📅 2021-yil 14-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 14-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 14 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 14 январдаги ПҚ-4949-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 14 январдаги ПҚ-4949-сон қарорига мувофиқ Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 июндаги 464-сон қарори билан ташкил этилган Ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва кредитор қарздорлигини камайтириш бўйича доимий фаолият юритувчи республика ишчи гуруҳининг вазифа ва ваколатлари юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
қарздорликларни аниқлаш ва уларни асослантирувчи ҳужжатлар;
қарздорликларни ҳисобдан чиқаришда экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси ҳамда ҳудудий комиссияларнинг ўрни ва ваколатлари;
экспорт ва импорт шартномалари бўйича муддати ўтган умидсиз дебитор ва кредитор қарздорликларни ҳисобдан чиқаришни ташкил этиш тартиби;
ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича ҳисобдорлик механизми.
3. Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ташкил этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 июндаги 464-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бир ой муддатда:
Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда мазкур қарордан келиб чиқадиган тегишли дастурий-техник ўзгартиришларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 216-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган умидсиз дебитор ҳамда кредитор қарздорликларини (кейинги ўринларда — қарздорликлар) Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан (кейинги ўринларда — ТСОЯЭАТ) ҳисобдан чиқариш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
умидсиз қарздорлик — ТСОЯЭАТда шаклланган, бироқ ташқи савдо шартномалари томонларининг мажбуриятлари суд қарорига асосан бекор қилиниши туфайли ёки банкротлик, тугатиш, қарздорнинг вафоти ёки даъво муддати тугаши сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарздорлик, шунингдек, ТСОЯЭАТда шаклланган, бироқ ташқи савдо шартномалари томонлари ўртасида ҳақиқатда мавжуд бўлмаган, томонларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида яроқсиз бўлиб қолган, «йўқ қилиш» ва «давлат фойдасига воз кечиш» божхона режимларига расмийлаштирилган ёхуд давлат органи томонидан мусодара ёки йўқ қилинган, шу жумладан, кредит-нота асосида тақдим этилган чегирма натижасида юзага келган қарздорлик;
асосланган дебитор қарздорлик — чет эл корхонасидан ундирилиши муаммо бўлаётганлиги тегишли ҳужжатлар билан ҳуқуқий жиҳатдан асосланган экспорт шартномалари доирасидаги қарздорлик;
кредит-нота — ташқи савдо шартномаларида кўрсатилган томонлардан бирининг иккинчи томонга шартнома суммасининг маълум бир миқдори бўйича чегирма бериш тўғрисидаги ҳисоб ҳужжати.
2-боб. Қарздорликларни аниқлаш ва уларни асослантирувчи ҳужжатлар
3. Ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликлар ТСОЯЭАТда шакллантирилади ва ҳисобдан чиқарилади.
4. Қарздорликлар ТСОЯЭАТда хўжалик юритувчи субъектлар, давлат божхона хизмати органлари, товар-хом ашё биржаси ва кўргазма-ярмаркалар ҳамда тижорат банкларининг маълумотлари асосида шакллантирилади.
5. ТСОЯЭАТда умидсиз қарздорликлар сифатида қуйидагилар эътироф этилади:
хўжалик юритувчи субъектларнинг суд қарорига мувофиқ мажбуриятларининг тугатилганлиги;
якка тартибдаги тадбиркорнинг вафот этиши, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиб, бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетганлиги;
умумий даъво қилиш муддатининг ўтганлиги;
Ҳукумат қарори асосида хўжалик юритувчи субъектларнинг қарздорликлари ҳисобдан чиқарилиши;
қарздорлик ҳақиқатда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганлиги, шунингдек, муддати ўтган дебитор қарздорликлар учун қўлланилган барча жарималар тўлиқ ундирилганлиги;
қарздорлик техник сабабларга кўра нотўғри шаклланганлиги;
қарздорлик кредит-нота асосида чегирма тақдим этилиши ҳисобига юзага келганлиги;
норезидентнинг мажбурияти бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатилганлиги ёки норезидентнинг томонлар ўртасидаги мавжуд дастлабки мажбурияти худди ўша шахслар ўртасидаги бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштирилганлиги;
товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида шартнома томонларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ҳамда «йўқ қилиш» божхона режимига расмийлаштирилиши, давлат органлари томонидан йўқ қилиниши ёки мусодара қилиниши натижасида юзага келганлиги;
мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли суғурта қопламаси келиб тушганда, суғурта компаниясининг комиссияси эвазига қарздорликнинг қопланган қисми.
товарлар «давлат фойдасига воз кечиш» божхона режимига расмийлаштирилиши натижасида юзага келганлиги.
6. Умидсиз қарздорлик қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланади:
хўжалик юритувчи субъект мажбуриятларининг тугатилганлиги, банкротлик ишларининг якунланганлиги ва мажбуриятларни қаноатлантириш имконияти йўқлиги ҳақидаги суд қарори;
якка тартибдаги тадбиркорнинг вафот этганлиги ҳақидаги ўлим гувоҳномаси;
якка тартибдаги тадбиркорнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиб, бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетганлиги ҳақидаги ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг маълумотномаси;
қарздорликнинг умумий даъво муддати ўтганлиги натижасида даромад (харажат)га олинганлиги ҳақида хўжалик юритувчи субъектнинг маълумотномаси;
хўжалик юритувчи субъектларнинг қарздорликларини ҳисобдан чиқариш юзасидан Ҳукумат қарори;
қарздорлик ҳақиқатда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганлиги ёки техник сабабларга кўра нотўғри шаклланганлиги юзасидан тақдим этилган хўжалик юритувчи субъектнинг расмий хати ва маълумотномаси;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартнома бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлар учун қўлланилган барча жарималар тўлиқ ундирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
шартномада кўрсатилган томонлардан бирининг иккинчи томонга етказиб берилган товарлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) суммасини 5 фоизгача камайтириш бўйича чегирма бериш тўғрисидаги кредит-нотаси;
норезидентнинг мажбурияти бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатилганлиги ёки бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштирилганлигини тасдиқловчи хўжалик юритувчи субъектнинг расмий хати ва маълумотномаси;
товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида шартнома томонларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолганлигини, «йўқ қилиш» божхона режимига расмийлаштирилганлигини ёхуд тегишли давлат органи томонидан йўқ қилинганлигини ёки мусодара қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли суғурта компаниясидан суғурта қопламаси келиб тушганлигини асословчи ҳужжат;
товарларнинг давлат фойдасига воз кечилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Бунда Адлия вазирлиги томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлиги ёки тугатилиши натижасида реестрдан чиқарилганлиги ҳақидаги маълумотлар онлайн режимда ТСОЯЭАТга тақдим этиб борилади.
3-боб. Қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби
7. Қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар ойнинг 10-санасига қадар Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) ва Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларга (кейинги ўринларда — ҳудудий комиссиялар) ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради.
9. Ҳудудий комиссиялар ҳар ойнинг 20-санасига қадар:
а) қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни хўжалик юритувчи субъектлар кесимида пухта ва манзилли ўрганиб чиқади, жумладан, уларнинг асослилигини текширади, қарздорлик юзага келишининг ҳуқуқий асосларини таҳлил қилади.
Бунда асосланган дебитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ ҳолда тегишли ҳужжатлар билан бирга Ташқи ишлар вазирлигига киритади;
б) хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган қарздорликларини (Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўрганилаётган маълумотлардан ташқари) ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этади.
10. Ташқи ишлар вазирлиги ҳар ойнинг 1-санасига қадар:
а) асосланган дебитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистоннинг хориждаги тегишли дипломатик ваколатхоналари (элчихоналар ва консуллик муассасалари) орқали хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига етказади ва амалий ёрдам бериш чораларини кўради;
б) чет элдаги корхонага боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ёки импорт қилувчи давлат органи томонидан мусодара қилинган ёхуд божхона назорати остида йўқ қилинган товарларга хориждаги тегишли ваколатли органлар томонидан зарур ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилишида кўмаклашади;
в) амалга оширилган ишлар ҳақида тегишли ҳудудий комиссияга маълумотларни тақдим этиб боради.
11. Ҳудудий комиссиялар ҳар ойнинг 5-санасига қадар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этади.
12. Давлат солиқ қўмитаси ҳар ойнинг 10-санасига қадар ТСОЯЭАТдан қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Ҳукумат комиссиясига тегишли қарор қабул қилиш учун тақдим этади.
13. Ҳукумат комиссияси ҳар ойда бир марта:
а) Давлат солиқ қўмитаси таклифлари асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади.
б) қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш учун Давлат солиқ қўмитасига юборади.
14. Қарор қабул қилингандан кейин 5 календарь кун давомида Давлат солиқ қўмитаси Ҳукумат комиссиясининг қарорини тегишли тижорат банкларига етказади. Тижорат банклари Ҳукумат комиссиясининг қарори келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни давомида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқаради.
4-боб. Якунловчи қоида
15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Экспорт ва импорт шартномалари бўйича умидсиз муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликларни ҳисобдан чиқаришни ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Марказий банк Ҳукумат комиссияси ва ҳудудий комиссияларга экспорт ва импорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш. Ҳар ойнинг 10-санасига қадар 2-босқич Ҳудудий комиссиялар 1. Қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни хўжалик юритувчи субъектлар кесимида пухта ва манзилли ўрганиб чиқиш, жумладан, уларнинг асослилигини текшириш, қарздорлик юзага келишининг ҳуқуқий асосларини таҳлил қилиш. Бунда асосланган дебитор қарздорлик ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ҳолда тегишли ҳужжатлар * билан биргаликда Ташқи ишлар вазирлигига киритилади. 2. Хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган қарздорликларини (Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўрганилаётган маълумотлардан ташқари) ТСОЯЭАТдан чиқариш юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш. Ҳар ойнинг 20-санасига қадар Ташқи ишлар вазирлиги 1. Асосланган дебитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистоннинг хориждаги тегишли дипломатик ваколатхоналари (элчихоналар ва консуллик муассасалари) орқали хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига етказиш ва амалий ёрдам бериш чораларини кўриш. 2. Чет элдаги корхонага боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ёки импорт қилувчи давлат органи томонидан мусодара қилинган ёхуд божхона назорати остида йўқ қилинган товарларга хориждаги тегишли ваколатли органлар томонидан зарур ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилишида кўмаклашиш. 3. Амалга оширилган ишлар ҳақида тегишли ҳудудий комиссияга маълумотларни тақдим этиб бориш. Ҳар ойнинг 1-санасига қадар Ҳудудий комиссиялар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш. Ҳар ойнинг 5-санасига қадар 3-босқич Давлат солиқ қўмитаси ТСОЯЭАТдан қарздорликларни чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Ҳукумат комиссиясига тегишли қарор қабл қилиш учун киритиш. Ҳар ойнинг 10-санасига қадар 4-босқич Ҳукумат комиссияси 1. Давлат солиқ қўмитаси таклифлари асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш. 2. Қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш учун Давлат солиқ қўмитасига юбориш. Ҳар ойда бир марта 5-босқич Давлат солиқ қўмитаси Ҳукумат комиссияси қарорини тегишли тижорат банкларига етказиш. Қарор қабул қилинганидан кейин 5 календарь кун давомида 6-босқич Тижорат банклари Ҳукумат комиссиясининг қарорлари асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш. Ҳукумат комиссиясининг қарори келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни давомида
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 216-сон қарорига 2-ИЛОВА
Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар
Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Тошкент шаҳар, вилоят ҳокимининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи, Ҳудудий комиссия раиси Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят прокурорининг ўринбосари, Ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, Ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг, Тошкент шаҳар, вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг, Тошкент шаҳар, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, Тошкент шаҳар, вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири, Тошкент шаҳар, вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Лавозими бўйича — Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Лавозими бўйича — Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Лавозими бўйича — Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят бошқармаси бошлиғи Лавозими бўйича — Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар, вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Лавозими бўйича — «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят филиали бошқарувчиси Лавозими бўйича — «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят филиали бошқарувчиси Лавозими бўйича — «Асакабанк» АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят филиали бошқарувчиси Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Тошкент шаҳар, вилоятлар ҳокимининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг котибияти мудири, Ҳудудий комиссия котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 216-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 11 октябрдаги 814-сон қарорининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Белгилансинки, икки йўлакли тизим қуйидагиларда:
Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида;
халқаро темир йўл қатновлари бошланиш ёки сўнгги нуқтасида божхона назорати амалга ошириладиган темир йўл вокзалларида;
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автотранспорт воситалари ҳамда фуқаролар ҳаракатининг интенсивлиги юқори бўлган (бир йил давомида ўртача бир суткада икки минг нафар ёки ундан ортиқ фуқаролар ҳаракатланганда) ва инфратузилмаси икки йўлакли тизим жорий этиш талабларига жавоб берадиган автомобиль ўтказиш пунктларида жорий этилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 майдаги 379-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълумотлар базаси орқали фақат қарздорлик текширилгандан кейин содир этиладиган йирик битимлар ва кўрсатиладиган хизматлар рўйхатининг 21-позицияси чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 163-сон қарори билан тасдиқланган Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандида «2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган «Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом» сўзлари «2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган «Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарорига 1-иловада :
23-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«23. Товарларни республикага олиб кириш ва «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида тузилган контрактлар бўйича ёки контрактлар Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларни амалга ошириш доирасида Бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланган тақдирда, шунингдек, асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт контрактлари шартларида асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 календарь кундан ортиқ белгиланганда — импорт контрактларида белгиланган муддатлардан ошмаслиги лозим»;
24-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари оқибатида ташқи савдо операциялари бўйича мажбуриятларни бажариш имконияти бўлмаганда, форс-мажор ҳолатлари юз берган давлатнинг ваколатли органи тасдиғига мувофиқ, ушбу ҳолатларнинг амал қилиш муддати мобайнида мажбуриятларнинг қисман ёки тўлиқ бажарилмаганлик учун жавобгарлик белгиланмайди»;
27-бандга :
қуйидаги таҳрирдаги ўнинчи хатбоши қўшилсин:
«экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликнинг умумий суммаси муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келган санадан олдинги 36 ой давомида таъминланган валюта тушумининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳолатларда»;
ўнинчи хатбоши ўн биринчи хатбоши деб ҳисоблансин.
28-бандга :
қуйидаги таҳрирдаги ўн тўққизинчи хатбоши қўшилсин:
«Хўжалик юритувчи субъект томонидан талабномага асосан жарима суммаси ихтиёрий равишда тўланган кундан 90 кун ичида ташқи савдо контрактлари бўйича валюта маблағларининг тушиши ёки товарларнинг республикага олиб кирилиши ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилиши, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши таъминланган тақдирда, тўланган жарима суммаси қисқартирилиши таъминланган қарздорлик миқдорига мутаносиб равишда қайтариб берилади»;
йигирма иккинчи — йигирма олтинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Аризада кўрсатилган ташқи савдо контрактлари бўйича валюта маблағларининг тушиши ёки товарларнинг республикага олиб кирилиши ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилиши, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши таъминланган тақдирда:
жарима қўллаш масаласи судда кўриб чиқилаётган пайтда — аризани қаноатлантириш қисқартирилиши таъминланган қарздорлик миқдорига мутаносиб равишда рад этилади;
суд ҳужжати қонуний кучга кирмаган вақтда — ижрога қаратилмайди.
Молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг 90 календарь кун ичида ва уни шу муддат ичида ижро этиш пайтида аризада кўрсатилган ташқи савдо контрактлари бўйича тўлиқ миқдорда валюта маблағларининг тушиши ёки товарларнинг республикага олиб кирилиши ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилиши, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши таъминланган тақдирда — иш юритиш тугатилади ва мажбурий ундириш бўйича кўрилган барча чоралар бекор қилинади (давлат солиқ хизмати органлари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан), шунингдек, ундирилган жарималар хўжалик юритувчи субъектнинг аризаси асосида банк ҳисобварағига қайтариб берилади. Бунда ундирилган маблағлар:»;
йигирма тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Талабномага асосан жарима ихтиёрий равишда тўланган ёки молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг 90 календарь кун ичида тушган валюта маблағлари ёки республикага олиб кирилган ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилган товар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар суммаси талабномада кўрсатилган валюта курси бўйича сўмда ҳисоб-китоб қилинади»;
ўн тўққизинчи — йигирма олтинчи хатбошилар тегишлича йигирманчи — йигирма олтинчи деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 14 апрель,
216-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NAMUNAVIY TARKIBI
Tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimidan umidsiz qarzdorliklarni hisobdan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2021-yilda Oʻzbekiston Respublikasining eksport salohiyatini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 14-yanvardagi PQ-4949-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2021-yilda Oʻzbekiston Respublikasining eksport salohiyatini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 14-yanvardagi PQ-4949-son qaroriga muvofiq Eksport va investitsiyalarni rivojlantirish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasiga Vazirlar Mahkamasining “Tashqi savdo operatsiyalari boʻyicha toʻlov intizomini mustahkamlashga oid tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 6-iyundagi 464-son qarori bilan tashkil etilgan Tashqi savdo shartnomalari yuzasidan debitor va kreditor qarzdorligini kamaytirish boʻyicha doimiy faoliyat yurituvchi respublika ishchi guruhining vazifa va vakolatlari yuklatilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimidan umidsiz qarzdorliklarni hisobdan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
qarzdorliklarni aniqlash va ularni asoslantiruvchi hujjatlar;
qarzdorliklarni hisobdan chiqarishda eksport va investitsiyalarni rivojlantirish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi hamda hududiy komissiyalarning oʻrni va vakolatlari;
eksport va import shartnomalari boʻyicha muddati oʻtgan umidsiz debitor va kreditor qarzdorliklarni hisobdan chiqarishni tashkil etish tartibi;
tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimidan umidsiz qarzdorliklarni hisobdan chiqarish boʻyicha hisobdorlik mexanizmi.
3. Eksport va investitsiyalarni rivojlantirish masalalari boʻyicha hududiy komissiyalar 2-ilovaga muvofiq namunaviy tarkibda tashkil etilsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
5. Vazirlar Mahkamasining “Tashqi savdo operatsiyalari boʻyicha toʻlov intizomini mustahkamlashga oid tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 6-iyundagi 464-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bir oy muddatda:
Markaziy bank, Davlat soliq qoʻmitasi va Davlat bojxona qoʻmitasi bilan birgalikda mazkur qarordan kelib chiqadigan tegishli dasturiy-texnik oʻzgartirishlarni Tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimiga kiritsin;
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 14-apreldagi 216-son qaroriga 1-ILOVA
Tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimidan umidsiz qarzdorliklarni hisobdan chiqarish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom xoʻjalik yurituvchi subyektlarning tashqi savdo shartnomalari boʻyicha muddati oʻtgan umidsiz debitor hamda kreditor qarzdorliklarini (keyingi oʻrinlarda — qarzdorliklar) Tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimidan (keyingi oʻrinlarda — TSOYAEAT) hisobdan chiqarish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
umidsiz qarzdorlik — TSOYAEATda shakllangan, biroq tashqi savdo shartnomalari tomonlarining majburiyatlari sud qaroriga asosan bekor qilinishi tufayli yoki bankrotlik, tugatish, qarzdorning vafoti yoki daʼvo muddati tugashi sababli toʻlanishi mumkin boʻlmagan qarzdorlik, shuningdek, TSOYAEATda shakllangan, biroq tashqi savdo shartnomalari tomonlari oʻrtasida haqiqatda mavjud boʻlmagan, tomonlarga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra tovarlarni transportda tashish va saqlash jarayonida yaroqsiz boʻlib qolgan, “yoʻq qilish” va “davlat foydasiga voz kechish” bojxona rejimlariga rasmiylashtirilgan yoxud davlat organi tomonidan musodara yoki yoʻq qilingan, shu jumladan, kredit-nota asosida taqdim etilgan chegirma natijasida yuzaga kelgan qarzdorlik;
asoslangan debitor qarzdorlik — chet el korxonasidan undirilishi muammo boʻlayotganligi tegishli hujjatlar bilan huquqiy jihatdan asoslangan eksport shartnomalari doirasidagi qarzdorlik;
kredit-nota — tashqi savdo shartnomalarida koʻrsatilgan tomonlardan birining ikkinchi tomonga shartnoma summasining maʼlum bir miqdori boʻyicha chegirma berish toʻgʻrisidagi hisob hujjati.
2-bob. Qarzdorliklarni aniqlash va ularni asoslantiruvchi hujjatlar
3. Tashqi savdo shartnomalari boʻyicha qarzdorliklar TSOYAEATda shakllantiriladi va hisobdan chiqariladi.
4. Qarzdorliklar TSOYAEATda xoʻjalik yurituvchi subyektlar, davlat bojxona xizmati organlari, tovar-xom ashyo birjasi va koʻrgazma-yarmarkalar hamda tijorat banklarining maʼlumotlari asosida shakllantiriladi.
5. TSOYAEATda umidsiz qarzdorliklar sifatida quyidagilar eʼtirof etiladi:
xoʻjalik yurituvchi subyektlarning sud qaroriga muvofiq majburiyatlarining tugatilganligi;
yakka tartibdagi tadbirkorning vafot etishi, Oʻzbekiston Respublikasi fuqaroligidan chiqib, boshqa davlatga doimiy yashash uchun chiqib ketganligi;
umumiy daʼvo qilish muddatining oʻtganligi;
Hukumat qarori asosida xoʻjalik yurituvchi subyektlarning qarzdorliklari hisobdan chiqarilishi;
qarzdorlik haqiqatda toʻliq hisob-kitob qilinganligi, shuningdek, muddati oʻtgan debitor qarzdorliklar uchun qoʻllanilgan barcha jarimalar toʻliq undirilganligi;
qarzdorlik texnik sabablarga koʻra notoʻgʻri shakllanganligi;
qarzdorlik kredit-nota asosida chegirma taqdim etilishi hisobiga yuzaga kelganligi;
norezidentning majburiyati bir turdagi qarshi talablarni hisobga olish yoʻli bilan tugatilganligi yoki norezidentning tomonlar oʻrtasidagi mavjud dastlabki majburiyati xuddi oʻsha shaxslar oʻrtasidagi boshqa predmetni yoki bajarish usulini nazarda tutuvchi oʻzga majburiyat bilan almashtirilganligi;
tovarlarni transportda tashish va saqlash jarayonida shartnoma tomonlariga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra yaroqsiz boʻlib qolgan hamda “yoʻq qilish” bojxona rejimiga rasmiylashtirilishi, davlat organlari tomonidan yoʻq qilinishi yoki musodara qilinishi natijasida yuzaga kelganligi;
majburiyatlar bajarilmaganligi sababli sugʻurta qoplamasi kelib tushganda, sugʻurta kompaniyasining komissiyasi evaziga qarzdorlikning qoplangan qismi.
tovarlar “davlat foydasiga voz kechish” bojxona rejimiga rasmiylashtirilishi natijasida yuzaga kelganligi.
6. Umidsiz qarzdorlik quyidagi hujjatlar bilan tasdiqlanadi:
xoʻjalik yurituvchi subyekt majburiyatlarining tugatilganligi, bankrotlik ishlarining yakunlanganligi va majburiyatlarni qanoatlantirish imkoniyati yoʻqligi haqidagi sud qarori;
yakka tartibdagi tadbirkorning vafot etganligi haqidagi oʻlim guvohnomasi;
yakka tartibdagi tadbirkorning Oʻzbekiston Respublikasi fuqaroligidan chiqib, boshqa davlatga doimiy yashash uchun chiqib ketganligi haqidagi ichki ishlar boshqarmalari (boʻlimlari) migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlimining maʼlumotnomasi;
qarzdorlikning umumiy daʼvo muddati oʻtganligi natijasida daromad (xarajat)ga olinganligi haqida xoʻjalik yurituvchi subyektning maʼlumotnomasi;
xoʻjalik yurituvchi subyektlarning qarzdorliklarini hisobdan chiqarish yuzasidan Hukumat qarori;
qarzdorlik haqiqatda toʻliq hisob-kitob qilinganligi yoki texnik sabablarga koʻra notoʻgʻri shakllanganligi yuzasidan taqdim etilgan xoʻjalik yurituvchi subyektning rasmiy xati va maʼlumotnomasi;
xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan shartnoma boʻyicha muddati oʻtgan debitor qarzdorliklar uchun qoʻllanilgan barcha jarimalar toʻliq undirilganligini tasdiqlovchi hujjatlar;
shartnomada koʻrsatilgan tomonlardan birining ikkinchi tomonga yetkazib berilgan tovarlar (bajarilgan ishlar, koʻrsatilgan xizmatlar) summasini 5 foizgacha kamaytirish boʻyicha chegirma berish toʻgʻrisidagi kredit-notasi;
norezidentning majburiyati bir turdagi qarshi talablarni hisobga olish yoʻli bilan tugatilganligi yoki boshqa predmetni yoki bajarish usulini nazarda tutuvchi oʻzga majburiyat bilan almashtirilganligini tasdiqlovchi xoʻjalik yurituvchi subyektning rasmiy xati va maʼlumotnomasi;
tovarlarni transportda tashish va saqlash jarayonida shartnoma tomonlariga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra yaroqsiz boʻlib qolganligini, “yoʻq qilish” bojxona rejimiga rasmiylashtirilganligini yoxud tegishli davlat organi tomonidan yoʻq qilinganligini yoki musodara qilinganligini tasdiqlovchi hujjat;
majburiyatlar bajarilmaganligi sababli sugʻurta kompaniyasidan sugʻurta qoplamasi kelib tushganligini asoslovchi hujjat;
tovarlarning davlat foydasiga voz kechilganligini tasdiqlovchi hujjat.
Bunda Adliya vazirligi tomonidan xoʻjalik yurituvchi subyektlarning bankrotligi yoki tugatilishi natijasida reyestrdan chiqarilganligi haqidagi maʼlumotlar onlayn rejimda TSOYAEATga taqdim etib boriladi.
3-bob. Qarzdorliklarni hisobdan chiqarish tartibi
7. Qarzdorliklarni TSOYAEATdan hisobdan chiqarish ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki har oyning 10-sanasiga qadar Eksport va investitsiyalarni rivojlantirish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Hukumat komissiyasi) va Eksport va investitsiyalarni rivojlantirish masalalari boʻyicha hududiy komissiyalarga (keyingi oʻrinlarda — hududiy komissiyalar) tashqi savdo shartnomalari boʻyicha qarzdorliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritib boradi.
9. Hududiy komissiyalar har oyning 20-sanasiga qadar:
a) qarzdorliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni xoʻjalik yurituvchi subyektlar kesimida puxta va manzilli oʻrganib chiqadi, jumladan, ularning asosliligini tekshiradi, qarzdorlik yuzaga kelishining huquqiy asoslarini tahlil qiladi.
Bunda asoslangan debitor qarzdorliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻliq holda tegishli hujjatlar bilan birga Tashqi ishlar vazirligiga kiritadi;
b) xoʻjalik yurituvchi subyektlarning mazkur Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan qarzdorliklarini (Tashqi ishlar vazirligi tomonidan oʻrganilayotgan maʼlumotlardan tashqari) TSOYAEATdan hisobdan chiqarish yuzasidan qabul qilingan xulosalarni Davlat soliq qoʻmitasiga taqdim etadi.
10. Tashqi ishlar vazirligi har oyning 1-sanasiga qadar:
a) asoslangan debitor qarzdorliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Oʻzbekistonning xorijdagi tegishli diplomatik vakolatxonalari (elchixonalar va konsullik muassasalari) orqali xorijiy mamlakatlarning vakolatli organlariga yetkazadi va amaliy yordam berish choralarini koʻradi;
b) chet eldagi korxonaga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra yaroqsiz boʻlib qolgan yoki import qiluvchi davlat organi tomonidan musodara qilingan yoxud bojxona nazorati ostida yoʻq qilingan tovarlarga xorijdagi tegishli vakolatli organlar tomonidan zarur hujjatlar xoʻjalik yurituvchi subyektlarga taqdim etilishida koʻmaklashadi;
v) amalga oshirilgan ishlar haqida tegishli hududiy komissiyaga maʼlumotlarni taqdim etib boradi.
11. Hududiy komissiyalar har oyning 5-sanasiga qadar Tashqi ishlar vazirligi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar yuzasidan qabul qilingan xulosalarni Davlat soliq qoʻmitasiga taqdim etadi.
12. Davlat soliq qoʻmitasi har oyning 10-sanasiga qadar TSOYAEATdan qarzdorliklarni hisobdan chiqarish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi va Hukumat komissiyasiga tegishli qaror qabul qilish uchun taqdim etadi.
13. Hukumat komissiyasi har oyda bir marta:
a) Davlat soliq qoʻmitasi takliflari asosida qarzdorliklarni TSOYAEATdan hisobdan chiqarish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
b) qabul qilingan qarorlar ijrosini taʼminlash uchun Davlat soliq qoʻmitasiga yuboradi.
14. Qaror qabul qilingandan keyin 5 kalendar kun davomida Davlat soliq qoʻmitasi Hukumat komissiyasining qarorini tegishli tijorat banklariga yetkazadi. Tijorat banklari Hukumat komissiyasining qarori kelib tushgan kundan boshlab bir ish kuni davomida qarzdorliklarni TSOYAEATdan hisobdan chiqaradi.
4-bob. Yakunlovchi qoida
15. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimidan umidsiz qarzdorliklarni hisobdan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Eksport va import shartnomalari boʻyicha umidsiz muddati oʻtgan debitor va kreditor qarzdorliklarni hisobdan chiqarishni tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Markaziy bank Hukumat komissiyasi va hududiy komissiyalarga eksport va import shartnomalari boʻyicha muddati oʻtgan debitor va kreditor qarzdorliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etish. Har oyning 10-sanasiga qadar 2-bosqich Hududiy komissiyalar 1. Qarzdorliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni xoʻjalik yurituvchi subyektlar kesimida puxta va manzilli oʻrganib chiqish, jumladan, ularning asosliligini tekshirish, qarzdorlik yuzaga kelishining huquqiy asoslarini tahlil qilish. Bunda asoslangan debitor qarzdorlik haqidagi maʼlumotlarni toʻliq holda tegishli hujjatlar * bilan birgalikda Tashqi ishlar vazirligiga kiritiladi. 2. Xoʻjalik yurituvchi subyektlarning mazkur Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan qarzdorliklarini (Tashqi ishlar vazirligi tomonidan oʻrganilayotgan maʼlumotlardan tashqari) TSOYAEATdan chiqarish yuzasidan qabul qilingan xulosalarni Davlat soliq qoʻmitasiga taqdim etish. Har oyning 20-sanasiga qadar Tashqi ishlar vazirligi 1. Asoslangan debitor qarzdorliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Oʻzbekistonning xorijdagi tegishli diplomatik vakolatxonalari (elchixonalar va konsullik muassasalari) orqali xorijiy mamlakatlarning vakolatli organlariga yetkazish va amaliy yordam berish choralarini koʻrish. 2. Chet eldagi korxonaga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra yaroqsiz boʻlib qolgan yoki import qiluvchi davlat organi tomonidan musodara qilingan yoxud bojxona nazorati ostida yoʻq qilingan tovarlarga xorijdagi tegishli vakolatli organlar tomonidan zarur hujjatlar xoʻjalik yurituvchi subyektlarga taqdim etilishida koʻmaklashish. 3. Amalga oshirilgan ishlar haqida tegishli hududiy komissiyaga maʼlumotlarni taqdim etib borish. Har oyning 1-sanasiga qadar Hududiy komissiyalar Tashqi ishlar vazirligi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar yuzasidan qabul qilingan xulosalarni Davlat soliq qoʻmitasiga taqdim etish. Har oyning 5-sanasiga qadar 3-bosqich Davlat soliq qoʻmitasi TSOYAEATdan qarzdorliklarni chiqarish boʻyicha takliflar ishlab chiqish va Hukumat komissiyasiga tegishli qaror qabl qilish uchun kiritish. Har oyning 10-sanasiga qadar 4-bosqich Hukumat komissiyasi 1. Davlat soliq qoʻmitasi takliflari asosida qarzdorliklarni TSOYAEATdan chiqarish toʻgʻrisida qaror qabul qilish. 2. Qabul qilingan qaror ijrosini taʼminlash uchun Davlat soliq qoʻmitasiga yuborish. Har oyda bir marta 5-bosqich Davlat soliq qoʻmitasi Hukumat komissiyasi qarorini tegishli tijorat banklariga yetkazish. Qaror qabul qilinganidan keyin 5 kalendar kun davomida 6-bosqich Tijorat banklari Hukumat komissiyasining qarorlari asosida qarzdorliklarni TSOYAEATdan hisobdan chiqarish. Hukumat komissiyasining qarori kelib tushgan kundan boshlab bir ish kuni davomida
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 14-apreldagi 216-son qaroriga 2-ILOVA
Eksport va investitsiyalarni rivojlantirish masalalari boʻyicha hududiy komissiyalar
Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisining oʻrinbosari — Qoraqalpogʻiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri, Toshkent shahar, viloyat hokimining oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo boshqarmasi boshligʻi, Hududiy komissiya raisi Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar, viloyat prokurorining oʻrinbosari, Hududiy komissiya raisining oʻrinbosari Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar, viloyat davlat soliq boshqarmasi boshligʻi, Hududiy komissiya raisining oʻrinbosari Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirining, Toshkent shahar, viloyat iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish boshqarmasi boshligʻining birinchi oʻrinbosari, Hududiy komissiya raisining oʻrinbosari Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vazirining, Toshkent shahar, viloyat investitsiyalar va tashqi savdo boshqarmasi boshligʻining birinchi oʻrinbosari Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi moliya vaziri, Toshkent shahar, viloyat moliya bosh boshqarmasi boshligʻi Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi transport vaziri, Toshkent shahar, viloyat transport boshqarmasi boshligʻi Lavozimi boʻyicha — Markaziy bankning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar, viloyat bosh boshqarmasi boshligʻi oʻrinbosari Lavozimi boʻyicha — Davlat bojxona qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar, viloyat hududiy boshqarmasi boshligʻi Lavozimi boʻyicha — Davlat aktivlarini boshqarish agentligining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar, viloyat boshqarmasi boshligʻi Lavozimi boʻyicha — Savdo-sanoat palatasining Qoraqalpogʻiston, Toshkent shahar, viloyat hududiy boshqarmasi boshligʻi Lavozimi boʻyicha — “Oʻzmilliybank” AJning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar, viloyat filiali boshqaruvchisi Lavozimi boʻyicha — “Oʻzsanoatqurilishbank” ATBning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar, viloyat filiali boshqaruvchisi Lavozimi boʻyicha — “Asakabank” AJning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar, viloyat filiali boshqaruvchisi Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisining oʻrinbosari — Qoraqalpogʻiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri, Toshkent shahar, viloyatlar hokimining oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo boshqarmasi boshligʻining kotibiyati mudiri, Hududiy komissiya kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 14-apreldagi 216-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi bojxona chegarasi orqali oʻtkazish punktlarida ikki yoʻlakli tizimni qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2017-yil 11-oktabrdagi 814-son qarorining 2-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“2. Belgilansinki, ikki yoʻlakli tizim quyidagilarda:
Oʻzbekiston Respublikasi xalqaro aeroportlarida;
xalqaro temir yoʻl qatnovlari boshlanish yoki soʻnggi nuqtasida bojxona nazorati amalga oshiriladigan temir yoʻl vokzallarida;
Oʻzbekiston Respublikasi bojxona chegarasi orqali avtotransport vositalari hamda fuqarolar harakatining intensivligi yuqori boʻlgan (bir yil davomida oʻrtacha bir sutkada ikki ming nafar yoki undan ortiq fuqarolar harakatlanganda) va infratuzilmasi ikki yoʻlakli tizim joriy etish talablariga javob beradigan avtomobil oʻtkazish punktlarida joriy etiladi”.
2. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 21-maydagi 379-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosining maʼlumotlar bazasi orqali faqat qarzdorlik tekshirilgandan keyin sodir etiladigan yirik bitimlar va koʻrsatiladigan xizmatlar roʻyxatining 21-pozitsiyasi chiqarib tashlansin.
3. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 23-fevraldagi 163-son qarori bilan tasdiqlangan Meva-sabzavot mahsulotlarini eksport qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 9-bandida “2003-yil 30-sentabrdagi 416-son qarori bilan tasdiqlangan “Tashqi savdo operatsiyalari ustidan monitoring olib borish tartibi toʻgʻrisida nizom” soʻzlari “2020-yil 14-maydagi 283-son qarori bilan tasdiqlangan “Tashqi savdo operatsiyalari amalga oshirilishi monitoringini olib borish va nazorat qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom” soʻzlari bilan almashtirilsin.
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida tashqi savdo operatsiyalari monitoringini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 14-maydagi 283-son qaroriga 1-ilovada :
23-band quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“23. Tovarlarni respublikaga olib kirish va “erkin muomalaga chiqarish (import)” bojxona rejimiga rasmiylashtirish, shuningdek, ishlarni bajarish yoki xizmatlar koʻrsatish yoxud ular uchun toʻlangan pul mablagʻlarini qaytarish muddati import kontraktlari boʻyicha toʻlov amalga oshirilgan kundan boshlab 180 kalendar kundan ortiq boʻlmasligi kerak.
Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining qarorlariga muvofiq amalga oshiriladigan loyihalar doirasida tuzilgan kontraktlar boʻyicha yoki kontraktlar Mahsulot taqsimoti toʻgʻrisidagi bitimlarni amalga oshirish doirasida Boshqaruvchi qoʻmita tomonidan tasdiqlangan taqdirda, shuningdek, asbob-uskunalar va (yoki) butlovchi buyumlar yetkazib berish boʻyicha import kontraktlari shartlarida asbob-uskunalar va (yoki) butlovchi buyumlarni yetkazib berish muddati ularning texnik xususiyatlari va oʻziga xosligidan kelib chiqqan holda 180 kalendar kundan ortiq belgilanganda — import kontraktlarida belgilangan muddatlardan oshmasligi lozim”;
24-bandning ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major) holatlari oqibatida tashqi savdo operatsiyalari boʻyicha majburiyatlarni bajarish imkoniyati boʻlmaganda, fors-major holatlari yuz bergan davlatning vakolatli organi tasdigʻiga muvofiq, ushbu holatlarning amal qilish muddati mobaynida majburiyatlarning qisman yoki toʻliq bajarilmaganlik uchun javobgarlik belgilanmaydi”;
27-bandga :
quyidagi tahrirdagi oʻninchi xatboshi qoʻshilsin:
“eksport operatsiyalari boʻyicha muddati oʻtgan debitor qarzdorlikning umumiy summasi muddati oʻtgan debitor qarzdorlik yuzaga kelgan sanadan oldingi 36 oy davomida taʼminlangan valyuta tushumining 10 foizidan ortiq boʻlmagan holatlarda”;
oʻninchi xatboshi oʻn birinchi xatboshi deb hisoblansin.
28-bandga :
quyidagi tahrirdagi oʻn toʻqqizinchi xatboshi qoʻshilsin:
“Xoʻjalik yurituvchi subyekt tomonidan talabnomaga asosan jarima summasi ixtiyoriy ravishda toʻlangan kundan 90 kun ichida tashqi savdo kontraktlari boʻyicha valyuta mablagʻlarining tushishi yoki tovarlarning respublikaga olib kirilishi hamda “erkin muomalaga chiqarish (import)” bojxona rejimida rasmiylashtirilishi, ishlar bajarilishi va xizmatlar koʻrsatilishi taʼminlangan taqdirda, toʻlangan jarima summasi qisqartirilishi taʼminlangan qarzdorlik miqdoriga mutanosib ravishda qaytarib beriladi”;
yigirma ikkinchi — yigirma oltinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“Arizada koʻrsatilgan tashqi savdo kontraktlari boʻyicha valyuta mablagʻlarining tushishi yoki tovarlarning respublikaga olib kirilishi hamda “erkin muomalaga chiqarish (import)” bojxona rejimida rasmiylashtirilishi, ishlar bajarilishi va xizmatlar koʻrsatilishi taʼminlangan taqdirda:
jarima qoʻllash masalasi sudda koʻrib chiqilayotgan paytda — arizani qanoatlantirish qisqartirilishi taʼminlangan qarzdorlik miqdoriga mutanosib ravishda rad etiladi;
sud hujjati qonuniy kuchga kirmagan vaqtda — ijroga qaratilmaydi.
Moliyaviy jarima qoʻllash toʻgʻrisidagi sud hujjati qonuniy kuchga kirgandan soʻng 90 kalendar kun ichida va uni shu muddat ichida ijro etish paytida arizada koʻrsatilgan tashqi savdo kontraktlari boʻyicha toʻliq miqdorda valyuta mablagʻlarining tushishi yoki tovarlarning respublikaga olib kirilishi hamda “erkin muomalaga chiqarish (import)” bojxona rejimida rasmiylashtirilishi, ishlar bajarilishi va xizmatlar koʻrsatilishi taʼminlangan taqdirda — ish yuritish tugatiladi va majburiy undirish boʻyicha koʻrilgan barcha choralar bekor qilinadi (davlat soliq xizmati organlari va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi tomonidan), shuningdek, undirilgan jarimalar xoʻjalik yurituvchi subyektning arizasi asosida bank hisobvaragʻiga qaytarib beriladi. Bunda undirilgan mablagʻlar:”;
yigirma toʻqqizinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“Talabnomaga asosan jarima ixtiyoriy ravishda toʻlangan yoki moliyaviy jarima qoʻllash toʻgʻrisidagi sud hujjati qonuniy kuchga kirgandan soʻng 90 kalendar kun ichida tushgan valyuta mablagʻlari yoki respublikaga olib kirilgan hamda “erkin muomalaga chiqarish (import)” bojxona rejimida rasmiylashtirilgan tovar, bajarilgan ishlar va koʻrsatilgan xizmatlar summasi talabnomada koʻrsatilgan valyuta kursi boʻyicha soʻmda hisob-kitob qilinadi”;
oʻn toʻqqizinchi — yigirma oltinchi xatboshilar tegishlicha yigirmanchi — yigirma oltinchi deb hisoblansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 14-aprel,
216-son