қўйилган электрон шаклдаги далолатнома тузилади. Товарларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш вақтида 4-босқич Давлат божхона хизмати органлари Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар шундай товарларни сақлаш учун жиҳозланган вақтинча сақлаш жойларида сақланади. 1. 30 календарь кун; 2. Тез бузиладиган товарлар 2 календарь кун 5-босқич Жисмоний шахс — давлат божхона хизмати органлари Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни қайтариш ваколатли шахс томонидан далолатноманинг тасдиқланган нусхаси ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли тақдим этилиши билан амалга оширилади. Божхона тўловлари ва товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғими тўлангандан ҳамда ҳужжатлар расмийлаштируви тугагандан кейин дарҳол 6-босқич Давлат божхона хизмати органлари, ДХХ Чегара қўшинлари Товарларни вақтинча сақлаган давлат божхона хизмати органлари ДХХ Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда товарларни қайтариб олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ операцияларни бажариш бўйича мурожаат асосида товарлар ваколатли шахс билан биргаликда Ўзбекистон Республикасидан қайтариб чиқариб юборилишини назорат қилади. Ҳужжатлар расмийлаштируви тугагандан кейин дарҳол 7-босқич Давлат божхона хизмати органлари Ваколатли шахс томонидан белгиланган муддатларда ва тартибда талаб қилиб олинмаган товарлар мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб эътироф этиш тўғрисида судга алоҳида тартибда иш юритиш бўйича ариза билан мурожаат қилинади. Товарларни вақтинча сақлаш муддати ( 30 календарь кун, тез бузиладиган товарлар 2 календарь кун ) ўтгандан сўнг
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 25 февраль,
102-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Jismoniy shaxslarning chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlariga nisbatan amalga oshiriladigan tartib-taomillar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Mamlakatimizda jismoniy shaxslar tomonidan bojxona chegarasi orqali tovarlarni olib oʻtish tartib-taomillarini takomillashtirish, bojxona jarayonlarini soddalashtirish, sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etish, shuningdek, bojxona chegarasidan oʻtayotgan jismoniy shaxslar uchun yanada qulay shart-sharoitlar yaratish borasida bir qator tizimli ishlar amalga oshirilmoqda.
Shu bilan birga, mazkur sohada samarali huquqiy tartibga solishni talab qiladigan bir qator masalalar saqlanib qolmoqda. Xususan, jismoniy shaxslar tomonidan notijorat maqsadlarda tovarlar olib kirishda ularning belgilangan meʼyorlardan ortiqcha qismiga bojxona toʻlovlarini toʻlash imkoniyati boʻlmagan holatlarda amalga oshiriladigan bojxona tartibotlari belgilab berilmaganligi fuqarolar uchun noqulayliklarga sabab boʻlmoqda.
Yoʻlovchilar va sayyohlarga yanada qulayliklar yaratish, chegara oʻtkazish punktlarida tirbandlikning oldini olish, jismoniy shaxslar tomonidan chegara bojxona postlari orqali olib oʻtilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiqcha yoki tegishli ruxsatnomalar talab etiladigan tovarlarni vaqtincha saqlash va qaytarib yuborishning huquqiy mexanizmlarini belgilash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining 2020-yil 31-yanvardagi farmoyishi bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining 2020-yilga moʻljallangan faoliyat dasturiga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jismoniy shaxslar tomonidan bojxona chegarasi orqali tovarlarni olib oʻtishni yanada tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 6-fevraldagi PQ-3512-son qarori bilan bojxona toʻlovlariga tortilmaydigan respublikaga jismoniy shaxslar tomonidan olib kiriladigan tovarlarni ayrim turlari normalari tasdiqlanganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jismoniy shaxslar tomonidan shaxsiy ehtiyojlari uchun tovarlarni olib oʻtish tartibini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 7-noyabrdagi PQ-4508-son qaroriga asosan jismoniy shaxslar tomonidan shaxsiy ehtiyojlari uchun olib kiriladigan tovarlar toifasiga kirmaydigan tovarlar roʻyxati tasdiqlanganligi;
Vazirlar Mahkamasining “Jismoniy shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasiga tovarlarni olib oʻtish tartibini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 22-iyundagi 463-son qaroriga asosan jismoniy shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi davlat chegarasining avtoyoʻl (yoʻlovchi), temir yoʻl va daryo oʻtkazish punktlari orqali bojxona toʻlovlari undirilmaydigan ayrim tovarlarni olib oʻtishning miqdor meʼyorlari tasdiqlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Jismoniy shaxslarning chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlariga nisbatan amalga oshiriladigan tartib-taomillar toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
jismoniy shaxslarning chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlari (keyingi oʻrinlarda — tovarlar) hisobini elektron yuritishga moʻljallangan axborot tizimi faoliyat yuritishini tashkil etish;
tovarlarni va ularga tegishli hujjatlarni vaqtincha saqlash uchun qabul qilish va qaytarish tartibi;
vaqtincha saqlash va qaytarish uchun qabul qilingan tovarlar hamda ularga tegishli hujjatlarni rasmiylashtirish;
tovarlarni vaqtincha saqlaganlik uchun bojxona yigʻimini undirish;
tovarlarni vaqtincha saqlash joyiga qoʻyiladigan talablar;
vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan hamda belgilangan muddatlarda va tartibda talab qilib olinmagan tovarlar bilan ish yuritish tartibi.
3. Belgilansinki:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasi tovarlar hisobini mavjud avtomatlashtirilgan axborot tizimlarida elektron yuritishni joriy etish va ishga tushirish boʻyicha buyurtmachi hisoblanadi;
mazkur bandning ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan tadbirlarni moliyalashtirish Davlat bojxona qoʻmitasining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasi uch oy muddatda:
tovarlar hisobini elektron yuritishni joriy etish axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) boʻyicha texnik hujjatni ishlab chiqsin, Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligida belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkazsin hamda axborot tizimini ishga tushirsin;
Qoʻmitaning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan jihozlanadigan jismoniy shaxslarning vaqtincha saqlashga qabul qilingan tovarlarini saqlashga moʻljallangan joylar tashkil etiladigan chegara bojxona postlari roʻyxatini tasdiqlasin va belgilangan tartibda tashkil etilishini taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi xalqaro temir yoʻl oʻtkazish punktlari va aeroportlarda tovarlarni vaqtincha saqlash joylarini tashkil etishda Davlat bojxona qoʻmitasiga yaqindan koʻmaklashsin.
6. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasi raisi M.B. Azimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 25-fevraldagi 102-son qaroriga ILOVA
Jismoniy shaxslarning chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlariga nisbatan amalga oshiriladigan tartib-taomillar toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom jismoniy shaxslar tomonidan chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlarga nisbatan amalga oshiriladigan tartib-taomillarni belgilaydi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
avtomatlashtirilgan axborot tizimi — jismoniy shaxslar tomonidan chegara bojxona postlari orqali olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiqcha boʻlgan vaqtincha saqlanadigan tovarlar hisobini yuritishga moʻljallangan davlat bojxona xizmati organlarining axborot tizimi;
belgilangan meʼyor — jismoniy shaxslar tomonidan tovarlarni chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda qiymati va (yoki) miqdori qonunchilik hujjatlarida belgilangan bojxona toʻlovlarisiz olib kirish normasi;
vakolatli shaxs — tovarlarning egasi yoki tovarlarni bojxona chegarasi orqali olib kirayotgan yoxud shunday shaxslar tomonidan tovarlarni olib ketish uchun davlat bojxona xizmati organlariga maʼlum qilingan, shuningdek, tovarning egasi nomidan tegishli shartnoma yoki ishonchnoma asosida ish koʻruvchi shaxs;
vaqtincha saqlash joyi — jismoniy shaxslar tomonidan chegara bojxona postlari orqali olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiqcha boʻlgan vaqtincha saqlanadigan tovarlarni saqlashga moʻljallangan, maxsus ajratilgan hamda jihozlangan, himoya va videokuzatuv tizimlari oʻrnatilgan alohida talablarga ega xona(lar);
vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar — jismoniy shaxslarda qonunchilik hujjatlarida belgilangan meʼyorlardan ortiqcha boʻlgan qismi uchun bojxona toʻlovlarini toʻlash uchun yetarli pul mablagʻlari boʻlmagan, ushbu Nizomning 19-bandida belgilangan muddatlarda oʻz xohishi bilan qaytarib olib chiqib ketish yoki bojxona toʻlovlarini toʻlab rasmiylashtiruvni amalga oshirgan holda olib ketish istagi bildirilgan tovarlar;
tovar hujjatlari — vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar nomi, qiymati, miqdori, vazni, hajmi va boshqa xususiyatlarini tavsiflovchi (chek, yuk xati, tovarning tafsilotli roʻyxati (spetsifikatsiya), hisob-faktura, invoys, tovar ishlab chiqaruvchi yorliqlari va boshqalar) qogʻozda yoki elektron shaklda rasmiylashtirilgan hujjatlar;
tovarlarni vaqtincha saqlaganlik uchun bojxona yigʻimi — jismoniy shaxslarning chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan va belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlarini vaqtincha saqlash joyida saqlaganlik uchun davlat bojxona xizmati organlari tomonidan undiriladigan yigʻim;
chegara bojxona postlarida tovarlarni hamda ularga tegishli hujjatlarni vaqtincha saqlash uchun qabul qilish va topshirish dalolatnomasi — davlat bojxona xizmati organlari tomonidan tovarlarni qabul qilib olish va chegara bojxona postlarida mavjud vaqtincha saqlash joyiga joylashtirish jarayonida tuziladigan, ushbu Nizomga 1-ilovada nazarda tutilgan QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan elektron shakldagi dalolatnoma (keyingi oʻrinlarda — dalolatnoma).
3. Mazkur Nizom qoidalari:
huquqbuzarlik ashyolariga, jinoyat haqidagi ariza va xabarlarni tekshirish hamda maʼmuriy ishlarni yuritish jarayonida vakolatli organlarning tegishli qarorlariga asosan olib qoʻyilgan yoki xatlangan tovarlar va ularga tegishli hujjatlarga;
taqdim etilgan tovar hujjatlarida va (yoki) tovar yorliqlarida yaroqlilik, saqlash, ishlatish va (yoki) realizatsiya qilish muddati tegishliligiga koʻra ushbu Nizomda belgilangan vaqtincha saqlash muddatlarini inobatga olganda oʻn kalendar kunidan kam muddat qolgan tovarlarga;
tirik hayvonlar, biologik chiqindilar, karantin ostida deb eʼtirof etilgan mahsulotlarga;
Oʻzbekiston Respublikasiga olib kirilishi taqiqlangan tovarlarga, uchuvchisiz uchadigan apparatlar, ularning butlovchi va ehtiyot qismlari bundan mustasno;
Oʻzbekiston Respublikasi orqali tranzit tarzda harakatlanayotgan shaxslarning tovarlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
4. Jismoniy shaxslarning qonunchilik hujjatlarida belgilangan meʼyorlardan ortiqcha boʻlgan qismi uchun bojxona toʻlovlarini toʻlash uchun yetarli pul mablagʻlari boʻlmagan, mazkur Nizomning 19-bandida belgilangan muddatlar ichida qaytarib olib chiqib ketish yoki bojxona toʻlovlarini toʻlab bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirgan holda olib ketish istagi bildirilgan notijorat maqsadlardagi tovarlari ularning tanloviga koʻra davlat bojxona xizmati organlari tomonidan vaqtincha saqlashga qoʻyilishi mumkin.
5. Jismoniy shaxslar tomonidan bayon qilingan (deklaratsiyalangan) Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilishi taqiqlangan tovarlarga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi Bojxona kodeksida belgilangan tartib-taomillar amalga oshiriladi.
6. Jismoniy shaxslar tomonidan bojxona deklaratsiyasida bayon etilgan tovarlarning miqdori yoki qiymati bojxona toʻlovlari toʻlamasdan olib kirish meʼyorlaridan ortadigan hollarda bayon qilingan tovarlarning belgilangan meʼyor doirasida qaysi qismini oʻzi bilan olib ketish va belgilangan meʼyordan ortiq qaysi qismini mazkur Nizom talablari asosida vaqtincha saqlash uchun qoldirish vakolatli shaxs tomonidan hal qilinadi.
7. Davlat bojxona xizmati organlari tomonidan vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan barcha tovarlarning vazni va miqdori oʻlchovdan oʻtkazilishi shart.
8. Jismoniy shaxs tomonidan maʼlum qilingan tovarlarning bojxona qiymatini tasdiqlovchi tovar hujjatlari taqdim etilmagan taqdirda, davlat bojxona xizmati organi tovarlarning bojxona qiymatini qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq mustaqil ravishda belgilaydi.
9. Notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlarning shaxsiy ehtiyojlar uchun moʻljallanganligi ularga nisbatan qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan sertifikat va (yoki) ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar olinishini istisno etmaydi.
Sertifikat va (yoki) ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar olinishi lozim boʻlganda, bojxona toʻlovlarini toʻlab bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirgan holda olib ketiladigan tovarning vaqtincha saqlash muddati ularni vaqtincha saqlashga olingan kunning ertasidan boshlab bunday hujjatlarning qonun hujjatlarida belgilangan rasmiylashtirish muddatigacha toʻxtatib turiladi va ushbu muddat tugagan kunning ertasidan uch ish kuni oʻtgandan keyin qayta tiklanadi.
10. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlarni saqlash, hisobini yuritish, berish, belgilangan muddatlarda talab qilib olinmagan tovarlar bilan amalga oshiriladigan tartib-taomillar chegara bojxona posti boshligʻi yoki uning vazifasini bajaruvchi tomonidan tayinlanadigan xodimlar tomonidan taʼminlanadi.
11. Chegara bojxona postlarida tovarlarni hamda ularga tegishli hujjatlarni vaqtincha saqlash uchun qabul qilish va topshirish ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Tovarlarni va ularga tegishli hujjatlarni vaqtincha saqlash uchun qabul qilish
12. Tovarlar jismoniy shaxsning manziliga olib kelinayotganda mazkur Nizom qoidalari tovarlarni olib kelgan shaxsga nisbatan qoʻllaniladi.
13. Tovarlarni va ularga tegishli hujjatlarni vaqtincha saqlash uchun qabul qilish avtomatlashtirilgan axborot tizimida elektron shakllantirilgan dalolatnomani rasmiylashtirish, shuningdek, mazkur dalolatnoma va tovarlarni bunday tovarlarning hisobini yuritish toʻgʻrisidagi ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan shakl boʻyicha elektron kitobga dalolatnoma maʼlumotlari asosida avtomatik qayd etish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
14. Dalolatnoma qogʻoz shaklida ikki nusxada chop etiladi hamda birinchi nusxasiga qonunchilik hujjatlari talablari tushuntirilganligi va dalolatnoma nusxasini olganligi toʻgʻrisida yozuv yozilib imzo qoʻyilgandan soʻng uning ikkinchi nusxasi davlat bojxona xizmati organlari mansabdor shaxsining shaxsiy muhri va imzosi bilan tasdiqlangan holda vakolatli shaxsga taqdim etiladi.
Dalolatnomaga vakolatli shaxsning shaxsini tasdiqlovchi hujjat va yoʻlovchi bojxona deklaratsiyasi nusxalari, mavjud boʻlgan hollarda tovar hujjatlari, shuningdek, tovarlarni identifikatsiya qilish imkonini beruvchi turli koʻrinishdagi sifatli fotosuratlar (kamida ikkita) ilova qilinadi.
Dalolatnomada tovarlarni vaqtincha saqlashning yakuniy muddati koʻrsatiladi.
15. Vakolatli shaxs vaqtincha saqlash uchun topshirilgan tovarlarni ushbu Nizomning 19-bandida belgilangan muddatlarda va tartibda talab qilib olmagan taqdirda, tovarlar mulk huquqini saqlab qolish niyatisiz qoldirilgan deb hisoblanadi. Bunda vakolatli shaxs davlat bojxona xizmati organlari tomonidan tovarlarni (mol-mulkni (ashyoni) egasiz deb topish toʻgʻrisida fuqarolik ishlari boʻyicha sudga alohida tartibda ish yuritish boʻyicha daʼvo arizasi kiritilishi haqida dalolatnoma orqali ogohlantiriladi.
3-bob. Vaqtincha saqlash joyiga qoʻyiladigan talablar
16. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar chegara bojxona postlarida hamda xalqaro temir yoʻl oʻtkazish punktlarida va aeroportda mavjud boʻlgan obyekt(lar)dan ajratilgan, ushbu Nizomda koʻrsatilgan shunday tovarlarni saqlash uchun jihozlangan vaqtincha saqlash joyiga joylashtiriladi.
17. Vaqtincha saqlash joyi:
videokuzatuv tizimiga ega boʻlishi;
qulflash tizimiga ega boʻlishi, temir eshikli, derazalari (mavjud boʻlsa) temir panjarali boʻlishi;
yongʻinga qarshi foydalaniladigan maxsus jihozlarga ega boʻlishi;
unda maxsus javonlar (tokcha) oʻrnatilgan boʻlishi;
sovitish-isitish tizimi va muzlatkichli shkaf bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
4-bob. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar hamda ularga tegishli hujjatlarni saqlash va qaytarish
18. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar va ularga tegishli hujjatlar vaqtincha saqlash joylarida ushbu Nizomda belgilangan muddat davomida davlat bojxona xizmati organlari tomonidan vaqtincha saqlab turiladi.
19. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar va ularning hujjatlari davlat bojxona xizmati organlari tomonidan koʻpi bilan oʻttiz kalendar kun mobaynida, tez buziladigan tovarlar esa koʻpi bilan ikki kalendar kun mobaynida saqlanadi.
20. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar va ular boʻyicha hujjatlarni saqlash muddati ular vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan kunning keyingi kunidan hisoblanadi.
21. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlarning toʻliq saqlanishi va ushbu Nizomda belgilangan qoidalarga amal qilgan holda vakolatli shaxsga topshirilishiga tovarlarni vaqtincha saqlash uchun qabul qilgan davlat bojxona xizmati organi javobgar hisoblanadi. Bundan jismoniy shaxslarning vaqtincha saqlashga qabul qilingan tovarlarining tabiiy eskirishi yoki ularni tashish va (yoki) saqlashning normal sharoitlarida kamayishi oqibatida roʻy bergan oʻzgarishlar (shuningdek, yaroqlilik muddati jihatidan) hamda yengib boʻlmas kuch taʼsiri oqibatida saqlash majburiyatlarini bajara olmaslik holatlari mustasno.
22. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlarni qaytarish, vakolatli shaxs tomonidan dalolatnomaning bojxona organi tomonidan tasdiqlangan nusxasi va shaxsini tasdiqlovchi hujjatning aslini taqdim etilishi bilan amalga oshiriladi.
Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar hisoblangan bojxona toʻlovlari va (yoki) tovarlarni vaqtincha saqlaganlik uchun bojxona yigʻimi toʻlangandan hamda hujjatlar rasmiylashtiruvi tugagandan keyin darhol qaytariladi.
23. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilgan chegara bojxona posti boshligʻi yoki uning vazifasini bajaruvchi nomiga tovarlarni bojxona chegarasi orqali olib oʻtgan shaxsning yozgan arizasiga asosan tovarlar va ular boʻyicha hujjatlar boshqa jismoniy shaxs tomonidan qaytarib olib chiqib ketilishi yoki bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirgan holda olib ketilishi mumkin.
Arizada tovarlarni olib ketishi maʼlum qilingan jismoniy shaxs toʻgʻrisida batafsil maʼlumotlar (familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan kun, oy, yili, aniq yashash manzili (viloyat, shahar, tuman, qishloq, mahalla, koʻcha va boshqalar), telefon raqami, mavjud boʻlganda shaxsini tasdiqlovchi hujjat nusxasi) koʻrsatilishi talab etiladi.
24. Tovarlarni vaqtincha saqlagan davlat bojxona xizmati organlari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari (keyingi oʻrinlarda — Chegara qoʻshinlari) bilan hamkorlikda belgilangan tartibda tovarlarni qaytarib olib chiqib ketish bilan bogʻliq operatsiyalarni bajarish boʻyicha murojaat asosida tovarlar vakolatli shaxs bilan birgalikda Oʻzbekiston Respublikasi hududidan qaytarib chiqarib yuborilishini nazorat qiladi.
25. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlarni tashish, yuklash (qayta yuklash), tushirish va boshqa shu kabi yuk operatsiyalari bilan bogʻliq barcha xarajatlar vakolatli shaxs hisobidan amalga oshiriladi.
26. Jismoniy shaxslar tomonidan avtomobil yoʻllarida joylashgan chegara bojxona postlari orqali olib kelingan, mazkur Nizom taʼsiri doirasiga tushadigan tovarlar shu vaqtning oʻzida vakolatli shaxs tomonidan qaytarib olib chiqib ketilishi bayon qilingan taqdirda, bunday tovarlar ularni olib kelgan shaxslar yoki ularning oʻz xohishiga koʻra boshqa shaxs bilan birgalikda Chegara qoʻshinlari bilan hamkorlikda belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi hududidan qaytarib chiqarib yuboriladi.
Tovarlar boshqa shaxs tomonidan olib chiqiladigan hollarda tovarlarni topshiruvchi va qabul qiluvchi shaxslar oʻz roziliklarini shaxsini tasdiqlovchi hujjatlar nusxalarini ilova qilgan holda yozma bayon qilishlari lozim.
27. Ushbu Nizomda belgilangan muddat va tartibda tegishli tartib-taomillarni amalga oshirmagan holda tovarlarni olib ketish uchun vakolatli shaxsning hozir boʻlishi talab etiladi.
Vakolatli shaxs hozir boʻlgan kun dalolatnomaning birinchi nusxasida qayd etiladi.
Ushbu Nizomning 19-bandida belgilangan saqlash muddatlari oʻtganidan keyin tovarlarni olib ketish boʻyicha murojaatlar koʻrib chiqilmaydi va rad etiladi.
28. Davlat bojxona xizmati organlari vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar mazkur Nizomda belgilanmagan boshqa asoslar bilan qaytarilishini rad etish huquqiga ega emas.
5-bob. Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlarni saqlaganlik uchun bojxona yigʻimi
29. Chegara bojxona postlari tomonidan vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlarni saqlaganlik uchun tovarlar vaqtincha saqlovga olingan kundan eʼtiboran har 100 kg.gacha ogʻirlikka (brutto) toʻliq va toʻliq boʻlmagan har bir kalendar kun uchun:
dastlabki besh kunda bazaviy hisoblash miqdorining 5 foizi miqdorida, keyingi oʻn kunda bazaviy hisoblash miqdorining 7 foizi miqdorida, qolgan kunlarda bazaviy hisoblash miqdorining 10 foizi miqdorida;
tez buziladigan tovarlarni vaqtincha saqlaganlik uchun bazaviy hisoblash miqdorining 15 foizi miqdorida milliy valyuta — soʻmda bojxona yigʻimi undiriladi.
30. Notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan va belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan shaxsiy ehtiyojlar uchun moʻljallangan tovarlarga nisbatan qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan sertifikat va (yoki) ruxsat etish xususiyatiga ega boʻlgan hujjatlar olinishi bunday hujjatlarning qonunchilik hujjatlarida belgilangan rasmiylashtirish muddati davomida tovarlarni saqlaganlik uchun bojxona yigʻimi undirilishi istisno etilmaydi.
31. Tovarlarni vaqtincha saqlaganlik uchun bojxona yigʻimi:
tovarlarga bojxona toʻlovlarini toʻlash bilan bogʻliq operatsiyalarni bajarish boʻyicha murojaat boʻlganda — ushbu tovarlarga nisbatan rasmiylashtiriladigan bojxona kirim orderi asosida;
tovarlarni qaytarib olib chiqib ketish bilan bogʻliq operatsiyalarni bajarish boʻyicha murojaat boʻlganda — alohida bojxona kirim orderi rasmiylashtirilgan holda undiriladi.
6-bob. Vakolatli shaxsning huquq va majburiyatlari
32. Vakolatli shaxs:
tovarlarni bojxona postida vaqtincha saqlovga topshirish, bunda tovarlarning belgilangan meʼyor doirasida qaysi qismini olib ketish va belgilangan meʼyordan ortiq qaysi qismini vaqtincha saqlash uchun qoldirishni hal etish;
belgilangan muddat ichida oʻz xohishlari bilan tovarlarni qaytarib olib chiqib ketish;
bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirgan holda tovarlarni olib ketish;
tovarlarning vazni va miqdorini oʻlchovdan oʻtkazishda qatnashish;
ushbu Nizomda belgilangan tartibda tovarlar boshqa jismoniy shaxs tomonidan olib ketilishi yoki qaytarib olib chiqib ketilishini maʼlum qilish huquqiga ega.
33. Vakolatli shaxs:
tovarlarning bojxona qiymatini tasdiqlovchi tovar hujjatlarini taqdim etishi;
tovarlarni tashish, yuklash (qayta yuklash), tushirish va boshqa shu kabi yuk operatsiyalarini amalga oshirishi;
tovarlarni qaytarib olish uchun dalolatnomaning davlat bojxona xizmati organlari tomonidan tasdiqlangan nusxasini va shaxsini tasdiqlovchi hujjatning aslini taqdim etishi;
belgilangan muddat va tartibda tegishli amallarni bajargan holda tovarlarni olib ketish uchun hozir boʻlishi;
vaqtincha saqlanadigan, olib ketish istagi bildirilgan tovarlarga hisoblangan bojxona toʻlovlari toʻlanishini taʼminlashi;
bojxona organlarining qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablar asosida bergan koʻrsatmalarini bajarishi;
bojxona va chegara nazorati zonasi rejimi qoidalariga amal qilishi shart.
7-bob. Davlat bojxona xizmati organlarining huquq va majburiyatlari
34. Davlat bojxona xizmati organlari quyidagi huquqlarga ega:
vaqtincha saqlash uchun topshirgan tovarlarni ushlab turish, qaytarib yuborish hamda vaqtincha saqlash davrida talab qilib olinmagan tovarlar taqdirini hal etish uchun tegishli tartibda sudga ariza bilan murojaat qilish;
vakolatli shaxsdan tovarlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va ularning hujjatlarini soʻrab olish;
boshqa jismoniy shaxs tomonidan olib ketilishi yoki qaytarib chiqarib yuborilishi boʻyicha arizada koʻrsatilgan maʼlumotlarning toʻliqligini talab qilib olish;
bojxona qiymatini tasdiqlovchi tovar hujjatlari taqdim etilmaganda tovarlarning bojxona qiymatini qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq mustaqil ravishda belgilash.
35. Davlat bojxona xizmati organlari:
tovarlarni bojxona nazorati va rasmiylashtiruvidan oʻtkazishi;
tovarlarning maqsadini aniqlashi;
tovarlar boʻyicha elektron dalolatnomani rasmiylashtirishi;
tovarlarning vazni va miqdorini oʻlchovdan oʻtkazishi;
tovarlar va ularning hujjatlari belgilangan talablar asosida saqlanishini taʼminlashi;
belgilangan amallar bajarilgandan soʻng tovarlarni vakolatli shaxsga topshirishi shart.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
36. Vakolatli shaxs tomonidan ushbu Nizomda belgilangan muddatlarda va tartibda talab qilib olinmagan, mulk huquqini saqlab qolish niyatisiz qoldirilgan tovarlar yuzasidan davlat bojxona xizmati organlari tomonidan mol-mulkni (ashyoni) egasiz deb eʼtirof etish toʻgʻrisida fuqarolik ishlari boʻyicha sudga alohida tartibda ish yuritish boʻyicha ariza bilan murojaat qilinadi.
37. Mol-mulkni (ashyoni) egasiz deb eʼtirof etish toʻgʻrisida sudga ariza bilan murojaat qilingan va vaqtincha saqlovga olingan tovarlarga nisbatan bojxona yigʻimini undirish yoki undirmaslik masalasi sud qarori asosida hal etiladi.
38. Mazkur Nizomni qoʻllash natijasida yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
39. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Jismoniy shaxslarning chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlariga nisbatan amalga oshiriladigan tartib-taomillar toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Jismoniy shaxslarning chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlariga nisbatan amalga oshiriladigan tartib-taomillar toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar va ularga rasmiylashtirilgan dalolatnomalarni roʻyxatga olish boʻyicha elektron kitob shakli
T/r Dalolatnoma raqami Sana Tovar toʻgʻrisida maʼlumot (tovar nomi, markasi, modeli, turi, oʻlchamlari, oʻramlar soni, shikastlarning bor/yoʻqligi, shikastlarning taʼrifi va h.k.) Tovarning qoʻshimcha oʻlchov birligidagi miqdori Tovar brutto vazni (kg) Tovarni saqlash uchun qabul qilgan bojxona xodimi Vakolatli shaxs tomonidan tovar qaytarib olinganligi toʻgʻrisida belgi F.I.O sana F.I.O sana 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 1. 2. 3. . . .
Jismoniy shaxslarning chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlariga nisbatan amalga oshiriladigan tartib-taomillar toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Jismoniy shaxslarning chegara bojxona postlari orqali notijorat maqsadlarda olib kirilayotgan belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlgan tovarlariga nisbatan amalga oshiriladigan tartib-taomillar
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Jismoniy shaxs — davlat bojxona xizmati organlari Belgilangan meʼyorlardan ortiqcha boʻlgan tovarlar quyidagi holatlarda vaqtincha saqlash uchun qabul qilinadi: bojxona toʻlovlarini toʻlash uchun yetarli pul mablagʻlari boʻlmagan; koʻrsatilgan muddat ichida qaytarib olib chiqib ketish istagi bildirilgan; koʻrsatilgan muddat ichida bojxona rasmiylashtiruvini amalga oshirgan holda olib ketiladigan tovarlar. Chegara bojxona postidan oʻtish vaqtida 2-bosqich Davlat bojxona xizmati organlari Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan barcha tovarlarning vazni va miqdori oʻlchovdan oʻtkaziladi. Tovarlarni vaqtincha saqlash uchun qabul qilish vaqtida 3-bosqich Davlat bojxona xizmati organlari — jismoniy shaxs Tovarlarni qabul qilish vaqtida QR-kod qoʻyilgan elektron shakldagi dalolatnoma tuziladi. Tovarlarni vaqtincha saqlash uchun qabul qilish vaqtida 4-bosqich Davlat bojxona xizmati organlari Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlar shunday tovarlarni saqlash uchun jihozlangan vaqtincha saqlash joylarida saqlanadi. 1. 30 kalendar kun; 2. Tez buziladigan tovarlar 2 kalendar kun 5-bosqich Jismoniy shaxs — davlat bojxona xizmati organlari Vaqtincha saqlash uchun qabul qilingan tovarlarni qaytarish vakolatli shaxs tomonidan dalolatnomaning tasdiqlangan nusxasi va shaxsini tasdiqlovchi hujjatning asli taqdim etilishi bilan amalga oshiriladi. Bojxona toʻlovlari va tovarlarni vaqtincha saqlaganlik uchun bojxona yigʻimi toʻlangandan hamda hujjatlar rasmiylashtiruvi tugagandan keyin darhol 6-bosqich Davlat bojxona xizmati organlari, DXX Chegara qoʻshinlari Tovarlarni vaqtincha saqlagan davlat bojxona xizmati organlari DXX Chegara qoʻshinlari bilan hamkorlikda tovarlarni qaytarib olib chiqib ketish bilan bogʻliq operatsiyalarni bajarish boʻyicha murojaat asosida tovarlar vakolatli shaxs bilan birgalikda Oʻzbekiston Respublikasidan qaytarib chiqarib yuborilishini nazorat qiladi. Hujjatlar rasmiylashtiruvi tugagandan keyin darhol 7-bosqich Davlat bojxona xizmati organlari Vakolatli shaxs tomonidan belgilangan muddatlarda va tartibda talab qilib olinmagan tovarlar mol-mulkni (ashyoni) egasiz deb eʼtirof etish toʻgʻrisida sudga alohida tartibda ish yuritish boʻyicha ariza bilan murojaat qilinadi. Tovarlarni vaqtincha saqlash muddati ( 30 kalendar kun, tez buziladigan tovarlar 2 kalendar kun ) oʻtgandan soʻng
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 25-fevral,
102-son