📅 2021-yil 13-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 13-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 13 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 марта 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 March 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
МИНИМАЛ ТАЛАБЛАР
РЎЙХАТИ
СХЕМАСИ
Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат ташкилотлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини ўрта ва қуйи бўғиндаги масъул ходимларга етказиш орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мунтазам равишда ошириб бориш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ижрочиларга тўлиқ етказилмаётганлиги оқибатида уларда назарда тутилган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим топшириқ ва вазифаларнинг ижроси айрим ҳолларда етарли даражада таъминланмасдан қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида » 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон ҳамда « Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида » 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон фармонлари ижроси юзасидан, шунингдек давлат бошқаруви органлари ва барча даражалардаги ҳокимликлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини доимий равишда мониторинг қилиш ҳамда баҳолашни жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда — Адлия вазирлиги) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидан фойдаланган ҳолда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари) ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича ўқитиш ва баҳолаб бориш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
а) давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидаги «Давлат ташкилоти ходимларини синовдан ўтказиш модули» орқали Адлия вазирлиги томонидан тайёрланадиган ҳуқуқий саводхонликка оид ўқув дастури бўйича ўқув машғулоти материалларини мустақил ўзлаштириб бориш йўли билан амалга оширилади;
б) давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш (тест синовлари орқали) ҳар уч йилда бир марта Адлия вазирлиги томонидан тегишли давлат ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган режа-график асосида ташкил этилади;
в) давлат ташкилотлари раҳбарлари ўз ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги мунтазам равишда ошириб борилишини таъминлашга шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади;
г) Адлия вазирлиги томонидан давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш якунлари бўйича умумий натижалар пухта таҳлил қилинган ҳолда, унинг доимий мониторинги юритилади. Бунда, мониторинг натижалари юзасидан:
юқори натижани қайд этган давлат ташкилотларининг ижобий тажрибаларини бошқа давлат ташкилотлари фаолиятига ҳам жорий этиш ва паст кўрсаткич сабабларини бартараф этиш бўйича услубий кўрсатмалар ҳамда таклифлар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотлари фаолиятига татбиқ этиш чоралари кўрилади;
давлат ташкилотларига баҳолашдан ўтмаган ходимларнинг ўқитилиши ва қайта баҳолашдан ўтказилишига оид кўрсатма беради;
давлат ташкилотларининг ходимларни ўқитиш тизимини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотларига юборилади;
д) Адлия вазирлиги томонидан давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигига баҳолаш ўтказилган йилнинг якунлари бўйича таҳлилий маълумот киритиб борилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
2021 йил 1 майга қадар ўқув машғулотларини ташкил этиш учун зарур ўқув дастури, материаллар ва тест саволлари базасини шакллантирсин ҳамда электрон платформага жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этсин;
давлат ташкилотлари томонидан давлат ташкилотлари ходимларининг электрон платформа асосида мустақил равишда ўқитишнинг ташкил этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириб борсин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан биргаликда алоҳида режа-графиклар асосида давлат ташкилотлари ходимларининг баҳолашдан ўтказилишини таъминлаб борсин;
2022 йил 1 январга қадар давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини 2021 йил якунлари бўйича баҳолаш натижалари пухта таҳлил қилинган ҳолда, мазкур тизимни янада такомиллаштириш юзасидан асослантирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
давлат ташкилотларида ходимларни ўқитиш ва баҳолашдан ўтказиш ишларини ташкил этишда доимий равишда давлат ташкилотларига услубий жиҳатдан кўмаклашиб борсин.
4. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тоифасига кирмайдиган бошқа давлат ташкилотлари, шу жумладан устав фондида (капиталида) давлат улуши миқдори 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга мазкур тизим асосида ўз ходимлари ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича ўқитиш ва баҳолаш тавсия этилсин. Бунда, мазкур ташкилотлар ходимлари ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича ўқитиш ва баҳолаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан келишилган ҳолда шартнома асосида амалга оширилади.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 мартдаги 134-сон қарорига ИЛОВА
Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари) ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ва баҳолаш (кейинги ўринларда — баҳолаш) тартибини белгилайди.
2. Давлат ташкилотлари ходимлари ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги бўйича қўйиладиган минимал талаблар (кейинги ўринларда — минимал талаблар) асосида шакллантириладиган тест синовлари орқали баҳоланади.
3. Мазкур Низомнинг талаблари унга 2-иловада келтирилган Ҳуқуқий саводхонлик даражаси баҳолашдан ўтказиладиган давлат ташкилотлари ходимлари тоифасининг рўйхатида кўрсатилган ходимларга (давлат ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари, шунингдек бошқа олий юридик маълумотли ходимлари бундан мустасно) нисбатан татбиқ этилади.
4. Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш (тест синовлари орқали) ҳар уч йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тегишли давлат ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган режа-график асосида ташкил этилади.
5. Давлат ташкилотларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган иш стажига эга бўлмаган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб ўн икки ой ўтгач мазкур Низомда белгиланган тартибда баҳолашдан ўтказилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўқув машғулотларини ташкил этиш учун зарур ўқув дастури, материаллар ва тест саволлари базасини шакллантиради ҳамда электрон платформага жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигига тақдим этади.
7. Давлат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан электрон платформага жойлаштирилган ўқув материаллари асосида ўз ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича мустақил равишда ўқишларини таъминлайди. Бунда, давлат ташкилотлари раҳбарлари ўз ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги мунтазам равишда ошириб борилишини таъминлашга шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.
8. Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича ўқитиш ва баҳолаш Адлия вазирлигининг тегишли давлат ташкилотлари билан келишилган тартибда тасдиқлайдиган режа-графиги асосида амалга оширилади.
2-боб. Баҳолашнинг мақсади ва асосий вазифалари
9. Баҳолашнинг мақсади — давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини аниқлаш, уларнинг ўз фаолиятида зарур бўладиган ҳуқуқий билим ва кўникмаларга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда уларда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришдан иборат.
10. Баҳолашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
давлат ташкилотлари ходимларининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлардан хабардорлиги даражасини аниқлаш ва бу борадаги билимларини мунтазам ошириб бориш;
давлат ташкилотлари ходимлари томонидан ўз фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;
давлат ташкилотлари ходимлари томонидан ноқонуний қарорлар қабул қилиниши, шунингдек ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш;
давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини баҳолаш орқали унинг натижаларини доимий равишда мониторинг қилиб бориш.
3-боб. Баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш
11. Давлат ташкилотлари ходимларини ҳуқуқий саводхонликнинг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
12. Давлат ташкилотлари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидаги «Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули» — махсус тест тизимида реал вақт режимида (онлайн) тест синовидан ўтказиш орқали баҳоланади.
13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда — Адлия вазирлиги) тегишли давлат ташкилотлари билан биргаликда ходимларни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимидан фойдаланиш ва уни бошқаришга оид ташкилий-техник тадбирларни амалга оширади.
14. Давлат ташкилотлари баҳолаш ўтказиладиган йилнинг тегишлича 1 март ва 1 сентябрь саналарига қадар ўқитилиши ва баҳолашдан ўтиши лозим бўлган ходимлар рўйхатини тасдиқлайди ҳамда уни Адлия вазирлигига тақдим қилади.
15. Адлия вазирлиги томонидан давлат ташкилотлари тақдим этган рўйхатга мувофиқ ишлаб чиқилган режа-график асосида давлат ташкилотлари ходимларини баҳолашдан ўтказиш вақти белгиланади ҳамда бу ҳақда уч кун муддат ичида давлат ташкилотларига хабар берилади.
16. Давлат ташкилотлари (уларнинг ҳудудий бўлинмалари) хабар олинган кундан бошлаб бир кун муддат ичида ходимларни баҳолашдан ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади.
17. Баҳолаш бевосита давлат ташкилотлари (уларнинг ҳудудий бўлинмалари) маъмурий биноси ёки бошқа бинолардаги алоҳида жиҳозланган хонада ўтказилади.
18. Давлат ташкилоти ходими Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган компьютер орқали тест синовини топшириш учун махсус электрон манзилда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини киритган ҳолда рўйхатдан ўтади ва тест синовини адлия органи ходимлари иштирокида реал вақт режимида (онлайн) видеокузатув орқали алоҳида хонада, белгиланган кунда ва соатда бажаради.
Ходимнинг тест синовларида махсус ёки бошқа адабиётлардан, шунингдек ўзга манбалардан ҳамда бошқа шахслар ёрдамидан фойдаланиши тақиқланади. Кўрсатиб ўтилган талаблар бузилган тақдирда ходим баҳолашдан ўтмаган деб ҳисобланади.
19. Баҳолашда узрли сабаб билан (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши, меҳнат таътили ёки хизмат сафарида бўлиши каби) иштирок этмаган давлат ташкилотлари ходимлари навбатдаги баҳолашга қўйиладиган ходимлар рўйхатига киритилади.
20. Адлия вазирлиги минимал талаблар доирасида тест саволлари базасини шакллантиради ҳамда уни қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалардан келиб чиқиб, заруратга кўра янгилаб боради.
Бунда, тест саволлари базаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимига фойдаланиш учун очиқ ҳолда юкланади.
21. Тест саволлари:
минимал талаблар доирасида тузилиши;
давлат ташкилотларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилиши;
коллизион нормаларга оид бўлмаслиги;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилинган санаси, рақами, унинг тегишли моддаси, қисми ва (ёки) бандининг тартиб рақамини билишни талаб этмаслиги;
бир-бирига яқин бир нечта вариантлардан ташкил топган бўлмаслиги;
аниқ, содда ва равон тилда бўлиши лозим.
22. Ҳар бир ходим томонидан 40 та тест саволи бажарилади. Бунинг учун жами 50 дақиқа вақт ажратилади. Ҳар бир тўғри жавоб 2,5 баллдан баҳоланади.
23. Баҳолаш натижалари қуйидагича аниқланади:
аъло — 86 балл ва ундан юқори;
яхши — 71 баллдан 85 баллгача;
қониқарли — 56 баллдан 70 баллгача;
қониқарсиз — 0 баллдан 55 баллгача.
Давлат ташкилоти ходими қониқарсиз натижани қайд этган тақдирда, баҳолашдан ўтмаган деб ҳисобланади.
24. Баҳолашдан муваффақиятли ўтган давлат ташкилотлари ходимларининг шахсий кабинетига электрон тарзда QR код орқали тасдиқланган маълумот баҳолаш натижалари чиқиши билан дарҳол юборилади.
25. Баҳолашдан ўтмаган давлат ташкилотлари ходимлари давлат ташкилотлари томонидан ўқитилади ҳамда навбатдаги баҳолашга қўйилган ходимлар рўйхатига киритилади ва қайта баҳолашдан ўтказилади.
26. Давлат ташкилотлари (уларнинг ҳудудий бўлинмалари) баҳолаш натижаларини тест ўтказилган кундан эътиборан бир иш куни ичида Адлия вазирлигига (ҳудудий адлия органига) тақдим этади.
27. Баҳолаш натижаларини умумлаштириш, таҳлил қилиш ва унинг доимий мониторингини юритиш Адлия вазирлиги томонидан қуйидагича амалга оширилади:
баҳолаш натижалари бўйича кўрсаткичлар ҳудудлар ҳамда давлат ташкилотлари кесимида таҳлил қилинади;
энг юқори кўрсаткичга эга бўлган давлат ташкилотлари ва ҳудудларнинг ижобий тажрибалари ўрганилади;
энг паст кўрсаткич қайд этган давлат ташкилотлари ва ҳудудларнинг муаммолари ҳамда сабаблари таҳлил қилинади.
28. Адлия вазирлиги томонидан мониторинг натижалари юзасидан:
юқори натижани қайд этган давлат ташкилотларининг ижобий тажрибаларини бошқа давлат ташкилотлари фаолиятига ҳам жорий этиш ва паст кўрсаткич сабабларини бартараф этиш бўйича услубий кўрсатмалар ҳамда таклифлар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотлари фаолиятига татбиқ этиш чоралари кўрилади;
давлат ташкилотларига баҳолашдан ўтмаган ходимларнинг ўқитилиши ва қайта баҳолашдан ўтказилишига оид кўрсатма беради;
давлат ташкилотларининг ходимларни ўқитиш тизимини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотларига юборилади.
Ҳудудлар кесимида баҳолаш натижаларини мониторинг қилиш мазкур Низомда белгиланган тартибда ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади. Бунда:
Адлия вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари мониторинг натижаларини баҳолаш ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 10-санасигача тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига тақдим этади;
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари мониторинг натижаларини баҳолаш ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 15-санасигача умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.
29. Адлия вазирлиги давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигига баҳолаш ўтказилган йилнинг якунлари бўйича таҳлилий маълумот киритиб боради.
4-боб. Баҳолаш натижалари юзасидан шикоят қилиш тартиби
30. Ходимнинг баҳолаш натижалари юзасидан апелляция шикояти натижалар эълон қилинганидан сўнг беш иш куни давомида у ишлаётган давлат ташкилоти томонидан кўриб чиқилиб, Адлия вазирлигига (ҳудудий адлия органига) юборилади.
31. Баҳолаш натижаларидан норози бўлган ходимларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун Адлия вазирлиги (ҳудудий адлия органи) томонидан беш кишидан иборат таркибда апелляция комиссияси тузилади.
32. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини у тушган санадан бошлаб ўн кун мобайнида кўриб чиқади ва апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарорини бундай шикоятни йўллаган ташкилотга юборади.
33. Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
шикоятни асосланган деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантириш;
шикоятни асоссиз деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантиришни рад этиш.
34. Давлат ташкилоти ходимлари апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
5-боб. Якунловчи қоидалар
35. Баҳолашни ўтказиш ва унинг натижалари билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
36. Мазкур Низом қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги бўйича қўйиладиган
Т/р Давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича қўйиладиган талаблар I. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек айрим соҳаларни тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган нормалар бўйича 1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган Конституция ва қонунларнинг устунлиги, хусусий мулк ҳимояси, инсон ва фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатлари ҳамда бурчларига оид нормалар 2. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари 3. Коррупцияга қарши курашиш ва коррупцияга йўл қўйганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари 4. Давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари 5. Тегишли соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари II. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича 6. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қарши ҳуқуқбузарликлар 7. Аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар 8. Мулкка қарши ҳуқуқбузарликлар 9. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар 10. Транспортдаги, йўл хўжалиги ва алоқа соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар 11. Савдо, тадбиркорлик ва молия соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар 12. Одил судловга қарши ҳуқуқбузарликлар 13. Жамоат тартибига қарши ҳуқуқбузарликлар 14. Бошқарувнинг белгиланган тартибига қарши ҳуқуқбузарликлар 15. Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига қарши бошқа ҳуқуқбузарликлар III. Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича 16. Ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли жиноятлар 17. Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар 18. Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар 19. Иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар 20. Хўжалик фаолияти соҳасидаги жиноятлар 21. Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар 22. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар 23. Одил судловга қарши жиноятлар 24. Жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар 25. Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар 26. Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар IV. Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бўйича 27. Меҳнат шартномаси, уни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш асослари 28. Иш вақти ва дам олиш вақти 29. Меҳнат интизоми, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ва меҳнат хавфсизлиги стандартлари 30. Меҳнатга ҳақ тўлаш, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари 31. Меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги 32. Мажбурий меҳнатга тақиқлар V. Давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича қўйиладиган бошқа талаблар 33. Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz) билан эркин ишлай олиш, шу жумладан, керакли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни топиш кўникмасига эга бўлиш.
Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ҳуқуқий саводхонлик даражаси баҳолашдан ўтказиладиган давлат ташкилотлари ходимлари тоифасининг
Т/р Ходимлар тоифаси I. Давлат бошқаруви органлари бўйича 1. Давлат бошқаруви органларининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бошқа бошқарув ходимлари 2. Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бошқа бошқарув ходимлари 3. Давлат бошқаруви органлари тизимидаги бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бошқа бошқарув ходимлари II. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бўйича 4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, шунингдек туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари 5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туман (шаҳар) ҳокимликлари таркибий бўлинмалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқа бошқарув ходимлари
Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Давлат ташкилотлари ходимларини ҳуқуқий саводхонликнинг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш
Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Муддат 1-босқич Давлат ташкилоти Ўқитиладиган ва баҳолашдан ўтказиладиган ходимлар рўйхатини тасдиқлаш ва уни Адлия вазирлигига тақдим қилиш. Баҳолаш ўтказиладиган йилнинг тегишлича 1 март ва 1 сентябрь саналарига қадар Адлия вазирлиги Рўйхатга мувофиқ давлат ташкилоти билан келишилган ҳолда ходимларни ўқитиш ва баҳолашни ташкил этиш бўйича режа-график ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2-босқич Адлия вазирлиги (ҳудудий адлия органи) Режа-графикни давлат ташкилотига юборган ҳолда ходимларни ўқитиш ва баҳолашдан ўтказиш вақти ҳақида хабар бериш. Режа-график ишлаб чиқилгандан сўнг 3 кун ичида 3-босқич Давлат ташкилоти (унинг ҳудудий бўлинмаси) Баҳолашдан ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ходимларни хабардор қилиш. Хабар олинган кундан бошлаб 1 кун ичида 4-босқич Давлат ташкилоти (унинг ҳудудий бўлинмаси) Ходимларининг ҳуқуқий саводхонликни ошириб бориш бўйича электрон платформада мустақил равишда ўқишларини таъминлаш. Режа-график асосида 5-босқич Адлия вазирлиги (ҳудудий адлия органи), Давлат ташкилоти (унинг ҳудудий бўлинмаси) 1. Баҳолаш (тест синови)ни ташкил қилиш ва ўтказиш. Режа-график асосида 2. Баҳолаш (тест синови) натижалари тўғрисида ходимларни уларнинг шахсий кабинетига маълумот юбориш орқали хабардор қилинишини таъминлаш. Баҳолаш натижалари чиқиши билан дарҳол 6-босқич Давлат ташкилоти (унинг ҳудудий бўлинмаси) Баҳолаш (тест синови) натижаларини Адлия вазирлиги (ҳудудий адлия органи)га тақдим этиш. Баҳолаш ўтказилган кундан бошлаб 1 иш куни ичида 7-босқич Адлия вазирлиги 1. Баҳолашнинг умумий натижаларини таҳлил қилиш ва унинг мониторингини юритиш. Бунда: юқори натижани қайд этган давлат ташкилотларининг ижобий тажрибаларини бошқа давлат ташкилотлари фаолиятига ҳам жорий этиш ва паст кўрсаткич сабабларини бартараф этиш бўйича услубий кўрсатмалар ҳамда таклифлар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотлари фаолиятига татбиқ этиш чоралари кўрилади; давлат ташкилотларига баҳолашдан ўтмаган ходимларнинг ўқитилиши ва қайта баҳолашдан ўтказилишига оид кўрсатма берилади; давлат ташкилотларининг ходимларни ўқитиш тизимини кучайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади ва давлат ташкилотларига юборилади. Мунтазам Ҳудудий адлия органи 2. Ҳудудий адлия органи томонидан тегишли ҳудуддаги давлат ташкилотлари ходимларини баҳолаш натижалари таҳлил қилиниб, маълумотлар Адлия вазирлигига тақдим этилади. Баҳолаш ўтказилган ойдан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Адлия вазирлиги 3. Ҳуқуқий саводхонликни баҳолаш натижалари юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигига таҳлилий ахборот киритиб бориш. Йил якуни бўйича
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 13 март,
134-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
MINIMAL TALABLAR
ROʻYXATI
SXEMASI
Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Mamlakatimizda soʻnggi yillarda davlat tashkilotlari faoliyatida qonuniylikni taʼminlash, qonunchilik hujjatlari mazmun-mohiyatini oʻrta va quyi boʻgʻindagi masʼul xodimlarga yetkazish orqali ularning huquqiy savodxonligini muntazam ravishda oshirib borish borasida tizimli ishlar amalga oshirildi.
Shu bilan birga, qabul qilingan qonunchilik hujjatlarining mazmun-mohiyati ijrochilarga toʻliq yetkazilmayotganligi oqibatida ularda nazarda tutilgan aholining turmush sharoitini yaxshilash, fuqarolarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilishga qaratilgan muhim topshiriq va vazifalarning ijrosi ayrim hollarda yetarli darajada taʼminlanmasdan qolmoqda.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Davlat huquqiy siyosatini amalga oshirishda adliya organlari va muassasalari faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2020-yil 19-maydagi PF-5997-son hamda “ Qonunchilik hujjatlari ijrosini samarali tashkil etishda davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlarining shaxsiy javobgarligini kuchaytirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ” 2021-yil 10-fevraldagi PF-6166-son farmonlari ijrosi yuzasidan, shuningdek davlat boshqaruvi organlari va barcha darajalardagi hokimliklar xodimlarining huquqiy savodxonlik darajasini doimiy ravishda monitoring qilish hamda baholashni joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Adliya vazirligi) va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat xizmatini rivojlantirish agentligining Davlat xizmatining yagona elektron-axborot tahlil tizimidan foydalangan holda davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari (keyingi oʻrinlarda — davlat tashkilotlari) xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini oshirish boʻyicha oʻqitish va baholab borish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini oshirish va baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
a) davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini oshirish Davlat xizmatining yagona elektron-axborot tahlil tizimidagi “Davlat tashkiloti xodimlarini sinovdan oʻtkazish moduli” orqali Adliya vazirligi tomonidan tayyorlanadigan huquqiy savodxonlikka oid oʻquv dasturi boʻyicha oʻquv mashgʻuloti materiallarini mustaqil oʻzlashtirib borish yoʻli bilan amalga oshiriladi;
b) davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini baholash (test sinovlari orqali) har uch yilda bir marta Adliya vazirligi tomonidan tegishli davlat tashkiloti bilan kelishilgan holda tasdiqlanadigan reja-grafik asosida tashkil etiladi;
v) davlat tashkilotlari rahbarlari oʻz xodimlarining huquqiy savodxonligi muntazam ravishda oshirib borilishini taʼminlashga shaxsan masʼul va javobgar hisoblanadi;
g) Adliya vazirligi tomonidan davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini baholash yakunlari boʻyicha umumiy natijalar puxta tahlil qilingan holda, uning doimiy monitoringi yuritiladi. Bunda, monitoring natijalari yuzasidan:
yuqori natijani qayd etgan davlat tashkilotlarining ijobiy tajribalarini boshqa davlat tashkilotlari faoliyatiga ham joriy etish va past koʻrsatkich sabablarini bartaraf etish boʻyicha uslubiy koʻrsatmalar hamda takliflar ishlab chiqiladi va davlat tashkilotlari faoliyatiga tatbiq etish choralari koʻriladi;
davlat tashkilotlariga baholashdan oʻtmagan xodimlarning oʻqitilishi va qayta baholashdan oʻtkazilishiga oid koʻrsatma beradi;
davlat tashkilotlarining xodimlarni oʻqitish tizimini kuchaytirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqiladi va davlat tashkilotlariga yuboriladi;
d) Adliya vazirligi tomonidan davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligini baholash natijalari yuzasidan Vazirlar Mahkamasi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligiga baholash oʻtkazilgan yilning yakunlari boʻyicha tahliliy maʼlumot kiritib boriladi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:
2021-yil 1-mayga qadar oʻquv mashgʻulotlarini tashkil etish uchun zarur oʻquv dasturi, materiallar va test savollari bazasini shakllantirsin hamda elektron platformaga joylashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat xizmatini rivojlantirish agentligiga taqdim etsin;
davlat tashkilotlari tomonidan davlat tashkilotlari xodimlarining elektron platforma asosida mustaqil ravishda oʻqitishning tashkil etilishi yuzasidan monitoringni amalga oshirib borsin;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi bilan birgalikda alohida reja-grafiklar asosida davlat tashkilotlari xodimlarining baholashdan oʻtkazilishini taʼminlab borsin;
2022-yil 1-yanvarga qadar davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini 2021-yil yakunlari boʻyicha baholash natijalari puxta tahlil qilingan holda, mazkur tizimni yanada takomillashtirish yuzasidan asoslantirilgan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;
davlat tashkilotlarida xodimlarni oʻqitish va baholashdan oʻtkazish ishlarini tashkil etishda doimiy ravishda davlat tashkilotlariga uslubiy jihatdan koʻmaklashib borsin.
4. Davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari toifasiga kirmaydigan boshqa davlat tashkilotlari, shu jumladan ustav fondida (kapitalida) davlat ulushi miqdori 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslarga mazkur tizim asosida oʻz xodimlari huquqiy savodxonligi darajasini oshirish boʻyicha oʻqitish va baholash tavsiya etilsin. Bunda, mazkur tashkilotlar xodimlari huquqiy savodxonligi darajasini oshirish boʻyicha oʻqitish va baholash ishlari Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi bilan kelishilgan holda shartnoma asosida amalga oshiriladi.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.Q. Davletov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 13-martdagi 134-son qaroriga ILOVA
Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini oshirish va baholash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari (keyingi oʻrinlarda — davlat tashkilotlari) xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini oshirish va baholash (keyingi oʻrinlarda — baholash) tartibini belgilaydi.
2. Davlat tashkilotlari xodimlari ushbu Nizomning 1-ilovasiga muvofiq Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi boʻyicha qoʻyiladigan minimal talablar (keyingi oʻrinlarda — minimal talablar) asosida shakllantiriladigan test sinovlari orqali baholanadi.
3. Mazkur Nizomning talablari unga 2-ilovada keltirilgan Huquqiy savodxonlik darajasi baholashdan oʻtkaziladigan davlat tashkilotlari xodimlari toifasining roʻyxatida koʻrsatilgan xodimlarga (davlat tashkilotlarining yuridik xizmatlari xodimlari, shuningdek boshqa oliy yuridik maʼlumotli xodimlari bundan mustasno) nisbatan tatbiq etiladi.
4. Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini baholash (test sinovlari orqali) har uch yilda bir marta Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan tegishli davlat tashkiloti bilan kelishilgan holda tasdiqlanadigan reja-grafik asosida tashkil etiladi.
5. Davlat tashkilotlariga birinchi marta ishga qabul qilinayotgan ish stajiga ega boʻlmagan shaxslar ishga qabul qilingan kundan boshlab oʻn ikki oy oʻtgach mazkur Nizomda belgilangan tartibda baholashdan oʻtkaziladi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi oʻquv mashgʻulotlarini tashkil etish uchun zarur oʻquv dasturi, materiallar va test savollari bazasini shakllantiradi hamda elektron platformaga joylashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligiga taqdim etadi.
7. Davlat tashkilotlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi tomonidan elektron platformaga joylashtirilgan oʻquv materiallari asosida oʻz xodimlarining huquqiy savodxonligini oshirish boʻyicha mustaqil ravishda oʻqishlarini taʼminlaydi. Bunda, davlat tashkilotlari rahbarlari oʻz xodimlarining huquqiy savodxonligi muntazam ravishda oshirib borilishini taʼminlashga shaxsan masʼul va javobgar hisoblanadi.
8. Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini oshirish boʻyicha oʻqitish va baholash Adliya vazirligining tegishli davlat tashkilotlari bilan kelishilgan tartibda tasdiqlaydigan reja-grafigi asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Baholashning maqsadi va asosiy vazifalari
9. Baholashning maqsadi — davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini aniqlash, ularning oʻz faoliyatida zarur boʻladigan huquqiy bilim va koʻnikmalarga ega boʻlishlarini taʼminlash hamda ularda yuksak huquqiy madaniyatni shakllantirishdan iborat.
10. Baholashning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
davlat tashkilotlari xodimlarining amaldagi qonunchilik hujjatlari, shuningdek qonunchilikdagi soʻnggi oʻzgarishlardan xabardorligi darajasini aniqlash va bu boradagi bilimlarini muntazam oshirib borish;
davlat tashkilotlari xodimlari tomonidan oʻz faoliyatida fuqarolarning huquq va qonuniy manfaatlariga rioya qilinishini taʼminlash;
davlat tashkilotlari xodimlari tomonidan noqonuniy qarorlar qabul qilinishi, shuningdek huquqbuzarliklar sodir etilishining oldini olish;
davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonlik darajasini baholash orqali uning natijalarini doimiy ravishda monitoring qilib borish.
3-bob. Baholashni tashkil etish va oʻtkazish
11. Davlat tashkilotlari xodimlarini huquqiy savodxonlikning minimal darajasi boʻyicha talablarga muvofiqligi yuzasidan baholash mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
12. Davlat tashkilotlari xodimlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligining Davlat xizmatining yagona elektron-axborot tahlil tizimidagi “Davlat xizmatchilarini sinovdan oʻtkazish moduli” — maxsus test tizimida real vaqt rejimida (onlayn) test sinovidan oʻtkazish orqali baholanadi.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Adliya vazirligi) tegishli davlat tashkilotlari bilan birgalikda xodimlarni baholashning avtomatlashtirilgan tizimidan foydalanish va uni boshqarishga oid tashkiliy-texnik tadbirlarni amalga oshiradi.
14. Davlat tashkilotlari baholash oʻtkaziladigan yilning tegishlicha 1-mart va 1-sentabr sanalariga qadar oʻqitilishi va baholashdan oʻtishi lozim boʻlgan xodimlar roʻyxatini tasdiqlaydi hamda uni Adliya vazirligiga taqdim qiladi.
15. Adliya vazirligi tomonidan davlat tashkilotlari taqdim etgan roʻyxatga muvofiq ishlab chiqilgan reja-grafik asosida davlat tashkilotlari xodimlarini baholashdan oʻtkazish vaqti belgilanadi hamda bu haqda uch kun muddat ichida davlat tashkilotlariga xabar beriladi.
16. Davlat tashkilotlari (ularning hududiy boʻlinmalari) xabar olingan kundan boshlab bir kun muddat ichida xodimlarni baholashdan oʻtkazish vaqti va joyi haqida xabardor qiladi.
17. Baholash bevosita davlat tashkilotlari (ularning hududiy boʻlinmalari) maʼmuriy binosi yoki boshqa binolardagi alohida jihozlangan xonada oʻtkaziladi.
18. Davlat tashkiloti xodimi Internet jahon axborot tarmogʻiga ulangan kompyuter orqali test sinovini topshirish uchun maxsus elektron manzilda jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqamini kiritgan holda roʻyxatdan oʻtadi va test sinovini adliya organi xodimlari ishtirokida real vaqt rejimida (onlayn) videokuzatuv orqali alohida xonada, belgilangan kunda va soatda bajaradi.
Xodimning test sinovlarida maxsus yoki boshqa adabiyotlardan, shuningdek oʻzga manbalardan hamda boshqa shaxslar yordamidan foydalanishi taqiqlanadi. Koʻrsatib oʻtilgan talablar buzilgan taqdirda xodim baholashdan oʻtmagan deb hisoblanadi.
19. Baholashda uzrli sabab bilan (kasalligi, yaqin qarindoshlarining vafoti, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlishi, mehnat taʼtili yoki xizmat safarida boʻlishi kabi) ishtirok etmagan davlat tashkilotlari xodimlari navbatdagi baholashga qoʻyiladigan xodimlar roʻyxatiga kiritiladi.
20. Adliya vazirligi minimal talablar doirasida test savollari bazasini shakllantiradi hamda uni qonunchilik hujjatlariga kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalardan kelib chiqib, zaruratga koʻra yangilab boradi.
Bunda, test savollari bazasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligining Davlat xizmatining yagona elektron-axborot tahlil tizimiga foydalanish uchun ochiq holda yuklanadi.
21. Test savollari:
minimal talablar doirasida tuzilishi;
davlat tashkilotlarining asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari hisobga olingan holda shakllantirilishi;
kollizion normalarga oid boʻlmasligi;
normativ-huquqiy hujjatning qabul qilingan sanasi, raqami, uning tegishli moddasi, qismi va (yoki) bandining tartib raqamini bilishni talab etmasligi;
bir-biriga yaqin bir nechta variantlardan tashkil topgan boʻlmasligi;
aniq, sodda va ravon tilda boʻlishi lozim.
22. Har bir xodim tomonidan 40 ta test savoli bajariladi. Buning uchun jami 50 daqiqa vaqt ajratiladi. Har bir toʻgʻri javob 2,5 balldan baholanadi.
23. Baholash natijalari quyidagicha aniqlanadi:
aʼlo — 86 ball va undan yuqori;
yaxshi — 71 balldan 85 ballgacha;
qoniqarli — 56 balldan 70 ballgacha;
qoniqarsiz — 0 balldan 55 ballgacha.
Davlat tashkiloti xodimi qoniqarsiz natijani qayd etgan taqdirda, baholashdan oʻtmagan deb hisoblanadi.
24. Baholashdan muvaffaqiyatli oʻtgan davlat tashkilotlari xodimlarining shaxsiy kabinetiga elektron tarzda QR kod orqali tasdiqlangan maʼlumot baholash natijalari chiqishi bilan darhol yuboriladi.
25. Baholashdan oʻtmagan davlat tashkilotlari xodimlari davlat tashkilotlari tomonidan oʻqitiladi hamda navbatdagi baholashga qoʻyilgan xodimlar roʻyxatiga kiritiladi va qayta baholashdan oʻtkaziladi.
26. Davlat tashkilotlari (ularning hududiy boʻlinmalari) baholash natijalarini test oʻtkazilgan kundan eʼtiboran bir ish kuni ichida Adliya vazirligiga (hududiy adliya organiga) taqdim etadi.
27. Baholash natijalarini umumlashtirish, tahlil qilish va uning doimiy monitoringini yuritish Adliya vazirligi tomonidan quyidagicha amalga oshiriladi:
baholash natijalari boʻyicha koʻrsatkichlar hududlar hamda davlat tashkilotlari kesimida tahlil qilinadi;
eng yuqori koʻrsatkichga ega boʻlgan davlat tashkilotlari va hududlarning ijobiy tajribalari oʻrganiladi;
eng past koʻrsatkich qayd etgan davlat tashkilotlari va hududlarning muammolari hamda sabablari tahlil qilinadi.
28. Adliya vazirligi tomonidan monitoring natijalari yuzasidan:
yuqori natijani qayd etgan davlat tashkilotlarining ijobiy tajribalarini boshqa davlat tashkilotlari faoliyatiga ham joriy etish va past koʻrsatkich sabablarini bartaraf etish boʻyicha uslubiy koʻrsatmalar hamda takliflar ishlab chiqiladi va davlat tashkilotlari faoliyatiga tatbiq etish choralari koʻriladi;
davlat tashkilotlariga baholashdan oʻtmagan xodimlarning oʻqitilishi va qayta baholashdan oʻtkazilishiga oid koʻrsatma beradi;
davlat tashkilotlarining xodimlarni oʻqitish tizimini kuchaytirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqiladi va davlat tashkilotlariga yuboriladi.
Hududlar kesimida baholash natijalarini monitoring qilish mazkur Nizomda belgilangan tartibda hududiy adliya organlari tomonidan amalga oshiriladi. Bunda:
Adliya vazirligining tuman (shahar) boʻlimlari monitoring natijalarini baholash oʻtkazilgan oydan keyingi oyning 10-sanasigacha tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalariga taqdim etadi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari monitoring natijalarini baholash oʻtkazilgan oydan keyingi oyning 15-sanasigacha umumlashtirib, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga taqdim etadi.
29. Adliya vazirligi davlat tashkilotlari xodimlari huquqiy savodxonligini baholash natijalari yuzasidan Vazirlar Mahkamasi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligiga baholash oʻtkazilgan yilning yakunlari boʻyicha tahliliy maʼlumot kiritib boradi.
4-bob. Baholash natijalari yuzasidan shikoyat qilish tartibi
30. Xodimning baholash natijalari yuzasidan apellyatsiya shikoyati natijalar eʼlon qilinganidan soʻng besh ish kuni davomida u ishlayotgan davlat tashkiloti tomonidan koʻrib chiqilib, Adliya vazirligiga (hududiy adliya organiga) yuboriladi.
31. Baholash natijalaridan norozi boʻlgan xodimlarning apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun Adliya vazirligi (hududiy adliya organi) tomonidan besh kishidan iborat tarkibda apellyatsiya komissiyasi tuziladi.
32. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini u tushgan sanadan boshlab oʻn kun mobaynida koʻrib chiqadi va apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilgan qarorini bunday shikoyatni yoʻllagan tashkilotga yuboradi.
33. Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni koʻrib chiqish natijalariga koʻra quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
shikoyatni asoslangan deb hisoblash hamda uni qanoatlantirish;
shikoyatni asossiz deb hisoblash hamda uni qanoatlantirishni rad etish.
34. Davlat tashkiloti xodimlari apellyatsiya komissiyasining apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilgan qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
35. Baholashni oʻtkazish va uning natijalari bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
36. Mazkur Nizom qoidalari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi boʻyicha qoʻyiladigan
T/r Davlat tashkilotlari xodimlari huquqiy savodxonligining minimal darajasi boʻyicha qoʻyiladigan talablar I. Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, shuningdek ayrim sohalarni tartibga soluvchi boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan normalar boʻyicha 1. Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasida belgilangan Konstitutsiya va qonunlarning ustunligi, xususiy mulk himoyasi, inson va fuqarolarning iqtisodiy va ijtimoiy huquqlari va erkinliklari kafolatlari hamda burchlariga oid normalar 2. Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari 3. Korrupsiyaga qarshi kurashish va korrupsiyaga yoʻl qoʻyganlik uchun javobgarlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari 4. Davlat siri va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirlar toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari 5. Tegishli sohaga oid Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari va qarorlari II. Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi qonun hujjatlari boʻyicha 6. Fuqarolarning huquq va erkinliklariga qarshi huquqbuzarliklar 7. Aholi sogʻligʻini saqlash sohasidagi huquqbuzarliklar 8. Mulkka qarshi huquqbuzarliklar 9. Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiatdan foydalanish sohasidagi huquqbuzarliklar 10. Transportdagi, yoʻl xoʻjaligi va aloqa sohalaridagi huquqbuzarliklar 11. Savdo, tadbirkorlik va moliya sohalaridagi huquqbuzarliklar 12. Odil sudlovga qarshi huquqbuzarliklar 13. Jamoat tartibiga qarshi huquqbuzarliklar 14. Boshqaruvning belgilangan tartibiga qarshi huquqbuzarliklar 15. Tadbirkorlik faoliyatiga toʻsqinlik qilganlik, qonunga xilof ravishda aralashganlik hamda tadbirkorlik subyektlarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga qarshi boshqa huquqbuzarliklar III. Jinoyat toʻgʻrisidagi qonun hujjatlari boʻyicha 16. Hayot yoki sogʻliq uchun xavfli jinoyatlar 17. Fuqarolarning konstitutsiyaviy huquq va erkinliklariga qarshi jinoyatlar 18. Oʻzbekiston Respublikasiga qarshi jinoyatlar 19. Iqtisodiyot asoslariga qarshi jinoyatlar 20. Xoʻjalik faoliyati sohasidagi jinoyatlar 21. Tadbirkorlik faoliyatiga toʻsqinlik qilish, qonunga xilof ravishda aralashish bilan bogʻliq jinoyatlar hamda tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlariga tajovuz qiladigan boshqa jinoyatlar 22. Atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiatdan foydalanish sohasidagi jinoyatlar 23. Odil sudlovga qarshi jinoyatlar 24. Jamoat xavfsizligiga qarshi jinoyatlar 25. Transport harakati va undan foydalanish xavfsizligiga qarshi jinoyatlar 26. Axborot texnologiyalari sohasidagi jinoyatlar IV. Mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari boʻyicha 27. Mehnat shartnomasi, uni tuzish, oʻzgartirish va bekor qilish asoslari 28. Ish vaqti va dam olish vaqti 29. Mehnat intizomi, mehnatni muhofaza qilish boʻyicha talablar va mehnat xavfsizligi standartlari 30. Mehnatga haq toʻlash, kafolatli toʻlovlar va kompensatsiya toʻlovlari 31. Mehnat shartnomasi taraflarining moddiy javobgarligi 32. Majburiy mehnatga taqiqlar V. Davlat tashkilotlari xodimlari huquqiy savodxonligining minimal darajasi boʻyicha qoʻyiladigan boshqa talablar 33. Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi (www.lex.uz) bilan erkin ishlay olish, shu jumladan, kerakli normativ-huquqiy hujjatlarni topish koʻnikmasiga ega boʻlish.
Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Huquqiy savodxonlik darajasi baholashdan oʻtkaziladigan davlat tashkilotlari xodimlari toifasining
T/r Xodimlar toifasi I. Davlat boshqaruvi organlari boʻyicha 1. Davlat boshqaruvi organlarining markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari, rahbar oʻrinbosarlari va boshqa boshqaruv xodimlari 2. Davlat boshqaruvi organlarining hududiy boʻlinmalari rahbarlari, rahbar oʻrinbosarlari va boshqa boshqaruv xodimlari 3. Davlat boshqaruvi organlari tizimidagi boshqa tashkilotlarning rahbarlari, rahbar oʻrinbosarlari va boshqa boshqaruv xodimlari II. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari boʻyicha 4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi oʻrinbosari, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari oʻrinbosarlari, shuningdek tuman (shahar) hokimlari hamda ularning oʻrinbosarlari 5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar, shuningdek tuman (shahar) hokimliklari tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari, ularning oʻrinbosarlari hamda boshqa boshqaruv xodimlari
Davlat tashkilotlari xodimlarining huquqiy savodxonligi darajasini baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Davlat tashkilotlari xodimlarini huquqiy savodxonlikning minimal darajasi boʻyicha talablarga muvofiqligi yuzasidan baholash
Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Muddat 1-bosqich Davlat tashkiloti Oʻqitiladigan va baholashdan oʻtkaziladigan xodimlar roʻyxatini tasdiqlash va uni Adliya vazirligiga taqdim qilish. Baholash oʻtkaziladigan yilning tegishlicha 1-mart va 1-sentabr sanalariga qadar Adliya vazirligi Roʻyxatga muvofiq davlat tashkiloti bilan kelishilgan holda xodimlarni oʻqitish va baholashni tashkil etish boʻyicha reja-grafik ishlab chiqish va tasdiqlash. 2-bosqich Adliya vazirligi (hududiy adliya organi) Reja-grafikni davlat tashkilotiga yuborgan holda xodimlarni oʻqitish va baholashdan oʻtkazish vaqti haqida xabar berish. Reja-grafik ishlab chiqilgandan soʻng 3 kun ichida 3-bosqich Davlat tashkiloti (uning hududiy boʻlinmasi) Baholashdan oʻtkazish joyi va vaqti haqida tegishli xodimlarni xabardor qilish. Xabar olingan kundan boshlab 1 kun ichida 4-bosqich Davlat tashkiloti (uning hududiy boʻlinmasi) Xodimlarining huquqiy savodxonlikni oshirib borish boʻyicha elektron platformada mustaqil ravishda oʻqishlarini taʼminlash. Reja-grafik asosida 5-bosqich Adliya vazirligi (hududiy adliya organi), Davlat tashkiloti (uning hududiy boʻlinmasi) 1. Baholash (test sinovi)ni tashkil qilish va oʻtkazish. Reja-grafik asosida 2. Baholash (test sinovi) natijalari toʻgʻrisida xodimlarni ularning shaxsiy kabinetiga maʼlumot yuborish orqali xabardor qilinishini taʼminlash. Baholash natijalari chiqishi bilan darhol 6-bosqich Davlat tashkiloti (uning hududiy boʻlinmasi) Baholash (test sinovi) natijalarini Adliya vazirligi (hududiy adliya organi)ga taqdim etish. Baholash oʻtkazilgan kundan boshlab 1 ish kuni ichida 7-bosqich Adliya vazirligi 1. Baholashning umumiy natijalarini tahlil qilish va uning monitoringini yuritish. Bunda: yuqori natijani qayd etgan davlat tashkilotlarining ijobiy tajribalarini boshqa davlat tashkilotlari faoliyatiga ham joriy etish va past koʻrsatkich sabablarini bartaraf etish boʻyicha uslubiy koʻrsatmalar hamda takliflar ishlab chiqiladi va davlat tashkilotlari faoliyatiga tatbiq etish choralari koʻriladi; davlat tashkilotlariga baholashdan oʻtmagan xodimlarning oʻqitilishi va qayta baholashdan oʻtkazilishiga oid koʻrsatma beriladi; davlat tashkilotlarining xodimlarni oʻqitish tizimini kuchaytirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqiladi va davlat tashkilotlariga yuboriladi. Muntazam Hududiy adliya organi 2. Hududiy adliya organi tomonidan tegishli hududdagi davlat tashkilotlari xodimlarini baholash natijalari tahlil qilinib, maʼlumotlar Adliya vazirligiga taqdim etiladi. Baholash oʻtkazilgan oydan keyingi oyning 15-sanasiga qadar Adliya vazirligi 3. Huquqiy savodxonlikni baholash natijalari yuzasidan amalga oshirilgan ishlar haqida Vazirlar Mahkamasi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligiga tahliliy axborot kiritib borish. Yil yakuni boʻyicha
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 13-mart,
134-son