📅 2021-yil 30-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 30-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 30 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 марта 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 March 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат қарзи ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг натижадорлигини таъминлаш тўғрисида» 2020 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4883-сон қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат қарзи ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг натижадорлигини таъминлаш тўғрисида» 2020 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4883-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида бошқарув ходимларининг чекланган сони 49 штат бирлигидан иборат бўлган Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ташкил этилганлиги ҳамда Агентлик фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган таклифларни малакали консультант ва экспертларни жалб қилган ҳолда лойиҳаолди баҳолаш (шу жумладан, муқобил сценарийлар ишлаб чиқиш);
давлат ташқи қарзи ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳа ташаббускорларига техник топшириқ ва техник-иқтисодий асосларни мукаммал ишлаб чиқишда кўмаклашиш;
лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида лойиҳа харажатларини бошқариш тизимини жорий қилиш;
лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичлари матрицасини шакллантириш, уларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини жорий этиш;
инвестиция лойиҳасини амалга оширишда муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
лойиҳалар доирасида шаффоф ва холис тендер ҳамда бошқа харид жараёнларини ташкил этиш, шу жумладан, харидлар бўйича мустақил эксперт ва профессионал компанияларни жалб қилиш;
лойиҳаларни амалга ошириш доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва пудратчиларни кенг жалб қилиш мақсадида улар учун тегишли тренинг ва семинарлар ўтказилишини доимий асосда таъминлаб бориш;
лойиҳаларни бошқариш доирасида рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда илғор халқаро тажрибани қўллаш;
инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини ва техник-иқтисодий асосларда назарда тутилган натижаларга эришилганлигини баҳолаш тизимини жорий этиш, шу жумладан, лойиҳа натижаларини баҳолаш ҳисоботларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш;
лойиҳаларни бошқариш гуруҳлари ва лойиҳа ташаббускорларининг тегишли бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолаш.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги тузилмасига тасдиқланган штат бирликлари сони доирасида ўзгартириш киритиш ваколатига эга эканлиги белгилаб қўйилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат қарзи ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг натижадорлигини таъминлаш тўғрисида» 2020 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4883-сон қарори доирасида тугатилаётган «Коммунхизмат» агентлиги, Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг ҳуқуқ, мажбурият ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворис этиб тегишли равишда қуйидагилар белгилансин:
а) «Коммунхизмат» агентлиги лойиҳалари доирасида:
иссиқлик таъминоти йўналишида — Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги;
ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими йўналишида — «Ўзсувтаъминот» АЖ;
б) Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги лойиҳалари доирасида — Сув хўжалиги вазирлиги;
в) Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги лойиҳалари доирасида:
барча лойиҳалар бўйича чорвачилик йўналишидан ташқари — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
чорвачилик йўналишидаги лойиҳалар бўйича — Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси.
4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки ҳафта муддатда Агентликни зарур мебель, техника воситалари ва тегишли алоқа турлари билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш доирасида Агентликнинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан бўйича зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки ой муддатда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини жалб этиш ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида имзоланган халқаро шартномаларга ушбу қарордан келиб чиқиб, тегишли ўзгартиришлар киритсин.
7. Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ҳар чорак якуни бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини жалб этиш ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши ҳолатини ва ишга тушган лойиҳаларни таҳлил қилсин ҳамда умумлаштирилган ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги малакали консультант ва экспертларни жалб этиш ҳамда давлат ташқи қарзи ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантларини жалб этсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 мартдаги 169-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 мартдаги 169-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ-ваколатлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.
2. Агентлик ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (кейинги ўринларда — Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги)нинг қарорлари ҳамда буйруқларига асосан ва мувофиқ равишда амалга оширади.
3. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
4. Агентлик давлат муассасаси шаклида ташкил этилган мустақил юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланк варақаларига, мустақил балансга, ўзининг ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эгадир.
5. Агентликнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги;
қисқартирилган номи — Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги;
б) инглиз тилида:
тўлиқ номи — The Agency for international cooperation and development under the Ministry of investments and foreign trade of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — The Agency for international cooperation and development;
в) pyc тилида:
тўлиқ номи — Агентство по международному сотрудничеству и развитию при Министерстве инвестиций и внешней торговли Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Агентство по международному сотрудничеству и развитию.
6. Агентликнинг жойлашган манзили (почта манзили): Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 34-уй.
2-боб. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари
7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган таклифларни малакали консультант ва экспертларни жалб қилган ҳолда лойиҳаолди баҳолаш (шу жумладан, муқобил сценарийлар ишлаб чиқиш) ишларини амалга ошириш;
давлат ташқи қарзи ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳа ташаббускорларига техник топшириқ ва техник-иқтисодий асосларни мукаммал ишлаб чиқишда кўмаклашиш;
лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида лойиҳа харажатларини бошқариш тизимини жорий қилиш;
лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичлари матрицасини шакллантириш, улар бўйича мониторинг олиб бориш ва баҳолаш тизимини жорий этиш;
инвестиция лойиҳасини амалга оширишда муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
лойиҳалар доирасида шаффоф ва холис тендер ҳамда бошқа харид жараёнларини ташкил этиш, шу жумладан, харидлар бўйича мустақил эксперт ва профессионал компанияларни жалб қилиш;
лойиҳалар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва пудратчиларни кенг жалб қилиш мақсадида улар учун тегишли тренинг ва семинарлар ўтказилишини доимий равишда таъминлаш;
лойиҳаларни бошқаришда рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда илғор халқаро тажрибани қўллаш;
инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини ва техник-иқтисодий асосларда назарда тутилган натижаларга эришилганлигини баҳолаш тизимини жорий этиш, шу жумладан, лойиҳа натижаларини баҳолаш ҳисоботларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш;
лойиҳаларни бошқариш гуруҳлари ва лойиҳа ташаббускорларининг тегишли бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда самарадорлигини баҳолаш.
8. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (кейинги ўринларда — ХМИ/ХҲМТ) билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнларида қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган таклифларни малакали консулътант ва экспертларни жалб қилган ҳолда лойиҳаолди баҳолаш (шу жумладан, муқобил сценарийлар ишлаб чиқиш) соҳасида:
лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган истиқболли инвестиция лойиҳаларига доир таклифларни улар бўйича ишлаб чиқилган белгиланган шаклдаги концепциялар асосида кўриб чиқади;
истиқболли инвестиция лойиҳаларининг ижтимоий-иқтисодий ва стратегик аҳамиятидан келиб чиқиб, устуворлигини баҳолайди ва уларни амалга ошириш кетма-кетлиги рўйхатини шакллантиради;
ҳудудларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини тегишли ҳудуд халқ депутатлари Кенгашлари билан кўриб чиқиш жараёнларида лойиҳа ташаббускорлари билан бирга қатнашади ва мувофиқлаштиради;
шакллантирилган давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхатини Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқлаш ва ХМИ/ХҲМТ билан ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига киритади;
ХМИ/ХҲМТларнинг лойиҳаларни тайёрлаш ва баҳолаш миссияларида қатнашади, уларга лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш учун зарур бўлган маълумотларнинг лойиҳа ташаббускори ва бошқа давлат органлари орқали тақдим этилишини таъминлайди;
б) давлат ташқи қарзи ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳа ташаббускорларига техник топшириқ ва техник-иқтисодий асосларни мукаммал ишлаб чиқишда кўмаклашиш соҳасида:
лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларига оид техник топшириқларни келишади;
лойиҳа институтлари томонидан давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини тармоқ жадвалларида белгиланган муддатларда ва мукаммал ишлаб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда вариантларни кўриб чиқиш орқали лойиҳани оқилона жойлаштириш ва амалга оширишнинг энг самарали техник, ташкилий ва иқтисодий ечимларини танлаши ва белгилаб олиши учун лойиҳа ташаббускорига Агентликнинг тегишли хулосаси ва таклифларини тақдим этади;
лойиҳаолди ҳужжатларини рақобатбардош маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)дан фойдаланишни эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқиш учун ўзининг хулоса ва таклифларини тақдим этади;
в) лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида лойиҳа харажатларини бошқариш тизимини жорий қилиш соҳасида:
лойиҳаолди ҳужжатларидаги харажатлар ҳисобини ХМИ/ХҲМТлар билан келишилган методология асосида таҳлил қилади;
лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда лойиҳа қийматини мақбуллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;
лойиҳани амалга ошириш давомида харажатлар миқдорини назорат ва таҳлил қилиб боради, улар асоссиз ошиб кетишининг олдини олади;
давлат ташқи қарзи ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида имзоланган асосий шартномаларга қўшимча келишувларни лойиҳанинг тасдиқланган техник-иқтисодий асоси, тендер ҳужжатларини инобатга олган ҳолда кўриб чиқади, келишади, ижобий хулосали келишиш мазкур қўшимча шартномаларнинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида рўйхатдан ўтказилишига асос бўлади;
г) лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичлари матрицасини шакллантириш, улар бўйича мониторинг олиб бориш ва баҳолаш тизимини жорий этиш соҳасида:
ХМИ/ХҲМТ нинг лойиҳани баҳолаш миссиялари томонидан мақсадли кўрсаткичлар матрицасини шакллантириш жараёнида иштирок этади ва ўзининг хулосасини тақдим этади;
инвестиция лойиҳаси амалга оширилганидан кейинги 5 йил давомида лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичларини баҳолаб боради, мақсадли кўрсаткичларга эришилмаганлигининг сабабларини таҳлил қилади;
ХМИ/ХҲМТ томонидан амалга ошириладиган лойиҳа натижаларини мустақил баҳолашда бевосита иштирок этади;
д) инвестиция лойиҳасини амалга оширишда муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини қуриш соҳасида:
давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишда лойиҳа ташаббускорларига ўзининг хулоса ва таклифларини тақдим этади, зарур ҳолларда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўради;
лойиҳани амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалалар тўғрисида ахборот ва уларни ҳал этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига киритиб боради;
давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида имзоланган шартномаларда назарда тутилган чора-тадбирлар ўз муддатида ва сифатли бажарилишини ўрганиб боради;
белгиланган тартибда лойиҳалар доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ўзлаштирилишини таҳлил қилади, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
е) лойиҳалар доирасида шаффоф ва холис тендер ҳамда бошқа харид жараёнларини ташкил этиш, шу жумладан, харидлар бўйича мустақил эксперт ва профессионал компанияларни жалб қилиш соҳасида:
лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда харидлар режасини ва стратегиясини ишлаб чиқади ва ХМИ/ХҲМТ билан келишиш жараёнини ташкиллаштиради;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича ишчи орган сифатида харид жараёнларини ташкил этади ва уларни ўтказишда лойиҳа ташаббускорига кўмаклашади;
давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида қиймати 5000 базавий ҳисоблаш миқдоридан юқори бўлган тендер савдоларининг ҳужжатларини, зарурат бўлганда малакали консультант ва экспертларни жалб қилган ҳолда, шакллантиришда ва ишлаб чиқишда лойиҳа ташаббускорига кўмаклашади ҳамда кейинчалик Харид комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этади;
лойиҳа ташаббускори томонидан тендер савдолари эълон қилинишини мувофиқлаштиради;
тендер савдолари доирасида тушган харид таклифларини ва бошқа ҳужжатларни баҳолаш комиссиялари томонидан ХМИ/ХҲМТнинг талабларини инобатга олган ҳолда, зарурат бўлганда мустақил эксперт ва профессионал компанияларни жалб қилиб баҳолашни ва ҳисоботлар тузишни ташкил этади ҳамда лойиҳа ташаббускорлари ва харид комиссиясининг ишини мувофиқлаштиради;
тендер ҳужжатларини, баҳолаш ҳисоботларини ва харид жараёнларига тегишли бошқа ҳужжатларни харид комиссиялари ва ХМИ/ХҲМТ билан келишиш жараёнларини мувофиқлаштиради;
тендер савдолари доирасида рақобатни кучайтириш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва пудратчиларни, халқаро компанияларни, жамоатчиликни кенг жалб этиш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширади ва харидлар тўғрисидаги ахборотдан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлиқ, ўз вақтида, эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаган ҳолда уни ахборот порталига жойлаштиради, бундан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
ж) лойиҳалар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва пудратчиларни кенг жалб қилиш мақсадида улар учун тегишли тренинг ва семинарлар ўтказилишини доимий асосда таъминлаш соҳасида:
лойиҳалар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва пудратчиларни кенг жалб қилиш, тендер ҳужжатларини ХМИ/ХҲМТ талабларига мос ҳолда тайёрлаш мақсадида улар учун малакаларини ошириш бўйича тренинг ва семинарлар ташкил этади;
тендер савдоларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва пудратчиларни иштирок этишини қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа ишларни амалга оширади;
з) лойиҳаларни бошқаришда рақамли технологияларни ҳамда илғор халқаро тажрибани қўллаш соҳасида:
давлат ташқи қарзи ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳаолди ҳужжатларини электрон тарзда тайёрлаш, идоралараро экспертизадан ўтказиш, мониторинг ва натижадорлигини баҳолаш жараёнларининг тўлиқ рақамлаштириш тизимида амалга оширилишини мувофиқлаштиради;
ХМИ/ХҲМТ билан биргаликда илғор халқаро тажрибани қўллаган ҳолда давлат ташқи қарзи ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида қиймати 5000 базавий ҳисоблаш миқдоридан юқори бўлган тендер савдолари жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган рақамлаштириш тизими фаолиятини мувофиқлаштиради;
ХМИ/ХҲМТ билан лойиҳаларни бошқариш доирасида рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича музокаралар олиб боради;
и) инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини ва техник-иқтисодий асосларда назарда тутилган натижаларга эришилганлигини баҳолаш тизимини жорий этиш, шу жумладан лойиҳа натижаларини баҳолаш ҳисоботларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш соҳасида:
лойиҳа фойдаланишга топширилганидан кейин 5 йил давомида камида йилда бир маротаба лойиҳа ҳудудига чиқиб, тасдиқланган техник-иқтисодий параметрларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг ва баҳолаш ишларини амалга оширади;
лойиҳа натижаларини баҳолаш бўйича ҳисоботларни умумлаштиради ва таҳлил қилади, таҳлил натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этади;
лойиҳа ташаббускорлари томонидан амалга оширилаётган ва якунланган лойиҳалар бўйича ўзлаштирилган маблағлар ҳамда эришилган натижалар юзасидан маълумотларни мунтазам равишда ўзларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинишини мувофиқлаштириб боради;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда белгиланган тадбирларни асоссиз равишда ўз вақтида бажармаган ҳамда лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичлари матрицаси мониторинги ва баҳолаш натижаларига кўра Вазирлар Маҳкамасига қарз олувчи ташкилотларнинг биринчи раҳбарларига нисбатан улар ойлик иш ҳақининг 30 фоизигача миқдорда ушлаб қолиш кўринишида ёки бошқа интизомий чоралар кўллаш ҳамда лойиҳаларнинг бажарилишида алоҳида ўрнак кўрсатган лойиҳа ташаббускорларини рағбатлантириш юзасидан таклифлар киритади;
к) лойиҳаларни бошқариш гуруҳлари ва лойиҳа ташаббускорларининг тегишли бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда самарадорлигини баҳолаш соҳасида:
ижро агентликларнинг масъул раҳбарлари, уларнинг инвестиция бўлинмалари ходимлари ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари мутахассислари учун лойиҳаларни тайёрлаш, бошқариш ва харидларни ташкил этиш бўйича ўқув курсларини доимий асосда ташкил этади, ўқув курслари натижаларига кўра махсус сертификатлар берилишини таъминлайди;
лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларининг иш самарадорлигини лойиҳанинг тасдиқланган техник-иқтисодий параметрлари бажарилиши ва кредит маблағлари мақсадли ишлатилиши бўйича эришилган натижаларга асосланиб баҳолайди ва масъул ходимларга нисбатан интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига таклиф киритади;
лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари раҳбари, харид қилиш, мониторинг қилиш ва молия масалалари бўйича мутахассисларини лавозимга тайинлаш масалалари келишилишини таъминлайди.
3-боб. Агентликнинг ҳуқуқ-ваколатлари ва жавобгарлиги
9. Агентлик унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
республикага давлат ташқи қарзларини жалб этиш ва ўзлаштиришга оид статистик маълумотлар, таклифлар, хулосалар ва бошқа зарур маълумотларни белгиланган тартибда олиш, шунингдек, Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича ёзишмалар олиб бориш;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишган ҳолда хорижий агентликлар ва ташкилотлар билан техник ва иқтисодий ахборот алмашиш, шунингдек, ёзишмалар олиб бориш;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, музокаралар олиб бориш ва белгиланган тартибда шартномалар имзолаш;
Зарур ҳолларда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбариятига Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишга маҳаллий экспертларни ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда хорижий экспертларни жалб этиш бўйича, шунингдек, амалиётда юзага келадиган бошқа масалалар юзасидан таклифларни белгиланган тартибда киритиш;
Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш, пул ўтказмаларини амалга ошириш;
ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш доирасида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш учун давлат органлари ва ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, бошқа мутахассислар ва мустақил экспертлардан иборат ишчи ва эксперт гуруҳларини ташкил этиш;
Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги номидан белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
Агентлик ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш чораларини кўриш;
давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда олиш;
давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларига ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ҳужжатларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланганда уларни тафтиш этиш, бундай ҳолатлар юзага келишига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш;
Агентликнинг ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда иштирок этиш;
ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасини тартибга солиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида экспертларни жалб қилиш;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига жамғармалар, шу жумладан, моддий рағбатлантириш жамғармаларини ташкил этиш.
Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.
10. Агентлик:
ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасида ягона сиёсат самарали амалга оширилиши;
Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ҳамда самарали бажарилиши;
Агентлик таркибий бўлинмаларининг Агентлик фаолияти билан боғлиқ кўрсаткичларга эришишни таъминлаш борасидаги ишларининг самарали ташкил этилиши;
Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли тайёрланиши;
ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳалари бўйича дастурлар, чора-тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши;
ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ташаббускорларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун жавобгар ҳисобланади.
4-боб. Агентлик раҳбариятининг асосий функционал вазифалари
11. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, чуқур ва танқидий таҳлил қилиш;
Агентлик мансабдор шахсларининг ваколатларини ҳамда уларнинг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;
Агентлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Агентлик ва унинг мансабдор шахсларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;
Қонунчилик ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари ижросини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармони талабларига қатъий риоя этиш;
Агентлик фаолияти доирасида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;
Агентликда ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш ҳамда кадрлар захирасини шакллантириш;
Агентлик ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ва унинг фаолиятини ташкил этиш;
ишни ташкил этишнинг замонавий шакллари Агентлик фаолиятига жорий этилишини таъминлаш;
Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида » 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш ва амалга ошириш, хизмат сафарларининг асослилигини, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафари сарф-харажатлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;
Агентлик тизимида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, таҳлил қилиш, уларнинг содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини ижро этиш, электрон ҳужжатлар айланиши тизимини кенг жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш бўйича ишларни ташкил этиш, назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, уларни кўриб чиқиш натижалари ҳисобга олинишини таъминлаш;
Агентлик фаолиятини йўлга қўйишда Агентлик ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;
Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини белгилаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
Агентликнинг тузилмасини ва штатдаги ходимлари сонини ўзгартириш тўғрисида, Агентлик фаолиятининг самарадорлигини таъминлашга қаратилган таклифларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
меҳнат интизомини бузганлик ҳолатлари бўйича ўз ваколатлари доирасида хизмат суриштирувлари ўтказилишини тайинлаш;
Агентликнинг мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Агентлик фаолиятининг алоҳида соҳаларига раҳбарлик қилиш масалаларида ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;
Агентликнинг мол-мулкини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқариш ва тасарруф этиш.
12. Қуйидагилар Агентлик директори ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Агентликнинг тегишли таркибий бўлинмалари ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, мазкур Низомга шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминлаш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбариятининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш;
ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш;
Агентлик директорининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида, сифатли ижро этилишини таъминлаш;
Агентлик таркибий бўлинмаларининг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини таъминлаш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Агентлик таркибий бўлинмаларига юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш
Агентлик таркибий бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этишда қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик директорига ҳамда кейинчалик Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига киритиш;
Агентлик директорига Агентлик таркибий бўлинмалари кесимида кадрларни танлаш бўйича таклифларни тақдим этиш, ходимларнинг касбий маҳорати, билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тегишли чоралар кўриш;
Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари т ўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асослилигини, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафари сарф-харажатлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;
Агентлик таркибий бўлинмалари ходимлари ва раҳбарлари фаолияти самарадорлиги ҳамда натижадорлигини танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;
Агентлик ходимлари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ Агентликнинг таркибий бўлинмаларида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш, таҳлил қилиш, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
давлат сирларига ва махфий ахборотга тааллуқли маълумотлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этиш.
5-боб. Агентлик раҳбариятининг жавобгарлиги
13. Агентлик директори:
Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;
ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган Агентликнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;
ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.
14. Агентлик директори ўринбосарлари:
мутасаддилик қилинадиган Агентлик таркибий бўлинмаларида Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;
Агентлик мутасаддилигидаги масалалар юзасидан ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;
ушбу Низомнинг 12-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг бажарилиши учун шахсан масъулдир.
6-боб. Агентлик фаолиятини ташкил этиш
15. Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг тавсияси асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
16. Агентлик директори ўринбосарлари Агентлик директорининг тавсияси асосида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
17. Директор Агентлик ишини ташкил этилишини таъминлайди ва Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, шунингдек, Агентлик фаолиятининг сифати ва самарадорлиги, шунингдек пировард натижалари учун жавоб беради ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда Агентлик номидан халқаро муносабатлар доирасида вакиллик қилади.
18. Агентлик директори ўрнида бўлмаган ҳолларда унинг ваколатлари директорнинг буйруғи билан унинг ўринбосарларидан бирига юкланади.
7-боб. Агентликнинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, тизимидаги ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги
19. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тизимидаги ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
20. Агентликнинг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, тизимидаги ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги бевосита Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари томонидан таъминланади.
8-боб. Агентликнинг маслаҳат кенгашлари
21. Агентлик директорининг буйруғи билан Агентликда унинг асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштирувчи директор ўринбосари (кенгаш раиси), Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат тармоқлар бўйича тегишли кенгашлар ташкил этилади.
22. Тармоқ кенгашларининг низоми ва уларнинг шахсий таркиби Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланади.
23. Агентликда директор буйруғи билан тармоқ кенгашларининг ишчи органлари тузилиши мумкин.
Агентликда тузиладиган кенгашларнинг ишчи органлари таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланади.
9-боб. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ҳамда иш индикаторлари
24. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиб борилади.
25. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторлар асосида амалга оширилади.
26. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:
Агентлик раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;
Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланади.
Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан белгиланади.
10-боб. Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш
27. Қуйидагилар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ХМИ/ХҲМТ ва бошқа донорларнинг грантлари ва кредитлари (қарзлари);
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;
тижорат банкларининг депозитларига белгиланган тартибда жойлаштирилган вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағлардан олинган даромадлар, хизмат кўрсатишдан, шартномавий муносабатлардан олинган даромадлар;
шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан олинадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
28. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.
Агентлик ходимларига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати ходимлари учун белгиланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари татбиқ этилади.
29. Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
30. Агентлик ходимларига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ узоқ йиллик хизмати учун устама ҳақ тўланади.
31. Агентликнинг қарзлар ва тижорат банклари депозитларида Агентликнинг бўш маблағларини жойлаштиришдан ҳосил бўладиган жами даромадлар ҳисобидан шакллантириладиган бюджетдан ташқари маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ инвестиция лойиҳаларининг ташаббускорлари томонидан тақдим этилган таклифларини лойиҳаолди баҳолаш, муқобил сценарийлар ишлаб чиқиш;
лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичлари ва матрицасини шакллантириш, уни амалга ошириш самарадорлиги ва натижалари мониторингини олиб бориш ва баҳолаш тизимини жорий қилиш;
лойиҳаларни бошқаришда рақамли технологияларни ва илғор халқаро тажрибани кўллаш;
ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларнинг стажировка ўташи, Агентлик фаолиятини ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш билан боғлиқ конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар, шу жумладан, хорижда ўтказиладиган тадбирларни ташкил этиш ва иштирок этиш;
шартнома асосида хизматлар кўрсатиш учун жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассислар харажатларини молиялаштириш (меҳнатга ҳақ тўлаш, яшаш харажатлари, транспорт ва бошқа харажатлар);
Агентлик ходимлари учун ижтимоий ҳимоя ва моддий рағбатлантириш чораларини амалга ошириш харажатларини молиялаштириш.
11-боб. Якунловчи қоида
32. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 30 март,
169-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligining faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat qarzi hisobiga amalga oshiriladigan investitsiya loyihalarining natijadorligini taʼminlash toʻgʻrisida” 2020-yil 6-noyabrdagi PQ-4883-son qarorining ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat qarzi hisobiga amalga oshiriladigan investitsiya loyihalarining natijadorligini taʼminlash toʻgʻrisida” 2020-yil 6-noyabrdagi PQ-4883-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzurida boshqaruv xodimlarining cheklangan soni 49 shtat birligidan iborat boʻlgan Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tashkil etilganligi hamda Agentlik faoliyatining asosiy vazifalari va yoʻnalishlari etib quyidagilar belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin:
loyiha tashabbuskorlari tomonidan taqdim etilgan takliflarni malakali konsultant va ekspertlarni jalb qilgan holda loyihaoldi baholash (shu jumladan, muqobil ssenariylar ishlab chiqish);
davlat tashqi qarzi hisobiga moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari doirasida loyiha tashabbuskorlariga texnik topshiriq va texnik-iqtisodiy asoslarni mukammal ishlab chiqishda koʻmaklashish;
loyihani tayyorlash va amalga oshirishning har bir bosqichida loyiha xarajatlarini boshqarish tizimini joriy qilish;
loyihaning maqsadli koʻrsatkichlari matritsasini shakllantirish, ularni monitoring qilish va baholash tizimini joriy etish;
investitsiya loyihasini amalga oshirishda muammolarni aniqlash va ularni bartaraf etish choralarini koʻrish;
loyihalar doirasida shaffof va xolis tender hamda boshqa xarid jarayonlarini tashkil etish, shu jumladan, xaridlar boʻyicha mustaqil ekspert va professional kompaniyalarni jalb qilish;
loyihalarni amalga oshirish doirasida mahalliy ishlab chiqaruvchilar va pudratchilarni keng jalb qilish maqsadida ular uchun tegishli trening va seminarlar oʻtkazilishini doimiy asosda taʼminlab borish;
loyihalarni boshqarish doirasida raqamli texnologiyalarni joriy etish hamda ilgʻor xalqaro tajribani qoʻllash;
investitsiya loyihalarini amalga oshirish samaradorligini va texnik-iqtisodiy asoslarda nazarda tutilgan natijalarga erishilganligini baholash tizimini joriy etish, shu jumladan, loyiha natijalarini baholash hisobotlarini umumlashtirish va tahlil qilish;
loyihalarni boshqarish guruhlari va loyiha tashabbuskorlarining tegishli boʻlinmalari faoliyatini muvofiqlashtirish hamda ularning samaradorligini baholash.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligi tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Bunda, Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligi tuzilmasiga tasdiqlangan shtat birliklari soni doirasida oʻzgartirish kiritish vakolatiga ega ekanligi belgilab qoʻyilsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat qarzi hisobiga amalga oshiriladigan investitsiya loyihalarining natijadorligini taʼminlash toʻgʻrisida” 2020-yil 6-noyabrdagi PQ-4883-son qarori doirasida tugatilayotgan “Kommunxizmat” agentligi, Suv xoʻjaligi sohasidagi loyihalarni amalga oshirish agentligi hamda Agrosanoat majmui va oziq-ovqat taʼminoti sohasidagi loyihalarni amalga oshirish agentligining huquq, majburiyat va shartnomalari boʻyicha huquqiy voris etib tegishli ravishda quyidagilar belgilansin:
a) “Kommunxizmat” agentligi loyihalari doirasida:
issiqlik taʼminoti yoʻnalishida — Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi;
ichimlik suvi taʼminoti va oqova suv tizimi yoʻnalishida — “Oʻzsuvtaʼminot” AJ;
b) Suv xoʻjaligi sohasidagi loyihalarni amalga oshirish agentligi loyihalari doirasida — Suv xoʻjaligi vazirligi;
v) Agrosanoat majmui va oziq-ovqat taʼminoti sohasidagi loyihalarni amalga oshirish agentligi loyihalari doirasida:
barcha loyihalar boʻyicha chorvachilik yoʻnalishidan tashqari — Qishloq xoʻjaligi vazirligi;
chorvachilik yoʻnalishidagi loyihalar boʻyicha — Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi ikki hafta muddatda Agentlikni zarur mebel, texnika vositalari va tegishli aloqa turlari bilan jihozlash choralarini koʻrsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi ushbu qarorni amalga oshirish doirasida Agentlikning asoslangan hisob-kitoblari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan boʻyicha zarur mablagʻlar ajratilishini taʼminlasin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi hamda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi ikki oy muddatda xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining mablagʻlarini jalb etish hisobiga moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari doirasida imzolangan xalqaro shartnomalarga ushbu qarordan kelib chiqib, tegishli oʻzgartirishlar kiritsin.
7. Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligi har chorak yakuni boʻyicha xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining mablagʻlarini jalb etish hisobiga moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalarini amalga oshirilishi holatini va ishga tushgan loyihalarni tahlil qilsin hamda umumlashtirilgan hisobotni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi malakali konsultant va ekspertlarni jalb etish hamda davlat tashqi qarzi hisobiga moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalarining loyihaoldi hujjatlarini ishlab chiqish uchun xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining grantlarini jalb etsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 30-martdagi 169-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligi
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 30-martdagi 169-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) maqomi, asosiy vazifalari, funksiyalari, huquq-vakolatlari, javobgarligi, faoliyatini tashkil etish va hisobot berish tartibini, shuningdek, uning rahbarlarining funksional vazifalari va javobgarligini belgilaydi.
2. Agentlik oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga hamda ushbu Nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi)ning qarorlari hamda buyruqlariga asosan va muvofiq ravishda amalga oshiradi.
3. Agentlikning oʻz vakolatlari doirasida qabul qilingan qarorlari davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, boshqa tashkilotlar va ularning mansabdor shaxslari tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi.
4. Agentlik davlat muassasasi shaklida tashkil etilgan mustaqil yuridik shaxs hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blank varaqalariga, mustaqil balansga, oʻzining gʻazna hisobvaraqlariga, bank hisobvaraqlariga, shu jumladan, xorijiy valyutadagi bank hisobvaraqlariga egadir.
5. Agentlikning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligi;
qisqartirilgan nomi — Xalqaro hamkorlik va rivojlanish agentligi;
b) ingliz tilida:
toʻliq nomi — The Agency for international cooperation and development under the Ministry of investments and foreign trade of the Republic of Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — The Agency for international cooperation and development;
v) pyc tilida:
toʻliq nomi — Agentstvo po mejdunarodnomu sotrudnichestvu i razvitiyu pri Ministerstve investitsiy i vneshney torgovli Respubliki Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — Agentstvo po mejdunarodnomu sotrudnichestvu i razvitiyu.
6. Agentlikning joylashgan manzili (pochta manzili): Toshkent shahri, Taras Shevchenko koʻchasi, 34-uy.
2-bob. Agentlikning asosiy vazifalari va funksiyalari
7. Quyidagilar Agentlikning asosiy vazifalari hisoblanadi:
loyiha tashabbuskorlari tomonidan taqdim etilgan takliflarni malakali konsultant va ekspertlarni jalb qilgan holda loyihaoldi baholash (shu jumladan, muqobil ssenariylar ishlab chiqish) ishlarini amalga oshirish;
davlat tashqi qarzi hisobiga moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari doirasida loyiha tashabbuskorlariga texnik topshiriq va texnik-iqtisodiy asoslarni mukammal ishlab chiqishda koʻmaklashish;
loyihani tayyorlash va amalga oshirishning har bir bosqichida loyiha xarajatlarini boshqarish tizimini joriy qilish;
loyihaning maqsadli koʻrsatkichlari matritsasini shakllantirish, ular boʻyicha monitoring olib borish va baholash tizimini joriy etish;
investitsiya loyihasini amalga oshirishda muammolarni aniqlash va ularni bartaraf etish choralarini koʻrish;
loyihalar doirasida shaffof va xolis tender hamda boshqa xarid jarayonlarini tashkil etish, shu jumladan, xaridlar boʻyicha mustaqil ekspert va professional kompaniyalarni jalb qilish;
loyihalar doirasida mahalliy ishlab chiqaruvchilar va pudratchilarni keng jalb qilish maqsadida ular uchun tegishli trening va seminarlar oʻtkazilishini doimiy ravishda taʼminlash;
loyihalarni boshqarishda raqamli texnologiyalarni joriy etish hamda ilgʻor xalqaro tajribani qoʻllash;
investitsiya loyihalarini amalga oshirish samaradorligini va texnik-iqtisodiy asoslarda nazarda tutilgan natijalarga erishilganligini baholash tizimini joriy etish, shu jumladan, loyiha natijalarini baholash hisobotlarini umumlashtirish va tahlil qilish;
loyihalarni boshqarish guruhlari va loyiha tashabbuskorlarining tegishli boʻlinmalari faoliyatini muvofiqlashtirish hamda samaradorligini baholash.
8. Agentlik oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — XMI/XHMT) bilan hamkorlikda investitsiya loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish jarayonlarida quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) loyiha tashabbuskorlari tomonidan taqdim etilgan takliflarni malakali konsulʼtant va ekspertlarni jalb qilgan holda loyihaoldi baholash (shu jumladan, muqobil ssenariylar ishlab chiqish) sohasida:
loyiha tashabbuskorlari tomonidan taqdim etilgan istiqbolli investitsiya loyihalariga doir takliflarni ular boʻyicha ishlab chiqilgan belgilangan shakldagi konsepsiyalar asosida koʻrib chiqadi;
istiqbolli investitsiya loyihalarining ijtimoiy-iqtisodiy va strategik ahamiyatidan kelib chiqib, ustuvorligini baholaydi va ularni amalga oshirish ketma-ketligi roʻyxatini shakllantiradi;
hududlarda amalga oshiriladigan investitsiya loyihalarini tegishli hudud xalq deputatlari Kengashlari bilan koʻrib chiqish jarayonlarida loyiha tashabbuskorlari bilan birga qatnashadi va muvofiqlashtiradi;
shakllantirilgan davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan istiqbolli investitsiya loyihalari roʻyxatini Eksport va investitsiyalarni rivojlantirish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi tomonidan tasdiqlash va XMI/XHMT bilan hamkorlik dasturlarini tayyorlash uchun Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligiga kiritadi;
XMI/XHMTlarning loyihalarni tayyorlash va baholash missiyalarida qatnashadi, ularga loyiha hujjatlarini tayyorlash uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarning loyiha tashabbuskori va boshqa davlat organlari orqali taqdim etilishini taʼminlaydi;
b) davlat tashqi qarzi hisobiga moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari doirasida loyiha tashabbuskorlariga texnik topshiriq va texnik-iqtisodiy asoslarni mukammal ishlab chiqishda koʻmaklashish sohasida:
loyiha tashabbuskorlari tomonidan taqdim etilgan davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalarining loyihaoldi hujjatlariga oid texnik topshiriqlarni kelishadi;
loyiha institutlari tomonidan davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalarining texnik-iqtisodiy asoslarini tarmoq jadvallarida belgilangan muddatlarda va mukammal ishlab chiqish boʻyicha ishlarni tashkil etadi va muvofiqlashtiradi;
davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalarining texnik-iqtisodiy asoslarini ishlab chiqishda variantlarni koʻrib chiqish orqali loyihani oqilona joylashtirish va amalga oshirishning eng samarali texnik, tashkiliy va iqtisodiy yechimlarini tanlashi va belgilab olishi uchun loyiha tashabbuskoriga Agentlikning tegishli xulosasi va takliflarini taqdim etadi;
loyihaoldi hujjatlarini raqobatbardosh mahalliy ishlab chiqarilgan mahsulotlar (ishlar, xizmatlar)dan foydalanishni eʼtiborga olgan holda ishlab chiqish uchun oʻzining xulosa va takliflarini taqdim etadi;
v) loyihani tayyorlash va amalga oshirishning har bir bosqichida loyiha xarajatlarini boshqarish tizimini joriy qilish sohasida:
loyihaoldi hujjatlaridagi xarajatlar hisobini XMI/XHMTlar bilan kelishilgan metodologiya asosida tahlil qiladi;
loyiha tashabbuskorlari bilan birgalikda loyiha qiymatini maqbullashtirish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi;
loyihani amalga oshirish davomida xarajatlar miqdorini nazorat va tahlil qilib boradi, ular asossiz oshib ketishining oldini oladi;
davlat tashqi qarzi hisobiga amalga oshirilayotgan loyihalar doirasida imzolangan asosiy shartnomalarga qoʻshimcha kelishuvlarni loyihaning tasdiqlangan texnik-iqtisodiy asosi, tender hujjatlarini inobatga olgan holda koʻrib chiqadi, kelishadi, ijobiy xulosali kelishish mazkur qoʻshimcha shartnomalarning Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligida roʻyxatdan oʻtkazilishiga asos boʻladi;
g) loyihaning maqsadli koʻrsatkichlari matritsasini shakllantirish, ular boʻyicha monitoring olib borish va baholash tizimini joriy etish sohasida:
XMI/XHMT ning loyihani baholash missiyalari tomonidan maqsadli koʻrsatkichlar matritsasini shakllantirish jarayonida ishtirok etadi va oʻzining xulosasini taqdim etadi;
investitsiya loyihasi amalga oshirilganidan keyingi 5 yil davomida loyihaning maqsadli koʻrsatkichlarini baholab boradi, maqsadli koʻrsatkichlarga erishilmaganligining sabablarini tahlil qiladi;
XMI/XHMT tomonidan amalga oshiriladigan loyiha natijalarini mustaqil baholashda bevosita ishtirok etadi;
d) investitsiya loyihasini amalga oshirishda muammolarni aniqlash va ularni bartaraf etish choralarini qurish sohasida:
davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalarini amalga oshirishda aniqlangan tizimli muammolarni bartaraf etishda loyiha tashabbuskorlariga oʻzining xulosa va takliflarini taqdim etadi, zarur hollarda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan birgalikda ushbu masalalarni hal etish boʻyicha tegishli choralar koʻradi;
loyihani amalga oshirishga toʻsqinlik qilayotgan muammoli masalalar toʻgʻrisida axborot va ularni hal etish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkamasi hamda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligiga kiritib boradi;
davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari doirasida imzolangan shartnomalarda nazarda tutilgan chora-tadbirlar oʻz muddatida va sifatli bajarilishini oʻrganib boradi;
belgilangan tartibda loyihalar doirasida ajratilgan mablagʻlarning maqsadli oʻzlashtirilishini tahlil qiladi, aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;
e) loyihalar doirasida shaffof va xolis tender hamda boshqa xarid jarayonlarini tashkil etish, shu jumladan, xaridlar boʻyicha mustaqil ekspert va professional kompaniyalarni jalb qilish sohasida:
loyiha tashabbuskorlari bilan birgalikda xaridlar rejasini va strategiyasini ishlab chiqadi va XMI/XHMT bilan kelishish jarayonini tashkillashtiradi;
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan kelishgan holda belgilanadigan davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari boʻyicha ishchi organ sifatida xarid jarayonlarini tashkil etadi va ularni oʻtkazishda loyiha tashabbuskoriga koʻmaklashadi;
davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari doirasida qiymati 5000 bazaviy hisoblash miqdoridan yuqori boʻlgan tender savdolarining hujjatlarini, zarurat boʻlganda malakali konsultant va ekspertlarni jalb qilgan holda, shakllantirishda va ishlab chiqishda loyiha tashabbuskoriga koʻmaklashadi hamda keyinchalik Xarid komissiyaga tasdiqlash uchun taqdim etadi;
loyiha tashabbuskori tomonidan tender savdolari eʼlon qilinishini muvofiqlashtiradi;
tender savdolari doirasida tushgan xarid takliflarini va boshqa hujjatlarni baholash komissiyalari tomonidan XMI/XHMTning talablarini inobatga olgan holda, zarurat boʻlganda mustaqil ekspert va professional kompaniyalarni jalb qilib baholashni va hisobotlar tuzishni tashkil etadi hamda loyiha tashabbuskorlari va xarid komissiyasining ishini muvofiqlashtiradi;
tender hujjatlarini, baholash hisobotlarini va xarid jarayonlariga tegishli boshqa hujjatlarni xarid komissiyalari va XMI/XHMT bilan kelishish jarayonlarini muvofiqlashtiradi;
tender savdolari doirasida raqobatni kuchaytirish maqsadida mahalliy ishlab chiqaruvchilar va pudratchilarni, xalqaro kompaniyalarni, jamoatchilikni keng jalb etish uchun zarur chora-tadbirlarni amalga oshiradi va xaridlar toʻgʻrisidagi axborotdan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda toʻliq, oʻz vaqtida, erkin foydalanish imkoniyatini taʼminlagan holda uni axborot portaliga joylashtiradi, bundan qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar mustasno;
j) loyihalar doirasida mahalliy ishlab chiqaruvchilar va pudratchilarni keng jalb qilish maqsadida ular uchun tegishli trening va seminarlar oʻtkazilishini doimiy asosda taʼminlash sohasida:
loyihalar doirasida mahalliy ishlab chiqaruvchilar va pudratchilarni keng jalb qilish, tender hujjatlarini XMI/XHMT talablariga mos holda tayyorlash maqsadida ular uchun malakalarini oshirish boʻyicha trening va seminarlar tashkil etadi;
tender savdolarida mahalliy ishlab chiqaruvchilar va pudratchilarni ishtirok etishini qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan boshqa ishlarni amalga oshiradi;
z) loyihalarni boshqarishda raqamli texnologiyalarni hamda ilgʻor xalqaro tajribani qoʻllash sohasida:
davlat tashqi qarzi hisobiga moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari doirasida loyihaoldi hujjatlarini elektron tarzda tayyorlash, idoralararo ekspertizadan oʻtkazish, monitoring va natijadorligini baholash jarayonlarining toʻliq raqamlashtirish tizimida amalga oshirilishini muvofiqlashtiradi;
XMI/XHMT bilan birgalikda ilgʻor xalqaro tajribani qoʻllagan holda davlat tashqi qarzi hisobiga moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalari doirasida qiymati 5000 bazaviy hisoblash miqdoridan yuqori boʻlgan tender savdolari jarayonlarining shaffofligini taʼminlashga qaratilgan raqamlashtirish tizimi faoliyatini muvofiqlashtiradi;
XMI/XHMT bilan loyihalarni boshqarish doirasida raqamli texnologiyalarni joriy qilish boʻyicha muzokaralar olib boradi;
i) investitsiya loyihalarini amalga oshirish samaradorligini va texnik-iqtisodiy asoslarda nazarda tutilgan natijalarga erishilganligini baholash tizimini joriy etish, shu jumladan loyiha natijalarini baholash hisobotlarini umumlashtirish va tahlil qilish sohasida:
loyiha foydalanishga topshirilganidan keyin 5 yil davomida kamida yilda bir marotaba loyiha hududiga chiqib, tasdiqlangan texnik-iqtisodiy parametrlarning bajarilishi yuzasidan monitoring va baholash ishlarini amalga oshiradi;
loyiha natijalarini baholash boʻyicha hisobotlarni umumlashtiradi va tahlil qiladi, tahlil natijalari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligiga va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga axborot taqdim etadi;
loyiha tashabbuskorlari tomonidan amalga oshirilayotgan va yakunlangan loyihalar boʻyicha oʻzlashtirilgan mablagʻlar hamda erishilgan natijalar yuzasidan maʼlumotlarni muntazam ravishda oʻzlarining rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilinishini muvofiqlashtirib boradi;
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan birgalikda davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalarini amalga oshirishda belgilangan tadbirlarni asossiz ravishda oʻz vaqtida bajarmagan hamda loyihaning maqsadli koʻrsatkichlari matritsasi monitoringi va baholash natijalariga koʻra Vazirlar Mahkamasiga qarz oluvchi tashkilotlarning birinchi rahbarlariga nisbatan ular oylik ish haqining 30 foizigacha miqdorda ushlab qolish koʻrinishida yoki boshqa intizomiy choralar koʻllash hamda loyihalarning bajarilishida alohida oʻrnak koʻrsatgan loyiha tashabbuskorlarini ragʻbatlantirish yuzasidan takliflar kiritadi;
k) loyihalarni boshqarish guruhlari va loyiha tashabbuskorlarining tegishli boʻlinmalari faoliyatini muvofiqlashtirish hamda samaradorligini baholash sohasida:
ijro agentliklarning masʼul rahbarlari, ularning investitsiya boʻlinmalari xodimlari hamda loyihalarni amalga oshirish guruhlari mutaxassislari uchun loyihalarni tayyorlash, boshqarish va xaridlarni tashkil etish boʻyicha oʻquv kurslarini doimiy asosda tashkil etadi, oʻquv kurslari natijalariga koʻra maxsus sertifikatlar berilishini taʼminlaydi;
loyihalarni amalga oshirish guruhlarining ish samaradorligini loyihaning tasdiqlangan texnik-iqtisodiy parametrlari bajarilishi va kredit mablagʻlari maqsadli ishlatilishi boʻyicha erishilgan natijalarga asoslanib baholaydi va masʼul xodimlarga nisbatan intizomiy javobgarlik choralarini qoʻllash yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligiga taklif kiritadi;
loyihalarni amalga oshirish guruhlari rahbari, xarid qilish, monitoring qilish va moliya masalalari boʻyicha mutaxassislarini lavozimga tayinlash masalalari kelishilishini taʼminlaydi.
3-bob. Agentlikning huquq-vakolatlari va javobgarligi
9. Agentlik unga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish doirasida quyidagi huquqlarga ega:
respublikaga davlat tashqi qarzlarini jalb etish va oʻzlashtirishga oid statistik maʼlumotlar, takliflar, xulosalar va boshqa zarur maʼlumotlarni belgilangan tartibda olish, shuningdek, Agentlik zimmasiga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish bilan bogʻliq masalalar boʻyicha yozishmalar olib borish;
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan kelishgan holda xorijiy agentliklar va tashkilotlar bilan texnik va iqtisodiy axborot almashish, shuningdek, yozishmalar olib borish;
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan kelishgan holda Oʻzbekiston Respublikasi hududida va uning tashqarisida mahalliy, xorijiy va xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik qilish, muzokaralar olib borish va belgilangan tartibda shartnomalar imzolash;
Zarur hollarda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi rahbariyatiga Agentlik zimmasiga yuklangan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirishga mahalliy ekspertlarni va Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri bilan kelishgan holda xorijiy ekspertlarni jalb etish boʻyicha, shuningdek, amaliyotda yuzaga keladigan boshqa masalalar yuzasidan takliflarni belgilangan tartibda kiritish;
Agentlik zimmasiga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish, pul oʻtkazmalarini amalga oshirish;
XMI/XHMT ishtirokidagi investitsiya loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish doirasida yuzaga keladigan masalalarni muhokama qilish uchun davlat organlari va tashkilotlari, ilmiy-tadqiqot muassasalari, fuqarolik jamiyati institutlari vakillari, shuningdek, boshqa mutaxassislar va mustaqil ekspertlardan iborat ishchi va ekspert guruhlarini tashkil etish;
Agentlik zimmasiga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi bilan bogʻliq normativ-huquqiy hujjat loyihalarini ishlab chiqib, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi nomidan belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritish;
Agentlik vakolatlariga taalluqli masalalar boʻyicha davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari faoliyatini belgilangan tartibda muvofiqlashtirish choralarini koʻrish;
davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlaridan Agentlik zimmasiga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun zarur boʻlgan axborotni belgilangan tartibda olish;
davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga, boshqa tashkilotlar va ularning mansabdor shaxslariga XMI/XHMT ishtirokidagi investitsiya loyihalarini amalga oshirish sohasida qonunchilik hujjatlariga rioya etmaslik holatlari aniqlanganda ularni taftish etish, bunday holatlar yuzaga kelishiga imkon beruvchi sabablar va shart-sharoitlarni bartaraf etish toʻgʻrisida koʻrib chiqilishi majburiy boʻlgan taqdimnomalarni kiritish;
Agentlikning vakolatiga taalluqli masalalar yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari loyihalarini ishlab chiqishda belgilangan tartibda ishtirok etish;
XMI/XHMT ishtirokidagi investitsiya loyihalarini amalga oshirish sohasini tartibga solish masalalarini muhokama qilish maqsadida ekspertlarni jalb qilish;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan manbalar hamda budjetdan tashqari mablagʻlar hisobiga jamgʻarmalar, shu jumladan, moddiy ragʻbatlantirish jamgʻarmalarini tashkil etish.
Agentlik qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ega boʻlishi mumkin.
10. Agentlik:
XMI/XHMT ishtirokidagi investitsiya loyihalarini amalga oshirish sohasida yagona siyosat samarali amalga oshirilishi;
Agentlik zimmasiga yuklangan vazifalar va funksiyalarning oʻz vaqtida hamda samarali bajarilishi;
Agentlik tarkibiy boʻlinmalarining Agentlik faoliyati bilan bogʻliq koʻrsatkichlarga erishishni taʼminlash borasidagi ishlarining samarali tashkil etilishi;
Agentlik tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga koʻrib chiqish uchun kiritiladigan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarining oʻz vaqtida va sifatli tayyorlanishi;
XMI/XHMT ishtirokidagi investitsiya loyihalari boʻyicha dasturlar, chora-tadbirlar rejalari, “yoʻl xaritalari” va boshqa dasturiy hujjatlarda belgilangan vazifalarning amalga oshirilishi;
XMI/XHMT ishtirokidagi investitsiya loyihalari tashabbuskorlarining huquqlari himoya qilinishi uchun javobgar hisoblanadi.
4-bob. Agentlik rahbariyatining asosiy funksional vazifalari
11. Quyidagilar Agentlik direktorining asosiy funksional vazifalari hisoblanadi:
Agentlik faoliyatiga umumiy rahbarlik qilish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli hujjatlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan Agentlikka yuklangan vazifalar va funksiyalar bajarilishini tashkil etish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari, Vazirlar Mahkamasi hamda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligining qarorlari bilan tasdiqlangan Agentlik faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha kompleks dasturlar va chora-tadbirlar ijrosini taʼminlash, chuqur va tanqidiy tahlil qilish;
Agentlik mansabdor shaxslarining vakolatlarini hamda ularning shaxsiy javobgarligi darajasini belgilash;
Agentlik faoliyati rejalashtirilishini tashkil etish, Agentlik va uning mansabdor shaxslarining har choraklik ish rejalarini tasdiqlash, ularning bajarilishi ustidan nazoratni taʼminlash;
Qonunchilik hujjatlari va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari hamda topshiriqlari ijrosini taʼminlashda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qonunchilik hujjatlari ijrosini samarali tashkil etishda davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlarining shaxsiy javobgarligini kuchaytirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 10-fevraldagi PF-6166-son Farmoni talablariga qatʼiy rioya etish;
Agentlik faoliyati doirasida ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha kompleks amaliy chora-tadbirlarni amalga oshirish;
Agentlikda xodimlarni lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod qilish hamda kadrlar zaxirasini shakllantirish;
Agentlik xodimlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish tizimini va uning faoliyatini tashkil etish;
ishni tashkil etishning zamonaviy shakllari Agentlik faoliyatiga joriy etilishini taʼminlash;
Agentlik rahbarlari va xodimlarining xizmat safarlarini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Mansabdor shaxslarning xorijiy mamlakatlarga chiqish tartibini takomillashtirish choralari toʻgʻrisida ” 2014-yil 5-martdagi PQ-2142-son va “Xorijiy xizmat safarlarida boʻlish samaradorligi va xorijiy delegatsiyalarning Oʻzbekiston Respublikasiga tashriflarini tashkil etish uchun mansabdor shaxslarning shaxsiy masʼuliyatini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 3-avgustdagi PQ-3170-son qarorlari talablariga muvofiq tashkil etish va amalga oshirish, xizmat safarlarining asosliligini, samaradorligi va natijadorligini, xizmat safari sarf-xarajatlari uchun ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va oqilona foydalanilishini taʼminlash;
Agentlik tizimida “Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining talablariga muvofiq korrupsiya va boshqa huquqbuzarliklarning oldini olish choralarini koʻrish, shuningdek, huquqni qoʻllash amaliyoti va qonunchilikni takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish yoʻli bilan bunday salbiy holatlarni aniqlash, tahlil qilish, ularning sodir etilishi sabablari va shart-sharoitlarini bartaraf etish;
Agentlik vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarini ijro etish, elektron hujjatlar aylanishi tizimini keng joriy etish va undan samarali foydalanish, yuridik va jismoniy shaxslarning murojaatlari boʻyicha maʼlumotlar bazasini shakllantirish boʻyicha ishlarni tashkil etish, nazorat qilish va muvofiqlashtirish, ularni koʻrib chiqish natijalari hisobga olinishini taʼminlash;
Agentlik faoliyatini yoʻlga qoʻyishda Agentlik xodimlari tomonidan bajarilishi majburiy boʻlgan buyruqlar chiqarish va koʻrsatmalar berish;
Agentlik xodimlarini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish masalalarini hal etish, shu jumladan, ularning egallab turgan lavozimiga loyiq yoki noloyiqligi toʻgʻrisidagi masalalarni koʻrib chiqish, ularning shaxsiy javobgarligini belgilash chora-tadbirlarini amalga oshirish;
Agentlikning tuzilmasini va shtatdagi xodimlari sonini oʻzgartirish toʻgʻrisida, Agentlik faoliyatining samaradorligini taʼminlashga qaratilgan takliflarni Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan kelishgan holda Vazirlar Mahkamasiga kiritish;
mehnat intizomini buzganlik holatlari boʻyicha oʻz vakolatlari doirasida xizmat surishtiruvlari oʻtkazilishini tayinlash;
Agentlikning mansabdor shaxslari vakolatlarini belgilash, ular oʻrtasida vazifalarni taqsimlash, Agentlik faoliyatining alohida sohalariga rahbarlik qilish masalalarida oʻz oʻrinbosarlari va boshqa mansabdor shaxslarning shaxsiy masʼuliyati darajasini belgilash;
Agentlikning mol-mulkini qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqarish va tasarruf etish.
12. Quyidagilar Agentlik direktori oʻrinbosarlarining asosiy funksional vazifalari hisoblanadi:
Agentlikning tegishli tarkibiy boʻlinmalari xodimlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, mazkur Nizomga shuningdek, boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya etilishini taʼminlash;
Agentlikning tarkibiy boʻlinmalari faoliyatiga bevosita rahbarlik qilish, ushbu boʻlinmalarga yuklangan vazifalar va funksiyalar bajarilishini tashkil etish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining, shuningdek, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi rahbariyatining hujjatlari va topshiriqlari ijrosini taʼminlash;
ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha kompleks amaliy chora-tadbirlarni amalga oshirish, topshiriqlar oʻz vaqtida va sifatli ijro etilishi uchun tarkibiy boʻlinmalar xodimlarining shaxsiy javobgarligini oshirish boʻyicha zarur chora-tadbirlarni koʻrish;
Agentlik direktorining buyruqlari va topshiriqlari oʻz vaqtida, sifatli ijro etilishini taʼminlash;
Agentlik tarkibiy boʻlinmalarining har choraklik ish rejalari ishlab chiqilishini va tasdiqlanishini taʼminlash, ularda koʻrsatilgan vazifalar va tadbirlarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini taʼminlash;
Agentlik tarkibiy boʻlinmalariga yuklangan vazifalar bajarilishini nazorat qilish va muvofiqlashtirish
Agentlik tarkibiy boʻlinmalari faoliyatini samarali tashkil etishda qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish boʻyicha takliflarni ishlab chiqish va ularni koʻrib chiqish uchun Agentlik direktoriga hamda keyinchalik Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligiga kiritish;
Agentlik direktoriga Agentlik tarkibiy boʻlinmalari kesimida kadrlarni tanlash boʻyicha takliflarni taqdim etish, xodimlarning kasbiy mahorati, bilim va koʻnikmalarini oshirish boʻyicha tegishli choralar koʻrish;
Agentlik rahbarlari va xodimlarining xizmat safarlarini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Mansabdor shaxslarning xorijiy mamlakatlarga chiqish tartibini takomillashtirish choralari t oʻgʻrisida” 2014-yil 5-martdagi PQ-2142-son va “Xorijiy xizmat safarlarida boʻlish samaradorligi va xorijiy delegatsiyalarning Oʻzbekiston Respublikasiga tashriflarini tashkil etish uchun mansabdor shaxslarning shaxsiy masʼuliyatini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 3-avgustdagi PQ-3170-son qarorlari talablariga muvofiq amalga oshirish, xizmat safarlarining asosliligini, samaradorligi va natijadorligini, xizmat safari sarf-xarajatlari uchun ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va oqilona foydalanilishini taʼminlash;
Agentlik tarkibiy boʻlinmalari xodimlari va rahbarlari faoliyati samaradorligi hamda natijadorligini tanqidiy tahlil qilish, yigʻilishlarda ularning shaxsiy hisobotlarini eshitish, yakunlari boʻyicha zarur chora-tadbirlar koʻrish;
Agentlik xodimlari tomonidan odob-axloq qoidalari talablariga rioya etilishini taʼminlash;
“Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni talablariga muvofiq Agentlikning tarkibiy boʻlinmalarida korrupsiya va boshqa huquqbuzarlik holatlarining oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlarini koʻrish, shuningdek, huquqni qoʻllash amaliyoti va qonunchilikni takomillashtirish chora-tadbirlarini ishlab chiqish va amalga oshirish yoʻli bilan korrupsiya va boshqa huquqbuzarlik holatlarini aniqlash, tahlil qilish, ularning sodir etilishiga koʻmaklashuvchi sabablar va shart-sharoitlarni bartaraf etish;
davlat sirlariga va maxfiy axborotga taalluqli maʼlumotlar bilan ishlashda qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy rioya etish.
5-bob. Agentlik rahbariyatining javobgarligi
13. Agentlik direktori:
Agentlik zimmasiga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun;
ushbu Nizomning 10-bandida nazarda tutilgan Agentlikning javobgarlik sohalari boʻyicha;
ushbu Nizomning 11-bandida koʻrsatilgan oʻz funksional vazifalarining sifatli bajarilishi uchun shaxsan masʼuldir.
14. Agentlik direktori oʻrinbosarlari:
mutasaddilik qilinadigan Agentlik tarkibiy boʻlinmalarida Agentlikka yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun;
Agentlik mutasaddiligidagi masalalar yuzasidan ushbu Nizomning 10-bandida nazarda tutilgan javobgarlik sohalari boʻyicha;
ushbu Nizomning 12-bandida belgilangan oʻz funksional vazifalarining bajarilishi uchun shaxsan masʼuldir.
6-bob. Agentlik faoliyatini tashkil etish
15. Agentlik direktori Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vazirining tavsiyasi asosida Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi.
16. Agentlik direktori oʻrinbosarlari Agentlik direktorining tavsiyasi asosida Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
17. Direktor Agentlik ishini tashkil etilishini taʼminlaydi va Agentlik faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi, shuningdek, Agentlik faoliyatining sifati va samaradorligi, shuningdek pirovard natijalari uchun javob beradi va Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri bilan kelishgan holda Agentlik nomidan xalqaro munosabatlar doirasida vakillik qiladi.
18. Agentlik direktori oʻrnida boʻlmagan hollarda uning vakolatlari direktorning buyrugʻi bilan uning oʻrinbosarlaridan biriga yuklanadi.
7-bob. Agentlikning Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi markaziy apparati, uning hududiy boshqarmalari, shuningdek, tizimidagi tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorligi
19. Agentlik oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bevosita, shuningdek, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi markaziy apparati, uning hududiy boshqarmalari hamda tizimidagi tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlikda amalga oshiradi.
20. Agentlikning Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi markaziy apparati, uning hududiy boshqarmalari, shuningdek, tizimidagi tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorligi bevosita Agentlik direktori va uning oʻrinbosarlari tomonidan taʼminlanadi.
8-bob. Agentlikning maslahat kengashlari
21. Agentlik direktorining buyrugʻi bilan Agentlikda uning asosiy faoliyat yoʻnalishlarini muvofiqlashtiruvchi direktor oʻrinbosari (kengash raisi), Agentlik markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari va mutaxassislaridan iborat tarmoqlar boʻyicha tegishli kengashlar tashkil etiladi.
22. Tarmoq kengashlarining nizomi va ularning shaxsiy tarkibi Agentlik direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
23. Agentlikda direktor buyrugʻi bilan tarmoq kengashlarining ishchi organlari tuzilishi mumkin.
Agentlikda tuziladigan kengashlarning ishchi organlari tarkibi va ular toʻgʻrisidagi nizomlar Agentlik direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
9-bob. Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari hamda ish indikatorlari
24. Agentlik faoliyatining samaradorligi va natijadorligi muntazam baholanib boriladi.
25. Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri tomonidan tasdiqlanadigan Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari va ishchi indikatorlar asosida amalga oshiriladi.
26. Agentlik faoliyatining samaradorligi va natijadorligini baholash yakunlari boʻyicha:
Agentlik rahbarlari va xodimlariga nisbatan ragʻbatlantirish (mukofotlash) yoki intizomiy javobgarlik choralari;
Agentlik faoliyatida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish va uning faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari belgilanadi.
Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash tartibi va uslubi Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri tomonidan belgilanadi.
10-bob. Agentlik faoliyatini moliyalashtirish va moddiy-texnik taʼminlash, xodimlar mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish
27. Quyidagilar Agentlik faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari, XMI/XHMT va boshqa donorlarning grantlari va kreditlari (qarzlari);
Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari;
tijorat banklarining depozitlariga belgilangan tartibda joylashtirilgan vaqtincha boʻsh turgan budjetdan tashqari mablagʻlardan olingan daromadlar, xizmat koʻrsatishdan, shartnomaviy munosabatlardan olingan daromadlar;
shartnoma asosida koʻrsatiladigan xizmatlardan olinadigan daromadlar;
qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.
28. Agentlik xodimlarining ish haqi lavozim maoshi, mukofotlar, qoʻshimcha haqlar, ustamalar va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlardan iborat.
Agentlik xodimlariga Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi markaziy apparati xodimlari uchun belgilangan Yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlash razryadlari tatbiq etiladi.
29. Agentlik xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
30. Agentlik xodimlariga Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan tartibga muvofiq uzoq yillik xizmati uchun ustama haq toʻlanadi.
31. Agentlikning qarzlar va tijorat banklari depozitlarida Agentlikning boʻsh mablagʻlarini joylashtirishdan hosil boʻladigan jami daromadlar hisobidan shakllantiriladigan budjetdan tashqari mablagʻlaridan quyidagi maqsadlarda foydalaniladi:
Investitsiya va tashqi savdo vazirligi tomonidan tasdiqlangan roʻyxatga muvofiq investitsiya loyihalarining tashabbuskorlari tomonidan taqdim etilgan takliflarini loyihaoldi baholash, muqobil ssenariylar ishlab chiqish;
loyihaning maqsadli koʻrsatkichlari va matritsasini shakllantirish, uni amalga oshirish samaradorligi va natijalari monitoringini olib borish va baholash tizimini joriy qilish;
loyihalarni boshqarishda raqamli texnologiyalarni va ilgʻor xalqaro tajribani koʻllash;
xodimlarni tayyorlash, qayta tayyorlash, malakasini oshirish va ularning stajirovka oʻtashi, Agentlik faoliyatini rivojlantirish va salohiyatini oshirish bilan bogʻliq konferensiyalar, seminarlar va boshqa tadbirlar, shu jumladan, xorijda oʻtkaziladigan tadbirlarni tashkil etish va ishtirok etish;
shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatish uchun jalb etilgan yuqori malakali xorijiy mutaxassislar xarajatlarini moliyalashtirish (mehnatga haq toʻlash, yashash xarajatlari, transport va boshqa xarajatlar);
Agentlik xodimlari uchun ijtimoiy himoya va moddiy ragʻbatlantirish choralarini amalga oshirish xarajatlarini moliyalashtirish.
11-bob. Yakunlovchi qoida
32. Agentlikni qayta tashkil etish va tugatish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 30-mart,
169-son