📅 2021-yil 19-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 19-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 19 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 марта 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 March 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
НИЗОМ
Сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 10 июлдаги ПФ-6024-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида (кейинги ўринларда — Тармоқ маркази) Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг мутахассислари ва раҳбар кадрлари ҳамда ушбу вазирлик тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг малакасини оширишни ташкил этиш;
1-иловага мувофиқ таълим муассасаларида Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳудудий марказларни (кейинги ўринларда — ҳудудий марказлар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш бўйича асосий вазифалари этиб белгилансин:
сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг билим ва кўникмалари, касбий лаёқати ва маҳоратини узлуксиз ошириб боришни ташкил қилиш;
замонавий бошқарув услублари, бошқарувда тўғри ва самарали қарорлар қабул қилиш ҳамда назорат қилиш бўйича кўникмаларни шакллантириш, сув хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни татбиқ этиш учун касбий тайёргарликни зарур даражада таъминлаш;
малака оширишнинг тўғридан-тўғри ва бевосита шаклларини амалиётга жорий этиш, фан ва ишлаб чиқариш билан уйғунлигини таъминлаш;
сув хўжалиги соҳаси мутахассислари ва раҳбар кадрларининг илғор ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш.
3. Белгилансинки:
ҳудудий марказга ушбу марказ ташкил этилган таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари раҳбарлик қилади;
ҳудудий марказ фаолиятини ташкил қилиш учун шартнома асосида соҳа бўйича олий маълумотли менежер жалб этилади;
ҳудудий марказ раҳбари ва менежерининг меҳнатига амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш тартибида ҳақ тўланади.
4. Қуйидагилар Тармоқ маркази ва ҳудудий марказларнинг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
шартнома асосида пулли ўқитишдан тушадиган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Қуйидагиларни назарда тутувчи Сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш жараёнини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
малака оширишнинг мақсади ва асосий вазифалари;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати мутахассислари ва раҳбар кадрлари ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг малакасини ошириш тартиби;
ўқитувчиларни (тренерларни) қайта тайёрлаш тартиби;
сув хўжалиги соҳасида мутахассислар малакасини ошириш тартиби.
6. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан биргаликда:
Тармоқ маркази ва ҳудудий марказларда малака ошириш курслари йўналишлари бўйича ихтисослашган аудиторияларни ташкил қилсин, уларнинг таъмирланиши, замонавий ўқув қуроллари, компьютер техникалари, мебеллар ва бошқа инвентарлар билан жиҳозланишини таъминласин;
Тармоқ маркази ва ҳудудий марказларга замон талабларига жавоб берадиган юқори малакали профессор-ўқитувчилар ва тажрибали мутахассислар, шунингдек, хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш чораларини кўрсин;
сув хўжалиги соҳасига жорий қилинган замонавий технологиялар, илғор тажрибалар, илм-фан ютуқлари, шунингдек, хорижий тажриба асосида малака ошириш курсларининг ўқув дастурлари ва адабиётларини пухта ишлаб чиқсин;
малака ошириш курсларининг ўқув дастурлари ва режа-графикларини ҳамда тингловчилар контингентини тасдиқлаб борсин ҳамда ўқув машғулотлари ва амалиётини юқори савияда ташкил қилсин.
7. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг марказий аппарати мутахассислари ва раҳбар кадрлари, ушбу вазирлик тизимидаги ташкилотлар мутахассислари ва раҳбар кадрларининг малакасини оширишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
бюджет ташкилотларининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
хўжалик ҳисобидаги ташкилотларнинг ўз маблағлари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Бунда сув истеъмолчилари уюшмалари, кластер ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар мутахассислари ва раҳбар кадрларининг малакасини ошириш уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ташкил этилади.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ҳамда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 мартдаги 150-сон қарорига 1-ИЛОВА
Сув хўжалиги соҳаси мутахассислари малакасини ошириш ҳудудий марказлари ташкил этиладиган таълим муассасаларининг
Т/р Ҳудудий марказлар ташкил этилаётган таълим муассасаси Таълим муассасасининг жойлашган ҳудуди 1. Беруний сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани 2. Кегейли қишлоқ хўжалиги коллежи Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов тумани 3. Марҳамат агротехнологиялар техникуми Андижон вилояти Марҳамат тумани 4. Галаосиё сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Бухоро вилояти Галаосиё шаҳри 5. Дўстлик сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Жиззах вилояти Дўстлик тумани 6. Касби сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Қашқадарё вилояти Касби тумани 7. Қамаши сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Қашқадарё вилояти Қамаши тумани 8. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиали Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри 9. Навбаҳор сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Навоий вилояти Навбаҳор тумани 10. Мингбулоқ сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Наманган вилояти Мингбулоқ тумани 11. Самарқанд ахборот технологиялари техникуми Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри 12. Оқолтин саноат техникуми Сирдарё вилояти Оқолтин тумани 13. Қизириқ сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Сурхондарё вилояти Бандихон тумани 14. Янгийўл озиқ-овқат технологияси коллежи Тошкент вилояти Янгийўл тумани 15. Қува сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Фарғона вилояти Қува тумани 16. Қўшкўпир сув хўжалиги ва мелиорация коллежи Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 мартдаги 150-сон қарорига 2-ИЛОВА
Сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш жараёнини ташкил қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш жараёнини ташкил қилиш тартибини белгилайди.
2. Сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакаси ҳар уч йилда бир марта оширилади.
3. Малака ошириш жараёни кундузги ўқиш шаклида, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда амалга оширилади.
4. Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда, малака ошириш жараёни масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ҳам ташкил этилиши мумкин.
Малака ошириш курсининг ўқув дастурларини (кейинги ўринларда — ўқув дастурлари) ўзлаштириш муддати бир ҳафтадан (54 соат) кам бўлмаган ҳажмда белгиланади, шундан аудитория машғулотлари 30 соатни, амалий машғулотлар — 6 соатни, мустақил таълим — 18 соатни ташкил қилади.
2-боб. Малака оширишнинг мақсади ва асосий вазифалари
5. Сув хўжалиги соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш, соҳага янги технологиялар татбиқ этилишини жадаллаштириш, соҳа мутахассисларининг касбий билим, кўникма ва малакасини мунтазам равишда ошириб бориш малака оширишнинг мақсади ҳисобланади.
6. Сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг билими, кўникмалари, касбий лаёқати ва маҳоратини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий бошқарув услублари, бошқарувда тўғри ва самарали қарорлар қабул қилиш ҳамда назорат қилиш бўйича кўникмаларини шакллантириш, сув хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни татбиқ этиш учун касбий тайёргарликни зарур даражада таъминлаш малака оширишнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
3-боб. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати мутахассислари ва раҳбар кадрлари ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг малакасини ошириш тартиби
7. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) марказий аппаратининг мутахассислари ва раҳбар кадрлари ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг малакаси Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида (кейинги ўринларда — Тармоқ маркази)да оширилади.
8. Вазирлик марказий аппаратининг мутахассислари ва раҳбар кадрлари ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг малакасини ошириш Вазирлик, шунингдек, унинг тизимидаги ташкилотлар буюртмасига асосан Тармоқ маркази билан шартнома асосида ташкил этилади.
9. Тармоқ марказида малака ошириш курслари Вазирлик билан келишилган ҳолда қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:
иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги ҳамда сув хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари;
сув ресурсларини оқилона бошқариш, сувнинг ҳисобини юритишни рақамлаштириш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мелиоратив назоратни рақамлаштириш;
насос станциялари, суғориш ва дренаж қудуқларини оқилона бошқариш, сув ва электр энергияси ҳисобини рақамлаштириш, электр энергиясини тежаш;
сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, қуриш ва таъмирлаш-тиклаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ишларини лойиҳалаш ва амалга ошириш, ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилиш;
сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик шартлари ва аутсорсингни жорий қилиш, маблағлардан мақсадли фойдаланиш.
Тармоқ марказида Вазирлик буюртмасига асосан бошқа йўналишлар бўйича ҳам малака ошириш курслари ташкил этилиши мумкин.
10. Вазирлик ҳар йили 10 январга қадар Тармоқ марказига Вазирлик марказий аппаратининг мутахассислари ва раҳбар кадрлари ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари орасидан йўналишлар бўйича малака оширадиган тингловчиларнинг сони ва муддатларини кўрсатган ҳолда буюртма беради.
11. Тармоқ маркази Вазирликнинг буюртмасига асосан ҳар йили 15 январга қадар йўналишлар бўйича ўқув дастурларини, ўқув машғулотларини амалга оширадиган профессор-ўқитувчилар ва тажрибали мутахассисларнинг рўйхатини ҳамда режа-графикларни ишлаб чиқади.
Ўқув дастурлари ва режа-графиклар Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
12. Тармоқ маркази томонидан малака ошириш курсларининг ўқув машғулотларини амалга ошириш учун Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, соҳага алоқадор бошқа олий таълим ва илмий-текшириш муассасалари, вазирликлар ва идораларнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда тажрибали мутахассислари соатбай ҳақ тўлаш асосида жалб қилинади.
Тармоқ маркази Вазирлик буюртмасига асосан хорижий экспертларни ҳам жалб қилиши мумкин.
13. Вазирлик тасдиқланган ўқув дастурлари ва режа-графиклар бўйича тингловчилар контингентининг аниқ рўйхатини даврий равишда Тармоқ марказига тақдим қилиб боради.
14. Тармоқ марказида малака ошириш ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари, илғор педагогик, ахборот-коммуникацион ва инновацион технологиялардан фойдаланиб тасдиқланган машғулотлар дастурлари бўйича амалга оширилади.
15. Ўқув машғулотлари Тармоқ марказида ўтказилади.
16. Амалий машғулотлар Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги «Илмий-ўқув маркази» давлат унитар корхонасининг ўқув-тажриба участкасида, замонавий бошқарув тизимли сув хўжалиги объектларида, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларининг ер майдонларида, сувни тежайдиган технологиялар бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларда, шунингдек, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамда бошқа объектларда ўтказилади.
Амалий машғулотлар ўтказиладиган объектлар Вазирлик билан келишилади.
17. Вазирлик ва унинг тизимидаги тегишли ташкилотлар:
Тармоқ маркази билан малака ошириш бўйича тузилган шартномага мувофиқ тўловларни амалга оширади;
тингловчиларнинг тасдиқланган режа-график бўйича малака оширишга ўз вақтида қатнашишини таъминлайди.
18. Тармоқ маркази:
тасдиқланган ўқув дастурлари ва режа-графиклар бўйича тингловчиларга юқори савияли профессор-ўқитувчилар ва тажрибали мутахассислар томонидан машғулотларни тўлиқ ва сифатли ўтказилишини таъминлайди;
тингловчиларни зарур ўқув материаллари билан таъминлайди, мавжуд ўқув ресурсларидан фойдаланиш имкониятини яратади;
малака ошириш курслари давомида тингловчиларнинг давомати ва фаол иштироки бўйича мониторинг олиб боради ҳамда Вазирликка кундалик маълумот тақдим қилади.
19. Малака ошириш машғулотлари якуни бўйича тингловчиларнинг олган билими имтиҳон (суҳбат) натижаси асосида баҳоланади.
Имтиҳонни (суҳбатни) ташкил этиш ва ўтказиш учун Тармоқ маркази директорининг буйруғи билан имтиҳон комиссияси тузилади. Комиссия, қоида тариқасида тоқ сонда бўлиб, раис ва камида икки нафар аъзодан иборат бўлади.
Тингловчилар билан якуний имтиҳон (суҳбат) — улар касбий фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда ўқув дастурларига асосан ўтказилади. Имтиҳон натижалари имтиҳон қайдномасида «ўтди» ёки «ўтмади» деб баҳоланади ҳамда комиссия раиси ва унинг аъзолари томонидан имзоланади.
Тармоқ маркази томонидан ўқув дастурларида назарда тутилган барча талабларни бажарган ва имтиҳонни муваффақиятли топширган (суҳбатдан ўтган) тингловчиларга ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ намунадаги сертификат берилади.
Имтиҳонни топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчиларга сертификат берилмайди. Мазкур ҳолатда тингловчиларга малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.
Узрли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган тингловчилар учун Тармоқ маркази томонидан қўшимча равишда имтиҳон ташкил этилади.
4-боб. Ўқитувчиларни (тренерларни) қайта тайёрлаш тартиби
20. Сув хўжалиги соҳаси мутахассислари, шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмалари, кластер ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ва раҳбар кадрларининг малакаси ўқитувчилар (тренерлар) томонидан оширилади.
21. Сув хўжалиги соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида (кейинги ўринларда — ҳудудий марказлар) машғулотларни ўтказиш учун жалб этиладиган ўқитувчиларнинг (тренерларнинг) таркиби тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси билан келишилади.
22. Ўқитувчилар (тренерлар) ҳудудий марказларнинг буюртмаси бўйича шартнома асосида Тармоқ марказида тасдиқланган ўқув дастурлари бўйича қайта тайёрланади.
23. Ўқитувчиларнинг (тренерларнинг) ўқув дастурлари ва ўқув жараёнлари графиклари ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос тупроқ-иқлим шароити ҳамда сув хўжалиги тизими эътиборга олинган ҳолда, Тармоқ маркази томонидан ишлаб чиқилади ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ёки ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси билан келишилган ҳолда Вазирлик томонидан тасдиқланади.
24. Ҳудудий марказлар томонидан ўқитувчиликка (тренерликка) техникум, коллеж, шунингдек, соҳа бўйича олий таълим муассасалари, сув хўжалиги, лойиҳа ва бошқа ташкилотларнинг профессор-ўқитувчилари ва тажрибали мутахассислари соатбай ҳақ тўлаш асосида жалб қилинади.
25. Тармоқ марказида ўқитувчиларни (тренерларни) қайта тайёрлаш курслари қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:
сув ресурсларини оқилона бошқариш, сувнинг ҳисобини юритишни рақамлаштириш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мелиоратив назоратни рақамлаштириш;
насос станциялари, суғориш ва дренаж қудуқларини оқилона бошқариш, сувнинг ва электр энергияси ҳисобини рақамлаштириш, электр энергиясини тежаш;
сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, қуриш ва таъмирлаш-тиклаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ишларини лойиҳалаш ва амалга ошириш, ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилиш;
сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик шартлари ва аутсорсингни жорий қилиш, маблағлардан мақсадли фойдаланиш.
26. Ўқитувчилар (тренерлар) Тармоқ марказида бир ҳафтадан (54 соат) кам бўлмаган ўқув машғулотини, шундан, 30 соатлик аудитория машғулотлари, 6 соатлик амалий машғулотлар ҳамда 18 соатлик мустақил машғулотларни ўтайди.
27. Қайта тайёрлаш курсининг якуни бўйича ўқитувчилар (тренерлар) билими Тармоқ маркази билан қайта тайёрлаш бўйича тузилган шартномага мувофиқ баҳоланади.
28. Тармоқ маркази томонидан ўқув дастурларида назарда тутилган барча талабларни бажарган ва имтиҳонни муваффақиятли топширган (суҳбатдан ўтган) ўқитувчиларга (тренерларга) ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ намунадаги гувоҳнома берилади.
Гувоҳнома ўқитувчи (тренер) учун икки йил давомида ҳудудий марказлардаги малака ошириш курсларининг тегишли йўналиши бўйича дарс бериш учун асос бўлади.
29. Имтиҳонни топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) ўқитувчиларга (тренерларга) гувоҳнома берилмайди. Бундай ҳолатда ўқитувчиларга (тренерларга) қайта тайёрлаш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.
Бунда ўқитувчилар (тренерлар) ҳудудий марказларда сув хўжалиги соҳасида мутахассисларни малакасини ошириш курсларида машғулотлар ўтказишга жалб этилмайди.
Узрли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган ўқитувчилар (тренерлар) учун имтиҳон Тармоқ маркази томонидан қўшимча равишда ташкил этилади.
5-боб. Сув хўжалиги соҳасида мутахассисларининг малакасини ошириш тартиби
30. Сув хўжалиги соҳасида мутахассисларининг, шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмалари, кластер ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар мутахассислари ва раҳбар кадрларининг малакаси ҳудудий марказларда шартнома асосида оширилади.
31. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳар йили 5 январгача сув хўжалиги тизимидаги ташкилотларнинг малака оширадиган мутахассислари рўйхатини шакллантиради ва тегишли ҳудудий марказга тақдим қилади.
Сув истеъмолчилари уюшмалари, кластер ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар ўз мутахассислари ва раҳбар кадрларининг малакасини ошириш учун тегишли ҳудудий марказга буюртма беради.
32. Ҳудудий марказларда сув хўжалиги соҳаси мутахассисларининг, сув истеъмолчилари уюшмалари, кластер ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар мутахассислари ва раҳбар кадрларининг малакаси ўқитувчилар (тренерлар) томонидан мазкур Низомнинг 25-бандига кўра тегишли йўналишлар бўйича оширилади.
33. Амалий машғулотлар ҳудудий марказларнинг ўқув тажриба-участкасида, замонавий бошқарув тизимли сув хўжалиги объектларида, сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларининг ер майдонлари, сувни тежайдиган технологиялар бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларда ҳамда бошқа объектларда ўтказилади.
Амалий машғулотлар ўтказиладиган объектлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари билан келишилади.
34. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, сув истеъмолчилари уюшмалари, кластер ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар:
тегишли ҳудудий марказ билан малака ошириш бўйича тузилган шартномага мувофиқ тўловларни ўз вақтида амалга оширади;
тингловчиларнинг тасдиқланган режа-график бўйича малака оширишга ўз вақтида қатнашишини таъминлайди.
Ҳудудий марказларда сув хўжалиги тизимида фаолият кўрсатаётган номутахассис ходимлар малака ошириш курсларига жалб қилинмайди.
35. Ҳудудий марказлар:
тасдиқланган ўқув дастурлари ва ўқув жараёни жадвали бўйича тингловчиларга профессор-ўқитувчилар ва тажрибали мутахассислар томонидан машғулотлар тўлиқ ва сифатли ўтказилишини таъминлайди;
тингловчиларни зарур ўқув материаллари билан таъминлайди, мавжуд ўқув ресурсларидан фойдаланиш имконини яратади;
тингловчиларнинг мурожаатига мувофиқ ётоқхона билан таъминлайди;
малака ошириш курслари давомида тингловчиларнинг давомати ва фаол иштироки бўйича мониторинг олиб боради ҳамда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ёки ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига кундалик маълумот тақдим қилиб боради.
36. Малака ошириш курси якуни бўйича тингловчиларнинг олган билими якуний имтиҳон (суҳбат) ўтказиш асосида баҳоланади.
Имтиҳонни ташкил этиш ва ўтказиш учун ҳудудий марказ ташкил этилган таълим муассасаси директорининг буйруғи билан имтиҳон комиссияси тузилади. Комиссия, қоида тариқасида, тоқ сонда бўлиб, раис ва камида икки нафар аъзодан иборат бўлади.
37. Тингловчилар билан якуний имтиҳон — улар касбий фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда ўқув дастурларига асосан ўтказилади. Имтиҳондан ўтиш натижалари имтиҳон қайдномасида «ўтди» ёки «ўтмади» деб баҳоланади ҳамда комиссия раиси ва унинг аъзолари томонидан имзоланади.
Ҳудудий марказлар томонидан ўқув дастурларида назарда тутилган барча талабларни бажарган ва имтиҳонни муваффақиятли топширган (суҳбатдан ўтган) тингловчиларга ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ намунадаги сертификат берилади.
Имтиҳонни топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчиларга сертификат берилмайди. Бундай ҳолатда тингловчиларга малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома беради.
Узрли сабабларга кўра имтиҳонга келмаган тингловчилар учун ҳудудий маркази томонидан қўшимча равишда имтиҳон ташкил этилади.
6-боб. Сув хўжалиги соҳаси мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини оширишни молиялаштириш
38. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг мутахассислари ва раҳбар кадрлари, ушбу вазирлик тизимидаги ташкилотлар мутахассисларининг малакасини оширишни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
бюджет ташкилотларининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
хўжалик ҳисобидаги ташкилотларнинг ўз маблағлари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Сув истеъмолчилари уюшмалари, кластер ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ва раҳбар кадрлари малакасини ошириш уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Ўқитувчиларни (тренерларни) Тармоқ марказида қайта тайёрлаш харажатлари буюртмачилар ёки Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалиги ривожлантириш жамғармаси маблағлари, хорижий грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
7-боб. Якунловчи қоида
39. Сув хўжалиги соҳаси мутахассис ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш бўйича низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш жараёнини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш жараёнини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Сув хўжалиги соҳасида мутахассислар ва раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш жараёнини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 19 март,
150-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
NIZOM
Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirish tizimini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi suv xoʻjaligini rivojlantirishning 2020 — 2030-yillarga moʻljallangan konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2020-yil 10-iyuldagi PF-6024-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirish tizimini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining:
Toshkent irrigatsiya va qishloq xoʻjaligini mexanizatsiyalash muhandislari instituti huzuridagi Pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tarmoq markazida (keyingi oʻrinlarda — Tarmoq markazi) Suv xoʻjaligi vazirligi markaziy apparatining mutaxassislari va rahbar kadrlari hamda ushbu vazirlik tizimidagi tashkilotlar rahbarlarining malakasini oshirishni tashkil etish;
1-ilovaga muvofiq taʼlim muassasalarida Suv xoʻjaligi vazirligi tizimidagi tashkilotlar mutaxassislarining malakasini oshirish boʻyicha yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan hududiy markazlarni (keyingi oʻrinlarda — hududiy markazlar) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirish boʻyicha asosiy vazifalari etib belgilansin:
suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning bilim va koʻnikmalari, kasbiy layoqati va mahoratini uzluksiz oshirib borishni tashkil qilish;
zamonaviy boshqaruv uslublari, boshqaruvda toʻgʻri va samarali qarorlar qabul qilish hamda nazorat qilish boʻyicha koʻnikmalarni shakllantirish, suv xoʻjaligi sohasida innovatsion texnologiyalarni tatbiq etish uchun kasbiy tayyorgarlikni zarur darajada taʼminlash;
malaka oshirishning toʻgʻridan-toʻgʻri va bevosita shakllarini amaliyotga joriy etish, fan va ishlab chiqarish bilan uygʻunligini taʼminlash;
suv xoʻjaligi sohasi mutaxassislari va rahbar kadrlarining ilgʻor axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, Internet jahon axborot tarmogʻidan samarali foydalanish koʻnikmalarini rivojlantirish.
3. Belgilansinki:
hududiy markazga ushbu markaz tashkil etilgan taʼlim muassasasining oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosari rahbarlik qiladi;
hududiy markaz faoliyatini tashkil qilish uchun shartnoma asosida soha boʻyicha oliy maʼlumotli menejer jalb etiladi;
hududiy markaz rahbari va menejerining mehnatiga amaldagi mehnatga haq toʻlash tartibida haq toʻlanadi.
4. Quyidagilar Tarmoq markazi va hududiy markazlarning faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
shartnoma asosida pulli oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirish jarayonini tashkil qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
malaka oshirishning maqsadi va asosiy vazifalari;
Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi markaziy apparati mutaxassislari va rahbar kadrlari hamda uning tizimidagi tashkilotlar rahbarlarining malakasini oshirish tartibi;
oʻqituvchilarni (trenerlarni) qayta tayyorlash tartibi;
suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar malakasini oshirish tartibi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Toshkent irrigatsiya va qishloq xoʻjaligini mexanizatsiyalash muhandislari instituti bilan birgalikda:
Tarmoq markazi va hududiy markazlarda malaka oshirish kurslari yoʻnalishlari boʻyicha ixtisoslashgan auditoriyalarni tashkil qilsin, ularning taʼmirlanishi, zamonaviy oʻquv qurollari, kompyuter texnikalari, mebellar va boshqa inventarlar bilan jihozlanishini taʼminlasin;
Tarmoq markazi va hududiy markazlarga zamon talablariga javob beradigan yuqori malakali professor-oʻqituvchilar va tajribali mutaxassislar, shuningdek, xorijiy mutaxassislarni shartnoma asosida jalb qilish choralarini koʻrsin;
suv xoʻjaligi sohasiga joriy qilingan zamonaviy texnologiyalar, ilgʻor tajribalar, ilm-fan yutuqlari, shuningdek, xorijiy tajriba asosida malaka oshirish kurslarining oʻquv dasturlari va adabiyotlarini puxta ishlab chiqsin;
malaka oshirish kurslarining oʻquv dasturlari va reja-grafiklarini hamda tinglovchilar kontingentini tasdiqlab borsin hamda oʻquv mashgʻulotlari va amaliyotini yuqori saviyada tashkil qilsin.
7. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining markaziy apparati mutaxassislari va rahbar kadrlari, ushbu vazirlik tizimidagi tashkilotlar mutaxassislari va rahbar kadrlarining malakasini oshirishni moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
budjet tashkilotlarining rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari;
xoʻjalik hisobidagi tashkilotlarning oʻz mablagʻlari;
xalqaro moliya tashkilotlari va xorijiy tashkilotlarning grantlari;
yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
Bunda suv isteʼmolchilari uyushmalari, klaster tashkilotlari, fermer xoʻjaliklari va boshqa tashkilotlar mutaxassislari va rahbar kadrlarining malakasini oshirish ularning oʻz mablagʻlari hisobidan tashkil etiladi.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev hamda Oʻzbekiston Respublikasi suv xoʻjaligi vaziri Sh.R. Xamrayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 19-martdagi 150-son qaroriga 1-ILOVA
Suv xoʻjaligi sohasi mutaxassislari malakasini oshirish hududiy markazlari tashkil etiladigan taʼlim muassasalarining
T/r Hududiy markazlar tashkil etilayotgan taʼlim muassasasi Taʼlim muassasasining joylashgan hududi 1. Beruniy suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Qoraqalpogʻiston Respublikasi Beruniy tumani 2. Kegeyli qishloq xoʻjaligi kolleji Qoraqalpogʻiston Respublikasi Boʻzatov tumani 3. Marhamat agrotexnologiyalar texnikumi Andijon viloyati Marhamat tumani 4. Galaosiyo suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Buxoro viloyati Galaosiyo shahri 5. Doʻstlik suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Jizzax viloyati Doʻstlik tumani 6. Kasbi suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Qashqadaryo viloyati Kasbi tumani 7. Qamashi suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Qashqadaryo viloyati Qamashi tumani 8. Toshkent irrigatsiya va qishloq xoʻjaligini mexanizatsiyalash muhandislari institutining Qarshi filiali Qashqadaryo viloyati Qarshi shahri 9. Navbahor suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Navoiy viloyati Navbahor tumani 10. Mingbuloq suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Namangan viloyati Mingbuloq tumani 11. Samarqand axborot texnologiyalari texnikumi Samarqand viloyati Samarqand shahri 12. Oqoltin sanoat texnikumi Sirdaryo viloyati Oqoltin tumani 13. Qiziriq suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Surxondaryo viloyati Bandixon tumani 14. Yangiyoʻl oziq-ovqat texnologiyasi kolleji Toshkent viloyati Yangiyoʻl tumani 15. Quva suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Fargʻona viloyati Quva tumani 16. Qoʻshkoʻpir suv xoʻjaligi va melioratsiya kolleji Xorazm viloyati Qoʻshkoʻpir tumani
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 19-martdagi 150-son qaroriga 2-ILOVA
Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirish jarayonini tashkil qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirish jarayonini tashkil qilish tartibini belgilaydi.
2. Suv xoʻjaligi sohasidagi mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasi har uch yilda bir marta oshiriladi.
3. Malaka oshirish jarayoni kunduzgi oʻqish shaklida, ishlab chiqarishdan ajralgan holda amalga oshiriladi.
4. Tegishli axborot-metodik va tashkiliy-texnik baza mavjud boʻlgan taqdirda, malaka oshirish jarayoni masofadan oʻqitish usullari qoʻllanilgan holda ham tashkil etilishi mumkin.
Malaka oshirish kursining oʻquv dasturlarini (keyingi oʻrinlarda — oʻquv dasturlari) oʻzlashtirish muddati bir haftadan (54 soat) kam boʻlmagan hajmda belgilanadi, shundan auditoriya mashgʻulotlari 30 soatni, amaliy mashgʻulotlar — 6 soatni, mustaqil taʼlim — 18 soatni tashkil qiladi.
2-bob. Malaka oshirishning maqsadi va asosiy vazifalari
5. Suv xoʻjaligi sohasidagi faoliyat samaradorligini oshirish, sohaga yangi texnologiyalar tatbiq etilishini jadallashtirish, soha mutaxassislarining kasbiy bilim, koʻnikma va malakasini muntazam ravishda oshirib borish malaka oshirishning maqsadi hisoblanadi.
6. Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning bilimi, koʻnikmalari, kasbiy layoqati va mahoratini uzluksiz oshirib borish mexanizmlarini joriy etish, zamonaviy boshqaruv uslublari, boshqaruvda toʻgʻri va samarali qarorlar qabul qilish hamda nazorat qilish boʻyicha koʻnikmalarini shakllantirish, suv xoʻjaligi sohasida innovatsion texnologiyalarni tatbiq etish uchun kasbiy tayyorgarlikni zarur darajada taʼminlash malaka oshirishning asosiy vazifalari hisoblanadi.
3-bob. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi markaziy apparati mutaxassislari va rahbar kadrlari hamda uning tizimidagi tashkilotlar rahbarlarining malakasini oshirish tartibi
7. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) markaziy apparatining mutaxassislari va rahbar kadrlari hamda uning tizimidagi tashkilotlar rahbarlarining malakasi Toshkent irrigatsiya va qishloq xoʻjaligini mexanizatsiyalash muhandislari instituti huzuridagi Pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tarmoq markazida (keyingi oʻrinlarda — Tarmoq markazi)da oshiriladi.
8. Vazirlik markaziy apparatining mutaxassislari va rahbar kadrlari hamda uning tizimidagi tashkilotlar rahbarlarining malakasini oshirish Vazirlik, shuningdek, uning tizimidagi tashkilotlar buyurtmasiga asosan Tarmoq markazi bilan shartnoma asosida tashkil etiladi.
9. Tarmoq markazida malaka oshirish kurslari Vazirlik bilan kelishilgan holda quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha amalga oshiriladi:
iqtisodiy islohotlar va ularning natijadorligi hamda suv xoʻjaligini rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari;
suv resurslarini oqilona boshqarish, suvning hisobini yuritishni raqamlashtirish va suvni tejaydigan texnologiyalarni joriy qilish;
sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash, meliorativ nazoratni raqamlashtirish;
nasos stansiyalari, sugʻorish va drenaj quduqlarini oqilona boshqarish, suv va elektr energiyasi hisobini raqamlashtirish, elektr energiyasini tejash;
suv xoʻjaligi obyektlarini modernizatsiya qilish, qurish va taʼmirlash-tiklash, suvni tejaydigan texnologiyalarni joriy qilish ishlarini loyihalash va amalga oshirish, resurslarni tejaydigan zamonaviy texnologiyalarni joriy qilish;
suv xoʻjaligida davlat-xususiy sheriklik shartlari va autsorsingni joriy qilish, mablagʻlardan maqsadli foydalanish.
Tarmoq markazida Vazirlik buyurtmasiga asosan boshqa yoʻnalishlar boʻyicha ham malaka oshirish kurslari tashkil etilishi mumkin.
10. Vazirlik har yili 10-yanvarga qadar Tarmoq markaziga Vazirlik markaziy apparatining mutaxassislari va rahbar kadrlari hamda uning tizimidagi tashkilotlar rahbarlari orasidan yoʻnalishlar boʻyicha malaka oshiradigan tinglovchilarning soni va muddatlarini koʻrsatgan holda buyurtma beradi.
11. Tarmoq markazi Vazirlikning buyurtmasiga asosan har yili 15-yanvarga qadar yoʻnalishlar boʻyicha oʻquv dasturlarini, oʻquv mashgʻulotlarini amalga oshiradigan professor-oʻqituvchilar va tajribali mutaxassislarning roʻyxatini hamda reja-grafiklarni ishlab chiqadi.
Oʻquv dasturlari va reja-grafiklar Oʻzbekiston Respublikasi suv xoʻjaligi vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
12. Tarmoq markazi tomonidan malaka oshirish kurslarining oʻquv mashgʻulotlarini amalga oshirish uchun Toshkent irrigatsiya va qishloq xoʻjaligini mexanizatsiyalash muhandislari instituti, sohaga aloqador boshqa oliy taʼlim va ilmiy-tekshirish muassasalari, vazirliklar va idoralarning professor-oʻqituvchilari hamda tajribali mutaxassislari soatbay haq toʻlash asosida jalb qilinadi.
Tarmoq markazi Vazirlik buyurtmasiga asosan xorijiy ekspertlarni ham jalb qilishi mumkin.
13. Vazirlik tasdiqlangan oʻquv dasturlari va reja-grafiklar boʻyicha tinglovchilar kontingentining aniq roʻyxatini davriy ravishda Tarmoq markaziga taqdim qilib boradi.
14. Tarmoq markazida malaka oshirish oʻqitishning zamonaviy shakllari va uslublari, ilgʻor pedagogik, axborot-kommunikatsion va innovatsion texnologiyalardan foydalanib tasdiqlangan mashgʻulotlar dasturlari boʻyicha amalga oshiriladi.
15. Oʻquv mashgʻulotlari Tarmoq markazida oʻtkaziladi.
16. Amaliy mashgʻulotlar Toshkent irrigatsiya va qishloq xoʻjaligini mexanizatsiyalash muhandislari instituti huzuridagi “Ilmiy-oʻquv markazi” davlat unitar korxonasining oʻquv-tajriba uchastkasida, zamonaviy boshqaruv tizimli suv xoʻjaligi obyektlarida, suvni tejaydigan texnologiyalar joriy qilingan fermer xoʻjaliklari va klaster tashkilotlarining yer maydonlarida, suvni tejaydigan texnologiyalar butlovchi qismlarini ishlab chiqaruvchi tashkilotlarda, shuningdek, Irrigatsiya va suv muammolari ilmiy-tadqiqot instituti hamda boshqa obyektlarda oʻtkaziladi.
Amaliy mashgʻulotlar oʻtkaziladigan obyektlar Vazirlik bilan kelishiladi.
17. Vazirlik va uning tizimidagi tegishli tashkilotlar:
Tarmoq markazi bilan malaka oshirish boʻyicha tuzilgan shartnomaga muvofiq toʻlovlarni amalga oshiradi;
tinglovchilarning tasdiqlangan reja-grafik boʻyicha malaka oshirishga oʻz vaqtida qatnashishini taʼminlaydi.
18. Tarmoq markazi:
tasdiqlangan oʻquv dasturlari va reja-grafiklar boʻyicha tinglovchilarga yuqori saviyali professor-oʻqituvchilar va tajribali mutaxassislar tomonidan mashgʻulotlarni toʻliq va sifatli oʻtkazilishini taʼminlaydi;
tinglovchilarni zarur oʻquv materiallari bilan taʼminlaydi, mavjud oʻquv resurslaridan foydalanish imkoniyatini yaratadi;
malaka oshirish kurslari davomida tinglovchilarning davomati va faol ishtiroki boʻyicha monitoring olib boradi hamda Vazirlikka kundalik maʼlumot taqdim qiladi.
19. Malaka oshirish mashgʻulotlari yakuni boʻyicha tinglovchilarning olgan bilimi imtihon (suhbat) natijasi asosida baholanadi.
Imtihonni (suhbatni) tashkil etish va oʻtkazish uchun Tarmoq markazi direktorining buyrugʻi bilan imtihon komissiyasi tuziladi. Komissiya, qoida tariqasida toq sonda boʻlib, rais va kamida ikki nafar aʼzodan iborat boʻladi.
Tinglovchilar bilan yakuniy imtihon (suhbat) — ular kasbiy faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hamda oʻquv dasturlariga asosan oʻtkaziladi. Imtihon natijalari imtihon qaydnomasida “oʻtdi” yoki “oʻtmadi” deb baholanadi hamda komissiya raisi va uning aʼzolari tomonidan imzolanadi.
Tarmoq markazi tomonidan oʻquv dasturlarida nazarda tutilgan barcha talablarni bajargan va imtihonni muvaffaqiyatli topshirgan (suhbatdan oʻtgan) tinglovchilarga ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq namunadagi sertifikat beriladi.
Imtihonni topshirmagan (suhbatdan oʻtmagan) tinglovchilarga sertifikat berilmaydi. Mazkur holatda tinglovchilarga malaka oshirish kursida qatnashganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma beriladi.
Uzrli sabablarga koʻra imtihonga kelmagan tinglovchilar uchun Tarmoq markazi tomonidan qoʻshimcha ravishda imtihon tashkil etiladi.
4-bob. Oʻqituvchilarni (trenerlarni) qayta tayyorlash tartibi
20. Suv xoʻjaligi sohasi mutaxassislari, shuningdek, suv isteʼmolchilari uyushmalari, klaster tashkilotlari, fermer xoʻjaliklari va boshqa tashkilotlarning mutaxassislari va rahbar kadrlarining malakasi oʻqituvchilar (trenerlar) tomonidan oshiriladi.
21. Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislarning malakasini oshirish hududiy markazlarida (keyingi oʻrinlarda — hududiy markazlar) mashgʻulotlarni oʻtkazish uchun jalb etiladigan oʻqituvchilarning (trenerlarning) tarkibi tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmasi bilan kelishiladi.
22. Oʻqituvchilar (trenerlar) hududiy markazlarning buyurtmasi boʻyicha shartnoma asosida Tarmoq markazida tasdiqlangan oʻquv dasturlari boʻyicha qayta tayyorlanadi.
23. Oʻqituvchilarning (trenerlarning) oʻquv dasturlari va oʻquv jarayonlari grafiklari har bir hududning oʻziga xos tuproq-iqlim sharoiti hamda suv xoʻjaligi tizimi eʼtiborga olingan holda, Tarmoq markazi tomonidan ishlab chiqiladi va tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi yoki irrigatsiya tizimlari havza boshqarmasi bilan kelishilgan holda Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.
24. Hududiy markazlar tomonidan oʻqituvchilikka (trenerlikka) texnikum, kollej, shuningdek, soha boʻyicha oliy taʼlim muassasalari, suv xoʻjaligi, loyiha va boshqa tashkilotlarning professor-oʻqituvchilari va tajribali mutaxassislari soatbay haq toʻlash asosida jalb qilinadi.
25. Tarmoq markazida oʻqituvchilarni (trenerlarni) qayta tayyorlash kurslari quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha amalga oshiriladi:
suv resurslarini oqilona boshqarish, suvning hisobini yuritishni raqamlashtirish va suvni tejaydigan texnologiyalarni joriy qilish;
sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash, meliorativ nazoratni raqamlashtirish;
nasos stansiyalari, sugʻorish va drenaj quduqlarini oqilona boshqarish, suvning va elektr energiyasi hisobini raqamlashtirish, elektr energiyasini tejash;
suv xoʻjaligi obyektlarini modernizatsiya qilish, qurish va taʼmirlash-tiklash, suvni tejaydigan texnologiyalarni joriy qilish ishlarini loyihalash va amalga oshirish, resurslarni tejaydigan zamonaviy texnologiyalarni joriy qilish;
suv xoʻjaligida davlat-xususiy sheriklik shartlari va autsorsingni joriy qilish, mablagʻlardan maqsadli foydalanish.
26. Oʻqituvchilar (trenerlar) Tarmoq markazida bir haftadan (54 soat) kam boʻlmagan oʻquv mashgʻulotini, shundan, 30 soatlik auditoriya mashgʻulotlari, 6 soatlik amaliy mashgʻulotlar hamda 18 soatlik mustaqil mashgʻulotlarni oʻtaydi.
27. Qayta tayyorlash kursining yakuni boʻyicha oʻqituvchilar (trenerlar) bilimi Tarmoq markazi bilan qayta tayyorlash boʻyicha tuzilgan shartnomaga muvofiq baholanadi.
28. Tarmoq markazi tomonidan oʻquv dasturlarida nazarda tutilgan barcha talablarni bajargan va imtihonni muvaffaqiyatli topshirgan (suhbatdan oʻtgan) oʻqituvchilarga (trenerlarga) ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq namunadagi guvohnoma beriladi.
Guvohnoma oʻqituvchi (trener) uchun ikki yil davomida hududiy markazlardagi malaka oshirish kurslarining tegishli yoʻnalishi boʻyicha dars berish uchun asos boʻladi.
29. Imtihonni topshirmagan (suhbatdan oʻtmagan) oʻqituvchilarga (trenerlarga) guvohnoma berilmaydi. Bunday holatda oʻqituvchilarga (trenerlarga) qayta tayyorlash kursida qatnashganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma beriladi.
Bunda oʻqituvchilar (trenerlar) hududiy markazlarda suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislarni malakasini oshirish kurslarida mashgʻulotlar oʻtkazishga jalb etilmaydi.
Uzrli sabablarga koʻra imtihonga kelmagan oʻqituvchilar (trenerlar) uchun imtihon Tarmoq markazi tomonidan qoʻshimcha ravishda tashkil etiladi.
5-bob. Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislarining malakasini oshirish tartibi
30. Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislarining, shuningdek, suv isteʼmolchilari uyushmalari, klaster tashkilotlari, fermer xoʻjaliklari va boshqa tashkilotlar mutaxassislari va rahbar kadrlarining malakasi hududiy markazlarda shartnoma asosida oshiriladi.
31. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmasi har yili 5-yanvargacha suv xoʻjaligi tizimidagi tashkilotlarning malaka oshiradigan mutaxassislari roʻyxatini shakllantiradi va tegishli hududiy markazga taqdim qiladi.
Suv isteʼmolchilari uyushmalari, klaster tashkilotlari, fermer xoʻjaliklari va boshqa tashkilotlar oʻz mutaxassislari va rahbar kadrlarining malakasini oshirish uchun tegishli hududiy markazga buyurtma beradi.
32. Hududiy markazlarda suv xoʻjaligi sohasi mutaxassislarining, suv isteʼmolchilari uyushmalari, klaster tashkilotlari, fermer xoʻjaliklari va boshqa tashkilotlar mutaxassislari va rahbar kadrlarining malakasi oʻqituvchilar (trenerlar) tomonidan mazkur Nizomning 25-bandiga koʻra tegishli yoʻnalishlar boʻyicha oshiriladi.
33. Amaliy mashgʻulotlar hududiy markazlarning oʻquv tajriba-uchastkasida, zamonaviy boshqaruv tizimli suv xoʻjaligi obyektlarida, suvni tejaydigan texnologiyalar joriy qilingan fermer xoʻjaliklari va klaster tashkilotlarining yer maydonlari, suvni tejaydigan texnologiyalar butlovchi qismlarini ishlab chiqaruvchi tashkilotlarda hamda boshqa obyektlarda oʻtkaziladi.
Amaliy mashgʻulotlar oʻtkaziladigan obyektlar tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi hamda irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari bilan kelishiladi.
34. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari, suv isteʼmolchilari uyushmalari, klaster tashkilotlari, fermer xoʻjaliklari va boshqa tashkilotlar:
tegishli hududiy markaz bilan malaka oshirish boʻyicha tuzilgan shartnomaga muvofiq toʻlovlarni oʻz vaqtida amalga oshiradi;
tinglovchilarning tasdiqlangan reja-grafik boʻyicha malaka oshirishga oʻz vaqtida qatnashishini taʼminlaydi.
Hududiy markazlarda suv xoʻjaligi tizimida faoliyat koʻrsatayotgan nomutaxassis xodimlar malaka oshirish kurslariga jalb qilinmaydi.
35. Hududiy markazlar:
tasdiqlangan oʻquv dasturlari va oʻquv jarayoni jadvali boʻyicha tinglovchilarga professor-oʻqituvchilar va tajribali mutaxassislar tomonidan mashgʻulotlar toʻliq va sifatli oʻtkazilishini taʼminlaydi;
tinglovchilarni zarur oʻquv materiallari bilan taʼminlaydi, mavjud oʻquv resurslaridan foydalanish imkonini yaratadi;
tinglovchilarning murojaatiga muvofiq yotoqxona bilan taʼminlaydi;
malaka oshirish kurslari davomida tinglovchilarning davomati va faol ishtiroki boʻyicha monitoring olib boradi hamda tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligiga yoki irrigatsiya tizimlari havza boshqarmasiga kundalik maʼlumot taqdim qilib boradi.
36. Malaka oshirish kursi yakuni boʻyicha tinglovchilarning olgan bilimi yakuniy imtihon (suhbat) oʻtkazish asosida baholanadi.
Imtihonni tashkil etish va oʻtkazish uchun hududiy markaz tashkil etilgan taʼlim muassasasi direktorining buyrugʻi bilan imtihon komissiyasi tuziladi. Komissiya, qoida tariqasida, toq sonda boʻlib, rais va kamida ikki nafar aʼzodan iborat boʻladi.
37. Tinglovchilar bilan yakuniy imtihon — ular kasbiy faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hamda oʻquv dasturlariga asosan oʻtkaziladi. Imtihondan oʻtish natijalari imtihon qaydnomasida “oʻtdi” yoki “oʻtmadi” deb baholanadi hamda komissiya raisi va uning aʼzolari tomonidan imzolanadi.
Hududiy markazlar tomonidan oʻquv dasturlarida nazarda tutilgan barcha talablarni bajargan va imtihonni muvaffaqiyatli topshirgan (suhbatdan oʻtgan) tinglovchilarga ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq namunadagi sertifikat beriladi.
Imtihonni topshirmagan (suhbatdan oʻtmagan) tinglovchilarga sertifikat berilmaydi. Bunday holatda tinglovchilarga malaka oshirish kursida qatnashganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma beradi.
Uzrli sabablarga koʻra imtihonga kelmagan tinglovchilar uchun hududiy markazi tomonidan qoʻshimcha ravishda imtihon tashkil etiladi.
6-bob. Suv xoʻjaligi sohasi mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirishni moliyalashtirish
38. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi markaziy apparatining mutaxassislari va rahbar kadrlari, ushbu vazirlik tizimidagi tashkilotlar mutaxassislarining malakasini oshirishni moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:
budjet tashkilotlarining rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari;
xoʻjalik hisobidagi tashkilotlarning oʻz mablagʻlari;
xalqaro moliya tashkilotlari va xorijiy tashkilotlarning grantlari;
yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
Suv isteʼmolchilari uyushmalari, klaster tashkilotlari, fermer xoʻjaliklari va boshqa tashkilotlarning mutaxassislari va rahbar kadrlari malakasini oshirish ularning oʻz mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
Oʻqituvchilarni (trenerlarni) Tarmoq markazida qayta tayyorlash xarajatlari buyurtmachilar yoki Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining Suv xoʻjaligi rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari, xorijiy grantlar hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
39. Suv xoʻjaligi sohasi mutaxassis va rahbar kadrlarning malakasini oshirish boʻyicha nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirish jarayonini tashkil qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirish jarayonini tashkil qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Suv xoʻjaligi sohasida mutaxassislar va rahbar kadrlarning malakasini oshirish jarayonini tashkil qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 19-mart,
150-son