📅 2021-yil 8-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 8-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 8 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг шўрини ювиш ишларини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Республикада суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини ва сув таъминотини яхшилаш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг шўрини ювиш учун фойдаланиладиган ва тасдиқланган шўр ювиш нормалари доирасида, шунингдек, коллектор ва дренаж тармоқларидан ишлатиладиган сув ресурсларини улардан фойдаланганлик учун солиқдан озод қилиш, сувни тежайдиган (томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқа) суғориш технологияларини жорий қилишга давлат томонидан субсидиялар ажратиш ҳамда ер солиғи бўйича имтиёз бериш тизими яратилди.
Шу билан биргаликда, ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини агротехник қоидалар асосида сифатли ва тизимли ташкил этишга, сув истеъмолини назорат қилишга етарлича эътибор берилмаяпти. Натижада агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювишда, айниқса, Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида, шунингдек, Бухоро, Навоий, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг аксарият туманларида агротехник қоидалар ва муддатлар қўпол равишда бузилиб, сув исрофгарчилигига йўл қўйилган, шўр ювиш ишларининг самараси пастлигича қолмоқда.
Сувни тежайдиган суғориш ва лазерли ер текислаш технологиялари жорий қилинган майдонларда ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш юзасидан хорижий тажрибаларни ўрганиш, янги илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш соҳа талабларидан ортда қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 11 декабрдаги ПҚ-4919-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ерларнинг шўрини ювиш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, бу борадаги илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш ҳамда шўр ювиш ишларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки:
ерларнинг шўрини ювиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг мелиоратив экспедициялари томонидан ишлаб чиқиладиган ва илмий асосланган тавсиялар бўйича мақбул муддатларда ва шўр ювиш нормаларига амал қилган ҳолда амалга оширилади;
ерларнинг шўрини ювиш ишлари ҳар уч йилда камида бир марта лазер ускунали ёки узун базали ер текислагичлар билан текисланган ҳолда амалга оширилади;
шўр ювиш ишлари учун сув олиш хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) билан тузилган шартномага мувофиқ ажратилган сув олиш лимити доирасида амалга оширилади ҳамда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботи юритилади;
шўр ювиш учун берилган сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйишга ва уларнинг техник ҳолатига зарар етказишга йўл қўйилмайди.
Сув истеъмолчиларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 442-моддаси талабларидан келиб чиқиб, шўр ювиш ишлари учун ажратилган сув олиш лимитидан ортиқча сув олинган тақдирда, белгиланган тартибда сувдан фойдаланганлик учун солиққа тортилиши кўрсатиб ўтилсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда — Низом) иловага мувофиқ тасдиқлансин:
а) шўр ювиш ишларини режалаштириш, шу жумладан:
ҳар йили 1 октябрга қадар Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув ресурсларининг прогнозларига асосан хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотларнинг («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаларининг) сув олиш лимитлари тасдиқланади ва жойларга етказилади;
ҳар йили 20 октябрга қадар агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа ташкилотлар билан сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режалари, шунингдек, тегишли шартномалар белгиланган тартибда расмийлаштирилади;
ҳар йили 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг мелиоратив экспедициялари томонидан ҳудудлар бўйича мелиоратив кадастр ҳужжатлари ишлаб чиқилади;
ҳар йили 10 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг мелиоратив экспедициялари томонидан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилади, агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа ташкилотларга етказилади;
ҳар йили 20 ноябрга қадар сув истеъмолчилари томонидан хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) билан биргаликда уларга берилган тавсиялар ва сув истеъмоли режаларига асосан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишлари режалари ишлаб чиқилади;
б) ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш тартиби, шу жумладан, ерларнинг шўрини ювиш ишлари шўр ювиш режалари бўйича берилган тавсиялар асосида мақбул муддатларда ва ажратилган сув олиш лимитлари доирасида шўр ювиш нормаларига мувофиқ амалга оширилади;
в) шўр ювишда сувдан фойдаланиш ва шўр ювиш мониторингини юритиш тартиби, шу жумладан, хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) сув истеъмолчилари билан белгиланган тартибда шўр ювиш ишлари учун олинган сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритади.
3. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:
а) ерларнинг мелиоратив ҳолатини назорат қилиш ва баҳолаш ишларининг тизимли равишда сифатли амалга оширилишини;
б) сув ресурсларини оқилона бошқаришни ва ажратилган сув олиш лимити доирасида сув етказиб берилишини таъминласин;
в) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда Инновацион ривожланиш вазирлигига 2021 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориладиган, шунингдек, лазер ускунали ер текислагичлар билан текисланган майдонларда ерларнинг шўрини ювиш билан боғлиқ илмий-тадқиқот ишларини бажаришга қаратилган илмий лойиҳаларга танлов эълон қилиш учун таклифлар киритсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга:
шўри ювиладиган майдонларни ҳар йили 1 декабрга қадар сифатли шудгорлаш ва зарур ҳолларда чуқур юмшатиш;
ерларни ҳар уч йилда камида бир марта лазер ускунали ёки узун базали ер текислагичлар билан текислаш;
ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини илмий асосланган тавсиялар бўйича мақбул муддатларда ва шўр ювиш нормаларида амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш ишларини тизимли ташкил қилиш ва амалга оширишда яқиндан кўмаклашсин.
5. Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси:
ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларида агротехник қоидаларга, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатсин;
сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолатини фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаб, сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кескин чоралар кўриб борсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида «Қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш технологиялари» ва «Шўр ювиш технологиялари» фанлари бўйича ўқув адабиётларининг янги авлодини яратиш чораларини кўрсин. Бунда мазкур соҳадаги олий таълим муассасаларига 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, юқорида кўрсатилган фанларни тегишли таълим йўналишларининг ўқув режаларига киритиш тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ҳамда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 апрелдаги 190-сон қарорига ИЛОВА
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом талаблари агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи бошқа ташкилотларга нисбатан татбиқ этилади.
2. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Шўр ювиш ишларини режалаштириш
3. Ерларнинг шўрини ювиш ишларини режалаштириш ерларнинг мелиоратив ҳолатига қараб белгиланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан ҳар йили 1 октябрга қадар сув ресурсларининг прогнозларига асосан хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотларнинг («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаларининг) сув олиш лимитлари белгиланган тартибда тасдиқланади ва жойларга етказилади.
5. Сув истеъмолчиларининг сув олиш лимитлари халқ депутатлари туман Кенгашлари қарорлари билан белгиланган тартибда тасдиқланади ва уларга хизмат кўрсатадиган тегишли фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) томонидан сув истеъмолчиларига етказилади.
6. Хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) ҳар йили 20 октябрга қадар агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан биргаликда сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини, шунингдек, тегишли шартномаларни белгиланган тартибда расмийлаштиради.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги мелиоратив экспедициялар (кейинги ўринларда — Мелиоратив экспедициялар) ҳар йили 1 ноябрга қадар ҳудудлар бўйича мелиоратив кадастр ҳужжатларини ишлаб чиқади.
Бунда суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражаси, ер ости сувлари сатҳи ва минераллашув кўрсаткичлари ўрганилади ҳамда таҳлил қилинади. Суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражаси, ер ости сувлари сатҳи ва минераллашув хариталари ишлаб чиқилади.
8. Мелиоратив экспедициялар ҳар йили 10 ноябрга қадар ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш бўйича ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда илмий асосланган тавсияларни (кейинги ўринларда — Тавсиялар) ишлаб чиқади ҳамда агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга (кейинги ўринларда — сув истеъмолчилари) етказади.
9. Сув истеъмолчилари хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) билан биргаликда уларга берилган Тавсиялар ва сув истеъмоли режаларига асосан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишлари режаларини ҳар йили 20 ноябрга қадар ишлаб чиқади.
3-боб. Ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш
10. Туманлар ирригация бўлимлари ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини сифатли амалга оширишга кўмаклашиш учун сув истеъмолчиларига малакали мутахассисларни бириктиради.
11. Сув истеъмолчилари:
шўри ювиладиган майдонларни ғўзапоя ёки бошқа ўсимликлар қолдиқларидан тозалайди ҳамда сифатли шудгорлайди, зарур ҳолларда Тавсияларга асосан чуқур юмшатиш ишларини амалга оширади;
ерларни ҳар уч йилда камида бир марта лазер ускунали ёки узун базали ер текислагичлар билан текислаш ишларини амалга оширади;
шудгорланган ва текисланган майдонларни Тавсиялар асосида полларга бўлади, нишаблик катта бўлган майдонларда чуқур эгатлар олади, ўқариқ ва шохариқлар олади;
шўр ювиш ишларини сифатли амалга ошириш ва сувдан оқилона фойдаланиш учун ер майдонининг катта-кичиклигига қараб камида тўрт нафар тажрибали сувчини (мутахассисни) жалб қилади, уларга далада зарур шароитларни яратади.
12. Ерларнинг шўр ювиш ишлари шўр ювиш режалари бўйича берилган тавсиялар асосида мақбул муддатларда ва ажратилган сув олиш лимитлари доирасида шўр ювиш нормаларига мувофиқ амалга оширилади.
Шўр ювишда полларни сув билан тўлдириш майдоннинг юқори қисмидан пастга қараб, коллектор-дренаж тармоғи томон навбат билан амалга оширилади.
13. Шўр ювиш ишлари учун ажратилган сувни коллектор-дренаж тармоғига ташлашга йўл қўйилмайди.
4-боб. Шўр ювишда сувдан фойдаланиш ва шўр ювиш мониторинги
14. Шўр ювиш учун сув ресурсларини олиш хизмат кўрсатувчи фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) билан келишилган ҳолда, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган сув олиш жойларида амалга оширилади.
15. Сув истеъмолчилари:
сув олиш учун хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотларга («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаларига) сув истеъмоли режаси асосида ва сув олиш лимити доирасида ёзма буюртманома беради;
буюртманомани хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотларга (Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаларига) ёки уларнинг ваколатли шахсларига сув олиш бошланишидан ўн кун олдин белгиланган шаклда, сув олишнинг аниқ жойлари ва муддатлари (сув олишнинг бошланиши ва тугаши), шунингдек, олинадиган сув миқдорини кўрсатган ҳолда тақдим этади.
16. Ажратилган сув олиш лимитидан ортиқча олинган сув миқдорига белгиланган тартибда сувдан фойдаланганлик учун солиқ ундирилади.
17. Хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) сув истеъмолчилари билан биргаликда белгиланган тартибда шўр ювиш ишлари учун олинган сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритади.
18. Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси:
ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишлари, шунингдек, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатади;
сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш, сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъсирчан чоралар кўриб боради.
5-боб. Якунловчи қоида
19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий органлари Сув ресурсларининг прогнозларига асосан хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотларнинг («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаларининг) сув олиш лимитларини белгиланган тартибда тасдиқлаш ва жойларга етказиш. Ҳар йили 1 октябрга қадар 2-босқич Хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) Агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар билан сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини, шунингдек, тегишли шартномаларни белгиланган тартибда расмийлаштириш. Ҳар йили 20 октябрга қадар 3-босқич Мелиоратив экспедициялар Ҳудудлар бўйича суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражаси, ер ости сувлари сатҳи ва минераллашув кўрсаткичларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш. Суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражаси, ер ости сувлари сатҳи ва минераллашув хариталарини ҳамда мелиоратив кадастр ҳужжатларини ишлаб чиқиш. Ҳар йили 1 ноябрга қадар 4-босқич Мелиоратив экспедициялар Ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш бўйича илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга етказиш. Ҳар йили 10 ноябрга қадар 5-босқич Сув истеъмолчилари Хизмат кўрсатадиган фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) билан биргаликда уларга берилган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини амалга ошириш бўйича илмий асосланган тавсияларни (кейинги ўринларда — Тавсиялар) ва сув истеъмоли режаларига асосан ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишлари режаларини ишлаб чиқиш. Ҳар йили 20 ноябрга қадар 6-босқич Сув истеъмолчилари Ерларнинг шўр ювиш ишларини шўр ювиш режалари бўйича берилган Тавсиялар асосида мақбул муддатларда ва ажратилган сув олиш лимитлари доирасида шўр ювиш нормаларига мувофиқ амалга ошириш. Тавсияда кўрсатиладиган мақбул муддатларда 7-босқич Хизмат кўрсатувчи фойдаланувчи ташкилотлар («Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари) Сув истеъмолчилари билан белгиланган тартибда шўр ювиш ишлари учун олинган сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш. Шўр ювиш даврида 8-босқич Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишлари, шунингдек, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш. Сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш, сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъсирчан чоралар кўриш. Ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш даврида
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
_______________ тумани _______________ кластерга (фермер хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга)
Шўр ювиш ишларини амалга ошириш бўйича ТАВСИЯЛАР
1. Жами экин майдони ______ гектар, шундан ______ гектари ҳар хил даражада шўрланган, жумладан:
____ контур — кучли шўрланган, ер ости сув сатҳи ____ метр чуқурликда жойлашган, ер ости сувининг минераллашуви ____ гр/литрни ташкил этади;
____ контур — ўртача шўрланган, ер ости сув сатҳи ____ метр чуқурликда жойлашган, ер ости сувининг минераллашуви ____ гр/литрни ташкил этади;
____ контур — кучсиз шўрланган, ер ости сув сатҳи ____ метр чуқурликда жойлашган, ер ости сувининг минераллашуви ____ гр/литрни ташкил этади.
2. Тупроқ механик таркибига кўра:
____ контур –_________ тупроқ, ____ контур –_________ тупроқ, ____ контур –_________ тупроқ сирасига киради.
3. Шўр ювишга ерларни 20__ йил «__» ойининг ______ гача тайёрлаш тавсия этилади.
4. Шўр ювиш ишлари дастлаб ___ -чи контурда, кейин ___ -чи контурда, ундан кейин ___ -чи контурда амалга оширилади.
5. Шўр ювиш ишларини сифатли бажариш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия этилади:
шўри ювиладиган майдонларни дастлаб ғўзапоя ёки бошқа ўсимликлар қолдиқларидан тозалаш;
ерларни мақбул муддатларда 35 — 40 см чуқурликда сифатли қилиб шудгорлаш, гипс ёки қаттиқ қатламлар мавжуд бўлганда плантажли плуг билан шудгорлаш ёки чуқур юмшатиш;
кучли шўрланган майдонларга шудгордан олдин туроқнинг балл-бонитетига қараб ҳар гектарига 10 — 20 тоннадан маҳаллий гўнг солиш;
ерларни лазер ускунали ёки узун базали ер текислагичлар ёрдамида уч йилда камида бир марта текислаш;
шўр ювиладиган майдонни унинг нишаблигига қараб қуйидаги ўлчамларда полларга бўлиш:
___-чи контурда полнинг эни ___ метр, бўйи ___ метр, майдони ___ гектар;
___-чи контурда полнинг эни ___ метр, бўйи ___ метр, майдони ___ гектар;
___-чи контурда полнинг эни ___ метр, бўйи ___ метр, майдони ___ гектар.
6. Шўр ювиладиган майдонларда схемага мувофиқ ўқариқлар ва полларни олиш.
Шўр ювиладиган майдонларда дастлаб марзалар олинади. Марзалар энига ___ метрдан, бўйига эса ҳар ___ метрдан олинади. Ўқариқлар эса икки пол ўртасида бўйламасига олинади.
Агар экин майдони ичида ёпиқ-горизонтал дренаж мавжуд бўлса, ўқариқлар икки дренаж ўртасидан олинади.
Марзалар ва ўқариқларнинг баландлиги бир марта сув бостиришда бериладиган сув устунининг (сатҳининг) чуқурлигини эътиборга олиб, ернинг текисланган жойига нисбатан 0,35 — 0,45 метр баланд бўлиши керак. Нишаблиги катта бўлган далаларда полларни ажратувчи марзалар баландлиги 0,5-0,6 метргача бўлиши мумкин.
7. Шўр ювишга пол олиш ишлари ноябрь ойидан бошлаб, декабрь ойининг илиқ кунларида тугалланиши лозим.
Шўр ювиш нормаси тупроқнинг шўрланганлик даражасига ва механик таркибига қараб белгиланади.
Бир гектар майдоннинг шўрини ювиш учун _____ -чи контурга _______ куб м/га, _____ -чи контурга _______ куб м/га, _____ -чи контурга _______ куб м/га миқдорда сув бериш тавсия этилади
Шўр ювиш ишлари навбат билан дастлаб кучли шўрланган майдонларда, ундан кейин ўртача шўрланган майдонларда бошланиб, охирида кучсиз шўрланган майдонларда амалга оширилади.
Полларни сув билан тўлдириш юқоридан пастга қараб, коллектор-дренаж тармоғи томон навбат билан амалга оширилади.
Шўр ювиш ишлари қуйидаги схема бўйича амалга оширилади.
Кучсиз шўрланган, шунингдек, енгил тупроқли ўртача шўрланган майдонлар бир марта ювилади. Ўртача шўрланган қолган майдонлар эса икки марта, кучли шўрланган майдонлар эса уч марта ювилади. Бунда полларни сув билан бостиришда сув миқдори камайтириб борилади.
Шўр ювиш ишларига _______ ойидан бошлаб киришилиши лозим.
Биринчи шўр ювиш ишларини _______ га қадар, иккинчи ва учинчи шўр ювиш ишларини _______ га қадар тўлиқ якунлаш тавсия этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 8 апрель,
190-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarning shoʻrini yuvish ishlarini tashkil etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Respublikada sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini va suv taʼminotini yaxshilash hamda mavjud suv resurslaridan samarali foydalanish boʻyicha izchil ishlar amalga oshirilmoqda.
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarning shoʻrini yuvish uchun foydalaniladigan va tasdiqlangan shoʻr yuvish normalari doirasida, shuningdek, kollektor va drenaj tarmoqlaridan ishlatiladigan suv resurslarini ulardan foydalanganlik uchun soliqdan ozod qilish, suvni tejaydigan (tomchilatib, yomgʻirlatib, diskret va boshqa) sugʻorish texnologiyalarini joriy qilishga davlat tomonidan subsidiyalar ajratish hamda yer soligʻi boʻyicha imtiyoz berish tizimi yaratildi.
Shu bilan birgalikda, yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini agrotexnik qoidalar asosida sifatli va tizimli tashkil etishga, suv isteʼmolini nazorat qilishga yetarlicha eʼtibor berilmayapti. Natijada agroklasterlar, fermer xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini ishlab chiqaruvchilar tomonidan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvishda, ayniqsa, Qoraqalpogʻiston Respublikasining shimoliy tumanlarida, Jizzax va Sirdaryo viloyatlarida, shuningdek, Buxoro, Navoiy, Fargʻona va Xorazm viloyatlarining aksariyat tumanlarida agrotexnik qoidalar va muddatlar qoʻpol ravishda buzilib, suv isrofgarchiligiga yoʻl qoʻyilgan, shoʻr yuvish ishlarining samarasi pastligicha qolmoqda.
Suvni tejaydigan sugʻorish va lazerli yer tekislash texnologiyalari joriy qilingan maydonlarda yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini amalga oshirish yuzasidan xorijiy tajribalarni oʻrganish, yangi ilmiy-tadqiqot ishlarini yoʻlga qoʻyish soha talablaridan ortda qolmoqda.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligida suvni tejaydigan texnologiyalarni joriy etishni yanada jadal tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 11-dekabrdagi PQ-4919-son qarori ijrosini taʼminlash hamda qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtirishda yerlarning shoʻrini yuvish, meliorativ holatini yaxshilash, suvdan foydalanish samaradorligini oshirish, bu boradagi ilmiy-tadqiqot ishlarini rivojlantirish va ilmiy ishlanmalarni amaliyotga joriy qilish hamda shoʻr yuvish ishlarini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Belgilansinki:
yerlarning shoʻrini yuvish ishlari Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining meliorativ ekspeditsiyalari tomonidan ishlab chiqiladigan va ilmiy asoslangan tavsiyalar boʻyicha maqbul muddatlarda va shoʻr yuvish normalariga amal qilgan holda amalga oshiriladi;
yerlarning shoʻrini yuvish ishlari har uch yilda kamida bir marta lazer uskunali yoki uzun bazali yer tekislagichlar bilan tekislangan holda amalga oshiriladi;
shoʻr yuvish ishlari uchun suv olish xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq ajratilgan suv olish limiti doirasida amalga oshiriladi hamda suvning hisobi va hisoboti yuritiladi;
shoʻr yuvish uchun berilgan suvni kollektor-drenaj tarmoqlariga tashlab qoʻyishga va ularning texnik holatiga zarar yetkazishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Suv isteʼmolchilariga Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 442-moddasi talablaridan kelib chiqib, shoʻr yuvish ishlari uchun ajratilgan suv olish limitidan ortiqcha suv olingan taqdirda, belgilangan tartibda suvdan foydalanganlik uchun soliqqa tortilishi koʻrsatib oʻtilsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
a) shoʻr yuvish ishlarini rejalashtirish, shu jumladan:
har yili 1-oktabrga qadar Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan suv resurslarining prognozlariga asosan xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlarning (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalarining) suv olish limitlari tasdiqlanadi va joylarga yetkaziladi;
har yili 20-oktabrga qadar agroklasterlar, fermer xoʻjaliklari va qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi boshqa tashkilotlar bilan suv olish limitlari asosida suvdan foydalanish va suv isteʼmoli rejalari, shuningdek, tegishli shartnomalar belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi;
har yili 1-noyabrga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining meliorativ ekspeditsiyalari tomonidan hududlar boʻyicha meliorativ kadastr hujjatlari ishlab chiqiladi;
har yili 10-noyabrga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligining meliorativ ekspeditsiyalari tomonidan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini amalga oshirish boʻyicha ilmiy asoslangan tavsiyalar ishlab chiqiladi, agroklasterlar, fermer xoʻjaliklari va qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi boshqa tashkilotlarga yetkaziladi;
har yili 20-noyabrga qadar suv isteʼmolchilari tomonidan xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) bilan birgalikda ularga berilgan tavsiyalar va suv isteʼmoli rejalariga asosan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlari rejalari ishlab chiqiladi;
b) yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini amalga oshirish tartibi, shu jumladan, yerlarning shoʻrini yuvish ishlari shoʻr yuvish rejalari boʻyicha berilgan tavsiyalar asosida maqbul muddatlarda va ajratilgan suv olish limitlari doirasida shoʻr yuvish normalariga muvofiq amalga oshiriladi;
v) shoʻr yuvishda suvdan foydalanish va shoʻr yuvish monitoringini yuritish tartibi, shu jumladan, xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) suv isteʼmolchilari bilan belgilangan tartibda shoʻr yuvish ishlari uchun olingan suvning hisobi va hisobotini yuritadi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi:
a) yerlarning meliorativ holatini nazorat qilish va baholash ishlarining tizimli ravishda sifatli amalga oshirilishini;
b) suv resurslarini oqilona boshqarishni va ajratilgan suv olish limiti doirasida suv yetkazib berilishini taʼminlasin;
v) Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Fanlar akademiyasi mahalliy davlat hokimiyati organlari bilan birgalikda Innovatsion rivojlanish vazirligiga 2021-yil davomida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Buxoro, Jizzax, Sirdaryo va Xorazm viloyatlarida tomchilatib va yomgʻirlatib sugʻoriladigan, shuningdek, lazer uskunali yer tekislagichlar bilan tekislangan maydonlarda yerlarning shoʻrini yuvish bilan bogʻliq ilmiy-tadqiqot ishlarini bajarishga qaratilgan ilmiy loyihalarga tanlov eʼlon qilish uchun takliflar kiritsin.
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va tumanlar hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Suv xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda agroklasterlar, fermer xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchilarga:
shoʻri yuviladigan maydonlarni har yili 1-dekabrga qadar sifatli shudgorlash va zarur hollarda chuqur yumshatish;
yerlarni har uch yilda kamida bir marta lazer uskunali yoki uzun bazali yer tekislagichlar bilan tekislash;
yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini ilmiy asoslangan tavsiyalar boʻyicha maqbul muddatlarda va shoʻr yuvish normalarida amalga oshirish;
suv olish joylarini suvni boshqarish va hisobga olish vositalari bilan jihozlash hamda ulardan samarali foydalanish ishlarini tizimli tashkil qilish va amalga oshirishda yaqindan koʻmaklashsin.
5. Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi:
yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarida agrotexnik qoidalarga, suvdan foydalanish va suv isteʼmoli tartibiga qatʼiy rioya etilishi yuzasidan tizimli nazorat oʻrnatsin;
suvni kollektor-drenaj tarmoqlariga tashlab qoʻyishning har bir holatini favqulodda holat sifatida baholab, suvdan maqsadli va tejamli foydalanish hamda suvdan foydalanish va suv isteʼmoli tartibini buzganlarga nisbatan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda keskin choralar koʻrib borsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Toshkent irrigatsiya va qishloq xoʻjaligini mexanizatsiyalash muhandislari institutida “Qishloq xoʻjaligida suvdan samarali foydalanish texnologiyalari” va “Shoʻr yuvish texnologiyalari” fanlari boʻyicha oʻquv adabiyotlarining yangi avlodini yaratish choralarini koʻrsin. Bunda mazkur sohadagi oliy taʼlim muassasalariga 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab, yuqorida koʻrsatilgan fanlarni tegishli taʼlim yoʻnalishlarining oʻquv rejalariga kiritish tavsiya etilsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev hamda Oʻzbekiston Respublikasi suv xoʻjaligi vaziri Sh.R. Xamrayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 8-apreldagi 190-son qaroriga ILOVA
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini tashkil etish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom talablari agroklasterlar, fermer xoʻjaliklari va qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchi boshqa tashkilotlarga nisbatan tatbiq etiladi.
2. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini tashkil etish mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Shoʻr yuvish ishlarini rejalashtirish
3. Yerlarning shoʻrini yuvish ishlarini rejalashtirish yerlarning meliorativ holatiga qarab belgilanadi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi hamda uning hududiy organlari tomonidan har yili 1-oktabrga qadar suv resurslarining prognozlariga asosan xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlarning (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalarining) suv olish limitlari belgilangan tartibda tasdiqlanadi va joylarga yetkaziladi.
5. Suv isteʼmolchilarining suv olish limitlari xalq deputatlari tuman Kengashlari qarorlari bilan belgilangan tartibda tasdiqlanadi va ularga xizmat koʻrsatadigan tegishli foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) tomonidan suv isteʼmolchilariga yetkaziladi.
6. Xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) har yili 20-oktabrga qadar agroklasterlar, fermer xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilar bilan birgalikda suv olish limitlari asosida suvdan foydalanish va suv isteʼmoli rejalarini, shuningdek, tegishli shartnomalarni belgilangan tartibda rasmiylashtiradi.
7. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va irrigatsiya tizimlari havza boshqarmalari huzuridagi meliorativ ekspeditsiyalar (keyingi oʻrinlarda — Meliorativ ekspeditsiyalar) har yili 1-noyabrga qadar hududlar boʻyicha meliorativ kadastr hujjatlarini ishlab chiqadi.
Bunda sugʻoriladigan yerlarning shoʻrlanish darajasi, yer osti suvlari sathi va minerallashuv koʻrsatkichlari oʻrganiladi hamda tahlil qilinadi. Sugʻoriladigan yerlarning shoʻrlanish darajasi, yer osti suvlari sathi va minerallashuv xaritalari ishlab chiqiladi.
8. Meliorativ ekspeditsiyalar har yili 10-noyabrga qadar yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini amalga oshirish boʻyicha ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda ilmiy asoslangan tavsiyalarni (keyingi oʻrinlarda — Tavsiyalar) ishlab chiqadi hamda agroklasterlar, fermer xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilarga (keyingi oʻrinlarda — suv isteʼmolchilari) yetkazadi.
9. Suv isteʼmolchilari xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) bilan birgalikda ularga berilgan Tavsiyalar va suv isteʼmoli rejalariga asosan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlari rejalarini har yili 20-noyabrga qadar ishlab chiqadi.
3-bob. Yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini amalga oshirish
10. Tumanlar irrigatsiya boʻlimlari yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini sifatli amalga oshirishga koʻmaklashish uchun suv isteʼmolchilariga malakali mutaxassislarni biriktiradi.
11. Suv isteʼmolchilari:
shoʻri yuviladigan maydonlarni gʻoʻzapoya yoki boshqa oʻsimliklar qoldiqlaridan tozalaydi hamda sifatli shudgorlaydi, zarur hollarda Tavsiyalarga asosan chuqur yumshatish ishlarini amalga oshiradi;
yerlarni har uch yilda kamida bir marta lazer uskunali yoki uzun bazali yer tekislagichlar bilan tekislash ishlarini amalga oshiradi;
shudgorlangan va tekislangan maydonlarni Tavsiyalar asosida pollarga boʻladi, nishablik katta boʻlgan maydonlarda chuqur egatlar oladi, oʻqariq va shoxariqlar oladi;
shoʻr yuvish ishlarini sifatli amalga oshirish va suvdan oqilona foydalanish uchun yer maydonining katta-kichikligiga qarab kamida toʻrt nafar tajribali suvchini (mutaxassisni) jalb qiladi, ularga dalada zarur sharoitlarni yaratadi.
12. Yerlarning shoʻr yuvish ishlari shoʻr yuvish rejalari boʻyicha berilgan tavsiyalar asosida maqbul muddatlarda va ajratilgan suv olish limitlari doirasida shoʻr yuvish normalariga muvofiq amalga oshiriladi.
Shoʻr yuvishda pollarni suv bilan toʻldirish maydonning yuqori qismidan pastga qarab, kollektor-drenaj tarmogʻi tomon navbat bilan amalga oshiriladi.
13. Shoʻr yuvish ishlari uchun ajratilgan suvni kollektor-drenaj tarmogʻiga tashlashga yoʻl qoʻyilmaydi.
4-bob. Shoʻr yuvishda suvdan foydalanish va shoʻr yuvish monitoringi
14. Shoʻr yuvish uchun suv resurslarini olish xizmat koʻrsatuvchi foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) bilan kelishilgan holda, belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazilgan suv olish joylarida amalga oshiriladi.
15. Suv isteʼmolchilari:
suv olish uchun xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlarga (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalariga) suv isteʼmoli rejasi asosida va suv olish limiti doirasida yozma buyurtmanoma beradi;
buyurtmanomani xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlarga (Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalariga) yoki ularning vakolatli shaxslariga suv olish boshlanishidan oʻn kun oldin belgilangan shaklda, suv olishning aniq joylari va muddatlari (suv olishning boshlanishi va tugashi), shuningdek, olinadigan suv miqdorini koʻrsatgan holda taqdim etadi.
16. Ajratilgan suv olish limitidan ortiqcha olingan suv miqdoriga belgilangan tartibda suvdan foydalanganlik uchun soliq undiriladi.
17. Xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) suv isteʼmolchilari bilan birgalikda belgilangan tartibda shoʻr yuvish ishlari uchun olingan suvning hisobi va hisobotini yuritadi.
18. Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi:
yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlari, shuningdek, suvdan foydalanish va suv isteʼmoli tartibiga rioya etilishi yuzasidan tizimli nazorat oʻrnatadi;
suvni kollektor-drenaj tarmoqlariga tashlab qoʻyish, suvdan maqsadli va tejamli foydalanish hamda suvdan foydalanish va suv isteʼmoli tartibini buzganlarga nisbatan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taʼsirchan choralar koʻrib boradi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
19. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Suv xoʻjaligi vazirligi hamda uning hududiy organlari Suv resurslarining prognozlariga asosan xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlarning (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalarining) suv olish limitlarini belgilangan tartibda tasdiqlash va joylarga yetkazish. Har yili 1-oktabrga qadar 2-bosqich Xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) Agroklasterlar, fermer xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini ishlab chiqaruvchilar bilan suv olish limitlari asosida suvdan foydalanish va suv isteʼmoli rejalarini, shuningdek, tegishli shartnomalarni belgilangan tartibda rasmiylashtirish. Har yili 20-oktabrga qadar 3-bosqich Meliorativ ekspeditsiyalar Hududlar boʻyicha sugʻoriladigan yerlarning shoʻrlanish darajasi, yer osti suvlari sathi va minerallashuv koʻrsatkichlarini oʻrganish hamda tahlil qilish. Sugʻoriladigan yerlarning shoʻrlanish darajasi, yer osti suvlari sathi va minerallashuv xaritalarini hamda meliorativ kadastr hujjatlarini ishlab chiqish. Har yili 1-noyabrga qadar 4-bosqich Meliorativ ekspeditsiyalar Yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini amalga oshirish boʻyicha ilmiy asoslangan tavsiyalarni ishlab chiqish hamda agroklasterlar, fermer xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini ishlab chiqaruvchilarga yetkazish. Har yili 10-noyabrga qadar 5-bosqich Suv isteʼmolchilari Xizmat koʻrsatadigan foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) bilan birgalikda ularga berilgan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini amalga oshirish boʻyicha ilmiy asoslangan tavsiyalarni (keyingi oʻrinlarda — Tavsiyalar) va suv isteʼmoli rejalariga asosan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlari rejalarini ishlab chiqish. Har yili 20-noyabrga qadar 6-bosqich Suv isteʼmolchilari Yerlarning shoʻr yuvish ishlarini shoʻr yuvish rejalari boʻyicha berilgan Tavsiyalar asosida maqbul muddatlarda va ajratilgan suv olish limitlari doirasida shoʻr yuvish normalariga muvofiq amalga oshirish. Tavsiyada koʻrsatiladigan maqbul muddatlarda 7-bosqich Xizmat koʻrsatuvchi foydalanuvchi tashkilotlar (“Suv yetkazib berish xizmati” davlat muassasalari) Suv isteʼmolchilari bilan belgilangan tartibda shoʻr yuvish ishlari uchun olingan suvning hisobi va hisobotini yuritish. Shoʻr yuvish davrida 8-bosqich Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi Yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlari, shuningdek, suvdan foydalanish va suv isteʼmoli tartibiga rioya etilishi yuzasidan tizimli nazorat oʻrnatish. Suvni kollektor-drenaj tarmoqlariga tashlab qoʻyish, suvdan maqsadli va tejamli foydalanish hamda suvdan foydalanish va suv isteʼmoli tartibini buzganlarga nisbatan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taʼsirchan choralar koʻrish. Yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish davrida
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni shoʻr yuvishga tayyorlash va shoʻr yuvish ishlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
_______________ tumani _______________ klasterga (fermer xoʻjaligi va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini ishlab chiqaruvchilarga)
Shoʻr yuvish ishlarini amalga oshirish boʻyicha TAVSIYALAR
1. Jami ekin maydoni ______ gektar, shundan ______ gektari har xil darajada shoʻrlangan, jumladan:
____ kontur — kuchli shoʻrlangan, yer osti suv sathi ____ metr chuqurlikda joylashgan, yer osti suvining minerallashuvi ____ gr/litrni tashkil etadi;
____ kontur — oʻrtacha shoʻrlangan, yer osti suv sathi ____ metr chuqurlikda joylashgan, yer osti suvining minerallashuvi ____ gr/litrni tashkil etadi;
____ kontur — kuchsiz shoʻrlangan, yer osti suv sathi ____ metr chuqurlikda joylashgan, yer osti suvining minerallashuvi ____ gr/litrni tashkil etadi.
2. Tuproq mexanik tarkibiga koʻra:
____ kontur –_________ tuproq, ____ kontur –_________ tuproq, ____ kontur –_________ tuproq sirasiga kiradi.
3. Shoʻr yuvishga yerlarni 20__ yil “__” oyining ______ gacha tayyorlash tavsiya etiladi.
4. Shoʻr yuvish ishlari dastlab ___ -chi konturda, keyin ___ -chi konturda, undan keyin ___ -chi konturda amalga oshiriladi.
5. Shoʻr yuvish ishlarini sifatli bajarish uchun quyidagi chora-tadbirlarni amalga oshirish tavsiya etiladi:
shoʻri yuviladigan maydonlarni dastlab gʻoʻzapoya yoki boshqa oʻsimliklar qoldiqlaridan tozalash;
yerlarni maqbul muddatlarda 35 — 40 sm chuqurlikda sifatli qilib shudgorlash, gips yoki qattiq qatlamlar mavjud boʻlganda plantajli plug bilan shudgorlash yoki chuqur yumshatish;
kuchli shoʻrlangan maydonlarga shudgordan oldin turoqning ball-bonitetiga qarab har gektariga 10 — 20 tonnadan mahalliy goʻng solish;
yerlarni lazer uskunali yoki uzun bazali yer tekislagichlar yordamida uch yilda kamida bir marta tekislash;
shoʻr yuviladigan maydonni uning nishabligiga qarab quyidagi oʻlchamlarda pollarga boʻlish:
___-chi konturda polning eni ___ metr, boʻyi ___ metr, maydoni ___ gektar;
___-chi konturda polning eni ___ metr, boʻyi ___ metr, maydoni ___ gektar;
___-chi konturda polning eni ___ metr, boʻyi ___ metr, maydoni ___ gektar.
6. Shoʻr yuviladigan maydonlarda sxemaga muvofiq oʻqariqlar va pollarni olish.
Shoʻr yuviladigan maydonlarda dastlab marzalar olinadi. Marzalar eniga ___ metrdan, boʻyiga esa har ___ metrdan olinadi. Oʻqariqlar esa ikki pol oʻrtasida boʻylamasiga olinadi.
Agar ekin maydoni ichida yopiq-gorizontal drenaj mavjud boʻlsa, oʻqariqlar ikki drenaj oʻrtasidan olinadi.
Marzalar va oʻqariqlarning balandligi bir marta suv bostirishda beriladigan suv ustunining (sathining) chuqurligini eʼtiborga olib, yerning tekislangan joyiga nisbatan 0,35 — 0,45 metr baland boʻlishi kerak. Nishabligi katta boʻlgan dalalarda pollarni ajratuvchi marzalar balandligi 0,5-0,6 metrgacha boʻlishi mumkin.
7. Shoʻr yuvishga pol olish ishlari noyabr oyidan boshlab, dekabr oyining iliq kunlarida tugallanishi lozim.
Shoʻr yuvish normasi tuproqning shoʻrlanganlik darajasiga va mexanik tarkibiga qarab belgilanadi.
Bir gektar maydonning shoʻrini yuvish uchun _____ -chi konturga _______ kub m/ga, _____ -chi konturga _______ kub m/ga, _____ -chi konturga _______ kub m/ga miqdorda suv berish tavsiya etiladi
Shoʻr yuvish ishlari navbat bilan dastlab kuchli shoʻrlangan maydonlarda, undan keyin oʻrtacha shoʻrlangan maydonlarda boshlanib, oxirida kuchsiz shoʻrlangan maydonlarda amalga oshiriladi.
Pollarni suv bilan toʻldirish yuqoridan pastga qarab, kollektor-drenaj tarmogʻi tomon navbat bilan amalga oshiriladi.
Shoʻr yuvish ishlari quyidagi sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
Kuchsiz shoʻrlangan, shuningdek, yengil tuproqli oʻrtacha shoʻrlangan maydonlar bir marta yuviladi. Oʻrtacha shoʻrlangan qolgan maydonlar esa ikki marta, kuchli shoʻrlangan maydonlar esa uch marta yuviladi. Bunda pollarni suv bilan bostirishda suv miqdori kamaytirib boriladi.
Shoʻr yuvish ishlariga _______ oyidan boshlab kirishilishi lozim.
Birinchi shoʻr yuvish ishlarini _______ ga qadar, ikkinchi va uchinchi shoʻr yuvish ishlarini _______ ga qadar toʻliq yakunlash tavsiya etiladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 8-aprel,
190-son