UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 10-mart · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 10 март · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 марта 2021 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 March 2021 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки БОШҚАРУВИнинг

Қарори

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ҳамда « Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 10 мартдаги 28/21-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги

Мазкур Низом банклар томонидан банк карталарининг чиқарилиши, уларнинг муомалада бўлиши ва ўтказилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидаларини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

авторизация — тўлов оператори томонидан кўзда тутилган қоидаларга асосан телефон, электрон ёки алоқанинг бошқа усуллари ёрдамида банк картаси билан операцияларни амалга ошириш учун банк картаси эмитентининг рухсатини олиш жараёни;

антифрод-тизим — банк карталари ёрдамида тўловларни амалга оширишда фирибгарлик операцияларини олдини олишга қаратилган жараёнлар йиғиндиси;

банк картаси — уни сақловчисига тўлов инфратузилмари орқали тўловларни амалга ошириш ёки нақд пул маблағларини олиш ёхуд валюта айирбошлашни амалга ошириш ва банк картасининг эмитенти томонидан белгиланган бошқа операцияларни бажариш имконини берувчи тўлов воситасидир;

банк карталари эмиссияси — банк карталарини муомалага чиқариш ва фойдаланишга тақдим этиш бўйича фаолият;

банк картасининг сақловчиси — эмитент ёки банк карталарини тарқатувчи банк билан мижоз ўртасидаги шартномага асосан банк картасидан фойдаланувчи мижоз ёки мижоз томонидан ваколат берилган шахс;

банкомат — банк картасининг сақловчисига ўз-ўзига хизмат кўрсатиш тартибида нақд пул олиш ва банк картаси билан бошқа амалиётларини амалга ошириш имконини берувчи ҳамда бажарилган операциялар бўйича слип ҳужжат шакллантирувчи қурилма;

виртуал карта — электрон шаклдаги банк картаси бўлиб асосий картага ёки ҳисобвараққа боғланади ва тўловларни амалга оширишда зарур бўлган банк картасининг мажбурий реквизитларига эга бўлган тўлов воситаси;

карта ҳисобварағи — банк картаси орқали пул маблағларини тасарруф этиш мумкин бўлган банк ҳисобварағи;

МCC-код — терминал ажратилган мижоз тоифаси коди бўлиб, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолият турини 4 хонали рақам билан таснифлайди;

ШИР код — банк картаси сақловчисининг шахсий идентификация рақами бўлиб, у карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш ҳуқуқини ҳамда маблағларни бошқаришга банк картасининг сақловчиси томонидан рухсат берилганлигини тасдиқлайди;

савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти — эквайер билан тузилган шартномага асосан банк карталари орқали товар (иш, хизмат)ларни сотувчи юридик шахс ва (ёки) юридик шахс мақомига эга бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс ва (ёки) ўзини ўзи банд қилган шахс;

слип — банк картаси орқали амалга оширилган операцияларни тасдиқловчи, операциянинг миқдори, тури, амалга оширилган санаси тўғрисидаги маълумотларни ва ушбу ҳужжатни шакллантиришда фойдаланилган банк картаси, терминал ёки банкоматни тўғри аниқлай билиш имкониятини берувчи ахборотни ўзида мужассамлаштирган қоғоз ёки электрон шаклдаги ҳужжат (чек);

тўлов тизими — тўловларни тўлов тизимининг оператори, тўлов тизими иштирокчилари ва (ёки) тўлов ташкилотларининг тўлов тизими оператори томонидан белгиланган тўлов тизимининг тартиб-таомилларини, инфратузилмасини ва қоидаларини қўллаш воситасида ҳамкорлик қилиш йўли билан амалга оширишни таъминлайдиган муносабатлар мажмуидир;

тўлов тизимининг оператори — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш бўйича фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс;

терминал — банк картасининг сақловчисига тўлов операцияларини амалга ошириш имкониятини берувчи ва бажарилган операциялар бўйича (қоғоз ёки электрон шаклдаги) слипларни шакллантирувчи мослама ёки дастурий таъминот;

эмитент — банк картасини эмиссиясини амалга оширувчи, банк картасининг сақловчилари ва эквайерлар томонидан банк карталаридан фойдаланилган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳуқуқлари бўйича ўз номидан мажбуриятни зиммасига олган банк;

эквайринг — банк карталари орқали товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчилари билан операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, банк картаси сақловчисига бевосита касса ёки банкомат орқали нақд пул бериш;

эквайер — эквайрингни амалга оширувчи резидент банк;

2. Банк картаси сақловчисининг рухсатисиз бошқа шахс банк картасидан фойдаланиши мумкин эмас.

Банк картаси қалбакилаштиришдан ва ундан ноқонуний фойдаланишнинг бошқа турларидан ҳимоя қилиниши зарур.

Банк картасининг амал қилиш муддати тўлов тизими қоидаларига мувофиқ тўлов тизими оператори томонидан белгиланади.

2-боб. Банк карталаридан фойдаланишнинг ҳуқуқий тартибга солиниши ва тўлов тизими иштирокчиларининг мажбуриятлари

3. Банклар томонидан банк картасини эмиссия қилиш, хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек тўлов тизими қоидалари ҳамда тўлов тизими иштирокчилари ўртасида тузилган шартномаларга асосан амалга оширилади.

4. Тўлов тизими иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари мазкур Низом, бошқа қонунчилик ҳужжатлари ҳамда уларга асосан тузилган шартномалар ва тўлов тизими қоидаларига мувофиқ тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси резидент банклари маҳаллий, халқаро ва хорижий тўлов тизимлари иштирокчилари бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг резидент банклар — тўлов тизими иштирокчилари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида бошқача қоидалар белгиланмаган бўлса, банк карталари эмиссияси, уларга хизмат кўрсатиш ва операцияларни амалга оширишда тегишли тўлов тизими томонидан белгиланган стандартлардан фойдаланади.

5. Тўлов тизими иштирокчилари қуйидагиларга амал қилишлари шарт:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк картасини эмиссия қилиш, хизмат кўрсатиш, улар орқали ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишнинг ўрнатилган тартиб ва қоидаларига риоя қилиш;

банк карталаридан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида хавфсизлик чора- тадбирларини таъминлаш;

улар ихтиёрида мавжуд бўлган ва муомаладаги банк карталари, тўлов тизими иштирокчилари, фойдаланиладиган технология ва дастурий-техник воситалар, тўлов тизими оператори томонидан ўрнатилган иш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги тижорат ва банк сири ҳисобланган маълумотларни ҳамда банк картаси сақловчилари ҳамда улар томонидан банк карталари орқали амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмасликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

3-боб. Банк карталарининг турлари

6. Банк карталари карта ҳисобварағи эгаси, амал қилиш тартиби ва маълум бир тўлов тизимига тегишлилигига кўра қуйидаги турларга бўлинади:

а) карта ҳисобварағининг субъектларига кўра:

шахсий банк картаси — ўз сақловчисига жисмоний шахснинг (якка тартибдаги тадбиркордан ташқари) карта ҳисобварағида (карта ҳисобварақларида)ги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради. Шахсий банк карталари банк картаси сақловчисининг рухсати билан бошқа шахслар (оила аъзолари ва бошқалар) томонидан фойдаланилиши мумкин;

корпоратив банк картаси — ўз сақловчисига, яъни юридик шахснинг ваколатига эга ходимига карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради;

бизнес банк картаси — ўз сақловчисига, яъни якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахсга карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради;

ижтимоий банк картаси — ўз сақловчисига карта ҳисобварағидаги ижтимоий ва бошқа тўловлар орқали келиб тушган пул маблағларини бошқариш имкониятини беради;

б) банк карталари амал қилиш тартибига кўра:

дебет банк картаси — ўз сақловчисига у ва банк картаси эмитенти ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағлари қолдиғи доирасида тўлов операцияларини амалга ошириш ва (ёки) нақд пул маблағларини олиш учун (корпоратив банк картаси бундан мустасно) тасарруф этиш имконини беради;

кредит банк картаси — ўз сақловчисига у ва банк картаси эмитенти ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан тўлов операцияларини амалга ошириш ва (ёки) нақд пул маблағларини олиш учун (бундан корпоратив банк картаси мустасно) тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағлари қолдиғидан ортиқ операцияларни амалга ошириш имконини беради.

Икки ва ундан ортиқ тўлов тизимларида ишлайдиган ва уларнинг логотипларини ўзида акс эттирган банк карталари кобейджинг карталари деб ҳисобланади.

Икки ва ундан ортиқ товар белгиси остида эмиссия қилинган банк карталари кобренд банк карталари деб ҳисобланади.

4-боб. Банк карталарини эмиссия қилиш

7. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарини эмиссия қилиш Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган банклар томонидан амалга оширилади.

8. Бирон бир тўлов тизимига тегишли бўлган банк карталарини, жумладан олдиндан эмиссия қилинадиган шахсий банк карталарини эмиссия қилиш, сертификатланган дастурий-техник воситалардан фойдаланган ҳолда, тегишли тўлов тизими оператори томонидан ўрнатилган қоидаларга асосан эмитент томонидан амалга оширилади.

Олдиндан эмиссия қилинадиган шахсий банк карталарини активлаштириш эмитент томонидан ушбу картанинг сақловчисини ўрнатилган тартибда идентификация қилгандан сўнг амалга оширилади.

9. Банк карталарининг (шу жумладан, виртуал карталарининг) мажбурий реквизитлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

банк картаси сақловчисининг фамилияси ва исми (шахсий банк карталари учун), бунда олдиндан эмиссия қилинадиган шахсий банк картасида банк картаси сақловчисининг фамилияси ва исми жисмонан акс эттирилиши талаб этилмайди;

карта ҳисобварағи эгаси бўлган юридик шахснинг фирма (расмий) номи ва (ёки) унинг тўлов тизимидаги шартли рақами (корпоратив банк карталари учун);

банк картаси эмитентининг расмий номи;

банк картасининг рақамлари ва амал қилиш муддати.

10. Тўлов тизими доирасида эмиссия қилинадиган банк карталарида, идентификация белгилари ва банк карталарининг белгилари бўлган қўшимча мажбурий реквизитлар мазкур тизим қоидаларида белгиланиши мумкин.

5-боб. Эмитентнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

11. Банк картасининг эмитенти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жисмоний ва юридик шахсларга, шунингдек ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларга уларнинг аризалари асосида ўзаро тузиладиган шартнома ёки офертани қабул қилиш йўли билан Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май) мувофиқ мижозни ўрнатилган тартибда идентификациялаган ҳолда банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш;

ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларга уларнинг ота-онасидан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (қонуний вакилининг) ёзма розилиги ва аризаси асосида ўзаро тузиладиган шартнома ёки офертани қабул қилиш йўли билан Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май) мувофиқ мижозни ўрнатилган тартибда идентификациялаган ҳолда банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш;

банк картаси орқали амалга оширилган дебет айланмалар учун воситачилик ҳақини ундириш;

шартномада белгиланган ҳолларда банк карталарига маблағ кирим қилинганлиги учун воситачилик ҳаққи ундириш.

12. Банк картасининг эмитенти қуйидагиларга амал қилиши шарт:

банк картасини олиш учун мурожаат қилган шахснинг аризасини кўриб чиқиш;

банк картасини сақловчисини банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисидаги хабарномани туну кун юбориш имконияти билан таъминлаш;

банк картаси эмитенти ва сақловчиси ўртасида тузилган шартномада ўрнатилган тартибга асосан банк картасини бериш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича эмитент тарифларининг ўзгарганлиги ҳамда банк картасини амал қилиш муддатидан аввал тўхтатиш тўғрисида банк картаси сақловчиларини хабардор қилиш;

карта ҳисобварағи ёпилганда, кейинги операция кунидан кечиктирилмаган ҳолда карта ҳисобварағида мавжуд пул маблағларини мижозга бериш;

банк карталари орқали ўтказилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни ўз вақтида ва тўғри амалга ошириш.

13. Банк картаси эмитенти:

банк картасининг сақловчисидан банк картасининг йўқолганлиги ёки ундан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида ариза қабул қилингандан сўнг эмитент йўқотилган ёки рухсатсиз фойдаланилган банк картаси орқали амалга оширилган барча операциялар;

қалбаки банк картаси орқали бажарилган барча операциялар бўйича жавобгар ҳисобланади.

14. Эмитент банк картаси сақловчиси олдида қуйидаги ҳолатларда жавобгар ҳисобланмайди:

агар банк картаси сақловчиси шартномада белгиланган қоида ва тартибларни бузган бўлса;

банк картаси сақловчиси томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир қилинган ҳолатда;

банк картасининг йўқолганлиги ёки ундан рухсатсиз фойдаланилганлиги факти ҳақида банк картасининг сақловчиси томонидан эмитент хабардор қилинмаганда.

банк картасига боғлик маълумотлар (ШИР код, бир марталик СМС код ва бошқалар) мижоз томонидан учинчи тарафга маълум қилинган ҳолатда.

6-боб. Банк картаси сақловчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

15. Банк картаси сақловчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тўлов тизими қоидалари ва эмитент билан тузилган шартномада кўзда тутилган шартлар ва тартибга асосан банк картаси орқали операцияларни амалга ошириш;

банк картасининг эмитентидан банк картасидан фойдаланиш қоидалари ҳамда улар орқали операцияларни амалга ошириш бўйича банк картасининг сақловчиси ва эмитентнинг жавобгарлик чегараси тўғрисидаги тўлиқ ахборотни олиш;

эмитентдан банк картаси орқали амалга оширилган барча операциялар тўғрисида тўлиқ ахборот олиш;

ўз розилигига кўра, унинг карта ҳисобварағини тасарруф этиш имкониятини берувчи қўшимча банк карталарини чиқариш ва расмийлаштиришни эмитентдан сўраш;

карта ҳисобварағини келгусида ёпиш шарти билан банк карталаридан фойдаланишни рад этиш.

16. Банк картасини сақловчи ҳисобланган юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган ҳуқуқлар билан бирга қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эга:

шартнома, хизмат сафари, хўжалик ва бошқа харажатлар учун пул маблағларини карта ҳисобварағига кирим қилиш ва ушбу харажатларни карта ҳисобварағидан нақд пулсиз тартибда тўлаш;

банк картасининг эмитенти билан тузилган шартномада кўрсатилган ва тегишли карта ҳисобварағидан ўтказиш учун рухсат этилган бошқа операцияларни амалга ошириш.

17. Банк картасининг сақловчиси қуйидагиларга амал қилиши шарт:

шартнома шартлари, банк картасидан фойдаланиш қоида ва талабларига амал қилиш;

тўлов тизими оператори томонидан ўрнатилган банк картасидан фойдаланиш қоида ва тартибларига риоя этиш.

7-боб. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий ва чет эл валютасидаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби

18. Карта ҳисобварағини тўлдириш карта ҳисобварағини очган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўлов топшириқномаси асосида исталган талаб қилиб олингунча депозит, кредит (ссуда) ёки транзит ҳисобварағидан амалга оширилади.

19. Юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритиш, шу жумладан давлат божи ва йиғимларни тўлаш, жойида ёки мобил иловалар орқали электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни фақат миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширишлари мумкин.

Юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги банк карталаридан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида носавдо тусдаги валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида фойдаланилиши мумкин.

Юридик шахслар корпоратив банк картасига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендларни ўтказишга, шунингдек, корпоратив банк карталари воситасида нақд пул берилиши ва (ёки) чет эл валютасини сотиб олишга йўл қўйилмайди.

Юридик шахслар томонидан аукцион савдоларида иштирок этиб, харидларни амалга ошириш учун корпоратив банк картасидан фойдаланиш тақиқланади.

Корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда тўлаш учун сарф қилинаётган пул маблағлари корпоратив банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан бериладиган, қатъий тарзда белгиланган мақсадларда ишлатиладиган маблағлар бўлиб ҳисобланади.

Корпоратив банк картасининг сақловчиси корпоратив банк картасини ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган маблағлар тўғрисида юридик шахснинг бухгалтериясига ҳисобот тақдим этади.

Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун корпоратив банк картасидан фойдаланганда, корпоратив банк картасининг сақловчиси хизмат сафаридан қайтганидан кейин корпоратив банк картаси воситасида сарфланган суммалар тўғрисида бухгалтерияга ҳисобот тақдим этади.

20. Якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс миллий валютадаги бизнес банк карталаридан нақд пул олиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш, ишларни бажариш фаолияти билан боғлиқ бўлган, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳар қандай харажатлар бўйича тўловларни амалга ошириши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг чет эл валютасидаги банк карталаридан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида носавдо тусдаги валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида фойдаланилиши мумкин.

21. Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор банк карталари орқали амалга оширилган тўловлар бўйича ҳисобот ҳужжатлари сифатида тўлов терминали квитанцияларининг асл нусхалари, шунингдек, электрон тижорат битимларидаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар, инвойс (ҳисоб-фактура) ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар хизмат қилади.

22. Карта ҳисобварағидаги сарфланмай қолган маблағларни талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига қайтариш тўлов топшириқномаси асосида амалга оширилади.

Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тугатилганда унинг карта ҳисобварағидаги сарфланмай қолган маблағлари талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига ўтказилади.

23. Корпоратив банк картаси ва якка тартибдаги тадбиркорнинг банк карталари орқали амалга оширилган операцияларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик карта ҳисобварағини очган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор зиммасида бўлади.

8-боб. Банк карталари билан ҳисоб-китоблар

24. Банк карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китоблар қоғозда (слип, чеклар, смс-хабар) ёки электрон шаклда бошқа маълумотномалар билан тасдиқланади. Бунда мазкур маълумотномалар ҳисоб-китобларни амалга оширишда иштирок этувчи томонларга етарли нусхаларда шакллантирилади. Маълумотномалар банк карталари орқали амалга оширилган операциялар тўғрисидаги барча маълумотларни ўз ичига олиши керак.

25. Маълумотномаларда банк картаси ва унинг сақловчиларининг банкдаги ҳисобварақлари реквизитлари, шунингдек ташкилотлар, нақд пул бериш пунктлари ва банкоматлар тўғрисида маълумотлар бўлиши шарт.

26. Электрон маълумотномалар банк-эквайерга, банк-эмитентга ҳамда шартномада назарда тутилган ҳолларда тўлов тизими оператори ва тўлов ташкилотига юборилади.

27. Банк карталари бўйича банклар ўртасидаги ҳисоб-китоблар:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) тўлов тизимлари орқали умумий асосда амалга оширилади;

Банклар ўртасида улар томонидан чиқарилган миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланилган ҳолда амалга оширилган операциялар бўйича тўловларга ишлов бериш ҳамда уларнинг клиринги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисоб-китоблар клиринг тизими тўғрисида низомга (рўйхат рақами 2570, 2014 йил 4 апрель) мувофиқ тартибда амалга оширилади.

28. Амалга оширилган операциялар бўйича умумий ҳисоб-китоблар тўлов тизимлари орқали қуйидагича амалга оширилади:

банк томонидан хизмат кўрсатилаётган мижоздан олинган электрон ҳужжатлар асосида эквайерда автоматик равишда электрон хабарнома шаклланади ҳамда ўтказмаларни авторизация қилиш ва амалга ошириш учун тўлов тизими орқали эмитентга юборилади;

эмитент электрон хабарнома асосида транзакцияни авторизация қилиб, маблағларни тўлов тизими орқали тегишли маблағларни олувчига ўтказиш учун эквайерга юборади ҳамда маблағларни банк карта ҳисобварағидан ҳисобдан чиқариш учун электрон мемориал ордерни дастурий равишда шакллантиради;

маблағлар эквайер томонидан эмитентдан олинган электрон мемориал ордер асосида маблағларни олувчининг ҳисобварағига ўтказилади ва мемориал ордер рўйхат кўринишида чоп этилиб, банкнинг кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикилади.

29. Тўлов тизими оператори орқали ҳисоб-китоблар қуйидагича амалга оширилади:

амалиёт куни давомида банк карталари бўйича тўлов тизими оператори орқали амалга оширилган барча операциялар ҳисоб-китоб иштирокчилари учун очилган алоҳида шахсий ҳисобварақларда юритилади;

якуний суммалар Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Ҳисоб-китоблар марказида очилган банкларнинг вакиллик ҳисобварақларига шартномада назарда тутилган муддатда ўтказилади ёки ҳисобдан чиқарилади;

банклар томонидан тўлов тизими операторидан олинган маълумотлар асосида мижознинг банк картаси ҳисобварағига маблағлар ўтказилади ёки ҳисобдан чиқарилади.

9-боб. Банк картасидан фойдаланилган ҳолдаги тўловлар

30. Товарлар ва хизматларни чакана реализация қилишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор ва юридик шахслар тўловларнинг банк карталаридан фойдаланган ҳолда қабул қилинишини таъминлаши шарт.

31. Тўлов хизматларидан фойдаланувчининг банк карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари банк картасидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган тўлов якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан қабул қилинган пайтдан эътиборан юзага келади.

32. Тўловлар банк картасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилганда якка тартибдаги тадбиркорда ёки юридик шахсда у билан банк карталарига хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган банкка нисбатан якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан қабул қилинган тўлов суммасида пул талаб қилиш ҳуқуқи, банкда эса якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг пулга доир талабини бажариш мажбурияти юзага келади.

33. Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчиси талабига биноан унинг банк картасидан фойдаланиш билан боғлиқ тегишли ҳужжатларни ва ахборотни шартномада белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.

34. Банк картасининг эмитенти банк картасининг сақловчисига юборилган ва ундан олинган хабарномаларнинг ушбу хабарномалар юборилган ва олинган кундан эътиборан уч йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида сақланишини таъминлайди.

35. Банк картасининг эмитенти банк картаси сақловчисининг аризасининг ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида кўриб чиқади. Аризани кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёки бошқа чоралар кўриш зарур бўлган ҳолларда аризани кўриб чиқиш муддати кўпи билан ўттиз кунга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда банк картасининг сақловчисига хабар берилади. Банк картасидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фойдаланилган тақдирда банк картасининг сақловчисининг аризаси ариза келиб тушган кундан эътиборан қирқ беш кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади. Банк картасининг сақловчисига аризани кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда ахборот юборилади.

36. Банк картасидан фойдаланиш банк картасининг сақловчисидан олинган хабарномага асосан банк картасининг эмитенти томонидан ёки банк картасини сақловчи банк картасидан шартномага мувофиқ фойдаланиш тартибини бузган тақдирда банк картаси эмитентининг ташаббусига кўра тўхтатиб турилади ёки тугатилади.

37. Банк картаси сақловчисининг банк картасидан фойдаланишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш банк картаси сақловчисининг ва банк картаси эмитентининг ушбу картадан фойдаланишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш пайтига қадар юзага келган мажбуриятларини тугатмайди.

10-боб. Банк картаси билан операцияларни амалга оширишни тўхтатиш ва банк картасини муомаладан чиқариш

38. Банк картаси сақловчисидан банк картаси йўқолганлиги ёки ўғирланганлиги тўғрисида хабарнома олинганда, эмитент банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиши ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш чораларини кўриши зарур.

39. Тўлов тизими оператори тўлов тизими қоидаларига мувофиқ айрим эмитентлар томонидан эмиссия қилинган банк карталари орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга ҳақлидир.

40. Эмитент қуйидаги ҳолатларда банк картаси орқали операциялар ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:

банк картаси ёки унинг реквизитларидан ноқонуний фойдаланишни тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлигида;

банк картасидан фойдаланиш ваколатига эга бўлмаган шахслар томонидан ишлатилганда;

банк карталаридан фойдаланиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган бошқа ҳолатларда;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Мазкур бандда кўрсатилган ҳолатлар юзага келганда, банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ёки банк картасини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш тўлов тизими қоидаларига асосан белгиланади.

41. Банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш ва бу ҳақда мижозга хабар бериш тартиби тўлов тизими қоидаларига ҳамда банк карталаридан фойдаланиш тўғрисидаги шартномага асосан амалга оширилади.

11-боб. Банк карталарига хизмат кўрсатувчи қурилмалар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларининг мажбуриятлари

42. Савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти раҳбари ўз савдо ва хизмат кўрсатиш объектига ўрнатиш учун тўлов терминалларини ажратиш бўйича ёки ўзида мавжуд бўлган тўлов терминалларига дастурий таъминотни ўрнатиш юзасидан хизмат кўрсатувчи банкка ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Банклар тўлов терминалини ажратиш бўйича мурожаатлар келиб тушган кундан бошлаб ўн банк иш куни ичида тўлов терминалларини ажратади. Ушбу вақт ичида банклар тўлов терминалларини техник жиҳатдан мижозга бириктириш ишларини тугатиши шарт.

Банклар тўлов терминалларини техник жиҳатдан мижозга бириктириш пайтида унинг фаолияти туридан келиб чиқиб MCC-кодларини, терминал ва тўлов тури, мижознинг идентификация маълумотлари ва тўлов тизими оператори қоидаларида белгиланган тегишли маълумотларни банк ахборот базасига киритиши лозим. Бунда, мижознинг фаолият тури ва тегишли маълумотлари ўзгарган тақдирда, мижоз уч банк иш кунида хизмат кўрсатувчи банкига тегишли маълумотни тақдим этади ва банк томонидан бир иш куни мобайнида мижозга бириктирилган терминал маълумотларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларининг ўзларида мавжуд бўлган тўлов терминалига дастурий таъминотни ўрнатиш юзасидан қилинган мурожаатлар уч банк иш куни ичида кўриб чиқилади ва уларга тегишли дастурий таъминотлар ўрнатилади.

Товарлар ва хизматларни чакана реализация қилишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини, онлайн инкассация амалиётини ҳар куни қилинишини ва тўлов тизими шартли белгиси бўлишини таъминлашлари шарт.

Тўлов терминали техник ёки дастурий носоз ҳолатга келиб қолганда, савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти раҳбари бу ҳақда бир кундан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органига ва хизмат кўрсатувчи банкига ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши шарт.

Банклар уч иш кунида тўлов терминалларини соз ҳолатга келтириш чораларини кўришлари ва тўлов терминаллари соз ҳолатга келгунга қадар вақтинчалик бошқа териминал билан таъминлаб туришлари шарт ҳамда тўлов амалиётларини тўлов тизими операторлари томонидан юборилган файллар клиринг қилиниши бир иш кунидан кечиктирмаган ҳолда мижозларнинг ҳисобварағига ўтказилиши лозим.

Савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари ўзларидаги мавжуд тўлов терминалларини бошқа субъектларга фойдаланиш учун беришлари мумкин эмас.

43. Савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари қуйидагиларга амал қилиши шарт:

ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун товар (иш, хизмат ва бошқалар) нархлари асоссиз равишда ошмайдиган нарх бўйича банк картасининг сақловчисига хизмат кўрсатиш;

шартнома муносабатлари билан боғлиқ бўлган тўлов тизими номи ва (ёки) логотипини кўрсатган ҳолда, банк картасига хизмат кўрсатиш тўғрисида мижозларни хабардор қилиш;

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси ва эквайер ўртасида тузилган шартномага асосан тўлов тизимига тегишли бўлган барча банк карталарига хизмат кўрсатиш;

бажарилаётган операциялар суммаси эквайер билан тузилган шартномада ўрнатилган суммадан ортиқ бўлган барча ҳолатларда банк картаси бўйича авторизация ўтказиш;

қонунчилик ҳужжатлари ва эквайер билан тузилган шартномага мувофиқ банк картаси орқали амалга оширилган операциялар бўйича ахборот тақдим этиш;

банк картасининг сақловчиси тўғрисида маълумотни учинчи шахслардан сир сақлаш, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

44. Тўлов тизими субъектлари томонидан ўрнатилган банкоматлар ва ўз-ўзига хизмат қилувчи қурилмаларда эквайер номи, мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази телефон рақами ҳамда қурилма уланган тўлов тизими логотипи бўлиши лозим.

Банкомат техник носозлик сабабли банк картасини қайтариб бермаганда, банк картаси сақловчиси томонидан эквайерга оғзаки ёки ёзма мурожаат қилинади. Мурожаат банк операция куни давомида келиб тушса шу куннинг ўзида, операция куни тугаганда келиб тушган тақдирда кейинги банк операция кунидан кечикмаган ҳолда мижозга банк картаси қайтариб берилиши зарур.

Банк картаси ШИР-код нотўғри киритилиши натижасида банкомат томонидан қайтариб берилмаганда, банк картаси эквайер томонидан банк картаси сақловчиси идентификация қилинган ҳолда банк картаси сақловчисининг мурожаати келиб тушган кундан кейинги банк иш кунидан кечиктирмасдан қайтариб берилади.

Банклар томонидан ўрнатилган банкоматларнинг иш фаолияти ва нақд пул билан таъминланганлиги устидан доимий назорат ўрнатилиши ҳамда банкоматларнинг жойлашуви ва ишчи ҳолати тўғрисидаги маълумотлар банкнинг веб-сайти ва/ёки мобил иловаларида кўрсатилган бўлиши лозим.

12-боб. Банк картаси сақловчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

45. Банк картаси эмитенти банк картаси ҳисобварағи эгасига банк картасидан фойдаланмаган ҳолда банк картаси ҳисобварағи бўйича операцияларни амалга ошириш имкониятини таъминлаши зарур.

46. Банк картасининг сақловчиси, унинг банк карталари орқали амалга оширилган операциялари ҳамда банк карталарининг ўзи ҳақидаги маълумот — банк сири маълумотлари бўлиб ҳисобланади ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилиши мумкин.

13-боб. Эквайернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари олдидаги жавобгарлик чегараси

47. Эквайер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май) мувофиқ банк картасининг сақловчисидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишини талаб қилиш;

нақд пул бериш операциясини амалга оширишда банк картаси ҳисобварағидан банкнинг хизмат ҳақини ундириш;

савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари билан ҳисоб-китоб операцияларини ўтказиш учун шартномада кўзда тутилган воситачилик ҳақини бевосита ҳисобварақларга келиб тушадиган сумма ҳисобидан ушлаб қолиш.

48. Эквайер қуйидагиларга амал қилиши шарт:

нақд пул бериш операциясини амалга оширишда эквайер тарифлари ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни банк карта сақловчиларига етказиш;

савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари банк карталари орқали амалга оширган операциялари бўйича ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида бажарилишини ва унинг тўғрилигини таъминлаш;

ўзи иштирокчи бўлган тўлов тизимининг барча банк карталарига хизмат кўрсатиш;

савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларини тузилган шартномада белгиланган шартлар асосида банк карталари эгаларига хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган қурилмалар ва маълумотлар билан таъминлаш;

банк карталари орқали ўтказилган операциялар бўйича савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари билан ўзаро ҳисоб-китобларни вақтида ва тўғри амалга оширилишини таъминлаш.

49. Эквайер товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси олдида банк картаси орқали ҳисоб- китобларни амалга ошириш бўйича қуйидаги ҳолларда жавобгарликни ўз зиммасига олмайди:

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси банк карталари орқали операцияларни амалга оширишда тузилган шартномаларда ўрнатилган қоида ва тартибни бузганда;

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси томонидан ўтказилган тўлов операцияси тўғрисида ҳужжат ёки ахборотлар мавжуд бўлмаганда;

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси томонидан ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилганда.

14-боб. Тўлов тизими операторининг ҳуқуқ, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

50. Тўлов тизими оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тўлов тизими иштирокчилари учун банк карталари орқали операцияларни амалга ошириш ва унга рухсат бериш;

эмитент билан тузилган шартноманинг ҳамда тўлов тизимининг бошқа иштирокчилари ўртасида тузилган шартнома шартларини эмитент томонидан бажармаслик ҳолларида, эмитентнинг банк карталари бўйича операцияларини тўхтатиш.

51. Тўлов тизими оператори қуйидагиларга амал қилиши шарт:

тўлов тизими иштирокчилари томонидан чиқарилган банк карталари орқали операцияларини амалга ошириш имконияти билан таъминлаш;

антифрод-тизимга эга бўлиши;

банк картасига хизмат кўрсатишни тақиқлаш тўғрисидаги эмитентнинг ёзма қарори олингандан сўнг, банк карталари бўйича операцияларни тўхтатиш (алоҳида турдаги операцияларни тўхтатиш);

эмитентнинг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олингандан сўнг, унинг банк карталари бўйича операцияларни тўхтатиш;

тўлов тизимини узлуксиз, барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш;

тўлов тизими иштирокчиларининг операциялари тўғрисидаги банк сирини ташкил этувчи маълумотларни сир сақланишини таъминлаш, бундан Ўзбекистон Республикасининг «Банк сири тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

52. Эмитент томонидан банк карталарига хизмат кўрсатишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, улар орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳамда эмитент томонидан банк карталари орқали амалга оширилиши тақиқланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган айрим операцияларни бажариш бўйича тўлиқ жавобгарликни тўлов тизими оператори ўз зиммасига олади.

53. Тўлов тизими иштирокчилари бўлган банклар фаолияти устидан назорат ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва тўлов тизими қоидаларига асосан белгиланган тартибда амалга оширилади.

54. Тўлов тизими оператори банк карталари эмиссиясини амалга ошириш тўғрисида шартнома тузган эмитентларнинг рўйхатини юритади.

55. Эмитентларнинг рўйхати доимий равишда тўлов тизими операторининг веб-сайтида эълон қилиниб борилади.

15-боб. Банк карталари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиладиган ахборотларни ҳимоя қилиш

56. Эмитентлар, эквайерлар, тўлов тизими операторлари, савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари банк карталари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиладиган ахборотларни ва дастурий-техник воситаларни ҳимоя қилиш бўйича қоидаларга риоя қилишлари шарт.

57. Ахборотларни, банк карталарини ва бунда фойдаланиладиган дастурий-техник воситаларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ҳамда тўлов тизимининг қоида ва тартибларига асосан ўрнатилади.

16-боб. Якуний қоидалар

58. Банк карталарини эмиссия қилиш, улар орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни ўтказиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

59. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарини эмиссия қилиш тартибини ҳамда банк карталари орқали хизмат кўрсатиш ва операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидаларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Марказий банк раиси М.Б. НУРМУРАТОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 10 март,

28/21-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.04.2021 й., 10/21/3294/0285-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.11.2024 й., 10/24/3294-1/0950-сон; 13.03.2025 й., 10/25/3294-2/0236-сон; 12.11.2025 й., 10/25/3294-3/1040-сон; 28.08.2026 й., 10/26/3294-4/0877-сон; 22.10.2026 й., 10/26/3958/1065-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki BOSHQARUVIning

Qarori

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi hududida bank kartalarining chiqarilishi va muomalada boʻlishi qoidalari toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi hamda “ Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi hududida bank kartalarining chiqarilishi va muomalada boʻlishi qoidalari toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2021-yil 10-martdagi 28/21-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi hududida bank kartalarining chiqarilishi va muomalada boʻlishi qoidalari toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom banklar tomonidan bank kartalarining chiqarilishi, ularning muomalada boʻlishi va oʻtkazilgan operatsiyalar boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish qoidalarini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

avtorizatsiya — toʻlov operatori tomonidan koʻzda tutilgan qoidalarga asosan telefon, elektron yoki aloqaning boshqa usullari yordamida bank kartasi bilan operatsiyalarni amalga oshirish uchun bank kartasi emitentining ruxsatini olish jarayoni;

antifrod-tizim — bank kartalari yordamida toʻlovlarni amalga oshirishda firibgarlik operatsiyalarini oldini olishga qaratilgan jarayonlar yigʻindisi;

bank kartasi — uni saqlovchisiga toʻlov infratuzilmari orqali toʻlovlarni amalga oshirish yoki naqd pul mablagʻlarini olish yoxud valyuta ayirboshlashni amalga oshirish va bank kartasining emitenti tomonidan belgilangan boshqa operatsiyalarni bajarish imkonini beruvchi toʻlov vositasidir;

bank kartalari emissiyasi — bank kartalarini muomalaga chiqarish va foydalanishga taqdim etish boʻyicha faoliyat;

bank kartasining saqlovchisi — emitent yoki bank kartalarini tarqatuvchi bank bilan mijoz oʻrtasidagi shartnomaga asosan bank kartasidan foydalanuvchi mijoz yoki mijoz tomonidan vakolat berilgan shaxs;

bankomat — bank kartasining saqlovchisiga oʻz-oʻziga xizmat koʻrsatish tartibida naqd pul olish va bank kartasi bilan boshqa amaliyotlarini amalga oshirish imkonini beruvchi hamda bajarilgan operatsiyalar boʻyicha slip hujjat shakllantiruvchi qurilma;

virtual karta — elektron shakldagi bank kartasi boʻlib asosiy kartaga yoki hisobvaraqqa bogʻlanadi va toʻlovlarni amalga oshirishda zarur boʻlgan bank kartasining majburiy rekvizitlariga ega boʻlgan toʻlov vositasi;

karta hisobvaragʻi — bank kartasi orqali pul mablagʻlarini tasarruf etish mumkin boʻlgan bank hisobvaragʻi;

MCC-kod — terminal ajratilgan mijoz toifasi kodi boʻlib, savdo va xizmat koʻrsatish faoliyat turini 4 xonali raqam bilan tasniflaydi;

SHIR kod — bank kartasi saqlovchisining shaxsiy identifikatsiya raqami boʻlib, u karta hisobvaragʻidagi pul mablagʻlarini boshqarish huquqini hamda mablagʻlarni boshqarishga bank kartasining saqlovchisi tomonidan ruxsat berilganligini tasdiqlaydi;

savdo va xizmat koʻrsatish subyekti — ekvayer bilan tuzilgan shartnomaga asosan bank kartalari orqali tovar (ish, xizmat)larni sotuvchi yuridik shaxs va (yoki) yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi jismoniy shaxs va (yoki) oʻzini oʻzi band qilgan shaxs;

slip — bank kartasi orqali amalga oshirilgan operatsiyalarni tasdiqlovchi, operatsiyaning miqdori, turi, amalga oshirilgan sanasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni va ushbu hujjatni shakllantirishda foydalanilgan bank kartasi, terminal yoki bankomatni toʻgʻri aniqlay bilish imkoniyatini beruvchi axborotni oʻzida mujassamlashtirgan qogʻoz yoki elektron shakldagi hujjat (chek);

toʻlov tizimi — toʻlovlarni toʻlov tizimining operatori, toʻlov tizimi ishtirokchilari va (yoki) toʻlov tashkilotlarining toʻlov tizimi operatori tomonidan belgilangan toʻlov tizimining tartib-taomillarini, infratuzilmasini va qoidalarini qoʻllash vositasida hamkorlik qilish yoʻli bilan amalga oshirishni taʼminlaydigan munosabatlar majmuidir;

toʻlov tizimining operatori — Oʻzbekiston Respublikasi hududida toʻlov tizimining ishlashini taʼminlash boʻyicha faoliyatini amalga oshiruvchi yuridik shaxs;

terminal — bank kartasining saqlovchisiga toʻlov operatsiyalarini amalga oshirish imkoniyatini beruvchi va bajarilgan operatsiyalar boʻyicha (qogʻoz yoki elektron shakldagi) sliplarni shakllantiruvchi moslama yoki dasturiy taʼminot;

emitent — bank kartasini emissiyasini amalga oshiruvchi, bank kartasining saqlovchilari va ekvayerlar tomonidan bank kartalaridan foydalanilgan holda hisob-kitoblarni amalga oshirish huquqlari boʻyicha oʻz nomidan majburiyatni zimmasiga olgan bank;

ekvayring — bank kartalari orqali tovar (ish, xizmat va boshqalar) sotuvchilari bilan operatsiyalar boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish, shuningdek, bank kartasi saqlovchisiga bevosita kassa yoki bankomat orqali naqd pul berish;

ekvayer — ekvayringni amalga oshiruvchi rezident bank;

2. Bank kartasi saqlovchisining ruxsatisiz boshqa shaxs bank kartasidan foydalanishi mumkin emas.

Bank kartasi qalbakilashtirishdan va undan noqonuniy foydalanishning boshqa turlaridan himoya qilinishi zarur.

Bank kartasining amal qilish muddati toʻlov tizimi qoidalariga muvofiq toʻlov tizimi operatori tomonidan belgilanadi.

2-bob. Bank kartalaridan foydalanishning huquqiy tartibga solinishi va toʻlov tizimi ishtirokchilarining majburiyatlari

3. Banklar tomonidan bank kartasini emissiya qilish, xizmat koʻrsatish va undan foydalanish bilan bogʻliq munosabatlarni huquqiy tartibga solish mazkur Nizom va qonunchilik hujjatlari, shuningdek toʻlov tizimi qoidalari hamda toʻlov tizimi ishtirokchilari oʻrtasida tuzilgan shartnomalarga asosan amalga oshiriladi.

4. Toʻlov tizimi ishtirokchilarining oʻzaro munosabatlari mazkur Nizom, boshqa qonunchilik hujjatlari hamda ularga asosan tuzilgan shartnomalar va toʻlov tizimi qoidalariga muvofiq tartibga solinadi.

Oʻzbekiston Respublikasi rezident banklari mahalliy, xalqaro va xorijiy toʻlov tizimlari ishtirokchilari boʻlish huquqiga ega.

Oʻzbekiston Respublikasining rezident banklar — toʻlov tizimi ishtirokchilari, agar Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlarida boshqacha qoidalar belgilanmagan boʻlsa, bank kartalari emissiyasi, ularga xizmat koʻrsatish va operatsiyalarni amalga oshirishda tegishli toʻlov tizimi tomonidan belgilangan standartlardan foydalanadi.

5. Toʻlov tizimi ishtirokchilari quyidagilarga amal qilishlari shart:

Oʻzbekiston Respublikasi hududida bank kartasini emissiya qilish, xizmat koʻrsatish, ular orqali hisob-kitob operatsiyalarini amalga oshirishning oʻrnatilgan tartib va qoidalariga rioya qilish;

bank kartalaridan noqonuniy foydalanishning oldini olish maqsadida xavfsizlik chora- tadbirlarini taʼminlash;

ular ixtiyorida mavjud boʻlgan va muomaladagi bank kartalari, toʻlov tizimi ishtirokchilari, foydalaniladigan texnologiya va dasturiy-texnik vositalar, toʻlov tizimi operatori tomonidan oʻrnatilgan ish tartibi va qoidalari toʻgʻrisidagi tijorat va bank siri hisoblangan maʼlumotlarni hamda bank kartasi saqlovchilari hamda ular tomonidan bank kartalari orqali amalga oshirilgan operatsiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor qilmaslikni taʼminlash, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

3-bob. Bank kartalarining turlari

6. Bank kartalari karta hisobvaragʻi egasi, amal qilish tartibi va maʼlum bir toʻlov tizimiga tegishliligiga koʻra quyidagi turlarga boʻlinadi:

a) karta hisobvaragʻining subyektlariga koʻra:

shaxsiy bank kartasi — oʻz saqlovchisiga jismoniy shaxsning (yakka tartibdagi tadbirkordan tashqari) karta hisobvaragʻida (karta hisobvaraqlarida)gi pul mablagʻlarini boshqarish imkoniyatini beradi. Shaxsiy bank kartalari bank kartasi saqlovchisining ruxsati bilan boshqa shaxslar (oila aʼzolari va boshqalar) tomonidan foydalanilishi mumkin;

korporativ bank kartasi — oʻz saqlovchisiga, yaʼni yuridik shaxsning vakolatiga ega xodimiga karta hisobvaragʻidagi pul mablagʻlarini boshqarish imkoniyatini beradi;

biznes bank kartasi — oʻz saqlovchisiga, yaʼni yakka tartibdagi tadbirkor yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxsga karta hisobvaragʻidagi pul mablagʻlarini boshqarish imkoniyatini beradi;

ijtimoiy bank kartasi — oʻz saqlovchisiga karta hisobvaragʻidagi ijtimoiy va boshqa toʻlovlar orqali kelib tushgan pul mablagʻlarini boshqarish imkoniyatini beradi;

b) bank kartalari amal qilish tartibiga koʻra:

debet bank kartasi — oʻz saqlovchisiga u va bank kartasi emitenti oʻrtasida tuzilgan shartnoma shartlariga binoan tegishli karta hisobvaragʻidagi pul mablagʻlari qoldigʻi doirasida toʻlov operatsiyalarini amalga oshirish va (yoki) naqd pul mablagʻlarini olish uchun (korporativ bank kartasi bundan mustasno) tasarruf etish imkonini beradi;

kredit bank kartasi — oʻz saqlovchisiga u va bank kartasi emitenti oʻrtasida tuzilgan shartnoma shartlariga binoan toʻlov operatsiyalarini amalga oshirish va (yoki) naqd pul mablagʻlarini olish uchun (bundan korporativ bank kartasi mustasno) tegishli karta hisobvaragʻidagi pul mablagʻlari qoldigʻidan ortiq operatsiyalarni amalga oshirish imkonini beradi.

Ikki va undan ortiq toʻlov tizimlarida ishlaydigan va ularning logotiplarini oʻzida aks ettirgan bank kartalari kobeydjing kartalari deb hisoblanadi.

Ikki va undan ortiq tovar belgisi ostida emissiya qilingan bank kartalari kobrend bank kartalari deb hisoblanadi.

4-bob. Bank kartalarini emissiya qilish

7. Oʻzbekiston Respublikasi hududida bank kartalarini emissiya qilish Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari boʻlgan banklar tomonidan amalga oshiriladi.

8. Biron bir toʻlov tizimiga tegishli boʻlgan bank kartalarini, jumladan oldindan emissiya qilinadigan shaxsiy bank kartalarini emissiya qilish, sertifikatlangan dasturiy-texnik vositalardan foydalangan holda, tegishli toʻlov tizimi operatori tomonidan oʻrnatilgan qoidalarga asosan emitent tomonidan amalga oshiriladi.

Oldindan emissiya qilinadigan shaxsiy bank kartalarini aktivlashtirish emitent tomonidan ushbu kartaning saqlovchisini oʻrnatilgan tartibda identifikatsiya qilgandan soʻng amalga oshiriladi.

9. Bank kartalarining (shu jumladan, virtual kartalarining) majburiy rekvizitlari boʻlib quyidagilar hisoblanadi:

bank kartasi saqlovchisining familiyasi va ismi (shaxsiy bank kartalari uchun), bunda oldindan emissiya qilinadigan shaxsiy bank kartasida bank kartasi saqlovchisining familiyasi va ismi jismonan aks ettirilishi talab etilmaydi;

karta hisobvaragʻi egasi boʻlgan yuridik shaxsning firma (rasmiy) nomi va (yoki) uning toʻlov tizimidagi shartli raqami (korporativ bank kartalari uchun);

bank kartasi emitentining rasmiy nomi;

bank kartasining raqamlari va amal qilish muddati.

10. Toʻlov tizimi doirasida emissiya qilinadigan bank kartalarida, identifikatsiya belgilari va bank kartalarining belgilari boʻlgan qoʻshimcha majburiy rekvizitlar mazkur tizim qoidalarida belgilanishi mumkin.

5-bob. Emitentning huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi

11. Bank kartasining emitenti quyidagi huquqlarga ega:

jismoniy va yuridik shaxslarga, shuningdek oʻn toʻrt yoshdan oʻn sakkiz yoshgacha boʻlgan voyaga yetmagan shaxslarga ularning arizalari asosida oʻzaro tuziladigan shartnoma yoki ofertani qabul qilish yoʻli bilan Tijorat banklarida jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish boʻyicha ichki nazorat qoidalariga (roʻyxat raqami 2886, 2017-yil 23-may) muvofiq mijozni oʻrnatilgan tartibda identifikatsiyalagan holda bank kartalarini foydalanishga taqdim etish;

oʻn toʻrt yoshgacha boʻlgan voyaga yetmagan shaxslarga ularning ota-onasidan biri yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslarning (qonuniy vakilining) yozma roziligi va arizasi asosida oʻzaro tuziladigan shartnoma yoki ofertani qabul qilish yoʻli bilan Tijorat banklarida jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish boʻyicha ichki nazorat qoidalariga (roʻyxat raqami 2886, 2017-yil 23-may) muvofiq mijozni oʻrnatilgan tartibda identifikatsiyalagan holda bank kartalarini foydalanishga taqdim etish;

bank kartasi orqali amalga oshirilgan debet aylanmalar uchun vositachilik haqini undirish;

shartnomada belgilangan hollarda bank kartalariga mablagʻ kirim qilinganligi uchun vositachilik haqqi undirish.

12. Bank kartasining emitenti quyidagilarga amal qilishi shart:

bank kartasini olish uchun murojaat qilgan shaxsning arizasini koʻrib chiqish;

bank kartasini saqlovchisini bank kartasi yoʻqolganligi va (yoki) bank kartasidan ruxsatsiz foydalanilganligi toʻgʻrisidagi xabarnomani tunu kun yuborish imkoniyati bilan taʼminlash;

bank kartasi emitenti va saqlovchisi oʻrtasida tuzilgan shartnomada oʻrnatilgan tartibga asosan bank kartasini berish va unga xizmat koʻrsatish boʻyicha emitent tariflarining oʻzgarganligi hamda bank kartasini amal qilish muddatidan avval toʻxtatish toʻgʻrisida bank kartasi saqlovchilarini xabardor qilish;

karta hisobvaragʻi yopilganda, keyingi operatsiya kunidan kechiktirilmagan holda karta hisobvaragʻida mavjud pul mablagʻlarini mijozga berish;

bank kartalari orqali oʻtkazilgan operatsiyalar boʻyicha hisob-kitoblarni oʻz vaqtida va toʻgʻri amalga oshirish.

13. Bank kartasi emitenti:

bank kartasining saqlovchisidan bank kartasining yoʻqolganligi yoki undan ruxsatsiz foydalanilganligi toʻgʻrisida ariza qabul qilingandan soʻng emitent yoʻqotilgan yoki ruxsatsiz foydalanilgan bank kartasi orqali amalga oshirilgan barcha operatsiyalar;

qalbaki bank kartasi orqali bajarilgan barcha operatsiyalar boʻyicha javobgar hisoblanadi.

14. Emitent bank kartasi saqlovchisi oldida quyidagi holatlarda javobgar hisoblanmaydi:

agar bank kartasi saqlovchisi shartnomada belgilangan qoida va tartiblarni buzgan boʻlsa;

bank kartasi saqlovchisi tomonidan noqonuniy harakatlar sodir qilingan holatda;

bank kartasining yoʻqolganligi yoki undan ruxsatsiz foydalanilganligi fakti haqida bank kartasining saqlovchisi tomonidan emitent xabardor qilinmaganda.

bank kartasiga bogʻlik maʼlumotlar (SHIR kod, bir martalik SMS kod va boshqalar) mijoz tomonidan uchinchi tarafga maʼlum qilingan holatda.

6-bob. Bank kartasi saqlovchisining huquq va majburiyatlari

15. Bank kartasi saqlovchisi quyidagi huquqlarga ega:

toʻlov tizimi qoidalari va emitent bilan tuzilgan shartnomada koʻzda tutilgan shartlar va tartibga asosan bank kartasi orqali operatsiyalarni amalga oshirish;

bank kartasining emitentidan bank kartasidan foydalanish qoidalari hamda ular orqali operatsiyalarni amalga oshirish boʻyicha bank kartasining saqlovchisi va emitentning javobgarlik chegarasi toʻgʻrisidagi toʻliq axborotni olish;

emitentdan bank kartasi orqali amalga oshirilgan barcha operatsiyalar toʻgʻrisida toʻliq axborot olish;

oʻz roziligiga koʻra, uning karta hisobvaragʻini tasarruf etish imkoniyatini beruvchi qoʻshimcha bank kartalarini chiqarish va rasmiylashtirishni emitentdan soʻrash;

karta hisobvaragʻini kelgusida yopish sharti bilan bank kartalaridan foydalanishni rad etish.

16. Bank kartasini saqlovchi hisoblangan yuridik shaxs va yakka tartibdagi tadbirkorlar mazkur Nizomning 15-bandida belgilangan huquqlar bilan birga quyidagi huquqlarga ham ega:

shartnoma, xizmat safari, xoʻjalik va boshqa xarajatlar uchun pul mablagʻlarini karta hisobvaragʻiga kirim qilish va ushbu xarajatlarni karta hisobvaragʻidan naqd pulsiz tartibda toʻlash;

bank kartasining emitenti bilan tuzilgan shartnomada koʻrsatilgan va tegishli karta hisobvaragʻidan oʻtkazish uchun ruxsat etilgan boshqa operatsiyalarni amalga oshirish.

17. Bank kartasining saqlovchisi quyidagilarga amal qilishi shart:

shartnoma shartlari, bank kartasidan foydalanish qoida va talablariga amal qilish;

toʻlov tizimi operatori tomonidan oʻrnatilgan bank kartasidan foydalanish qoida va tartiblariga rioya etish.

7-bob. Yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar tomonidan milliy va chet el valyutasidagi bank kartalaridan foydalanish tartibi

18. Karta hisobvaragʻini toʻldirish karta hisobvaragʻini ochgan yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkorlarning toʻlov topshiriqnomasi asosida istalgan talab qilib olinguncha depozit, kredit (ssuda) yoki tranzit hisobvaragʻidan amalga oshiriladi.

19. Yuridik shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi hududida faoliyat yuritish, shu jumladan davlat boji va yigʻimlarni toʻlash, joyida yoki mobil ilovalar orqali elektr energiyasi, tabiiy gaz, ichimlik va oqova suv xizmatlari uchun toʻlovlarni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlarni faqat milliy valyutadagi korporativ bank kartalaridan foydalangan holda amalga oshirishlari mumkin.

Yuridik shaxslarning chet el valyutasidagi bank kartalaridan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida nosavdo tusdagi valyuta operatsiyalarini amalga oshirish maqsadida foydalanilishi mumkin.

Yuridik shaxslar korporativ bank kartasiga ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlar, pensiyalar, nafaqalar, stipendiyalar va dividendlarni oʻtkazishga, shuningdek, korporativ bank kartalari vositasida naqd pul berilishi va (yoki) chet el valyutasini sotib olishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Yuridik shaxslar tomonidan auksion savdolarida ishtirok etib, xaridlarni amalga oshirish uchun korporativ bank kartasidan foydalanish taqiqlanadi.

Korporativ bank kartalaridan foydalangan holda naqd pulsiz shaklda toʻlash uchun sarf qilinayotgan pul mablagʻlari korporativ bank kartasining saqlovchisiga hisobdorlik sharti bilan beriladigan, qatʼiy tarzda belgilangan maqsadlarda ishlatiladigan mablagʻlar boʻlib hisoblanadi.

Korporativ bank kartasining saqlovchisi korporativ bank kartasini hisobdorlikka olgan kundan boshlab 10 kundan kechiktirmagan holda korporativ bank kartalari vositasida ishlatilgan mablagʻlar toʻgʻrisida yuridik shaxsning buxgalteriyasiga hisobot taqdim etadi.

Xizmat safarlari bilan bogʻliq xarajatlarni toʻlash uchun korporativ bank kartasidan foydalanganda, korporativ bank kartasining saqlovchisi xizmat safaridan qaytganidan keyin korporativ bank kartasi vositasida sarflangan summalar toʻgʻrisida buxgalteriyaga hisobot taqdim etadi.

20. Yakka tartibdagi tadbirkor yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs milliy valyutadagi biznes bank kartalaridan naqd pul olish, Oʻzbekiston Respublikasi hududida ishlab chiqarish, savdo, xizmat koʻrsatish, ishlarni bajarish faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan, shuningdek qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa har qanday xarajatlar boʻyicha toʻlovlarni amalga oshirishi mumkin.

Yakka tartibdagi tadbirkorlarning chet el valyutasidagi bank kartalaridan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida nosavdo tusdagi valyuta operatsiyalarini amalga oshirish maqsadida foydalanilishi mumkin.

21. Yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor bank kartalari orqali amalga oshirilgan toʻlovlar boʻyicha hisobot hujjatlari sifatida toʻlov terminali kvitansiyalarining asl nusxalari, shuningdek, elektron tijorat bitimlaridagi tomonlarni identifikatsiyalash imkonini beruvchi elektron cheklar, kvitansiyalar, xabarlar va boshqa usullar, invoys (hisob-faktura) hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa hujjatlar xizmat qiladi.

22. Karta hisobvaragʻidagi sarflanmay qolgan mablagʻlarni talab qilib olinguncha depozit hisobvaragʻiga qaytarish toʻlov topshiriqnomasi asosida amalga oshiriladi.

Yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkorning faoliyati qonunchilik hujjatlariga muvofiq tugatilganda uning karta hisobvaragʻidagi sarflanmay qolgan mablagʻlari talab qilib olinguncha depozit hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

23. Korporativ bank kartasi va yakka tartibdagi tadbirkorning bank kartalari orqali amalga oshirilgan operatsiyalarning qonuniyligi uchun javobgarlik karta hisobvaragʻini ochgan yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor zimmasida boʻladi.

8-bob. Bank kartalari bilan hisob-kitoblar

24. Bank kartalaridan foydalangan holda amalga oshirilgan hisob-kitoblar qogʻozda (slip, cheklar, sms-xabar) yoki elektron shaklda boshqa maʼlumotnomalar bilan tasdiqlanadi. Bunda mazkur maʼlumotnomalar hisob-kitoblarni amalga oshirishda ishtirok etuvchi tomonlarga yetarli nusxalarda shakllantiriladi. Maʼlumotnomalar bank kartalari orqali amalga oshirilgan operatsiyalar toʻgʻrisidagi barcha maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak.

25. Maʼlumotnomalarda bank kartasi va uning saqlovchilarining bankdagi hisobvaraqlari rekvizitlari, shuningdek tashkilotlar, naqd pul berish punktlari va bankomatlar toʻgʻrisida maʼlumotlar boʻlishi shart.

26. Elektron maʼlumotnomalar bank-ekvayerga, bank-emitentga hamda shartnomada nazarda tutilgan hollarda toʻlov tizimi operatori va toʻlov tashkilotiga yuboriladi.

27. Bank kartalari boʻyicha banklar oʻrtasidagi hisob-kitoblar:

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) toʻlov tizimlari orqali umumiy asosda amalga oshiriladi;

Banklar oʻrtasida ular tomonidan chiqarilgan milliy valyutadagi bank kartalaridan foydalanilgan holda amalga oshirilgan operatsiyalar boʻyicha toʻlovlarga ishlov berish hamda ularning kliringi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining hisob-kitoblar kliring tizimi toʻgʻrisida nizomga (roʻyxat raqami 2570, 2014-yil 4-aprel) muvofiq tartibda amalga oshiriladi.

28. Amalga oshirilgan operatsiyalar boʻyicha umumiy hisob-kitoblar toʻlov tizimlari orqali quyidagicha amalga oshiriladi:

bank tomonidan xizmat koʻrsatilayotgan mijozdan olingan elektron hujjatlar asosida ekvayerda avtomatik ravishda elektron xabarnoma shakllanadi hamda oʻtkazmalarni avtorizatsiya qilish va amalga oshirish uchun toʻlov tizimi orqali emitentga yuboriladi;

emitent elektron xabarnoma asosida tranzaksiyani avtorizatsiya qilib, mablagʻlarni toʻlov tizimi orqali tegishli mablagʻlarni oluvchiga oʻtkazish uchun ekvayerga yuboradi hamda mablagʻlarni bank karta hisobvaragʻidan hisobdan chiqarish uchun elektron memorial orderni dasturiy ravishda shakllantiradi;

mablagʻlar ekvayer tomonidan emitentdan olingan elektron memorial order asosida mablagʻlarni oluvchining hisobvaragʻiga oʻtkaziladi va memorial order roʻyxat koʻrinishida chop etilib, bankning kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikiladi.

29. Toʻlov tizimi operatori orqali hisob-kitoblar quyidagicha amalga oshiriladi:

amaliyot kuni davomida bank kartalari boʻyicha toʻlov tizimi operatori orqali amalga oshirilgan barcha operatsiyalar hisob-kitob ishtirokchilari uchun ochilgan alohida shaxsiy hisobvaraqlarda yuritiladi;

yakuniy summalar Markaziy bankning hisob-kitoblar kliring tizimi orqali Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining Hisob-kitoblar markazida ochilgan banklarning vakillik hisobvaraqlariga shartnomada nazarda tutilgan muddatda oʻtkaziladi yoki hisobdan chiqariladi;

banklar tomonidan toʻlov tizimi operatoridan olingan maʼlumotlar asosida mijozning bank kartasi hisobvaragʻiga mablagʻlar oʻtkaziladi yoki hisobdan chiqariladi.

9-bob. Bank kartasidan foydalanilgan holdagi toʻlovlar

30. Tovarlar va xizmatlarni chakana realizatsiya qilishni amalga oshiruvchi yakka tartibdagi tadbirkor va yuridik shaxslar toʻlovlarning bank kartalaridan foydalangan holda qabul qilinishini taʼminlashi shart.

31. Toʻlov xizmatlaridan foydalanuvchining bank kartalaridan foydalanish bilan bogʻliq huquq va majburiyatlari bank kartasidan foydalangan holda amalga oshiriladigan toʻlov yakka tartibdagi tadbirkor yoki yuridik shaxs tomonidan qabul qilingan paytdan eʼtiboran yuzaga keladi.

32. Toʻlovlar bank kartasidan foydalangan holda amalga oshirilganda yakka tartibdagi tadbirkorda yoki yuridik shaxsda u bilan bank kartalariga xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida shartnoma tuzgan bankka nisbatan yakka tartibdagi tadbirkor yoki yuridik shaxs tomonidan qabul qilingan toʻlov summasida pul talab qilish huquqi, bankda esa yakka tartibdagi tadbirkorning yoki yuridik shaxsning pulga doir talabini bajarish majburiyati yuzaga keladi.

33. Bank kartasining emitenti bank kartasini saqlovchisi talabiga binoan uning bank kartasidan foydalanish bilan bogʻliq tegishli hujjatlarni va axborotni shartnomada belgilangan tartibda taqdim etishi shart.

34. Bank kartasining emitenti bank kartasining saqlovchisiga yuborilgan va undan olingan xabarnomalarning ushbu xabarnomalar yuborilgan va olingan kundan eʼtiboran uch yildan kam boʻlmagan muddat mobaynida saqlanishini taʼminlaydi.

35. Bank kartasining emitenti bank kartasi saqlovchisining arizasining ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran oʻn besh kun mobaynida koʻrib chiqadi. Arizani koʻrib chiqish uchun tekshirish oʻtkazish, qoʻshimcha materiallarni soʻrab olish yoki boshqa choralar koʻrish zarur boʻlgan hollarda arizani koʻrib chiqish muddati koʻpi bilan oʻttiz kunga uzaytirilishi mumkin, bu haqda bank kartasining saqlovchisiga xabar beriladi. Bank kartasidan Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida foydalanilgan taqdirda bank kartasining saqlovchisining arizasi ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran qirq besh kundan koʻp boʻlmagan muddatda koʻrib chiqiladi. Bank kartasining saqlovchisiga arizani koʻrib chiqish natijalari toʻgʻrisida yozma yoki elektron shaklda axborot yuboriladi.

36. Bank kartasidan foydalanish bank kartasining saqlovchisidan olingan xabarnomaga asosan bank kartasining emitenti tomonidan yoki bank kartasini saqlovchi bank kartasidan shartnomaga muvofiq foydalanish tartibini buzgan taqdirda bank kartasi emitentining tashabbusiga koʻra toʻxtatib turiladi yoki tugatiladi.

37. Bank kartasi saqlovchisining bank kartasidan foydalanishini toʻxtatib turish yoki tugatish bank kartasi saqlovchisining va bank kartasi emitentining ushbu kartadan foydalanishni toʻxtatib turish yoki tugatish paytiga qadar yuzaga kelgan majburiyatlarini tugatmaydi.

10-bob. Bank kartasi bilan operatsiyalarni amalga oshirishni toʻxtatish va bank kartasini muomaladan chiqarish

38. Bank kartasi saqlovchisidan bank kartasi yoʻqolganligi yoki oʻgʻirlanganligi toʻgʻrisida xabarnoma olinganda, emitent bank kartasi orqali operatsiyalarni oʻtkazishni vaqtincha toʻxtatib qoʻyishi hamda bank kartasini muomaladan chiqarish choralarini koʻrishi zarur.

39. Toʻlov tizimi operatori toʻlov tizimi qoidalariga muvofiq ayrim emitentlar tomonidan emissiya qilingan bank kartalari orqali operatsiyalarni oʻtkazishni vaqtincha toʻxtatib qoʻyish toʻgʻrisidagi qarorni qabul qilishga haqlidir.

40. Emitent quyidagi holatlarda bank kartasi orqali operatsiyalar oʻtkazishni vaqtincha toʻxtatib qoʻyish hamda bank kartasini muomaladan chiqarish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin:

bank kartasi yoki uning rekvizitlaridan noqonuniy foydalanishni tasdiqlovchi holatlar mavjudligida;

bank kartasidan foydalanish vakolatiga ega boʻlmagan shaxslar tomonidan ishlatilganda;

bank kartalaridan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomada koʻrsatilgan boshqa holatlarda;

qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollarda.

Mazkur bandda koʻrsatilgan holatlar yuzaga kelganda, bank kartasi orqali operatsiyalarni oʻtkazishni vaqtincha toʻxtatib qoʻyish yoki bank kartasini muomaladan chiqarish toʻgʻrisida qaror qabul qilish toʻlov tizimi qoidalariga asosan belgilanadi.

41. Bank kartasi orqali operatsiyalarni oʻtkazishni vaqtincha toʻxtatib qoʻyish hamda bank kartasini muomaladan chiqarish va bu haqda mijozga xabar berish tartibi toʻlov tizimi qoidalariga hamda bank kartalaridan foydalanish toʻgʻrisidagi shartnomaga asosan amalga oshiriladi.

11-bob. Bank kartalariga xizmat koʻrsatuvchi qurilmalar hamda savdo va xizmat koʻrsatish subyektlarining majburiyatlari

42. Savdo va xizmat koʻrsatish subyekti rahbari oʻz savdo va xizmat koʻrsatish obyektiga oʻrnatish uchun toʻlov terminallarini ajratish boʻyicha yoki oʻzida mavjud boʻlgan toʻlov terminallariga dasturiy taʼminotni oʻrnatish yuzasidan xizmat koʻrsatuvchi bankka yozma yoki elektron shaklda murojaat qiladi.

Banklar toʻlov terminalini ajratish boʻyicha murojaatlar kelib tushgan kundan boshlab oʻn bank ish kuni ichida toʻlov terminallarini ajratadi. Ushbu vaqt ichida banklar toʻlov terminallarini texnik jihatdan mijozga biriktirish ishlarini tugatishi shart.

Banklar toʻlov terminallarini texnik jihatdan mijozga biriktirish paytida uning faoliyati turidan kelib chiqib MCC-kodlarini, terminal va toʻlov turi, mijozning identifikatsiya maʼlumotlari va toʻlov tizimi operatori qoidalarida belgilangan tegishli maʼlumotlarni bank axborot bazasiga kiritishi lozim. Bunda, mijozning faoliyat turi va tegishli maʼlumotlari oʻzgargan taqdirda, mijoz uch bank ish kunida xizmat koʻrsatuvchi bankiga tegishli maʼlumotni taqdim etadi va bank tomonidan bir ish kuni mobaynida mijozga biriktirilgan terminal maʼlumotlariga tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.

Savdo va xizmat koʻrsatish subyektlarining oʻzlarida mavjud boʻlgan toʻlov terminaliga dasturiy taʼminotni oʻrnatish yuzasidan qilingan murojaatlar uch bank ish kuni ichida koʻrib chiqiladi va ularga tegishli dasturiy taʼminotlar oʻrnatiladi.

Tovarlar va xizmatlarni chakana realizatsiya qilishni amalga oshiruvchi yakka tartibdagi tadbirkorlar va yuridik shaxslar toʻlov terminallarining uzluksiz ishlashini, onlayn inkassatsiya amaliyotini har kuni qilinishini va toʻlov tizimi shartli belgisi boʻlishini taʼminlashlari shart.

Toʻlov terminali texnik yoki dasturiy nosoz holatga kelib qolganda, savdo va xizmat koʻrsatish subyekti rahbari bu haqda bir kundan kechiktirmasdan davlat soliq xizmati organiga va xizmat koʻrsatuvchi bankiga yozma yoki elektron shaklda xabar berishi shart.

Banklar uch ish kunida toʻlov terminallarini soz holatga keltirish choralarini koʻrishlari va toʻlov terminallari soz holatga kelgunga qadar vaqtinchalik boshqa teriminal bilan taʼminlab turishlari shart hamda toʻlov amaliyotlarini toʻlov tizimi operatorlari tomonidan yuborilgan fayllar kliring qilinishi bir ish kunidan kechiktirmagan holda mijozlarning hisobvaragʻiga oʻtkazilishi lozim.

Savdo va xizmat koʻrsatish subyektlari oʻzlaridagi mavjud toʻlov terminallarini boshqa subyektlarga foydalanish uchun berishlari mumkin emas.

43. Savdo va xizmat koʻrsatish subyektlari quyidagilarga amal qilishi shart:

hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun tovar (ish, xizmat va boshqalar) narxlari asossiz ravishda oshmaydigan narx boʻyicha bank kartasining saqlovchisiga xizmat koʻrsatish;

shartnoma munosabatlari bilan bogʻliq boʻlgan toʻlov tizimi nomi va (yoki) logotipini koʻrsatgan holda, bank kartasiga xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida mijozlarni xabardor qilish;

tovar (ish, xizmat va boshqalar) sotuvchisi va ekvayer oʻrtasida tuzilgan shartnomaga asosan toʻlov tizimiga tegishli boʻlgan barcha bank kartalariga xizmat koʻrsatish;

bajarilayotgan operatsiyalar summasi ekvayer bilan tuzilgan shartnomada oʻrnatilgan summadan ortiq boʻlgan barcha holatlarda bank kartasi boʻyicha avtorizatsiya oʻtkazish;

qonunchilik hujjatlari va ekvayer bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq bank kartasi orqali amalga oshirilgan operatsiyalar boʻyicha axborot taqdim etish;

bank kartasining saqlovchisi toʻgʻrisida maʼlumotni uchinchi shaxslardan sir saqlash, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

44. Toʻlov tizimi subyektlari tomonidan oʻrnatilgan bankomatlar va oʻz-oʻziga xizmat qiluvchi qurilmalarda ekvayer nomi, mijozlarni qoʻllab-quvvatlash markazi telefon raqami hamda qurilma ulangan toʻlov tizimi logotipi boʻlishi lozim.

Bankomat texnik nosozlik sababli bank kartasini qaytarib bermaganda, bank kartasi saqlovchisi tomonidan ekvayerga ogʻzaki yoki yozma murojaat qilinadi. Murojaat bank operatsiya kuni davomida kelib tushsa shu kunning oʻzida, operatsiya kuni tugaganda kelib tushgan taqdirda keyingi bank operatsiya kunidan kechikmagan holda mijozga bank kartasi qaytarib berilishi zarur.

Bank kartasi SHIR-kod notoʻgʻri kiritilishi natijasida bankomat tomonidan qaytarib berilmaganda, bank kartasi ekvayer tomonidan bank kartasi saqlovchisi identifikatsiya qilingan holda bank kartasi saqlovchisining murojaati kelib tushgan kundan keyingi bank ish kunidan kechiktirmasdan qaytarib beriladi.

Banklar tomonidan oʻrnatilgan bankomatlarning ish faoliyati va naqd pul bilan taʼminlanganligi ustidan doimiy nazorat oʻrnatilishi hamda bankomatlarning joylashuvi va ishchi holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bankning veb-sayti va/yoki mobil ilovalarida koʻrsatilgan boʻlishi lozim.

12-bob. Bank kartasi saqlovchilarining huquqlarini himoya qilish

45. Bank kartasi emitenti bank kartasi hisobvaragʻi egasiga bank kartasidan foydalanmagan holda bank kartasi hisobvaragʻi boʻyicha operatsiyalarni amalga oshirish imkoniyatini taʼminlashi zarur.

46. Bank kartasining saqlovchisi, uning bank kartalari orqali amalga oshirilgan operatsiyalari hamda bank kartalarining oʻzi haqidagi maʼlumot — bank siri maʼlumotlari boʻlib hisoblanadi va qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taqdim etilishi mumkin.

13-bob. Ekvayerning huquq va majburiyatlari va savdo va xizmat koʻrsatish subyektlari oldidagi javobgarlik chegarasi

47. Ekvayer quyidagi huquqlarga ega:

Tijorat banklarida jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini moliyalashtirishga qarshi kurashish boʻyicha ichki nazorat qoidalariga (roʻyxat raqami 2886, 2017-yil 23-may) muvofiq bank kartasining saqlovchisidan uning shaxsini tasdiqlovchi hujjat taqdim etishini talab qilish;

naqd pul berish operatsiyasini amalga oshirishda bank kartasi hisobvaragʻidan bankning xizmat haqini undirish;

savdo va xizmat koʻrsatish subyektlari bilan hisob-kitob operatsiyalarini oʻtkazish uchun shartnomada koʻzda tutilgan vositachilik haqini bevosita hisobvaraqlarga kelib tushadigan summa hisobidan ushlab qolish.

48. Ekvayer quyidagilarga amal qilishi shart:

naqd pul berish operatsiyasini amalga oshirishda ekvayer tariflari oʻzgarganligi toʻgʻrisidagi axborotni bank karta saqlovchilariga yetkazish;

savdo va xizmat koʻrsatish subyektlari bank kartalari orqali amalga oshirgan operatsiyalari boʻyicha hisob-kitoblarning oʻz vaqtida bajarilishini va uning toʻgʻriligini taʼminlash;

oʻzi ishtirokchi boʻlgan toʻlov tizimining barcha bank kartalariga xizmat koʻrsatish;

savdo va xizmat koʻrsatish subyektlarini tuzilgan shartnomada belgilangan shartlar asosida bank kartalari egalariga xizmat koʻrsatish uchun zarur boʻlgan qurilmalar va maʼlumotlar bilan taʼminlash;

bank kartalari orqali oʻtkazilgan operatsiyalar boʻyicha savdo va xizmat koʻrsatish subyektlari bilan oʻzaro hisob-kitoblarni vaqtida va toʻgʻri amalga oshirilishini taʼminlash.

49. Ekvayer tovar (ish, xizmat va boshqalar) sotuvchisi oldida bank kartasi orqali hisob- kitoblarni amalga oshirish boʻyicha quyidagi hollarda javobgarlikni oʻz zimmasiga olmaydi:

tovar (ish, xizmat va boshqalar) sotuvchisi bank kartalari orqali operatsiyalarni amalga oshirishda tuzilgan shartnomalarda oʻrnatilgan qoida va tartibni buzganda;

tovar (ish, xizmat va boshqalar) sotuvchisi tomonidan oʻtkazilgan toʻlov operatsiyasi toʻgʻrisida hujjat yoki axborotlar mavjud boʻlmaganda;

tovar (ish, xizmat va boshqalar) sotuvchisi tomonidan noqonuniy harakatlar amalga oshirilganda.

14-bob. Toʻlov tizimi operatorining huquq, majburiyatlari va javobgarligi

50. Toʻlov tizimi operatori quyidagi huquqlarga ega:

toʻlov tizimi ishtirokchilari uchun bank kartalari orqali operatsiyalarni amalga oshirish va unga ruxsat berish;

emitent bilan tuzilgan shartnomaning hamda toʻlov tizimining boshqa ishtirokchilari oʻrtasida tuzilgan shartnoma shartlarini emitent tomonidan bajarmaslik hollarida, emitentning bank kartalari boʻyicha operatsiyalarini toʻxtatish.

51. Toʻlov tizimi operatori quyidagilarga amal qilishi shart:

toʻlov tizimi ishtirokchilari tomonidan chiqarilgan bank kartalari orqali operatsiyalarini amalga oshirish imkoniyati bilan taʼminlash;

antifrod-tizimga ega boʻlishi;

bank kartasiga xizmat koʻrsatishni taqiqlash toʻgʻrisidagi emitentning yozma qarori olingandan soʻng, bank kartalari boʻyicha operatsiyalarni toʻxtatish (alohida turdagi operatsiyalarni toʻxtatish);

emitentning bank faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziyasi chaqirib olingandan soʻng, uning bank kartalari boʻyicha operatsiyalarni toʻxtatish;

toʻlov tizimini uzluksiz, barqaror va xavfsiz ishlashini taʼminlash;

toʻlov tizimi ishtirokchilarining operatsiyalari toʻgʻrisidagi bank sirini tashkil etuvchi maʼlumotlarni sir saqlanishini taʼminlash, bundan Oʻzbekiston Respublikasining “Bank siri toʻgʻrisida”gi Qonunida nazarda tutilgan hollar mustasno.

52. Emitent tomonidan bank kartalariga xizmat koʻrsatishni taqiqlash toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan soʻng, ular orqali amalga oshirilgan operatsiyalar boʻyicha hamda emitent tomonidan bank kartalari orqali amalga oshirilishi taqiqlanganligi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan ayrim operatsiyalarni bajarish boʻyicha toʻliq javobgarlikni toʻlov tizimi operatori oʻz zimmasiga oladi.

53. Toʻlov tizimi ishtirokchilari boʻlgan banklar faoliyati ustidan nazorat oʻrnatish Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi va toʻlov tizimi qoidalariga asosan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

54. Toʻlov tizimi operatori bank kartalari emissiyasini amalga oshirish toʻgʻrisida shartnoma tuzgan emitentlarning roʻyxatini yuritadi.

55. Emitentlarning roʻyxati doimiy ravishda toʻlov tizimi operatorining veb-saytida eʼlon qilinib boriladi.

15-bob. Bank kartalari orqali hisob-kitoblarni amalga oshirishda foydalaniladigan axborotlarni himoya qilish

56. Emitentlar, ekvayerlar, toʻlov tizimi operatorlari, savdo va xizmat koʻrsatish subyektlari bank kartalari orqali hisob-kitoblarni amalga oshirishda foydalaniladigan axborotlarni va dasturiy-texnik vositalarni himoya qilish boʻyicha qoidalarga rioya qilishlari shart.

57. Axborotlarni, bank kartalarini va bunda foydalaniladigan dasturiy-texnik vositalarni himoya qilish, Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligi hamda toʻlov tizimining qoida va tartiblariga asosan oʻrnatiladi.

16-bob. Yakuniy qoidalar

58. Bank kartalarini emissiya qilish, ular orqali amalga oshirilgan operatsiyalar boʻyicha hisob-kitoblarni oʻtkazish va xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.

59. Oʻzbekiston Respublikasi hududida bank kartalarini emissiya qilish tartibini hamda bank kartalari orqali xizmat koʻrsatish va operatsiyalar boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish qoidalarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Markaziy bank raisi M.B. NURMURATOV

Toshkent sh.,

2021-yil 10-mart,

28/21-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 03.04.2021-y., 10/21/3294/0285-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.11.2024-y., 10/24/3294-1/0950-son; 13.03.2025-y., 10/25/3294-2/0236-son; 12.11.2025-y., 10/25/3294-3/1040-son; 28.08.2026-y., 10/26/3294-4/0877-son; 22.10.2026-y., 10/26/3958/1065-son)

lex.uz