📅 2021-yil 28-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 28-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 28 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 апреля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 April 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш ишларини жадаллаштириш ҳамда замонавий ишбилармонлик ва турар-жой марказларини ташкил этишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида
Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш ишларини янада жадаллаштириш, туман (шаҳар) марказлари меъморий қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларнинг жадал ривожланиши ҳамда сервис хизматлари турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ақлли шаҳар» концепцияси бўйича Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 26 мартдаги 236-сон қарорига мувофиқ:
Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилиши учун 246,2 гектар ер участкаси, шу жумладан «Кончи» массиви ҳудудида — 113 гектар ва «Янги турмуш» массиви ҳудудида — 133,2 гектар ер участкаси ажратиб берилганлиги;
Тошкент вилояти маъмурий маркази ҳудудида объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ҳузурида «Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилганлиги;
«Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонаси «Ақлли шаҳар» концепцияси бўйича Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида буюртмачи функциясини амалга оширганлиги;
«Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонасини сақлаб туриш инвестиция лойиҳасининг ТИА (ТИҲ) белгиланган тартибда тасдиқлангунгача, кейинчалик амалга оширилган харажатларни Тошкент вилояти маҳаллий бюджетига буюртмачини сақлаб туришга инвестиция лойиҳасида назарда тутилган маблағлардан қоплаган ҳолда — Тошкент вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, шунингдек, буюртмачини сақлаб туришга инвестиция лойиҳасида назарда тутилган маблағлар ҳисобига амалга оширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг:
«Ақлли шаҳар» концепцияси бўйича Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш» инвестиция лойиҳасини «Nurafshon business city» концепциясига ўзгартириш;
Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонасини Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонаси шаклида қайта ташкил этиш (кейинги ўринларда — Дирекция) тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
3. Белгилансинки:
а) Дирекция Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
б) Дирекцияни сақлаш харажатлари Тошкент вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, шунингдек, буюртмачини сақлаб туришга инвестиция лойиҳасида назарда тутилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади;
в) Дирекция «Nurafshon business city» ҳамда туман ва шаҳарларда ташкил этиладиган бошқа замонавий ишбилармонлик ва турар-жой марказлари (кейинги ўринларда — бизнес марказлар) бўйича буюртмачи функцияларини бажаради, уларнинг ҳудудларида объектлар қурилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
г) Дирекциянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ҳудудларида «Business city» замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 2 августдаги ПҚ-3895-сон қарори 3-бандида белгиланган асосий вазифаларга мувофиқ ташкил этилади;
д) бизнес марказлар ҳудудларида:
музей, халқаро конференция ва форумлар ўтказиш учун «Экспомарказ», театр, кутубхона, ёшлар ижодиёт саройи, спорт-соғломлаштириш объектлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо қилиш ишлари — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Тошкент вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;
бошқа объектларни қуриш ишлари — инвесторларнинг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
е) «Nurafshon business city» замонавий ишбилармонлик ва турар-жой маркази ҳудудидаги ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушган маблағлар (савдога чиқариш ва сотиш харажатлари чегириб қолинган ҳолда) Дирекция тасарруфида қолдирилади.
Бунда маблағлар муҳандислик ва транспорт коммуникацияларининг майдон ички тармоқларини қуриш, умумий фойдаланиладиган ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда Дирекцияни сақлаш билан боғлиқ харажатлари учун сарфланади.
4. Дирекцияга ва бизнес марказларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи — инвесторлар, бош пудрат ташкилотлари ҳамда ташкилотлар — норезидентларга «Business city» замонавий ишбилармонлик марказларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида қонунчилик ҳужжатларида «Business city» замонавий ишбилармонлик марказлари учун белгиланган ҳуқуқлар, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзлари татбиқ этилиши инобатга олинсин.
5. Тошкенти вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда бизнес марказлари ҳудудида ер участкаларини реализация қилиш натижасида тушган маблағларни Дирекциянинг фаолияти билан боғлиқ харажатларни инобатга олган ҳолда тақсимлаш тартиби бўйича таклиф киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг бизнес марказлар ҳудудида муҳандислик-коммуникация тармоқларини ва бошқа алоқа тармоқларини замонавий узоқ муддат хавфсиз эксплуатация қилишга мўлжалланган ер ости тоннел усулида қуриш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
7. «Nurafshon business city» замонавий ишбилармонлик ва турар-жой марказини тасдиқланган Бош режасига мувофиқ зарур инфратузилма, шу жумладан ичимлик ва оқова сув, электр энергияси, табиий газ, автомобиль йўллари ҳамда ирригация тармоқлари билан таъминлаш, лойиҳалаш, қуриш ишлари, кейинчалик уларни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзсувтаъминот» АЖ, Автомобиль йўллари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тармоқ ташкилотларига топшириш шарти билан Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига Дирекция буюртмачилиги асосида амалга оширилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги «Nurafshon Business city» замонавий ишбилармонлик ва турар-жой марказининг тасдиқланган Бош режасига мувофиқ ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан 2021 — 2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ақлли шаҳар» концепцияси бўйича Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 26 мартдаги 236-сон қарорининг 2, 3 ва 4-бандлари, шунингдек, қарорга 1 ва 2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Д.А. Хидоятов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 28 апрель,
246-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Toshkent viloyati maʼmuriy markazini qurish ishlarini jadallashtirish hamda zamonaviy ishbilarmonlik va turar-joy markazlarini tashkil etishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Toshkent viloyati maʼmuriy markazini qurish ishlarini yanada jadallashtirish, tuman (shahar) markazlari meʼmoriy qiyofasini yaxshilash va obodonlashtirish, uning investitsiyaviy jozibadorligini oshirish, shuningdek, zamonaviy biznes, moliyaviy va turistik infratuzilmalarning jadal rivojlanishi hamda servis xizmatlari turlarini kengaytirish va sifatini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Vazirlar Mahkamasining “Aqlli shahar” konsepsiyasi boʻyicha Toshkent viloyati maʼmuriy markazi qurilishini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 26-martdagi 236-son qaroriga muvofiq:
Toshkent viloyati maʼmuriy markazi qurilishi uchun 246,2 gektar yer uchastkasi, shu jumladan “Konchi” massivi hududida — 113 gektar va “Yangi turmush” massivi hududida — 133,2 gektar yer uchastkasi ajratib berilganligi;
Toshkent viloyati maʼmuriy markazi hududida obyektlar qurilishini muvofiqlashtirish va nazorat qilish uchun Nurafshon shahar hokimligi huzurida “Toshkent viloyati maʼmuriy markazini qurish direksiyasi” davlat unitar korxonasi tashkil etilganligi;
“Toshkent viloyati maʼmuriy markazini qurish direksiyasi” davlat unitar korxonasi “Aqlli shahar” konsepsiyasi boʻyicha Nurafshon shahrida Toshkent viloyati maʼmuriy markazini qurish” investitsiya loyihasini amalga oshirish doirasida buyurtmachi funksiyasini amalga oshirganligi;
“Toshkent viloyati maʼmuriy markazini qurish direksiyasi” davlat unitar korxonasini saqlab turish investitsiya loyihasining TIA (TIH) belgilangan tartibda tasdiqlangungacha, keyinchalik amalga oshirilgan xarajatlarni Toshkent viloyati mahalliy budjetiga buyurtmachini saqlab turishga investitsiya loyihasida nazarda tutilgan mablagʻlardan qoplagan holda — Toshkent viloyati mahalliy budjeti mablagʻlari, shuningdek, buyurtmachini saqlab turishga investitsiya loyihasida nazarda tutilgan mablagʻlar hisobiga amalga oshirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Toshkent viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Qurilish vazirligi hamda Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligining:
“Aqlli shahar” konsepsiyasi boʻyicha Nurafshon shahrida Toshkent viloyati maʼmuriy markazini qurish” investitsiya loyihasini “Nurafshon business city” konsepsiyasiga oʻzgartirish;
Nurafshon shahar hokimligi huzuridagi “Toshkent viloyati maʼmuriy markazini qurish direksiyasi” davlat unitar korxonasini Toshkent viloyati hokimligi huzuridagi “Toshkent viloyatida biznes markazlarini qurish direksiyasi” davlat unitar korxonasi shaklida qayta tashkil etish (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
3. Belgilansinki:
a) Direksiya Nurafshon shahar hokimligi huzuridagi “Toshkent viloyati maʼmuriy markazini qurish direksiyasi” davlat unitar korxonasining huquq va majburiyatlari, shuningdek shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;
b) Direksiyani saqlash xarajatlari Toshkent viloyati mahalliy budjeti mablagʻlari, shuningdek, buyurtmachini saqlab turishga investitsiya loyihasida nazarda tutilgan mablagʻlar hisobiga amalga oshiriladi;
v) Direksiya “Nurafshon business city” hamda tuman va shaharlarda tashkil etiladigan boshqa zamonaviy ishbilarmonlik va turar-joy markazlari (keyingi oʻrinlarda — biznes markazlar) boʻyicha buyurtmachi funksiyalarini bajaradi, ularning hududlarida obyektlar qurilishini muvofiqlashtiradi va nazorat qiladi;
g) Direksiyaning faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublika hududlarida “Business city” zamonaviy ishbilarmonlik markazlarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 2-avgustdagi PQ-3895-son qarori 3-bandida belgilangan asosiy vazifalarga muvofiq tashkil etiladi;
d) biznes markazlar hududlarida:
muzey, xalqaro konferensiya va forumlar oʻtkazish uchun “Ekspomarkaz”, teatr, kutubxona, yoshlar ijodiyot saroyi, sport-sogʻlomlashtirish obyektlari va ijtimoiy soha obyektlarini barpo qilish ishlari — Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti va Toshkent viloyati mahalliy budjetining qoʻshimcha manbalari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar;
boshqa obyektlarni qurish ishlari — investorlarning oʻz mablagʻlari va jalb qilingan mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
e) “Nurafshon business city” zamonaviy ishbilarmonlik va turar-joy markazi hududidagi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion savdolari orqali sotishdan tushgan mablagʻlar (savdoga chiqarish va sotish xarajatlari chegirib qolingan holda) Direksiya tasarrufida qoldiriladi.
Bunda mablagʻlar muhandislik va transport kommunikatsiyalarining maydon ichki tarmoqlarini qurish, umumiy foydalaniladigan hududlarni obodonlashtirish hamda Direksiyani saqlash bilan bogʻliq xarajatlari uchun sarflanadi.
4. Direksiyaga va biznes markazlarini qurish boʻyicha loyihalarni amalga oshirishda ishtirok etuvchi — investorlar, bosh pudrat tashkilotlari hamda tashkilotlar — norezidentlarga “Business city” zamonaviy ishbilarmonlik markazlarini qurish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish doirasida qonunchilik hujjatlarida “Business city” zamonaviy ishbilarmonlik markazlari uchun belgilangan huquqlar, shuningdek, soliq va bojxona imtiyozlari tatbiq etilishi inobatga olinsin.
5. Toshkenti viloyati hokimligi bir oy muddatda biznes markazlari hududida yer uchastkalarini realizatsiya qilish natijasida tushgan mablagʻlarni Direksiyaning faoliyati bilan bogʻliq xarajatlarni inobatga olgan holda taqsimlash tartibi boʻyicha taklif kiritsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi va Toshkent viloyati hokimligining biznes markazlar hududida muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlarini va boshqa aloqa tarmoqlarini zamonaviy uzoq muddat xavfsiz ekspluatatsiya qilishga moʻljallangan yer osti tonnel usulida qurish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
7. “Nurafshon business city” zamonaviy ishbilarmonlik va turar-joy markazini tasdiqlangan Bosh rejasiga muvofiq zarur infratuzilma, shu jumladan ichimlik va oqova suv, elektr energiyasi, tabiiy gaz, avtomobil yoʻllari hamda irrigatsiya tarmoqlari bilan taʼminlash, loyihalash, qurish ishlari, keyinchalik ularni “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻztransgaz” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ, “Oʻzsuvtaʼminot” AJ, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi, Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi tarmoq tashkilotlariga topshirish sharti bilan Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti mablagʻlari hisobiga Direksiya buyurtmachiligi asosida amalga oshirilsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Moliya vazirligi va Toshkent viloyati hokimligi “Nurafshon Business city” zamonaviy ishbilarmonlik va turar-joy markazining tasdiqlangan Bosh rejasiga muvofiq ishlab chiqilgan loyiha-smeta hujjatlariga asosan 2021 — 2023-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturi doirasida zarur mablagʻlar ajratilishini taʼminlasin.
9. Vazirlar Mahkamasining “Aqlli shahar” konsepsiyasi boʻyicha Toshkent viloyati maʼmuriy markazi qurilishini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 26-martdagi 236-son qarorining 2, 3 va 4-bandlari, shuningdek, qarorga 1 va 2-ilovalar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov hamda Toshkent viloyati hokimi D.A. Xidoyatov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 28-aprel,
246-son