UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 27-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 27 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

МЕТОДИКАСИ

Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 мартдаги ПФ-5379-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга жисмонан соғлом, маънавий етук ва интеллектуал салоҳиятга эга номзодларни саралаб олиш ҳамда қабул қилишнинг самарали тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясида ўқишга номзодларни саралаб олиш тартиби;

номзодларга бериладиган имтиёзлар;

номзодларни Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига ўқишга қабул қилиш қоидалари.

3. Мазкур қарор 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб кучга киради.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси А.А. Азизов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги 241-сон қарорига ИЛОВА

Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига (кейинги ўринларда — Академия) бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Академия таянч олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — ДХХ) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — ПДХХ) фаолияти йўналишлари бўйича офицер кадрларни тайёрлайди.

3. Академияга бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга, қоидага кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари бўлган, эркак жинсидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Академияга бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқишга соғлиғининг ҳолатига кўра яроқли деб топилган, бўйи 165 см дан паст бўлмаган ҳамда белгиланган тартибда танловдан муваффақиятли ўтган қуйидаги ёш чегараларидаги номзодлар қабул қилинади:

ўн етти ёшдан йигирма уч ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари;

ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн саккиз ёшга тўладиган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонларига эга бўлмаган, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар;

ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал маълумотга эга, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ва контракт асосида ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар;

йигирма олти ёшгача бўлган ва Академияда бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш истагини билдирган республика олий таълим муассасаларининг 1- ва 2-курс (қабул йилида) талабалари. Бунда, саралаб олишнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар Академияда ўқишни биринчи курсдан бошлайди.

4. Академияда ўқишга қабул қилиш учун саралаб олиш тенг ҳуқуқлилик ва адолат тамойиллари асосида амалга оширилади.

2-боб. Академияда ўқишга номзодларни саралаб олиш

5. Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.

6. Академияда ўқишга кириш истагини билдирган номзодларнинг соҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва белгиланган махсус талабларига асосан шахсий ва ишчанлик қобилиятларини чуқур ўрганиш бўйича махсус тадбирлар ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли бўлинмалари томонидан ДХХ ҳамда ПДХХнинг алоҳида ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.

7. Академияда ўқишга ватанпарвар, кенг тафаккур ва дунёқарашга, юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга, интеллектуал ривожланган, чет тиллардан бирини умумий ўрта таълим даражасида ўзлаштирган ва яхши жисмоний тайёргарликка эга ёшларни жалб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилади.

8. Тарғибот-ташвиқот тадбирлари жараёнида ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, ҳарбий хизмат ва ҳарбий хизматчи касбининг мазмун-моҳияти, мажбуриятлари, ҳарбий соҳа мутахассислигини танлашга онгли муносабат ва қизиқишларини мустаҳкамлаш борасида тушунтириш ишлари олиб борилади. Бунда:

ёшларнинг ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг вакиллари, шунингдек, фахрийлари билан учрашувлари ташкил этилади;

Академияга ўқишга қабул қилиш тартиби ва шартлари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга ва контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга Академияга ўқишга киришда бериладиган имтиёзларни ҳамда Академиядаги ҳаётни акс эттирувчи кўргазмали тарғибот материаллари тайёрланади ва тарқатилади;

академик лицейлар, умумтаълим мактаблари ва профессионал таълим муассасалари битирувчи-ўқувчиларига ДХХ ҳамда ПДХХ ҳарбий хизматчисининг касби, Академияга тайёргарлик кўриш ва кириш тартиби тўғрисидаги маълумотларни етказиш мақсадида «очиқ эшиклар куни» тадбирлари ташкил этилади.

9. Академияда ўқишга танлов бошланганлиги тўғрисида қабул йилидан олдинги йилнинг 1 октябридан сўнг оммавий ахборот воситаларида эълон берилади. Танловда қатнашиш истагини билдирган номзодлар қабул йилидан олдинги йилнинг 1 октябридан 20 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг (кейинги ўринларда — Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги) расмий веб-сайтидан рўйхатдан ўтадилар.

10. Ўқишга номзодлар қуйидаги босқичларда танловлардан ўтади:

дастлабки саралаб олиш;

махсус касбий танлаш;

тест синовлари.

11. Ўқишга номзодларнинг рўйхати Академия томонидан ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) кесимида шакллантирилади ҳамда дастлабки саралаб олиш босқичини ўтказиш учун қабул йилидан олдинги йилнинг 25 октябрига қадар ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли бўлинмаларига тақдим этилади.

1-§. Дастлабки саралаб олиш

12. Дастлабки саралаб олиш босқичида номзодларнинг умумтаълим даражасидаги билимлари, маънавий-ахлоқий сифатлари, индивидуал психологик, психофизиологик хусусиятлари, соғлиғи ва жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий ихтисосликнинг замонавий талабларига жавоб бера олиш қобилияти, ғоявий-руҳий барқарорлиги ҳамда интеллектуал салоҳияти аниқланади.

13. Дастлабки саралаб олиш номзодларнинг яшаш, ўқиш, хизмат жойи бўйича ДХХ бўлинма ва органлари, ПДХХнинг тегишли органлари ҳамда Академия мутахассислари томонидан ўтказилади.

14. Дастлабки саралаб олиш босқичида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

дастлабки саралаб олиш тест синовлари;

ҳужжатларни тўплаш ва дастлабки ўрганиш;

индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш;

дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш;

жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичи.

15. Дастлабки саралаб олиш тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ДХХ билан тузилган шартнома асосида номзоднинг она тили, тарих, математика ҳамда чет тили фанларидан билим даражасини аниқлаш мақсадида қабул йилидан олдинги йилнинг 25 октябридан 15 ноябригача ўтказилади.

Бунда, тест синовларида иштирок этиш учун номзодлардан (тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Тест топшириқлари шакли (фан мазмуни таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри), баҳолаш мезонлари, тест синовини ўтказиш муддатлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ва Академия томонидан тасдиқланади ҳамда расмий веб-сайтларга тест синовлари бўлиб ўтишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади.

Тест синовлари якунланганидан сўнг 3 кун ичида тест синовлари натижалари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Дастлабки саралаб олиш тест синовлари натижалари бўйича тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг камида 30% (ўттиз фоиз) ини тўплаган номзодлар саралаб олиш тадбирларининг кейинги босқичларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

16. Номзоднинг ҳужжатларини тўплаш ва дастлабки ўрганишда ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли органлари томонидан қабул йилидан олдинги йилнинг 20 ноябридан 31 декабригача номзод тўғрисидаги зарур маълумотлар таҳлил қилинади (оилавий аҳволи ва бошқалар). Бунда, номзодларнинг ижтимоий фаоллиги, дунёқараши, маънавий-ахлоқий фазилатлари ва ишбилармонлик хусусиятлари суҳбат ўтказиш орқали аниқланади ҳамда ҳарбий хизматчи касбини танлаш билан боғлиқ сабабларга аниқлик киритилади.

17. Номзодларнинг ижтимоий фаоллиги, дунёқараши, маънавий-ахлоқий фазилатларини ва ишбилармонлик хусусиятларини аниқлаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

номзодларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушуниши, давлатни ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш асосларини билиши, шунингдек, фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаши;

юқори даражадаги ҳушёрлик ҳамда ёт ғоя ва мафкураларга нисбатан қатъият билан курашиш зарурлигини англаши;

бурч ва масъулиятни ҳис этиши, қатъиятлилик, ташаббускорлик, меҳнатсеварлик ва ҳалоллик каби фазилатларга эгалиги;

жамоанинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиши;

замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдалана олиши ва етарли билим-кўникмаларга эга бўлиши;

номзоднинг хизмат (меҳнат) фаолиятида, илгари ўқиган таълим муассасасида эришган натижалари.

18. Ҳужжатларни тўплаш ва дастлабки ўрганиш жараёнида соҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва белгиланган махсус талаблар нуқтаи назаридан мос келмаган номзодлар дастлабки саралаб олишнинг кейинги босқичларига қўйилмайди.

19. Номзодларни индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш ДХХ томонидан ишлаб чиқилган методикага мувофиқ қабул йилидан олдинги йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли органлари мутахассис-психологларидан ташкил топган психологлар гуруҳи (кейинги ўринларда — психологлар гуруҳи) томонидан амалга оширилади.

Психологлар гуруҳи таркибига республиканинг етакчи олий таълим муассасаларидан тегишли мутахассислар шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.

20. Индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш натижалари асосида психологлар гуруҳи томонидан номзодлар бўйича қуйидаги хулосалар берилади:

Академияда ўқишга тавсия этилади;

Академияда ўқишга тавсия этилмайди.

Индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш натижалари бўйича Академияда ўқишга тавсия этилмаган номзодлар саралаб олишнинг кейинги босқичига қўйилмайди.

21. Номзодларни дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ-4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, номзодлар соғлиғининг ҳарбий хизматга яроқлилигини текшириш мақсадида ДХХнинг ҳудудий ҳарбий-тиббий комиссиялари томонидан қабул йилидан олдинги йилнинг декабрь ойида амалга оширилади.

Дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича номзоднинг Академияда ўқишга яроқлилиги тўғрисида хулоса берилади.

Соғлиғининг ҳолатига кўра Академияда ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар саралаб олишнинг кейинги босқичига қўйилмайди.

22. Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичи жойларда тегишли мутахассислар таркибида ташкил этиладиган Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан қабул йилининг январь ойида мазкур Низомга 2-иловада келтирилган методикага мувофиқ амалга оширилади.

23. Спорт устаси унвони ёки спорт устасига номзодлик тўғрисидаги тегишли ҳужжатни тақдим этган номзодлар жисмоний тайёргарлик синовларидан озод этилади.

24. Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичида қониқарсиз натижа кўрсатган номзодларга қўшимча равишда ўз устида ишлаш бўйича тавсиялар ва жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичида қайта жисмоний тайёргарлик синовларини топшириш учун имконият берилади.

2-§. Махсус касбий танлаш

25. Махсус касбий танлаш босқичининг асосий мақсади Академияда ўқишга номзодларнинг соғлиғи, ДХХ ва ПДХХ ҳарбий хизматчиси касбини эгаллаш сабаблари, мустаҳкам маънавий-ахлоқий ва интеллектуал салоҳиятни аниқлашдан иборат.

26. Махсус касбий танлаш босқичида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ҳужжатларни якуний ўрганиш;

жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи;

якуний суҳбат;

якуний тиббий кўрикдан ўтказиш.

27. Дастлабки саралаб олиш босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодларга нисбатан ҳужжатларни якуний ўрганиш ДХХ ва ПДХХ ҳарбий хизматчиларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган махсус талабларни инобатга олган ҳолда қабул йилининг январь — апрель ойларида амалга оширилади.

Белгиланган махсус талабларга мос келмаган номзодлар сабаблари ошкор этилмаган ҳолда махсус касбий танлашнинг кейинги босқичларига қўйилмайди.

28. Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи жойларда тегишли мутахассислар таркибида ташкил этиладиган Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан мазкур Низомнинг 2-иловасидаги методикага мувофиқ қабул йилининг март-апрель ойларида амалга оширилади.

29. Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичида белгиланган меъёрий талабларнинг барчасини муваффақиятли бажарган номзодлар жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичидан «ўтган» деб ҳисобланади.

30. Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичидан ўтмаган номзодлар махсус касбий танлашнинг кейинги босқичга қўйилмайди.

31. Номзодлар билан якуний суҳбат ўтказиш ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг вакилларидан иборат таркибда тузилган якуний суҳбат ўтказиш комиссиялари томонидан номзоднинг касб танлаш сабаблари, маънавий-ахлоқий фазилатлари, умумий дунёқараши, қизиқишлари, ижтимоий фаоллиги, таълим муассасасидаги фанларни ўзлаштириш даражасини ҳар томонлама ўрганиш, келгусида ДХХ ва ПДХХнинг офицерлик лавозимларида хизмат фаолиятини давом эттира олишга муносиблигини аниқлаш ҳамда коллегиал тарзда хулоса чиқариш асосида қабул йилининг апрель-май ойларида амалга оширилади.

32. Якуний суҳбат ўтказиш комиссиялари томонидан қуйидагилар тўғрисида хулосалар берилади:

Академияда ўқишга тавсия этилади;

Академияда ўқишга тавсия этилмайди.

Якуний суҳбат ўтказиш натижаларига кўра Академияда ўқишга тавсия этилмаган номзодлар махсус касбий танлашнинг кейинги босқичига қўйилмайди.

33. Номзодларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ-4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ, ДХХнинг марказий поликлиникаси ва ҳудудий бошқармаларда ташкил этилган махсус ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан қабул йилининг май ойида амалга оширилади.

Якуний тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича номзоднинг Академияда ўқишга соғлиғига кўра яроқлилиги тўғрисида хулоса берилади.

Соғлиғининг ҳолатига кўра Академияда ўқишга яроқсиз деб топилган номзодлар тест синовларига қўйилмайди.

34. Дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш босқичларидан муваффақиятли ўтган номзодлар Академияга ўқишга кириш учун ўтказиладиган тест синовларида қатнашиш, шунингдек, тест синовлари вақтида номзодларга белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади.

3-§. Тест синовлари

35. Тест синовларини ўтказиш тартиби ва муддати Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан Академия билан келишилган ҳолда белгиланади.

36. Тест синовлари блоклари Академия таълим йўналишлари рўйхатига мувофиқ Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) томонидан тасдиқланади.

Тест синовларининг натижалари тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин 5 кун ичида Академияга тақдим этилади ва Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

37. Номзод умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўрганган чет тилларидан бирида имтиҳон топширади.

38. Олдинги ўқув йили учун қабул жараёнида ўтказилган тест синовларида белгиланган баллни тўплай олмаган, тиббий кўрик натижалари бўйича маълум чекловлар берилган ва/ёки индивидуал психологик ва психофизиологик ўрганиш натижалари ҳамда жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича ўқишга кириш учун тавсия этилмаган номзодларга кейинги ўқув йилида Академияда ўқиш учун ҳужжат топширишга умумий асосларда бир мартадан кўп бўлмаган имконият берилади.

3-боб. Номзодларга бериладиган имтиёзлар

39. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 31 майдаги ПҚ-1765-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ва Академияга ўқишга имтиёзли кириш учун ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқароларга тест синови натижалари бўйича улар тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл кўринишида имтиёз берилади.

40. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва унинг таркибига кирувчи вазирлик ҳамда идораларнинг ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3726-сон қарорига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларининг ва Миллий гвардиянинг хизматдаги ходимларининг тегишли вазирлик ҳамда идоралар тавсияномалари берилган фарзандлари дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Академиянинг белгиланган қабул квотаси доирасида ўқишга кириш ҳуқуқидан фойдаланади;

ҳарбий хизмат мажбуриятини (хизмат мажбуриятини) бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизмат мажбуриятини (хизмат мажбуриятини) бажариш чоғида ярадор бўлиши, контузия, шикастланиш ёки касалликлар оқибатида ногирон бўлиб қолган контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларнинг ва Миллий гвардия ходимларининг тегишли вазирлик ҳамда идоралар тавсияномалари берилган фарзандлари дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Академиянинг белгиланган қабул квотасидан ташқари тест синовларисиз ўқишга кириш ҳуқуқидан фойдаланади.

41. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сержантларининг мақоми тўғрисида» 2004 йил 12 апрелдаги 170-сон қарорига мувофиқ:

«Илғор сержант» номинациясида республика турининг ғолиблари бўлган сержантлар дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан тест синовлари топширмасдан ўқишга қабул қилинадилар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг сержантлар таркиби лавозимларида 5 йил бенуқсон хизмат қилган сержантларга эса ижобий тавсифномалар, қўмондонлик, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда ютуқлари мавжуд бўлган тақдирда, Академияга ўқишга қабул қилишда тўпланиши мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.

42. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва Давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 июндаги ПҚ-4375-сон қарорига мувофиқ:

«Темурбеклар мактаби» ҳамда «Ёш чегарачилар» ҳарбий академик лицейлари битирувчилари Академияга ўқишга киришда Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишидаги имтиёздан фойдаланади;

имтиёзли диплом олган ДХХ «Темурбеклар мактаби» ҳамда «Ёш чегарачилар» ҳарбий академик лицейларининг битирувчилари Академияга тест синовларисиз, дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтиш натижалари бўйича Академиянинг белгиланган қабул квотаси доирасида ўқишга кириш ҳуқуқидан фойдаланади.

42 1 . Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 16 февралдаги ПҚ-129-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий мусиқа академик лицейи битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга киришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдорида балл шаклида имтиёз берилади.

42 2 . Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 2 мартдаги ПҚ-150-сон қарорига мувофиқ «Ватан таянчи» ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган «Ватан таянчи» отряди аъзоларига Академияга ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёз берилади.

43. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорига мувофиқ, асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1 — 3-ўринларни эгаллаган шахслар 3 йил муддат давомида амал қилувчи ихтисослик фани бўйича сертификат асосида Академияга тест синовларида, имтиёз сифатида, максимал балл тўплаган ҳисобланади.

44. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 22 апрелдаги ПҚ-4296-сон қарорига мувофиқ, Академияга курсантларни қабул қилишнинг умумий сонидан «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун улар дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган тақдирда, қўшимча равишда бир фоизгача қабул квоталари ажратилади.

45. Номзод бир вақтнинг ўзида ушбу Низомнинг 39 — 44-бандларида кўрсатилган имтиёзларга эга бўлса, у томонидан тўпланган баллар йиғиндисига имтиёзлар бўйича энг юқори балл қўшилади.

46. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорига мувофиқ асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1 — 3 ўринларни эгаллаган иштирокчиларга уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификатга мувофиқ ихтисослик фани бўйича кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқи берилади, ҳамда Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолиблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мард ўғлон» давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 21 ноябрдаги ПҚ-3402-сон қарорига мувофиқ, «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва профессионал таълим муассасаларининг ўқувчилари дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган тақдирда Академия қабул комиссиясининг қарори билан Академиянинг белгиланган қабул квотаси доирасида тест синовларисиз қабул қилинади.

Академияга белгиланган қабул квотаси доирасида тест синовларисиз ўқишга қабул қилишга тавсия этилган халқаро олимпиадалар, халқаро ва республика танловлари, мусобақаларининг ғолиблари ҳамда «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг рўйхати Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

47. Академиянинг қабул комиссияси томонидан қабул йилининг 25 июнигача бўлган муддатда халқаро ва республика олимпиадалари, «Илғор сержант» номинациясида республика тури ғолиблари, «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари ва хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг фарзандлари, ДХХ «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейининг имтиёзли битирувчилари тўғрисидаги маълумотлар ўқиш йўналиши, шакли ва тили кўрсатилган ҳолда Давлат тест маркази ва Давлат комиссиясига тақдим этилади.

Давлат комиссияси ДХХ ва ПДХХ тақдимномалари асосида тест синовлари ўтказилгунига қадар улар бўйича алоҳида қарор қабул қилади.

48. Чет тилини билиш даражаси ҳақидаги халқаро тан олинган сертификат (TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл, TestDaF (TDN3), CEFR бўйича камида В2) ёки Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ва ундан юқори даражадаги сертификат тақдим этганларга чет тили фанидан тўплаш мумкин бўлган максимал балл қўйилади ҳамда улар чет тилидан тест синовларида иштирок этмайди.

49. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатга эга бўлган номзодларга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда кириш тест синовларида ушбу умумтаълим фанидан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади ҳамда улар ушбу фандан тест синови топширмайди.

4-боб. Номзодларни Академияга ўқишга қабул қилиш

50. Номзодларни ўқишга қабул қилиш бўйича Академия қабул комиссияси тузилади.

51. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синовлари натижалари тақдим этилганидан кейин беш кун ичида Академия қабул комиссияси ўқишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

52. Академия бошлиғининг буйруғи билан бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилинган номзодларга курсант мақоми берилади.

53. Академияга қабул қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ўташ жойларига уларнинг ўқишга қабул қилинганлиги бўйича буйруқдан кўчирма юборилади.

54. Дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш босқичлари натижалари юзасидан номзодларнинг ариза ҳамда шикоятларини кўриб чиқиш учун Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция комиссиясига тақдим этилган ариза ва шикоятлар улар келиб тушган кундан бошлаб 10 иш кунидан ошмаган муддатда мурожаат қилган номзод иштирокида кўриб чиқилади.

55. Тест синовлари натижаси бўйича берилган апелляция шикоятлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

56. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

57. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш тартиби ҳамда қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Академия Академияда ўқишга ёшларни жалб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида эълон беради. Танловда қатнашиш истагини билдирган номзодлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтидан рўйхатдан ўтадилар. Қабул йилидан олдинги йилнинг 1 — 20 октябрь кунлари I. Дастлабки саралаб олиш 2-босқич Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Дастлабки саралаб олиш тест синовларини ўтказади. Қабул йилидан олдинги йилнинг 25 октябридан 15 ноябригача ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли органлари Ҳужжатларни тўплайди ва дастлабки ўрганишни ўтказади. Қабул йилидан олдинги йилнинг 20 ноябридан 31 декабригача Мутахассис — психологлар Индивидуал психологик ҳамда психофизиологик ўрганиш ўтказади. Қабул йилидан олдинги йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ҳудудий ҳарбий-тиббий комиссия Тиббий кўрикдан ўтказади. Қабул йилидан олдинги йилнинг декабрь ойида Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссия Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг дастлабки босқичини ўтказади. Қабул йилининг январь ойида II. Махсус касбий танлаш 3-босқич ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли органлари Ҳужжатларни якуний ўрганади. Қабул йилининг январь — апрель ойларида Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссия Жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичини ўтказади. Қабул йилининг март-апрель ойларида ДХХ бўлинма ва органлари ҳамда ПДХХнинг тегишли органлари Якуний суҳбат ўтказади. Қабул йилининг апрель-май ойларида Махсус ҳарбий-тиббий комиссия Якуний тиббий кўрикдан ўтказади. Қабул йилининг май ойида III. Тест синовлари 4-босқич Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Тест синовларини ўтказади. белгиланган муддатларда 5-босқич Қабул комиссияси 1. Ўқишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Тест синовлари натижалари тақдим этилганидан сўнг 5 кун муддатда 2. Академияга қабул қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ўташ жойларига буйруқдан кўчирма юборади. Буйруқ чиққандан сўнг 10 кун муддатда

Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқишга номзодларни саралаб олиш тартиби ҳамда қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига ўқишга номзодларни дастлабки саралаб олиш ва махсус касбий танлаш босқичларида жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси уларнинг мазкур Методикада назарда тутилган тегишли машқларни бажаришини текшириш орқали баҳоланади.

2. Номзодларга дастлаб машқларни бажаришга қўйиладиган талаблар ва мезонлар ҳамда машқларни бажариш тартиби жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар таркибига кирган мутахассислар томонидан тушунтирилади.

3. Номзодлар жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тадбирларига спорт кийимларида келишлари шарт.

4. Номзодлар қуйидаги машқларни бажарадилар:

100 метрга югуриш;

турникда тортилиш;

3000 метрга югуриш.

Машқлар оралиғида номзодларга дам олиш учун 10 — 15 дақиқа вақт берилади.

5. Белгиланган машқларни топшириш кунида узрсиз сабабларга кўра қатнаша олмаган (шунингдек, қониқарсиз баҳо олган) номзодлар ўта олмаган деб топилади.

2-боб. Машқларни бажаришга қўйиладиган талаблар ва мезонлар

6. 100 метрга югуриш машқи юқори ёки қуйи стартдан амалга оширилади.

7. 100 метрга югуриш машқини 15,4 сония ичида бажарган тақдирда номзод ушбу синовдан «ўтган» деб ҳисобланади.

8. Ушбу машқ ўйингоҳнинг югуриш йўлаги ёки қаттиқ қопламага эга текис (стандарт) майдонда юқори старт ҳолатидан бажарилади. Старт олиш тартибини ўзлаштириш учун дастлабки «Стартга» ва «Диққат» командалари ҳамда «Олға» ижро командаси берилади. «Стартга» командаси берилганида старт олиш чизиғига келиб, кучли оёқ старт олиш чизиғи яқинига қўйилиб, иккинчи оёқ ярим қадам ортда қолдирилади. «Диққат» командаси берилганида тана вазни олдинда турган оёққа ўтказилиб, гавда ва бош олдинга эгилади, қўл тирсаклари эса букилади. «Олға» ижро командаси берилганида югуриш амалга оширилади.

9. Турникда тортилиш машқини бажаришда қўл кафтлари турникда олдинга қаратилган ҳолда ушланиб, қўллар параллель узатилган ҳолда тутилади, тана бир оз букилган, оёқ тўғри туширилган, учи тўлиқ пастга узатилиб, товонлар жуфт тутилган ҳолатдан бажарилади. Қўллар букилиб, тана юқорига кўтарилар экан, жағ турник устига тўлиқ чиқарилган ҳолат қабул қилинади. Қўллар яна тўлиқ узатилар экан, тана бир маромда пастга туширилиб дастлабки ҳолат эгалланади. Тананинг осилган ҳолати 1-2 сония давомида сақланади. Жуфт тутилган оёқларни 45о гача букишга рухсат берилади. Танани силташ, оёқни олд-орқага тебратиш, оёқларни чалиштириш, бир қўлда осилиб олиш амаллари ман этилади.

Турникда камида 8 маротаба тортилган номзод ушбу синовдан «ўтган» деб ҳисобланади.

10. 3000 метрга югуриш машқлари стадионнинг югуриш йўлакчалари ёки текис жойларида, умумий ёки алоҳида старт берилган ҳолда ўтказилади. Старт ва марра чизиқлари бир жойда белгиланиши мумкин.

11. 3000 метрга югуриш машқини 14,30 дақиқа ичида бажарган тақдирда, улар ушбу синовдан «ўтган» деб ҳисобланади.

12. Ушбу машқ ҳар қандай очиқ табиатда, умумий старт олган тарзда бажарилади. Старт олиш ва финиш марралари айнан бир жойда ёки алоҳида жиҳозланади. Югуриш давомида машқ иштирокчилари бир-бирига халал бермаслиги лозим. Югуриш амалидан юриш амалига ўтган ёки дистанциядан четга чиққан иштирокчи машқни бажара олмади деб ҳисобланади.

13. Номзодлар белгиланган жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш талабларининг барчасини муваффақиятли топшира олган тақдирда, жисмоний тайёргарлик синовларидан «ўтган» деб ҳисобланади.

3-боб. Якунловчи қоидалар

14. Жисмоний тайёргарлик синовларида қатнашган номзодлар учун қайднома расмийлаштирилади.

15. Қайднома комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 27 апрель,

241-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2021 й., 09/21/241/0379-сон, 28.12.2021 й., 09/21/775/1206-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 05.07.2022 й., 09/22/359/0594-сон; 17.04.2026 й., 09/26/175/0373-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

METODIKASI

Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga nomzodlarni saralab olish va qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining Davlat xavfsizligi tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 14-martdagi PF-5379-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga jismonan sogʻlom, maʼnaviy yetuk va intellektual salohiyatga ega nomzodlarni saralab olish hamda qabul qilishning samarali tizimini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga nomzodlarni saralab olish va qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasida oʻqishga nomzodlarni saralab olish tartibi;

nomzodlarga beriladigan imtiyozlar;

nomzodlarni Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga oʻqishga qabul qilish qoidalari.

3. Mazkur qaror 2021-yil 1-sentabrdan boshlab kuchga kiradi.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati raisi A.A. Azizov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 27-apreldagi 241-son qaroriga ILOVA

Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga nomzodlarni saralab olish va qabul qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Akademiya) bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga nomzodlarni saralab olish va qabul qilish tartibini belgilaydi.

2. Akademiya tayanch oliy harbiy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasasi hisoblanib, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — DXX) va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti davlat xavfsizlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — PDXX) faoliyati yoʻnalishlari boʻyicha ofitser kadrlarni tayyorlaydi.

3. Akademiyaga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga, qoidaga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida muddatli harbiy xizmatni oʻtagan umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va professional taʼlim muassasalarining bitiruvchilari boʻlgan, erkak jinsidagi Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari qabul qilinadi.

Akademiyaga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha oʻqishga sogʻligʻining holatiga koʻra yaroqli deb topilgan, boʻyi 165 sm dan past boʻlmagan hamda belgilangan tartibda tanlovdan muvaffaqiyatli oʻtgan quyidagi yosh chegaralaridagi nomzodlar qabul qilinadi:

oʻn yetti yoshdan yigirma uch yoshgacha boʻlgan, shu jumladan oʻqishga qabul qilingan yili oʻn yetti yoshga toʻladigan, umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va professional taʼlim muassasalarining bitiruvchilari;

oʻn sakkiz yoshdan yigirma besh yoshgacha boʻlgan, shu jumladan oʻqishga qabul qilingan yili oʻn sakkiz yoshga toʻladigan, ofitserlar tarkibi harbiy unvonlariga ega boʻlmagan, umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va professional maʼlumotga ega rezervdagi harbiy xizmatga majburlar;

oʻn sakkiz yoshdan yigirma besh yoshgacha boʻlgan umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va professional maʼlumotga ega, Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida muddatli va kontrakt asosida harbiy xizmatni oʻtayotgan harbiy xizmatchilar;

yigirma olti yoshgacha boʻlgan va Akademiyada bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha oʻqish istagini bildirgan respublika oliy taʼlim muassasalarining 1- va 2-kurs (qabul yilida) talabalari. Bunda, saralab olishning barcha bosqichlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodlar Akademiyada oʻqishni birinchi kursdan boshlaydi.

4. Akademiyada oʻqishga qabul qilish uchun saralab olish teng huquqlilik va adolat tamoyillari asosida amalga oshiriladi.

2-bob. Akademiyada oʻqishga nomzodlarni saralab olish

5. Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga nomzodlarni saralab olish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq tashkil etiladi.

6. Akademiyada oʻqishga kirish istagini bildirgan nomzodlarning sohaning oʻziga xos xususiyatlari va belgilangan maxsus talablariga asosan shaxsiy va ishchanlik qobiliyatlarini chuqur oʻrganish boʻyicha maxsus tadbirlar DXX boʻlinma va organlari hamda PDXXning tegishli boʻlinmalari tomonidan DXX hamda PDXXning alohida ichki idoraviy hujjatlari talablariga muvofiq amalga oshiriladi.

7. Akademiyada oʻqishga vatanparvar, keng tafakkur va dunyoqarashga, yuksak maʼnaviy-axloqiy sifatlarga ega, intellektual rivojlangan, chet tillardan birini umumiy oʻrta taʼlim darajasida oʻzlashtirgan va yaxshi jismoniy tayyorgarlikka ega yoshlarni jalb qilish maqsadida ommaviy axborot vositalari orqali targʻibot-tashviqot tadbirlari amalga oshiriladi.

8. Targʻibot-tashviqot tadbirlari jarayonida yoshlarda harbiy-vatanparvarlik tuygʻusini shakllantirish, harbiy xizmat va harbiy xizmatchi kasbining mazmun-mohiyati, majburiyatlari, harbiy soha mutaxassisligini tanlashga ongli munosabat va qiziqishlarini mustahkamlash borasida tushuntirish ishlari olib boriladi. Bunda:

yoshlarning DXX boʻlinma va organlari hamda PDXXning vakillari, shuningdek, faxriylari bilan uchrashuvlari tashkil etiladi;

Akademiyaga oʻqishga qabul qilish tartibi va shartlari, muddatli harbiy xizmatni oʻtagan harbiy xizmatchilarga va kontrakt boʻyicha harbiy xizmatchilarga Akademiyaga oʻqishga kirishda beriladigan imtiyozlarni hamda Akademiyadagi hayotni aks ettiruvchi koʻrgazmali targʻibot materiallari tayyorlanadi va tarqatiladi;

akademik litseylar, umumtaʼlim maktablari va professional taʼlim muassasalari bitiruvchi-oʻquvchilariga DXX hamda PDXX harbiy xizmatchisining kasbi, Akademiyaga tayyorgarlik koʻrish va kirish tartibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yetkazish maqsadida “ochiq eshiklar kuni” tadbirlari tashkil etiladi.

9. Akademiyada oʻqishga tanlov boshlanganligi toʻgʻrisida qabul yilidan oldingi yilning 1-oktabridan soʻng ommaviy axborot vositalarida eʼlon beriladi. Tanlovda qatnashish istagini bildirgan nomzodlar qabul yilidan oldingi yilning 1-oktabridan 20-oktabriga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligining (keyingi oʻrinlarda — Bilim va malakalarni baholash agentligi) rasmiy veb-saytidan roʻyxatdan oʻtadilar.

10. Oʻqishga nomzodlar quyidagi bosqichlarda tanlovlardan oʻtadi:

dastlabki saralab olish;

maxsus kasbiy tanlash;

test sinovlari.

11. Oʻqishga nomzodlarning roʻyxati Akademiya tomonidan hududlar (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri) kesimida shakllantiriladi hamda dastlabki saralab olish bosqichini oʻtkazish uchun qabul yilidan oldingi yilning 25-oktabriga qadar DXX boʻlinma va organlari hamda PDXXning tegishli boʻlinmalariga taqdim etiladi.

1-§. Dastlabki saralab olish

12. Dastlabki saralab olish bosqichida nomzodlarning umumtaʼlim darajasidagi bilimlari, maʼnaviy-axloqiy sifatlari, individual psixologik, psixofiziologik xususiyatlari, sogʻligʻi va jismoniy tayyorgarligi, harbiy ixtisoslikning zamonaviy talablariga javob bera olish qobiliyati, gʻoyaviy-ruhiy barqarorligi hamda intellektual salohiyati aniqlanadi.

13. Dastlabki saralab olish nomzodlarning yashash, oʻqish, xizmat joyi boʻyicha DXX boʻlinma va organlari, PDXXning tegishli organlari hamda Akademiya mutaxassislari tomonidan oʻtkaziladi.

14. Dastlabki saralab olish bosqichida quyidagi tadbirlar amalga oshiriladi:

dastlabki saralab olish test sinovlari;

hujjatlarni toʻplash va dastlabki oʻrganish;

individual psixologik va psixofiziologik oʻrganish;

dastlabki tibbiy koʻrikdan oʻtkazish;

jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning dastlabki bosqichi.

15. Dastlabki saralab olish test sinovlari Bilim va malakalarni baholash agentligi va uning hududiy boʻlimlari tomonidan DXX bilan tuzilgan shartnoma asosida nomzodning ona tili, tarix, matematika hamda chet tili fanlaridan bilim darajasini aniqlash maqsadida qabul yilidan oldingi yilning 25-oktabridan 15-noyabrigacha oʻtkaziladi.

Bunda, test sinovlarida ishtirok etish uchun nomzodlardan (toʻliq davlat taʼminotidagi shaxslar bundan mustasno) bazaviy hisoblash miqdorining yarim baravari miqdorida toʻlov undiriladi.

Test topshiriqlari shakli (fan mazmuni tarkibi, savollar soni, topshiriqlar turi, vaqt meʼyori), baholash mezonlari, test sinovini oʻtkazish muddatlari Bilim va malakalarni baholash agentligi va Akademiya tomonidan tasdiqlanadi hamda rasmiy veb-saytlarga test sinovlari boʻlib oʻtishidan kamida bir oy oldin joylashtiriladi.

Test sinovlari yakunlanganidan soʻng 3 kun ichida test sinovlari natijalari Bilim va malakalarni baholash agentligining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

Dastlabki saralab olish test sinovlari natijalari boʻyicha toʻplash mumkin boʻlgan eng yuqori ballning kamida 30% (oʻttiz foiz) ini toʻplagan nomzodlar saralab olish tadbirlarining keyingi bosqichlarida qatnashish huquqiga ega boʻladi.

16. Nomzodning hujjatlarini toʻplash va dastlabki oʻrganishda DXX boʻlinma va organlari hamda PDXXning tegishli organlari tomonidan qabul yilidan oldingi yilning 20-noyabridan 31-dekabrigacha nomzod toʻgʻrisidagi zarur maʼlumotlar tahlil qilinadi (oilaviy ahvoli va boshqalar). Bunda, nomzodlarning ijtimoiy faolligi, dunyoqarashi, maʼnaviy-axloqiy fazilatlari va ishbilarmonlik xususiyatlari suhbat oʻtkazish orqali aniqlanadi hamda harbiy xizmatchi kasbini tanlash bilan bogʻliq sabablarga aniqlik kiritiladi.

17. Nomzodlarning ijtimoiy faolligi, dunyoqarashi, maʼnaviy-axloqiy fazilatlarini va ishbilarmonlik xususiyatlarini aniqlash quyidagi mezonlar asosida amalga oshiriladi:

nomzodlarning mamlakatda amalga oshirilayotgan islohotlarning mazmun-mohiyati va ahamiyatini tushunishi, davlatni va konstitutsiyaviy tuzumni himoya qilish asoslarini bilishi, shuningdek, fuqarolik huquq va majburiyatlarini anglashi;

yuqori darajadagi hushyorlik hamda yot gʻoya va mafkuralarga nisbatan qatʼiyat bilan kurashish zarurligini anglashi;

burch va masʼuliyatni his etishi, qatʼiyatlilik, tashabbuskorlik, mehnatsevarlik va halollik kabi fazilatlarga egaligi;

jamoaning ijtimoiy hayotida faol qatnashishi;

zamonaviy axborot texnologiyalaridan samarali foydalana olishi va yetarli bilim-koʻnikmalarga ega boʻlishi;

nomzodning xizmat (mehnat) faoliyatida, ilgari oʻqigan taʼlim muassasasida erishgan natijalari.

18. Hujjatlarni toʻplash va dastlabki oʻrganish jarayonida sohaning oʻziga xos xususiyatlari va belgilangan maxsus talablar nuqtai nazaridan mos kelmagan nomzodlar dastlabki saralab olishning keyingi bosqichlariga qoʻyilmaydi.

19. Nomzodlarni individual psixologik va psixofiziologik oʻrganish DXX tomonidan ishlab chiqilgan metodikaga muvofiq qabul yilidan oldingi yilning noyabr-dekabr oylarida DXX boʻlinma va organlari hamda PDXXning tegishli organlari mutaxassis-psixologlaridan tashkil topgan psixologlar guruhi (keyingi oʻrinlarda — psixologlar guruhi) tomonidan amalga oshiriladi.

Psixologlar guruhi tarkibiga respublikaning yetakchi oliy taʼlim muassasalaridan tegishli mutaxassislar shartnoma asosida jalb qilinishi mumkin.

20. Individual psixologik va psixofiziologik oʻrganish natijalari asosida psixologlar guruhi tomonidan nomzodlar boʻyicha quyidagi xulosalar beriladi:

Akademiyada oʻqishga tavsiya etiladi;

Akademiyada oʻqishga tavsiya etilmaydi.

Individual psixologik va psixofiziologik oʻrganish natijalari boʻyicha Akademiyada oʻqishga tavsiya etilmagan nomzodlar saralab olishning keyingi bosqichiga qoʻyilmaydi.

21. Nomzodlarni dastlabki tibbiy koʻrikdan oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 25-dekabrdagi PQ-4076-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarida tinchlik va urush davrida tibbiy koʻrikdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq, nomzodlar sogʻligʻining harbiy xizmatga yaroqliligini tekshirish maqsadida DXXning hududiy harbiy-tibbiy komissiyalari tomonidan qabul yilidan oldingi yilning dekabr oyida amalga oshiriladi.

Dastlabki tibbiy koʻrikdan oʻtkazish natijalari boʻyicha nomzodning Akademiyada oʻqishga yaroqliligi toʻgʻrisida xulosa beriladi.

Sogʻligʻining holatiga koʻra Akademiyada oʻqishga yaroqsiz deb topilgan nomzodlar saralab olishning keyingi bosqichiga qoʻyilmaydi.

22. Nomzodlarning jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning dastlabki bosqichi joylarda tegishli mutaxassislar tarkibida tashkil etiladigan Jismoniy tayyorgarlik darajasini aniqlash boʻyicha maxsus komissiyalar tomonidan qabul yilining yanvar oyida mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan metodikaga muvofiq amalga oshiriladi.

23. Sport ustasi unvoni yoki sport ustasiga nomzodlik toʻgʻrisidagi tegishli hujjatni taqdim etgan nomzodlar jismoniy tayyorgarlik sinovlaridan ozod etiladi.

24. Jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning dastlabki bosqichida qoniqarsiz natija koʻrsatgan nomzodlarga qoʻshimcha ravishda oʻz ustida ishlash boʻyicha tavsiyalar va jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning yakuniy bosqichida qayta jismoniy tayyorgarlik sinovlarini topshirish uchun imkoniyat beriladi.

2-§. Maxsus kasbiy tanlash

25. Maxsus kasbiy tanlash bosqichining asosiy maqsadi Akademiyada oʻqishga nomzodlarning sogʻligʻi, DXX va PDXX harbiy xizmatchisi kasbini egallash sabablari, mustahkam maʼnaviy-axloqiy va intellektual salohiyatni aniqlashdan iborat.

26. Maxsus kasbiy tanlash bosqichida quyidagi tadbirlar amalga oshiriladi:

hujjatlarni yakuniy oʻrganish;

jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning yakuniy bosqichi;

yakuniy suhbat;

yakuniy tibbiy koʻrikdan oʻtkazish.

27. Dastlabki saralab olish bosqichlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodlarga nisbatan hujjatlarni yakuniy oʻrganish DXX va PDXX harbiy xizmatchilariga qonunchilik hujjatlarida belgilangan maxsus talablarni inobatga olgan holda qabul yilining yanvar — aprel oylarida amalga oshiriladi.

Belgilangan maxsus talablarga mos kelmagan nomzodlar sabablari oshkor etilmagan holda maxsus kasbiy tanlashning keyingi bosqichlariga qoʻyilmaydi.

28. Nomzodlarning jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning yakuniy bosqichi joylarda tegishli mutaxassislar tarkibida tashkil etiladigan Jismoniy tayyorgarlik darajasini aniqlash boʻyicha maxsus komissiyalar tomonidan mazkur Nizomning 2-ilovasidagi metodikaga muvofiq qabul yilining mart-aprel oylarida amalga oshiriladi.

29. Jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning yakuniy bosqichida belgilangan meʼyoriy talablarning barchasini muvaffaqiyatli bajargan nomzodlar jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning yakuniy bosqichidan “oʻtgan” deb hisoblanadi.

30. Jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning yakuniy bosqichidan oʻtmagan nomzodlar maxsus kasbiy tanlashning keyingi bosqichga qoʻyilmaydi.

31. Nomzodlar bilan yakuniy suhbat oʻtkazish DXX boʻlinma va organlari hamda PDXXning vakillaridan iborat tarkibda tuzilgan yakuniy suhbat oʻtkazish komissiyalari tomonidan nomzodning kasb tanlash sabablari, maʼnaviy-axloqiy fazilatlari, umumiy dunyoqarashi, qiziqishlari, ijtimoiy faolligi, taʼlim muassasasidagi fanlarni oʻzlashtirish darajasini har tomonlama oʻrganish, kelgusida DXX va PDXXning ofitserlik lavozimlarida xizmat faoliyatini davom ettira olishga munosibligini aniqlash hamda kollegial tarzda xulosa chiqarish asosida qabul yilining aprel-may oylarida amalga oshiriladi.

32. Yakuniy suhbat oʻtkazish komissiyalari tomonidan quyidagilar toʻgʻrisida xulosalar beriladi:

Akademiyada oʻqishga tavsiya etiladi;

Akademiyada oʻqishga tavsiya etilmaydi.

Yakuniy suhbat oʻtkazish natijalariga koʻra Akademiyada oʻqishga tavsiya etilmagan nomzodlar maxsus kasbiy tanlashning keyingi bosqichiga qoʻyilmaydi.

33. Nomzodlarni yakuniy tibbiy koʻrikdan oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 25-dekabrdagi PQ-4076-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarida tinchlik va urush davrida tibbiy koʻrikdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq, DXXning markaziy poliklinikasi va hududiy boshqarmalarda tashkil etilgan maxsus harbiy-tibbiy komissiyalar tomonidan qabul yilining may oyida amalga oshiriladi.

Yakuniy tibbiy koʻrikdan oʻtkazish natijalari boʻyicha nomzodning Akademiyada oʻqishga sogʻligʻiga koʻra yaroqliligi toʻgʻrisida xulosa beriladi.

Sogʻligʻining holatiga koʻra Akademiyada oʻqishga yaroqsiz deb topilgan nomzodlar test sinovlariga qoʻyilmaydi.

34. Dastlabki saralab olish va maxsus kasbiy tanlash bosqichlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodlar Akademiyaga oʻqishga kirish uchun oʻtkaziladigan test sinovlarida qatnashish, shuningdek, test sinovlari vaqtida nomzodlarga belgilangan imtiyozlardan foydalanish huquqini qoʻlga kiritadi.

3-§. Test sinovlari

35. Test sinovlarini oʻtkazish tartibi va muddati Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan Akademiya bilan kelishilgan holda belgilanadi.

36. Test sinovlari bloklari Akademiya taʼlim yoʻnalishlari roʻyxatiga muvofiq Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ishlab chiqiladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat komissiyasi) tomonidan tasdiqlanadi.

Test sinovlarining natijalari test sinovlari toʻliq yakunlangandan keyin 5 kun ichida Akademiyaga taqdim etiladi va Bilim va malakalarni baholash agentligining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

37. Nomzod umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va professional taʼlim muassasalarida oʻrgangan chet tillaridan birida imtihon topshiradi.

38. Oldingi oʻquv yili uchun qabul jarayonida oʻtkazilgan test sinovlarida belgilangan ballni toʻplay olmagan, tibbiy koʻrik natijalari boʻyicha maʼlum cheklovlar berilgan va/yoki individual psixologik va psixofiziologik oʻrganish natijalari hamda jismoniy tayyorgarlik darajasi boʻyicha oʻqishga kirish uchun tavsiya etilmagan nomzodlarga keyingi oʻquv yilida Akademiyada oʻqish uchun hujjat topshirishga umumiy asoslarda bir martadan koʻp boʻlmagan imkoniyat beriladi.

3-bob. Nomzodlarga beriladigan imtiyozlar

39. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida muddatli harbiy xizmatni oʻtab boʻlgan fuqarolarga imtiyozlar tizimini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2012-yil 31-maydagi PQ-1765-son qaroriga muvofiq, Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safida muddatli harbiy xizmatni oʻtab boʻlgan va Akademiyaga oʻqishga imtiyozli kirish uchun harbiy qismlar qoʻmondonligining tegishli tavsiyanomalariga ega boʻlgan fuqarolarga test sinovi natijalari boʻyicha ular toʻplagan ballning 50 foizi miqdorida qoʻshimcha ball koʻrinishida imtiyoz beriladi.

40. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari harbiylari va uning tarkibiga kiruvchi vazirlik hamda idoralarning xodimlari va ularning oila aʼzolarini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlashga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 14-maydagi PQ-3726-son qaroriga muvofiq:

Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari tarkibiga kiruvchi vazirliklar va idoralarning kontrakt boʻyicha harbiy xizmatni oʻtayotgan ofitserlar, serjantlar va oddiy askarlar tarkibidagi harbiy xizmatchilarining va Milliy gvardiyaning xizmatdagi xodimlarining tegishli vazirlik hamda idoralar tavsiyanomalari berilgan farzandlari dastlabki saralab olish va maxsus kasbiy tanlash tadbirlaridan muvaffaqiyatli oʻtish natijalari boʻyicha Akademiyaning belgilangan qabul kvotasi doirasida oʻqishga kirish huquqidan foydalanadi;

harbiy xizmat majburiyatini (xizmat majburiyatini) bajarish chogʻida halok boʻlgan, shuningdek, harbiy xizmat majburiyatini (xizmat majburiyatini) bajarish chogʻida yarador boʻlishi, kontuziya, shikastlanish yoki kasalliklar oqibatida nogiron boʻlib qolgan kontrakt boʻyicha harbiy xizmatni oʻtayotgan ofitserlar, serjantlar va oddiy askarlar tarkibidagi harbiy xizmatchilarning va Milliy gvardiya xodimlarining tegishli vazirlik hamda idoralar tavsiyanomalari berilgan farzandlari dastlabki saralab olish va maxsus kasbiy tanlash tadbirlaridan muvaffaqiyatli oʻtish natijalari boʻyicha Akademiyaning belgilangan qabul kvotasidan tashqari test sinovlarisiz oʻqishga kirish huquqidan foydalanadi.

41. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari serjantlarining maqomi toʻgʻrisida” 2004-yil 12-apreldagi 170-son qaroriga muvofiq:

“Ilgʻor serjant” nominatsiyasida respublika turining gʻoliblari boʻlgan serjantlar dastlabki saralab olish va maxsus kasbiy tanlash tadbirlaridan muvaffaqiyatli oʻtish natijalari boʻyicha Davlat komissiyasining qarori bilan test sinovlari topshirmasdan oʻqishga qabul qilinadilar;

Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarining serjantlar tarkibi lavozimlarida 5 yil benuqson xizmat qilgan serjantlarga esa ijobiy tavsifnomalar, qoʻmondonlik, jangovar va maʼnaviy-maʼrifiy tayyorgarlikda yutuqlari mavjud boʻlgan taqdirda, Akademiyaga oʻqishga qabul qilishda toʻplanishi mumkin boʻlgan eng koʻp ballning 20 foizi miqdorida qoʻshimcha ballar koʻrinishida imtiyoz beriladi.

42. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻsmirlarni harbiy-vatanparvarlik ruhida tarbiyalash hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari va Davlat xizmati uchun kadrlar zaxirasini tayyorlash tizimini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 28-iyundagi PQ-4375-son qaroriga muvofiq:

“Temurbeklar maktabi” hamda “Yosh chegarachilar” harbiy akademik litseylari bitiruvchilari Akademiyaga oʻqishga kirishda Davlat test markazi tomonidan oʻtkaziladigan test sinovlarida oʻzlari toʻplagan ballarning 30 foizi miqdoridagi qoʻshimcha ballar koʻrinishidagi imtiyozdan foydalanadi;

imtiyozli diplom olgan DXX “Temurbeklar maktabi” hamda “Yosh chegarachilar” harbiy akademik litseylarining bitiruvchilari Akademiyaga test sinovlarisiz, dastlabki saralab olish va maxsus kasbiy tanlash tadbirlaridan muvaffaqiyatli oʻtish natijalari boʻyicha Akademiyaning belgilangan qabul kvotasi doirasida oʻqishga kirish huquqidan foydalanadi.

42 1 . Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi Harbiy musiqa akademik litseyini tashkil etish toʻgʻrisida” 2022-yil 16-fevraldagi PQ-129-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi Harbiy musiqa akademik litseyi bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga kirishda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi tomonidan oʻtkaziladigan test sinovlarida oʻzlari toʻplagan ballarning 30 foizi miqdorida ball shaklida imtiyoz beriladi.

42 2 . Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Vatan tayanchi” bolalar va oʻsmirlar harbiy-vatanparvarlik harakati faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2022-yil 2-martdagi PQ-150-son qaroriga muvofiq “Vatan tayanchi” harakatining tegishli tavsiyanomalariga ega boʻlgan “Vatan tayanchi” otryadi aʼzolariga Akademiyaga oʻqishga kirishda test sinovlari natijalariga koʻra toʻplagan ballarining 5 foizi miqdorida qoʻshimcha ball shaklida imtiyoz beriladi.

43. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtidorli yoshlarni aniqlash va yuqori malakali kadrlar tayyorlashning uzluksiz tizimini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 3-maydagi PQ-4306-son qaroriga muvofiq, asosiy olimpiadalarning respublika bosqichida 1 — 3-oʻrinlarni egallagan shaxslar 3 yil muddat davomida amal qiluvchi ixtisoslik fani boʻyicha sertifikat asosida Akademiyaga test sinovlarida, imtiyoz sifatida, maksimal ball toʻplagan hisoblanadi.

44. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Bola huquqlari kafolatlarini yanada kuchaytirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 22-apreldagi PQ-4296-son qaroriga muvofiq, Akademiyaga kursantlarni qabul qilishning umumiy sonidan “Mehribonlik” uyi va Bolalar shaharchasining bitiruvchilari boʻlgan chin yetimlar uchun ular dastlabki saralab olish va maxsus kasbiy tanlash tadbirlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan taqdirda, qoʻshimcha ravishda bir foizgacha qabul kvotalari ajratiladi.

45. Nomzod bir vaqtning oʻzida ushbu Nizomning 39 — 44-bandlarida koʻrsatilgan imtiyozlarga ega boʻlsa, u tomonidan toʻplangan ballar yigʻindisiga imtiyozlar boʻyicha eng yuqori ball qoʻshiladi.

46. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtidorli yoshlarni aniqlash va yuqori malakali kadrlar tayyorlashning uzluksiz tizimini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 3-maydagi PQ-4306-son qaroriga muvofiq asosiy olimpiadalarning respublika bosqichida 1 — 3 oʻrinlarni egallagan ishtirokchilarga uch yil muddat davomida amal qiluvchi sertifikatga muvofiq ixtisoslik fani boʻyicha kirish imtihonlarida maksimal ball olish huquqi beriladi, hamda Xalqaro matematika olimpiadasi (IMO), Xalqaro fizika olimpiadasi (IPhO), Xalqaro kimyo olimpiadasi (IChO), Xalqaro biologiya olimpiadasi (IBO), Xalqaro informatika olimpiadasi (IOI) gʻoliblari, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mard oʻgʻlon” davlat mukofotini taʼsis etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 21-noyabrdagi PQ-3402-son qaroriga muvofiq, “Mard oʻgʻlon” davlat mukofoti sohiblari boʻlgan umumtaʼlim va professional taʼlim muassasalarining oʻquvchilari dastlabki saralab olish va maxsus kasbiy tanlash tadbirlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan taqdirda Akademiya qabul komissiyasining qarori bilan Akademiyaning belgilangan qabul kvotasi doirasida test sinovlarisiz qabul qilinadi.

Akademiyaga belgilangan qabul kvotasi doirasida test sinovlarisiz oʻqishga qabul qilishga tavsiya etilgan xalqaro olimpiadalar, xalqaro va respublika tanlovlari, musobaqalarining gʻoliblari hamda “Mard oʻgʻlon” davlat mukofoti sohiblari boʻlgan umumtaʼlim va professional taʼlim muassasalari oʻquvchilarining roʻyxati Davlat komissiyasi tomonidan tasdiqlanadi.

47. Akademiyaning qabul komissiyasi tomonidan qabul yilining 25-iyunigacha boʻlgan muddatda xalqaro va respublika olimpiadalari, “Ilgʻor serjant” nominatsiyasida respublika turi gʻoliblari, “Mard oʻgʻlon” davlat mukofoti sohiblari va xizmat majburiyatlarini bajarish chogʻida halok boʻlgan huquqni muhofaza qiluvchi organlari xodimlarining farzandlari, DXX “Temurbeklar maktabi” harbiy akademik litseyining imtiyozli bitiruvchilari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar oʻqish yoʻnalishi, shakli va tili koʻrsatilgan holda Davlat test markazi va Davlat komissiyasiga taqdim etiladi.

Davlat komissiyasi DXX va PDXX taqdimnomalari asosida test sinovlari oʻtkazilguniga qadar ular boʻyicha alohida qaror qabul qiladi.

48. Chet tilini bilish darajasi haqidagi xalqaro tan olingan sertifikat (TOEFL boʻyicha kamida 72 yoki IELTS boʻyicha kamida 5,5 ball, TestDaF (TDN3), CEFR boʻyicha kamida V2) yoki Davlat test markazi tomonidan beriladigan chet tilini bilish darajasi haqidagi V2 va undan yuqori darajadagi sertifikat taqdim etganlarga chet tili fanidan toʻplash mumkin boʻlgan maksimal ball qoʻyiladi hamda ular chet tilidan test sinovlarida ishtirok etmaydi.

49. Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan beriladigan umumtaʼlim fanini bilish darajasi toʻgʻrisidagi sertifikatga ega boʻlgan nomzodlarga sertifikatdagi oʻzlashtirish foiziga mos ravishda kirish test sinovlarida ushbu umumtaʼlim fanidan belgilangan maksimal ballga nisbatan tabaqalashtirilgan (proporsional) ball beriladi hamda ular ushbu fandan test sinovi topshirmaydi.

4-bob. Nomzodlarni Akademiyaga oʻqishga qabul qilish

50. Nomzodlarni oʻqishga qabul qilish boʻyicha Akademiya qabul komissiyasi tuziladi.

51. Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan test sinovlari natijalari taqdim etilganidan keyin besh kun ichida Akademiya qabul komissiyasi oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

52. Akademiya boshligʻining buyrugʻi bilan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shakliga oʻqishga qabul qilingan nomzodlarga kursant maqomi beriladi.

53. Akademiyaga qabul qilingan harbiy xizmatchilarning xizmat oʻtash joylariga ularning oʻqishga qabul qilinganligi boʻyicha buyruqdan koʻchirma yuboriladi.

54. Dastlabki saralab olish va maxsus kasbiy tanlash bosqichlari natijalari yuzasidan nomzodlarning ariza hamda shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.

Apellyatsiya komissiyasiga taqdim etilgan ariza va shikoyatlar ular kelib tushgan kundan boshlab 10 ish kunidan oshmagan muddatda murojaat qilgan nomzod ishtirokida koʻrib chiqiladi.

55. Test sinovlari natijasi boʻyicha berilgan apellyatsiya shikoyatlari Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

56. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

57. Ushbu Nizom yuzasidan kelib chiqadigan nizoli masalalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga nomzodlarni saralab olish tartibi hamda qabul qilish qoidalari toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga nomzodlarni saralab olish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Akademiya Akademiyada oʻqishga yoshlarni jalb qilish maqsadida ommaviy axborot vositalarida eʼlon beradi. Tanlovda qatnashish istagini bildirgan nomzodlar Bilim va malakalarni baholash agentligining rasmiy veb-saytidan roʻyxatdan oʻtadilar. Qabul yilidan oldingi yilning 1 — 20-oktabr kunlari I. Dastlabki saralab olish 2-bosqich Bilim va malakalarni baholash agentligi Dastlabki saralab olish test sinovlarini oʻtkazadi. Qabul yilidan oldingi yilning 25-oktabridan 15-noyabrigacha DXX boʻlinma va organlari hamda PDXXning tegishli organlari Hujjatlarni toʻplaydi va dastlabki oʻrganishni oʻtkazadi. Qabul yilidan oldingi yilning 20-noyabridan 31-dekabrigacha Mutaxassis — psixologlar Individual psixologik hamda psixofiziologik oʻrganish oʻtkazadi. Qabul yilidan oldingi yilning noyabr-dekabr oylarida Hududiy harbiy-tibbiy komissiya Tibbiy koʻrikdan oʻtkazadi. Qabul yilidan oldingi yilning dekabr oyida Jismoniy tayyorgarlik darajasini aniqlash boʻyicha maxsus komissiya Jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning dastlabki bosqichini oʻtkazadi. Qabul yilining yanvar oyida II. Maxsus kasbiy tanlash 3-bosqich DXX boʻlinma va organlari hamda PDXXning tegishli organlari Hujjatlarni yakuniy oʻrganadi. Qabul yilining yanvar — aprel oylarida Jismoniy tayyorgarlik darajasini aniqlash boʻyicha maxsus komissiya Jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashning yakuniy bosqichini oʻtkazadi. Qabul yilining mart-aprel oylarida DXX boʻlinma va organlari hamda PDXXning tegishli organlari Yakuniy suhbat oʻtkazadi. Qabul yilining aprel-may oylarida Maxsus harbiy-tibbiy komissiya Yakuniy tibbiy koʻrikdan oʻtkazadi. Qabul yilining may oyida III. Test sinovlari 4-bosqich Bilim va malakalarni baholash agentligi Test sinovlarini oʻtkazadi. belgilangan muddatlarda 5-bosqich Qabul komissiyasi 1. Oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Test sinovlari natijalari taqdim etilganidan soʻng 5 kun muddatda 2. Akademiyaga qabul qilingan harbiy xizmatchilarning xizmat oʻtash joylariga buyruqdan koʻchirma yuboradi. Buyruq chiqqandan soʻng 10 kun muddatda

Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi taʼlim shaklida oʻqishga nomzodlarni saralab olish tartibi hamda qabul qilish qoidalari toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Amir Temur nomidagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati akademiyasiga oʻqishga nomzodlarni dastlabki saralab olish va maxsus kasbiy tanlash bosqichlarida jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Nomzodlarning jismoniy tayyorgarlik darajasi ularning mazkur Metodikada nazarda tutilgan tegishli mashqlarni bajarishini tekshirish orqali baholanadi.

2. Nomzodlarga dastlab mashqlarni bajarishga qoʻyiladigan talablar va mezonlar hamda mashqlarni bajarish tartibi jismoniy tayyorgarlik darajasini aniqlash boʻyicha maxsus komissiyalar tarkibiga kirgan mutaxassislar tomonidan tushuntiriladi.

3. Nomzodlar jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tadbirlariga sport kiyimlarida kelishlari shart.

4. Nomzodlar quyidagi mashqlarni bajaradilar:

100 metrga yugurish;

turnikda tortilish;

3000 metrga yugurish.

Mashqlar oraligʻida nomzodlarga dam olish uchun 10 — 15 daqiqa vaqt beriladi.

5. Belgilangan mashqlarni topshirish kunida uzrsiz sabablarga koʻra qatnasha olmagan (shuningdek, qoniqarsiz baho olgan) nomzodlar oʻta olmagan deb topiladi.

2-bob. Mashqlarni bajarishga qoʻyiladigan talablar va mezonlar

6. 100 metrga yugurish mashqi yuqori yoki quyi startdan amalga oshiriladi.

7. 100 metrga yugurish mashqini 15,4 soniya ichida bajargan taqdirda nomzod ushbu sinovdan “oʻtgan” deb hisoblanadi.

8. Ushbu mashq oʻyingohning yugurish yoʻlagi yoki qattiq qoplamaga ega tekis (standart) maydonda yuqori start holatidan bajariladi. Start olish tartibini oʻzlashtirish uchun dastlabki “Startga” va “Diqqat” komandalari hamda “Olgʻa” ijro komandasi beriladi. “Startga” komandasi berilganida start olish chizigʻiga kelib, kuchli oyoq start olish chizigʻi yaqiniga qoʻyilib, ikkinchi oyoq yarim qadam ortda qoldiriladi. “Diqqat” komandasi berilganida tana vazni oldinda turgan oyoqqa oʻtkazilib, gavda va bosh oldinga egiladi, qoʻl tirsaklari esa bukiladi. “Olgʻa” ijro komandasi berilganida yugurish amalga oshiriladi.

9. Turnikda tortilish mashqini bajarishda qoʻl kaftlari turnikda oldinga qaratilgan holda ushlanib, qoʻllar parallel uzatilgan holda tutiladi, tana bir oz bukilgan, oyoq toʻgʻri tushirilgan, uchi toʻliq pastga uzatilib, tovonlar juft tutilgan holatdan bajariladi. Qoʻllar bukilib, tana yuqoriga koʻtarilar ekan, jagʻ turnik ustiga toʻliq chiqarilgan holat qabul qilinadi. Qoʻllar yana toʻliq uzatilar ekan, tana bir maromda pastga tushirilib dastlabki holat egallanadi. Tananing osilgan holati 1-2 soniya davomida saqlanadi. Juft tutilgan oyoqlarni 45o gacha bukishga ruxsat beriladi. Tanani siltash, oyoqni old-orqaga tebratish, oyoqlarni chalishtirish, bir qoʻlda osilib olish amallari man etiladi.

Turnikda kamida 8 marotaba tortilgan nomzod ushbu sinovdan “oʻtgan” deb hisoblanadi.

10. 3000 metrga yugurish mashqlari stadionning yugurish yoʻlakchalari yoki tekis joylarida, umumiy yoki alohida start berilgan holda oʻtkaziladi. Start va marra chiziqlari bir joyda belgilanishi mumkin.

11. 3000 metrga yugurish mashqini 14,30 daqiqa ichida bajargan taqdirda, ular ushbu sinovdan “oʻtgan” deb hisoblanadi.

12. Ushbu mashq har qanday ochiq tabiatda, umumiy start olgan tarzda bajariladi. Start olish va finish marralari aynan bir joyda yoki alohida jihozlanadi. Yugurish davomida mashq ishtirokchilari bir-biriga xalal bermasligi lozim. Yugurish amalidan yurish amaliga oʻtgan yoki distansiyadan chetga chiqqan ishtirokchi mashqni bajara olmadi deb hisoblanadi.

13. Nomzodlar belgilangan jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash talablarining barchasini muvaffaqiyatli topshira olgan taqdirda, jismoniy tayyorgarlik sinovlaridan “oʻtgan” deb hisoblanadi.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

14. Jismoniy tayyorgarlik sinovlarida qatnashgan nomzodlar uchun qaydnoma rasmiylashtiriladi.

15. Qaydnoma komissiya raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 27-aprel,

241-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.04.2021-y., 09/21/241/0379-son, 28.12.2021-y., 09/21/775/1206-son, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son, 05.07.2022-y., 09/22/359/0594-son; 17.04.2026-y., 09/26/175/0373-son)

lex.uz