📅 2021-yil 21-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 21-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 21 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ТЕХНИК ТАЛАБЛАР
ТАРТИБИ
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни фаол жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сон қарорига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Электрон онлайн-аукционларга қўйиш учун махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қийматини (бошланғич нархини) белгилаш тартиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларининг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, шу жумладан, жорий электр энергияси ва алоқа каналларининг харажатлари тадбиркорлик субъектлари томонидан мустақил равишда қопланади;
тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари келгусида «Хавфсиз шаҳар» тизими билан мажбурий интеграцияси таъминланган ҳолда, тадбиркорлик субъектларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.
4. Тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларидан ундирилган жарима суммасини тақсимлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:
а) тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари жорий этилиб, ишга туширилган кундан бошлаб 2 йил давомида:
50 фоизи — тадбиркорлик субъекти ҳисобварағига;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
10 фоизи — йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда, йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига;
5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги «Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонасига;
5 фоизи — Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш марказига «Хавфсиз шаҳар» ягона интеграциялашган тизимларини яратиш ва ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилади;
б) тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари жорий этилиб, ишга туширилганидан 2 йил ўтгандан сўнг:
10 фоизи — тадбиркорлик субъекти ҳисобига;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;
13,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
10 фоизи — йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда, йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
10 фоизи — йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган туман ва шаҳар ҳокимликлари йўл инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаларига;
1,5 фоизи — Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига;
5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги «Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонасига;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
20 фоизи — Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш марказига «Хавфсиз шаҳар» ягона интеграциялашган тизимларини яратиш ва ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилади.
5. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази давлат муассасаси:
тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг ўрнатилиши ва эксплуатация қилинишини техник назорат қилувчи ишчи орган ҳисобланади;
тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими фаолиятини доимий равишда, бевосита ҳамда масофавий тарзда мониторинг қилади;
«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги «Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонаси билан биргаликда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимида мунтазам равишда ахборот ва киберхавфсизлик ҳолати бўйича ўрганишлар ўтказиш, шунингдек, ахборот ва киберхавфсизлик ҳодисалари ҳамда таҳдидларини мониторинг қилиш ишларини амалга оширади.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
транспорт воситаларининг ҳаракатланиш жадаллиги ва охирги икки йилда содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларининг таҳлили асосида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокациясини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;
йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокациясини ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилишини ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини ҳамда заруратга кўра мунтазам янгилаб борилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида Йўл ҳаракати хавфсизлиги компьютерлаштирилган бошқарув тизимининг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш ҳамда замонавий сервер қурилмалари билан жиҳозлаш бўйича асослантирилган таклиф киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарорига 1-ИЛОВА
Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини (кейинги ўринларда — тизим) ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими — ҳайдовчилари йўл ҳаракати қоидабузарликларини содир этган транспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аниқлаш тизими;
тизим қурилмалари — тадбиркорлик субъектлари томонидан тизимни шакллантириш учун фойдаланиладиган ҳамда транспорт воситалари томонидан содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликларни фото ва видео қайд этиш ускунаси, «I», «Г», «Т» ёки «П» шаклдаги металл устун, қайд этилган қоидабузарлик ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни ўзида сақловчи қурилма, коммутатор, маршрутизатор ва бошқалардан иборат бўлган тармоқ қурилмалари ҳамда электр қуввати билан таъминловчи қурилмалар;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг «Маъмурий амалиёт» модули (кейинги ўринларда — «Маъмурий амалиёт» модули) — йўл ҳаракати соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларни ҳисобга олиш, кўриб чиқиш ва қоидабузарга нисбатан маъмурий тартибда жарима қўллаш тўғрисидаги қарорни шакллантирувчи комплекс автоматлаштирилган ахборот тизими;
объект — электрон онлайн-аукционларда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига фойдаланиш ҳуқуқи асосида чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорлик субъектларига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жой;
оператор — электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли бўлган Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Электрон онлайн-аукционлар ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси;
минимал қиймат (бошланғич нарх) — тизим жойлашган жойнинг электрон онлайн-аукционга қўйилган нархи;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
«E-auksion» электрон савдо платформаси — электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур маълумотларни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш имкониятини, шунингдек, манфаатдор шахсларнинг электрон онлайн-аукционлар жараёнида бевосита иштирок этишини таъминлайдиган ахборот тизими.
3. Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш бўйича ҳужжатлар лойиҳасини келишиш ва ўрнатиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2-боб. Электрон онлайн-аукционларни ташкил этишга доир талаблар
4. Тизим ўрнатилиши мумкин бўлган жойнинг дислокацияси ва минимал қиймати (бошланғич нархи), мазкур ҳудуддаги транспорт оқими ва охирги икки йилда аниқланган йўл ҳаракати қоидалари турлари бўйича қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар ваколатли орган томонидан «E-auksion» электрон савдо платформасидаги алоҳида веб-саҳифада эълон қилинади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сон қарори билан тасдиқланган 2021-2022 йилларда республика бўйича махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш дастурига мувофиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокацияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Дислокация Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ҳамда заруратга қараб мунтазам равишда янгилаб борилади.
6. Тизим ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг электрон онлайн-аукционлари оператор томонидан белгиланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби бўйича амалга оширилади.
«E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукционлар (танловлар) «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган регламент асосида ташкил этилади ва ўтказилади.
7. Ваколатли орган операторга электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги буюртма билан бирга қуйидаги ахборот ва ҳужжатларни тақдим этади:
тизим ўрнатилиши режалаштирилган жойни электрон онлайн-аукционга чиқаришга асос бўлган ҳужжатлар;
тизим ўрнатиладиган жойни электрон онлайн-аукционга қўйишда унинг минимал қиймати (бошланғич нархи);
тизим ўрнатиладиган жойнинг туташ ер участкалари билан бирга 4 та фотосурати;
тизим ўрнатиладиган жойнинг геолокацияси;
тадбиркорлик субъектларига юкланган мажбуриятлар тўғрисидаги маълумотлар;
ваколатли орган (буюртмачи) ҳақида маълумот (почта ва электрон манзили, телефон, факс).
электрон онлайн-аукционга қўйиладиган объектни тавсифлайдиган ҳужжатлар.
8. Электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш учун тегишли ҳужжатларни топшириш, кўриб чиқиш ва ғолиб тадбиркорлик субъектлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.
8 1 . Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини аниқлайдиган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойни аукцион орқали сотишдан тушган маблағларнинг 1 фоизи операторга, қолган қисми Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари асосида тегишли маҳаллий бюджет даромадига ўтказилади.
9. Электрон онлайн-аукционларда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари тизимни ўрнатиш ва ишга туширишни ушбу Низомга 2-иловада келтирилган Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими дастурий-техник воситаларига доир техник талабларга мувофиқ ташкил этади.
3-боб. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини ўрнатишга доир талаблар
10. Тизим электрон онлайн-аукционларда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзларига бириктирилган объектларда мазкур Низом талабларига мувофиқ ўрнатилади.
11. Тизимнинг дастурий-техник воситалари мазкур Низомга 2-иловада келтирилган Тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатиладиган автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими дастурий-техник воситаларига доир техник талабларга мувофиқ бўлиши лозим.
Бунда тадбиркорлик субъектлари қуйидаги идоралардан объект бўйича техник шартлар олиши лозим:
«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси филиали;
«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ҳудудий корхонаси;
Автомобиль йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармаси;
туман (шаҳар) ҳокимликлари.
12. Металл устунларни лойиҳалаш, экспертизадан ўтказиш, ваколатли давлат органлари билан келишиш ва ўрнатиш ишлари тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади.
13. Тизим «Маъмурий амалиёт» модулига мажбурий тартибда ва техник талаблар асосида интеграция қилинади.
14. Тизимни жорий этишда узлуксиз ишлайдиган ва ҳимояланган алоқа каналлари тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан ташкил этилади.
15. Тизимни электр тармоғига улаш тадбиркорлик субъектлари зиммасига юкланади.
16. Объектларда муҳандислик инфратузилмасини яратиш ушбу Низомда белгиланган талабларга асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади.
17. Тизим «Маъмурий амалиёт» модулига интеграция қилингандан сўнг ўн кун давомида синов тариқасида ишлатилади.
Тизим синов тариқасида амал қилган даврда қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима ундирилмайди.
4-боб. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини эксплуатация қилишга доир техник талаблар
18. Тизим доимий ва узлуксиз режимда ишлаши ҳамда узилишлар рўй берганда офлайн тарзда маълумотларни тўплаш ва сақлаш, тизимнинг фаолияти қайта тикланганда эса, ушбу олинган маълумотларни тақдим этиш имкониятига эга бўлиши лозим.
Алоқа тармоқларида узилишлар кузатилганда, маълумотларни қурилмада 48 соатдан кам бўлмаган вақт давомида сақлаш имкониятига эга бўлган захира хотира қурилмаси мавжуд бўлиши талаб этилади.
19. Тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун 8 соатдан кам бўлмаган захира электр таъминоти бўлиши лозим.
20. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш сертификатига эга бўлиши ҳамда норматив ҳужжатларда белгиланган муддатларда қайта қиёслашдан ўтказилиши шарт.
21. Тизимнинг тармоқ қурилмалари фото ва видео қайд этиш ускуналари ҳолатини автоматлаштирилган мониторинг қилиш (ишчи ҳолатдалиги) имкониятига эга бўлиши лозим.
22. Тизим ёрдамида қайд этилган қоидабузарлик ва транспорт воситалари тўғрисидаги фото маълумотлар 730 кундан, видео маълумотлар 90 кундан кам бўлмаган муддатда «Маъмурий амалиёт» модулида сақланади.
23. Алоқа тармоқлари оптик толали тармоқ технологиялари ёрдамида ташкил этилади (коммутатор, маршрутизатор ва бошқалар) ҳамда тармоқнинг сўнгги нуқталарига қадар хизмат кўрсатиши учун етарли ўтказувчанликни таъминлаши лозим.
24. Тизим ёрдамида аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар ҳимояланган алоқа каналлари орқали марказий сервер қурилмасига узатилади.
25. Тизим етказиб берувчи корхона томонидан камида 3 йил давомида кафолатланган техник қўллаб-қувватланиши лозим.
5-боб. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш ва ахборот-коммуникация тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир талаблар
26. Тадбиркорлик субъектлари объектга ўрнатиладиган тизим ва ахборот-коммуникация тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлашга масъул ҳисобланиб, белгиланган талабларга риоя қилиш мажбуриятини олади.
27. Тизимга ҳар қандай кўринишдаги қўшимча қурилма ва воситаларни улаш тадбиркорлик субъектларининг ёзма мурожаатига асосан ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Бунда ваколатли орган томонидан қонунчиликда белгиланган муддатда тадбиркорлик субъектларининг ёзма мурожаати юзасидан рухсат бериш ёки рад этиш бўйича асослантирилган жавоб хати тақдим этилади.
28. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар узатиш тармоғига ахборот хавфсизлиги талабларига зид равишда ноқонуний уланиш ёки уланишга уриниш тақиқланади.
29. Тизимдаги барча маълумотлар хизмат доирасида фойдаланиш учун қўлланилади.
30. Тадбиркорлик субъектлари тизимдаги маълумотлар ваколатли органнинг рухсатисиз ошкор бўлмаслиги, тизимдан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган техник мутахассисларнинг махфий маълумотларни ошкор этмасликларини таъминлаш учун масъул ҳисобланади.
31. Ваколатли орган томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган техник топшириқ намунасининг ахборот ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги «Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонасида экспертизадан, шунингдек, дастурий маҳсулотлар ва ахборотни ҳимоя қилиш воситалари сертификатлашдан ўтказилади.
32. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги «Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тизимда ҳамда «Маъмурий амалиёт» модулида мунтазам равишда ахборот ва киберхавфсизлик ҳолати бўйича ўрганишлар ўтказиш, шунингдек, ахборот ва киберхавфсизлик ҳодисалари ва таҳдидларини мониторинг қилиш ишларини амалга оширади.
6-боб. Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимини фойдаланишга топшириш ҳамда унга нисбатан ҳуқуқларни бекор қилиш тартиби
33. Объект электрон онлайн-аукционларда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига фойдаланиш ҳуқуқи асосида чекланмаган муддатга, бошқа тадбиркорлик субъектларига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади.
34. Тизимга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тадбиркорлик субъектлари мазкур Низом ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
35. Тизим ушбу Низом талаблари асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан тўлиқ шакллантирилгандан сўнг ваколатли органнинг «Тизимнинг қўйилган техник талабларга жавоб беришини ўрганиш бўйича техник хулосаси»га асосан ишга туширилади ҳамда шундан сўнг ушбу Низомнинг 37-банди талабларини инобатга олган ҳолда тизимдан фойдаланишга рухсат берилади.
36. Тадбиркорлик субъектларининг тизимдан фойдаланиш ҳуқуқи йўлга эгалик қилувчи юридик шахслар билан шартнома тузилган кейин вужудга келади.
37. Объектдан бошқа мақсадларда ёки ушбу Низомнинг 42-бандида кўрсатилган ҳолатда фойдаланилганда, ваколатли органнинг ташаббусига асосан тадбиркорлик субъектларининг тизимдан фойдаланиш ҳуқуқи вақтинча тўхтатиб турилади.
38. Тизим фаолияти юзасидан ваколатли орган томонидан билдирилган эътирозлар бартараф этилган тақдирда, ваколатли органнинг «Тизимни ўрганиш бўйича хулосаси»га асосан у қайта ишга туширилади ва шундан сўнг тизимдан қайта фойдаланишга рухсат берилади.
39. Тизим ўрнатилган объект тадбиркорлик субъектидан олиб қўйилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектига мазкур объект қийматига тенг бўлган бошқа бўш турган объект таклиф этилади.
41. Ваколатли орган томонидан билдирилган қуйидаги эътирозлар мазкур Низомнинг 42-бандида кўрсатилган муддатларда бартараф этилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектларининг объектдан чекланмаган муддатда фойдаланиш ва уни бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи бекор қилинишига олиб келади:
тадбиркорлик субъекти аукцион савдосида ғолиб бўлганлиги тўғрисидаги билдиришномани олган кундан бошлаб 90 кун ичида объектда дастурий-техник воситаларни ўрнатиш билан боғлиқ бирор-бир ҳаракат (қурилиш-монтаж ишлари)ни амалга оширмаганда;
тизимдан бошқа мақсадларда фойдаланганда;
тизимдан фойдаланиш жараёнида ушбу Низом билан тасдиқланган техник талабларга жавоб бермайдиган ҳолатлар келиб чиққанда;
тизимга ваколатли органнинг рухсатисиз қўшимча ёки бошқа қурилма ўрнатилганда;
тизимда қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилганлик ҳолатлари бўйича «Маъмурий амалиёт» модулига юборилган маълумотлардаги хатоликларнинг умумий сони бир ва ундан ортиқ фоизни ташкил этганда;
ташқи таъсир натижасида тизим қурилмаларининг жойлашувида ўзгариш юз бериб, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик қилганда.
Қонунчилик ҳужжатларида объектга нисбатан мавжуд бўлган ҳуқуқларни бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам назарда тутилиши мумкин.
42. Ваколатли орган томонидан билдирилган эътирозлар 30 кун давомида бартараф этилмаган тақдирда ёки бириктирилган объектдан ихтиёрий воз кечилганда, тадбиркорлик субъектларининг объектдан чекланмаган муддатда фойдаланиш ва уни бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи ваколатли органнинг қарори билан бекор қилинади ҳамда 7 иш кунида оператор хабардор қилинади.
Оператор ваколатли органнинг қарори асосида 3 иш кунида «E-auksion» электрон савдо платформасига тегишли ўзгартириш киритилади.
43. Тадбиркорлик субъектларининг объектдан чекланмаган муддатда фойдаланиш ва уни бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи бекор қилинганда, тизим қурилмалари тадбиркорлик субъектларига қайтарилади ва бир ой муддат ичида ваколатли орган ҳамда йўлга эгалик қилувчи юридик шахсларнинг иштирокида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этган ҳолда тадбиркорлик субъектлари томонидан ечиб олинади.
Тадбиркорлик субъектларига юкланган мажбурият белгиланган муддат ичида амалга оширилмаган тақдирда, мазкур қурилмалар ваколатли орган ҳамда йўлга эгалик қилувчи юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда ечиб олинади ҳамда тадбиркорлик субъектларининг расмий сўровига асосан қурилмаларнинг ечиб олиниши билан боғлиқ харажатлар тадбиркорлик субъектлари томонидан қоплангандан сўнг уларга ёки уларнинг ишончли вакилига қайтарилади.
7-боб. Тадбиркорлик субъектлари ҳамда ваколатли органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
46. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари:
«E-auksion» электрон савдо платформасида эълон қилинган электрон онлайн-аукцион орқали тизимни ўрнатиш объекти аукционида иштирок этиш;
тизимни жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш учун зарур ахборотларни ваколатли органлардан олиш;
объектда лойиҳа-тадқиқот ишларини амалга ошириш юзасидан тегишли ташкилотлар билан шартномалар тузиш;
шартнома талаблари бузилган тақдирда, уни суд тартибида бекор қилишни талаб қилиш;
электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра уларга бириктирилган объектдан чекланмаган муддатда фойдаланиш ҳамда уни бошқа тадбиркорлик субъектларига ўтказиш;
тизим фаолияти юзасидан ваколатли орган томонидан билдирилган эътирозлар узрли сабабларга кўра (мутахассисларнинг чет элдан келиши зарурати, тизимдаги камчиликни бартараф этиш юзасидан мураккаб технологик ечим ва бошқалар) 30 кун ичида бартараф этишнинг имкони бўлмаган тақдирда, мазкур муддатни узайтириш учун ёзма мурожаат қилиш.
Тадбиркорлик субъектлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
47. Тадбиркорлик субъектлари қуйидагиларга мажбур:
тизимни мазкур Низомга 2-иловада келтирилган техник талабларга мувофиқ харид қилиш;
тизим ёрдамида аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш қурилмаси тўғрисидаги маълумотларни (метрологик қиёслаш гувоҳномаси) ДЙҲХХ томонидан ишлаб чиқилган Технологик йўриқнома талаблари асосида «Маъмурий амалиёт» модулига тақдим этиш;
тизим фаолиятини фақат ўзларига бириктирилган объектда, стационар режимда ҳамда тегишли йўл белгиларининг ўрнатилишини ва ётиқ чизиқларнинг чизилишини таъминлаган ҳолда ташкил этиш;
тизим томонидан йўл ҳаракати қоидабузарликлари нотўғри аниқланганлиги тасдиқланган ҳолларда, уларни содир этган деб эътироф этилган шахсга етказилган барча моддий зарарни қоплаш;
табиий офат (зилзила, сув тошқини, ёнғин ва шу каби бошқа ҳодисалар) натижасида тизим носоз ҳолга келган тақдирда, табиий офат оқибатлари бартараф этилган кундан бошлаб 180 кун ичида тизимни қайта ишга тушириш ва бу билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олиш;
электрон онлайн-аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига тизим ўрнатиладиган жойни бириктириш бўйича шартнома тузилганидан сўнг 60 кун ичида тизимни ишга тушириш;
тизим фаолияти юзасидан ваколатли орган томонидан билдирилган эътирозларни 30 кун ичида бартараф этиш;
Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатларни махсус техника воситалари орқали қайд этишда шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, соҳада суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш мақсадида барча маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш сервер қурилмалари «Хавфсиз шаҳар» марказининг технологик майдончасига жойлаштириш (бошқарувига ўтказиш);
қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш.
48. Ваколатли орган қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда тизим фаолиятини доимий равишда, бевосита ҳамда масофавий тарзда мониторинг қилиш;
тизимдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш ҳамда қоидабузарликларни аниқлашда холисликни ўрганиш;
тизимда аниқланган камчилик ва хатоликларнинг бартараф этилишини талаб қилиш;
тизим томонидан йўл ҳаракати қоидабузарликлари нотўғри аниқланишида тадбиркорлик субъектларининг айби тасдиқланган ҳолларда, етказилган зарарни қоплаш юзасидан судга тегишли ҳужжатларни тақдим қилиш;
тадбиркорлик субъектлари ушбу Низомда белгиланган талабларни лозим даражада бажармаган ёки ваколатли орган билдирган эътирозларни бартараф этмаган тақдирда, мазкур тизим томонидан юборилаётган маълумотлар «Маъмурий амалиёт» модулига қабул қилинишини тўхтатиш;
тадбиркорлик субъектлари тизим ўрнатиладиган жой бўйича йўлга эгалик қилувчи юридик шахслар билан шартномаси расмийлаштиргандан сўнг тизимни ишга тушириш, шунингдек, ваколатли орган билдирган эътирозларни бартараф этиш билан боғлиқ муддатларга амал қилмаган тақдирда, уларга бириктирилган объектдан фойдаланиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш;
тадбиркорлик субъекти аукцион савдосида ғолиб бўлганлиги тўғрисидаги билдиришномани олган кундан бошлаб 90 кун ичида объектда дастурий-техник воситаларни ўрнатиш билан боғлиқ бирор-бир ҳаракат (қурилиш-монтаж ишлари)ни амалга оширмаган тақдирда, уни объектга нисбатан бўлган ҳуқуқини бекор қилиш чораларини кўриш тўғрисида расмий огоҳлантириш.
Ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
49. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:
оператор билан веб-порталда электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан шартнома тузиш;
тизим ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокацияси ҳақидаги маълумотларни электрон онлайн-аукцион ўтказилишидан камида 30 кун олдин маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиш;
электрон онлайн-аукционлар ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» акциядорлик жамиятига ўз вақтида тақдим этиш;
тизим ўрнатилиши режалаштирилаётган объектларда тегишли йўл белгиларини ўрнатиш ва ётиқ чизиқларни чизиш юзасидан масъул идора ва ташкилотларга тақдимномалар киритиш;
«Маъмурий амалиёт» модулига тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий этилган тизимдан келиб тушган маълумотларнинг узлуксиз ва бенуқсон қайта ишланишини таъминлаш;
ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий тартибда жарима қўллаш тўғрисида қарор шакллантирилишини таъминлаш;
«Маъмурий амалиёт» модули томонидан шакллантирилаётган тизимдан олинган маълумотлар асосида қоидабузарликни қайд этувчи қурилма тўғрисидаги кенгайтирилган маълумотларни (метрологик қиёслаш гувоҳномаси) автоматик равишда тўлиқ акс эттирилишини таъминлаш;
ушбу Низомда белгиланган мажбуриятларини лозим даражада бажармаётган тадбиркорлик субъектларининг автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш бўйича фаолиятини тўхтатиш ёки бекор қилиш чораларини кўриш;
лойиҳани амалга оширишни мувофиқлаштириш;
тизим фаолияти юзасидан билдирилган эътирозлар бартараф этилган тақдирда, уни қайта ишга тушириш ва қайта фойдаланиш учун «Тизимнинг қўйилган техник талабларга жавоб беришини ўрганиш бўйича техник хулосаси»ни бериш;
бириктирилган объектдан ихтиёрий воз кечилганда ёки билдирилган эътирозлар 30 кун давомида бартараф этилмаган тақдирда тадбиркорлик субъектларининг объектдан чекланмаган муддатда фойдаланиш ва уни бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқини бекор қилиш чораларини кўриш.
50. Ваколатли орган ва тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
8-боб. Якунловчи қоидалар
51. Ваколатли орган ва тадбиркорлик субъектлари тизимнинг жорий этилиши ва лойиҳанинг самарали амалга оширилишида тегишлилиги бўйича масъулдирлар.
52. Тизимни жорий этиш ва эксплуатация қилишда келиб чиқадиган ёки йўл ҳаракати ҳодисаси натижасида тизимга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
53. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими дастурий-техник воситаларини ўрнатиш бўйича ҳужжатлар лойиҳасини келишиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 1. Оператор «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ билан электрон аукционларни ўтказиш бўйича хизмат кўрсатишга шартнома тузади. 1. Электрон буюртма бериш санасига қадар. 2. Тизим ўрнатиладиган жойларни аукционга қўйиш учун операторга электрон буюртма ва объектни тавсифлайдиган ҳужжатларни электрон (сканер қилинган) шаклда илова қилиб юборади. 2. Тарафлар томонидан шартнома имзолангандан сўнг. 2-босқич Тадбиркорлик субъекти 1. Тизим ўрнатилиши мумкин бўлган жойлар ҳақида Ички ишлар вазирлиги расмий веб-сайти ва оммавий ахборот воситаларидан маълумот олади. 1. Хабарнома эълон қилинган кундан бошлаб. 2. Тадбиркорлик субъекти «E-auksion» электрон савдо платформаси да рўйхатдан ўтади. 2-3. Аукционда иштирок этиш учун аризаларни бериш муддати якунлангунга қадар. 3. Хабарномада кўрсатилган закалат миқдоридан кам бўлмаган маблағни киритган ҳолда аризани электрон кўринишда тўлдирилади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб юборади. 3-босқич «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ 1. Аукционни унда иштирок этишга ариза берган икки ва ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлганда, оператор веб-порталида автоматик тарзда ўтказади. 1. Оператор веб-порталида эълон қилинган вақтда бошланади ва ғолиб аниқлангунга қадар давом этади. 2. Электрон онлайн-аукционларда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектига QR-кодини қўллаш орқали аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани расмийлаштиради ва тақдим этади. 2. Аукционда ютиб олинган объект учун тўлов суммаси тўлиқ тўлангандан кейин 3 иш куни мобайнида 3. Баённомани аукцион ғолиби ва ваколатли органнинг кабинетига юборади. 3. Баённома расмийлаштирилгандан сўнг. 4. Аукцион натижаларини операторнинг веб-порталида эълон қилади. 4. Аукцион якунланган заҳоти. 4-босқич Транспорт вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар Объектни аукцион натижалари тўғрисидаги баённомага мувофиқ ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектига шартнома асосида чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктиради. 5 иш куни мобайнида 5-босқич Тадбиркорлик субъекти Тадбиркорлик субъекти қуйидаги идоралардан объект бўйича техник шарт олади: 1. «Ўзбектелеком» АК филиали. 2. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий корхонаси. 3. Автомобиль йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармаси. 4. Туман (шаҳар) ҳокимлиги. Зарур бўлганда 6-босқич 1. «Ўзбектелеком» АК филиали. 2. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий корхонаси. 3. Автомобиль йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармаси. 4. Туман (шаҳар) ҳокимлиги. Тадбиркорлик субъектига муайян объект учун техник шартларни тақдим этади. 7 иш куни мобайнида 7-босқич Тадбиркорлик субъекти Техник шартлар ва талаб этилган бошқа ҳужжатлар билан лойиҳалаш идораларига мурожаат қилади. 3 иш куни мобайнида 8-босқич Лойиҳалаш идораси Тегишли ташкилот ва идоралар билан лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда келишади. Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқади ҳамда тадбиркорлик субъектига тақдим этади. 15 иш куни мобайнида 9-босқич Тадбиркорлик субъекти Лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш мақсадида экспертиза фаолиятини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотга белгиланган тартибда тақдим этади. 3 иш куни мобайнида 10-босқич Лойиҳага экспертиза хулосасини берувчи ташкилот Лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиб, тадбиркорлик субъектига эътироз ва таклифлар ёки ижобий хулоса тақдим этади. 10 иш куни мобайнида 11-босқич Тадбиркорлик субъекти Ижобий хулоса олинган лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш юзасидан ушбу схеманинг еттинчи босқичида кўрсатилган давлат органлари билан қайта келишади. 5 иш куни мобайнида 12-босқич Тадбиркорлик субъекти Тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида қурилиш-монтаж ишларини амалга оширади. Пудратчи ташкилот билан имзоланган шартномадаги муддатларда 13-босқич Тадбиркорлик субъекти 1. Қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан сўнг ишчи ҳужжатлар ва далолатномаларни расмийлаштиради. 2. Тизимни ишга тушириш юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради. 7 иш куни мобайнида
Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими дастурий-техник воситаларига доир
1-§. Умумий талаблар
1. Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими (кейинги ўринларда — тизим) ушбу Техник талаблар ва шаҳарсозлик нормалари асосида жорий этилади.
2. Тадбиркорлик субъектлари мазкур Техник талаблар ва Oʻz DSt 1987:2018 давлат стандарти асосида тизимни жорий қилиш бўйича техник топшириқ ҳужжатларини ишлаб чиқади ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги «Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонасидан экспертиза хулосасини олади.
3. Тадбиркорлик субъектлари тизим доирасида қуйидаги (бир ёки бир нечта) тизимларни жорий этади:
транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини фото ва видео қайд этиш тизими;
йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото ва видео қайд этиш тизими;
тўхташ ва тўхтаб туриш йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото ва видео қайд этиш тизими.
2-§. Транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимига қўйиладиган умумий техник талаблар
4. Транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини фото ва видео қайд этиш (радар) тизимига (кейинги ўринларда — тезликни қайд этиш тизими) қўйиладиган умумий техник талабларга мувофиқ тизим:
бир вақтнинг ўзида уч ва ундан ортиқ йўл бўлакларида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг тезлигини ҳамда давлат рақам белгисини аниқлаши;
5 — 250 km/h тезлик оралиғида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг тезлиги ва давлат рақами белгисини аниқлаши;
ўрнатилган нуқтадан сутканинг кундузги ва тунги вақтларида ўтувчи транспорт воситаларининг камида 95 фоизининг давлат рақами белгисини қайд этиши;
ўрнатилган нуқтадаги транспорт воситаларининг давлат рақами белгиларини сутканинг кундузги ва тунги вақтларида камида 95 фоизини аниқликда рўйхатга олиши;
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш сертификатига эга бўлиши;
Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 27 июндаги 131-сон қарорида белгиланган талаблар асосида давлат рақами белгиларини аниқлаши;
тизим қайд этган ҳар бир қоидабузарлик ҳолати бўйича «Маъмурий амалиёт» модулига автоматик равишда қуйидаги маълумотларни узатиш имкониятига эга бўлиши лозим:
метрологик қиёслаш гувоҳномасининг рақами ва амал қилиш муддати;
қоидабузарлик аниқланган сана ва вақт;
қоидабузарлик содир этилган жойнинг аниқ координаталари;
электр тармоғида узилишлар юз берганда, унинг фаолиятини 8 соатдан кам бўлмаган вақт давомида қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлган захира электр манбаи билан жиҳозланган бўлиши лозим.
5. Жорий этилган тезликни қайд этиш тизими орқали ҳайдовчилар томонидан белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш қоидабузарлигини аниқлаш талаб этилади.
3-§. Йўл ҳаракати қоидабузарликларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимига қўйиладиган умумий техник талаблар
6. Йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото ва видео қайд этиш тизимига (кейинги ўринларда — қоидабузарликларни қайд этиш тизими) қўйиладиган умумий техник талабларга мувофиқ тизим:
бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ йўл бўлаклари ҳамда чорраҳаларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг давлат рақами белгисини аниқлаши;
ўрнатилган нуқтадан сутканинг кундузги ва тунги вақтларида ўтувчи транспорт воситаларининг камида 95 фоизининг давлат рақами белгисини аниқлаши;
ўрнатилган нуқтадаги транспорт воситаларининг давлат рақами белгиларини сутканинг кундузги ва тунги вақтларида камида 95 фоизини аниқликда рўйхатга олиши;
чорраҳаларда ҳамда икки ва ундан ортиқ йўл бўлакларида бир вақтнинг ўзида содир бўладиган қоидабузарликларни аниқлаши;
Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 27 июндаги 131-сон қарорида белгиланган талаблар асосида давлат рақами белгиларини аниқлаши.
Тизим қайд этган ҳар бир қоидабузарлик ҳолати бўйича «Маъмурий амалиёт» модулига автоматик равишда қуйидаги маълумотларни узатиш имкониятига эга бўлиши лозим:
метрологик қиёслаш гувоҳномасининг рақами ва амал қилиш муддати;
қоидабузарлик аниқланган сана ва вақт;
қоидабузарлик содир этилган жойнинг аниқ координаталари.
7. Тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий этилган қоидабузарликларни қайд этиш тизими орқали қуйидаги қоидабузарликларни:
транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан светофорнинг тақиқловчи чироғида йўлнинг қатнов қисмидаги йўл чизиқларини ёки йўл белгилари билан белгиланган тўхташ чизиғини босиб кириши;
транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи чироғига бўйсунмасдан ўтиши;
транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши;
транспорт воситалари ҳайдовчиларининг Йўл ҳаракати қоидалари билан тасдиқланган 4.1.1. «Ҳаракатланиш тўғрига» буюрувчи йўл белгисига амал қилмаслиги.
4-§. Тўхташ ва тўхтаб туриш йўл ҳаракати қоидабузарликларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимига қўйиладиган умумий техник талаблар
8. Тўхташ ва тўхтаб туриш йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото ва видео қайд этиш тизимига (кейинги ўринларда — тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларини қайд этиш тизими) қўйиладиган умумий техник талабларга мувофиқ тизим:
белгиланган ҳудудда транспорт воситаларининг тўхташ ва тўхтаб туриш йўл ҳаракати қоидабузарликларини ҳамда уларнинг давлат рақами белгиларини аниқлаши;
тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларни қайд этиш тизими ўрнатилган нуқтадан 50 метрдан кам бўлмаган масофада тўхташ ва тўхтаб туриш йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаши;
ўрнатилган нуқтадаги транспорт воситаларининг давлат рақами белгиларини сутканинг кундузги ва тунги вақтларида камида 95 фоизини аниқликда рўйхатга олиши;
бир нуқтада битта транспорт воситаси билан 24 соат давомида аниқланган қоидабузарликларни бир маротаба қайд этиши;
Тизим қайд этган ҳар бир қоидабузарлик ҳолати бўйича «Маъмурий амалиёт» модулига автоматик равишда қуйидаги маълумотларни узатиш имкониятига эга бўлиши:
метрологик қиёслаш гувоҳномасининг рақами ва амал қилиш муддати;
қоидабузарлик аниқланган сана ва вақт;
қоидабузарлик содир этилган жойнинг аниқ координаталари;
тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларини қайд этиш тизими орқали Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 27 июндаги 131-сон қарорида белгиланган талаблар асосида давлат рақами белгиларини аниқлаши лозим.
9. Транспорт воситаларининг тўхташ ва тўхтаб туриш йўл ҳаракати қоидабузарликларини ҳамда уларнинг давлат рақами белгиларини аниқлашда, далил сифатида қуйидаги икки хил турдаги фотосурат икки хил вақт оралиғида олиниши талаб этилади:
транспорт воситасининг тўхташ мумкин бўлмаган ҳудудда тўхтаган вақтдаги умумий фотосурати;
транспорт воситасининг давлат рақами белгиси катталаштирилган ҳамда аниқ кўринган ҳолатдаги фотосурати. Бунда транспорт воситаси тўхташ мумкин бўлмаган ҳудудда транспорт воситаси ҳаракатини 1 дақиқагача бўлган муддатга тўхтатганлигини тасдиқловчи фотосуратлар;
транспорт воситаси тўхтаб туриш мумкин бўлмаган ҳудудда транспорт воситаси ҳаракатини 10 дақиқадан кўпроқ вақтга тўхтатганлигини тасдиқловчи фотосуратлар.
5-§. Тизимнинг ўрнатилишига қўйиладиган умумий талаблар
10. Тизимни жойлаштириш учун автомобиль йўлининг қатнов қисмига халақит бермайдиган ҳолда, ўнг ёки чап йўналишга «I», «Г», «Т» ёки «П» шаклдаги металл устун ўрнатилади.
11. Тизимлар металл устунга 6 метрдан кам бўлмаган баландликда ўрнатилади.
12. Металл устунларни ўрнатиш, лойиҳалаш, экспертизадан ўтказиш ва тегишли давлат идоралари билан келишиш ишлари тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади.
13. Металл устун ва транспорт воситасининг тўхташ чизиғи оралиғидаги масофа тизим қурилмаларининг техник хусусиятлари, рельефнинг мураккаблиги ва муҳандислик коммуникациялари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим.
14. Тизим ўрнатилган металл устунга умумий ҳолатни кузатиш ва ўрнатилган қурилмалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 360 градус радиусдаги кузатув камералари ўрнатилади.
15. Ўрнатилган металл устунларнинг ўнг ёки чап томонидан 4 метр баландликда телекоммуникация жавони ўрнатилади. Ушбу жавон керакли алоқа ҳамда электр қурилмалари билан жиҳозланади.
6-§. Тизим ёрдамида қайд этилган қоидабузарлик ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сақлашга қўйиладиган талаблар
16. Тизим ёрдамида қайд этилган қоидабузарлик ва транспорт воситалари тўғрисидаги барча фото маълумотлар 365 кундан, видео маълумотлар 30 кундан кам бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг «Маъмурий амалиёт» модулида (кейинги ўринларда — «Маъмурий амалиёт» модули) сақланиши лозим.
17. Тизим «Маъмурий амалиёт» модулига техник талаблар асосида интеграция қилиниши ва ўзаро ишлаш имкониятига эга бўлиши талаб этилади.
18. Тизим орқали аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар «Маъмурий амалиёт» модулига тақдим этилиши шарт:
қайд этилган транспорт воситасининг уч ҳолатдаги фотосурати (транспорт воситаси, унинг давлат рақами белгиси, қоидабузарлик содир этилган ҳолатнинг умумий кўриниши);
қоидабузарлик қайд этилган вақт (кун, соат, дақиқа);
транспорт воситасининг тезлиги (km/h);
қоидабузарлик аниқланган манзил (туман (шаҳар), кўча, автомобиль йўлининг километри ёки мўлжал);
қоидабузарлик аниқланган манзилнинг GPS координатаси;
ҳолат акс этган 6 — 10 сониядан иборат видеолавҳа ва унинг ҳаволаси.
19. Маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш тизимида амалга оширилган ҳар қандай амалий буйруқлар тўғрисидаги маълумотлар (log файллар) сақланиши лозим.
20. Тизим ёрдамида қайд этилган қоидабузарлик ҳамда транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар билан Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашнинг автоматлаштирилган (компьютерлаштирилган) бошқарув тизими ходимларига масофадан туриб ишлаш имкониятининг мавжуд бўлиши талаб этилади.
21. Тизим доимий ва узлуксиз режимда ишлаши ҳамда узилишлар рўй берганда офлайн тарзда маълумотларни тўплаш ва сақлаш, фаолияти қайта тикланганда эса, олинган маълумотларни тақдим этиш имкониятига эга бўлиши талаб этилади.
7-§. Алоқа тармоғига қўйиладиган талаблар
22. Алоқа тармоқлари оптик толали тармоқ технологиялари (коммутатор, маршрутизатор ва бошқалар) ёрдамида ташкил этилиб, тармоқнинг сўнгги нуқталарига қадар хизмат кўрсатиши учун етарли ўтказувчанликни таъминлаши лозим.
23. Тизим орқали аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги фото ва видео маълумотлар VPN (Virtual Private Network — виртуал хусусий тармоқ) алоқа канали орқали марказий сервер қурилмасига узатилиши лозим.
24. Алоқа линиясида узилишлар содир бўлганда, аниқланган қоидабузарликларни вақтинча сақлаш учун махсус қурилма ўрнатиш, унинг ёрдамида қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотларни сақлаб туриш ва алоқа тиклангандан сўнг уларни марказий серверга узатиш талаб этилади.
8-§. Тизимни электр қуввати билан таъминлашга мўлжалланган электр таъминоти қурилмасига қўйиладиган талаблар
25. Тизимни электр қуввати билан таъминлашга мўлжалланган электр таъминоти қурилмасининг (кейинги ўринларда — электр таъминоти) ерга уланиш контур қаршилиги тизим қурилмаларининг техник талаблари асосида ҳисобланиши лозим.
26. Электр кабель сиғими ўрнатилаётган тизимнинг юкламасидан келиб чиқиб танланиши лозим.
27. Электр энергиясини ҳисобга олиш учун сертификати мавжуд бўлган замонавий электр ўлчаш воситаларини ўрнатиш талаб этилади.
28. Тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида 8 соатдан кам бўлмаган захира электр таъминоти бўлиши талаб этилади.
9-§. Дастурий таъминотга қўйиладиган талаблар
29. Дастурий таъминот воситалари тизимни замонавий платформаларда ишлашини таъминлаб, энг сўнгги стандартларни қўллаб-қувватлаши талаб этилади.
30. Тизим дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси томонидан камида 3 йил давомида қўллаб-қувватланиши зарур.
31. Тизимнинг дастурий таъминоти умумий ва махсус дастурий таъминотлардан иборат бўлиши талаб этилади.
10-§. Тизимнинг ахборот хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
32. Ахборот хавфсизлиги дастурий таъминоти тизимдаги ахборотни ва уни қайта ишловчи воситаларни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.
33. Ахборот хавфсизлиги дастурий таъминоти қуйидагиларни ўз ичига олиши талаб этилади:
маълумотларни сақлаш;
рўйхатга олиш ва ҳисобга олиш;
яхлитликни таъминлаш;
хавфсизлик девори;
рухсатсиз киришларни аниқлаш;
антивирус ҳимояси.
34. Ушбу Техник талабларнинг 33-бандида назарда тутилган талаблар буюртмачи билан келишилган ҳолда, техник дизайн босқичида аниқланиши ва ўзгартирилиши мумкин.
35. Ахборотни муҳофаза қилишда ишлатиладиган дастурий таъминот учун OʻzDSt 2816:2014 «Ахборот технологиялари. Эълон қилинмаган имкониятлар устидан назорат даражаси ахборотини ҳимоялаш воситаси дастурий таъминот классификатори» давлат стандарти талабига асосан назорат қилишнинг учинчи даражаси таъминланиши талаб этилади.
36. Тизим аппарат ва дастурий қисмларининг ўзаро боғлиқлиги ҳамда интеграцияланган ҳолда ишлашини таъминлаш техник лойиҳалаш босқичида амалга оширилиши зарур.
37. Жорий этилаётган тизимнинг «Маъмурий амалиёт» модули ёки бошқа ахборот тизимлари билан интеграциялаш тартиби ҳамда уларнинг ўзаро бир-бири билан боғланиш интерфейслари тўғрисидаги ечимлар техник лойиҳалаштириш даврида қабул қилинади.
38. Ахборот хавфсизлиги дастурий таъминоти тизимнинг уланиш объектлари ва маълумотларини потенциал хавфлардан, тасодифий ҳаракатлардан ва ташқи ҳужумлардан ҳимоя қилишни таъминлаш зарур.
39. Ахборот хавфсизлиги дастурий таъминоти қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:
маълумотларга рухсатсиз киришдан ҳимоялаш;
дастурий таъминот ва фойдаланувчилар фаолиятини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга олиш;
ахборотни алоқа каналлари орқали узатиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнида рухсатсиз модификациядан ҳимоялаш;
тизим ресурсларига киришни бошқариш;
алоқа каналларидан узатилаётган маълумотларни криптографик усуллар орқали махфийлигини таъминлаш;
вируслардан ҳимоялаш;
дастурий таъминотга ноқонуний киришдаги маълумотларни таҳлил қилиш;
дастурий таъминот конфигурациясида юзага келган хатоликлар ва камчиликларни аниқлаш.
11-§. Тизимни синовдан ўтказишга қўйиладиган талаблар
40. Тизим ўрнатилгандан кейин ўн кун синов тариқасида ишлайди.
41. Синов муддатида тизим ёрдамида аниқланган қоидабузарликлар ўн кун муддатда ваколатли орган томонидан таҳлил қилинади ва мазкур Техник талабларда назарда тутилган қоидаларга зид бўлмаган «Тизимни ўрганиш бўйича хулоса» тасдиқланиб, тизимдан фойдаланишга рухсат берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарорига 2-ИЛОВА
Электрон онлайн-аукционларга қўйиш учун махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қийматини (бошланғич нархини) белгилаш
Чорраҳа ва кўчаларда сутка давомида транспорт воситалари қатновининг ҳаракатланиш жадаллиги (сони) Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи) Тошкент шаҳри ҳудудида Тошкент вилояти ҳудудида Вилоятлар марказларида Бошқа туман ва шаҳарларда 0 — 20 000 базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари 20 000 — 40 000 базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 13 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари 40 000 — 60 000 базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 18 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 13 баравари 60 000 — 80 000 базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 23 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 18 баравари 80 000 — 100 000 базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 28 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 23 баравари 100 000 ва ундан юқори базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 33 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари базавий ҳисоблаш миқдорининг 28 баравари
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 21 апрель,
232-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
TEXNIK TALABLAR
TARTIBI
Yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash sohasiga xususiy sektorni jalb etishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat tomonidan tartibga solinadigan sohalarga xususiy sektorni jalb etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 7-dekabrdagi PQ-4913-son qaroriga muvofiq, shuningdek, yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash sohasiga xususiy sektorni faol jalb etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat tomonidan tartibga solinadigan sohalarga xususiy sektorni jalb etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 7-dekabrdagi PQ-4913-son qaroriga muvofiq tadbirkorlik subyektlariga avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalarini oʻrnatish huquqi berilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalarini oʻrnatish va ekspluatatsiya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Elektron onlayn-auksionlarga qoʻyish uchun maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari oʻrnatiladigan joylarning minimal qiymatini (boshlangʻich narxini) belgilash tartibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki:
tadbirkorlik subyektlari tomonidan oʻrnatilgan maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalarining texnik ekspluatatsiyasi va uzluksiz ishlashini taʼminlash, shu jumladan, joriy elektr energiyasi va aloqa kanallarining xarajatlari tadbirkorlik subyektlari tomonidan mustaqil ravishda qoplanadi;
tadbirkorlik subyektlari tomonidan oʻrnatilgan maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari kelgusida “Xavfsiz shahar” tizimi bilan majburiy integratsiyasi taʼminlangan holda, tadbirkorlik subyektlariga mulk huquqi asosida tegishli boʻladi.
4. Tadbirkorlik subyektlariga tegishli maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari orqali qayd etilgan yoʻl harakati qoidabuzarliklaridan undirilgan jarima summasini taqsimlashning quyidagi tartibi joriy etilsin:
a) tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari joriy etilib, ishga tushirilgan kundan boshlab 2 yil davomida:
50 foizi — tadbirkorlik subyekti hisobvaragʻiga;
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetiga;
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga;
10 foizi — yoʻl infratuzilmasini rivojlantirish uchun maqsadli yoʻnaltirilgan holda, yoʻl harakati qoidalari buzilishi qayd etilgan joyning mahalliy budjetiga;
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga;
5 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizligi xizmati huzuridagi “Kiberxavfsizlik markazi” davlat unitar korxonasiga;
5 foizi — Ichki ishlar vazirligining “Xavfsiz shahar” tizimlarini rivojlantirish markaziga “Xavfsiz shahar” yagona integratsiyalashgan tizimlarini yaratish va rivojlantirish uchun maqsadli yoʻnaltiriladi;
b) tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari joriy etilib, ishga tushirilganidan 2 yil oʻtgandan soʻng:
10 foizi — tadbirkorlik subyekti hisobiga;
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetiga;
13,5 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga;
10 foizi — yoʻl infratuzilmasini rivojlantirish uchun maqsadli yoʻnaltirilgan holda, yoʻl harakati qoidalari buzilishi qayd etilgan joyning mahalliy budjetiga;
10 foizi — yoʻl harakati qoidalari buzilishi qayd etilgan tuman va shahar hokimliklari yoʻl infratuzilmasini rivojlantirish jamgʻarmalariga;
1,5 foizi — Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmati moddiy-texnika bazasini rivojlantirish, xodimlarini ragʻbatlantirish va mukofotlash jamgʻarmasiga;
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga;
5 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizligi xizmati huzuridagi “Kiberxavfsizlik markazi” davlat unitar korxonasiga;
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga;
20 foizi — Ichki ishlar vazirligining “Xavfsiz shahar” tizimlarini rivojlantirish markaziga “Xavfsiz shahar” yagona integratsiyalashgan tizimlarini yaratish va rivojlantirish uchun maqsadli yoʻnaltiriladi.
5. Belgilab qoʻyilsinki, Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi “Xavfsiz shahar” tizimlarini rivojlantirish markazi davlat muassasasi:
tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimining oʻrnatilishi va ekspluatatsiya qilinishini texnik nazorat qiluvchi ishchi organ hisoblanadi;
tadbirkorlik subyektlarining moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashmagan holda, avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi faoliyatini doimiy ravishda, bevosita hamda masofaviy tarzda monitoring qiladi;
“Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati huzuridagi “Kiberxavfsizlik markazi” davlat unitar korxonasi bilan birgalikda maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimida muntazam ravishda axborot va kiberxavfsizlik holati boʻyicha oʻrganishlar oʻtkazish, shuningdek, axborot va kiberxavfsizlik hodisalari hamda tahdidlarini monitoring qilish ishlarini amalga oshiradi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Transport vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda:
transport vositalarining harakatlanish jadalligi va oxirgi ikki yilda sodir etilgan yoʻl harakati qoidabuzarliklarining tahlili asosida yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari oʻrnatilishi mumkin boʻlgan joylarning dislokatsiyasini ishlab chiqsin hamda tasdiqlasin;
yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari oʻrnatilishi mumkin boʻlgan joylarning dislokatsiyasini oʻzlarining rasmiy veb-saytlarida joylashtirilishini va ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinishini hamda zaruratga koʻra muntazam yangilab borilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi hamda Moliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining hududiy boshqarmalarida Yoʻl harakati xavfsizligi kompyuterlashtirilgan boshqaruv tizimining hududiy boʻlinmalarini tashkil etish hamda zamonaviy server qurilmalari bilan jihozlash boʻyicha asoslantirilgan taklif kiritsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 21-apreldagi 232-son qaroriga 1-ILOVA
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalarini oʻrnatish va ekspluatatsiya qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimini (keyingi oʻrinlarda — tizim) oʻrnatish va ekspluatatsiya qilish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi — haydovchilari yoʻl harakati qoidabuzarliklarini sodir etgan transport vositalarining roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini aniqlash tizimi;
tizim qurilmalari — tadbirkorlik subyektlari tomonidan tizimni shakllantirish uchun foydalaniladigan hamda transport vositalari tomonidan sodir etiladigan maʼmuriy huquqbuzarliklarni foto va video qayd etish uskunasi, “I”, “G”, “T” yoki “P” shakldagi metall ustun, qayd etilgan qoidabuzarlik va transport vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻzida saqlovchi qurilma, kommutator, marshrutizator va boshqalardan iborat boʻlgan tarmoq qurilmalari hamda elektr quvvati bilan taʼminlovchi qurilmalar;
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimining “Maʼmuriy amaliyot” moduli (keyingi oʻrinlarda — “Maʼmuriy amaliyot” moduli) — yoʻl harakati sohasidagi maʼmuriy huquqbuzarliklarga doir ishlarni hisobga olish, koʻrib chiqish va qoidabuzarga nisbatan maʼmuriy tartibda jarima qoʻllash toʻgʻrisidagi qarorni shakllantiruvchi kompleks avtomatlashtirilgan axborot tizimi;
obyekt — elektron onlayn-auksionlarda gʻolib boʻlgan tadbirkorlik subyektlariga foydalanish huquqi asosida cheklanmagan muddatga va boshqa tadbirkorlik subyektlariga oʻtkazish huquqi bilan biriktirilgan maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari oʻrnatiladigan joy;
operator — elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish va oʻtkazishga vakolatli boʻlgan Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi “Elektron onlayn-auksionlar tashkil etish markazi” davlat unitar korxonasi;
minimal qiymat (boshlangʻich narx) — tizim joylashgan joyning elektron onlayn-auksionga qoʻyilgan narxi;
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi;
“E-auksion” elektron savdo platformasi — elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish va oʻtkazish uchun zarur maʼlumotlarni kiritish, saqlash va qayta ishlash imkoniyatini, shuningdek, manfaatdor shaxslarning elektron onlayn-auksionlar jarayonida bevosita ishtirok etishini taʼminlaydigan axborot tizimi.
3. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalarini oʻrnatish boʻyicha hujjatlar loyihasini kelishish va oʻrnatish ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
2-bob. Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etishga doir talablar
4. Tizim oʻrnatilishi mumkin boʻlgan joyning dislokatsiyasi va minimal qiymati (boshlangʻich narxi), mazkur hududdagi transport oqimi va oxirgi ikki yilda aniqlangan yoʻl harakati qoidalari turlari boʻyicha qoidabuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar vakolatli organ tomonidan “E-auksion” elektron savdo platformasidagi alohida veb-sahifada eʼlon qilinadi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 7-dekabrdagi PQ-4913-son qarori bilan tasdiqlangan 2021-2022-yillarda respublika boʻyicha maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalarini oʻrnatish dasturiga muvofiq yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi oʻrnatilishi mumkin boʻlgan joylarning dislokatsiyasi Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Transport vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
Dislokatsiya Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Transport vazirligining rasmiy veb-saytlarida joylashtiriladi, ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi hamda zaruratga qarab muntazam ravishda yangilab boriladi.
6. Tizim oʻrnatilishi mumkin boʻlgan joylarning elektron onlayn-auksionlari operator tomonidan belgilangan “E-auksion” elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish va oʻtkazish tartibi boʻyicha amalga oshiriladi.
“E-auksion” elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksionlar (tanlovlar) “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” aksiyadorlik jamiyati va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan tasdiqlangan reglament asosida tashkil etiladi va oʻtkaziladi.
7. Vakolatli organ operatorga elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish va oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyurtma bilan birga quyidagi axborot va hujjatlarni taqdim etadi:
tizim oʻrnatilishi rejalashtirilgan joyni elektron onlayn-auksionga chiqarishga asos boʻlgan hujjatlar;
tizim oʻrnatiladigan joyni elektron onlayn-auksionga qoʻyishda uning minimal qiymati (boshlangʻich narxi);
tizim oʻrnatiladigan joyning tutash yer uchastkalari bilan birga 4 ta fotosurati;
tizim oʻrnatiladigan joyning geolokatsiyasi;
tadbirkorlik subyektlariga yuklangan majburiyatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
vakolatli organ (buyurtmachi) haqida maʼlumot (pochta va elektron manzili, telefon, faks).
elektron onlayn-auksionga qoʻyiladigan obyektni tavsiflaydigan hujjatlar.
8. Elektron onlayn-auksionlarda ishtirok etish uchun tegishli hujjatlarni topshirish, koʻrib chiqish va gʻolib tadbirkorlik subyektlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda aniqlanadi.
8 1 . Yoʻl harakati qoidalari buzilganligini aniqlaydigan maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari oʻrnatiladigan joyni auksion orqali sotishdan tushgan mablagʻlarning 1 foizi operatorga, qolgan qismi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar hamda Toshkent shahar Kengashlari qarorlari asosida tegishli mahalliy budjet daromadiga oʻtkaziladi.
9. Elektron onlayn-auksionlarda gʻolib boʻlgan tadbirkorlik subyektlari tizimni oʻrnatish va ishga tushirishni ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi dasturiy-texnik vositalariga doir texnik talablarga muvofiq tashkil etadi.
3-bob. Maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimini oʻrnatishga doir talablar
10. Tizim elektron onlayn-auksionlarda gʻolib boʻlgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan oʻzlariga biriktirilgan obyektlarda mazkur Nizom talablariga muvofiq oʻrnatiladi.
11. Tizimning dasturiy-texnik vositalari mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan Tadbirkorlik subyektlari tomonidan oʻrnatiladigan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi dasturiy-texnik vositalariga doir texnik talablarga muvofiq boʻlishi lozim.
Bunda tadbirkorlik subyektlari quyidagi idoralardan obyekt boʻyicha texnik shartlar olishi lozim:
“Oʻzbektelekom” aksiyadorlik kompaniyasi filiali;
“Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyatining hududiy korxonasi;
Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar avtomobil yoʻllari bosh boshqarmasi;
tuman (shahar) hokimliklari.
12. Metall ustunlarni loyihalash, ekspertizadan oʻtkazish, vakolatli davlat organlari bilan kelishish va oʻrnatish ishlari tadbirkorlik subyektlari tomonidan amalga oshiriladi.
13. Tizim “Maʼmuriy amaliyot” moduliga majburiy tartibda va texnik talablar asosida integratsiya qilinadi.
14. Tizimni joriy etishda uzluksiz ishlaydigan va himoyalangan aloqa kanallari tadbirkorlik subyektlari hisobidan tashkil etiladi.
15. Tizimni elektr tarmogʻiga ulash tadbirkorlik subyektlari zimmasiga yuklanadi.
16. Obyektlarda muhandislik infratuzilmasini yaratish ushbu Nizomda belgilangan talablarga asosan tadbirkorlik subyektlari tomonidan amalga oshiriladi.
17. Tizim “Maʼmuriy amaliyot” moduliga integratsiya qilingandan soʻng oʻn kun davomida sinov tariqasida ishlatiladi.
Tizim sinov tariqasida amal qilgan davrda qayd etilgan yoʻl harakati qoidabuzarliklari boʻyicha jarima undirilmaydi.
4-bob. Maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimini ekspluatatsiya qilishga doir texnik talablar
18. Tizim doimiy va uzluksiz rejimda ishlashi hamda uzilishlar roʻy berganda oflayn tarzda maʼlumotlarni toʻplash va saqlash, tizimning faoliyati qayta tiklanganda esa, ushbu olingan maʼlumotlarni taqdim etish imkoniyatiga ega boʻlishi lozim.
Aloqa tarmoqlarida uzilishlar kuzatilganda, maʼlumotlarni qurilmada 48 soatdan kam boʻlmagan vaqt davomida saqlash imkoniyatiga ega boʻlgan zaxira xotira qurilmasi mavjud boʻlishi talab etiladi.
19. Tizimning uzluksiz ishlashini taʼminlash uchun 8 soatdan kam boʻlmagan zaxira elektr taʼminoti boʻlishi lozim.
20. Maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining oʻlchash vositalarini metrologik attestatsiyalash sertifikatiga ega boʻlishi hamda normativ hujjatlarda belgilangan muddatlarda qayta qiyoslashdan oʻtkazilishi shart.
21. Tizimning tarmoq qurilmalari foto va video qayd etish uskunalari holatini avtomatlashtirilgan monitoring qilish (ishchi holatdaligi) imkoniyatiga ega boʻlishi lozim.
22. Tizim yordamida qayd etilgan qoidabuzarlik va transport vositalari toʻgʻrisidagi foto maʼlumotlar 730 kundan, video maʼlumotlar 90 kundan kam boʻlmagan muddatda “Maʼmuriy amaliyot” modulida saqlanadi.
23. Aloqa tarmoqlari optik tolali tarmoq texnologiyalari yordamida tashkil etiladi (kommutator, marshrutizator va boshqalar) hamda tarmoqning soʻnggi nuqtalariga qadar xizmat koʻrsatishi uchun yetarli oʻtkazuvchanlikni taʼminlashi lozim.
24. Tizim yordamida aniqlangan qoidabuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar himoyalangan aloqa kanallari orqali markaziy server qurilmasiga uzatiladi.
25. Tizim yetkazib beruvchi korxona tomonidan kamida 3 yil davomida kafolatlangan texnik qoʻllab-quvvatlanishi lozim.
5-bob. Maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish va axborot-kommunikatsiya tizimlarida axborot xavfsizligini taʼminlashga doir talablar
26. Tadbirkorlik subyektlari obyektga oʻrnatiladigan tizim va axborot-kommunikatsiya tizimlarida axborot xavfsizligini taʼminlashga masʼul hisoblanib, belgilangan talablarga rioya qilish majburiyatini oladi.
27. Tizimga har qanday koʻrinishdagi qoʻshimcha qurilma va vositalarni ulash tadbirkorlik subyektlarining yozma murojaatiga asosan vakolatli organ bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
Bunda vakolatli organ tomonidan qonunchilikda belgilangan muddatda tadbirkorlik subyektlarining yozma murojaati yuzasidan ruxsat berish yoki rad etish boʻyicha asoslantirilgan javob xati taqdim etiladi.
28. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining maʼlumotlar uzatish tarmogʻiga axborot xavfsizligi talablariga zid ravishda noqonuniy ulanish yoki ulanishga urinish taqiqlanadi.
29. Tizimdagi barcha maʼlumotlar xizmat doirasida foydalanish uchun qoʻllaniladi.
30. Tadbirkorlik subyektlari tizimdagi maʼlumotlar vakolatli organning ruxsatisiz oshkor boʻlmasligi, tizimdan foydalanish va ularga xizmat koʻrsatish bilan shugʻullanadigan texnik mutaxassislarning maxfiy maʼlumotlarni oshkor etmasliklarini taʼminlash uchun masʼul hisoblanadi.
31. Vakolatli organ tomonidan Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda ishlab chiqilgan texnik topshiriq namunasining axborot va kiberxavfsizlik talablariga muvofiqligi yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati huzuridagi “Kiberxavfsizlik markazi” davlat unitar korxonasida ekspertizadan, shuningdek, dasturiy mahsulotlar va axborotni himoya qilish vositalari sertifikatlashdan oʻtkaziladi.
32. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati huzuridagi “Kiberxavfsizlik markazi” davlat unitar korxonasi Ichki ishlar vazirligi bilan birgalikda tizimda hamda “Maʼmuriy amaliyot” modulida muntazam ravishda axborot va kiberxavfsizlik holati boʻyicha oʻrganishlar oʻtkazish, shuningdek, axborot va kiberxavfsizlik hodisalari va tahdidlarini monitoring qilish ishlarini amalga oshiradi.
6-bob. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimini foydalanishga topshirish hamda unga nisbatan huquqlarni bekor qilish tartibi
33. Obyekt elektron onlayn-auksionlarda gʻolib boʻlgan tadbirkorlik subyektlariga foydalanish huquqi asosida cheklanmagan muddatga, boshqa tadbirkorlik subyektlariga oʻtkazish huquqi bilan biriktiriladi.
34. Tizimga egalik qilish, undan foydalanish va uni tasarruf etishda tadbirkorlik subyektlari mazkur Nizom va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
35. Tizim ushbu Nizom talablari asosida tadbirkorlik subyektlari tomonidan toʻliq shakllantirilgandan soʻng vakolatli organning “Tizimning qoʻyilgan texnik talablarga javob berishini oʻrganish boʻyicha texnik xulosasi”ga asosan ishga tushiriladi hamda shundan soʻng ushbu Nizomning 37-bandi talablarini inobatga olgan holda tizimdan foydalanishga ruxsat beriladi.
36. Tadbirkorlik subyektlarining tizimdan foydalanish huquqi yoʻlga egalik qiluvchi yuridik shaxslar bilan shartnoma tuzilgan keyin vujudga keladi.
37. Obyektdan boshqa maqsadlarda yoki ushbu Nizomning 42-bandida koʻrsatilgan holatda foydalanilganda, vakolatli organning tashabbusiga asosan tadbirkorlik subyektlarining tizimdan foydalanish huquqi vaqtincha toʻxtatib turiladi.
38. Tizim faoliyati yuzasidan vakolatli organ tomonidan bildirilgan eʼtirozlar bartaraf etilgan taqdirda, vakolatli organning “Tizimni oʻrganish boʻyicha xulosasi”ga asosan u qayta ishga tushiriladi va shundan soʻng tizimdan qayta foydalanishga ruxsat beriladi.
39. Tizim oʻrnatilgan obyekt tadbirkorlik subyektidan olib qoʻyilgan hollarda, Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Transport vazirligi tomonidan tadbirkorlik subyektiga mazkur obyekt qiymatiga teng boʻlgan boshqa boʻsh turgan obyekt taklif etiladi.
41. Vakolatli organ tomonidan bildirilgan quyidagi eʼtirozlar mazkur Nizomning 42-bandida koʻrsatilgan muddatlarda bartaraf etilmagan taqdirda, tadbirkorlik subyektlarining obyektdan cheklanmagan muddatda foydalanish va uni boshqa tadbirkorlik subyektiga oʻtkazish huquqi bekor qilinishiga olib keladi:
tadbirkorlik subyekti auksion savdosida gʻolib boʻlganligi toʻgʻrisidagi bildirishnomani olgan kundan boshlab 90 kun ichida obyektda dasturiy-texnik vositalarni oʻrnatish bilan bogʻliq biror-bir harakat (qurilish-montaj ishlari)ni amalga oshirmaganda;
tizimdan boshqa maqsadlarda foydalanganda;
tizimdan foydalanish jarayonida ushbu Nizom bilan tasdiqlangan texnik talablarga javob bermaydigan holatlar kelib chiqqanda;
tizimga vakolatli organning ruxsatisiz qoʻshimcha yoki boshqa qurilma oʻrnatilganda;
tizimda qayd etilgan yoʻl harakati qoidalarining buzilganlik holatlari boʻyicha “Maʼmuriy amaliyot” moduliga yuborilgan maʼlumotlardagi xatoliklarning umumiy soni bir va undan ortiq foizni tashkil etganda;
tashqi taʼsir natijasida tizim qurilmalarining joylashuvida oʻzgarish yuz berib, transport vositalarining xavfsiz harakatlanishiga toʻsqinlik qilganda.
Qonunchilik hujjatlarida obyektga nisbatan mavjud boʻlgan huquqlarni bekor qilishning boshqa asoslari ham nazarda tutilishi mumkin.
42. Vakolatli organ tomonidan bildirilgan eʼtirozlar 30 kun davomida bartaraf etilmagan taqdirda yoki biriktirilgan obyektdan ixtiyoriy voz kechilganda, tadbirkorlik subyektlarining obyektdan cheklanmagan muddatda foydalanish va uni boshqa tadbirkorlik subyektiga oʻtkazish huquqi vakolatli organning qarori bilan bekor qilinadi hamda 7 ish kunida operator xabardor qilinadi.
Operator vakolatli organning qarori asosida 3 ish kunida “E-auksion” elektron savdo platformasiga tegishli oʻzgartirish kiritiladi.
43. Tadbirkorlik subyektlarining obyektdan cheklanmagan muddatda foydalanish va uni boshqa tadbirkorlik subyektiga oʻtkazish huquqi bekor qilinganda, tizim qurilmalari tadbirkorlik subyektlariga qaytariladi va bir oy muddat ichida vakolatli organ hamda yoʻlga egalik qiluvchi yuridik shaxslarning ishtirokida qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga rioya etgan holda tadbirkorlik subyektlari tomonidan yechib olinadi.
Tadbirkorlik subyektlariga yuklangan majburiyat belgilangan muddat ichida amalga oshirilmagan taqdirda, mazkur qurilmalar vakolatli organ hamda yoʻlga egalik qiluvchi yuridik shaxslar tomonidan qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etilgan holda yechib olinadi hamda tadbirkorlik subyektlarining rasmiy soʻroviga asosan qurilmalarning yechib olinishi bilan bogʻliq xarajatlar tadbirkorlik subyektlari tomonidan qoplangandan soʻng ularga yoki ularning ishonchli vakiliga qaytariladi.
7-bob. Tadbirkorlik subyektlari hamda vakolatli organning huquq va majburiyatlari
46. Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari:
“E-auksion” elektron savdo platformasida eʼlon qilingan elektron onlayn-auksion orqali tizimni oʻrnatish obyekti auksionida ishtirok etish;
tizimni joriy etish loyihasini amalga oshirish uchun zarur axborotlarni vakolatli organlardan olish;
obyektda loyiha-tadqiqot ishlarini amalga oshirish yuzasidan tegishli tashkilotlar bilan shartnomalar tuzish;
shartnoma talablari buzilgan taqdirda, uni sud tartibida bekor qilishni talab qilish;
elektron onlayn-auksion natijalariga koʻra ularga biriktirilgan obyektdan cheklanmagan muddatda foydalanish hamda uni boshqa tadbirkorlik subyektlariga oʻtkazish;
tizim faoliyati yuzasidan vakolatli organ tomonidan bildirilgan eʼtirozlar uzrli sabablarga koʻra (mutaxassislarning chet eldan kelishi zarurati, tizimdagi kamchilikni bartaraf etish yuzasidan murakkab texnologik yechim va boshqalar) 30 kun ichida bartaraf etishning imkoni boʻlmagan taqdirda, mazkur muddatni uzaytirish uchun yozma murojaat qilish.
Tadbirkorlik subyektlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
47. Tadbirkorlik subyektlari quyidagilarga majbur:
tizimni mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan texnik talablarga muvofiq xarid qilish;
tizim yordamida aniqlangan qoidabuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, shuningdek, maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish qurilmasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (metrologik qiyoslash guvohnomasi) DYHXX tomonidan ishlab chiqilgan Texnologik yoʻriqnoma talablari asosida “Maʼmuriy amaliyot” moduliga taqdim etish;
tizim faoliyatini faqat oʻzlariga biriktirilgan obyektda, statsionar rejimda hamda tegishli yoʻl belgilarining oʻrnatilishini va yotiq chiziqlarning chizilishini taʼminlagan holda tashkil etish;
tizim tomonidan yoʻl harakati qoidabuzarliklari notoʻgʻri aniqlanganligi tasdiqlangan hollarda, ularni sodir etgan deb eʼtirof etilgan shaxsga yetkazilgan barcha moddiy zararni qoplash;
tabiiy ofat (zilzila, suv toshqini, yongʻin va shu kabi boshqa hodisalar) natijasida tizim nosoz holga kelgan taqdirda, tabiiy ofat oqibatlari bartaraf etilgan kundan boshlab 180 kun ichida tizimni qayta ishga tushirish va bu bilan bogʻliq barcha xarajatlarni oʻz zimmasiga olish;
elektron onlayn-auksion savdolarida gʻolib boʻlgan tadbirkorlik subyektlariga tizim oʻrnatiladigan joyni biriktirish boʻyicha shartnoma tuzilganidan soʻng 60 kun ichida tizimni ishga tushirish;
tizim faoliyati yuzasidan vakolatli organ tomonidan bildirilgan eʼtirozlarni 30 kun ichida bartaraf etish;
Yoʻl harakati qoidalarini buzish bilan bogʻliq holatlarni maxsus texnika vositalari orqali qayd etishda shaxsga doir maʼlumotlar xavfsizligini taʼminlash, shuningdek, sohada suiisteʼmolchiliklarning oldini olish maqsadida barcha maʼlumotlarni saqlash va qayta ishlash server qurilmalari “Xavfsiz shahar” markazining texnologik maydonchasiga joylashtirish (boshqaruviga oʻtkazish);
qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etish.
48. Vakolatli organ quyidagi huquqlarga ega:
tadbirkorlik subyektlarining moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashmagan holda tizim faoliyatini doimiy ravishda, bevosita hamda masofaviy tarzda monitoring qilish;
tizimdan foydalanish va unga texnik xizmat koʻrsatish hamda qoidabuzarliklarni aniqlashda xolislikni oʻrganish;
tizimda aniqlangan kamchilik va xatoliklarning bartaraf etilishini talab qilish;
tizim tomonidan yoʻl harakati qoidabuzarliklari notoʻgʻri aniqlanishida tadbirkorlik subyektlarining aybi tasdiqlangan hollarda, yetkazilgan zararni qoplash yuzasidan sudga tegishli hujjatlarni taqdim qilish;
tadbirkorlik subyektlari ushbu Nizomda belgilangan talablarni lozim darajada bajarmagan yoki vakolatli organ bildirgan eʼtirozlarni bartaraf etmagan taqdirda, mazkur tizim tomonidan yuborilayotgan maʼlumotlar “Maʼmuriy amaliyot” moduliga qabul qilinishini toʻxtatish;
tadbirkorlik subyektlari tizim oʻrnatiladigan joy boʻyicha yoʻlga egalik qiluvchi yuridik shaxslar bilan shartnomasi rasmiylashtirgandan soʻng tizimni ishga tushirish, shuningdek, vakolatli organ bildirgan eʼtirozlarni bartaraf etish bilan bogʻliq muddatlarga amal qilmagan taqdirda, ularga biriktirilgan obyektdan foydalanish huquqini vaqtincha toʻxtatish;
tadbirkorlik subyekti auksion savdosida gʻolib boʻlganligi toʻgʻrisidagi bildirishnomani olgan kundan boshlab 90 kun ichida obyektda dasturiy-texnik vositalarni oʻrnatish bilan bogʻliq biror-bir harakat (qurilish-montaj ishlari)ni amalga oshirmagan taqdirda, uni obyektga nisbatan boʻlgan huquqini bekor qilish choralarini koʻrish toʻgʻrisida rasmiy ogohlantirish.
Vakolatli organ qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
49. Vakolatli organ quyidagilarga majbur:
operator bilan veb-portalda elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish yuzasidan shartnoma tuzish;
tizim oʻrnatilishi mumkin boʻlgan joylarning dislokatsiyasi haqidagi maʼlumotlarni elektron onlayn-auksion oʻtkazilishidan kamida 30 kun oldin mahalliy ommaviy axborot vositalari va oʻzining rasmiy veb-saytida eʼlon qilish;
elektron onlayn-auksionlar oʻtkazish bilan bogʻliq hujjatlarni “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” aksiyadorlik jamiyatiga oʻz vaqtida taqdim etish;
tizim oʻrnatilishi rejalashtirilayotgan obyektlarda tegishli yoʻl belgilarini oʻrnatish va yotiq chiziqlarni chizish yuzasidan masʼul idora va tashkilotlarga taqdimnomalar kiritish;
“Maʼmuriy amaliyot” moduliga tadbirkorlik subyektlari tomonidan joriy etilgan tizimdan kelib tushgan maʼlumotlarning uzluksiz va benuqson qayta ishlanishini taʼminlash;
huquqbuzarga nisbatan maʼmuriy tartibda jarima qoʻllash toʻgʻrisida qaror shakllantirilishini taʼminlash;
“Maʼmuriy amaliyot” moduli tomonidan shakllantirilayotgan tizimdan olingan maʼlumotlar asosida qoidabuzarlikni qayd etuvchi qurilma toʻgʻrisidagi kengaytirilgan maʼlumotlarni (metrologik qiyoslash guvohnomasi) avtomatik ravishda toʻliq aks ettirilishini taʼminlash;
ushbu Nizomda belgilangan majburiyatlarini lozim darajada bajarmayotgan tadbirkorlik subyektlarining avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari oʻrnatilishini tashkil etish boʻyicha faoliyatini toʻxtatish yoki bekor qilish choralarini koʻrish;
loyihani amalga oshirishni muvofiqlashtirish;
tizim faoliyati yuzasidan bildirilgan eʼtirozlar bartaraf etilgan taqdirda, uni qayta ishga tushirish va qayta foydalanish uchun “Tizimning qoʻyilgan texnik talablarga javob berishini oʻrganish boʻyicha texnik xulosasi”ni berish;
biriktirilgan obyektdan ixtiyoriy voz kechilganda yoki bildirilgan eʼtirozlar 30 kun davomida bartaraf etilmagan taqdirda tadbirkorlik subyektlarining obyektdan cheklanmagan muddatda foydalanish va uni boshqa tadbirkorlik subyektiga oʻtkazish huquqini bekor qilish choralarini koʻrish.
50. Vakolatli organ va tadbirkorlik subyektlari Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻzaro hamkorlik qiladilar.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
51. Vakolatli organ va tadbirkorlik subyektlari tizimning joriy etilishi va loyihaning samarali amalga oshirilishida tegishliligi boʻyicha masʼuldirlar.
52. Tizimni joriy etish va ekspluatatsiya qilishda kelib chiqadigan yoki yoʻl harakati hodisasi natijasida tizimga yetkazilgan zararni qoplash bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
53. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalarini oʻrnatish va ekspluatatsiya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi dasturiy-texnik vositalarini oʻrnatish boʻyicha hujjatlar loyihasini kelishish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmati 1. Operator “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJ bilan elektron auksionlarni oʻtkazish boʻyicha xizmat koʻrsatishga shartnoma tuzadi. 1. Elektron buyurtma berish sanasiga qadar. 2. Tizim oʻrnatiladigan joylarni auksionga qoʻyish uchun operatorga elektron buyurtma va obyektni tavsiflaydigan hujjatlarni elektron (skaner qilingan) shaklda ilova qilib yuboradi. 2. Taraflar tomonidan shartnoma imzolangandan soʻng. 2-bosqich Tadbirkorlik subyekti 1. Tizim oʻrnatilishi mumkin boʻlgan joylar haqida Ichki ishlar vazirligi rasmiy veb-sayti va ommaviy axborot vositalaridan maʼlumot oladi. 1. Xabarnoma eʼlon qilingan kundan boshlab. 2. Tadbirkorlik subyekti “E-auksion” elektron savdo platformasi da roʻyxatdan oʻtadi. 2-3. Auksionda ishtirok etish uchun arizalarni berish muddati yakunlangunga qadar. 3. Xabarnomada koʻrsatilgan zakalat miqdoridan kam boʻlmagan mablagʻni kiritgan holda arizani elektron koʻrinishda toʻldiriladi va elektron raqamli imzo bilan tasdiqlab yuboradi. 3-bosqich “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJ 1. Auksionni unda ishtirok etishga ariza bergan ikki va undan ortiq ishtirokchi mavjud boʻlganda, operator veb-portalida avtomatik tarzda oʻtkazadi. 1. Operator veb-portalida eʼlon qilingan vaqtda boshlanadi va gʻolib aniqlangunga qadar davom etadi. 2. Elektron onlayn-auksionlarda gʻolib boʻlgan tadbirkorlik subyektiga QR-kodini qoʻllash orqali auksion natijalari toʻgʻrisidagi bayonnomani rasmiylashtiradi va taqdim etadi. 2. Auksionda yutib olingan obyekt uchun toʻlov summasi toʻliq toʻlangandan keyin 3 ish kuni mobaynida 3. Bayonnomani auksion gʻolibi va vakolatli organning kabinetiga yuboradi. 3. Bayonnoma rasmiylashtirilgandan soʻng. 4. Auksion natijalarini operatorning veb-portalida eʼlon qiladi. 4. Auksion yakunlangan zahoti. 4-bosqich Transport vazirligi, mahalliy hokimliklar Obyektni auksion natijalari toʻgʻrisidagi bayonnomaga muvofiq gʻolib boʻlgan tadbirkorlik subyektiga shartnoma asosida cheklanmagan muddatga va boshqa tadbirkorlik subyektiga oʻtkazish huquqi bilan biriktiradi. 5 ish kuni mobaynida 5-bosqich Tadbirkorlik subyekti Tadbirkorlik subyekti quyidagi idoralardan obyekt boʻyicha texnik shart oladi: 1. “Oʻzbektelekom” AK filiali. 2. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning hududiy korxonasi. 3. Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar avtomobil yoʻllari bosh boshqarmasi. 4. Tuman (shahar) hokimligi. Zarur boʻlganda 6-bosqich 1. “Oʻzbektelekom” AK filiali. 2. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning hududiy korxonasi. 3. Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar avtomobil yoʻllari bosh boshqarmasi. 4. Tuman (shahar) hokimligi. Tadbirkorlik subyektiga muayyan obyekt uchun texnik shartlarni taqdim etadi. 7 ish kuni mobaynida 7-bosqich Tadbirkorlik subyekti Texnik shartlar va talab etilgan boshqa hujjatlar bilan loyihalash idoralariga murojaat qiladi. 3 ish kuni mobaynida 8-bosqich Loyihalash idorasi Tegishli tashkilot va idoralar bilan loyiha hujjatlarini belgilangan tartibda kelishadi. Loyiha hujjatlarini ishlab chiqadi hamda tadbirkorlik subyektiga taqdim etadi. 15 ish kuni mobaynida 9-bosqich Tadbirkorlik subyekti Loyiha hujjatlarini ekspertizadan oʻtkazish maqsadida ekspertiza faoliyatini olib borish huquqiga ega boʻlgan tashkilotga belgilangan tartibda taqdim etadi. 3 ish kuni mobaynida 10-bosqich Loyihaga ekspertiza xulosasini beruvchi tashkilot Loyiha hujjatlarini belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkazib, tadbirkorlik subyektiga eʼtiroz va takliflar yoki ijobiy xulosa taqdim etadi. 10 ish kuni mobaynida 11-bosqich Tadbirkorlik subyekti Ijobiy xulosa olingan loyiha boʻyicha qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish yuzasidan ushbu sxemaning yettinchi bosqichida koʻrsatilgan davlat organlari bilan qayta kelishadi. 5 ish kuni mobaynida 12-bosqich Tadbirkorlik subyekti Tasdiqlangan loyiha hujjatlari asosida qurilish-montaj ishlarini amalga oshiradi. Pudratchi tashkilot bilan imzolangan shartnomadagi muddatlarda 13-bosqich Tadbirkorlik subyekti 1. Qurilish-montaj ishlari yakunlangandan soʻng ishchi hujjatlar va dalolatnomalarni rasmiylashtiradi. 2. Tizimni ishga tushirish yuzasidan tegishli hujjatlarni rasmiylashtiradi. 7 ish kuni mobaynida
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalarini oʻrnatish va ekspluatatsiya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi dasturiy-texnik vositalariga doir
1-§. Umumiy talablar
1. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi (keyingi oʻrinlarda — tizim) ushbu Texnik talablar va shaharsozlik normalari asosida joriy etiladi.
2. Tadbirkorlik subyektlari mazkur Texnik talablar va Oʻz DSt 1987:2018 davlat standarti asosida tizimni joriy qilish boʻyicha texnik topshiriq hujjatlarini ishlab chiqadi hamda Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Davlat xavfsizligi xizmati huzuridagi “Kiberxavfsizlik markazi” davlat unitar korxonasidan ekspertiza xulosasini oladi.
3. Tadbirkorlik subyektlari tizim doirasida quyidagi (bir yoki bir nechta) tizimlarni joriy etadi:
transport vositalarining harakat tezligini foto va video qayd etish tizimi;
yoʻl harakati qoidabuzarliklarini foto va video qayd etish tizimi;
toʻxtash va toʻxtab turish yoʻl harakati qoidabuzarliklarini foto va video qayd etish tizimi.
2-§. Transport vositalarining harakat tezligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimiga qoʻyiladigan umumiy texnik talablar
4. Transport vositalarining harakat tezligini foto va video qayd etish (radar) tizimiga (keyingi oʻrinlarda — tezlikni qayd etish tizimi) qoʻyiladigan umumiy texnik talablarga muvofiq tizim:
bir vaqtning oʻzida uch va undan ortiq yoʻl boʻlaklarida harakatlanayotgan transport vositalarining tezligini hamda davlat raqam belgisini aniqlashi;
5 — 250 km/h tezlik oraligʻida harakatlanayotgan transport vositalarining tezligi va davlat raqami belgisini aniqlashi;
oʻrnatilgan nuqtadan sutkaning kunduzgi va tungi vaqtlarida oʻtuvchi transport vositalarining kamida 95 foizining davlat raqami belgisini qayd etishi;
oʻrnatilgan nuqtadagi transport vositalarining davlat raqami belgilarini sutkaning kunduzgi va tungi vaqtlarida kamida 95 foizini aniqlikda roʻyxatga olishi;
Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining oʻlchash vositalarini metrologik attestatsiyalash sertifikatiga ega boʻlishi;
Vazirlar Mahkamasining “Avtomototransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarining yangi namunalarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2007-yil 27-iyundagi 131-son qarorida belgilangan talablar asosida davlat raqami belgilarini aniqlashi;
tizim qayd etgan har bir qoidabuzarlik holati boʻyicha “Maʼmuriy amaliyot” moduliga avtomatik ravishda quyidagi maʼlumotlarni uzatish imkoniyatiga ega boʻlishi lozim:
metrologik qiyoslash guvohnomasining raqami va amal qilish muddati;
qoidabuzarlik aniqlangan sana va vaqt;
qoidabuzarlik sodir etilgan joyning aniq koordinatalari;
elektr tarmogʻida uzilishlar yuz berganda, uning faoliyatini 8 soatdan kam boʻlmagan vaqt davomida qoʻllab-quvvatlash imkoniga ega boʻlgan zaxira elektr manbai bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
5. Joriy etilgan tezlikni qayd etish tizimi orqali haydovchilar tomonidan belgilangan harakat tezligini oshirish qoidabuzarligini aniqlash talab etiladi.
3-§. Yoʻl harakati qoidabuzarliklarini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimiga qoʻyiladigan umumiy texnik talablar
6. Yoʻl harakati qoidabuzarliklarini foto va video qayd etish tizimiga (keyingi oʻrinlarda — qoidabuzarliklarni qayd etish tizimi) qoʻyiladigan umumiy texnik talablarga muvofiq tizim:
bir vaqtning oʻzida ikki va undan ortiq yoʻl boʻlaklari hamda chorrahalarda harakatlanayotgan transport vositalarining davlat raqami belgisini aniqlashi;
oʻrnatilgan nuqtadan sutkaning kunduzgi va tungi vaqtlarida oʻtuvchi transport vositalarining kamida 95 foizining davlat raqami belgisini aniqlashi;
oʻrnatilgan nuqtadagi transport vositalarining davlat raqami belgilarini sutkaning kunduzgi va tungi vaqtlarida kamida 95 foizini aniqlikda roʻyxatga olishi;
chorrahalarda hamda ikki va undan ortiq yoʻl boʻlaklarida bir vaqtning oʻzida sodir boʻladigan qoidabuzarliklarni aniqlashi;
Vazirlar Mahkamasining “Avtomototransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarining yangi namunalarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2007-yil 27-iyundagi 131-son qarorida belgilangan talablar asosida davlat raqami belgilarini aniqlashi.
Tizim qayd etgan har bir qoidabuzarlik holati boʻyicha “Maʼmuriy amaliyot” moduliga avtomatik ravishda quyidagi maʼlumotlarni uzatish imkoniyatiga ega boʻlishi lozim:
metrologik qiyoslash guvohnomasining raqami va amal qilish muddati;
qoidabuzarlik aniqlangan sana va vaqt;
qoidabuzarlik sodir etilgan joyning aniq koordinatalari.
7. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan joriy etilgan qoidabuzarliklarni qayd etish tizimi orqali quyidagi qoidabuzarliklarni:
transport vositalari haydovchilari tomonidan svetoforning taqiqlovchi chirogʻida yoʻlning qatnov qismidagi yoʻl chiziqlarini yoki yoʻl belgilari bilan belgilangan toʻxtash chizigʻini bosib kirishi;
transport vositalari haydovchilarining svetoforning taqiqlovchi chirogʻiga boʻysunmasdan oʻtishi;
transport vositalari haydovchilarining yoʻlning qarama-qarshi harakatlanish uchun moʻljallangan tomoniga yoki boʻlagiga yoʻl harakati qoidalarini buzgan holda chiqishi;
transport vositalari haydovchilarining Yoʻl harakati qoidalari bilan tasdiqlangan 4.1.1. “Harakatlanish toʻgʻriga” buyuruvchi yoʻl belgisiga amal qilmasligi.
4-§. Toʻxtash va toʻxtab turish yoʻl harakati qoidabuzarliklarini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimiga qoʻyiladigan umumiy texnik talablar
8. Toʻxtash va toʻxtab turish yoʻl harakati qoidabuzarliklarini foto va video qayd etish tizimiga (keyingi oʻrinlarda — toʻxtash va toʻxtab turish qoidabuzarliklarini qayd etish tizimi) qoʻyiladigan umumiy texnik talablarga muvofiq tizim:
belgilangan hududda transport vositalarining toʻxtash va toʻxtab turish yoʻl harakati qoidabuzarliklarini hamda ularning davlat raqami belgilarini aniqlashi;
toʻxtash va toʻxtab turish qoidabuzarliklarni qayd etish tizimi oʻrnatilgan nuqtadan 50 metrdan kam boʻlmagan masofada toʻxtash va toʻxtab turish yoʻl harakati qoidabuzarliklarini aniqlashi;
oʻrnatilgan nuqtadagi transport vositalarining davlat raqami belgilarini sutkaning kunduzgi va tungi vaqtlarida kamida 95 foizini aniqlikda roʻyxatga olishi;
bir nuqtada bitta transport vositasi bilan 24 soat davomida aniqlangan qoidabuzarliklarni bir marotaba qayd etishi;
Tizim qayd etgan har bir qoidabuzarlik holati boʻyicha “Maʼmuriy amaliyot” moduliga avtomatik ravishda quyidagi maʼlumotlarni uzatish imkoniyatiga ega boʻlishi:
metrologik qiyoslash guvohnomasining raqami va amal qilish muddati;
qoidabuzarlik aniqlangan sana va vaqt;
qoidabuzarlik sodir etilgan joyning aniq koordinatalari;
toʻxtash va toʻxtab turish qoidabuzarliklarini qayd etish tizimi orqali Vazirlar Mahkamasining “Avtomototransport vositalari uchun roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarining yangi namunalarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2007-yil 27-iyundagi 131-son qarorida belgilangan talablar asosida davlat raqami belgilarini aniqlashi lozim.
9. Transport vositalarining toʻxtash va toʻxtab turish yoʻl harakati qoidabuzarliklarini hamda ularning davlat raqami belgilarini aniqlashda, dalil sifatida quyidagi ikki xil turdagi fotosurat ikki xil vaqt oraligʻida olinishi talab etiladi:
transport vositasining toʻxtash mumkin boʻlmagan hududda toʻxtagan vaqtdagi umumiy fotosurati;
transport vositasining davlat raqami belgisi kattalashtirilgan hamda aniq koʻringan holatdagi fotosurati. Bunda transport vositasi toʻxtash mumkin boʻlmagan hududda transport vositasi harakatini 1 daqiqagacha boʻlgan muddatga toʻxtatganligini tasdiqlovchi fotosuratlar;
transport vositasi toʻxtab turish mumkin boʻlmagan hududda transport vositasi harakatini 10 daqiqadan koʻproq vaqtga toʻxtatganligini tasdiqlovchi fotosuratlar.
5-§. Tizimning oʻrnatilishiga qoʻyiladigan umumiy talablar
10. Tizimni joylashtirish uchun avtomobil yoʻlining qatnov qismiga xalaqit bermaydigan holda, oʻng yoki chap yoʻnalishga “I”, “G”, “T” yoki “P” shakldagi metall ustun oʻrnatiladi.
11. Tizimlar metall ustunga 6 metrdan kam boʻlmagan balandlikda oʻrnatiladi.
12. Metall ustunlarni oʻrnatish, loyihalash, ekspertizadan oʻtkazish va tegishli davlat idoralari bilan kelishish ishlari tadbirkorlik subyektlari tomonidan amalga oshiriladi.
13. Metall ustun va transport vositasining toʻxtash chizigʻi oraligʻidagi masofa tizim qurilmalarining texnik xususiyatlari, relyefning murakkabligi va muhandislik kommunikatsiyalari mavjudligidan kelib chiqqan holda belgilanishi lozim.
14. Tizim oʻrnatilgan metall ustunga umumiy holatni kuzatish va oʻrnatilgan qurilmalar xavfsizligini taʼminlash maqsadida 360 gradus radiusdagi kuzatuv kameralari oʻrnatiladi.
15. Oʻrnatilgan metall ustunlarning oʻng yoki chap tomonidan 4 metr balandlikda telekommunikatsiya javoni oʻrnatiladi. Ushbu javon kerakli aloqa hamda elektr qurilmalari bilan jihozlanadi.
6-§. Tizim yordamida qayd etilgan qoidabuzarlik va transport vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni qayta ishlash hamda saqlashga qoʻyiladigan talablar
16. Tizim yordamida qayd etilgan qoidabuzarlik va transport vositalari toʻgʻrisidagi barcha foto maʼlumotlar 365 kundan, video maʼlumotlar 30 kundan kam boʻlmagan muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimining “Maʼmuriy amaliyot” modulida (keyingi oʻrinlarda — “Maʼmuriy amaliyot” moduli) saqlanishi lozim.
17. Tizim “Maʼmuriy amaliyot” moduliga texnik talablar asosida integratsiya qilinishi va oʻzaro ishlash imkoniyatiga ega boʻlishi talab etiladi.
18. Tizim orqali aniqlangan qoidabuzarliklar toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlar “Maʼmuriy amaliyot” moduliga taqdim etilishi shart:
qayd etilgan transport vositasining uch holatdagi fotosurati (transport vositasi, uning davlat raqami belgisi, qoidabuzarlik sodir etilgan holatning umumiy koʻrinishi);
qoidabuzarlik qayd etilgan vaqt (kun, soat, daqiqa);
transport vositasining tezligi (km/h);
qoidabuzarlik aniqlangan manzil (tuman (shahar), koʻcha, avtomobil yoʻlining kilometri yoki moʻljal);
qoidabuzarlik aniqlangan manzilning GPS koordinatasi;
holat aks etgan 6 — 10 soniyadan iborat videolavha va uning havolasi.
19. Maʼlumotlarni qayta ishlash va saqlash tizimida amalga oshirilgan har qanday amaliy buyruqlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (log fayllar) saqlanishi lozim.
20. Tizim yordamida qayd etilgan qoidabuzarlik hamda transport vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bilan Yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash va jamoat tartibini saqlashning avtomatlashtirilgan (kompyuterlashtirilgan) boshqaruv tizimi xodimlariga masofadan turib ishlash imkoniyatining mavjud boʻlishi talab etiladi.
21. Tizim doimiy va uzluksiz rejimda ishlashi hamda uzilishlar roʻy berganda oflayn tarzda maʼlumotlarni toʻplash va saqlash, faoliyati qayta tiklanganda esa, olingan maʼlumotlarni taqdim etish imkoniyatiga ega boʻlishi talab etiladi.
7-§. Aloqa tarmogʻiga qoʻyiladigan talablar
22. Aloqa tarmoqlari optik tolali tarmoq texnologiyalari (kommutator, marshrutizator va boshqalar) yordamida tashkil etilib, tarmoqning soʻnggi nuqtalariga qadar xizmat koʻrsatishi uchun yetarli oʻtkazuvchanlikni taʼminlashi lozim.
23. Tizim orqali aniqlangan qoidabuzarliklar toʻgʻrisidagi foto va video maʼlumotlar VPN (Virtual Private Network — virtual xususiy tarmoq) aloqa kanali orqali markaziy server qurilmasiga uzatilishi lozim.
24. Aloqa liniyasida uzilishlar sodir boʻlganda, aniqlangan qoidabuzarliklarni vaqtincha saqlash uchun maxsus qurilma oʻrnatish, uning yordamida qoidabuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni saqlab turish va aloqa tiklangandan soʻng ularni markaziy serverga uzatish talab etiladi.
8-§. Tizimni elektr quvvati bilan taʼminlashga moʻljallangan elektr taʼminoti qurilmasiga qoʻyiladigan talablar
25. Tizimni elektr quvvati bilan taʼminlashga moʻljallangan elektr taʼminoti qurilmasining (keyingi oʻrinlarda — elektr taʼminoti) yerga ulanish kontur qarshiligi tizim qurilmalarining texnik talablari asosida hisoblanishi lozim.
26. Elektr kabel sigʻimi oʻrnatilayotgan tizimning yuklamasidan kelib chiqib tanlanishi lozim.
27. Elektr energiyasini hisobga olish uchun sertifikati mavjud boʻlgan zamonaviy elektr oʻlchash vositalarini oʻrnatish talab etiladi.
28. Tizimning uzluksiz ishlashini taʼminlash maqsadida 8 soatdan kam boʻlmagan zaxira elektr taʼminoti boʻlishi talab etiladi.
9-§. Dasturiy taʼminotga qoʻyiladigan talablar
29. Dasturiy taʼminot vositalari tizimni zamonaviy platformalarda ishlashini taʼminlab, eng soʻnggi standartlarni qoʻllab-quvvatlashi talab etiladi.
30. Tizim dasturiy taʼminot ishlab chiqaruvchisi tomonidan kamida 3 yil davomida qoʻllab-quvvatlanishi zarur.
31. Tizimning dasturiy taʼminoti umumiy va maxsus dasturiy taʼminotlardan iborat boʻlishi talab etiladi.
10-§. Tizimning axborot xavfsizligiga qoʻyiladigan talablar
32. Axborot xavfsizligi dasturiy taʼminoti tizimdagi axborotni va uni qayta ishlovchi vositalarni himoya qilish uchun moʻljallangan.
33. Axborot xavfsizligi dasturiy taʼminoti quyidagilarni oʻz ichiga olishi talab etiladi:
maʼlumotlarni saqlash;
roʻyxatga olish va hisobga olish;
yaxlitlikni taʼminlash;
xavfsizlik devori;
ruxsatsiz kirishlarni aniqlash;
antivirus himoyasi.
34. Ushbu Texnik talablarning 33-bandida nazarda tutilgan talablar buyurtmachi bilan kelishilgan holda, texnik dizayn bosqichida aniqlanishi va oʻzgartirilishi mumkin.
35. Axborotni muhofaza qilishda ishlatiladigan dasturiy taʼminot uchun OʻzDSt 2816:2014 “Axborot texnologiyalari. Eʼlon qilinmagan imkoniyatlar ustidan nazorat darajasi axborotini himoyalash vositasi dasturiy taʼminot klassifikatori” davlat standarti talabiga asosan nazorat qilishning uchinchi darajasi taʼminlanishi talab etiladi.
36. Tizim apparat va dasturiy qismlarining oʻzaro bogʻliqligi hamda integratsiyalangan holda ishlashini taʼminlash texnik loyihalash bosqichida amalga oshirilishi zarur.
37. Joriy etilayotgan tizimning “Maʼmuriy amaliyot” moduli yoki boshqa axborot tizimlari bilan integratsiyalash tartibi hamda ularning oʻzaro bir-biri bilan bogʻlanish interfeyslari toʻgʻrisidagi yechimlar texnik loyihalashtirish davrida qabul qilinadi.
38. Axborot xavfsizligi dasturiy taʼminoti tizimning ulanish obyektlari va maʼlumotlarini potensial xavflardan, tasodifiy harakatlardan va tashqi hujumlardan himoya qilishni taʼminlash zarur.
39. Axborot xavfsizligi dasturiy taʼminoti quyidagi talablarga javob berishi shart:
maʼlumotlarga ruxsatsiz kirishdan himoyalash;
dasturiy taʼminot va foydalanuvchilar faoliyatini roʻyxatdan oʻtkazish hamda hisobga olish;
axborotni aloqa kanallari orqali uzatish, saqlash va qayta ishlash jarayonida ruxsatsiz modifikatsiyadan himoyalash;
tizim resurslariga kirishni boshqarish;
aloqa kanallaridan uzatilayotgan maʼlumotlarni kriptografik usullar orqali maxfiyligini taʼminlash;
viruslardan himoyalash;
dasturiy taʼminotga noqonuniy kirishdagi maʼlumotlarni tahlil qilish;
dasturiy taʼminot konfiguratsiyasida yuzaga kelgan xatoliklar va kamchiliklarni aniqlash.
11-§. Tizimni sinovdan oʻtkazishga qoʻyiladigan talablar
40. Tizim oʻrnatilgandan keyin oʻn kun sinov tariqasida ishlaydi.
41. Sinov muddatida tizim yordamida aniqlangan qoidabuzarliklar oʻn kun muddatda vakolatli organ tomonidan tahlil qilinadi va mazkur Texnik talablarda nazarda tutilgan qoidalarga zid boʻlmagan “Tizimni oʻrganish boʻyicha xulosa” tasdiqlanib, tizimdan foydalanishga ruxsat beriladi.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 21-apreldagi 232-son qaroriga 2-ILOVA
Elektron onlayn-auksionlarga qoʻyish uchun maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari oʻrnatiladigan joylarning minimal qiymatini (boshlangʻich narxini) belgilash
Chorraha va koʻchalarda sutka davomida transport vositalari qatnovining harakatlanish jadalligi (soni) Maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari oʻrnatiladigan joylarning minimal qiymati (boshlangʻich narxi) Toshkent shahri hududida Toshkent viloyati hududida Viloyatlar markazlarida Boshqa tuman va shaharlarda 0 — 20 000 bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 8 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 5 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 3 baravari 20 000 — 40 000 bazaviy hisoblash miqdorining 15 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 13 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 8 baravari 40 000 — 60 000 bazaviy hisoblash miqdorining 20 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 18 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 15 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 13 baravari 60 000 — 80 000 bazaviy hisoblash miqdorining 25 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 23 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 20 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 18 baravari 80 000 — 100 000 bazaviy hisoblash miqdorining 30 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 28 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 25 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 23 baravari 100 000 va undan yuqori bazaviy hisoblash miqdorining 35 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 33 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 30 baravari bazaviy hisoblash miqdorining 28 baravari
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 21-aprel,
232-son