UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 29-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 29 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 марта 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 March 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

«Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкини халқаро молия институтлари иштирокида хусусийлаштириш ва трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2020 — 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида» 2020 йил 12 майдаги ПФ-5992-сон Фармони ижросини таъминлаш, «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкининг рақобатбардошлиги ва инвестицион жозибардорлигини юқори даражага кўтариш ҳамда келгусида хусусийлаштириш учун «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки фаолиятини жаҳон тажрибаси асосида трансформация қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

2019 йил 5 июлда «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкининг (кейинги ўринларда — Банк) фаолиятини институционал ўзгартириш ва замонавий бизнес моделини жорий этиш бўйича Банк ва Халқаро молия корпорацияси (кейинги ўринларда — ХМК) ўртасида лойиҳага хизмат кўрсатиш келишуви, 2021 йил 17 февралда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (кейинги ўринларда — ЕТТБ) билан активлар ва пассивларни бошқаришни такомиллаштириш ва халқаро тажрибани жорий қилиш юзасидан техник ёрдам кўрсатиш келишуви имзоланганлиги;

ХМК, ЕТТБ ва Осиё тараққиёт банки (кейинги ўринларда — ОТБ) томонидан мос равишда 75 миллион, 50 миллион ва 50 миллион АҚШ доллари эквивалентигача миқдорда ҳар бир кредиторнинг хоҳишига кўра тўлиқ ёки унинг бир қисмини Банкнинг қўшимча чиқариладиган оддий акцияларига конвертация қилиш имконияти билан кредит линиялари очилиши тўғрисида битимлар имзоланиши режалаштирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, Банк фаолиятининг мустақиллигини таъминлаш мақсадида хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш жараёнида 2021 йилнинг декабрь ойи охиригача қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар (келгуси даврларда уларга тўлиқ риоя этилиши таъминланади) амалга оширилади:

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат активларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 26 апрелдаги 356-сон қарорининг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган тартибни Банк кузатув кенгаши аъзолигига ва бошқарувига номзодларни кўрсатиш ва тайинлашга нисбатан татбиқ этмаслик;

Банк кузатув кенгашининг янги таркибини банк стратегияси йўналишидан келиб чиққан ҳолда халқаро банк тажрибасига эга мустақил аъзоларни жалб қилиш ва уларнинг сонини беш нафарга етказиш (Банк кузатув кенгаши аъзолари сони тўққиз нафар эканлиги инобатга олиниб) орқали шакллантириш;

Банк кузатув кенгаши ҳузуридаги қўмиталарни шакллантиришда халқаро амалиёт талабларини инобатга олган ҳолда қўмиталар таркиби асосан мустақил аъзолардан иборат бўлишини ва/ёки уларнинг қўмиталар раислигига тайинланишини таъминлаш;

Банк кузатув кенгаши аъзоларини рағбатлантириш ва мукофотлаш тизимида халқаро тажриба стандартларини қўллаш;

Банк кузатув кенгаши томонидан Банк ижро этувчи органини, шунингдек ижро этувчи орган аъзоларининг (бошқарув раиси ва аъзолари) меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини бозор амалиёти стандартлари ва Банкдаги меҳнат самарадорлигини баҳолаш тизимидан (KPI) келиб чиққан ҳолда шакллантириш ва белгилаш;

Банкка алоқадор шахслар, шу жумладан давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятлари билан хар қандай операцияларни тартибга солувчи сиёсатни жорий қилиш ва унга риоя қилиш;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига киритилган лойиҳаларни молиялаштиришда операцион мустақиллик, бозор тамойиллари ва хатарларни бошқариш тизимидан келиб чиққан ҳолда Банкнинг ваколатли бошқарув органлари томонидан мустақил равишда, Банк сиёсати асосида қарор қабул қилиш;

банк фаолиятига хос бўлмаган йўналишда тижорат ташкилотларининг устав фонди (капитали)га Банк маблағларини инвестиция тариқасида жалб қилишни ман этиш.

2 1 . Банкни хусусийлаштириш ва трансформация қилиш ишларини жадаллаштириш мақсадида:

Банк томонидан янги бериладиган кредитлар бозор тамойиллари ва хатарларни бошқариш тизимидан келиб чиққан ҳолда банк сиёсати асосида ажратилади;

Банкнинг Кузатув кенгаши раиси 2023 йил 31 августга қадар унинг мустақил аъзолари орасидан сайланади.

3. ХМКнинг Банк акциядорлари таркибига кириш тўғрисидаги тегишли хабарномаси олингандан сўнг (бундай хабарнома олингандан кейин 90 кундан кечиктирилмаган муддатда) қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилсин:

Банкни Вазирлар Маҳкамасининг котибиятларига бириктирилган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, шунингдек,маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари рўйхатидан чиқариш;

4. Молия вазирлиги Банк билан биргаликда ХМК ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда Банкни хусусийлаштириш жараёнининг асосий босқичларини ҳамда корпоратив бошқарув тузилмасига ўзгаришлар киритишга ва ахборотни ошкор қилиш амалиётини жорий қилишга йўналтирилган тадбирларни, шунингдек, томонларнинг Банкни хусусийлаштириш жараёнини амалга оширишга доир мажбуриятлари 2023 йил якунига қадар бажарилишини назарда тутадиган «йўл харитаси»ни (кейинги ўринларда — «йўл харитаси») икки ой муддатда ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Банк кузатув кенгаши ва бошқарувига:

бош офис ва филиаллар тармоғи ходимларини рағбатлантириш механизмига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шу жумладан мижозларнинг садоқати ва қониқиш даражасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат самарадорлигини баҳолаш тизимини (KPI) жорий этиш жараёнини жадаллаштириш;

Банкнинг инвестиция фаолияти натижасида харид қилинган ва банк фаолиятига хос бўлмаган активларни сотиш. Активларни улар савдога қўйилган муддатдан бошлаб 3 ой давомида баҳолаш (бозор) қийматида сотиш (улушни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиш) имкони бўлмаганда, уларнинг бозор нархини номинал қийматгача камайтириш ва ушбу масалани Банк кузатув кенгаши йиғилишида кўриб чиқиш;

Банк акциядорларининг манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан, банк активлари ва кредит портфели тузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, хорижий валютадаги кредитлар улушини камайтириш бўйича самарали чоралар кўриш;

банк хизматларининг жозибадорлигини ошириш, замонавий ва масофавий молиявий хизмат турларини, IT-технологияларни қўллашни кенгайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини (айниқса, таваккалчиликларни бошқариш, IT соҳасида) мунтазам равишда такомиллаштириш тавсия этилсин.

6. Молия вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

«йўл харитаси»га мувофиқ 2024 йил охирига қадар Банкни хусусийлаштириш ва банк устав фонди (капитали)даги давлат улушини 50 фоиздан камайтириш;

Банкнинг ХМК, ЕТТБ ва ОТБ билан имзоланган (имзоланадиган) тегишли кредит битимларида назарда тутилган шартлар асосида Банкнинг кредит бўйича ХМК, ЕТТБ ва ОТБ олдидаги қарздорлигининг жами суммаси ёки бир қисмини банк томонидан қўшимча чиқариладиган оддий акцияларга конвертация қилиш имкониятини бериш;

Банк «йўл харитаси»да кўрсатилган муддатгача хусусийлаштирилмаган ёки ушбу қарорнинг 7-бандида қайд этилган битимлар шартлари бажарилмаган тақдирда, Банкнинг ХМК, ЕТТБ ва ОТБга тегишли оддий акцияларини қайта сотиб олиш бўйича давлат мажбуриятини қабул қилиш.

7. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан музокаралар олиб бориш ваколати берилсин ва Ўзбекистон Республикаси номидан ҳаракат қиладиган Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда — ТТЖ) ҳамда ХМК, ЕТТБ, ОТБ ўртасида белгиланган тартибда қуйидаги битимлар тузилиши маъқуллансин:

ушбу лойиҳани амалга ошириш учун томонлар мажбуриятлари, шу жумладан, Банкдаги давлат назорат пакетини камайтириш тартиби, муддати ва усуллари, шунингдек, Банк фаолиятини тижоратлаштиришга эришиш ва унинг операцион мустақиллигини оширишга доир чора-тадбирлар кўрсатилган имплементация тўғрисидаги битимлар;

ХМК, ЕТТБ, ОТБ билан кредит битимларининг амал қилиш муддати мобайнида Банк устав фонди (капитали)даги давлат улушини камида 50 фоиз ва бир дона акция миқдорида сақлашни назарда тутадиган (давлат томонидан «йўл харитаси»га мувофиқ ўз мажбуриятларини бажариш ҳоллари бундан мустасно) устав фонди (капитали)даги миқдорни сақлаш тўғрисидаги битим;

Банкнинг тақдим этилган кредитлар бўйича ХМК, ЕТТБ ва ОТБ олдидаги қарздорлигининг жами суммаси ёки бир қисмини Банкнинг қўшимча чиқарилган оддий акцияларига конвертация қилиш бўйича тегишли опционини ХМК, ЕТТБ ва ОТБ томонидан амалга оширишда тузиладиган ва Молия вазирлиги, ТТЖ, ХМК, ЕТТБ ҳамда ОТБнинг Банкни бошқариш бўйича ваколатлари аниқ кўрсатилган акциядорлик битимлари;

давлат ва/ёки Банк томонидан «йўл харитаси» ва битимлар шартлари бажарилмаган тақдирда, Банкнинг ХМК, ЕТТБ ва ОТБга тегишли бўлган акцияларини Банкнинг тақдим этилган кредит бўйича ХМК, ЕТТБ ва ОТБ олдидаги қарздорлигининг жами суммаси ёки бир қисмини Банкнинг қўшимча чиқарилган оддий акцияларига конвертация қилиш бўйича тегишли опционини ХМК, ЕТТБ ва ОТБ томонидан амалга оширишда тузиладиган шартномада белгиланган тартибда ТТЖ томонидан қайта сотиб олиш бўйича давлат мажбуриятларини ўз ичига оладиган акцияларни қайта сотиб олиш тўғрисидаги битимлар.

ушбу лойиҳа ва «йўл харитаси»ни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа битимлар.

8. Белгилаб қўйилсинки:

а) «йўл харитаси» ва битимлар шартлари давлат томонидан бажарилмаган тақдирда, ТТЖ:

акцияларни қайта сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ акциялар қиймати тўланишини таъминлайди;

Банкнинг халқаро молия институтларига тегишли бўлган акцияларини биржа ёки биржадан ташқари савдоларга қўймасдан, тўғридан-тўғри битимлар тузиш орқали сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланади;

б) ТТЖнинг Банк устав фонди (капитали)даги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 13 ноябрдаги ПҚ-4015-сон қарорига мувофиқ киритилган 50 млн АҚШ доллар эквивалентидаги улуши Банкни хусусийлаштириш жараёнида инвесторларга сотилади.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 29 март,

161-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.03.2021 й., 09/21/161/0248-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2021 й., 09/21/778/1207-сон; 01.08.2023 й., 07/23/253/0548-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

“Oʻzsanoatqurilishbank” aksiyadorlik tijorat bankini xalqaro moliya institutlari ishtirokida xususiylashtirish va transformatsiya qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2020 — 2025-yillarga moʻljallangan Oʻzbekiston Respublikasining bank tizimini isloh qilish strategiyasi toʻgʻrisida” 2020-yil 12-maydagi PF-5992-son Farmoni ijrosini taʼminlash, “Oʻzsanoatqurilishbank” aksiyadorlik tijorat bankining raqobatbardoshligi va investitsion jozibardorligini yuqori darajaga koʻtarish hamda kelgusida xususiylashtirish uchun “Oʻzsanoatqurilishbank” aksiyadorlik tijorat banki faoliyatini jahon tajribasi asosida transformatsiya qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

2019-yil 5-iyulda “Oʻzsanoatqurilishbank” aksiyadorlik tijorat bankining (keyingi oʻrinlarda — Bank) faoliyatini institutsional oʻzgartirish va zamonaviy biznes modelini joriy etish boʻyicha Bank va Xalqaro moliya korporatsiyasi (keyingi oʻrinlarda — XMK) oʻrtasida loyihaga xizmat koʻrsatish kelishuvi, 2021-yil 17-fevralda Yevropa tiklanish va taraqqiyot banki (keyingi oʻrinlarda — YETTB) bilan aktivlar va passivlarni boshqarishni takomillashtirish va xalqaro tajribani joriy qilish yuzasidan texnik yordam koʻrsatish kelishuvi imzolanganligi;

XMK, YETTB va Osiyo taraqqiyot banki (keyingi oʻrinlarda — OTB) tomonidan mos ravishda 75 million, 50 million va 50 million AQSh dollari ekvivalentigacha miqdorda har bir kreditorning xohishiga koʻra toʻliq yoki uning bir qismini Bankning qoʻshimcha chiqariladigan oddiy aksiyalariga konvertatsiya qilish imkoniyati bilan kredit liniyalari ochilishi toʻgʻrisida bitimlar imzolanishi rejalashtirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilansinki, Bank faoliyatining mustaqilligini taʼminlash maqsadida xususiylashtirishga tayyorgarlik koʻrish jarayonida 2021-yilning dekabr oyi oxirigacha quyidagilarni nazarda tutuvchi chora-tadbirlar (kelgusi davrlarda ularga toʻliq rioya etilishi taʼminlanadi) amalga oshiriladi:

Vazirlar Mahkamasining “Davlat aktivlarini boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 26-apreldagi 356-son qarorining 1 va 2-bandlarida nazarda tutilgan tartibni Bank kuzatuv kengashi aʼzoligiga va boshqaruviga nomzodlarni koʻrsatish va tayinlashga nisbatan tatbiq etmaslik;

Bank kuzatuv kengashining yangi tarkibini bank strategiyasi yoʻnalishidan kelib chiqqan holda xalqaro bank tajribasiga ega mustaqil aʼzolarni jalb qilish va ularning sonini besh nafarga yetkazish (Bank kuzatuv kengashi aʼzolari soni toʻqqiz nafar ekanligi inobatga olinib) orqali shakllantirish;

Bank kuzatuv kengashi huzuridagi qoʻmitalarni shakllantirishda xalqaro amaliyot talablarini inobatga olgan holda qoʻmitalar tarkibi asosan mustaqil aʼzolardan iborat boʻlishini va/yoki ularning qoʻmitalar raisligiga tayinlanishini taʼminlash;

Bank kuzatuv kengashi aʼzolarini ragʻbatlantirish va mukofotlash tizimida xalqaro tajriba standartlarini qoʻllash;

Bank kuzatuv kengashi tomonidan Bank ijro etuvchi organini, shuningdek ijro etuvchi organ aʼzolarining (boshqaruv raisi va aʼzolari) mehnatiga haq toʻlash miqdorini bozor amaliyoti standartlari va Bankdagi mehnat samaradorligini baholash tizimidan (KPI) kelib chiqqan holda shakllantirish va belgilash;

Bankka aloqador shaxslar, shu jumladan davlat ulushi mavjud xoʻjalik jamiyatlari bilan xar qanday operatsiyalarni tartibga soluvchi siyosatni joriy qilish va unga rioya qilish;

hududlarni kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish dasturlariga kiritilgan loyihalarni moliyalashtirishda operatsion mustaqillik, bozor tamoyillari va xatarlarni boshqarish tizimidan kelib chiqqan holda Bankning vakolatli boshqaruv organlari tomonidan mustaqil ravishda, Bank siyosati asosida qaror qabul qilish;

bank faoliyatiga xos boʻlmagan yoʻnalishda tijorat tashkilotlarining ustav fondi (kapitali)ga Bank mablagʻlarini investitsiya tariqasida jalb qilishni man etish.

2 1 . Bankni xususiylashtirish va transformatsiya qilish ishlarini jadallashtirish maqsadida:

Bank tomonidan yangi beriladigan kreditlar bozor tamoyillari va xatarlarni boshqarish tizimidan kelib chiqqan holda bank siyosati asosida ajratiladi;

Bankning Kuzatuv kengashi raisi 2023-yil 31-avgustga qadar uning mustaqil aʼzolari orasidan saylanadi.

3. XMKning Bank aksiyadorlari tarkibiga kirish toʻgʻrisidagi tegishli xabarnomasi olingandan soʻng (bunday xabarnoma olingandan keyin 90 kundan kechiktirilmagan muddatda) quyidagi chora-tadbirlar amalga oshirilsin:

Bankni Vazirlar Mahkamasining kotibiyatlariga biriktirilgan vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar, shuningdek,mahalliy ijroiya hokimiyati organlari roʻyxatidan chiqarish;

4. Moliya vazirligi Bank bilan birgalikda XMK hamda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan kelishgan holda Bankni xususiylashtirish jarayonining asosiy bosqichlarini hamda korporativ boshqaruv tuzilmasiga oʻzgarishlar kiritishga va axborotni oshkor qilish amaliyotini joriy qilishga yoʻnaltirilgan tadbirlarni, shuningdek, tomonlarning Bankni xususiylashtirish jarayonini amalga oshirishga doir majburiyatlari 2023-yil yakuniga qadar bajarilishini nazarda tutadigan “yoʻl xaritasi”ni (keyingi oʻrinlarda — “yoʻl xaritasi”) ikki oy muddatda ishlab chiqsin hamda tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

5. Bank kuzatuv kengashi va boshqaruviga:

bosh ofis va filiallar tarmogʻi xodimlarini ragʻbatlantirish mexanizmiga yuklangan vazifalarning bajarilishi, shu jumladan mijozlarning sadoqati va qoniqish darajasidan kelib chiqqan holda mehnat samaradorligini baholash tizimini (KPI) joriy etish jarayonini jadallashtirish;

Bankning investitsiya faoliyati natijasida xarid qilingan va bank faoliyatiga xos boʻlmagan aktivlarni sotish. Aktivlarni ular savdoga qoʻyilgan muddatdan boshlab 3 oy davomida baholash (bozor) qiymatida sotish (ulushni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sotish) imkoni boʻlmaganda, ularning bozor narxini nominal qiymatgacha kamaytirish va ushbu masalani Bank kuzatuv kengashi yigʻilishida koʻrib chiqish;

Bank aksiyadorlarining manfaatlarini himoya qilish nuqtai nazaridan, bank aktivlari va kredit portfeli tuzilmasini takomillashtirish, shuningdek, xorijiy valyutadagi kreditlar ulushini kamaytirish boʻyicha samarali choralar koʻrish;

bank xizmatlarining jozibadorligini oshirish, zamonaviy va masofaviy moliyaviy xizmat turlarini, IT-texnologiyalarni qoʻllashni kengaytirish chora-tadbirlarini amalga oshirish;

xodimlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish tizimini (ayniqsa, tavakkalchiliklarni boshqarish, IT sohasida) muntazam ravishda takomillashtirish tavsiya etilsin.

6. Moliya vazirligi hamda Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasining quyidagilarni nazarda tutuvchi takliflariga rozilik berilsin:

“yoʻl xaritasi”ga muvofiq 2024-yil oxiriga qadar Bankni xususiylashtirish va bank ustav fondi (kapitali)dagi davlat ulushini 50 foizdan kamaytirish;

Bankning XMK, YETTB va OTB bilan imzolangan (imzolanadigan) tegishli kredit bitimlarida nazarda tutilgan shartlar asosida Bankning kredit boʻyicha XMK, YETTB va OTB oldidagi qarzdorligining jami summasi yoki bir qismini bank tomonidan qoʻshimcha chiqariladigan oddiy aksiyalarga konvertatsiya qilish imkoniyatini berish;

Bank “yoʻl xaritasi”da koʻrsatilgan muddatgacha xususiylashtirilmagan yoki ushbu qarorning 7-bandida qayd etilgan bitimlar shartlari bajarilmagan taqdirda, Bankning XMK, YETTB va OTBga tegishli oddiy aksiyalarini qayta sotib olish boʻyicha davlat majburiyatini qabul qilish.

7. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vaziriga Oʻzbekiston Respublikasi nomidan muzokaralar olib borish vakolati berilsin va Oʻzbekiston Respublikasi nomidan harakat qiladigan Moliya vazirligi, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — TTJ) hamda XMK, YETTB, OTB oʻrtasida belgilangan tartibda quyidagi bitimlar tuzilishi maʼqullansin:

ushbu loyihani amalga oshirish uchun tomonlar majburiyatlari, shu jumladan, Bankdagi davlat nazorat paketini kamaytirish tartibi, muddati va usullari, shuningdek, Bank faoliyatini tijoratlashtirishga erishish va uning operatsion mustaqilligini oshirishga doir chora-tadbirlar koʻrsatilgan implementatsiya toʻgʻrisidagi bitimlar;

XMK, YETTB, OTB bilan kredit bitimlarining amal qilish muddati mobaynida Bank ustav fondi (kapitali)dagi davlat ulushini kamida 50 foiz va bir dona aksiya miqdorida saqlashni nazarda tutadigan (davlat tomonidan “yoʻl xaritasi”ga muvofiq oʻz majburiyatlarini bajarish hollari bundan mustasno) ustav fondi (kapitali)dagi miqdorni saqlash toʻgʻrisidagi bitim;

Bankning taqdim etilgan kreditlar boʻyicha XMK, YETTB va OTB oldidagi qarzdorligining jami summasi yoki bir qismini Bankning qoʻshimcha chiqarilgan oddiy aksiyalariga konvertatsiya qilish boʻyicha tegishli opsionini XMK, YETTB va OTB tomonidan amalga oshirishda tuziladigan va Moliya vazirligi, TTJ, XMK, YETTB hamda OTBning Bankni boshqarish boʻyicha vakolatlari aniq koʻrsatilgan aksiyadorlik bitimlari;

davlat va/yoki Bank tomonidan “yoʻl xaritasi” va bitimlar shartlari bajarilmagan taqdirda, Bankning XMK, YETTB va OTBga tegishli boʻlgan aksiyalarini Bankning taqdim etilgan kredit boʻyicha XMK, YETTB va OTB oldidagi qarzdorligining jami summasi yoki bir qismini Bankning qoʻshimcha chiqarilgan oddiy aksiyalariga konvertatsiya qilish boʻyicha tegishli opsionini XMK, YETTB va OTB tomonidan amalga oshirishda tuziladigan shartnomada belgilangan tartibda TTJ tomonidan qayta sotib olish boʻyicha davlat majburiyatlarini oʻz ichiga oladigan aksiyalarni qayta sotib olish toʻgʻrisidagi bitimlar.

ushbu loyiha va “yoʻl xaritasi”ni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan boshqa bitimlar.

8. Belgilab qoʻyilsinki:

a) “yoʻl xaritasi” va bitimlar shartlari davlat tomonidan bajarilmagan taqdirda, TTJ:

aksiyalarni qayta sotib olish toʻgʻrisidagi bitimga muvofiq aksiyalar qiymati toʻlanishini taʼminlaydi;

Bankning xalqaro moliya institutlariga tegishli boʻlgan aksiyalarini birja yoki birjadan tashqari savdolarga qoʻymasdan, toʻgʻridan toʻgʻri bitimlar tuzish orqali sotib olish huquqidan foydalanadi;

b) TTJning Bank ustav fondi (kapitali)dagi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Parrandachilikni yanada rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 13-noyabrdagi PQ-4015-son qaroriga muvofiq kiritilgan 50 mln AQSh dollar ekvivalentidagi ulushi Bankni xususiylashtirish jarayonida investorlarga sotiladi.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi moliya vaziri T.A. Ishmetov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 29-mart,

161-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 29.03.2021-y., 09/21/161/0248-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.12.2021-y., 09/21/778/1207-son; 01.08.2023-y., 07/23/253/0548-son)

lex.uz