📅 2021-yil 16-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 16-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 16 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 марта 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 March 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Термиз давлат университетининг Педагогика институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 февралдаги ПҚ-4623-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 февралдаги ПҚ-4623-сон қарорига мувофиқ Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали ҳамда Термиз давлат университетининг (кейинги ўринларда — Университет) педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Термиз давлат университетининг Педагогика институти (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
ҳудудда педагогика соҳа ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, шунингдек, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда педагогика соҳаси бўйича тарбия ва ўқитиш усуллари, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
Институтнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш;
ўқув ва илмий лаборатория хоналарини ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
хорижий етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-услубий таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш;
таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш;
педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;
республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий муассасаларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;
халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS) ва STEAM стандартларидан фойдаланиш, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий шакллари, методлари ва технологияларини жорий этиш ҳамда ушбу билим ва кўникмаларга эга бўлган педагогларини тайёрлаш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Институт Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Университетда педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва уларнинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу бакалавриат таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар Университетда таълим жараёнини давом эттирадилар;
Институтга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;
ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишларини бирлаштирган ҳолда битирувчиларга иккита квалификация бериш тизими йўлга қўйилади;
Институт Университетнинг ўқув ва илмий лабораторияларидан, спорт иншоотларидан ҳамда ахборот-ресурс марказидан режалаштирилган дарс жараёнларига таъсир этмаган ҳолда текин фойдаланади;
Институтга кафедра мудири ва профессор-ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш Университет кенгаши қарорига асосан амалга оширилади.
4. Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 228 «Б»-уй манзилидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали бино ва иншоотлари ҳамда Музработ тумани, «Шарқ юлдузи» ҚФЙ, «Шаффоф» МФЙ манзилидаги собиқ Музработ агросервис касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Университет билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар:
а) Институт:
тузилмаси олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқланишини;
устави белгиланган тартибда тасдиқланиши ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини;
ахборот-ресурс марказини қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминласин;
б) Институтни танлов асосида амалий тажрибага эга бўлган мутахассислардан иборат юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш чораларини кўрсин.
6. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, талабаларнинг тўлов-контракт асосида таълим олишидан, шартномалар асосида хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар, халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.
7. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Зарур ҳолларда, Университет кенгашининг қарорига асосан Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Институт моддий-техник базасини ривожлантиришга ва Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Университет моддий-техник базасини ривожлантиришга рухсат берилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:
умумий ўрта таълим муассасаларида Институт талабалари амалиётини самарали ташкил этиш учун тегишли шароитлар яратилишини таъминласин;
ўқувчиларни педагог касбига йўналтириш мақсадида Сурхондарё вилоятидаги етакчи умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 тасида 3-4-синф ўқувчилари учун «Ўқиш ва математик саводхонлик бўйича синфлар», 8-9-синф ўқувчилари учун «Математик ва табиий фанлар саводхонлиги бўйича синфлар», 10-11-синф ўқувчилари учун «Педагогик синфлар»ни ташкил этсин ва Институт таклифи асосида дарс жараёнига таъсир этмаган ҳолда ўқув жараёнига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
9. Университет:
салоҳиятли кадрларни жалб этган ҳолда таълим ва илмий фаолиятни сифатли ташкил этиш;
таълим, тарбия, илмий ва услубий жараёнларни самарали бошқариш;
таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш;
дарслик, ўқув қўлланмалар, ўқув-услубий материал ва ахборот ресурслари билан таъминлаш;
профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва иқтидорли ёшлар селекциясини амалга ошириш;
илмий-тадқиқот ишлари учун қўшимча шароитлар яратиш ва илмий мактабларни ривожлантириш йўналишларида Институтга кўмак бериб борсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Институтнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари Ўзбекистон Республикасининг 2022 — 2024 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 августга қадар Институтни онлайн маъруза ҳамда масофавий таълим технологияларини жорий этиш учун телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда «Электрон таълим» миллий тармоғига белгиланган тартибда улаш чораларини кўрсин.
12. Институтга 2 та, шу жумладан, 1 та енгил ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилсин.
13. Вазирлар Маҳкамасининг «Спорт турлари бўйича терма жамоалар таркибига спортчиларни саралаб олиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 4 мартдаги 122-сон қарорига 1-илованинг «Олий таълим муассасаси номи» устуни 48-позициясидаги «Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиали» сўзлари «Термиз давлат университетининг Педагогика институти» сўзлари билан алмаштирилсин.
14. Вазирлар Маҳкамасининг «Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиалини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги 170-сон қарори 2021 йил 1 июлдан эътиборан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А. Боболов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 16 март,
140-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Termiz davlat universitetining Pedagogika instituti faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Pedagogik taʼlim sohasini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 27-fevraldagi PQ-4623-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Pedagogik taʼlim sohasini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 27-fevraldagi PQ-4623-son qaroriga muvofiq Toshkent davlat pedagogika universitetining Termiz filiali hamda Termiz davlat universitetining (keyingi oʻrinlarda — Universitet) pedagogika taʼlim sohasining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari negizida Termiz davlat universitetining Pedagogika instituti (keyingi oʻrinlarda — Institut) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Institutning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:
hududda pedagogika soha va tarmoqlarining rivojlanish istiqbollari va ustuvor vazifalari, shuningdek, zamonaviy texnika hamda texnologiyalarning rivojlanish tendensiyalarini hisobga olgan holda pedagogika sohasi boʻyicha tarbiya va oʻqitish usullari, taʼlim jarayonida zamonaviy pedagogik texnologiyalarni qoʻllash koʻnikmalariga ega professional oliy maʼlumotli kadrlarni tayyorlash;
Institutning mintaqa va xalqaro miqyosdagi nufuzini oshirish maqsadida xorijiy fuqarolar uchun taʼlim olish imkoniyatini kengaytirish va ilgʻor xalqaro tajribani tatbiq etish;
oʻquv va ilmiy laboratoriya xonalarini tashkil etish, zamonaviy texnologiyalar asosida jihozlash hamda oʻquv va ilmiy loyihalarni amalga oshirish;
taʼlim va ilmiy izlanishlar jarayoniga malakali mutaxassislarni keng jalb etish maqsadida respublika va xorijiy yetakchi oliy taʼlim muassasalari hamda ilmiy markazlar bilan hamkorlik aloqalarini rivojlantirish;
xorijiy yetakchi va nufuzli oliy taʼlim muassasalarining ilgʻor tajribasini tatbiq etish asosida malaka talablari, oʻquv rejalari va fan dasturlarini ishlab chiqish, oʻquv va ilmiy-uslubiy taʼminotni takomillashtirish va amaliyotga joriy etish;
taʼlim jarayoniga raqamli texnologiyalarni joriy etish, zamonaviy axborot-kommunikatsiya va taʼlim texnologiyalarining mustahkam integratsiyasini taʼminlash;
pedagogika taʼlim sohasini rivojlantirishning ilmiy-metodik vazifalarini hal etish, ilgʻor xorijiy pedagogik texnologiyalarni joriy qilishga yoʻnaltirilgan ilmiy tadqiqotlar olib borish va iqtidorli talaba-yoshlarni ilmiy faoliyat bilan shugʻullanishga keng jalb etish;
respublika va xorijiy oliy taʼlim hamda ilmiy muassasalariga istiqbolli yosh bitiruvchilarni magistratura va doktoranturaga muntazam yuborish orqali Institutning ilmiy-pedagogik salohiyatini oshirib borish;
xalqaro baholash dasturlari (PISA, TIMSS, PIRLS) va STEAM standartlaridan foydalanish, aniq va tabiiy fanlarni oʻqitish va baholashning zamonaviy shakllari, metodlari va texnologiyalarini joriy etish hamda ushbu bilim va koʻnikmalarga ega boʻlgan pedagoglarini tayyorlash.
3. Belgilab qoʻyilsinki:
Institut Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga hamda shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi;
Institutda oʻquv jarayoni 2021/2022 oʻquv yilidan boshlanadi;
2021/2022 oʻquv yilidan boshlab Universitetda pedagogika taʼlim sohasining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va ularning negizidagi tegishli magistratura mutaxassisliklari boʻyicha qabul toʻxtatiladi hamda ushbu bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va uning negizidagi tegishli magistratura mutaxassisliklari boʻyicha tahsil olayotgan talabalar oʻqishni bitirgunlariga qadar Universitetda taʼlim jarayonini davom ettiradilar;
Institutga talabalarni bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha qabul qilish soni har yili belgilangan tartibda tasdiqlanadigan respublika oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish parametrlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi;
oʻquv dasturlari oʻzaro yaqin boʻlgan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarini birlashtirgan holda bitiruvchilarga ikkita kvalifikatsiya berish tizimi yoʻlga qoʻyiladi;
Institut Universitetning oʻquv va ilmiy laboratoriyalaridan, sport inshootlaridan hamda axborot-resurs markazidan rejalashtirilgan dars jarayonlariga taʼsir etmagan holda tekin foydalanadi;
Institutga kafedra mudiri va professor-oʻqituvchilarni tanlov asosida ishga qabul qilish Universitet kengashi qaroriga asosan amalga oshiriladi.
4. Surxondaryo viloyati, Termiz shahri, Islom Karimov koʻchasi, 228 “B”-uy manzilidagi Toshkent davlat pedagogika universitetining Termiz filiali bino va inshootlari hamda Muzrabot tumani, “Sharq yulduzi” QFY, “Shaffof” MFY manzilidagi sobiq Muzrabot agroservis kasb-hunar kolleji bino va inshootlari tegishli hududi bilan birgalikda Institutga operativ boshqaruv huquqi asosida tekin berilsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Universitet bilan birgalikda 2021-yil 1-iyunga qadar:
a) Institut:
tuzilmasi oliy taʼlim muassasalari uchun belgilangan normativlarga muvofiq tasdiqlanishini;
ustavi belgilangan tartibda tasdiqlanishi va uning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini;
axborot-resurs markazini qoʻshimcha oʻquv, ilmiy va badiiy adabiyotlar bilan taʼminlasin;
b) Institutni tanlov asosida amaliy tajribaga ega boʻlgan mutaxassislardan iborat yuqori malakali professor-oʻqituvchilar bilan toʻldirish choralarini koʻrsin.
6. Institut faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti, talabalarning toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olishidan, shartnomalar asosida xizmat koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar, xalqaro moliya va xorijiy tashkilotlarning grantlari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, shuningdek, qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar belgilansin.
7. Belgilab qoʻyilsinki, mazkur qarorda nazarda tutilgan xarajatlarni moliyalashtirish 2021-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida, 2022-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
Zarur hollarda, Universitet kengashining qaroriga asosan Universitetning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan Institut moddiy-texnik bazasini rivojlantirishga va Institutning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan Universitet moddiy-texnik bazasini rivojlantirishga ruxsat berilsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:
umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida Institut talabalari amaliyotini samarali tashkil etish uchun tegishli sharoitlar yaratilishini taʼminlasin;
oʻquvchilarni pedagog kasbiga yoʻnaltirish maqsadida Surxondaryo viloyatidagi yetakchi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 10 tasida 3-4-sinf oʻquvchilari uchun “Oʻqish va matematik savodxonlik boʻyicha sinflar”, 8-9-sinf oʻquvchilari uchun “Matematik va tabiiy fanlar savodxonligi boʻyicha sinflar”, 10-11-sinf oʻquvchilari uchun “Pedagogik sinflar”ni tashkil etsin va Institut taklifi asosida dars jarayoniga taʼsir etmagan holda oʻquv jarayoniga tegishli oʻzgartirishlar kiritsin.
9. Universitet:
salohiyatli kadrlarni jalb etgan holda taʼlim va ilmiy faoliyatni sifatli tashkil etish;
taʼlim, tarbiya, ilmiy va uslubiy jarayonlarni samarali boshqarish;
taʼlim jarayoniga zamonaviy pedagogik texnologiyalarni joriy etish;
darslik, oʻquv qoʻllanmalar, oʻquv-uslubiy material va axborot resurslari bilan taʼminlash;
professor-oʻqituvchilarning malakasini oshirish va iqtidorli yoshlar seleksiyasini amalga oshirish;
ilmiy-tadqiqot ishlari uchun qoʻshimcha sharoitlar yaratish va ilmiy maktablarni rivojlantirish yoʻnalishlarida Institutga koʻmak berib borsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga asosan Institutning bino va inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash va jihozlash loyihalari Oʻzbekiston Respublikasining 2022 — 2024-yillarga moʻljallangan Investitsiya dasturiga belgilangan tartibda kiritilishini taʼminlasin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda 2021-yil 1-avgustga qadar Institutni onlayn maʼruza hamda masofaviy taʼlim texnologiyalarini joriy etish uchun telekommunikatsiya jihozlari va infratuzilma bilan taʼminlash, shuningdek, yuqori tezlikdagi Internet jahon axborot tarmogʻi hamda “Elektron taʼlim” milliy tarmogʻiga belgilangan tartibda ulash choralarini koʻrsin.
12. Institutga 2 ta, shu jumladan, 1 ta yengil va 1 ta navbatchi avtotransport vositasini saqlash uchun limit ajratilsin.
13. Vazirlar Mahkamasining “Sport turlari boʻyicha terma jamoalar tarkibiga sportchilarni saralab olish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 4-martdagi 122-son qaroriga 1-ilovaning “Oliy taʼlim muassasasi nomi” ustuni 48-pozitsiyasidagi “Toshkent davlat pedagogika universiteti Termiz filiali” soʻzlari “Termiz davlat universitetining Pedagogika instituti” soʻzlari bilan almashtirilsin.
14. Vazirlar Mahkamasining “Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedagogika universitetining Termiz filialini tashkil etish toʻgʻrisida” 2018-yil 5-martdagi 170-son qarori 2021-yil 1-iyuldan eʼtiboran oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
15. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev, oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov hamda Surxondaryo viloyati hokimi T.A. Bobolov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 16-mart,
140-son