UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 26-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 26 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 февраля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 February 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4884-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, умумий ўрта таълим тизимида фанларни ўқитиш методикалари, узлуксиз методик хизмат кўрсатиш тартиби ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим жараёнига замонавий таълим технологияларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказининг (кейинги ўринларда — Марказ) асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти, таянч ва вариатив ўқув режалари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш;

Халқ таълими вазирлиги буюртмасига асосан тузувчиларни танлаш ҳамда дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларнинг ягона макетларини яратиш;

яратилган дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларни экспертизадан ўтказиш, уларни таълим тизимида қўллаш бўйича хулоса бериш;

ўқув режаси, дастурлари, яратилган дарсликлар ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларни тажриба-синовдан ўтказиш ишларига раҳбарлик қилиш;

фанларни ўқитиш методикаси ва ўқувчилар билимларини баҳолашнинг замонавий услубларини ишлаб чиқиш, шунингдек, таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш ва бу борадаги ижобий тажрибани умумий ўрта таълим муассасаларида оммалаштириш;

умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиладиган фанларни, айниқса, биринчи босқичда математика, информатика, кимё, биология ва ўзбек тили (она тили ва давлат тили сифатида) фанлари учун ўқув-методик таъминотни яхшилаш ҳамда дарсликларнинг сифатли тайёрланишини таъминлаш;

ўқув-тарбия жараёнига «STEAM» фанларини (Science — табиий фанлар, Тechnology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Аrt — санъат, Мathematics — математика) ўқитиш бўйича илғор педагогик технологиялар ва бошқа мақбул методикаларни жорий этиш;

Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланадиган баҳолаш мезонлари (KPI) асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фан методистлари фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилиш ва уларнинг рейтингини шакллантириш.

2. Белгилаб қўйилсинки:

2021 йил 1 апрелдан бошлаб Марказ директорининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра базавий лавозим маош миқдорлари олий таълим муассасаси ректорига, директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари — олий таълим муассасаси проректорига, таркибий бўлинмалар бошлиқлари — олий таълим муассасасининг факультет деканига, методистларининг иш ҳақи миқдори — олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади;

Марказ таълим сифатини ошириш мақсадида қўшимча равишда ишга жалб қилиш бўйича юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, хорижий экспертлар ва хорижда яшайдиган ватандошлар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар имзолаши мумкин;

умумий ўрта таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш, экспертизадан ўтказиш ва тақриз бериш ҳамда экспертлар ва тақризчиларга ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси бюджет ва айланма маблағлари ҳисобидан Республика таълим маркази учун очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали молиялаштирилади.

3. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан, давлат илмий-техник дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлар;

республика илмий-тадқиқот лойиҳа грантлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари;

шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Марказга шартнома асосида қуйидаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи берилсин:

халқаро таълим платформаларида мавжуд бўлган электрон ресурсларни, шу жумладан, умумий ўрта таълим муассасаларининг педагог кадрлари учун ўқув-методик ресурслар, мактаб ёшидаги болаларга мўлжалланган видеодарслар, таълим билан боғлиқ ўйинлар ва бошқа маҳсулотларни маҳаллийлаштириш йўналишида бепул ва пулли хизматлар кўрсатиш;

нодавлат умумий ўрта таълим муассасалари томонидан тавсия этилган ўқув режаси ва дастурлари, дарсликлар ҳамда ўқув-методик ресурсларни амалиётда қўллаш юзасидан илмий хулосалар бериш.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

бир ой муддатда Марказнинг асосий вазифаларидан келиб чиқиб, унинг Низоми, тузилмасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

икки ой муддатда Марказ ходимларининг таркибини танқидий кўриб чиқиб, Марказга юқори малакали ва илмий салоҳиятли кадрларни жалб қилсин, бунда беш йилдан кам бўлмаган педагогик ёки таълим соҳасидаги бошқарув органларида иш стажига эга бўлган мутахассисларни ишга қабул қилиш амалиётини йўлга қўйсин;

умумий ўрта таълимнинг миллий ўқув дастури, дарслик ва ўқув-методик мажмуалар, ўқитиш методикаси ва баҳолаш, замонавий таълим муҳитини татбиқ қилиш бўйича тажриба-синов ишларини ташкил этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг (кейинги ўринларда — таянч мактаб) Марказга бириктирилишини таъминласин;

таянч мактабда STEAM таълими лабораториясини ташкил этсин ва унда илғор хорижий давлатларнинг таълим технологияларини синовдан ўтказиш амалиётини йўлга қўйсин;

Тошкент шаҳрининг, Яккасарой туманидаги, Бобур кўчаси 9-уй манзилида жойлашган ўзига тегишли бинонинг моддий-техник ҳолатини давлат-хусусий шериклик асосида тубдан яхшилаш ва унга Марказни жойлаштириш чораларини кўрсин.

6. Қуйидагилар:

Умумий ўрта таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш учун тузувчиларни танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Умумий ўрта таълим муассасаларининг умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш, уларга тақриз бериш ҳамда экспертлар ва тақризчиларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика ўқув-методика марказини белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Таълим марказига айлантирсин:

Қорақалпоғистон Республикаси Таълим марказининг директори, директор ўринбосари ва методистларининг ойлик иш ҳақлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази методистларининг ойлик иш ҳақига тенглаштириб борилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштиришни 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги 108-сон қарорига 1-ИЛОВА

Умумий ўрта таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш учун тузувчиларни танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим муассасалари, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг (кейинги ўринларда — умумий ўрта таълим муассасалари) барча синфлари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш учун тузувчиларни танлаб олиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

дарслик — давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув дастури асосида дидактик, методик, педагогик-психологик, эстетик ва гигиеник талабларга жавоб берадиган, ўқув фанининг мавзулари тўлиқ ёритилган ва асослари мукаммал ўзлаштирилишига қаратилган, ўқув фанининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, таълим олувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган, назарий маълумотлардан ташқари амалий тажриба ва синов машқларини қамраб олган китоб шаклидаги ўқув нашри;

танлов комиссияси — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Халқ таълими вазирлиги) томонидан тасдиқланадиган, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратадиган тузувчилар гуруҳини аниқлаш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ишчи орган;

тузувчи (тузувчилар гуруҳи) — ижодий меҳнати билан асар яратадиган жисмоний шахс ёки жисмоний шахслар гуруҳи;

ўқув-методик мажмуа — машқ дафтари, ўқитувчи учун методик қўлланма, дарсликларнинг мультимедиали иловасидан иборат мажмуа;

экспертлар гуруҳи — Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ҳузурида ташкил этиладиган турли фан йўналишлари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни баҳоловчи экспертлардан (мутахассислардан) иборат гуруҳ.

3. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш учун тузувчилар таркиби танлов асосида шакллантирилади.

4. Қуйидагилар тузувчилар таркибини танлов асосида шакллантиришнинг мақсади ҳисобланади:

ўқувчиларни такомиллаштирилган давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари асосида яратилган дарслик ва ўқув-методик-мажмуалар билан таъминлаш;

Халқ таълими вазирлигининг буюртмаси асосида дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш тизимида рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, унинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш учун юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, ёш истеъдодли тузувчилар ва тузувчилар жамоаларини қўллаб-қувватлаш.

5. Танловда таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш тажрибасига эга бўлган жисмоний шахслар ва юридик шахслар, шу жумладан, давлат ташкилотлари ҳамда ижодий жамоалар қатнашиши мумкин.

6. Марказ такомиллаштирилган миллий ўқув дастурларининг босқичма-босқич жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда, танлов асосида яратиладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар рўйхатини шакллантиради ҳамда Халқ таълими вазирлигига тасдиқлаш учун киритади.

7. Халқ таълими вазирлиги тузувчилар таркибини танлаб олиш асосида ишлаб чиқиш учун зарур бўлган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар рўйхатини кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

2-боб. Танловни ўтказишга тайёргарлик кўриш

8. Тузувчилар Марказ ҳузурида тузиладиган танлов комиссияси томонидан танлаб олинади.

Танлов комиссияси аъзоларининг сони (камида 9 киши) тоқ бўлган таркибда тузилади, унинг шахсий таркиби Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Танлов комиссияси таркибига қуйидагилар киритилади:

Халқ таълими вазирлигининг вакиллари;

илмий-педагогик жамоатчилик вакиллари;

етакчи амалиётчи ўқитувчилар, методик кабинетлар мутахассислари, ота-оналар қўмитаси аъзолари.

Халқ таълими вазири ёки унинг ўринбосарларидан бири танлов комиссияси раиси ҳисобланади.

9. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш учун тузувчилар таркибини танлов асосида шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

10. Танлов асосида яратиладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар рўйхати Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқлангач, танлов комиссияси оммавий ахборот воситаларида танлов ўтказилиши тўғрисида эълон беради.

Эълон буюртмаларни қабул қилиш муддати тугашидан камида ўттиз кун олдин берилади.

11. Эълонда қуйидагилар назарда тутилади:

талабгорларнинг аризаси шакли;

талабгорларнинг шахсий варақаси (анкетаси) шакли;

умумтаълим фанлари бўйича замонавий дарсликларни яратишга қўйиладиган методологик, дидактик-методик ва эргономик талаблар;

ўқув-методик ва дидактик адабиётлар режа-лойиҳалари ҳамда битта бобнинг синов матни;

танлов таклифларини қабул қилишнинг охирги муддати;

танловни ўтказиш ва шартнома тузиш тартибининг тавсифи ва муддати;

танлов тўғрисида қўшимча маълумот олиш учун манзил ва алоқа телефонлари.

Талабгорларнинг аризаси ва анкетаси шакллари Марказ томонидан тасдиқланади.

12. Талабгорлар томонидан танловда иштирок этиш учун Марказга ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

талабгорларнинг шахсий варақаси (анкетаси);

дарслик ва ўқув-методик мажмуанинг макети;

дарслик ва ўқув-методик мажмуанинг электрон нусхаси (конвертга муҳрланган ҳолда) жойланган CD-диск;

юридик шахс ёки муаллифлар жамоаси номидан танловда иштирок этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончнома (агар танловда юридик шахс ёки муаллифлар жамоаси вакили иштирок этса).

13. Талабгорларнинг танлов таклифлари муҳрланган ҳолда қабул қилинади. Белгиланган муддатдан кейин тақдим этилган таклифлар кўриб чиқилмайди ва конвертлар очилмаган ҳолда талабгорларга қайтарилади.

Талабгорларнинг томонидан танлов таклифларининг тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этилиши ҳам таклифларнинг кўриб чиқилмаслиги учун асос бўлади.

Талабгорлар танлов таклифларини тақдим этиш муддати тугагандан сўнг ўз таклифларига ўзгартириш киритиши ёки қайтариб олишига йўл қўйилмайди.

14. Буюртмачининг раҳбарлари, танлов комиссияси ва эксперт гуруҳларининг аъзолари танловда иштирок этиши мумкин эмас.

3-боб. Танлов орқали танлаб олиш шартлари

15. Танлов таклифларини тақдим этиш муддати тугагандан кейин танлов комиссияси уч кун ичида танлов иштирокчилари гувоҳлигида танлов таклифлари жойланган конвертларни очади.

16. Конвертлар очилгандан сўнг танлов комиссияси томонидан баённома тузилади ҳамда унда қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади:

келиб тушган таклифларнинг сони;

иштирокчилар ва уларга бириктирилган код рақамлари;

танловга киритилмаган талабгорлар рўйхати ва уларнинг таклифлари рад этилишининг аниқ сабаблари.

17. Танлов комиссияси томонидан илмий ва педагогик жамоатчилик, олимлар, амалиётчи ўқитувчилар, методистлар ва талаб этиладиган ихтисосликнинг бошқа мутахассисларидан иборат таркибда тегишли фанлар бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилинадиган эксперт гуруҳи тузилади.

Эксперт гуруҳи таркибига дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг илмий, услубий, педагогик, психологик жиҳатларини танқидий кўриб чиқиб, экспертизадан ўтказиш ва асосланган хулоса бериш салоҳиятига ва тажрибасига эга бўлган муайян соҳа мутахассислари киритилади.

Эксперт гуруҳи аъзоларининг таркиби ошкор қилинмайди.

Эксперт гуруҳи тузувчиларнинг тақдим этилган таклифларини уларнинг код рақамлари бўйича ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда экспертизадан ўтказади ва асосланган хулосаларини танлов комиссиясига киритади.

Экспертиза жараёнида дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар қуйидагилар юзасидан ўрганилади:

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг давлат таълим стандартларига, ўқув дастурига ҳамда ундаги мавзуларнинг ўқув режасидаги дарс соатларига мувофиқлиги;

мавзулар, савол ва топшириқларнинг кетма-кетлиги ва узвийлиги таъминланганлиги;

мавзуларни ёритишда материалларнинг илмий жиҳатдан тўғри берилганлиги;

дарсликларнинг ўқувчилар ёшига ва билим даражасига мослиги;

тил услуби, дарсликлар материалларининг имло (орфографик) ва услубий жиҳатдан мукаммаллиги;

матн ва иллюстрацияларнинг ўзаро уйғунлиги;

дарсликлар материалларининг амалиёт, ҳаётда юз бераётган ҳодисалар, воқеалар ва касбга йўналтириш билан боғлиқлиги;

дарсликлар мавзуларини ўзлаштириш учун машқлар, топшириқлар ва амалий машғулотларнинг етарлилиги ҳамда уларнинг педагогик технологиялар асосида тузилганлиги.

18. Танлов комиссияси эксперт гуруҳларининг хулосалари асосида ғолибларни танлаб олиш учун тақдимномаларни ўн кун муддатда Халқ таълими вазирлигига юборади.

Танлов ғолиблари тўғрисидаги қарор Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдимномалар келиб тушгандан сўнг ўн кун муддатда қабул қилинади.

Танлов комиссияси танлов натижалари тўғрисидаги ахборотни танлов ғолиблари аниқлангандан сўнг уч кун ичида оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

19. Танловда иштирок этиш учун ариза берган талабгорлар сони учтадан кам бўлганда танлов ўтказилмайди. Бунда танлов комиссияси такрорий танлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

20. Танлов натижаларига кўра тузувчилар гуруҳи шакллангандан сўнг уларнинг таркибига шартнома асосида олимлар, методистлар ва тажрибали амалиётчи ўқитувчилар жалб қилиниши мумкин.

21. Тузувчиларнинг дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш бўйича фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Марказ билан тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

22. Марказ дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш жараёнларининг тизимли равишда назорат қилинишини таъминлайди.

23. Тузувчилар ёки тузувчилар гуруҳи дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни сифатли ва белгиланган муддатда тайёрлаш учун жавобгар ҳисобланади.

24. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Умумий ўрта таълим муассасалари учун дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш учун тузувчиларни танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш учун тузувчиларни танлаб олиш ва тасдиқлаш

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги 108-сон қарорига 2-ИЛОВА

Умумий ўрта таълим муассасаларининг умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларини экспертизадан ўтказиш, уларга тақриз бериш ҳамда экспертлар ва тақризчиларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом умумий ўрта таълим муассасаларининг умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларини (кейинги ўринларда — дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар) экспертизадан ўтказиш, уларга тақриз бериш ҳамда экспертлар ва тақризчиларга ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.

Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш ва уларга тақриз бериш ҳамда экспертлар ва тақризчиларга ҳақ тўлаш иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

2. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сифатини ошириш, рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида уларнинг мазмуни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига, ўқувчиларнинг ёш ва психологик хусусиятларига, илм-фан ютуқларига мослигини, шунингдек, таълимнинг тегишли босқичи учун ўқув фанининг изчиллиги таъминланганлигини баҳолаш экспертизадан ўтказиш ва тақриз беришнинг асосий мақсади ҳисобланади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

дастлабки экспертиза — дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг оригинал макетини дастлабки текширувдан ўтказиш;

қайта ишланган ва тўлдирилган нашр — Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари асосида дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг мазмуни 10 фоиздан 50 фоизгача қайта ишланган ва такомиллаштирилган нашр;

қайта нашр — Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари асосида дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг мазмуни 10 фоизгача қайта ишланган нашр;

тақриз бериш — дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг илмий, услубий, педагогик, психологик жиҳатларини танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқиш, баҳолаш, асосланган хулоса бериш;

тақризчи — дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг илмий, услубий, педагогик, психологик жиҳатларини танқидий нуқтаи-назардан кўриб чиқиб, баҳоловчи ва шу асосда фикр-мулоҳаза ва асосланган хулоса берувчи муайян соҳа мутахассиси;

экспертлар гуруҳи — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг (кейинги ўринларда — Халқ таълими вазирлиги) Республика таълим маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ҳузурида ташкил этиладиган турли фан йўналишлари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни баҳоловчи экспертлардан (мутахассислардан) иборат гуруҳ;

якуний экспертиза — дастлабки экспертиза хулосалари асосида қайта ишланган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этишга рухсат берилиши олдидан якуний текширувдан ўтказиш;

янги нашр — Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари асосида дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг мазмунига киритилган ўзгартиришлар 50 фоиз ва ундан юқори бўлган ва янгидан яратилган нашр.

4. Марказ экспертизадан ўтказиш ва тақриз бериш жараёнини ташкил этиш учун экспертлар гуруҳи ва тақризчиларга зарур шарт-шароитлар яратиб беради.

2-боб. Экспертлар ва тақризчиларга қўйиладиган талаблар

5. Экспертизадан ўтказиш ва тақриз бериш жараёнига қуйидаги талаблардан камида биттасига жавоб берувчи, хусусан:

олий маълумот ва педагогика соҳасида камида беш йиллик иш стажига эга бўлган;

илмий даражага (унвонга) эга бўлган;

таълим соҳасида ютуқларга эришган;

фан йўналишлари бўйича республика кўрик танловларида совринли ўринни эгаллаган мутахассислар жалб этилади.

6. Ҳар бир ўқув фани йўналишида етакчи олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган илмий салоҳиятли соҳа мутахассислари, олимлар, тадқиқотчилардан — 2 нафар, умумий ўрта таълим мактабларида дарс бераётган ўқитувчи ва педагоглардан — 2 нафар, касб-ҳунар таълими тизимида фаолият олиб бораётган педагог ва ўқитувчилардан — 1 нафар, шунингдек, лозим бўлганда бошқа ташкилотлардан қўшимча мутахассислар эксперт сифатида жалб этилади.

7. Имконияти чекланган болалар учун махсус ўқув қўлланмаларини экспертизадан ўтказишга дефектологлар ва тегишли таълим муассасалари мутахассислари жалб этилади.

8. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларга тақриз беришда тегишли фан йўналишида фаолият олиб бораётган илмий соҳа мутахассислари, олимлар ёки тадқиқотчилардан камида бир киши жалб этилади.

9. Экспертизадан ўтказиладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар тузувчиларининг экспертлар гуруҳи таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.

3-боб. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш ва тақриз бериш

10. Қайта нашр этиладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар экспертизадан ўтказилмайди.

11. Марказ экспертизадан ўтказиладиган ва тақриз бериладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертлар гуруҳига ва тақризчиларга расмий хат билан топширади ҳамда унда дарсликлар (ўқув-методик мажмуалар) номи, синфи, махсус код (тузувчи ва нашриётнинг махфийлаштирилган рақами) ва нашр тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ ва бошқа тиллар) кўрсатилади.

12. Марказ хатига қуйидагилар илова қилинади:

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг босма (уч нусхада) ва электрон нусхалари;

умумтаълим фанлари бўйича замонавий дарсликларни яратишга қўйиладиган методологик, дидактик-методик ва эргономик талаблар, шунингдек, Миллий ўқув дастури (уч нусхада).

13. Экспертиза икки босқичда амалга оширилади: дастлабки экспертиза ва якуний экспертиза.

14. Экспертлар дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни дастлабки экспертизадан ўтказиш жараёнида қуйидагиларга эътибор қаратиши лозим:

дарсликларнинг давлат таълим стандарти ва узвийлаштирилган ўқув дастурларига ҳамда ўқув режасида белгиланган дарс соатларига мос келишига;

уларнинг илмий, педагогик ва методик жиҳатдан пухта ишланганлигига;

дарсликнинг мазмунидаги хатоликларга;

ўқув материалининг босқичли кетма-кетлик тамойилида ёритилганлигига;

мавзуларни ёритишда узвийлик ва узлуксизликнинг таъминланганлигига;

тарихий манбалар, саналар ва рақамларнинг тўғрилигига;

дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг тили, ифода услубига;

матбаа сифати ва дизайнининг амалдаги талабларга мос келиши ва замонавийлигига;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар мазмунига жамиятимизда рўй бераётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, миллий қадриятлар, миллий ғоя, маҳаллий материалларнинг сингдирилганлигига;

дарсликда берилган материалларнинг имловий, луғавий (орфографик, стилистик хатоликлар) ва услубий жиҳатдан саводхонлик ҳамда матнларнинг мураккаблик даражасига.

15. Экспертлар гуруҳи ўз ваколати доирасида дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни дастлабки экспертизадан ўтказади ҳамда асосланган хулосалар, тавсиялар ва таклифларни Марказга тақдим этади.

Экспертлар гуруҳи аъзоларининг ҳар бири алоҳида хулоса беради ҳамда умумлаштирилган хулоса тақдим этади.

Зарурат бўлганда, эксперт томонидан қўшимча маълумотлар берилади.

16. Фанлар йўналишидаги синфлар кесимида ҳар бир дарсликни дастлабки экспертизадан ўтказиш учун ўн беш иш куни берилади.

17. Экспертизадан ўтказилаётган ва тақриз берилаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар Халқ таълими вазирлиги томонидан www.eduportal.uz веб-сайтидаги ахборот таълим порталига жойлаштирилади ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, бир ой давомида таклиф ва фикр-мулоҳазалар тўпланади.

18. Экспертлар гуруҳи дастлабки экспертиза бўйича хулосаларни тайёрлашда www.eduportal.uz веб-сайтидаги ҳамда бевосита жамоатчилик томонидан дарсликларнинг сифати бўйича билдирилган асосли фикр-мулоҳазалар, таклифлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

19. Экспертиза хулосалари ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган талабларга риоя қилинмаган ҳолда тақдим этилганда, Марказ бундай экспертиза хулосасини қабул қилмасликка ҳақли.

20. Шартнома тузилган кундан эътиборан экспертлар гуруҳи ва тақризчи томонидан ўн беш иш куни мобайнида умумлаштирилган экспертиза хулосаси ва тақриз тақдим қилинмаган ҳолларда, Марказ бошқа экспертлар гуруҳини ва (ёки) тақризчини жалб қилади ва олдинги шартномаларни бир томонлама бекор қилади.

21. Экспертиза хулосаси ва бериладиган тақризларда уларнинг тайёрланган санаси кўрсатилади.

22. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган талабларга мос келмаган ҳолларда, экспертиза хулосаси ёки тақриз салбий бўлади. Экспертлар гуруҳининг ёки тақризчининг салбий хулосалари етарли даражада асослантирилган ҳолда тақдим этилиши шарт.

23. Экспертлар гуруҳи ва тақризчининг хулосалари икки нусхада имзоланиб, Марказга топширилади. Агар экспертлар гуруҳи хулосаларида келишмовчиликлар юзага келса, кўпчиликнинг овози билан қарор қабул қилинади.

24. Дастлабки экспертиза хулосалари олингандан сўнг уч иш куни ичида Марказ томонидан тегишли нашриётларга (муаллифлар, тузувчиларга) экспертизадан ўтказилаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар қайта ишлаш учун тақдим этилади ва унинг ижроси назоратга олинади. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни қайта ишлаш учун бир ҳафта муддат берилади, янгидан яратилган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар экспертизаси бундан мустасно.

25. Дастлабки экспертиза хулосалари асосида қайта ишланган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар чоп этишга рухсат берилишидан олдин якуний экспертизадан ўтказилади.

26. Ҳар бир дарслик ва ўқув-методик мажмуанинг якуний экспертизаси учун етти иш куни ажратилади.

27. Якуний экспертиза натижалари ва тақризлар Марказ ҳузуридаги Илмий-методик кенгашда муҳокама қилинади.

28. Илмий-методик кенгаш Марказ томонидан тақдим этилган экспертиза хулосалари, тақризлар ҳамда уларни асословчи ҳужжатларни бир ҳафта муддатда кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

Илмий-методик кенгашнинг қарорига мувофиқ:

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар ижобий экспертиза хулосаси ва тақризга асосан чоп этиш учун тавсия этилади. Бунда дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар чоп этилгандан сўнг аниқланган камчилик ва нуқсонлар учун тўлиқ жавобгарлик экспертлар гуруҳи зиммасида бўлади;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар талаб даражасида экспертизадан ўтказилмаган тақдирда, сабаблари кўрсатилган ҳолда қайта экспертизадан ўтказиш учун қайтарилади, бунда қайта экспертиза учун ҳақ тўланмайди.

Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар талаб даражасида экспертизадан ўтказилишига Марказ масъул ҳисобланади.

Экспертиза жараёнини ўтказиш ва экспертиза хулосалари билан боғлиқ шикоятлар Марказ томонидан кўриб чиқилади ва тегишли чоралар кўрилади.

29. Экспертиза натижалари бўйича Илмий-методик кенгашнинг қарори баённома билан расмийлаштирилади ва кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.

30. Экспертиза хулосалари ва тақризлар Марказда беш йил давомида сақланади.

31. Илмий-методик кенгаш аъзоларининг экспертлар гуруҳи таркибига киритилиши тақиқланади.

32. Дарслик, ўқув-методик мажмуа учун битта тақриз берилади ва бир марта ҳақ тўланади.

4-боб. Экспертлар гуруҳи ва тақризчиларнинг хизматлари учун ҳақ тўлаш

33. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш ва тақриз бериш ҳамда экспертлар ва тақризчиларга ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) бюджет ва айланма маблағлари ҳисобидан Марказ учун очилган махсус шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали молиялаштирилади. Бунда:

умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфи учун, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларга таълим берувчи давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 1 — 11-синфлари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар, шунингдек, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ижара асосида бирламчи таъминланадиган дарсликлар ва машқ дафтарлари — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан;

умумий ўрта таълим муассасаларининг ижара асосида таъминланадиган 2 — 11-синф дарсликлари ва машқ дафтарлари — Жамғарманинг айланма маблағлари ҳисобидан қопланади.

34. Келгуси молия йили учун экспертлар ва тақризчилар хизматлари бўйича харажатларнинг прогноз кўрсаткичлари Жамғарма даромадлари ва харажатларининг параметр кўрсаткичлари лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Бунда Марказ прогноз кўрсаткичларини Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг таълим тили, номи, шартли босма табоғи ва синфи кесимида Жамғармага тақдим этади.

35. Марказ тасдиқланган прогноз кўрсаткичлар доирасида харажатлар сметасини тасдиқлайди ва Жамғарма ижро этувчи дирекцияси томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш.

36. Экспертлар ва тақризчилар хизматлари учун тўловлар харажатлар сметаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги орқали амалга оширилади. Бунда экспертлар ва тақризчилар хизматлари бўйича харажатлар Жамғарма томонидан Марказнинг асосланган буюртмасига асосан молиялаштирилади.

37. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш ва тақриз бериш учун жалб этилган мутахассисларга улар билан Марказ ўртасида икки томонлама тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ҳақ тўланади.

38. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш ва тақриз бериш учун жалб этилган мутахассисларга қуйидаги миқдорларда ҳақ тўланади:

экспертлар гуруҳига экспертиза қилинадиган ҳар бир дарслик ва ўқув-методик мажмуанинг бир шартли босма тобоғига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида;

ҳар бир дарслик ва ўқув-методик мажмуа бўйича асосланган тақриз учун тақризчига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида.

Бунда тўланиши лозим бўлган ҳақ экспертлар гуруҳининг хар бир аъзосига тенг улушларда тақсимланади.

Дастлабки ва якуний экспертиза учун алоҳида ҳақ тўланади.

39. Марказ томонидан харажатлар сметасида назарда тутилган маблағларни бошқа мақсадларга сарфлаш тақиқланади.

5-боб. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот ҳамда назорат қилиш

40. Марказ бухгалтерлик ҳисобини юритади ва махсус очилган шахсий ғазна ҳисобварақлари бўйича экспертизадан ўтказиш ва тақриз беришга жалб қилинган мутахассислар учун ажратилган маблағларни тўлайди, солиқ тўловларини амалга оширади ҳамда тегишли ҳисоботлар тузади.

41. Марказ томонидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш ва тақриз бериш харажатлари бўйича ҳисобот ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойининг йигирманчи санасига қадар Жамғарма ижро этувчи дирекциясига тақдим этилади.

42. Жамғарманинг айланма маблағларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш ва тақриз бериш харажатлари бўйича тўғри ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан жавобгарлик Марказга юкланади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

43. Экспертизадан ўтказиш ва тақриз беришга жалб қилинган мутахассислар учун хизмат сафари билан боғлиқ барча тўловлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда асосий иш жойидан тўланади.

44. Экспертлар гуруҳи ва тақризчиларга ҳақ тўлаш учун ажратилган маблағларнинг асосли ва мақсадли сарфланиши Халқ таълими вазирлиги томонидан назорат қилинади.

45. Ушбу Низом билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

46. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг умумтаълим фанлари бўйича дарсликлари ва ўқув-методик мажмуаларини экспертизадан ўтказиш, уларга тақриз бериш ҳамда экспертлар ва тақризчиларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Умумий ўрта таълим мактаблари учун яратиладиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертизадан ўтказиш (тақриз бериш) ва экспертларга (тақризчиларга) ҳақ тўлаш тартиби

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1. Экспертизадан ўтказиладиган (тақриз бериладиган) дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертлар гуруҳига (тақризчиларга) расмий хат билан топшириш ва улар билан шартнома тузиш. 1-босқич Республика таълим маркази — Ишчи орган Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашрга тайёрлаш ишлари бошланишидан 1 ой олдин 1. Шартнома имзолангандан сўнг 15 иш кунида. 1. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни дастлабки экспертизадан ўтказиш. 2-босқич Экспертлар гуруҳи (тақризчилар) 2. Якуний экспертиза хулосалари тақдим этиладиган санада. 2. Якуний экспертиза 3-босқич Халқ таълими вазирлиги Экспертизадан ўтказилаётган (тақриз берилаётган) дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни www.eduportal.uz ахборот таълим порталига жойлаштириш ва кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш. Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашрга тайёрлаш ишлари бошланишидан 1 ой олдин Дастлабки экспертиза хулосалари олингандан кейин 3 кун ичида 4-босқич Республика таълим марказ Дастлабки экспертиза хулосаларини нашриётларга (муаллифлар, тузувчиларга) қайта ишлаш учун тақдим этиш. 5-босқич Республика таълим маркази ва тегишли нашриётлар (муаллифлар, тузувчилар) Дастлабки экспертиза хулосалари асосида дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни қайта ишлаш. Хулосалар олингандан кейин 1 ҳафта ичида 6-босқич Республика таълим маркази — Экспертлар гуруҳи Қайта ишланган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни якуний экспертизадан ўтказиш. 7 кун ичида 7-босқич Республика таълим маркази — Ишчи орган Якуний экспертиза натижалари ва тақризларни Марказ ҳузуридаги Илмий-методик кенгашда муҳокама қилиш ва кенгаш қарори билан Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этиш. Якуний экспертиза натижалари ва тақризлар олингандан кейин 1 ҳафта муддатда 8-босқич Республика таълим маркази ҳузуридаги Илмий методик кенгаш Экспертиза натижалари (тақризлар) ҳамда уларни асословчи ҳужжатларни кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш. 1 ҳафта муддатда 9-босқич Республика таълим маркази Экспертлар гуруҳига (тақризчиларга) ҳақ тўлаш Шартномада белгиланган муддатларда

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 26 февраль,

108-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.02.2021 й., 09/21/108/0163-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

NIZOM

SXEMASI

Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi Respublika taʼlim markazi faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Taʼlim-tarbiya tizimini yanada takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 6-noyabrdagi PQ-4884-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, umumiy oʻrta taʼlim tizimida fanlarni oʻqitish metodikalari, uzluksiz metodik xizmat koʻrsatish tartibi va oʻqituvchilarning kasbiy mahoratini oshirish, taʼlim jarayoniga zamonaviy taʼlim texnologiyalarini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi Respublika taʼlim markazining (keyingi oʻrinlarda — Markaz) asosiy vazifalari etib belgilansin:

umumiy oʻrta taʼlimning davlat taʼlim standarti, tayanch va variativ oʻquv rejalari hamda dasturlarini ishlab chiqish;

Xalq taʼlimi vazirligi buyurtmasiga asosan tuzuvchilarni tanlash hamda darsliklar va oʻqituvchilar uchun metodik qoʻllanmalarning yagona maketlarini yaratish;

yaratilgan darsliklar va oʻqituvchilar uchun metodik qoʻllanmalarni ekspertizadan oʻtkazish, ularni taʼlim tizimida qoʻllash boʻyicha xulosa berish;

oʻquv rejasi, dasturlari, yaratilgan darsliklar va oʻqituvchilar uchun metodik qoʻllanmalarni tajriba-sinovdan oʻtkazish ishlariga rahbarlik qilish;

fanlarni oʻqitish metodikasi va oʻquvchilar bilimlarini baholashning zamonaviy uslublarini ishlab chiqish, shuningdek, taʼlim dasturlarining integratsiyalashuviga asoslangan oʻqitishning fanlararo yondashuvini joriy qilish va bu boradagi ijobiy tajribani umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida ommalashtirish;

umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oʻqitiladigan fanlarni, ayniqsa, birinchi bosqichda matematika, informatika, kimyo, biologiya va oʻzbek tili (ona tili va davlat tili sifatida) fanlari uchun oʻquv-metodik taʼminotni yaxshilash hamda darsliklarning sifatli tayyorlanishini taʼminlash;

oʻquv-tarbiya jarayoniga “STEAM” fanlarini (Science — tabiiy fanlar, Technology — texnologiyalar, Engineering — texnik ijodkorlik, Art — sanʼat, Mathematics — matematika) oʻqitish boʻyicha ilgʻor pedagogik texnologiyalar va boshqa maqbul metodikalarni joriy etish;

Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan baholash mezonlari (KPI) asosida tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimlari fan metodistlari faoliyatining samaradorligini tahlil qilish va ularning reytingini shakllantirish.

2. Belgilab qoʻyilsinki:

2021-yil 1-apreldan boshlab Markaz direktorining mehnatga haq toʻlash shartlariga koʻra bazaviy lavozim maosh miqdorlari oliy taʼlim muassasasi rektoriga, direktorning birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosarlari — oliy taʼlim muassasasi prorektoriga, tarkibiy boʻlinmalar boshliqlari — oliy taʼlim muassasasining fakultet dekaniga, metodistlarining ish haqi miqdori — oliy toifali oʻqituvchining bazaviy tarif stavkasi miqdoriga tenglashtiriladi;

Markaz taʼlim sifatini oshirish maqsadida qoʻshimcha ravishda ishga jalb qilish boʻyicha yuqori malakali mutaxassislar, shu jumladan, xorijiy ekspertlar va xorijda yashaydigan vatandoshlar bilan fuqarolik-huquqiy shartnomalar imzolashi mumkin;

umumiy oʻrta taʼlim muassasalari uchun darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni yaratish, ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berish hamda ekspertlar va taqrizchilarga haq toʻlash xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Respublika maqsadli kitob jamgʻarmasi budjet va aylanma mablagʻlari hisobidan Respublika taʼlim markazi uchun ochilgan maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari orqali moliyalashtiriladi.

3. Quyidagilar Markaz faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari, shu jumladan, davlat ilmiy-texnik dasturlarini amalga oshirish uchun ajratilgan mablagʻlar;

respublika ilmiy-tadqiqot loyiha grantlari;

xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining grantlari;

shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

4. Markazga shartnoma asosida quyidagi xizmatlarni koʻrsatish huquqi berilsin:

xalqaro taʼlim platformalarida mavjud boʻlgan elektron resurslarni, shu jumladan, umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining pedagog kadrlari uchun oʻquv-metodik resurslar, maktab yoshidagi bolalarga moʻljallangan videodarslar, taʼlim bilan bogʻliq oʻyinlar va boshqa mahsulotlarni mahalliylashtirish yoʻnalishida bepul va pulli xizmatlar koʻrsatish;

nodavlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalari tomonidan tavsiya etilgan oʻquv rejasi va dasturlari, darsliklar hamda oʻquv-metodik resurslarni amaliyotda qoʻllash yuzasidan ilmiy xulosalar berish.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:

bir oy muddatda Markazning asosiy vazifalaridan kelib chiqib, uning Nizomi, tuzilmasini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin;

ikki oy muddatda Markaz xodimlarining tarkibini tanqidiy koʻrib chiqib, Markazga yuqori malakali va ilmiy salohiyatli kadrlarni jalb qilsin, bunda besh yildan kam boʻlmagan pedagogik yoki taʼlim sohasidagi boshqaruv organlarida ish stajiga ega boʻlgan mutaxassislarni ishga qabul qilish amaliyotini yoʻlga qoʻysin;

umumiy oʻrta taʼlimning milliy oʻquv dasturi, darslik va oʻquv-metodik majmualar, oʻqitish metodikasi va baholash, zamonaviy taʼlim muhitini tatbiq qilish boʻyicha tajriba-sinov ishlarini tashkil etish maqsadida Toshkent shahridagi umumiy oʻrta taʼlim maktablaridan birining (keyingi oʻrinlarda — tayanch maktab) Markazga biriktirilishini taʼminlasin;

tayanch maktabda STEAM taʼlimi laboratoriyasini tashkil etsin va unda ilgʻor xorijiy davlatlarning taʼlim texnologiyalarini sinovdan oʻtkazish amaliyotini yoʻlga qoʻysin;

Toshkent shahrining, Yakkasaroy tumanidagi, Bobur koʻchasi 9-uy manzilida joylashgan oʻziga tegishli binoning moddiy-texnik holatini davlat-xususiy sheriklik asosida tubdan yaxshilash va unga Markazni joylashtirish choralarini koʻrsin.

6. Quyidagilar:

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari uchun darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqish uchun tuzuvchilarni tanlab olish va tasdiqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining umumtaʼlim fanlari boʻyicha darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertizadan oʻtkazish, ularga taqriz berish hamda ekspertlar va taqrizchilarga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

7. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi:

Qoraqalpogʻiston Respublikasida mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi Respublika oʻquv-metodika markazini belgilangan tartibda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Taʼlim markaziga aylantirsin:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Taʼlim markazining direktori, direktor oʻrinbosari va metodistlarining oylik ish haqlari mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan doimiy ravishda Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi Respublika taʼlim markazi metodistlarining oylik ish haqiga tenglashtirib borilishini taʼminlasin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi mazkur qarorda nazarda tutilgan xarajatlarni moliyalashtirishni 2021-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida, 2022-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev va Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 26-fevraldagi 108-son qaroriga 1-ILOVA

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari uchun darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqish uchun tuzuvchilarni tanlab olish va tasdiqlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom umumiy oʻrta taʼlim muassasalari, jismoniy yoki psixik rivojlanishida nuqsoni boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan maktablar va maktab-internatlarning (keyingi oʻrinlarda — umumiy oʻrta taʼlim muassasalari) barcha sinflari uchun darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqish uchun tuzuvchilarni tanlab olish va tasdiqlash tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

darslik — davlat taʼlim standartlariga muvofiq oʻquv dasturi asosida didaktik, metodik, pedagogik-psixologik, estetik va gigiyenik talablarga javob beradigan, oʻquv fanining mavzulari toʻliq yoritilgan va asoslari mukammal oʻzlashtirilishiga qaratilgan, oʻquv fanining maqsad va vazifalaridan kelib chiqib, taʼlim oluvchilarning yoshi va psixofiziologik xususiyatlarini hisobga olgan holda ishlab chiqiladigan, nazariy maʼlumotlardan tashqari amaliy tajriba va sinov mashqlarini qamrab olgan kitob shaklidagi oʻquv nashri;

tanlov komissiyasi — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Xalq taʼlimi vazirligi) tomonidan tasdiqlanadigan, darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni yaratadigan tuzuvchilar guruhini aniqlash boʻyicha ishlarni muvofiqlashtiruvchi ishchi organ;

tuzuvchi (tuzuvchilar guruhi) — ijodiy mehnati bilan asar yaratadigan jismoniy shaxs yoki jismoniy shaxslar guruhi;

oʻquv-metodik majmua — mashq daftari, oʻqituvchi uchun metodik qoʻllanma, darsliklarning multimediali ilovasidan iborat majmua;

ekspertlar guruhi — Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi Respublika taʼlim markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) huzurida tashkil etiladigan turli fan yoʻnalishlari boʻyicha darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni baholovchi ekspertlardan (mutaxassislardan) iborat guruh.

3. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqish uchun tuzuvchilar tarkibi tanlov asosida shakllantiriladi.

4. Quyidagilar tuzuvchilar tarkibini tanlov asosida shakllantirishning maqsadi hisoblanadi:

oʻquvchilarni takomillashtirilgan davlat taʼlim standartlari, oʻquv rejalari va dasturlari asosida yaratilgan darslik va oʻquv-metodik-majmualar bilan taʼminlash;

Xalq taʼlimi vazirligining buyurtmasi asosida darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqish tizimida raqobat muhitini yaratish, shuningdek, uning ochiqligi va shaffofligini taʼminlash;

darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqish uchun yuqori malakali mutaxassislarni jalb etish, shuningdek, yosh isteʼdodli tuzuvchilar va tuzuvchilar jamoalarini qoʻllab-quvvatlash.

5. Tanlovda taʼlim muassasalari uchun darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni yaratish tajribasiga ega boʻlgan jismoniy shaxslar va yuridik shaxslar, shu jumladan, davlat tashkilotlari hamda ijodiy jamoalar qatnashishi mumkin.

6. Markaz takomillashtirilgan milliy oʻquv dasturlarining bosqichma-bosqich joriy etilishini hisobga olgan holda, tanlov asosida yaratiladigan darsliklar va oʻquv-metodik majmualar roʻyxatini shakllantiradi hamda Xalq taʼlimi vazirligiga tasdiqlash uchun kiritadi.

7. Xalq taʼlimi vazirligi tuzuvchilar tarkibini tanlab olish asosida ishlab chiqish uchun zarur boʻlgan darsliklar va oʻquv-metodik majmualar roʻyxatini koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi.

2-bob. Tanlovni oʻtkazishga tayyorgarlik koʻrish

8. Tuzuvchilar Markaz huzurida tuziladigan tanlov komissiyasi tomonidan tanlab olinadi.

Tanlov komissiyasi aʼzolarining soni (kamida 9 kishi) toq boʻlgan tarkibda tuziladi, uning shaxsiy tarkibi Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.

Tanlov komissiyasi tarkibiga quyidagilar kiritiladi:

Xalq taʼlimi vazirligining vakillari;

ilmiy-pedagogik jamoatchilik vakillari;

yetakchi amaliyotchi oʻqituvchilar, metodik kabinetlar mutaxassislari, ota-onalar qoʻmitasi aʼzolari.

Xalq taʼlimi vaziri yoki uning oʻrinbosarlaridan biri tanlov komissiyasi raisi hisoblanadi.

9. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqish uchun tuzuvchilar tarkibini tanlov asosida shakllantirish va tasdiqlash tartibi ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

10. Tanlov asosida yaratiladigan darsliklar va oʻquv-metodik majmualar roʻyxati Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan tasdiqlangach, tanlov komissiyasi ommaviy axborot vositalarida tanlov oʻtkazilishi toʻgʻrisida eʼlon beradi.

Eʼlon buyurtmalarni qabul qilish muddati tugashidan kamida oʻttiz kun oldin beriladi.

11. Eʼlonda quyidagilar nazarda tutiladi:

talabgorlarning arizasi shakli;

talabgorlarning shaxsiy varaqasi (anketasi) shakli;

umumtaʼlim fanlari boʻyicha zamonaviy darsliklarni yaratishga qoʻyiladigan metodologik, didaktik-metodik va ergonomik talablar;

oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar reja-loyihalari hamda bitta bobning sinov matni;

tanlov takliflarini qabul qilishning oxirgi muddati;

tanlovni oʻtkazish va shartnoma tuzish tartibining tavsifi va muddati;

tanlov toʻgʻrisida qoʻshimcha maʼlumot olish uchun manzil va aloqa telefonlari.

Talabgorlarning arizasi va anketasi shakllari Markaz tomonidan tasdiqlanadi.

12. Talabgorlar tomonidan tanlovda ishtirok etish uchun Markazga ariza bilan birga quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

talabgorlarning shaxsiy varaqasi (anketasi);

darslik va oʻquv-metodik majmuaning maketi;

darslik va oʻquv-metodik majmuaning elektron nusxasi (konvertga muhrlangan holda) joylangan CD-disk;

yuridik shaxs yoki mualliflar jamoasi nomidan tanlovda ishtirok etish huquqini tasdiqlovchi ishonchnoma (agar tanlovda yuridik shaxs yoki mualliflar jamoasi vakili ishtirok etsa).

13. Talabgorlarning tanlov takliflari muhrlangan holda qabul qilinadi. Belgilangan muddatdan keyin taqdim etilgan takliflar koʻrib chiqilmaydi va konvertlar ochilmagan holda talabgorlarga qaytariladi.

Talabgorlarning tomonidan tanlov takliflarining toʻliq boʻlmagan holda taqdim etilishi ham takliflarning koʻrib chiqilmasligi uchun asos boʻladi.

Talabgorlar tanlov takliflarini taqdim etish muddati tugagandan soʻng oʻz takliflariga oʻzgartirish kiritishi yoki qaytarib olishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

14. Buyurtmachining rahbarlari, tanlov komissiyasi va ekspert guruhlarining aʼzolari tanlovda ishtirok etishi mumkin emas.

3-bob. Tanlov orqali tanlab olish shartlari

15. Tanlov takliflarini taqdim etish muddati tugagandan keyin tanlov komissiyasi uch kun ichida tanlov ishtirokchilari guvohligida tanlov takliflari joylangan konvertlarni ochadi.

16. Konvertlar ochilgandan soʻng tanlov komissiyasi tomonidan bayonnoma tuziladi hamda unda quyidagilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar qayd etiladi:

kelib tushgan takliflarning soni;

ishtirokchilar va ularga biriktirilgan kod raqamlari;

tanlovga kiritilmagan talabgorlar roʻyxati va ularning takliflari rad etilishining aniq sabablari.

17. Tanlov komissiyasi tomonidan ilmiy va pedagogik jamoatchilik, olimlar, amaliyotchi oʻqituvchilar, metodistlar va talab etiladigan ixtisoslikning boshqa mutaxassislaridan iborat tarkibda tegishli fanlar boʻyicha fuqarolik-huquqiy shartnomalar asosida jalb qilinadigan ekspert guruhi tuziladi.

Ekspert guruhi tarkibiga darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning ilmiy, uslubiy, pedagogik, psixologik jihatlarini tanqidiy koʻrib chiqib, ekspertizadan oʻtkazish va asoslangan xulosa berish salohiyatiga va tajribasiga ega boʻlgan muayyan soha mutaxassislari kiritiladi.

Ekspert guruhi aʼzolarining tarkibi oshkor qilinmaydi.

Ekspert guruhi tuzuvchilarning taqdim etilgan takliflarini ularning kod raqamlari boʻyicha oʻttiz kundan ortiq boʻlmagan muddatda ekspertizadan oʻtkazadi va asoslangan xulosalarini tanlov komissiyasiga kiritadi.

Ekspertiza jarayonida darsliklar va oʻquv-metodik majmualar quyidagilar yuzasidan oʻrganiladi:

darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning davlat taʼlim standartlariga, oʻquv dasturiga hamda undagi mavzularning oʻquv rejasidagi dars soatlariga muvofiqligi;

mavzular, savol va topshiriqlarning ketma-ketligi va uzviyligi taʼminlanganligi;

mavzularni yoritishda materiallarning ilmiy jihatdan toʻgʻri berilganligi;

darsliklarning oʻquvchilar yoshiga va bilim darajasiga mosligi;

til uslubi, darsliklar materiallarining imlo (orfografik) va uslubiy jihatdan mukammalligi;

matn va illyustratsiyalarning oʻzaro uygʻunligi;

darsliklar materiallarining amaliyot, hayotda yuz berayotgan hodisalar, voqealar va kasbga yoʻnaltirish bilan bogʻliqligi;

darsliklar mavzularini oʻzlashtirish uchun mashqlar, topshiriqlar va amaliy mashgʻulotlarning yetarliligi hamda ularning pedagogik texnologiyalar asosida tuzilganligi.

18. Tanlov komissiyasi ekspert guruhlarining xulosalari asosida gʻoliblarni tanlab olish uchun taqdimnomalarni oʻn kun muddatda Xalq taʼlimi vazirligiga yuboradi.

Tanlov gʻoliblari toʻgʻrisidagi qaror Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan taqdimnomalar kelib tushgandan soʻng oʻn kun muddatda qabul qilinadi.

Tanlov komissiyasi tanlov natijalari toʻgʻrisidagi axborotni tanlov gʻoliblari aniqlangandan soʻng uch kun ichida ommaviy axborot vositalarida eʼlon qiladi.

19. Tanlovda ishtirok etish uchun ariza bergan talabgorlar soni uchtadan kam boʻlganda tanlov oʻtkazilmaydi. Bunda tanlov komissiyasi takroriy tanlov oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

20. Tanlov natijalariga koʻra tuzuvchilar guruhi shakllangandan soʻng ularning tarkibiga shartnoma asosida olimlar, metodistlar va tajribali amaliyotchi oʻqituvchilar jalb qilinishi mumkin.

21. Tuzuvchilarning darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni yaratish boʻyicha faoliyati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Markaz bilan tuziladigan shartnomalar asosida amalga oshiriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

22. Markaz darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni yaratish jarayonlarining tizimli ravishda nazorat qilinishini taʼminlaydi.

23. Tuzuvchilar yoki tuzuvchilar guruhi darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni sifatli va belgilangan muddatda tayyorlash uchun javobgar hisoblanadi.

24. Ushbu Nizom talablarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari uchun darslik va oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqish uchun tuzuvchilarni tanlab olish va tasdiqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqish uchun tuzuvchilarni tanlab olish va tasdiqlash

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 26-fevraldagi 108-son qaroriga 2-ILOVA

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining umumtaʼlim fanlari boʻyicha darsliklar va oʻquv-metodik majmualarini ekspertizadan oʻtkazish, ularga taqriz berish hamda ekspertlar va taqrizchilarga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining umumtaʼlim fanlari boʻyicha darsliklar va oʻquv-metodik majmualarini (keyingi oʻrinlarda — darsliklar va oʻquv-metodik majmualar) ekspertizadan oʻtkazish, ularga taqriz berish hamda ekspertlar va taqrizchilarga haq toʻlash tartibini belgilaydi.

Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertizadan oʻtkazish va ularga taqriz berish hamda ekspertlar va taqrizchilarga haq toʻlash ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.

2. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning sifatini oshirish, raqobatbardoshligini taʼminlash maqsadida ularning mazmuni umumiy oʻrta taʼlimning davlat taʼlim standartlariga, oʻquvchilarning yosh va psixologik xususiyatlariga, ilm-fan yutuqlariga mosligini, shuningdek, taʼlimning tegishli bosqichi uchun oʻquv fanining izchilligi taʼminlanganligini baholash ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berishning asosiy maqsadi hisoblanadi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

dastlabki ekspertiza — darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning original maketini dastlabki tekshiruvdan oʻtkazish;

qayta ishlangan va toʻldirilgan nashr — Davlat taʼlim standartlari, oʻquv dasturlari asosida darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning mazmuni 10 foizdan 50 foizgacha qayta ishlangan va takomillashtirilgan nashr;

qayta nashr — Davlat taʼlim standartlari, oʻquv dasturlari asosida darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning mazmuni 10 foizgacha qayta ishlangan nashr;

taqriz berish — darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning ilmiy, uslubiy, pedagogik, psixologik jihatlarini tanqidiy nuqtai nazardan koʻrib chiqish, baholash, asoslangan xulosa berish;

taqrizchi — darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning ilmiy, uslubiy, pedagogik, psixologik jihatlarini tanqidiy nuqtai-nazardan koʻrib chiqib, baholovchi va shu asosda fikr-mulohaza va asoslangan xulosa beruvchi muayyan soha mutaxassisi;

ekspertlar guruhi — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Xalq taʼlimi vazirligi) Respublika taʼlim markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) huzurida tashkil etiladigan turli fan yoʻnalishlari boʻyicha darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni baholovchi ekspertlardan (mutaxassislardan) iborat guruh;

yakuniy ekspertiza — dastlabki ekspertiza xulosalari asosida qayta ishlangan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni chop etishga ruxsat berilishi oldidan yakuniy tekshiruvdan oʻtkazish;

yangi nashr — Davlat taʼlim standartlari, oʻquv dasturlari asosida darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning mazmuniga kiritilgan oʻzgartirishlar 50 foiz va undan yuqori boʻlgan va yangidan yaratilgan nashr.

4. Markaz ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berish jarayonini tashkil etish uchun ekspertlar guruhi va taqrizchilarga zarur shart-sharoitlar yaratib beradi.

2-bob. Ekspertlar va taqrizchilarga qoʻyiladigan talablar

5. Ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berish jarayoniga quyidagi talablardan kamida bittasiga javob beruvchi, xususan:

oliy maʼlumot va pedagogika sohasida kamida besh yillik ish stajiga ega boʻlgan;

ilmiy darajaga (unvonga) ega boʻlgan;

taʼlim sohasida yutuqlarga erishgan;

fan yoʻnalishlari boʻyicha respublika koʻrik tanlovlarida sovrinli oʻrinni egallagan mutaxassislar jalb etiladi.

6. Har bir oʻquv fani yoʻnalishida yetakchi oliy taʼlim muassasalarida faoliyat olib borayotgan ilmiy salohiyatli soha mutaxassislari, olimlar, tadqiqotchilardan — 2 nafar, umumiy oʻrta taʼlim maktablarida dars berayotgan oʻqituvchi va pedagoglardan — 2 nafar, kasb-hunar taʼlimi tizimida faoliyat olib borayotgan pedagog va oʻqituvchilardan — 1 nafar, shuningdek, lozim boʻlganda boshqa tashkilotlardan qoʻshimcha mutaxassislar ekspert sifatida jalb etiladi.

7. Imkoniyati cheklangan bolalar uchun maxsus oʻquv qoʻllanmalarini ekspertizadan oʻtkazishga defektologlar va tegishli taʼlim muassasalari mutaxassislari jalb etiladi.

8. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarga taqriz berishda tegishli fan yoʻnalishida faoliyat olib borayotgan ilmiy soha mutaxassislari, olimlar yoki tadqiqotchilardan kamida bir kishi jalb etiladi.

9. Ekspertizadan oʻtkaziladigan darsliklar va oʻquv-metodik majmualar tuzuvchilarining ekspertlar guruhi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

3-bob. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berish

10. Qayta nashr etiladigan darsliklar va oʻquv-metodik majmualar ekspertizadan oʻtkazilmaydi.

11. Markaz ekspertizadan oʻtkaziladigan va taqriz beriladigan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertlar guruhiga va taqrizchilarga rasmiy xat bilan topshiradi hamda unda darsliklar (oʻquv-metodik majmualar) nomi, sinfi, maxsus kod (tuzuvchi va nashriyotning maxfiylashtirilgan raqami) va nashr tili (oʻzbek, rus, qoraqalpoq va boshqa tillar) koʻrsatiladi.

12. Markaz xatiga quyidagilar ilova qilinadi:

darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning bosma (uch nusxada) va elektron nusxalari;

umumtaʼlim fanlari boʻyicha zamonaviy darsliklarni yaratishga qoʻyiladigan metodologik, didaktik-metodik va ergonomik talablar, shuningdek, Milliy oʻquv dasturi (uch nusxada).

13. Ekspertiza ikki bosqichda amalga oshiriladi: dastlabki ekspertiza va yakuniy ekspertiza.

14. Ekspertlar darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni dastlabki ekspertizadan oʻtkazish jarayonida quyidagilarga eʼtibor qaratishi lozim:

darsliklarning davlat taʼlim standarti va uzviylashtirilgan oʻquv dasturlariga hamda oʻquv rejasida belgilangan dars soatlariga mos kelishiga;

ularning ilmiy, pedagogik va metodik jihatdan puxta ishlanganligiga;

darslikning mazmunidagi xatoliklarga;

oʻquv materialining bosqichli ketma-ketlik tamoyilida yoritilganligiga;

mavzularni yoritishda uzviylik va uzluksizlikning taʼminlanganligiga;

tarixiy manbalar, sanalar va raqamlarning toʻgʻriligiga;

darslik va oʻquv qoʻllanmalarning tili, ifoda uslubiga;

matbaa sifati va dizaynining amaldagi talablarga mos kelishi va zamonaviyligiga;

darsliklar va oʻquv-metodik majmualar mazmuniga jamiyatimizda roʻy berayotgan siyosiy, ijtimoiy-iqtisodiy oʻzgarishlar, milliy qadriyatlar, milliy gʻoya, mahalliy materiallarning singdirilganligiga;

darslikda berilgan materiallarning imloviy, lugʻaviy (orfografik, stilistik xatoliklar) va uslubiy jihatdan savodxonlik hamda matnlarning murakkablik darajasiga.

15. Ekspertlar guruhi oʻz vakolati doirasida darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni dastlabki ekspertizadan oʻtkazadi hamda asoslangan xulosalar, tavsiyalar va takliflarni Markazga taqdim etadi.

Ekspertlar guruhi aʼzolarining har biri alohida xulosa beradi hamda umumlashtirilgan xulosa taqdim etadi.

Zarurat boʻlganda, ekspert tomonidan qoʻshimcha maʼlumotlar beriladi.

16. Fanlar yoʻnalishidagi sinflar kesimida har bir darslikni dastlabki ekspertizadan oʻtkazish uchun oʻn besh ish kuni beriladi.

17. Ekspertizadan oʻtkazilayotgan va taqriz berilayotgan darsliklar va oʻquv-metodik majmualar Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan www.eduportal.uz veb-saytidagi axborot taʼlim portaliga joylashtiriladi hamda keng jamoatchilik muhokamasiga qoʻyilib, bir oy davomida taklif va fikr-mulohazalar toʻplanadi.

18. Ekspertlar guruhi dastlabki ekspertiza boʻyicha xulosalarni tayyorlashda www.eduportal.uz veb-saytidagi hamda bevosita jamoatchilik tomonidan darsliklarning sifati boʻyicha bildirilgan asosli fikr-mulohazalar, takliflardan ham foydalanishi mumkin.

19. Ekspertiza xulosalari ushbu Nizomning 14-bandida koʻrsatilgan talablarga rioya qilinmagan holda taqdim etilganda, Markaz bunday ekspertiza xulosasini qabul qilmaslikka haqli.

20. Shartnoma tuzilgan kundan eʼtiboran ekspertlar guruhi va taqrizchi tomonidan oʻn besh ish kuni mobaynida umumlashtirilgan ekspertiza xulosasi va taqriz taqdim qilinmagan hollarda, Markaz boshqa ekspertlar guruhini va (yoki) taqrizchini jalb qiladi va oldingi shartnomalarni bir tomonlama bekor qiladi.

21. Ekspertiza xulosasi va beriladigan taqrizlarda ularning tayyorlangan sanasi koʻrsatiladi.

22. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualar ushbu Nizomning 14-bandida koʻrsatilgan talablarga mos kelmagan hollarda, ekspertiza xulosasi yoki taqriz salbiy boʻladi. Ekspertlar guruhining yoki taqrizchining salbiy xulosalari yetarli darajada asoslantirilgan holda taqdim etilishi shart.

23. Ekspertlar guruhi va taqrizchining xulosalari ikki nusxada imzolanib, Markazga topshiriladi. Agar ekspertlar guruhi xulosalarida kelishmovchiliklar yuzaga kelsa, koʻpchilikning ovozi bilan qaror qabul qilinadi.

24. Dastlabki ekspertiza xulosalari olingandan soʻng uch ish kuni ichida Markaz tomonidan tegishli nashriyotlarga (mualliflar, tuzuvchilarga) ekspertizadan oʻtkazilayotgan darsliklar va oʻquv-metodik majmualar qayta ishlash uchun taqdim etiladi va uning ijrosi nazoratga olinadi. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni qayta ishlash uchun bir hafta muddat beriladi, yangidan yaratilgan darsliklar va oʻquv-metodik majmualar ekspertizasi bundan mustasno.

25. Dastlabki ekspertiza xulosalari asosida qayta ishlangan darsliklar va oʻquv-metodik majmualar chop etishga ruxsat berilishidan oldin yakuniy ekspertizadan oʻtkaziladi.

26. Har bir darslik va oʻquv-metodik majmuaning yakuniy ekspertizasi uchun yetti ish kuni ajratiladi.

27. Yakuniy ekspertiza natijalari va taqrizlar Markaz huzuridagi Ilmiy-metodik kengashda muhokama qilinadi.

28. Ilmiy-metodik kengash Markaz tomonidan taqdim etilgan ekspertiza xulosalari, taqrizlar hamda ularni asoslovchi hujjatlarni bir hafta muddatda koʻrib chiqadi va tegishli qaror qabul qiladi.

Ilmiy-metodik kengashning qaroriga muvofiq:

darsliklar va oʻquv-metodik majmualar ijobiy ekspertiza xulosasi va taqrizga asosan chop etish uchun tavsiya etiladi. Bunda darsliklar va oʻquv-metodik majmualar chop etilgandan soʻng aniqlangan kamchilik va nuqsonlar uchun toʻliq javobgarlik ekspertlar guruhi zimmasida boʻladi;

darsliklar va oʻquv-metodik majmualar talab darajasida ekspertizadan oʻtkazilmagan taqdirda, sabablari koʻrsatilgan holda qayta ekspertizadan oʻtkazish uchun qaytariladi, bunda qayta ekspertiza uchun haq toʻlanmaydi.

Darsliklar va oʻquv-metodik majmualar talab darajasida ekspertizadan oʻtkazilishiga Markaz masʼul hisoblanadi.

Ekspertiza jarayonini oʻtkazish va ekspertiza xulosalari bilan bogʻliq shikoyatlar Markaz tomonidan koʻrib chiqiladi va tegishli choralar koʻriladi.

29. Ekspertiza natijalari boʻyicha Ilmiy-metodik kengashning qarori bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi va kengash raisi tomonidan tasdiqlanadi.

30. Ekspertiza xulosalari va taqrizlar Markazda besh yil davomida saqlanadi.

31. Ilmiy-metodik kengash aʼzolarining ekspertlar guruhi tarkibiga kiritilishi taqiqlanadi.

32. Darslik, oʻquv-metodik majmua uchun bitta taqriz beriladi va bir marta haq toʻlanadi.

4-bob. Ekspertlar guruhi va taqrizchilarning xizmatlari uchun haq toʻlash

33. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berish hamda ekspertlar va taqrizchilarga haq toʻlash xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Respublika maqsadli kitob jamgʻarmasining (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) budjet va aylanma mablagʻlari hisobidan Markaz uchun ochilgan maxsus shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari orqali moliyalashtiriladi. Bunda:

umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 1-sinfi uchun, jismoniy, aqliy, sensor (sezgi) yoki ruhiy nuqsonlari boʻlgan hamda uzoq vaqt davolanishga muhtoj boʻlgan bolalarga taʼlim beruvchi davlat ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarining 1 — 11-sinflari uchun darsliklar va oʻquv-metodik majmualar, shuningdek, oʻqituvchilar uchun metodik qoʻllanmalar ijara asosida birlamchi taʼminlanadigan darsliklar va mashq daftarlari — Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan;

umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining ijara asosida taʼminlanadigan 2 — 11-sinf darsliklari va mashq daftarlari — Jamgʻarmaning aylanma mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

34. Kelgusi moliya yili uchun ekspertlar va taqrizchilar xizmatlari boʻyicha xarajatlarning prognoz koʻrsatkichlari Jamgʻarma daromadlari va xarajatlarining parametr koʻrsatkichlari loyihasini ishlab chiqish va tasdiqlash bilan bogʻliq holda amalga oshiriladi. Bunda Markaz prognoz koʻrsatkichlarini Xalq taʼlimi vazirligi bilan kelishgan holda, darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning taʼlim tili, nomi, shartli bosma tabogʻi va sinfi kesimida Jamgʻarmaga taqdim etadi.

35. Markaz tasdiqlangan prognoz koʻrsatkichlar doirasida xarajatlar smetasini tasdiqlaydi va Jamgʻarma ijro etuvchi direksiyasi tomonidan belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazish.

36. Ekspertlar va taqrizchilar xizmatlari uchun toʻlovlar xarajatlar smetasi doirasida Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Gʻaznachiligi orqali amalga oshiriladi. Bunda ekspertlar va taqrizchilar xizmatlari boʻyicha xarajatlar Jamgʻarma tomonidan Markazning asoslangan buyurtmasiga asosan moliyalashtiriladi.

37. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berish uchun jalb etilgan mutaxassislarga ular bilan Markaz oʻrtasida ikki tomonlama tuziladigan fuqarolik-huquqiy shartnomalar asosida haq toʻlanadi.

38. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berish uchun jalb etilgan mutaxassislarga quyidagi miqdorlarda haq toʻlanadi:

ekspertlar guruhiga ekspertiza qilinadigan har bir darslik va oʻquv-metodik majmuaning bir shartli bosma tobogʻiga bazaviy hisoblash miqdorining uch baravari miqdorida;

har bir darslik va oʻquv-metodik majmua boʻyicha asoslangan taqriz uchun taqrizchiga bazaviy hisoblash miqdorining uch baravari miqdorida.

Bunda toʻlanishi lozim boʻlgan haq ekspertlar guruhining xar bir aʼzosiga teng ulushlarda taqsimlanadi.

Dastlabki va yakuniy ekspertiza uchun alohida haq toʻlanadi.

39. Markaz tomonidan xarajatlar smetasida nazarda tutilgan mablagʻlarni boshqa maqsadlarga sarflash taqiqlanadi.

5-bob. Buxgalteriya hisobi va hisobot hamda nazorat qilish

40. Markaz buxgalterlik hisobini yuritadi va maxsus ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari boʻyicha ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berishga jalb qilingan mutaxassislar uchun ajratilgan mablagʻlarni toʻlaydi, soliq toʻlovlarini amalga oshiradi hamda tegishli hisobotlar tuzadi.

41. Markaz tomonidan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berish xarajatlari boʻyicha hisobot har chorakda hisobot davridan keyingi oyining yigirmanchi sanasiga qadar Jamgʻarma ijro etuvchi direksiyasiga taqdim etiladi.

42. Jamgʻarmaning aylanma mablagʻlaridan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berish xarajatlari boʻyicha toʻgʻri va maqsadli foydalanilishi yuzasidan javobgarlik Markazga yuklanadi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

43. Ekspertizadan oʻtkazish va taqriz berishga jalb qilingan mutaxassislar uchun xizmat safari bilan bogʻliq barcha toʻlovlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda asosiy ish joyidan toʻlanadi.

44. Ekspertlar guruhi va taqrizchilarga haq toʻlash uchun ajratilgan mablagʻlarning asosli va maqsadli sarflanishi Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan nazorat qilinadi.

45. Ushbu Nizom bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

46. Ushbu Nizom talablarini buzganlikda aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining umumtaʼlim fanlari boʻyicha darsliklari va oʻquv-metodik majmualarini ekspertizadan oʻtkazish, ularga taqriz berish hamda ekspertlar va taqrizchilarga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Umumiy oʻrta taʼlim maktablari uchun yaratiladigan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertizadan oʻtkazish (taqriz berish) va ekspertlarga (taqrizchilarga) haq toʻlash tartibi

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1. Ekspertizadan oʻtkaziladigan (taqriz beriladigan) darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni ekspertlar guruhiga (taqrizchilarga) rasmiy xat bilan topshirish va ular bilan shartnoma tuzish. 1-bosqich Respublika taʼlim markazi — Ishchi organ Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni nashrga tayyorlash ishlari boshlanishidan 1 oy oldin 1. Shartnoma imzolangandan soʻng 15 ish kunida. 1. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni dastlabki ekspertizadan oʻtkazish. 2-bosqich Ekspertlar guruhi (taqrizchilar) 2. Yakuniy ekspertiza xulosalari taqdim etiladigan sanada. 2. Yakuniy ekspertiza 3-bosqich Xalq taʼlimi vazirligi Ekspertizadan oʻtkazilayotgan (taqriz berilayotgan) darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni www.eduportal.uz axborot taʼlim portaliga joylashtirish va keng jamoatchilik muhokamasiga qoʻyish. Darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni nashrga tayyorlash ishlari boshlanishidan 1 oy oldin Dastlabki ekspertiza xulosalari olingandan keyin 3 kun ichida 4-bosqich Respublika taʼlim markaz Dastlabki ekspertiza xulosalarini nashriyotlarga (mualliflar, tuzuvchilarga) qayta ishlash uchun taqdim etish. 5-bosqich Respublika taʼlim markazi va tegishli nashriyotlar (mualliflar, tuzuvchilar) Dastlabki ekspertiza xulosalari asosida darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni qayta ishlash. Xulosalar olingandan keyin 1 hafta ichida 6-bosqich Respublika taʼlim markazi — Ekspertlar guruhi Qayta ishlangan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni yakuniy ekspertizadan oʻtkazish. 7 kun ichida 7-bosqich Respublika taʼlim markazi — Ishchi organ Yakuniy ekspertiza natijalari va taqrizlarni Markaz huzuridagi Ilmiy-metodik kengashda muhokama qilish va kengash qarori bilan Muvofiqlashtiruvchi kengashga taqdim etish. Yakuniy ekspertiza natijalari va taqrizlar olingandan keyin 1 hafta muddatda 8-bosqich Respublika taʼlim markazi huzuridagi Ilmiy metodik kengash Ekspertiza natijalari (taqrizlar) hamda ularni asoslovchi hujjatlarni koʻrib chiqish va tegishli qaror qabul qilish. 1 hafta muddatda 9-bosqich Respublika taʼlim markazi Ekspertlar guruhiga (taqrizchilarga) haq toʻlash Shartnomada belgilangan muddatlarda

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 26-fevral,

108-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.02.2021-y., 09/21/108/0163-son)

lex.uz