UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 19-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 19 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 марта 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 March 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг бадали (улуши) сифатида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан қуйидагилар:

Оролни қутқариш Халқаро жамғармасининг Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ва Оролни қутқариш Халқаро жамғармасининг Нукус филиали;

Орол денгизи ҳавзасини қутқариш ва соғломлаштириш бўйича тадбирлар ва лойиҳалар молиялаштирилиши инобатга олинсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

2021 йилдан бошлаб, Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолиятини сақлаш билан боғлиқ харажатлар Оролни қутқариш Халқаро жамғармасига Ўзбекистон Республикасининг бадали (улуши) сифатида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ҳар йили ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё мамлакатларидаги элчихоналари маслаҳатчиси мақомига тенглаштирилади.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолияти тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси органларида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш;

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш;

халқаро молия ташкилотлари, донор давлатлар ва соҳага оид жамғармалар билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш;

доимий вакилнинг фаолиятини ташкил этиш ва молиявий таъминлаш.

4. Мазкур қарор Оролни қутқариш Халқаро жамғармасига раислик жамғармага аъзо бошқа давлатларга ўтганда, доимий амал қилиши белгилаб қўйилсин.

5. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ва сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 мартдаги 149-сон қарорига ИЛОВА

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолияти тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.

2. Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси (кейинги ўринларда — ОҚХЖ) Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили (кейинги ўринларда — доимий вакил) ОҚХЖ Ижроия қўмитасининг аъзоси ҳисобланади.

3. Доимий вакил ўз иш фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, ушбу Низом ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек, Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенцияси (1961 йил) ва ОҚХЖ фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатларга мувофиқ амалга оширади.

Доимий вакил ОҚХЖнинг таъсисчи давлатларида фаолият юритади.

2-боб. Доимий вакилнинг асосий вазифалари

4. Доимий вакилнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ОҚХЖ органларида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш;

ОҚХЖ доирасида амалга ошириладиган кўп томонлама халқаро шартномалар, лойиҳалар ва дастурларда Ўзбекистон Республикасининг самарали иштирокини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирлик ва идоралари билан ОҚХЖ органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш, уларни ОҚХЖ доирасида ўтказиладиган халқаро мажлислар ва бошқа режалаштирилган тадбирлар учун тайёрланадиган тегишли маълумотлар билан таъминлаб бориш;

ОҚХЖ доирасида бўлиб ўтадиган тадбирларга Ўзбекистон Республикаси расмийлари ва делегацияларининг ташрифларини ташкил қилиш ва уларда иштирок этиш;

Орол денгизи ҳавзаси муаммолари бўйича ОҚХЖ таъсисчи давлатлари раҳбарларининг, ОҚХЖ Президенти ва Бошқарув Кенгашлари қарорларининг амалий ижросини таъминлашда иштирок этиш;

ОҚХЖ доирасида халқаро шартномалар ва қабул қилинадиган қарорларни, шунингдек, Орол денгизи ҳавзаси муаммолари ва қуриши оқибатларини бартараф этишга қаратилган лойиҳа ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда ижро этилишида иштирок этиш;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик беқарор ҳудудларни тиклаш масалалари бўйича амалга ошириладиган тадбирларни фаоллаштириш мақсадида халқаро молия ташкилотлари, донор давлатлар ва соҳага оид жамғармалар билан ўзаро алоқаларни кенгайтиришда иштирок этиш;

ОҚХЖ фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича халқаро конференциялар, симпозиумлар ва семинарларни ташкил қилишда иштирок этиш;

ОҚХЖ фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ ҳуқуқий нормалар ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширишда иштирок этиш.

5. Доимий вакил Оролни қутқариш Халқаро жамғармасининг давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссияси ва Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссияси ишларига кўмаклашади.

3-боб. Доимий вакилнинг фаолиятини ташкил этиш ва молиявий таъминлаш

6. Доимий вакил Сув хўжалиги вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига мувофиқ белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

7. ОҚХЖнинг Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ва Нукус филиали Ўзбекистон Республикасининг бадали (улуши) сифатида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

8. ОҚХЖнинг Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ва ОҚХЖ ижроия қўмитасининг Нукус филиали ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш қуйидагича амалга оширилади:

а) Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда 2024 йил 1 июлдан бошлаб, ОҚХЖнинг Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ходимлари учун — 4 баравар, ОҚХЖ ижроия қўмитасининг Нукус филиали ходимлари учун — 3 баравар оширилган коэффициентлар қўлланилади;

б) давлат ташкилотларида кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига қуйидаги ҳажмларда ҳар ойда устама тўланади:

1 йилдан 5 йилгача — 0,2;

5 йилдан 10 йилгача — 0,3;

10 йилдан 20 йилгача — 0,4;

20 йилдан ортиқ — 0,6;

в) байрамлар муносабати билан йилига икки ойлик лавозим маоши миқдорида ва ҳар чорак якуни билан бир ойлик лавозим маоши миқдорида мукофот пуллари ҳамда йилига бир ойлик лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам тўланади;

г) бюджет ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг қонунчиликда белгиланган миқдорда моддий рағбатлантириш махсус фонди қўлланилади;

д) илмий даражага эга ходимларга 2025 йил 1 январдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1030-сон қарори билан тасдиқланган Илм-фан ва таълим соҳасидаги давлат ташкилотларида илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом талаблари татбиқ этилади.

ОҚХЖнинг Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ва ОҚХЖ ижроия қўмитасининг Нукус филиали ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ барча харажатлари ва сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг бадали (улуши) сифатида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан тўланади.

9. Доимий вакилнинг фаолиятини сақлаш билан боғлиқ харажатлар ОҚХЖга Ўзбекистон Республикасининг бадали (улуши) сифатида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ҳар йили ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

10. ОҚХЖ Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг ҳар йилги харажатлар сметасида доимий вакилнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, суғурта ва хизмат сафари харажатлари назарда тутилади.

11. Доимий вакилнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 майдаги ПҚ-4318-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё мамлакатларидаги элчихонаси маслаҳатчисига белгиланган миқдордан келиб чиқиб қўлланилади.

12. Доимий вакилнинг хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлари тегишли ҳисоб-китобларга асосан харажатлар сметасида режалаштирилади.

4-боб. Якунловчи қоида

13. Доимий вакил ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 19 март,

149-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.03.2021 й., 09/21/149/0222-сон; 08.10.2024 й., 09/24/645/0795-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi Ijroiya qoʻmitasidagi Oʻzbekiston Respublikasining doimiy vakili faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi Ijroiya qoʻmitasidagi Oʻzbekiston Respublikasining doimiy vakili faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining badali (ulushi) sifatida har yili Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti hisobidan oʻtkazib beriladigan mablagʻlar hisobidan quyidagilar:

Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasining Orol dengizi havzasi loyihalarini amalga oshirish agentligi va Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasining Nukus filiali;

Orol dengizi havzasini qutqarish va sogʻlomlashtirish boʻyicha tadbirlar va loyihalar moliyalashtirilishi inobatga olinsin.

2. Belgilab qoʻyilsinki:

2021-yildan boshlab, Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi Ijroiya qoʻmitasidagi Oʻzbekiston Respublikasining doimiy vakili faoliyatini saqlash bilan bogʻliq xarajatlar Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasiga Oʻzbekiston Respublikasining badali (ulushi) sifatida Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan har yili oʻtkazib beriladigan mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi;

Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi Ijroiya qoʻmitasidagi Oʻzbekiston Respublikasining doimiy vakili mehnatga haq toʻlash shartlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy Osiyo mamlakatlaridagi elchixonalari maslahatchisi maqomiga tenglashtiriladi.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi Ijroiya qoʻmitasidagi Oʻzbekiston Respublikasining doimiy vakili faoliyati toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi organlarida Oʻzbekiston Respublikasi manfaatlarini ilgari surish va himoya qilish;

Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi organlari oʻrtasidagi hamkorlik aloqalarini amalga oshirish;

xalqaro moliya tashkilotlari, donor davlatlar va sohaga oid jamgʻarmalar bilan oʻzaro aloqalarni kengaytirish;

doimiy vakilning faoliyatini tashkil etish va moliyaviy taʼminlash.

4. Mazkur qaror Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasiga raislik jamgʻarmaga aʼzo boshqa davlatlarga oʻtganda, doimiy amal qilishi belgilab qoʻyilsin.

5. Mazkur qaror bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev va suv xoʻjaligi vaziri Sh.R. Xamrayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 19-martdagi 149-son qaroriga ILOVA

Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi Ijroiya qoʻmitasidagi Oʻzbekiston Respublikasining doimiy vakili faoliyati toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi Ijroiya qoʻmitasidagi Oʻzbekiston Respublikasining doimiy vakili faoliyatini tashkil etish va moliyalashtirish tartibini belgilaydi.

2. Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — OQXJ) Ijroiya qoʻmitasidagi Oʻzbekiston Respublikasining doimiy vakili (keyingi oʻrinlarda — doimiy vakil) OQXJ Ijroiya qoʻmitasining aʼzosi hisoblanadi.

3. Doimiy vakil oʻz ish faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmon, qaror va farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining qaror va farmoyishlari, ushbu Nizom hamda Oʻzbekiston Respublikasining boshqa normativ-huquqiy hujjatlari, shuningdek, Diplomatik aloqalar toʻgʻrisidagi Vena konvensiyasi (1961-yil) va OQXJ faoliyatini tartibga soluvchi boshqa hujjatlarga muvofiq amalga oshiradi.

Doimiy vakil OQXJning taʼsischi davlatlarida faoliyat yuritadi.

2-bob. Doimiy vakilning asosiy vazifalari

4. Doimiy vakilning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

OQXJ organlarida Oʻzbekiston Respublikasi manfaatlarini ilgari surish va himoya qilish;

OQXJ doirasida amalga oshiriladigan koʻp tomonlama xalqaro shartnomalar, loyihalar va dasturlarda Oʻzbekiston Respublikasining samarali ishtirokini taʼminlash boʻyicha takliflarni ishlab chiqish;

Oʻzbekiston Respublikasining manfaatdor vazirlik va idoralari bilan OQXJ organlari oʻrtasidagi hamkorlik aloqalarini amalga oshirish, ularni OQXJ doirasida oʻtkaziladigan xalqaro majlislar va boshqa rejalashtirilgan tadbirlar uchun tayyorlanadigan tegishli maʼlumotlar bilan taʼminlab borish;

OQXJ doirasida boʻlib oʻtadigan tadbirlarga Oʻzbekiston Respublikasi rasmiylari va delegatsiyalarining tashriflarini tashkil qilish va ularda ishtirok etish;

Orol dengizi havzasi muammolari boʻyicha OQXJ taʼsischi davlatlari rahbarlarining, OQXJ Prezidenti va Boshqaruv Kengashlari qarorlarining amaliy ijrosini taʼminlashda ishtirok etish;

OQXJ doirasida xalqaro shartnomalar va qabul qilinadigan qarorlarni, shuningdek, Orol dengizi havzasi muammolari va qurishi oqibatlarini bartaraf etishga qaratilgan loyiha va dasturlarni ishlab chiqish hamda ijro etilishida ishtirok etish;

atrof muhitni muhofaza qilish va ekologik beqaror hududlarni tiklash masalalari boʻyicha amalga oshiriladigan tadbirlarni faollashtirish maqsadida xalqaro moliya tashkilotlari, donor davlatlar va sohaga oid jamgʻarmalar bilan oʻzaro aloqalarni kengaytirishda ishtirok etish;

OQXJ faoliyati bilan bogʻliq masalalar boʻyicha xalqaro konferensiyalar, simpoziumlar va seminarlarni tashkil qilishda ishtirok etish;

OQXJ faoliyatini tartibga solish bilan bogʻliq huquqiy normalar va Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq boshqa vazifalarni amalga oshirishda ishtirok etish.

5. Doimiy vakil Orolni qutqarish Xalqaro jamgʻarmasining davlatlararo suv xoʻjaligini muvofiqlashtiruvchi komissiyasi va Barqaror rivojlanish boʻyicha davlatlararo komissiyasi ishlariga koʻmaklashadi.

3-bob. Doimiy vakilning faoliyatini tashkil etish va moliyaviy taʼminlash

6. Doimiy vakil Suv xoʻjaligi vazirligi va Tashqi ishlar vazirligining taklifiga muvofiq belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi bilan kelishilgan holda lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod qilinadi.

7. OQXJning Orol dengizi havzasi loyihalarini amalga oshirish agentligi va Nukus filiali Oʻzbekiston Respublikasining badali (ulushi) sifatida har yili Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan oʻtkazib beriladigan mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.

8. OQXJning Orol dengizi havzasi loyihalarini amalga oshirish agentligi va OQXJ ijroiya qoʻmitasining Nukus filiali xodimlarining mehnatiga haq toʻlash, ularni mukofotlash va ularga moddiy yordam koʻrsatish quyidagicha amalga oshiriladi:

a) Yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlashning tasdiqlangan razryadlariga muvofiq lavozim maoshini belgilashda 2024-yil 1-iyuldan boshlab, OQXJning Orol dengizi havzasi loyihalarini amalga oshirish agentligi xodimlari uchun — 4 baravar, OQXJ ijroiya qoʻmitasining Nukus filiali xodimlari uchun — 3 baravar oshirilgan koeffitsiyentlar qoʻllaniladi;

b) davlat tashkilotlarida koʻp yillik mehnati uchun ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda lavozim maoshiga quyidagi hajmlarda har oyda ustama toʻlanadi:

1 yildan 5 yilgacha — 0,2;

5 yildan 10 yilgacha — 0,3;

10 yildan 20 yilgacha — 0,4;

20 yildan ortiq — 0,6;

v) bayramlar munosabati bilan yiliga ikki oylik lavozim maoshi miqdorida va har chorak yakuni bilan bir oylik lavozim maoshi miqdorida mukofot pullari hamda yiliga bir oylik lavozim maoshi miqdorida moddiy yordam toʻlanadi;

g) budjet tashkilotlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash fondining qonunchilikda belgilangan miqdorda moddiy ragʻbatlantirish maxsus fondi qoʻllaniladi;

d) ilmiy darajaga ega xodimlarga 2025-yil 1-yanvardan boshlab, Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 24-dekabrdagi 1030-son qarori bilan tasdiqlangan Ilm-fan va taʼlim sohasidagi davlat tashkilotlarida ilmiy, ilmiy-pedagogik va mehnat faoliyati bilan shugʻullanuvchi ilmiy darajaga ega xodimlarga qoʻshimcha haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablari tatbiq etiladi.

OQXJning Orol dengizi havzasi loyihalarini amalga oshirish agentligi va OQXJ ijroiya qoʻmitasining Nukus filiali xodimlarining mehnatiga haq toʻlash bilan bogʻliq barcha xarajatlari va saqlash xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasining badali (ulushi) sifatida har yili Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan oʻtkazib beriladigan mablagʻlar hisobidan toʻlanadi.

9. Doimiy vakilning faoliyatini saqlash bilan bogʻliq xarajatlar OQXJga Oʻzbekiston Respublikasining badali (ulushi) sifatida Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan har yili oʻtkazib beriladigan mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.

10. OQXJ Orol dengizi havzasi loyihalarini amalga oshirish agentligining har yilgi xarajatlar smetasida doimiy vakilning mehnatiga haq toʻlash, sugʻurta va xizmat safari xarajatlari nazarda tutiladi.

11. Doimiy vakilning mehnatiga haq toʻlash shartlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi, xorijdagi diplomatik vakolatxonalari va konsullik muassasalarning faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 14-maydagi PQ-4318-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy Osiyo mamlakatlaridagi elchixonasi maslahatchisiga belgilangan miqdordan kelib chiqib qoʻllaniladi.

12. Doimiy vakilning xizmat safarlari bilan bogʻliq xarajatlari tegishli hisob-kitoblarga asosan xarajatlar smetasida rejalashtiriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoida

13. Doimiy vakil oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun shaxsiy javobgarlikni oʻz zimmasiga oladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 19-mart,

149-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 20.03.2021-y., 09/21/149/0222-son; 08.10.2024-y., 09/24/645/0795-son)

lex.uz