UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 14-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 14 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

«Collegium Нumanum» Варшава менежмент университетининг Андижон филиалини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон Фармонига , «Ўзбекистон Республикасининг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4937-сон қарорига ҳамда халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни, шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги билан «Collegium Нumanum» Варшава менежмент университети (Польша Республикаси) ўртасида «Collegium Нumanum» Варшава менежмент университетининг Андижон филиалини ташкил этиш тўғрисида Бош битим (кейинги ўринларда — Битим) имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Collegium Нumanum» Варшава менежмент университетининг (Польша Республикаси) (кейинги ўринларда — Муассис) «Collegium Нumanum» Варшава менежмент университети Андижон филиалини (кейинги ўринларда — Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

республика иқтисодиёти реал сектори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;

ўқув режаси ва дастурларни замонавий фанлар асосида такомиллаштириб бориш, инновацион технологияларни татбиқ қилиш;

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан, нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида уларнинг стажировкасини ташкил этиш;

молия ва бухгалтерия ҳисоби, логистика, халқаро бизнес ва маркетинг, туризм, тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни бошқариш, инновациялар, электрон тижорат, ахборот-коммуникация технологиялари соҳалари бўйича ҳамда республика иқтисодиётининг бошқа тармоқлари учун халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш;

МВА (Master of Business Administration), DBA (Doctor of Business Administration), LLM (Master of Law) халқаро дастурлари ва маҳаллий эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда бошқа дастурлар бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, малака амалиётини Европанинг етакчи таълим муассасаларида ташкил қилиш;

республика ва Андижон вилояти иқтисодиёти тармоқларига инновацияларни жорий қилиш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш;

таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ҳамда изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассис ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

таълим ва илм-фан соҳасида хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Филиалда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Муассис томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ кундузги таълим шаклида инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Филиалга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Муассис ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Филиал томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиалнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Филиалнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Филиал томонидан белгиланади;

Филиалда дастлабки босқичда «Молия ва бухгалтерия ҳисоби», «Транспорт ва логистикада менежмент», «Халқаро бизнес ва маркетинг», «Туризм, меҳмонхона иши ва умумий овқатланишда менежмент ва маркетинг», «Кичик ва ўрта бизнесни бошқариш», «Ахборот-коммуникация технологиялари» бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабалар қабули амалга оширилади;

Филиалда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт маблағлари миқдори Муассис томонидан белгиланади;

Филиалда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;

Филиалга Муассис томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижрочи директор раҳбарлик қилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган «Collegium Нumanum» Варшава менежмент университетининг (Польша Республикаси) белгиланган намунадаги дипломи берилади;

Филиалга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.

5. Муассиснинг қуйидаги мажбуриятларни олиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Битимда кўрсатиб ўтилган шартларга мувофиқ уч йил давомида жами тўрт миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, шунингдек, киритилаётган инвестициянинг икки миллион АҚШ доллари миқдоридаги қисмини 2021 йил мобайнида жалб этиш, ушбу маблағлар ҳисобидан Филиалга ажратилган бино ва иншоотларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, зарур ускуналарни харид қилиш ҳамда Филиалнинг янги кампусини қуриш учун ер участкаси ажратилиши бўйича тегишли қарор қабул қилингандан сўнг қурилиш ишларини амалга ошириш учун сарфлаш;

замонавий лаборатория ускуналари, ўқув ва илмий адабиётлар, мебель, компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Филиалнинг янги кампуси доирасида талабалар турар жойини барпо этиш ва жиҳозлаш;

Филиалнинг ҳар йилги қабул параметрларининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисмини ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли фарзандлари орасидан танлов асосида абитуриентларни бепул (Филиал гранти асосида) ўқишга қабул қилиш учун ажратиш, шунингдек, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган талабаларга ўқиш учун белгиланган тўловларни амалга оширишда тўлов-контракт миқдорига нисбатан 50 фоизгача чегирма бериш;

Филиалда таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун 70 фоизгача малакали хорижий профессор-ўқитувчиларни Польша Республикаси ва Европанинг бошқа давлатларидан жалб қилиш.

6. Филиалга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда «Collegium Нumanum» Варшава менежмент университети (Польша Республикаси) билан келишган ҳолда, меҳнат бозори конъюнктурасининг тез ўзгарувчан шароитида юқори малакали кадрларнинг амалий тайёргарлигини таъминлайдиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.

7. Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб Муассис маблағлари, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

8. Андижон вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Филиалга:

Филиал уставини тасдиқлаш ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда;

Филиални танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан таъминлашда зарур ёрдам кўрсатсин.

9. Филиалга ўқув ва илмий-тадқиқот ишларига таклиф қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчиларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифларда тўлашга рухсат берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Филиалда таълим сифати таъминланишини ҳамда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.

11. Филиал ўз кампуси ташкил қилингунига қадар Андижон вилояти, Асака тумани, «Зарбдор» ҚФЙ, Эргашобод кўчаси, 47-уй манзилида жойлашган Асака агротехнологиялар техникуми (собиқ Асака озиқ-овқат технологияси ва саноати коллежи) бино ва иншоотларининг бир қисмида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилсин.

Бунда мазкур бино ва иншоотлар ҳамда унга тегишли ҳудудни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар, жумладан, коммунал тўловлар Филиал маблағлари ҳисобига қопланади.

Белгилаб қўйилсинки:

Асака агротехнологиялар техникуми ҳам фаолиятини ўз биносида давом эттиради;

Филиал текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириладиган Асака агротехнологиялар техникуми бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда Филиални мебель, инвентарь, ўқув ва илмий асбоб-ускуналар, ташкилий техника, компьютерлар, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлашга оид ишларни молиялаштириш Муассиснинг инвестиция қилинган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

12. Андижон вилояти ҳокимлиги келгусида Филиалга ўз кампусини ташкил қилиш, шу жумладан, талабалар турар жойини барпо этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида белгиланган тартибда Андижон шаҳридан ёки шаҳарга яқин бўлган ҳудуддан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган умумий майдони 2 гектар бўлган ер участкаси икки ой муддатда ажратилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов, Андижон вилояти ҳокими Ш.К. Абдурахмонов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 14 апрель,

211-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.04.2021 й., 09/21/211/0327-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

“Collegium Numanum” Varshava menejment universitetining Andijon filialini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tizimini 2030-yilgacha rivojlantirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 8-oktabrdagi PF-5847-son Farmoniga , “Oʻzbekiston Respublikasining 2021 — 2023-yillarga moʻljallangan Investitsiya dasturini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-dekabrdagi PQ-4937-son qaroriga hamda xalqaro talab va standartlarga muvofiq yuqori malakali raqobatbardosh kadrlar tayyorlash, ilmiy va innovatsion faoliyatni samarali tashkil etish, xalqaro hamkorlikni, shu jumladan, xorijiy mamlakatlarning yetakchi oliy taʼlim muassasalari bilan uzoq muddatli aloqalarni rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Andijon viloyati hokimligi bilan “Collegium Numanum” Varshava menejment universiteti (Polsha Respublikasi) oʻrtasida “Collegium Numanum” Varshava menejment universitetining Andijon filialini tashkil etish toʻgʻrisida Bosh bitim (keyingi oʻrinlarda — Bitim) imzolanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Andijon viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda “Collegium Numanum” Varshava menejment universitetining (Polsha Respublikasi) (keyingi oʻrinlarda — Muassis) “Collegium Numanum” Varshava menejment universiteti Andijon filialini (keyingi oʻrinlarda — Filial) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

3. Quyidagilar Filialning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:

respublika iqtisodiyoti real sektori ehtiyojlarini hisobga olgan holda yuqori malakali oliy maʼlumotli mutaxassislarni tayyorlash;

oʻquv rejasi va dasturlarni zamonaviy fanlar asosida takomillashtirib borish, innovatsion texnologiyalarni tatbiq qilish;

professor-oʻqituvchilar malakasini oshirish va qayta tayyorlash, shu jumladan, nufuzli xorijiy oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalarida ularning stajirovkasini tashkil etish;

moliya va buxgalteriya hisobi, logistika, xalqaro biznes va marketing, turizm, tadbirkorlik, kichik va oʻrta biznesni boshqarish, innovatsiyalar, elektron tijorat, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohalari boʻyicha hamda respublika iqtisodiyotining boshqa tarmoqlari uchun xalqaro standartlar darajasida yuqori malakali mutaxassislar tayyorlashni taʼminlash;

MVA (Master of Business Administration), DBA (Doctor of Business Administration), LLM (Master of Law) xalqaro dasturlari va mahalliy ehtiyojlarni hisobga olgan holda boshqa dasturlar boʻyicha mutaxassislarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, shu jumladan, malaka amaliyotini Yevropaning yetakchi taʼlim muassasalarida tashkil qilish;

respublika va Andijon viloyati iqtisodiyoti tarmoqlariga innovatsiyalarni joriy qilish, ilmiy tadqiqotlar natijalarini tijoratlashtirish imkoniyatlarini kengaytirish, taʼlim oluvchilarning innovatsion gʻoyalarini amalga oshirish uchun investitsiyalarni jalb etish;

taʼlim va ilm-fanning uzluksizligi hamda izchilligi tamoyili, shuningdek, jahon taʼlimi va ilmiy hamjamiyatga uygʻun integratsiyalashuvi asosida mutaxassis va ilmiy-pedagog kadrlar tayyorlash tizimini rivojlantirish;

taʼlim va ilm-fan sohasida xorijiy mamlakatlarning yetakchi oliy taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot markazlari bilan uzoq muddatli aloqalarni rivojlantirish va mustahkamlash.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

Filial nodavlat oliy taʼlim tashkiloti hisoblanadi;

Filialda oʻqitish Oʻzbekiston Respublikasi davlat taʼlim standartlari talablari inobatga olingan, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda Muassis tomonidan tasdiqlanadigan oʻquv rejalari va fan dasturlariga muvofiq kunduzgi taʼlim shaklida ingliz, rus va oʻzbek tillarida toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi;

Filialga abituriyentlarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish Muassis hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda Filial tomonidan belgilanadigan talablar, tartib va muddatlarga muvofiq amalga oshiriladi;

Filialning bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qabul parametrlari respublika mehnat bozori ehtiyojlari hamda Filialning moddiy-texnik imkoniyatidan kelib chiqib Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda Filial tomonidan belgilanadi;

Filialda dastlabki bosqichda “Moliya va buxgalteriya hisobi”, “Transport va logistikada menejment”, “Xalqaro biznes va marketing”, “Turizm, mehmonxona ishi va umumiy ovqatlanishda menejment va marketing”, “Kichik va oʻrta biznesni boshqarish”, “Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari” bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha talabalar qabuli amalga oshiriladi;

Filialda talabalar oʻqishi uchun toʻlov-kontrakt mablagʻlari miqdori Muassis tomonidan belgilanadi;

Filialda taʼlim faoliyati 2021/2022 oʻquv yilidan boshlanadi;

Filialga Muassis tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan ijrochi direktor rahbarlik qiladi;

Filial bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasida oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat sifatida tan olinadigan “Collegium Numanum” Varshava menejment universitetining (Polsha Respublikasi) belgilangan namunadagi diplomi beriladi;

Filialga belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasidan litsenziya olingandan soʻng taʼlim faoliyati bilan shugʻullanishga ruxsat etiladi.

5. Muassisning quyidagi majburiyatlarni olishi toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin:

Bitimda koʻrsatib oʻtilgan shartlarga muvofiq uch yil davomida jami toʻrt million AQSh dollari miqdorida investitsiya kiritish, shuningdek, kiritilayotgan investitsiyaning ikki million AQSh dollari miqdoridagi qismini 2021-yil mobaynida jalb etish, ushbu mablagʻlar hisobidan Filialga ajratilgan bino va inshootlarni taʼmirlash, rekonstruksiya qilish va jihozlash, zarur uskunalarni xarid qilish hamda Filialning yangi kampusini qurish uchun yer uchastkasi ajratilishi boʻyicha tegishli qaror qabul qilingandan soʻng qurilish ishlarini amalga oshirish uchun sarflash;

zamonaviy laboratoriya uskunalari, oʻquv va ilmiy adabiyotlar, mebel, kompyuter texnikasi bilan taʼminlash hamda oʻquv jarayoniga axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish;

Filialning yangi kampusi doirasida talabalar turar joyini barpo etish va jihozlash;

Filialning har yilgi qabul parametrlarining 10 foizidan kam boʻlmagan qismini ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalarning qobiliyatli farzandlari orasidan tanlov asosida abituriyentlarni bepul (Filial granti asosida) oʻqishga qabul qilish uchun ajratish, shuningdek, iqtidorli hamda oʻzlashtirish koʻrsatkichlari yuqori boʻlgan talabalarga oʻqish uchun belgilangan toʻlovlarni amalga oshirishda toʻlov-kontrakt miqdoriga nisbatan 50 foizgacha chegirma berish;

Filialda taʼlim berish va oʻquv jarayonini tashkil etish uchun 70 foizgacha malakali xorijiy professor-oʻqituvchilarni Polsha Respublikasi va Yevropaning boshqa davlatlaridan jalb qilish.

6. Filialga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi hamda “Collegium Numanum” Varshava menejment universiteti (Polsha Respublikasi) bilan kelishgan holda, mehnat bozori konyunkturasining tez oʻzgaruvchan sharoitida yuqori malakali kadrlarning amaliy tayyorgarligini taʼminlaydigan yangi bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini ochishga ruxsat berilsin.

7. Filial faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib Muassis mablagʻlari, talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar, shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan olinadigan daromadlar, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari, xalqaro moliya institutlari va tashkilotlarining grantlari, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar belgilansin.

8. Andijon viloyati hokimligi va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Filialga:

Filial ustavini tasdiqlash hamda belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazishda;

Filialni tanlov asosida malakali professor-oʻqituvchilar tarkibi bilan taʼminlashda zarur yordam koʻrsatsin.

9. Filialga oʻquv va ilmiy-tadqiqot ishlariga taklif qilinadigan xorijiy professor-oʻqituvchilarning yashash hamda transport xarajatlarini tuziladigan shartnomalar asosida Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun belgilangan tariflarda toʻlashga ruxsat berilsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi Filialda taʼlim sifati taʼminlanishini hamda qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini belgilangan tartibda nazorat qilsin.

11. Filial oʻz kampusi tashkil qilinguniga qadar Andijon viloyati, Asaka tumani, “Zarbdor” QFY, Ergashobod koʻchasi, 47-uy manzilida joylashgan Asaka agrotexnologiyalar texnikumi (sobiq Asaka oziq-ovqat texnologiyasi va sanoati kolleji) bino va inshootlarining bir qismida tekin foydalanish huquqi asosida vaqtinchalik joylashtirilsin.

Bunda mazkur bino va inshootlar hamda unga tegishli hududni saqlash bilan bogʻliq barcha xarajatlar, jumladan, kommunal toʻlovlar Filial mablagʻlari hisobiga qoplanadi.

Belgilab qoʻyilsinki:

Asaka agrotexnologiyalar texnikumi ham faoliyatini oʻz binosida davom ettiradi;

Filial tekin foydalanish huquqi asosida joylashtiriladigan Asaka agrotexnologiyalar texnikumi bino va inshootlarini rekonstruksiya qilish, taʼmirlash hamda Filialni mebel, inventar, oʻquv va ilmiy asbob-uskunalar, tashkiliy texnika, kompyuterlar, shuningdek, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari vositalari bilan jihozlashga oid ishlarni moliyalashtirish Muassisning investitsiya qilingan mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

12. Andijon viloyati hokimligi kelgusida Filialga oʻz kampusini tashkil qilish, shu jumladan, talabalar turar joyini barpo etish uchun doimiy foydalanish huquqi asosida belgilangan tartibda Andijon shahridan yoki shaharga yaqin boʻlgan hududdan qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan umumiy maydoni 2 gektar boʻlgan yer uchastkasi ikki oy muddatda ajratilishini taʼminlasin.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev, oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov, Andijon viloyati hokimi Sh.K. Abduraxmonov hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi boshligʻi U.N. Tashkenbayev zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 14-aprel,

211-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 14.04.2021-y., 09/21/211/0327-son)

lex.uz