UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 23-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 23 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

НИЗОМ

«Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, театр санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, ривожлантириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасининг «Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини (кейинги ўринларда — Фестиваль) 2022 йилдан бошлаб икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. «Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари;

Фестиваль доирасидаги илмий-амалий конференцияда иштирок этиш тартиби;

Халқаро ҳайъат фаолиятини ташкил этиш ва Фестиваль иштирокчиларини баҳолаш тартиби;

Фестивални молиялаштириш ва ғолибларни мукофотлаш.

4. Ташкилий қўмита Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар режасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси:

Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 мартига қадар хорижий давлатлардан иштирок этадиган театрлар жамоалари рўйхатини шакллантирсин;

Фестивалда намойиш этиладиган спектаклларни саралаш ишларини амалга оширсин;

Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 апрелига қадар унинг очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарийси ва бадиий дастурларини тайёрласин;

Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 майига қадар Фестиваль доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияда хорижий давлатлардан иштирок этадиган театршунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантирсин;

Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 сентябрига қадар илмий-амалий конференция материаллари тўпламини нашрга тайёрласин ва чоп этсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси:

Маданият вазирлигининг буюртманомасига асосан Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар учун меҳмонхоналарда олдиндан жой банд (бронь) қилиш;

Фестиваль доирасида ташкил этиладиган маданий тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар билан туристик ташкилотларни олдиндан хабардор қилиш ва уларда хорижий сайёҳлар иштирокини таъминлаш ишларини ташкил этсин.

7. Белгилансинки, Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида амалга оширилади. Бунда сарф-харажатларнинг:

50 фоизи — Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ёритиб бориш тавсия этилсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 апрелдаги 235-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита

1. О.А. Назарбеков — маданият вазири, Ташкилий қўмита раиси 2. Ш.Б. Умурзаков — Тошкент шаҳар ҳокими, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари 3. Б.М. Усмонов — ташқи ишлар вазири ўринбосари 4. С.М. Бузрукхонов — олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари 5. С.З. Мирзаев — Фанлар академияси вице-президенти 6. А.Ў. Аққулов — Туризм қўмитаси раиси 7. Ш.Т. Ризаев — Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори в.б 8. А.А. Джурабаев — Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси 9. А.К. Кўчимов — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори 10. А.В. Нуридинов — Ўзбекистон Бадиий академияси раиси 11. О.А. Ҳасанов — Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари 12. С.С. Саидов — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси 13. Ё. Ахмедов — Театр арбоблари уюшмаси раиси 14. А.Б. Таджиханов — маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ташкилий қўмита котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 апрелдаги 235-сон қарорига 2-ИЛОВА

«Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини (кейинги ўринларда — Фестиваль) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасидаги театр санъати, давлатлараро маданий алоқалар соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ягона маданий платформани яратиш;

турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш ҳамда театр ижодкорларини бирлаштириш;

Ўзбекистон аҳолиси ва меҳмонларини замонавий театрнинг бугунги ҳолати, етакчи саҳна усталари ва театр санъатининг энг яхши намуналари билан таништириш;

театр санъатини ривожлантириш, театр санъати қадриятларини тарғиб қилиш, профессионал театр жамоаларининг ижодий фаолиятини оммалаштириш;

театр санъати ва театр фаолиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган бадиий маҳорат, ижодий тажриба ва маълумот алмашиш учун шарт-шароитларни яратиш;

иқтидорли ижодкор ёшларни аниқлаш, юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш;

театр санъатининг турли соҳаларида тажриба алмашиш, қўшма ижодий лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш.

3. Фестиваль 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта октябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида Тошкент шаҳрида ўтказилади.

4. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш «Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) томонидан мувофиқлаштирилади.

5. Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги (кейинги ўринларда — ташкилотчилар) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

2-боб. Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари

6. Фестивалда иштирок этиш истагини билдирган иштирокчилар Фестиваль ўтадиган йилнинг 1 майига қадар Фестивалнинг махсус электрон манзили орқали ариза берадилар ва томоша дастурлари тўғрисида маълумотларни тақдим этадилар.

Аризалар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан умумлаштирилади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Фестиваль ўтадиган йилнинг 20 февралига қадар саралаш комиссиясига тақдим этилади.

7. Фестиваль доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилади:

фестивалнинг тантанали очилиш маросими;

халқаро илмий-амалий конференция;

театр жамоалари спектаклларининг халқаро танлови (кейинги ўринларда — танлов);

хорижлик мутахассислар иштирокида давра суҳбати, тақдимот ва маҳорат дарслари;

театрлаштирилган томошалар ва кўргазмалар;

фестивалнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш ҳамда тантанали ёпилиш маросими.

8. Фестивалда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг театр жамоалари иштирок этади.

9. Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг театр жамоалари фестивалда иштирок этиш учун тайёрлаган спектакллар Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланадиган театр санъати соҳасидаги юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, хорижий ва маҳаллий театр санъати усталаридан иборат саралаш комиссияси томонидан қуйидаги йўналишлар бўйича кўриб чиқилади:

спектаклнинг фестиваль мавзусига мувофиқлиги;

режиссёрлик ечими;

пластика ва хатти-ҳаракатли ечим;

тасвирий ечим ва безак;

актёрлик маҳорати;

нутқ ва вокал маҳорати;

мусиқий безак.

10. Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар театр жамоаларининг фестивалда иштирок этиш бўйича аризалари саралаш комиссияси томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилгандан сўнг 10 кун муддатда хулосалар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этилади.

Бунда Фестивалда иштирок этувчи театр жамоалари учун қуйидаги талаблар қўйилади:

маълумотнома (резюме);

спектакль видеоёзуви, спектаклдан фотосуратлар, спектаклнинг афишаси, трейлери, театр (жамоа)нинг тарихий маълумотномаси ва субтитр учун рус ва инглиз тилларидаги матн;

ҳар бир иштирокчининг ижодий фотосурати.

Барча ҳужжатлар ўзбек ёки рус/инглиз тилларида тақдим этилиши мумкин.

11. Фестиваль йиллар кесимида театр санъатининг аниқ бир жанр ва йўналишларида қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:

драматик театрлар фестивали (биринчи марта);

мусиқали театрлар фестивали (иккинчи марта);

қўғирчоқ театрлари фестивали (учинчи марта);

ёш томошабинлар театрлари фестивали (тўртинчи марта).

12. Фестиваль бир нечта саҳналарда бўлиб ўтади.

13. Фестивалда иштирок этувчи жамоалар:

ўз давлатида ёки бошқа давлатлардаги танлов ва фестивалларда иштирок этган бўлиши;

тегишли маданият ва санъат соҳасидаги ташкилотлар ёки хорижий фестиваль дирекцияларининг тавсияномасига эга бўлиши керак.

14. Фестивалда иштирок этувчиларнинг рўйхати Ташкилий қўмита томонидан аниқланиб, фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 июлига қадар иштирокчиларга маълум қилинади.

15. Танловда ҳар бир хорижий давлатдан иштирокчи сифатида 1 тадан, маҳаллий иштирокчилардан 3 тагача театр жамоаси қатнашиши мумкин.

16. Танловда ҳар бир хорижий давлатдан иштирокчи сифатида жами 25 нафаргача, жумладан, 1 нафар делегация раҳбари, 2 нафар конференция иштирокчиси, 2 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари ва 20 нафаргача театр труппаси аъзолари таклиф этилиши мумкин.

Фестиваль иштирокчиларининг Ўзбекистонга келиб-кетиши (халқаро авиа ва темирйўл чипталари) ташриф буюрувчилар томонидан ҳамда яшаш, овқатланиш, ички транспорт ва божхона ҳужжатларини расмийлаштириш харажатлари ташкилотчи томонидан қопланади.

Ижодий жамоаларнинг декорациялари, реквизитлари ҳамда бошқа техник жиҳозларни халқаро ташиш тўловлари ҳамда спектаклларни намойиш этганлик учун гонорар ва бошқа харажатлар юборувчи томонидан қопланади.

17. Фестивалда ўз ҳисобидан иштирок этиш истагини билдирган (ижодий делегациянинг 20 нафаргача аъзоларидан ташқари) театр санъати ижодкорлари, хорижий давлатлардан таниқли театршунос ва санъатшунос олимлар, драматурглар, актёрлар, ижодий жамоалар, мутахассислар ва фахрий меҳмонлар ташкилотчининг таклифи асосида қатнашиши мумкин.

18. Ўзбек, рус ва инглиз тиллари фестивалнинг ишчи тиллари этиб белгиланади.

3-боб. Фестиваль доирасидаги илмий-амалий конференцияда иштирок этиш тартиби

19. Фестиваль доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияда иштирок этиш истагини билдирган олимлар, мутахассислар ва тадқиқотчилар Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 апрелига қадар қуйидагиларни Фестивалнинг махсус электрон манзили орқали тақдим этишлари лозим:

иштирокчи ҳақида маълумотнома (резюме);

6х9 см ўлчамдаги рангли фотосурат;

4-5 бетдан иборат мақола матни (ўзбек, рус, инглиз тилларида);

300 сўздан кам бўлмаган тезислар.

20. Илмий-амалий конференцияда иштирок этувчиларнинг рўйхати Ташкилий қўмита томонидан шакллантирилиб, Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 июлига қадар иштирокчиларга маълум қилинади.

21. Илмий-амалий конференция иштирокчиларининг ҳар бири Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланадиган шаклдаги сертификат билан тақдирланади.

22. Илмий-амалий конференция иштирокчисига сертификат Фестивалнинг ёпилиш маросими вақтида берилади.

4-боб. Халқаро ҳайъат фаолиятини ташкил этиш ва Фестиваль иштирокчиларини баҳолаш тартиби

23. Танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш мақсадида Ташкилий қўмита томонидан 7 — 9 кишидан иборат таркибда Халқаро ҳайъат ташкил этилади.

Халқаро ҳайъат таркибига театр санъати йўналиши бўйича юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, хорижий ва маҳаллий театр санъати усталари, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари таклиф этилади.

Халқаро ҳайъат аъзолари ташкилотчи томонидан Фестиваль ўтказиладиган давр ва ҳудудда меҳмонхона, овқатланиш ва белгиланган маршрут бўйича транспорт билан таъминланадилар. Халқаро ҳайъат раиси ва аъзоларига гонорар пули тўланмайди.

24. Иштирокчилар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

драматургия;

режиссёрлик маҳорати;

актёрлик маҳорати;

бадиий яхлитлик;

саҳна маданияти;

режиссура ва актёрлик услублари ва жанр мутаносиблиги;

ижрочиларнинг саҳнавий ифода воситаларидан (саҳна нутқи, жест, пластика ва мимикадан) фойдалана олиш маҳорати;

рассомлик иши (декорация, реквизит, бутафор);

либослар;

спектаклнинг мусиқий безаги.

25. Танлов ғолибларини аниқлаш тўғрисидаги қарор очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва баённома тузилади.

26. Халқаро ҳайъат қарори Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида эълон қилинади.

27. Халқаро ҳайъат қарори қатъий ҳисобланади ва муҳокама этилмайди.

5-боб. Танлов ғолибларини мукофотлаш тартиби

28. Танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва эсдалик совғалари ҳамда «Гран-при», 1-ўрин, 2-ўрин ва 3-ўрин билан мукофотланади.

Халқаро ҳайъат қарорига мувофиқ муносиб номзод топилмаганда «Гран-при» берилмайди ва бўлинмайди. 1, 2 ва 3-ўринлар бўлиниши мумкин.

Барча иштирокчиларга Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган шаклдаги Фестиваль иштирокчиси сертификати берилади.

29. Халқаро ҳайъат қарорига кўра, танлов иштирокчилари номинациялар бўйича эътироф этилиши мумкин. Номинация соҳибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилади.

6-боб. Ташкилотчининг ҳуқуқлари

30. Ташкилотчилар:

Фестиваль иштирокчиларининг ижроларини эфирга узатиш ҳамда бошқа ташкилотларга трансляция қилиши учун рухсат бериш;

Фестивални ўтказиш ва унинг якуни давомида тайёрланган барча турдаги аудио, видео, босма ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш;

Фестивалда иштирок этишни истаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ташкилий қўмитага юбориладиган материаллардан реклама мақсадида фойдаланиш (ижодий жамоаларнинг спектаклидан лавҳалар, афишалари, дастурлари асосида тайёрланадиган реклама роликлари);

Фестивалга жаҳоннинг театр санъати бўйича етакчи соҳа мутахассислари ва санъат намояндаларини жалб этиш ҳуқуқига эга.

7-боб. Фестивални молиялаштириш

31. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ташкилотчилар томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида амалга оширилади. Бунда сарф-харажатларнинг:

50 фоизи — Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

8-боб. Якунловчи қоидалар

32. Фестивалнинг ҳар бир иштирокчиси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши лозим.

33. Давлат молиявий назорати инспекцияси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши ва тўғри тўланишини назорат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 23 апрель,

235-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.04.2021 й., 09/21/235/0370-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2022 й., 09/22/278/0439-сон; 06.08.2022 й., 09/22/431/0716-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон; 17.03.2026 й., 09/26/105/0244-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

NIZOM

“Yevroosiyo” xalqaro teatr sanʼati festivalini oʻtkazish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Madaniyat va sanʼat sohasining jamiyat hayotidagi oʻrni va taʼsirini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 26-maydagi PF-6000-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, teatr sanʼatining noyob namunalarini keng targʻib qilish, rivojlantirish, turli xalqlar oʻrtasidagi doʻstlik va birodarlik rishtalarini yanada mustahkamlash, ijodiy hamkorlik, madaniy munosabatlar doirasini xalqaro miqyosda kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi va Oʻzbekiston Teatr arboblari uyushmasining “Yevroosiyo” xalqaro teatr sanʼati festivalini (keyingi oʻrinlarda — Festival) 2022-yildan boshlab ikki yilda bir marta Toshkent shahrida oʻtkazish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. “Yevroosiyo” xalqaro teatr sanʼati festivalini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita tarkibi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Yevroosiyo” xalqaro teatr sanʼati festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Festivalni oʻtkazish tartibi va shartlari;

Festival doirasidagi ilmiy-amaliy konferensiyada ishtirok etish tartibi;

Xalqaro hayʼat faoliyatini tashkil etish va Festival ishtirokchilarini baholash tartibi;

Festivalni moliyalashtirish va gʻoliblarni mukofotlash.

4. Tashkiliy qoʻmita Festivalga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazishga qaratilgan chora-tadbirlar rejasini bir oy muddatda ishlab chiqsin va tasdiqlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Oʻzbekiston Teatr arboblari uyushmasi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi:

Festival oʻtkaziladigan yilning 1-martiga qadar xorijiy davlatlardan ishtirok etadigan teatrlar jamoalari roʻyxatini shakllantirsin;

Festivalda namoyish etiladigan spektakllarni saralash ishlarini amalga oshirsin;

Festival oʻtkaziladigan yilning 1-apreliga qadar uning ochilish va yopilish marosimlari ssenariysi va badiiy dasturlarini tayyorlasin;

Festival oʻtkaziladigan yilning 1-mayiga qadar Festival doirasida oʻtkaziladigan ilmiy-amaliy konferensiyada xorijiy davlatlardan ishtirok etadigan teatrshunos va sanʼatshunos olimlar, taniqli sanʼatkorlar, yetuk mutaxassislar va faxriy mehmonlar roʻyxatini shakllantirsin;

Festival oʻtkaziladigan yilning 1-sentabriga qadar ilmiy-amaliy konferensiya materiallari toʻplamini nashrga tayyorlasin va chop etsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasi:

Madaniyat vazirligining buyurtmanomasiga asosan Festival ishtirokchilari va mehmonlar uchun mehmonxonalarda oldindan joy band (bron) qilish;

Festival doirasida tashkil etiladigan madaniy tadbirlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bilan turistik tashkilotlarni oldindan xabardor qilish va ularda xorijiy sayyohlar ishtirokini taʼminlash ishlarini tashkil etsin.

7. Belgilansinki, Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq sarf-xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi va Toshkent shahar hokimligi tomonidan ishlab chiqilgan hamda belgilangan tartibda tasdiqlangan smeta asosida amalga oshiriladi. Bunda sarf-xarajatlarning:

50 foizi — Toshkent shahar mahalliy budjetining qoʻshimcha manbalari, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar;

50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

8. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, “Dunyo” axborot agentligi va boshqa ommaviy axborot vositalariga Festivalga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarni yoritib borish tavsiya etilsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri O.A. Nazarbekov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 23-apreldagi 235-son qaroriga 1-ILOVA

“Yevroosiyo” xalqaro teatr sanʼati festivalini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita

1. O.A. Nazarbekov — madaniyat vaziri, Tashkiliy qoʻmita raisi 2. Sh.B. Umurzakov — Toshkent shahar hokimi, Tashkiliy qoʻmita raisi oʻrinbosari 3. B.M. Usmonov — tashqi ishlar vaziri oʻrinbosari 4. S.M. Buzrukxonov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri oʻrinbosari 5. S.Z. Mirzayev — Fanlar akademiyasi vitse-prezidenti 6. A.Oʻ. Aqqulov — Turizm qoʻmitasi raisi 7. Sh.T. Rizayev — Madaniyat vazirligi huzuridagi Kinematografiya agentligi direktori v.b 8. A.A. Djurabayev — Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi raisi 9. A.K. Koʻchimov — Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bosh direktori 10. A.V. Nuridinov — Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi raisi 11. O.A. Hasanov — Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi rahbari 12. S.S. Saidov — Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi 13. Yo. Axmedov — Teatr arboblari uyushmasi raisi 14. A.B. Tadjixanov — madaniyat vazirining birinchi oʻrinbosari, Tashkiliy qoʻmita kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 23-apreldagi 235-son qaroriga 2-ILOVA

“Yevroosiyo” xalqaro teatr sanʼati festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Yevroosiyo” xalqaro teatr sanʼati festivalini (keyingi oʻrinlarda — Festival) oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Festival quyidagilarni nazarda tutgan holda oʻtkaziladi:

Oʻzbekiston va xorijiy davlatlar oʻrtasidagi teatr sanʼati, davlatlararo madaniy aloqalar sohasidagi xalqaro hamkorlikni yanada rivojlantirish, yagona madaniy platformani yaratish;

turli xalqlar oʻrtasidagi doʻstlik va birodarlik rishtalarini yanada mustahkamlash, madaniy munosabatlar doirasini xalqaro miqyosda kengaytirish hamda teatr ijodkorlarini birlashtirish;

Oʻzbekiston aholisi va mehmonlarini zamonaviy teatrning bugungi holati, yetakchi sahna ustalari va teatr sanʼatining eng yaxshi namunalari bilan tanishtirish;

teatr sanʼatini rivojlantirish, teatr sanʼati qadriyatlarini targʻib qilish, professional teatr jamoalarining ijodiy faoliyatini ommalashtirish;

teatr sanʼati va teatr faoliyatini rivojlantirishga yordam beradigan badiiy mahorat, ijodiy tajriba va maʼlumot almashish uchun shart-sharoitlarni yaratish;

iqtidorli ijodkor yoshlarni aniqlash, yuzaga chiqarish va qoʻllab-quvvatlash;

teatr sanʼatining turli sohalarida tajriba almashish, qoʻshma ijodiy loyihalarni amalga oshirishda xalqaro ijodiy hamkorlikni yoʻlga qoʻyish.

3. Festival 2022-yildan boshlab har ikki yilda bir marta oktabr oyining soʻnggi oʻn kunligida Toshkent shahrida oʻtkaziladi.

4. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish “Yevroosiyo” xalqaro teatr sanʼati festivalini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita (keyingi oʻrinlarda — Tashkiliy qoʻmita) tomonidan muvofiqlashtiriladi.

5. Festival Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi va Toshkent shahar hokimligi (keyingi oʻrinlarda — tashkilotchilar) tomonidan tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

2-bob. Festivalni oʻtkazish tartibi va shartlari

6. Festivalda ishtirok etish istagini bildirgan ishtirokchilar Festival oʻtadigan yilning 1-mayiga qadar Festivalning maxsus elektron manzili orqali ariza beradilar va tomosha dasturlari toʻgʻrisida maʼlumotlarni taqdim etadilar.

Arizalar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan umumlashtiriladi hamda belgilangan tartibda koʻrib chiqish uchun Festival oʻtadigan yilning 20-fevraliga qadar saralash komissiyasiga taqdim etiladi.

7. Festival doirasida quyidagi tadbirlar oʻtkaziladi:

festivalning tantanali ochilish marosimi;

xalqaro ilmiy-amaliy konferensiya;

teatr jamoalari spektakllarining xalqaro tanlovi (keyingi oʻrinlarda — tanlov);

xorijlik mutaxassislar ishtirokida davra suhbati, taqdimot va mahorat darslari;

teatrlashtirilgan tomoshalar va koʻrgazmalar;

festivalning gʻolib va sovrindorlarini taqdirlash hamda tantanali yopilish marosimi.

8. Festivalda Oʻzbekiston va xorijiy mamlakatlarning teatr jamoalari ishtirok etadi.

9. Oʻzbekiston va xorijiy mamlakatlarning teatr jamoalari festivalda ishtirok etish uchun tayyorlagan spektakllar Tashkiliy qoʻmita tomonidan tasdiqlanadigan teatr sanʼati sohasidagi yuqori malakali mutaxassislar, taniqli sanʼat va madaniyat arboblari, olimlar, tadqiqotchilar, xorijiy va mahalliy teatr sanʼati ustalaridan iborat saralash komissiyasi tomonidan quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha koʻrib chiqiladi:

spektaklning festival mavzusiga muvofiqligi;

rejissorlik yechimi;

plastika va xatti-harakatli yechim;

tasviriy yechim va bezak;

aktyorlik mahorati;

nutq va vokal mahorati;

musiqiy bezak.

10. Oʻzbekiston va xorijiy mamlakatlar teatr jamoalarining festivalda ishtirok etish boʻyicha arizalari saralash komissiyasi tomonidan belgilangan tartibda koʻrib chiqilgandan soʻng 10 kun muddatda xulosalar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga taqdim etiladi.

Bunda Festivalda ishtirok etuvchi teatr jamoalari uchun quyidagi talablar qoʻyiladi:

maʼlumotnoma (rezyume);

spektakl videoyozuvi, spektakldan fotosuratlar, spektaklning afishasi, treyleri, teatr (jamoa)ning tarixiy maʼlumotnomasi va subtitr uchun rus va ingliz tillaridagi matn;

har bir ishtirokchining ijodiy fotosurati.

Barcha hujjatlar oʻzbek yoki rus/ingliz tillarida taqdim etilishi mumkin.

11. Festival yillar kesimida teatr sanʼatining aniq bir janr va yoʻnalishlarida quyidagi ketma-ketlikda oʻtkaziladi:

dramatik teatrlar festivali (birinchi marta);

musiqali teatrlar festivali (ikkinchi marta);

qoʻgʻirchoq teatrlari festivali (uchinchi marta);

yosh tomoshabinlar teatrlari festivali (toʻrtinchi marta).

12. Festival bir nechta sahnalarda boʻlib oʻtadi.

13. Festivalda ishtirok etuvchi jamoalar:

oʻz davlatida yoki boshqa davlatlardagi tanlov va festivallarda ishtirok etgan boʻlishi;

tegishli madaniyat va sanʼat sohasidagi tashkilotlar yoki xorijiy festival direksiyalarining tavsiyanomasiga ega boʻlishi kerak.

14. Festivalda ishtirok etuvchilarning roʻyxati Tashkiliy qoʻmita tomonidan aniqlanib, festival oʻtkaziladigan yilning 1-iyuliga qadar ishtirokchilarga maʼlum qilinadi.

15. Tanlovda har bir xorijiy davlatdan ishtirokchi sifatida 1 tadan, mahalliy ishtirokchilardan 3 tagacha teatr jamoasi qatnashishi mumkin.

16. Tanlovda har bir xorijiy davlatdan ishtirokchi sifatida jami 25 nafargacha, jumladan, 1 nafar delegatsiya rahbari, 2 nafar konferensiya ishtirokchisi, 2 nafar ommaviy axborot vositalari vakillari va 20 nafargacha teatr truppasi aʼzolari taklif etilishi mumkin.

Festival ishtirokchilarining Oʻzbekistonga kelib-ketishi (xalqaro avia va temiryoʻl chiptalari) tashrif buyuruvchilar tomonidan hamda yashash, ovqatlanish, ichki transport va bojxona hujjatlarini rasmiylashtirish xarajatlari tashkilotchi tomonidan qoplanadi.

Ijodiy jamoalarning dekoratsiyalari, rekvizitlari hamda boshqa texnik jihozlarni xalqaro tashish toʻlovlari hamda spektakllarni namoyish etganlik uchun gonorar va boshqa xarajatlar yuboruvchi tomonidan qoplanadi.

17. Festivalda oʻz hisobidan ishtirok etish istagini bildirgan (ijodiy delegatsiyaning 20 nafargacha aʼzolaridan tashqari) teatr sanʼati ijodkorlari, xorijiy davlatlardan taniqli teatrshunos va sanʼatshunos olimlar, dramaturglar, aktyorlar, ijodiy jamoalar, mutaxassislar va faxriy mehmonlar tashkilotchining taklifi asosida qatnashishi mumkin.

18. Oʻzbek, rus va ingliz tillari festivalning ishchi tillari etib belgilanadi.

3-bob. Festival doirasidagi ilmiy-amaliy konferensiyada ishtirok etish tartibi

19. Festival doirasida oʻtkaziladigan ilmiy-amaliy konferensiyada ishtirok etish istagini bildirgan olimlar, mutaxassislar va tadqiqotchilar Festival oʻtkaziladigan yilning 1-apreliga qadar quyidagilarni Festivalning maxsus elektron manzili orqali taqdim etishlari lozim:

ishtirokchi haqida maʼlumotnoma (rezyume);

6x9 sm oʻlchamdagi rangli fotosurat;

4-5 betdan iborat maqola matni (oʻzbek, rus, ingliz tillarida);

300 soʻzdan kam boʻlmagan tezislar.

20. Ilmiy-amaliy konferensiyada ishtirok etuvchilarning roʻyxati Tashkiliy qoʻmita tomonidan shakllantirilib, Festival oʻtkaziladigan yilning 1-iyuliga qadar ishtirokchilarga maʼlum qilinadi.

21. Ilmiy-amaliy konferensiya ishtirokchilarining har biri Tashkiliy qoʻmita tomonidan tasdiqlanadigan shakldagi sertifikat bilan taqdirlanadi.

22. Ilmiy-amaliy konferensiya ishtirokchisiga sertifikat Festivalning yopilish marosimi vaqtida beriladi.

4-bob. Xalqaro hayʼat faoliyatini tashkil etish va Festival ishtirokchilarini baholash tartibi

23. Tanlov ishtirokchilarining chiqishlarini baholash maqsadida Tashkiliy qoʻmita tomonidan 7 — 9 kishidan iborat tarkibda Xalqaro hayʼat tashkil etiladi.

Xalqaro hayʼat tarkibiga teatr sanʼati yoʻnalishi boʻyicha yuqori malakali mutaxassislar, taniqli sanʼat va madaniyat arboblari, olimlar, tadqiqotchilar, xorijiy va mahalliy teatr sanʼati ustalari, shuningdek, ishtirokchi davlatlardan tegishli sohalar namoyandalari taklif etiladi.

Xalqaro hayʼat aʼzolari tashkilotchi tomonidan Festival oʻtkaziladigan davr va hududda mehmonxona, ovqatlanish va belgilangan marshrut boʻyicha transport bilan taʼminlanadilar. Xalqaro hayʼat raisi va aʼzolariga gonorar puli toʻlanmaydi.

24. Ishtirokchilar quyidagi mezonlar asosida baholanadi:

dramaturgiya;

rejissorlik mahorati;

aktyorlik mahorati;

badiiy yaxlitlik;

sahna madaniyati;

rejissura va aktyorlik uslublari va janr mutanosibligi;

ijrochilarning sahnaviy ifoda vositalaridan (sahna nutqi, jest, plastika va mimikadan) foydalana olish mahorati;

rassomlik ishi (dekoratsiya, rekvizit, butafor);

liboslar;

spektaklning musiqiy bezagi.

25. Tanlov gʻoliblarini aniqlash toʻgʻrisidagi qaror ochiq ovoz berish yoʻli bilan qabul qilinadi va bayonnoma tuziladi.

26. Xalqaro hayʼat qarori Festivalning tantanali yopilish marosimida eʼlon qilinadi.

27. Xalqaro hayʼat qarori qatʼiy hisoblanadi va muhokama etilmaydi.

5-bob. Tanlov gʻoliblarini mukofotlash tartibi

28. Tanlov gʻoliblari diplom, statuetka va esdalik sovgʻalari hamda “Gran-pri”, 1-oʻrin, 2-oʻrin va 3-oʻrin bilan mukofotlanadi.

Xalqaro hayʼat qaroriga muvofiq munosib nomzod topilmaganda “Gran-pri” berilmaydi va boʻlinmaydi. 1, 2 va 3-oʻrinlar boʻlinishi mumkin.

Barcha ishtirokchilarga Tashkiliy qoʻmita tomonidan tasdiqlangan shakldagi Festival ishtirokchisi sertifikati beriladi.

29. Xalqaro hayʼat qaroriga koʻra, tanlov ishtirokchilari nominatsiyalar boʻyicha eʼtirof etilishi mumkin. Nominatsiya sohiblariga diplom va esdalik sovgʻalari topshiriladi.

6-bob. Tashkilotchining huquqlari

30. Tashkilotchilar:

Festival ishtirokchilarining ijrolarini efirga uzatish hamda boshqa tashkilotlarga translyatsiya qilishi uchun ruxsat berish;

Festivalni oʻtkazish va uning yakuni davomida tayyorlangan barcha turdagi audio, video, bosma va boshqa mahsulotlarni ishlab chiqarish va tarqatish;

Festivalda ishtirok etishni istagan jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan Tashkiliy qoʻmitaga yuboriladigan materiallardan reklama maqsadida foydalanish (ijodiy jamoalarning spektaklidan lavhalar, afishalari, dasturlari asosida tayyorlanadigan reklama roliklari);

Festivalga jahonning teatr sanʼati boʻyicha yetakchi soha mutaxassislari va sanʼat namoyandalarini jalb etish huquqiga ega.

7-bob. Festivalni moliyalashtirish

31. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq sarf-xarajatlar tashkilotchilar tomonidan ishlab chiqilgan va belgilangan tartibda tasdiqlangan smeta asosida amalga oshiriladi. Bunda sarf-xarajatlarning:

50 foizi — Toshkent shahar mahalliy budjetning qoʻshimcha manbalari, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar;

50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

32. Festivalning har bir ishtirokchisi oʻz tibbiy sugʻurtasiga ega boʻlishi lozim.

33. Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi Festivalni tashkil etish va oʻtkazish uchun ajratilgan budjet mablagʻlarining maqsadli ishlatilishi va toʻgʻri toʻlanishini nazorat qiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 23-aprel,

235-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 23.04.2021-y., 09/21/235/0370-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.05.2022-y., 09/22/278/0439-son; 06.08.2022-y., 09/22/431/0716-son; 03.03.2025-y., 09/25/135/0208-son; 17.03.2026-y., 09/26/105/0244-son)

lex.uz