UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 19-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 19 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

НИЗОМ

РЕЖАСИ

СХЕМАСИ

Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони ижросини таъминлаш, ҳудудларда илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 166-бандида:

ҳудудларда илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, соддалаштирилган тартибда ёшларнинг илмий ва стартап лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида илмий дастурни амалга ошириш учун илмий фаолиятга оид давлат дастурлари маблағлари ҳисобидан 50,0 млрд сўм маблағ йўналтирилиши;

ёшлар учун эълон қилинадиган стартап лойиҳалари танлови талабларининг соддалаштирилган тизими ишлаб чиқилиши;

2021 йилдан бошлаб иқтидорли ёшлар ўртасида «Академик ҳаракатчанлик» дастури ва «Бўлажак олим» танлови ташкил қилиниши;

стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталари босқичма-босқич оширилиши;

иқтидорли ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш, уларнинг хорижий университетлар ва илмий марказларга қисқа муддатли стажировкалари ташкил этилиши;

ёшларга илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳузуридаги илмий тузилмалардаги замонавий илмий асбоб-ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

«Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида республикадаги ёш олимлар ўртасида танловларни ташкил қилиш муддати ва тартиби, лойиҳаларга қўйилган талаблар, лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этиш, лойиҳаларни кўриб чиқиш, танлаб олиш ва амалга ошириш, шунингдек, уларни молиялаштириш ва мониторингини юритиш тартибини назарда тутувчи «Академик ҳаракатчанлик» дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

илмий ғоя, илмий ва стартап лойиҳаларни шакллантириш ва уларни кўриб чиқиб, танлаб олиш, танлов комиссияси фаолиятини ташкил этиш, лойиҳаларни молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартибини назарда тутувчи «Бўлажак олим» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар, танловни ўтказиш учун махсус эксперт гуруҳи фаолиятини ташкил этиш, танлов ғолибларини стажировкага юбориш, стажировкаларни молиялаштириш, унинг якуни бўйича ҳисобот тақдим этиш тартибини назарда тутувчи Ёш олимларни етакчи илмий ташкилотларда қисқа муддатли илмий стажировкалар ўташ тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

«Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида республика ҳудудидаги олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва лабораторияларга қисқа муддатли стажировкаларни амалга ошириш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида тегишли шартномага асосан молиялаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021 йилдан бошлаб «Бўлажак олим» танловини ташкил этиш ва молиялаштириш учун ҳар йили илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 50 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратади;

иқтидорли ёшларни хорижий олий таълим муассасалар ва илмий ташкилотларга қисқа муддатли стажировкаларини молиялаштириш тегишли молия йили учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатларининг прогноз параметрларида назарда тутилади;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Академик ҳаракатчанлик» дастурини амалга ошириш бўйича ўтказиладиган танлов натижаларига мувофиқ ғолибларга тақсимотга асосан илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳузуридаги илмий тузилмаларнинг замонавий асбоб-ускуналаридан фойдаланиш ҳуқуқи берилади;

стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантурага Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қабул квотаси, қоида тариқасида, тегишли ўқув йили учун тасдиқланган олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш умумий параметрларининг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади;

мазкур қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ бўлган харажатларни бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

2021 йилдан бошлаб ҳар йили камида бир маротаба республикадаги илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшлар ўртасида «Бўлажак олим» ва «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида танловларни ташкил этсин;

иқтидорли ёшларни хорижий олий таълим муассасалар ва илмий ташкилотларга қисқа муддатли стажировка ўташга даврий равишда, танлов асосида, ҳар йили камида бир маротаба юборишни ташкил этсин;

ташкил этиладиган танловлар ғолиблари томонидан тақдим этилган лойиҳаларни бажариш жараёни, календарь иш режаси амалга оширилишини доимий назорат қилиб бориш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 222-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Академик ҳаракатчанлик» дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, жумладан уларга вазирлик, идора ва ташкилотлар тизимидаги илмий ташкилот ва олий таълим муассасаларининг ноёб илмий объектлари, замонавий илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюроларидан текин фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича «Академик ҳаракатчанлик» дастурини (кейинги ўринларда — «Академик ҳаракатчанлик» дастури) шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

«Академик ҳаракатчанлик» дастури — ёш олимларнинг ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган илмий тадбирларда иштирок этиш, илмий-тадқиқот иши бўйича лойиҳаларни (кейинги ўринларда — лойиҳа) амалга ошириш, шунингдек, тажриба алмашишни назарда тутувчи дастур;

ёш олим — илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланаётган илмий даражаси, унвони, лавозими ва иш жойидан қатъи назар, 40 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

қабул қилувчи ташкилот — ноёб илмий объектлари, илмий асбоб-ускуналар, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюроларига эга бўлган, лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилган илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари;

ишчи гуруҳ — Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида (кейинги ўринларда — Вазирлик) тузиладиган «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида республикадаги ёш олимлар ўртасида танловларни ўтказиш, номзодлар тўғрисида хулоса олиш ҳамда ушбу жараённи мувофиқлаштириш ишларини ташкил этувчи гуруҳ.

2-боб. Танлов ташкил этиш тартиби

3. «Академик ҳаракатчанлик» дастурини бир ойдан кам (15 календарь кундан кам бўлмаган) бўлган муддатда амалга оширишга ишчи гуруҳнинг ижобий хулосаси асосида рухсат берилади.

4. Вазирлик «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида республикадаги ёш олимлар ўртасида ҳар йили камида бир маротаба танлов (кейинги ўринларда — танлов) ташкил қилади.

5. «Академик ҳаракатчанлик» дастури олти ойгача бўлган давр мобайнида белгиланган муддатларда амалга оширилади.

6. Вазирлик танлов бошланишидан камида бир ой олдин ўз расмий веб-сайтида танлов тўғрисида эълон беради. Унда аризаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, муддати ва талаблари кўрсатилади.

7. Номзодлар танловда иштирок этиш учун ўзи фаолият юритаётган илмий ташкилот ёки олий таълим муассасасининг йўлланма хати орқали лойиҳани Вазирликка тақдим этади.

8. Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилган бўлиши лозим:

илмий-тадқиқот ишининг мавзуси ва долзарблиги;

илмий-тадқиқот ишининг объекти, предмети, мақсад ва вазифалари, кутилаётган илмий натижалар;

нашр этган илмий ишлари рўйхати (мавжуд бўлса);

қабул қилувчи ташкилот томонидан Вазирлик номига тақдим этилган розилик хати;

илмий лаборатория ёки тажриба-конструкторлик бюроларида илмий-тадқиқот олиб боришнинг зарурати, муддати ва зарур ускуна, материал ва реактивлар.

9. Номзодларнинг лойиҳалари улар фаолият юритаётган муассасаларнинг илмий ёки илмий-техник кенгашлари томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.

10. Нашр этилган илмий ишлар рўйхати номзоднинг илмий раҳбари томонидан тасдиқланади.

11. Лойиҳага номзоднинг маълумотнома-объективкаси (анкета) илова қилинади.

12. Танловга лойиҳа ҳужжатларини тақдим этиш муддати тугагандан сўнг тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.

13. Лойиҳаларни шакллантириш ва уларни ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқиш ҳамда танлаб олиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

3-боб. Ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этиш тартиби

14. Вазирлик томонидан ҳар йили танловлар ўтказилишидан камида бир ой олдин лойиҳаларни кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилади.

15. Ишчи гуруҳ ўз йўналишида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали (турли вазирлик, идоралар, илмий ва илмий тадқиқот муассасаларидан ҳам келишув асосида жалб этилиши мумкин) камида 7 нафар тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда тузилади. Ишчи гуруҳга раислик қилиш вазифаси вазир ўринбосари даражасидаги раҳбарга юклатилади.

Бунда ишчи гуруҳ раиси, зарур ҳолларда, тор ихтисослашувдаги қўшимча мутахассисларни (шу жумладан, ишлаб чиқариш ташкилотлари мутахассисларини) лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнига жалб қилиши мумкин.

16. Ишчи гуруҳ йиғилиши, унда унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, ишчи гуруҳнинг йиғилиши ўтказиладиган сана эълон қилинади.

Ишчи гуруҳнинг аъзолари ўз йиғилишларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

17. Ишчи гуруҳ йиғилишида қабул қилинган қарор йиғилиш баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома ишчи гуруҳ аъзолари орасидан танлаб олинган котиб томонидан имзоланади ҳамда йиғилишга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади.

18. Баённома асосида ғолиб ва рад этилган номзодлар бўйича натижалар Вазирлик веб-сайтида жойлаштирилади ҳамда инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи қабул қилингандан сўнг ғолиб номзодларнинг лойиҳалари амалга оширилади.

4-боб. Лойиҳаларни ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқиш ва танлаб олиш тартиби

19. Танлов доирасида лойиҳалар қабул қилиниши якунлангандан сўнг 20 кун муддат ичида ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилади ва танлаб олинади.

20. Ишчи гуруҳ томонидан номзодларнинг лойиҳалар ҳимояси (тақдимот кўринишида) ўтказилиб, якуний хулосага келинади.

21. Лойиҳа қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

лойиҳа мавзусининг мамлакат фан ва технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мослиги — 15 баллгача;

лойиҳа мавзусининг янгилиги ва долзарблиги — 15 баллгача;

ноёб илмий объектлар, илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюроларида ўтказиладиган тажрибалардан кутилаётган натижаларнинг илмий самарадорлиги — 15 баллгача;

номзод томонидан тақдим этилган Лойиҳани амалга ошириш календарь иш режасининг пухта ишлаб чиқилганлиги — 25 баллгача;

Лойиҳани амалга ошириш учун талаб этиладиган харажатларнинг асосланганлиги — 15 баллгача;

номзоднинг илмий даражаси — 15 баллгача (фан докторига 15 балл, фалсафа докторига 10 балл ва изланувчига 5 балл).

22. Лойиҳалар ишчи гуруҳ қарори билан 50 дан юқори балл тўплаган номзодлар ғолиб деб топилиши мумкин.

23. Танлов ғолибларига сертификат берилади.

Сертификатнинг амал қилиш муддати лойиҳанинг амалга ошириш муддатлари билан бир хил даврда белгиланади.

5-боб. Ғолиблар томонидан лойиҳаларни амалга ошириш тартиби

24. Вазирлик томонидан «Академик ҳаракатчанлик» дастурини амалга ошириш бўйича танлов натижаларига мувофиқ ғолибларга келишувга асосан қабул қилувчи ташкилотлар томонидан асоссиз равишда лойиҳанинг рад этилишига йўл қўйилмайди.

25. Вазирлик лойиҳанинг амалга ошириш календарь режасини қабул қилувчи ташкилот билан келишилган ҳолда тасдиқланишини таъминлайди.

26. Ғолиб ёш олим томонидан лойиҳани амалга ошириш жараёнида қабул қилувчи ташкилотга қуйидаги мажбуриятлар юклатилади:

лойиҳани амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

ушбу жараёнга илмий раҳбар (маслаҳатчи) тайинлаш;

ноёб илмий объектлар, илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюроларининг илмий асбоб-ускуналаридан фойдаланиш учун мутахассис бириктириш;

лойиҳа доирасида дала ёки саноат тажрибаларини ўтказишга кўмаклашиш;

мавжуд ахборот-ресурс базалари, кутубхоналар ва илмий фонддан фойдаланиш имкониятини яратиш;

илмий-тадқиқот ишлари натижаларини таҳлил қилиш ва ҳисоботлар тайёрлашда кўмаклашиш;

тегишли кафедраларда (бўлимларда) лойиҳанинг олиб борилиши юзасидан илмий ходим ҳисоботларни кўриб чиқиш ва зарур йўлланмалар бериб бориш.

27. Қабул қилувчи ташкилот томонидан тайинланган илмий раҳбар (маслаҳатчи)нинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

ғолиб ёш олим билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш календарь иш режасини ишлаб чиқиш ва унинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш;

ғолиб ёш олимга илмий-тадқиқот ишини олиб бориши учун зарур бўлган маслаҳатлар бериб бориш;

лойиҳани амалга ошириш жараёнлари қайд этилган журнални тасдиқлаб бориш.

28. Ғолиб ёш олимнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

қабул қилувчи ташкилотнинг ички меҳнат тартиби ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш;

қабул қилувчи ташкилотнинг моддий-техника базасидан оқилона ва самарали фойдаланиш;

лойиҳани амалга ошириш жараёнларини қабул қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланган ва муҳрланган журналда қайд этиб бориш;

илмий-тадқиқот натижалари асосида камида битта илмий мақолани нуфузли хорижий (имкон қадар импакт факторга эга бўлган) журналларда чоп этиш;

илмий раҳбар (маслаҳатчи)нинг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш ва кафедра (бўлим) йиғилишларида бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот бериб бориш.

6-боб. Лойиҳаларни молиялаштириш ва унинг мониторинги

29. Ғолиб ёш олимларнинг «Академик ҳаракатчанлиги» дастури доирасида лойиҳани бажариш бўйича харажатларни қоплаш илмий фаолиятга оид давлат дастурларини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан ишчи гуруҳ хулосасига мувофиқ инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи ҳамда Вазирлик, ғолиб ёш олим фаолият юритаётган муассаса ва қабул қилувчи ташкилот ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома бўйича молиялаштириш амалга оширилади.

30. Лойиҳа харажатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

хизмат сафарлари харажатлари (транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатлари);

ноёб илмий объектлар, илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюролари моддий-техника базасидан фойдаланиш харажатлари (коммунал тўловлар, кимёвий реактивлардан фойдаланиш харажатлари ва бошқалар). Бунда ташкилий ускуналарни сотиб олиш (компьютер, принтер ва бошқалар) ҳисобга олинмайди;

қўшимча харажатлар (асослантирилган ҳолда умумий маблағнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган ҳолда);

илмий раҳбар (маслаҳатчи)га ҳар ойда тўланадиган иш ҳақи тўловлари (катта илмий ходим иш ҳақининг 0,5 бараваригача).

Талаб қилинадиган маблағларнинг умумий ҳажми базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан ошмаслиги лозим.

31. Ушбу Низомнинг 30-бандида кўзда тутилган харажатлар Вазирликка илмий фаолиятга оид давлат дастурларини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда, ғолиб ёш олим фаолият юритаётган ташкилотга танлов натижалари бўйича ғолиб бўлган ёш олимнинг «Академик ҳаракатчанлик» дастурини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида молиялаштирилади.

32. Ғолиб ёш олим фаолият юритаётган муассасага «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида ажратилган ва молия йили давомида фойдаланилмай қолган қолдиқлари йил охирида бюджетга қайтарилади.

33. Ғолиб ёш олимнинг асосий иш жойидаги лавозими ва ойлик иш ҳақи лойиҳани бажариш давомида сақланиб қолинади.

34. «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида бажариладиган лойиҳаларни мувофиқлаштириш, календарь иш режасининг бажарилишини мониторинг қилиш ғолиб ёш олим фаолият юритаётган ташкилотларнинг илм-фан ва инновацияга масъул бўлган раҳбар ўринбосари томонидан олиб борилади.

35. Лойиҳанинг амалга оширилиши мониторинг натижаларига кўра ёш олим фаолият юритаётган ёки қабул қилувчи ташкилотлар ташаббуси билан лойиҳани молиялаштириш қуйидаги ҳолларда Вазирлик томонидан тўхтатилиши мумкин:

ғолиб ёш олим томонидан лойиҳа умуман ёки тегишли даражада (режадан ортда қолиш, режанинг бир нечта бандлари) бажарилмаётган бўлса;

илмий-тадқиқот ишлари жараёнида натижага эришиш мумкин эмаслиги маълум бўлса;

қабул қилувчи ташкилотнинг ички тартиб-қоидаларини икки ва ундан ортиқ марта қўпол тарзда бузиш ҳолатлари кузатилса;

ғолиб ёш олимга боғлиқ бўлмаган ҳолда тажриба-конструкторлик ва технология ишларини бажариш жараёнида ишни давом эттириш мумкин эмаслиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги маълум бўлса.

36. Лойиҳа бажарилиши якунланганидан сўнг қабул қилувчи ташкилот ва ғолиб ёш олим ўртасида лойиҳани амалга ошириш харажатлари кўрсатилган ҳолда бажарилган ишлар бўйича далолатнома тузилади.

37. Ғолиб ёш олим «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида олиб борилган лойиҳа натижалари ҳисоботи фаолият юритаётган муассаса раҳбари томонидан тасдиқланган ҳолда илмий, илмий-техник кенгашда муҳокама қилингани ҳақидаги йиғилиш баённома кўчирмаси, ажратилган маблағларнинг сарфланганлиги бўйича ҳисобот Вазирликка тақдим этилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

38. Илгари «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида ғолиб бўлган ёш олимларнинг кейинги танловларга айнан шу лойиҳа билан иштирок этишига йўл қўйилмайди.

39. Танлов натижаларидан норози бўлган номзод натижалар эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш календарь кун ичида Вазирликка апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.

Ишчи гуруҳ бир ҳафта муддатда киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва Вазирлик белгилаган муддатда талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.

40. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

«Академик ҳаракатчанлик» дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

«Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида ташкил этиладиган танлов учун илмий-тадқиқот иши бўйича лойиҳаларни шакллантириш ва уларни ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқиш ҳамда танлаб олиш

Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (Вазирлик) «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида республикадаги ёш олимлар учун ўз веб-сайтида танлов тўғрисида эълон жойлаштириш Танлов бошланишидан бир ой олдин 2-босқич Вазирлик Танлов учун топширилган лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича Вазирлик томонидан ишчи гуруҳ тузиш Танлов бошланишидан камида бир ой олдин 3-босқич Танлов иштирокчиси Танловда иштирок этиш учун фаолият кўрсатаётган муассасаларининг йўлланма хати орқали лойиҳалар тақдим этиш Танлов эълон қилингандан сўнг бир ой муддатда 4-босқич Ишчи гуруҳ Номзодларнинг лойиҳалар ҳимоясини ўтказиб, (тақдимот кўринишида ҳимоя қилишлари талаб этилади) якуний хулосага келиш Лойиҳалар қабул қилиш якунлангандан сўнг 20 кун ичида 5-босқич Вазирлик Ғолиб номзодларнинг лойиҳаларини амалга оширишлари учун инновацион ривожланиш вазирининг буйруғини қабул қилиш Ишчи гуруҳ хулосаси якунлангандан сўнг 10 кун ичида 6-босқич Вазирлик Танлов ғолибларини интернет нашрлари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилиш 5-босқич якунлангандан сўнг 10 кун ичида

«Академик ҳаракатчанлик» дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ‎ НАМУНА‎ ‎‎ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ВАЗИРЛИГИ ‎ ‎Ўзбекистон Республикасидаги ноёб илмий объектлар, илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюроларидан фойдаланиш учун ‎ ‎СЕРТИФИКАТ ‎№ ___________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎ ‎‎20__ йил «___» _________ гача амал қилади ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Ушбу сертификат «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида Ўзбекистон Республикасидаги ноёб илмий объектлари, илмий асбоб-ускуналар, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюроларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎___________________________________________________________________________________________ ‎___________________________________________________________________________________________ ‎ (Танлов ғолиби фаолият кўрсатаётган ташкилот номи) ‎ ‎Танлов ғолиби Ф.И.О._____________________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎_____________________________ ‎раҳбар/у ваколат берган шахс ___________ ‎имзо‎ ‎‎____________________________ ‎Ф.И.О. ‎ М.Ў. ‎ ‎ ‎ ‎‎20__ йил «___» ____________

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 222-сон қарорига 2-ИЛОВА

«Бўлажак олим» танловини ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Бўлажак олим» танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш, ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш ҳамда илмий ва стартап лойиҳаларини молиялаштириш, мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур танлов доирасида аризаларни қабул қилишга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳузуридаги Ёшлар академияси (кейинги ўринларда — Ёшлар академияси) масъул ҳисобланади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:.

«Бўлажак олим» танлови — илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшлар ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, соддалаштирилган тартибда ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантиришга ҳамда илмий ва стартап лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилган танлов;

Танлов комиссияси — танлов доирасида келиб тушадиган илмий ғоялар, илмий ва стартап лойиҳалар учун алоҳида тузиладиган, танловларни ўтказиш, ғолиблар тўғрисида хулоса олиш ҳамда ушбу жараённи мувофиқлаштирадиган Вазирликда ташкил этиладиган комиссия;

ёш олим — илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланаётган илмий даражаси, унвони, лавозими ва иш жойидан қатъи назар, 40 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

илмий ғоя — илмий далил, муаммо, фараз, назария каби воқеликни акс эттириш шаклларидан бири бўлиб, фан тараққиётнинг самараси, илмий кашфиётларнинг натижаси сифатида пайдо бўладиган, турли фан соҳаларининг асосий тамойиллари, устувор қоидалари асосида ишлаб чиқилган лойиҳа;

илмий лойиҳа — аниқ мақсадларга эришиш ва вазифаларни ҳал этиш учун асосан янги билимларни қўллашга йўналтирилган амалий тадқиқотлар ва/ёки инновацияни яратиш ва ишлаб чиқаришга йўналтирилган инновацион тадқиқотлар;

стартап лойиҳа — амалга ошиш хавфи юқори бўлган шароитда янги маҳсулот ёки хизмат турини яратувчи инновацион ишланмаларнинг қўлланилиши, кўлами ва тез ўсиш суръати билан фарқланадиган янги бизнес лойиҳа;

илмий экспертиза — илмий лойиҳалар бўйича асослантирилган қарор қабул қилиш мақсадида уни ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва хулоса тайёрлашга қаратилган фаолият;

техник экспертиза — тақдим этилган илмий лойиҳаларнинг ушбу Низом талабларга мувофиқлиги, шунингдек, илмий лойиҳа ҳужжатларига кўра тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилишда хатоларни аниқлаш;

талабгор — илмий ғоя, илмий ва стартап лойиҳани ишлаб чиққан иқтидорли ёш олим ва/ёки унинг жамоаси;

Коллегиал орган — Вазирлик ҳайъати.

4. Танлов ҳар йили камида бир маротаба ташкил этилади.

2-боб. Илмий ғоя, илмий ва стартап лойиҳаларни шакллантириш ва уларни кўриб чиқиб, танлаб олиш тартиби

1-§. Илмий ғоя, илмий ва стартап лойиҳаларни шакллантиришга қўйиладиган умумий талаблар

5. Танловга иқтидорли ёшлар ва ёш олимларнинг илмий ва инновацион фаолиятини рағбатлантириш ҳамда уларнинг илмий ижодий ғоялари, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг муаммолари ечимига қаратилган илмий ғоялар, илмий ва стартап лойиҳалар қабул қилинади.

6. Вазирлик танлов бошланишидан бир ой олдин ўз расмий веб-сайтига аризаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, муддати ва талаблари кўрсатилган эълонни жойлаштиради.

7. Бир календарь йили давомида эълон қилинган танлов доирасида ғолиб деб топилган талабгорлар шу давр ичида навбатдаги танловларда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

8. Танлов доирасида илмий ғоялар асосида макет ва (ёки) прототип яратишнинг ҳамда илмий ва стартап лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати бир йилгача бўлиши мумкин.

2-§. Танлов комиссияси фаолиятини ташкил этиш тартиби

10. Танлов доирасида келиб тушадиган илмий ғоялар, илмий ва стартап лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича Танлов комиссияси таркиби хар йил январь ойида Вазирлик томонидан тасдиқланади.

11. Танлов комиссияси ўз йўналишида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали (турли вазирлик, идоралар, олий таълим ва илмий муассасалар, хусусий сектор вакилларидан ҳам келишув асосида жалб этилиши мумкин) камида 7 нафар тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда тузилади. Танлов комиссиясига раислик қилиш вазифаси вазир ўринбосари даражасидаги раҳбарга юклатилади.

Бунда Танлов комиссияси раиси, зарур ҳолларда тор ихтисослашувдаги мутахассисларни (шу жумладан, ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлар мутахассисларини) қўшимча равишда илмий ғоя, илмий ва стартап лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнига жалб қилиши мумкин.

12. Танлов комиссияси мажлиси, унда Танлов комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Танлов комиссияси томонидан қабул қилинган қарорлар баённомалар билан расмийлаштирилади.

Танлов комиссияси мажлислари очиқ муҳокама шаклида ташкил этилади.

13. Танлов комиссиясининг хар бир аъзосига йил якуни бўйича эришилган натижаларга мувофиқ танловни молиялаштириш учун ажратилган маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик мукофот пули (барча солиқ ва мажбурий тўловлар ушлаб қолинган ҳолда) берилади.

Мукофот пулини бериш (тайинлаш) инновацион ривожланиш вазирининг буйруғига мувофиқ амалга оширилади.

3-§. Илмий ғояларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш тартиби

14. Илмий ғояларни кўриб чиқиш Танлов эълон қилингандан сўнг, иқтидорли ёшларнинг аниқ амалга ошириш механизмлари, муддати ва дастлабки натижалари кўрсатилган илмий ғоялари асосида амалга оширилади.

15. Илмий ғоялар бўйича аризалар Вазирлик томонидан белгиланган муддатлар, талаблар ва шаклларга мувофиқ камида икки ой муддатда икки босқичда қуйидаги тартибда талабгорларнинг саралаш танловларини ўтказади.

1-босқичда киритилган илмий ғоялар ушбу Низомнинг 14-бандига мос равишда тўлиқ тақдим этилганлиги ва расмийлаштирилганлиги Ёшлар академияси томонидан кўриб чиқилади. Ёшлар академияси зарур ҳолатларда, тақдим этилган илмий ғоялар бўйича қўшимча маълумотлар, тақдимотлар талаб этиши ва илмий ғояларни ўрганишда тегишли мутахассисларни жалб қилиши мумкин.

Танлов доирасида талабгор томонидан тақдимот қилинган илмий ғояларда камчилик мавжуд бўлган тақдирда, талабгорга такомиллаштириш учун қайтарилади. Талабгор илмий ғояни бир ой муддат ичида такомиллаштирилган ҳолда қайта тақдим этади. Бир ойдан кеч тақдим этилган илмий ғоялар қабул қилинмайди.

1-босқич натижалари бўйича танловнинг 2-босқичида иштирок этадиган талабгорлар тўғрисида йиғма рўйхат шакллантирилади.

2-босқичда талабгорлар ўз илмий ғояларини Танлов комиссияси олдида тақдимот (презентация) кўринишида ҳимоясини ўтказадилар. 2-босқич танловлар даврида тақдимот ҳимоясида узрли сабабларсиз иштирок этмаган талабгорларнинг илмий ғояси Танлов комиссиясининг қарорига асосан рад этилиши мумкин.

Тақдимот ҳимоясида талабгорлар илмий ғояни қисқа, лўнда ва асосланган ҳолда очиб бериши ҳамда пухта тайёргарлик кўрган ҳолда иштирок этишлари талаб этилади.

Бунда Танлов комиссияси тақдимот натижаларига асосан якуний хулоса тайёрлашда қуйидаги баҳолаш мезонларига амал қилади:

илмий ғояни жамият ва иқтисодиётдаги маълум бир муаммонинг ечимига қаратилганлиги — 30 баллгача;

илмий ғоянинг амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағларнинг аниқ ва асосланган ҳисоб-китоб қилинганлиги — 30 баллгача;

илмий ғоянинг аниқ амалга ошириш механизмлари, муддати ва дастлабки натижалари кўрсатилганлиги — 40 баллгача.

16. Талабгорларни баҳолаш ҳамда ғолиб деб топиш Танлов комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Бунда, камида 50 балл тўплаган илмий ғоялар Танлов комиссияси қарори билан ғолиб деб топилиши мумкин.

Ғолиб деб топилган талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар Вазирлик веб-сайтида жойлаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи билан ғолиб талабгорларнинг илмий ғоялари амалга ошириш учун рағбатлантирилади.

Бир талабгор учун илмий ғояни амалга ошириш учун талаб қилинадиган маблағларнинг умумий ҳажми базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан ошмаслиги лозим.

17. Илмий ғояларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

4-§. Илмий лойиҳаларни шакллантириш ва уларни кўриб чиқиб, танлаб олиш тартиби

18. Танлов доирасида эълон қилинадиган илмий лойиҳа мавзулари Ёшлар академияси томонидан давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, илмий фаолият субъектларининг асосланган таклифлари, шунингдек, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммолари, тижоратлаштириш имконияти мавжуд якуний тайёр маҳсулот/технологияларга бўлган эҳтиёжлари асосида шакллантирилади.

19. Шакллантирилган илмий лойиҳа мавзулари Танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилганидан сўнг белгиланган тартибда Вазирлик томонидан эълон қилинади.

Эълон қилинган илмий мавзулар асосида талабгорлар томонидан киритилган илмий лойиҳалар Ёшлар академияси томонидан қабул қилинади ва техник экспертизадан ўтказилади.

Вазирлик танлов доирасида ёш олимларнинг таклифларига мувофиқ иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммолари, тижоратлаштириш имконияти мавжуд якуний тайёр маҳсулот ёки технологияларга бўлган эҳтиёжлари бўйича мавзу эълон қилинмаган йўналишларда ташаббускор илмий лойиҳалар қабул қилиши мумкин.

Ташаббускор илмий лойиҳалар бўйича аризалар Вазирлик томонидан белгиланган талаблар, муддатлар, ташаббускор лойиҳаларнинг йўналишлари ва шаклларга мувофиқ тақдим этилади. Бунда илмий лойиҳаларни амалга ошириш механизми, муддатлари ва кутилаётган натижалар кўрсатилган бўлиши зарур.

20. Танлов доирасида эълон қилинадиган илмий лойиҳа мавзулари ва ташаббускор илмий лойиҳалар бўйича аризалар Вазирлик томонидан белгиланган муддатлар, талаблар ва шаклларга мувофиқ илмий лойиҳаларнинг саралаш танловларини ўтказади.

Вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан шакллантириладиган ва мувофиқлаштириладиган тегишли фан йўналишлари бўйича экспертлар жамоаси қабул қилинган илмий лойиҳаларни баҳолаш ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда илмий экспертиза жараёнини амалга оширади.

Танловга ҳужжатлар топшириш муддатининг охирги санасигача танлов ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб берадиган камида битта илмий лойиҳа аризаси келиб тушган бўлса, танлов ҳақиқий деб ҳисобланади.

Техник ва илмий экспертизада ижобий баҳоланган ва молиялаштиришга тавсия этилган илмий лойиҳаларининг якуний рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор Коллегиал орган томонидан қабул қилинади.

Агар танловда эълон қилинган мавзу бўйича ҳеч ким қатнашмаган бўлса, у ҳолда танлов бўлмаган деб ҳисобланади. Бу ҳолда Вазирлик ушбу лойиҳа бўйича бир хил шартлар ва талаблар асосида қайта танлов ўтказиши мумкин.

Агар лойиҳаларнинг техник экспертизаси натижаларига кўра, Вазирлик барча лойиҳаларни рад этса, танлов бўлмаган деб топилади ва қайта танлов эълон қилинади.

Танлов ҳужжатлари шартларини ўзгартирмасдан, қайта танловда янги таклифларни қабул қилиш муддати камида ўн иш куни деб белгиланади. Агар қайта танловга муқобил лойиҳа аризаси келиб тушмаса, белгиланган тартибда Коллегиал органга йўналтирилади. Ушбу мавзу бўйича қайта эълон қилмаслик қарор қабул қилиниши мумкин.

Битта илмий лойиҳани амалга ошириш учун талаб қилинадиган маблағларнинг умумий ҳажми базавий ҳисоблаш миқдорининг 2000 бараваридан ошмаслиги лозим.

21. Илмий лойиҳаларни шакллантириш ва уларни кўриб чиқиб, танлаб олиш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

5-§. Стартап лойиҳаларни шакллантириш ва уларни кўриб чиқиб, танлаб олиш тартиби

22. Стартап лойиҳалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш Танлов эълон қилингандан сўнг, талабгорларнинг аниқ амалга ошириш механизмлари, муддати ва дастлабки натижалари кўрсатилган стартап лойиҳалари асосида амалга оширилади.

Танлов доирасида талабгорлар томонидан юборилган стартап лойиҳалари Ёшлар академияси томонидан қабул қилинади.

23. Стартап лойиҳалар бўйича аризалар Вазирлик томонидан белгиланган муддатлар, талаблар ва шаклларга мувофиқ талабгорларнинг саралаш танловларини ўтказади.

1-босқич тақдим этилган аризаларнинг танлов шартларига мослиги, ҳаётга татбиқ этиш даражаси ва натижадорлиги юзасидан Танлов комиссияси мажлисларида стартап лойиҳа тақдимоти билан иштирок этади.

24. Танлов комиссияси мажлисларида стартап лойиҳалар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

стартап лойиҳанинг инновационлиги — аввал қўлланилмаган технологиялар ва (ёки) жараённи ташкил этиш тамойиллари ёки аввал ишлаб чиқарилмаган маҳсулотнинг янги қўлланилиш даражаси — 20 баллгача;

стартап лойиҳанинг инвестициявий жозибадорлиги — қўшимча даромад келтирадиган ҳамда уни амалга оширишда инвестициялар хавфини камайтирадиган қулай инвестицион ва инновацион шароитлар ва афзалликлар йиғиндиси — 20 баллгача;

стартап лойиҳани амалга ошириш самарадорлиги — 20 баллгача;

стартап лойиҳанинг ресурс билан таъминланганлиги — лойиҳани техник амалга ошириш имкониятлари (моддий-техник база, ходимлар, муҳофаза ҳужжатлари мавжудлиги ва бошқалар) — 10 баллгача;

стартап лойиҳа учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босадиган илмий ҳажмдор маҳсулотларни олишни ташкил қилиш истиқболлари — 30 баллгача.

25. Танлов комиссиясининг стартап лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича мажлиси натижалари бўйича камида 50 балл тўплаган стартап лойиҳалар 1-босқичдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ҳамда Вазирликнинг тегишли бўлими томонидан ўтказиладиган 2-босқич молиявий-иқтисодий экспертизасига йўналтирилади.

Молиявий экспертизадан муваффақиятли ўтган стартап лойиҳалар Ёшлар академияси томонидан Коллегиал органга кўриб чиқиш учун киритилади. Коллегиал орган стартап лойиҳа тўғри ва холис экспертизадан ўтказилганлигини текшириш мақсадида қўшимча экспертиза тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Қўшимча экспертиза ўтказиш тартиби Коллегиал орган томонидан тасдиқланади.

26. Коллегиал орган томонидан стартап лойиҳани молиялаштириш ёки молиялаштирмаслик тўғрисидаги қарор қабул қилинади ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

27. Бир талабгорга стартап лойиҳани амалга ошириш учун талаб қилинадиган маблағларнинг умумий ҳажми базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараваридан ошмаслиги лозим.

Стартап лойиҳани амалга ошириш мақсадида 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорда пул ёки моддий қиймат кўринишида қўшимча молиялаштириш бўйича шерик мавжуд бўлган тақдирда, коллегиал органнинг тегишли қарори билан стартап лойиҳага молиялаштиришда устуворлик берилиши мумкин.

28. Стартап лойиҳани кўриб чиқиш ва танлаб олиш ушбу Низомга 3-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

3-боб. Илмий ғоя, илмий ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш тартиби

29. Танловни ташкил этиш ва молиялаштириш ҳар йили Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

30. Танлов комиссияси муваффақиятли деб топган ва тасдиқлаган илмий ғояларни рағбатлантириш инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи қабул қилингандан сўнг амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг буйруғига асосан муваффақиятли ўтган илмий ғоя муаллифларига пул маблағлари уларнинг номига очилган банк картасига ўтказиб берилади.

31. Коллегиал орган қарорига мувофиқ молиялаштиришга тавсия этилган илмий лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи қабул қилингандан сўнг амалга оширилади.

Илмий лойиҳаларни бажариш учун Вазирлик билан ғолиб талабгор ва илмий лойиҳанинг ижрочи ташкилоти ўртасида уч томонлама шартнома тузилади.

Илмий лойиҳаларни молиялаштиришда ҳисоб-китоблар ва молиявий режанинг шакллари, тартиби, харажатларнинг ҳажми ҳамда турларини аниқлаш тартиби Вазирлик томонидан белгиланади.

Ажратилган маблағлар илмий изланишлар олиб боришга, шунингдек, иш ҳақидан ташқари, умумий маблағнинг камида 40 фоизи илмий асбоб-ускуналар, хом ашёлар ҳамда бошқа зарур материалларни харид қилиш ва натижада юқори қийматга эга, тижоратлаштириш имкони юқори бўлган янги маҳсулот (хизмат)ларни ишлаб чиқаришни таъминлашга йўналтирилиши лозим.

32. Коллегиал орган қарорига мувофиқ молиялаштиришга тавсия этилган стартап лойиҳалар инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи қабул қилингандан сўнг амалга оширилади.

33. Стартап лойиҳаларни молиялаштириш Вазирлик билан танлов натижаларига кўра ғолиб талабгор фаолият юритаётган (ёки у томонидан ташкил этиладиган) стартап лойиҳани амалга оширувчи юридик шахс ўртасида тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади.

34. Молиялаштирилаётган стартап лойиҳалар ижрочи ташкилотлари белгиланган тартибда Вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази, Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси ёки «Яшнобод» инновация технопарки резиденти мақомини олиш ҳуқуқига эга.

4-боб. Илмий ғоя, илмий ва стартап лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш тартиби

35. Танлов доирасида илмий ва стартап лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш Вазирлик билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади.

Мониторинг лойиҳа тасдиқланган режага мувофиқ бажарилиши, молиявий маблағларнинг мақсадга мувофиқ сарфланиши, белгиланган муддатларда ҳисоботлар тақдим этилиши ва олинган натижаларнинг самарадорлигини баҳолашни ўз ичига олади.

Илмий ва стартап лойиҳаларининг мониторинг натижалари бўйича жамланма ҳисоботни белгиланган тартибда қабул қилиш, шунингдек, уларни бажариш бўйича ахборот ва бошқа таҳлилий материаллар тайёрлаш Ёшлар академияси томонидан амалга оширилади.

36. Илмий ғояларни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиш Ёшлар академияси томонидан амалга оширилади. Илмий ғоялар бўйича белгиланган ишларни ўз муддатида бажармаслик, шунингдек, ҳисоботларни топшириш муддатлари ва молиявий интизомни бузиш Ёшлар академиясининг ташаббуси билан талабгорнинг икки йилга Танловда қатнашишини рад этиш учун асос бўлади.

37. Илмий ва стартап лойиҳаларнинг натижалари мониторинги Вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан амалга оширилади.

38. Зарур ҳолларда тегишли фан йўналишлари бўйича экспертлар жамоаси билан биргаликда мустақил эксперт ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, илмий ва стартап лойиҳаларнинг бажарилиши мониторингини амалга оширади.

Мониторинг қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

тақдим этилган ҳисоботларни экспертлар томонидан кўриб чиқиш;

илмий лойиҳа раҳбарининг тақдимот шаклидаги ҳисоботлари билан танишиш;

зарур ҳолларда илмий лойиҳани бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш.

Илмий лойиҳани масофадан ёки бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганишда қуйидаги асосий жиҳатларга эътибор қаратилиши лозим:

илмий лойиҳа бўйича имзоланган шартнома ва унинг календарь режасига асосан бажарилиш ҳолати;

ижрочи ташкилот томонидан илмий лойиҳанинг амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлиги;

ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланаётганлиги;

илмий лойиҳалар натижалари бўйича етакчи хорижий журналларда мақолалар чоп этиш борасида эришилган натижалар ва уларнинг мавжуд салоҳиятга нисбатан қиёсий таҳлили;

ҳар бир лойиҳа доирасида қўлга киритиладиган якуний натижалар ва уларни тижоратлаштириш имкониятлари.

39. Илмий ва стартап лойиҳалар бўйича белгиланган ишларнинг алоҳида босқичларининг режалаштирилган ҳажмларини ўз муддатида бажармаслик, шунингдек, ҳисоботларни топшириш муддатларини ва молиявий интизомни бузиш Вазирликнинг ташаббуси билан молиялаштириш тўхтатилишига ва шартнома бекор қилинишига асос бўлиши ва илмий лойиҳаларнинг ижрочи ташкилотларига нисбатан тегишли чоралар кўришга олиб келиши мумкин.

40. Илмий ва стартап лойиҳалар мониторинги натижалари бўйича Вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник ахборот марказининг хулосалари Вазирлик томонидан илмий йўналишларнинг истиқболини белгилаш, илмий ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришни давом эттириш ёки тўхтатиш бўйича қарорлар қабул қилиш учун асос ҳисобланади.

41. Коллегиал орган тақдим этилган ҳужжатлар асосида (билдиришнома, тадқиқот лойиҳалари тўғрисидаги ҳисобот), аниқланган ўзгаришлар ёки олинган натижалар кутилганидан ўзгача бўлса, илмий ва стартап лойиҳаларни келгусида молиялаштириш ёки уларнинг мақсадли параметрларини қайта расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Коллегиал орган тақдим этилган ҳужжатлар (ариза-хабарнома, ҳисобот илмий ва стартап лойиҳалар) асосида кутилган натижалардан фарқли ўлароқ, натижалар илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлмаганлиги аниқланган бўлса, илмий ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Илмий ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатиш ижрочи ташкилот ва Вазирлик ўртасидаги тузилган шартномани бекор қилиш учун асос бўлади.

42. Молиялаштирилиши тўхтатилган лойиҳалардан бўшаган маблағлар навбатдаги танловларга йўналтирилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

43. Илмий ва стартап лойиҳаларнинг ҳар бир ижрочиси фақат бир лойиҳада тўлиқ ставкада ёки икки лойиҳада ўриндош сифатида иштирок этиши мумкин, бунда уларнинг умумий улуши икки тўлиқ ставкадан ошмаслиги лозим.

44. Илмий лойиҳалар бўйича ғолиб талабгорлар ижрочи ташкилотларнинг раҳбарлари билан бир қаторда бажариладиган тадқиқотларнинг илмий-техник савияси, ҳисоботларни белгиланган муддатларда топширилиши, шунингдек, молиявий маблағларнинг самарали ва мақсадли сарф қилиниши учун шахсан жавоб берадилар.

45. Илмий лойиҳанинг раҳбари бошқа жойга ишга ўтган ҳолларда ушбу лойиҳанинг амалга оширилиш жойи (ижрочи ташкилот) ўзгартирилмайди.

46. Илмий лойиҳа бўйича ижрочи ташкилотнинг қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган фаолияти тўхтатилганда, мазкур ташкилотдаги илмий лойиҳалар йўналиши мос бошқа ташкилотга ўтказилади.

47. Ушбу низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

«Бўлажак олим» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Танлов доирасида илмий ғояларни шакллантириш, кўриб чиқиш ва танлаб олиш

Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Инновацион ривожланиш вазирлиги (Вазирлик) «Бўлажак олим» танлови доирасида иқтидорли ёшлар учун танлов эълон қилиш Бир йилда камида бир марта 2-босқич Танлов иштирокчиси Аниқ амалга ошириш механизмлари, муддати ва дастлабки натижалари кўрсатилган илмий ғояларни тақдим этиш Танлов эълон қилингандан сўнг бир ой муддатда 3-босқич Ёшлар академияси Ушбу Низомнинг талабларига мос равишда тўлиқ тақдим этилганлиги ва расмийлаштирилганлигини кўриб чиқиш ва муваффақиятли ўтган илмий ғоялар бўйича йиғма рўйхат шакллантириш ҳамда Танлов комиссиясига тақдим этиш Танловга ҳужжатларни қабул қилиш якунланган санадан бошлаб, 30 кун ичида 4-босқич Танлов комиссияси Талабгорлар илмий ғояларининг ҳимояси ўтказилиб, (презентация кўринишида ҳимоя қилишлари талаб этилади) якуний хулосага келиш Танлов комиссиясига йиғма рўйхат тақдим этилгандан сўнг 30 кун ичида 5-босқич Вазирлик Ғолиб талабгорларнинг илмий ғояларини амалга оширишлари учун Вазирликнинг тегишли буйруғини қабул қилиш Танлов комиссияси хулосаси расмийлаштирилгандан сўнг 10 кун ичида 6-босқич Вазирлик Танлов ғолибларини интернет нашрлари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилиш Вазирликнинг тегишли буйруғи қабул қилингандан сўнг 10 кун ичида

«Бўлажак олим» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Танлов доирасида илмий лойиҳаларни шакллантириш, кўриб чиқиш ва танлаб олиш

Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Инновацион ривожланиш вазирлиги (Вазирлик) «Бўлажак олим» танлови доирасида иқтидорли ёшлар учун танлов эълон қилиш Бир йилда камида бир марта 2-босқич Ёшлар академияси Танлов доирасида эълон қилинадиган илмий лойиҳа мавзуларини шакллантириш Йил давомида 3-босқич Танлов комиссияси Ёшлар академияси томонидан шакллантирилган илмий лойиҳа мавзуларини кўриб чиқиш ва эълон учун танлаб олиш Танлов эълон қилишдан 20 кун аввал Вазирлик Танлаб олинган мавзулар рўйхатини эълон қилиш Танлов эълон қилинган кундан бошлаб 4-босқич Ёшлар академияси Эълон қилинган илмий мавзулар асосида ёки ташаббускор илмий лойиҳаларни қабул қилиш Лойиҳалар қабул қилиш якунлангунча 5-босқич Ёшлар академияси Танлов доирасида қабул қилинган илмий лойиҳаларни ўрнатилган тартибда техник экспертиза жараёнини амалга ошириш Лойиҳалар қабул қилиш якунлангандан сўнг 15 кун ичида 6-босқич Тегишли фан йўналишлари бўйича экспертлар жамоаси Танлов доирасида қабул қилинган техник экспертиза натижаларига кўра илмий лойиҳаларни баҳолаш ва уларни кўриб чиқиш учун ўрнатилган тартибда илмий экспертиза жараёнини амалга ошириш Техник экспертиза якунлангандан сўнг 30 кун ичида 7-босқич Коллегиал орган Техник ва илмий экспертизада ижобий баҳоланган ва молиялаштиришга тавсия этилган илмий лойиҳаларининг якуний рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилиш Илмий экспертиза якунлангандан сўнг 10 кун ичида

«Бўлажак олим» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Танлов доирасида стартап лойиҳаларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш

Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Инновацион ривожланиш вазирлиги (Вазирлик) «Бўлажак олим» танлови доирасида иқтидорли ёшлар учун танлов эълон қилиш Бир йилда камида бир марта 2-босқич Танловда иштирок этмоқчи бўлган талабгорлар Аниқ амалга ошириш механизмлари, муддати ва дастлабки натижалари кўрсатилган стартап лойиҳаларни Ёшлар академиясига тақдим этиш Лойиҳаларни қабул қилиш якунлангунга қадар 3-босқич Танлов комиссияси Тақдим этилган аризаларнинг танлов шартларига мослиги, ҳаётга татбиқ этиш даражаси ва натижадорлиги юзасидан стартап лойиҳа тақдимоти Лойиҳалар қабул қилиш якунлангандан сўнг 20 кун муддатда 4-босқич Вазирликнинг тегишли бўлими Танлов комиссиясидан муваффақиятли ўтган стартап лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий экспертизасини ўтказиш 3-босқич якунлангандан сўнг 20 кун муддатда 5-босқич Коллегиал орган Стартап лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий экспертизаси натижаларига асосан стартап лойиҳани молиялаштириш ёки молиялаштирмаслик тўғрисидаги қарор қабул қилинади 4-босқич якунлангандан сўнг 10 кун муддатда

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 222-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ёш олимларни етакчи хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом олий таълим ва илмий ташкилотлар (кейинги ўринларда — буюртмачилар) томонидан тавсия этилган номзодларни етакчи хорижий илмий ташкилотлар (марказлар, университетлар ва бошқалар)га қисқа муддатли илмий стажировкаларга (кейинги ўринларда — стажировка) юбориш юзасидан танловларни ташкил этиш, ўтказиш, саралаш, молиялаштириш ва стажировка якуни бўйича ҳисобот тақдим этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

номзодлар — буюртмачилар томонидан стажировка ўташга юбориш мақсадида тавсия этиладиган, илмий ва инновацион фаолият турлари билан шуғулланадиган шахсларга бериладиган шахсий идентификация рақамига эга бўлган илмий, илмий-педагогик ва техник-муҳандис шу билан бирга, стажёр-тадқиқотчи, докторант, мустақил изланувчи ва таълим олувчи сифатида фаолият юритаётган талабгорлар;

махсус эксперт гуруҳи — стажировка ўташга юбориш бўйича саралаш танловларни ўтказиш, ғолиб ва рад этилган номзодлар тўғрисида хулоса олиш ҳамда ушбу жараённи мувофиқлаштириш ҳуқуқига эга Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги;

мақсадли танловлар — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ташаббусига кўра илм-фан соҳасида етакчи хорижий олий таълим ва илмий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тузилган англашув битимлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқларини амалга ошириш мақсадида эълон қилинадиган танловлар;

маълумот (ҳужжат)лар — буюртмачилар томонидан стажировка ўташга юбориш мақсадида тавсия этилган номзодлар тўғрисида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами;

буюртмачи — олий таълим ва илмий, шунингдек, инновацион соҳада фаолият юритадиган юридик шахс;

қабул қилувчи ташкилот — танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар стажировкага юбориладиган хорижий илмий муассаса ёки таълим ташкилоти;

махсус ахборот тизими — танловлар ва стажировкаларни ташкил этишнинг барча жараёнларида ахборотларнинг электрон шаклда алмашинувини таъминлайдиган комплекс — дастурий маҳсулот.

2 1 . Агентлик Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, қабул қилинган стратегиялари ҳамда устувор йўналишларидан келиб чиқиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва соҳа бўйича фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар орқали ҳамкорлик ўрнатиладиган қабул қилувчи ташкилотлар сонини кўпайтириш чораларини кўради.

3. Стажировка ўташга юбориш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) даврий равишда, календарь йилида камида бир маротаба 1 июлга қадар танлов эълон қилади.

Ҳужжатлар танлов эълон қилинган санадан бошлаб, камида бир ой давомида махсус ахборот тизими орқали қабул қилинади.

Ёш олимларни қабул қилувчи ташкилотларга стажировкаларга юбориш бўйича танловларни ташкил этиш, ўтказиш, саралаш ва молиялаштириш Агентлик ва Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) томонидан биргаликда амалга оширилади.

4. Стажировка якка тартибда ёки жамоавий шаклда бир ойдан олти ойгача бўлган муддатда ташкил этилиши мумкин.

Бир ойдан кам (15 календарь кундан кам бўлмаган) бўлган муддатга стажировка ўташга махсус эксперт гуруҳи хулосаси асосида маъқулланган тақдирда юборилади.

Стажировканинг шакли танловнинг эълон матнида кўрсатилади.

4 1 . Жамоавий стажировка қабул қилувчи ташкилот билан эришилган дастлабки келишувга мувофиқ ўтказилади.

Дастлабки келишув Вазирлик, Агентлик ва Жамғарма томонидан қабул қилувчи ташкилот ўртасида стажировкани ташкил этишни назарда тутувчи икки ва кўп томонлама ҳужжатни имзолаш орқали амалга оширилади.

4 2 . Якка тартибдаги стажировка буюртмачи ва қабул қилувчи ташкилот ўртасида эришилган дастлабки келишув асосида танлов натижаларига кўра ўтказилади.

4 3 . Стажировканинг бошланиш вақти танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир календарь йилдан ошиб кетмаслиги лозим.

Белгиланган муддатда стажировка ўташ бошланмаган тақдирда, илмий стажировка бекор қилинган деб ҳисобланади.

5. Стажировка ўташга тавсия этилаётган номзодларни мутахассислик фанидан чет тилида суҳбат ўтказиш, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим даражаси ва кўникмаларини аниқлаш юзасидан дастлабки саралаш танловини ўтказиш бевосита буюртмачилар томонидан амалга оширилади.

2-боб. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

1-§. Номзодларга қўйиладиган талаблар

6. Стажировка ўташга мутахассислик фани ва хорижий тилларни ўзининг иш фаолиятини амалга оширишда зарур бўлган даражада биладиган, ёши 20 дан 40 гача бўлган номзодлар юборилади.

7. Номзодлар бир йил давомида икки маротаба етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар) стажировка ўташга ғолиб сифатида маъқулланиши мумкин эмас.

8. Танловларда ғолиб деб топилган номзодлар стажировка ўтаб келгандан ҳамда мазкур стажировка бўйича ҳисобот тақдим этгандан сўнг навбатдаги календарь йилидаги эълон қилинган танловларга номзод сифатида тавсия этилиши мумкин.

2-§. Танловни эълон қилиш тартиби

9. Агентлик стажировкаларга юбориш бўйича танлов ҳақидаги эълонни танлов ўтказишдан камида бир ой олдин Агентликнинг расмий веб-сайти ва махсус ахборот тизимига жойлаштиради.

Танлов ҳақида Интернет жаҳон ахборот тармоғи, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳам эълон берилиши мумкин.

10. Танловни ўтказиш ҳақидаги эълонда қуйидагилар акс этиши зарур:

тақдим этиладиган маълумот (ҳужжат)ларнинг аниқ рўйхати, уларни қабул қилиш тартиби, муддатлари ва жойи;

танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

зарур маълумот (ҳужжат)лар рўйхати;

стажировка шакли ва йўналишлари.

3-§. Маълумот (ҳужжат)ларни қабул қилиш тартиби

11. Буюртмачилар стажировка ўташга тавсия этилган номзодлар тўғрисида Агентликка қуйидаги маълумот (ҳужжат)ларни тақдим этадилар:

мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги стажировка режаси;

буюртмачиларнинг коллегиал органи (илмий кенгаш, кенгаш, илмий-техникавий кенгаш, илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ва бошқа шаклларда бўлиши мумкин) қароридан кўчирма;

якка тартибдаги стажировкалар бўйича эълон қилинган танловда иштирок этиш учун номзод томонидан қўшимча равишда қабул қилувчи ташкилотнинг розилик (таклифнома) хати ва дастлабки келишув бўйича ҳужжат нусхаси ҳамда стажировка даврида амалга ошириладиган ишлар дастури тақдим этилади;

илмий даражаси (фан номзоди, PhD ва фан доктори), илмий унвонини (катта илмий ходим, доцент, профессор) тасдиқловчи диплом(лар)нинг нусхаси, агар мавжуд бўлса;

стажировканинг мақсадга мувофиқлиги, асосий вазифалари, кутилаётган натижалари ҳамда илмий фаолиятига таъсирини асословчи таҳлилий маълумотлар баён этилган асоснома;

хорижий тиллардан билим даражасини белгиловчи амалдаги миллий ёки халқаро сертификат (Миллий квалификация сертификати, IELTS, TOEFL ва шу кабилар, муддати ўтган ҳужжатлар бундан мустасно), агар мавжуд бўлса.

Номзодларнинг фуқаролик паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси нусхаси, олий таълим муассасасини тугатганлигини тасдиқловчи диплом маълумотлари ва фотосурати, хорижий тилларни билиш даражаси бўйича миллий сертификати «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда олинади.

12. Мақсадли танловларни ташкил этишда қабул қилувчи томонидан стажировка ўташ учун таклифнома (розилик) хати Агентлик номига юборилиши мумкин.

Бунда стажировка давомида амалга ошириладиган ишлар дастури Агентлик томонидан қабул қилувчи ташкилот ўртасида марказлашган ҳолда келишилиши мумкин.

13. Буюртмачилар номзодлар тўғрисидаги маълумот (ҳужжат)ларни тегишли тартибда расмийлаштирган ҳолда кузатув хати билан ушбу Низомнинг 11-бандида келтирилган кетма-кетликда махсус ахборот тизим орқали Агентликка тақдим этадилар.

14. Буюртмачилар раҳбарлари номзодларни тавсия этиш жараёнининг холислиги ва тақдим этилаётган маълумот (ҳужжат)ларнинг ҳаққонийлиги шу билан бирга тавсия этилган номзодларни саралаш, танловларда иштирокини таъминлаш учун шахсан жавоб берадилар.

4-§. Махсус эксперт гуруҳи фаолиятини ташкил этиш тартиби

15. Номзодларни танлов асосида саралаш мақсадида Агентлик томонидан махсус эксперт гуруҳ(лар)и ташкил қилинади.

16. Махсус эксперт гуруҳи Агентлик директорининг буйруғи асосида ҳар йили тузилади. Махсус эксперт гуруҳи раҳбари, раҳбар ўринбосари, котиб ва камида беш нафар тоқ сонли аъзолардан иборат бўлади.

17. Махсус эксперт гуруҳи таркибига ўз йўналишида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган, чет тилларини юқори даражада биладиган малакали (турли вазирлик, идоралар, олий таълим ва илмий ташкилотлар) мутахассислар киритилади. Махсус эксперт гуруҳига раҳбарлик қилиш вазифаси Агентлик директорига юклатилади.

Эксперт гуруҳи раҳбари, зарур ҳолларда қўшимча мутахассисларни (вазирлик, идоралар, олий таълим ва илмий ташкилотлар, шу жумладан ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлари мутахассисларини) эксперт сифатида (овоз бериш ҳуқуқи билан) саралаш, танловларга жалб қилиши мумкин.

18. Махсус эксперт гуруҳи йиғилишлари юзма-юз ёки сиртдан (сўров орқали), шу жумладан юзма-юз йиғилишлар онлайн режимда видеомулоқот шаклида ўтказилиши мумкин.

19. Махсус эксперт гуруҳи йиғилишини ўтказиш учун кворум унинг таркибининг учдан икки қисмини ташкил этиши лозим.

Махсус эксперт гуруҳи баённомалари гуруҳ раҳбари томонидан тасдиқланади ва иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.

20. Стажировкаларга юбориш орқали кадрлар тайёрлаш жараёнини жадал ривожлантириш ва сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш, олий таълим ва илмий ташкилотларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ундан республиканинг инновацион ривожланишида самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида махсус эксперт гуруҳи қуйидагиларга ҳақлидир:

1-босқич саралаш танловларда маълумот (ҳужжат)ларни тақдим этилмаган қисмини тўлдириш учун эълон қилинган танловлар муддатини узайтириш;

2-босқич саралаш танловларда стажировка дастурларини қайта тақдимот ҳимоясини ўтказишга рухсат бериш.

21. Махсус эксперт гуруҳининг барча аъзоларига йил якуни бўйича эришилган натижаларга мувофиқ Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик мукофот пули (барча солиқ ва мажбурий тўловларни ушлаб қолган ҳолда) берилади.

Мукофот пулини бериш (тайинлаш) Агентлик директорининг буйруғига мувофиқ амалга оширилади.

22. Махсус эксперт гуруҳининг фаолиятини унинг масъул котиби ташкил этади.

23. Махсус эксперт гуруҳи қабул қилган қарорларининг холислиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгардир.

3-боб. Саралаш танловларни ўтказиш ва стажировкага юбориш тартиби

24. Стажировкаларга юбориш бўйича келиб тушган маълумот (ҳужжат)ларни умумлаштириш, номзодларни саралаш танловини ташкил этиш ва ўтказиш тегишли бўлим томонидан амалга оширилади.

25. Жамғарманинг Кузатув кенгаши буюртмачиларнинг юқори турувчи вазирлик ва идораларининг асослантирилган таклифлари бўйича саралаш танлов ўтказмаган ҳолда қарор чиқаришга ҳақли.

Бунда тавсия этилган номзодларнинг малакаси ва унга қўйиладиган талаблар ижроси юзасидан бевосита вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.

26. Номзодлар тўғрисидаги маълумот (ҳужжат)лар 10 иш куни муддатида тегишли бўлим томонидан умумлаштирилиб, махсус эксперт гуруҳига хулоса олиш учун киритилади.

27. Саралаш танловлар икки босқичда ўтказилади. Махсус эксперт гуруҳининг қарори унинг аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Махсус эксперт гуруҳи раҳбарининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

28. Махсус эксперт гуруҳи киритилган маълумот (ҳужжат)ларга асосан камида бир ойлик муддатда икки босқичда қуйидаги тартибда номзодларнинг саралаш танловларини ўтказади.

Саралаш танловларнинг 1-босқичида киритилган маълумот (ҳужжат)лар ушбу Низомнинг 11-бандига мос равишда тўлиқ тақдим этилганлиги ва расмийлаштирилганлиги кўриб чиқилади.

Саралаш танловларнинг 1-босқичи якунлари бўйича маълумот (ҳужжат)лари тақдим этилган номзодлар бўйича саралаш танловнинг 2-босқичида иштирок этишга ўтказилган номзодлар тўғрисида йиғма рўйхат шакллантирилади.

Махсус эксперт гуруҳининг саралаш танловларнинг 1-босқичи натижалари бўйича қабул қилинган қарори Агентлик веб-сайти ва махсус ахборот тизимига жойлаштирилади.

Танлов шартларига мувофиқ номзодлар камида 3 кун олдин махсус ахборот тизими орқали танловнинг кейинги босқичига ўтганлиги, суҳбат ўтказилиш вақти ва манзили ҳақида хабардор қилинади.

Саралаш танловларнинг 2-босқичида номзодлар ўз стажировка дастурларини чет тилида тақдимот (презентация) кўринишида ҳимоясини ўтказадилар.

Саралаш танловлар даврида тақдимот ҳимоясида иштирок этмаган (келмаган) номзодларнинг ҳужжатлари махсус эксперт гуруҳининг қарорига асосан рад этилиши мумкин.

Тақдимот ҳимоясида номзодлар танланган тадқиқот ишини қисқа, лўнда ва асосланган ҳолда очиб бериши ҳамда пухта тайёргарлик кўрган ҳолда иштирок этишлари талаб этилади.

Бунда Махсус эксперт гуруҳи тақдимот натижаларига асосан якуний хулоса тайёрлашда қуйидаги мезонларга амал қилади:

хорижий тилларни ўзининг иш фаолиятини амалга оширишда зарур бўлган даражада билиши ва қўллай олиши — 30 баллгача;

стажировка мақсад ва вазифаларининг долзарблиги ҳамда илмий ёки иқтисодий самарадорлиги — 40 баллгача;

стажировканинг олий таълим ва/ёки илмий ташкилотнинг йўналишлари, эҳтиёжлари ва талабларига мослиги — 30 баллгача.

Тақдимот натижаларига асосан камида 60 балл тўплаган номзодлар Махсус эксперт гуруҳи қарори билан ғолиб деб топилади.

29. Ғолиб номзодларнинг стажировка учун талаб этиладиган маблағлари (транспорт, яшаш, овқатланиш ва бошқа харажатлар) Агентлик томонидан кўриб чиқилгандан сўнг махсус эксперт гуруҳининг якуний хулосаси расмийлаштирилади.

Бунда стажировкага юбориш харажатлари бўйича тегишли асословчи ҳужжатлар номзодлар томонидан Агентликга тақдим этилиши лозим.

30. Иккинчи босқич танлов ғолиблари тўғрисида ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда тузиладиган якуний хулоса Кузатув кенгашида тасдиқлаш учун Жамғармага киритилади.

31. Саралаш танловларнинг 2-босқичи натижалари Агентликнинг расмий веб-сайти ва махсус ахборот тизимига жойлаштириш орқали эълон қилинади.

Ғолиб номзодларни стажировка ўташга юбориш Жамғарма томонидан танлов якунига мувофиқ Жамғарма Кузатув кенгашининг тегишли қарори қабул қилингандан сўнг амалга оширилади.

Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

32. Агентлик стажировка бўйича саралаш танловларнинг ҳаққонийлигига ва белгиланган муддатларда амалга оширилишига жавобгардир.

4-боб. Стажировкаларни молиялаштириш тартиби

33. Стажировкаларга юбориш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

34. Стажировкаларни молиялаштириш тегишли молия йили учун Жамғарманинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатларининг прогноз параметрларида назарда тутилади.

35. Махсус эксперт гуруҳининг якуний хулосасига мувофиқ саралаб олинган номзодларнинг стажировкаси билан боғлиқ харажатлар Жамғарманинг тегишли молия йилида ушбу мақсадлар учун режалаштирилган маблағлари доирасида бўлиши зарур.

36. Вазирлик ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли ишлатилишини йўлга қўйиш мақсадида стажировка билан боғлиқ харажатларни қисқартириш ва оптималлаштириш ҳуқуқига эга.

37. Стажировкалар бўйича харажатлар Агентлик, Жамғарма ижро этувчи дирекцияси, Буюртмачи ҳамда етакчи хорижий илмий ташкилот ўртасидаги шартнома билан тартибга солинадиган стажировка шартлари, талаблари ва муддатларига мувофиқ амалга оширилади.

38. Стажировкаларга юбориш билан боғлиқ талаблар ва харажатлар ўрнатилган тартибда тузиладиган шартнома, жўнаб кетиш (келиш) санаси ва бошқаларга асосан ўзгариши мумкин.

Бунда номзодлар томонидан режалаштирилган стажировканинг давомийлик муддати Махсус эксперт гуруҳида тасдиқланган стажировка муддатидан ошмаслиги шарт.

39. Стажировка ўташ даврида Жамғарма ажратилган маблағларда оқилона ва мақсадли фойдаланиш ҳамда харажатлар сметасига қатъий риоя этган ҳолда сарфланиши учун Буюртмачи ва номзодлар жавобгар ҳисобланади.

5-боб. Стажировка якуни бўйича ҳисобот тақдим этиш тартиби

40. Стажировка якуни бўйича молиявий ва илмий ҳисоботлар тақдим этилади.

41. Стажировка ўташ учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш юзасидан молиявий ҳисобот буюртмачилар томонидан тасдиқланган ва тегишли ҳужжатлар, шу жумладан, харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ғолиб номзодлар стажировка ўтаб келган кундан бошлаб 10 иш кунида қоғоз ва электрон шаклда Жамғармага тақдим этилади.

Бунда ҳисобот маълумотларига асосан белгиланган тартибда ишлатилмаган (иқтисод қилинган ва мақсадсиз сарфланган) маблағлар стажировка якунланган кундан бошлаб 25 иш кунида Жамғармага қайтарилиши шарт.

42. Стажировка харажатлари шартномада кўзда тутилган маблағ миқдоридан ошиб кетган ҳолларда, ҳақиқий харажатлар Буюртмачи томонидан қопланади.

43. Стажировка якуни бўйича ғолиб номзодлар томонидан стажировка ўтаб келган кундан бошлаб 10 иш кунида илмий ҳисобот тайёрланади.

44. Илмий ҳисобот буюртмачиларнинг коллегиал органига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритилади.

45. Илмий ҳисобот тасдиқланмаган тақдирда ёш олимнинг стажировка даврида ишлатилган маблағлари унинг иш ҳақидан ушлаб қолиниб, Буюртмачи томонидан Жамғармага ўтказиб берилади.

46. Тасдиқланган илмий ҳисобот ва коллегиал орган қарори нусхаси буюртмачилар расмий кузатув хатига илова қилинган ҳолда коллегиал орган қарори чиққан кундан бошлаб 10 иш кунида махсус ахборот тизими орқали Агентликка тақдим этилади.

47. Ғолиб номзодлар стажировка ўтаб келган илмий-тадқиқот ишлари натижалари бўйича хорижий илмий анжуманларда маъруза билан иштирок этиши ва халқаро тан олинган маълумотлар базасидаги етакчи илмий журналларда нашр қилиши, шу билан бирга, камида бир йил давомида Агентлик томонидан ташкил этиладиган ва бошқа тадбирларда стажировка даврида тўпланган тажрибалар ва олган билим ва кўникмалари борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этиши лозим.

48. Ҳисобот ва маълумотлар ҳаққонийлиги юзасидан буюртмачилар раҳбарлари жавоб берадилар.

6-боб. Якунловчи қоидалар

49. Агентлик ва Жамғарма буюртмачилардан стажировкага юбориш ва якуний ҳисоботлар юзасидан киритилган маълумот (ҳужжат)лар бўйича қўшимча маълумотларни сўраб олишга ҳақлидир.

50. Стажировка ўташ мобайнида танлов ғолибларининг белгиланган тартибда иш жойи ва лавозими шу жумладан, стипендия ёки ўртача иш ҳақи сақланиши лозим.

51. Махсус эксперт гуруҳининг саралаш танловларни ўтказиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорлари бўйича манфаатдор шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

52. Мазкур Низом билан тартибга солинмаган муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари асосида ҳал қилинади.

53. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ёш олимларни етакчи хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга (марказлар, университетлар ва бошқалар) қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш

Т/р Фамилияси, исми, отасининг исми Иш жойи ва лавозими (олий таълим ёки илмий ташкилот номи) Стажировка мақсад ва вазифалари Стажировка ўтказиладиган давлат, қабул қилувчи ташкилотлар Стажировка давомийлиги Стажировка учун талаб этиладиган маблағлар (транспорт, яшаш, овқатланиш ва бошқа харажатлар ҳар бири алоҳида кўрсатилиши зарур) Фан йўналиши Кутилаётган натижалар 1. 2... Изоҳ. Стажировка учун талаб этиладиган маблағлар устуни маълумотлари олий таълим ёки илмий ташкилотлар бухгалтерия ҳисоби ходимлари томонидан тўлдирилади . Олий таълим муассасаси ёки илмий ташкилот раҳбари (ўринбосари) (Имзо) Ф.И.О М.Ў.

Ёш олимларни етакчи хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ёш олимларни етакчи хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш мақсадида танловларни ташкил этиш, ўтказиш, саралаш, молиялаштириш ва стажировка якуни бўйича ҳисобот тақдим этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Инновацион ривожланиш агентлиги (Агентлик) Республикадаги ёш олимларни стажировкаларга юбориш бўйича Агентлик веб-сайти ва махсус ахборот тизимида танлов тўғрисида эълон жойлаштиради. Танлов бошланишидан камида бир ой олдин 2-босқич Юборувчи ташкилотлар 1. Номзодлар рўйхатини шакллантириш ва дастлабки саралаш танловини ўтказади. 2. Номзодлар тўғрисида маълумот ва ҳужжатларни йўлланма хати билан махсус ахборот тизими орқали Агентликка тақдим этади. Танловда белгиланган муддатда 3-босқич Агентлик Номзодларни саралаб олиш учун Агентлик ҳузурида Махсус эксперт гуруҳини тузади. Ҳар йили январь ойида 4-босқич Махсус эксперт гуруҳи Номзодларнинг саралаш танлов босқичларини ўтказиб, якуний хулосани Агентликка тақдим этади. Камида бир ой муддатда 5-босқич Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгаши Ғолиб номзодлар стажировкасини молиялаштириш мақсадида Жамғарма Кузатув кенгашининг тегишли қарорини қабул қилади. Агентлик йўлланма хати киритилгандан сўнг камида бир ой муддатда 6-босқич Агентлик Танлов ғолибларини Агентликнинг расмий веб-сайти ва махсус ахборот тизимида эълон қилади. 5-босқич якунлангандан сўнг камида ўн кун муддатда 7-босқич Юборувчи ташкилотлар Стажировка якуни бўйича молиявий ва илмий ҳисоботлар тақдим этади. Молиявий ҳисобот: стажировка ўтаб келган кундан ўн иш кунида; Илмий ҳисобот: коллегиал орган қарори чиққан кундан ўн иш кунида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 19 апрель,

222-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.04.2021 й., 09/21/222/0344-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2021 й., 06/21/6269/0704-сон; 06.01.2026 й., 09/26/840/0012-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

NIZOM

SXEMASI

SXEMASI

SXEMASI

NIZOM

REJASI

SXEMASI

Ilmiy va innovatsion faoliyat bilan shugʻullanib kelayotgan iqtidorli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Yoshlarni qoʻllab-quvvatlash va aholi salomatligini mustahkamlash yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2021-yil 3-fevraldagi PF-6155-son Farmoni ijrosini taʼminlash, hududlarda ilmiy va innovatsion faoliyat bilan shugʻullanib kelayotgan iqtidorli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash, nufuzli ilmiy maktablarni shakllantirish hamda ularning ilmiy salohiyatini yanada oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 3-fevraldagi PF-6155-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Yoshlarni qoʻllab-quvvatlash va aholi salomatligini mustahkamlash yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturining 166-bandida:

hududlarda ilmiy va innovatsion faoliyat bilan shugʻullanib kelayotgan iqtidorli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash, nufuzli ilmiy maktablarni shakllantirish, ularning ilmiy salohiyatini oshirish, soddalashtirilgan tartibda yoshlarning ilmiy va startap loyihalarini moliyalashtirish maqsadida ilmiy dasturni amalga oshirish uchun ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari mablagʻlari hisobidan 50,0 mlrd soʻm mablagʻ yoʻnaltirilishi;

yoshlar uchun eʼlon qilinadigan startap loyihalari tanlovi talablarining soddalashtirilgan tizimi ishlab chiqilishi;

2021-yildan boshlab iqtidorli yoshlar oʻrtasida “Akademik harakatchanlik” dasturi va “Boʻlajak olim” tanlovi tashkil qilinishi;

stajyor-tadqiqotchilik, tayanch doktorantura va doktoranturaga qabul kvotalari bosqichma-bosqich oshirilishi;

iqtidorli yoshlarning ilmiy gʻoyalarini ragʻbatlantirish, ularning xorijiy universitetlar va ilmiy markazlarga qisqa muddatli stajirovkalari tashkil etilishi;

yoshlarga ilmiy tashkilotlar, oliy taʼlim muassasalari, shuningdek, vazirlik, idora va tashkilotlar huzuridagi ilmiy tuzilmalardagi zamonaviy ilmiy asbob-uskunalardan foydalanish huquqi berilishi nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

“Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida respublikadagi yosh olimlar oʻrtasida tanlovlarni tashkil qilish muddati va tartibi, loyihalarga qoʻyilgan talablar, loyihalarni koʻrib chiqish boʻyicha ishchi guruh faoliyatini tashkil etish, loyihalarni koʻrib chiqish, tanlab olish va amalga oshirish, shuningdek, ularni moliyalashtirish va monitoringini yuritish tartibini nazarda tutuvchi “Akademik harakatchanlik” dasturini shakllantirish, amalga oshirish, moliyalashtirish va monitoring qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

ilmiy gʻoya, ilmiy va startap loyihalarni shakllantirish va ularni koʻrib chiqib, tanlab olish, tanlov komissiyasi faoliyatini tashkil etish, loyihalarni moliyalashtirish va monitoring qilish tartibini nazarda tutuvchi “Boʻlajak olim” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;

yosh olimlarni yetakchi xorijiy ilmiy tashkilotlarga qisqa muddatli ilmiy stajirovkalarga yuborish boʻyicha tanlovlarni tashkil etish va oʻtkazish tartibi, nomzodlarga qoʻyiladigan talablar, tanlovni oʻtkazish uchun maxsus ekspert guruhi faoliyatini tashkil etish, tanlov gʻoliblarini stajirovkaga yuborish, stajirovkalarni moliyalashtirish, uning yakuni boʻyicha hisobot taqdim etish tartibini nazarda tutuvchi Yosh olimlarni yetakchi ilmiy tashkilotlarda qisqa muddatli ilmiy stajirovkalar oʻtash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Belgilansinki:

“Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida respublika hududidagi oliy taʼlim muassasalari, ilmiy tashkilotlar va laboratoriyalarga qisqa muddatli stajirovkalarni amalga oshirish xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligiga ilm-fan va ilmiy faoliyat sohasini moliyalashtirish uchun ajratilgan budjet mablagʻlari doirasida tegishli shartnomaga asosan moliyalashtiriladi;

Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi 2021-yildan boshlab “Boʻlajak olim” tanlovini tashkil etish va moliyalashtirish uchun har yili ilmiy faoliyatga oid davlat dasturi doirasida ajratiladigan mablagʻlar hisobidan 50 mlrd soʻmdan kam boʻlmagan miqdorda mablagʻ ajratadi;

iqtidorli yoshlarni xorijiy oliy taʼlim muassasalar va ilmiy tashkilotlarga qisqa muddatli stajirovkalarini moliyalashtirish tegishli moliya yili uchun Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasining kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadigan daromadlar va xarajatlarining prognoz parametrlarida nazarda tutiladi;

Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan “Akademik harakatchanlik” dasturini amalga oshirish boʻyicha oʻtkaziladigan tanlov natijalariga muvofiq gʻoliblarga taqsimotga asosan ilmiy tashkilotlar, oliy taʼlim muassasalari, shuningdek, vazirlik, idora va tashkilotlar huzuridagi ilmiy tuzilmalarning zamonaviy asbob-uskunalaridan foydalanish huquqi beriladi;

stajyor-tadqiqotchilik, tayanch doktorantura va doktoranturaga Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga qabul kvotasi, qoida tariqasida, tegishli oʻquv yili uchun tasdiqlangan oliy taʼlim muassasalariga davlat buyurtmasi asosida magistratura mutaxassisliklariga oʻqishga qabul qilish umumiy parametrlarining 30 foizidan kam boʻlmagan miqdorda belgilanadi;

mazkur qaror ijrosini taʼminlash bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlarni budjet mablagʻlari hisobidan moliyalashtirish 2021-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi, 2022-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi:

2021-yildan boshlab har yili kamida bir marotaba respublikadagi ilmiy va innovatsion faoliyat bilan shugʻullanib kelayotgan iqtidorli yoshlar oʻrtasida “Boʻlajak olim” va “Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida tanlovlarni tashkil etsin;

iqtidorli yoshlarni xorijiy oliy taʼlim muassasalar va ilmiy tashkilotlarga qisqa muddatli stajirovka oʻtashga davriy ravishda, tanlov asosida, har yili kamida bir marotaba yuborishni tashkil etsin;

tashkil etiladigan tanlovlar gʻoliblari tomonidan taqdim etilgan loyihalarni bajarish jarayoni, kalendar ish rejasi amalga oshirilishini doimiy nazorat qilib borish choralarini koʻrsin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining maslahatchisi — IT-texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va innovatsion faoliyatni rivojlantirish masalalari departamenti boshligʻi O.M. Umarov va Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vaziri I.Yu. Abdurahmonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 19-apreldagi 222-son qaroriga 1-ILOVA

“Akademik harakatchanlik” dasturini shakllantirish, amalga oshirish, moliyalashtirish va monitoring qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom ilmiy va innovatsion faoliyat bilan shugʻullanib kelayotgan iqtidorli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash, jumladan ularga vazirlik, idora va tashkilotlar tizimidagi ilmiy tashkilot va oliy taʼlim muassasalarining noyob ilmiy obyektlari, zamonaviy ilmiy laboratoriya va tajriba-konstruktorlik byurolaridan tekin foydalanish huquqini berish boʻyicha “Akademik harakatchanlik” dasturini (keyingi oʻrinlarda — “Akademik harakatchanlik” dasturi) shakllantirish, amalga oshirish, moliyalashtirish va monitoring qilish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

“Akademik harakatchanlik” dasturi — yosh olimlarning oʻz ish joyidan ajralmagan holda, Oʻzbekiston Respublikasi hududida oʻtkaziladigan ilmiy tadbirlarda ishtirok etish, ilmiy-tadqiqot ishi boʻyicha loyihalarni (keyingi oʻrinlarda — loyiha) amalga oshirish, shuningdek, tajriba almashishni nazarda tutuvchi dastur;

yosh olim — ilmiy va innovatsion faoliyat bilan shugʻullanayotgan ilmiy darajasi, unvoni, lavozimi va ish joyidan qatʼi nazar, 40 yoshdan oshmagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi;

qabul qiluvchi tashkilot — noyob ilmiy obyektlari, ilmiy asbob-uskunalar, ilmiy laboratoriyalar va tajriba-konstruktorlik byurolariga ega boʻlgan, loyiha amalga oshirilishi nazarda tutilgan ilmiy tashkilotlar va oliy taʼlim muassasalari;

ishchi guruh — Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligida (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tuziladigan “Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida respublikadagi yosh olimlar oʻrtasida tanlovlarni oʻtkazish, nomzodlar toʻgʻrisida xulosa olish hamda ushbu jarayonni muvofiqlashtirish ishlarini tashkil etuvchi guruh.

2-bob. Tanlov tashkil etish tartibi

3. “Akademik harakatchanlik” dasturini bir oydan kam (15 kalendar kundan kam boʻlmagan) boʻlgan muddatda amalga oshirishga ishchi guruhning ijobiy xulosasi asosida ruxsat beriladi.

4. Vazirlik “Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida respublikadagi yosh olimlar oʻrtasida har yili kamida bir marotaba tanlov (keyingi oʻrinlarda — tanlov) tashkil qiladi.

5. “Akademik harakatchanlik” dasturi olti oygacha boʻlgan davr mobaynida belgilangan muddatlarda amalga oshiriladi.

6. Vazirlik tanlov boshlanishidan kamida bir oy oldin oʻz rasmiy veb-saytida tanlov toʻgʻrisida eʼlon beradi. Unda arizalarni shakllantirish, roʻyxatdan oʻtkazish va topshirish tartibi, muddati va talablari koʻrsatiladi.

7. Nomzodlar tanlovda ishtirok etish uchun oʻzi faoliyat yuritayotgan ilmiy tashkilot yoki oliy taʼlim muassasasining yoʻllanma xati orqali loyihani Vazirlikka taqdim etadi.

8. Loyihada quyidagilar nazarda tutilgan boʻlishi lozim:

ilmiy-tadqiqot ishining mavzusi va dolzarbligi;

ilmiy-tadqiqot ishining obyekti, predmeti, maqsad va vazifalari, kutilayotgan ilmiy natijalar;

nashr etgan ilmiy ishlari roʻyxati (mavjud boʻlsa);

qabul qiluvchi tashkilot tomonidan Vazirlik nomiga taqdim etilgan rozilik xati;

ilmiy laboratoriya yoki tajriba-konstruktorlik byurolarida ilmiy-tadqiqot olib borishning zarurati, muddati va zarur uskuna, material va reaktivlar.

9. Nomzodlarning loyihalari ular faoliyat yuritayotgan muassasalarning ilmiy yoki ilmiy-texnik kengashlari tomonidan tasdiqlangan boʻlishi lozim.

10. Nashr etilgan ilmiy ishlar roʻyxati nomzodning ilmiy rahbari tomonidan tasdiqlanadi.

11. Loyihaga nomzodning maʼlumotnoma-obyektivkasi (anketa) ilova qilinadi.

12. Tanlovga loyiha hujjatlarini taqdim etish muddati tugagandan soʻng taqdim etilgan loyihalar koʻrib chiqilmaydi.

13. Loyihalarni shakllantirish va ularni ishchi guruh tomonidan koʻrib chiqish hamda tanlab olish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

3-bob. Ishchi guruh faoliyatini tashkil etish tartibi

14. Vazirlik tomonidan har yili tanlovlar oʻtkazilishidan kamida bir oy oldin loyihalarni koʻrib chiqish uchun ishchi guruh tuziladi.

15. Ishchi guruh oʻz yoʻnalishida kamida 2 yil mehnat stajiga ega boʻlgan yuqori malakali (turli vazirlik, idoralar, ilmiy va ilmiy tadqiqot muassasalaridan ham kelishuv asosida jalb etilishi mumkin) kamida 7 nafar toq sonli aʼzolardan iborat tarkibda tuziladi. Ishchi guruhga raislik qilish vazifasi vazir oʻrinbosari darajasidagi rahbarga yuklatiladi.

Bunda ishchi guruh raisi, zarur hollarda, tor ixtisoslashuvdagi qoʻshimcha mutaxassislarni (shu jumladan, ishlab chiqarish tashkilotlari mutaxassislarini) loyihalarni koʻrib chiqish jarayoniga jalb qilishi mumkin.

16. Ishchi guruh yigʻilishi, unda uning aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi (kvorum) ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi.

Yigʻilishni oʻtkazish uchun kvorum shakllanmagan taqdirda, ishchi guruhning yigʻilishi oʻtkaziladigan sana eʼlon qilinadi.

Ishchi guruhning aʼzolari oʻz yigʻilishlarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama qilish va hal qilishda oʻz vakolatini boshqalarga oʻtkazish huquqiga ega emas.

17. Ishchi guruh yigʻilishida qabul qilingan qaror yigʻilish bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Bayonnoma ishchi guruh aʼzolari orasidan tanlab olingan kotib tomonidan imzolanadi hamda yigʻilishga raislik qiluvchi tomonidan tasdiqlanadi.

18. Bayonnoma asosida gʻolib va rad etilgan nomzodlar boʻyicha natijalar Vazirlik veb-saytida joylashtiriladi hamda innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻi qabul qilingandan soʻng gʻolib nomzodlarning loyihalari amalga oshiriladi.

4-bob. Loyihalarni ishchi guruh tomonidan koʻrib chiqish va tanlab olish tartibi

19. Tanlov doirasida loyihalar qabul qilinishi yakunlangandan soʻng 20 kun muddat ichida ishchi guruh tomonidan koʻrib chiqiladi va tanlab olinadi.

20. Ishchi guruh tomonidan nomzodlarning loyihalar himoyasi (taqdimot koʻrinishida) oʻtkazilib, yakuniy xulosaga kelinadi.

21. Loyiha quyidagi mezonlar asosida baholanadi:

loyiha mavzusining mamlakat fan va texnologiyalarini rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlariga mosligi — 15 ballgacha;

loyiha mavzusining yangiligi va dolzarbligi — 15 ballgacha;

noyob ilmiy obyektlar, ilmiy laboratoriya va tajriba-konstruktorlik byurolarida oʻtkaziladigan tajribalardan kutilayotgan natijalarning ilmiy samaradorligi — 15 ballgacha;

nomzod tomonidan taqdim etilgan Loyihani amalga oshirish kalendar ish rejasining puxta ishlab chiqilganligi — 25 ballgacha;

Loyihani amalga oshirish uchun talab etiladigan xarajatlarning asoslanganligi — 15 ballgacha;

nomzodning ilmiy darajasi — 15 ballgacha (fan doktoriga 15 ball, falsafa doktoriga 10 ball va izlanuvchiga 5 ball).

22. Loyihalar ishchi guruh qarori bilan 50 dan yuqori ball toʻplagan nomzodlar gʻolib deb topilishi mumkin.

23. Tanlov gʻoliblariga sertifikat beriladi.

Sertifikatning amal qilish muddati loyihaning amalga oshirish muddatlari bilan bir xil davrda belgilanadi.

5-bob. Gʻoliblar tomonidan loyihalarni amalga oshirish tartibi

24. Vazirlik tomonidan “Akademik harakatchanlik” dasturini amalga oshirish boʻyicha tanlov natijalariga muvofiq gʻoliblarga kelishuvga asosan qabul qiluvchi tashkilotlar tomonidan asossiz ravishda loyihaning rad etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

25. Vazirlik loyihaning amalga oshirish kalendar rejasini qabul qiluvchi tashkilot bilan kelishilgan holda tasdiqlanishini taʼminlaydi.

26. Gʻolib yosh olim tomonidan loyihani amalga oshirish jarayonida qabul qiluvchi tashkilotga quyidagi majburiyatlar yuklatiladi:

loyihani amalga oshirish uchun zarur shart-sharoitlarni yaratish;

ushbu jarayonga ilmiy rahbar (maslahatchi) tayinlash;

noyob ilmiy obyektlar, ilmiy laboratoriya va tajriba-konstruktorlik byurolarining ilmiy asbob-uskunalaridan foydalanish uchun mutaxassis biriktirish;

loyiha doirasida dala yoki sanoat tajribalarini oʻtkazishga koʻmaklashish;

mavjud axborot-resurs bazalari, kutubxonalar va ilmiy fonddan foydalanish imkoniyatini yaratish;

ilmiy-tadqiqot ishlari natijalarini tahlil qilish va hisobotlar tayyorlashda koʻmaklashish;

tegishli kafedralarda (boʻlimlarda) loyihaning olib borilishi yuzasidan ilmiy xodim hisobotlarni koʻrib chiqish va zarur yoʻllanmalar berib borish.

27. Qabul qiluvchi tashkilot tomonidan tayinlangan ilmiy rahbar (maslahatchi)ning vazifalari quyidagilar hisoblanadi:

gʻolib yosh olim bilan birgalikda loyihani amalga oshirish kalendar ish rejasini ishlab chiqish va uning oʻz vaqtida amalga oshirilishini nazorat qilish;

gʻolib yosh olimga ilmiy-tadqiqot ishini olib borishi uchun zarur boʻlgan maslahatlar berib borish;

loyihani amalga oshirish jarayonlari qayd etilgan jurnalni tasdiqlab borish.

28. Gʻolib yosh olimning majburiyatlari quyidagilardan iborat:

qabul qiluvchi tashkilotning ichki mehnat tartibi va texnika xavfsizligi qoidalariga rioya qilish;

qabul qiluvchi tashkilotning moddiy-texnika bazasidan oqilona va samarali foydalanish;

loyihani amalga oshirish jarayonlarini qabul qiluvchi tashkilot tomonidan tasdiqlangan va muhrlangan jurnalda qayd etib borish;

ilmiy-tadqiqot natijalari asosida kamida bitta ilmiy maqolani nufuzli xorijiy (imkon qadar impakt faktorga ega boʻlgan) jurnallarda chop etish;

ilmiy rahbar (maslahatchi)ning koʻrsatmalariga qatʼiy amal qilish va kafedra (boʻlim) yigʻilishlarida bajarilgan ishlar toʻgʻrisida hisobot berib borish.

6-bob. Loyihalarni moliyalashtirish va uning monitoringi

29. Gʻolib yosh olimlarning “Akademik harakatchanligi” dasturi doirasida loyihani bajarish boʻyicha xarajatlarni qoplash ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlarini moliyalashtirish uchun ajratilgan budjet mablagʻlari hisobidan ishchi guruh xulosasiga muvofiq innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻi hamda Vazirlik, gʻolib yosh olim faoliyat yuritayotgan muassasa va qabul qiluvchi tashkilot oʻrtasida tuziladigan uch tomonlama shartnoma boʻyicha moliyalashtirish amalga oshiriladi.

30. Loyiha xarajatlari quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

xizmat safarlari xarajatlari (transport, yashash va ovqatlanish xarajatlari);

noyob ilmiy obyektlar, ilmiy laboratoriya va tajriba-konstruktorlik byurolari moddiy-texnika bazasidan foydalanish xarajatlari (kommunal toʻlovlar, kimyoviy reaktivlardan foydalanish xarajatlari va boshqalar). Bunda tashkiliy uskunalarni sotib olish (kompyuter, printer va boshqalar) hisobga olinmaydi;

qoʻshimcha xarajatlar (asoslantirilgan holda umumiy mablagʻning 15 foizidan koʻp boʻlmagan holda);

ilmiy rahbar (maslahatchi)ga har oyda toʻlanadigan ish haqi toʻlovlari (katta ilmiy xodim ish haqining 0,5 baravarigacha).

Talab qilinadigan mablagʻlarning umumiy hajmi bazaviy hisoblash miqdorining 200 baravaridan oshmasligi lozim.

31. Ushbu Nizomning 30-bandida koʻzda tutilgan xarajatlar Vazirlikka ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlarini moliyalashtirish uchun ajratilgan budjet mablagʻlari hisobidan belgilangan tartibda, gʻolib yosh olim faoliyat yuritayotgan tashkilotga tanlov natijalari boʻyicha gʻolib boʻlgan yosh olimning “Akademik harakatchanlik” dasturini amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash maqsadida moliyalashtiriladi.

32. Gʻolib yosh olim faoliyat yuritayotgan muassasaga “Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida ajratilgan va moliya yili davomida foydalanilmay qolgan qoldiqlari yil oxirida budjetga qaytariladi.

33. Gʻolib yosh olimning asosiy ish joyidagi lavozimi va oylik ish haqi loyihani bajarish davomida saqlanib qolinadi.

34. “Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida bajariladigan loyihalarni muvofiqlashtirish, kalendar ish rejasining bajarilishini monitoring qilish gʻolib yosh olim faoliyat yuritayotgan tashkilotlarning ilm-fan va innovatsiyaga masʼul boʻlgan rahbar oʻrinbosari tomonidan olib boriladi.

35. Loyihaning amalga oshirilishi monitoring natijalariga koʻra yosh olim faoliyat yuritayotgan yoki qabul qiluvchi tashkilotlar tashabbusi bilan loyihani moliyalashtirish quyidagi hollarda Vazirlik tomonidan toʻxtatilishi mumkin:

gʻolib yosh olim tomonidan loyiha umuman yoki tegishli darajada (rejadan ortda qolish, rejaning bir nechta bandlari) bajarilmayotgan boʻlsa;

ilmiy-tadqiqot ishlari jarayonida natijaga erishish mumkin emasligi maʼlum boʻlsa;

qabul qiluvchi tashkilotning ichki tartib-qoidalarini ikki va undan ortiq marta qoʻpol tarzda buzish holatlari kuzatilsa;

gʻolib yosh olimga bogʻliq boʻlmagan holda tajriba-konstruktorlik va texnologiya ishlarini bajarish jarayonida ishni davom ettirish mumkin emasligi yoki maqsadga muvofiq emasligi maʼlum boʻlsa.

36. Loyiha bajarilishi yakunlanganidan soʻng qabul qiluvchi tashkilot va gʻolib yosh olim oʻrtasida loyihani amalga oshirish xarajatlari koʻrsatilgan holda bajarilgan ishlar boʻyicha dalolatnoma tuziladi.

37. Gʻolib yosh olim “Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida olib borilgan loyiha natijalari hisoboti faoliyat yuritayotgan muassasa rahbari tomonidan tasdiqlangan holda ilmiy, ilmiy-texnik kengashda muhokama qilingani haqidagi yigʻilish bayonnoma koʻchirmasi, ajratilgan mablagʻlarning sarflanganligi boʻyicha hisobot Vazirlikka taqdim etiladi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

38. Ilgari “Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida gʻolib boʻlgan yosh olimlarning keyingi tanlovlarga aynan shu loyiha bilan ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

39. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan nomzod natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab oʻn besh kalendar kun ichida Vazirlikka apellyatsiya berish huquqiga ega. Apellyatsiya yozma ravishda taqdim etiladi.

Ishchi guruh bir hafta muddatda kiritilgan apellyatsiyani koʻrib chiqadi va Vazirlik belgilagan muddatda talabgorga qabul qilingan qaror haqida yozma ravishda xabar beradi.

40. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

“Akademik harakatchanlik” dasturini shakllantirish, amalga oshirish, moliyalashtirish va monitoring qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

“Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida tashkil etiladigan tanlov uchun ilmiy-tadqiqot ishi boʻyicha loyihalarni shakllantirish va ularni ishchi guruh tomonidan koʻrib chiqish hamda tanlab olish

Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi (Vazirlik) “Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida respublikadagi yosh olimlar uchun oʻz veb-saytida tanlov toʻgʻrisida eʼlon joylashtirish Tanlov boshlanishidan bir oy oldin 2-bosqich Vazirlik Tanlov uchun topshirilgan loyihalarni koʻrib chiqish boʻyicha Vazirlik tomonidan ishchi guruh tuzish Tanlov boshlanishidan kamida bir oy oldin 3-bosqich Tanlov ishtirokchisi Tanlovda ishtirok etish uchun faoliyat koʻrsatayotgan muassasalarining yoʻllanma xati orqali loyihalar taqdim etish Tanlov eʼlon qilingandan soʻng bir oy muddatda 4-bosqich Ishchi guruh Nomzodlarning loyihalar himoyasini oʻtkazib, (taqdimot koʻrinishida himoya qilishlari talab etiladi) yakuniy xulosaga kelish Loyihalar qabul qilish yakunlangandan soʻng 20 kun ichida 5-bosqich Vazirlik Gʻolib nomzodlarning loyihalarini amalga oshirishlari uchun innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻini qabul qilish Ishchi guruh xulosasi yakunlangandan soʻng 10 kun ichida 6-bosqich Vazirlik Tanlov gʻoliblarini internet nashrlari va Innovatsion rivojlanish vazirligi rasmiy veb-saytida eʼlon qilish 5-bosqich yakunlangandan soʻng 10 kun ichida

“Akademik harakatchanlik” dasturini shakllantirish, amalga oshirish, moliyalashtirish va monitoring qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

‎ ‎ ‎ ‎ NAMUNA‎ ‎‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI INNOVATSION RIVOJLANISH VAZIRLIGI ‎ ‎Oʻzbekiston Respublikasidagi noyob ilmiy obyektlar, ilmiy laboratoriya va tajriba-konstruktorlik byurolaridan foydalanish uchun ‎ ‎SERTIFIKAT ‎№ ___________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎ ‎‎20__ yil “___” _________ gacha amal qiladi ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Ushbu sertifikat “Akademik harakatchanlik” dasturi doirasida Oʻzbekiston Respublikasidagi noyob ilmiy obyektlari, ilmiy asbob-uskunalar, ilmiy laboratoriyalar va tajriba-konstruktorlik byurolaridan foydalanish huquqini beradi ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎___________________________________________________________________________________________ ‎___________________________________________________________________________________________ ‎ (Tanlov gʻolibi faoliyat koʻrsatayotgan tashkilot nomi) ‎ ‎Tanlov gʻolibi F.I.O._____________________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎_____________________________ ‎rahbar/u vakolat bergan shaxs ___________ ‎imzo‎ ‎‎____________________________ ‎F.I.O. ‎ M.Oʻ. ‎ ‎ ‎ ‎‎20__ yil “___” ____________

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 19-apreldagi 222-son qaroriga 2-ILOVA

“Boʻlajak olim” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Boʻlajak olim” tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) tashkil etish, yoshlarning ilmiy gʻoyalarini ragʻbatlantirish hamda ilmiy va startap loyihalarini moliyalashtirish, monitoring qilish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur tanlov doirasida arizalarni qabul qilishga Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) huzuridagi Yoshlar akademiyasi (keyingi oʻrinlarda — Yoshlar akademiyasi) masʼul hisoblanadi.

3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:.

“Boʻlajak olim” tanlovi — ilmiy va innovatsion faoliyat bilan shugʻullanib kelayotgan iqtidorli yoshlar va yosh olimlarni qoʻllab-quvvatlash, nufuzli ilmiy maktablarni shakllantirish, ularning ilmiy salohiyatini oshirish, soddalashtirilgan tartibda yoshlarning ilmiy gʻoyalarini ragʻbatlantirishga hamda ilmiy va startap loyihalarini moliyalashtirishga qaratilgan tanlov;

Tanlov komissiyasi — tanlov doirasida kelib tushadigan ilmiy gʻoyalar, ilmiy va startap loyihalar uchun alohida tuziladigan, tanlovlarni oʻtkazish, gʻoliblar toʻgʻrisida xulosa olish hamda ushbu jarayonni muvofiqlashtiradigan Vazirlikda tashkil etiladigan komissiya;

yosh olim — ilmiy va innovatsion faoliyat bilan shugʻullanayotgan ilmiy darajasi, unvoni, lavozimi va ish joyidan qatʼi nazar, 40 yoshdan oshmagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi;

ilmiy gʻoya — ilmiy dalil, muammo, faraz, nazariya kabi voqelikni aks ettirish shakllaridan biri boʻlib, fan taraqqiyotning samarasi, ilmiy kashfiyotlarning natijasi sifatida paydo boʻladigan, turli fan sohalarining asosiy tamoyillari, ustuvor qoidalari asosida ishlab chiqilgan loyiha;

ilmiy loyiha — aniq maqsadlarga erishish va vazifalarni hal etish uchun asosan yangi bilimlarni qoʻllashga yoʻnaltirilgan amaliy tadqiqotlar va/yoki innovatsiyani yaratish va ishlab chiqarishga yoʻnaltirilgan innovatsion tadqiqotlar;

startap loyiha — amalga oshish xavfi yuqori boʻlgan sharoitda yangi mahsulot yoki xizmat turini yaratuvchi innovatsion ishlanmalarning qoʻllanilishi, koʻlami va tez oʻsish surʼati bilan farqlanadigan yangi biznes loyiha;

ilmiy ekspertiza — ilmiy loyihalar boʻyicha asoslantirilgan qaror qabul qilish maqsadida uni oʻrganish, tahlil qilish, baholash va xulosa tayyorlashga qaratilgan faoliyat;

texnik ekspertiza — taqdim etilgan ilmiy loyihalarning ushbu Nizom talablarga muvofiqligi, shuningdek, ilmiy loyiha hujjatlariga koʻra taqdim etilgan maʼlumotlarni tahlil qilishda xatolarni aniqlash;

talabgor — ilmiy gʻoya, ilmiy va startap loyihani ishlab chiqqan iqtidorli yosh olim va/yoki uning jamoasi;

Kollegial organ — Vazirlik hayʼati.

4. Tanlov har yili kamida bir marotaba tashkil etiladi.

2-bob. Ilmiy gʻoya, ilmiy va startap loyihalarni shakllantirish va ularni koʻrib chiqib, tanlab olish tartibi

1-§. Ilmiy gʻoya, ilmiy va startap loyihalarni shakllantirishga qoʻyiladigan umumiy talablar

5. Tanlovga iqtidorli yoshlar va yosh olimlarning ilmiy va innovatsion faoliyatini ragʻbatlantirish hamda ularning ilmiy ijodiy gʻoyalari, intellektual salohiyatini roʻyobga chiqarish, iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning muammolari yechimiga qaratilgan ilmiy gʻoyalar, ilmiy va startap loyihalar qabul qilinadi.

6. Vazirlik tanlov boshlanishidan bir oy oldin oʻz rasmiy veb-saytiga arizalarni shakllantirish, roʻyxatdan oʻtkazish va topshirish tartibi, muddati va talablari koʻrsatilgan eʼlonni joylashtiradi.

7. Bir kalendar yili davomida eʼlon qilingan tanlov doirasida gʻolib deb topilgan talabgorlar shu davr ichida navbatdagi tanlovlarda ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

8. Tanlov doirasida ilmiy gʻoyalar asosida maket va (yoki) prototip yaratishning hamda ilmiy va startap loyihalarni amalga oshirishning eng koʻp muddati bir yilgacha boʻlishi mumkin.

2-§. Tanlov komissiyasi faoliyatini tashkil etish tartibi

10. Tanlov doirasida kelib tushadigan ilmiy gʻoyalar, ilmiy va startap loyihalarni koʻrib chiqish boʻyicha Tanlov komissiyasi tarkibi xar yil yanvar oyida Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.

11. Tanlov komissiyasi oʻz yoʻnalishida kamida 2 yil mehnat stajiga ega boʻlgan yuqori malakali (turli vazirlik, idoralar, oliy taʼlim va ilmiy muassasalar, xususiy sektor vakillaridan ham kelishuv asosida jalb etilishi mumkin) kamida 7 nafar toq sonli aʼzolardan iborat tarkibda tuziladi. Tanlov komissiyasiga raislik qilish vazifasi vazir oʻrinbosari darajasidagi rahbarga yuklatiladi.

Bunda Tanlov komissiyasi raisi, zarur hollarda tor ixtisoslashuvdagi mutaxassislarni (shu jumladan, ishlab chiqarish korxona va tashkilotlar mutaxassislarini) qoʻshimcha ravishda ilmiy gʻoya, ilmiy va startap loyihalarni koʻrib chiqish jarayoniga jalb qilishi mumkin.

12. Tanlov komissiyasi majlisi, unda Tanlov komissiyasi aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi (kvorum) ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi.

Tanlov komissiyasi tomonidan qabul qilingan qarorlar bayonnomalar bilan rasmiylashtiriladi.

Tanlov komissiyasi majlislari ochiq muhokama shaklida tashkil etiladi.

13. Tanlov komissiyasining xar bir aʼzosiga yil yakuni boʻyicha erishilgan natijalarga muvofiq tanlovni moliyalashtirish uchun ajratilgan mablagʻlari hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 50 baravari miqdorida bir martalik mukofot puli (barcha soliq va majburiy toʻlovlar ushlab qolingan holda) beriladi.

Mukofot pulini berish (tayinlash) innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻiga muvofiq amalga oshiriladi.

3-§. Ilmiy gʻoyalarni koʻrib chiqish va tanlab olish tartibi

14. Ilmiy gʻoyalarni koʻrib chiqish Tanlov eʼlon qilingandan soʻng, iqtidorli yoshlarning aniq amalga oshirish mexanizmlari, muddati va dastlabki natijalari koʻrsatilgan ilmiy gʻoyalari asosida amalga oshiriladi.

15. Ilmiy gʻoyalar boʻyicha arizalar Vazirlik tomonidan belgilangan muddatlar, talablar va shakllarga muvofiq kamida ikki oy muddatda ikki bosqichda quyidagi tartibda talabgorlarning saralash tanlovlarini oʻtkazadi.

1-bosqichda kiritilgan ilmiy gʻoyalar ushbu Nizomning 14-bandiga mos ravishda toʻliq taqdim etilganligi va rasmiylashtirilganligi Yoshlar akademiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi. Yoshlar akademiyasi zarur holatlarda, taqdim etilgan ilmiy gʻoyalar boʻyicha qoʻshimcha maʼlumotlar, taqdimotlar talab etishi va ilmiy gʻoyalarni oʻrganishda tegishli mutaxassislarni jalb qilishi mumkin.

Tanlov doirasida talabgor tomonidan taqdimot qilingan ilmiy gʻoyalarda kamchilik mavjud boʻlgan taqdirda, talabgorga takomillashtirish uchun qaytariladi. Talabgor ilmiy gʻoyani bir oy muddat ichida takomillashtirilgan holda qayta taqdim etadi. Bir oydan kech taqdim etilgan ilmiy gʻoyalar qabul qilinmaydi.

1-bosqich natijalari boʻyicha tanlovning 2-bosqichida ishtirok etadigan talabgorlar toʻgʻrisida yigʻma roʻyxat shakllantiriladi.

2-bosqichda talabgorlar oʻz ilmiy gʻoyalarini Tanlov komissiyasi oldida taqdimot (prezentatsiya) koʻrinishida himoyasini oʻtkazadilar. 2-bosqich tanlovlar davrida taqdimot himoyasida uzrli sabablarsiz ishtirok etmagan talabgorlarning ilmiy gʻoyasi Tanlov komissiyasining qaroriga asosan rad etilishi mumkin.

Taqdimot himoyasida talabgorlar ilmiy gʻoyani qisqa, loʻnda va asoslangan holda ochib berishi hamda puxta tayyorgarlik koʻrgan holda ishtirok etishlari talab etiladi.

Bunda Tanlov komissiyasi taqdimot natijalariga asosan yakuniy xulosa tayyorlashda quyidagi baholash mezonlariga amal qiladi:

ilmiy gʻoyani jamiyat va iqtisodiyotdagi maʼlum bir muammoning yechimiga qaratilganligi — 30 ballgacha;

ilmiy gʻoyaning amalga oshirish uchun talab etiladigan mablagʻlarning aniq va asoslangan hisob-kitob qilinganligi — 30 ballgacha;

ilmiy gʻoyaning aniq amalga oshirish mexanizmlari, muddati va dastlabki natijalari koʻrsatilganligi — 40 ballgacha.

16. Talabgorlarni baholash hamda gʻolib deb topish Tanlov komissiyasining bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Bunda, kamida 50 ball toʻplagan ilmiy gʻoyalar Tanlov komissiyasi qarori bilan gʻolib deb topilishi mumkin.

Gʻolib deb topilgan talabgorlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Vazirlik veb-saytida joylashtiriladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻi bilan gʻolib talabgorlarning ilmiy gʻoyalari amalga oshirish uchun ragʻbatlantiriladi.

Bir talabgor uchun ilmiy gʻoyani amalga oshirish uchun talab qilinadigan mablagʻlarning umumiy hajmi bazaviy hisoblash miqdorining 400 baravaridan oshmasligi lozim.

17. Ilmiy gʻoyalarni koʻrib chiqish va tanlab olish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

4-§. Ilmiy loyihalarni shakllantirish va ularni koʻrib chiqib, tanlab olish tartibi

18. Tanlov doirasida eʼlon qilinadigan ilmiy loyiha mavzulari Yoshlar akademiyasi tomonidan davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy davlat hokimiyati organlari, ilmiy faoliyat subyektlarining asoslangan takliflari, shuningdek, fan va texnologiyalarni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari, iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning mavjud muammolari, tijoratlashtirish imkoniyati mavjud yakuniy tayyor mahsulot/texnologiyalarga boʻlgan ehtiyojlari asosida shakllantiriladi.

19. Shakllantirilgan ilmiy loyiha mavzulari Tanlov komissiyasi tomonidan koʻrib chiqilganidan soʻng belgilangan tartibda Vazirlik tomonidan eʼlon qilinadi.

Eʼlon qilingan ilmiy mavzular asosida talabgorlar tomonidan kiritilgan ilmiy loyihalar Yoshlar akademiyasi tomonidan qabul qilinadi va texnik ekspertizadan oʻtkaziladi.

Vazirlik tanlov doirasida yosh olimlarning takliflariga muvofiq iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning mavjud muammolari, tijoratlashtirish imkoniyati mavjud yakuniy tayyor mahsulot yoki texnologiyalarga boʻlgan ehtiyojlari boʻyicha mavzu eʼlon qilinmagan yoʻnalishlarda tashabbuskor ilmiy loyihalar qabul qilishi mumkin.

Tashabbuskor ilmiy loyihalar boʻyicha arizalar Vazirlik tomonidan belgilangan talablar, muddatlar, tashabbuskor loyihalarning yoʻnalishlari va shakllarga muvofiq taqdim etiladi. Bunda ilmiy loyihalarni amalga oshirish mexanizmi, muddatlari va kutilayotgan natijalar koʻrsatilgan boʻlishi zarur.

20. Tanlov doirasida eʼlon qilinadigan ilmiy loyiha mavzulari va tashabbuskor ilmiy loyihalar boʻyicha arizalar Vazirlik tomonidan belgilangan muddatlar, talablar va shakllarga muvofiq ilmiy loyihalarning saralash tanlovlarini oʻtkazadi.

Vazirlik huzuridagi Ilmiy-texnik axborot markazi tomonidan shakllantiriladigan va muvofiqlashtiriladigan tegishli fan yoʻnalishlari boʻyicha ekspertlar jamoasi qabul qilingan ilmiy loyihalarni baholash va ularni koʻrib chiqish uchun belgilangan tartibda ilmiy ekspertiza jarayonini amalga oshiradi.

Tanlovga hujjatlar topshirish muddatining oxirgi sanasigacha tanlov hujjatlarida belgilangan talablarga javob beradigan kamida bitta ilmiy loyiha arizasi kelib tushgan boʻlsa, tanlov haqiqiy deb hisoblanadi.

Texnik va ilmiy ekspertizada ijobiy baholangan va moliyalashtirishga tavsiya etilgan ilmiy loyihalarining yakuniy roʻyxatini tasdiqlash toʻgʻrisidagi qaror Kollegial organ tomonidan qabul qilinadi.

Agar tanlovda eʼlon qilingan mavzu boʻyicha hech kim qatnashmagan boʻlsa, u holda tanlov boʻlmagan deb hisoblanadi. Bu holda Vazirlik ushbu loyiha boʻyicha bir xil shartlar va talablar asosida qayta tanlov oʻtkazishi mumkin.

Agar loyihalarning texnik ekspertizasi natijalariga koʻra, Vazirlik barcha loyihalarni rad etsa, tanlov boʻlmagan deb topiladi va qayta tanlov eʼlon qilinadi.

Tanlov hujjatlari shartlarini oʻzgartirmasdan, qayta tanlovda yangi takliflarni qabul qilish muddati kamida oʻn ish kuni deb belgilanadi. Agar qayta tanlovga muqobil loyiha arizasi kelib tushmasa, belgilangan tartibda Kollegial organga yoʻnaltiriladi. Ushbu mavzu boʻyicha qayta eʼlon qilmaslik qaror qabul qilinishi mumkin.

Bitta ilmiy loyihani amalga oshirish uchun talab qilinadigan mablagʻlarning umumiy hajmi bazaviy hisoblash miqdorining 2000 baravaridan oshmasligi lozim.

21. Ilmiy loyihalarni shakllantirish va ularni koʻrib chiqib, tanlab olish ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

5-§. Startap loyihalarni shakllantirish va ularni koʻrib chiqib, tanlab olish tartibi

22. Startap loyihalar boʻyicha takliflarni koʻrib chiqish Tanlov eʼlon qilingandan soʻng, talabgorlarning aniq amalga oshirish mexanizmlari, muddati va dastlabki natijalari koʻrsatilgan startap loyihalari asosida amalga oshiriladi.

Tanlov doirasida talabgorlar tomonidan yuborilgan startap loyihalari Yoshlar akademiyasi tomonidan qabul qilinadi.

23. Startap loyihalar boʻyicha arizalar Vazirlik tomonidan belgilangan muddatlar, talablar va shakllarga muvofiq talabgorlarning saralash tanlovlarini oʻtkazadi.

1-bosqich taqdim etilgan arizalarning tanlov shartlariga mosligi, hayotga tatbiq etish darajasi va natijadorligi yuzasidan Tanlov komissiyasi majlislarida startap loyiha taqdimoti bilan ishtirok etadi.

24. Tanlov komissiyasi majlislarida startap loyihalar quyidagi mezonlar asosida baholanadi:

startap loyihaning innovatsionligi — avval qoʻllanilmagan texnologiyalar va (yoki) jarayonni tashkil etish tamoyillari yoki avval ishlab chiqarilmagan mahsulotning yangi qoʻllanilish darajasi — 20 ballgacha;

startap loyihaning investitsiyaviy jozibadorligi — qoʻshimcha daromad keltiradigan hamda uni amalga oshirishda investitsiyalar xavfini kamaytiradigan qulay investitsion va innovatsion sharoitlar va afzalliklar yigʻindisi — 20 ballgacha;

startap loyihani amalga oshirish samaradorligi — 20 ballgacha;

startap loyihaning resurs bilan taʼminlanganligi — loyihani texnik amalga oshirish imkoniyatlari (moddiy-texnik baza, xodimlar, muhofaza hujjatlari mavjudligi va boshqalar) — 10 ballgacha;

startap loyiha uchun ajratilgan mablagʻlarning maqsadli sarflanishi, eksportga yoʻnaltirilgan yoki import oʻrnini bosadigan ilmiy hajmdor mahsulotlarni olishni tashkil qilish istiqbollari — 30 ballgacha.

25. Tanlov komissiyasining startap loyihalarni koʻrib chiqish boʻyicha majlisi natijalari boʻyicha kamida 50 ball toʻplagan startap loyihalar 1-bosqichdan muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi hamda Vazirlikning tegishli boʻlimi tomonidan oʻtkaziladigan 2-bosqich moliyaviy-iqtisodiy ekspertizasiga yoʻnaltiriladi.

Moliyaviy ekspertizadan muvaffaqiyatli oʻtgan startap loyihalar Yoshlar akademiyasi tomonidan Kollegial organga koʻrib chiqish uchun kiritiladi. Kollegial organ startap loyiha toʻgʻri va xolis ekspertizadan oʻtkazilganligini tekshirish maqsadida qoʻshimcha ekspertiza tayinlash toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin.

Qoʻshimcha ekspertiza oʻtkazish tartibi Kollegial organ tomonidan tasdiqlanadi.

26. Kollegial organ tomonidan startap loyihani moliyalashtirish yoki moliyalashtirmaslik toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinadi va Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

27. Bir talabgorga startap loyihani amalga oshirish uchun talab qilinadigan mablagʻlarning umumiy hajmi bazaviy hisoblash miqdorining 3000 baravaridan oshmasligi lozim.

Startap loyihani amalga oshirish maqsadida 20 foizdan kam boʻlmagan miqdorda pul yoki moddiy qiymat koʻrinishida qoʻshimcha moliyalashtirish boʻyicha sherik mavjud boʻlgan taqdirda, kollegial organning tegishli qarori bilan startap loyihaga moliyalashtirishda ustuvorlik berilishi mumkin.

28. Startap loyihani koʻrib chiqish va tanlab olish ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

3-bob. Ilmiy gʻoya, ilmiy va startap loyihalarni moliyalashtirish tartibi

29. Tanlovni tashkil etish va moliyalashtirish har yili Davlat budjetidan ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari doirasida ajratiladigan mablagʻlar hisobidan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

30. Tanlov komissiyasi muvaffaqiyatli deb topgan va tasdiqlagan ilmiy gʻoyalarni ragʻbatlantirish innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻi qabul qilingandan soʻng amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻiga asosan muvaffaqiyatli oʻtgan ilmiy gʻoya mualliflariga pul mablagʻlari ularning nomiga ochilgan bank kartasiga oʻtkazib beriladi.

31. Kollegial organ qaroriga muvofiq moliyalashtirishga tavsiya etilgan ilmiy loyihalar Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻi qabul qilingandan soʻng amalga oshiriladi.

Ilmiy loyihalarni bajarish uchun Vazirlik bilan gʻolib talabgor va ilmiy loyihaning ijrochi tashkiloti oʻrtasida uch tomonlama shartnoma tuziladi.

Ilmiy loyihalarni moliyalashtirishda hisob-kitoblar va moliyaviy rejaning shakllari, tartibi, xarajatlarning hajmi hamda turlarini aniqlash tartibi Vazirlik tomonidan belgilanadi.

Ajratilgan mablagʻlar ilmiy izlanishlar olib borishga, shuningdek, ish haqidan tashqari, umumiy mablagʻning kamida 40 foizi ilmiy asbob-uskunalar, xom ashyolar hamda boshqa zarur materiallarni xarid qilish va natijada yuqori qiymatga ega, tijoratlashtirish imkoni yuqori boʻlgan yangi mahsulot (xizmat)larni ishlab chiqarishni taʼminlashga yoʻnaltirilishi lozim.

32. Kollegial organ qaroriga muvofiq moliyalashtirishga tavsiya etilgan startap loyihalar innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻi qabul qilingandan soʻng amalga oshiriladi.

33. Startap loyihalarni moliyalashtirish Vazirlik bilan tanlov natijalariga koʻra gʻolib talabgor faoliyat yuritayotgan (yoki u tomonidan tashkil etiladigan) startap loyihani amalga oshiruvchi yuridik shaxs oʻrtasida tuziladigan shartnoma shartlariga muvofiq amalga oshiriladi.

34. Moliyalashtirilayotgan startap loyihalar ijrochi tashkilotlari belgilangan tartibda Vazirlik huzuridagi Ilgʻor texnologiyalar markazi, Innovatsiyalarni joriy qilish va texnologiyalar transferining milliy ofisi yoki “Yashnobod” innovatsiya texnoparki rezidenti maqomini olish huquqiga ega.

4-bob. Ilmiy gʻoya, ilmiy va startap loyihalarning amalga oshirilishini monitoring qilish tartibi

35. Tanlov doirasida ilmiy va startap loyihalarning amalga oshirilishini monitoring qilish Vazirlik bilan tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq amalga oshiriladi.

Monitoring loyiha tasdiqlangan rejaga muvofiq bajarilishi, moliyaviy mablagʻlarning maqsadga muvofiq sarflanishi, belgilangan muddatlarda hisobotlar taqdim etilishi va olingan natijalarning samaradorligini baholashni oʻz ichiga oladi.

Ilmiy va startap loyihalarining monitoring natijalari boʻyicha jamlanma hisobotni belgilangan tartibda qabul qilish, shuningdek, ularni bajarish boʻyicha axborot va boshqa tahliliy materiallar tayyorlash Yoshlar akademiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

36. Ilmiy gʻoyalarni amalga oshirish jarayonini monitoring qilish Yoshlar akademiyasi tomonidan amalga oshiriladi. Ilmiy gʻoyalar boʻyicha belgilangan ishlarni oʻz muddatida bajarmaslik, shuningdek, hisobotlarni topshirish muddatlari va moliyaviy intizomni buzish Yoshlar akademiyasining tashabbusi bilan talabgorning ikki yilga Tanlovda qatnashishini rad etish uchun asos boʻladi.

37. Ilmiy va startap loyihalarning natijalari monitoringi Vazirlik huzuridagi Ilmiy-texnik axborot markazi tomonidan amalga oshiriladi.

38. Zarur hollarda tegishli fan yoʻnalishlari boʻyicha ekspertlar jamoasi bilan birgalikda mustaqil ekspert va mutaxassislarni jalb etgan holda, ilmiy va startap loyihalarning bajarilishi monitoringini amalga oshiradi.

Monitoring quyidagi shakllarda amalga oshiriladi:

taqdim etilgan hisobotlarni ekspertlar tomonidan koʻrib chiqish;

ilmiy loyiha rahbarining taqdimot shaklidagi hisobotlari bilan tanishish;

zarur hollarda ilmiy loyihani bevosita joyiga chiqqan holda oʻrganish.

Ilmiy loyihani masofadan yoki bevosita joyiga chiqqan holda oʻrganishda quyidagi asosiy jihatlarga eʼtibor qaratilishi lozim:

ilmiy loyiha boʻyicha imzolangan shartnoma va uning kalendar rejasiga asosan bajarilish holati;

ijrochi tashkilot tomonidan ilmiy loyihaning amalga oshirilishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratib berilganligi;

ajratilgan moliyaviy mablagʻning maqsadli sarflanayotganligi;

ilmiy loyihalar natijalari boʻyicha yetakchi xorijiy jurnallarda maqolalar chop etish borasida erishilgan natijalar va ularning mavjud salohiyatga nisbatan qiyosiy tahlili;

har bir loyiha doirasida qoʻlga kiritiladigan yakuniy natijalar va ularni tijoratlashtirish imkoniyatlari.

39. Ilmiy va startap loyihalar boʻyicha belgilangan ishlarning alohida bosqichlarining rejalashtirilgan hajmlarini oʻz muddatida bajarmaslik, shuningdek, hisobotlarni topshirish muddatlarini va moliyaviy intizomni buzish Vazirlikning tashabbusi bilan moliyalashtirish toʻxtatilishiga va shartnoma bekor qilinishiga asos boʻlishi va ilmiy loyihalarning ijrochi tashkilotlariga nisbatan tegishli choralar koʻrishga olib kelishi mumkin.

40. Ilmiy va startap loyihalar monitoringi natijalari boʻyicha Vazirlik huzuridagi Ilmiy-texnik axborot markazining xulosalari Vazirlik tomonidan ilmiy yoʻnalishlarning istiqbolini belgilash, ilmiy va startap loyihalarni moliyalashtirishni davom ettirish yoki toʻxtatish boʻyicha qarorlar qabul qilish uchun asos hisoblanadi.

41. Kollegial organ taqdim etilgan hujjatlar asosida (bildirishnoma, tadqiqot loyihalari toʻgʻrisidagi hisobot), aniqlangan oʻzgarishlar yoki olingan natijalar kutilganidan oʻzgacha boʻlsa, ilmiy va startap loyihalarni kelgusida moliyalashtirish yoki ularning maqsadli parametrlarini qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Kollegial organ taqdim etilgan hujjatlar (ariza-xabarnoma, hisobot ilmiy va startap loyihalar) asosida kutilgan natijalardan farqli oʻlaroq, natijalar ilmiy va amaliy ahamiyatga ega boʻlmaganligi aniqlangan boʻlsa, ilmiy va startap loyihalarni moliyalashtirishni toʻxtatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Ilmiy va startap loyihalarni moliyalashtirishni toʻxtatish ijrochi tashkilot va Vazirlik oʻrtasidagi tuzilgan shartnomani bekor qilish uchun asos boʻladi.

42. Moliyalashtirilishi toʻxtatilgan loyihalardan boʻshagan mablagʻlar navbatdagi tanlovlarga yoʻnaltiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

43. Ilmiy va startap loyihalarning har bir ijrochisi faqat bir loyihada toʻliq stavkada yoki ikki loyihada oʻrindosh sifatida ishtirok etishi mumkin, bunda ularning umumiy ulushi ikki toʻliq stavkadan oshmasligi lozim.

44. Ilmiy loyihalar boʻyicha gʻolib talabgorlar ijrochi tashkilotlarning rahbarlari bilan bir qatorda bajariladigan tadqiqotlarning ilmiy-texnik saviyasi, hisobotlarni belgilangan muddatlarda topshirilishi, shuningdek, moliyaviy mablagʻlarning samarali va maqsadli sarf qilinishi uchun shaxsan javob beradilar.

45. Ilmiy loyihaning rahbari boshqa joyga ishga oʻtgan hollarda ushbu loyihaning amalga oshirilish joyi (ijrochi tashkilot) oʻzgartirilmaydi.

46. Ilmiy loyiha boʻyicha ijrochi tashkilotning qonunchilik hujjatlarida koʻrsatilgan faoliyati toʻxtatilganda, mazkur tashkilotdagi ilmiy loyihalar yoʻnalishi mos boshqa tashkilotga oʻtkaziladi.

47. Ushbu nizom talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

“Boʻlajak olim” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Tanlov doirasida ilmiy gʻoyalarni shakllantirish, koʻrib chiqish va tanlab olish

Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Innovatsion rivojlanish vazirligi (Vazirlik) “Boʻlajak olim” tanlovi doirasida iqtidorli yoshlar uchun tanlov eʼlon qilish Bir yilda kamida bir marta 2-bosqich Tanlov ishtirokchisi Aniq amalga oshirish mexanizmlari, muddati va dastlabki natijalari koʻrsatilgan ilmiy gʻoyalarni taqdim etish Tanlov eʼlon qilingandan soʻng bir oy muddatda 3-bosqich Yoshlar akademiyasi Ushbu Nizomning talablariga mos ravishda toʻliq taqdim etilganligi va rasmiylashtirilganligini koʻrib chiqish va muvaffaqiyatli oʻtgan ilmiy gʻoyalar boʻyicha yigʻma roʻyxat shakllantirish hamda Tanlov komissiyasiga taqdim etish Tanlovga hujjatlarni qabul qilish yakunlangan sanadan boshlab, 30 kun ichida 4-bosqich Tanlov komissiyasi Talabgorlar ilmiy gʻoyalarining himoyasi oʻtkazilib, (prezentatsiya koʻrinishida himoya qilishlari talab etiladi) yakuniy xulosaga kelish Tanlov komissiyasiga yigʻma roʻyxat taqdim etilgandan soʻng 30 kun ichida 5-bosqich Vazirlik Gʻolib talabgorlarning ilmiy gʻoyalarini amalga oshirishlari uchun Vazirlikning tegishli buyrugʻini qabul qilish Tanlov komissiyasi xulosasi rasmiylashtirilgandan soʻng 10 kun ichida 6-bosqich Vazirlik Tanlov gʻoliblarini internet nashrlari va Innovatsion rivojlanish vazirligi rasmiy veb-saytida eʼlon qilish Vazirlikning tegishli buyrugʻi qabul qilingandan soʻng 10 kun ichida

“Boʻlajak olim” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Tanlov doirasida ilmiy loyihalarni shakllantirish, koʻrib chiqish va tanlab olish

Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Innovatsion rivojlanish vazirligi (Vazirlik) “Boʻlajak olim” tanlovi doirasida iqtidorli yoshlar uchun tanlov eʼlon qilish Bir yilda kamida bir marta 2-bosqich Yoshlar akademiyasi Tanlov doirasida eʼlon qilinadigan ilmiy loyiha mavzularini shakllantirish Yil davomida 3-bosqich Tanlov komissiyasi Yoshlar akademiyasi tomonidan shakllantirilgan ilmiy loyiha mavzularini koʻrib chiqish va eʼlon uchun tanlab olish Tanlov eʼlon qilishdan 20 kun avval Vazirlik Tanlab olingan mavzular roʻyxatini eʼlon qilish Tanlov eʼlon qilingan kundan boshlab 4-bosqich Yoshlar akademiyasi Eʼlon qilingan ilmiy mavzular asosida yoki tashabbuskor ilmiy loyihalarni qabul qilish Loyihalar qabul qilish yakunlanguncha 5-bosqich Yoshlar akademiyasi Tanlov doirasida qabul qilingan ilmiy loyihalarni oʻrnatilgan tartibda texnik ekspertiza jarayonini amalga oshirish Loyihalar qabul qilish yakunlangandan soʻng 15 kun ichida 6-bosqich Tegishli fan yoʻnalishlari boʻyicha ekspertlar jamoasi Tanlov doirasida qabul qilingan texnik ekspertiza natijalariga koʻra ilmiy loyihalarni baholash va ularni koʻrib chiqish uchun oʻrnatilgan tartibda ilmiy ekspertiza jarayonini amalga oshirish Texnik ekspertiza yakunlangandan soʻng 30 kun ichida 7-bosqich Kollegial organ Texnik va ilmiy ekspertizada ijobiy baholangan va moliyalashtirishga tavsiya etilgan ilmiy loyihalarining yakuniy roʻyxatini tasdiqlash toʻgʻrisidagi qaror qabul qilish Ilmiy ekspertiza yakunlangandan soʻng 10 kun ichida

“Boʻlajak olim” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Tanlov doirasida startap loyihalarni koʻrib chiqish va tanlab olish

Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Innovatsion rivojlanish vazirligi (Vazirlik) “Boʻlajak olim” tanlovi doirasida iqtidorli yoshlar uchun tanlov eʼlon qilish Bir yilda kamida bir marta 2-bosqich Tanlovda ishtirok etmoqchi boʻlgan talabgorlar Aniq amalga oshirish mexanizmlari, muddati va dastlabki natijalari koʻrsatilgan startap loyihalarni Yoshlar akademiyasiga taqdim etish Loyihalarni qabul qilish yakunlangunga qadar 3-bosqich Tanlov komissiyasi Taqdim etilgan arizalarning tanlov shartlariga mosligi, hayotga tatbiq etish darajasi va natijadorligi yuzasidan startap loyiha taqdimoti Loyihalar qabul qilish yakunlangandan soʻng 20 kun muddatda 4-bosqich Vazirlikning tegishli boʻlimi Tanlov komissiyasidan muvaffaqiyatli oʻtgan startap loyihalarning moliyaviy-iqtisodiy ekspertizasini oʻtkazish 3-bosqich yakunlangandan soʻng 20 kun muddatda 5-bosqich Kollegial organ Startap loyihalarning moliyaviy-iqtisodiy ekspertizasi natijalariga asosan startap loyihani moliyalashtirish yoki moliyalashtirmaslik toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinadi 4-bosqich yakunlangandan soʻng 10 kun muddatda

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 19-apreldagi 222-son qaroriga 3-ILOVA

Yosh olimlarni yetakchi xorijiy oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlarga qisqa muddatli ilmiy stajirovkalarga yuborish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlar (keyingi oʻrinlarda — buyurtmachilar) tomonidan tavsiya etilgan nomzodlarni yetakchi xorijiy ilmiy tashkilotlar (markazlar, universitetlar va boshqalar)ga qisqa muddatli ilmiy stajirovkalarga (keyingi oʻrinlarda — stajirovka) yuborish yuzasidan tanlovlarni tashkil etish, oʻtkazish, saralash, moliyalashtirish va stajirovka yakuni boʻyicha hisobot taqdim etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

nomzodlar — buyurtmachilar tomonidan stajirovka oʻtashga yuborish maqsadida tavsiya etiladigan, ilmiy va innovatsion faoliyat turlari bilan shugʻullanadigan shaxslarga beriladigan shaxsiy identifikatsiya raqamiga ega boʻlgan ilmiy, ilmiy-pedagogik va texnik-muhandis shu bilan birga, stajyor-tadqiqotchi, doktorant, mustaqil izlanuvchi va taʼlim oluvchi sifatida faoliyat yuritayotgan talabgorlar;

maxsus ekspert guruhi — stajirovka oʻtashga yuborish boʻyicha saralash tanlovlarni oʻtkazish, gʻolib va rad etilgan nomzodlar toʻgʻrisida xulosa olish hamda ushbu jarayonni muvofiqlashtirish huquqiga ega Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi;

maqsadli tanlovlar — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi tashabbusiga koʻra ilm-fan sohasida yetakchi xorijiy oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlar oʻrtasida hamkorlikni rivojlantirish boʻyicha tuzilgan anglashuv bitimlari doirasida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasi topshiriqlarini amalga oshirish maqsadida eʼlon qilinadigan tanlovlar;

maʼlumot (hujjat)lar — buyurtmachilar tomonidan stajirovka oʻtashga yuborish maqsadida tavsiya etilgan nomzodlar toʻgʻrisida belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan hujjatlar toʻplami;

buyurtmachi — oliy taʼlim va ilmiy, shuningdek, innovatsion sohada faoliyat yuritadigan yuridik shaxs;

qabul qiluvchi tashkilot — tanlovdan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodlar stajirovkaga yuboriladigan xorijiy ilmiy muassasa yoki taʼlim tashkiloti;

maxsus axborot tizimi — tanlovlar va stajirovkalarni tashkil etishning barcha jarayonlarida axborotlarning elektron shaklda almashinuvini taʼminlaydigan kompleks — dasturiy mahsulot.

2 1 . Agentlik Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish dasturlari, qabul qilingan strategiyalari hamda ustuvor yoʻnalishlaridan kelib chiqib, Tashqi ishlar vazirligi va soha boʻyicha faoliyat koʻrsatayotgan xalqaro tashkilotlar orqali hamkorlik oʻrnatiladigan qabul qiluvchi tashkilotlar sonini koʻpaytirish choralarini koʻradi.

3. Stajirovka oʻtashga yuborish maqsadida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) davriy ravishda, kalendar yilida kamida bir marotaba 1-iyulga qadar tanlov eʼlon qiladi.

Hujjatlar tanlov eʼlon qilingan sanadan boshlab, kamida bir oy davomida maxsus axborot tizimi orqali qabul qilinadi.

Yosh olimlarni qabul qiluvchi tashkilotlarga stajirovkalarga yuborish boʻyicha tanlovlarni tashkil etish, oʻtkazish, saralash va moliyalashtirish Agentlik va Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tomonidan birgalikda amalga oshiriladi.

4. Stajirovka yakka tartibda yoki jamoaviy shaklda bir oydan olti oygacha boʻlgan muddatda tashkil etilishi mumkin.

Bir oydan kam (15 kalendar kundan kam boʻlmagan) boʻlgan muddatga stajirovka oʻtashga maxsus ekspert guruhi xulosasi asosida maʼqullangan taqdirda yuboriladi.

Stajirovkaning shakli tanlovning eʼlon matnida koʻrsatiladi.

4 1 . Jamoaviy stajirovka qabul qiluvchi tashkilot bilan erishilgan dastlabki kelishuvga muvofiq oʻtkaziladi.

Dastlabki kelishuv Vazirlik, Agentlik va Jamgʻarma tomonidan qabul qiluvchi tashkilot oʻrtasida stajirovkani tashkil etishni nazarda tutuvchi ikki va koʻp tomonlama hujjatni imzolash orqali amalga oshiriladi.

4 2 . Yakka tartibdagi stajirovka buyurtmachi va qabul qiluvchi tashkilot oʻrtasida erishilgan dastlabki kelishuv asosida tanlov natijalariga koʻra oʻtkaziladi.

4 3 . Stajirovkaning boshlanish vaqti tanlov natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab bir kalendar yildan oshib ketmasligi lozim.

Belgilangan muddatda stajirovka oʻtash boshlanmagan taqdirda, ilmiy stajirovka bekor qilingan deb hisoblanadi.

5. Stajirovka oʻtashga tavsiya etilayotgan nomzodlarni mutaxassislik fanidan chet tilida suhbat oʻtkazish, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari boʻyicha bilim darajasi va koʻnikmalarini aniqlash yuzasidan dastlabki saralash tanlovini oʻtkazish bevosita buyurtmachilar tomonidan amalga oshiriladi.

2-bob. Tanlovlarni tashkil etish va oʻtkazish tartibi

1-§. Nomzodlarga qoʻyiladigan talablar

6. Stajirovka oʻtashga mutaxassislik fani va xorijiy tillarni oʻzining ish faoliyatini amalga oshirishda zarur boʻlgan darajada biladigan, yoshi 20 dan 40 gacha boʻlgan nomzodlar yuboriladi.

7. Nomzodlar bir yil davomida ikki marotaba yetakchi xorijiy ilmiy tashkilotlarda (markazlar, universitetlar va boshqalar) stajirovka oʻtashga gʻolib sifatida maʼqullanishi mumkin emas.

8. Tanlovlarda gʻolib deb topilgan nomzodlar stajirovka oʻtab kelgandan hamda mazkur stajirovka boʻyicha hisobot taqdim etgandan soʻng navbatdagi kalendar yilidagi eʼlon qilingan tanlovlarga nomzod sifatida tavsiya etilishi mumkin.

2-§. Tanlovni eʼlon qilish tartibi

9. Agentlik stajirovkalarga yuborish boʻyicha tanlov haqidagi eʼlonni tanlov oʻtkazishdan kamida bir oy oldin Agentlikning rasmiy veb-sayti va maxsus axborot tizimiga joylashtiradi.

Tanlov haqida Internet jahon axborot tarmogʻi, ommaviy axborot vositalari hamda ijtimoiy tarmoqlarda ham eʼlon berilishi mumkin.

10. Tanlovni oʻtkazish haqidagi eʼlonda quyidagilar aks etishi zarur:

taqdim etiladigan maʼlumot (hujjat)larning aniq roʻyxati, ularni qabul qilish tartibi, muddatlari va joyi;

tanlov ishtirokchilariga qoʻyiladigan talablar;

zarur maʼlumot (hujjat)lar roʻyxati;

stajirovka shakli va yoʻnalishlari.

3-§. Maʼlumot (hujjat)larni qabul qilish tartibi

11. Buyurtmachilar stajirovka oʻtashga tavsiya etilgan nomzodlar toʻgʻrisida Agentlikka quyidagi maʼlumot (hujjat)larni taqdim etadilar:

mazkur Nizomga 1-ilovaga muvofiq shakldagi stajirovka rejasi;

buyurtmachilarning kollegial organi (ilmiy kengash, kengash, ilmiy-texnikaviy kengash, ilmiy-muvofiqlashtiruvchi kengash va boshqa shakllarda boʻlishi mumkin) qaroridan koʻchirma;

yakka tartibdagi stajirovkalar boʻyicha eʼlon qilingan tanlovda ishtirok etish uchun nomzod tomonidan qoʻshimcha ravishda qabul qiluvchi tashkilotning rozilik (taklifnoma) xati va dastlabki kelishuv boʻyicha hujjat nusxasi hamda stajirovka davrida amalga oshiriladigan ishlar dasturi taqdim etiladi;

ilmiy darajasi (fan nomzodi, PhD va fan doktori), ilmiy unvonini (katta ilmiy xodim, dotsent, professor) tasdiqlovchi diplom(lar)ning nusxasi, agar mavjud boʻlsa;

stajirovkaning maqsadga muvofiqligi, asosiy vazifalari, kutilayotgan natijalari hamda ilmiy faoliyatiga taʼsirini asoslovchi tahliliy maʼlumotlar bayon etilgan asosnoma;

xorijiy tillardan bilim darajasini belgilovchi amaldagi milliy yoki xalqaro sertifikat (Milliy kvalifikatsiya sertifikati, IELTS, TOEFL va shu kabilar, muddati oʻtgan hujjatlar bundan mustasno), agar mavjud boʻlsa.

Nomzodlarning fuqarolik pasporti yoki identifikatsiyalovchi ID-kartasi nusxasi, oliy taʼlim muassasasini tugatganligini tasdiqlovchi diplom maʼlumotlari va fotosurati, xorijiy tillarni bilish darajasi boʻyicha milliy sertifikati “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali mustaqil ravishda olinadi.

12. Maqsadli tanlovlarni tashkil etishda qabul qiluvchi tomonidan stajirovka oʻtash uchun taklifnoma (rozilik) xati Agentlik nomiga yuborilishi mumkin.

Bunda stajirovka davomida amalga oshiriladigan ishlar dasturi Agentlik tomonidan qabul qiluvchi tashkilot oʻrtasida markazlashgan holda kelishilishi mumkin.

13. Buyurtmachilar nomzodlar toʻgʻrisidagi maʼlumot (hujjat)larni tegishli tartibda rasmiylashtirgan holda kuzatuv xati bilan ushbu Nizomning 11-bandida keltirilgan ketma-ketlikda maxsus axborot tizim orqali Agentlikka taqdim etadilar.

14. Buyurtmachilar rahbarlari nomzodlarni tavsiya etish jarayonining xolisligi va taqdim etilayotgan maʼlumot (hujjat)larning haqqoniyligi shu bilan birga tavsiya etilgan nomzodlarni saralash, tanlovlarda ishtirokini taʼminlash uchun shaxsan javob beradilar.

4-§. Maxsus ekspert guruhi faoliyatini tashkil etish tartibi

15. Nomzodlarni tanlov asosida saralash maqsadida Agentlik tomonidan maxsus ekspert guruh(lar)i tashkil qilinadi.

16. Maxsus ekspert guruhi Agentlik direktorining buyrugʻi asosida har yili tuziladi. Maxsus ekspert guruhi rahbari, rahbar oʻrinbosari, kotib va kamida besh nafar toq sonli aʼzolardan iborat boʻladi.

17. Maxsus ekspert guruhi tarkibiga oʻz yoʻnalishida kamida 2 yil mehnat stajiga ega boʻlgan, chet tillarini yuqori darajada biladigan malakali (turli vazirlik, idoralar, oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlar) mutaxassislar kiritiladi. Maxsus ekspert guruhiga rahbarlik qilish vazifasi Agentlik direktoriga yuklatiladi.

Ekspert guruhi rahbari, zarur hollarda qoʻshimcha mutaxassislarni (vazirlik, idoralar, oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlar, shu jumladan ishlab chiqarish korxona va tashkilotlari mutaxassislarini) ekspert sifatida (ovoz berish huquqi bilan) saralash, tanlovlarga jalb qilishi mumkin.

18. Maxsus ekspert guruhi yigʻilishlari yuzma-yuz yoki sirtdan (soʻrov orqali), shu jumladan yuzma-yuz yigʻilishlar onlayn rejimda videomuloqot shaklida oʻtkazilishi mumkin.

19. Maxsus ekspert guruhi yigʻilishini oʻtkazish uchun kvorum uning tarkibining uchdan ikki qismini tashkil etishi lozim.

Maxsus ekspert guruhi bayonnomalari guruh rahbari tomonidan tasdiqlanadi va ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan imzolanadi.

20. Stajirovkalarga yuborish orqali kadrlar tayyorlash jarayonini jadal rivojlantirish va sifatini oshirish, iqtidorli yoshlarni ilm-fanga keng jalb qilish, oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlarning ilmiy salohiyatini mustahkamlash va undan respublikaning innovatsion rivojlanishida samarali foydalanishni yoʻlga qoʻyish maqsadida maxsus ekspert guruhi quyidagilarga haqlidir:

1-bosqich saralash tanlovlarda maʼlumot (hujjat)larni taqdim etilmagan qismini toʻldirish uchun eʼlon qilingan tanlovlar muddatini uzaytirish;

2-bosqich saralash tanlovlarda stajirovka dasturlarini qayta taqdimot himoyasini oʻtkazishga ruxsat berish.

21. Maxsus ekspert guruhining barcha aʼzolariga yil yakuni boʻyicha erishilgan natijalarga muvofiq Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 50 baravari miqdorida bir martalik mukofot puli (barcha soliq va majburiy toʻlovlarni ushlab qolgan holda) beriladi.

Mukofot pulini berish (tayinlash) Agentlik direktorining buyrugʻiga muvofiq amalga oshiriladi.

22. Maxsus ekspert guruhining faoliyatini uning masʼul kotibi tashkil etadi.

23. Maxsus ekspert guruhi qabul qilgan qarorlarining xolisligi va haqqoniyligi uchun javobgardir.

3-bob. Saralash tanlovlarni oʻtkazish va stajirovkaga yuborish tartibi

24. Stajirovkalarga yuborish boʻyicha kelib tushgan maʼlumot (hujjat)larni umumlashtirish, nomzodlarni saralash tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tegishli boʻlim tomonidan amalga oshiriladi.

25. Jamgʻarmaning Kuzatuv kengashi buyurtmachilarning yuqori turuvchi vazirlik va idoralarining asoslantirilgan takliflari boʻyicha saralash tanlov oʻtkazmagan holda qaror chiqarishga haqli.

Bunda tavsiya etilgan nomzodlarning malakasi va unga qoʻyiladigan talablar ijrosi yuzasidan bevosita vazirlik va idoralarning rahbarlari shaxsan javobgar hisoblanadi.

26. Nomzodlar toʻgʻrisidagi maʼlumot (hujjat)lar 10 ish kuni muddatida tegishli boʻlim tomonidan umumlashtirilib, maxsus ekspert guruhiga xulosa olish uchun kiritiladi.

27. Saralash tanlovlar ikki bosqichda oʻtkaziladi. Maxsus ekspert guruhining qarori uning aʼzolari umumiy sonining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, Maxsus ekspert guruhi rahbarining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

28. Maxsus ekspert guruhi kiritilgan maʼlumot (hujjat)larga asosan kamida bir oylik muddatda ikki bosqichda quyidagi tartibda nomzodlarning saralash tanlovlarini oʻtkazadi.

Saralash tanlovlarning 1-bosqichida kiritilgan maʼlumot (hujjat)lar ushbu Nizomning 11-bandiga mos ravishda toʻliq taqdim etilganligi va rasmiylashtirilganligi koʻrib chiqiladi.

Saralash tanlovlarning 1-bosqichi yakunlari boʻyicha maʼlumot (hujjat)lari taqdim etilgan nomzodlar boʻyicha saralash tanlovning 2-bosqichida ishtirok etishga oʻtkazilgan nomzodlar toʻgʻrisida yigʻma roʻyxat shakllantiriladi.

Maxsus ekspert guruhining saralash tanlovlarning 1-bosqichi natijalari boʻyicha qabul qilingan qarori Agentlik veb-sayti va maxsus axborot tizimiga joylashtiriladi.

Tanlov shartlariga muvofiq nomzodlar kamida 3 kun oldin maxsus axborot tizimi orqali tanlovning keyingi bosqichiga oʻtganligi, suhbat oʻtkazilish vaqti va manzili haqida xabardor qilinadi.

Saralash tanlovlarning 2-bosqichida nomzodlar oʻz stajirovka dasturlarini chet tilida taqdimot (prezentatsiya) koʻrinishida himoyasini oʻtkazadilar.

Saralash tanlovlar davrida taqdimot himoyasida ishtirok etmagan (kelmagan) nomzodlarning hujjatlari maxsus ekspert guruhining qaroriga asosan rad etilishi mumkin.

Taqdimot himoyasida nomzodlar tanlangan tadqiqot ishini qisqa, loʻnda va asoslangan holda ochib berishi hamda puxta tayyorgarlik koʻrgan holda ishtirok etishlari talab etiladi.

Bunda Maxsus ekspert guruhi taqdimot natijalariga asosan yakuniy xulosa tayyorlashda quyidagi mezonlarga amal qiladi:

xorijiy tillarni oʻzining ish faoliyatini amalga oshirishda zarur boʻlgan darajada bilishi va qoʻllay olishi — 30 ballgacha;

stajirovka maqsad va vazifalarining dolzarbligi hamda ilmiy yoki iqtisodiy samaradorligi — 40 ballgacha;

stajirovkaning oliy taʼlim va/yoki ilmiy tashkilotning yoʻnalishlari, ehtiyojlari va talablariga mosligi — 30 ballgacha.

Taqdimot natijalariga asosan kamida 60 ball toʻplagan nomzodlar Maxsus ekspert guruhi qarori bilan gʻolib deb topiladi.

29. Gʻolib nomzodlarning stajirovka uchun talab etiladigan mablagʻlari (transport, yashash, ovqatlanish va boshqa xarajatlar) Agentlik tomonidan koʻrib chiqilgandan soʻng maxsus ekspert guruhining yakuniy xulosasi rasmiylashtiriladi.

Bunda stajirovkaga yuborish xarajatlari boʻyicha tegishli asoslovchi hujjatlar nomzodlar tomonidan Agentlikga taqdim etilishi lozim.

30. Ikkinchi bosqich tanlov gʻoliblari toʻgʻrisida ushbu Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shaklda tuziladigan yakuniy xulosa Kuzatuv kengashida tasdiqlash uchun Jamgʻarmaga kiritiladi.

31. Saralash tanlovlarning 2-bosqichi natijalari Agentlikning rasmiy veb-sayti va maxsus axborot tizimiga joylashtirish orqali eʼlon qilinadi.

Gʻolib nomzodlarni stajirovka oʻtashga yuborish Jamgʻarma tomonidan tanlov yakuniga muvofiq Jamgʻarma Kuzatuv kengashining tegishli qarori qabul qilingandan soʻng amalga oshiriladi.

Yosh olimlarni yetakchi xorijiy ilmiy tashkilotlarga qisqa muddatli ilmiy stajirovkalarga yuborish ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

32. Agentlik stajirovka boʻyicha saralash tanlovlarning haqqoniyligiga va belgilangan muddatlarda amalga oshirilishiga javobgardir.

4-bob. Stajirovkalarni moliyalashtirish tartibi

33. Stajirovkalarga yuborish bilan bogʻliq xarajatlar Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.

34. Stajirovkalarni moliyalashtirish tegishli moliya yili uchun Jamgʻarmaning Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadigan daromadlar va xarajatlarining prognoz parametrlarida nazarda tutiladi.

35. Maxsus ekspert guruhining yakuniy xulosasiga muvofiq saralab olingan nomzodlarning stajirovkasi bilan bogʻliq xarajatlar Jamgʻarmaning tegishli moliya yilida ushbu maqsadlar uchun rejalashtirilgan mablagʻlari doirasida boʻlishi zarur.

36. Vazirlik ajratilgan mablagʻlardan samarali va maqsadli ishlatilishini yoʻlga qoʻyish maqsadida stajirovka bilan bogʻliq xarajatlarni qisqartirish va optimallashtirish huquqiga ega.

37. Stajirovkalar boʻyicha xarajatlar Agentlik, Jamgʻarma ijro etuvchi direksiyasi, Buyurtmachi hamda yetakchi xorijiy ilmiy tashkilot oʻrtasidagi shartnoma bilan tartibga solinadigan stajirovka shartlari, talablari va muddatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

38. Stajirovkalarga yuborish bilan bogʻliq talablar va xarajatlar oʻrnatilgan tartibda tuziladigan shartnoma, joʻnab ketish (kelish) sanasi va boshqalarga asosan oʻzgarishi mumkin.

Bunda nomzodlar tomonidan rejalashtirilgan stajirovkaning davomiylik muddati Maxsus ekspert guruhida tasdiqlangan stajirovka muddatidan oshmasligi shart.

39. Stajirovka oʻtash davrida Jamgʻarma ajratilgan mablagʻlarda oqilona va maqsadli foydalanish hamda xarajatlar smetasiga qatʼiy rioya etgan holda sarflanishi uchun Buyurtmachi va nomzodlar javobgar hisoblanadi.

5-bob. Stajirovka yakuni boʻyicha hisobot taqdim etish tartibi

40. Stajirovka yakuni boʻyicha moliyaviy va ilmiy hisobotlar taqdim etiladi.

41. Stajirovka oʻtash uchun ajratilgan mablagʻlardan foydalanish yuzasidan moliyaviy hisobot buyurtmachilar tomonidan tasdiqlangan va tegishli hujjatlar, shu jumladan, xarajatlarni tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilingan holda, gʻolib nomzodlar stajirovka oʻtab kelgan kundan boshlab 10 ish kunida qogʻoz va elektron shaklda Jamgʻarmaga taqdim etiladi.

Bunda hisobot maʼlumotlariga asosan belgilangan tartibda ishlatilmagan (iqtisod qilingan va maqsadsiz sarflangan) mablagʻlar stajirovka yakunlangan kundan boshlab 25 ish kunida Jamgʻarmaga qaytarilishi shart.

42. Stajirovka xarajatlari shartnomada koʻzda tutilgan mablagʻ miqdoridan oshib ketgan hollarda, haqiqiy xarajatlar Buyurtmachi tomonidan qoplanadi.

43. Stajirovka yakuni boʻyicha gʻolib nomzodlar tomonidan stajirovka oʻtab kelgan kundan boshlab 10 ish kunida ilmiy hisobot tayyorlanadi.

44. Ilmiy hisobot buyurtmachilarning kollegial organiga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun kiritiladi.

45. Ilmiy hisobot tasdiqlanmagan taqdirda yosh olimning stajirovka davrida ishlatilgan mablagʻlari uning ish haqidan ushlab qolinib, Buyurtmachi tomonidan Jamgʻarmaga oʻtkazib beriladi.

46. Tasdiqlangan ilmiy hisobot va kollegial organ qarori nusxasi buyurtmachilar rasmiy kuzatuv xatiga ilova qilingan holda kollegial organ qarori chiqqan kundan boshlab 10 ish kunida maxsus axborot tizimi orqali Agentlikka taqdim etiladi.

47. Gʻolib nomzodlar stajirovka oʻtab kelgan ilmiy-tadqiqot ishlari natijalari boʻyicha xorijiy ilmiy anjumanlarda maʼruza bilan ishtirok etishi va xalqaro tan olingan maʼlumotlar bazasidagi yetakchi ilmiy jurnallarda nashr qilishi, shu bilan birga, kamida bir yil davomida Agentlik tomonidan tashkil etiladigan va boshqa tadbirlarda stajirovka davrida toʻplangan tajribalar va olgan bilim va koʻnikmalari borasida oʻz fikr va mulohazalarini bayon etishi lozim.

48. Hisobot va maʼlumotlar haqqoniyligi yuzasidan buyurtmachilar rahbarlari javob beradilar.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

49. Agentlik va Jamgʻarma buyurtmachilardan stajirovkaga yuborish va yakuniy hisobotlar yuzasidan kiritilgan maʼlumot (hujjat)lar boʻyicha qoʻshimcha maʼlumotlarni soʻrab olishga haqlidir.

50. Stajirovka oʻtash mobaynida tanlov gʻoliblarining belgilangan tartibda ish joyi va lavozimi shu jumladan, stipendiya yoki oʻrtacha ish haqi saqlanishi lozim.

51. Maxsus ekspert guruhining saralash tanlovlarni oʻtkazish natijalari yuzasidan qabul qilingan qarorlari boʻyicha manfaatdor shaxslar tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilinishi mumkin.

52. Mazkur Nizom bilan tartibga solinmagan munosabatlar Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchilik hujjatlari asosida hal qilinadi.

53. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Yosh olimlarni yetakchi xorijiy oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlarga qisqa muddatli ilmiy stajirovkalarga yuborish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Yosh olimlarni yetakchi xorijiy ilmiy tashkilotlarga (markazlar, universitetlar va boshqalar) qisqa muddatli ilmiy stajirovkalarga yuborish

T/r Familiyasi, ismi, otasining ismi Ish joyi va lavozimi (oliy taʼlim yoki ilmiy tashkilot nomi) Stajirovka maqsad va vazifalari Stajirovka oʻtkaziladigan davlat, qabul qiluvchi tashkilotlar Stajirovka davomiyligi Stajirovka uchun talab etiladigan mablagʻlar (transport, yashash, ovqatlanish va boshqa xarajatlar har biri alohida koʻrsatilishi zarur) Fan yoʻnalishi Kutilayotgan natijalar 1. 2... Izoh. Stajirovka uchun talab etiladigan mablagʻlar ustuni maʼlumotlari oliy taʼlim yoki ilmiy tashkilotlar buxgalteriya hisobi xodimlari tomonidan toʻldiriladi . Oliy taʼlim muassasasi yoki ilmiy tashkilot rahbari (oʻrinbosari) (Imzo) F.I.O M.Oʻ.

Yosh olimlarni yetakchi xorijiy oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlarga qisqa muddatli ilmiy stajirovkalarga yuborish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Yosh olimlarni yetakchi xorijiy oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlarga qisqa muddatli ilmiy stajirovkalarga yuborish maqsadida tanlovlarni tashkil etish, oʻtkazish, saralash, moliyalashtirish va stajirovka yakuni boʻyicha hisobot taqdim etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Innovatsion rivojlanish agentligi (Agentlik) Respublikadagi yosh olimlarni stajirovkalarga yuborish boʻyicha Agentlik veb-sayti va maxsus axborot tizimida tanlov toʻgʻrisida eʼlon joylashtiradi. Tanlov boshlanishidan kamida bir oy oldin 2-bosqich Yuboruvchi tashkilotlar 1. Nomzodlar roʻyxatini shakllantirish va dastlabki saralash tanlovini oʻtkazadi. 2. Nomzodlar toʻgʻrisida maʼlumot va hujjatlarni yoʻllanma xati bilan maxsus axborot tizimi orqali Agentlikka taqdim etadi. Tanlovda belgilangan muddatda 3-bosqich Agentlik Nomzodlarni saralab olish uchun Agentlik huzurida Maxsus ekspert guruhini tuzadi. Har yili yanvar oyida 4-bosqich Maxsus ekspert guruhi Nomzodlarning saralash tanlov bosqichlarini oʻtkazib, yakuniy xulosani Agentlikka taqdim etadi. Kamida bir oy muddatda 5-bosqich Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi Kuzatuv kengashi Gʻolib nomzodlar stajirovkasini moliyalashtirish maqsadida Jamgʻarma Kuzatuv kengashining tegishli qarorini qabul qiladi. Agentlik yoʻllanma xati kiritilgandan soʻng kamida bir oy muddatda 6-bosqich Agentlik Tanlov gʻoliblarini Agentlikning rasmiy veb-sayti va maxsus axborot tizimida eʼlon qiladi. 5-bosqich yakunlangandan soʻng kamida oʻn kun muddatda 7-bosqich Yuboruvchi tashkilotlar Stajirovka yakuni boʻyicha moliyaviy va ilmiy hisobotlar taqdim etadi. Moliyaviy hisobot: stajirovka oʻtab kelgan kundan oʻn ish kunida; Ilmiy hisobot: kollegial organ qarori chiqqan kundan oʻn ish kunida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 19-aprel,

222-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 20.04.2021-y., 09/21/222/0344-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.07.2021-y., 06/21/6269/0704-son; 06.01.2026-y., 09/26/840/0012-son)

lex.uz