📅 2021-yil 14-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 14-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 14 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ДАФТАРИ
ДАФТАРИ
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда белгиланган санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талабларига асосан соғлом овқатлантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, овқатлантириш аутсорсинг шартлари асосида ташкил этиладиган мактабларда:
аутсорсинг шартлари асосида овқатлантиришни ташкил этиш учун аутсорсер томонидан фойдаланиладиган коммунал хизматлар учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ажратилган маблағлар доирасида қопланади;
ижара шартномаси доирасида аутсорсерга вақтинча фойдаланишга бериладиган ошхонанинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари ва мебелидан фойдаланганлик учун тўлов «ноль» ставка бўйича белгиланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда:
бир ой муддатда ўқувчиларнинг физиологик ёшига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларига қўйиладиган талабларни инобатга олган ҳолда, уларни рационал кунлик овқатлантириш меъёрларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар, шунингдек, уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослиги, ошхоналар ходимлари томонидан санитария-гигиена тадбирлари бажарилишига қатъий риоя этилишини аниқлаш юзасидан тасдиқланган жадвал асосида ҳар ойда санитария ҳолати ўрганиб борилишини ташкил этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан биргаликда мактабларда ўқувчиларга берилаётган таомлар сифати устидан қатъий назоратни таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджета параметрларида назарда тутсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 218-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги мактабларда соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аутсорсинг — Агентлик тизимидаги мактабларнинг соғлом овқатлантиришни ташкил этиш хизматларини шартнома асосида аутсорсерга ўтказиш;
аутсорсер — шартнома асосида буюртмачига аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти;
буюртмачи — Агентлик;
мактаб ишчи гуруҳи — мактаб директори раҳбарлигида ташкил этиладиган, директор бошчилик қиладиган, ҳамшира, тарбиячи ҳамда бошқа ходимлардан иборат таркиб.
3. Ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши Агентлик тизимидаги таълим муассасаларининг ошхоналарида (кейинги ўринларда — ошхона) санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ шарт-шароитлар яратилган ҳолда ташкил этилади.
4. Буюртмачи хизматларини аутсорсинг усулига ўтказишда қуйидаги шартларга риоя қилиши шарт:
аутсорсерни қонун ҳужжатлари талаблари асосида танлаб олиш;
аутсорсерга ўтказиладиган ишлар (хизматлар) сифатини юқори даражада сақлаб қолиш ва талаб қилиш;
буюртмачининг аутсорсерга бериладиган ишлар (хизматлар)ни бажариш билан банд бўлган ходимлари штат бирликларини қисқартириш;
таълим муассасаси хизматларни аутсорсерга ўтказишда уларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва хўжалик фаолияти харажатларини қисқартириш, фаолиятининг асосий бўлмаган турларини ривожлантириш ҳамда аутсорсерга берилган ишлар (хизматлар)нинг сифатини ошириш.
5. Аутсорсер ходимлари буюртмачининг тегишли ҳудудига олдиндан тақдим этилган рўйхат асосида белгиланган тартибда киради ҳамда мактаб биносида ҳаракатланади.
6. Ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш учун тегишли мактаб раҳбари ҳамда аутсорсер ташкилоти масъул ҳисобланади.
2-боб. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар
7. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида белгиланган озиқ-овқат маҳсулотлари асосида амалга оширилади.
8. Ўқувчиларни соғлом овқатлантириш, белгиланган санитария қоидалари, нормалари, гигиена нормативлари ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рационал кунлик овқатланиш меъёрлари асосида аутсорсер томонидан тузилган ҳолда бир ойлик таомномалар режаси асосида ташкил қилинади.
9. Аутсорсер харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар, фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигига, ошхоналар ходимлари томонидан таом тайёрлаш технологияси қоидаларига риоя қилинишига, ошпазларнинг ҳар уч йилда бир марта малака оширишига, тиббий кўрикдан ўтган ҳолда ишга қўйилишига шахсан масъул ҳисобланади.
3-боб. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш
10. Ўқувчилар ётоқхонаси мавжуд мактабларда беш маҳал, ётоқхонаси мавжуд бўлмаганларида икки маҳал овқатлантирилади.
11. Ётоқхонада шанба, якшанба ва байрам кунларида қолган ўқувчиларни овқатлантириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сон қарорига мувофиқ, давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатидан ташқари барча ҳолларда аутсорсерни танлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бунда, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича аутсорсер энг яхши таклифларни тақдим этган талабгорлар орасидан танлов комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) томонидан танлаб олинади.
Комиссия томонидан тасдиқланадиган танлов ҳужжати ва баҳолаш мезонларида танловда иштирок этувчи талабгорнинг мазкур соҳада етарли катта иш тажрибасига (мазкур соҳада камида икки йиллик иш тажрибасига эга, умумий овқатланиш майдони мавжуд бўлган), тегишли молиявий, моддий-техник ва логистика базасига (техника, ишчилар сони ва уларнинг таркиби) эга бўлган талабгорларга устунлик берилади.
Буюртмачи томонидан аутсорсерни танлаш мақсадида танлов ўтказиш мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
13. Агентлик директори ўринбосари комиссия раиси ҳисобланади ва комиссия таркибини ҳар йил учун алоҳида тасдиқлайди.
Комиссия таркиби тоқ сонли аъзолардан иборат бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2 нафар ходимидан ташкил топади.
14. Мактаб ишчи гуруҳи аутсорсинг хизматлари кўрсатилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради, жумладан, ўқувчилар ўртасида ҳар ойда бир марта сўровномалар ўтказади.
Мактаб ишчи гуруҳи мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, буюртмачи ва аутсорсерга тегишли таклиф ва тавсиялар киритади.
15. Мактабларда ўқувчиларни аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш юзасидан танлов бўйича, маблағларнинг иқтисодий самарали сарфланиши тамойиллари асосида ўтказилади.
16. Танлов (тендер) ўтказиш бўйича эълонлар ва қўйиладиган умумий талаблар Агентликнинг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилади.
17. Танловда (тендерда) ғолиб чиққан аутсорсер билан мактабларда аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш хизматини кўрсатиш бўйича тегишли шартномалар Агентлик томонидан ишлаб чиқилган, Агентликнинг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига махсус бўлимига жойлаштирилган намунавий шакл асосида белгиланган тартибда тузилади.
18. Комиссия аутсорсер фаолияти юзасидан алоҳида мониторинг олиб боради. Шунингдек, фаолияти натижаларига кўра, аутсорсерни «инсофли ижрочи» ёки «инсофсиз ижрочи» рўйхатига киритиш ҳуқуқига эга.
19. Аутсорсер талабгорларига нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:
юридик шахс бўлиши;
умумий овқатланиш хизматида камида икки йиллик тажрибага эга бўлиши;
аутсорсинг хизматлари бўйича камида уч ойлик шартнома суммасига тенг айланма маблағларининг мавжудлиги;
танловда (тендерда) қатнашиш учун ариза берилган кундан камида бир ой олдин тегишли ташкилотлардан солиқ қарздорлиги, тўловлар, бошқа мажбурий тўловлар ва молиявий санкцияларнинг мавжуд эмаслиги;
тўғри овқатланишни ташкил этиш юзасидан таомлар тайёрлаш технологияси бўйича камида 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислар (муҳандис-технолог, диетолог, терапевт врач, ошпазлар) малака разрядлари кўрсатиши;
мактаб томонидан белгиланган техник вазифалар асосида аутсорсинг усулида мактабда соғлом овқатлантиришни ташкил этиш лойиҳасини индивидуал режа асосида ишлаб чиқиб, тақдимотини (имкониятдан келиб чиқиб, тайёр таомларини ҳам кўрсатиши мумкин) ўтказиши;
тақдимотда ўқувчиларнинг ёши, жинси, физиологик ҳолати бўйича турли гуруҳлар учун овқатланишнинг мақбул меъёрларини кўрсатиши.
4-боб. Аутсорсернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
20. Аутсорсер қуйидаги ҳуқуқларга эга:
фойдаланиладиган коммунал хизматлар қиймати белгиланган лимит ва мактабга ажратилган бюджет маблағлари доирасида қопланишини талаб қилиш;
ижара шартномаси доирасида аутсорсерга вақтинча фойдаланишга бериладиган ошхонанинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари ва мебелидан фойдаланганлик учун тўловни ноль ставка бўйича олиш;
ижара шартномаси доирасида бино ва иншоатларни ички ва ташқи қисмида техник жиҳатдан жиҳозлаш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;
кўрсатилган хизматлар учун тўловни шартномада белгиланган миқдор ва муддатда талаб қилиш;
соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича шартномада кўрсатилган хизматлар учун ушбу Низом қоидаларига мувофиқ 30 фоизгача устама ҳақини олиш;
хизматлар таннархини ўзгариши муносабати билан шартномага ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқиш;
кўрсатилган хизматлар натижасида фойда олиш;
буюртмачидан шартнома шартларининг бажарилишини талаб қилиш;
аутсорсер бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
21. Аутсорсер қуйидагиларга мажбур:
мактаб ошхоналарида ўз фаолиятини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ амалга ошириш;
ўқувчиларни соғлом овқатлантириш хизматини мактаб ошхонасининг ўзида тўлиқ ва сифатли ташкил этиш;
санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилинишини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш;
таомномалар, тайёр таомларнинг вазни, таркибидаги маҳсулотлар миқдорлари, технологик карталарнинг мавжудлигини таъминлаш;
битта ўқувчи учун ойлик сарфланадиган маблағ миқдорини кўрсатиш;
таом тайёрлаш учун сарфланган харажатларни (ошхона ва ошхона жиҳозларини таъмирлаш, ходимлар иш ҳақи, инвентарлар, ошпазлар униформаси, ошхонада ишлатиладиган зарарсизлантириш ва ювиш воситалари, солиқлар, олинадиган соф фойда) қоплаш учун устама миқдорларини кўрсатиш (фоизда);
Агентлик ва мактаблар томонидан аутсорсерга техник вазифалардан, таълим муассасанинг ҳудудий жойлашуви ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
5-боб. Аутсорсер фаолиятини ташкил этиш
22. Комиссия қарори асосида мактаб билан аутсорсер ўртасидаги шартнома бир йилдан уч йилгача бўлган муддатга тузилади.
23. Аутсорсинг хизматларига ҳақ тўлаш миқдори аутсорсер барча харажатларини (солиқлар, ходимларнинг иш ҳақи, транспорт хизматлари ҳамда асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ва бошқаларни) ўз ичига оладиган 30 фоизгача устама ҳақ ҳисобга олинган ҳолда, амалдаги тасдиқланган ўртача бозор нархлари бўйича бир овқатланувчига тегишли контингент учун овқатланишнинг тасдиқланган нормасидан келиб чиқилади.
24. Ўқув йили давомида янги синфлар очилганда (ёки ёпилганда), ўқувчилар сони ўзгарганда ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тасдиқланган ўртача бозор нархлари кескин ўзгарганда, аутсорсер ва мактаб томонидан шартнома бўйича умумий бошланғич сумманинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда қўшимча шартнома тузилиши мумкин.
25. Мактабда ўқувчиларни овқатлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ёки мактабнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилганда бюджет харажатлари унга мутаносиб тарзда қисқартирилади ҳамда ўқувчилар учун белгиланган бир кунлик овқатланиш рациони санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ белгиланган нормалардан ошмаган ҳолда ташкил этилади.
26. Бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилмаган харажатлар ҳисоби алоҳида юритилади.
27. Аутсорсерга мактабнинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари ва мебелидан фойдаланганлик учун тўлов ноль ставка бўйича белгиланади ҳамда овқатлантиришни ташкил этиш учун истеъмол қилинадиган коммунал хизматлар қиймати мактабга ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади.
28. Аутсорсер томонидан тайёрлаб берилаётган таомлар сифати, вазни, таркибининг таомномага мувофиқлиги мактаб раҳбари, ҳамшира, тарбиячи ҳамда бошқа ходимлардан иборат (зарур ҳолларда, ота-оналар вакиллари қўшилиши мумкин) мактаб ишчи гуруҳи томонидан назорат қилинади ва назорат якунлари мактабнинг тайёр таомлар сифатини назорат қилиш бўйича юритиладиган ва ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ дафтарда ҳар куни қайд қилиб борилади.
Дафтарнинг биринчи саҳифасида комиссияни тасдиқлаш ҳақидаги буйруқдан кўчирма бўлиши, дафтар рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва мактаб раҳбари томонидан сана кўрсатилган ҳолда имзоланиб, муҳрланган бўлиши лозим.
29. Аутсорсер томонидан санитария қоидалари ва меъёрлари бажарилиши ҳолатининг мониторингини олиб бориш ҳамда кунлик таом тарқатилишидан 15 — 20 дақиқа олдин синамалар олиш мактаб ҳамшираси зиммасига юкланади.
30. Ўқувчиларни овқатлантириш гуруҳларда ташкил этилганда, тайёр таомлар таомномада белгиланган миқдорларда ва санитария-гигиена талабларига мос равишда бўлишини таъминлашга мактаб раҳбари масъул ҳисобланади.
31. Аутсорсер томонидан соғлом овқатлантиришни ташкил этишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши, ошхона ходимлари томонидан санитария-гигиена тадбирлари бажарилишини назорат қилиш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан амалга оширилади.
32. Кейинги кунга таомнома режасини тузиш учун мактаб аутсорсерга бир кун олдин соат 16.00 гача бир кун олдинги ўқувчилар сонига нисбатан буюртма тақдим қилади.
Шунингдек, ётоқхонада шанба, якшанба ва байрам кунларида қолган ўқувчиларнинг сони ҳам бир кун олдин тақдим қилинади.
33. Таомнома бир кун олдинги ўқувчилар сонига мутаносиб равишда ҳар бир ўқувчи учун бир кунлик ўртача сарфланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ва уларнинг қиймати чиқарилган ҳолда аутсорсер томонидан ушбу Низомга 3-иловада келтирилган шаклга мувофиқ уч нусхада бир кун олдин соат 18.00 гача тузилади ҳамда мактаб раҳбари билан келишилади. Таомноманинг биринчи нусхаси аутсорсерга, иккинчи нусхаси таълим муассасасига ҳамда учинчи нусхаси ошхонага фойдаланиш учун берилади.
34. Мактаб ҳар ўн кунлик таомномалар бланкаларини ип ўтказиб боғланган ҳолда олдиндан рақамлайди, муҳрлайди ва алоҳида дафтарда рўйхатдан ўтказади.
35. Таомномада тайёр таомлар вазни, нархи, сарфланган маҳсулотлар тури ва уларнинг миқдорлари кўрсатилади.
36. Мактаб ўқувчиларининг хавфсиз овқатланишини таъминлаш мақсадида ушбу Низомга 4-иловада келтирилган шаклга мувофиқ сифати тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтари аутсорсер томонидан юритилади.
37. Ошхона ва ошхона жиҳозларини таъмирлаш, ходимлар иш ҳақи, ошхона жиҳозлари, ошпазлар униформаси, ошхонада ишлатиладиган зарарсизлантирувчи ва ювиш воситалари билан таъминлаш ишлари аутсорсер томонидан амалга оширилади.
38. Кўрсатилган хизматлар ҳисоб-китоби шартнома ойлик суммасининг 15 фоизи миқдорида олдиндан, 85 фоизи ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар суммасидан келиб чиқиб, тақдим қилинган ҳисоб-фактураларига асосан амалга оширилади.
39. Аутсорсер ҳар ўн кунда тасдиқланган таомномалар нусхалари ва кўрсатилган хизматлар бўйича ҳисоб-фактура ҳужжатларини мактаб бухгалтериясига тақдим этади.
6-боб. Буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
40. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
аутсорсинг усулида овқатлантиришни амалга ошириш учун қўйилган талаблар бажарилишини ўрганиш;
тайёр таомлар сифатининг таомномага мувофиқлигини текшириш;
тайёр таомларнинг миқдори, мазаси, таркибидаги маҳсулотларнинг сифати бўйича камчиликларга йўл қуймаслик;
харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар, уларда фойдаланиладиган технологик санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини назорат қилиш.
Буюртмачи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
41. Буюртмачи қуйидагиларга мажбур:
фойдаланиладиган коммунал хизматлар харажатларини белгиланган нормалар асосида мактабга ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаш;
ижара шартномаси доирасида аутсорсерга вақтинча фойдаланишга бериладиган ошхонанинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари ва мебелларни фойдаланиш учун ноль ставкада топшириш;
кўрсатилган хизматлар учун шартномада белгиланган миқдор ва муддатда тўловни амалга ошириш.
Буюртмачи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
7-боб. Якунловчи қоидалар
42. Ушбу Низомда назарда тутилган талабларнинг бузилиши буюртмачи ва аутсорсернинг тузилган шартномани белгиланган тартибда бекор қилишига асос бўлади.
43. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар томонидан аутсорсерни танлаш ҳамда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Буюртмачи (Агентлик) Аутсорсингга бериш кўзда тутилган хизматлар турларини танлаш Заруратга кўра 2-босқич Буюртмачи томонидан тузилган харид комиссияси 1. Белгиланган тартибда танлов (тендер) ёки тендер эълон қилиш. 2. Танлов (тендер) ёки тендер иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва энг яхшиларини танлаб олиш. 3. Танлов (тендер) ёки тендер ғолибини аниқлаш ва баённомани расмийлаштириш. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатда 3-босқич мактаблар 1. Танлов (тендер) ёки тендер ғолиби (аутсорсер) билан шартнома тузиш. 2. Аутсорсерга бинолар (хоналар), ускуналар, жиҳозлар, мебеллар ва бошқа моддий воситаларни далолатномага асосан топшириш. Танлов (тендер) ёки тендер натижаси эълон қилинган кундан эътиборан 10 иш куни давомида 4-босқич Буюртмачи (мактаблар) Тегишли ой учун шартнома қийматининг 15 фоизи миқдоридаги маблағни аутсорсернинг ҳисобварағига ўтказиб бериш. Тегишли ойнинг 3 иш куни давомида 5-босқич Аутсорсер 1. Буюртмачи билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун амалда кўрсатилган хизматлар ҳисоб-фактурасини (бажарилган ишлар далолатномаларини) ҳамда бошқа асословчи ҳужжатларни тақдим этиш. Тегишли ойнинг ҳар 10 иш кунида 6-босқич Буюртмачи (мактаблар) 1. Асословчи ҳужжатларни (ҳисоб-фактуралар, бажарилган ишлар далолатномалари) таққослаш. 2. Тузилган шартнома шартларига мувофиқ тасдиқланган ҳисоб-фактура ва бажарилган ишлар далолатномаларига асосан қолган 85 фоиз суммани тўлаш. Тасдиқланган кундан бошлаб 5 иш куни давомида
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Тайёр таомлар сифатини назорат қилиш бўйича маълумотларни қайд этиш
Тайёр овқатнинг номланиши Баҳоланиши Синама олинган вақт Тиббиёт ходимининг рухсати Имзо таомноманинг бажарилиши сифати овқат тайёрлаш технологиясига риоя қилинганлиги 20____ йил _____ __________________ Нонушта Тушлик Иккинчи тушлик Кечки овқат Енгил овқатланиш 20____ йил _____ __________________ Нонушта Тушлик Иккинчи тушлик Кечки овқат Енгил овқатланиш
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
«ТАСДИҚЛАЙМАН» __________аутсорсер _______________________________________________ (Ф.И.О.) _______________________ М.Ў. (имзо) «КЕЛИШИЛДИ» __________мактаб директори ______________________________________________ (Ф.И.О.) _______________________ М.Ў. (имзо) ТАОМНОМА (20___ йил __________________ ____________________ учун) (сана) (ой) ___________-синфлар Ўқувчилар сони _________ нафар Таом номи Бир нафар ўқувчи учун таом миқдори Нон Чой ... ... ... ... ... ... ... ... ... Томат Туз *Нонушта Тушлик Иккинчи тушлик *Кечки овқат *Енгил овқатланиш 1 нафар ўқувчи учун Жами маҳсулот миқдори Маҳсулот нархи (сўмда) Сарфланган маблағ миқдори (сўмда) Жами сарфланган маблағ миқдори (сўмда) ___________________ Бир нафар ўқувчи учун сарфланган маблағ миқдори (сўмда) __________________ * ётоқхона мавжуд таълим муассасаларида 5 маҳал таомланадиган таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади. Аутсорсер ходими (бош ошпаз) (имзо) (Ф.И.О.) Мактаб тиббиёт ходими (имзо) (Ф.И.О.)
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Сифати тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш
Т/р Таъминотчи юридик шахснинг номи Юкхати рақами, маҳсулот олиб келинган вақт ва сана Сифати тез бузилувчи маҳсулотлар номи Сифати тез бузилувчи маҳсулотлар миқдори Сифати ҳақида маълумот Ишлатиш муддатининг охирги санаси ва вақти Имзо 1. 2. 3. 4. 5. ...
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 14 апрель,
218-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
DAFTARI
DAFTARI
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablarda sogʻlom ovqatlantirishni autsorsing usulida tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablarda belgilangan sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlari talablariga asosan sogʻlom ovqatlantirishning zamonaviy usullarini joriy etish orqali taʼlim sifati va samaradorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablarda sogʻlom ovqatlantirishni autsorsing usulida tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Belgilansinki, ovqatlantirish autsorsing shartlari asosida tashkil etiladigan maktablarda:
autsorsing shartlari asosida ovqatlantirishni tashkil etish uchun autsorser tomonidan foydalaniladigan kommunal xizmatlar uchun toʻlovlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligiga ajratilgan mablagʻlar doirasida qoplanadi;
ijara shartnomasi doirasida autsorserga vaqtincha foydalanishga beriladigan oshxonaning ishlab chiqarish xonalari, asbob-uskunalari va mebelidan foydalanganlik uchun toʻlov “nol” stavka boʻyicha belgilanadi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablarda:
bir oy muddatda oʻquvchilarning fiziologik yoshiga muvofiq oziq-ovqat mahsulotlariga qoʻyiladigan talablarni inobatga olgan holda, ularni ratsional kunlik ovqatlantirish meʼyorlarini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
oziq-ovqat mahsulotlari va tayyorlanayotgan taomlar, shuningdek, ularda foydalaniladigan texnologik jihozlarning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mosligi, oshxonalar xodimlari tomonidan sanitariya-gigiyena tadbirlari bajarilishiga qatʼiy rioya etilishini aniqlash yuzasidan tasdiqlangan jadval asosida har oyda sanitariya holati oʻrganib borilishini tashkil etsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi bilan birgalikda maktablarda oʻquvchilarga berilayotgan taomlar sifati ustidan qatʼiy nazoratni taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi mazkur qaror ijrosini taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirishni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeta parametrlarida nazarda tutsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev va Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.M. Xadjibayev, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablarni rivojlantirish agentligi direktori X.U. Umarova zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 14-apreldagi 218-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablarda sogʻlom ovqatlantirishni autsorsing usulida tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tizimidagi maktablarda sogʻlom ovqatlantirishni autsorsing usulida tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
autsorsing — Agentlik tizimidagi maktablarning sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish xizmatlarini shartnoma asosida autsorserga oʻtkazish;
autsorser — shartnoma asosida buyurtmachiga autsorsing xizmatini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyekti;
buyurtmachi — Agentlik;
maktab ishchi guruhi — maktab direktori rahbarligida tashkil etiladigan, direktor boshchilik qiladigan, hamshira, tarbiyachi hamda boshqa xodimlardan iborat tarkib.
3. Oʻquvchilarning sogʻlom ovqatlanishi Agentlik tizimidagi taʼlim muassasalarining oshxonalarida (keyingi oʻrinlarda — oshxona) sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari talablariga muvofiq shart-sharoitlar yaratilgan holda tashkil etiladi.
4. Buyurtmachi xizmatlarini autsorsing usuliga oʻtkazishda quyidagi shartlarga rioya qilishi shart:
autsorserni qonun hujjatlari talablari asosida tanlab olish;
autsorserga oʻtkaziladigan ishlar (xizmatlar) sifatini yuqori darajada saqlab qolish va talab qilish;
buyurtmachining autsorserga beriladigan ishlar (xizmatlar)ni bajarish bilan band boʻlgan xodimlari shtat birliklarini qisqartirish;
taʼlim muassasasi xizmatlarni autsorserga oʻtkazishda ularning iqtisodiy samaradorligini oshirish va xoʻjalik faoliyati xarajatlarini qisqartirish, faoliyatining asosiy boʻlmagan turlarini rivojlantirish hamda autsorserga berilgan ishlar (xizmatlar)ning sifatini oshirish.
5. Autsorser xodimlari buyurtmachining tegishli hududiga oldindan taqdim etilgan roʻyxat asosida belgilangan tartibda kiradi hamda maktab binosida harakatlanadi.
6. Oʻquvchilarning sogʻlom ovqatlanishini tashkil etish uchun tegishli maktab rahbari hamda autsorser tashkiloti masʼul hisoblanadi.
2-bob. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etishga qoʻyiladigan asosiy talablar
7. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlarida belgilangan oziq-ovqat mahsulotlari asosida amalga oshiriladi.
8. Oʻquvchilarni sogʻlom ovqatlantirish, belgilangan sanitariya qoidalari, normalari, gigiyena normativlari va Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining ratsional kunlik ovqatlanish meʼyorlari asosida autsorser tomonidan tuzilgan holda bir oylik taomnomalar rejasi asosida tashkil qilinadi.
9. Autsorser xarid qilinayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va tayyorlanayotgan taomlar, foydalaniladigan texnologik jihozlarning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mosligiga, oshxonalar xodimlari tomonidan taom tayyorlash texnologiyasi qoidalariga rioya qilinishiga, oshpazlarning har uch yilda bir marta malaka oshirishiga, tibbiy koʻrikdan oʻtgan holda ishga qoʻyilishiga shaxsan masʼul hisoblanadi.
3-bob. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish
10. Oʻquvchilar yotoqxonasi mavjud maktablarda besh mahal, yotoqxonasi mavjud boʻlmaganlarida ikki mahal ovqatlantiriladi.
11. Yotoqxonada shanba, yakshanba va bayram kunlarida qolgan oʻquvchilarni ovqatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonunini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 27-sentabrdagi PQ-3953-son qaroriga muvofiq, davlat buyurtmachilari tomonidan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar boʻyicha xarid qilinadigan tovarlar (ishlar, xizmatlar) roʻyxatidan tashqari barcha hollarda autsorserni tanlash belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Bunda, toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar boʻyicha autsorser eng yaxshi takliflarni taqdim etgan talabgorlar orasidan tanlov komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — komissiya) tomonidan tanlab olinadi.
Komissiya tomonidan tasdiqlanadigan tanlov hujjati va baholash mezonlarida tanlovda ishtirok etuvchi talabgorning mazkur sohada yetarli katta ish tajribasiga (mazkur sohada kamida ikki yillik ish tajribasiga ega, umumiy ovqatlanish maydoni mavjud boʻlgan), tegishli moliyaviy, moddiy-texnik va logistika bazasiga (texnika, ishchilar soni va ularning tarkibi) ega boʻlgan talabgorlarga ustunlik beriladi.
Buyurtmachi tomonidan autsorserni tanlash maqsadida tanlov oʻtkazish mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
13. Agentlik direktori oʻrinbosari komissiya raisi hisoblanadi va komissiya tarkibini har yil uchun alohida tasdiqlaydi.
Komissiya tarkibi toq sonli aʼzolardan iborat boʻlib, Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining 2 nafar xodimidan tashkil topadi.
14. Maktab ishchi guruhi autsorsing xizmatlari koʻrsatilishi yuzasidan doimiy monitoring olib boradi, jumladan, oʻquvchilar oʻrtasida har oyda bir marta soʻrovnomalar oʻtkazadi.
Maktab ishchi guruhi monitoring natijalaridan kelib chiqib, buyurtmachi va autsorserga tegishli taklif va tavsiyalar kiritadi.
15. Maktablarda oʻquvchilarni autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish yuzasidan tanlov boʻyicha, mablagʻlarning iqtisodiy samarali sarflanishi tamoyillari asosida oʻtkaziladi.
16. Tanlov (tender) oʻtkazish boʻyicha eʼlonlar va qoʻyiladigan umumiy talablar Agentlikning internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytiga va ommaviy axborot vositalariga joylashtiriladi.
17. Tanlovda (tenderda) gʻolib chiqqan autsorser bilan maktablarda autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish xizmatini koʻrsatish boʻyicha tegishli shartnomalar Agentlik tomonidan ishlab chiqilgan, Agentlikning internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytiga maxsus boʻlimiga joylashtirilgan namunaviy shakl asosida belgilangan tartibda tuziladi.
18. Komissiya autsorser faoliyati yuzasidan alohida monitoring olib boradi. Shuningdek, faoliyati natijalariga koʻra, autsorserni “insofli ijrochi” yoki “insofsiz ijrochi” roʻyxatiga kiritish huquqiga ega.
19. Autsorser talabgorlariga nisbatan quyidagi talablar qoʻyiladi:
yuridik shaxs boʻlishi;
umumiy ovqatlanish xizmatida kamida ikki yillik tajribaga ega boʻlishi;
autsorsing xizmatlari boʻyicha kamida uch oylik shartnoma summasiga teng aylanma mablagʻlarining mavjudligi;
tanlovda (tenderda) qatnashish uchun ariza berilgan kundan kamida bir oy oldin tegishli tashkilotlardan soliq qarzdorligi, toʻlovlar, boshqa majburiy toʻlovlar va moliyaviy sanksiyalarning mavjud emasligi;
toʻgʻri ovqatlanishni tashkil etish yuzasidan taomlar tayyorlash texnologiyasi boʻyicha kamida 2 yillik ish tajribasiga ega boʻlgan malakali mutaxassislar (muhandis-texnolog, diyetolog, terapevt vrach, oshpazlar) malaka razryadlari koʻrsatishi;
maktab tomonidan belgilangan texnik vazifalar asosida autsorsing usulida maktabda sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish loyihasini individual reja asosida ishlab chiqib, taqdimotini (imkoniyatdan kelib chiqib, tayyor taomlarini ham koʻrsatishi mumkin) oʻtkazishi;
taqdimotda oʻquvchilarning yoshi, jinsi, fiziologik holati boʻyicha turli guruhlar uchun ovqatlanishning maqbul meʼyorlarini koʻrsatishi.
4-bob. Autsorserning huquq va majburiyatlari
20. Autsorser quyidagi huquqlarga ega:
foydalaniladigan kommunal xizmatlar qiymati belgilangan limit va maktabga ajratilgan budjet mablagʻlari doirasida qoplanishini talab qilish;
ijara shartnomasi doirasida autsorserga vaqtincha foydalanishga beriladigan oshxonaning ishlab chiqarish xonalari, asbob-uskunalari va mebelidan foydalanganlik uchun toʻlovni nol stavka boʻyicha olish;
ijara shartnomasi doirasida bino va inshoatlarni ichki va tashqi qismida texnik jihatdan jihozlash va taʼmirlash ishlarini amalga oshirish;
koʻrsatilgan xizmatlar uchun toʻlovni shartnomada belgilangan miqdor va muddatda talab qilish;
sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish boʻyicha shartnomada koʻrsatilgan xizmatlar uchun ushbu Nizom qoidalariga muvofiq 30 foizgacha ustama haqini olish;
xizmatlar tannarxini oʻzgarishi munosabati bilan shartnomaga oʻzgartirish kiritish taklifi bilan chiqish;
koʻrsatilgan xizmatlar natijasida foyda olish;
buyurtmachidan shartnoma shartlarining bajarilishini talab qilish;
autsorser boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
21. Autsorser quyidagilarga majbur:
maktab oshxonalarida oʻz faoliyatini sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq amalga oshirish;
oʻquvchilarni sogʻlom ovqatlantirish xizmatini maktab oshxonasining oʻzida toʻliq va sifatli tashkil etish;
sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga amal qilinishini taʼminlash tadbirlarini amalga oshirish;
taomnomalar, tayyor taomlarning vazni, tarkibidagi mahsulotlar miqdorlari, texnologik kartalarning mavjudligini taʼminlash;
bitta oʻquvchi uchun oylik sarflanadigan mablagʻ miqdorini koʻrsatish;
taom tayyorlash uchun sarflangan xarajatlarni (oshxona va oshxona jihozlarini taʼmirlash, xodimlar ish haqi, inventarlar, oshpazlar uniformasi, oshxonada ishlatiladigan zararsizlantirish va yuvish vositalari, soliqlar, olinadigan sof foyda) qoplash uchun ustama miqdorlarini koʻrsatish (foizda);
Agentlik va maktablar tomonidan autsorserga texnik vazifalardan, taʼlim muassasaning hududiy joylashuvi va ixtisoslashuvidan kelib chiqib, boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
5-bob. Autsorser faoliyatini tashkil etish
22. Komissiya qarori asosida maktab bilan autsorser oʻrtasidagi shartnoma bir yildan uch yilgacha boʻlgan muddatga tuziladi.
23. Autsorsing xizmatlariga haq toʻlash miqdori autsorser barcha xarajatlarini (soliqlar, xodimlarning ish haqi, transport xizmatlari hamda asbob-uskunalarni taʼmirlash va ulardan foydalanish va boshqalarni) oʻz ichiga oladigan 30 foizgacha ustama haq hisobga olingan holda, amaldagi tasdiqlangan oʻrtacha bozor narxlari boʻyicha bir ovqatlanuvchiga tegishli kontingent uchun ovqatlanishning tasdiqlangan normasidan kelib chiqiladi.
24. Oʻquv yili davomida yangi sinflar ochilganda (yoki yopilganda), oʻquvchilar soni oʻzgarganda hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan tasdiqlangan oʻrtacha bozor narxlari keskin oʻzgarganda, autsorser va maktab tomonidan shartnoma boʻyicha umumiy boshlangʻich summaning 10 foizidan oshmagan miqdorda qoʻshimcha shartnoma tuzilishi mumkin.
25. Maktabda oʻquvchilarni ovqatlantirish, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari yoki maktabning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshirilganda budjet xarajatlari unga mutanosib tarzda qisqartiriladi hamda oʻquvchilar uchun belgilangan bir kunlik ovqatlanish ratsioni sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq belgilangan normalardan oshmagan holda tashkil etiladi.
26. Budjet mablagʻlari hisobidan amalga oshirilmagan xarajatlar hisobi alohida yuritiladi.
27. Autsorserga maktabning ishlab chiqarish xonalari, asbob-uskunalari va mebelidan foydalanganlik uchun toʻlov nol stavka boʻyicha belgilanadi hamda ovqatlantirishni tashkil etish uchun isteʼmol qilinadigan kommunal xizmatlar qiymati maktabga ajratilgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari doirasida qoplanadi.
28. Autsorser tomonidan tayyorlab berilayotgan taomlar sifati, vazni, tarkibining taomnomaga muvofiqligi maktab rahbari, hamshira, tarbiyachi hamda boshqa xodimlardan iborat (zarur hollarda, ota-onalar vakillari qoʻshilishi mumkin) maktab ishchi guruhi tomonidan nazorat qilinadi va nazorat yakunlari maktabning tayyor taomlar sifatini nazorat qilish boʻyicha yuritiladigan va ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq daftarda har kuni qayd qilib boriladi.
Daftarning birinchi sahifasida komissiyani tasdiqlash haqidagi buyruqdan koʻchirma boʻlishi, daftar raqamlangan, ip oʻtkazib tikilgan va maktab rahbari tomonidan sana koʻrsatilgan holda imzolanib, muhrlangan boʻlishi lozim.
29. Autsorser tomonidan sanitariya qoidalari va meʼyorlari bajarilishi holatining monitoringini olib borish hamda kunlik taom tarqatilishidan 15 — 20 daqiqa oldin sinamalar olish maktab hamshirasi zimmasiga yuklanadi.
30. Oʻquvchilarni ovqatlantirish guruhlarda tashkil etilganda, tayyor taomlar taomnomada belgilangan miqdorlarda va sanitariya-gigiyena talablariga mos ravishda boʻlishini taʼminlashga maktab rahbari masʼul hisoblanadi.
31. Autsorser tomonidan sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etishda sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga rioya etilishi, oshxona xodimlari tomonidan sanitariya-gigiyena tadbirlari bajarilishini nazorat qilish Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining tegishli hududiy boshqarmasi tomonidan amalga oshiriladi.
32. Keyingi kunga taomnoma rejasini tuzish uchun maktab autsorserga bir kun oldin soat 16.00 gacha bir kun oldingi oʻquvchilar soniga nisbatan buyurtma taqdim qiladi.
Shuningdek, yotoqxonada shanba, yakshanba va bayram kunlarida qolgan oʻquvchilarning soni ham bir kun oldin taqdim qilinadi.
33. Taomnoma bir kun oldingi oʻquvchilar soniga mutanosib ravishda har bir oʻquvchi uchun bir kunlik oʻrtacha sarflanadigan oziq-ovqat mahsulotlari miqdori va ularning qiymati chiqarilgan holda autsorser tomonidan ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq uch nusxada bir kun oldin soat 18.00 gacha tuziladi hamda maktab rahbari bilan kelishiladi. Taomnomaning birinchi nusxasi autsorserga, ikkinchi nusxasi taʼlim muassasasiga hamda uchinchi nusxasi oshxonaga foydalanish uchun beriladi.
34. Maktab har oʻn kunlik taomnomalar blankalarini ip oʻtkazib bogʻlangan holda oldindan raqamlaydi, muhrlaydi va alohida daftarda roʻyxatdan oʻtkazadi.
35. Taomnomada tayyor taomlar vazni, narxi, sarflangan mahsulotlar turi va ularning miqdorlari koʻrsatiladi.
36. Maktab oʻquvchilarining xavfsiz ovqatlanishini taʼminlash maqsadida ushbu Nizomga 4-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq sifati tez buziluvchi oziq-ovqat mahsulotlarini qayd etish daftari autsorser tomonidan yuritiladi.
37. Oshxona va oshxona jihozlarini taʼmirlash, xodimlar ish haqi, oshxona jihozlari, oshpazlar uniformasi, oshxonada ishlatiladigan zararsizlantiruvchi va yuvish vositalari bilan taʼminlash ishlari autsorser tomonidan amalga oshiriladi.
38. Koʻrsatilgan xizmatlar hisob-kitobi shartnoma oylik summasining 15 foizi miqdorida oldindan, 85 foizi haqiqatda koʻrsatilgan xizmatlar summasidan kelib chiqib, taqdim qilingan hisob-fakturalariga asosan amalga oshiriladi.
39. Autsorser har oʻn kunda tasdiqlangan taomnomalar nusxalari va koʻrsatilgan xizmatlar boʻyicha hisob-faktura hujjatlarini maktab buxgalteriyasiga taqdim etadi.
6-bob. Buyurtmachining huquq va majburiyatlari
40. Buyurtmachi quyidagi huquqlarga ega:
autsorsing usulida ovqatlantirishni amalga oshirish uchun qoʻyilgan talablar bajarilishini oʻrganish;
tayyor taomlar sifatining taomnomaga muvofiqligini tekshirish;
tayyor taomlarning miqdori, mazasi, tarkibidagi mahsulotlarning sifati boʻyicha kamchiliklarga yoʻl quymaslik;
xarid qilinayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va tayyorlanayotgan taomlar, ularda foydalaniladigan texnologik sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mosligini nazorat qilish.
Buyurtmachi qonun hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
41. Buyurtmachi quyidagilarga majbur:
foydalaniladigan kommunal xizmatlar xarajatlarini belgilangan normalar asosida maktabga ajratilgan budjet mablagʻlari hisobidan qoplash;
ijara shartnomasi doirasida autsorserga vaqtincha foydalanishga beriladigan oshxonaning ishlab chiqarish xonalari, asbob-uskunalari va mebellarni foydalanish uchun nol stavkada topshirish;
koʻrsatilgan xizmatlar uchun shartnomada belgilangan miqdor va muddatda toʻlovni amalga oshirish.
Buyurtmachi qonun hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
42. Ushbu Nizomda nazarda tutilgan talablarning buzilishi buyurtmachi va autsorserning tuzilgan shartnomani belgilangan tartibda bekor qilishiga asos boʻladi.
43. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablarda sogʻlom ovqatlantirishni autsorsing usulida tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablar tomonidan autsorserni tanlash hamda oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Buyurtmachi (Agentlik) Autsorsingga berish koʻzda tutilgan xizmatlar turlarini tanlash Zaruratga koʻra 2-bosqich Buyurtmachi tomonidan tuzilgan xarid komissiyasi 1. Belgilangan tartibda tanlov (tender) yoki tender eʼlon qilish. 2. Tanlov (tender) yoki tender ishtirokchilarining takliflarini koʻrib chiqish va eng yaxshilarini tanlab olish. 3. Tanlov (tender) yoki tender gʻolibini aniqlash va bayonnomani rasmiylashtirish. Normativ-huquqiy hujjatlarda belgilangan muddatda 3-bosqich maktablar 1. Tanlov (tender) yoki tender gʻolibi (autsorser) bilan shartnoma tuzish. 2. Autsorserga binolar (xonalar), uskunalar, jihozlar, mebellar va boshqa moddiy vositalarni dalolatnomaga asosan topshirish. Tanlov (tender) yoki tender natijasi eʼlon qilingan kundan eʼtiboran 10 ish kuni davomida 4-bosqich Buyurtmachi (maktablar) Tegishli oy uchun shartnoma qiymatining 15 foizi miqdoridagi mablagʻni autsorserning hisobvaragʻiga oʻtkazib berish. Tegishli oyning 3 ish kuni davomida 5-bosqich Autsorser 1. Buyurtmachi bilan oʻzaro hisob-kitob qilish uchun amalda koʻrsatilgan xizmatlar hisob-fakturasini (bajarilgan ishlar dalolatnomalarini) hamda boshqa asoslovchi hujjatlarni taqdim etish. Tegishli oyning har 10 ish kunida 6-bosqich Buyurtmachi (maktablar) 1. Asoslovchi hujjatlarni (hisob-fakturalar, bajarilgan ishlar dalolatnomalari) taqqoslash. 2. Tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq tasdiqlangan hisob-faktura va bajarilgan ishlar dalolatnomalariga asosan qolgan 85 foiz summani toʻlash. Tasdiqlangan kundan boshlab 5 ish kuni davomida
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablarda sogʻlom ovqatlantirishni autsorsing usulida tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Tayyor taomlar sifatini nazorat qilish boʻyicha maʼlumotlarni qayd etish
Tayyor ovqatning nomlanishi Baholanishi Sinama olingan vaqt Tibbiyot xodimining ruxsati Imzo taomnomaning bajarilishi sifati ovqat tayyorlash texnologiyasiga rioya qilinganligi 20____ yil _____ __________________ Nonushta Tushlik Ikkinchi tushlik Kechki ovqat Yengil ovqatlanish 20____ yil _____ __________________ Nonushta Tushlik Ikkinchi tushlik Kechki ovqat Yengil ovqatlanish
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablarda sogʻlom ovqatlantirishni autsorsing usulida tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
“TASDIQLAYMAN” __________autsorser _______________________________________________ (F.I.O.) _______________________ M.Oʻ. (imzo) “KELISHILDI” __________maktab direktori ______________________________________________ (F.I.O.) _______________________ M.Oʻ. (imzo) TAOMNOMA (20___ yil __________________ ____________________ uchun) (sana) (oy) ___________-sinflar Oʻquvchilar soni _________ nafar Taom nomi Bir nafar oʻquvchi uchun taom miqdori Non Choy ... ... ... ... ... ... ... ... ... Tomat Tuz *Nonushta Tushlik Ikkinchi tushlik *Kechki ovqat *Yengil ovqatlanish 1 nafar oʻquvchi uchun Jami mahsulot miqdori Mahsulot narxi (soʻmda) Sarflangan mablagʻ miqdori (soʻmda) Jami sarflangan mablagʻ miqdori (soʻmda) ___________________ Bir nafar oʻquvchi uchun sarflangan mablagʻ miqdori (soʻmda) __________________ * yotoqxona mavjud taʼlim muassasalarida 5 mahal taomlanadigan taʼlim muassasalariga nisbatan tatbiq etiladi. Autsorser xodimi (bosh oshpaz) (imzo) (F.I.O.) Maktab tibbiyot xodimi (imzo) (F.I.O.)
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi maktablarda sogʻlom ovqatlantirishni autsorsing usulida tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
Sifati tez buziluvchi oziq-ovqat mahsulotlarini qayd etish
T/r Taʼminotchi yuridik shaxsning nomi Yukxati raqami, mahsulot olib kelingan vaqt va sana Sifati tez buziluvchi mahsulotlar nomi Sifati tez buziluvchi mahsulotlar miqdori Sifati haqida maʼlumot Ishlatish muddatining oxirgi sanasi va vaqti Imzo 1. 2. 3. 4. 5. ...
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 14-aprel,
218-son