📅 2021-yil 20-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 20-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 20 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Хива шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида
Хоразм вилояти Хива шаҳрининг маданий ва туристик инфратузилмасини ривожлантириш орқали аҳоли ва туристлар учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, туристлар оқимини кўпайтиришга ва уларнинг ҳудудда бўлиш муддатларини узайтиришга имкон берувчи хизматлар сифатини ва туризм йўналишларини такомиллаштириш, шунингдек, инвестиция жозибадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хоразм вилояти ҳокимлигининг Хива шаҳар ҳокимлигида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Хива шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2021 йилда Жамғармага бошланғич ресурс сифатида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 5 млрд сўм миқдоридаги маблағ ажратилишини таъминласин.
Белгилансинки, Жамғармага ажратиладиган ушбу маблағдан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган йиллик манзилли дастурга асосан амалга оширилади.
3. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар ҳисоблансин:
мазкур қарорнинг 2-бандида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган 5 млрд сўм миқдоридаги бир марталик молиявий ёрдам;
Хива шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари;
бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
халқаро молия институтларининг грантлари ва кредитлари ҳамда донор ташкилотлар маблағлари;
жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилган ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган асосий йўналишлар этиб белгилансин:
«Ичан-қалъа» ва «Дишан-қалъа» ҳамда бошқа маданий мерос объектларининг меъморий қиёфасини реставрация қилиш ва таъмирлаш-тиклаш;
ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ташқи ёритиш тизимларини, шунингдек, ҳудуднинг суғориш тизимларини яхшилаш ва ер ости сувлари сатҳини пасайтириш;
ичимлик суви, оқова сув, алоқа, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари ҳамда автомобиль йўллари ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
доимий фаолият юритувчи комплекс кўнгилочар дастурларни яратиш, туристларга хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча инфратузилма объектларининг ҳолатини яхшилаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
Хива шаҳрининг жамоат жойларида (майдонлар, хиёбонлар, боғлар ва ҳоказо) кичик архитектура шаклларини ўрнатиш;
замонавий талабларни ҳисобга олиб, мавжуд инфратузилмаларни такомиллаштириш ҳамда янги инфратузилма объектларини барпо этиш.
5. Хива шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилинишини таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — туризм ва спорт вазири А.А. Абдуҳакимов ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 апрелдаги 224-сон қарорига ИЛОВА
Хива шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Хива шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Хива шаҳар ҳокимлигида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда маблағлардан кейинчалик Хива шаҳрида жойлашган маданий ва туристик объектларнинг инфратузилмасини яхшилаш ва замонавий талабларни ҳисобга олиб, тасдиқланган дастурларга мувофиқ мавжуд инфратузилмаларни такомиллаштириш ҳамда янги инфратузилма объектларини барпо этишда фойдаланиш учун уларнинг жамланишини таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
3. Жамғарма маблағлари Жамғарманинг белгиланган тартибда очиладиган миллий ва чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
бошланғич ресурс сифатида 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган 5 млрд сўм миқдоридаги бир марталик молиявий ёрдам;
Хива шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари;
бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
халқаро молия институтларининг грантлари ва кредитлари ҳамда донор ташкилотлар маблағлари;
жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилган ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
3-боб. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган асосий йўналишлар
5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган асосий йўналишлар ҳисобланади:
«Ичан-қалъа» ва «Дишан-қалъа» ҳамда бошқа маданий мерос объектларининг меъморий қиёфасини реставрация қилиш ва таъмирлаш-тиклаш;
ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ташқи ёритиш тизимларини, шунингдек, ҳудуднинг суғориш тизимларини яхшилаш ва ер ости сувлари сатҳини пасайтириш;
ичимлик суви, оқова сув тармоқларини ҳамда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
электр энергияси ва табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
алоқа тармоқларини, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
доимий фаолият юритувчи комплекс кўнгилочар дастурларни яратиш, туристларга хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча инфратузилма объектларининг ҳолатини яхшилаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланган шаҳар инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар;
Хива шаҳрининг жамоат жойларида (майдонлар, хиёбонлар, боғлар ва ҳоказо) кичик архитектура шаклларини ўрнатиш;
замонавий талабларни ҳисобга олиб, тасдиқланган дастурларга мувофиқ мавжуд инфратузилмаларни такомиллаштириш ҳамда янги инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
6. Хива шаҳар ҳокимлиги Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.
7. Жамғарма маблағларидан:
мукофотлар, қўшимча ҳақ ва устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар тўлашга, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча моддий рағбатлантиришга;
қарз маблағлари жалб қилиш, гаров ёки мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг бошқа усули сифатида фойдаланишга, Жамғарма маблағлари ҳисобидан бошқа юридик ва жисмоний шахслар фойдасига молиявий кафолатлар ва кафилликлар беришга, шунингдек, ссудалар ва кредитлар беришга йўл қўйилмайди.
8. Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу Низомнинг 5-бандида белгиланган тадбирларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Жамғармага ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширишни таъминлаш бўйича йиллик манзилли дастур (кейинги ўринларда — Манзилли дастур) лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Манзилли дастур лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Жамғармага ажратиладиган маблағлардан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Манзилли дастурга мувофиқ фойдаланилади.
10. Хива шаҳар ҳокимлиги Манзилли дастурда белгиланган харажатлардан келиб чиқиб Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси (кейинги ўринларда — Смета) лойиҳасини ишлаб чиқади ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқлайди.
11. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Жамғармага ажратиладиган маблағлардан ташқари) Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.
Бунда маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари билан тасдиқланадиган ҳамда Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан шакллантириладиган ва халқ депутатлари Хива шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланадиган тегишли дастурлар асосида ажратилади.
12. Сметага қатъий амал қилган ҳолда Манзилли дастур ва бошқа тегишли дастурлар бажарилишини таъминлаш учун зарур маблағларни ажратиш тўғрисида Хива шаҳар ҳокимининг фармойиши қабул қилинади.
Бунда Хива шаҳар ҳокимининг фармойиши асосида Хива шаҳар ҳокимлиги бухгалтери томонидан тўлов топшириқномалари расмийлаштирилади ва пул маблағлари сарфланиши учун Хива шаҳар молия бошқармасига тақдим этилади.
13. Сметанинг даромадлар қисми молия йили бошига Жамғарма маблағлари қолдиғи ҳамда келгуси йилда тушиши кутилаётган маблағлар прогнози кўрсаткичларидан таркиб топади.
14. Жамғарманинг жорий йилда сарфланмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтказилади.
5-боб. Жамғарма маблағлари сарфланишини назорат қилиш
15. Жамғарма маблағлари ҳаракати ва улардан фойдаланилиши ҳисоби Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан алоҳида юритилади ва йиллик ҳисоботлар тузилади.
Хива шаҳар ҳокими ва ҳокимлик бухгалтери бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши, Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш бўйича белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.
16. Жамғарма маблағларидан тўғри фойдаланилиши устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан амалга оширилади.
6-боб. Якунловчи қоида
17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 20 апрель,
224-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Xiva shahar infratuzilmasini rivojlantirish jamgʻarmasini tashkil etish toʻgʻrisida
Xorazm viloyati Xiva shahrining madaniy va turistik infratuzilmasini rivojlantirish orqali aholi va turistlar uchun qoʻshimcha qulay shart-sharoitlar yaratish, turistlar oqimini koʻpaytirishga va ularning hududda boʻlish muddatlarini uzaytirishga imkon beruvchi xizmatlar sifatini va turizm yoʻnalishlarini takomillashtirish, shuningdek, investitsiya jozibadorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Xorazm viloyati hokimligining Xiva shahar hokimligida yuridik shaxs tashkil etmagan holda Xiva shahar infratuzilmasini rivojlantirish jamgʻarmasini (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi 2021-yilda Jamgʻarmaga boshlangʻich resurs sifatida Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan 5 mlrd soʻm miqdoridagi mablagʻ ajratilishini taʼminlasin.
Belgilansinki, Jamgʻarmaga ajratiladigan ushbu mablagʻdan foydalanish Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishilgan holda Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan yillik manzilli dasturga asosan amalga oshiriladi.
3. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari etib quyidagilar hisoblansin:
mazkur qarorning 2-bandida koʻrsatilgan Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan ajratiladigan 5 mlrd soʻm miqdoridagi bir martalik moliyaviy yordam;
Xiva shahar budjetining qoʻshimcha manbalari;
boʻsh turgan mablagʻlarni tijorat banklarining depozitlariga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
xalqaro moliya institutlarining grantlari va kreditlari hamda donor tashkilotlar mablagʻlari;
jismoniy va yuridik shaxslar, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlari tomonidan amalga oshirilgan homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.
4. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlaridan moliyalashtiriladigan asosiy yoʻnalishlar etib belgilansin:
“Ichan-qalʼa” va “Dishan-qalʼa” hamda boshqa madaniy meros obyektlarining meʼmoriy qiyofasini restavratsiya qilish va taʼmirlash-tiklash;
obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish, tashqi yoritish tizimlarini, shuningdek, hududning sugʻorish tizimlarini yaxshilash va yer osti suvlari sathini pasaytirish;
ichimlik suvi, oqova suv, aloqa, elektr energiyasi va tabiiy gaz tarmoqlari hamda avtomobil yoʻllari va ijtimoiy soha obyektlarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash;
doimiy faoliyat yurituvchi kompleks koʻngilochar dasturlarni yaratish, turistlarga xizmat koʻrsatish boʻyicha qoʻshimcha infratuzilma obyektlarining holatini yaxshilash va moddiy-texnika bazasini mustahkamlash;
Xiva shahrining jamoat joylarida (maydonlar, xiyobonlar, bogʻlar va hokazo) kichik arxitektura shakllarini oʻrnatish;
zamonaviy talablarni hisobga olib, mavjud infratuzilmalarni takomillashtirish hamda yangi infratuzilma obyektlarini barpo etish.
5. Xiva shahar infratuzilmasini rivojlantirish jamgʻarmasini shakllantirish va uning mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishi ustidan nazorat qilinishini taʼminlasin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri oʻrinbosari — turizm va sport vaziri A.A. Abduhakimov va Xorazm viloyati hokimi F.U. Ermanov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 20-apreldagi 224-son qaroriga ILOVA
Xiva shahar infratuzilmasini rivojlantirish jamgʻarmasini shakllantirish va uning mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Xiva shahar infratuzilmasini rivojlantirish jamgʻarmasini (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) shakllantirish va uning mablagʻlaridan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma Xiva shahar hokimligida yuridik shaxs tashkil etmagan holda mablagʻlardan keyinchalik Xiva shahrida joylashgan madaniy va turistik obyektlarning infratuzilmasini yaxshilash va zamonaviy talablarni hisobga olib, tasdiqlangan dasturlarga muvofiq mavjud infratuzilmalarni takomillashtirish hamda yangi infratuzilma obyektlarini barpo etishda foydalanish uchun ularning jamlanishini taʼminlash maqsadida tashkil etiladi.
3. Jamgʻarma mablagʻlari Jamgʻarmaning belgilangan tartibda ochiladigan milliy va chet el valyutasidagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida jamlanadi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish
4. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hisoblanadi:
boshlangʻich resurs sifatida 2021-yilda Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan ajratiladigan 5 mlrd soʻm miqdoridagi bir martalik moliyaviy yordam;
Xiva shahar budjetining qoʻshimcha manbalari;
boʻsh turgan mablagʻlarni tijorat banklarining depozitlariga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
xalqaro moliya institutlarining grantlari va kreditlari hamda donor tashkilotlar mablagʻlari;
jismoniy va yuridik shaxslar, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlari tomonidan amalga oshirilgan homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan asosiy yoʻnalishlar
5. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlaridan moliyalashtiriladigan asosiy yoʻnalishlar hisoblanadi:
“Ichan-qalʼa” va “Dishan-qalʼa” hamda boshqa madaniy meros obyektlarining meʼmoriy qiyofasini restavratsiya qilish va taʼmirlash-tiklash;
obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish, tashqi yoritish tizimlarini, shuningdek, hududning sugʻorish tizimlarini yaxshilash va yer osti suvlari sathini pasaytirish;
ichimlik suvi, oqova suv tarmoqlarini hamda avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash;
elektr energiyasi va tabiiy gaz tarmoqlarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash;
aloqa tarmoqlarini, ijtimoiy soha obyektlarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash;
doimiy faoliyat yurituvchi kompleks koʻngilochar dasturlarni yaratish, turistlarga xizmat koʻrsatish boʻyicha qoʻshimcha infratuzilma obyektlarining holatini yaxshilash va moddiy-texnika bazasini mustahkamlash hamda xalq deputatlari shahar Kengashi tomonidan tasdiqlangan shahar infratuzilmasi bilan bogʻliq masalalar;
Xiva shahrining jamoat joylarida (maydonlar, xiyobonlar, bogʻlar va hokazo) kichik arxitektura shakllarini oʻrnatish;
zamonaviy talablarni hisobga olib, tasdiqlangan dasturlarga muvofiq mavjud infratuzilmalarni takomillashtirish hamda yangi infratuzilma obyektlarini barpo etish boʻyicha ishlarni moliyalashtirish.
4-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish
6. Xiva shahar hokimligi Jamgʻarma mablagʻlarini tasarruf etuvchi hisoblanadi.
7. Jamgʻarma mablagʻlaridan:
mukofotlar, qoʻshimcha haq va ustamalar, ragʻbatlantiruvchi toʻlovlar toʻlashga, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan qoʻshimcha moddiy ragʻbatlantirishga;
qarz mablagʻlari jalb qilish, garov yoki majburiyatlar bajarilishini taʼminlashning boshqa usuli sifatida foydalanishga, Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan boshqa yuridik va jismoniy shaxslar foydasiga moliyaviy kafolatlar va kafilliklar berishga, shuningdek, ssudalar va kreditlar berishga yoʻl qoʻyilmaydi.
8. Xiva shahar hokimligi tomonidan ushbu Nizomning 5-bandida belgilangan tadbirlarni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Jamgʻarmaga ajratiladigan mablagʻlar hisobidan amalga oshirishni taʼminlash boʻyicha yillik manzilli dastur (keyingi oʻrinlarda — Manzilli dastur) loyihasi ishlab chiqiladi.
Manzilli dastur loyihasi Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan majburiy tartibda kelishiladi va tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritiladi.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Jamgʻarmaga ajratiladigan mablagʻlardan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishilgan holda Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan Manzilli dasturga muvofiq foydalaniladi.
10. Xiva shahar hokimligi Manzilli dasturda belgilangan xarajatlardan kelib chiqib Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasi (keyingi oʻrinlarda — Smeta) loyihasini ishlab chiqadi va Moliya vazirligi bilan kelishgan holda tasdiqlaydi.
11. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish (Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Jamgʻarmaga ajratiladigan mablagʻlardan tashqari) Xiva shahar hokimligi tomonidan tasdiqlanadigan daromadlar va xarajatlar smetasiga muvofiq amalga oshiriladi.
Bunda mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Hukumati hujjatlari bilan tasdiqlanadigan hamda Xiva shahar hokimligi tomonidan shakllantiriladigan va xalq deputatlari Xiva shahar kengashi tomonidan tasdiqlanadigan tegishli dasturlar asosida ajratiladi.
12. Smetaga qatʼiy amal qilgan holda Manzilli dastur va boshqa tegishli dasturlar bajarilishini taʼminlash uchun zarur mablagʻlarni ajratish toʻgʻrisida Xiva shahar hokimining farmoyishi qabul qilinadi.
Bunda Xiva shahar hokimining farmoyishi asosida Xiva shahar hokimligi buxgalteri tomonidan toʻlov topshiriqnomalari rasmiylashtiriladi va pul mablagʻlari sarflanishi uchun Xiva shahar moliya boshqarmasiga taqdim etiladi.
13. Smetaning daromadlar qismi moliya yili boshiga Jamgʻarma mablagʻlari qoldigʻi hamda kelgusi yilda tushishi kutilayotgan mablagʻlar prognozi koʻrsatkichlaridan tarkib topadi.
14. Jamgʻarmaning joriy yilda sarflanmagan mablagʻlari olib qoʻyilmaydi va keyingi yilga oʻtkaziladi.
5-bob. Jamgʻarma mablagʻlari sarflanishini nazorat qilish
15. Jamgʻarma mablagʻlari harakati va ulardan foydalanilishi hisobi Xiva shahar hokimligi tomonidan alohida yuritiladi va yillik hisobotlar tuziladi.
Xiva shahar hokimi va hokimlik buxgalteri buxgalteriya hisobi toʻgʻri yuritilishi, Jamgʻarmaga mablagʻlar tushishi va ulardan foydalanilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarni tuzish va taqdim etish boʻyicha belgilangan tartibda javobgar hisoblanadi.
16. Jamgʻarma mablagʻlaridan toʻgʻri foydalanilishi ustidan nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi hamda xalq deputatlari shahar Kengashi tomonidan amalga oshiriladi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
17. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 20-aprel,
224-son